UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 17-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 17 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 17 апреля 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 17 April 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 25 январдаги ПФ-14-сон Фармони билан Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Кинематография агентлиги Маданият вазирлиги тизимига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 27 июлдаги ПФ-114-сон Фармонига асосан маданият соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиб, Маданият вазирлиги фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди ҳамда унинг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида қайд этилган ҳужжатларига мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида » 2023 йил 25 январдаги ПФ-14-сон ҳамда « Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида » 2023 йил 27 июлдаги ПФ-114-сон фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 сентябрдаги 558-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 апрелдаги 207-сон қарорига ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 сентябрдаги 558-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 2-банддаги «давлат бошқаруви органи» сўзлари «республика ижро этувчи ҳокимият органи» сўзлари билан алмаштирилсин.

2. 5-банддаги «давлат бошқаруви органлари» сўзлари «республика ижро этувчи ҳокимият органлари» сўзлари билан алмаштирилсин.

3. 6-банддаги «давлат бошқаруви органлари» сўзлари «республика ижро этувчи ҳокимият органлари» сўзлари билан алмаштирилсин.

4. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«7. Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари, туман (шаҳар) маданият бўлимлари (кейинги ўринларда — ҳудудий маданият органлари), Вазирлик тизимига кирадиган идоравий мансуб ташкилотлар юридик шахслар ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига ҳамда хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади».

5. 9-банддаги «100029, Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Тарас Шевченко кўчаси, 1-уй» сўзлари «100084, Тошкент шаҳри, Амир Темур шоҳ кўчаси, 107 б-уй» сўзлари билан алмаштирилсин.

6. 10 — 12-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«10. Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

Вазирликнинг марказий аппарати;

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси;

Кинематография агентлиги;

«Ўзбекцирк» давлат муассасаси;

«Ўзбектеатр» давлат муассасаси, давлат театрлари, театр студиялари;

Юнус Ражабий номидаги Ўзбекистон миллий мусиқа санъати академияси;

Ўзбек миллий мақом санъати маркази, Бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган республика мактаб-интернати, Бухоро, Фарғона ва Урганч мақом санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари;

Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти;

Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси, кўзи ожизлар кутубхоналари;

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси;

«Мукаррама Турғунбоева номидаги «Баҳор» давлат рақс ансамбли» давлат муассасаси;

«Халқаро фестиваллар дирекцияси» давлат муассасаси;

«Ўзбекистон давлат филармонияси» давлат муассасаси;

«Халқлар дўстлиги» санъат саройи, Ислом Каримов номидаги Фарғона вилояти театр ва концерт саройи, «Сурхондарё санъат саройи» давлат муассасаси;

«Маданият таълими маркази» давлат муассасаси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти, Ўзбекистон давлат хореография академияси ва уларнинг филиаллари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказлари, Карим Зарипов номидаги республика эстрада ва цирк коллежи, Республика мусиқа ва санъат коллежи, Р. Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби, В. Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби, Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернати, профессионал таълим муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари;

маданият ва истироҳат боғлари, маданий-маърифий муассасалар;

«Ўзбекистон давлат симфоник оркестри» давлат муассасаси;

«Республика бахшичилик санъати маркази», «Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази», «Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш маркази» давлат муассасалари;

«Бинолардан фойдаланиш ва уларни эксплуатация қилиш дирекцияси» давлат муассасаси;

«Гулистон» ва «Театр» журналлари бирлашган таҳририяти» давлат муассасаси, «Ўзбекистон» журнали таҳририяти» давлат унитар корхонаси;

«Маданий ҳаёт медиа маркетинг маркази» масъулияти чекланган жамияти;

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари ва уларнинг тизимидаги туман (шаҳар) маданият бўлимлари ва маданият марказлари.

11. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий устувор вазифалари ҳисобланади:

маданият ва санъат соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, унда иштирок этувчи давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда мазкур соҳаларда қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш;

миллий маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш ҳамда кўпайтириш, санъат ва бадиий ижодни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг маънавий-ахлоқий ва маданий даражасини янада юксалтиришни рағбатлантириш, уни миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар қалби ва онгига мустақиллик, юксак маънавият, инсонпарварлик анъаналарига садоқат, миллий ўзликни англаш ғояларини янада чуқур сингдириш, радикализм ва экстремизмдек ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, жамиятнинг муттасил ортиб бораётган интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирларни ўтказишга қаратилган маърифий ишларни амалга ошириш;

бадиий ижод, шу жумладан, театр, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъатини янада ривожлантиришни рағбатлантириш, халқимиз тарихи ва бугунги ҳаётининг энг ёрқин саҳифаларини, мамлакатимизнинг эркин демократик тараққиётини акс эттирувчи асарлар яратишда ижодий жамоаларга, айниқса, ижодкор ёшларга ҳар томонлама кўмаклашиш;

маданият муассасалари, жумладан, театрлар, маданият марказлари, маданият ва истироҳат боғлари ҳамда бошқа маданий-маърифий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, маънавий етук, интеллектуал баркамол ва юксак маданиятли шахсларни тарбиялаш ишида ушбу муассасалар имкониятларидан янада тўлиқ фойдаланиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар билан фаолиятнинг асосий вазифалари ҳамда йўналишларини, маданий-маърифий тадбирларни амалга оширишда, маданият ва ижодий муассасалар ишининг самарадорлигини таъминлашда мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш;

маданият соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсонпарварлик ва юксак маънавият руҳида такомиллаштириш, моддий рағбатлантириш, бунда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш, маданий-маърифий муассасалар ва таълим муассасаларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш;

давлатлараро ва халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг маданий меросини, ижодий жамоалари ва муаллифлари асарларини, жумладан, конференциялар ва кўргазмалар, маданий тадбирлар ва анжуманлар ўтказиш йўли билан чет элларда кенг тарғиб қилиш, маданият соҳасига хорижий инвестициялар ва грантлар жалб этиш, шунингдек, маданият соҳасига оид оммавий адабиётларни чоп этиш, видео ва кино материаллар тайёрлаш;

жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, дўстлик ва кўпмиллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга бағишланган илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилишда кўмаклашиш.

12. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) маданият ва санъат соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, унда иштирок этувчи давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда мазкур соҳаларда қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш соҳасида:

маданият тизими фаолиятини ташкил этиш ва яхшилаш масалаларида давлат бошқарувини амалга оширади;

ягона давлат сиёсатининг асосий йўналишларига, шу жумладан, маданият тизимини янада ривожлантиришни назарда тутувчи давлат дастурларини ва бошқа дастурларни, шунингдек, уларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқишга доир таклифларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади ва ҳимоя қилади;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг маданият ва санъат соҳасидаги ишларини мувофиқлаштиради;

Вазирлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиш мониторингини юритади, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўз вақтида ижро этилишига қаратилган зарур тадбирларни ишлаб чиқади ва (ёки) чоралар кўради;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг тарқатилишини таъминлайди, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижрочиларга етказилиши ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишига доир ишларни бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотлар билан биргаликда ташкил этади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш учун ўз ходимларини тайёрлашни, қайта тайёрлашни ҳамда уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган тартибда юритади;

Вазирлик тизимига кирадиган идоравий мансуб ташкилотларни ривожлантириш истиқболларини прогнозлаштиради, давлат дастурларини ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади;

ҳудудий маданият органлари ва идоравий мансуб ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

Вазирлик тизими мутахассисларига қўйиладиган малака талаблари бажарилиши устидан идоравий назоратни ташкил этади;

Вазирлик тизимидаги таълим муассасалари фаолиятига методик раҳбарлик қилади;

ахборот технологияларини ва молиявий назоратнинг эътироф этилган халқаро стандартларини жорий этиш йўли билан ҳудудий маданият органлари ва идоравий мансуб ташкилотларда бюджет қонунчилиги бузилиши профилактикаси ва унинг олдини олишга қаратилган молиявий назоратни амалга оширади;

ривожланиш тенденциялари ва истиқболларини белгилайди, маданият соҳасининг ҳолатини қиёсий таҳлил қилади;

Вазирлик тизимидаги таълим муассасалари тармоғи фаолият кўрсатишининг таълим билан боғлиқ ва ижтимоий самарадорлигини таҳлил қилади, уни мақбуллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқади;

драматик, мусиқали, мусиқали-драматик асарлар, тасвирий ва амалий санъат ва ҳайкалтарошлик асарлари яратишга давлат буюртмаларини амалга оширади;

маданият ва санъатни ривожлантириш бўйича мақсадли дастурларни, маданият ва санъат соҳасига тааллуқли дастурий-методик ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди, уларнинг тўғри бажарилишини таъминлайди;

б) миллий маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш ва кўпайтириш, санъат ва бадиий ижодни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг маънавий-ахлоқий ва маданий даражасини янада юксалтиришни рағбатлантириш, уни миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш соҳасида:

республика ижро этувчи ҳокимиятнинг бошқа органлари билан биргаликда маданият ва санъат арбобларини ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этади;

аҳолининг кенг қатламлари орасида маданий ва концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда мамлакатнинг давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларига кўмаклашади;

миллий маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш ва кўпайтириш, санъат ва бадиий ижодни ҳар томонлама ривожлантириш чораларини кўради;

аҳолининг маънавий-ахлоқий ва маданий даражасини янада юксалтиришни рағбатлантиради;

аҳолини миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга оширади;

барча мавжуд давлат маданият ташкилотларини хатловдан ўтказади;

соҳада давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чораларини кўради;

давлат органлари томонидан давлат тадбирлари ва бошқа тадбирларга ижодкорлар ва ижрочилар жамоатчилик асосида жалб қилинишига йўл қўйилмаслиги чораларини кўради;

ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этилишини ва уларнинг таълим муассасаларига тўлиқ етказилишини таъминлайди;

маданият ва санъат соҳасидаги улкан ютуқлар учун мукофотлар таъсис этиш ва Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонларини бериш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда киритади;

