UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 12-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 12 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 12 февраля 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 12 February 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

СХЕМАСИ

СЎРОВНОМА

Давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 26 майдаги ПФ-79-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини малакали педагог кадрлар билан тўлдириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 майдаги ПФ-79-сон Фармони 3-бандида 2024 йил 1 январдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик касбларига биринчи марта ишга қабул қилинаётган талабгорларни касбий сертификатлаш тизими жорий этилиши, бунда:

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб педагогик касбларга биринчи марта ишга қабул қилинадиган олий маълумотли талабгорлар стажёр-ўқитувчи сифатида фаолият юритиши ва улар ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддат давомида касбий сертификатга эга бўлиши талаб этилиши;

стажёр-ўқитувчиларга улар касбий сертификат олгунига қадар олий маълумотли (тоифасиз) ўқитувчининг базавий тариф ставкаси қўлланилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти (кейинги ўринларда — Регламент) иловага мувофиқ тасдиқлансин:

педагог кадрларни касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби;

касбий сертификат олиш учун мурожаат қилиш ҳамда назорат синовларини ташкил этиш ва ўтказиш;

назорат синовлари якунлари бўйича педагог кадрларга касбий сертификат бериш.

3. Белгилансинки:

стажёр-ўқитувчи ва стажёр-тарбиячилар, шунингдек психологлар бир йилга ишга қабул қилинадилар, муддат якунлангандан сўнг, фақат касбий сертификат олган ёки навбатдан ташқари педагог кадрлар аттестациясида иштирок этиб, камида мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими сақланган даражада кўрсаткичга эга бўлган педагоглар билан белгиланган тартибда ўқитувчи ёки мос равишда психолог тарбиячи сифатида меҳнат шартномаси тузилади;

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотларида педагог касбига биринчи марта ишга қабул қилинган стажёр-ўқитувчилар, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб педагоглар аттестациясидан ўта олмаган, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас деб топилган, 2026 йилдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи лавозимига биринчи марта ишга қабул қилинган стажёр-тарбиячилар ва мактабгача таълим ташкилоти психологлари, 2027 йилдан бошлаб эса педагоглар аттестациясидан ўта олмаган, лавозимига мувофиқ эмас деб топилган, педагог кадрлар ҳам касбий сертификатлаш синовларига жалб этилади;

2028/2029 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон миллий педагогика университетининг, 2029/2030 ўқув йилидан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги педагогика олий таълим ташкилотларининг халқаро таълим дастурлари жорий этилган бакалавриат таълим йўналишларининг битирувчи курс талабаларига якуний давлат аттестацияси билан бирга ўз хоҳишига кўра касбий сертификатлаш синовларида бепул иштирок этиш имконияти яратилади.

Бунда касбий сертификатлаш синовларини муваффақиятли топширган битирувчига мутахассис ўқитувчи лавозимида ишлаш ҳуқуқини берувчи касбий сертификат берилади.

Регламентга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматидан фойдаланиш учун педагог кадрлар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали 2024 йил 1 мартдан бошлаб мурожаат қилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 мартга қадар:

Регламентга мувофиқ давлат хизматларининг ЯИДХП орқали жорий этилишини;

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилиши кузатиб борилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартиби бажарилиши юзасидан ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;

Регламент талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазоларни қўлласин.

6. Белгилансинки, касбий сертификатлаш бўйича назорат синовларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

7. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 февралдаги 87-сон қарорига ИЛОВА

Давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Регламент давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.

Ушбу Регламент қоидалари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ва қўшма типдаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари педагог кадрларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Бунда нодавлат таълим ташкилотлари педагоглари ўз хоҳишларига кўра навбатдан ташқари назорат синовида иштирок этишлари мумкин.

Педагогик касбга биринчи марта ишга қабул қилинадиган олий маълумотли талабгорлар стажёр-ўқитувчи, шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларидаги олий ва ўрта-махсус маълумотли талабгорлар стажёр-тарбиячи сифатида фаолият юритади ва улар ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддат давомида касбий сертификатга эга бўлиши талаб этилади.

Касбий сертификат олганидан сўнг педагоглар педагогик фаолиятида беш ва ундан кўп йил давомида узилишлар бўлган фаолиятини қайта бошлаган вақтдан бошлаб бир йил давомида касбий сертификатга эга бўлиши лозим.

2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

касбий сертификат — назорат синовидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсга педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган, чекланмаган муддатга бериладиган QR-код қўйилган давлат намунасидаги ҳужжат;

назорат синови — касбий сертификат олиш учун жисмоний шахснинг педагогик касби бўйича билими ва педагогик маҳоратини аниқлаш жараёни;

навбатдан ташқари назорат синови — узрли сабабларга кўра назорат синовида иштирок эта олмаган ҳамда биринчи маротаба назорат синовида иштирок этиб, ундан ўта олмаган, шунингдек, ўз хоҳишларига кўра иштирок этадиган талабгорлар учун ташкил этиладиган назорат синови;

битирувчи талаба — Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги педагогика олий таълим ташкилотларидаги халқаро таълим дастурлари жорий этилган бакалавриат таълим йўналишларининг битирувчи босқич талабалари;

стажёр-ўқитувчи — давлат умумий ўрта таълим ташкилотида педагогик касбга биринчи марта ишга қабул қилинган олий маълумотли жисмоний шахс;

стажёр-тарбиячи — давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи лавозимига биринчи марта ишга қабул қилинган жисмоний шахс;

талабгор — касбий сертификат олишга даъвогар бўлган битирувчи талаба, давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотидаги ҳамда аввал касбий сертификатлашда иштирок этиб, ўта олмаган стажёр-ўқитувчи, стажёр-тарбиячи, психолог ёки мутахассис лавозимидаги, шунингдек, педагоглар аттестациясидан ўта олмаган, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас, эгаллаб турган лавозимига мувофиқ эмас (ўрта махсус маълумотлилар) деб топилган педагог кадрлар.

3. Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ўртасида ахборот алмашинуви фақат идоралараро ўзаро электрон ҳамкорлик ёрдамида амалга оширилади.

4. Касбий сертификатлашга талабгорлар жалб этилади.

Стажёр-ўқитувчи, стажёр-тарбиячи ва психологлар ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддат ичида касбий сертификатга эга бўлиши талаб этилади.

Талабгор назорат синовларига Вазирлик томонидан тасдиқланган режа-график асосида жалб этилади.

5. Касбий сертификатлаш жараёни Вазирлик томонидан ташкил этилади, назорат қилинади ва мувофиқлаштирилади.

6. Касбий сертификатлаш жараёнига талабгор ўз муддатида жалб этилиши учун у фаолият кўрсатаётган давлат мактабгача ва давлат умумий ўрта таълим ташкилотининг раҳбари масъул ҳисобланади.

7. Талабгор асосий иш жойи бўйича касбий сертификатлашга жалб этилади.

Давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида ўриндошлик асосида дарс берадиган ва асосий иш жойи бўйича педагогик фаолият билан шуғулланмайдиган талабгор ўриндошлик асосида фаолият юритаётган таълим ташкилотидан касбий сертификатлаш жараёнларига жалб этилади.

Бунда белгиланган муддат давомида касбий сертификатни ола олмаганлиги сабабли тарбиячи ёки психолог ўқитувчи сифатида меҳнат шартномаси тузилмаган ёки педагоглар аттестациясидан ўта олмаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган мутахассис лавозимидаги педагог кадрлар охирги иш жойларини кўрсатган ҳолда рўйхатдан ўтадилар.

8. Талабгор тегишли маълумотга эгалиги ёки қайта тайёрлаш курсидан ўтганлиги ҳақидаги дипломда (кейинги ўринларда — диплом) кўрсатилган тайёрлов, таълим йўналиши, мутахассислик ёки ихтисослигига мос келадиган ўқув фанлари бўйича касбий сертификатлашдан ўтади.

битирувчи талаба таҳсил олаётган таълим йўналиши бўйича касбий сертификатлашдан ўтади;

Талабгорнинг дипломида биттадан ортиқ тайёрлов ёки таълим йўналиши, мутахассислик ёки ихтисослик кўрсатилган бўлса, улар дарс бераётган ҳар бир ўқув фани бўйича алоҳида касбий сертификат олиши лозим.

Талабгорнинг дипломида биттадан ортиқ тайёрлов ёки таълим йўналиши, мутахассислик ёхуд ихтисослик кўрсатилган бўлса ёки дипломида кўрсатилмаган ўқув фанларидан дарс бериш ҳуқуқига эга бўлса, улар дарс бераётган ҳар бир ўқув фани бўйича алоҳида касбий сертификат олиши лозим.

9. Қуйидагилар касбий сертификатлашга жалб этилмайди:

фан номзоди, фалсафа доктори Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори Doctor of Science (DSc) даражасига ҳамда Олий аттестация комиссияси томонидан берилган катта илмий ходим, доцент ва профессор илмий унвонига эга бўлган педагог кадрлар;

магистр даражасига эга мутахассислар;

тоифага эга педагог кадрлар;

педагог кадрлар аттестациясида иштирок этиб, камида мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими сақланган даражада кўрсаткичга эга бўлган педагоглар.

10. Қуйидагилар касбий сертификатлашдан маълум муддатга озод қилинади:

ҳомиладор аёллар, ҳомиладорлик ёки туғиш таътилида бўлган аёллар, улар таътилда бўлган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин бир йил давомида;

педагогик фаолият билан шуғулланаётган уч ёшгача болалари бор аёллар (фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар);

узоқ (уч ойдан ортиқ вақт мобайнида) даволанаётган педагог кадрлар, улар даволанаётган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин олти ой давомида;

уч ой ва ундан узоқ муддатга республика ҳамда чет эл давлатига ўқишга, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсига юборилган педагог кадрлар, улар ишга чиққанидан сўнг олти ой давомида.

11. Давлат давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматлари мазкур Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ кўрсатилади.

2-боб. Мурожаат қилиш тартиби

12. Талабгор назорат синовида қатнашиш учун мазкур Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани давлат хизматлари марказларига шахсан бориб ёки ЯИДХПда тўлдирган ҳолда рўйхатдан ўтади.

Назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатга олиш даврийлиги камида бир ой давом этади.

Назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатга олиш санаси Вазирликнинг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.

13. Биринчи марта касбий сертификат олиш бўйича назорат синовида иштирок этиш учун талабгордан тўлов ундирилмайди.

14. Назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиб, назорат синовида узрли сабаблар (вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги, давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганлиги, республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этганлиги, вақтинча хорижий мамлакатда сафарда бўлиб турганлиги, яқин қариндоши вафот этганлиги, ваколатли давлат органи ёки таълим ташкилотлари раҳбарларининг маълумотномасида кўрсатилган асослар)га кўра иштирок этмаган талабгор, тегишли ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда, назорат синовидан ўтмаган ҳисобланади ҳамда кейинги ташкил этиладиган назорат синовида иштирок этиш учун қайтадан рўйхатдан ўтиши талаб этилади.

15. Навбатдан ташқари назорат синовида иштирок этиш учун талабгор томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик фоизи миқдорида тўлов тўланади.

Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига белгиланган тўловлар бўйича 75 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади. Бунда чегирма Ижтимоий реестрнинг:

«давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилаларга, уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ миқдорда;

оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда қўлланилади.

Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтилганда, талабгордан белгиланган тўлов миқдорининг 90 фоизи ундирилади.

Узрли сабабларга кўра назорат синовида иштирок этмаган талабгордан навбатдан ташқари назорат синовида иштирок этиш учун такроран тўлов ундирилмайди.

Давлат хизматларини кўрсатиш учун тўлов тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

16. Тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этилганда, тўлов суммасининг:

18 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

0,5 фоизи — Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган қисми — Вазирлик ҳузуридаги Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобварағига;

б) ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтилганда, тўлов суммасининг:

11,75 фоизи (шундан 0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали давлат хизмати кўрсатилганда) — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;

10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

қолган қисми — Вазирлик ҳузуридаги Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобварағига ўтказилади.

17. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишда хизмат кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида назорат синовида иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда ёки назорат синовидан ўта олмаганда, шунингдек, нотўғри маълумотлар ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этилгани аниқланган тақдирда, тўланган тўлов суммаси қайтарилмайди.

3-боб. Назорат синовини ўтказиш тартиби

18. Касбий сертификат олиш учун назорат синови қоида тариқасида, ҳар йили март — май ойларида ўтказилади.

Вазирликнинг ички имконияти ҳамда талабгорларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, йилнинг бошқа ойларида ҳам назорат синовлари ўтказилиши мумкин.

19. Назорат синови тест шаклида ўтказилади.

Назорат синовини ўтказиш жойи ва санаси ўтказиладиган кундан камида ўн кун олдин Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ҳамда ЯИДХП орқали талабгорларнинг шахсий кабинетига юборилади.

20. Назорат синови 50 та топшириқдан иборат бўлади, ҳар бир тўғри бажарилган топшириқ 2 балл билан баҳоланиб, назорат синови учун жами 100 балл берилади.

21. Назорат синови материаллари Вазирлик ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази (кейинги ўринларда — Марказ) томонидан тестологиянинг халқаро талаблари асосида холислик ва махфийликни таъминлаган ҳолда шакллантирилади.

Назорат синови материалларини шакллантириш учун Марказ томонидан манфаатдор идоралар, уларнинг ҳудудий бўйсунувидаги ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтларининг етакчи олимлари, малакали мутахассислар, маҳаллий ва хорижий экспертлар, шунингдек, нодавлат ташкилотлар вакиллари шартнома асосида жалб этилиши мумкин.

22. Талабгор назорат синовида узрли сабабларга кўра иштирок эта олмайдиган бўлса ёки иштирок этмаса, назорат синови ўтказиладиган санадан бошлаб 5 иш куни давомида давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали Вазирликка мурожаат этиши лозим.

