📅 2024-yil 1-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 1-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 1 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 1 февраля 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 1 February 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАРКИБИ
ПРОГНОЗ КЎРСАТКИЧЛАРИ
ҲАЖМЛАРИ
Аҳолига деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимиз ҳудудларида деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ер майдонлари ажратилиши аҳоли даромадларининг ошишига ва турмуш тарзини сезиларли даражада яхшилаш имконини бермоқда.
Айни пайтда янги ташкил этилган деҳқон хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини экишда «бир контур — бир маҳсулот» тамойилига амал қилинмаслиги, сифатли уруғлик материаллари, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари, кимёвий воситалар ва сув етказиб бериш ҳамда агроном хизматларини кўрсатиш, шунингдек, етиштирилган маҳсулотларни сотишда барқарор бозор яратиш ва экспорт бозорига кириб бориш учун билим ва кўникмаларнинг етарли эмаслиги ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш имконини бермаяпти.
Шу муносабат билан ижара ҳуқуқи асосида берилган ер майдонларида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш учун шароит яратиш, ушбу ер майдонларини доимий даромад келтирувчи активларга айлантириш ва бу соҳада қўшилган қиймат занжирини яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 18 январдаги ПФ-15-сон Фармони , « Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида » 2023 йил 14 сентябрдаги ПҚ-306-сон ҳамда « 2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида » 2024 йил 9 январдаги ПҚ-7-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Марказий банк, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:
мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда аҳолига ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларида маҳсулот етиштиришдан бошлаб уни сотишгача бўлган занжирни яратишни назарда тутувчи «кооператив» ва «агрегатор» тизимига асосланган камида биттадан лойиҳани тажриба тариқасида Кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари (кейинги ўринларда — марказлар) орқали амалиётга жорий этиш;
деҳқон хўжаликлари ва юридик шахсларнинг бирлашиб эгалик қиладиган, пай усулига асосланган ҳамда аъзоларининг моддий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш учун қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчи «кооператив» ва улар томонидан етиштирилган маҳсулотни сотиб олувчи, қайта ишловчи ва экспортга чиқарувчи «агрегатор» тизимини йўлга қўйиш;
марказларда «агрегатор» тизими доирасида кичик тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, маҳсулот етиштириш, йиғиш ва сотиш ҳамда «бир контур — бир маҳсулот» тамойили асосида экин майдонининг бизнес режаси ва лойиҳасини ишлаб чиқиш, суғориш тизимини модернизация қилиш ва сувдан самарали фойдаланиш бўйича ўқитишни ташкил қилиш учун хорижий ва маҳаллий экспертларни, халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг кўмагида малакали амалиётчи мутахассисларни жалб этиш;
«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ (кейинги ўринларда — Бизнесни ривожлантириш банки) ва марказлар томонидан мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ажратилаётган ер майдонлари контурларида қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва агрегаторлар фаолиятини йўлга қўйишда АТ «Халқ банки», «Агробанк» АТБ ва «Микрокредитбанк» АТБни ҳамкор банклар этиб белгилаш тўғрисидаги таклифлари маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар «кооператив» ва «агрегатор» тизимига асосланган лойиҳаларни амалга оширишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил қилиш ва фаолиятини ривожлантириш, деҳқон хўжаликларининг маҳсулотни сотиб олувчи, қайта ишловчи ва экспортга чиқарувчи агрегаторлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш;
қишлоқ хўжалиги кооперативига бирлашган деҳқон хўжаликлари билан агрегаторлар ўртасида «буюртмалар портфели»ни шакллантириш орқали шартнома институтини ривожлантириш;
деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига уруғлик материаллари, минерал ўғитлар, кимёвий воситаларни етказиб бериш ҳамда агроном хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш;
деҳқон хўжаликларининг ер майдонларида халқаро сифат ва стандартларга жавоб берадиган маҳсулотларни етиштириш;
халқаро ва маҳаллий экспертларни кенг жалб этган ҳолда, қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзолари ва деҳқонларнинг малакасини доимий ошириб бориш;
агроном маслаҳати ва хизматларини кўрсатиш марказларини ташкил этиш;
маҳсулотларнинг барқарор бозорини шакллантириш;
маҳсулотларни халқаро сертификатлашдан ўтказувчи ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва агрегаторларга халқаро сертификатлар (Global G.A.P, organic ва бошқалар) олиши учун ҳар томонлама кўмаклашиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
а) Бизнесни ривожлантириш банки ва ҳамкор банклар билан биргаликда 2024 йилда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда, кейинчалик республиканинг барча ҳудудларда аҳолига ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларида «кооператив» ва «агрегатор» тизимига асосланган камида биттадан лойиҳани тажриба тариқасида марказлар орқали амалиётга жорий этсин;
б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда деҳқон хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш лойиҳасини ишлаб чиқсин. Бунда:
«кооператив» ва «агрегатор» тизими жорий қилинадиган ер майдонлари ҳажмини контурлар кесимида аниқлаш;
экин майдонининг ҳолати, уруғларнинг униб чиқиши, экинларни ҳимоя қилиш, озиқлантириш ва бошқа агротехник тадбирларнинг ўтказилиши, ҳосилдорлик ва табиат омилларининг таъсири ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан зарур инфратузилма билан таъминланганлигини ўрганиш;
сув таъминотини яхшилаш, жумладан, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш, вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш ва ишга тушириш ишларини молиялаштириш;
маҳаллаларнинг ихтисослашуви, ер эгаларининг хоҳишлари ва мавжуд тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларининг «бир контур — бир маҳсулот» тамойили асосида экилишини таъминлаш чораларини кўрсин;
в) ҳамкор банклар билан биргаликда деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларида бизнес лойиҳаларни амалга оширсин. Бунда:
деҳқон хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги кооперативларига бирлашишига ҳар томонлама кўмаклашиш;
ҳудудда фаолият кўрсатаётган маҳсулотни сотиб олувчи, қайта ишловчи ва экспортга чиқарувчи ташкилотлар билан қишлоқ хўжалиги кооперативлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш ва агрегаторлик фаолиятига кенг жалб этиш;
«агрегатор» тизими жорий қилинадиган ер майдонларининг контурларида қишлоқ хўжалиги кооперативлари фаолиятини йўлга қўйиш учун ҳар бир контурга ҳоким ёрдамчиларини масъул этиб белгилаш;
маҳаллий ҳокимликлар ва ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда аҳоли ва агрегаторлар ўртасида муносабатларни ўрнатиш учун учрашув ва тарғибот тадбирларини ташкил этиш;
ҳудудларда органик маҳсулот етиштириш имкониятларини ўрганиш, органик маҳсулотлар етиштириш ва уларнинг барқарор бозорини топиш орқали «органик маҳаллалар»ни шакллантириш чораларини кўрсин.
