UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 26-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 26 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 марта 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 March 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ТАРКИБИ

МАНЗИЛЛИ РЎЙХАТ

ХИСОБОТ

Жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Республикада яшиллик даражасини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда атроф-муҳитга зарарли таъсирларнинг олдини олиш мақсадида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, сўнгги уч йил давомида жами 500 млн тупга яқин дарахт ва бута кўчатлари экилди, 935,0 гектар «яшил боғ»лар ва 893,5 гектар «яшил жамоат парклари» ташкил этилди.

Шу билан биргаликда, бугунги кунда соҳада ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси тадбирларини молиялаштириш тизимли ташкил этилмаган бўлиб, лойиҳани жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш тизими орқали амалга ошириш зарурати юзага келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 23 ноябрдаги ПФ-199-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 23 ноябрдаги ПФ-199-сон Фармонининг 1-бандига мувофиқ:

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи «яшил боғ» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил қилиш учун «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган «Менинг боғим» лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилиши;

«яшил боғ» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил қилиш бўйича ер майдони манзили ва расмлари кўрсатилган ҳолда, қиймати 250 млн сўмдан ошмаган ташаббус билдирилиши;

«Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва уларга овоз бериш жараёни ҳар йили январь-февраль ойларида ўтказилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (кейинги ўринларда — Экология вазирлиги) ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг:

ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетининг тасдиқланган кўрсаткичларидан келиб чиқиб, Экология вазирлигида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси тадбирларига ажратиладиган маблағлардан шаклланадиган бюджет ташкилотининг бюджетдан ташқари жамғармаси шаклидаги «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси» шахсий ғазна ҳисобварағини (кейинги ўринларда — Жамғарма);

Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Экология вазирлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларида «Менинг боғим» лойиҳалари доирасида «яшил боғ» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил қилиш бўйича ташаббусли бюджет орқали молиялаштириш маблағлари жамланадиган махсус шахсий ғазна ҳисобварағини очиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

4. Белгилансинки, Экология вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратилган маблағларнинг камида 50 фоизини «Менинг боғим» лойиҳаларини ташаббусли бюджет орқали молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Экология вазирлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг махсус шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказиб беради. Бунда маблағлар туман ва шаҳарларга тенг улушларда, лекин 250 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорда тақсимланади.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ҳафта муддатда:

«Менинг боғим» лойиҳалари жараёнини ташкил этиш, шу жумладан лойиҳаларни баҳолаш, саралаб олиш ҳамда уларнинг ижросини мониторинг қилиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳларни шакллантириш;

2024 йил учун, 2025 йилдан бошлаб эса ҳар йили декабрь ойида «яшил боғ» ҳамда «яшил жамоат парки»ни ташкил этиш учун белгиланган тартибда ер майдонларини ажратиш чораларини кўрсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

«Менинг боғим» лойиҳалари доирасида саралаб олинган ташаббусли лойиҳаларни амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағлар миқдорига лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ аниқлик киритилади;

лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқлик киритилган маблағлар миқдори туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги ишчи гуруҳ томонидан белгиланган дастлабки миқдордан ошиб кетган тақдирда, талаб этиладиган қўшимча маблағлар тегишли лойиҳалар доирасидаги бошқа тадбирлардан иқтисод қилинган маблағлар, маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашлари қарорига асосан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.

7. Экология вазирлиги «Менинг боғим» лойиҳаларининг амалга оширилиши жараёнини мунтазам равишда таҳлил қилсин ҳамда ҳар мавсум якунида Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.

8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, «Менинг боғим» лойиҳалари орқали республикада яшиллик даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилишини таъминлаш тавсия этилсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 мартдаги 156-сон қарорига ИЛОВА

Жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом «яшил боғ» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил этиш учун «Очиқ бюджет» ахборот портали (openbudget.uz) (кейинги ўринларда — Портал) орқали жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

буюртмачи — «Е-auksion» портали орқали пудрат ташкилотини танлаш, «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил этиш ва экилган кўчатларни уч йил давомида парваришлаш бўйича шартнома тузадиган ҳамда бажарилган ишларни қабул қиладиган субъект;

«Менинг боғим» лойиҳалари жараёни (кейинги ўринларда — жараён) — Порталда жамоатчилик фикри асосида «яшил боғ» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил қилиш бўйича лойиҳаларни шакллантириш, саралаш, овоз бериш йўли орқали ғолиб лойиҳаларни аниқлаш ҳамда молиялаштиришни ўз ичига олган жараён;

ғолиб лойиҳа — Портал орқали овоз бериш жараёни якунларига кўра тўпланган овозлар сони асосида Портал томонидан автоматик тарзда танлаб олинган лойиҳа.

3. «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

4. Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида жараённи ташкил этиш ва мониторинг қилиш бўйича ушбу Низомга 2-иловада кўрсатилган таркибда ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — ишчи гуруҳ) шакллантирилади.

Ишчи гуруҳнинг фаолиятига туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади.

Ишчи гуруҳ Порталда ўзига бириктирилган ваколатлардан электрон рақамли калит орқали фойдаланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (кейинги ўринларда — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) жараённи ташкил этиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

6. «Менинг боғим» лойиҳалари бўйича:

Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг (кейинги ўринларда — Экология вазирлиги) вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда — Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари) буюртмачи ҳисобланади;

«Яшиллойиҳа» лойиҳалаш институти лойиҳачи ҳисобланади;

пудрат ташкилоти қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.

7. «Яшиллойиҳа» лойиҳалаш институти:

«яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил этишда ҳудуднинг сув таъминоти, тупроқ-иқлим ва ер ости сувлари ҳолатидан келиб чиқиб талаб этиладиган дарахт турларини ва уларнинг миқдорини аниқлайди;

лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади ва экспертиза хулосаларини олади;

лойиҳа-смета ҳужжатларини буюртмачига топширади.

8. Пудрат ташкилотига қуйидаги талаблар қўйилади:

дарахт ва бута кўчатларини етиштириш ва экиш бўйича камида уч йиллик тажрибага эга бўлиш;

лойиҳа ҳужжатлари талаби асосида «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни барпо этиш учун суғориш тизимини ташкил қилиш;

«яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни шартнома талаблари ва лойиҳага қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этиш;

экилган дарахт ва бута кўчатларини уч йил давомида парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш тадбирларини амалга ошириш;

экилган барча дарахт ва бута кўчатларининг кўкарувчанлигини тўлиқ таъминлаган ҳолда, уларни тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларига ёки ер эгаларига белгиланган муддатда топшириш.

9. Лойиҳаларни баҳолаш, саралаб олиш, уларнинг ижросини мониторинг қилиш ишчи гуруҳ томонидан Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари вакили иштирокида амалга оширилади.

