📅 2024-yil 27-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 27-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 27 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 27 марта 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 27 March 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илмий-методик ва тадқиқот ишлари сифатини ошириш орқали таълим тизимини комплекс ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 20 апрелдаги ПҚ-128-сон қарорига мувофиқ давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини таълим соҳасидаги халқаро стандартлар талаблари асосида ишлаб чиқиш ва жорий этиш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларининг мақсади, вазифалари ва принциплари;
давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш учун қўйиладиган талаблар ҳамда таълимнинг стандартлаштириладиган турлари;
давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини, малака талаблари, намунавий (таянч) ўқув режа ва дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва жорий этиш тартиби.
2. Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази:
а) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда илғор хорижий давлатларнинг тажрибалари асосида таълим турларининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаган ҳолда мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимнинг ўқув режа ва дастурларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
б) 2024 йил 1 августга қадар қуйидагиларни тасдиқлашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим турлари ўқув дастурларининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш концепцияси;
таълим натижаларини баҳолаш, таълим сифати ва самарадорлигини мониторинг қилиш, таълим сиёсатида далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш амалиётини жорий этиш мақсадида умумий ўрта таълимда баҳолаш концепцияси;
в) 2024 йил 1 октябрга қадар таълим соҳасидаги атамаларнинг халқаро даражада қабул қилинган атамаларга мувофиқлигини таъминлаган ҳолда «Узлуксиз таълим тизимининг изоҳли луғати»ни ишлаб чиқсин ва уни мунтазам равишда янгилаб борсин;
г) таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган таҳлилий ва амалий тадқиқотлар ўтказсин ҳамда тадқиқотлар натижаларини мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борсин.
3. Белгилансинки:
а) давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари, ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқишда қуйидагилар инобатга олинади:
тегишли таълим босқичи якунида таълим олувчиларда шаклланиши лозим бўлган компетенцияларни давлат, жамият ва меҳнат бозори талабларини инобатга олган ҳолда белгилаш;
таълим турлари узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш, мақсад ва вазифаларни таълим натижадорлигига йўналтириш;
таълим олувчиларда атроф муҳитни асраб-авайлаш ва муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш масъулиятини шакллантириш;
б) таълим натижаларининг халқаро миқёсда тан олинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасида мавжуд таълим турлари ЮНЕСКОнинг «Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи» даражалари билан мувофиқлаштирилади.
4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази билан биргаликда 2024 йил 1 августга қадар Таълим соҳасида ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни назарда тутувчи «dts.uz» — Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларининг ягона очиқ муҳокама порталини ишга туширсин:
давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари, шунингдек, малака талабларини 15 кун муддатда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш;
давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларининг регистри ва уларнинг матнлари билан эркин танишиш;
давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар бериш;
«очиқ майдон» тамойили асосида ва реал вақт режимида давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.
5. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимида таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич ушбу қарор асосида тегишлича таълим турлари бўйича давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари, ўқув режа ва ўқув дастурларини белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.
6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларининг синов материалларини умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимнинг янгиланган давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва ўқув дастурларига мувофиқ тайёрласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Ў. Умарова ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 мартдаги 157-сон қарорига 1-ИЛОВА
Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом таълимнинг барча турлари учун давлат таълим стандартлари, шу жумладан, мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти ҳамда давлат таълим талабларини (кейинги ўринларда — таълим стандартлари) ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат таълим стандартлари — давлат томонидан таълимнинг мазмуни ва сифатига нисбатан белгиланадиган талаблар мажмуи;
давлат таълим талаблари — таълимнинг тузилмасига, мазмунига ва уни амалга ошириш шарт-шароитларига, шунингдек, таълим олувчиларнинг жисмоний, шахсий, интеллектуал, илмий ҳамда касбий сифатларига қўйиладиган мажбурий талаблар;
мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти — таълим-тарбия жараёнининг ҳажмига, мазмунига ва сифатига, мактабгача таълим ташкилотини қуриш ва жиҳозлашга, шунингдек, мактабгача ёшдаги болаларнинг соғлом овқатланишини ва хавфсизлигини ташкил этишга доир мажбурий талаблар мажмуи;
ўқитиш натижалари — ўқув жараёнининг маълум босқичи якуни бўйича таълим олувчи баҳоланадиган компетенциялар.
3. Таълим стандартлари таълим ташкилотларида таълим жараёнини ташкил этиш ва баҳолаш учун асос ҳисобланади.
4. Таълим стандартлари ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ишлаб чиқилади ва жорий этилади.
2-боб. Таълим стандартларининг мақсади, асосий вазифалари ва принциплари
5. Таълим стандартларининг мақсади — таълим ва ўқитиш сифатига, таълим мазмунига, таълим олувчилар ҳамда уларнинг тайёргарлик даражасига, таълим даражасидаги компетенциялар ва натижаларга, бериладиган малакаларга, талаб қилинадиган ўқув юкламаси ва фаолияти ҳажмига ва баҳолаш механизмларига қўйиладиган талабларни белгилаш ҳисобланади.
6. Таълим стандартларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
таълимнинг мазмуни ва сифатига қўйиладиган талабларни белгилаш;
таълимнинг турлари, мазмуни, таълим ва тарбиянинг ўзаро боғлиқлиги, таълим тизимида узвийлик ва узлуксизликни таъминлаш;
ўқитиш натижаларини баҳолаш тартиби, таълим ва тарбия сифатини назорат қилишни такомиллаштириш;
таълим турлари, босқичларининг ўзаро узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш;
миллий стандартлар талабларининг таълим сифати ва кадрлар тайёрлашга нисбатан халқаро талабларга мувофиқлигини таъминлаш.
7. Таълим стандартларининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
давлат, жамият, меҳнат бозори ва шахс эҳтиёжларига мослиги;
таълим ва тарбиянинг яхлитлиги, барча учун тенг ва кафолатланганлиги;
таълим турлари ва босқичлари ўртасида узлуксизлик ва таълим мазмуни узвийлигининг таъминланганлиги;
гендер тенглик ва инклюзив таълим олиш ҳуқуқларининг таъминланганлиги;
таълим олувчиларга йўналтирилганлиги ва таълим олувчилар шахси, уларнинг интилишлари, қобилиятлари ҳамда қизиқишларининг инобатга олинганлиги;
Ўзбекистон таълим сиёсатини ҳисобга олган ҳолда хорижий мамлакатларнинг таълим соҳасидаги тажрибаларидан фойдаланилганлиги.
8. Қуйидагилар таълим стандартларини ишлаб чиқишга қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади:
маданий ва тарихий мерос анъаналари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, давлат талаблари ва жамият эҳтиёжларини ҳисобга олиш;
таълим олувчиларда мустақил фикрлаш, ватанга фидойилик ва миллий ғурур ҳиссини сингдириш ҳамда ўз мажбуриятларини масъулият билан бажариш бўйича зарур билим ва кўникмаларни ривожлантириш;
таълим олувчилар онгига Ватан туйғусини сингдириш;
кадрларни мақсадли ва сифатли тайёрлаш учун таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш;
таълим олувчиларнинг ўқитиш натижаларига аниқ талабларни белгилаш ҳамда унинг меъёрлари ва талаблари бузилишининг олдини олиш;
таълим олувчиларда атроф муҳитни асраб-авайлаш ва муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш;
таълим турлари ва босқичларини халқаро миқёсда тан олинган мезонлар бўйича таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш;
таълим олувчиларнинг қобилият ва эҳтиёжлари асосида индивидуал ривожланиш ҳамда дифференциал ёндашув асосида таълим олиш имкониятларини яратиш;
вариатив ва инвариатив компонентларни жорий этиш орқали таълим жараёнини тизимлаштириш;
меҳнат бозори талабларига мувофиқ кадрларни тайёрлашда халқаро тажрибани инобатга олиш.
