UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 24-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 24 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 февраля 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 February 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ШАКЛИ

ТАВСИФИ

РЎЙХАТИ

Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 31 майдаги ПФ-81-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назоратини ташкил этиш, фуқароларнинг бу борадаги фаоллигини ошириш ҳамда уларни рағбатлантириш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

жамоатчилик экология назоратчиларининг мақоми, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

жамоатчилик экология назоратчилари фаолиятининг асосий йўналишлари;

жамоатчилик экология назоратчилигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тартиби;

жамоатчилик экология назоратчилари мақомини тугатиш тартиби.

2. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги 2024 йил 1 июнга қадар жамоатчилик экология назоратчилигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказишни мустақил таълим шаклида амалга ошириш тартибини жорий этсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир намунавий низомларни тасдиқлаш тўғрисида» 2015 йил 8 октябрдаги 287-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 февралдаги 101-сон қарорига 1-ИЛОВА

Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом жамоатчилик экология назоратчиси (кейинги ўринларда — экология назоратчиси) фаолиятини ташкил қилиш тартиби, унинг мақоми, вазифаси, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (кейинги ўринларда — вазирлик), Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармалари;

номзод — Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган ва 18 ёшга тўлган экология назоратчиси бўлиш истагини билдирган жисмоний шахс;

сертификат — тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида махсус тайёргарликни тўлиқ ўзлаштиргандан сўнг якуний имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганликни тасдиқловчи ҳужжат;

экология назоратчиси — давлат экологик назоратини амалга оширувчи органларга жамоатчилик асосида ихтиёрий асосда ёрдам берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.

3. Экология назоратчиси ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, мустақиллик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширади.

4. Вазирлик экология назоратчиларига фаолиятини амалга оширишда услубий ёрдам кўрсатади ҳамда кўмаклашади.

5. Экология назоратчиси мақоми мазкур Низомга 1-иловадаги схема асосида берилади.

2-боб. Номзодлар рўйхатини шакллантириш ҳамда уларни махсус тайёргарликдан ўтишга қабул қилиш

6. Номзодлар экология назоратчиси мақомини олиш учун махсус тайёргарликдан ўтишлари лозим.

Номзодлар махсус тайёргарликдан ўтиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаларига (кейинги ўринларда — вазирликнинг ҳудудий органлари) ёзма ариза ёки вазирликнинг расмий веб-сайти орқали электрон ариза билан мурожаат қилади.

Аризага фуқаронинг биометрик паспорти (идентификацияловчи ID-картаси) нусхаси ва 3х4 см ҳажмдаги рангли фотосурат илова қилинади.

7. Номзодларнинг аризалари тегишлилиги бўйича вазирликнинг ҳудудий органлари томонидан ўн иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади ва уларнинг рўйхати вазирлик ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини бериш комиссиясига (кейинги ўрниларда — Комиссия) тақдим этилади.

8. Комиссия таркиби вазирлик ва Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари ҳамда экология соҳасидаги олимлардан шакллантирилади. Вазир маслаҳатчиси Комиссия раиси ҳисобланди.

Комиссия таркиби ва низоми вазир томонидан тасдиқланади.

Комиссия йиғилишлари, агар уларнинг ишида барча аъзолар умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Комиссия ўз фаолиятини коллегиаллик, ошкоралик, холислик ва бетарафлик принциплари асосида амалга оширади.

Комиссия йиғилишлари заруратга қараб, лекин йилига камида тўрт марта ўтказилади.

9. Комиссия номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни уч иш кунида кўриб чиқиб, уларнинг рўйхатини тасдиқлайди ва вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилади.

10. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатлар (маълумотлар) тўлиқ тақдим этилмаганда, номзодга камчиликларни бартараф этиш учун уч кун муддат берилади. Белгиланган муддатда ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, Комиссия номзоднинг махсус тайёргарликдан ўтишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда бу ҳақда номзодни уч иш кунида ёзма равишда хабардор қилади.

11. Вазирлик номзодлар рўйхатини уч иш кунида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказига (кейинги ўринларда — Марказ) уларни махсус тайёргарликдан ўтказиш учун юборади.

3-боб. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тартиби

12. Номзодлар вазирлик томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида Марказ томонидан бепул махсус тайёргарликдан ўтказилади. Номзодларнинг махсус тайёргарлиги уларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, масофавий таълим тарзида амалга оширилиши мумкин. Бунда номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказганлик учун Марказнинг мураббий ва ўқитувчиларига ҳақ тўлаш вазирликнинг Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

13. Ўқув жараёни ўқув гуруҳларига бўлинган ҳолда, Марказ раҳбари томонидан тасдиқланган машғулотлар жадвали асосида амалга оширилади.

14. Махсус тайёргарликнинг муддати 72 соатни ташкил этади.

15. Марказ номзодларни махсус тайёргарлик бошланишидан ўн кун аввал махсус тайёргарликни ўтказиш муддатлари тўғрисида хабардор қилади.

16. Махсус тайёргарликни ўтказиш жараёнида номзодларга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган жамоатчилик назорати тўғрисида, давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик тадбирларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштироки, шунингдек, экология назоратчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жамоатчилик экология назорати натижаларини расмийлаштириш тартиби ҳамда экология соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик юзасидан таянч тушунча ва билимлар берилади.

17. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш жараёнига тегишли олий таълим ташкилотлари ўқитувчилари, илмий ташкилотлар ходимлари, вазирлик тизими ходимлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг тажрибали мутахассислари белгиланган тартибда шартнома асосида жалб қилиниши мумкин.

18. Номзод махсус тайёргарликда узрли сабабларга кўра қатнаша олмаган тақдирда, у олти ой ичида навбатдаги махсус тайёргарликка қабул қилиш тўғрисида ариза билан Комиссияга мурожаат қилиши мумкин.

Комиссия номзоднинг аризасини қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқиб, навбатдаги махсус тайёргарликдан ўтиши лозим бўлган номзодлар рўйхатига киритади ва вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинишини таъминлайди.

19. Номзодлар қуйидаги ҳолларда махсус тайёргарликдан четлаштирилади:

ўз хоҳишига биноан;

Марказнинг ички меъёр ва одоб-ахлоқ қоидаларини бир марта қўпол равишда ёки мунтазам бузганда;

сабабсиз 6 соат машғулотни қолдирганда;

саломатлиги туфайли (тиббий маълумотномага асосан);

доимий яшаш учун бошқа мамлакатга кўчиб кетганда;

номзодга нисбатан жиноий жазо тайинлаш бўйича суд ҳукми кучга кирганда;

вафот этганда.