соҳага ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

журналлар, бланкалар, ўқув-методик комплекслар, бюллетенлар нашр этилишини ва Вазирлик тизими фаолиятига тааллуқли бўлган ўқув қўлланмалари эълон қилинишини, шунингдек, Вазирликнинг веб-сайти ишини ташкил этади;

в) аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар қалби ва онгига мустақиллик, юксак маънавият, инсонпарварлик анъаналарига садоқат, миллий ўзликни англаш ғояларини янада чуқур сингдириш, радикализм ва экстремизмдек ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, жамиятнинг муттасил ортиб бораётган интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирларни ўтказишга қаратилган маърифий ишларни амалга ошириш соҳасида:

халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида миллий истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни янада кучайтиришда театр санъатининг ролини ошириш чораларини кўради;

композитор, бастакор ва созандалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳаваскорлар орасидан истеъдодли ижрочиларни аниқлаш мақсадида турли даражадаги кўрик-танловларни ўтказади;

анъанавий мусиқа жанрларини янги шарт-шароитларда такомиллаштириш мақсадида «устоз-шогирд» анъанасини янада ривожлантиради;

миллий ва жаҳон композиторлари ижодиётини инсоният интеллектуал хазинаси сифатида халқ орасида кенг тарғиб қилиш, замонавий руҳда юксак бадиий асарлар яратишни рағбатлантиради, катта мусиқий асарлар, жумладан, опера, симфония, концерт ва оратория каби мумтоз жанрларни ривожлантиради;

«устоз ва шогирд» анъанаси асосида миллий рақс соҳасидаги етук рақс усталари, истеъдодли ва юқори малакали ижрочиларнинг рақс мактабларини яратиш, уларнинг услубларини тиклаш ва ривожлантириш чораларини кўради;

миллий ва умуминсоний қадриятлар билан уйғунликда миллий рақс ва хореография санъатини бадиий жиҳатдан ривожлантиради;

авлоддан авлодга ноёб мерос сифатида ўтиб келаётган жозибали рақс намуналарини тўплаш ва бойитишни амалга оширади, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига бу бебаҳо бойликларга чуқур ҳурмат ва ҳавас туйғуларини сингдиради;

халқ усталарининг ўзига хос услуби ва мактабини давом эттиришда, атоқли маданият ва санъат арбоблари билан тажриба алмашишда «устоз-шогирд» анъанасидан самарали фойдаланишни таъминлайди, шунингдек, ижодий устахоналар фаолиятини кучайтиради;

халқ амалий санъати анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади, халқ ҳунармандчилигини қўллаб-қувватлайди;

юртимиз ва хорижда кенг кўламдаги кўргазмалар ташкил этиш орқали миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш чораларини кўради;

буюк рассомлар, халқ усталари ва рассомлари, санъат арбоблари ва истеъдодли ёш ижодкорларнинг сара асарларини оммалаштиради;

маданият марказларида халқ бадиий ҳаваскорлик ва ижрочилик санъатини ривожлантиришга, уларнинг шакл ва усулларини такомиллаштиришга кўмаклашади;

жойларда маданий-маърифий фаолиятнинг самарали усулларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, илғор тажрибаларни умумлаштиришга ва тарғиб қилишга кўмаклашади;

г) бадиий ижод, шу жумладан, театр, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъатини янада ривожлантиришни рағбатлантириш, халқимиз тарихи ва бугунги ҳаётининг энг ёрқин саҳифаларини, мамлакатимизнинг эркин демократик тараққиётини акс эттирувчи асарлар яратишда ижодий жамоаларга, айниқса, ижодкор ёшларга ҳар томонлама кўмаклашиш соҳасида:

маданиятшунослик, театршунослик, санъатшунослик, мусиқашуносликни ва ушбу соҳадаги бошқа илмий йўналишларни ривожлантиради;

театр, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъатини ривожлантиришни таъминлайди;

халқимиз тарихининг энг ёрқин саҳифаларини, унинг ҳозирги ҳаётини, мустақил ривожланиш тажрибасини акс эттирувчи асарлар яратишда ижодий жамоаларга ҳар томонлама ёрдам беради;

тарихий шахслар, замонамиз қаҳрамонлари образларини яратиш, театр асарларининг ғоявий-бадиий даражасини кўтариш, халқаро майдондаги рақобатбардошлигини ошириш, театр танқидчилигини кучайтириш чораларини кўради;

ёш композиторлар, бастакорлар, мусиқашунослар ва ижрочиларнинг ижод билан самарали шуғулланишлари учун барча имконият ва шароитларни кенгайтиради;

миллий рақс санъатининг ноёб меросини, шу жумладан, миллий қадриятларни акс эттирувчи саҳна либосларини сақлаб қолиш, тиклаш ва янгиларини яратиш ишларини олиб боради;

мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги рақс йўналишларини асраш ва авайлаш чораларини кўради, халқимизга эстетик завқ бағишловчи замонавий ўзбек рақс мактабини яратади;

истеъдодли эстрада хонандаларини аниқлаш ва уларнинг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиради;

миллий рақс санъатининг ривожланиш босқичларини илмий жиҳатдан чуқур ўрганади;

тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва халқ ҳунармандчилиги соҳаларида истеъдодли ижодкорларни барвақт аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, ижодкорларнинг бадиий салоҳиятини ошириш тизимини такомиллаштиради;

Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши билан биргаликда республика концерт саройлари, концерт заллари ва стадионларида ўтказиладиган маданий-маърифий ҳамда концерт тадбирларининг тематик, репертуар режалари ва дастурларини такомиллаштиришга доир ишларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлайди;

чет элларда ўқиётган ва самарали ижодий фаолият кўрсатаётган ижодкор ёшларнинг республикада ўтказиладиган кўриклар, танловлар ҳамда фестивалларда қатнашишини таъминлайди;

иқтидорли ёшлар ва санъат арбобларининг ижодий сафарларини ташкил қилишни ҳамда уларнинг халқаро кўламда ва республика миқёсида маданият ва санъат соҳасида ўтказиладиган кўриклар, танловлар, фестивалларда ва бошқа анжуманларда иштирок этишини таъминлайди;

Вазирлик тизимига кирувчи маданият ташкилотларининг жамоалари ва яккахон ижрочиларининг гастроль-концерт фаолиятини, шу жумладан, чет эллардаги гастроль-концерт фаолиятини ташкил қилади;

д) маданият муассасалари, жумладан, театрлар, маданият марказлари, маданият ва истироҳат боғлари ҳамда бошқа маданий-маърифий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, маънавий етук, интеллектуал баркамол ва юксак маданиятли шахсларни тарбиялаш ишида ушбу муассасалар имкониятларидан янада тўлиқ фойдаланиш соҳасида:

Вазирлик, ҳудудий маданият органлари ва идоравий мансуб ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалаларига умумий раҳбарлик қилади;

Вазирлик, ҳудудий маданият органлари ва идоравий мансуб ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш масалаларини мувофиқлаштиради;

таъмирлаш-тиклаш, қурилиш ишларини, шунингдек, Вазирлик, ҳудудий маданият органлари ва идоравий мансуб ташкилотларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича ишларни, Вазирлик, ҳудудий маданият органлари ва идоравий мансуб ташкилотлар бинолари ва иншоотларининг жорий иш ҳолатини сақлашни ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

Вазирлик, ҳудудий маданият органлари ва идоравий мансуб ташкилотларнинг эҳтиёжларини аниқлайди ва ҳар йили уларни жиҳозлаш (қайта жиҳозлаш) дастурларини ишлаб чиқади;

манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда замонавий ҳудудий маданият органлари ва идоравий мансуб ташкилотларни қуриш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурларига киритилган маданият объектларида ҳар йили олиб бориладиган қурилиш-таъмирлаш ишларининг тизимли мониторингини олиб боради;

маданият ва санъат муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиради;

замон талаблари ва халқаро стандартларга мос янги кўнгилочар марказлар, маданият ва истироҳат боғларини барпо этади;

маҳаллий маданият ва санъат муассасаларини жаҳон маданий маконига пухта интеграция қилади;

мамлакатимизнинг ижобий қиёфасини шакллантиришда бой тарихий-маданий меросдан ҳамда маданият ва санъатнинг замонавий йўналишларидан самарали ва тўлиқ фойдаланиш чораларини кўради;

маданият соҳасидаги муаммоларни аниқлаш бўйича жамоатчилик фикри ўрганилишини ташкил этади;

е) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жумладан, маҳаллий ҳокимият идоралари, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар билан фаолиятнинг асосий вазифалари ҳамда йўналишларини, маданий-маърифий тадбирларни амалга оширишда, маданият ва ижодий муассасалар ишининг самарадорлигини таъминлашда мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш соҳасида:

замонавий пьесалар, миллий мумтоз, жаҳон классик асарлари асосида театрларнинг узоқ муддатли репертуарини шакллантиради, театрларнинг маҳаллий ва хорижий давлатлардаги гастроль фаолиятини тизимли амалга оширади;

авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий мусиқа меросимизни асраб-авайлаш, янги шароитларда ривожлантириш ва улардан халқимизни баҳраманд қилиш учун кенг имкониятлар яратиш ишларини олиб боради;

миллий қадриятлар асосида эстрада қўшиқчилик санъатини янада ривожлантиради ва тарғиботини кучайтиради;

аҳолининг маданий эҳтиёжларини қаноатлантиришга, ёшларни юқори савиядаги миллий эстрада қўшиқлари намуналари асосида тарбиялашга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирлар, концертлар ва гастролларни тизимли ташкил этади;

мусиқа ва санъат мактабларида «устоз-шогирд» анъаналарини ривожлантиради ҳамда таниқли санъаткорлар иштирокида ижодий учрашувлар ташкил этади;

ижодий бирлашмалар, жамоалар ва яккахон ижрочиларнинг фаолияти, репертуарлари ва сценарийларининг ғоявий ва бадиий савиясини ошириш ишларини олиб боради;

номоддий маданий меросни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда унинг намуналарини аниқлаш, рўйхатларга киритиш, рақамлаштириш, тарғиб қилиш ва сақлашни ташкил этади;