3-боб. Таълимнинг стандартлаштириладиган турлари
9. Таълим турлари бўйича қуйидаги таълим стандартлари ишлаб чиқилади:
мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти;
умумий ўрта таълим, ўрта махсус таълим, профессионал таълим, олий таълимнинг давлат таълим стандартлари;
олий таълимдан кейинги таълимнинг, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг, шунингдек қўшимча таълимнинг давлат таълим талаблари.
10. Таълим турлари бўйича давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини таълим соҳасидаги халқаро стандартлар талабларига мослаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг таълим босқичлари ЮНЕСКОнинг «Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (International Standard Classification of Education (ISCED-2011)» (кейинги ўринларда — Халқаро таснифлагич) даражалари билан мазкур Низомга 2-иловага асосан мувофиқлиги таъминланади.
11. Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти Халқаро таснифлагичнинг 0-даражасидаги (кичик ёшдаги болалар таълими) белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқилади.
Ушбу стандарт эрта когнитив, жисмоний, ижтимоий ва эмоционал каби шаклланиши лозим бўлган кўникмалар ягона шаклда ишлаб чиқилиши, болаларни бошланғич таълимга қабул қилиш ҳамда академик тайёрлаш учун зарур бўлган кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилиши керак.
12. Бошланғич таълимнинг давлат таълим стандарти Халқаро таснифлагичнинг 1-даражасидаги (бошланғич таълим) белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқилади ва I — IV синфларни қамраб олади.
Мазкур стандарт ўқиш, ёзиш, асосий математик кўникмалар (саводхонлик ва ҳисоблаш), шахсий ва ижтимоий ривожланишнинг асосий соҳаларини ўрганиш ва тушуниш учун мустаҳкам пойдевор яратишга қаратилади.
13. Таянч ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти Халқаро таснифлагичнинг 2-даражасидаги (ўрта таълимнинг биринчи босқичи) белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқилади ва V — IX синфларни қамраб олади. Таянч ўрта таълим битирувчилари (IX синф) Ўзбекистон Республикаси Миллий малака рамкасининг 2-малака даражасида белгиланган талабларга жавоб бериши керак. Таянч ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти бошланғич таълим натижаларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.
Ушбу стандарт ҳаёт давомида таълим олиш ва инсон капиталини ривожлантириш пойдеворини яратиш, умумтаълим фанлари бўйича назарий билимларни шакллантиришга қаратилади.
14. Ўрта таълим, ўрта махсус таълимнинг давлат таълим стандартлари Халқаро таснифлагичнинг 3-даражасидаги (ўрта таълимнинг иккинчи босқичи) белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқилади. Мазкур босқичнинг давлат таълим стандартлари таянч ўрта таълим босқичи натижаларига асосланади.
Ўрта таълим ва ўрта махсус таълим босқичи битирувчилари (XI синф) Ўзбекистон Республикаси Миллий малака рамкасининг 3-малака даражасида белгиланган талабларга жавоб бериши керак. Бунда ўрта таълим босқичида умумтаълим фанларига устуворлик берилган ҳолда қисқа муддатли касбга тайёрлаш дастурлари ҳам ўқитилади.
15. Бошланғич профессионал таълимнинг давлат таълим стандарти Халқаро таснифлагичнинг 3-даражасидаги (ўрта таълимнинг иккинчи босқичи) белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқилади. Таянч ўрта таълимнинг IX синфлари битирувчиларини қамраб олади.
Бошланғич профессионал таълим босқичи битирувчилари (XI синф) Ўзбекистон Республикаси Миллий малака рамкасининг 3-малака даражасида белгиланган талабларга жавоб бериши керак.
Бошланғич профессионал таълимнинг давлат таълим стандарти таянч ўрта таълим натижаларини ҳисобга олган ҳолда, иш берувчилар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади ҳамда умумтаълим фанлари билан бирга Миллий малака рамкасининг 3-малака даражасига тегишли бўлган касблар бўйича ўқитилади.
16. Ўрта профессионал таълимнинг давлат таълим стандарти Халқаро таснифлагичнинг 4-даражасидаги (умумий ўрта таълимдан кейинги таълим) белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқилади. Ўрта профессионал таълим босқичи битирувчилари Ўзбекистон Республикаси Миллий малака рамкасининг 4-малака даражасида белгиланган талабларга жавоб бериши керак.
Ушбу стандарт ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим натижаларини ҳисобга олиб, иш берувчилар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади. Таълим олувчиларни меҳнат бозорига тайёрлашга қаратилган ҳамда Миллий малака рамкасининг 4-малака даражасига тегишли бўлган касблар ва мутахассисликлар бўйича таълим берилади.
17. Ўрта махсус профессионал таълимнинг давлат таълим стандарти Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасидаги (олий таълимнинг қисқа цикли) белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқилади. Ўрта махсус профессионал таълим босқичи битирувчилари Ўзбекистон Республикаси Миллий малака рамкасининг 5-малака даражасида белгиланган талабларга жавоб бериши керак.
Мазкур стандарт ўрта таълим, бошланғич ва ўрта профессионал таълим натижаларини ҳисобга олган ҳолда, иш берувчилар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади. Миллий малака рамкасининг 5-малака даражасига тегишли бўлган касблар ва мутахассисликлар бўйича ўқитилади.
18. Олий таълимнинг давлат таълим стандарти Халқаро таснифлагичнинг 6-даражасидаги (бакалавриат ёки унга тенглаштирилган) ва 7-даражасидаги (магистратура ёки унга тенглаштирилган) белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқилади.
Бакалавриат таълим босқичи умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим натижаларига, магистратура таълим босқичи бакалавриат таълим натижаларига асосланади. Бакалавриат ва магистратура таълим босқичлари тегишлича Ўзбекистон Республикаси Миллий малака рамкасининг 6-малака даражаси ва 7-малака даражасига мувофиқлаштирилади.
19. Олий таълимдан кейинги таълимнинг давлат таълим талаби Халқаро таснифлагичнинг 8-даражасидаги (докторлик тадқиқотлари ёки унга тенглаштирилган) белгиланган талабларга мувофиқ тадқиқотчиларнинг илмий тадқиқотларда юқори малакага эришиш учун мўлжалланган билим, кўникма, компетенцияларга эга бўлишларини таъминлайди.
Мазкур таълим босқичи магистратура таълим натижаларига асосланади. Таълим босқичи битирувчилари Ўзбекистон Республикаси Миллий малака рамкасининг 8-малака даражасида белгиланган талабларга жавоб бериши керак.
20. Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг давлат таълим талаби орқали ходимларда қўшимча касбий билим, кўникма ва малакалар шакллантирилади ҳамда улар касб ёки мутахассислиги бўйича касбий ривожлантирилади.
Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари битирувчилари Ўзбекистон Республикаси Миллий малака рамкасининг 3 — 8-малака даражасида белгиланган талабларга жавоб бериши керак.