20. Марказ номзоднинг махсус тайёргарликдан четлаштирилганлиги тўғрисида бир иш кунида Комиссияни ва тегишлилиги бўйича вазирликнинг ҳудудий органини хабардор қилади.

4-боб. Экология назоратчиси мақомига эга бўлиш

21. Махсус тайёргарликни тўлиқ якунлаган номзодларга якуний имтиҳондан ўтиш учун рухсат берилади.

22. Якуний имтиҳон масофавий шаклда якка тартибдаги суҳбат кўринишида Комиссия томонидан махсус тайёргарликдан ўтиш якунлангандан сўнг ўн беш иш кунида ўтказилади.

Суҳбат Комиссия аъзоларининг номзодларга берадиган саволларига оғзаки жавоб бериш орқали ўтказилади. Бунда ҳар бир номзодга махсус тайёргарликдан ўтиш бўйича тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари доирасида бешта савол берилади.

Якуний имтиҳон шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида суҳбат жараёни аудио ва видео тасвирга олинади.

23. Номзодлар беш баллик тизимда баҳоланади ҳамда имтиҳон жараёнида берилган бешта саволдан учтасига жавоб бера олмаса, Комиссиянинг қарорига мувофиқ имтиҳондан ўтмаган ҳисобланади.

Имтиҳон натижалари бўйича Комиссиянинг қарори имтиҳон якунлангандан сўнг уч иш кунида вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Номзод Комиссиянинг қароридан норози бўлган тақдирда, белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қилиши мумкин.

24. Якуний имтиҳон натижалари бўйича номзодларга вазирликнинг тегишли ҳудудий органлари томонидан ўн иш кунида сертификат ҳамда вазирнинг электрон рақамли имзоси (QR-код) билан тасдиқланган экология назоратчиси гувоҳномаси берилади.

Сертификат ва экология назоратчиси гувоҳномасининг амал қилиш муддати уч йилни ташкил этади ҳамда белгиланган муддат тугаганидан сўнг номзод қайта тайёрловдан ўтказилади.

25. Экология назоратчиси гувоҳномаси тартиб рақамга эга бўлади.

Экология назоратчиси гувоҳномаси ушбу Низомга 2 ва 3-иловалардаги шакл ва тавсиф бўйича уч йил муддатга берилади.

26. Экология назоратчиси гувоҳномасини олган фуқаро бу ҳақда вазирликнинг расмий веб-сайтидаги ҳисобга олиш саҳифасига электрон рақамли имзоси билан қайд этади. Бунда гувоҳнома рақами ҳисобга олишнинг электрон саҳифасидаги тартиб рақамга мос келиши керак.

27. Номзод гувоҳнома берилган кундан эътиборан экология назоратчиси мақомига эга бўлади ҳамда ўз фаолиятини ваколатли органлар билан ҳамкорликда амалга оширади.

5-боб. Экология назоратчиси фаолиятининг асосий йўналишлари

28. Экология назоратчиси ўз фаолиятини ваколатли органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширади:

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишда иштирок этиш;

атроф-муҳитнинг ҳолатини кузатиб бориш, атроф-муҳитнинг ифлосланишига, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишга олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига хавф солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлашда ваколатли органга, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўмаклашиш;

ваколатли органлар билан ҳамкорликда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишга доир ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, шунингдек, броконьерликка қарши курашиш;

табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини таъминлашга кўмаклашиш.

Экология назоратчиси ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўналишлар бўйича ҳам амалга ошириши мумкин.

29. Экология назоратчиси қуйидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаганда, ҳуқуқбузарлик бўйича далолатнома расмийлаштиради:

қаттиқ маиший, саноат, қурилиш ва бошқа чиқиндиларни белгиланмаган жойларга жойлаштириш, ташлаш ва оқизиш;

чиқиндиларни ёқиб юбориш ва бошқача ҳолатда атмосфера ҳавосини ифлослантириш;

автотранспорт воситаларини очиқ сув ҳавзалари (канал, коллектор, ариқлар) яқинида ювиш ҳамда оқова сувларни ушбу ҳавзага оқизиш;

дарёлар, сойлар ва каналларнинг муҳофаза зоналарида қум-шағал материалларини қазиб олиш жараёнини рухсатсиз ёки белгиланмаган жойда амалга ошириш;

жисмоний ва юридик шахслар фаолиятидан ҳосил бўлган оқова сувларни белгиланмаган жойларга оқизиш;

овчилик ва балиқчилик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар томонидан ов қилиш қоидалари бузилиши, ов ҳудудидан чиқиб кетилиши, ҳайвонлар рухсатномасиз овланиши, шунингдек, ов қуроли рухсатномаси мавжуд эмаслилиги;

ерни оқова сувлар ва чиқиндилар билан ифлослантириш;

дарахтларни ноқонуний кесиш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни ноқонуний йиғиш ва бошқа турдаги ўсимлик дунёсини йўқ қилишга олиб келадиган ҳолатлар.

30. Далолатномада экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги рухсат этувчи ҳужжатлар мавжудлиги, ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ҳамда уни содир этган шахс тўғрисида маълумотлар кўрсатилади.

31. Экология назоратчиси ушбу Низомнинг 29-бандида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлардан бирини аниқлаган тақдирда, Эконазорат электрон тизими орқали далолатномани расмийлаштириб, фото ёки видео тасвирни ва бошқа далилларни илова қилган ҳолда, ваколатли органларга дарҳол хабар беради.

6-боб. Экология назоратчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

32. Экология назоратчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолиятини амалга оширишда махсус билим ва кўникмаларга эга бўлиш учун бепул таълим олиш ва малакасини ошириш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликка юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб бориш;

ваколатли органлар томонидан давлат экологик назорати амалга оширилишида кузатувчи сифатида иштирок этиш;

экологик ҳуқуқбузарликни аниқлаш, тегишли далолатномани расмийлаштириш ва Эконазорат электрон тизимига киритиш;

аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан кўрилган чоралар юзасидан ахборот олиш, ҳуқуқбузарга жазо тайинлаш билан боғлиқ жараёнларда иштирок этиш;

«Яшил макон» ва бошқа платформалардан фойдаланиш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ишлар кўлами ва натижалари билан мунтазам танишиб бориш;

атроф-муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун бузилишини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот олиш учун тегишли давлат органларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ва (ёки) нодавлат нотижорат ташкилотининг мурожаатини тайёрлашда иштирок этиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш;

тегишли давлат органлари, ташкилотлар раҳбарларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши тўғрисидаги масалаларга доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш;

аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишларда иштирок этиш;

самарали фаолият учун белгиланган тартибда ва миқдорда ҳақ олиш.

