📅 2024-yil 24-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 24-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 24 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 24 апреля 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 24 April 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
СХЕМАСИ
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларини аутсорсинг асосида хусусий сектор томонидан амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига хусусий сектор корхоналарини кенг жалб қилиш учун шароит яратиш ҳамда автомобиль йўллари соҳасида аутсорсинг тизимини кенг жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ-330-сон қарори билан тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда узунлиги 20 кмгача бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш белгиланганлиги ҳамда лойиҳалар рўйхати тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларини аутсорсинг асосида хусусий сектор томонидан амалга ошириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
аутсорсерни аниқлаш, шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;
аутсорсинг хизматларини молиялаштириш тартиби;
аутсорсер ва буюртмачининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш тартиби.
3. Транспорт вазирлиги хузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси (кейинги ўринларда — Автомобиль йўллари қўмитаси) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йил 1 майдан бошлаб тажриба-синов тариқасида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш лойиҳалари бўйича эълонларни давлат харидларининг махсус ахборот портали ҳамда оммавий ахборот воситаларига, шунингдек, Автомобиль йўллари қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирсин.
4. Транспорт вазирлиги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш бўйича ўтказиладиган тажриба-синов натижаларига кўра ижобий кўрсаткичларга эришилган такдирда, 2025 йил 1 декабрга қадар кейинги йиллар учун аутсорсинг асосида эксплуатация қилинадиган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Белгилансинки, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини аутсорсинг асосида эксплуатация қилиш ишлари 2024 йил 1 майдан бошлаб Давлат бюджетидан Автомобиль йўллари қўмитасига умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, эксплуатация қилиш ҳамда табиий офат оқибатларини бартараф қилиш ва уларнинг олдини олиш ишларига ажратилган маблағлар доирасида асослантирилган ҳисоб-китобларга мувофиқ молиялаштирилади.
6. Транспорт вазирлиги Автомобиль йўллари қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда Тошкент давлат транспорт университетида йўл хўжалиги ходимлари, шу жумладан, хусусий сектор вакиллари учун «Автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш» йўналишида малака ошириш ва касбий қайта тайёрлаш дастури бўйича алоҳида ўқув курсларини ташкил этсин.
Бунда автомобиль йўлларини эксплуатация қилишни ташкил этишнинг умумий тамойиллари, автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини ободонлаштириш ва жиҳозлашда энг илғор технологияларни ва замонавий усулларни танлаш, автомобиль йўллари ҳолатини мониторинг қилиш ва баҳолаш, эксплуатация қилиш харажатлари сметасини ҳисоблаш, энг мақбул технологияларни танлаш, сифат менежментини жорий қилиш бўйича ўқув модуллари инобатга олинсин.
7. Автомобиль йўллари қўмитаси ушбу қарор оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда кенг шарҳлаб борилишини ҳамда унинг мазмун-моҳияти жамоатчиликка тушунтирилишини таъминласин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов, транспорт вазири И.Р. Махкамов ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Ж.Ю. Турсунов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 апрелдаги 233-сон қарорига ИЛОВА
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларини аутсорсинг асосида хусусий сектор томонидан амалга ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Вақтинчалик низом умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларини аутсорсинг асосида хусусий сектор томонидан амалга ошириш тартибини белгилайди.
Ушбу Вақтинчалик низом 2026 йил 1 январга қадар амал қилади.
2. Ушбу Вақтинчалик низомда куйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аутсорсер — шартнома асосида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилувчи тадбиркорлик субъекти;
аутсорсинг — умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларини шартнома асосида аутсорсерга ўтказиш;
буюртмачи — Транспорт вазирлиги хузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармалари;
эксплуатация қилиш — умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, сақлаш ва қишки қаров ишларини бажариш;
талабгор — аутсорсинг асосида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, сақлаш ва қишки қаров ишларини бажариш учун танлашда (тендерда) иштирок этадиган тадбиркорлик субъекти.
3. Буюртмачи эксплуатация қилиш ишларини аутсорсерга ўтказишда қуйидаги талабларга риоя қилиши шарт:
аутсорсерни қонунчилик ҳужжатлари асосида танлаб олиш;
эксплуатация қилиш ишларининг иқтисодий самарадорлигини оширишни кўзда тутиш.