Ишчи гуруҳ ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

10. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг туман (шаҳар) бўлинмалари туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили 1 ноябрга қадар ҳудудларда «Менинг боғим» лойиҳалари доирасида «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил этиш мумкин бўлган туман (шаҳар) ҳокимликлари балансидаги бўш турган ерлар рўйхати, майдони ва манзили ҳақида маълумотларни тўплайди ҳамда тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ва ишчи гуруҳга тақдим этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 январга қадар келгуси йилда «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил этиш учун туманлар (шаҳарлар) кесимида бўш турган ерлар рўйхати, майдони ва манзили ҳақидаги маълумотларни Порталга киритади.

Аукционга чиқарилган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари бўш турган ерлар рўйхатига киритилмайди.

2-боб. «Менинг боғим» лойиҳаларини молиялаштириш

11. Қуйидагилар «Менинг боғим» лойиҳаларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан яшил макон харажатлари учун ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи;

маҳаллий бюджет қўшимча маблағларининг ихтиёрий равишда йўналтириладиган қисми;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

12. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар йили республика бюджети тасдиқлангандан сўнг январь ойида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси учун бюджетдан ажратилган маблағларни Экология вазирлигининг «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси» шахсий ғазна ҳисобварағига (кейинги ўринларда — Жамғарма) ўтказади.

Экология вазирлиги «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси учун бюджетдан ажратилган маблағларнинг камида 50 фоизини «Менинг боғим» лойиҳалари доирасида «яшил боғ» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил этишни молиялаштириш учун туманларга (шаҳарларга) тенг тақсимлаган ҳолда вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг махсус шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказади.

13. Ҳокимликлар ихтиёрий равишда маҳаллий бюджет қўшимча маблағларининг бир қисмини чорак якуни бўйича тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарори асосида Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида очилган махсус шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиши мумкин. Бунда маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарори қабул қилинган кундан сўнг уч иш кун ичида тегишли махсус шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади.

14. Махсус шахсий ғазна ҳисобварағи маблағлари фақат ғолиб лойиҳаларда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш ҳамда ушбу тадбирлар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш (лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертиза хулосаларини олиш, ер тайёрлаш, дарахт ва бута кўчатларини сотиб олиш, экиш, парваришлаш, суғориш тизимларини яратиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, сақлаш, транспорт) харажатлари учун йўналтирилади. Мазкур маблағларни бошқа мақсадларга йўналтириш қатъиян тақиқланади.

15. Ғолиб лойиҳада назарда тутилган тадбирлар тўлиқ амалга оширилгандан сўнг ушбу лойиҳа учун очилган махсус шахсий ғазна ҳисобварағидаги қолдиқ маблағлар иқтисод қилинган маблағ ҳисобланади.

Иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан қўшимча тадбирларни амалга оширишга йўл қўйилмайди ҳамда ушбу маблағлар буюртмачи томонидан ўн иш куни ичида Жамғармага йўналтирилади.

3-боб. Лойиҳаларни шакллантириш, саралаб олиш ва ғолибларни аниқлаш

16. Жараён ҳар йили январь-февраль ойлари давомида ўтказилади.

Зарур ҳолларда, ваколатли орган кенг жамоатчиликни хабардор қилган ҳолда, жараённи ўтказиш муддатига ўзгартириш киритиши мумкин.

17. Жараён Портал орқали ўтказилади. Бунда Порталнинг расмий веб-сайти ва мобил иловаси тенг кучли ҳисобланади.

18. Жараён қуйидаги учта босқичда ўтказилади:

фуқаролар томонидан лойиҳаларни шакллантириш;

ишчи гуруҳ томонидан Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирокида лойиҳаларни саралаб олиш;

саралашдан ўтган лойиҳаларга овоз бериш.

19. Фуқаролар Порталдан рўйхатдан ўтган ҳолда, ўн кун давомида «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни ташкил қилиш бўйича лойиҳаларни жойлаштиради.

20. Ҳар бир фуқаро бир мавсумда фақат битта «яшил боғ» ва битта «яшил жамоат парки»ни барпо этиш бўйича лойиҳани илгари суриш ҳуқуқига эга.

21. Лойиҳани шакллантириш учун фуқаролар томонидан Порталга қуйидагилар киритилади:

лойиҳа мазмуни («яшил боғ» ёки «яшил жамоат парки»ни ташкил этиш), шу жумладан, бажариладиган иш турлари, харид қилинадиган товар ва хизматлар рўйхати (номи ва сони);

лойиҳани амалга ошириш учун Порталга жойлаштирилган ҳудудлар рўйхатидаги ер майдони ҳамда унинг аниқ манзили (қишлоқ, овул, маҳалла, мавзе ва кўча номи);

лойиҳани амалга ошириш учун талаб этиладиган дарахт турлари ва миқдори, суғориш тизимини барпо этиш, дарахт ва бута кўчатларини экиш ҳамда уларни уч йил давомида парваришлаш учун талаб этиладиган маблағлар бўйича таҳминий ҳисоб-китоблар. Бунда, лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки қиймати 250 млн сўмдан ошмаслиги лозим;

лойиҳа амалга ошириладиган ер майдонининг жорий ҳолатини тасвирловчи камида 3 та фотосурат;

лойиҳа амалга ошириладиган ҳудуднинг сув таъминоти (мавжуд сув манбалари) тўғрисидаги маълумот;

лойиҳани амалга ошириш бўйича қўшимча ҳужжатлар, шу жумладан лойиҳа ҳужжатлари, ваколатли орган хулосалари ва бошқалар (агар мавжуд бўлса).

22. Лойиҳа ишчи гуруҳ ва Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси вакиллари томонидан ўн иш куни давомида қуйидаги мезонлар асосида саралаб олинади:

лойиҳада акс эттирилган муаммо тегишли туман (шаҳар) ҳудудига тегишли бўлиши (танланган ҳудудда дарахтзорлар билан қопланиш даражаси етарли эмаслиги, «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари» мавжуд эмаслиги);

жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар шахсий хусусиятга эга бўлмаслиги (шахсий хонадон ва ер эгалигидаги ҳудудларда ишларни амалга ошириш ва бошқалар);

лойиҳа тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилмаганлиги ҳамда лойиҳани амалга ошириш натижасидан пулли фойдаланиш кўзда тутилмаганлиги;

лойиҳада кўрсатилган ер майдонида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг ҳужжатлари ва топшириқлари, шунингдек, бошқа дастурларда назарда тутилган тадбирлар амалга оширилиши белгиланмаганлиги;

лойиҳани амалга оширишнинг умумий қиймати 250 млн сўмдан ошмаслиги.

Бунда бир хил мазмундаги бир нечта лойиҳалар илгари сурилган бўлса, улардан маълумоти нисбатан аниқ ва тўлиқ кўрсатилган дастлабки лойиҳа қабул қилинади.

23. Ишчи гуруҳ ва Экология вазирлиги ҳудудий бўлинмасининг вакили томонидан уч иши кун ичида лойиҳани Портал орқали овоз бериш босқичига ўтказиш ёки уни рад этиш тўғрисида хулоса берилади.

