UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 3-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 3 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 февраля 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 February 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

«Энг фаол ижтимоий ходим» кўрик-танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 28 сентябрдаги ПҚ-319-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 28 сентябрдаги ПҚ-319-сон қарорига мувофиқ:

ҳар йили «Энг фаол ижтимоий ходим» кўрик-танловини (кейинги ўринларда — кўрик-танлов) ўтказиш тартиби ва муддатларини белгилаш;

кўрик-танловнинг баҳолаш мезонлари ва шартларини ишлаб чиқиш;

кўрик-танловни ўтказишда оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилиш;

кўрик-танлов ғолиб ва совриндорларини рағбатлантириш тизимини жорий этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Энг фаол ижтимоий ходим» кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

энг фаол ижтимоий ходимни адолатлилик, холислик, ошкоралик ва коллегиаллик принциплари асосида аниқлаш;

ҳудудий ва республика комиссиялари томонидан кўрик-танловнинг тегишлича ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларини ўтказиш ҳамда ғолибларни аниқлаш тартиби;

кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш тартиби ҳамда уларга бериладиган имтиёзлар.

3. Белгилансинки:

а) кўрик-танлов ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларидан иборат бўлади;

б) кўрик-танловда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимидаги ижтимоий ходимлар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлардаги хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори бўйича ижтимоий ходимлар иштирок этади;

в) «Энг фаол ижтимоий ходим» кўрик-танловини ўтказиш бўйича ҳудудий комиссиялар таркиби Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари томонидан, республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) таркиби эса Агентлик директори томонидан тасдиқланади;

г) кўрик-танловнинг республика финал босқичи ғолиб ва совриндорлари бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан қуйидаги миқдорда тақдирланади:

1-ўрин учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 баравари миқдорида;

Агентлик томонидан белгиланган ҳар бир номинация учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида.

д) Республика комиссияси кўрик-танловни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларга вазирликлар ва идоралар, бошқа давлат ташкилотлари вакилларини, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчиликни жалб этиш, ходимларнинг кўрик-танловга бўлган қизиқишини ошириш ва кўтаринки руҳда ўтказиш учун зарур бўлган бошқа чора-тадбирларни амалга оширади;

е) кўрик-танловнинг адолатли ва шаффоф ўтказилиши, шунингдек, номзодлар сифатли ва холисона танлаб олиниши, қўйиладиган талабларга уларнинг мувофиқлиги учун жавобгарлик Республика комиссияси зиммасига юкланади.

4. Агентлик:

икки ой муддатда кўрик-танловнинг юқори даражада ташкил этилиши ва ўтказилиши бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;

кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш, шу жумладан, уларга бир йўла тўланадиган пул мукофотини ва давлат олий таълим муассасаларида ўқиганлик учун йиллик тўлов-контракт суммасининг тегишли қисмини тўлаш ҳамда кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланишини таъминласин;

кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиб ва совриндорларининг фотосуратлари ҳамда улар ҳақидаги маълумотларни бир йил давомида барча «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг маъмурий биноларида жойлаштириш, хизмат вазифаларини бажариш жараёни ва эришган ютуқларини Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали кенг тарғиб этиш чораларини кўрсин.

5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига оммавий ахборот воситалари орқали ушбу қарор ижроси билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 3 февралдаги 69-сон қарорига ИЛОВА

«Энг фаол ижтимоий ходим» кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимидаги ижтимоий ходимлар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлардаги хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори бўйича ижтимоий ходимлар (кейинги ўринларда — ижтимоий ходимлар) ўртасида «Энг фаол ижтимоий ходим» кўрик-танловини (кейинги ўринларда — кўрик-танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ижтимоий хизмат — ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг турмуш сифатини оширишга, унга жамият ҳаётида иштирок этишда бошқа шахслар билан тенг бўлган имкониятларни яратишга ва (ёки) ўзининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;

ижтимоий ходим — ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни ташкиллаштирувчи ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга комплекс ижтимоий хизматларни кўрсатувчи шахс.

3. Кўрик-танловда «Энг фаол ижтимоий ходим» номинацияси бўйича ижтимоий ходимлар иштирок этади.

4. Қуйидагилар кўрик-танловни ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ижтимоий ходимларнинг онгида «Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш — олий бурчимиз!» концептуал ғоясини мустаҳкамлаш;

ижтимоий ходимларнинг аҳоли орасидаги нуфузини янада ошириш, ходимларда садоқат билан виждонан хизмат қилиш туйғуларини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;

ходимларнинг интеллектуал ва профессионал салоҳиятини ошириш ҳамда бу борадаги фаолиятни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ходимларда ташаббускорлик фазилатларини ривожлантириш;

юксак билимли ва профессионал касб маҳоратига эга бўлган истеъдодли ёш кадрларни аниқлаш ҳамда раҳбарлик лавозимларига тайинлаш мақсадида истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш.