33. Экология назоратчиси қуйидагиларни бажариши мажбур:

экологик назорат соҳасидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш;

ўз фаолиятини ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган принциплар асосида амалга ошириш;

экологик назоратни амалга оширишда экологик назоратнинг бошқа субъектларига кўмаклашиш;

экологик назоратнинг бошқа субъектлари вазифаларини бажармаслик.

Экология назоратчиси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.

7-боб. Экология назоратчисининг мақомини бекор қилиш тартиби

34. Экология назоратчисининг мақоми Комиссиянинг қарори билан қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

ўз аризасига биноан;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда ёки доимий яшаш учун бошқа мамлакатга кўчиб кетганда;

ушбу Низомнинг 32-бандида назарда тутилган ҳуқуқларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига йўл қўйганда ва мажбуриятларини бажармаганда;

фаолиятини давом эттириш имкониятини истисно этувчи жазога тортилганлигига доир суд ҳукми қонуний кучга кирганда, шунингдек, унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги суднинг ажрими чиқарилганда;

соғлиғи ҳолати бўйича (тиббий хулосага кўра) ўзига юкланган вазифа ва мажбуриятларини давом эттириш имкониятига эга бўлмаганда;

вафот этганда.

35. Ушбу Низомнинг 34-бандида назарда тутилган ҳолатлар аниқланган кундан бошлаб ўн иш кунида Комиссиянинг экология назоратчиси фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қарори қабул қилинади.

Экология назоратчисининг фаолияти Комиссиянинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан тугатилган деб ҳисобланади ва экология назоратчиси мақомининг бекор қилинишига сабаб бўлади.

36. Экология назоратчиси гувоҳномаси унинг мақоми бекор қилинганда ёки гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ваколатли органга қайтариб берилиши шарт.

37. Экология назоратчиси мақоми бекор қилинган фуқаро тўғрисидаги маълумотлар вазирликнинг расмий веб-сайтидаги ҳисобга олиш саҳифасидан чиқарилади.

8-боб. Экология назоратчиси фаолиятини молиялаштириш ва рағбатлантириш

38. Экология назоратчисини махсус тайёргарликдан ўтказиш бўйича харажатлар вазирликнинг Экология жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

39. Экология назоратчиси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолатларини аниқлаши ва зарур чоралар кўриши натижаларига кўра Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан пул мукофотлари билан қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:

дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида;

экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарлик бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдорида. Бунда ўн беш фоиз жарима миқдорининг беш фоизи Давлат экологик назорат инспекцияси инспекторини рағбатлантириш учун йўналтирилади.

40. Суд қарорига асосан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун ундирилган жарима (маблағ) бекор қилинганда, экология назоратчисини ҳамда Давлат экологик назорат инспекцияси инспекторини рағбатлантириш учун йўналтирилган маблағлар Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

41. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда алоҳида ташаббус кўрсатган экология назоратчилари вазирлик ҳудудий органлари таклифига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирланиши мумкин.

42. Экология назоратчиларига улар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, қонунчиликда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун жорий қилинган пенсияни ҳисоблаш учун иш стажини ҳисобга олиш тартиби татбиқ этилади.

9-боб. Якунловчи қоидалар

43. Экология назоратчиси фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки тўсқинлик қилиш, нотўғри маълумотни тақдим этиш ёки тақдим этишдан бўйин товлаш, шунингдек, уни қонунчилик ҳужжатлари билан юкланмаган вазифаларни бажаришга мажбурлаш ҳамда унга ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади.

44. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини олиш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Номзод Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини олиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаларига (кейинги ўринларда — вазирликнинг ҳудудий органлари) ёзма ариза ёки вазирликнинг расмий веб-сайти орқали электрон ариза билан мурожаат қилади. Хоҳишига кўра 2-босқич Вазирликнинг ҳудудий органлари 1. Аризаларни кўриб чиқади ва номзодларнинг рўйхатини вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини бериш комиссиясига (кейинги ўрниларда — Комиссия) тақдим этади. Ўн иш кунида 3-босқич Комиссия Номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади, уларнинг рўйхатини тасдиқлайди ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилади. Уч иш кунида 4-босқич Вазирлик Рўйхатни Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказига (кейинги ўринларда — Марказ) номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш учун юборади. Уч иш кунида 5-босқич Марказ 1. Номзодларни махсус тайёргарлик бошланиши тўғрисида хабардор қилади. Ўн кун аввал 2. Вазирлик томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида номзодларни масофавий таълим тарзида махсус тайёргарликдан ўтказади. 72 соат 6-босқич Комиссия 1. Махсус тайёргарлик якунлангандан сўнг номзодларни оғзаки суҳбат орқали якуний имтиҳондан ўтказади. Ўн беш иш кунида 2. Якуний имтиҳон натижаларини эълон қилади. Уч иш кунида 7-босқич Вазирликнинг ҳудудий органлари Номзодларга сертификат ва экология назоратчиси гувоҳномасини беради. Ўн иш кунида

Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Жамоатчилик экология назоратчиси гувоҳномасининг

Гувоҳноманинг олд қисми

Гувоҳноманинг орқа томони

Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Жамоатчилик экология назоратчиси гувоҳномасининг

Жамоатчилик экология назоратчисининг гувоҳномаси халқаро стандартлар бўйича асосида пластикдан тайёрланади. Пластикдан тайёрланган гувоҳнома ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади.

Гувоҳнома оч яшил рангли бўлади.

Лотин ёзувидаги давлат тилидан фойдаланилади.

Серияли рақами икки ҳарфли, номери олти рақамли.

Жамоатчилик экология назоратчиси гувоҳномасининг пластик шакли қуйидаги ҳимоя воситаларига эга:

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг логотипи тасвири шаклидаги голограмма, у нишабликнинг турлича бурчагида ўз шаклини ўзгартиради;

микроматн — «JAMOATCHILIK EKOLOGIYA NAZORATCHISI GUVOHNOMASI», ўлчами 30 микрон;

ультрабинафша қоплама;

жамоатчилик экология назоратчиси гувоҳномаси пластик шаклининг серияли рақамининг лазер ўйма нақши.

Жамоатчилик экология назоратчиси гувоҳномасининг олд томонида «JAMOATCHILIK EKOLOGIYA NAZORATCHISI GUVOHNOMASI», «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI EKOLOGIYA, ATROF-MUHITNI MUHOFAZA QILISH VA IQLIM OʻZGARISHI VAZIRLIGI» сўзлари ёзилган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган, жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси кетма-кет кўрсатилади), гувоҳнома берилган сана ва унинг амал қилиш муддати кўрсатилади, фотосурат учун жой назарда тутилган.