маданият ва истироҳат боғлари ҳамда маданият марказларининг моддий-техник базасини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чораларини кўради;

маданият ва истироҳат боғларининг қиёфасини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларда халқ сайилларини доимий ўтказиш тизимини яратиш, аттракцион ва ўйин қурилмаларнинг маданият ва истироҳат боғларининг табиий ва ландшафт хусусиятларига мослигини кўриб чиқади;

маданиятнинг турли йўналишлари бўйича туризмнинг имкониятларини кенгайтиради;

республика ҳудудларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиб туризмни ривожлантириш борасидаги лойиҳалар доирасида муҳим ўрин тутадиган янги маданий сайёҳлик йўналишларини яратиш ва ривожлантириш чораларини кўради;

маданият ва санъат соҳасида миллий брендларни яратишга ва уларнинг халқаро туризм бозорларига кириб боришига комплекс ёндашади, шунингдек, маданият соҳасида халқаро танлов ва фестиваллар ўтказишни қўллаб-қувватлаш ишларини олиб боради;

таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасаларида илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш чора-тадбирларини кўради;

жаҳон илмий-техника тараққиёти ютуқларини, хорижий мамлакатларда маданият ва санъатни ривожлантиришнинг илғор тажрибасини умумлаштиради ва ушбу ютуқларнинг соҳада жорий этилишини таъминлайди;

кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган шахслар учун махсус ахборот-кутубхона хизматини кўрсатиш, уларнинг муқобил шаклдаги ўқув материалларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш орқали билим савиясини оширишни ташкил этади;

манфаатдор вазирликлар, идоралар, ташкилотлар билан биргаликда маданият ва санъат соҳасида илмий тадқиқотлар ривожланишига кўмаклашади;

илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этади ва ушбу ишлар олиб борилишини мувофиқлаштиради;

ж) маданият соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсонпарварлик ва юксак маънавият руҳида такомиллаштириш, моддий рағбатлантириш, бунда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш, маданий-маърифий муассасалар ва таълим муассасаларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш соҳасида:

Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий маданият органлари ва идоравий мансуб ташкилотларни малакали кадрлар билан таъминлайди;

ҳар йили олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш борасида маданият ва санъат соҳасида таклифларни шакллантиради;

ўқув-методик материалларни ишлаб чиқишга, педагогик технологияларни Вазирлик тизимидаги таълим муассасаларининг ўқув-тарбиявий жараёнига истиқболли жорий этишга таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларини, педагогик жамоатчиликни жалб этиш бўйича фаолиятни амалга оширади;

маданият соҳасида мутахассисларни маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича касб маҳорати танловлари ўтказади, тегишли чора-тадбирларни белгилайди;

таълим, илмий-тадқиқот, хорижий ва халқаро ташкилотлар иштирокида узоқ муддатли дастурлар, лойиҳалар, режаларни ишлаб чиқади, уларни бажариш бўйича асосий талабларни белгилайди;

кадрларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсонпарварлик ва юксак маънавият руҳида тайёрлаш жараёнини ташкил қилади;

аҳолининг маданий савиясини оширишга интилишини рағбатлантиради;

аҳолини миллий, жаҳон маданияти ва санъатининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш ишларини амалга оширади;

Вазирлик тизими кадрлари малакасини оширишни, уларни қайта тайёрлашни, тажриба орттиришларини ва аттестациядан ўтказишни таъминлайди;

мамлакатимиз таълим муассасаларида дарс бериш ва маҳорат дарсларини ўтиш учун республика ва хорижий мамлакатларнинг таниқли ижрочиларини ҳамда маданият ва санъат арбобларини, етук педагог-мутахассисларини таклиф қилади;

маданият ва санъат бўйича ўқув дастурлари, қўлланмалар ва бошқа илмий-методик адабиётларни ишлаб чиқишда иштирок этади, шунингдек, уларни тасдиқлайди;

соҳада профессионал малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, педагог кадрларнинг салоҳиятини ошириш тизимини такомиллаштиради;

мактабгача таълим муассасаларида бошланғич мусиқа тушунчаларини шакллантирувчи (фольклор мусиқа, академик мумтоз мусиқа, эстрада мусиқаси) махсус адабиётлар яратилишини таъминлайди ва болалар ижро репертуарини шакллантиради;

соҳадаги бошланғич, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида таълимнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш ҳамда таълим сифатини ошириш чораларини кўради, унинг пировардида истеъдодли ижодкорларни етиштиради;

соҳада илмий тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, илмий натижаларни амалиётга жорий этиш ҳамда санъат аҳлининг меҳнат ва ижод шароитини яхшилаш чораларини кўради;

жаҳоннинг машҳур маданият ва санъат муассасалари билан тажриба алмашиш ва малака ошириш тизимини кенгайтиради;

хорижий ва миллий анъанавий таълим тизимининг энг яхши ютуқларидан, шунингдек, соҳада таълимни ривожлантиришга асосланган технологиялардан кенг фойдаланиш чораларини кўради;

Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий маданият органлари ва идоравий мансуб ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

идоравий мансуб ташкилотларнинг моддий-техника базасини ривожлантиришда ва уларни ахборот билан таъминлашда, маслаҳат бериш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашда ҳамда бошқа ёрдам турларини кўрсатишда уларга кўмаклашади;

з) давлатлараро ва халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг маданий меросини, мамлакатимиз ижодий жамоалари ва муаллифлари асарларини, жумладан, конференциялар ва кўргазмалар, маданий тадбирлар ва анжуманлар ўтказиш йўли билан чет элларда кенг тарғиб қилиш, маданият соҳасига хорижий инвестициялар ва грантлар жалб этиш, шунингдек, маданият соҳасига оид оммавий адабиётларни чоп этиш, видео ва кино материаллар тайёрлаш соҳасида:

маданият тизимида халқаро алоқаларни кенгайтириш ва унинг самарадорлигини оширишга кўмаклашади, маданият масалалари бўйича хорижий ва халқаро ташкилотлар билан алоқалар ва ҳамкорлик ўрнатади;

маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик бўйича халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилишини таъминлайди;

республикада ва хорижий мамлакатларда профессионал санъат ва ҳаваскорлик санъати фестиваллари, кўрик-танловлар, шунингдек, кўргазмалар ўтказилишини ташкил қилади;

ижодий жамоалар, маданият ва санъат мутахассисларини, арбобларини уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, халқаро танловлар, фестивалларда ва чет эллардаги бошқа тадбирларда қатнашишини таъминлайди;

миллий кино маҳсулотларини кенг тарғиб қилишга ва уларнинг халқаро кинофестивалларда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашади;

тарихий ҳақиқат ва реал воқеликни ёрқин акс эттирувчи ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар яратиш тизимини такомиллаштиришда иштирок этади;

кино муассасаларининг моддий-техника базасини замон талаблари асосида мустаҳкамлаш ва жиҳозлашга кўмаклашади;

халқаро маданий алоқаларини йўлга қўяди ва ривожлантиради;

и) жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, дўстлик ва кўпмиллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш соҳасида:

миллатлараро тотувликнинг олийжаноб анъаналарини, жамиятда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини асраб-авайлашни, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар ҳар бир фуқаро онгида кўпмиллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга кўмаклашади;

ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни авлоддан авлодга ўтиб келаётган умуммиллий қадриятлар, анъана ва урф-одатларни сақлаш ва ривожлантиришга ундаш, миллатчилик ва экстремистик ғояларга нисбатан мафкуравий иммунитетга эга бўлган истиқлол ғояларига садоқатли, баркамол, маънавий бой, мукаммал авлодни шакллантиришда кўмаклашади;

жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимизнинг ўтмиш бой тарихи ҳамда мамлакатимиз ривожининг бугунги босқичидаги ижобий ютуқлар ҳақида ҳаққоний тасаввур ҳосил бўлишига кўмаклашади;

к) миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга бағишланган илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилишда кўмаклашиш соҳасида:

хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда бевосита иштирок этади;

мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда миллатлараро муносабатлар соҳасидаги илмий изланиш лойиҳалари учун грантлар ажратади;

миллатлараро муносабатлар йўналишидаги халқаро илмий конференцияларда иштирок этади ва ҳамкорлар билан ўзаро тажриба алмашади;

Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек, ўзининг ҳудудий маданият органлари, ўзига идоравий мансуб бошқа ташкилотлар орқали амалга оширади.

Вазирлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.».

7. 15-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«15. Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:».

8. 16-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«16. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари уларга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари ва уларнинг раҳбарияти фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;».

9. 19-бандда :

ўн саккизинчи хатбошидаги «давлат бошқаруви органлари» сўзлари «республика ижро этувчи ҳокимият органлари» сўзлари билан алмаштирилсин;

ўн тўққизинчи хатбошидаги «давлат бошқаруви бошқа органлари» сўзлари «республика ижро этувчи ҳокимият органлари» сўзлари билан алмаштирилсин.

10. 21-бандда :

қуйидаги мазмундаги саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

«турли тадбирларни ташкил этиш бўйича тизимидаги ташкилотларни буюртмачи этиб белгилаш;

тизимидаги ташкилотлар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари ва филиалларини сақлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қуриш ва таъмирлаш, ходимларни моддий рағбатлантириб бориш ҳамда турли тадбирлар ва фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатларни молиялаштириш»;

саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар тегишлича ўнинчи ва ўн биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

11. 4-бобнинг 3-параграфи номидаги «маданият бошқармалари, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасининг» сўзлари «ва Тошкент шаҳар маданият бошқармаларининг» сўзлари билан алмаштирилсин.

12. 23-бандда :

биринчи хатбошидаги «маданият бошқармалари, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси» сўзлари «ва Тошкент шаҳар маданият бошқармаларига» сўзлари билан алмаштирилсин;

иккинчи ва олтинчи хатбошилардаги «давлат бошқаруви органлари» сўзлари «республика ижро этувчи ҳокимият органлари» сўзлари билан алмаштирилсин;

еттинчи хатбошидаги «маданият бошқармалари, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси» сўзлари «ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари» сўзлари билан алмаштирилсин.