Бунда фақат Вазирликнинг Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобварағига келиб тушган тўлов миқдори талабгорга қайтарилади (тўлов амалдаги электрон тизим орқали амалга оширилганда, кўрсатилган хизмат учун ундирилган тўловдан ташқари). Талабгорга хизмат кўрсатилиши учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига келиб тушган пул миқдори қайтарилмайди.

Талабгор белгиланган назорат синовига кечиккан ёки узрсиз сабабга кўра келмаган ҳамда назорат синови қоидаларини бузганлик учун жараёндан четлатилган тақдирда, тўланган тўлов қайтарилмайди.

23. Назорат синови компьютерда (онлайн платформа) ўтказилади.

24. Назорат синови Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган таълим ташкилотларида ҳамда бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ошкоралик ва шаффофликни таъминлаган ҳолда ўтказилади.

25. Назорат синовини ўтказиш учун кузатувчилар жалб этилиши мумкин.

26. Назорат синовига жалб этиладиган кузатувчиларга Вазирлик ёки Марказ билан тузиладиган шартнома асосида ҳар бир кун учун белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ҳақ тўланади.

27. Назорат синовини топширишда талабгор фуқаролик паспорти ёки идентификация ID-картасининг аслини тақдим этади.

28. Талабгор қуйидаги ҳолларда назорат синовидан четлаштирилган ҳисобланади:

назорат синови ўтказилаётган аудиторияга ҳар қандай адабиёт, шпаргалка ёки телекоммуникация ва техника воситаларини олиб кирса;

назорат синови ўтказилаётган вақтда бошқа талабгорлар билан мулоқот қилса;

назорат материалларини аудиториядан олиб чиқишга ҳаракат қилса, саволларни кўчириб олса;

саволларни бошқа талабгорга берса, назорат синовини ўтказиш жараёнига халақит қилса;

назорат синови жараёнида видеокузатув орқали талабгорнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса.

29. Назорат синови натижалари назорат синови тугалланганидан сўнг шу вақтнинг ўзида маълум қилинади, шунингдек, назорат синови натижалари талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.

Назорат синови натижалари апелляция якунларига мувофиқ ўзгариши мумкин.

30. Назорат синовлари натижалари таҳлилига кўра тестология меъёрлари бузилиши ҳолати аниқланса, Вазирлик томонидан назорат синови натижалари бекор қилинади.

Назорат материаллари хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш қоидалари бузилса, хусусан, талабгорлар томонидан назорат материалларини олдиндан қўлга киритиш ҳолати аниқланса, тестология меъёрлари бузилган деб ҳисобланади.

Назорат синови натижаси бекор қилинганда талабгорнинг хоҳишига кўра Вазирлик ҳузуридаги Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобварағига келиб тушган тўлов миқдори қайтарилади ёки қайта назорат синовлари ташкил этилади.

4-боб. Назорат синови натижалари бўйича касбий сертификатни расмийлаштириш, бериш ва уларнинг реестрини юритиш

31. Назорат синови натижаси бўйича 56 ва ундан юқори балл тўплаган талабгор назорат синовидан ўтган ҳисобланади.

Назорат синови якунланганидан сўнг бир ой муддатда назорат синови натижасига кўра назорат синовларидан ўтган талабгорларнинг рўйхати тасдиқланади ҳамда рўйхатга асосан мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ электрон шаклдаги сертификат талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.

Талабгор ЯИДПХдаги бўлим орқали касбий сертификатни юклаб олади.

32. Вазирлик томонидан касбий сертификатнинг электрон реестри юритилади.

33. Назорат синови натижаси бўйича 56 баллдан кам кўрсаткичга эга талабгор назорат синовидан ўтмаган ҳисобланади.

34. Узрли сабабларга кўра назорат синовида иштирок эта олмаган ҳамда биринчи маротаба назорат синовида иштирок этиб, ундан ўта олмаган талабгор, шунингдек ўз хоҳишларига кўра иштирок этадиганлар учун навбатдан ташқари назорат синови ҳар йили янги ўқув йили бошлангунга қадар ташкил этилади.

Навбатдан ташқари назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш санаси ва назорат синовини ўтказиш муддати Вазирликнинг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.

Навбатдан ташқари назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш ва уни ўтказиш тартиби мазкур Регламентга мувофиқ тартибда белгиланади.

35. Навбатдан ташқари назорат синовида иштирок этиб, етарли балл тўплай олмаган талабгор билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилинади.

36. Иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган талабгор тугатган олий таълим ташкилотига талабгорнинг касбий сертификатлашдан ўта олмаганлиги тўғрисида рекламация юборади.

5-боб. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш

37. Касбий сертификатлаш натижаларидан норози бўлган талабгор натижа эълон қилинган кундан бошлаб беш кун мобайнида давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

38. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан 3 — 7 нафар Вазирлик ходимлари, тажрибали педагоглар ва малакали мутахассислардан иборат таркибда Апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссияси таркибига назорат синовида қатнашган ходимлар киритилмайди.

39. Апелляция шикояти икки ҳафта мобайнида кўриб чиқилади ва талабгор Апелляция комиссияси қарори тўғрисида ЯИДХП орқали хабардор қилинади.

40. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

назорат синови натижасини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қондирилишини рад этиш;

назорат синови натижасини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қондириш.

Назорат синови натижасини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қаноатлантирилишини рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

апелляция мазкур Регламент талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган бўлса;

апелляцияда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топмаса.

Назорат синови натижасини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қондириш тўғрисидаги қарор шикоятда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топган тақдирда қабул қилинади.

41. Аппеляция натижаларига кўра талабгорнинг эътирозлари ўринли деб топилган тақдирда, нотўғри тузилган топшириқ учун бериладиган балл мазкур топшириқ берилган барча талабгорлар фойдасига қўшиб ҳисобланади.

42. Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.

43. Талабгор Апелляция комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

44. Вазирлик ходимлари томонидан талабгор тўғрисидаги шахсий маълумотлар махфийлиги таъминланади.

Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан расмий мурожаат бўлган тақдирда, талабгор тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади.