Орқа томонида «JAMOATCHILIK EKOLOGIYA NAZORATCHISI — davlat ekologik nazoratini amalga oshiruvchi organlarga ixtiyoriy asosda yordam beradigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi» сўзлари ёзилади ҳамда жамоатчилик экология назоратчисининг «ASOSIY VAZIFALARI» кўрсатилади.

Шунингдек, гувоҳноманинг орқа томонида Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини бериш комиссиясининг қарори тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Сўнги қисмда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг манзили, телефон рақамлари ёзилади.

Матннинг жойлашуви — горизонтал.

Гувоҳнома бланкалари жамоатчилик экология назоратчиси паспорти маълумотлари асосида компьютер ёрдамида тўлдирилади. Гувоҳнома матни қора рангда ёзилади.

Гувоҳнома бланкига барча зарур маълумотлар киритилганидан сўнг гувоҳнома эгасининг фотосурати ёпиштирилади.

Гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг электрон рақамли имзоси (QR-код) билан тасдиқланади.

Матн бир хил мазмунда, ўзбек тилида, лотин ёзувида тузилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 февралдаги 101-сон қарорига 2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир намунавий низомларни тасдиқлаш тўғрисида» 2015 йил 8 октябрдаги 287-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар

1. 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги намунавий низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин».

2. 1-иловада :

а) 8-банддаги «экологик назоратнинг жамоатчилик инспекторлари» сўзлари «жамоатчилик экология назоратчилари» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 17-банднинг ўн иккинчи хатбошисидаги «экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари» сўзлари «жамоатчилик экология назоратчилари» сўзлари билан алмаштирилсин;

в) 18-бандда :

биринчи хатбошидаги «экологик назоратнинг жамоатчилик инспекторларига» сўзлари «жамоатчилик экология назоратчиларига» сўзлари билан алмаштирилсин;

иккинчи хатбошидаги «экологик назоратнинг жамоатчилик инспекторлари» сўзлари «жамоатчилик экология назоратчилари» сўзлари билан алмаштирилсин;

г) 22-банднинг ўн иккинчи хатбошисидаги «экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари» сўзлари «жамоатчилик экология назоратчилари» сўзлари билан алмаштирилсин.

3. 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 февралдаги 101-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2017 йил 14 ноябрдаги 915-сон қарорига 1-илова 66-бандининг «в» кичик банди .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарорига 4-илова 27-бандининг «б» кичик банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2022 йил 9 августдаги 438-сон қарорига 1-илова 5-бандининг «б» кичик банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 24 февраль,

101-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.02.2024 й., 09/24/101/0153-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

SHAKLI

TAVSIFI

ROʻYXATI

Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohasini transformatsiya qilish va vakolatli davlat organi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 31-maydagi PF-81-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohasida jamoatchilik nazoratini tashkil etish, fuqarolarning bu boradagi faolligini oshirish hamda ularni ragʻbatlantirish mexanizmlarini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

jamoatchilik ekologiya nazoratchilarining maqomi, huquqlari va majburiyatlari;

jamoatchilik ekologiya nazoratchilari faoliyatining asosiy yoʻnalishlari;

jamoatchilik ekologiya nazoratchiligiga nomzodlarni maxsus tayyorgarlikdan oʻtkazish tartibi;

jamoatchilik ekologiya nazoratchilari maqomini tugatish tartibi.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi 2024-yil 1-iyunga qadar jamoatchilik ekologiya nazoratchiligiga nomzodlarni maxsus tayyorgarlikdan oʻtkazishni mustaqil taʼlim shaklida amalga oshirish tartibini joriy etsin.

3. Vazirlar Mahkamasining “Jamoatchilik ekologik nazoratini amalga oshirishga doir namunaviy nizomlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2015-yil 8-oktabrdagi 287-son qaroriga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlari 3-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-fevraldagi 101-son qaroriga 1-ILOVA

Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom jamoatchilik ekologiya nazoratchisi (keyingi oʻrinlarda — ekologiya nazoratchisi) faoliyatini tashkil qilish tartibi, uning maqomi, vazifasi, huquq va majburiyatlarini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — vazirlik), Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, viloyatlar hamda Toshkent shahar ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi boshqarmalari;

nomzod — Oʻzbekiston Respublikasi fuqaroligiga ega boʻlgan va 18 yoshga toʻlgan ekologiya nazoratchisi boʻlish istagini bildirgan jismoniy shaxs;

sertifikat — tasdiqlangan oʻquv rejasi va dasturlari asosida maxsus tayyorgarlikni toʻliq oʻzlashtirgandan soʻng yakuniy imtihonlardan muvaffaqiyatli oʻtganlikni tasdiqlovchi hujjat;

ekologiya nazoratchisi — davlat ekologik nazoratini amalga oshiruvchi organlarga jamoatchilik asosida ixtiyoriy asosda yordam beradigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi.

3. Ekologiya nazoratchisi oʻz faoliyatini qonuniylik, xolislik, mustaqillik va oshkoralik prinsiplari asosida amalga oshiradi.

4. Vazirlik ekologiya nazoratchilariga faoliyatini amalga oshirishda uslubiy yordam koʻrsatadi hamda koʻmaklashadi.

5. Ekologiya nazoratchisi maqomi mazkur Nizomga 1-ilovadagi sxema asosida beriladi.

2-bob. Nomzodlar roʻyxatini shakllantirish hamda ularni maxsus tayyorgarlikdan oʻtishga qabul qilish

6. Nomzodlar ekologiya nazoratchisi maqomini olish uchun maxsus tayyorgarlikdan oʻtishlari lozim.

Nomzodlar maxsus tayyorgarlikdan oʻtish uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi boshqarmalariga (keyingi oʻrinlarda — vazirlikning hududiy organlari) yozma ariza yoki vazirlikning rasmiy veb-sayti orqali elektron ariza bilan murojaat qiladi.

Arizaga fuqaroning biometrik pasporti (identifikatsiyalovchi ID-kartasi) nusxasi va 3x4 sm hajmdagi rangli fotosurat ilova qilinadi.

7. Nomzodlarning arizalari tegishliligi boʻyicha vazirlikning hududiy organlari tomonidan oʻn ish kunidan kechiktirmasdan koʻrib chiqiladi va ularning roʻyxati vazirlik huzurida tashkil etilgan Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi maqomini berish komissiyasiga (keyingi oʻrnilarda — Komissiya) taqdim etiladi.

