UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 17-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 17 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 17 февраля 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 17 February 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

СЎРОВНОМА

Халқаро IT-сертификатларга эга бўлган ёш мутахассисларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамлаштириш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 1 февралдаги ПҚ-51-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, рақамли технологиялар соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг хорижий тилларни билиш кўникмаларини ошириш ва рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамлаштириш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 1 февралдаги ПҚ-51-сон қарорининг 1-бандида халқаро IT-сертификатларга эга бўлган ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш тартиби ва инглиз тилида B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IT-сертификатлар олиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ёшларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин ҳамда 2024 йил 1 мартдан бошлаб амалга киритилсин:

халқаро IT-сертификатларга эга бўлган ёшларнинг ўқиши ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш тартиби;

инглиз тили бўйича B2 ва ундан юқори даражага эга бўлган ёшларнинг профессионал даражадаги халқаро IT-сертификатларни олиш ҳамда ўқиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби.

3. Халқаро IT-сертификатларга эга бўлган ёшларнинг ўқиш ҳамда халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш учун масъул ваколатли орган этиб — Рақамли технологиялар вазирлиги, ишчи орган этиб — Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» давлат муассасаси белгилансин.

4. Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

ёшларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш мақсадида Рақамли таълимни ривожлантириш марказининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағини (кейинги ўринларда — шахсий ҳисобварақ) очиш;

«Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари» портали ва ишчи органнинг махсус ахборот тизимини такомиллаштириш ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш.

5. Белгилансинки:

а) ваколатли орган томонидан:

республикада талаб юқори бўлган халқаро IT-сертификатлар ва ушбу сертификатларни тақдим этувчи компаниялар рўйхати Global Knowledge компанияси ва бошқа халқаро нуфузга эга ташкилотлар томонидан ҳар йили шакллантириладиган халқаро IT-сертификатлар рўйхатидан келиб чиқиб, эҳтиёжлар ўрганган ҳолда тасдиқланади;

шахсий ҳисобварақ тушумлари ва харажатларининг йиллик параметрлари, уларнинг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботлар ҳамда йиллик иш режалари тасдиқланади;

б) ишчи орган томонидан:

ёшларнинг халқаро IT-курсларда ўқиши, халқаро IT-сертификатларга бўлган эҳтиёжини ўрганиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш юзасидан мурожаат қилган ёшларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш ва хулоса тайёрлаш;

шахсий ҳисобварақ маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ жараёнлар амалга оширилади.

6. Рақамли технологиялар вазирлиги 2024 йил 1 майга қадар «Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари» портали ва ишчи органнинг махсус ахборот тизимини такомиллаштирган ҳолда, унинг ЯИДХП билан ўзаро интеграция қилинишини таъминласин.

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Халқаро IT-сертификатларга эга ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 19 майдаги 310-сон қарорининг 2 , 3 ва 4-бандлари ҳамда илова 2024 йил 1 мартдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 февралдаги 95-сон қарорига ИЛОВА

Ёшларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Регламент Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан халқаро IT-сертификатларга эга бўлган ёшларнинг ўқиш ҳамда уларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини, шунингдек, инглиз тили бўйича B2 ва ундан юқори даражасига эга бўлган ёшларнинг профессионал даражадаги халқаро IT-сертификатларни олиши ва ўқиши учун сарфлаган харажатларини тўлиқ қоплаб бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Ёшларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ кўрсатилади.

3. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ариза берувчи — халқаро IT-сертификатларга эга бўлган ёшлар;

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги;

верификация — ариза берувчи томонидан тақдим этилган халқаро IT-сертификат ва инглиз тили бўйича сертификатнинг ҳақиқийлигини уни тақдим этган ташкилотнинг электрон тизими орқали текшириш;

ёшлар — ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари;

ишчи орган — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» давлат муассасаси.

4. Халқаро IT-сертификатлар ва ушбу сертификатларни тақдим қилувчи компаниялар рўйхати ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

5. Давлат хизмати бепул кўрсатилади.

2-боб. Халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш шартлари

6. Ариза берувчи халқаро IT-сертификат берилган санадан бошлаб 180 календарь кун мобайнида мазкур сертификатни олиш харажатларини қоплаб беришни сўраб ушбу Регламентда белгиланган тартибда мурожаат қилиши лозим.

Бунда ариза берувчи халқаро IT-сертификат олиш харажатларини тўлиқ қоплаш бўйича сўровнома юбориш вақтида инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатнинг амал қилиш муддати тугамаган бўлиши лозим.

7. Ариза берувчининг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизигача бўлган қисмини қоплаб беришда инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификат талаб этилмайди.

8. Халқаро IT-сертификатлар бошланғич даражада бўлганда 30 фоиз, ўрта даражада бўлганда 40 фоиз ҳамда профессионал даражада бўлганда 60 фоиз миқдорда сарфланган харажатлар қоплаб берилади.

Халқаро IT-сертификатлар бошланғич даражада бўлганда 30 фоиз, ўрта даражада бўлганда 40 фоиз ҳамда профессионал даражада бўлганда 60 фоиз миқдорда сарфланган харажатлар қоплаб берилади.

Инглиз тили бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги ҳамда профессионал даражадаги халқаро IT-сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IT-сертификатни олиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Бунда профессионал даражадаги халқаро IT-сертификатга эга бўлган ёшларнинг мазкур сертификатни олиш харажатлари ушбу Регламентга 2-иловада назарда тутилган инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатлар рўйхатига мувофиқ тўлиқ қоплаб берилади.