Вазирлик томонидан баҳолаш мезонлари, назорат синови материаллари формати ҳамда назорат синови учун ажратиладиган вақтга миллий ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

45. Ушбу Регламентни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

46. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА

Давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш

Босқичлар Ижрочилар Тадбирлар Муддатлар . 1-босқич Талабгор Талабгор касбий сертификатлаш назорат синовида иштирок этиш учун Давлат хизматлари маркази, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг махсус электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтади. Рўйхатга олиш расмий эълон қилинган кундан бошлаб бир ой давомида . 2-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Талабгорнинг ўз фанини (мутахассислиги) билиши, педагогик маҳорати, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун назорат синовини ташкил этади. Ҳар йили март — май ойларида . 3-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Талабгор касбий сертификатлаш назорат синовидан муваффақиятли ўтганда, унга электрон шаклдаги сертификатни ( QR -код) расмийлаштиради ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборади. Буйруқ қабул қилинган кундан бошлаб бир ой мобайнида . 4-босқич Талабгор Назорат синови натижасидан норози бўлганда, Апелляция комиссиясига апелляция шикоятини беради. Натижа эълон қилинган кундан бошлаб беш кун мобайнида . 5-босқич Апелляция комиссияси 1. Апелляция шикоятини кўриб чиқади. 2. Талабгорни Апелляция комиссияси қарори тўғрисида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали хабардор қилади. Икки ҳафта мобайнида

Давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА

Давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича

Ариза берувчи тўғрисида маълумот: 1. Фамилияси 2. Исми 3. Отасининг исми 4. Паспорт (ID карта) маълумотлари (серияси, рақами) 5. Таълим ташкилоти жойлашган ҳудуд 6. Таълим ташкилоти жойлашган туман (шаҳар) 7. Таълим ташкилоти номи ёки рақами 8. Сертификат олинадиган фан номи 9. Ўқиган таълим муассасаси 10. Диплом бўйича мутахассислиги 11. Таълим тили 12. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) 13. Яшаш манзили (киритиш орқали) 14. Телефон рақами

Давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА

Davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarining kasbiy sertifikatlashdan oʻtganligi toʻgʻrisidagi sertifikatning davlat namunasi OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI DAVLAT GERBINING TASVIRI OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI MAKTABGACHA VA MAKTAB TAʼLIMI VAZIRLIGI DAVLAT MAKTABGACHA VA UMUMIY OʻRTA TAʼLIM TASHKILOTLARI PEDAGOG KADRLARINING KASBIY SERTIFIKATLASHDAN OʻTGANLIGI TOʻGʻRISIDA SERTIFIKAT Sertifikat seriyasi Sertifikat raqami Pedagog kadr toʻgʻrisida maʼlumot: Pedagog kadrning shaxsiy kodi Familiyasi Ismi Otasining ismi Tugʻilgan vaqti Ish joyi Tayyorlov yoki taʼlim yoʻnalishi, mutaxassislik yoki ixtisoslik nomi Pedagogik mahorat boʻyicha (nazorat) sinovi natijasi Oʻquv (maxsus) fani (mutaxassisligi) boʻyicha (nazorat) sinovi natijasi Jami toʻplangan ball Berilgan sana Sertifikatni imzolagan shaxs QR -kod

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 12 февраль,

87-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.02.2024 й., 09/24/87/0120-сон; 01.03.2025 й., 09/25/130/0199-сон; 19.06.2025 й., 09/25/378/0518-сон; 26.11.2025 й., 09/25/740/1090-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон; 17.04.2026 й., 09/26/175/0373-сон; 25.06.2026 й., 09/26/321/0621-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

MAʼMURIY REGLAMENTI

SXEMASI

SOʻROVNOMA

Davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini kasbiy sertifikatlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda uning tizimidagi tashkilotlar faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 26-maydagi PF-79-son Farmonida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash, shuningdek, maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarini malakali pedagog kadrlar bilan toʻldirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 26-maydagi PF-79-son Farmoni 3-bandida 2024-yil 1-yanvardan boshlab umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining pedagogik kasblariga birinchi marta ishga qabul qilinayotgan talabgorlarni kasbiy sertifikatlash tizimi joriy etilishi, bunda:

2023/2024 oʻquv yilidan boshlab pedagogik kasblarga birinchi marta ishga qabul qilinadigan oliy maʼlumotli talabgorlar stajyor-oʻqituvchi sifatida faoliyat yuritishi va ular ishga qabul qilingan vaqtdan boshlab bir yil muddat davomida kasbiy sertifikatga ega boʻlishi talab etilishi;

stajyor-oʻqituvchilarga ular kasbiy sertifikat olguniga qadar oliy maʼlumotli (toifasiz) oʻqituvchining bazaviy tarif stavkasi qoʻllanilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini kasbiy sertifikatlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti (keyingi oʻrinlarda — Reglament) ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

pedagog kadrlarni kasbiy sertifikatlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibi;

kasbiy sertifikat olish uchun murojaat qilish hamda nazorat sinovlarini tashkil etish va oʻtkazish;

nazorat sinovlari yakunlari boʻyicha pedagog kadrlarga kasbiy sertifikat berish.

3. Belgilansinki:

stajyor-oʻqituvchi va stajyor-tarbiyachilar, shuningdek psixologlar bir yilga ishga qabul qilinadilar, muddat yakunlangandan soʻng, faqat kasbiy sertifikat olgan yoki navbatdan tashqari pedagog kadrlar attestatsiyasida ishtirok etib, kamida mutaxassis (oliy maʼlumotli oʻqituvchi) lavozimi saqlangan darajada koʻrsatkichga ega boʻlgan pedagoglar bilan belgilangan tartibda oʻqituvchi yoki mos ravishda psixolog tarbiyachi sifatida mehnat shartnomasi tuziladi;

2023/2024 oʻquv yilidan boshlab umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida pedagog kasbiga birinchi marta ishga qabul qilingan stajyor-oʻqituvchilar, 2024/2025 oʻquv yilidan boshlab pedagoglar attestatsiyasidan oʻta olmagan, mutaxassis (oliy maʼlumotli oʻqituvchi) lavozimiga muvofiq emas deb topilgan, 2026-yildan boshlab maktabgacha taʼlim tashkilotida tarbiyachi lavozimiga birinchi marta ishga qabul qilingan stajyor-tarbiyachilar va maktabgacha taʼlim tashkiloti psixologlari, 2027-yildan boshlab esa pedagoglar attestatsiyasidan oʻta olmagan, lavozimiga muvofiq emas deb topilgan, pedagog kadrlar ham kasbiy sertifikatlash sinovlariga jalb etiladi;

2028/2029 oʻquv yilidan boshlab Oʻzbekiston milliy pedagogika universitetining, 2029/2030 oʻquv yilidan boshlab Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tizimidagi pedagogika oliy taʼlim tashkilotlarining xalqaro taʼlim dasturlari joriy etilgan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlarining bitiruvchi kurs talabalariga yakuniy davlat attestatsiyasi bilan birga oʻz xohishiga koʻra kasbiy sertifikatlash sinovlarida bepul ishtirok etish imkoniyati yaratiladi.

Bunda kasbiy sertifikatlash sinovlarini muvaffaqiyatli topshirgan bitiruvchiga mutaxassis oʻqituvchi lavozimida ishlash huquqini beruvchi kasbiy sertifikat beriladi.

Reglamentga muvofiq koʻrsatiladigan davlat xizmatidan foydalanish uchun pedagog kadrlar faqat davlat xizmatlari markazlari yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali 2024-yil 1-martdan boshlab murojaat qiladi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda 2024-yil 1-martga qadar:

Reglamentga muvofiq davlat xizmatlarining YIDXP orqali joriy etilishini;

YIDXPda davlat xizmatlari koʻrsatilishining har bir bosqichida murojaatlarning koʻrib chiqilishi kuzatib borilishini taʼminlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:

davlat organlari va boshqa tashkilotlar tomonidan davlat xizmatlari koʻrsatilishining belgilangan tartibi bajarilishi yuzasidan YIDXP orqali doimiy nazorat oʻrnatsin;

Reglament talablarini buzganlik uchun davlat organlari va boshqa tashkilotlarning mansabdor shaxslariga nisbatan belgilangan tartibda maʼmuriy jazolarni qoʻllasin.