2-боб. Аутсорсерни аниқлаш, шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби
4. Аутсорсер давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ энг яхши таклифларнинг давлат харидлари электрон тизими орқали амалга ошириладиган танлаш (кейинги ўринларда — танлаш) ёки тендер савдолари асосида аниқланади.
5. Танлаш (тендер) тўғрисидаги ахборот буюртмачи томонидан давлат харидларининг электрон тизимига танлаш (тендер) ўтказиш тўғрисидаги эълонни ва танлаш (тендер) бўйича харид қилиш хужжатларини жойлаштириш йўли билан маълум қилинади.
Танлаш (тендер) ўтказилиши тўғрисидаги эълон ва танлаш (тендер) бўйича харид қилиш ҳужжатлари буюртмачи томонидан таклифларни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан тегишинча камида беш иш куни (танлашда) ва ўн икки иш куни олдин (тендерда) давлат харидларининг электрон тизимига ҳамда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг расмий веб-сайтига, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилади.
6. Эълонда танлаш (тендер) шартлари ва тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати, эксплуатация қилиш ишлари, шартнома асосида аутсорсерга бериладиган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлининг бир йиллик эксплуатация харажатлари ҳақидаги маълумотлар аниқ кўрсатилади.
7. Талабгор томонидан тақдим этиладиган танлаш (тендер) ҳужжатларнинг тўғрилиги учун талабгор жавобгар ҳисобланади.
8. Танлаш (тендер) натижалари бўйича шикоятлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади.
9. Аутсорсинг шартномаси белгиланган автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларининг барча босқичлари учун бир молия йилига тузилади.
10. Автомобиль йўлларини аутсорсинг асосида эксплуатация қилиш бўйича шартномани тузишда қуйидагилар назарда тутилиши лозим:
шартноманинг ажралмас қисми бўлган хизматлар кўрсатиш ва молиялаштириш жадваллари;
белгиланган тартибда олдиндан тўлов маблағларини ажратиш;
молиялаштириш жадвалига мувофиқ хизматлар кўрсатишни ҳар ойда молиялаштириб бориш;
ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасидан кечиктирмаган ҳолда, хизматлар кўрсатиш бўйича бажарилган ишлар учун тегишли ҳисоб-фактурани буюртмачига такдим этиш;
бажарилаётган ишлар сифати учун аутсорсернинг жавобгарлигини ошириш.
11. Талабгорлар қуйидаги ҳолатларда танлаш ёки тендер савдоларида иштирок этишига йўл қўйилмайди:
йўл қурилиш-таъмирлаш йўналишида уч йилдан кам тажрибага эга бўлган ташкилотлар;
таъсис ҳужжатлари, молиявий қатнашиш, холдинг шаклида ва бошқа шаклларда ифодаланган бир-бири билан бевосита ташкилий-ҳуқуқий боғлиқ бўлган ташкилотлар;
буюртмачи раҳбар ходимларининг яқин қариндошлари таъсислигида ташкил этилган ташкилотлар;
харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг раҳбари ёки таъсисчиси буюртмачи ва унинг раҳбарларига нисбатан бевосита боғлиқ бўлса ёхуд улардан бирортаси ушбу ташкилотнинг таъсисчиси ёки раҳбари ҳисобланса;
талабгор давлат харидлари тўғрисидаги махсус ахборот порталининг инсофсиз иштирокчилари ягона реестрига киритилган бўлса;
шартномани бажариш учун зарур техник, молиявий, моддий, кадрлар ресурслари ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжуд эмаслиги;
солиқлар, йиғимлар ҳамда кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорликнинг мавжудлиги;
ўзига нисбатан жорий этилган тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларининг мавжудлиги;
талабгорнинг олдинги йўл-курилиш объектлари бўйича бажарилмай қолган мажбуриятлари бўлган тақдирда.
12. Буюртмачи зарур бўлганда аутсорсинг хизматларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, иштирокчиларга қўшимча талаблар белгилашга ҳақли. Иштирокчиларни қўшимча талаблар асосида ўрганиш дастлабки малака танлови орқали амалга оширилади.