4. Белгилансинки:
қишлоқ хўжалиги кооперативини ташкил этиш мақсадида яхлит контурлар асосида ер майдонларининг ер тузиш лойиҳалари ишлаб чиқилади ва электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижарага берилади;
деҳқон хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги кооперативини ташкил этиш учун ер майдонларини ижарага бериш бўйича «E-auksion» электрон савдо платформасида алоҳида тоифа (категория) очилади. Бунда ер майдони ҳажми камида 5 гектар бўлган яхлит контурлар танлаб олинади;
мазкур тизим асосида ер майдонларини ижарага олган ердан фойдаланувчиларни ихтиёрий равишда деҳқон хўжаликлари томонидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативларининг аъзолари сифатида рўйхатдан ўтказиш тавсия этилади;
қишлоқ хўжалиги кооперативи шартномасида белгиланган шартларнинг деҳқон хўжаликлари томонидан бажарилмаслиги, уларга нисбатан ер ва сув солиқлари ставкаларининг икки коэффициентга оширилган ҳолда қўлланилишига ёки қишлоқ хўжалиги кооперативи уставида белгиланган тартибда кооператив хулосаларига асосан қишлоқ хўжалиги кооператив аъзолигидан чиқарилишига асос бўлади.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда:
икки ой муддатда электрон онлайн аукцион савдолари орқали ажратилган ер майдонларида деҳқон хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш ва уларга ердан фойдаланувчиларни аъзоликка қабул қилиш, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва агрегаторлар ўртасида тузиладиган шартномаларда томонларнинг мажбуриятларини белгилаш тартибларини назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқилишини ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;
аҳоли, деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва агрегаторлар ўртасида тузиладиган намунавий шартнома лойиҳасини ишлаб чиқиб, ҳудудларга етказилишини ҳамда ўзларининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилишини таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги ҳамда Солиқ қўмитаси билан биргаликда:
а) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 10 сентябрдаги ПҚ-373-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида танловда турган ва талабгор чиқмаган ер майдонларини аҳоли пунктларига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган ерларга алмаштириб, шунингдек, экспортбоп сабзавот экинлари экса бўладиган ерларни 1 гектаргача бўлган лотларга ажратган ҳолда, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш учун ер майдони ҳажми камида 5 гектар бўлган яхлит контурларни электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилишини таъминласин. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига деҳқон хўжалигини юритиш учун талаб юқори бўлган туманларда бўш турган ер участкаларини белгиланган тартибда электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш ҳуқуқи берилади;
б) қишлоқ хўжалиги ер майдонларини ижарага олиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ернинг норматив қийматидан келиб чиқиб, ер участкасининг ижара муддатига ҳисобланадиган қўшимча тўловларни амалга оширмаган деҳқон хўжаликларидан ер майдонларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда туман ҳокимлигининг давлат захирасига қайтариш ва электрон онлайн аукцион савдоларга чиқариш чораларини кўрсин;
в) Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида бўш турган лалми ерлардан самарали фойдаланиш орқали юқори қийматли маҳсулот етиштириш мақсадида, истисно тариқасида, икки гектаргача бўлган ўлчамдаги ер участкалари электрон онлайн аукцион савдолари орқали деҳқон хўжаликларига ижарага берилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш мақсадида ер участкаларини ижарага бериш бўйича «E-auksion» электрон савдо платформасида алоҳида тоифа (категория) очилишини ва белгиланган тартибда электрон онлайн аукцион савдолари ўтказилишини ташкил этсин.
8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ қишлоқ хўжалиги кооперативларига бирлашган деҳқон хўжаликлари ва агрегаторларга:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 14 сентябрдаги ПҚ-306-сон қарорига 3-иловада белгиланган «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури иштирокчиларини молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш воситалари татбиқ этилади;
«Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қишлоқ хўжалиги техникалари ва асбоб-ускуналарини харид қилиш, кичик ҳажмдаги совиткичли омборхоналарни қуриш учун 100 млн сўмгача кредитларни гаровсиз, 150 млн сўмгача кредитларни гаров талаби 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ажратиш имконияти назарда тутилади. Бунда лойиҳалар Бизнесни ривожлантириш банки ва ҳамкор банкларнинг ресурс маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларида пакана ва ярим пакана усулда боғлар, узумзорлар, кўчатхоналар ҳамда енгил типдаги иссиқхоналарни «бир контур — бир маҳсулот» тамойили асосида ташкил этишга рухсат берилади. Бунда ушбу тартибларни жорий этиш бўйича мезон ва талаблар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланади ва унинг хулосаларига асосан амалга оширилади;
сув таъминоти оғир ҳамда лалми ерларда ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативи устав фондига улуш сифатида киритиш учун ижарачиларга ҳоким ёрдамчисининг хулосасига асосан Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача субсидия ажратилади. Бунда қишлоқ хўжалиги кооперативи устав фондига киритилган маблағлар сув қудуқларини бурғилаш, насос агрегатларини сотиб олиш, электр тармоқларини тортиш ва бошқа агротехник тадбирларга йўналтирилади.
9. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2024 йил 1 сентябргача Шаҳрисабз тумани «Наврўз» МФЙ ҳудудидаги Мираки насос станциясини тиклаш ва 13 км узунликда металл қувур тортиш орқали фойдаланишга киритиладиган 500 гектар ер майдонида «кооператив» ва «агрегатор» тизимини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини ишга туширсин.
Ушбу тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишга Германия халқаро ҳамкорлик ташкилотининг (GIZ) грант маблағлари жалб этилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда икки ой муддатда:
деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижарага берилган ер майдонлари ҳисоби ва мониторингини юритиш учун тегишли ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилсин;
деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ер майдонлари контурларига ҳоким ёрдамчиларини бириктириб, «Online mahalla» электрон платформаси орқали ушбу ер майдонларида экилган экинларнинг ҳолатини мониторинг қилиш ва улардан кутилаётган ҳосил ҳисобини юритиш тизимини йўлга қўйсин;
деҳқон хўжаликлари ва агрегаторларнинг қишлоқ хўжалиги кооперативига ихтиёрийлик асосида аъзо бўлишда ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативида етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш, ички бозорга етказиб бериш ва экспорт қилиш ишларида ҳоким ёрдамчилари ва марказлар томонидан ёрдам кўрсатиш тизимини жорий қилсин.
