📅 2024-yil 17-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 17-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 17 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 апреля 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 April 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЎЙХАТИ
СХЕМАСИ
ДАСТУРИ
Ёшларни касбга (мутахассисликка) ва чет тилларига ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 4 апрелдаги ПФ-59-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг чет тилларини ўрганиш ва касб эгаллашга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, уларни ички ва ташқи меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар сифатида тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий давлатларда ишлаш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг:
а) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тузилмасида 16 штат бирлигидан иборат Фуқароларни (ёшларни) чет тилларига ўқитиш ва хорижий давлатларда ишлашга мақсадли тайёрлаш марказини (кейинги ўринларида — Марказ) ташкил этиш;
б) касбий таълим ташкилотларида таълим олувчиларни касб (мутахассислик) ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларини (кейинги ўринларда — ўқув курслари) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ўқув курслари ташкил этиладиган касбий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлаш жараёнларини мувофиқлаштириш;
хорижий иш берувчиларнинг меҳнат миграцияси соҳасидаги эҳтиёжларини аниқлаш ва кенг омма учун очиқ эълон қилиш;
хорижий иш берувчиларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжларига асосан касбий таълим ташкилотларида ўқитиладиган касблар (мутахассисликлар) ҳамда чет тилларини билиш даражасига қўйилган талаблар бўйича буюртмаларни шакллантириш;
хорижда ишлаш истаги бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини иш берувчилар томонидан танлаб олиш жараёнларини ташкил этиш;
ўқув курслари ташкил этиладиган касбий таълим ташкилотларини хорижий мамлакатларнинг қонунчилиги, маданияти ва урф-одатларига оид маълумотлар билан таъминлаш;
касбий таълим ташкилотлари ва хорижий иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш ҳамда хорижий мутахассисларни таълим жараёнига жалб қилиш;
касбий кўникмалар бўйича тренинглар ва семинарлар ўтказиш ҳамда ёшларнинг хорижий компания ёки ташкилотларда амалиёт ва стажировкалар ўташини ташкил этиш.
3. Қуйидагилар:
Касб (мутахассислик) ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курслари ташкил этиладиган касбий таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — касбий таълим ташкилотлари) рўйхати 1-иловага мувофиқ;
Касбий таълим ташкилотларида касб (мутахассислик) ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш схемаси 2-иловага мувофиқ;
Касбий таълим ташкилотларида касб (мутахассислик) ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш чора-тадбирлари дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
Марказ ўз фаолиятини юридик шахс ташкил этмасдан бевосита Агентлик раҳбарлигида амалга оширади;
Марказнинг 16 штат бирлигини сақлаш билан боғлиқ харажатлар Агентлик томонидан кўрсатилган пулли хизматлардан тушган маблағлар хисобидан амалга оширилади;
Марказ ушбу қарорга 1-иловага мувофиқ ташкил этиладиган ўқув курслари фаолиятини мувофиқлаштиради.
5. Белгилаб қўйилсинки:
а) ўқув курсларини муваффақиятли тугатган битирувчиларга давлат томонидан тасдиқланган намунадаги хужжат берилади;
б) ўқув курсларида кадрларни тайёрлаш бир йилгача бўлган таълим дастурларига мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Бунда ўқув курсларининг таълим дастурлари ва ўқув жараёни муддатлари хорижий иш берувчилар таклифлари асосида касблар (мутахассисликлар) мураккаблигидан келиб чиқиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланади;
касбий таълим ташкилотларида таълим олаётган ўқувчиларни хам ўқув курсларига тўлов-контракт асосида қабул қилишга рухсат берилади;
ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижий мамлакатларда ишлаш учун кетиш истагида бўлган ва «Xorijda ish» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатга олинган фуқаролар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
в) чет тилларини ўрганиш ва хорижда ишлаш истагида бўлган таълим олувчиларни, хусусан, ёшларни ўқув курсларига қабул қилиш Марказ томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган буюртмалар асосида ташкил этилади;
г) ўқув курслари доирасида таълим олувчилар инглиз, немис, япон, корейс, араб ва бошқа талаб юқори бўлган чет тилларига ўқитилади.
Бунда касбий таълим ташкилотларини чет тилларига ўқитиш бўйича юқори малакали кадрлар билан таъминлаш учун Ўзбекистон давлат жахон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда худудлардаги давлат педагогика олий таълим муассасалари ректорлари масъул ва шахсан жавобгар ҳисобланади ва ушбу вазифани амалга ошириш улар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб белгиланади;
д) касбий таълим ташкилотларига хорижий давлатлар таълим ташкилотлари билан биргаликда қўшма таълим дастурларини жорий қилиш ҳамда таълим дастурининг тегишли қисмларини, шу жумладан, ўқувчиларнинг амалиётини хорижий ҳамкор томонидан тавсия этилган муассаса ва ташкилотларда ташкил этишга рухсат этилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Марказ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги хамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
бир ой муддатда мазкур қарорга 1-иловада белгиланган йўналишлар бўйича хорижий давлатларнинг талаблари ва таълим дастурлари асосида ўқув дастурларини ишлаб чиқсин;
хорижий иш берувчиларнинг талаб ва буюртмалари асосида тегишли касблар (мутахассисликлар) бўйича малакали кадрларни тайёрлашни йўлга қўйсин;
ўқув курсларида машғулотларни ўтказиш учун махаллий ва хорижий давлатлардан малакали мутахассисларни жалб этиш чораларини кўрсин.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Агентлик ҳар чорак якунида хорижий иш берувчиларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини касблар (мутахассисликлар) бўйича шакллантиради ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига буюртма юборади;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Агентлик томонидан тақдим этилган буюртмалар асосида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда, касбий таълим ташкилотларига буюртмани тасдиқлайди.