9. Халқаро IT-сертификатларни олиш учун ўқув марказларида ўқиганлик харажатлари тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи тижорат банки маълумотномаси ёки тўлов квитанцияси нусхаси (pdf шаклда) тақдим этилганда қоплаб берилади.

10. Халқаро IT-сертификатга эга бўлмасдан туриб, ариза берувчининг халқаро IT-сертификат олиш учун ўқув курсига сарфлаган харажатлари қопланишига йўл қўйилмайди.

3-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби

11. Ариза берувчи Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) давлат хизматидан электрон шаклда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

12. Ариза берувчи мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ сўровномани электрон шаклда тўлдиради ва қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:

халқаро IT-сертификат нусхаси (pdf шаклида);

ариза берувчи (ёки унинг ота-онаси ёхуд қонуний вакили) томонидан халқаро IT-сертификат учун ўқиш ва уни олиш харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи тижорат банки маълумотномаси ва тўлов квитанциясининг нусхаси (pdf шаклда);

қопланиши зарур бўлган маблағлар йўналтириладиган актив ҳолатда бўлган миллий валютадаги банк пластик картасига оид маълумотлар;

ариза берувчи халқаро IT-сертификатни олиш харажатини тўлиқ қоплаш бўйича сўровнома тўлдираётган бўлса, инглиз тили бўйича B2 ва ундан юқори даражага эгалигини тасдиқловчи халқаро сертификат нусхаси (pdf шаклида);

агар ариза берувчи халқаро IT-сертификатни олиш учун ўқув курсига сарфланган харажатларни қоплаш мақсадида сўровнома тўлдираётган бўлса, у ҳолда ариза берувчи (ёки унинг ота-онаси ёхуд қонуний вакили) ҳамда ўқув маркази ўртасида халқаро IT-сертификатни олиш учун тузилган шартнома нусхаси ва ўқув курсини тамомлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (pdf шаклида).

13. Ариза берувчидан ушбу Регламентнинг 12-бандида кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

14. Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва тасдиқлайди.

Сўровномага киритилган маълумотлар ҳамда илова қилинган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилигига ариза берувчи жавобгар ҳисобланади.

15. Ариза берувчи томонидан тўлдирилган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар автоматик тарзда ишчи органга юборилади.

Агар Ишчи орган томонидан сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларда камчиликлар аниқланса, бу ҳақида беш иш куни ичида ариза берувчига ЯИДХП орқали камчиликларни бартараф этиш юзасидан хабарнома юборилади ва ариза рад этилади.

Ариза берувчи мавжуд камчиликларни бартараф этиб, янги сўровнома билан такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

16. Ишчи орган ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни етти иш куни мобайнида кўриб чиқади ҳамда халқаро IT-сертификат ва инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатни верификациядан ўтказади.

Агар халқаро IT-сертификат ва инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатнинг ҳақиқийлигини верификация орқали аниқлашнинг имкони бўлмаса, ишчи орган халқаро IT-сертификат ва/ёки инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатни тақдим қилган ташкилотга ушбу сертификатнинг ҳақиқийлигини аниқлаш юзасидан сўров юборади.

Бунда халқаро IT-сертификат ва/ёки инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатнинг ҳақиқийлигини аниқлаш муддати 30 календарь кунга узайтирилади ва бу ҳақда ишчи орган томонидан ариза берувчига электрон шаклда хабар юборилади.

17. Ишчи орган томонидан халқаро IT-сертификат ва/ёки инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатни тақдим қилган ташкилотга юборилган сўровга 30 календарь кун ичида жавоб берилмаганда ёки ушбу сертификатнинг ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслиги ҳақида белгиланган муддатдан кечикиб жавоб олинганда, ишчи орган томонидан бу ҳақда ариза берувчига электрон шаклда хабар юборилади.

Бунда халқаро IT-сертификат ва инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатнинг ҳақиқийлиги уни тақдим қилган ташкилот томонидан 30 календарь кун муддатдан ўтиб тасдиқланганда, мазкур Регламент талабларига мувофиқ такроран мурожаат этмаган ҳолда ариза берувчининг харажатлари қоплаб берилади.

Зарур ҳолларда ишчи орган томонидан халқаро IT-сертификат ва инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификат ҳақиқийлиги ариза берувчининг розилиги билан уларнинг логин ва пароли орқали халқаро IT-сертификат ва инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификат тақдим қилган ташкилотнинг расмий веб-сайти (платформа) ёрдамида аниқланиши мумкин.

Ариза берувчи логин ва паролини беришга рози бўлмаган тақдирда, унинг хоҳишига кўра Рақамли технологиялар вазирлигининг тегишли ҳудудий таркибий бўлинмаларида ариза берувчининг иштирокида текширилиши мумкин.

18. Қуйидаги ҳолатларда ишчи орган томонидан ариза берувчининг сўровномасини қаноатлантириш рад этилади:

халқаро IT-сертификат берилган санадан бошлаб 180 календарь кун ўтгандан кейин мазкур сертификатни олиш харажатларини қоплаб бериш сўралганда;

ариза берувчи халқаро IT-сертификатни олиш харажатларини тўлиқ қоплаш бўйича сўровнома юбориш вақтида инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ҳолатларда мурожаат қилганда;

халқаро IT-сертификат ва/ёки инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификат ҳақиқий эмаслиги аниқланганда;

халқаро IТ-сертификат ваколатли орган томонидан тасдиқланган сертификатлар рўйхатида мавжуд бўлмаса;

халқаро IT-сертификат ва/ёки инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификат тақдим қилган ташкилотга юборилган сўровга белгиланган муддатда жавоб берилмаганда;

халқаро IT-сертификатни олиш харажатлари илгари қоплаб берилганда;

ариза берувчи тамомлаган ўқув марказининг таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияси ёки тасдиқномаси мавжуд бўлмаса;

сўровномага иловага қилиниши лозим бўлган ҳужжат ва маълумотлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганда;

белгиланган муддатда сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлардаги хато ва камчиликлар бартараф этилмаганда.

Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

19. Ишчи орган ариза берувчи томонидан тақдим қилинган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигига шубҳа пайдо бўлганда, уларга ойдинлик киритишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

20. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмайди.

21. Ўн олти ёшга тўлмаган фуқароларнинг халқаро IT-сертификат олиш харажати қоплаб берилишини сўраб ушбу фуқароларнинг ота-онаси ёки уларнинг қонуний вакили мурожаат қилишлари мумкин.

Бунда IT-сертификатни олиш харажатлари ушбу Регламент талабларига мувофиқ ўн олти ёшга тўлмаган фуқароларнинг ота-онаси ёки унинг қонуний вакилига қоплаб берилади.

22. Ишчи орган ариза берувчилар томонидан келиб тушган сўровномалар ва уларга илова қилинган ҳужжатларни белгиланган муддатда кўриб чиққандан кейин халқаро IT-сертификат олиш харажатларини қоплаб бериш юзасидан таклифларни уч иш куни давомида ваколатли органга келишиш учун киритади.

23. Ваколатли орган ишчи орган томонидан киритилган таклифларни ўн иш куни ичида келишиб беради.

24. Ваколатли орган томонидан таклифлар келишилгандан сўнг ишчи орган беш иш кун ичида тегишли маблағлар ариза берувчи, унинг ота-онаси ёки қонуний вакилига ўтказиб берилишини таъминлайди ҳамда бу ҳақда ариза берувчига ЯИДХП орқали хабар юборади.

Бунда ариза берувчиларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш учун чет эл валютасида сарфланган харажатлари Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан хорижий валютани қоплаш кунида белгиланган курсида сўмда нақд пулсиз шаклда қоплаб берилади.

Агар тўловни амалга ошириш мобайнида Ишчи органга тааллуқли бўлмаган ҳолат юзага келганда ёки ариза берувчининг банк пластик картасига оид маълумотлар нотўғрилиги сабабли тўловни амалга ошириш имконияти бўлмаганда, хизмат кўрсатиш муддати беш иш кунига узайтирилади.

25. Белгиланган тартибда мурожаат қилган ва халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш рад этилмаган ариза берувчилар жорий молия йили доирасида бюджет параметрларида маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, ариза берувчининг харажатлари кейинги чоракларда қоплаб берилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

26. Ваколатли орган ҳамда ишчи органнинг ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажариш натижасида ариза берувчилар ҳақида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши лозим.

27. Ариза берувчи халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш ҳақидаги сўровномаси асоссиз рад этилганда, шунингдек, ваколатли орган ва ишчи орган ходимларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

28. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ёшларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА

Ёшларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ариза берувчи Ариза берувчи (ўн олти ёшга тўлмаган шахснинг ота-онаси ёки қонуний вакили) ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтиб сўровномани тўлдиради ва юборади. Халқаро IT-сертификат берилган санадан бошлаб 180 календарь кун мобайнида 2-босқич «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Ишчи орган) 1. Сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда халқаро IT-сертификат ва/ёки инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатни верификациядан ўтказади. 1. Ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб етти иш куни мобайнида. 2. Халқаро IT-сертификат ва/ёки инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатнинг ҳақиқийлигини верификация орқали аниқлаш имкони бўлмаганда, ушбу сертификатларни тақдим қилган ташкилотга сертификатларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш юзасидан сўров юборади. 2. Ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб 30 календарь куни мобайнида. 3. Ариза берувчининг ҳужжатларини умумлаштириб, халқаро IT-сертификат олиш харажатларини қоплаб бериш юзасидан таклифларни ваколатли органга келишиш учун киритади. 3. Сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида. 4. Халқаро IT-сертификат ва/ёки инглиз тили бўйича сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаганда бу ҳақида ариза берувчига ЯИДХП орқали хабар юборади. 4. Сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида. 3-босқич Рақамли технологиялар вазирлиги (кейинги ўринларда — ваколатли орган) Ишчи орган томонидан киритилган таклифларни келишиб беради. Таклифлар киритилгандан кейин ўн иш куни мобайнида 4-босқич Ишчи орган Ариза берувчи кўрсатган ҳисобвараққа тегишли пул маблағларини йўналтиради ва бу ҳақда ариза берувчига ЯИДХП орқали хабар юборади. Таклифлар ваколатли орган билан келишилгандан кейин беш иш куни мобайнида

Ёшларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА

Профессионал даражадаги халқаро IT-сертификатга эга бўлган ёшларнинг мазкур сертификатни олиш харажатларини тўлиқ қоплаб беришда талаб этиладиган инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатлар

Т/р Сертификат номи Мувофиқлик даражаси Common European Framework of References (CEFR) B2 С1 C2 1. International English Language Testing System (IELTS) 5.5 — 6.5 7.0 — 8.0 8.5 — 9.0 2. Test of English as a Foreign Language (TOEFL iBT) 72 — 94 95 — 113 114 — 120 3. Test of English as a Foreign Language (TOEFL iTP) 543 — 626 627 — 677 4. Cambridge Assessment English (FCE) 160+ (CAE) 180+ (CPE) 200+

Ёшларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА

Ёшларнинг халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича

1. Ким томонидан тўлдирилмоқда Ариза берувчининг ота-онаси ёки қонуний вакили (агар фуқаро 16 ёшга тўлмаган бўлса) Ариза берувчининг ўзи (ўттиз ёшдан ошмаган фуқаролар) 2. Сарфланган харажатлар тури IT-сертификат учун тўлов пули Ўқув курси ва IT-сертификат учун тўлов пули 3. Давлат хизмати тури 60 фоизгача (фақат халқаро IT-сертификат мавжуд бўлган тақдирда) Тўлиқ қоплаш (инглиз тили бўйича B2 ва ундан юқори халқаро сертификат ва профессионал халқаро IT-сертификат мавжуд бўлган тақдирда) I. Ариза берувчи ҳақида маълумот 1.1. Ф.И.О.: 1.2. Туғилган санаси: 1.3. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР): 1.4. Яшаш жойи манзили: 1.5. Телефон рақами: 1.6. Электрон почтаси: 1.7. Шахсий банк пластик картаси рақами: 1.8. Банк коди: 1.9. Банк СТИРи: 1.10. Банк транзит рақами: II. Ота-онаси ёки қонуний вакил тўғрисида маълумот (ота-онаси ёки қонуний вакил тугмасини белгилаган фуқаролар учун) 2.1. Халқаро IT-сертификат олган 16 ёшга тўлмаган фуқаронинг Ф.И.О.: 2.2. Туғилган санаси: 2.3. Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома серияси ва рақами: 2.4. Ота-онаси ёки қонуний вакилининг Ф.И.О.: 2.5. Ота-онаси ёки қонуний вакилининг ЖШШИР: 2.6. Яшаш манзили: 2.7. Телефон рақами: 2.8. Электрон почтаси: 2.9. Ота-онаси ёки қонуний вакилининг банк пластик картаси рақами: 2.10. Банк коди: 2.11. Банк СТИРи: 2.12. Банк транзит рақами: III. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар 3.1. Халқаро IT-сертификат олинган сана (сертификат берилган санадан бошлаб 180 календарь кундан ошмаган бўлиши лозим) 3.2. Халқаро IT-сертификатни тақдим этган ташкилот номи 3.3. Халқаро IT-сертификат тури 3.4. Халқаро IT-сертификат нусхасини юклаш 3.5. Халқаро IT-сертификатни олиш харажатларини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини юклаш Ўқув курси учун харажатларни қоплаш (ўқув курслари учун харажатлар қопланаётган тақдирда) 3.6. Халқаро IT-сертификатни олиш учун ўқув курсида ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини юклаш Инглиз тили бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги ҳамда профессионал даражадаги халқаро IT-сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IT-сертификатни олиш харажатларини тўлиқ қоплаш 3.7. Имтиҳон тури 3.8. Олинган сертификатнинг рўйхатдан ўтказилган рақами 3.9. Халқаро имтиҳондан сертификат олинган сана 3.10. Имтиҳон ўтказган ташкилот 3.11. Инглиз тилидан B2 ва ундан юқори даражага эгалигини тасдиқловчи сертификат нусхасини юклаш

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 17 февраль,

95-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.02.2024 й., 09/24/95/0134-сон; 29.12.2025 й., 07/25/388/1235-сон; 01.01.2026 й., 09/26/849/0002-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

MAʼMURIY REGLAMENTI

SXEMASI

ROʻYXATI

SOʻROVNOMA

Xalqaro IT-sertifikatlarga ega boʻlgan yosh mutaxassislarni ragʻbatlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Raqamlashtirish sohasida malakali mutaxassislar tayyorlash faoliyatini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 1-fevraldagi PQ-51-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, raqamli texnologiyalar sohasida malakali mutaxassislarni tayyorlash, ularning xorijiy tillarni bilish koʻnikmalarini oshirish va ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Raqamlashtirish sohasida malakali mutaxassislar tayyorlash faoliyatini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 1-fevraldagi PQ-51-son qarorining 1-bandida xalqaro IT-sertifikatlarga ega boʻlgan yoshlarning oʻqish hamda ushbu sertifikatlarni olish xarajatlarining 60 foizgacha boʻlgan qismini qoplab berish tartibi va ingliz tilida B2 va undan yuqori darajadagi sertifikatga ega boʻlgan yoshlarning xalqaro IT-sertifikatlar olish xarajatlarini toʻliq qoplab berish tartibi joriy etilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Yoshlarning xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti ilovaga muvofiq tasdiqlansin hamda 2024-yil 1-martdan boshlab amalga kiritilsin:

xalqaro IT-sertifikatlarga ega boʻlgan yoshlarning oʻqishi hamda ushbu sertifikatlarni olish xarajatlarining 60 foizgacha boʻlgan qismini qoplab berish tartibi;

ingliz tili boʻyicha B2 va undan yuqori darajaga ega boʻlgan yoshlarning professional darajadagi xalqaro IT-sertifikatlarni olish hamda oʻqish xarajatlarini toʻliq qoplab berish tartibi.

3. Xalqaro IT-sertifikatlarga ega boʻlgan yoshlarning oʻqish hamda xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun masʼul vakolatli organ etib — Raqamli texnologiyalar vazirligi, ishchi organ etib — Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” davlat muassasasi belgilansin.

4. Raqamli texnologiyalar vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining quyidagi takliflari maʼqullansin:

yoshlarning xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish maqsadida Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida alohida shaxsiy gʻazna hisobvaragʻini (keyingi oʻrinlarda — shaxsiy hisobvaraq) ochish;

“Oʻzbekistonning IT-isteʼdodlari” portali va ishchi organning maxsus axborot tizimini takomillashtirish va texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq xarajatlarni Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtirish.

