📅 2024-yil 6-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 6-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 6 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 6 мая 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 6 May 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти асосида Миллий техник малакани баҳолаш ва малака ошириш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ишсиз аҳолининг замонавий касб ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 146-бандида:
ишсиз ва иш қидираётган шахсларнинг 160 минг нафарини талабгор касбларга ўқитиш ҳамда уларнинг камида 5 минг нафари касбий малака даражасини тасдиқлаш ва уларга малака паспортларини тақдим этиш;
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти асосида Миллий техник малакани баҳолаш ва малака ошириш маркази фаолиятини ташкил этиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг:
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти ҳисобидан Корея тажрибаси асосида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муассислигида давлат таълим муассасаси шаклидаги Миллий техник малакани баҳолаш ва малака ошириш марказини (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этиш;
«Ишга марҳамат» мономарказлари ҳузуридаги Ўқув-маслаҳат офислари (кейинги ўринларда — Офислар) фаолиятини трансформация қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
3. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
касбий малакани баҳолаш ва тасдиқлаш, ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълими усталари, муҳандис-усталар, педагог кадрлар ҳамда таълим фаолиятига бевосита алоқадор бошқа раҳбар-ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг миллий малака тизимини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
профессионал стандартларни ишлаб чиқишда уларни хорижий ташкилотлар ҳамда илмий ҳамжамиятлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали такомиллаштириб бориш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ишчи касблар бўйича мутахассислар тайёрлашга доир ўқув-услубий қўлланмалар ва илмий адабиётлар яратиш.
4. Белгилансинки:
а) Марказ Корея тажрибаси асосида миллий малакани баҳолаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг миллий малака тизимига оид қонунчилик ҳужжатлари асосида касбий малакани баҳолаш, тасдиқлаш ва малака паспортларини бериш фаолиятини амалга оширади.
Бунда Марказ қонунчилик ҳужжатларга мувофиқ касбий малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган тартибда аккредитациядан ўтади ва ўз фаолиятини ташкил этади;
б) Марказ фаолияти Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
в) Марказнинг ташкилий тузилмаси, штатлар жадвали, шунингдек, ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари олий таълим муассасалари раҳбар, ўқитувчи ҳамда бошқа ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, устама, рағбатлантириш ва мукофотлаш миқдорларига тенг равишда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан мустақил белгиланади ҳамда тасдиқланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:
2025 йил 15 сентябрга қадар Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти ҳисобидан Марказ фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, Марказ учун бино ва иншоотларни фойдаланишга топширишни таъминласин. Бунда:
Марказ унинг биноси тўлиқ қуриб битказилиб, топширилгунга қадар Тошкент шаҳар Сергели тумани Сергели-8 мавзесида жойлашган Тошкент шаҳридаги ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш марказига тегишли бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида вақтинча жойлаштирилсин ҳамда фаолиятини бошлаш учун етарли хоналар ажратилиши ва мебеллар, жиҳозлар, компьютер ҳамда ташкилий техника воситалари билан таъминлаш чоралари кўрилсин;
2025 йил 25 октябрга қадар Марказни юқори малакали ва тажрибали кадрлар билан тўлдириш чораларини кўрсин.
6. Офислар:
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тиллар бўйича жаҳон стандартлари ҳамда иш берувчиларнинг талабларига биноан ўқув режаси, дастурлари ва услубий қўлланмаларни ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириб бориш;
муҳандис усталар, ишлаб чиқариш таълими усталари ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
ишлаб чиқилган ўқув режаси, дастурлари ва услубий қўлланмаларни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда амалиётга татбиқ этиш чораларини кўрсин.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2024 йил 1 июндан бошлаб:
«Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ўқитувчилари ҳамда муҳандис усталарини мақоми бўйича профессионал таълим муассасалари педагогларига тенглаштириш ҳамда уларга ушбу ходимлар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва ижтимоий ҳимоя кафолатлари татбиқ этилади;
хорижий мутахассисларга бажарилган ишлар учун тўланадиган тўлов миқдори уларнинг малакаси, тажрибаси ва уларга юкланадиган иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан белгиланади;
хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш визасини олишга консуллик йиғимлари ҳамда яшаш жойида рўйхатга олинганлик учун ундириладиган давлат божи «Ишга марҳамат» мономарказлари маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:
а) 2024 йил 30 декабрга қадар ишсиз ва иш қидираётган шахсларнинг 160 минг нафарини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ҳамда уларнинг камида 5 минг нафари касбий малака даражасини тасдиқлаш орқали уларга малака паспортларини тақдим этиш чораларини кўрсин;
б) 2024 йил 15 ноябрга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга инсон ҳаёти, соғлиги ва хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган касбларни мажбурий сертификатлаштириш тизимини тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритсин. Бунда қуйидагилар назарда тутилсин:
касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари билан биргаликда инсон ҳаёти, соғлиги ва хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган касблар (лавозим)ларни аниқлашга доир тадқиқотлар ўтказиш;
тадқиқотлар натижасига кўра 2024-2025 йилларда босқичма-босқич мажбурий сертификатлаштириладиган касб (лавозим)ларни тармоқ ва ҳудудлар кесимида жорий этиш режа-графигини шакллантириш;
мажбурий сертификатлаштириш учун касбий фаолиятнинг муайян тури бўйича шахснинг кўникмаларини ифодалайдиган, билими, қобилияти ва маҳоратига оид талабларни ишлаб чиқиш;
мажбурий сертификатлаштириладиган касб (лавозим)ларни тажриба-синов тариқасида жорий этиш.