21. Қўшимча таълимнинг давлат таълим талаби умумий ўрта таълим ташкилотлари ўқувчиларининг истеъдоди ва қобилиятини ривожлантиришга, маънавий эҳтиёжларини қаноатлантиришга ва касб-ҳунар тўғрисидаги бошланғич кўникмаларини шакллантиришга қаратилади.
4-боб. Таълим стандартлари ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва жорий этиш
22. Таълим стандартлари тегишлилиги бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари) томонидан ишлаб чиқилади.
Мактабгача, умумий ўрта ва қўшимча таълим турлари бўйича таълим стандартларининг (давлат талаблари) лойиҳалари Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази (кейинги ўринларда — Марказ) томонидан тасдиқланадиган талаблар асосида ишлаб чиқилади.
23. Таълим стандартларининг матни лўнда, содда ва равон тилда баён этилади. Ҳужжатнинг ҳар бир банди тўлиқ ва якунланган мазмунга эга бўлиши лозим.
Таълим стандартларида фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонунчилик ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади. Стандартда қўлланиладиган атамалар ва қисқартмалар таърифлари унинг ўзида келтирилади.
24. Таълим стандартининг матни мантиқий кетма-кетлик нуқтаи назаридан бўлимлар, кичик бўлимлар, бандлар, кичик бандларга бўлиниши мумкин. Бўлимлар, кичик бўлимлар, бандлар ва кичик бандлар кетма-кетликда араб рақамлари билан рақамланади.
25. Таълим стандартининг матни А4 форматидаги қоғоз варағида жойлаштирилади. Тартиб рақами саҳифанинг пастки ўрта қисмида жойлаштирилади ва араб рақамлари билан белгиланади. Стандарт, қоида тариқасида, Microsoft Word редакторидан ва қуйидаги параметрлардан фойдаланган ҳолда тайёрланади:
«Times New Roman» 12 ўлчамли шрифт, саҳифанинг чап, ўнг ва юқори ҳошияси 2 см, пастки ҳошияси 2,5 см; хатбошининг сатр боши 1,5 см;
матн сатрлари оралиғи 1 интервал; бўлим ва кичик бўлимлар сарлавҳалари ҳамда жадваллар матндан матбаа дизайнининг мақбуллигидан келиб чиқиб, 1 интервалдан юқори миқдорда ажратилиши мумкин.
26. Таълим стандарти давлат тилида тасдиқланади ва чоп этилади. Стандарт бошқа тилларга фақат уни тасдиқловчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланган тартибда таржима қилинади.
27. Таълим стандарти матн тилидан қатъи назар, ҳужжат номининг давлат тилидаги қуйидаги қисқартиришлари билан белгиланади:
Ўзбекистон Давлат таълим стандарти (Ўзбекистон Давлат Таълим Стандарти) — ЎзДТСт, интервал, тартиб рақами, икки нуқта ажратиш белгиси, тасдиқлаш йили (масалан: ЎзДТСт хххх: 2024).
28. Таълим стандартлари ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари, педагоглар, ота-оналар ва бошқа манфаатдор томонлар иштирокида апробациядан ўтказилади. Апробация натижасига кўра таълим стандартлари самарадорлиги тўғрисида маълумотларни тўплаш ва амалга оширишнинг салбий оқибатлари хавфини минималлаштириш учун мониторинг ва баҳолаш механизмлари жорий этилади.
29. Заруратга кўра янги таҳрирда ишлаб чиқилган таълим стандартлари лойиҳаси ёки унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги лойиҳа (кейинги ўринларда — лойиҳа) ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун таълим стандартларининг ягона очиқ муҳокама порталига 15 кун муддатга жойлаштирилади.
30. Лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишини таъминлаш ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органининг раҳбари зиммасига юкланади.
31. Жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамаси муддати тугагач, муҳокама жараёнида келиб тушган барча таклиф ва эътирозлар лойиҳани ишлаб чиқувчи ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан кўриб чиқилади ҳамда Марказ томонидан 10 кун муддатда белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан тегишли хулоса берилади.
Муҳокама жараёнида келиб тушган таклиф ва эътирозлар асосида лойиҳа қайта кўриб чиқилади ҳамда мақбул деб топилган таклиф ва эътирозлар лойиҳа матнига киритилади.
32. Таълим стандартлари мазкур Низомга 3-иловада келтирилган намунага мувофиқ ишлаб чиқилади.
33. Таълим стандартлари асосида таълим турлари ва босқичлари бўйича тегишлича малака талаблари, ўқув режа ва дастурлари ёки таълим дастурлари ишлаб чиқилади.
34. Таълим ташкилотларидаги малака талаблари, ўқув режа ва дастурларининг мазмуни, уларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш тартиби тегишлилиги бўйича ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
35. Таълим стандартлари тизимида таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ҳамда таълим стандартлари асосида таълим фаолиятини олиб борадиган таълим ташкилотлари томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.
36. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш
Босқичлар Ижрочилар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари) 1. Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари лойиҳасини (таълим стандартлари) белгиланган тартибда ишлаб чиқади. Заруратга кўра 2. Таълим стандартларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун «dts.uz» муҳокама порталига жойлаштиради. 15 кун муддатда 2-босқич Ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари Таълим ташкилотлари, нодавлат сектор вакиллари, мутахассислар ва экспертлар иштирокида таълим стандартлари муҳокамасини ташкил этади. Заруратга кўра 3-босқич Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази Таълим стандартларини белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан хулоса беради. 10 кун муддатда 4-босқич Ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари Таълим стандартларини белгиланган тартибда тасдиқлайди. Белгиланган муддатда 5-босқич Ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари Таълим стандартларини вазирлик ва идораларнинг тизимидаги ташкилотларга платформа орқали юборади. Тасдиқлангандан сўнг 3 кун муддатда
Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг таълим босқичлари ва ЮНЕСКОнинг «Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (International Standard Classification of Education (ISCED-2011)» даражалари ўртасидаги мувофиқлик жадвали
ISCED-2011 даражалари ISCED-2011 таълим дастурлари Ўзбекистон Республикасининг таълим босқичлари 0 Кичик ёшдаги болалар таълими Мактабгача таълим ва тарбия 1 Бошланғич таълим Бошланғич таълим (I — IV синфлар) 2 Ўрта таълимнинг биринчи босқичи Таянч ўрта таълим (V — IX синфлар) 3 Ўрта таълимнинг иккинчи босқичи Ўрта таълим (X — XI синфлар) Ўрта махсус таълим Бошланғич профессионал таълим 4 Умумий ўрта таълимдан кейинги таълим Ўрта профессионал таълим 5 Олий таълимнинг қисқа цикли Ўрта махсус профессионал таълим 6 Бакалавриат ёки унга тенглаштирилган Бакалавриат 7 Магистратура ёки унга тенглаштирилган Магистратура 8 Докторлик тадқиқотлари ёки унга тенглаштирилган Олий таълимдан кейинги таълим: таянч докторантура (Doctor of Philosophy) (PhD); докторантура (Doctor of Science) (DSc). 9 Таснифланмайди Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда қўшимча таълим
Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Таълим стандартларининг намунавий тузилиши
1. Умумий қоидалар
Бўлимда тегишли даражадаги таълимнинг умумий мақсади, вазифалари, назарий асослари, шу жумладан, таълим олувчилар томонидан эгалланиши керак бўлган таълим натижалари, шунингдек, ўқув режаси ва таълим олувчиларни баҳолаш бўйича кўрсатмаларнинг қисқача мазмуни батафсил баён қилинади.