13. 24-банднинг биринчи хатбошисидаги «маданият бошқармалари, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси» сўзлари «ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари» сўзлари билан алмаштирилсин.

14. 25-бандда :

иккинчи хатбошидаги «давлат бошқаруви органлари» сўзлари «республика ижро этувчи ҳокимият органлари» сўзлари билан алмаштирилсин;

бешинчи хатбошидаги «маданият бошқармалари, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси» сўзлари «ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари» сўзлари билан алмаштирилсин.

15. 26-банднинг учинчи хатбошисидаги «маданият бошқармалари, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига» сўзлари «ва Тошкент шаҳар маданият бошқармаларига» сўзлари билан алмаштирилсин.

16. 27-бандда :

20-кичик банддаги «Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари» сўзлари «Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари» сўзлари билан алмаштирилсин;

29-кичик банд «штатлар жадвалига» сўзларидан кейин «ажратилган маблағлар доирасида ҳамда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда» сўзлари билан тўлдирилсин.

17. 30-банднинг биринчи хатбошиси ҳамда 2-кичик бандидаги «маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси» сўзлари «ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари» сўзлари билан алмаштирилсин.

18. 31-банднинг 6 ва 8-кичик бандларидаги «маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси» сўзлари «ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари» сўзлари билан алмаштирилсин.

19. 35-бандда :

биринчи хатбошидаги «маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси» сўзлари «ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари» сўзлари билан алмаштирилсин;

2-кичик банддаги «маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасининг» сўзлари «ва Тошкент шаҳар маданият бошқармаларининг» сўзлари билан алмаштирилсин.

20. 37-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«37. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Вазир бошчилик қилади.».

21. 39-банддаги «уч» ва «бир нафар» сўзлари тегишлича «тўрт» ва «икки нафар» сўзлари билан алмаштирилсин.

22. 40-банддаги «ўринбосари» сўзи «ўринбосарлари» сўзи билан алмаштирилсин.

23. 42-банднинг 3-кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«3) туманлар (шаҳарлар) маданият бўлимлари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш Маданият вазирлиги билан келишган ҳолда, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармаси бошлиқлари томонидан амалга оширилади».

24. 43-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«43. Вазир Вазирлик тизимига кирадиган идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тартибини белгилайди.».

25. 48-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларидаги «давлат бошқарувининг бошқа органлари» сўзлари «республика ижро этувчи ҳокимият органлари» сўзлари билан алмаштирилсин.

26. 50-банддаги «Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти» сўзлари «Рақамлаштириш ва ижтимоий ривожланиш масалалари бўлими» сўзлари билан алмаштирилсин.

27. 53-банддаги «давлат бошқаруви органлари» сўзлари «республика ижро этувчи ҳокимият органлари» сўзлари билан алмаштирилсин.

28. 59-банддаги «Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва спорт вазири» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.

29. 61-банддаги «Вазирлик ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва» сўзлари чиқариб ташлансин.

30. 64-банддаги «ўринбосари — туризм ва спорт вазири» сўзлари «масъул ўринбосари» сўзлари билан алмаштирилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 17 апрел,

207-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.04.2024 й., 09/24/207/0282-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Maʼmuriy islohotlar doirasida madaniyat sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari belgilanganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari faoliyatini samarali yoʻlga qoʻyishga doir birinchi navbatdagi tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 25-yanvardagi PF-14-son Farmoni bilan Millatlararo munosabatlar va xorijiy mamlakatlar bilan doʻstlik aloqalari qoʻmitasi hamda Kinematografiya agentligi Madaniyat vazirligi tizimiga oʻtkazildi.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida madaniyat va turizm sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 27-iyuldagi PF-114-son Farmoniga asosan madaniyat sohasida davlat boshqaruvi tizimi takomillashtirilib, Madaniyat vazirligi faoliyatining asosiy yoʻnalishlari belgilandi hamda uning tashkiliy tuzilmasi tasdiqlandi.

Shunga koʻra, Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati qarorlarini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining yuqorida qayd etilgan hujjatlariga muvofiqlashtirish zarurati yuzaga kelmoqda.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari faoliyatini samarali yoʻlga qoʻyishga doir birinchi navbatdagi tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida ” 2023-yil 25-yanvardagi PF-14-son hamda “ Maʼmuriy islohotlar doirasida madaniyat va turizm sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2023-yil 27-iyuldagi PF-114-son farmonlari ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 7-sentabrdagi 558-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi toʻgʻrisidagi nizomga ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

2. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri O.A. Nazarbekov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 17-apreldagi 207-son qaroriga ILOVA

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 7-sentabrdagi 558-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. 2-banddagi “davlat boshqaruvi organi” soʻzlari “respublika ijro etuvchi hokimiyat organi” soʻzlari bilan almashtirilsin.

2. 5-banddagi “davlat boshqaruvi organlari” soʻzlari “respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari” soʻzlari bilan almashtirilsin.

3. 6-banddagi “davlat boshqaruvi organlari” soʻzlari “respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari” soʻzlari bilan almashtirilsin.

4. 7-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“7. Vazirlik, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari, tuman (shahar) madaniyat boʻlimlari (keyingi oʻrinlarda — hududiy madaniyat organlari), Vazirlik tizimiga kiradigan idoraviy mansub tashkilotlar yuridik shaxslar hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhr va blankalarga, mustaqil balansga, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga hamda xorijiy valyutadagi shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi”.

5. 9-banddagi “100029, Toshkent shahri, Mirobod tumani, Taras Shevchenko koʻchasi, 1-uy” soʻzlari “100084, Toshkent shahri, Amir Temur shoh koʻchasi, 107 b-uy” soʻzlari bilan almashtirilsin.

6. 10 — 12-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“10. Vazirlik tizimiga quyidagilar kiradi:

Vazirlikning markaziy apparati;

Millatlararo munosabatlar va xorijiy mamlakatlar bilan doʻstlik aloqalari qoʻmitasi;

Kinematografiya agentligi;

“Oʻzbeksirk” davlat muassasasi;

“Oʻzbekteatr” davlat muassasasi, davlat teatrlari, teatr studiyalari;

Yunus Rajabiy nomidagi Oʻzbekiston milliy musiqa sanʼati akademiyasi;

Oʻzbek milliy maqom sanʼati markazi, Baxshichilik sanʼatiga ixtisoslashtirilgan respublika maktab-internati, Buxoro, Fargʻona va Urganch maqom sanʼatiga ixtisoslashtirilgan maktab-internatlari;

Madaniyatshunoslik va nomoddiy madaniy meros ilmiy-tadqiqot instituti;

Respublika markaziy koʻzi ojizlar kutubxonasi, koʻzi ojizlar kutubxonalari;

“Oʻzbekkonsert” davlat muassasasi;

“Mukarrama Turgʻunboyeva nomidagi “Bahor” davlat raqs ansambli” davlat muassasasi;

“Xalqaro festivallar direksiyasi” davlat muassasasi;

“Oʻzbekiston davlat filarmoniyasi” davlat muassasasi;

“Xalqlar doʻstligi” sanʼat saroyi, Islom Karimov nomidagi Fargʻona viloyati teatr va konsert saroyi, “Surxondaryo sanʼat saroyi” davlat muassasasi;

“Madaniyat taʼlimi markazi” davlat muassasasi, Oʻzbekiston davlat sanʼat va madaniyat instituti, Oʻzbekiston davlat konservatoriyasi, Oʻzbekiston davlat konservatoriyasi huzuridagi Botir Zokirov nomidagi Milliy estrada sanʼati instituti, Oʻzbekiston davlat xoreografiya akademiyasi va ularning filiallari, qayta tayyorlash va malaka oshirish markazlari, Karim Zaripov nomidagi respublika estrada va sirk kolleji, Respublika musiqa va sanʼat kolleji, R. Glier nomidagi respublika ixtisoslashtirilgan musiqa maktabi, V. Uspenskiy nomidagi respublika ixtisoslashtirilgan musiqa maktabi, Respublika xoreografiyaga ixtisoslashtirilgan maktab-internati, professional taʼlim muassasalari, bolalar musiqa va sanʼat maktablari;

madaniyat va istirohat bogʻlari, madaniy-maʼrifiy muassasalar;

“Oʻzbekiston davlat simfonik orkestri” davlat muassasasi;

“Respublika baxshichilik sanʼati markazi”, “Yusufjon qiziq Shakarjonov nomidagi respublika askiya va qiziqchilik sanʼati markazi”, “Iqtidorli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash markazi” davlat muassasalari;

“Binolardan foydalanish va ularni ekspluatatsiya qilish direksiyasi” davlat muassasasi;

“Guliston” va “Teatr” jurnallari birlashgan tahririyati” davlat muassasasi, “Oʻzbekiston” jurnali tahririyati” davlat unitar korxonasi;

“Madaniy hayot media marketing markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyati;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari va ularning tizimidagi tuman (shahar) madaniyat boʻlimlari va madaniyat markazlari.