5. «Энг фаол ижтимоий ходим» кўрик-танловини ўтказиш бўйича ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда — ҳудудий комиссиялар) таркиби Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) бошлиқлари томонидан, республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) таркиби эса Агентлик директори томонидан тасдиқланади.

6. Кўрик-танлов ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ ўтказилади.

2-боб. Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

1-§. Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказишнинг умумий талаблари

7. Агентлик ҳар йили 1 апрелга қадар кўрик-танлов ўтказилиши ҳақида ўз расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон беради.

8. Кўрик-танловда иштирок этиш учун номзодлар Агентликнинг расмий веб-сайти орқали ҳар йили 1 апрелдан 30 апрелга қадар бўлган муддат давомида рўйхатдан ўтади.

Бунда хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларидаги ижтимоий ходимлар кўрик-танловда экстерриториал тамойил асосида исталган ҳудуддан қатнашиши мумкин.

9. Рўйхатдан ўтиш 30 апрель куни якунланади ва рўйхатдан ўтган номзодлар ҳақидаги барча маълумотлар Агентлик томонидан ҳудудий бошқармаларга кўрик-танловни ўтказиш учун юборилади.

Кўрик-танловда иштирок этиш учун номзодларнинг бошқача тарзда рўйхатдан ўтишига ёки ҳудудий саралаш босқичида иштирок этмасдан кейинги босқичда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

10. Кўрик-танлов ҳар йили май-июнь ойларида қуйидаги босқичларда ўтказилади:

ҳудудий саралаш босқичи — май ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида;

республика финал босқичи — июнь ойида ҳудудий саралаш босқичлари ғолиблари ўртасида республика миқёсида.

11. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш босқичини ўтказиш учун ҳар йили апрель ойида ҳудудий бошқармаларнинг тегишли соҳавий таркибий бўлинмалари вакилларидан иборат таркибда ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.

Ҳудудий комиссиялар раис, унинг ўринбосари, тегишли соҳада ижтимоий хизматларни кўрсатувчи таркибий бўлинмаларнинг 1 нафардан малакали ходимлари, комиссия котиби ва 3 нафаргача нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат таркибда тузилади.

12. Кўрик-танловнинг республика финал босқичини ўтказиш учун ҳар йили апрель ойида қуйидаги таркибда Республика комиссияси ташкил этилади:

раис — Агентликнинг тегишли соҳавий таркибий бўлинмаларига раҳбарликни амалга оширувчи ўринбосари;

раис ўринбосарлари — Агентлик директори маслаҳатчилари ва Агентлик марказий аппаратининг тегишли таркибий бўлинмалари бошлиқлари (4 нафар);

аъзолар — Агентлик марказий аппаратининг тегишли соҳавий таркибий бўлинмалари ходимлари (7 нафар) ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари (3 нафаргача);

котиб — Агентлик марказий аппаратининг тегишли соҳавий таркибий бўлинмаси ходими.

13. Ҳудудий ва республика комиссиялари ўз фаолиятини ҳар йили 1 апрелдан 10 июлга қадар олиб боради.

14. Кўрик-танловда ҳудудий комиссия аъзолари бир вақтнинг ўзида Республика комиссияси таркибида қатнашиши мумкин эмас.

15. Кўрик-танлов қуйидаги синовлар асосида ўтказилади:

иштирокчиларнинг билим даражасини аниқлашга қаратилган ижтимоий иш соҳасидаги онлайн тест синовлари;

иштирокчиларнинг IQ (интеллектуал коэффициент) ва индивидуал психологик хусусиятлари даражасини аниқлашга қаратилган синовлар;

иштирокчилар билан якка тартибдаги суҳбат.

16. Республика комиссияси томонидан мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган синовлар асосида кўрик-танловни ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланади ҳамда кўрик-танлов бошланишидан камида 15 кун олдин ҳудудий комиссияларга юборилади.

17. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичлари иштирокчиларининг синов натижалари 100 балли тизим асосида ушбу Низомнинг 16-бандига мувофиқ тасдиқланган тартиб бўйича баҳоланади.

18. Кўрик-танлов иштирокчилари ўзаро тенг ҳуқуқли бўлиб, устунлик ёки имтиёзлар белгиланишига йўл қўйилмайди.

19. Кўрик-танлов адолатлилик, холислик, ошкоралик ва коллегиаллик принциплари асосида оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари кузатуви остида ўтказилади ҳамда техник воситалар орқали қайд этиб борилади.