8. Komissiya tarkibi vazirlik va Oʻzbekiston Ekologik partiyasi vakillari hamda ekologiya sohasidagi olimlardan shakllantiriladi. Vazir maslahatchisi Komissiya raisi hisoblandi.

Komissiya tarkibi va nizomi vazir tomonidan tasdiqlanadi.

Komissiya yigʻilishlari, agar ularning ishida barcha aʼzolar umumiy sonining yarmidan koʻpi ishtirok etsa, vakolatli hisoblanadi.

Komissiya oʻz faoliyatini kollegiallik, oshkoralik, xolislik va betaraflik prinsiplari asosida amalga oshiradi.

Komissiya yigʻilishlari zaruratga qarab, lekin yiliga kamida toʻrt marta oʻtkaziladi.

9. Komissiya nomzodlar tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni uch ish kunida koʻrib chiqib, ularning roʻyxatini tasdiqlaydi va vazirlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi.

10. Ushbu Nizomning 6-bandida koʻrsatilgan hujjatlar (maʼlumotlar) toʻliq taqdim etilmaganda, nomzodga kamchiliklarni bartaraf etish uchun uch kun muddat beriladi. Belgilangan muddatda hujjatlar toʻliq taqdim etilmagan taqdirda, Komissiya nomzodning maxsus tayyorgarlikdan oʻtishini rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi hamda bu haqda nomzodni uch ish kunida yozma ravishda xabardor qiladi.

11. Vazirlik nomzodlar roʻyxatini uch ish kunida Markaziy Osiyo atrof-muhit va iqlim oʻzgarishini oʻrganish universiteti huzuridagi Atrof-muhitni muhofaza qilish sohasidagi xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markaziga (keyingi oʻrinlarda — Markaz) ularni maxsus tayyorgarlikdan oʻtkazish uchun yuboradi.

3-bob. Nomzodlarni maxsus tayyorgarlikdan oʻtkazish tartibi

12. Nomzodlar vazirlik tomonidan tasdiqlangan oʻquv rejasi va dasturlari asosida Markaz tomonidan bepul maxsus tayyorgarlikdan oʻtkaziladi. Nomzodlarning maxsus tayyorgarligi ularning talab va istaklaridan kelib chiqib, masofaviy taʼlim tarzida amalga oshirilishi mumkin. Bunda nomzodlarni maxsus tayyorgarlikdan oʻtkazganlik uchun Markazning murabbiy va oʻqituvchilariga haq toʻlash vazirlikning Ekologiya jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.

13. Oʻquv jarayoni oʻquv guruhlariga boʻlingan holda, Markaz rahbari tomonidan tasdiqlangan mashgʻulotlar jadvali asosida amalga oshiriladi.

14. Maxsus tayyorgarlikning muddati 72 soatni tashkil etadi.

15. Markaz nomzodlarni maxsus tayyorgarlik boshlanishidan oʻn kun avval maxsus tayyorgarlikni oʻtkazish muddatlari toʻgʻrisida xabardor qiladi.

16. Maxsus tayyorgarlikni oʻtkazish jarayonida nomzodlarga ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohasidagi qonunchilik hujjatlari, tabiatni muhofaza qilish faoliyati samaradorligini oshirishga qaratilgan jamoatchilik nazorati toʻgʻrisida, davlat ekologik dasturlari va boshqa ekologik tadbirlarning amalga oshirilishida fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari va fuqarolarning ishtiroki, shuningdek, ekologiya nazoratchisining huquq va majburiyatlari, jamoatchilik ekologiya nazorati natijalarini rasmiylashtirish tartibi hamda ekologiya sohasidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik yuzasidan tayanch tushuncha va bilimlar beriladi.

17. Nomzodlarni maxsus tayyorgarlikdan oʻtkazish jarayoniga tegishli oliy taʼlim tashkilotlari oʻqituvchilari, ilmiy tashkilotlar xodimlari, vazirlik tizimi xodimlari va boshqa mutasaddi tashkilotlar, shuningdek, ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish yoʻnalishidagi nodavlat notijorat tashkilotlarining tajribali mutaxassislari belgilangan tartibda shartnoma asosida jalb qilinishi mumkin.

18. Nomzod maxsus tayyorgarlikda uzrli sabablarga koʻra qatnasha olmagan taqdirda, u olti oy ichida navbatdagi maxsus tayyorgarlikka qabul qilish toʻgʻrisida ariza bilan Komissiyaga murojaat qilishi mumkin.

Komissiya nomzodning arizasini qonunchilikda belgilangan muddatlarda koʻrib chiqib, navbatdagi maxsus tayyorgarlikdan oʻtishi lozim boʻlgan nomzodlar roʻyxatiga kiritadi va vazirlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinishini taʼminlaydi.

19. Nomzodlar quyidagi hollarda maxsus tayyorgarlikdan chetlashtiriladi:

oʻz xohishiga binoan;

Markazning ichki meʼyor va odob-axloq qoidalarini bir marta qoʻpol ravishda yoki muntazam buzganda;

sababsiz 6 soat mashgʻulotni qoldirganda;

salomatligi tufayli (tibbiy maʼlumotnomaga asosan);

doimiy yashash uchun boshqa mamlakatga koʻchib ketganda;

nomzodga nisbatan jinoiy jazo tayinlash boʻyicha sud hukmi kuchga kirganda;

vafot etganda.

20. Markaz nomzodning maxsus tayyorgarlikdan chetlashtirilganligi toʻgʻrisida bir ish kunida Komissiyani va tegishliligi boʻyicha vazirlikning hududiy organini xabardor qiladi.

4-bob. Ekologiya nazoratchisi maqomiga ega boʻlish

21. Maxsus tayyorgarlikni toʻliq yakunlagan nomzodlarga yakuniy imtihondan oʻtish uchun ruxsat beriladi.

22. Yakuniy imtihon masofaviy shaklda yakka tartibdagi suhbat koʻrinishida Komissiya tomonidan maxsus tayyorgarlikdan oʻtish yakunlangandan soʻng oʻn besh ish kunida oʻtkaziladi.

Suhbat Komissiya aʼzolarining nomzodlarga beradigan savollariga ogʻzaki javob berish orqali oʻtkaziladi. Bunda har bir nomzodga maxsus tayyorgarlikdan oʻtish boʻyicha tasdiqlangan oʻquv rejasi va dasturlari doirasida beshta savol beriladi.

Yakuniy imtihon shaffof oʻtkazilishini taʼminlash maqsadida suhbat jarayoni audio va video tasvirga olinadi.

23. Nomzodlar besh ballik tizimda baholanadi hamda imtihon jarayonida berilgan beshta savoldan uchtasiga javob bera olmasa, Komissiyaning qaroriga muvofiq imtihondan oʻtmagan hisoblanadi.