11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси билан биргаликда 2025 йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, кичик хўжалик ва аҳоли томорқасида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини электрон савдо «UzexAgro» платформасида сотишни йўлга қўйсин. Бунда:
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи деҳқон, фермер ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектларида, шунингдек, маҳсулотни сотиб олувчи, қайта ишловчи ва экспортга чиқарувчи ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилотларда «UzexAgro» платформасидан фойдаланиш бўйича тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар билан маҳсулотни сотиб олувчи, қайта ишловчи ва экспортга чиқарувчи агрегаторлар ўртасида онлайн шартнома тузиш, томонларнинг мажбуриятларини белгилаш ҳамда маҳсулотлар сотувини йўлга қўйиш;
тегишли электрон платформаларни интеграция қилиш орқали электрон маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, жумладан «Online mahalla» электрон платформасида ҳоким ёрдамчиларига деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижарага берилган ер майдонларида етиштирилган маҳсулотларни сотиш бўйича таклифлар киритиш имкониятини яратиш чораларини кўрсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Агробанк» АТБ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда халқаро сифат ва стандартларга жавоб берадиган маҳсулотларни етиштириш бўйича аҳоли ва деҳқонларнинг малакасини ошириш мақсадида ҳудудлар кесимида ўқув дастурларини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази таркибидаги илмий-тадқиқот институтлари ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги «Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази» олимлари иштирокида ҳудудларнинг эҳтиёжлари учун зарур бўлган ва экспортбоп экинларни интенсив усулда экиш ва етиштириш бўйича даврий равишда график асосида ўқув-семинарларини ташкил этсин;
қишлоқ хўжалиги кооперативларини ривожлантириш мақсадида деҳқон хўжаликлари ва агрегаторларни ўқитиш ҳамда малакасини ошириш учун «Агробанк» АТБнинг «Фермерлар мактаби»ни жалб этсин;
Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида илмий ёндашувлар асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти филиали очилишини таъминласин.
13. Қуйидагилар:
Аҳолига деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида берилган ер майдонларининг электрон ҳисобини юритиш ва мониторинг қилиш, маҳсулотни етиштиришдан бошлаб уни ташқи бозорда сотишгача бўлган жараённи ўз ичига олган «кооператив» ва «агрегатор» тизимини жорий этиш бўйича республика Ишчи гуруҳи таркиби 1-иловага мувофиқ;
Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда 2022-2023 йилларда деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ажратилган ер майдонларида «кооператив» ва «агрегатор» тизимига асосланган лойиҳаларни жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда «маҳаллабай» ишлаш бўйича ҳудудларга бириктирилган ишчи гуруҳ аъзоларига ҳудудларда «кооператив» ва «агрегатор» тизимини самарали жорий этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
14. Белгилансинки:
сув таъминоти оғир ҳудудларда катта ҳажмдаги вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни бир қисмини қоплаш учун деҳқон хўжаликларига Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 24 февралдаги 109-сон қарорида белгиланган тартибда субсидиялар ажратилади. Бунда субсидия ажратиш бўйича манзилли рўйхат ҳар ярим йилда шакллантирилади ҳамда субсидиялар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари доирасида ажратилади;
битта контурда жойлашган камида учта деҳқон хўжалигига қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида битта катта ҳажмдаги вертикал суғориш қудуғини бурғилаш ва ишга тушириш учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банкларидан кредит олишга рухсат берилади.
15. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
бир ой муддатда деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ер майдонларини сув билан таъминланганлик даражасини ўрганиб чиқсин;
деҳқон хўжаликларига ва улар томонидан сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган майдонларга вегетация даврида сувни кафолатли етказиб бериш мақсадида сув лимитлари белгиланишини таъминласин.
16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Кадастр агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:
бир ой муддатда 3-иловага мувофиқ дастлабки босқичда деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ажратилган ер майдонларини ижарага бериш шартномаларига ижара муддатини 10 йилдан 30 йил муддатга узайтириш бўйича ўзгартириш киритган ҳолда уларни қайта расмийлаштирилишини таъминласин;
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тасарруфидаги бўш турган яйловлар чорва молларини алмашлаб боқиш ва маҳсулдорликни ошириш шарти билан чорва моллари мавжуд бўлган аҳолига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда 10 гектаргача ўлчамда электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижарага берилишини ташкил этсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши икки ой муддатда республика ҳудудлари бўйича деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун қўшимча ер майдонларини ажратиш ҳамда ушбу ер майдонларида юқори даромадли экинларни етиштириш орқали самарадорликни ошириш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ўн кун муддатда деҳқон хўжаликларига деҳқон бозорларининг қулай жойларида етиштирилган маҳсулотларни сотиш учун алоҳида расталар ташкил этиб, шароитлар яратиб берсин.
19. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
20. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
21. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори М.М. Убайдуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Ходжаев ва Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 февралдаги 62-сон қарорига 1-ИЛОВА
Аҳолига деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида берилган ер майдонларининг электрон ҳисобини юритиш ва мониторинг қилиш, маҳсулотни етиштиришдан бошлаб уни ташқи бозорда сотишгача бўлган жараённи ўз ичига олган «кооператив» ва «агрегатор» тизимини жорий этиш бўйича республика Ишчи гуруҳи
1. М. Убайдуллев — Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори, Ишчи гуруҳ раҳбари 2. Ш. Атабоев — АТ «Халқбанк» раиси, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари 3. С. Аннакличев — «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ раиси 4. Р. Маматқулов — «Агробанк» АТБ раиси 5. О. Бутаев — «Микрокредитбанк» АТБ раиси 6. И. Норқулов — иқтисодиёт ва молия вазири биринчи ўринбосари 7. А. Шукуров — қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари 8. Қ. Юлдашев — қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари 9. Р. Қаршиев — сув хўжалиги вазири ўринбосари 10. Н. Хусанов — Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари 11. М. Мирмақсудов — Кадастр агентлиги директорининг ўринбосари 12. Т. Рапиқов — Бош вазир ўринбосари котибияти мудири 13. З. Мустафоқулов — Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг ўринбосари 14. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, вилоятлар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари 15. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари 16. Лавозимига кўра — «Маҳаллабай» ишлаш бўйича ҳудудларга бириктирилган, Ишчи гуруҳ аъзолари
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 февралдаги 62-сон қарорига 2-ИЛОВА
Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда 2022-2023 йилларда деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ажратилган ер майдонларида «кооператив» ва «агрегатор» тизимига асосланган лойиҳаларни жорий қилишнинг
Т/р Ҳудудлар номи Туманлар номи Аҳолига ижарага берилган ер майдони, гектар Жами: 57 319 1. Қорақалпоғистон Республикаси Беруний 1 470 2. Нукус 871 3. Элликқалъа 838 4. Тўрткўл 980 5. Андижон вилояти Андижон 975 6. Асака 910 7. Булоқбоши 457 8. Хўжаобод 392 9. Бухоро вилояти Бухоро 1 376 10. Бухоро ш. 31 11. Жиззах вилояти Бахмал 962 12. Ғаллаорол 1 260 13. Зомин 1 465 14. Янгиобод 752 15. Қашқадарё вилояти Китоб 1 567 16. Шахрисабз 885 17. Яккабоғ 1 589 18. Қамаши 1 288 19. Чироқчи 1 037 20. Навоий вилояти Хатирчи 2 789 21. Наманган вилояти Косонсой 973 22. Чортоқ 665 23. Янгиқўрғон 999 24. Тўрақўрғон 1 046 25. Самарқанд вилояти Булунғур 1 553 26. Жомбой 634 27. Самарқанд 506 28. Тойлоқ 625 29. Ургут 1 808 30. Сурхондарё вилояти Ангор 910 31. Денов 1 185 32. Олтинсой 961 33. Сариосиё 1 313 34. Термиз 533 35. Сирдарё вилояти Мирзаобод 3 939 36. Ховос 2 734 37. Тошкент вилояти Зангиота 448 38. Оҳангарон 1 328 39. Паркент 771 40. Тошкент 391 41. Янгийўл 1 141 42. Қибрай 635 43. Фарғона вилояти Қувасой ш. 785 44. Ўзбекистон 1 142 45. Олтиариқ 2 664 46. Риштон 745 47. Фарғона 1 372 48. Фарғона ш. 177 49. Хоразм вилояти Боғот 1 275 50. Урганч 1 288 51. Хива 880
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 февралдаги 62-сон қарорига 3-ИЛОВА
Деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ажратилган ва ижара муддати 10 йилдан 30 йил муддатга узайтириладиган ер майдонлари
Т/р Ҳудудлар номи Деҳқон хўжаликлари (лотлар) сони Ер майдони ҳажми, гектар 1. Қорақалпоғистон Республикаси 14 118 5 192 2. Андижон вилояти 43 675 4 418 3. Бухоро вилояти 36 781 5 600 4. Жиззах вилояти 13 908 7 102 5. Қашқадарё вилояти 19 054 8 692 6. Навоий вилояти 15 517 4 922 7. Наманган вилояти 48 092 5 801 8. Самарқанд вилояти 29 657 6 183 9. Сурхондарё вилояти 27 965 5 614 10. Сирдарё вилояти 9 541 4 732 11. Тошкент вилояти 19 332 5 510 12. Фарғона вилояти 35 624 4 989 13. Хоразм вилояти 29 875 4 667 Жами: 343 139 73 422
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 1 февраль,
62-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TARKIBI
PROGNOZ KOʻRSATKICHLARI
HAJMLARI
Aholiga dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ijara huquqi asosida ajratilayotgan yer maydonlaridan foydalanish samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Mamlakatimiz hududlarida dehqon xoʻjaliklarini tashkil etish uchun ijara huquqi asosida yer maydonlari ajratilishi aholi daromadlarining oshishiga va turmush tarzini sezilarli darajada yaxshilash imkonini bermoqda.
Ayni paytda yangi tashkil etilgan dehqon xoʻjaliklari tomonidan qishloq xoʻjaligi ekinlarini ekishda “bir kontur — bir mahsulot” tamoyiliga amal qilinmasligi, sifatli urugʻlik materiallari, mineral oʻgʻitlar, yonilgʻi-moylash materiallari, kimyoviy vositalar va suv yetkazib berish hamda agronom xizmatlarini koʻrsatish, shuningdek, yetishtirilgan mahsulotlarni sotishda barqaror bozor yaratish va eksport bozoriga kirib borish uchun bilim va koʻnikmalarning yetarli emasligi ajratilgan yer maydonlaridan samarali foydalanish imkonini bermayapti.
Shu munosabat bilan ijara huquqi asosida berilgan yer maydonlarida eksportbop mahsulotlar yetishtirish uchun sharoit yaratish, ushbu yer maydonlarini doimiy daromad keltiruvchi aktivlarga aylantirish va bu sohada qoʻshilgan qiymat zanjirini yaratish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarini ijaraga berish tartibini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 18-yanvardagi PF-15-son Farmoni , “ Kichik biznesni rivojlantirishni moliyaviy va institutsional qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2023-yil 14-sentabrdagi PQ-306-son hamda “ 2024-yilda yangi ish oʻrinlarini tashkil etish va aholi bandligiga koʻmaklashish dasturi toʻgʻrisida ” 2024-yil 9-yanvardagi PQ-7-son qarorlari ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Markaziy bank, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklarining:
meva-sabzavotchilikka ixtisoslashgan tumanlarda aholiga ijara huquqi asosida ajratilayotgan yer maydonlarida mahsulot yetishtirishdan boshlab uni sotishgacha boʻlgan zanjirni yaratishni nazarda tutuvchi “kooperativ” va “agregator” tizimiga asoslangan kamida bittadan loyihani tajriba tariqasida Kichik biznesga koʻmaklashish markazlari (keyingi oʻrinlarda — markazlar) orqali amaliyotga joriy etish;
dehqon xoʻjaliklari va yuridik shaxslarning birlashib egalik qiladigan, pay usuliga asoslangan hamda aʼzolarining moddiy va boshqa ehtiyojlarini qondirish uchun qishloq xoʻjaligida faoliyat yurituvchi “kooperativ” va ular tomonidan yetishtirilgan mahsulotni sotib oluvchi, qayta ishlovchi va eksportga chiqaruvchi “agregator” tizimini yoʻlga qoʻyish;