2-§. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларини ўтказиш тартиби

20. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида иштирокчилар мазкур Низомнинг 15-бандида белгиланган синовлардан ўтказилади ва кўп балли тизим асосида баҳоланади.

Бунда кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш босқичида ижтимоий иш соҳасидаги онлайн тест ҳамда IQ (интеллектуал коэффициент) ва индивидуал психологик хусусиятлари бўйича даражани аниқлашга қаратилган синовлардан 71 фоиздан юқори тўплаган иштирокчилар якка тартибдаги суҳбат синовига қўйилади.

21.Синовлар натижаси бўйича тўпланган баллар қўшилиб, ҳар бир иштирокчининг якуний балли Республика комиссияси томонидан белгиланган баҳолаш мезонлари асосида шакллантирилади.

22. Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорлари ўтказилган синовлар натижалари асосида тўпланган баллар йиғиндисига кўра аниқланади.

23. Икки ва ундан ортиқ иштирокчиларнинг тўплаган якуний баллари тенг бўлган ҳолларда якка тартибдаги суҳбат синовларида юқори балл тўплаган иштирокчи ғолиб деб топилади.

24. Ҳудудий комиссияларнинг иштирокчиларни ғолиб деб топиш ҳақидаги қарори баённома шаклида расмийлаштирилади.

Унда кўрик-танловда қатнашган иштирокчиларнинг, шу жумладан, республика финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган ғолиб иштирокчиларнинг рўйхати келтирилади.

Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш босқичида 1-ўринни эгаллаган иштирокчилар кўрик-танловнинг республика финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Баённома ҳудудий комиссиялар аъзоларининг барча аъзолари томонидан имзоланади ҳамда республика комиссиясига белгиланган тартибда тақдим этилади.

25. Кўрик-танловнинг республика финал босқичи тегишли номинациялар бўйича ҳудудий саралаш босқичида унда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган иштирокчилар ўртасида ўтказилади.

26. Республика комиссиясининг умумий йиғилиши қарори баённома билан расмийлаштирилади ва унда кўрик-танловнинг республика финал босқичида ғолиб бўлган, шунингдек, совринли ўринларни эгаллаган ва фаол иштирок этган ходимларнинг рўйхати кўрсатилади.

27. Кўрик-танловнинг республика финал босқичи якуний натижалари қарори билан расмийлаштирилади ва мазкур Низомнинг 3-бандида назарда тутилган номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар рўйхати илова қилинади.

3-боб. Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш

28. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида 1-ўринни эгаллаган иштирокчилар ғолиб, 2 ва 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар совриндорлар ҳисобланади.

29. Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорлари ҳар йили июль ойининг биринчи ҳафтасида қуйидаги тартибда тақдирланади:

а) ҳудудий саралаш босқичида:

1-ўрин учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

2-ўрин учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

3-ўрин учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти.

Бунда агар ижтимоий ходимлар давлат олий таълим муассасаларининг «Ижтимоий иш» мутахассислиги бўйича таълим олаётган бўлса, бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан бирга бир йиллик тўлов-контракт суммасининг 1-ўрин учун 100 фоизи, 2-ўрин учун 50 фоизи ҳамда 3-ўрин учун 25 фоизи миқдорида қоплаб берилади;

б) республика финал босқичида:

1-ўрин учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;

Агентлик томонидан белгиланган ҳар бир номинация учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида.

30. Кўрик-танловнинг республика финал босқичида фаол иштирок этиб, ўзининг билими ва касбий маҳоратини юксак даражада кўрсатган иштирокчилар қўшимча равишда бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёки қимматбаҳо совға билан рағбатлантирилиши мумкин.

4-боб. Якунловчи қоидалар

31. Кўрик-танловнинг республика финал босқичи ғолиб ва совриндорлари қуйидаги имтиёзларга эга бўладилар:

амалдаги интизомий жазоларини муддатидан олдин бекор қилиш;

юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

идоравий ва давлат мукофотларига тавсия қилиш.

32. Кўрик-танлов натижаларидан норози бўлган ходимлар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч кун давомида апелляция комиссияларига апелляция аризаси бериш ҳуқуқига эга. Апелляция аризаси 5 кун ичида кўриб чиқилади.

33. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш босқичи апелляция комиссиялари тегишли ҳудудий бошқармаларнинг раҳбарлари, республика финал босқичи апелляция комиссияси — Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси — Агентлик директори томонидан ташкил этилади.

Апелляция комиссиялари таркибига кўрик-танлов комиссиялари фаолиятида иштирок этмаган шахслар киритилади.