Imtihon natijalari boʻyicha Komissiyaning qarori imtihon yakunlangandan soʻng uch ish kunida vazirlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

Nomzod Komissiyaning qaroridan norozi boʻlgan taqdirda, belgilangan tartibda yuqori turuvchi organga yoki sudga murojaat qilishi mumkin.

24. Yakuniy imtihon natijalari boʻyicha nomzodlarga vazirlikning tegishli hududiy organlari tomonidan oʻn ish kunida sertifikat hamda vazirning elektron raqamli imzosi (QR-kod) bilan tasdiqlangan ekologiya nazoratchisi guvohnomasi beriladi.

Sertifikat va ekologiya nazoratchisi guvohnomasining amal qilish muddati uch yilni tashkil etadi hamda belgilangan muddat tugaganidan soʻng nomzod qayta tayyorlovdan oʻtkaziladi.

25. Ekologiya nazoratchisi guvohnomasi tartib raqamga ega boʻladi.

Ekologiya nazoratchisi guvohnomasi ushbu Nizomga 2 va 3-ilovalardagi shakl va tavsif boʻyicha uch yil muddatga beriladi.

26. Ekologiya nazoratchisi guvohnomasini olgan fuqaro bu haqda vazirlikning rasmiy veb-saytidagi hisobga olish sahifasiga elektron raqamli imzosi bilan qayd etadi. Bunda guvohnoma raqami hisobga olishning elektron sahifasidagi tartib raqamga mos kelishi kerak.

27. Nomzod guvohnoma berilgan kundan eʼtiboran ekologiya nazoratchisi maqomiga ega boʻladi hamda oʻz faoliyatini vakolatli organlar bilan hamkorlikda amalga oshiradi.

5-bob. Ekologiya nazoratchisi faoliyatining asosiy yoʻnalishlari

28. Ekologiya nazoratchisi oʻz faoliyatini vakolatli organlar, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari hamda nodavlat notijorat tashkilotlari bilan hamkorlikda quyidagi asosiy yoʻnalishlar boʻyicha amalga oshiradi:

atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan oqilona foydalanish sohasidagi qonunchilik hujjatlari talablari buzilishining oldini olish, uni aniqlash va unga chek qoʻyishda ishtirok etish;

atrof-muhitning holatini kuzatib borish, atrof-muhitning ifloslanishiga, tabiiy resurslardan nooqilona foydalanilishga olib kelishi, fuqarolarning hayoti, sogʻligʻi va mol-mulkiga xavf solishi mumkin boʻlgan vaziyatlarni aniqlashda vakolatli organga, shu jumladan, huquqni muhofaza qilish organlariga koʻmaklashish;

vakolatli organlar bilan hamkorlikda ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan foydalanishga doir huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshirish, shuningdek, brokonyerlikka qarshi kurashish;

tabiatni muhofaza qilish faoliyatining samaradorligini oshirish hamda davlat ekologik dasturlari va boshqa ekologik dasturlarning amalga oshirilishida fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari va fuqarolarning ishtirokini taʼminlashga koʻmaklashish.

Ekologiya nazoratchisi oʻz faoliyatini qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa yoʻnalishlar boʻyicha ham amalga oshirishi mumkin.

29. Ekologiya nazoratchisi quyidagi huquqbuzarliklarni aniqlaganda, huquqbuzarlik boʻyicha dalolatnoma rasmiylashtiradi:

qattiq maishiy, sanoat, qurilish va boshqa chiqindilarni belgilanmagan joylarga joylashtirish, tashlash va oqizish;

chiqindilarni yoqib yuborish va boshqacha holatda atmosfera havosini ifloslantirish;

avtotransport vositalarini ochiq suv havzalari (kanal, kollektor, ariqlar) yaqinida yuvish hamda oqova suvlarni ushbu havzaga oqizish;

daryolar, soylar va kanallarning muhofaza zonalarida qum-shagʻal materiallarini qazib olish jarayonini ruxsatsiz yoki belgilanmagan joyda amalga oshirish;

jismoniy va yuridik shaxslar faoliyatidan hosil boʻlgan oqova suvlarni belgilanmagan joylarga oqizish;

ovchilik va baliqchilik faoliyati bilan shugʻullanuvchi fuqarolar tomonidan ov qilish qoidalari buzilishi, ov hududidan chiqib ketilishi, hayvonlar ruxsatnomasiz ovlanishi, shuningdek, ov quroli ruxsatnomasi mavjud emasliligi;

yerni oqova suvlar va chiqindilar bilan ifloslantirish;

daraxtlarni noqonuniy kesish, yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarni noqonuniy yigʻish va boshqa turdagi oʻsimlik dunyosini yoʻq qilishga olib keladigan holatlar.

30. Dalolatnomada ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohasidagi ruxsat etuvchi hujjatlar mavjudligi, huquqbuzarlik sodir etilgan joy, vaqt hamda uni sodir etgan shaxs toʻgʻrisida maʼlumotlar koʻrsatiladi.

31. Ekologiya nazoratchisi ushbu Nizomning 29-bandida koʻrsatilgan huquqbuzarliklardan birini aniqlagan taqdirda, Ekonazorat elektron tizimi orqali dalolatnomani rasmiylashtirib, foto yoki video tasvirni va boshqa dalillarni ilova qilgan holda, vakolatli organlarga darhol xabar beradi.

6-bob. Ekologiya nazoratchisining huquq va majburiyatlari

32. Ekologiya nazoratchisi quyidagi huquqlarga ega:

oʻz faoliyatini amalga oshirishda maxsus bilim va koʻnikmalarga ega boʻlish uchun bepul taʼlim olish va malakasini oshirish;

atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan oqilona foydalanish sohasidagi qonunchilikka yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan rioya etilishini kuzatib borish;

vakolatli organlar tomonidan davlat ekologik nazorati amalga oshirilishida kuzatuvchi sifatida ishtirok etish;

ekologik huquqbuzarlikni aniqlash, tegishli dalolatnomani rasmiylashtirish va Ekonazorat elektron tizimiga kiritish;

aniqlangan huquqbuzarliklarga nisbatan koʻrilgan choralar yuzasidan axborot olish, huquqbuzarga jazo tayinlash bilan bogʻliq jarayonlarda ishtirok etish;

“Yashil makon” va boshqa platformalardan foydalanish hamda sohada amalga oshirilayotgan ishlar koʻlami va natijalari bilan muntazam tanishib borish;

atrof-muhitning holati, tabiiy resurslardan oqilona foydalanish, mazkur sohadagi qonun buzilishini bartaraf etish boʻyicha amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar toʻgʻrisida axborot olish uchun tegishli davlat organlariga fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi va (yoki) nodavlat notijorat tashkilotining murojaatini tayyorlashda ishtirok etish;

atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan oqilona foydalanish masalalari boʻyicha jamoatchilik fikrini oʻrganish, jamoatchilik ekologik ekspertizasini oʻtkazishda ishtirok etish;

tegishli davlat organlari, tashkilotlar rahbarlarining atrof-muhitni muhofaza qilish, hududning sanitariya holati, obodonlashtirilishi hamda koʻkalamzorlashtirilishi toʻgʻrisidagi masalalarga doir axboroti hamda hisobotlarini eshitishda ishtirok etish;

aholining ekologik madaniyatini oshirish, ekologik taʼlim va tarbiyani rivojlantirishga doir ishlarda ishtirok etish;

samarali faoliyat uchun belgilangan tartibda va miqdorda haq olish.