8. Белгилансинки:
а) касбий таълим ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш, ўқув адабиётлари ва ўқитиш материаллари тўпламларини чоп этиш ҳамда хорижий мутахассисларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар:
тиббиёт йўналишлари бўйича — Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва касбий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан;
қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги ва ошпазлик йўналишлари бўйича — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Туризм қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда касбий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
б) касбий таълим ташкилотларига жалб қилинадиган педагог ходимларнинг иш ҳақи, шу жумладан, уларга устама тўлаш харажатлари ҳамда ўқитиш билан боғлиқ бошқа харажатлар — таълим олувчиларнинг тўлов-контрактидан тушадиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;
в) касбий таълим ташкилотларида касб (мутахассислик) ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларига машғулот ўтказиш учун бошқа ҳудудлардан келган юқори малакали педагог кадрларнинг турар жой билан боғлиқ харажатлари (меҳмонхона ёки турар жой ижараси) Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шахар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан қоплаб берилади;
г) касбий таълим ташкилотларига жалб этилган таълим олувчилар чет тилини мустақил равишда ўрганиб, халқаро ёки унга тенглаштирилган сертификатни тақдим этган тақдирда, таълим олувчи томонидан чет тилини ўқиш учун сарфланган харажатларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Бунда хорижий давлатга ишга жалб қилинадиган фуқаролар учун чет тили бўйича камида B2 даражадаги, «Ausbildung» (дуал таълим шакли) асосида хорижга кетадиган фуқаролар учун немис тили бўйича камида B1 даражадаги халқаро тан олинган сертификатни олиш талаб этилади;
д) касбий таълим ташкилотларига хорижий иш берувчиларнинг маблағлари ҳисобидан таълим олувчиларни қўшимча (асосий бўлмаган) чет тилларига ўқитиш бўйича машғулотлар ўтказишга рухсат этилади;
е) ўқув курсларига жалб қилинган педагог кадрларга фаолият самарадорлигидан келиб чиқиб, ҳар ой ойлик маошининг 100 фоизигача миқдорда устама тўланади. Бунда педагог кадрларнинг самарадорлик кўрсаткичлари хорижга ишлаш учун кетган ҳар бир таълим олувчи сонидан келиб чиқиб белгиланади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда чет тилини ўзлари мустақил равишда ўрганиб, халқаро тан олинган сертификатни тақдим этган таълим олувчиларнинг харажатларини қоплаб бериш ҳамда педагог кадрларга ҳар ойлик устама тўлаш тартибини тасдиқласин.
9. Агентлик:
бир ой муддатда хорижий иш берувчиларнинг таклифлари асосида кадрларга ва уларнинг чет тилларини билиш даражасига қўйиладиган талабларни аниқласин ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этсин;
касбий таълим ташкилотларига хорижий иш берувчиларни бириктирсин ва улар ўртасида ҳамкорликни ташкил этсин;
ўқув курслари битирувчиларини касб (мутахассислик) бўйича белгиланган тартибда хорижий давлатларга юбориш ва ишга жойлаштириш чораларини кўрсин;
касбий таълим ташкилотларида малакали кадрларни тайёрлаш жараёнини доимий мониторинг қилиб борсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Агентлик, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шахар хокимликлари:
умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари, ҳудудлардаги ёшлар ва касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг касб (мутахассислик) эгаллашга ҳамда чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида тарғибот ишларини амалга оширсин;
ёшларни ўқув курслари ташкил этиладиган касбий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишни ташкил этсин ҳамда қабул қилинган таълим олувчилар учун ўқув жараёни графигини йўналишлар, шунингдек, хорижий ҳамкорлар таклиф ва талаблари асосида ишлаб чиқсин;
ўқув курслари битирувчиларининг якуний давлат имтиҳонларини ўтказиш жараёнига хорижий иш берувчиларни ҳам таклиф этсин;
ўқув курсларида таҳсил олаётган таълим олувчиларнинг чет тиллари бўйича билим даражасини Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан баҳолашни йўлга қўйсин.
Бунда таълим олувчиларнинг чет тилини билиш даражасини аниқлаш билан боғлиқ харажатлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Ёшлар ишлари агентлигига тақдим этган ҳисоб-китоблар асосида Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда касбий таълим ташкилотларига таълим олувчиларнинг амалиётини ташкил этиш учун мос бўлган ҳудудлардаги иш берувчи ташкилотларни амалиёт базаси сифатида бириктирсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан биргаликда хорижда ишлаш истаги бўлган фуқароларнинг (ёшларнинг) манзилли рўйхатини шакллантирсин ҳамда уларни ўқув курсларига жалб этиш чораларини кўрсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги касбий таълим ташкилотларининг иш билан банд бўлмаган битирувчиларини «Бандлик хизмати» ахборот тизимига киритишни таъминласин ҳамда уларни ишга жойлаштириш чораларини кўрсин.