34. Кўрик-танлов натижаларидан норози бўлган ходимларнинг апелляция аризаларини кўриб чиқишда уларнинг ўзи ҳам иштирок этиши мумкин.

35. Апелляция комиссиялари кўрик-танлов иштирокчиларининг апелляция аризаларини кўриб чиқиб, натижаси бўйича аризани қаноатлантириш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

36. Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

«Энг фаол ижтимоий ходим» кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

«Энг фаол ижтимоий ходим» кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (Агентлик) «Энг фаол ижтимоий ходим» кўрик-танлови (кўрик-танлов)нинг ўтказилиши тўғрисида ўз расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон беради. Ҳар йили 1 апрелга қадар 2-босқич Номзодлар Кўрик-танловда қатнашиш учун Агентликнинг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади. Ҳар йили 1 апрелдан 30 апрелга қадар 3-босқич Ҳудудий комиссия (ҳудудий саралаш босқичи доирасида) 1. Кўрик-танловнинг «Энг фаол ижтимоий ходим» номинацияси бўйича ҳудудий саралаш босқичини ўтказади. 2. Ҳудудий комиссияларнинг иштирокчиларни ғолиб деб топиш ҳақидаги қарори баённома шаклида расмийлаштирилади. 3. Баённома ҳудудий комиссияларнинг барча аъзолари томонидан имзоланади ҳамда Республика комиссиясига белгиланган тартибда тақдим этилади. Ҳар йили май ойида 4-босқич Республика комиссияси (республика финал босқичи доирасида) 1. Кўрик-танловнинг ҳудудий саралаш босқичида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар ўртасида белгиланган тартибда синовлар ўтказилади. 2. Республика комиссиясининг умумий йиғилиши қарори баённома билан расмийлаштирилади ва унда кўрик-танловнинг республика финал босқичида ғолиб бўлган, шунингдек, совринли ўринларни эгаллаган ва фаол иштирок этган ходимларнинг рўйхати кўрсатилади. Ҳар йили июнь ойида 5-босқич Республика комиссияси Кўрик-танловнинг «Энг фаол ижтимоий ходим» номинацияси бўйича ғолиб ва совриндорларни тақдирлайди. Ҳар йили июль ойининг биринчи ҳафтасида

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 3 февраль,

69-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2024 й., 09/24/69/0095-сон; 25.12.2025 й., 09/25/817/1208-сон; 12.02.2026 й., 09/26/48/0134-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

“Eng faol ijtimoiy xodim” koʻrik-tanlovini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholiga ijtimoiy xizmat va yordamlar koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 28-sentabrdagi PQ-319-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholiga ijtimoiy xizmat va yordamlar koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 28-sentabrdagi PQ-319-son qaroriga muvofiq:

har yili “Eng faol ijtimoiy xodim” koʻrik-tanlovini (keyingi oʻrinlarda — koʻrik-tanlov) oʻtkazish tartibi va muddatlarini belgilash;

koʻrik-tanlovning baholash mezonlari va shartlarini ishlab chiqish;

koʻrik-tanlovni oʻtkazishda ommaviy axborot vositalari va keng jamoatchilik vakillarini jalb qilish;

koʻrik-tanlov gʻolib va sovrindorlarini ragʻbatlantirish tizimini joriy etish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Eng faol ijtimoiy xodim” koʻrik-tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

eng faol ijtimoiy xodimni adolatlilik, xolislik, oshkoralik va kollegiallik prinsiplari asosida aniqlash;

hududiy va respublika komissiyalari tomonidan koʻrik-tanlovning tegishlicha hududiy saralash va respublika final bosqichlarini oʻtkazish hamda gʻoliblarni aniqlash tartibi;

koʻrik-tanlov gʻoliblarini taqdirlash tartibi hamda ularga beriladigan imtiyozlar.

3. Belgilansinki:

a) koʻrik-tanlov hududiy saralash va respublika final bosqichlaridan iborat boʻladi;

b) koʻrik-tanlovda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tizimidagi ijtimoiy xodimlar, shuningdek, nodavlat notijorat tashkilotlardagi xizmatchilarning asosiy lavozimlari va ishchilar kasblari klassifikatori boʻyicha ijtimoiy xodimlar ishtirok etadi;

v) “Eng faol ijtimoiy xodim” koʻrik-tanlovini oʻtkazish boʻyicha hududiy komissiyalar tarkibi Agentlikning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari boshliqlari tomonidan, respublika komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Respublika komissiyasi) tarkibi esa Agentlik direktori tomonidan tasdiqlanadi;

g) koʻrik-tanlovning respublika final bosqichi gʻolib va sovrindorlari bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti bilan quyidagi miqdorda taqdirlanadi:

1-oʻrin uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 15 baravari miqdorida;