2. Асосий мақсадлар ва ривожланишнинг устувор йўналишлари
Ушбу бўлимда ўқув дастурининг мазмуни бўйича таълим олувчиларнинг тегишли даражада таълим олишда эга бўлиши кутилаётган билим, кўникма ва малакалар бўйича эришилиши керак бўлган асосий стратегик мақсадларнинг қисқача мазмуни баён қилинади.
Зарур бўлганда, меҳнат бозорининг долзарблиги ёки унинг миллий стратегик устуворликларига алоқадорлиги тўғрисида эслатмалар берилади ҳамда асбоб-ускуналар ва материаллар рўйхатини ўз ичига қамраб олган маълумотлар акс эттирилади.
Бўлимда тегишли таълим даражасида кутилаётган таълимни яхшилашга кўмаклашиш учун мўлжалланган педагогик ёндашув бўйича кўрсатмаларни, жумладан, ўқув хонасига қўйиладиган ташкилий талаблар, инновацион ўқув-услубий материалларни яратиш, ўқув-услубий ёрдамни кучайтириш.
3. Таълим натижалари
Ушбу бўлимда барча даражаларда қўлланиладиган спирал ёндашув бўйича батафсил тақсимланган таълимнинг тегишли даражасида таълим олувчилар томонидан намоён этилиши керак бўлган асосий компетенцияларнинг тафсилотлари баён қилинади. Шу билан бирга, тегишли таълим натижаларига мисоллар келтирилади.
4. Ўқитиш методикаси
Ушбу бўлимда ўқитиш усуллари ва таълим технологиялари, шу жумладан, инновацион ёндашувлар ҳақида батафсил маълумотлар берилади.
5. Ўқув дастури, ўқув мавзуларининг юкламаси, ҳажми ва тақсимоти
Ушбу бўлим ўқув соатлари ҳажмининг тафсилотларини ўз ичига олади.
Ўқув соатлари таълим тизимининг ҳар бир босқичида фанни ўқитиш учун ўқув режасига киритилади.
Шунингдек, мазкур бўлимда тегишли таълим даражаларининг фанлараро интеграцияси, ўқитиш ва ўрганиш бўйича батафсил эслатмалар бўлади.
6. Ўқитиш натижаларини баҳолаш
Ушбу бўлим ўқув жараёнининг муҳим ва зарур таркибий қисми бўлиб, у таълимнинг босқичларида таълим олувчилар фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва хулоса қилиш имконини беради. Баҳолаш ва унинг мазмун-моҳияти, баҳолашдаги ёндашувлар, баҳолаш мақсадлари, тамойиллари, турлари, мазмуни (домен, субдомен, конструкт, баҳолаш индикаторлари), формати, мезонлари, методикаси, воситалари ва баҳолашга қўйилган талаблар таълим жараёнининг барча субъектлари — таълим ташкилоти маъмурияти, ўқитувчилар, ота-оналар ва таълим олувчилар учун тушунарли тарзда баён этилади. Бу таълимни баҳолаш тизимига мос келиши керак.
7. Мониторинг ва баҳолаш
Ушбу бўлимда ҳар бир фан бўйича, ҳар бир таълим даражасида таълим олувчиларнинг ўзлаштириши ва ютуқларини мониторинг қилиш ва баҳолаш ҳақида батафсил маълумот берилади.
Мониторинг таълим сифатини баҳолаш ва назорат қилишнинг узлуксиз жараёни сифатида белгиланиб, бу жараён таълим ҳолатини кузатиш, баҳолаш ва истиқболларини белгилашда муҳим ҳисобланади.
Мониторингда таълим жараёнининг бориши, услубий ва ташкилий жиҳатдан таъминланганлиги кузатилади, таҳлил қилинади, баҳо берилади ва таълимдаги сифат кўрсаткичлари аниқланиб, хулоса қилинади ҳамда истиқболдаги ўзгаришлар белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 мартдаги 157-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Узлуксиз таълим тизими учун давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тўғрисида» 1998 йил 5 январдаги 5-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари рейтингини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 июндаги 345-сон қарорига 3-илованинг 2-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 27 март,
157-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
Davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarini ishlab chiqish hamda joriy etish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ilmiy-metodik va tadqiqot ishlari sifatini oshirish orqali taʼlim tizimini kompleks rivojlantirishni jadallashtirish boʻyicha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 20-apreldagi PQ-128-son qaroriga muvofiq davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarini taʼlim sohasidagi xalqaro standartlar talablari asosida ishlab chiqish va joriy etish tartibini belgilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarini ishlab chiqish hamda joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarining maqsadi, vazifalari va prinsiplari;
davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarini ishlab chiqish uchun qoʻyiladigan talablar hamda taʼlimning standartlashtiriladigan turlari;
davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarini, malaka talablari, namunaviy (tayanch) oʻquv reja va dasturlari loyihalarini ishlab chiqish, tasdiqlash va joriy etish tartibi.
2. Taʼlimni rivojlantirish respublika ilmiy-metodik markazi:
a) Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda uch oy muddatda ilgʻor xorijiy davlatlarning tajribalari asosida taʼlim turlarining uzluksizligi va uzviyligini taʼminlagan holda maktabgacha, umumiy oʻrta va maktabdan tashqari taʼlimning oʻquv reja va dasturlariga qoʻyiladigan talablarni ishlab chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlasin;
b) 2024-yil 1-avgustga qadar quyidagilarni tasdiqlashni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjat loyihasini ishlab chiqsin va belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin:
maktabgacha, umumiy oʻrta, oʻrta maxsus, professional va oliy taʼlim turlari oʻquv dasturlarining uzviyligi va uzluksizligini taʼminlash konsepsiyasi;
taʼlim natijalarini baholash, taʼlim sifati va samaradorligini monitoring qilish, taʼlim siyosatida dalillarga asoslangan qarorlar qabul qilish amaliyotini joriy etish maqsadida umumiy oʻrta taʼlimda baholash konsepsiyasi;
v) 2024-yil 1-oktabrga qadar taʼlim sohasidagi atamalarning xalqaro darajada qabul qilingan atamalarga muvofiqligini taʼminlagan holda “Uzluksiz taʼlim tizimining izohli lugʻati”ni ishlab chiqsin va uni muntazam ravishda yangilab borsin;
g) taʼlim sohasini rivojlantirishga qaratilgan tahliliy va amaliy tadqiqotlar oʻtkazsin hamda tadqiqotlar natijalarini muntazam ravishda ommaviy axborot vositalarida keng yoritib borsin.
3. Belgilansinki:
a) davlat taʼlim standartlari, davlat taʼlim talablari, oʻquv reja va dasturlarini ishlab chiqishda quyidagilar inobatga olinadi:
tegishli taʼlim bosqichi yakunida taʼlim oluvchilarda shakllanishi lozim boʻlgan kompetensiyalarni davlat, jamiyat va mehnat bozori talablarini inobatga olgan holda belgilash;
taʼlim turlari uzluksizligi va uzviyligini taʼminlash, maqsad va vazifalarni taʼlim natijadorligiga yoʻnaltirish;
taʼlim oluvchilarda atrof muhitni asrab-avaylash va muqobil energiya manbalaridan samarali foydalanish masʼuliyatini shakllantirish;
b) taʼlim natijalarining xalqaro miqyosda tan olinishini taʼminlash maqsadida Oʻzbekiston Respublikasida mavjud taʼlim turlari YUNESKOning “Taʼlimning xalqaro standart tasniflagichi” darajalari bilan muvofiqlashtiriladi.
4. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Taʼlimni rivojlantirish respublika ilmiy-metodik markazi bilan birgalikda 2024-yil 1-avgustga qadar Taʼlim sohasida islohotlarga koʻmaklashish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan quyidagilarni nazarda tutuvchi “dts.uz” — Davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarining yagona ochiq muhokama portalini ishga tushirsin:
davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablari, shuningdek, malaka talablarini 15 kun muddatda jamoatchilik muhokamasidan oʻtkazish;
davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarining registri va ularning matnlari bilan erkin tanishish;
davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida takliflar berish;
“ochiq maydon” tamoyili asosida va real vaqt rejimida davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarini ishlab chiqish va tasdiqlash.
5. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tizimida taʼlim tashkilotlari boʻlgan vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2024/2025 oʻquv yilidan boshlab bosqichma-bosqich ushbu qaror asosida tegishlicha taʼlim turlari boʻyicha davlat taʼlim standartlari, davlat taʼlim talablari, oʻquv reja va oʻquv dasturlarini belgilangan tartibda ishlab chiqilishi va tasdiqlanishini taʼminlasin.
6. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi oliy taʼlim tashkilotlariga kirish imtihonlarining sinov materiallarini umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va professional taʼlimning yangilangan davlat taʼlim standartlari, oʻquv reja va oʻquv dasturlariga muvofiq tayyorlasin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlari 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri H.Oʻ. Umarova hamda oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri Q.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 27-martdagi 157-son qaroriga 1-ILOVA
Davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarini ishlab chiqish hamda joriy etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom taʼlimning barcha turlari uchun davlat taʼlim standartlari, shu jumladan, maktabgacha taʼlim va tarbiyaning davlat standarti hamda davlat taʼlim talablarini (keyingi oʻrinlarda — taʼlim standartlari) ishlab chiqish hamda joriy etish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
davlat taʼlim standartlari — davlat tomonidan taʼlimning mazmuni va sifatiga nisbatan belgilanadigan talablar majmui;
davlat taʼlim talablari — taʼlimning tuzilmasiga, mazmuniga va uni amalga oshirish shart-sharoitlariga, shuningdek, taʼlim oluvchilarning jismoniy, shaxsiy, intellektual, ilmiy hamda kasbiy sifatlariga qoʻyiladigan majburiy talablar;
maktabgacha taʼlim va tarbiyaning davlat standarti — taʼlim-tarbiya jarayonining hajmiga, mazmuniga va sifatiga, maktabgacha taʼlim tashkilotini qurish va jihozlashga, shuningdek, maktabgacha yoshdagi bolalarning sogʻlom ovqatlanishini va xavfsizligini tashkil etishga doir majburiy talablar majmui;
oʻqitish natijalari — oʻquv jarayonining maʼlum bosqichi yakuni boʻyicha taʼlim oluvchi baholanadigan kompetensiyalar.
3. Taʼlim standartlari taʼlim tashkilotlarida taʼlim jarayonini tashkil etish va baholash uchun asos hisoblanadi.
4. Taʼlim standartlari ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq ishlab chiqiladi va joriy etiladi.
2-bob. Taʼlim standartlarining maqsadi, asosiy vazifalari va prinsiplari
5. Taʼlim standartlarining maqsadi — taʼlim va oʻqitish sifatiga, taʼlim mazmuniga, taʼlim oluvchilar hamda ularning tayyorgarlik darajasiga, taʼlim darajasidagi kompetensiyalar va natijalarga, beriladigan malakalarga, talab qilinadigan oʻquv yuklamasi va faoliyati hajmiga va baholash mexanizmlariga qoʻyiladigan talablarni belgilash hisoblanadi.
6. Taʼlim standartlarining asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
taʼlimning mazmuni va sifatiga qoʻyiladigan talablarni belgilash;
taʼlimning turlari, mazmuni, taʼlim va tarbiyaning oʻzaro bogʻliqligi, taʼlim tizimida uzviylik va uzluksizlikni taʼminlash;
oʻqitish natijalarini baholash tartibi, taʼlim va tarbiya sifatini nazorat qilishni takomillashtirish;
taʼlim turlari, bosqichlarining oʻzaro uzviyligi va uzluksizligini taʼminlash;
milliy standartlar talablarining taʼlim sifati va kadrlar tayyorlashga nisbatan xalqaro talablarga muvofiqligini taʼminlash.
7. Taʼlim standartlarining asosiy prinsiplari quyidagilardan iborat:
davlat, jamiyat, mehnat bozori va shaxs ehtiyojlariga mosligi;
taʼlim va tarbiyaning yaxlitligi, barcha uchun teng va kafolatlanganligi;
taʼlim turlari va bosqichlari oʻrtasida uzluksizlik va taʼlim mazmuni uzviyligining taʼminlanganligi;
gender tenglik va inklyuziv taʼlim olish huquqlarining taʼminlanganligi;
taʼlim oluvchilarga yoʻnaltirilganligi va taʼlim oluvchilar shaxsi, ularning intilishlari, qobiliyatlari hamda qiziqishlarining inobatga olinganligi;
Oʻzbekiston taʼlim siyosatini hisobga olgan holda xorijiy mamlakatlarning taʼlim sohasidagi tajribalaridan foydalanilganligi.
8. Quyidagilar taʼlim standartlarini ishlab chiqishga qoʻyiladigan asosiy talablar hisoblanadi:
madaniy va tarixiy meros anʼanalari, milliy va umuminsoniy qadriyatlar, davlat talablari va jamiyat ehtiyojlarini hisobga olish;
taʼlim oluvchilarda mustaqil fikrlash, vatanga fidoyilik va milliy gʻurur hissini singdirish hamda oʻz majburiyatlarini masʼuliyat bilan bajarish boʻyicha zarur bilim va koʻnikmalarni rivojlantirish;
taʼlim oluvchilar ongiga Vatan tuygʻusini singdirish;
kadrlarni maqsadli va sifatli tayyorlash uchun taʼlim, fan va ishlab chiqarishning samarali integratsiyasini taʼminlash;
taʼlim oluvchilarning oʻqitish natijalariga aniq talablarni belgilash hamda uning meʼyorlari va talablari buzilishining oldini olish;
taʼlim oluvchilarda atrof muhitni asrab-avaylash va muqobil energiya manbalaridan samarali foydalanish koʻnikmalarini shakllantirish;
taʼlim turlari va bosqichlarini xalqaro miqyosda tan olingan mezonlar boʻyicha taʼlimning uzviyligi va uzluksizligini taʼminlash;
taʼlim oluvchilarning qobiliyat va ehtiyojlari asosida individual rivojlanish hamda differensial yondashuv asosida taʼlim olish imkoniyatlarini yaratish;
variativ va invariativ komponentlarni joriy etish orqali taʼlim jarayonini tizimlashtirish;
mehnat bozori talablariga muvofiq kadrlarni tayyorlashda xalqaro tajribani inobatga olish.