Бунда иштирокчиларга қўйиладиган қўшимча талаблар давлат харидларининг асосий принципларга зид бўлмаслиги керак, шунингдек, давлат хариди тўғрисидаги ахборотда иштирокчиларга қўйиладиган қўшимча талаблар ушбу ахборот эълон қилинган пайтда кўрсатилган бўлиши лозим.
3-боб. Аутсорсинг хизматларини молиялаштириш тартиби
13. Аутсорсинг хизматларини молиялаштириш миқдори Транспорт вазирлиги хузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган йиллик харажатлар сметаси асосида белгиланади.
Бунда аутсорсинг асосида эксплуатация қилиш харажатлари учун маблағлар белгиланган идоравий меъёрларга мувофиқ ажратилади.
14. Кўрсатилган хизматлар ҳисоб-китоби шартнома ойлик суммасининг 15 фоизи олдиндан ўтказиб берилгач, қолган 85 фоизи ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар суммасидан келиб чиқиб, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг якунига қадар, йилнинг декабрь ойи учун молия йили охирги кунидан кечикмаган ҳолатда амалга оширилади.
Буюртмачи ва аутсорсер ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар мазкур Вақтинчалик низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
4-боб. Аутсорсернинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
15. Аутсорсер қуйидаги ҳуқуқларга эга:
кўрсатилган хизматлар учун ўз вақтида тўловлар тўланишини талаб қилиш;
кўрсатилган хизматлар натижасида фойда олиш;
буюртмачидан шартнома шартларининг бажарилишини талаб қилиш;
автомобиль йўлини эксплуатация қилиш мақсадида тегишли бўлган барча ҳужжатларни олиш.
Аутсорсер қонунчилик хужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
16. Аутсорсернинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
эксплуатация қилиш ишлари якуни бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли шаклдаги ҳужжатлар асосида бажарилган ишларни буюртмачига топшириш;
аутсорсинг хизматини кўрсатишда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда техника, ёнғин, меҳнат муҳофазаси, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена талабларига қатъий риоя этиш;
ишлар ва хизматлар сифатли бажарилишини таъминлаш;
аутсорсер томонидан эксплуатация ишлари амалга оширилаётган автомобиль йўлида ўзига юкланган мажбуриятларни бажармаганлиги оқибатида йўл ҳаракати иштирокчиларига ва транспорт воситаларига етказилган зарарнинг ўрнини қонунчиликда белгиланган тартибда қоплаш;
шартномани бекор қилиш ҳақида буюртмачини икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириш, ушбу муддат тугагунига қадар эса буюртмачининг тегишли хизматларини узлуксиз ташкил этишни таъминлаш.
Аутсорсер зиммасига қонунчилик ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
5-боб. Буюртмачининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
17. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
аутсорсердан ишларни сифатли ва белгиланган муддатларда бажарилишини талаб қилиш;
аутсорсердан автомобиль йўлида амалга оширилган эксплуатация қилиш ишлари бўйича тегишли маълумотларни талаб қилиб олиш;
доимий равишда белгиланган автомобиль йўлини эксплуатация қилиш ишларини жойига чиқиб, аутсорсер фаолиятига бевосита аралашмаган ҳолда ўрганиш ҳамда унинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини назорат қилиш;
аниқланган мавжуд муаммолар юзасидан уларни бартараф этиш бўйича аутсорсерга кўрсатма ва таклифлар бериш.
Буюртмачи қонунчилик ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
18. Буюртмачининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
аутсорсерга автомобиль йўлини эксплуатация қилиш мақсадида тегишли бўлган барча ҳужжатларни тақдим этиш;
эксплуатация қилиш ишлари якуни бўйича аутсорсер томонидан бажарилган ишларни амалдаги қонунчилик доирасида қабул қилиш;
шартномага мувофиқ белгиланган муддат ва шартлар асосида аутсорсерга кўрсатилган хизматлар учун ўз вақтида тўловларни тўлаш;
юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этишда ёрдам кўрсатиш бўйича аутсорсер билан доимий алоқа йўлга қўйилишини таъминлаш.