5. Belgilansinki:

a) vakolatli organ tomonidan:

respublikada talab yuqori boʻlgan xalqaro IT-sertifikatlar va ushbu sertifikatlarni taqdim etuvchi kompaniyalar roʻyxati Global Knowledge kompaniyasi va boshqa xalqaro nufuzga ega tashkilotlar tomonidan har yili shakllantiriladigan xalqaro IT-sertifikatlar roʻyxatidan kelib chiqib, ehtiyojlar oʻrgangan holda tasdiqlanadi;

shaxsiy hisobvaraq tushumlari va xarajatlarining yillik parametrlari, ularning ijrosi toʻgʻrisidagi yillik hisobotlar hamda yillik ish rejalari tasdiqlanadi;

b) ishchi organ tomonidan:

yoshlarning xalqaro IT-kurslarda oʻqishi, xalqaro IT-sertifikatlarga boʻlgan ehtiyojini oʻrganish hamda ushbu sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish yuzasidan murojaat qilgan yoshlarning hujjatlarini koʻrib chiqish va xulosa tayyorlash;

shaxsiy hisobvaraq mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish bilan bogʻliq jarayonlar amalga oshiriladi.

6. Raqamli texnologiyalar vazirligi 2024-yil 1-mayga qadar “Oʻzbekistonning IT-isteʼdodlari” portali va ishchi organning maxsus axborot tizimini takomillashtirgan holda, uning YIDXP bilan oʻzaro integratsiya qilinishini taʼminlasin.

7. Vazirlar Mahkamasining “Xalqaro IT-sertifikatlarga ega yosh mutaxassislarni qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 19-maydagi 310-son qarorining 2 , 3 va 4-bandlari hamda ilova 2024-yil 1-martdan boshlab oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 17-fevraldagi 95-son qaroriga ILOVA

Yoshlarning xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Reglament Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan xalqaro IT-sertifikatlarga ega boʻlgan yoshlarning oʻqish hamda ularning xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarining 60 foizgacha boʻlgan qismini, shuningdek, ingliz tili boʻyicha B2 va undan yuqori darajasiga ega boʻlgan yoshlarning professional darajadagi xalqaro IT-sertifikatlarni olishi va oʻqishi uchun sarflagan xarajatlarini toʻliq qoplab berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish tartibini belgilaydi.

2. Yoshlarning xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha davlat xizmati ushbu Reglamentga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq koʻrsatiladi.

3. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ariza beruvchi — xalqaro IT-sertifikatlarga ega boʻlgan yoshlar;

vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi;

verifikatsiya — ariza beruvchi tomonidan taqdim etilgan xalqaro IT-sertifikat va ingliz tili boʻyicha sertifikatning haqiqiyligini uni taqdim etgan tashkilotning elektron tizimi orqali tekshirish;

yoshlar — oʻn toʻrt yoshga toʻlgan va oʻttiz yoshdan oshmagan Oʻzbekiston Respublikasining fuqarolari;

ishchi organ — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” davlat muassasasi.

4. Xalqaro IT-sertifikatlar va ushbu sertifikatlarni taqdim qiluvchi kompaniyalar roʻyxati vakolatli organ tomonidan tasdiqlanadi.

5. Davlat xizmati bepul koʻrsatiladi.

2-bob. Xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish shartlari

6. Ariza beruvchi xalqaro IT-sertifikat berilgan sanadan boshlab 180 kalendar kun mobaynida mazkur sertifikatni olish xarajatlarini qoplab berishni soʻrab ushbu Reglamentda belgilangan tartibda murojaat qilishi lozim.

Bunda ariza beruvchi xalqaro IT-sertifikat olish xarajatlarini toʻliq qoplash boʻyicha soʻrovnoma yuborish vaqtida ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatning amal qilish muddati tugamagan boʻlishi lozim.

7. Ariza beruvchining xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarining 60 foizigacha boʻlgan qismini qoplab berishda ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikat talab etilmaydi.

8. Xalqaro IT-sertifikatlar boshlangʻich darajada boʻlganda 30 foiz, oʻrta darajada boʻlganda 40 foiz hamda professional darajada boʻlganda 60 foiz miqdorda sarflangan xarajatlar qoplab beriladi.

Xalqaro IT-sertifikatlar boshlangʻich darajada boʻlganda 30 foiz, oʻrta darajada boʻlganda 40 foiz hamda professional darajada boʻlganda 60 foiz miqdorda sarflangan xarajatlar qoplab beriladi.

Ingliz tili boʻyicha B2 va undan yuqori darajadagi hamda professional darajadagi xalqaro IT-sertifikatga ega boʻlgan yoshlarning xalqaro IT-sertifikatni olish xarajatlari toʻliq qoplab beriladi.

Bunda professional darajadagi xalqaro IT-sertifikatga ega boʻlgan yoshlarning mazkur sertifikatni olish xarajatlari ushbu Reglamentga 2-ilovada nazarda tutilgan ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatlar roʻyxatiga muvofiq toʻliq qoplab beriladi.

9. Xalqaro IT-sertifikatlarni olish uchun oʻquv markazlarida oʻqiganlik xarajatlari toʻlov amalga oshirilganligini tasdiqlovchi tijorat banki maʼlumotnomasi yoki toʻlov kvitansiyasi nusxasi (pdf shaklda) taqdim etilganda qoplab beriladi.