Agentlik tomonidan belgilangan har bir nominatsiya uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 10 baravari miqdorida.

d) Respublika komissiyasi koʻrik-tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq tadbirlarga vazirliklar va idoralar, boshqa davlat tashkilotlari vakillarini, ommaviy axborot vositalari hamda keng jamoatchilikni jalb etish, xodimlarning koʻrik-tanlovga boʻlgan qiziqishini oshirish va koʻtarinki ruhda oʻtkazish uchun zarur boʻlgan boshqa chora-tadbirlarni amalga oshiradi;

e) koʻrik-tanlovning adolatli va shaffof oʻtkazilishi, shuningdek, nomzodlar sifatli va xolisona tanlab olinishi, qoʻyiladigan talablarga ularning muvofiqligi uchun javobgarlik Respublika komissiyasi zimmasiga yuklanadi.

4. Agentlik:

ikki oy muddatda koʻrik-tanlovning yuqori darajada tashkil etilishi va oʻtkazilishi boʻyicha zarur chora-tadbirlarni amalga oshirsin;

koʻrik-tanlovning gʻolib va sovrindorlarini taqdirlash, shu jumladan, ularga bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofotini va davlat oliy taʼlim muassasalarida oʻqiganlik uchun yillik toʻlov-kontrakt summasining tegishli qismini toʻlash hamda koʻrik-tanlovni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanishini taʼminlasin;

koʻrik-tanlovning respublika bosqichi gʻolib va sovrindorlarining fotosuratlari hamda ular haqidagi maʼlumotlarni bir yil davomida barcha “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlarining maʼmuriy binolarida joylashtirish, xizmat vazifalarini bajarish jarayoni va erishgan yutuqlarini Internet jahon axborot tarmogʻi orqali keng targʻib etish choralarini koʻrsin.

5. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi va Oʻzbekiston Milliy axborot agentligiga ommaviy axborot vositalari orqali ushbu qaror ijrosi bilan bogʻliq tadbirlarni keng yoritish tavsiya etilsin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 3-fevraldagi 69-son qaroriga ILOVA

“Eng faol ijtimoiy xodim” koʻrik-tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tizimidagi ijtimoiy xodimlar, shuningdek, nodavlat notijorat tashkilotlardagi xizmatchilarning asosiy lavozimlari va ishchilar kasblari klassifikatori boʻyicha ijtimoiy xodimlar (keyingi oʻrinlarda — ijtimoiy xodimlar) oʻrtasida “Eng faol ijtimoiy xodim” koʻrik-tanlovini (keyingi oʻrinlarda — koʻrik-tanlov) tashkil etish va oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ijtimoiy xizmat — ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarning turmush sifatini oshirishga, unga jamiyat hayotida ishtirok etishda boshqa shaxslar bilan teng boʻlgan imkoniyatlarni yaratishga va (yoki) oʻzining asosiy hayotiy ehtiyojlarini mustaqil ravishda taʼminlash imkoniyatlarini kengaytirishga qaratilgan chora-tadbirlar majmui;

ijtimoiy xodim — ijtimoiy xizmat va yordam koʻrsatishni tashkillashtiruvchi yoki ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarga kompleks ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatuvchi shaxs.

3. Koʻrik-tanlovda “Eng faol ijtimoiy xodim” nominatsiyasi boʻyicha ijtimoiy xodimlar ishtirok etadi.

4. Quyidagilar koʻrik-tanlovni oʻtkazishning asosiy vazifalari hisoblanadi:

ijtimoiy xodimlarning ongida “Ijtimoiy himoyaga muhtoj aholiga sifatli ijtimoiy xizmat va yordam koʻrsatish — oliy burchimiz!” konseptual gʻoyasini mustahkamlash;

ijtimoiy xodimlarning aholi orasidagi nufuzini yanada oshirish, xodimlarda sadoqat bilan vijdonan xizmat qilish tuygʻularini kuchaytirish, ular oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish;

xodimlarning intellektual va professional salohiyatini oshirish hamda bu boradagi faoliyatni qoʻllab-quvvatlash, shuningdek, xodimlarda tashabbuskorlik fazilatlarini rivojlantirish;

yuksak bilimli va professional kasb mahoratiga ega boʻlgan isteʼdodli yosh kadrlarni aniqlash hamda rahbarlik lavozimlariga tayinlash maqsadida istiqbolli kadrlar zaxirasini shakllantirish.

5. “Eng faol ijtimoiy xodim” koʻrik-tanlovini oʻtkazish boʻyicha hududiy komissiyalar (keyingi oʻrinlarda — hududiy komissiyalar) tarkibi Agentlikning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — hududiy boshqarmalar) boshliqlari tomonidan, respublika komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Respublika komissiyasi) tarkibi esa Agentlik direktori tomonidan tasdiqlanadi.