Буюртмачи зиммасига қонунчилик ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
6-боб. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш
19. Аутсорсинг хизматлари мониторинги аутсорсер томонидан эксплуатация қилинадиган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида таъмирлаш, сақлаш ва қишки қаров ишларини бажариш жараёнида буюртмачи томонидан амалга оширилади.
Мониторинг натижалари бўйича ҳисоботлар буюртмачи томонидан келгуси ойнинг 5-санасига қадар Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасига топширилади.
20. Мониторинг қуйидагилар орқали амалга оширилади:
ушбу Низомга мувофиқ эксплуатация қилиш ишлари тўғрисида мунтазам равишда ҳисобот ва маълумотларни йиғиш;
зарур ҳолларда, амалга оширилаётган ишларни тахлил қилиш учун аутсорсердан қўшимча маълумотларни сўраш.
21. Мониторинг аутсорсер томонидан белгиланган автомобиль йўлини эксплуатация қилиш бўйича ўз мажбуриятларини бажариш сифати ва ажратилган молиявий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилади.
22. Қуйидагилар мониторингнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ишларнинг бажарилишини доимий кузатиш;
аутсорсер томонидан эксплуатация қилиш ишларини амалга ошириш бўйича ўз мажбуриятларига риоя этилишини таъминлаш;
ишларни амалга ошириш имкониятига таъсир этувчи хавфларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш бўйича таклифлар тайёрлаш;
ишларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва бирлаштириш;
аутсорсер фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
23. Мазкур Вақтинчалик низом билан тартибга солинмаган муносабатлар амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
24. Автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг сифатига аутсорсер жавобгар ҳисобланади.
25. Мазкур Вақтинчалик низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларини аутсорсинг асосида хусусий сектор томонидан амалга ошириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга ИЛОВА
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги ҳудудий бош бошқармалар ва аутсорсер ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар I босқич Буюртмачи Тегишли ой учун шартнома қийматининг 15 фоизи миқдоридаги маблағни аутсорсернинг ҳисобварағига ўтказиб беради. Ҳар ойнинг дастлабки 10 банк куни давомида II босқич Аутсорсер 1. Амалга оширилган ишлар учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради. 2. Буюртмачи билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш учун амалда кўрсатилган хизматлар ҳисоб-фактурасини (бажарилган ишлар далолатномаларини) тақдим этади. Ҳар ойнинг 5-санасига қадар (ўтган ой учун) III босқич Буюртмачи 1. Асословчи ҳужжатларни (ҳисоб-фактуралар, бажарилган ишлар далолатномалари) таққослайди. 3 иш куни давомида 2. Тузилган шартнома шартларига мувофиқ қолган 85 фоиз суммани хизматлар кўрсатиш ойи тугагандан сўнг тўлайди. Ҳар ойнинг 20-санасига қадар (ўтган ой учун)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 24 апрель,
233-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
VAQTINCHALIK NIZOM
SXEMASI
Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ishlarini autsorsing asosida xususiy sektor tomonidan amalga oshirishni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ishlariga xususiy sektor korxonalarini keng jalb qilish uchun sharoit yaratish hamda avtomobil yoʻllari sohasida autsorsing tizimini keng joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoʻl xoʻjaligi sohasini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 10-oktabrdagi PQ-330-son qarori bilan tajriba-sinov tariqasida Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlarda uzunligi 20 kmgacha boʻlgan umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ishlariga autsorsing asosida xususiy sektorni jalb qilish belgilanganligi hamda loyihalar roʻyxati tasdiqlanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ishlarini autsorsing asosida xususiy sektor tomonidan amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
autsorserni aniqlash, shartnoma tuzish va hisob-kitoblarni amalga oshirish tartibi;
autsorsing xizmatlarini moliyalashtirish tartibi;
autsorser va buyurtmachining huquqlari va majburiyatlari;
autsorsing xizmati koʻrsatilishi yuzasidan monitoringni amalga oshirish tartibi.
3. Transport vazirligi xuzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda 2024-yil 1-maydan boshlab tajriba-sinov tariqasida umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ishlariga autsorsing asosida xususiy sektorni jalb qilish loyihalari boʻyicha eʼlonlarni davlat xaridlarining maxsus axborot portali hamda ommaviy axborot vositalariga, shuningdek, Avtomobil yoʻllari qoʻmitasining rasmiy veb-saytiga joylashtirsin.