10. Xalqaro IT-sertifikatga ega boʻlmasdan turib, ariza beruvchining xalqaro IT-sertifikat olish uchun oʻquv kursiga sarflagan xarajatlari qoplanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

3-bob. Davlat xizmatini koʻrsatish tartibi

11. Ariza beruvchi Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) davlat xizmatidan elektron shaklda foydalanish uchun roʻyxatdan oʻtadi.

12. Ariza beruvchi mazkur Reglamentga 3-ilovaga muvofiq soʻrovnomani elektron shaklda toʻldiradi va quyidagi hujjatlarni ilova qiladi:

xalqaro IT-sertifikat nusxasi (pdf shaklida);

ariza beruvchi (yoki uning ota-onasi yoxud qonuniy vakili) tomonidan xalqaro IT-sertifikat uchun oʻqish va uni olish xarajatlari toʻlanganligini tasdiqlovchi tijorat banki maʼlumotnomasi va toʻlov kvitansiyasining nusxasi (pdf shaklda);

qoplanishi zarur boʻlgan mablagʻlar yoʻnaltiriladigan aktiv holatda boʻlgan milliy valyutadagi bank plastik kartasiga oid maʼlumotlar;

ariza beruvchi xalqaro IT-sertifikatni olish xarajatini toʻliq qoplash boʻyicha soʻrovnoma toʻldirayotgan boʻlsa, ingliz tili boʻyicha B2 va undan yuqori darajaga egaligini tasdiqlovchi xalqaro sertifikat nusxasi (pdf shaklida);

agar ariza beruvchi xalqaro IT-sertifikatni olish uchun oʻquv kursiga sarflangan xarajatlarni qoplash maqsadida soʻrovnoma toʻldirayotgan boʻlsa, u holda ariza beruvchi (yoki uning ota-onasi yoxud qonuniy vakili) hamda oʻquv markazi oʻrtasida xalqaro IT-sertifikatni olish uchun tuzilgan shartnoma nusxasi va oʻquv kursini tamomlaganligini tasdiqlovchi hujjatlar nusxasi (pdf shaklida).

13. Ariza beruvchidan ushbu Reglamentning 12-bandida koʻrsatilmagan maʼlumotlarni hamda boshqa hujjatlarni talab qilish qatʼiyan taqiqlanadi.

14. Zarur maʼlumotlar soʻrovnomaga kiritilgandan soʻng ariza beruvchi maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshiradi va tasdiqlaydi.

Soʻrovnomaga kiritilgan maʼlumotlar hamda ilova qilingan hujjatlarning haqqoniyligi va toʻgʻriligiga ariza beruvchi javobgar hisoblanadi.

15. Ariza beruvchi tomonidan toʻldirilgan soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlar avtomatik tarzda ishchi organga yuboriladi.

Agar Ishchi organ tomonidan soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarda kamchiliklar aniqlansa, bu haqida besh ish kuni ichida ariza beruvchiga YIDXP orqali kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan xabarnoma yuboriladi va ariza rad etiladi.

Ariza beruvchi mavjud kamchiliklarni bartaraf etib, yangi soʻrovnoma bilan takroran murojaat qilish huquqiga ega.

16. Ishchi organ ariza beruvchi tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni yetti ish kuni mobaynida koʻrib chiqadi hamda xalqaro IT-sertifikat va ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatni verifikatsiyadan oʻtkazadi.

Agar xalqaro IT-sertifikat va ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatning haqiqiyligini verifikatsiya orqali aniqlashning imkoni boʻlmasa, ishchi organ xalqaro IT-sertifikat va/yoki ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatni taqdim qilgan tashkilotga ushbu sertifikatning haqiqiyligini aniqlash yuzasidan soʻrov yuboradi.

Bunda xalqaro IT-sertifikat va/yoki ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatning haqiqiyligini aniqlash muddati 30 kalendar kunga uzaytiriladi va bu haqda ishchi organ tomonidan ariza beruvchiga elektron shaklda xabar yuboriladi.

17. Ishchi organ tomonidan xalqaro IT-sertifikat va/yoki ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatni taqdim qilgan tashkilotga yuborilgan soʻrovga 30 kalendar kun ichida javob berilmaganda yoki ushbu sertifikatning haqiqiy yoki haqiqiy emasligi haqida belgilangan muddatdan kechikib javob olinganda, ishchi organ tomonidan bu haqda ariza beruvchiga elektron shaklda xabar yuboriladi.

Bunda xalqaro IT-sertifikat va ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatning haqiqiyligi uni taqdim qilgan tashkilot tomonidan 30 kalendar kun muddatdan oʻtib tasdiqlanganda, mazkur Reglament talablariga muvofiq takroran murojaat etmagan holda ariza beruvchining xarajatlari qoplab beriladi.

Zarur hollarda ishchi organ tomonidan xalqaro IT-sertifikat va ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikat haqiqiyligi ariza beruvchining roziligi bilan ularning login va paroli orqali xalqaro IT-sertifikat va ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikat taqdim qilgan tashkilotning rasmiy veb-sayti (platforma) yordamida aniqlanishi mumkin.

Ariza beruvchi login va parolini berishga rozi boʻlmagan taqdirda, uning xohishiga koʻra Raqamli texnologiyalar vazirligining tegishli hududiy tarkibiy boʻlinmalarida ariza beruvchining ishtirokida tekshirilishi mumkin.