24. Лойиҳанинг мазкур Низомнинг 21-22-бандларида назарда тутилган талаблар ва мезонларга мос келмаслиги уни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Ишчи гуруҳ томонидан лойиҳанинг асоссиз ёки бошқа сабаб билан рад этилишига йўл қўйилмайди.

25. Лойиҳага Портал орқали овоз бериш жараёни саралаш босқичи якунларига кўра ўн кун давомида ўтказилади.

26. Овоз бериш босқичида фуқаролар бир мавсум доирасида битта лойиҳага овоз бериш имкониятига эга бўлади. Бунда овоз беришда фуқаронинг шахсига аниқлик киритилиб, Порталда овоз берувчилар рўйхати шакллантирилиб борилади ҳамда такроран овоз бериш ҳолати қайд этилганда ушбу овоз рад этилади.

27. Овоз бериш жараёни СМС хизмати, мобиль илова ёки ижтимоий тармоқларда ишга туширилган расмий ботлар орқали амалга оширилиши мумкин.

28. Ҳар бир туманда (шаҳарда) лойиҳа ғолиб деб топилиши учун 10 тадан кам бўлмаган энг кўп овоз сонига эга бўлиши лозим.

29. Овоз бериш босқичи якунларига кўра:

ҳар бир туман (шаҳар) кесимида лойиҳалар тўпланган овоз сони бўйича пастдан юқорига сараланади;

овоз бериш босқичи якунланган кун ҳолатига Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида очилган махсус шахсий ғазна ҳисобварағида мавжуд маблағлар Порталда қайд этилади;

ҳар бир туманда (шаҳарда) бир мавсумда «яшил боғ» ва «яшил жамоат парк»ни ташкил этиш бўйича энг кўп овоз тўплаган лойиҳа Экология вазирлигининг тегишли ҳудудий бўлинмасида очилган махсус шахсий ғазна ҳисобварағидаги мавжуд маблағ доирасида Портал томонидан автоматик тарзда ғолиб деб топилади.

30. Барча туманлар (шаҳарлар) бўйича ғолиб лойиҳалар бир вақтнинг ўзида Портал орқали эълон қилинади. Лойиҳа ташаббускорларига ғолиб бўлганлиги тўғрисида СМС хабар юборилади.

31. Ғолиб лойиҳани амалга оширишда юзага келган техник муаммолар ёки ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича бошқа манбалар ҳисобидан маблағлар ажратилганда мазкур лойиҳа ғолиблар рўйхатидан чиқарилади. Бунда овозлар сони бўйича кейинги ўриндаги лойиҳа ғолиб деб топилади.

4-боб. Ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш ва амалга ошириш

32. Ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш ишчи гуруҳ томонидан Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирокида тасдиқланадиган ушбу Низомга 3-иловадаги манзилли рўйхат асосида амалга оширилади. Бунда манзилли рўйхат ғолиб лойиҳалар эълон қилинган кундан бошлаб ўн иш кунида тасдиқланиши лозим.

33. Ғолиб лойиҳа доирасида фақат ташаббускор томонидан лойиҳа мазмунида кўрсатиб ўтилган тадбирлар амалга оширилади.

34. Ғолиб лойиҳаларни амалга ошириш учун ер ва бошқа ресурслар ажратилиши, шунингдек, тегишли соҳа инспекцияларининг экспертиза хулосалари талаб этилган ҳолларда ушбу ресурсларни ажратиш бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга ташкилотларга манзилли рўйхат тасдиқлангандан сўнг уч иш кунида ишчи гуруҳ ва Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан сўров юборилади.

35. Манзилли рўйхат тасдиқлангандан сўнг ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида ҳар бир лойиҳа учун алоҳида «Давлат молиясини бошқариш ахборот тизими»да шахсий ғазна ҳисобварақлари очилади.

36. Очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига уч иш кунида Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида очилган махсус шахсий ғазна ҳисобварағидан ғолиб лойиҳалар учун манзилли рўйхатда назарда тутилган маблағлар ўтказиб берилади.

37. Манзилли рўйхатда назарда тутилган маблағлар тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказиб берилгандан сўнг буюртмачи уч иш кунида товарларни (ишлар ва хизматларни) харид қилиш учун таъминот корхоналарини, «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари» ташкил этиш учун эса пудрат ташкилотини аниқлаш бўйича давлат харидлари электрон тизимига эълон жойлаштиради.

38. Лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган «яшил боғ» ва «яшил жамоат парки»ни ташкил этиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида ғолиб лойиҳанинг якуний қийматига аниқлик киритилади.

Лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва давлат экспертизадан ўтказилиши «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан буюртмачи томонидан молиялаштирилади.

39. Агар лойиҳанинг якуний қиймати унинг дастлабки қийматидан юқори бўлса (250 млн сўмдан ортмаган ҳолда), лойиҳани амалга ошириш учун талаб этиладиган қўшимча маблағ манзилли рўйхатга тузатишлар киритилган ҳолда, Жамғармадаги мавжуд ёки келгусида тушадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Барпо этилган «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни сақлаш ва парваришлаш тадбирлари уч йил муддатга пудрат ташкилотлари томонидан, уч йилдан сўнг тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

5-боб. Ҳисобдорлик ва очиқликни таъминлаш

40. Экология вазирлиги ғолиб лойиҳалар рўйхатини ўзининг расмий веб-сайти ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилади.

41. Ғолиб лойиҳаларни амалга оширишнинг барча босқичлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини таъминлаш мақсадида Порталда «лойиҳаларни амалга ошириш хронологияси» юритиб борилади.

42. Экология вазирлиги томонидан кўчат экиш мавсуми якунларига кўра кейинги ойнинг 25-санасига қадар ушбу Низомга 4-иловада келтирилган шаклда ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш ҳолати юзасидан ҳисобот вазирликнинг расмий веб-сайт орқали эълон қилиб борилади.

43. Экология вазирлиги ҳар йили 25 февралга қадар ўтган йилда ўтказилган жараёнларни молиялаштиришга йўналтирилган маблағлар юзасидан Олий Мажлис Сенатига ҳисобот киритади.

6-боб. Жавобгарлик ва назорат

44. Ишчи гуруҳ ва Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари Порталга киритилган барча лойиҳаларнинг овоз бериш босқичи бошлангунга қадар саралашдан ўтказилишига, Жамғарма маблағларининг белгиланган мақсадларда ва самарали фойдаланилиши ҳамда маблағларнинг ажратилиши учун тақдим этиладиган барча ҳужжатларнинг ҳаққонийлигига жавобгар ҳисобланади.

45. Жамғарма маблағларининг белгиланган мақсадларда ва самарали фойдаланилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

46. Ғолиб лойиҳалар ташаббускорларига тадбирларни амалга оширишнинг барча босқичларини кузатиш ҳамда бажарилган ишларни баҳолаб бориш имконияти яратилади.