4. Transport vazirligi umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ishlariga autsorsing asosida xususiy sektorni jalb qilish boʻyicha oʻtkaziladigan tajriba-sinov natijalariga koʻra ijobiy koʻrsatkichlarga erishilgan takdirda, 2025-yil 1-dekabrga qadar keyingi yillar uchun autsorsing asosida ekspluatatsiya qilinadigan umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
5. Belgilansinki, umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini autsorsing asosida ekspluatatsiya qilish ishlari 2024-yil 1-maydan boshlab Davlat budjetidan Avtomobil yoʻllari qoʻmitasiga umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini taʼmirlash, ekspluatatsiya qilish hamda tabiiy ofat oqibatlarini bartaraf qilish va ularning oldini olish ishlariga ajratilgan mablagʻlar doirasida asoslantirilgan hisob-kitoblarga muvofiq moliyalashtiriladi.
6. Transport vazirligi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi bilan birgalikda ikki oy muddatda Toshkent davlat transport universitetida yoʻl xoʻjaligi xodimlari, shu jumladan, xususiy sektor vakillari uchun “Avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish” yoʻnalishida malaka oshirish va kasbiy qayta tayyorlash dasturi boʻyicha alohida oʻquv kurslarini tashkil etsin.
Bunda avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilishni tashkil etishning umumiy tamoyillari, avtomobil yoʻllarini taʼmirlash va saqlash ishlarini tashkil etish, avtomobil yoʻllarini obodonlashtirish va jihozlashda eng ilgʻor texnologiyalarni va zamonaviy usullarni tanlash, avtomobil yoʻllari holatini monitoring qilish va baholash, ekspluatatsiya qilish xarajatlari smetasini hisoblash, eng maqbul texnologiyalarni tanlash, sifat menejmentini joriy qilish boʻyicha oʻquv modullari inobatga olinsin.
7. Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi ushbu qaror ommaviy axborot vositalarida va ijtimoiy tarmoqlarda keng sharhlab borilishini hamda uning mazmun-mohiyati jamoatchilikka tushuntirilishini taʼminlasin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov, transport vaziri I.R. Maxkamov hamda Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi raisi vazifasini bajaruvchi J.Yu. Tursunov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-apreldagi 233-son qaroriga ILOVA
Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ishlarini autsorsing asosida xususiy sektor tomonidan amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Vaqtinchalik nizom umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ishlarini autsorsing asosida xususiy sektor tomonidan amalga oshirish tartibini belgilaydi.
Ushbu Vaqtinchalik nizom 2026-yil 1-yanvarga qadar amal qiladi.
2. Ushbu Vaqtinchalik nizomda kuyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
autsorser — shartnoma asosida umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qiluvchi tadbirkorlik subyekti;
autsorsing — umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ishlarini shartnoma asosida autsorserga oʻtkazish;
buyurtmachi — Transport vazirligi xuzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar avtomobil yoʻllari bosh boshqarmalari;
ekspluatatsiya qilish — umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini taʼmirlash, saqlash va qishki qarov ishlarini bajarish;
talabgor — autsorsing asosida umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini taʼmirlash, saqlash va qishki qarov ishlarini bajarish uchun tanlashda (tenderda) ishtirok etadigan tadbirkorlik subyekti.
3. Buyurtmachi ekspluatatsiya qilish ishlarini autsorserga oʻtkazishda quyidagi talablarga rioya qilishi shart:
autsorserni qonunchilik hujjatlari asosida tanlab olish;
ekspluatatsiya qilish ishlarining iqtisodiy samaradorligini oshirishni koʻzda tutish.
2-bob. Autsorserni aniqlash, shartnoma tuzish va hisob-kitoblarni amalga oshirish tartibi
4. Autsorser davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq eng yaxshi takliflarning davlat xaridlari elektron tizimi orqali amalga oshiriladigan tanlash (keyingi oʻrinlarda — tanlash) yoki tender savdolari asosida aniqlanadi.