3-bob. Taʼlimning standartlashtiriladigan turlari
9. Taʼlim turlari boʻyicha quyidagi taʼlim standartlari ishlab chiqiladi:
maktabgacha taʼlim va tarbiyaning davlat standarti;
umumiy oʻrta taʼlim, oʻrta maxsus taʼlim, professional taʼlim, oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari;
oliy taʼlimdan keyingi taʼlimning, kadrlarni qayta tayyorlash va malakasini oshirishning, shuningdek qoʻshimcha taʼlimning davlat taʼlim talablari.
10. Taʼlim turlari boʻyicha davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarini taʼlim sohasidagi xalqaro standartlar talablariga moslashtirish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasining taʼlim bosqichlari YUNESKOning “Taʼlimning xalqaro standart tasniflagichi (International Standard Classification of Education (ISCED-2011)” (keyingi oʻrinlarda — Xalqaro tasniflagich) darajalari bilan mazkur Nizomga 2-ilovaga asosan muvofiqligi taʼminlanadi.
11. Maktabgacha taʼlim va tarbiyaning davlat standarti Xalqaro tasniflagichning 0-darajasidagi (kichik yoshdagi bolalar taʼlimi) belgilangan talablarga muvofiq ishlab chiqiladi.
Ushbu standart erta kognitiv, jismoniy, ijtimoiy va emotsional kabi shakllanishi lozim boʻlgan koʻnikmalar yagona shaklda ishlab chiqilishi, bolalarni boshlangʻich taʼlimga qabul qilish hamda akademik tayyorlash uchun zarur boʻlgan koʻnikmalarni rivojlantirishga xizmat qilishi kerak.
12. Boshlangʻich taʼlimning davlat taʼlim standarti Xalqaro tasniflagichning 1-darajasidagi (boshlangʻich taʼlim) belgilangan talablarga muvofiq ishlab chiqiladi va I — IV sinflarni qamrab oladi.
Mazkur standart oʻqish, yozish, asosiy matematik koʻnikmalar (savodxonlik va hisoblash), shaxsiy va ijtimoiy rivojlanishning asosiy sohalarini oʻrganish va tushunish uchun mustahkam poydevor yaratishga qaratiladi.
13. Tayanch oʻrta taʼlimning davlat taʼlim standarti Xalqaro tasniflagichning 2-darajasidagi (oʻrta taʼlimning birinchi bosqichi) belgilangan talablarga muvofiq ishlab chiqiladi va V — IX sinflarni qamrab oladi. Tayanch oʻrta taʼlim bitiruvchilari (IX sinf) Oʻzbekiston Respublikasi Milliy malaka ramkasining 2-malaka darajasida belgilangan talablarga javob berishi kerak. Tayanch oʻrta taʼlimning davlat taʼlim standarti boshlangʻich taʼlim natijalarini hisobga olgan holda ishlab chiqiladi.
Ushbu standart hayot davomida taʼlim olish va inson kapitalini rivojlantirish poydevorini yaratish, umumtaʼlim fanlari boʻyicha nazariy bilimlarni shakllantirishga qaratiladi.
14. Oʻrta taʼlim, oʻrta maxsus taʼlimning davlat taʼlim standartlari Xalqaro tasniflagichning 3-darajasidagi (oʻrta taʼlimning ikkinchi bosqichi) belgilangan talablarga muvofiq ishlab chiqiladi. Mazkur bosqichning davlat taʼlim standartlari tayanch oʻrta taʼlim bosqichi natijalariga asoslanadi.
Oʻrta taʼlim va oʻrta maxsus taʼlim bosqichi bitiruvchilari (XI sinf) Oʻzbekiston Respublikasi Milliy malaka ramkasining 3-malaka darajasida belgilangan talablarga javob berishi kerak. Bunda oʻrta taʼlim bosqichida umumtaʼlim fanlariga ustuvorlik berilgan holda qisqa muddatli kasbga tayyorlash dasturlari ham oʻqitiladi.
15. Boshlangʻich professional taʼlimning davlat taʼlim standarti Xalqaro tasniflagichning 3-darajasidagi (oʻrta taʼlimning ikkinchi bosqichi) belgilangan talablarga muvofiq ishlab chiqiladi. Tayanch oʻrta taʼlimning IX sinflari bitiruvchilarini qamrab oladi.
Boshlangʻich professional taʼlim bosqichi bitiruvchilari (XI sinf) Oʻzbekiston Respublikasi Milliy malaka ramkasining 3-malaka darajasida belgilangan talablarga javob berishi kerak.
Boshlangʻich professional taʼlimning davlat taʼlim standarti tayanch oʻrta taʼlim natijalarini hisobga olgan holda, ish beruvchilar bilan hamkorlikda ishlab chiqiladi hamda umumtaʼlim fanlari bilan birga Milliy malaka ramkasining 3-malaka darajasiga tegishli boʻlgan kasblar boʻyicha oʻqitiladi.
16. Oʻrta professional taʼlimning davlat taʼlim standarti Xalqaro tasniflagichning 4-darajasidagi (umumiy oʻrta taʼlimdan keyingi taʼlim) belgilangan talablarga muvofiq ishlab chiqiladi. Oʻrta professional taʼlim bosqichi bitiruvchilari Oʻzbekiston Respublikasi Milliy malaka ramkasining 4-malaka darajasida belgilangan talablarga javob berishi kerak.
Ushbu standart oʻrta taʼlim va boshlangʻich professional taʼlim natijalarini hisobga olib, ish beruvchilar bilan hamkorlikda ishlab chiqiladi. Taʼlim oluvchilarni mehnat bozoriga tayyorlashga qaratilgan hamda Milliy malaka ramkasining 4-malaka darajasiga tegishli boʻlgan kasblar va mutaxassisliklar boʻyicha taʼlim beriladi.
17. Oʻrta maxsus professional taʼlimning davlat taʼlim standarti Xalqaro tasniflagichning 5-darajasidagi (oliy taʼlimning qisqa sikli) belgilangan talablarga muvofiq ishlab chiqiladi. Oʻrta maxsus professional taʼlim bosqichi bitiruvchilari Oʻzbekiston Respublikasi Milliy malaka ramkasining 5-malaka darajasida belgilangan talablarga javob berishi kerak.
Mazkur standart oʻrta taʼlim, boshlangʻich va oʻrta professional taʼlim natijalarini hisobga olgan holda, ish beruvchilar bilan hamkorlikda ishlab chiqiladi. Milliy malaka ramkasining 5-malaka darajasiga tegishli boʻlgan kasblar va mutaxassisliklar boʻyicha oʻqitiladi.
18. Oliy taʼlimning davlat taʼlim standarti Xalqaro tasniflagichning 6-darajasidagi (bakalavriat yoki unga tenglashtirilgan) va 7-darajasidagi (magistratura yoki unga tenglashtirilgan) belgilangan talablarga muvofiq ishlab chiqiladi.
Bakalavriat taʼlim bosqichi umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va boshlangʻich professional taʼlim natijalariga, magistratura taʼlim bosqichi bakalavriat taʼlim natijalariga asoslanadi. Bakalavriat va magistratura taʼlim bosqichlari tegishlicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy malaka ramkasining 6-malaka darajasi va 7-malaka darajasiga muvofiqlashtiriladi.