6. Koʻrik-tanlov ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq oʻtkaziladi.

2-bob. Koʻrik-tanlovni tashkil etish va oʻtkazish tartibi

1-§. Koʻrik-tanlovni tashkil etish va oʻtkazishning umumiy talablari

7. Agentlik har yili 1-aprelga qadar koʻrik-tanlov oʻtkazilishi haqida oʻz rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy sahifalarida eʼlon beradi.

8. Koʻrik-tanlovda ishtirok etish uchun nomzodlar Agentlikning rasmiy veb-sayti orqali har yili 1-apreldan 30-aprelga qadar boʻlgan muddat davomida roʻyxatdan oʻtadi.

Bunda xizmatchilarning asosiy lavozimlari va ishchilar kasblari klassifikatori boʻyicha nodavlat notijorat tashkilotlaridagi ijtimoiy xodimlar koʻrik-tanlovda eksterritorial tamoyil asosida istalgan hududdan qatnashishi mumkin.

9. Roʻyxatdan oʻtish 30-aprel kuni yakunlanadi va roʻyxatdan oʻtgan nomzodlar haqidagi barcha maʼlumotlar Agentlik tomonidan hududiy boshqarmalarga koʻrik-tanlovni oʻtkazish uchun yuboriladi.

Koʻrik-tanlovda ishtirok etish uchun nomzodlarning boshqacha tarzda roʻyxatdan oʻtishiga yoki hududiy saralash bosqichida ishtirok etmasdan keyingi bosqichda ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

10. Koʻrik-tanlov har yili may-iyun oylarida quyidagi bosqichlarda oʻtkaziladi:

hududiy saralash bosqichi — may oyida Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri miqyosida;

respublika final bosqichi — iyun oyida hududiy saralash bosqichlari gʻoliblari oʻrtasida respublika miqyosida.

11. Koʻrik-tanlovning hududiy saralash bosqichini oʻtkazish uchun har yili aprel oyida hududiy boshqarmalarning tegishli sohaviy tarkibiy boʻlinmalari vakillaridan iborat tarkibda hududiy komissiyalar tashkil etiladi.

Hududiy komissiyalar rais, uning oʻrinbosari, tegishli sohada ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatuvchi tarkibiy boʻlinmalarning 1 nafardan malakali xodimlari, komissiya kotibi va 3 nafargacha nodavlat notijorat tashkilotlari vakillaridan iborat tarkibda tuziladi.

12. Koʻrik-tanlovning respublika final bosqichini oʻtkazish uchun har yili aprel oyida quyidagi tarkibda Respublika komissiyasi tashkil etiladi:

rais — Agentlikning tegishli sohaviy tarkibiy boʻlinmalariga rahbarlikni amalga oshiruvchi oʻrinbosari;

rais oʻrinbosarlari — Agentlik direktori maslahatchilari va Agentlik markaziy apparatining tegishli tarkibiy boʻlinmalari boshliqlari (4 nafar);

aʼzolar — Agentlik markaziy apparatining tegishli sohaviy tarkibiy boʻlinmalari xodimlari (7 nafar) va nodavlat notijorat tashkilotlari vakillari (3 nafargacha);

kotib — Agentlik markaziy apparatining tegishli sohaviy tarkibiy boʻlinmasi xodimi.

13. Hududiy va respublika komissiyalari oʻz faoliyatini har yili 1-apreldan 10-iyulga qadar olib boradi.

14. Koʻrik-tanlovda hududiy komissiya aʼzolari bir vaqtning oʻzida Respublika komissiyasi tarkibida qatnashishi mumkin emas.

15. Koʻrik-tanlov quyidagi sinovlar asosida oʻtkaziladi:

ishtirokchilarning bilim darajasini aniqlashga qaratilgan ijtimoiy ish sohasidagi onlayn test sinovlari;

ishtirokchilarning IQ (intellektual koeffitsiyent) va individual psixologik xususiyatlari darajasini aniqlashga qaratilgan sinovlar;

ishtirokchilar bilan yakka tartibdagi suhbat.

16. Respublika komissiyasi tomonidan mazkur Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan sinovlar asosida koʻrik-tanlovni oʻtkazish tartibi va baholash mezonlari ishlab chiqilib, tasdiqlanadi hamda koʻrik-tanlov boshlanishidan kamida 15 kun oldin hududiy komissiyalarga yuboriladi.

17. Koʻrik-tanlovning hududiy saralash va respublika final bosqichlari ishtirokchilarining sinov natijalari 100 balli tizim asosida ushbu Nizomning 16-bandiga muvofiq tasdiqlangan tartib boʻyicha baholanadi.