47. Лойиҳаларни саралаш ва молиялаштириш билан боғлиқ юзага келган низолар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Экология вазирлиги билан биргаликда кўриб чиқилади.

48. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

«Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (кейинги ўринларда — Экология вазирлиги) 1. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси учун бюджетдан ажратилган маблағларнинг камида 50 фоизини Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Экология вазирлигининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларида (кейинги ўринларда — Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари) очилган махсус шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказади. 2. «Менинг боғим» лойиҳалари жараёни ўтказилиши юзасидан ОАВ орқали эълон берган ҳолда кенг жамоатчиликни хабардор қилади. Ҳар йил 10 январга қадар 2-босқич Фуқаролар «Очиқ бюджет» ахборот порталига «Менинг боғим» лойиҳалари жараёни юзасидан ўз таклифларини киритади. 10 кун 3-босқич Ишчи гуруҳ, Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари 1. Келиб тушган лойиҳаларни белгиланган талаб ва мезонлар асосида саралаб олади. 10 иш куни 2. Сараланган лойиҳаларни овоз бериш босқичига ўтказади ёки рад этади. 3 иш куни 4-босқич Фуқаролар Саралашдан ўтган лойиҳалар учун «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали овоз беради. 10 кун 5-босқич «Очиқ бюджет» ахборот портали Энг кўп овоз тўплаган лойиҳаларни автоматик тарзда ғолиб деб топади. Овоз бериш босқичи якунларига кўра 6-босқич Ишчи гуруҳ, Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари Ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича манзилли рўйхатни шакллантиради ва тасдиқлайди. Ғолиблар эълон қилингач, 10 иш кун ичида 7-босқич Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари Манзилли рўйхат асосида лойиҳаларни молиялаштириш чораларини кўради. Белгиланган муддатларда 8-босқич Экология вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, ишчи гуруҳ, Ғолиб лойиҳаларни амалга оширишнинг барча босқичларини мониторинг қилиб боради. Доимий равишда

Жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

«Менинг боғим» лойиҳалари жараёнини ташкил этиш ва мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳ

1. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, гуруҳ раҳбари 2. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари, гуруҳ раҳбари ўринбосари 3. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи 4. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи 5. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) ирригация бўлими бошлиғи 6. Лавозимига кўра — Кадастр агентлигининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи 7. Лавозимига кўра — тумандаги (шаҳардаги) мавжуд давлат ўрмон хўжалиги директори

Жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

___________ йилда ўтказилган «Менинг боғим» лойиҳалари жараёни доирасида ғолиб бўлган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича

Т/р Лойиҳанинг ID-рақами Ҳудуд номи Туман (шаҳар) номи Объектнинг аниқ манзили (маҳалла, кўча) Лойиҳа доирасида амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар мазмуни Лойиҳа қиймати Жами 1. 2. 3. ...

Жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган «Менинг боғим» лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

_____ йилда ўтказилган кўчат экиш мавсуми якунларига кўра «Менинг боғим» лойиҳаларини молиялаштириш ҳолати бўйича

Т/р Лойиҳанинг ID-рақами Лойиҳанинг қисқача мазмуни Лойиҳанинг молиялаштирилиши (млн сўм) Молиялаштириш учун очилган ҳисобварақ Лойиҳанинг қиймати Ажратилган маблағ миқдори Бажарилган ишлар ҳажми Бажарилган ишлар учун тўлаб берилган маблағ миқдори Қолдиқ маблағ миқдори Жами 1. 2. 3. ...

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 26 март,

156-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.04.2024 й., 09/24/156/0257)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

TARKIBI

MANZILLI ROʻYXAT

XISOBOT

Jamoatchilik fikri asosida ishlab chiqilgan “Mening bogʻim” loyihalarini shakllantirish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Respublikada yashillik darajasini oshirish, ekologik barqarorlikni taʼminlash hamda atrof-muhitga zararli taʼsirlarning oldini olish maqsadida “Yashil makon” umummilliy loyihasi doirasida salmoqli ishlar amalga oshirilmoqda.

Jumladan, soʻnggi uch yil davomida jami 500 mln tupga yaqin daraxt va buta koʻchatlari ekildi, 935,0 gektar “yashil bogʻ”lar va 893,5 gektar “yashil jamoat parklari” tashkil etildi.

Shu bilan birgalikda, bugungi kunda sohada oʻz yechimini kutayotgan ayrim muammolar saqlanib qolmoqda. Xususan, “Yashil makon” umummilliy loyihasi tadbirlarini moliyalashtirish tizimli tashkil etilmagan boʻlib, loyihani jamoatchilik fikri asosida tashabbusli budjetlashtirish tizimi orqali amalga oshirish zarurati yuzaga kelmoqda.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada yashillik darajasini yanada oshirish, “Yashil makon” umummilliy loyihasini izchil amalga oshirish orqali ekologik barqarorlikni taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 23-noyabrdagi PF-199-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada yashillik darajasini yanada oshirish, “Yashil makon” umummilliy loyihasini izchil amalga oshirish orqali ekologik barqarorlikni taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 23-noyabrdagi PF-199-son Farmonining 1-bandiga muvofiq:

“Yashil makon” umummilliy loyihasini amalga oshirishda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan har yili ajratiladigan mablagʻlarning kamida 50 foizi “yashil bogʻ” va “yashil jamoat parklari”ni tashkil qilish uchun “Ochiq budjet” axborot portali orqali jamoatchilik fikri asosida ishlab chiqilgan “Mening bogʻim” loyihalarini moliyalashtirishga yoʻnaltirilishi;

“yashil bogʻ” va “yashil jamoat parklari”ni tashkil qilish boʻyicha yer maydoni manzili va rasmlari koʻrsatilgan holda, qiymati 250 mln soʻmdan oshmagan tashabbus bildirilishi;

“Mening bogʻim” loyihalarini shakllantirish va ularga ovoz berish jarayoni har yili yanvar-fevral oylarida oʻtkazilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Jamoatchilik fikri asosida ishlab chiqilgan “Mening bogʻim” loyihalarini shakllantirish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya vazirligi) hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining:

har yili Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetining tasdiqlangan koʻrsatkichlaridan kelib chiqib, Ekologiya vazirligida “Yashil makon” umummilliy loyihasi tadbirlariga ajratiladigan mablagʻlardan shakllanadigan budjet tashkilotining budjetdan tashqari jamgʻarmasi shaklidagi “Fuqarolar tashabbusi jamgʻarmasi” shaxsiy gʻazna hisobvaragʻini (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma);

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Ekologiya vazirligining viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalarida “Mening bogʻim” loyihalari doirasida “yashil bogʻ” va “yashil jamoat parklari”ni tashkil qilish boʻyicha tashabbusli budjet orqali moliyalashtirish mablagʻlari jamlanadigan maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaragʻini ochish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.