33. Ekologiya nazoratchisi quyidagilarni bajarishi majbur:

ekologik nazorat sohasidagi qonunchilik talablariga qatʼiy rioya etish;

oʻz faoliyatini ushbu Nizomning 3-bandida koʻrsatilgan prinsiplar asosida amalga oshirish;

ekologik nazoratni amalga oshirishda ekologik nazoratning boshqa subyektlariga koʻmaklashish;

ekologik nazoratning boshqa subyektlari vazifalarini bajarmaslik.

Ekologiya nazoratchisi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquq va majburiyatlarga ega boʻlishi mumkin.

7-bob. Ekologiya nazoratchisining maqomini bekor qilish tartibi

34. Ekologiya nazoratchisining maqomi Komissiyaning qarori bilan quyidagi hollarda bekor qilinadi:

oʻz arizasiga binoan;

Oʻzbekiston Respublikasi fuqaroligini yoʻqotganda yoki doimiy yashash uchun boshqa mamlakatga koʻchib ketganda;

ushbu Nizomning 32-bandida nazarda tutilgan huquqlarini suiisteʼmol qilish holatlariga yoʻl qoʻyganda va majburiyatlarini bajarmaganda;

faoliyatini davom ettirish imkoniyatini istisno etuvchi jazoga tortilganligiga doir sud hukmi qonuniy kuchga kirganda, shuningdek, unga nisbatan tibbiy yoʻsindagi majburlov choralarini qoʻllash toʻgʻrisidagi sudning ajrimi chiqarilganda;

sogʻligʻi holati boʻyicha (tibbiy xulosaga koʻra) oʻziga yuklangan vazifa va majburiyatlarini davom ettirish imkoniyatiga ega boʻlmaganda;

vafot etganda.

35. Ushbu Nizomning 34-bandida nazarda tutilgan holatlar aniqlangan kundan boshlab oʻn ish kunida Komissiyaning ekologiya nazoratchisi faoliyatini tugatish toʻgʻrisidagi qarori qabul qilinadi.

Ekologiya nazoratchisining faoliyati Komissiyaning qarori qabul qilingan kundan eʼtiboran tugatilgan deb hisoblanadi va ekologiya nazoratchisi maqomining bekor qilinishiga sabab boʻladi.

36. Ekologiya nazoratchisi guvohnomasi uning maqomi bekor qilinganda yoki guvohnomaning amal qilish muddati tugagandan soʻng vakolatli organga qaytarib berilishi shart.

37. Ekologiya nazoratchisi maqomi bekor qilingan fuqaro toʻgʻrisidagi maʼlumotlar vazirlikning rasmiy veb-saytidagi hisobga olish sahifasidan chiqariladi.

8-bob. Ekologiya nazoratchisi faoliyatini moliyalashtirish va ragʻbatlantirish

38. Ekologiya nazoratchisini maxsus tayyorgarlikdan oʻtkazish boʻyicha xarajatlar vazirlikning Ekologiya jamgʻarmasi mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

39. Ekologiya nazoratchisi ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish toʻgʻrisidagi qonunchilik talablari buzilganligi holatlarini aniqlashi va zarur choralar koʻrishi natijalariga koʻra Ekologiya jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan pul mukofotlari bilan quyidagi tartibda ragʻbatlantiriladi:

daraxtlar, butalar, boshqa oʻsimliklar va nihollarni qonunga xilof ravishda kesish, kundakov qilish, shikastlantirish, yoʻq qilish yoki boshqa joyga koʻchirib oʻtkazish boʻyicha — huquqbuzardan undirilgan mablagʻlar hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida;

ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiatdan foydalanish sohasidagi boshqa huquqbuzarlik boʻyicha — huquqbuzardan undirilgan jarima miqdorining oʻn besh foizi miqdorida. Bunda oʻn besh foiz jarima miqdorining besh foizi Davlat ekologik nazorat inspeksiyasi inspektorini ragʻbatlantirish uchun yoʻnaltiriladi.

40. Sud qaroriga asosan ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish toʻgʻrisidagi qonunchilik talablarini buzganlik uchun undirilgan jarima (mablagʻ) bekor qilinganda, ekologiya nazoratchisini hamda Davlat ekologik nazorat inspeksiyasi inspektorini ragʻbatlantirish uchun yoʻnaltirilgan mablagʻlar Ekologiya jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi.

41. Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish, tabiatni asrash hamda tabiiy resurslardan oqilona foydalanishda alohida tashabbus koʻrsatgan ekologiya nazoratchilari vazirlik hududiy organlari taklifiga koʻra qonunchilikda belgilangan tartibda “Tabiat himoyachisi” koʻkrak nishoni bilan taqdirlanishi mumkin.

42. Ekologiya nazoratchilariga ular tomonidan bazaviy hisoblash miqdorining 50 foizi miqdorida Budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasiga ijtimoiy soliq toʻlangan taqdirda, qonunchilikda oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar uchun joriy qilingan pensiyani hisoblash uchun ish stajini hisobga olish tartibi tatbiq etiladi.

9-bob. Yakunlovchi qoidalar

43. Ekologiya nazoratchisi faoliyatiga noqonuniy aralashish yoki toʻsqinlik qilish, notoʻgʻri maʼlumotni taqdim etish yoki taqdim etishdan boʻyin tovlash, shuningdek, uni qonunchilik hujjatlari bilan yuklanmagan vazifalarni bajarishga majburlash hamda unga har qanday shaklda taʼsir koʻrsatish taqiqlanadi.

44. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javob beradilar.

Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi maqomini olish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Nomzod Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi maqomini olish boʻyicha maxsus tayyorgarlikdan oʻtish uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi boshqarmalariga (keyingi oʻrinlarda — vazirlikning hududiy organlari) yozma ariza yoki vazirlikning rasmiy veb-sayti orqali elektron ariza bilan murojaat qiladi. Xohishiga koʻra 2-bosqich Vazirlikning hududiy organlari 1. Arizalarni koʻrib chiqadi va nomzodlarning roʻyxatini vazirlik huzuridagi Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi maqomini berish komissiyasiga (keyingi oʻrnilarda — Komissiya) taqdim etadi. Oʻn ish kunida 3-bosqich Komissiya Nomzodlarning hujjatlarini koʻrib chiqadi, ularning roʻyxatini tasdiqlaydi hamda vazirlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi. Uch ish kunida 4-bosqich Vazirlik Roʻyxatni Atrof-muhitni muhofaza qilish sohasidagi xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markaziga (keyingi oʻrinlarda — Markaz) nomzodlarni maxsus tayyorgarlikdan oʻtkazish uchun yuboradi. Uch ish kunida 5-bosqich Markaz 1. Nomzodlarni maxsus tayyorgarlik boshlanishi toʻgʻrisida xabardor qiladi. Oʻn kun avval 2. Vazirlik tomonidan tasdiqlangan oʻquv rejasi va dasturlari asosida nomzodlarni masofaviy taʼlim tarzida maxsus tayyorgarlikdan oʻtkazadi. 72 soat 6-bosqich Komissiya 1. Maxsus tayyorgarlik yakunlangandan soʻng nomzodlarni ogʻzaki suhbat orqali yakuniy imtihondan oʻtkazadi. Oʻn besh ish kunida 2. Yakuniy imtihon natijalarini eʼlon qiladi. Uch ish kunida 7-bosqich Vazirlikning hududiy organlari Nomzodlarga sertifikat va ekologiya nazoratchisi guvohnomasini beradi. Oʻn ish kunida

Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi guvohnomasining

Guvohnomaning old qismi

Guvohnomaning orqa tomoni

Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi guvohnomasining

Jamoatchilik ekologiya nazoratchisining guvohnomasi xalqaro standartlar boʻyicha asosida plastikdan tayyorlanadi. Plastikdan tayyorlangan guvohnoma oʻlchami 54x86 millimetrni tashkil etadi.

Guvohnoma och yashil rangli boʻladi.

Lotin yozuvidagi davlat tilidan foydalaniladi.

Seriyali raqami ikki harfli, nomeri olti raqamli.

Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi guvohnomasining plastik shakli quyidagi himoya vositalariga ega:

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining logotipi tasviri shaklidagi gologramma, u nishablikning turlicha burchagida oʻz shaklini oʻzgartiradi;

mikromatn — “JAMOATCHILIK EKOLOGIYA NAZORATCHISI GUVOHNOMASI”, oʻlchami 30 mikron;

ultrabinafsha qoplama;

jamoatchilik ekologiya nazoratchisi guvohnomasi plastik shaklining seriyali raqamining lazer oʻyma naqshi.

Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi guvohnomasining old tomonida “JAMOATCHILIK EKOLOGIYA NAZORATCHISI GUVOHNOMASI”, “OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI EKOLOGIYA, ATROF-MUHITNI MUHOFAZA QILISH VA IQLIM OʻZGARISHI VAZIRLIGI” soʻzlari yozilgan, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bayrogʻining tasviri tushirilgan, jamoatchilik ekologiya nazoratchisi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (familiyasi, ismi, otasining ismi, tugʻilgan sanasi ketma-ket koʻrsatiladi), guvohnoma berilgan sana va uning amal qilish muddati koʻrsatiladi, fotosurat uchun joy nazarda tutilgan.

Orqa tomonida “JAMOATCHILIK EKOLOGIYA NAZORATCHISI — davlat ekologik nazoratini amalga oshiruvchi organlarga ixtiyoriy asosda yordam beradigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi” soʻzlari yoziladi hamda jamoatchilik ekologiya nazoratchisining “ASOSIY VAZIFALARI” koʻrsatiladi.

Shuningdek, guvohnomaning orqa tomonida Jamoatchilik ekologiya nazoratchisi maqomini berish komissiyasining qarori toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi.

Soʻngi qismda Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining manzili, telefon raqamlari yoziladi.

Matnning joylashuvi — gorizontal.

Guvohnoma blankalari jamoatchilik ekologiya nazoratchisi pasporti maʼlumotlari asosida kompyuter yordamida toʻldiriladi. Guvohnoma matni qora rangda yoziladi.

Guvohnoma blankiga barcha zarur maʼlumotlar kiritilganidan soʻng guvohnoma egasining fotosurati yopishtiriladi.

Guvohnoma Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirining elektron raqamli imzosi (QR-kod) bilan tasdiqlanadi.

Matn bir xil mazmunda, oʻzbek tilida, lotin yozuvida tuziladi.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-fevraldagi 101-son qaroriga 2-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining “Jamoatchilik ekologik nazoratini amalga oshirishga doir namunaviy nizomlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2015-yil 8-oktabrdagi 287-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirishlar

1. 1-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Jamoatchilik ekologik nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin”.

2. 1-ilovada :

a) 8-banddagi “ekologik nazoratning jamoatchilik inspektorlari” soʻzlari “jamoatchilik ekologiya nazoratchilari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

b) 17-bandning oʻn ikkinchi xatboshisidagi “ekologik nazoratning jamoatchi inspektorlari” soʻzlari “jamoatchilik ekologiya nazoratchilari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

v) 18-bandda :

birinchi xatboshidagi “ekologik nazoratning jamoatchilik inspektorlariga” soʻzlari “jamoatchilik ekologiya nazoratchilariga” soʻzlari bilan almashtirilsin;

ikkinchi xatboshidagi “ekologik nazoratning jamoatchilik inspektorlari” soʻzlari “jamoatchilik ekologiya nazoratchilari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

g) 22-bandning oʻn ikkinchi xatboshisidagi “ekologik nazoratning jamoatchi inspektorlari” soʻzlari “jamoatchilik ekologiya nazoratchilari” soʻzlari bilan almashtirilsin.

3. 2-ilova oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-fevraldagi 101-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2017-yil 14-noyabrdagi 915-son qaroriga 1-ilova 66-bandining “v” kichik bandi .

2. Vazirlar Mahkamasining “Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni roʻyxatga olish tartibini soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 28-sentabrdagi 593-son qaroriga 4-ilova 27-bandining “b” kichik bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oila va xotin-qizlar bilan ishlash, mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash tizimi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2022-yil 9-avgustdagi 438-son qaroriga 1-ilova 5-bandining “b” kichik bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 24-fevral,

101-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.02.2024-y., 09/24/101/0153-son)

lex.uz