6. Belgilansinki, kasbiy sertifikatlash boʻyicha nazorat sinovlarini tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Taʼlim sohasidagi islohotlarga koʻmaklashish jamgʻarmasi hisobidan qoplanadi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri X.U. Umarova zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 2-fevraldagi 87-son qaroriga ILOVA

Davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini kasbiy sertifikatlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Reglament davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini kasbiy sertifikatlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibini belgilaydi.

Ushbu Reglament qoidalari Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi va Badiiy akademiya tizimidagi ixtisoslashtirilgan sanʼat va madaniyat maktablari, maktab-internatlar, Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi Prezident, ijod va ixtisoslashtirilgan maktablar, koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkilotlari va qoʻshma tipdagi maktabgacha taʼlim tashkilotlari hamda nodavlat taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

Bunda nodavlat taʼlim tashkilotlari pedagoglari oʻz xohishlariga koʻra navbatdan tashqari nazorat sinovida ishtirok etishlari mumkin.

Pedagogik kasbga birinchi marta ishga qabul qilinadigan oliy maʼlumotli talabgorlar stajyor-oʻqituvchi, shuningdek, maktabgacha taʼlim tashkilotlaridagi oliy va oʻrta-maxsus maʼlumotli talabgorlar stajyor-tarbiyachi sifatida faoliyat yuritadi va ular ishga qabul qilingan vaqtdan boshlab bir yil muddat davomida kasbiy sertifikatga ega boʻlishi talab etiladi.

Kasbiy sertifikat olganidan soʻng pedagoglar pedagogik faoliyatida besh va undan koʻp yil davomida uzilishlar boʻlgan faoliyatini qayta boshlagan vaqtdan boshlab bir yil davomida kasbiy sertifikatga ega boʻlishi lozim.

2. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

kasbiy sertifikat — nazorat sinovidan muvaffaqiyatli oʻtgan jismoniy shaxsga pedagogik faoliyat bilan shugʻullanish huquqini beradigan, cheklanmagan muddatga beriladigan QR-kod qoʻyilgan davlat namunasidagi hujjat;

nazorat sinovi — kasbiy sertifikat olish uchun jismoniy shaxsning pedagogik kasbi boʻyicha bilimi va pedagogik mahoratini aniqlash jarayoni;

navbatdan tashqari nazorat sinovi — uzrli sabablarga koʻra nazorat sinovida ishtirok eta olmagan hamda birinchi marotaba nazorat sinovida ishtirok etib, undan oʻta olmagan, shuningdek, oʻz xohishlariga koʻra ishtirok etadigan talabgorlar uchun tashkil etiladigan nazorat sinovi;

bitiruvchi talaba — Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tizimidagi pedagogika oliy taʼlim tashkilotlaridagi xalqaro taʼlim dasturlari joriy etilgan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlarining bitiruvchi bosqich talabalari;

stajyor-oʻqituvchi — davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotida pedagogik kasbga birinchi marta ishga qabul qilingan oliy maʼlumotli jismoniy shaxs;

stajyor-tarbiyachi — davlat maktabgacha taʼlim tashkilotida tarbiyachi lavozimiga birinchi marta ishga qabul qilingan jismoniy shaxs;

talabgor — kasbiy sertifikat olishga daʼvogar boʻlgan bitiruvchi talaba, davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotidagi hamda avval kasbiy sertifikatlashda ishtirok etib, oʻta olmagan stajyor-oʻqituvchi, stajyor-tarbiyachi, psixolog yoki mutaxassis lavozimidagi, shuningdek, pedagoglar attestatsiyasidan oʻta olmagan, mutaxassis (oliy maʼlumotli oʻqituvchi) lavozimiga muvofiq emas, egallab turgan lavozimiga muvofiq emas (oʻrta maxsus maʼlumotlilar) deb topilgan pedagog kadrlar.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) hamda Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) oʻrtasida axborot almashinuvi faqat idoralararo oʻzaro elektron hamkorlik yordamida amalga oshiriladi.

4. Kasbiy sertifikatlashga talabgorlar jalb etiladi.

Stajyor-oʻqituvchi, stajyor-tarbiyachi va psixologlar ishga qabul qilingan vaqtdan boshlab bir yil muddat ichida kasbiy sertifikatga ega boʻlishi talab etiladi.

Talabgor nazorat sinovlariga Vazirlik tomonidan tasdiqlangan reja-grafik asosida jalb etiladi.

5. Kasbiy sertifikatlash jarayoni Vazirlik tomonidan tashkil etiladi, nazorat qilinadi va muvofiqlashtiriladi.

6. Kasbiy sertifikatlash jarayoniga talabgor oʻz muddatida jalb etilishi uchun u faoliyat koʻrsatayotgan davlat maktabgacha va davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining rahbari masʼul hisoblanadi.

7. Talabgor asosiy ish joyi boʻyicha kasbiy sertifikatlashga jalb etiladi.

Davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida oʻrindoshlik asosida dars beradigan va asosiy ish joyi boʻyicha pedagogik faoliyat bilan shugʻullanmaydigan talabgor oʻrindoshlik asosida faoliyat yuritayotgan taʼlim tashkilotidan kasbiy sertifikatlash jarayonlariga jalb etiladi.

Bunda belgilangan muddat davomida kasbiy sertifikatni ola olmaganligi sababli tarbiyachi yoki psixolog oʻqituvchi sifatida mehnat shartnomasi tuzilmagan yoki pedagoglar attestatsiyasidan oʻta olmaganligi sababli mehnat shartnomasi bekor qilingan mutaxassis lavozimidagi pedagog kadrlar oxirgi ish joylarini koʻrsatgan holda roʻyxatdan oʻtadilar.

8. Talabgor tegishli maʼlumotga egaligi yoki qayta tayyorlash kursidan oʻtganligi haqidagi diplomda (keyingi oʻrinlarda — diplom) koʻrsatilgan tayyorlov, taʼlim yoʻnalishi, mutaxassislik yoki ixtisosligiga mos keladigan oʻquv fanlari boʻyicha kasbiy sertifikatlashdan oʻtadi.

bitiruvchi talaba tahsil olayotgan taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kasbiy sertifikatlashdan oʻtadi;

Talabgorning diplomida bittadan ortiq tayyorlov yoki taʼlim yoʻnalishi, mutaxassislik yoki ixtisoslik koʻrsatilgan boʻlsa, ular dars berayotgan har bir oʻquv fani boʻyicha alohida kasbiy sertifikat olishi lozim.