11. Quyidagilar Vazirlikning asosiy ustuvor vazifalari hisoblanadi:

madaniyat va sanʼat sohasida yagona davlat siyosatini amalga oshirish, unda ishtirok etuvchi davlat organlarining ushbu yoʻnalishdagi faoliyatini muvofiqlashtirish hamda mazkur sohalarda qonunchilikka rioya etilishini nazorat qilish;

milliy madaniy va maʼnaviy merosni asrab-avaylash hamda koʻpaytirish, sanʼat va badiiy ijodni har tomonlama rivojlantirish, xalqimizning maʼnaviy-axloqiy va madaniy darajasini yanada yuksaltirishni ragʻbatlantirish, uni milliy va jahon madaniyatining eng yaxshi namunalaridan bahramand etish borasida tizimli chora-tadbirlarni amalga oshirish;

aholining keng qatlamlari, ayniqsa, yoshlar qalbi va ongiga mustaqillik, yuksak maʼnaviyat, insonparvarlik anʼanalariga sadoqat, milliy oʻzlikni anglash gʻoyalarini yanada chuqur singdirish, radikalizm va ekstremizmdek yot gʻoyalarga qarshi immunitetni mustahkamlash, jamiyatning muttasil ortib borayotgan intellektual, estetik va madaniy ehtiyojlarini qondirishga yoʻnaltirilgan ommaviy-madaniy tadbirlarni oʻtkazishga qaratilgan maʼrifiy ishlarni amalga oshirish;

badiiy ijod, shu jumladan, teatr, musiqa, xoreografiya, estrada, sirk va xalq amaliy sanʼatini yanada rivojlantirishni ragʻbatlantirish, xalqimiz tarixi va bugungi hayotining eng yorqin sahifalarini, mamlakatimizning erkin demokratik taraqqiyotini aks ettiruvchi asarlar yaratishda ijodiy jamoalarga, ayniqsa, ijodkor yoshlarga har tomonlama koʻmaklashish;

madaniyat muassasalari, jumladan, teatrlar, madaniyat markazlari, madaniyat va istirohat bogʻlari hamda boshqa madaniy-maʼrifiy muassasalarning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, ularning faoliyati samaradorligini oshirish, maʼnaviy yetuk, intellektual barkamol va yuksak madaniyatli shaxslarni tarbiyalash ishida ushbu muassasalar imkoniyatlaridan yanada toʻliq foydalanish;

davlat hokimiyati va boshqaruvi organlari, jumladan, mahalliy davlat hokimiyati organlari, jamoat tashkilotlari, taʼlim muassasalari, ijodiy uyushmalar va boshqa tashkilotlar bilan faoliyatning asosiy vazifalari hamda yoʻnalishlarini, madaniy-maʼrifiy tadbirlarni amalga oshirishda, madaniyat va ijodiy muassasalar ishining samaradorligini taʼminlashda mustahkam hamkorlikni yoʻlga qoʻyish;

madaniyat sohasida kadrlar tayyorlash va ularning malakasini oshirish jarayonini milliy va umuminsoniy qadriyatlar, insonparvarlik va yuksak maʼnaviyat ruhida takomillashtirish, moddiy ragʻbatlantirish, bunda zamonaviy pedagogik va axborot texnologiyalaridan, ilgʻor xalqaro tajribadan foydalanish, madaniy-maʼrifiy muassasalar va taʼlim muassasalarini yuqori malakali kadrlar bilan taʼminlash;

davlatlararo va xalqaro madaniy aloqalarni kengaytirish hamda mustahkamlash, mamlakatimizning madaniy merosini, ijodiy jamoalari va mualliflari asarlarini, jumladan, konferensiyalar va koʻrgazmalar, madaniy tadbirlar va anjumanlar oʻtkazish yoʻli bilan chet ellarda keng targʻib qilish, madaniyat sohasiga xorijiy investitsiyalar va grantlar jalb etish, shuningdek, madaniyat sohasiga oid ommaviy adabiyotlarni chop etish, video va kino materiallar tayyorlash;

jamiyatda millatlararo hamjihatlik va bagʻrikenglikni taʼminlashga qaratilgan davlat siyosatini izchil amalga oshirish, doʻstlik va koʻpmillatli yagona oila tuygʻusi muhitini mustahkamlash, yoshlarni milliy va umuminsoniy qadriyatlarga hurmat ruhida tarbiyalash;

millatlararo munosabatlar va xorijiy mamlakatlar bilan doʻstlik aloqalarini yanada rivojlantirish va uygʻunlashtirishga bagʻishlangan ilmiy-tadqiqot ishlarini tashkil qilishda koʻmaklashish.

12. Vazirlik oʻziga yuklangan vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

a) madaniyat va sanʼat sohasida yagona davlat siyosatini amalga oshirish, unda ishtirok etuvchi davlat organlarining ushbu yoʻnalishdagi faoliyatini muvofiqlashtirish hamda mazkur sohalarda qonunchilikka rioya etilishini nazorat qilish sohasida:

madaniyat tizimi faoliyatini tashkil etish va yaxshilash masalalarida davlat boshqaruvini amalga oshiradi;

yagona davlat siyosatining asosiy yoʻnalishlariga, shu jumladan, madaniyat tizimini yanada rivojlantirishni nazarda tutuvchi davlat dasturlarini va boshqa dasturlarni, shuningdek, ularni amalga oshirish mexanizmlarini ishlab chiqishga doir takliflarni koʻrib chiqish uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritadi;

normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini, shuningdek, Vazirlikka yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish bilan bogʻliq boshqa hujjatlarni belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi va himoya qiladi;

vazirliklar, idoralar, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlarning madaniyat va sanʼat sohasidagi ishlarini muvofiqlashtiradi;

Vazirlik vakolatiga taalluqli masalalar boʻyicha qonunchilik hujjatlariga rioya qilish monitoringini yuritadi, uni takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi va ularni koʻrib chiqish uchun belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga taqdim etadi;

normativ-huquqiy hujjatlarning oʻz vaqtida ijro etilishiga qaratilgan zarur tadbirlarni ishlab chiqadi va (yoki) choralar koʻradi;

normativ-huquqiy hujjatlar matnlarining tarqatilishini taʼminlaydi, shuningdek, normativ-huquqiy hujjatlarning ijrochilarga yetkazilishi hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishiga doir ishlarni boshqa davlat organlari hamda tashkilotlar bilan birgalikda tashkil etadi;

normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻri va bir xilda qoʻllanilishini taʼminlash uchun oʻz xodimlarini tayyorlashni, qayta tayyorlashni hamda ularning malakasini oshirishni tashkil etadi;

normativ-huquqiy hujjatlarning tizimlashtirilgan hisobini belgilangan tartibda yuritadi;

Vazirlik tizimiga kiradigan idoraviy mansub tashkilotlarni rivojlantirish istiqbollarini prognozlashtiradi, davlat dasturlarini va hududiy dasturlarni ishlab chiqadi;

hududiy madaniyat organlari va idoraviy mansub tashkilotlarning faoliyatini muvofiqlashtiradi;

Vazirlik tizimi mutaxassislariga qoʻyiladigan malaka talablari bajarilishi ustidan idoraviy nazoratni tashkil etadi;

Vazirlik tizimidagi taʼlim muassasalari faoliyatiga metodik rahbarlik qiladi;

axborot texnologiyalarini va moliyaviy nazoratning eʼtirof etilgan xalqaro standartlarini joriy etish yoʻli bilan hududiy madaniyat organlari va idoraviy mansub tashkilotlarda budjet qonunchiligi buzilishi profilaktikasi va uning oldini olishga qaratilgan moliyaviy nazoratni amalga oshiradi;

rivojlanish tendensiyalari va istiqbollarini belgilaydi, madaniyat sohasining holatini qiyosiy tahlil qiladi;

Vazirlik tizimidagi taʼlim muassasalari tarmogʻi faoliyat koʻrsatishining taʼlim bilan bogʻliq va ijtimoiy samaradorligini tahlil qiladi, uni maqbullashtirishga doir takliflarni ishlab chiqadi;

dramatik, musiqali, musiqali-dramatik asarlar, tasviriy va amaliy sanʼat va haykaltaroshlik asarlari yaratishga davlat buyurtmalarini amalga oshiradi;

madaniyat va sanʼatni rivojlantirish boʻyicha maqsadli dasturlarni, madaniyat va sanʼat sohasiga taalluqli dasturiy-metodik hujjatlarni ishlab chiqadi hamda belgilangan tartibda tasdiqlaydi, ularning toʻgʻri bajarilishini taʼminlaydi;

b) milliy madaniy va maʼnaviy merosni asrab-avaylash va koʻpaytirish, sanʼat va badiiy ijodni har tomonlama rivojlantirish, xalqimizning maʼnaviy-axloqiy va madaniy darajasini yanada yuksaltirishni ragʻbatlantirish, uni milliy va jahon madaniyatining eng yaxshi namunalaridan bahramand etish borasida tizimli chora-tadbirlarni amalga oshirish sohasida:

respublika ijro etuvchi hokimiyatning boshqa organlari bilan birgalikda madaniyat va sanʼat arboblarini ijtimoiy muhofaza qilish masalalarini hal etadi;

aholining keng qatlamlari orasida madaniy va konsert-tomosha tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazishda mamlakatning davlat va nodavlat notijorat tashkilotlariga koʻmaklashadi;

milliy madaniy va maʼnaviy merosni asrab-avaylash va koʻpaytirish, sanʼat va badiiy ijodni har tomonlama rivojlantirish choralarini koʻradi;

aholining maʼnaviy-axloqiy va madaniy darajasini yanada yuksaltirishni ragʻbatlantiradi;

aholini milliy va jahon madaniyatining eng yaxshi namunalaridan bahramand etish borasida tizimli chora-tadbirlarni amalga oshiradi;

barcha mavjud davlat madaniyat tashkilotlarini xatlovdan oʻtkazadi;

sohada davlat-xususiy sheriklikni rivojlantirish choralarini koʻradi;

davlat organlari tomonidan davlat tadbirlari va boshqa tadbirlarga ijodkorlar va ijrochilar jamoatchilik asosida jalb qilinishiga yoʻl qoʻyilmasligi choralarini koʻradi;

notalar toʻplamlari va maxsus musiqiy adabiyotlar Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan chop etilishini va ularning taʼlim muassasalariga toʻliq yetkazilishini taʼminlaydi;

madaniyat va sanʼat sohasidagi ulkan yutuqlar uchun mukofotlar taʼsis etish va Oʻzbekiston Respublikasi faxriy unvonlarini berish toʻgʻrisidagi takliflarni ishlab chiqadi va belgilangan tartibda kiritadi;

sohaga axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshiradi;

jurnallar, blankalar, oʻquv-metodik komplekslar, byulletenlar nashr etilishini va Vazirlik tizimi faoliyatiga taalluqli boʻlgan oʻquv qoʻllanmalari eʼlon qilinishini, shuningdek, Vazirlikning veb-sayti ishini tashkil etadi;