markazlarda “agregator” tizimi doirasida kichik tadbirkorlik subyektlarini, shuningdek, mahsulot yetishtirish, yigʻish va sotish hamda “bir kontur — bir mahsulot” tamoyili asosida ekin maydonining biznes rejasi va loyihasini ishlab chiqish, sugʻorish tizimini modernizatsiya qilish va suvdan samarali foydalanish boʻyicha oʻqitishni tashkil qilish uchun xorijiy va mahalliy ekspertlarni, xalqaro moliya institutlari va donor tashkilotlarning koʻmagida malakali amaliyotchi mutaxassislarni jalb etish;
“Biznesni rivojlantirish banki” ATB (keyingi oʻrinlarda — Biznesni rivojlantirish banki) va markazlar tomonidan meva-sabzavotchilikka ixtisoslashgan tumanlarda dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ajratilayotgan yer maydonlari konturlarida qishloq xoʻjaligi kooperativlari va agregatorlar faoliyatini yoʻlga qoʻyishda AT “Xalq banki”, “Agrobank” ATB va “Mikrokreditbank” ATBni hamkor banklar etib belgilash toʻgʻrisidagi takliflari maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar “kooperativ” va “agregator” tizimiga asoslangan loyihalarni amalga oshirishning asosiy yoʻnalishlari etib belgilansin:
dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ijara huquqi asosida ajratilayotgan yer maydonlarida qishloq xoʻjaligi kooperativlarini tashkil qilish va faoliyatini rivojlantirish, dehqon xoʻjaliklarining mahsulotni sotib oluvchi, qayta ishlovchi va eksportga chiqaruvchi agregatorlar bilan hamkorligini kengaytirish;
qishloq xoʻjaligi kooperativiga birlashgan dehqon xoʻjaliklari bilan agregatorlar oʻrtasida “buyurtmalar portfeli”ni shakllantirish orqali shartnoma institutini rivojlantirish;
dehqon xoʻjaliklari va aholi tomorqalariga urugʻlik materiallari, mineral oʻgʻitlar, kimyoviy vositalarni yetkazib berish hamda agronom xizmatlarini koʻrsatishning yaxlit tizimini yaratish;
dehqon xoʻjaliklarining yer maydonlarida xalqaro sifat va standartlarga javob beradigan mahsulotlarni yetishtirish;
xalqaro va mahalliy ekspertlarni keng jalb etgan holda, qishloq xoʻjaligi kooperativi aʼzolari va dehqonlarning malakasini doimiy oshirib borish;
agronom maslahati va xizmatlarini koʻrsatish markazlarini tashkil etish;
mahsulotlarning barqaror bozorini shakllantirish;
mahsulotlarni xalqaro sertifikatlashdan oʻtkazuvchi tashkilotlar bilan hamkorlikni yoʻlga qoʻyish, qishloq xoʻjaligi kooperativlari va agregatorlarga xalqaro sertifikatlar (Global G.A.P, organic va boshqalar) olishi uchun har tomonlama koʻmaklashish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi huzuridagi Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi:
a) Biznesni rivojlantirish banki va hamkor banklar bilan birgalikda 2024-yilda meva-sabzavotchilikka ixtisoslashgan tumanlarda, keyinchalik respublikaning barcha hududlarda aholiga ijara huquqi asosida ajratilayotgan yer maydonlarida “kooperativ” va “agregator” tizimiga asoslangan kamida bittadan loyihani tajriba tariqasida markazlar orqali amaliyotga joriy etsin;
b) Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligida xizmatlar koʻrsatish agentligi hamda Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi bilan birgalikda dehqon xoʻjaligi yerlaridan samarali foydalanish loyihasini ishlab chiqsin. Bunda:
“kooperativ” va “agregator” tizimi joriy qilinadigan yer maydonlari hajmini konturlar kesimida aniqlash;
ekin maydonining holati, urugʻlarning unib chiqishi, ekinlarni himoya qilish, oziqlantirish va boshqa agrotexnik tadbirlarning oʻtkazilishi, hosildorlik va tabiat omillarining taʼsiri hamda mahalliy hokimliklar tomonidan zarur infratuzilma bilan taʼminlanganligini oʻrganish;
suv taʼminotini yaxshilash, jumladan, suvni tejaydigan sugʻorish texnologiyalarini joriy qilish, vertikal sugʻorish quduqlarini burgʻilash va ishga tushirish ishlarini moliyalashtirish;
mahallalarning ixtisoslashuvi, yer egalarining xohishlari va mavjud tajribalaridan kelib chiqqan holda qishloq xoʻjaligi ekinlarining “bir kontur — bir mahsulot” tamoyili asosida ekilishini taʼminlash choralarini koʻrsin;
v) hamkor banklar bilan birgalikda dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ijara huquqi asosida ajratilayotgan yer maydonlarida biznes loyihalarni amalga oshirsin. Bunda:
dehqon xoʻjaliklarining qishloq xoʻjaligi kooperativlariga birlashishiga har tomonlama koʻmaklashish;
hududda faoliyat koʻrsatayotgan mahsulotni sotib oluvchi, qayta ishlovchi va eksportga chiqaruvchi tashkilotlar bilan qishloq xoʻjaligi kooperativlari oʻrtasida hamkorlikni yoʻlga qoʻyish boʻyicha xalqaro tajribalarni oʻrganish va agregatorlik faoliyatiga keng jalb etish;
“agregator” tizimi joriy qilinadigan yer maydonlarining konturlarida qishloq xoʻjaligi kooperativlari faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun har bir konturga hokim yordamchilarini masʼul etib belgilash;
mahalliy hokimliklar va hokim yordamchilari bilan birgalikda aholi va agregatorlar oʻrtasida munosabatlarni oʻrnatish uchun uchrashuv va targʻibot tadbirlarini tashkil etish;
hududlarda organik mahsulot yetishtirish imkoniyatlarini oʻrganish, organik mahsulotlar yetishtirish va ularning barqaror bozorini topish orqali “organik mahallalar”ni shakllantirish choralarini koʻrsin.
4. Belgilansinki:
qishloq xoʻjaligi kooperativini tashkil etish maqsadida yaxlit konturlar asosida yer maydonlarining yer tuzish loyihalari ishlab chiqiladi va elektron onlayn auksion savdolari orqali ijaraga beriladi;
dehqon xoʻjaliklari tomonidan qishloq xoʻjaligi kooperativini tashkil etish uchun yer maydonlarini ijaraga berish boʻyicha “E-auksion” elektron savdo platformasida alohida toifa (kategoriya) ochiladi. Bunda yer maydoni hajmi kamida 5 gektar boʻlgan yaxlit konturlar tanlab olinadi;
mazkur tizim asosida yer maydonlarini ijaraga olgan yerdan foydalanuvchilarni ixtiyoriy ravishda dehqon xoʻjaliklari tomonidan tashkil etilgan qishloq xoʻjaligi kooperativlarining aʼzolari sifatida roʻyxatdan oʻtkazish tavsiya etiladi;
qishloq xoʻjaligi kooperativi shartnomasida belgilangan shartlarning dehqon xoʻjaliklari tomonidan bajarilmasligi, ularga nisbatan yer va suv soliqlari stavkalarining ikki koeffitsiyentga oshirilgan holda qoʻllanilishiga yoki qishloq xoʻjaligi kooperativi ustavida belgilangan tartibda kooperativ xulosalariga asosan qishloq xoʻjaligi kooperativ aʼzoligidan chiqarilishiga asos boʻladi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Adliya vazirligi, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi bilan birgalikda:
ikki oy muddatda elektron onlayn auksion savdolari orqali ajratilgan yer maydonlarida dehqon xoʻjaliklari tomonidan qishloq xoʻjaligi kooperativlarini tashkil etish va ularga yerdan foydalanuvchilarni aʼzolikka qabul qilish, qishloq xoʻjaligi kooperativlari va agregatorlar oʻrtasida tuziladigan shartnomalarda tomonlarning majburiyatlarini belgilash tartiblarini nazarda tutuvchi tegishli normativ-huquqiy hujjat loyihasini ishlab chiqilishini hamda Vazirlar Mahkamasiga kiritilishini;
aholi, dehqon xoʻjaliklari, qishloq xoʻjaligi kooperativlari va agregatorlar oʻrtasida tuziladigan namunaviy shartnoma loyihasini ishlab chiqib, hududlarga yetkazilishini hamda oʻzlarining rasmiy veb-saytlariga joylashtirilishini taʼminlasin.
6. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Kadastr agentligi hamda Soliq qoʻmitasi bilan birgalikda:
a) bir oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Dehqon xoʻjaliklari tashkil etishni qoʻllab-quvvatlash orqali aholi daromadlarini oshirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2022-yil 10-sentabrdagi PQ-373-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida tanlovda turgan va talabgor chiqmagan yer maydonlarini aholi punktlariga yaqin va suv taʼminoti yaxshi boʻlgan yerlarga almashtirib, shuningdek, eksportbop sabzavot ekinlari eksa boʻladigan yerlarni 1 gektargacha boʻlgan lotlarga ajratgan holda, dehqon xoʻjaliklari va qishloq xoʻjaligi kooperativlarini tashkil etish uchun yer maydoni hajmi kamida 5 gektar boʻlgan yaxlit konturlarni elektron onlayn auksion savdolariga chiqarilishini taʼminlasin. Bunda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklariga dehqon xoʻjaligini yuritish uchun talab yuqori boʻlgan tumanlarda boʻsh turgan yer uchastkalarini belgilangan tartibda elektron onlayn auksion savdolariga chiqarish huquqi beriladi;
b) qishloq xoʻjaligi yer maydonlarini ijaraga olish huquqini qoʻlga kiritish uchun yerning normativ qiymatidan kelib chiqib, yer uchastkasining ijara muddatiga hisoblanadigan qoʻshimcha toʻlovlarni amalga oshirmagan dehqon xoʻjaliklaridan yer maydonlarini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tuman hokimligining davlat zaxirasiga qaytarish va elektron onlayn auksion savdolarga chiqarish choralarini koʻrsin;
v) Qashqadaryo viloyatining Koʻkdala tumanida boʻsh turgan lalmi yerlardan samarali foydalanish orqali yuqori qiymatli mahsulot yetishtirish maqsadida, istisno tariqasida, ikki gektargacha boʻlgan oʻlchamdagi yer uchastkalari elektron onlayn auksion savdolari orqali dehqon xoʻjaliklariga ijaraga berilishini taʼminlasin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi qishloq xoʻjaligi kooperativlarini tashkil etish maqsadida yer uchastkalarini ijaraga berish boʻyicha “E-auksion” elektron savdo platformasida alohida toifa (kategoriya) ochilishini va belgilangan tartibda elektron onlayn auksion savdolari oʻtkazilishini tashkil etsin.
8. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq qishloq xoʻjaligi kooperativlariga birlashgan dehqon xoʻjaliklari va agregatorlarga:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kichik biznesni rivojlantirishni moliyaviy va institutsional qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 14-sentabrdagi PQ-306-son qaroriga 3-ilovada belgilangan “Kichik biznesni uzluksiz qoʻllab-quvvatlash” kompleks dasturi ishtirokchilarini moliyaviy va konsultativ qoʻllab-quvvatlash vositalari tatbiq etiladi;
“Kichik biznesni uzluksiz qoʻllab-quvvatlash” kompleks dasturi doirasida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish, qishloq xoʻjaligi texnikalari va asbob-uskunalarini xarid qilish, kichik hajmdagi sovitkichli omborxonalarni qurish uchun 100 mln soʻmgacha kreditlarni garovsiz, 150 mln soʻmgacha kreditlarni garov talabi 50 foizgacha pasaytirilgan holda ajratish imkoniyati nazarda tutiladi. Bunda loyihalar Biznesni rivojlantirish banki va hamkor banklarning resurs mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi;
dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ijara huquqi asosida ajratilayotgan yer maydonlarida pakana va yarim pakana usulda bogʻlar, uzumzorlar, koʻchatxonalar hamda yengil tipdagi issiqxonalarni “bir kontur — bir mahsulot” tamoyili asosida tashkil etishga ruxsat beriladi. Bunda ushbu tartiblarni joriy etish boʻyicha mezon va talablar Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi tomonidan belgilanadi va uning xulosalariga asosan amalga oshiriladi;
suv taʼminoti ogʻir hamda lalmi yerlarda tashkil etilgan qishloq xoʻjaligi kooperativi ustav fondiga ulush sifatida kiritish uchun ijarachilarga hokim yordamchisining xulosasiga asosan Aholini tadbirkorlikka jalb qilish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravarigacha subsidiya ajratiladi. Bunda qishloq xoʻjaligi kooperativi ustav fondiga kiritilgan mablagʻlar suv quduqlarini burgʻilash, nasos agregatlarini sotib olish, elektr tarmoqlarini tortish va boshqa agrotexnik tadbirlarga yoʻnaltiriladi.
9. Qashqadaryo viloyati hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Suv xoʻjaligi vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi huzuridagi Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi bilan birgalikda 2024-yil 1-sentabrgacha Shahrisabz tumani “Navroʻz” MFY hududidagi Miraki nasos stansiyasini tiklash va 13 km uzunlikda metall quvur tortish orqali foydalanishga kiritiladigan 500 gektar yer maydonida “kooperativ” va “agregator” tizimini joriy etish boʻyicha tajriba-sinov loyihasini ishga tushirsin.