Talabgorning diplomida bittadan ortiq tayyorlov yoki taʼlim yoʻnalishi, mutaxassislik yoxud ixtisoslik koʻrsatilgan boʻlsa yoki diplomida koʻrsatilmagan oʻquv fanlaridan dars berish huquqiga ega boʻlsa, ular dars berayotgan har bir oʻquv fani boʻyicha alohida kasbiy sertifikat olishi lozim.

9. Quyidagilar kasbiy sertifikatlashga jalb etilmaydi:

fan nomzodi, falsafa doktori Doctor of Philosophy (PhD) yoki fan doktori Doctor of Science (DSc) darajasiga hamda Oliy attestatsiya komissiyasi tomonidan berilgan katta ilmiy xodim, dotsent va professor ilmiy unvoniga ega boʻlgan pedagog kadrlar;

magistr darajasiga ega mutaxassislar;

toifaga ega pedagog kadrlar;

pedagog kadrlar attestatsiyasida ishtirok etib, kamida mutaxassis (oliy maʼlumotli oʻqituvchi) lavozimi saqlangan darajada koʻrsatkichga ega boʻlgan pedagoglar.

10. Quyidagilar kasbiy sertifikatlashdan maʼlum muddatga ozod qilinadi:

homilador ayollar, homiladorlik yoki tugʻish taʼtilida boʻlgan ayollar, ular taʼtilda boʻlgan davrda hamda ishga chiqqanidan keyin bir yil davomida;

pedagogik faoliyat bilan shugʻullanayotgan uch yoshgacha bolalari bor ayollar (farzandi uch yoshga toʻlgunga qadar);

uzoq (uch oydan ortiq vaqt mobaynida) davolanayotgan pedagog kadrlar, ular davolanayotgan davrda hamda ishga chiqqanidan keyin olti oy davomida;

uch oy va undan uzoq muddatga respublika hamda chet el davlatiga oʻqishga, qayta tayyorlash va malaka oshirish kursiga yuborilgan pedagog kadrlar, ular ishga chiqqanidan soʻng olti oy davomida.

11. Davlat davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini kasbiy sertifikatlash boʻyicha davlat xizmatlari mazkur Reglamentga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq koʻrsatiladi.

2-bob. Murojaat qilish tartibi

12. Talabgor nazorat sinovida qatnashish uchun mazkur Reglamentga 2-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani davlat xizmatlari markazlariga shaxsan borib yoki YIDXPda toʻldirgan holda roʻyxatdan oʻtadi.

Nazorat sinovida ishtirok etish uchun roʻyxatga olish davriyligi kamida bir oy davom etadi.

Nazorat sinovida ishtirok etish uchun roʻyxatga olish sanasi Vazirlikning rasmiy veb-sayti orqali eʼlon qilinadi.

13. Birinchi marta kasbiy sertifikat olish boʻyicha nazorat sinovida ishtirok etish uchun talabgordan toʻlov undirilmaydi.

14. Nazorat sinovida ishtirok etish uchun roʻyxatdan oʻtib, nazorat sinovida uzrli sabablar (vaqtincha mehnatga qobiliyatsizligi, davlat yoki jamoat vazifalarini bajarayotganligi, respublika va xalqaro musobaqalarda ishtirok etganligi, vaqtincha xorijiy mamlakatda safarda boʻlib turganligi, yaqin qarindoshi vafot etganligi, vakolatli davlat organi yoki taʼlim tashkilotlari rahbarlarining maʼlumotnomasida koʻrsatilgan asoslar)ga koʻra ishtirok etmagan talabgor, tegishli hujjatlar taqdim etilgan holda, nazorat sinovidan oʻtmagan hisoblanadi hamda keyingi tashkil etiladigan nazorat sinovida ishtirok etish uchun qaytadan roʻyxatdan oʻtishi talab etiladi.

15. Navbatdan tashqari nazorat sinovida ishtirok etish uchun talabgor tomonidan bazaviy hisoblash miqdorining ellik foizi miqdorida toʻlov toʻlanadi.

Ijtimoiy reyestrning “kambagʻal oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolariga, shuningdek, I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarga toʻlovlar boʻyicha 50 foiz miqdorida, Ijtimoiy reyestrning “davlat taʼminotidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolariga belgilangan toʻlovlar boʻyicha 75 foiz miqdorida chegirma qoʻllaniladi. Bunda chegirma Ijtimoiy reyestrning:

“davlat taʼminotidagi oila” yoki “kambagʻal oila” toifasidan “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga oʻtkazilgan oilalarga, ularning ilgari belgilangan toifasiga muvofiq miqdorda;

ogʻir hayotiy vaziyatga tushgan oila sifatida “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarga “kambagʻal oila” toifasidagi oila uchun belgilangan miqdorda qoʻllaniladi.

Davlat xizmati koʻrsatilishi uchun YIDXP orqali roʻyxatdan oʻtilganda, talabgordan belgilangan toʻlov miqdorining 90 foizi undiriladi.

Uzrli sabablarga koʻra nazorat sinovida ishtirok etmagan talabgordan navbatdan tashqari nazorat sinovida ishtirok etish uchun takroran toʻlov undirilmaydi.

Davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun toʻlov toʻlanganligi axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali tasdiqlanadi.

16. Toʻlov summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:

a) davlat xizmatlari markazlari orqali murojaat etilganda, toʻlov summasining:

18 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasiga;

0,5 foizi — Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish jamgʻarmasining elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga;

qolgan qismi — Vazirlik huzuridagi Taʼlim sohasidagi islohotlarga koʻmaklashish jamgʻarmasi hisobvaragʻiga;

b) YIDXP orqali roʻyxatdan oʻtilganda, toʻlov summasining:

11,75 foizi (shundan 0,5 foizi — Yagona billing tizimi orqali davlat xizmati koʻrsatilganda) — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga;

10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasiga;

qolgan qismi — Vazirlik huzuridagi Taʼlim sohasidagi islohotlarga koʻmaklashish jamgʻarmasi hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

17. Talabgor davlat xizmatlaridan foydalanishda xizmat koʻrsatishning har qanday bosqichida nazorat sinovida ishtirok etishdan bosh tortish huquqiga ega. Talabgor davlat xizmatlaridan foydalanishdan bosh tortganda yoki nazorat sinovidan oʻta olmaganda, shuningdek, notoʻgʻri maʼlumotlar yoki qalbaki hujjatlar taqdim etilgani aniqlangan taqdirda, toʻlangan toʻlov summasi qaytarilmaydi.

3-bob. Nazorat sinovini oʻtkazish tartibi

18. Kasbiy sertifikat olish uchun nazorat sinovi qoida tariqasida, har yili mart — may oylarida oʻtkaziladi.

Vazirlikning ichki imkoniyati hamda talabgorlarning murojaatlaridan kelib chiqib, yilning boshqa oylarida ham nazorat sinovlari oʻtkazilishi mumkin.

19. Nazorat sinovi test shaklida oʻtkaziladi.

Nazorat sinovini oʻtkazish joyi va sanasi oʻtkaziladigan kundan kamida oʻn kun oldin Vazirlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi hamda YIDXP orqali talabgorlarning shaxsiy kabinetiga yuboriladi.