19. Oliy taʼlimdan keyingi taʼlimning davlat taʼlim talabi Xalqaro tasniflagichning 8-darajasidagi (doktorlik tadqiqotlari yoki unga tenglashtirilgan) belgilangan talablarga muvofiq tadqiqotchilarning ilmiy tadqiqotlarda yuqori malakaga erishish uchun moʻljallangan bilim, koʻnikma, kompetensiyalarga ega boʻlishlarini taʼminlaydi.
Mazkur taʼlim bosqichi magistratura taʼlim natijalariga asoslanadi. Taʼlim bosqichi bitiruvchilari Oʻzbekiston Respublikasi Milliy malaka ramkasining 8-malaka darajasida belgilangan talablarga javob berishi kerak.
20. Kadrlarni qayta tayyorlash va malakasini oshirishning davlat taʼlim talabi orqali xodimlarda qoʻshimcha kasbiy bilim, koʻnikma va malakalar shakllantiriladi hamda ular kasb yoki mutaxassisligi boʻyicha kasbiy rivojlantiriladi.
Kadrlarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish kurslari bitiruvchilari Oʻzbekiston Respublikasi Milliy malaka ramkasining 3 — 8-malaka darajasida belgilangan talablarga javob berishi kerak.
21. Qoʻshimcha taʼlimning davlat taʼlim talabi umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari oʻquvchilarining isteʼdodi va qobiliyatini rivojlantirishga, maʼnaviy ehtiyojlarini qanoatlantirishga va kasb-hunar toʻgʻrisidagi boshlangʻich koʻnikmalarini shakllantirishga qaratiladi.
4-bob. Taʼlim standartlari ishlab chiqish, tasdiqlash va joriy etish
22. Taʼlim standartlari tegishliligi boʻyicha Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (keyingi oʻrinlarda — vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari) tomonidan ishlab chiqiladi.
Maktabgacha, umumiy oʻrta va qoʻshimcha taʼlim turlari boʻyicha taʼlim standartlarining (davlat talablari) loyihalari Taʼlimni rivojlantirish respublika ilmiy-metodik markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tomonidan tasdiqlanadigan talablar asosida ishlab chiqiladi.
23. Taʼlim standartlarining matni loʻnda, sodda va ravon tilda bayon etiladi. Hujjatning har bir bandi toʻliq va yakunlangan mazmunga ega boʻlishi lozim.
Taʼlim standartlarida foydalaniladigan tushunchalar va atamalar turlicha izohlash imkoniyatini istisno etadigan, ularning qonunchilik hujjatlarida qabul qilingan maʼnosiga muvofiq yagona shaklda qoʻllaniladi. Standartda qoʻllaniladigan atamalar va qisqartmalar taʼriflari uning oʻzida keltiriladi.
24. Taʼlim standartining matni mantiqiy ketma-ketlik nuqtai nazaridan boʻlimlar, kichik boʻlimlar, bandlar, kichik bandlarga boʻlinishi mumkin. Boʻlimlar, kichik boʻlimlar, bandlar va kichik bandlar ketma-ketlikda arab raqamlari bilan raqamlanadi.
25. Taʼlim standartining matni A4 formatidagi qogʻoz varagʻida joylashtiriladi. Tartib raqami sahifaning pastki oʻrta qismida joylashtiriladi va arab raqamlari bilan belgilanadi. Standart, qoida tariqasida, Microsoft Word redaktoridan va quyidagi parametrlardan foydalangan holda tayyorlanadi:
“Times New Roman” 12 oʻlchamli shrift, sahifaning chap, oʻng va yuqori hoshiyasi 2 sm, pastki hoshiyasi 2,5 sm; xatboshining satr boshi 1,5 sm;
matn satrlari oraligʻi 1 interval; boʻlim va kichik boʻlimlar sarlavhalari hamda jadvallar matndan matbaa dizaynining maqbulligidan kelib chiqib, 1 intervaldan yuqori miqdorda ajratilishi mumkin.
26. Taʼlim standarti davlat tilida tasdiqlanadi va chop etiladi. Standart boshqa tillarga faqat uni tasdiqlovchi vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan belgilangan tartibda tarjima qilinadi.
27. Taʼlim standarti matn tilidan qatʼi nazar, hujjat nomining davlat tilidagi quyidagi qisqartirishlari bilan belgilanadi:
Oʻzbekiston Davlat taʼlim standarti (Oʻzbekiston Davlat Taʼlim Standarti) — OʻzDTSt, interval, tartib raqami, ikki nuqta ajratish belgisi, tasdiqlash yili (masalan: OʻzDTSt xxxx: 2024).
28. Taʼlim standartlari vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, pedagoglar, ota-onalar va boshqa manfaatdor tomonlar ishtirokida aprobatsiyadan oʻtkaziladi. Aprobatsiya natijasiga koʻra taʼlim standartlari samaradorligi toʻgʻrisida maʼlumotlarni toʻplash va amalga oshirishning salbiy oqibatlari xavfini minimallashtirish uchun monitoring va baholash mexanizmlari joriy etiladi.
29. Zaruratga koʻra yangi tahrirda ishlab chiqilgan taʼlim standartlari loyihasi yoki unga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisidagi loyiha (keyingi oʻrinlarda — loyiha) vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan jamoatchilik muhokamasidan oʻtkazish uchun taʼlim standartlarining yagona ochiq muhokama portaliga 15 kun muddatga joylashtiriladi.
30. Loyihaning jamoatchilik muhokamasidan oʻtkazilishini taʼminlash vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organining rahbari zimmasiga yuklanadi.
31. Jamoatchilik va mutaxassislar muhokamasi muddati tugagach, muhokama jarayonida kelib tushgan barcha taklif va eʼtirozlar loyihani ishlab chiquvchi vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan koʻrib chiqiladi hamda Markaz tomonidan 10 kun muddatda belgilangan talablarga muvofiqligi yuzasidan tegishli xulosa beriladi.
Muhokama jarayonida kelib tushgan taklif va eʼtirozlar asosida loyiha qayta koʻrib chiqiladi hamda maqbul deb topilgan taklif va eʼtirozlar loyiha matniga kiritiladi.
32. Taʼlim standartlari mazkur Nizomga 3-ilovada keltirilgan namunaga muvofiq ishlab chiqiladi.
33. Taʼlim standartlari asosida taʼlim turlari va bosqichlari boʻyicha tegishlicha malaka talablari, oʻquv reja va dasturlari yoki taʼlim dasturlari ishlab chiqiladi.
34. Taʼlim tashkilotlaridagi malaka talablari, oʻquv reja va dasturlarining mazmuni, ularni ishlab chiqish hamda joriy etish tartibi tegishliligi boʻyicha vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan belgilanadi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
35. Taʼlim standartlari tizimida taʼlim tashkilotlari boʻlgan vazirlik va idoralar, ularning tarkibiy va hududiy boʻlinmalari hamda taʼlim standartlari asosida taʼlim faoliyatini olib boradigan taʼlim tashkilotlari tomonidan ijro etilishi majburiy hisoblanadi.
36. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
Davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarini ishlab chiqish hamda joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Taʼlim standartlarini ishlab chiqish va joriy etish
Bosqichlar Ijrochilar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari) 1. Davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablari loyihasini (taʼlim standartlari) belgilangan tartibda ishlab chiqadi. Zaruratga koʻra 2. Taʼlim standartlarini jamoatchilik muhokamasidan oʻtkazish uchun “dts.uz” muhokama portaliga joylashtiradi. 15 kun muddatda 2-bosqich Vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari Taʼlim tashkilotlari, nodavlat sektor vakillari, mutaxassislar va ekspertlar ishtirokida taʼlim standartlari muhokamasini tashkil etadi. Zaruratga koʻra 3-bosqich Taʼlimni rivojlantirish respublika ilmiy-metodik markazi Taʼlim standartlarini belgilangan talablarga muvofiqligi yuzasidan xulosa beradi. 10 kun muddatda 4-bosqich Vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari Taʼlim standartlarini belgilangan tartibda tasdiqlaydi. Belgilangan muddatda 5-bosqich Vakolatli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari Taʼlim standartlarini vazirlik va idoralarning tizimidagi tashkilotlarga platforma orqali yuboradi. Tasdiqlangandan soʻng 3 kun muddatda
Davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarini ishlab chiqish hamda joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasining taʼlim bosqichlari va YUNESKOning “Taʼlimning xalqaro standart tasniflagichi (International Standard Classification of Education (ISCED-2011)” darajalari oʻrtasidagi muvofiqlik jadvali
ISCED-2011 darajalari ISCED-2011 taʼlim dasturlari Oʻzbekiston Respublikasining taʼlim bosqichlari 0 Kichik yoshdagi bolalar taʼlimi Maktabgacha taʼlim va tarbiya 1 Boshlangʻich taʼlim Boshlangʻich taʼlim (I — IV sinflar) 2 Oʻrta taʼlimning birinchi bosqichi Tayanch oʻrta taʼlim (V — IX sinflar) 3 Oʻrta taʼlimning ikkinchi bosqichi Oʻrta taʼlim (X — XI sinflar) Oʻrta maxsus taʼlim Boshlangʻich professional taʼlim 4 Umumiy oʻrta taʼlimdan keyingi taʼlim Oʻrta professional taʼlim 5 Oliy taʼlimning qisqa sikli Oʻrta maxsus professional taʼlim 6 Bakalavriat yoki unga tenglashtirilgan Bakalavriat 7 Magistratura yoki unga tenglashtirilgan Magistratura 8 Doktorlik tadqiqotlari yoki unga tenglashtirilgan Oliy taʼlimdan keyingi taʼlim: tayanch doktorantura (Doctor of Philosophy) (PhD); doktorantura (Doctor of Science) (DSc). 9 Tasniflanmaydi Kadrlarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish hamda qoʻshimcha taʼlim
Davlat taʼlim standartlari va davlat taʼlim talablarini ishlab chiqish hamda joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Taʼlim standartlarining namunaviy tuzilishi
1. Umumiy qoidalar
Boʻlimda tegishli darajadagi taʼlimning umumiy maqsadi, vazifalari, nazariy asoslari, shu jumladan, taʼlim oluvchilar tomonidan egallanishi kerak boʻlgan taʼlim natijalari, shuningdek, oʻquv rejasi va taʼlim oluvchilarni baholash boʻyicha koʻrsatmalarning qisqacha mazmuni batafsil bayon qilinadi.
2. Asosiy maqsadlar va rivojlanishning ustuvor yoʻnalishlari
Ushbu boʻlimda oʻquv dasturining mazmuni boʻyicha taʼlim oluvchilarning tegishli darajada taʼlim olishda ega boʻlishi kutilayotgan bilim, koʻnikma va malakalar boʻyicha erishilishi kerak boʻlgan asosiy strategik maqsadlarning qisqacha mazmuni bayon qilinadi.
Zarur boʻlganda, mehnat bozorining dolzarbligi yoki uning milliy strategik ustuvorliklariga aloqadorligi toʻgʻrisida eslatmalar beriladi hamda asbob-uskunalar va materiallar roʻyxatini oʻz ichiga qamrab olgan maʼlumotlar aks ettiriladi.
Boʻlimda tegishli taʼlim darajasida kutilayotgan taʼlimni yaxshilashga koʻmaklashish uchun moʻljallangan pedagogik yondashuv boʻyicha koʻrsatmalarni, jumladan, oʻquv xonasiga qoʻyiladigan tashkiliy talablar, innovatsion oʻquv-uslubiy materiallarni yaratish, oʻquv-uslubiy yordamni kuchaytirish.
3. Taʼlim natijalari
Ushbu boʻlimda barcha darajalarda qoʻllaniladigan spiral yondashuv boʻyicha batafsil taqsimlangan taʼlimning tegishli darajasida taʼlim oluvchilar tomonidan namoyon etilishi kerak boʻlgan asosiy kompetensiyalarning tafsilotlari bayon qilinadi. Shu bilan birga, tegishli taʼlim natijalariga misollar keltiriladi.
4. Oʻqitish metodikasi
Ushbu boʻlimda oʻqitish usullari va taʼlim texnologiyalari, shu jumladan, innovatsion yondashuvlar haqida batafsil maʼlumotlar beriladi.
5. Oʻquv dasturi, oʻquv mavzularining yuklamasi, hajmi va taqsimoti
Ushbu boʻlim oʻquv soatlari hajmining tafsilotlarini oʻz ichiga oladi.
Oʻquv soatlari taʼlim tizimining har bir bosqichida fanni oʻqitish uchun oʻquv rejasiga kiritiladi.
Shuningdek, mazkur boʻlimda tegishli taʼlim darajalarining fanlararo integratsiyasi, oʻqitish va oʻrganish boʻyicha batafsil eslatmalar boʻladi.
6. Oʻqitish natijalarini baholash
Ushbu boʻlim oʻquv jarayonining muhim va zarur tarkibiy qismi boʻlib, u taʼlimning bosqichlarida taʼlim oluvchilar faoliyati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni toʻplash, tahlil qilish va xulosa qilish imkonini beradi. Baholash va uning mazmun-mohiyati, baholashdagi yondashuvlar, baholash maqsadlari, tamoyillari, turlari, mazmuni (domen, subdomen, konstrukt, baholash indikatorlari), formati, mezonlari, metodikasi, vositalari va baholashga qoʻyilgan talablar taʼlim jarayonining barcha subyektlari — taʼlim tashkiloti maʼmuriyati, oʻqituvchilar, ota-onalar va taʼlim oluvchilar uchun tushunarli tarzda bayon etiladi. Bu taʼlimni baholash tizimiga mos kelishi kerak.
7. Monitoring va baholash
Ushbu boʻlimda har bir fan boʻyicha, har bir taʼlim darajasida taʼlim oluvchilarning oʻzlashtirishi va yutuqlarini monitoring qilish va baholash haqida batafsil maʼlumot beriladi.
Monitoring taʼlim sifatini baholash va nazorat qilishning uzluksiz jarayoni sifatida belgilanib, bu jarayon taʼlim holatini kuzatish, baholash va istiqbollarini belgilashda muhim hisoblanadi.
Monitoringda taʼlim jarayonining borishi, uslubiy va tashkiliy jihatdan taʼminlanganligi kuzatiladi, tahlil qilinadi, baho beriladi va taʼlimdagi sifat koʻrsatkichlari aniqlanib, xulosa qilinadi hamda istiqboldagi oʻzgarishlar belgilanadi.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 27-martdagi 157-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Uzluksiz taʼlim tizimi uchun davlat taʼlim standartlarini ishlab chiqish va joriy etish toʻgʻrisida” 1998-yil 5-yanvardagi 5-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari reytingini aniqlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 3-iyundagi 345-son qaroriga 3-ilovaning 2-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 27-mart,
157-son