v) aholining keng qatlamlari, ayniqsa, yoshlar qalbi va ongiga mustaqillik, yuksak maʼnaviyat, insonparvarlik anʼanalariga sadoqat, milliy oʻzlikni anglash gʻoyalarini yanada chuqur singdirish, radikalizm va ekstremizmdek yot gʻoyalarga qarshi immunitetni mustahkamlash, jamiyatning muttasil ortib borayotgan intellektual, estetik va madaniy ehtiyojlarini qondirishga yoʻnaltirilgan ommaviy-madaniy tadbirlarni oʻtkazishga qaratilgan maʼrifiy ishlarni amalga oshirish sohasida:

xalqimiz, ayniqsa, yoshlar qalbida milliy istiqlol gʻoyalariga sadoqat, milliy va umumbashariy qadriyatlarga hurmat, ona Vatanga muhabbat, buzgʻunchi gʻoyalarga qarshi immunitetni yanada kuchaytirishda teatr sanʼatining rolini oshirish choralarini koʻradi;

kompozitor, bastakor va sozandalar faoliyatini qoʻllab-quvvatlash, havaskorlar orasidan isteʼdodli ijrochilarni aniqlash maqsadida turli darajadagi koʻrik-tanlovlarni oʻtkazadi;

anʼanaviy musiqa janrlarini yangi shart-sharoitlarda takomillashtirish maqsadida “ustoz-shogird” anʼanasini yanada rivojlantiradi;

milliy va jahon kompozitorlari ijodiyotini insoniyat intellektual xazinasi sifatida xalq orasida keng targʻib qilish, zamonaviy ruhda yuksak badiiy asarlar yaratishni ragʻbatlantiradi, katta musiqiy asarlar, jumladan, opera, simfoniya, konsert va oratoriya kabi mumtoz janrlarni rivojlantiradi;

“ustoz va shogird” anʼanasi asosida milliy raqs sohasidagi yetuk raqs ustalari, isteʼdodli va yuqori malakali ijrochilarning raqs maktablarini yaratish, ularning uslublarini tiklash va rivojlantirish choralarini koʻradi;

milliy va umuminsoniy qadriyatlar bilan uygʻunlikda milliy raqs va xoreografiya sanʼatini badiiy jihatdan rivojlantiradi;

avloddan avlodga noyob meros sifatida oʻtib kelayotgan jozibali raqs namunalarini toʻplash va boyitishni amalga oshiradi, xalqimiz, ayniqsa, yosh avlod ongiga bu bebaho boyliklarga chuqur hurmat va havas tuygʻularini singdiradi;

xalq ustalarining oʻziga xos uslubi va maktabini davom ettirishda, atoqli madaniyat va sanʼat arboblari bilan tajriba almashishda “ustoz-shogird” anʼanasidan samarali foydalanishni taʼminlaydi, shuningdek, ijodiy ustaxonalar faoliyatini kuchaytiradi;

xalq amaliy sanʼati anʼanalarini saqlash va rivojlantirish uchun shart-sharoitlar yaratadi, xalq hunarmandchiligini qoʻllab-quvvatlaydi;

yurtimiz va xorijda keng koʻlamdagi koʻrgazmalar tashkil etish orqali milliy sanʼatimiz yutuqlarini dunyo jamoatchiligiga tanitish choralarini koʻradi;

buyuk rassomlar, xalq ustalari va rassomlari, sanʼat arboblari va isteʼdodli yosh ijodkorlarning sara asarlarini ommalashtiradi;

madaniyat markazlarida xalq badiiy havaskorlik va ijrochilik sanʼatini rivojlantirishga, ularning shakl va usullarini takomillashtirishga koʻmaklashadi;

joylarda madaniy-maʼrifiy faoliyatning samarali usullarini har tomonlama qoʻllab-quvvatlashga, ilgʻor tajribalarni umumlashtirishga va targʻib qilishga koʻmaklashadi;

g) badiiy ijod, shu jumladan, teatr, musiqa, xoreografiya, estrada, sirk va xalq amaliy sanʼatini yanada rivojlantirishni ragʻbatlantirish, xalqimiz tarixi va bugungi hayotining eng yorqin sahifalarini, mamlakatimizning erkin demokratik taraqqiyotini aks ettiruvchi asarlar yaratishda ijodiy jamoalarga, ayniqsa, ijodkor yoshlarga har tomonlama koʻmaklashish sohasida:

madaniyatshunoslik, teatrshunoslik, sanʼatshunoslik, musiqashunoslikni va ushbu sohadagi boshqa ilmiy yoʻnalishlarni rivojlantiradi;

teatr, musiqa, xoreografiya, estrada, sirk va xalq amaliy sanʼatini rivojlantirishni taʼminlaydi;

xalqimiz tarixining eng yorqin sahifalarini, uning hozirgi hayotini, mustaqil rivojlanish tajribasini aks ettiruvchi asarlar yaratishda ijodiy jamoalarga har tomonlama yordam beradi;

tarixiy shaxslar, zamonamiz qahramonlari obrazlarini yaratish, teatr asarlarining gʻoyaviy-badiiy darajasini koʻtarish, xalqaro maydondagi raqobatbardoshligini oshirish, teatr tanqidchiligini kuchaytirish choralarini koʻradi;

yosh kompozitorlar, bastakorlar, musiqashunoslar va ijrochilarning ijod bilan samarali shugʻullanishlari uchun barcha imkoniyat va sharoitlarni kengaytiradi;

milliy raqs sanʼatining noyob merosini, shu jumladan, milliy qadriyatlarni aks ettiruvchi sahna liboslarini saqlab qolish, tiklash va yangilarini yaratish ishlarini olib boradi;

mamlakatimizning barcha hududlaridagi raqs yoʻnalishlarini asrash va avaylash choralarini koʻradi, xalqimizga estetik zavq bagʻishlovchi zamonaviy oʻzbek raqs maktabini yaratadi;

isteʼdodli estrada xonandalarini aniqlash va ularning ijodiy faoliyatini qoʻllab-quvvatlash tizimini takomillashtiradi;

milliy raqs sanʼatining rivojlanish bosqichlarini ilmiy jihatdan chuqur oʻrganadi;

tasviriy va amaliy sanʼat, dizayn va xalq hunarmandchiligi sohalarida isteʼdodli ijodkorlarni barvaqt aniqlash, ularni qoʻllab-quvvatlash, ijodkorlarning badiiy salohiyatini oshirish tizimini takomillashtiradi;

Milliy estrada sanʼatini rivojlantirish va muvofiqlashtirish kengashi bilan birgalikda respublika konsert saroylari, konsert zallari va stadionlarida oʻtkaziladigan madaniy-maʼrifiy hamda konsert tadbirlarining tematik, repertuar rejalari va dasturlarini takomillashtirishga doir ishlarning muvofiqlashtirilishini taʼminlaydi;

chet ellarda oʻqiyotgan va samarali ijodiy faoliyat koʻrsatayotgan ijodkor yoshlarning respublikada oʻtkaziladigan koʻriklar, tanlovlar hamda festivallarda qatnashishini taʼminlaydi;

iqtidorli yoshlar va sanʼat arboblarining ijodiy safarlarini tashkil qilishni hamda ularning xalqaro koʻlamda va respublika miqyosida madaniyat va sanʼat sohasida oʻtkaziladigan koʻriklar, tanlovlar, festivallarda va boshqa anjumanlarda ishtirok etishini taʼminlaydi;

Vazirlik tizimiga kiruvchi madaniyat tashkilotlarining jamoalari va yakkaxon ijrochilarining gastrol-konsert faoliyatini, shu jumladan, chet ellardagi gastrol-konsert faoliyatini tashkil qiladi;

d) madaniyat muassasalari, jumladan, teatrlar, madaniyat markazlari, madaniyat va istirohat bogʻlari hamda boshqa madaniy-maʼrifiy muassasalarning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, ularning faoliyati samaradorligini oshirish, maʼnaviy yetuk, intellektual barkamol va yuksak madaniyatli shaxslarni tarbiyalash ishida ushbu muassasalar imkoniyatlaridan yanada toʻliq foydalanish sohasida:

Vazirlik, hududiy madaniyat organlari va idoraviy mansub tashkilotlarning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash va rivojlantirish masalalariga umumiy rahbarlik qiladi;

Vazirlik, hududiy madaniyat organlari va idoraviy mansub tashkilotlarda binolar va inshootlardan foydalanish masalalarini muvofiqlashtiradi;

taʼmirlash-tiklash, qurilish ishlarini, shuningdek, Vazirlik, hududiy madaniyat organlari va idoraviy mansub tashkilotlarni kuz-qish mavsumiga tayyorlash boʻyicha ishlarni, Vazirlik, hududiy madaniyat organlari va idoraviy mansub tashkilotlar binolari va inshootlarining joriy ish holatini saqlashni tashkil etadi va muvofiqlashtiradi;

Vazirlik, hududiy madaniyat organlari va idoraviy mansub tashkilotlarning ehtiyojlarini aniqlaydi va har yili ularni jihozlash (qayta jihozlash) dasturlarini ishlab chiqadi;

manfaatdor tashkilotlar bilan birgalikda zamonaviy hududiy madaniyat organlari va idoraviy mansub tashkilotlarni qurish boʻyicha loyihalarni ishlab chiqishda ishtirok etadi;