13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайтларда кенг ёритиш тавсия этилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий хужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
15. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 апрелдаги 213-сон қарорига 1-ИЛОВА
Касб (мутахассислик) ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курслари ташкил этиладиган касбий таълим ташкилотлари
Т/р Ҳудудлар ва таълим муассасалари Йўналишлар * Қорақалпоғистон Республикаси 1. Нукус Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 2. Нукус транспорт техникуми Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Андижон вилояти 3. Андижон Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 4. Андижон архитектура ва қурилиш техникуми Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Бухоро вилояти 5. Афшона Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 6. Бухоро архитектура ва қурилиш техникуми Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Жиззах вилояти 7. Жиззах Абу Али ибн Сино номли Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 8. Жиззах архитектура ва қурилиш техникуми Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Қашқадарё вилояти 9. Қарши Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 10. Шаҳрисабз шаҳар 1-сон касб-ҳунар мактаби Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Навоий вилояти 11. Навоий Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 12. Навоий архитектура ва қурилиш техникуми Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Наманган вилояти 13. 2-сон Наманган Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 14. Чуст туман 1-сон касб-ҳунар мактаби Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Самарқанд вилояти 15. Самарқанд Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 16. Самарқанд қурилиш коллежи Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Сирдарё вилояти 17. Гулистон Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 18. Сирдарё архитектура ва қурилиш техникуми Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Сурхондарё вилояти 19. Термиз Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 20. Сурхондарё архитектура ва қурилиш техникуми Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Тошкент вилояти 21. Янгийўл Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 22. Ангрен шаҳар 2-сон касб-ҳунар мактаби Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Фарғона вилояти 23. Марғилон Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 24. Марғилон архитектура ва қурилиш техникуми Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Хоразм вилояти 25. Урганч Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам 26. Хоразм архитектура ва қурилиш техникуми Қурилиш, транспорт, меҳмонхона хўжалиги, ошпазлик Тошкент шаҳри 27. 2-Республика Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми Тиббиёт, тиббий ижтимоий ёрдам
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 апрелдаги 213-сон қарорига 2-ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотларида касб (мутахассислик) ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш
Босқичлар Масъуллар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар 1. Хорижий иш берувчиларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини касблар ва мутахассисликлар бўйича шакллантириш ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига буюртмаларни тақдим этиш . 2. Касбий таълим ташкилотлари га хорижий иш берувчиларни бириктириш . Буюртмалар асосида 2-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар 1. Хорижий давлатларга кадрларни мақсадли тайёрлаш бўйича таълимни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш билан боғлиқ чоралар кўриш. Ҳар йили 1 февралдан бошлаб 2. Хорижий давлатларга кадрларни мақсадли тайёрлаш бўйича таълимни ташкил этиш юзасидан мониторинг олиб бориш. Ўқув йили мобайнида 3-босқич Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Ўқув курсларидаги таълим олувчиларнинг чет тиллари бўйича билим даражасини баҳолаш. Ҳар 4 ойда 4-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар 1. Ўқитиш курслари битирувчиларининг якуний имтиҳонларини амалий-кўргазмали имтиҳон шаклида ташкил этиш. 2. Якуний имтиҳонларга иш берувчилар вакилларини таклиф этиш. Ўқув курси якунида 5-босқич Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар Х орижий иш берувчилар билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари асосида ўқув курслари битирувчиларини мутахассисликлари бўйича белгиланган тартибда хорижий давлатларда ишга жойлашишини ташкил этиш. Ўқув курси якунлангандан сўнг белгиланган муддатларда 6-босқич Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ишга жойлашмай қолган ўқитиш курслари битирувчиларини «Бандлик хизмати» ахборот тизимига киритишни таъминлаш ва уларни ишга жойлаштириш чораларини кўриш. Доимий
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 апрелдаги 213-сон қарорига 3-ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотларида касб (мутахассислик) ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш чора-тадбирлари