9. Марказ Тошкент шаҳрининг Сергели тумани Сергели-8 мавзесида жойлашган Тошкент шаҳридаги ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш марказига тегишли ҳудудда қуриладиган бинода текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 6 май,
267-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Koreya xalqaro hamkorlik agentligi (KOICA) granti asosida Milliy texnik malakani baholash va malaka oshirish markazi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 28-fevraldagi PF-27-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Insonga eʼtibor va sifatli taʼlim yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi ijrosini taʼminlash, shuningdek, ishchi kasblar boʻyicha kadrlarni tayyorlash tizimini yanada takomillashtirish, ishsiz aholining zamonaviy kasb va tadbirkorlik koʻnikmalarini shakllantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 28-fevraldagi PF-27-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Insonga eʼtibor va sifatli taʼlim yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturining 146-bandida:
ishsiz va ish qidirayotgan shaxslarning 160 ming nafarini talabgor kasblarga oʻqitish hamda ularning kamida 5 ming nafari kasbiy malaka darajasini tasdiqlash va ularga malaka pasportlarini taqdim etish;
Koreya xalqaro hamkorlik agentligi (KOICA) granti asosida Milliy texnik malakani baholash va malaka oshirish markazi faoliyatini tashkil etish nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining:
Koreya xalqaro hamkorlik agentligi (KOICA) granti hisobidan Koreya tajribasi asosida Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi muassisligida davlat taʼlim muassasasi shaklidagi Milliy texnik malakani baholash va malaka oshirish markazini (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tashkil etish;
“Ishga marhamat” monomarkazlari huzuridagi Oʻquv-maslahat ofislari (keyingi oʻrinlarda — Ofislar) faoliyatini transformatsiya qilish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.
3. Quyidagilar Markazning asosiy vazifalari etib belgilansin:
kasbiy malakani baholash va tasdiqlash, oʻqituvchi, ishlab chiqarish taʼlimi ustalari, muhandis-ustalar, pedagog kadrlar hamda taʼlim faoliyatiga bevosita aloqador boshqa rahbar-xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish;
Oʻzbekiston Respublikasining milliy malaka tizimini xalqaro standartlar va ilgʻor xorijiy tajriba asosida takomillashtirish hamda samaradorligini oshirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;
professional standartlarni ishlab chiqishda ularni xorijiy tashkilotlar hamda ilmiy hamjamiyatlar bilan samarali hamkorlikni yoʻlga qoʻyish orqali takomillashtirib borish yuzasidan takliflar ishlab chiqish;
mehnat bozorida talab yuqori boʻlgan ishchi kasblar boʻyicha mutaxassislar tayyorlashga doir oʻquv-uslubiy qoʻllanmalar va ilmiy adabiyotlar yaratish.
4. Belgilansinki:
a) Markaz Koreya tajribasi asosida milliy malakani baholash, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasining milliy malaka tizimiga oid qonunchilik hujjatlari asosida kasbiy malakani baholash, tasdiqlash va malaka pasportlarini berish faoliyatini amalga oshiradi.