Oʻzbekiston Respublikasining investitsiya dasturlariga kiritilgan madaniyat obyektlarida har yili olib boriladigan qurilish-taʼmirlash ishlarining tizimli monitoringini olib boradi;

madaniyat va sanʼat muassasalari tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar sifatini zamon talablari va xalqaro standartlarga muvofiqlashtiradi;

zamon talablari va xalqaro standartlarga mos yangi koʻngilochar markazlar, madaniyat va istirohat bogʻlarini barpo etadi;

mahalliy madaniyat va sanʼat muassasalarini jahon madaniy makoniga puxta integratsiya qiladi;

mamlakatimizning ijobiy qiyofasini shakllantirishda boy tarixiy-madaniy merosdan hamda madaniyat va sanʼatning zamonaviy yoʻnalishlaridan samarali va toʻliq foydalanish choralarini koʻradi;

madaniyat sohasidagi muammolarni aniqlash boʻyicha jamoatchilik fikri oʻrganilishini tashkil etadi;

e) davlat hokimiyati va boshqaruvi organlari, jumladan, mahalliy hokimiyat idoralari, jamoat tashkilotlari, taʼlim muassasalari, ijodiy uyushmalar va boshqa tashkilotlar bilan faoliyatning asosiy vazifalari hamda yoʻnalishlarini, madaniy-maʼrifiy tadbirlarni amalga oshirishda, madaniyat va ijodiy muassasalar ishining samaradorligini taʼminlashda mustahkam hamkorlikni yoʻlga qoʻyish sohasida:

zamonaviy pyesalar, milliy mumtoz, jahon klassik asarlari asosida teatrlarning uzoq muddatli repertuarini shakllantiradi, teatrlarning mahalliy va xorijiy davlatlardagi gastrol faoliyatini tizimli amalga oshiradi;

avloddan avlodga oʻtib kelayotgan milliy musiqa merosimizni asrab-avaylash, yangi sharoitlarda rivojlantirish va ulardan xalqimizni bahramand qilish uchun keng imkoniyatlar yaratish ishlarini olib boradi;

milliy qadriyatlar asosida estrada qoʻshiqchilik sanʼatini yanada rivojlantiradi va targʻibotini kuchaytiradi;

aholining madaniy ehtiyojlarini qanoatlantirishga, yoshlarni yuqori saviyadagi milliy estrada qoʻshiqlari namunalari asosida tarbiyalashga yoʻnaltirilgan ommaviy-madaniy tadbirlar, konsertlar va gastrollarni tizimli tashkil etadi;

musiqa va sanʼat maktablarida “ustoz-shogird” anʼanalarini rivojlantiradi hamda taniqli sanʼatkorlar ishtirokida ijodiy uchrashuvlar tashkil etadi;

ijodiy birlashmalar, jamoalar va yakkaxon ijrochilarning faoliyati, repertuarlari va ssenariylarining gʻoyaviy va badiiy saviyasini oshirish ishlarini olib boradi;

nomoddiy madaniy merosni har tomonlama muhofaza qilish, keng jamoatchilikni jalb etgan holda uning namunalarini aniqlash, roʻyxatlarga kiritish, raqamlashtirish, targʻib qilish va saqlashni tashkil etadi;

madaniyat va istirohat bogʻlari hamda madaniyat markazlarining moddiy-texnik bazasini, shu jumladan, davlat-xususiy sheriklik asosida mustahkamlash va ularning faoliyatini yanada takomillashtirish choralarini koʻradi;

madaniyat va istirohat bogʻlarining qiyofasini tubdan qayta koʻrib chiqish, ularda xalq sayillarini doimiy oʻtkazish tizimini yaratish, attraksion va oʻyin qurilmalarning madaniyat va istirohat bogʻlarining tabiiy va landshaft xususiyatlariga mosligini koʻrib chiqadi;

madaniyatning turli yoʻnalishlari boʻyicha turizmning imkoniyatlarini kengaytiradi;

respublika hududlarining oʻziga xos jihatlarini inobatga olib turizmni rivojlantirish borasidagi loyihalar doirasida muhim oʻrin tutadigan yangi madaniy sayyohlik yoʻnalishlarini yaratish va rivojlantirish choralarini koʻradi;

madaniyat va sanʼat sohasida milliy brendlarni yaratishga va ularning xalqaro turizm bozorlariga kirib borishiga kompleks yondashadi, shuningdek, madaniyat sohasida xalqaro tanlov va festivallar oʻtkazishni qoʻllab-quvvatlash ishlarini olib boradi;

taʼlim muassasalari va ilmiy-tadqiqot muassasalarida ilmiy va ilmiy-pedagog kadrlar tayyorlash chora-tadbirlarini koʻradi;

jahon ilmiy-texnika taraqqiyoti yutuqlarini, xorijiy mamlakatlarda madaniyat va sanʼatni rivojlantirishning ilgʻor tajribasini umumlashtiradi va ushbu yutuqlarning sohada joriy etilishini taʼminlaydi;

koʻzi ojiz va koʻrishda nuqsoni boʻlgan shaxslar uchun maxsus axborot-kutubxona xizmatini koʻrsatish, ularning muqobil shakldagi oʻquv materiallaridan foydalanish imkoniyatini kengaytirish orqali bilim saviyasini oshirishni tashkil etadi;

manfaatdor vazirliklar, idoralar, tashkilotlar bilan birgalikda madaniyat va sanʼat sohasida ilmiy tadqiqotlar rivojlanishiga koʻmaklashadi;

ilmiy tadqiqotlar natijalarini amaliyotga joriy etadi va ushbu ishlar olib borilishini muvofiqlashtiradi;

j) madaniyat sohasida kadrlar tayyorlash va ularning malakasini oshirish jarayonini milliy va umuminsoniy qadriyatlar, insonparvarlik va yuksak maʼnaviyat ruhida takomillashtirish, moddiy ragʻbatlantirish, bunda zamonaviy pedagogik va axborot texnologiyalaridan, ilgʻor xalqaro tajribadan foydalanish, madaniy-maʼrifiy muassasalar va taʼlim muassasalarini yuqori malakali kadrlar bilan taʼminlash sohasida:

Vazirlik markaziy apparati, hududiy madaniyat organlari va idoraviy mansub tashkilotlarni malakali kadrlar bilan taʼminlaydi;

har yili oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish borasida madaniyat va sanʼat sohasida takliflarni shakllantiradi;

oʻquv-metodik materiallarni ishlab chiqishga, pedagogik texnologiyalarni Vazirlik tizimidagi taʼlim muassasalarining oʻquv-tarbiyaviy jarayoniga istiqbolli joriy etishga taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalarini, pedagogik jamoatchilikni jalb etish boʻyicha faoliyatni amalga oshiradi;

madaniyat sohasida mutaxassislarni maʼnaviy va moddiy ragʻbatlantirish boʻyicha kasb mahorati tanlovlari oʻtkazadi, tegishli chora-tadbirlarni belgilaydi;

taʼlim, ilmiy-tadqiqot, xorijiy va xalqaro tashkilotlar ishtirokida uzoq muddatli dasturlar, loyihalar, rejalarni ishlab chiqadi, ularni bajarish boʻyicha asosiy talablarni belgilaydi;

kadrlarni milliy va umuminsoniy qadriyatlar, insonparvarlik va yuksak maʼnaviyat ruhida tayyorlash jarayonini tashkil qiladi;

aholining madaniy saviyasini oshirishga intilishini ragʻbatlantiradi;

aholini milliy, jahon madaniyati va sanʼatining eng yaxshi namunalaridan bahramand etish ishlarini amalga oshiradi;

Vazirlik tizimi kadrlari malakasini oshirishni, ularni qayta tayyorlashni, tajriba orttirishlarini va attestatsiyadan oʻtkazishni taʼminlaydi;

mamlakatimiz taʼlim muassasalarida dars berish va mahorat darslarini oʻtish uchun respublika va xorijiy mamlakatlarning taniqli ijrochilarini hamda madaniyat va sanʼat arboblarini, yetuk pedagog-mutaxassislarini taklif qiladi;

madaniyat va sanʼat boʻyicha oʻquv dasturlari, qoʻllanmalar va boshqa ilmiy-metodik adabiyotlarni ishlab chiqishda ishtirok etadi, shuningdek, ularni tasdiqlaydi;

sohada professional malakali kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, shu jumladan, pedagog kadrlarning salohiyatini oshirish tizimini takomillashtiradi;

maktabgacha taʼlim muassasalarida boshlangʻich musiqa tushunchalarini shakllantiruvchi (folklor musiqa, akademik mumtoz musiqa, estrada musiqasi) maxsus adabiyotlar yaratilishini taʼminlaydi va bolalar ijro repertuarini shakllantiradi;

sohadagi boshlangʻich, oʻrta maxsus va oliy taʼlim muassasalarida taʼlimning uzviyligi va davomiyligini taʼminlash hamda taʼlim sifatini oshirish choralarini koʻradi, uning pirovardida isteʼdodli ijodkorlarni yetishtiradi;

sohada ilmiy tadqiqot ishlarini qoʻllab-quvvatlash, ilmiy natijalarni amaliyotga joriy etish hamda sanʼat ahlining mehnat va ijod sharoitini yaxshilash choralarini koʻradi;

jahonning mashhur madaniyat va sanʼat muassasalari bilan tajriba almashish va malaka oshirish tizimini kengaytiradi;

xorijiy va milliy anʼanaviy taʼlim tizimining eng yaxshi yutuqlaridan, shuningdek, sohada taʼlimni rivojlantirishga asoslangan texnologiyalardan keng foydalanish choralarini koʻradi;