4. Belgilansinki, Ekologiya vazirligi Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan ajratilgan mablagʻlarning kamida 50 foizini “Mening bogʻim” loyihalarini tashabbusli budjet orqali moliyalashtirish uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Ekologiya vazirligining viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalarining maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga oʻtkazib beradi. Bunda mablagʻlar tuman va shaharlarga teng ulushlarda, lekin 250 mln soʻmdan kam boʻlmagan miqdorda taqsimlanadi.

5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bir hafta muddatda:

“Mening bogʻim” loyihalari jarayonini tashkil etish, shu jumladan loyihalarni baholash, saralab olish hamda ularning ijrosini monitoring qilish boʻyicha tuman (shahar) hokimliklari huzurida mutasaddi vazirlik va idoralar vakillaridan iborat tarkibda ishchi guruhlarni shakllantirish;

2024-yil uchun, 2025-yildan boshlab esa har yili dekabr oyida “yashil bogʻ” hamda “yashil jamoat parki”ni tashkil etish uchun belgilangan tartibda yer maydonlarini ajratish choralarini koʻrsin.

6. Belgilab qoʻyilsinki:

“Mening bogʻim” loyihalari doirasida saralab olingan tashabbusli loyihalarni amalga oshirish uchun talab etiladigan mablagʻlar miqdoriga loyiha-smeta hujjatlariga muvofiq aniqlik kiritiladi;

loyiha-smeta hujjatlari asosida aniqlik kiritilgan mablagʻlar miqdori tuman (shahar) hokimliklari huzuridagi ishchi guruh tomonidan belgilangan dastlabki miqdordan oshib ketgan taqdirda, talab etiladigan qoʻshimcha mablagʻlar tegishli loyihalar doirasidagi boshqa tadbirlardan iqtisod qilingan mablagʻlar, mahalliy budjetning orttirib bajarilgan qismi hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyat va Toshkent shahar kengashlari qaroriga asosan tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlarining qoʻshimcha manbalari hisobidan qoplanadi.

7. Ekologiya vazirligi “Mening bogʻim” loyihalarining amalga oshirilishi jarayonini muntazam ravishda tahlil qilsin hamda har mavsum yakunida Vazirlar Mahkamasi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga axborot kiritib borsin.

8. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi va Oʻzbekiston Milliy axborot agentligiga mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyati, shuningdek, “Mening bogʻim” loyihalari orqali respublikada yashillik darajasini oshirish borasida amalga oshirilayotgan ishlar ommaviy axborot vositalarida keng yoritib borilishini taʼminlash tavsiya etilsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 26-martdagi 156-son qaroriga ILOVA

Jamoatchilik fikri asosida ishlab chiqilgan “Mening bogʻim” loyihalarini shakllantirish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom “yashil bogʻ” va “yashil jamoat parklari”ni tashkil etish uchun “Ochiq budjet” axborot portali (openbudget.uz) (keyingi oʻrinlarda — Portal) orqali jamoatchilik fikri asosida ishlab chiqilgan “Mening bogʻim” loyihalarini shakllantirish va moliyalashtirish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

buyurtmachi — “E-auksion” portali orqali pudrat tashkilotini tanlash, “yashil bogʻlar” va “yashil jamoat parklari”ni tashkil etish va ekilgan koʻchatlarni uch yil davomida parvarishlash boʻyicha shartnoma tuzadigan hamda bajarilgan ishlarni qabul qiladigan subyekt;

“Mening bogʻim” loyihalari jarayoni (keyingi oʻrinlarda — jarayon) — Portalda jamoatchilik fikri asosida “yashil bogʻ” va “yashil jamoat parklari”ni tashkil qilish boʻyicha loyihalarni shakllantirish, saralash, ovoz berish yoʻli orqali gʻolib loyihalarni aniqlash hamda moliyalashtirishni oʻz ichiga olgan jarayon;

gʻolib loyiha — Portal orqali ovoz berish jarayoni yakunlariga koʻra toʻplangan ovozlar soni asosida Portal tomonidan avtomatik tarzda tanlab olingan loyiha.

3. “Mening bogʻim” loyihalarini shakllantirish va moliyalashtirish ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

4. Tuman (shahar) hokimliklari huzurida jarayonni tashkil etish va monitoring qilish boʻyicha ushbu Nizomga 2-ilovada koʻrsatilgan tarkibda ishchi guruh (keyingi oʻrinlarda — ishchi guruh) shakllantiriladi.

Ishchi guruhning faoliyatiga tuman (shahar) hokimining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosari rahbarlik qiladi.

Ishchi guruh Portalda oʻziga biriktirilgan vakolatlardan elektron raqamli kalit orqali foydalanadi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Iqtisodiyot va moliya vazirligi) jarayonni tashkil etish boʻyicha vakolatli organ hisoblanadi.

6. “Mening bogʻim” loyihalari boʻyicha:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya vazirligi) viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalari) buyurtmachi hisoblanadi;

“Yashilloyiha” loyihalash instituti loyihachi hisoblanadi;

pudrat tashkiloti qonunchilikda belgilangan tartibda aniqlanadi.

7. “Yashilloyiha” loyihalash instituti:

“yashil bogʻlar” va “yashil jamoat parklari”ni tashkil etishda hududning suv taʼminoti, tuproq-iqlim va yer osti suvlari holatidan kelib chiqib talab etiladigan daraxt turlarini va ularning miqdorini aniqlaydi;

loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqadi va ekspertiza xulosalarini oladi;

loyiha-smeta hujjatlarini buyurtmachiga topshiradi.

8. Pudrat tashkilotiga quyidagi talablar qoʻyiladi:

daraxt va buta koʻchatlarini yetishtirish va ekish boʻyicha kamida uch yillik tajribaga ega boʻlish;

loyiha hujjatlari talabi asosida “yashil bogʻlar” va “yashil jamoat parklari”ni barpo etish uchun sugʻorish tizimini tashkil qilish;

“yashil bogʻlar” va “yashil jamoat parklari”ni shartnoma talablari va loyihaga qatʼiy rioya qilgan holda tashkil etish;

ekilgan daraxt va buta koʻchatlarini uch yil davomida parvarishlash, kasallik va zararkunandalarga qarshi kurashish tadbirlarini amalga oshirish;

ekilgan barcha daraxt va buta koʻchatlarining koʻkaruvchanligini toʻliq taʼminlagan holda, ularni tegishli tuman (shahar) hokimliklariga yoki yer egalariga belgilangan muddatda topshirish.

9. Loyihalarni baholash, saralab olish, ularning ijrosini monitoring qilish ishchi guruh tomonidan Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalari vakili ishtirokida amalga oshiriladi.

Ishchi guruh gʻolib loyihalarni moliyalashtirish boʻyicha manzilli dasturni ishlab chiqadi va tasdiqlaydi.

10. Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligining tuman (shahar) boʻlinmalari tuman (shahar) hokimliklari bilan birgalikda har yili 1-noyabrga qadar hududlarda “Mening bogʻim” loyihalari doirasida “yashil bogʻlar” va “yashil jamoat parklari”ni tashkil etish mumkin boʻlgan tuman (shahar) hokimliklari balansidagi boʻsh turgan yerlar roʻyxati, maydoni va manzili haqida maʼlumotlarni toʻplaydi hamda tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklariga va ishchi guruhga taqdim etadi.

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari har yili 1-yanvarga qadar kelgusi yilda “yashil bogʻlar” va “yashil jamoat parklari”ni tashkil etish uchun tumanlar (shaharlar) kesimida boʻsh turgan yerlar roʻyxati, maydoni va manzili haqidagi maʼlumotlarni Portalga kiritadi.

Auksionga chiqarilgan va qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer maydonlari boʻsh turgan yerlar roʻyxatiga kiritilmaydi.

2-bob. “Mening bogʻim” loyihalarini moliyalashtirish

11. Quyidagilar “Mening bogʻim” loyihalarini moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:

har yili Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan yashil makon xarajatlari uchun ajratiladigan mablagʻlarning kamida 50 foizi;

mahalliy budjet qoʻshimcha mablagʻlarining ixtiyoriy ravishda yoʻnaltiriladigan qismi;

qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.

12. Iqtisodiyot va moliya vazirligi har yili respublika budjeti tasdiqlangandan soʻng yanvar oyida “Yashil makon” umummilliy loyihasi uchun budjetdan ajratilgan mablagʻlarni Ekologiya vazirligining “Fuqarolar tashabbusi jamgʻarmasi” shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) oʻtkazadi.

Ekologiya vazirligi “Yashil makon” umummilliy loyihasi uchun budjetdan ajratilgan mablagʻlarning kamida 50 foizini “Mening bogʻim” loyihalari doirasida “yashil bogʻ” va “yashil jamoat parklari”ni tashkil etishni moliyalashtirish uchun tumanlarga (shaharlarga) teng taqsimlagan holda vazirlik hududiy boʻlinmalarining maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga oʻtkazadi.

13. Hokimliklar ixtiyoriy ravishda mahalliy budjet qoʻshimcha mablagʻlarining bir qismini chorak yakuni boʻyicha tegishli xalq deputatlari tuman (shahar) Kengashining qarori asosida Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalarida ochilgan maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkazishi mumkin. Bunda mahalliy budjetdan ajratiladigan mablagʻlar xalq deputatlari tuman (shahar) Kengashining qarori qabul qilingan kundan soʻng uch ish kun ichida tegishli maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

14. Maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaragʻi mablagʻlari faqat gʻolib loyihalarda nazarda tutilgan tadbirlarni amalga oshirish hamda ushbu tadbirlar bilan bogʻliq hujjatlarni rasmiylashtirish (loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish, ekspertiza xulosalarini olish, yer tayyorlash, daraxt va buta koʻchatlarini sotib olish, ekish, parvarishlash, sugʻorish tizimlarini yaratish, kasallik va zararkunandalarga qarshi kurashish, saqlash, transport) xarajatlari uchun yoʻnaltiriladi. Mazkur mablagʻlarni boshqa maqsadlarga yoʻnaltirish qatʼiyan taqiqlanadi.

15. Gʻolib loyihada nazarda tutilgan tadbirlar toʻliq amalga oshirilgandan soʻng ushbu loyiha uchun ochilgan maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaragʻidagi qoldiq mablagʻlar iqtisod qilingan mablagʻ hisoblanadi.

Iqtisod qilingan mablagʻlar hisobidan qoʻshimcha tadbirlarni amalga oshirishga yoʻl qoʻyilmaydi hamda ushbu mablagʻlar buyurtmachi tomonidan oʻn ish kuni ichida Jamgʻarmaga yoʻnaltiriladi.

3-bob. Loyihalarni shakllantirish, saralab olish va gʻoliblarni aniqlash

16. Jarayon har yili yanvar-fevral oylari davomida oʻtkaziladi.

Zarur hollarda, vakolatli organ keng jamoatchilikni xabardor qilgan holda, jarayonni oʻtkazish muddatiga oʻzgartirish kiritishi mumkin.

17. Jarayon Portal orqali oʻtkaziladi. Bunda Portalning rasmiy veb-sayti va mobil ilovasi teng kuchli hisoblanadi.

18. Jarayon quyidagi uchta bosqichda oʻtkaziladi:

fuqarolar tomonidan loyihalarni shakllantirish;

ishchi guruh tomonidan Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalari vakillari ishtirokida loyihalarni saralab olish;

saralashdan oʻtgan loyihalarga ovoz berish.

19. Fuqarolar Portaldan roʻyxatdan oʻtgan holda, oʻn kun davomida “yashil bogʻlar” va “yashil jamoat parklari”ni tashkil qilish boʻyicha loyihalarni joylashtiradi.

20. Har bir fuqaro bir mavsumda faqat bitta “yashil bogʻ” va bitta “yashil jamoat parki”ni barpo etish boʻyicha loyihani ilgari surish huquqiga ega.

21. Loyihani shakllantirish uchun fuqarolar tomonidan Portalga quyidagilar kiritiladi:

loyiha mazmuni (“yashil bogʻ” yoki “yashil jamoat parki”ni tashkil etish), shu jumladan, bajariladigan ish turlari, xarid qilinadigan tovar va xizmatlar roʻyxati (nomi va soni);

loyihani amalga oshirish uchun Portalga joylashtirilgan hududlar roʻyxatidagi yer maydoni hamda uning aniq manzili (qishloq, ovul, mahalla, mavze va koʻcha nomi);

loyihani amalga oshirish uchun talab etiladigan daraxt turlari va miqdori, sugʻorish tizimini barpo etish, daraxt va buta koʻchatlarini ekish hamda ularni uch yil davomida parvarishlash uchun talab etiladigan mablagʻlar boʻyicha tahminiy hisob-kitoblar. Bunda, loyihani amalga oshirishning dastlabki qiymati 250 mln soʻmdan oshmasligi lozim;

loyiha amalga oshiriladigan yer maydonining joriy holatini tasvirlovchi kamida 3 ta fotosurat;

loyiha amalga oshiriladigan hududning suv taʼminoti (mavjud suv manbalari) toʻgʻrisidagi maʼlumot;

loyihani amalga oshirish boʻyicha qoʻshimcha hujjatlar, shu jumladan loyiha hujjatlari, vakolatli organ xulosalari va boshqalar (agar mavjud boʻlsa).