18. Quyidagi holatlarda ishchi organ tomonidan ariza beruvchining soʻrovnomasini qanoatlantirish rad etiladi:

xalqaro IT-sertifikat berilgan sanadan boshlab 180 kalendar kun oʻtgandan keyin mazkur sertifikatni olish xarajatlarini qoplab berish soʻralganda;

ariza beruvchi xalqaro IT-sertifikatni olish xarajatlarini toʻliq qoplash boʻyicha soʻrovnoma yuborish vaqtida ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatning amal qilish muddati tugagan holatlarda murojaat qilganda;

xalqaro IT-sertifikat va/yoki ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikat haqiqiy emasligi aniqlanganda;

xalqaro IT-sertifikat vakolatli organ tomonidan tasdiqlangan sertifikatlar roʻyxatida mavjud boʻlmasa;

xalqaro IT-sertifikat va/yoki ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikat taqdim qilgan tashkilotga yuborilgan soʻrovga belgilangan muddatda javob berilmaganda;

xalqaro IT-sertifikatni olish xarajatlari ilgari qoplab berilganda;

ariza beruvchi tamomlagan oʻquv markazining taʼlim faoliyati bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziyasi yoki tasdiqnomasi mavjud boʻlmasa;

soʻrovnomaga ilovaga qilinishi lozim boʻlgan hujjat va maʼlumotlar toʻliq hajmda taqdim etilmaganda;

belgilangan muddatda soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlardagi xato va kamchiliklar bartaraf etilmaganda.

Davlat xizmatini koʻrsatishni boshqa asoslar boʻyicha rad etish taqiqlanadi.

19. Ishchi organ ariza beruvchi tomonidan taqdim qilingan hujjatlarning haqiqiyligiga shubha paydo boʻlganda, ularga oydinlik kiritishni talab qilish huquqiga ega.

20. Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanishdan uni koʻrsatishning har qanday bosqichida bosh tortish huquqiga ega. Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanishdan bosh tortganda, uning soʻrovnomasi koʻrib chiqilmaydi.

21. Oʻn olti yoshga toʻlmagan fuqarolarning xalqaro IT-sertifikat olish xarajati qoplab berilishini soʻrab ushbu fuqarolarning ota-onasi yoki ularning qonuniy vakili murojaat qilishlari mumkin.

Bunda IT-sertifikatni olish xarajatlari ushbu Reglament talablariga muvofiq oʻn olti yoshga toʻlmagan fuqarolarning ota-onasi yoki uning qonuniy vakiliga qoplab beriladi.

22. Ishchi organ ariza beruvchilar tomonidan kelib tushgan soʻrovnomalar va ularga ilova qilingan hujjatlarni belgilangan muddatda koʻrib chiqqandan keyin xalqaro IT-sertifikat olish xarajatlarini qoplab berish yuzasidan takliflarni uch ish kuni davomida vakolatli organga kelishish uchun kiritadi.

23. Vakolatli organ ishchi organ tomonidan kiritilgan takliflarni oʻn ish kuni ichida kelishib beradi.

24. Vakolatli organ tomonidan takliflar kelishilgandan soʻng ishchi organ besh ish kun ichida tegishli mablagʻlar ariza beruvchi, uning ota-onasi yoki qonuniy vakiliga oʻtkazib berilishini taʼminlaydi hamda bu haqda ariza beruvchiga YIDXP orqali xabar yuboradi.

Bunda ariza beruvchilarning xalqaro IT-sertifikatlarni olish uchun chet el valyutasida sarflangan xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki tomonidan xorijiy valyutani qoplash kunida belgilangan kursida soʻmda naqd pulsiz shaklda qoplab beriladi.

Agar toʻlovni amalga oshirish mobaynida Ishchi organga taalluqli boʻlmagan holat yuzaga kelganda yoki ariza beruvchining bank plastik kartasiga oid maʼlumotlar notoʻgʻriligi sababli toʻlovni amalga oshirish imkoniyati boʻlmaganda, xizmat koʻrsatish muddati besh ish kuniga uzaytiriladi.

25. Belgilangan tartibda murojaat qilgan va xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish rad etilmagan ariza beruvchilar joriy moliya yili doirasida budjet parametrlarida mablagʻlar yetarli boʻlmagan taqdirda, ariza beruvchining xarajatlari keyingi choraklarda qoplab beriladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

26. Vakolatli organ hamda ishchi organning xodimlari oʻz xizmat vazifalarini bajarish natijasida ariza beruvchilar haqida olingan maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlashi lozim.

27. Ariza beruvchi xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish haqidagi soʻrovnomasi asossiz rad etilganda, shuningdek, vakolatli organ va ishchi organ xodimlarining xatti-harakati (harakatsizligi) ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilish huquqiga ega.

28. Mazkur Reglament talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Yoshlarning xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA

Yoshlarning xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Ariza beruvchi Ariza beruvchi (oʻn olti yoshga toʻlmagan shaxsning ota-onasi yoki qonuniy vakili) YIDXP orqali roʻyxatdan oʻtib soʻrovnomani toʻldiradi va yuboradi. Xalqaro IT-sertifikat berilgan sanadan boshlab 180 kalendar kun mobaynida 2-bosqich “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Ishchi organ) 1. Soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda xalqaro IT-sertifikat va/yoki ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatni verifikatsiyadan oʻtkazadi. 1. Hujjatlar kelib tushgan kundan boshlab yetti ish kuni mobaynida. 2. Xalqaro IT-sertifikat va/yoki ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatning haqiqiyligini verifikatsiya orqali aniqlash imkoni boʻlmaganda, ushbu sertifikatlarni taqdim qilgan tashkilotga sertifikatlarning haqiqiyligini aniqlash yuzasidan soʻrov yuboradi. 2. Hujjatlar kelib tushgan kundan boshlab 30 kalendar kuni mobaynida. 3. Ariza beruvchining hujjatlarini umumlashtirib, xalqaro IT-sertifikat olish xarajatlarini qoplab berish yuzasidan takliflarni vakolatli organga kelishish uchun kiritadi. 3. Sertifikatning haqiqiyligi tasdiqlangan kundan boshlab uch ish kuni mobaynida. 4. Xalqaro IT-sertifikat va/yoki ingliz tili boʻyicha sertifikatning haqiqiyligi tasdiqlanmaganda bu haqida ariza beruvchiga YIDXP orqali xabar yuboradi. 4. Sertifikatning haqiqiyligi tasdiqlanmagan kundan boshlab uch ish kuni mobaynida. 3-bosqich Raqamli texnologiyalar vazirligi (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organ) Ishchi organ tomonidan kiritilgan takliflarni kelishib beradi. Takliflar kiritilgandan keyin oʻn ish kuni mobaynida 4-bosqich Ishchi organ Ariza beruvchi koʻrsatgan hisobvaraqqa tegishli pul mablagʻlarini yoʻnaltiradi va bu haqda ariza beruvchiga YIDXP orqali xabar yuboradi. Takliflar vakolatli organ bilan kelishilgandan keyin besh ish kuni mobaynida