18. Koʻrik-tanlov ishtirokchilari oʻzaro teng huquqli boʻlib, ustunlik yoki imtiyozlar belgilanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

19. Koʻrik-tanlov adolatlilik, xolislik, oshkoralik va kollegiallik prinsiplari asosida ommaviy axborot vositalari va keng jamoatchilik vakillari kuzatuvi ostida oʻtkaziladi hamda texnik vositalar orqali qayd etib boriladi.

2-§. Koʻrik-tanlovning hududiy saralash va respublika final bosqichlarini oʻtkazish tartibi

20. Koʻrik-tanlovning hududiy saralash va respublika final bosqichlarida ishtirokchilar mazkur Nizomning 15-bandida belgilangan sinovlardan oʻtkaziladi va koʻp balli tizim asosida baholanadi.

Bunda koʻrik-tanlovning hududiy saralash bosqichida ijtimoiy ish sohasidagi onlayn test hamda IQ (intellektual koeffitsiyent) va individual psixologik xususiyatlari boʻyicha darajani aniqlashga qaratilgan sinovlardan 71 foizdan yuqori toʻplagan ishtirokchilar yakka tartibdagi suhbat sinoviga qoʻyiladi.

21.Sinovlar natijasi boʻyicha toʻplangan ballar qoʻshilib, har bir ishtirokchining yakuniy balli Respublika komissiyasi tomonidan belgilangan baholash mezonlari asosida shakllantiriladi.

22. Koʻrik-tanlovning gʻolib va sovrindorlari oʻtkazilgan sinovlar natijalari asosida toʻplangan ballar yigʻindisiga koʻra aniqlanadi.

23. Ikki va undan ortiq ishtirokchilarning toʻplagan yakuniy ballari teng boʻlgan hollarda yakka tartibdagi suhbat sinovlarida yuqori ball toʻplagan ishtirokchi gʻolib deb topiladi.

24. Hududiy komissiyalarning ishtirokchilarni gʻolib deb topish haqidagi qarori bayonnoma shaklida rasmiylashtiriladi.

Unda koʻrik-tanlovda qatnashgan ishtirokchilarning, shu jumladan, respublika final bosqichida ishtirok etish huquqini qoʻlga kiritgan gʻolib ishtirokchilarning roʻyxati keltiriladi.

Koʻrik-tanlovning hududiy saralash bosqichida 1-oʻrinni egallagan ishtirokchilar koʻrik-tanlovning respublika final bosqichida ishtirok etish huquqini qoʻlga kiritadi.

Bayonnoma hududiy komissiyalar aʼzolarining barcha aʼzolari tomonidan imzolanadi hamda respublika komissiyasiga belgilangan tartibda taqdim etiladi.

25. Koʻrik-tanlovning respublika final bosqichi tegishli nominatsiyalar boʻyicha hududiy saralash bosqichida unda ishtirok etish huquqini qoʻlga kiritgan ishtirokchilar oʻrtasida oʻtkaziladi.

26. Respublika komissiyasining umumiy yigʻilishi qarori bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi va unda koʻrik-tanlovning respublika final bosqichida gʻolib boʻlgan, shuningdek, sovrinli oʻrinlarni egallagan va faol ishtirok etgan xodimlarning roʻyxati koʻrsatiladi.

27. Koʻrik-tanlovning respublika final bosqichi yakuniy natijalari qarori bilan rasmiylashtiriladi va mazkur Nizomning 3-bandida nazarda tutilgan nominatsiyalar boʻyicha gʻolib va sovrindorlar roʻyxati ilova qilinadi.

3-bob. Koʻrik-tanlovning gʻolib va sovrindorlarini taqdirlash

28. Koʻrik-tanlovning hududiy saralash va respublika final bosqichlarida 1-oʻrinni egallagan ishtirokchilar gʻolib, 2 va 3-oʻrinni egallagan ishtirokchilar sovrindorlar hisoblanadi.

29. Koʻrik-tanlovning gʻolib va sovrindorlari har yili iyul oyining birinchi haftasida quyidagi tartibda taqdirlanadi:

a) hududiy saralash bosqichida:

1-oʻrin uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 5 baravari miqdorida bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti;

2-oʻrin uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 3 baravari miqdorida bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti;

3-oʻrin uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 2 baravari miqdorida bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti.