22. Loyiha ishchi guruh va Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmasi vakillari tomonidan oʻn ish kuni davomida quyidagi mezonlar asosida saralab olinadi:

loyihada aks ettirilgan muammo tegishli tuman (shahar) hududiga tegishli boʻlishi (tanlangan hududda daraxtzorlar bilan qoplanish darajasi yetarli emasligi, “yashil bogʻlar” va “yashil jamoat parklari” mavjud emasligi);

jamoatchilik tomonidan bildirilgan takliflar shaxsiy xususiyatga ega boʻlmasligi (shaxsiy xonadon va yer egaligidagi hududlarda ishlarni amalga oshirish va boshqalar);

loyiha tadbirkorlik faoliyatini qoʻllab-quvvatlashga qaratilmaganligi hamda loyihani amalga oshirish natijasidan pulli foydalanish koʻzda tutilmaganligi;

loyihada koʻrsatilgan yer maydonida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Hukumatining hujjatlari va topshiriqlari, shuningdek, boshqa dasturlarda nazarda tutilgan tadbirlar amalga oshirilishi belgilanmaganligi;

loyihani amalga oshirishning umumiy qiymati 250 mln soʻmdan oshmasligi.

Bunda bir xil mazmundagi bir nechta loyihalar ilgari surilgan boʻlsa, ulardan maʼlumoti nisbatan aniq va toʻliq koʻrsatilgan dastlabki loyiha qabul qilinadi.

23. Ishchi guruh va Ekologiya vazirligi hududiy boʻlinmasining vakili tomonidan uch ishi kun ichida loyihani Portal orqali ovoz berish bosqichiga oʻtkazish yoki uni rad etish toʻgʻrisida xulosa beriladi.

24. Loyihaning mazkur Nizomning 21-22-bandlarida nazarda tutilgan talablar va mezonlarga mos kelmasligi uni rad etish uchun asos hisoblanadi.

Ishchi guruh tomonidan loyihaning asossiz yoki boshqa sabab bilan rad etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

25. Loyihaga Portal orqali ovoz berish jarayoni saralash bosqichi yakunlariga koʻra oʻn kun davomida oʻtkaziladi.

26. Ovoz berish bosqichida fuqarolar bir mavsum doirasida bitta loyihaga ovoz berish imkoniyatiga ega boʻladi. Bunda ovoz berishda fuqaroning shaxsiga aniqlik kiritilib, Portalda ovoz beruvchilar roʻyxati shakllantirilib boriladi hamda takroran ovoz berish holati qayd etilganda ushbu ovoz rad etiladi.

27. Ovoz berish jarayoni SMS xizmati, mobil ilova yoki ijtimoiy tarmoqlarda ishga tushirilgan rasmiy botlar orqali amalga oshirilishi mumkin.

28. Har bir tumanda (shaharda) loyiha gʻolib deb topilishi uchun 10 tadan kam boʻlmagan eng koʻp ovoz soniga ega boʻlishi lozim.

29. Ovoz berish bosqichi yakunlariga koʻra:

har bir tuman (shahar) kesimida loyihalar toʻplangan ovoz soni boʻyicha pastdan yuqoriga saralanadi;

ovoz berish bosqichi yakunlangan kun holatiga Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalarida ochilgan maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida mavjud mablagʻlar Portalda qayd etiladi;

har bir tumanda (shaharda) bir mavsumda “yashil bogʻ” va “yashil jamoat park”ni tashkil etish boʻyicha eng koʻp ovoz toʻplagan loyiha Ekologiya vazirligining tegishli hududiy boʻlinmasida ochilgan maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaragʻidagi mavjud mablagʻ doirasida Portal tomonidan avtomatik tarzda gʻolib deb topiladi.

30. Barcha tumanlar (shaharlar) boʻyicha gʻolib loyihalar bir vaqtning oʻzida Portal orqali eʼlon qilinadi. Loyiha tashabbuskorlariga gʻolib boʻlganligi toʻgʻrisida SMS xabar yuboriladi.

31. Gʻolib loyihani amalga oshirishda yuzaga kelgan texnik muammolar yoki ushbu loyihani amalga oshirish boʻyicha boshqa manbalar hisobidan mablagʻlar ajratilganda mazkur loyiha gʻoliblar roʻyxatidan chiqariladi. Bunda ovozlar soni boʻyicha keyingi oʻrindagi loyiha gʻolib deb topiladi.

4-bob. Gʻolib loyihalarni moliyalashtirish va amalga oshirish

32. Gʻolib loyihalarni moliyalashtirish ishchi guruh tomonidan Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalari vakillari ishtirokida tasdiqlanadigan ushbu Nizomga 3-ilovadagi manzilli roʻyxat asosida amalga oshiriladi. Bunda manzilli roʻyxat gʻolib loyihalar eʼlon qilingan kundan boshlab oʻn ish kunida tasdiqlanishi lozim.

33. Gʻolib loyiha doirasida faqat tashabbuskor tomonidan loyiha mazmunida koʻrsatib oʻtilgan tadbirlar amalga oshiriladi.

34. Gʻolib loyihalarni amalga oshirish uchun yer va boshqa resurslar ajratilishi, shuningdek, tegishli soha inspeksiyalarining ekspertiza xulosalari talab etilgan hollarda ushbu resurslarni ajratish boʻyicha qaror qabul qilish vakolatiga ega tashkilotlarga manzilli roʻyxat tasdiqlangandan soʻng uch ish kunida ishchi guruh va Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalari tomonidan soʻrov yuboriladi.

35. Manzilli roʻyxat tasdiqlangandan soʻng gʻolib loyihalarni moliyalashtirish maqsadida har bir loyiha uchun alohida “Davlat moliyasini boshqarish axborot tizimi”da shaxsiy gʻazna hisobvaraqlari ochiladi.

36. Ochilgan shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga uch ish kunida Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalarida ochilgan maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaragʻidan gʻolib loyihalar uchun manzilli roʻyxatda nazarda tutilgan mablagʻlar oʻtkazib beriladi.

37. Manzilli roʻyxatda nazarda tutilgan mablagʻlar tegishli shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga oʻtkazib berilgandan soʻng buyurtmachi uch ish kunida tovarlarni (ishlar va xizmatlarni) xarid qilish uchun taʼminot korxonalarini, “yashil bogʻlar” va “yashil jamoat parklari” tashkil etish uchun esa pudrat tashkilotini aniqlash boʻyicha davlat xaridlari elektron tizimiga eʼlon joylashtiradi.

38. Loyiha tashkiloti tomonidan ishlab chiqilgan “yashil bogʻ” va “yashil jamoat parki”ni tashkil etish boʻyicha loyiha-smeta hujjatlari asosida gʻolib loyihaning yakuniy qiymatiga aniqlik kiritiladi.

Loyiha-smeta hujjatlari ishlab chiqilishi va davlat ekspertizadan oʻtkazilishi “Mening bogʻim” loyihasi doirasida ajratiladigan mablagʻlar hisobidan buyurtmachi tomonidan moliyalashtiriladi.

39. Agar loyihaning yakuniy qiymati uning dastlabki qiymatidan yuqori boʻlsa (250 mln soʻmdan ortmagan holda), loyihani amalga oshirish uchun talab etiladigan qoʻshimcha mablagʻ manzilli roʻyxatga tuzatishlar kiritilgan holda, Jamgʻarmadagi mavjud yoki kelgusida tushadigan mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi.