5. Tanlash (tender) toʻgʻrisidagi axborot buyurtmachi tomonidan davlat xaridlarining elektron tizimiga tanlash (tender) oʻtkazish toʻgʻrisidagi eʼlonni va tanlash (tender) boʻyicha xarid qilish xujjatlarini joylashtirish yoʻli bilan maʼlum qilinadi.
Tanlash (tender) oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi eʼlon va tanlash (tender) boʻyicha xarid qilish hujjatlari buyurtmachi tomonidan takliflarni qabul qilish muddati tugaydigan sanadan tegishincha kamida besh ish kuni (tanlashda) va oʻn ikki ish kuni oldin (tenderda) davlat xaridlarining elektron tizimiga hamda Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasining rasmiy veb-saytiga, shuningdek, ommaviy axborot vositalarida joylashtiriladi.
6. Eʼlonda tanlash (tender) shartlari va taqdim etilishi lozim boʻlgan hujjatlar roʻyxati, ekspluatatsiya qilish ishlari, shartnoma asosida autsorserga beriladigan umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻlining bir yillik ekspluatatsiya xarajatlari haqidagi maʼlumotlar aniq koʻrsatiladi.
7. Talabgor tomonidan taqdim etiladigan tanlash (tender) hujjatlarning toʻgʻriligi uchun talabgor javobgar hisoblanadi.
8. Tanlash (tender) natijalari boʻyicha shikoyatlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq koʻrib chiqiladi.
9. Autsorsing shartnomasi belgilangan avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ishlarining barcha bosqichlari uchun bir moliya yiliga tuziladi.
10. Avtomobil yoʻllarini autsorsing asosida ekspluatatsiya qilish boʻyicha shartnomani tuzishda quyidagilar nazarda tutilishi lozim:
shartnomaning ajralmas qismi boʻlgan xizmatlar koʻrsatish va moliyalashtirish jadvallari;
belgilangan tartibda oldindan toʻlov mablagʻlarini ajratish;
moliyalashtirish jadvaliga muvofiq xizmatlar koʻrsatishni har oyda moliyalashtirib borish;
hisobot oyidan keyingi oyning 5-sanasidan kechiktirmagan holda, xizmatlar koʻrsatish boʻyicha bajarilgan ishlar uchun tegishli hisob-fakturani buyurtmachiga takdim etish;
bajarilayotgan ishlar sifati uchun autsorserning javobgarligini oshirish.
11. Talabgorlar quyidagi holatlarda tanlash yoki tender savdolarida ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi:
yoʻl qurilish-taʼmirlash yoʻnalishida uch yildan kam tajribaga ega boʻlgan tashkilotlar;
taʼsis hujjatlari, moliyaviy qatnashish, xolding shaklida va boshqa shakllarda ifodalangan bir-biri bilan bevosita tashkiliy-huquqiy bogʻliq boʻlgan tashkilotlar;
buyurtmachi rahbar xodimlarining yaqin qarindoshlari taʼsisligida tashkil etilgan tashkilotlar;
xarid qilish tartib-taomillari ishtirokchisining rahbari yoki taʼsischisi buyurtmachi va uning rahbarlariga nisbatan bevosita bogʻliq boʻlsa yoxud ulardan birortasi ushbu tashkilotning taʼsischisi yoki rahbari hisoblansa;
talabgor davlat xaridlari toʻgʻrisidagi maxsus axborot portalining insofsiz ishtirokchilari yagona reyestriga kiritilgan boʻlsa;
shartnomani bajarish uchun zarur texnik, moliyaviy, moddiy, kadrlar resurslari hamda boshqa resurslarning mavjud emasligi;
soliqlar, yigʻimlar hamda kreditlar boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorlikning mavjudligi;
oʻziga nisbatan joriy etilgan toʻlovga qobiliyatsizlik tartib-taomillarining mavjudligi;
talabgorning oldingi yoʻl-kurilish obyektlari boʻyicha bajarilmay qolgan majburiyatlari boʻlgan taqdirda.
12. Buyurtmachi zarur boʻlganda autsorsing xizmatlarining oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqqan holda, ishtirokchilarga qoʻshimcha talablar belgilashga haqli. Ishtirokchilarni qoʻshimcha talablar asosida oʻrganish dastlabki malaka tanlovi orqali amalga oshiriladi.