Yoshlarning xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA

Professional darajadagi xalqaro IT-sertifikatga ega boʻlgan yoshlarning mazkur sertifikatni olish xarajatlarini toʻliq qoplab berishda talab etiladigan ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatlar

T/r Sertifikat nomi Muvofiqlik darajasi Common European Framework of References (CEFR) B2 S1 C2 1. International English Language Testing System (IELTS) 5.5 — 6.5 7.0 — 8.0 8.5 — 9.0 2. Test of English as a Foreign Language (TOEFL iBT) 72 — 94 95 — 113 114 — 120 3. Test of English as a Foreign Language (TOEFL iTP) 543 — 626 627 — 677 4. Cambridge Assessment English (FCE) 160+ (CAE) 180+ (CPE) 200+

Yoshlarning xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA

Yoshlarning xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha

1. Kim tomonidan toʻldirilmoqda Ariza beruvchining ota-onasi yoki qonuniy vakili (agar fuqaro 16 yoshga toʻlmagan boʻlsa) Ariza beruvchining oʻzi (oʻttiz yoshdan oshmagan fuqarolar) 2. Sarflangan xarajatlar turi IT-sertifikat uchun toʻlov puli Oʻquv kursi va IT-sertifikat uchun toʻlov puli 3. Davlat xizmati turi 60 foizgacha (faqat xalqaro IT-sertifikat mavjud boʻlgan taqdirda) Toʻliq qoplash (ingliz tili boʻyicha B2 va undan yuqori xalqaro sertifikat va professional xalqaro IT-sertifikat mavjud boʻlgan taqdirda) I. Ariza beruvchi haqida maʼlumot 1.1. F.I.O.: 1.2. Tugʻilgan sanasi: 1.3. Jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR): 1.4. Yashash joyi manzili: 1.5. Telefon raqami: 1.6. Elektron pochtasi: 1.7. Shaxsiy bank plastik kartasi raqami: 1.8. Bank kodi: 1.9. Bank STIRi: 1.10. Bank tranzit raqami: II. Ota-onasi yoki qonuniy vakil toʻgʻrisida maʼlumot (ota-onasi yoki qonuniy vakil tugmasini belgilagan fuqarolar uchun) 2.1. Xalqaro IT-sertifikat olgan 16 yoshga toʻlmagan fuqaroning F.I.O.: 2.2. Tugʻilgan sanasi: 2.3. Tugʻilganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma seriyasi va raqami: 2.4. Ota-onasi yoki qonuniy vakilining F.I.O.: 2.5. Ota-onasi yoki qonuniy vakilining JSHSHIR: 2.6. Yashash manzili: 2.7. Telefon raqami: 2.8. Elektron pochtasi: 2.9. Ota-onasi yoki qonuniy vakilining bank plastik kartasi raqami: 2.10. Bank kodi: 2.11. Bank STIRi: 2.12. Bank tranzit raqami: III. Arizaga ilova qilinadigan hujjatlar 3.1. Xalqaro IT-sertifikat olingan sana (sertifikat berilgan sanadan boshlab 180 kalendar kundan oshmagan boʻlishi lozim) 3.2. Xalqaro IT-sertifikatni taqdim etgan tashkilot nomi 3.3. Xalqaro IT-sertifikat turi 3.4. Xalqaro IT-sertifikat nusxasini yuklash 3.5. Xalqaro IT-sertifikatni olish xarajatlarini tasdiqlovchi hujjat nusxasini yuklash Oʻquv kursi uchun xarajatlarni qoplash (oʻquv kurslari uchun xarajatlar qoplanayotgan taqdirda) 3.6. Xalqaro IT-sertifikatni olish uchun oʻquv kursida oʻqiganligini tasdiqlovchi hujjat nusxasini yuklash Ingliz tili boʻyicha B2 va undan yuqori darajadagi hamda professional darajadagi xalqaro IT-sertifikatga ega boʻlgan yoshlarning xalqaro IT-sertifikatni olish xarajatlarini toʻliq qoplash 3.7. Imtihon turi 3.8. Olingan sertifikatning roʻyxatdan oʻtkazilgan raqami 3.9. Xalqaro imtihondan sertifikat olingan sana 3.10. Imtihon oʻtkazgan tashkilot 3.11. Ingliz tilidan B2 va undan yuqori darajaga egaligini tasdiqlovchi sertifikat nusxasini yuklash

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 17-fevral,

95-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 19.02.2024-y., 09/24/95/0134-son; 29.12.2025-y., 07/25/388/1235-son; 01.01.2026-y., 09/26/849/0002-son)

lex.uz