20. Nazorat sinovi 50 ta topshiriqdan iborat boʻladi, har bir toʻgʻri bajarilgan topshiriq 2 ball bilan baholanib, nazorat sinovi uchun jami 100 ball beriladi.

21. Nazorat sinovi materiallari Vazirlik huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi huzuridagi Pedagogik mahorat va xalqaro baholash ilmiy-amaliy markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tomonidan testologiyaning xalqaro talablari asosida xolislik va maxfiylikni taʼminlagan holda shakllantiriladi.

Nazorat sinovi materiallarini shakllantirish uchun Markaz tomonidan manfaatdor idoralar, ularning hududiy boʻysunuvidagi tashkilotlar, ilmiy-tadqiqot institutlarining yetakchi olimlari, malakali mutaxassislar, mahalliy va xorijiy ekspertlar, shuningdek, nodavlat tashkilotlar vakillari shartnoma asosida jalb etilishi mumkin.

22. Talabgor nazorat sinovida uzrli sabablarga koʻra ishtirok eta olmaydigan boʻlsa yoki ishtirok etmasa, nazorat sinovi oʻtkaziladigan sanadan boshlab 5 ish kuni davomida davlat xizmatlari markazlari yoki YIDXP orqali Vazirlikka murojaat etishi lozim.

Bunda faqat Vazirlikning Taʼlim sohasidagi islohotlarga koʻmaklashish jamgʻarmasi hisobvaragʻiga kelib tushgan toʻlov miqdori talabgorga qaytariladi (toʻlov amaldagi elektron tizim orqali amalga oshirilganda, koʻrsatilgan xizmat uchun undirilgan toʻlovdan tashqari). Talabgorga xizmat koʻrsatilishi uchun Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish jamgʻarmasining elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasiga kelib tushgan pul miqdori qaytarilmaydi.

Talabgor belgilangan nazorat sinoviga kechikkan yoki uzrsiz sababga koʻra kelmagan hamda nazorat sinovi qoidalarini buzganlik uchun jarayondan chetlatilgan taqdirda, toʻlangan toʻlov qaytarilmaydi.

23. Nazorat sinovi kompyuterda (onlayn platforma) oʻtkaziladi.

24. Nazorat sinovi Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar markazlari va Toshkent shahrida joylashgan taʼlim tashkilotlarida hamda boshqa tashkilotlarning katta sigʻimdagi binolarida oshkoralik va shaffoflikni taʼminlagan holda oʻtkaziladi.

25. Nazorat sinovini oʻtkazish uchun kuzatuvchilar jalb etilishi mumkin.

26. Nazorat sinoviga jalb etiladigan kuzatuvchilarga Vazirlik yoki Markaz bilan tuziladigan shartnoma asosida har bir kun uchun belgilangan bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida haq toʻlanadi.

27. Nazorat sinovini topshirishda talabgor fuqarolik pasporti yoki identifikatsiya ID-kartasining aslini taqdim etadi.

28. Talabgor quyidagi hollarda nazorat sinovidan chetlashtirilgan hisoblanadi:

nazorat sinovi oʻtkazilayotgan auditoriyaga har qanday adabiyot, shpargalka yoki telekommunikatsiya va texnika vositalarini olib kirsa;

nazorat sinovi oʻtkazilayotgan vaqtda boshqa talabgorlar bilan muloqot qilsa;

nazorat materiallarini auditoriyadan olib chiqishga harakat qilsa, savollarni koʻchirib olsa;

savollarni boshqa talabgorga bersa, nazorat sinovini oʻtkazish jarayoniga xalaqit qilsa;

nazorat sinovi jarayonida videokuzatuv orqali talabgorning tartib va qoidalarga amal qilmaganligi aniqlansa.

29. Nazorat sinovi natijalari nazorat sinovi tugallanganidan soʻng shu vaqtning oʻzida maʼlum qilinadi, shuningdek, nazorat sinovi natijalari talabgorning shaxsiy kabinetiga yuboriladi.

Nazorat sinovi natijalari apellyatsiya yakunlariga muvofiq oʻzgarishi mumkin.

30. Nazorat sinovlari natijalari tahliliga koʻra testologiya meʼyorlari buzilishi holati aniqlansa, Vazirlik tomonidan nazorat sinovi natijalari bekor qilinadi.

Nazorat materiallari xavfsizligi va maxfiyligini taʼminlash qoidalari buzilsa, xususan, talabgorlar tomonidan nazorat materiallarini oldindan qoʻlga kiritish holati aniqlansa, testologiya meʼyorlari buzilgan deb hisoblanadi.

Nazorat sinovi natijasi bekor qilinganda talabgorning xohishiga koʻra Vazirlik huzuridagi Taʼlim sohasidagi islohotlarga koʻmaklashish jamgʻarmasi hisobvaragʻiga kelib tushgan toʻlov miqdori qaytariladi yoki qayta nazorat sinovlari tashkil etiladi.

4-bob. Nazorat sinovi natijalari boʻyicha kasbiy sertifikatni rasmiylashtirish, berish va ularning reyestrini yuritish

31. Nazorat sinovi natijasi boʻyicha 56 va undan yuqori ball toʻplagan talabgor nazorat sinovidan oʻtgan hisoblanadi.

Nazorat sinovi yakunlanganidan soʻng bir oy muddatda nazorat sinovi natijasiga koʻra nazorat sinovlaridan oʻtgan talabgorlarning roʻyxati tasdiqlanadi hamda roʻyxatga asosan mazkur Reglamentga 3-ilovaga muvofiq elektron shakldagi sertifikat talabgorning shaxsiy kabinetiga yuboriladi.

Talabgor YAIDPXdagi boʻlim orqali kasbiy sertifikatni yuklab oladi.

32. Vazirlik tomonidan kasbiy sertifikatning elektron reyestri yuritiladi.

33. Nazorat sinovi natijasi boʻyicha 56 balldan kam koʻrsatkichga ega talabgor nazorat sinovidan oʻtmagan hisoblanadi.

34. Uzrli sabablarga koʻra nazorat sinovida ishtirok eta olmagan hamda birinchi marotaba nazorat sinovida ishtirok etib, undan oʻta olmagan talabgor, shuningdek oʻz xohishlariga koʻra ishtirok etadiganlar uchun navbatdan tashqari nazorat sinovi har yili yangi oʻquv yili boshlangunga qadar tashkil etiladi.

Navbatdan tashqari nazorat sinovida ishtirok etish uchun roʻyxatdan oʻtish sanasi va nazorat sinovini oʻtkazish muddati Vazirlikning rasmiy veb-sayti orqali eʼlon qilinadi.

Navbatdan tashqari nazorat sinovida ishtirok etish uchun roʻyxatdan oʻtish va uni oʻtkazish tartibi mazkur Reglamentga muvofiq tartibda belgilanadi.