Bunda agar ijtimoiy xodimlar davlat oliy taʼlim muassasalarining “Ijtimoiy ish” mutaxassisligi boʻyicha taʼlim olayotgan boʻlsa, bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti bilan birga bir yillik toʻlov-kontrakt summasining 1-oʻrin uchun 100 foizi, 2-oʻrin uchun 50 foizi hamda 3-oʻrin uchun 25 foizi miqdorida qoplab beriladi;

b) respublika final bosqichida:

1-oʻrin uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 15 baravari miqdorida bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti;

Agentlik tomonidan belgilangan har bir nominatsiya uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 10 baravari miqdorida.

30. Koʻrik-tanlovning respublika final bosqichida faol ishtirok etib, oʻzining bilimi va kasbiy mahoratini yuksak darajada koʻrsatgan ishtirokchilar qoʻshimcha ravishda bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti yoki qimmatbaho sovgʻa bilan ragʻbatlantirilishi mumkin.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

31. Koʻrik-tanlovning respublika final bosqichi gʻolib va sovrindorlari quyidagi imtiyozlarga ega boʻladilar:

amaldagi intizomiy jazolarini muddatidan oldin bekor qilish;

yuqori lavozimga tayinlash uchun kadrlar zaxirasiga kiritish;

idoraviy va davlat mukofotlariga tavsiya qilish.

32. Koʻrik-tanlov natijalaridan norozi boʻlgan xodimlar natijalar eʼlon qilingan kundan boshlab uch kun davomida apellyatsiya komissiyalariga apellyatsiya arizasi berish huquqiga ega. Apellyatsiya arizasi 5 kun ichida koʻrib chiqiladi.

33. Koʻrik-tanlovning hududiy saralash bosqichi apellyatsiya komissiyalari tegishli hududiy boshqarmalarning rahbarlari, respublika final bosqichi apellyatsiya komissiyasi — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti maslahatchisi — Agentlik direktori tomonidan tashkil etiladi.

Apellyatsiya komissiyalari tarkibiga koʻrik-tanlov komissiyalari faoliyatida ishtirok etmagan shaxslar kiritiladi.

34. Koʻrik-tanlov natijalaridan norozi boʻlgan xodimlarning apellyatsiya arizalarini koʻrib chiqishda ularning oʻzi ham ishtirok etishi mumkin.

35. Apellyatsiya komissiyalari koʻrik-tanlov ishtirokchilarining apellyatsiya arizalarini koʻrib chiqib, natijasi boʻyicha arizani qanoatlantirish yoki uni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

36. Koʻrik-tanlovni tashkil etish va oʻtkazish jarayonlarida kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

“Eng faol ijtimoiy xodim” koʻrik-tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

“Eng faol ijtimoiy xodim” koʻrik-tanlovini tashkil etish va oʻtkazish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (Agentlik) “Eng faol ijtimoiy xodim” koʻrik-tanlovi (koʻrik-tanlov)ning oʻtkazilishi toʻgʻrisida oʻz rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy sahifalarida eʼlon beradi. Har yili 1-aprelga qadar 2-bosqich Nomzodlar Koʻrik-tanlovda qatnashish uchun Agentlikning rasmiy veb-sayti orqali roʻyxatdan oʻtadi. Har yili 1-apreldan 30-aprelga qadar 3-bosqich Hududiy komissiya (hududiy saralash bosqichi doirasida) 1. Koʻrik-tanlovning “Eng faol ijtimoiy xodim” nominatsiyasi boʻyicha hududiy saralash bosqichini oʻtkazadi. 2. Hududiy komissiyalarning ishtirokchilarni gʻolib deb topish haqidagi qarori bayonnoma shaklida rasmiylashtiriladi. 3. Bayonnoma hududiy komissiyalarning barcha aʼzolari tomonidan imzolanadi hamda Respublika komissiyasiga belgilangan tartibda taqdim etiladi. Har yili may oyida 4-bosqich Respublika komissiyasi (respublika final bosqichi doirasida) 1. Koʻrik-tanlovning hududiy saralash bosqichida 1, 2 va 3-oʻrinlarni egallagan ishtirokchilar oʻrtasida belgilangan tartibda sinovlar oʻtkaziladi. 2. Respublika komissiyasining umumiy yigʻilishi qarori bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi va unda koʻrik-tanlovning respublika final bosqichida gʻolib boʻlgan, shuningdek, sovrinli oʻrinlarni egallagan va faol ishtirok etgan xodimlarning roʻyxati koʻrsatiladi. Har yili iyun oyida 5-bosqich Respublika komissiyasi Koʻrik-tanlovning “Eng faol ijtimoiy xodim” nominatsiyasi boʻyicha gʻolib va sovrindorlarni taqdirlaydi. Har yili iyul oyining birinchi haftasida

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 3-fevral,

69-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.02.2024-y., 09/24/69/0095-son; 25.12.2025-y., 09/25/817/1208-son; 12.02.2026-y., 09/26/48/0134-son)

lex.uz