Т/р Чора-тадбирларнинг номи Амалга ошириш шакли Амалга ошириш муддатлари Масъул ижрочилар I. Ташкилий чора-тадбирлар 1. Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари ва ҳудудлардаги ёшлар ўртасида чет тили ва касб-ҳунар ўрганиш юзасидан тарғибот ва тушунтириш ишларини ташкил этиш. Тарғибот дастури Ўқув йили давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2. Хорижий иш берувчиларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини касблар ва мутахассисликлар бўйича шакллантириш ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига буюртмаларни тақдим этиш. Буюртмалар портфели 2024 йил июнь Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги 3. Хорижий таълим дастурлари ва иш берувчилар таклифлари асосида касблар ва мутахассисликларнинг таълим дастурларини ишлаб чиқиш. Ўқув-меъёрий ҳужжатлар 2024 йил июнь Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар 4. Касб (мутахассислик) ва чет тилларига ўқитиш курслари (кейинги ўринларда — ўқув курслари) ташкил этиладиган касбий таълим ташкилотларининг (кейинги ўринларда — касбий таълим ташкилотлари) касб ва мутахассисликлар бўйича буюртмаларини шакллантириш ва тасдиқлаш. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғи асосида 2024 йил июнь Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги II. Таълим жараёнини ташкил этиш ва назорат қилиш 5. Касбий таълим ташкилотларининг ўқув жараёнини ташкил этиш. Ўқув жараёни графиги 2024 йил июнь Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 6. Касбий таълим ташкилотлари ўқитувчилари учун ўқитиш методикалари, таълим дастуридаги янгиликлар ва илғор педагогик технологиялар бўйича тренинг машғулотларини ташкил этиш. Семинар-тренинглар Ўқув йили давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар 7. Касбий таълим ташкилотларида машғулотлар ўтказиш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш. Ҳамкорлик келишувлари Ўқув йили давомида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги 8. Касбий таълим ташкилотлари таълим олувчиларининг чет тиллари бўйича билимларини мониторинг қилиш. Оралиқ имтиҳонлар Ҳар 4 ойда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги 9. Касбий таълим ташкилотларига «Al-Нabib», «Globogate Concept AG», «NoVo Agency» каби хорижий иш берувчиларни бириктириш ва улар ўртасида ҳамкорликни ташкил этиш. Ташкилий чора-тадбирлар 2024 йил сентябрь Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 10. Касбий таълим ташкилотларининг ўқувчиларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш. Чора-тадбирлар дастури 2024 йил июнь Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар 11. Ўқувчиларда ишга бўлган масъулият, жамоада ишлаш, бошқа миллат ва элатларнинг қадриятларини ҳурмат қилиш, ўз фикрини равон баён этиш каби кўникмалар (Soft skills) ва шахсий фазилатларни ривожлантириш. Машғулотлар Ўқув йили давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар 12. Касбий таълим ташкилотларида чет тилларини ўқитишни ташкил этиш учун уларга тегишли олий таълим муассасаларини бириктириш. Режа-график Ўқув йили давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 13. Ўқувчиларда амалий кўникмаларни шакллантириш учун касбий таълим ташкилотлари ва мос йўналишдаги корхона ва ташкилотлар ўртасида амалиёт ўтказиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш. Шартномалар 2024 йил июнь Тизимида касбий таълим ташкилотлари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар, Савдо-саноат палатаси 14. Касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний имтиҳонларини ташкил этиш ва давлат намунасидаги ҳужжатларни расмийлаштириш. Меъёрий ҳужжатлар Таълим дастури якунида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар 15. Касбий таълим ташкилотлари битирувчиларини мутахассисликлари бўйича белгиланган тартибда хорижий давлатларда ишга жойлашишини ташкил этиш. Ташкилий чора-тадбирлар Ўқишни тамомлагандан сўнг Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 16. Хорижий давлатларга ишга жойлашмай қолган битирувчилар рўйхатини шакллантириш ва уларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш. Амалий чора-тадбирлар Доимий Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 17 апрель,
213-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
ROʻYXATI
SXEMASI
DASTURI
Yoshlarni kasbga (mutaxassislikka) va chet tillariga oʻqitish tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mehnat migratsiyasi jarayonlarini takomillashtirish hamda xorijda vaqtincha mehnat faoliyatini amalga oshirayotgan shaxslarni qoʻllab-quvvatlashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 4-apreldagi PF-59-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, yoshlarning chet tillarini oʻrganish va kasb egallashga boʻlgan qiziqishlarini qoʻllab-quvvatlash, ularni ichki va tashqi mehnat bozorida raqobatbardosh kadrlar sifatida tayyorlash tizimini takomillashtirish hamda xorijiy davlatlarda ishlash imkoniyatlarini kengaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Transport vazirligi hamda Yoshlar ishlari agentligining:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Migratsiya agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tuzilmasida 16 shtat birligidan iborat Fuqarolarni (yoshlarni) chet tillariga oʻqitish va xorijiy davlatlarda ishlashga maqsadli tayyorlash markazini (keyingi oʻrinlarida — Markaz) tashkil etish;
b) kasbiy taʼlim tashkilotlarida taʼlim oluvchilarni kasb (mutaxassislik) va chet tillariga oʻqitish boʻyicha oʻquv kurslarini (keyingi oʻrinlarda — oʻquv kurslari) tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.
2. Quyidagilar Markazning asosiy vazifalari etib belgilansin:
oʻquv kurslari tashkil etiladigan kasbiy taʼlim tashkilotlarida kadrlar tayyorlash jarayonlarini muvofiqlashtirish;
xorijiy ish beruvchilarning mehnat migratsiyasi sohasidagi ehtiyojlarini aniqlash va keng omma uchun ochiq eʼlon qilish;
xorijiy ish beruvchilarning kadrlarga boʻlgan ehtiyojlariga asosan kasbiy taʼlim tashkilotlarida oʻqitiladigan kasblar (mutaxassisliklar) hamda chet tillarini bilish darajasiga qoʻyilgan talablar boʻyicha buyurtmalarni shakllantirish;
xorijda ishlash istagi boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarini ish beruvchilar tomonidan tanlab olish jarayonlarini tashkil etish;
oʻquv kurslari tashkil etiladigan kasbiy taʼlim tashkilotlarini xorijiy mamlakatlarning qonunchiligi, madaniyati va urf-odatlariga oid maʼlumotlar bilan taʼminlash;
kasbiy taʼlim tashkilotlari va xorijiy ish beruvchilar oʻrtasidagi hamkorlikni taʼminlash hamda xorijiy mutaxassislarni taʼlim jarayoniga jalb qilish;
kasbiy koʻnikmalar boʻyicha treninglar va seminarlar oʻtkazish hamda yoshlarning xorijiy kompaniya yoki tashkilotlarda amaliyot va stajirovkalar oʻtashini tashkil etish.