Bunda ishtirokchilarga qoʻyiladigan qoʻshimcha talablar davlat xaridlarining asosiy prinsiplarga zid boʻlmasligi kerak, shuningdek, davlat xaridi toʻgʻrisidagi axborotda ishtirokchilarga qoʻyiladigan qoʻshimcha talablar ushbu axborot eʼlon qilingan paytda koʻrsatilgan boʻlishi lozim.
3-bob. Autsorsing xizmatlarini moliyalashtirish tartibi
13. Autsorsing xizmatlarini moliyalashtirish miqdori Transport vazirligi xuzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tomonidan Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadigan yillik xarajatlar smetasi asosida belgilanadi.
Bunda autsorsing asosida ekspluatatsiya qilish xarajatlari uchun mablagʻlar belgilangan idoraviy meʼyorlarga muvofiq ajratiladi.
14. Koʻrsatilgan xizmatlar hisob-kitobi shartnoma oylik summasining 15 foizi oldindan oʻtkazib berilgach, qolgan 85 foizi haqiqatda koʻrsatilgan xizmatlar summasidan kelib chiqib, hisobot oyidan keyingi oyning yakuniga qadar, yilning dekabr oyi uchun moliya yili oxirgi kunidan kechikmagan holatda amalga oshiriladi.
Buyurtmachi va autsorser oʻrtasida oʻzaro hisob-kitoblar mazkur Vaqtinchalik nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.
4-bob. Autsorserning huquqlari va majburiyatlari
15. Autsorser quyidagi huquqlarga ega:
koʻrsatilgan xizmatlar uchun oʻz vaqtida toʻlovlar toʻlanishini talab qilish;
koʻrsatilgan xizmatlar natijasida foyda olish;
buyurtmachidan shartnoma shartlarining bajarilishini talab qilish;
avtomobil yoʻlini ekspluatatsiya qilish maqsadida tegishli boʻlgan barcha hujjatlarni olish.
Autsorser qonunchilik xujjatlariga hamda shartnomaga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
16. Autsorserning majburiyatlari quyidagilardan iborat:
ekspluatatsiya qilish ishlari yakuni boʻyicha qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tegishli shakldagi hujjatlar asosida bajarilgan ishlarni buyurtmachiga topshirish;
autsorsing xizmatini koʻrsatishda yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlash hamda texnika, yongʻin, mehnat muhofazasi, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena talablariga qatʼiy rioya etish;
ishlar va xizmatlar sifatli bajarilishini taʼminlash;
autsorser tomonidan ekspluatatsiya ishlari amalga oshirilayotgan avtomobil yoʻlida oʻziga yuklangan majburiyatlarni bajarmaganligi oqibatida yoʻl harakati ishtirokchilariga va transport vositalariga yetkazilgan zararning oʻrnini qonunchilikda belgilangan tartibda qoplash;
shartnomani bekor qilish haqida buyurtmachini ikki oy oldin yozma ravishda ogohlantirish, ushbu muddat tugaguniga qadar esa buyurtmachining tegishli xizmatlarini uzluksiz tashkil etishni taʼminlash.
Autsorser zimmasiga qonunchilik hujjatlariga va shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
5-bob. Buyurtmachining huquqlari va majburiyatlari
17. Buyurtmachi quyidagi huquqlarga ega:
autsorserdan ishlarni sifatli va belgilangan muddatlarda bajarilishini talab qilish;
autsorserdan avtomobil yoʻlida amalga oshirilgan ekspluatatsiya qilish ishlari boʻyicha tegishli maʼlumotlarni talab qilib olish;
doimiy ravishda belgilangan avtomobil yoʻlini ekspluatatsiya qilish ishlarini joyiga chiqib, autsorser faoliyatiga bevosita aralashmagan holda oʻrganish hamda uning oʻz vaqtida va toʻliq bajarilishini nazorat qilish;
aniqlangan mavjud muammolar yuzasidan ularni bartaraf etish boʻyicha autsorserga koʻrsatma va takliflar berish.