35. Navbatdan tashqari nazorat sinovida ishtirok etib, yetarli ball toʻplay olmagan talabgor bilan tuzilgan mehnat shartnomasi mehnat qonunchiligida belgilangan tartibda bekor qilinadi.

36. Ish beruvchi mehnat shartnomasi bekor qilingan talabgor tugatgan oliy taʼlim tashkilotiga talabgorning kasbiy sertifikatlashdan oʻta olmaganligi toʻgʻrisida reklamatsiya yuboradi.

5-bob. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish

37. Kasbiy sertifikatlash natijalaridan norozi boʻlgan talabgor natija eʼlon qilingan kundan boshlab besh kun mobaynida davlat xizmatlari markazlari yoki YIDXP orqali apellyatsiya shikoyati berish huquqiga ega.

38. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish uchun Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vazirining buyrugʻi bilan 3 — 7 nafar Vazirlik xodimlari, tajribali pedagoglar va malakali mutaxassislardan iborat tarkibda Apellyatsiya komissiyasi tuziladi.

Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga nazorat sinovida qatnashgan xodimlar kiritilmaydi.

39. Apellyatsiya shikoyati ikki hafta mobaynida koʻrib chiqiladi va talabgor Apellyatsiya komissiyasi qarori toʻgʻrisida YIDXP orqali xabardor qilinadi.

40. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish natijalari boʻyicha quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:

nazorat sinovi natijasini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiya shikoyati qondirilishini rad etish;

nazorat sinovi natijasini oʻzgartirish va apellyatsiya shikoyatini qondirish.

Nazorat sinovi natijasini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiya shikoyati qanoatlantirilishini rad etish toʻgʻrisidagi qaror quyidagi hollarda qabul qilinadi:

apellyatsiya mazkur Reglament talablari buzilgan holda taqdim etilgan boʻlsa;

apellyatsiyada koʻrsatilgan dalillar oʻz tasdigʻini topmasa.

Nazorat sinovi natijasini oʻzgartirish va apellyatsiya shikoyatini qondirish toʻgʻrisidagi qaror shikoyatda koʻrsatilgan dalillar oʻz tasdigʻini topgan taqdirda qabul qilinadi.

41. Appelyatsiya natijalariga koʻra talabgorning eʼtirozlari oʻrinli deb topilgan taqdirda, notoʻgʻri tuzilgan topshiriq uchun beriladigan ball mazkur topshiriq berilgan barcha talabgorlar foydasiga qoʻshib hisoblanadi.

42. Takroriy apellyatsiyaga yoʻl qoʻyilmaydi.

43. Talabgor Apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

44. Vazirlik xodimlari tomonidan talabgor toʻgʻrisidagi shaxsiy maʼlumotlar maxfiyligi taʼminlanadi.

Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vakolatli davlat organlari tomonidan rasmiy murojaat boʻlgan taqdirda, talabgor toʻgʻrisidagi maʼlumotlar taqdim etiladi.

Vazirlik tomonidan baholash mezonlari, nazorat sinovi materiallari formati hamda nazorat sinovi uchun ajratiladigan vaqtga milliy va xorijiy tajribadan kelib chiqib, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishi mumkin.

45. Ushbu Reglamentni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

46. Mazkur Reglament talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini kasbiy sertifikatlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA

Davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini kasbiy sertifikatlash

Bosqichlar Ijrochilar Tadbirlar Muddatlar . 1-bosqich Talabgor Talabgor kasbiy sertifikatlash nazorat sinovida ishtirok etish uchun Davlat xizmatlari markazi, Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining maxsus elektron platformasi orqali roʻyxatdan oʻtadi. Roʻyxatga olish rasmiy eʼlon qilingan kundan boshlab bir oy davomida . 2-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Talabgorning oʻz fanini (mutaxassisligi) bilishi, pedagogik mahorati, koʻnikma va malakalarini baholash uchun nazorat sinovini tashkil etadi. Har yili mart — may oylarida . 3-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Talabgor kasbiy sertifikatlash nazorat sinovidan muvaffaqiyatli oʻtganda, unga elektron shakldagi sertifikatni ( QR -kod) rasmiylashtiradi va Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali yuboradi. Buyruq qabul qilingan kundan boshlab bir oy mobaynida . 4-bosqich Talabgor Nazorat sinovi natijasidan norozi boʻlganda, Apellyatsiya komissiyasiga apellyatsiya shikoyatini beradi. Natija eʼlon qilingan kundan boshlab besh kun mobaynida . 5-bosqich Apellyatsiya komissiyasi 1. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqadi. 2. Talabgorni Apellyatsiya komissiyasi qarori toʻgʻrisida Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali xabardor qiladi. Ikki hafta mobaynida

Davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini kasbiy sertifikatlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA

Davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini kasbiy sertifikatlash boʻyicha

Ariza beruvchi toʻgʻrisida maʼlumot: 1. Familiyasi 2. Ismi 3. Otasining ismi 4. Pasport (ID karta) maʼlumotlari (seriyasi, raqami) 5. Taʼlim tashkiloti joylashgan hudud 6. Taʼlim tashkiloti joylashgan tuman (shahar) 7. Taʼlim tashkiloti nomi yoki raqami 8. Sertifikat olinadigan fan nomi 9. Oʻqigan taʼlim muassasasi 10. Diplom boʻyicha mutaxassisligi 11. Taʼlim tili 12. Jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) 13. Yashash manzili (kiritish orqali) 14. Telefon raqami

Davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini kasbiy sertifikatlash boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA

Davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarining kasbiy sertifikatlashdan oʻtganligi toʻgʻrisidagi sertifikatning davlat namunasi OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI DAVLAT GERBINING TASVIRI OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI MAKTABGACHA VA MAKTAB TAʼLIMI VAZIRLIGI DAVLAT MAKTABGACHA VA UMUMIY OʻRTA TAʼLIM TASHKILOTLARI PEDAGOG KADRLARINING KASBIY SERTIFIKATLASHDAN OʻTGANLIGI TOʻGʻRISIDA SERTIFIKAT Sertifikat seriyasi Sertifikat raqami Pedagog kadr toʻgʻrisida maʼlumot: Pedagog kadrning shaxsiy kodi Familiyasi Ismi Otasining ismi Tugʻilgan vaqti Ish joyi Tayyorlov yoki taʼlim yoʻnalishi, mutaxassislik yoki ixtisoslik nomi Pedagogik mahorat boʻyicha (nazorat) sinovi natijasi Oʻquv (maxsus) fani (mutaxassisligi) boʻyicha (nazorat) sinovi natijasi Jami toʻplangan ball Berilgan sana Sertifikatni imzolagan shaxs QR -kod

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 12-fevral,

87-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 13.02.2024-y., 09/24/87/0120-son; 01.03.2025-y., 09/25/130/0199-son; 19.06.2025-y., 09/25/378/0518-son; 26.11.2025-y., 09/25/740/1090-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son; 17.04.2026-y., 09/26/175/0373-son; 25.06.2026-y., 09/26/321/0621-son)

lex.uz