3. Quyidagilar:
Kasb (mutaxassislik) va chet tillariga oʻqitish boʻyicha oʻquv kurslari tashkil etiladigan kasbiy taʼlim tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — kasbiy taʼlim tashkilotlari) roʻyxati 1-ilovaga muvofiq;
Kasbiy taʼlim tashkilotlarida kasb (mutaxassislik) va chet tillariga oʻqitish boʻyicha oʻquv kurslarini tashkil etish sxemasi 2-ilovaga muvofiq;
Kasbiy taʼlim tashkilotlarida kasb (mutaxassislik) va chet tillariga oʻqitish boʻyicha oʻquv kurslarini tashkil etish chora-tadbirlari dasturi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Belgilansinki:
Markaz oʻz faoliyatini yuridik shaxs tashkil etmasdan bevosita Agentlik rahbarligida amalga oshiradi;
Markazning 16 shtat birligini saqlash bilan bogʻliq xarajatlar Agentlik tomonidan koʻrsatilgan pulli xizmatlardan tushgan mablagʻlar xisobidan amalga oshiriladi;
Markaz ushbu qarorga 1-ilovaga muvofiq tashkil etiladigan oʻquv kurslari faoliyatini muvofiqlashtiradi.
5. Belgilab qoʻyilsinki:
a) oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli tugatgan bitiruvchilarga davlat tomonidan tasdiqlangan namunadagi xujjat beriladi;
b) oʻquv kurslarida kadrlarni tayyorlash bir yilgacha boʻlgan taʼlim dasturlariga muvofiq toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi.
Bunda oʻquv kurslarining taʼlim dasturlari va oʻquv jarayoni muddatlari xorijiy ish beruvchilar takliflari asosida kasblar (mutaxassisliklar) murakkabligidan kelib chiqib, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan belgilanadi;
kasbiy taʼlim tashkilotlarida taʼlim olayotgan oʻquvchilarni xam oʻquv kurslariga toʻlov-kontrakt asosida qabul qilishga ruxsat beriladi;
tashkillashtirilgan mehnat migratsiyasi yoʻli bilan xorijiy mamlakatlarda ishlash uchun ketish istagida boʻlgan va “Xorijda ish” mehnat migratsiyasi elektron dasturiy majmuasida roʻyxatga olingan fuqarolar Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi hisobidan davlat granti asosida oʻqishga qabul qilinadi.
v) chet tillarini oʻrganish va xorijda ishlash istagida boʻlgan taʼlim oluvchilarni, xususan, yoshlarni oʻquv kurslariga qabul qilish Markaz tomonidan belgilangan tartibda shakllantiriladigan buyurtmalar asosida tashkil etiladi;
g) oʻquv kurslari doirasida taʼlim oluvchilar ingliz, nemis, yapon, koreys, arab va boshqa talab yuqori boʻlgan chet tillariga oʻqitiladi.
Bunda kasbiy taʼlim tashkilotlarini chet tillariga oʻqitish boʻyicha yuqori malakali kadrlar bilan taʼminlash uchun Oʻzbekiston davlat jaxon tillari universiteti, Toshkent davlat sharqshunoslik universiteti, Samarqand davlat chet tillar instituti hamda xududlardagi davlat pedagogika oliy taʼlim muassasalari rektorlari masʼul va shaxsan javobgar hisoblanadi va ushbu vazifani amalga oshirish ular faoliyati samaradorligini baholashning asosiy mezonlaridan biri etib belgilanadi;
d) kasbiy taʼlim tashkilotlariga xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari bilan birgalikda qoʻshma taʼlim dasturlarini joriy qilish hamda taʼlim dasturining tegishli qismlarini, shu jumladan, oʻquvchilarning amaliyotini xorijiy hamkor tomonidan tavsiya etilgan muassasa va tashkilotlarda tashkil etishga ruxsat etiladi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Markaz, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Transport vazirligi xamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda:
bir oy muddatda mazkur qarorga 1-ilovada belgilangan yoʻnalishlar boʻyicha xorijiy davlatlarning talablari va taʼlim dasturlari asosida oʻquv dasturlarini ishlab chiqsin;
xorijiy ish beruvchilarning talab va buyurtmalari asosida tegishli kasblar (mutaxassisliklar) boʻyicha malakali kadrlarni tayyorlashni yoʻlga qoʻysin;
oʻquv kurslarida mashgʻulotlarni oʻtkazish uchun maxalliy va xorijiy davlatlardan malakali mutaxassislarni jalb etish choralarini koʻrsin.
7. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:
Agentlik har chorak yakunida xorijiy ish beruvchilarning kadrlarga boʻlgan ehtiyojini kasblar (mutaxassisliklar) boʻyicha shakllantiradi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga buyurtma yuboradi;
Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Agentlik tomonidan taqdim etilgan buyurtmalar asosida Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishgan holda, kasbiy taʼlim tashkilotlariga buyurtmani tasdiqlaydi.