Bunda Markaz qonunchilik hujjatlarga muvofiq kasbiy malaka, bilim va koʻnikmalarni baholash faoliyatini amalga oshirish uchun belgilangan tartibda akkreditatsiyadan oʻtadi va oʻz faoliyatini tashkil etadi;
b) Markaz faoliyati Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi;
v) Markazning tashkiliy tuzilmasi, shtatlar jadvali, shuningdek, xodimlari mehnatiga haq toʻlash tartibi va shartlari oliy taʼlim muassasalari rahbar, oʻqituvchi hamda boshqa xodimlarining mehnatiga haq toʻlash, ustama, ragʻbatlantirish va mukofotlash miqdorlariga teng ravishda Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi tomonidan mustaqil belgilanadi hamda tasdiqlanadi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi:
2025-yil 15-sentabrga qadar Koreya xalqaro hamkorlik agentligi (KOICA) granti hisobidan Markaz faoliyatini tashkil etish, shuningdek, Markaz uchun bino va inshootlarni foydalanishga topshirishni taʼminlasin. Bunda:
Markaz uning binosi toʻliq qurib bitkazilib, topshirilgunga qadar Toshkent shahar Sergeli tumani Sergeli-8 mavzesida joylashgan Toshkent shahridagi ishsizlarni kasb-hunarga oʻqitish markaziga tegishli binoga tekin foydalanish huquqi asosida vaqtincha joylashtirilsin hamda faoliyatini boshlash uchun yetarli xonalar ajratilishi va mebellar, jihozlar, kompyuter hamda tashkiliy texnika vositalari bilan taʼminlash choralari koʻrilsin;
2025-yil 25-oktabrga qadar Markazni yuqori malakali va tajribali kadrlar bilan toʻldirish choralarini koʻrsin.
6. Ofislar:
Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi tizimidagi taʼlim muassasalarida kasb-hunar, tadbirkorlik koʻnikmalari va xorijiy tillar boʻyicha jahon standartlari hamda ish beruvchilarning talablariga binoan oʻquv rejasi, dasturlari va uslubiy qoʻllanmalarni ishlab chiqish hamda takomillashtirib borish;
muhandis ustalar, ishlab chiqarish taʼlimi ustalari va oʻqituvchilarning malakasini oshirish uchun xorijiy mutaxassislarni jalb qilish;
ishlab chiqilgan oʻquv rejasi, dasturlari va uslubiy qoʻllanmalarni Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan holda amaliyotga tatbiq etish choralarini koʻrsin.
7. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra 2024-yil 1-iyundan boshlab:
“Ishga marhamat” monomarkazlari va kasb-hunarga oʻqitish markazlarining oʻqituvchilari hamda muhandis ustalarini maqomi boʻyicha professional taʼlim muassasalari pedagoglariga tenglashtirish hamda ularga ushbu xodimlar uchun qonunchilikda belgilangan imtiyozlar va ijtimoiy himoya kafolatlari tatbiq etiladi;
xorijiy mutaxassislarga bajarilgan ishlar uchun toʻlanadigan toʻlov miqdori ularning malakasi, tajribasi va ularga yuklanadigan ish hajmidan kelib chiqqan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi tomonidan belgilanadi;
xorijiy mutaxassislarning Oʻzbekiston Respublikasiga kirish vizasini olishga konsullik yigʻimlari hamda yashash joyida roʻyxatga olinganlik uchun undiriladigan davlat boji “Ishga marhamat” monomarkazlari mablagʻlari hisobidan toʻlab beriladi.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi:
a) 2024-yil 30-dekabrga qadar ishsiz va ish qidirayotgan shaxslarning 160 ming nafarini mehnat bozorida talab yuqori boʻlgan kasblarga oʻqitish hamda ularning kamida 5 ming nafari kasbiy malaka darajasini tasdiqlash orqali ularga malaka pasportlarini taqdim etish choralarini koʻrsin;
b) 2024-yil 15-noyabrga qadar manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birga inson hayoti, sogʻligi va xavfsizligi bilan bogʻliq boʻlgan kasblarni majburiy sertifikatlashtirish tizimini tajriba-sinov tariqasida bosqichma-bosqich joriy etish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga asoslangan takliflar kiritsin. Bunda quyidagilar nazarda tutilsin:
kasbiy malaka va bilimlarni rivojlantirish boʻyicha tarmoq kengashlari bilan birgalikda inson hayoti, sogʻligi va xavfsizligi bilan bogʻliq boʻlgan kasblar (lavozim)larni aniqlashga doir tadqiqotlar oʻtkazish;
tadqiqotlar natijasiga koʻra 2024-2025-yillarda bosqichma-bosqich majburiy sertifikatlashtiriladigan kasb (lavozim)larni tarmoq va hududlar kesimida joriy etish reja-grafigini shakllantirish;
majburiy sertifikatlashtirish uchun kasbiy faoliyatning muayyan turi boʻyicha shaxsning koʻnikmalarini ifodalaydigan, bilimi, qobiliyati va mahoratiga oid talablarni ishlab chiqish;
majburiy sertifikatlashtiriladigan kasb (lavozim)larni tajriba-sinov tariqasida joriy etish.
9. Markaz Toshkent shahrining Sergeli tumani Sergeli-8 mavzesida joylashgan Toshkent shahridagi ishsizlarni kasb-hunarga oʻqitish markaziga tegishli hududda quriladigan binoda tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.A. Musayev zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 6-may,
267-son