Ushbu tajriba-sinov loyihasini amalga oshirishga Germaniya xalqaro hamkorlik tashkilotining (GIZ) grant mablagʻlari jalb etilsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi huzuridagi Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Kadastr agentligi va Savdo-sanoat palatasi bilan birgalikda ikki oy muddatda:
dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ijaraga berilgan yer maydonlari hisobi va monitoringini yuritish uchun tegishli axborot tizimlarini oʻzaro integratsiya qilsin;
dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ijara huquqi asosida ajratilgan yer maydonlari konturlariga hokim yordamchilarini biriktirib, “Online mahalla” elektron platformasi orqali ushbu yer maydonlarida ekilgan ekinlarning holatini monitoring qilish va ulardan kutilayotgan hosil hisobini yuritish tizimini yoʻlga qoʻysin;
dehqon xoʻjaliklari va agregatorlarning qishloq xoʻjaligi kooperativiga ixtiyoriylik asosida aʼzo boʻlishda hamda qishloq xoʻjaligi kooperativida yetishtirilgan mahsulotlarni qayta ishlash, saqlash, ichki bozorga yetkazib berish va eksport qilish ishlarida hokim yordamchilari va markazlar tomonidan yordam koʻrsatish tizimini joriy qilsin.
11. Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi bilan birgalikda 2025-yil yakuniga qadar qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini, jumladan, kichik xoʻjalik va aholi tomorqasida yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini elektron savdo “UzexAgro” platformasida sotishni yoʻlga qoʻysin. Bunda:
qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchi dehqon, fermer va boshqa qishloq xoʻjaligi subyektlarida, shuningdek, mahsulotni sotib oluvchi, qayta ishlovchi va eksportga chiqaruvchi hamda xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlarda “UzexAgro” platformasidan foydalanish boʻyicha tushuntirish va targʻibot-tashviqot ishlarini tashkil etish;
qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchilar bilan mahsulotni sotib oluvchi, qayta ishlovchi va eksportga chiqaruvchi agregatorlar oʻrtasida onlayn shartnoma tuzish, tomonlarning majburiyatlarini belgilash hamda mahsulotlar sotuvini yoʻlga qoʻyish;
tegishli elektron platformalarni integratsiya qilish orqali elektron maʼlumotlar almashinuvini yoʻlga qoʻyish, jumladan “Online mahalla” elektron platformasida hokim yordamchilariga dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ijaraga berilgan yer maydonlarida yetishtirilgan mahsulotlarni sotish boʻyicha takliflar kiritish imkoniyatini yaratish choralarini koʻrsin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi, “Agrobank” ATB hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari:
mahalliy va xorijiy ekspertlarni jalb etgan holda xalqaro sifat va standartlarga javob beradigan mahsulotlarni yetishtirish boʻyicha aholi va dehqonlarning malakasini oshirish maqsadida hududlar kesimida oʻquv dasturlarini ishlab chiqib, tasdiqlasin;
Qishloq xoʻjaligida bilim va innovatsiyalar milliy markazi tarkibidagi ilmiy-tadqiqot institutlari hamda Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi huzuridagi “Tomorqa yer uchastkalarini rivojlantirish ilmiy-amaliy markazi” olimlari ishtirokida hududlarning ehtiyojlari uchun zarur boʻlgan va eksportbop ekinlarni intensiv usulda ekish va yetishtirish boʻyicha davriy ravishda grafik asosida oʻquv-seminarlarini tashkil etsin;
qishloq xoʻjaligi kooperativlarini rivojlantirish maqsadida dehqon xoʻjaliklari va agregatorlarni oʻqitish hamda malakasini oshirish uchun “Agrobank” ATBning “Fermerlar maktabi”ni jalb etsin;
Qashqadaryo viloyatining Koʻkdala tumanida ilmiy yondashuvlar asosida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish va hosildorlikni oshirish maqsadida Qishloq xoʻjaligida bilim va innovatsiyalar milliy markazining Sabzavot, poliz ekinlari va kartoshkachilik ilmiy-tadqiqot instituti filiali ochilishini taʼminlasin.
13. Quyidagilar:
Aholiga dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ijara huquqi asosida berilgan yer maydonlarining elektron hisobini yuritish va monitoring qilish, mahsulotni yetishtirishdan boshlab uni tashqi bozorda sotishgacha boʻlgan jarayonni oʻz ichiga olgan “kooperativ” va “agregator” tizimini joriy etish boʻyicha respublika Ishchi guruhi tarkibi 1-ilovaga muvofiq;
Meva-sabzavotchilikka ixtisoslashgan tumanlarda 2022-2023-yillarda dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ajratilgan yer maydonlarida “kooperativ” va “agregator” tizimiga asoslangan loyihalarni joriy qilishning prognoz koʻrsatkichlari 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining va viloyatlar hokimlarining birinchi oʻrinbosarlari hamda “mahallabay” ishlash boʻyicha hududlarga biriktirilgan ishchi guruh aʼzolariga hududlarda “kooperativ” va “agregator” tizimini samarali joriy etish yuzasidan shaxsiy javobgarlik yuklansin.
14. Belgilansinki:
suv taʼminoti ogʻir hududlarda katta hajmdagi vertikal sugʻorish quduqlarini burgʻilash va ishga tushirish bilan bogʻliq xarajatlarni bir qismini qoplash uchun dehqon xoʻjaliklariga Vazirlar Mahkamasining “Qishloq xoʻjaligida foydalanilmayotgan yerlarni foydalanishga kiritishda irrigatsiya va melioratsiya obyektlarini qurish va rekonstruksiya qilish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2020-yil 24-fevraldagi 109-son qarorida belgilangan tartibda subsidiyalar ajratiladi. Bunda subsidiya ajratish boʻyicha manzilli roʻyxat har yarim yilda shakllantiriladi hamda subsidiyalar Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi huzuridagi Fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari doirasida ajratiladi;
bitta konturda joylashgan kamida uchta dehqon xoʻjaligiga qishloq xoʻjaligi yerlarini sugʻorish maqsadida oilaviy tadbirkorlik dasturlari doirasida bitta katta hajmdagi vertikal sugʻorish qudugʻini burgʻilash va ishga tushirish uchun Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi huzuridagi Fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan tijorat banklaridan kredit olishga ruxsat beriladi.
15. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari:
bir oy muddatda dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ijara huquqi asosida ajratilgan yer maydonlarini suv bilan taʼminlanganlik darajasini oʻrganib chiqsin;
dehqon xoʻjaliklariga va ular tomonidan suvni tejaydigan sugʻorish texnologiyalari joriy qilingan maydonlarga vegetatsiya davrida suvni kafolatli yetkazib berish maqsadida suv limitlari belgilanishini taʼminlasin.
16. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Kadastr agentligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda:
bir oy muddatda 3-ilovaga muvofiq dastlabki bosqichda dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ajratilgan yer maydonlarini ijaraga berish shartnomalariga ijara muddatini 10 yildan 30 yil muddatga uzaytirish boʻyicha oʻzgartirish kiritgan holda ularni qayta rasmiylashtirilishini taʼminlasin;
Ipakchilik va jun sanoatini rivojlantirish qoʻmitasi tasarrufidagi boʻsh turgan yaylovlar chorva mollarini almashlab boqish va mahsuldorlikni oshirish sharti bilan chorva mollari mavjud boʻlgan aholiga qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda 10 gektargacha oʻlchamda elektron onlayn auksion savdolari orqali ijaraga berilishini tashkil etsin.
17. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi ikki oy muddatda respublika hududlari boʻyicha dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun qoʻshimcha yer maydonlarini ajratish hamda ushbu yer maydonlarida yuqori daromadli ekinlarni yetishtirish orqali samaradorlikni oshirish boʻyicha ilmiy asoslangan takliflarni ishlab chiqib, Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
18. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari oʻn kun muddatda dehqon xoʻjaliklariga dehqon bozorlarining qulay joylarida yetishtirilgan mahsulotlarni sotish uchun alohida rastalar tashkil etib, sharoitlar yaratib bersin.
19. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi huzuridagi Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda mazkur qarorning mazmun-mohiyati hamda maqsad va vazifalarining ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini taʼminlasin.
20. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda uch oy muddatda qonunchilik hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
21. Ushbu qarorning ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul va shaxsiy javobgar etib Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi huzuridagi Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi direktori M.M. Ubaydullayev, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari belgilansin.
Qaror ijrosini muhokama qilib borish, ijro uchun masʼul idoralar faoliyatini muvofiqlashtirish va nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari J.A. Xodjayev va J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 1-fevraldagi 62-son qaroriga 1-ILOVA
Aholiga dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ijara huquqi asosida berilgan yer maydonlarining elektron hisobini yuritish va monitoring qilish, mahsulotni yetishtirishdan boshlab uni tashqi bozorda sotishgacha boʻlgan jarayonni oʻz ichiga olgan “kooperativ” va “agregator” tizimini joriy etish boʻyicha respublika Ishchi guruhi
1. M. Ubaydullev — Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi direktori, Ishchi guruh rahbari 2. Sh. Ataboyev — AT “Xalqbank” raisi, Ishchi guruh rahbari oʻrinbosari 3. S. Annaklichev — “Biznesni rivojlantirish banki” ATB raisi 4. R. Mamatqulov — “Agrobank” ATB raisi 5. O. Butayev — “Mikrokreditbank” ATB raisi 6. I. Norqulov — iqtisodiyot va moliya vaziri birinchi oʻrinbosari 7. A. Shukurov — qishloq xoʻjaligi vaziri oʻrinbosari 8. Q. Yuldashev — qishloq xoʻjaligi vaziri oʻrinbosari 9. R. Qarshiyev — suv xoʻjaligi vaziri oʻrinbosari 10. N. Xusanov — Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktorining birinchi oʻrinbosari 11. M. Mirmaqsudov — Kadastr agentligi direktorining oʻrinbosari 12. T. Rapiqov — Bosh vazir oʻrinbosari kotibiyati mudiri 13. Z. Mustafoqulov — Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi raisining oʻrinbosari 14. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi raisining birinchi oʻrinbosari, viloyatlar hokimlarining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosarlari 15. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi raisining qishloq va suv xoʻjaligi masalalari boʻyicha oʻrinbosari va viloyatlar hokimlarining qishloq va suv xoʻjaligi masalalari boʻyicha oʻrinbosarlari 16. Lavozimiga koʻra — “Mahallabay” ishlash boʻyicha hududlarga biriktirilgan, Ishchi guruh aʼzolari
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 1-fevraldagi 62-son qaroriga 2-ILOVA
Meva-sabzavotchilikka ixtisoslashgan tumanlarda 2022-2023-yillarda dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ajratilgan yer maydonlarida “kooperativ” va “agregator” tizimiga asoslangan loyihalarni joriy qilishning
T/r Hududlar nomi Tumanlar nomi Aholiga ijaraga berilgan yer maydoni, gektar Jami: 57 319 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Beruniy 1 470 2. Nukus 871 3. Ellikqalʼa 838 4. Toʻrtkoʻl 980 5. Andijon viloyati Andijon 975 6. Asaka 910 7. Buloqboshi 457 8. Xoʻjaobod 392 9. Buxoro viloyati Buxoro 1 376 10. Buxoro sh. 31 11. Jizzax viloyati Baxmal 962 12. Gʻallaorol 1 260 13. Zomin 1 465 14. Yangiobod 752 15. Qashqadaryo viloyati Kitob 1 567 16. Shaxrisabz 885 17. Yakkabogʻ 1 589 18. Qamashi 1 288 19. Chiroqchi 1 037 20. Navoiy viloyati Xatirchi 2 789 21. Namangan viloyati Kosonsoy 973 22. Chortoq 665 23. Yangiqoʻrgʻon 999 24. Toʻraqoʻrgʻon 1 046 25. Samarqand viloyati Bulungʻur 1 553 26. Jomboy 634 27. Samarqand 506 28. Toyloq 625 29. Urgut 1 808 30. Surxondaryo viloyati Angor 910 31. Denov 1 185 32. Oltinsoy 961 33. Sariosiyo 1 313 34. Termiz 533 35. Sirdaryo viloyati Mirzaobod 3 939 36. Xovos 2 734 37. Toshkent viloyati Zangiota 448 38. Ohangaron 1 328 39. Parkent 771 40. Toshkent 391 41. Yangiyoʻl 1 141 42. Qibray 635 43. Fargʻona viloyati Quvasoy sh. 785 44. Oʻzbekiston 1 142 45. Oltiariq 2 664 46. Rishton 745 47. Fargʻona 1 372 48. Fargʻona sh. 177 49. Xorazm viloyati Bogʻot 1 275 50. Urganch 1 288 51. Xiva 880
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 1-fevraldagi 62-son qaroriga 3-ILOVA
Dehqon xoʻjaligini tashkil etish uchun ajratilgan va ijara muddati 10 yildan 30 yil muddatga uzaytiriladigan yer maydonlari
T/r Hududlar nomi Dehqon xoʻjaliklari (lotlar) soni Yer maydoni hajmi, gektar 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi 14 118 5 192 2. Andijon viloyati 43 675 4 418 3. Buxoro viloyati 36 781 5 600 4. Jizzax viloyati 13 908 7 102 5. Qashqadaryo viloyati 19 054 8 692 6. Navoiy viloyati 15 517 4 922 7. Namangan viloyati 48 092 5 801 8. Samarqand viloyati 29 657 6 183 9. Surxondaryo viloyati 27 965 5 614 10. Sirdaryo viloyati 9 541 4 732 11. Toshkent viloyati 19 332 5 510 12. Fargʻona viloyati 35 624 4 989 13. Xorazm viloyati 29 875 4 667 Jami: 343 139 73 422
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 1-fevral,
62-son