8. Belgilansinki:
a) kasbiy taʼlim tashkilotlarining moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, ularni oʻquv-laboratoriya jihozlari bilan taʼminlash, oʻquv adabiyotlari va oʻqitish materiallari toʻplamlarini chop etish hamda xorijiy mutaxassislarni jalb qilish bilan bogʻliq xarajatlar:
tibbiyot yoʻnalishlari boʻyicha — Sogʻliqni saqlash vazirligi va kasbiy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan;
qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi va oshpazlik yoʻnalishlari boʻyicha — Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Turizm qoʻmitasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Transport vazirligi hamda kasbiy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi;
b) kasbiy taʼlim tashkilotlariga jalb qilinadigan pedagog xodimlarning ish haqi, shu jumladan, ularga ustama toʻlash xarajatlari hamda oʻqitish bilan bogʻliq boshqa xarajatlar — taʼlim oluvchilarning toʻlov-kontraktidan tushadigan mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi;
v) kasbiy taʼlim tashkilotlarida kasb (mutaxassislik) va chet tillariga oʻqitish boʻyicha oʻquv kurslariga mashgʻulot oʻtkazish uchun boshqa hududlardan kelgan yuqori malakali pedagog kadrlarning turar joy bilan bogʻliq xarajatlari (mehmonxona yoki turar joy ijarasi) Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shaxar mahalliy budjetlarining qoʻshimcha manbalari hisobidan qoplab beriladi;
g) kasbiy taʼlim tashkilotlariga jalb etilgan taʼlim oluvchilar chet tilini mustaqil ravishda oʻrganib, xalqaro yoki unga tenglashtirilgan sertifikatni taqdim etgan taqdirda, taʼlim oluvchi tomonidan chet tilini oʻqish uchun sarflangan xarajatlarning 50 foizi, biroq bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravaridan oshmagan qismi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi.
Bunda xorijiy davlatga ishga jalb qilinadigan fuqarolar uchun chet tili boʻyicha kamida B2 darajadagi, “Ausbildung” (dual taʼlim shakli) asosida xorijga ketadigan fuqarolar uchun nemis tili boʻyicha kamida B1 darajadagi xalqaro tan olingan sertifikatni olish talab etiladi;
d) kasbiy taʼlim tashkilotlariga xorijiy ish beruvchilarning mablagʻlari hisobidan taʼlim oluvchilarni qoʻshimcha (asosiy boʻlmagan) chet tillariga oʻqitish boʻyicha mashgʻulotlar oʻtkazishga ruxsat etiladi;
e) oʻquv kurslariga jalb qilingan pedagog kadrlarga faoliyat samaradorligidan kelib chiqib, har oy oylik maoshining 100 foizigacha miqdorda ustama toʻlanadi. Bunda pedagog kadrlarning samaradorlik koʻrsatkichlari xorijga ishlash uchun ketgan har bir taʼlim oluvchi sonidan kelib chiqib belgilanadi.
Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda chet tilini oʻzlari mustaqil ravishda oʻrganib, xalqaro tan olingan sertifikatni taqdim etgan taʼlim oluvchilarning xarajatlarini qoplab berish hamda pedagog kadrlarga har oylik ustama toʻlash tartibini tasdiqlasin.
9. Agentlik:
bir oy muddatda xorijiy ish beruvchilarning takliflari asosida kadrlarga va ularning chet tillarini bilish darajasiga qoʻyiladigan talablarni aniqlasin hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Sogʻliqni saqlash vazirligiga taqdim etsin;
kasbiy taʼlim tashkilotlariga xorijiy ish beruvchilarni biriktirsin va ular oʻrtasida hamkorlikni tashkil etsin;
oʻquv kurslari bitiruvchilarini kasb (mutaxassislik) boʻyicha belgilangan tartibda xorijiy davlatlarga yuborish va ishga joylashtirish choralarini koʻrsin;
kasbiy taʼlim tashkilotlarida malakali kadrlarni tayyorlash jarayonini doimiy monitoring qilib borsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Yoshlar ishlari agentligi, Agentlik, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shaxar xokimliklari:
umumiy oʻrta taʼlim muassasalari bitiruvchilari, hududlardagi yoshlar va kasbiy taʼlim tashkilotlari oʻquvchilarining kasb (mutaxassislik) egallashga hamda chet tillarini oʻrganishga boʻlgan qiziqishlarini oshirish maqsadida targʻibot ishlarini amalga oshirsin;
yoshlarni oʻquv kurslari tashkil etiladigan kasbiy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga qabul qilishni tashkil etsin hamda qabul qilingan taʼlim oluvchilar uchun oʻquv jarayoni grafigini yoʻnalishlar, shuningdek, xorijiy hamkorlar taklif va talablari asosida ishlab chiqsin;
oʻquv kurslari bitiruvchilarining yakuniy davlat imtihonlarini oʻtkazish jarayoniga xorijiy ish beruvchilarni ham taklif etsin;
oʻquv kurslarida tahsil olayotgan taʼlim oluvchilarning chet tillari boʻyicha bilim darajasini Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan baholashni yoʻlga qoʻysin.
Bunda taʼlim oluvchilarning chet tilini bilish darajasini aniqlash bilan bogʻliq xarajatlar Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan Yoshlar ishlari agentligiga taqdim etgan hisob-kitoblar asosida Yoshlarga oid davlat siyosatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanadi.
11. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari:
manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda kasbiy taʼlim tashkilotlariga taʼlim oluvchilarning amaliyotini tashkil etish uchun mos boʻlgan hududlardagi ish beruvchi tashkilotlarni amaliyot bazasi sifatida biriktirsin;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar, Toshkent shahar hamda tuman (shahar) hokimlarining yoshlar siyosati, ijtimoiy rivojlantirish va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosarlari mahallalardagi yoshlar yetakchilari bilan birgalikda xorijda ishlash istagi boʻlgan fuqarolarning (yoshlarning) manzilli roʻyxatini shakllantirsin hamda ularni oʻquv kurslariga jalb etish choralarini koʻrsin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi kasbiy taʼlim tashkilotlarining ish bilan band boʻlmagan bitiruvchilarini “Bandlik xizmati” axborot tizimiga kiritishni taʼminlasin hamda ularni ishga joylashtirish choralarini koʻrsin.
13. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi hamda Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasiga manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyatini ommaviy axborot vositalari, ijtimoiy tarmoqlar va rasmiy veb-saytlarda keng yoritish tavsiya etilsin.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy xujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
15. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 17-apreldagi 213-son qaroriga 1-ILOVA
Kasb (mutaxassislik) va chet tillariga oʻqitish boʻyicha oʻquv kurslari tashkil etiladigan kasbiy taʼlim tashkilotlari
T/r Hududlar va taʼlim muassasalari Yoʻnalishlar * Qoraqalpogʻiston Respublikasi 1. Nukus Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 2. Nukus transport texnikumi Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Andijon viloyati 3. Andijon Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 4. Andijon arxitektura va qurilish texnikumi Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Buxoro viloyati 5. Afshona Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 6. Buxoro arxitektura va qurilish texnikumi Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Jizzax viloyati 7. Jizzax Abu Ali ibn Sino nomli Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 8. Jizzax arxitektura va qurilish texnikumi Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Qashqadaryo viloyati 9. Qarshi Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 10. Shahrisabz shahar 1-son kasb-hunar maktabi Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Navoiy viloyati 11. Navoiy Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 12. Navoiy arxitektura va qurilish texnikumi Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Namangan viloyati 13. 2-son Namangan Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 14. Chust tuman 1-son kasb-hunar maktabi Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Samarqand viloyati 15. Samarqand Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 16. Samarqand qurilish kolleji Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Sirdaryo viloyati 17. Guliston Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 18. Sirdaryo arxitektura va qurilish texnikumi Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Surxondaryo viloyati 19. Termiz Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 20. Surxondaryo arxitektura va qurilish texnikumi Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Toshkent viloyati 21. Yangiyoʻl Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 22. Angren shahar 2-son kasb-hunar maktabi Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Fargʻona viloyati 23. Margʻilon Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 24. Margʻilon arxitektura va qurilish texnikumi Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Xorazm viloyati 25. Urganch Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam 26. Xorazm arxitektura va qurilish texnikumi Qurilish, transport, mehmonxona xoʻjaligi, oshpazlik Toshkent shahri 27. 2-Respublika Abu Ali ibn Sino nomidagi Jamoat salomatligi texnikumi Tibbiyot, tibbiy ijtimoiy yordam
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 17-apreldagi 213-son qaroriga 2-ILOVA
Kasbiy taʼlim tashkilotlarida kasb (mutaxassislik) va chet tillariga oʻqitish boʻyicha oʻquv kurslarini tashkil etish
Bosqichlar Masʼullar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tashqi mehnat migratsiyasi agentligi, manfaatdor vazirliklar va idoralar 1. Xorijiy ish beruvchilarning kadrlarga boʻlgan ehtiyojini kasblar va mutaxassisliklar boʻyicha shakllantirish hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga buyurtmalarni taqdim etish . 2. Kasbiy taʼlim tashkilotlari ga xorijiy ish beruvchilarni biriktirish . Buyurtmalar asosida 2-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, manfaatdor vazirliklar va idoralar 1. Xorijiy davlatlarga kadrlarni maqsadli tayyorlash boʻyicha taʼlimni tashkil etish va muvofiqlashtirish bilan bogʻliq choralar koʻrish. Har yili 1-fevraldan boshlab 2. Xorijiy davlatlarga kadrlarni maqsadli tayyorlash boʻyicha taʼlimni tashkil etish yuzasidan monitoring olib borish. Oʻquv yili mobaynida 3-bosqich Bilim va malakalarni baholash agentligi Oʻquv kurslaridagi taʼlim oluvchilarning chet tillari boʻyicha bilim darajasini baholash. Har 4 oyda 4-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, manfaatdor vazirliklar va idoralar 1. Oʻqitish kurslari bitiruvchilarining yakuniy imtihonlarini amaliy-koʻrgazmali imtihon shaklida tashkil etish. 2. Yakuniy imtihonlarga ish beruvchilar vakillarini taklif etish. Oʻquv kursi yakunida 5-bosqich Tashqi mehnat migratsiyasi agentligi, manfaatdor vazirliklar va idoralar X orijiy ish beruvchilar bilan oʻrnatilgan hamkorlik aloqalari asosida oʻquv kurslari bitiruvchilarini mutaxassisliklari boʻyicha belgilangan tartibda xorijiy davlatlarda ishga joylashishini tashkil etish. Oʻquv kursi yakunlangandan soʻng belgilangan muddatlarda 6-bosqich Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Ishga joylashmay qolgan oʻqitish kurslari bitiruvchilarini “Bandlik xizmati” axborot tizimiga kiritishni taʼminlash va ularni ishga joylashtirish choralarini koʻrish. Doimiy