Barpo etilgan “yashil bogʻlar” va “yashil jamoat parklari”ni saqlash va parvarishlash tadbirlari uch yil muddatga pudrat tashkilotlari tomonidan, uch yildan soʻng tegishli tuman (shahar) hokimliklari tomonidan amalga oshiriladi.

5-bob. Hisobdorlik va ochiqlikni taʼminlash

40. Ekologiya vazirligi gʻolib loyihalar roʻyxatini oʻzining rasmiy veb-sayti hamda ommaviy axborot vositalari orqali eʼlon qiladi.

41. Gʻolib loyihalarni amalga oshirishning barcha bosqichlari ustidan jamoatchilik nazorati oʻrnatilishini taʼminlash maqsadida Portalda “loyihalarni amalga oshirish xronologiyasi” yuritib boriladi.

42. Ekologiya vazirligi tomonidan koʻchat ekish mavsumi yakunlariga koʻra keyingi oyning 25-sanasiga qadar ushbu Nizomga 4-ilovada keltirilgan shaklda gʻolib loyihalarni moliyalashtirish holati yuzasidan hisobot vazirlikning rasmiy veb-sayt orqali eʼlon qilib boriladi.

43. Ekologiya vazirligi har yili 25-fevralga qadar oʻtgan yilda oʻtkazilgan jarayonlarni moliyalashtirishga yoʻnaltirilgan mablagʻlar yuzasidan Oliy Majlis Senatiga hisobot kiritadi.

6-bob. Javobgarlik va nazorat

44. Ishchi guruh va Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalari Portalga kiritilgan barcha loyihalarning ovoz berish bosqichi boshlangunga qadar saralashdan oʻtkazilishiga, Jamgʻarma mablagʻlarining belgilangan maqsadlarda va samarali foydalanilishi hamda mablagʻlarning ajratilishi uchun taqdim etiladigan barcha hujjatlarning haqqoniyligiga javobgar hisoblanadi.

45. Jamgʻarma mablagʻlarining belgilangan maqsadlarda va samarali foydalanilishi ustidan nazorat Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti huzuridagi Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi tomonidan amalga oshiriladi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

46. Gʻolib loyihalar tashabbuskorlariga tadbirlarni amalga oshirishning barcha bosqichlarini kuzatish hamda bajarilgan ishlarni baholab borish imkoniyati yaratiladi.

47. Loyihalarni saralash va moliyalashtirish bilan bogʻliq yuzaga kelgan nizolar Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Ekologiya vazirligi bilan birgalikda koʻrib chiqiladi.

48. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Jamoatchilik fikri asosida ishlab chiqilgan “Mening bogʻim” loyihalarini shakllantirish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

“Mening bogʻim” loyihalarini shakllantirish va moliyalashtirish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya vazirligi) 1. “Yashil makon” umummilliy loyihasi uchun budjetdan ajratilgan mablagʻlarning kamida 50 foizini Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Ekologiya vazirligining viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalarida (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalari) ochilgan maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkazadi. 2. “Mening bogʻim” loyihalari jarayoni oʻtkazilishi yuzasidan OAV orqali eʼlon bergan holda keng jamoatchilikni xabardor qiladi. Har yil 10-yanvarga qadar 2-bosqich Fuqarolar “Ochiq budjet” axborot portaliga “Mening bogʻim” loyihalari jarayoni yuzasidan oʻz takliflarini kiritadi. 10 kun 3-bosqich Ishchi guruh, Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalari 1. Kelib tushgan loyihalarni belgilangan talab va mezonlar asosida saralab oladi. 10 ish kuni 2. Saralangan loyihalarni ovoz berish bosqichiga oʻtkazadi yoki rad etadi. 3 ish kuni 4-bosqich Fuqarolar Saralashdan oʻtgan loyihalar uchun “Ochiq budjet” axborot portali orqali ovoz beradi. 10 kun 5-bosqich “Ochiq budjet” axborot portali Eng koʻp ovoz toʻplagan loyihalarni avtomatik tarzda gʻolib deb topadi. Ovoz berish bosqichi yakunlariga koʻra 6-bosqich Ishchi guruh, Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalari Gʻolib deb topilgan loyihalarni moliyalashtirish boʻyicha manzilli roʻyxatni shakllantiradi va tasdiqlaydi. Gʻoliblar eʼlon qilingach, 10 ish kun ichida 7-bosqich Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalari Manzilli roʻyxat asosida loyihalarni moliyalashtirish choralarini koʻradi. Belgilangan muddatlarda 8-bosqich Ekologiya vazirligi va uning hududiy boʻlinmalari, ishchi guruh, Gʻolib loyihalarni amalga oshirishning barcha bosqichlarini monitoring qilib boradi. Doimiy ravishda

Jamoatchilik fikri asosida ishlab chiqilgan “Mening bogʻim” loyihalarini shakllantirish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

“Mening bogʻim” loyihalari jarayonini tashkil etish va monitoring qilish boʻyicha ishchi guruh

1. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) hokimining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosari, guruh rahbari 2. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) hokimining qurilish, kommunikatsiyalar, kommunal xoʻjalik, ekologiya va koʻkalamzorlashtirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari, guruh rahbari oʻrinbosari 3. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) iqtisodiyot va moliya boʻlimi boshligʻi 4. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish boʻlimi boshligʻi 5. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) irrigatsiya boʻlimi boshligʻi 6. Lavozimiga koʻra — Kadastr agentligining tuman (shahar) boʻlimi boshligʻi 7. Lavozimiga koʻra — tumandagi (shahardagi) mavjud davlat oʻrmon xoʻjaligi direktori

Jamoatchilik fikri asosida ishlab chiqilgan “Mening bogʻim” loyihalarini shakllantirish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

___________ yilda oʻtkazilgan “Mening bogʻim” loyihalari jarayoni doirasida gʻolib boʻlgan loyihalarni moliyalashtirish boʻyicha

T/r Loyihaning ID-raqami Hudud nomi Tuman (shahar) nomi Obyektning aniq manzili (mahalla, koʻcha) Loyiha doirasida amalga oshirilishi lozim boʻlgan tadbirlar mazmuni Loyiha qiymati Jami 1. 2. 3. ...

Jamoatchilik fikri asosida ishlab chiqilgan “Mening bogʻim” loyihalarini shakllantirish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

_____ yilda oʻtkazilgan koʻchat ekish mavsumi yakunlariga koʻra “Mening bogʻim” loyihalarini moliyalashtirish holati boʻyicha

T/r Loyihaning ID-raqami Loyihaning qisqacha mazmuni Loyihaning moliyalashtirilishi (mln soʻm) Moliyalashtirish uchun ochilgan hisobvaraq Loyihaning qiymati Ajratilgan mablagʻ miqdori Bajarilgan ishlar hajmi Bajarilgan ishlar uchun toʻlab berilgan mablagʻ miqdori Qoldiq mablagʻ miqdori Jami 1. 2. 3. ...

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 26-mart,

156-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 01.04.2024-y., 09/24/156/0257)

lex.uz