Buyurtmachi qonunchilik hujjatlariga hamda shartnomaga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
18. Buyurtmachining majburiyatlari quyidagilardan iborat:
autsorserga avtomobil yoʻlini ekspluatatsiya qilish maqsadida tegishli boʻlgan barcha hujjatlarni taqdim etish;
ekspluatatsiya qilish ishlari yakuni boʻyicha autsorser tomonidan bajarilgan ishlarni amaldagi qonunchilik doirasida qabul qilish;
shartnomaga muvofiq belgilangan muddat va shartlar asosida autsorserga koʻrsatilgan xizmatlar uchun oʻz vaqtida toʻlovlarni toʻlash;
yuzaga kelgan muammoli masalalarni hal etishda yordam koʻrsatish boʻyicha autsorser bilan doimiy aloqa yoʻlga qoʻyilishini taʼminlash.
Buyurtmachi zimmasiga qonunchilik hujjatlari va shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
6-bob. Autsorsing xizmati koʻrsatilishi yuzasidan monitoringni amalga oshirish
19. Autsorsing xizmatlari monitoringi autsorser tomonidan ekspluatatsiya qilinadigan umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarida taʼmirlash, saqlash va qishki qarov ishlarini bajarish jarayonida buyurtmachi tomonidan amalga oshiriladi.
Monitoring natijalari boʻyicha hisobotlar buyurtmachi tomonidan kelgusi oyning 5-sanasiga qadar Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasiga topshiriladi.
20. Monitoring quyidagilar orqali amalga oshiriladi:
ushbu Nizomga muvofiq ekspluatatsiya qilish ishlari toʻgʻrisida muntazam ravishda hisobot va maʼlumotlarni yigʻish;
zarur hollarda, amalga oshirilayotgan ishlarni taxlil qilish uchun autsorserdan qoʻshimcha maʼlumotlarni soʻrash.
21. Monitoring autsorser tomonidan belgilangan avtomobil yoʻlini ekspluatatsiya qilish boʻyicha oʻz majburiyatlarini bajarish sifati va ajratilgan moliyaviy resurslardan foydalanish samaradorligini oshirish maqsadida amalga oshiriladi.
22. Quyidagilar monitoringning asosiy vazifalari hisoblanadi:
ishlarning bajarilishini doimiy kuzatish;
autsorser tomonidan ekspluatatsiya qilish ishlarini amalga oshirish boʻyicha oʻz majburiyatlariga rioya etilishini taʼminlash;
ishlarni amalga oshirish imkoniyatiga taʼsir etuvchi xavflarni oʻz vaqtida aniqlash va bartaraf etish choralarini koʻrish boʻyicha takliflar tayyorlash;
ishlarning amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirish va birlashtirish;
autsorser faoliyatini takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish.
23. Mazkur Vaqtinchalik nizom bilan tartibga solinmagan munosabatlar amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq tartibga solinadi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
24. Avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlarning sifatiga autsorser javobgar hisoblanadi.
25. Mazkur Vaqtinchalik nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ishlarini autsorsing asosida xususiy sektor tomonidan amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga ILOVA
Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tizimidagi hududiy bosh boshqarmalar va autsorser oʻrtasida oʻzaro hisob-kitoblarni amalga oshirish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar I bosqich Buyurtmachi Tegishli oy uchun shartnoma qiymatining 15 foizi miqdoridagi mablagʻni autsorserning hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi. Har oyning dastlabki 10 bank kuni davomida II bosqich Autsorser 1. Amalga oshirilgan ishlar uchun tegishli hujjatlarni rasmiylashtiradi. 2. Buyurtmachi bilan oʻzaro hisob-kitob qilish uchun amalda koʻrsatilgan xizmatlar hisob-fakturasini (bajarilgan ishlar dalolatnomalarini) taqdim etadi. Har oyning 5-sanasiga qadar (oʻtgan oy uchun) III bosqich Buyurtmachi 1. Asoslovchi hujjatlarni (hisob-fakturalar, bajarilgan ishlar dalolatnomalari) taqqoslaydi. 3 ish kuni davomida 2. Tuzilgan shartnoma shartlariga muvofiq qolgan 85 foiz summani xizmatlar koʻrsatish oyi tugagandan soʻng toʻlaydi. Har oyning 20-sanasiga qadar (oʻtgan oy uchun)
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 24-aprel,
233-son