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 17-apreldagi 213-son qaroriga 3-ILOVA
Kasbiy taʼlim tashkilotlarida kasb (mutaxassislik) va chet tillariga oʻqitish boʻyicha oʻquv kurslarini tashkil etish chora-tadbirlari
T/r Chora-tadbirlarning nomi Amalga oshirish shakli Amalga oshirish muddatlari Masʼul ijrochilar I. Tashkiliy chora-tadbirlar 1. Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari bitiruvchilari va hududlardagi yoshlar oʻrtasida chet tili va kasb-hunar oʻrganish yuzasidan targʻibot va tushuntirish ishlarini tashkil etish. Targʻibot dasturi Oʻquv yili davomida Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Yoshlar ishlari agentligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 2. Xorijiy ish beruvchilarning kadrlarga boʻlgan ehtiyojini kasblar va mutaxassisliklar boʻyicha shakllantirish hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga buyurtmalarni taqdim etish. Buyurtmalar portfeli 2024-yil iyun Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Tashqi mehnat migratsiyasi agentligi, Tashqi ishlar vazirligi 3. Xorijiy taʼlim dasturlari va ish beruvchilar takliflari asosida kasblar va mutaxassisliklarning taʼlim dasturlarini ishlab chiqish. Oʻquv-meʼyoriy hujjatlar 2024-yil iyun Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, manfaatdor vazirlik va idoralar 4. Kasb (mutaxassislik) va chet tillariga oʻqitish kurslari (keyingi oʻrinlarda — oʻquv kurslari) tashkil etiladigan kasbiy taʼlim tashkilotlarining (keyingi oʻrinlarda — kasbiy taʼlim tashkilotlari) kasb va mutaxassisliklar boʻyicha buyurtmalarini shakllantirish va tasdiqlash. Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirining tegishli buyrugʻi asosida 2024-yil iyun Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi II. Taʼlim jarayonini tashkil etish va nazorat qilish 5. Kasbiy taʼlim tashkilotlarining oʻquv jarayonini tashkil etish. Oʻquv jarayoni grafigi 2024-yil iyun Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 6. Kasbiy taʼlim tashkilotlari oʻqituvchilari uchun oʻqitish metodikalari, taʼlim dasturidagi yangiliklar va ilgʻor pedagogik texnologiyalar boʻyicha trening mashgʻulotlarini tashkil etish. Seminar-treninglar Oʻquv yili davomida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, manfaatdor vazirlik va idoralar 7. Kasbiy taʼlim tashkilotlarida mashgʻulotlar oʻtkazish uchun xorijiy mutaxassislarni jalb etish. Hamkorlik kelishuvlari Oʻquv yili davomida Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Tashqi mehnat migratsiyasi agentligi, Tashqi ishlar vazirligi 8. Kasbiy taʼlim tashkilotlari taʼlim oluvchilarining chet tillari boʻyicha bilimlarini monitoring qilish. Oraliq imtihonlar Har 4 oyda Bilim va malakalarni baholash agentligi 9. Kasbiy taʼlim tashkilotlariga “Al-Nabib”, “Globogate Concept AG”, “NoVo Agency” kabi xorijiy ish beruvchilarni biriktirish va ular oʻrtasida hamkorlikni tashkil etish. Tashkiliy chora-tadbirlar 2024-yil sentabr Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Tashqi mehnat migratsiyasi agentligi 10. Kasbiy taʼlim tashkilotlarining oʻquvchilarini vatanparvarlik ruhida tarbiyalash, ularning maʼnaviy-axloqiy tarbiyasi hamda boʻsh vaqtini mazmunli tashkil etishga qaratilgan chora-tadbirlar dasturini ishlab chiqish. Chora-tadbirlar dasturi 2024-yil iyun Yoshlar ishlari agentligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, manfaatdor vazirlik va idoralar 11. Oʻquvchilarda ishga boʻlgan masʼuliyat, jamoada ishlash, boshqa millat va elatlarning qadriyatlarini hurmat qilish, oʻz fikrini ravon bayon etish kabi koʻnikmalar (Soft skills) va shaxsiy fazilatlarni rivojlantirish. Mashgʻulotlar Oʻquv yili davomida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, manfaatdor vazirlik va idoralar 12. Kasbiy taʼlim tashkilotlarida chet tillarini oʻqitishni tashkil etish uchun ularga tegishli oliy taʼlim muassasalarini biriktirish. Reja-grafik Oʻquv yili davomida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 13. Oʻquvchilarda amaliy koʻnikmalarni shakllantirish uchun kasbiy taʼlim tashkilotlari va mos yoʻnalishdagi korxona va tashkilotlar oʻrtasida amaliyot oʻtkazish boʻyicha hamkorlikni yoʻlga qoʻyish. Shartnomalar 2024-yil iyun Tizimida kasbiy taʼlim tashkilotlari mavjud boʻlgan vazirlik va idoralar, Savdo-sanoat palatasi 14. Kasbiy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining yakuniy imtihonlarini tashkil etish va davlat namunasidagi hujjatlarni rasmiylashtirish. Meʼyoriy hujjatlar Taʼlim dasturi yakunida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, manfaatdor vazirlik va idoralar 15. Kasbiy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarini mutaxassisliklari boʻyicha belgilangan tartibda xorijiy davlatlarda ishga joylashishini tashkil etish. Tashkiliy chora-tadbirlar Oʻqishni tamomlagandan soʻng Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Tashqi mehnat migratsiyasi agentligi 16. Xorijiy davlatlarga ishga joylashmay qolgan bitiruvchilar roʻyxatini shakllantirish va ularni ishga joylashtirishga koʻmaklashish. Amaliy chora-tadbirlar Doimiy Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 17-aprel,
213-son