Vazirlik markaziy apparati, hududiy madaniyat organlari va idoraviy mansub tashkilotlar xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish tizimini yanada takomillashtirish boʻyicha takliflarni ishlab chiqadi;

idoraviy mansub tashkilotlarning moddiy-texnika bazasini rivojlantirishda va ularni axborot bilan taʼminlashda, maslahat berish, kadrlarni tayyorlash va qayta tayyorlashda hamda boshqa yordam turlarini koʻrsatishda ularga koʻmaklashadi;

z) davlatlararo va xalqaro madaniy aloqalarni kengaytirish hamda mustahkamlash, mamlakatimizning madaniy merosini, mamlakatimiz ijodiy jamoalari va mualliflari asarlarini, jumladan, konferensiyalar va koʻrgazmalar, madaniy tadbirlar va anjumanlar oʻtkazish yoʻli bilan chet ellarda keng targʻib qilish, madaniyat sohasiga xorijiy investitsiyalar va grantlar jalb etish, shuningdek, madaniyat sohasiga oid ommaviy adabiyotlarni chop etish, video va kino materiallar tayyorlash sohasida:

madaniyat tizimida xalqaro aloqalarni kengaytirish va uning samaradorligini oshirishga koʻmaklashadi, madaniyat masalalari boʻyicha xorijiy va xalqaro tashkilotlar bilan aloqalar va hamkorlik oʻrnatadi;

madaniyat va sanʼat sohasida hamkorlik boʻyicha xalqaro loyihalarni ishlab chiqadi, Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari bajarilishini taʼminlaydi;

respublikada va xorijiy mamlakatlarda professional sanʼat va havaskorlik sanʼati festivallari, koʻrik-tanlovlar, shuningdek, koʻrgazmalar oʻtkazilishini tashkil qiladi;

ijodiy jamoalar, madaniyat va sanʼat mutaxassislarini, arboblarini ularning idoraviy mansubligidan qatʼi nazar, xalqaro tanlovlar, festivallarda va chet ellardagi boshqa tadbirlarda qatnashishini taʼminlaydi;

milliy kino mahsulotlarini keng targʻib qilishga va ularning xalqaro kinofestivallarda munosib oʻrin egallashlariga koʻmaklashadi;

tarixiy haqiqat va real voqelikni yorqin aks ettiruvchi hujjatli va ilmiy-ommabop filmlar yaratish tizimini takomillashtirishda ishtirok etadi;

kino muassasalarining moddiy-texnika bazasini zamon talablari asosida mustahkamlash va jihozlashga koʻmaklashadi;

xalqaro madaniy aloqalarini yoʻlga qoʻyadi va rivojlantiradi;

i) jamiyatda millatlararo hamjihatlik va bagʻrikenglikni taʼminlashga qaratilgan davlat siyosatini izchil amalga oshirish, doʻstlik va koʻpmillatli yagona oila tuygʻusi muhitini mustahkamlash, yoshlarni milliy va umuminsoniy qadriyatlarga hurmat ruhida tarbiyalash sohasida:

millatlararo totuvlikning oliyjanob anʼanalarini, jamiyatda doʻstlik va hamjihatlik muhitini asrab-avaylashni, millati, irqi va diniy eʼtiqodidan qatʼi nazar har bir fuqaro ongida koʻpmillatli yagona oila tuygʻusini mustahkamlashga koʻmaklashadi;

yoshlarni milliy va umuminsoniy qadriyatlar ruhida tarbiyalash, ularni avloddan avlodga oʻtib kelayotgan umummilliy qadriyatlar, anʼana va urf-odatlarni saqlash va rivojlantirishga undash, millatchilik va ekstremistik gʻoyalarga nisbatan mafkuraviy immunitetga ega boʻlgan istiqlol gʻoyalariga sadoqatli, barkamol, maʼnaviy boy, mukammal avlodni shakllantirishda koʻmaklashadi;

jahon hamjamiyatida mamlakatimizning oʻtmish boy tarixi hamda mamlakatimiz rivojining bugungi bosqichidagi ijobiy yutuqlar haqida haqqoniy tasavvur hosil boʻlishiga koʻmaklashadi;

k) millatlararo munosabatlar va xorijiy mamlakatlar bilan doʻstlik aloqalarini yanada rivojlantirish va uygʻunlashtirishga bagʻishlangan ilmiy-tadqiqot ishlarini tashkil qilishda koʻmaklashish sohasida:

xorijiy mamlakatlar bilan doʻstlik aloqalarini rivojlantirish boʻyicha dasturlarni ishlab chiqish va amalga oshirishda bevosita ishtirok etadi;

mutasaddi vazirlik va idoralar bilan birgalikda millatlararo munosabatlar sohasidagi ilmiy izlanish loyihalari uchun grantlar ajratadi;

millatlararo munosabatlar yoʻnalishidagi xalqaro ilmiy konferensiyalarda ishtirok etadi va hamkorlar bilan oʻzaro tajriba almashadi;

Vazirlik oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bevosita, shuningdek, oʻzining hududiy madaniyat organlari, oʻziga idoraviy mansub boshqa tashkilotlar orqali amalga oshiradi.

Vazirlik qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa funksiyalarni ham bajarishi mumkin.”.

7. 15-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“15. Quyidagilar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalarining asosiy vazifalari hisoblanadi:”.

8. 16-bandning birinchi va ikkinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“16. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari ularga yuklangan asosiy vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari va ularning rahbariyati faoliyatini tashkiliy va axborot-tahliliy jihatdan taʼminlaydi;”.

9. 19-bandda :

oʻn sakkizinchi xatboshidagi “davlat boshqaruvi organlari” soʻzlari “respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

oʻn toʻqqizinchi xatboshidagi “davlat boshqaruvi boshqa organlari” soʻzlari “respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari” soʻzlari bilan almashtirilsin.

10. 21-bandda :

quyidagi mazmundagi sakkizinchi va toʻqqizinchi xatboshilar bilan toʻldirilsin:

“turli tadbirlarni tashkil etish boʻyicha tizimidagi tashkilotlarni buyurtmachi etib belgilash;

tizimidagi tashkilotlar hamda ularning hududiy boʻlinmalari va filiallarini saqlash, moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, qurish va taʼmirlash, xodimlarni moddiy ragʻbatlantirib borish hamda turli tadbirlar va faoliyati bilan bogʻliq boshqa xarajatlarni moliyalashtirish”;

sakkizinchi va toʻqqizinchi xatboshilar tegishlicha oʻninchi va oʻn birinchi xatboshilar deb hisoblansin.

11. 4-bobning 3-paragrafi nomidagi “madaniyat boshqarmalari, Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasining” soʻzlari “va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalarining” soʻzlari bilan almashtirilsin.

12. 23-bandda :

birinchi xatboshidagi “madaniyat boshqarmalari, Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasi” soʻzlari “va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalariga” soʻzlari bilan almashtirilsin;

ikkinchi va oltinchi xatboshilardagi “davlat boshqaruvi organlari” soʻzlari “respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

yettinchi xatboshidagi “madaniyat boshqarmalari, Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasi” soʻzlari “va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari” soʻzlari bilan almashtirilsin.

13. 24-bandning birinchi xatboshisidagi “madaniyat boshqarmalari, Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasi” soʻzlari “va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari” soʻzlari bilan almashtirilsin.

14. 25-bandda :

ikkinchi xatboshidagi “davlat boshqaruvi organlari” soʻzlari “respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

beshinchi xatboshidagi “madaniyat boshqarmalari, Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasi” soʻzlari “va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari” soʻzlari bilan almashtirilsin.

15. 26-bandning uchinchi xatboshisidagi “madaniyat boshqarmalari, Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasiga” soʻzlari “va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalariga” soʻzlari bilan almashtirilsin.

16. 27-bandda :

20-kichik banddagi “Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 2-martdagi 62-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari xodimlarining odob-axloq namunaviy qoidalari” soʻzlari “Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-oktabrdagi 595-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat fuqarolik xizmatchilari odob-axloqining namunaviy qoidalari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

29-kichik band “shtatlar jadvaliga” soʻzlaridan keyin “ajratilgan mablagʻlar doirasida hamda belgilangan vazifalardan kelib chiqqan holda” soʻzlari bilan toʻldirilsin.

17. 30-bandning birinchi xatboshisi hamda 2-kichik bandidagi “madaniyat boshqarmalari va Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasi” soʻzlari “va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari” soʻzlari bilan almashtirilsin.

18. 31-bandning 6 va 8-kichik bandlaridagi “madaniyat boshqarmalari va Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasi” soʻzlari “va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari” soʻzlari bilan almashtirilsin.

19. 35-bandda :

birinchi xatboshidagi “madaniyat boshqarmalari va Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasi” soʻzlari “va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

2-kichik banddagi “madaniyat boshqarmalari va Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasining” soʻzlari “va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalarining” soʻzlari bilan almashtirilsin.

20. 37-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“37. Vazirlikka Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining taqdimiga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi maʼqullaganidan keyin Prezident tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan Vazir boshchilik qiladi.”.

21. 39-banddagi “uch” va “bir nafar” soʻzlari tegishlicha “toʻrt” va “ikki nafar” soʻzlari bilan almashtirilsin.

22. 40-banddagi “oʻrinbosari” soʻzi “oʻrinbosarlari” soʻzi bilan almashtirilsin.

23. 42-bandning 3-kichik bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“3) tumanlar (shaharlar) madaniyat boʻlimlari rahbarlarini lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod etish Madaniyat vazirligi bilan kelishgan holda, tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi madaniyat vaziri, viloyatlar va Toshkent shahar madaniyat boshqarmasi boshliqlari tomonidan amalga oshiriladi”.

24. 43-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“43. Vazir Vazirlik tizimiga kiradigan idoraviy mansub tashkilotlar rahbarlarini lavozimga tayinlaydi va lavozimdan ozod etadi, shuningdek, idoraviy mansub tashkilotlar rahbarlarini lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod etish tartibini belgilaydi.”.

25. 48-bandning birinchi va ikkinchi xatboshilaridagi “davlat boshqaruvining boshqa organlari” soʻzlari “respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari” soʻzlari bilan almashtirilsin.

26. 50-banddagi “Turizm, sport, madaniyat va ommaviy kommunikatsiyalar masalalari kotibiyati” soʻzlari “Raqamlashtirish va ijtimoiy rivojlanish masalalari boʻlimi” soʻzlari bilan almashtirilsin.

27. 53-banddagi “davlat boshqaruvi organlari” soʻzlari “respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari” soʻzlari bilan almashtirilsin.

28. 59-banddagi “Bosh vazirining oʻrinbosari — turizm va sport vaziri” soʻzlari “Vazirlar Mahkamasi” soʻzlari bilan almashtirilsin.

29. 61-banddagi “Vazirlik huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi va” soʻzlari chiqarib tashlansin.

30. 64-banddagi “oʻrinbosari — turizm va sport vaziri” soʻzlari “masʼul oʻrinbosari” soʻzlari bilan almashtirilsin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 17-aprel,

207-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 17.04.2024-y., 09/24/207/0282-son)

lex.uz