📅 2020-yil 29-iyul · Boshqa hujjatlar · Oliy sudi Plenumi
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 29-iyul · Boshqa hujjatlar · Oliy sudi Plenumi
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 29 июль · Бошқа ҳужжатлар · Олий суди Пленуми
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 июля 2020 г. · Другие документы · Пленума Верховного суда а
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 July 2020 · Other documents · Oliy sudi Plenumi
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг
Қарори
Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ва судлар ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу устувор масалалар юзасидан ўтган 3 йил мобайнида йигирмадан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди, бу борада амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга кўтарилди. Жумладан, ислоҳотлар натижасида судлар томонидан ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафиллиги асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, улар ўз оилалари бағрида қолдирилди, инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафлар тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 24 июлда «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармон қабул қилди.
Олий суд Пленуми мазкур Фармонда қўйилган вазифаларни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, барча судлар судьялари, Судьялар ассоциацияси, Олий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Судьялар олий мактаби профессор-ўқитувчилари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилиб, қуйидагиларни таъкидлайди.
Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларининг ташкил этилиши илғор хорижий давлатлар тажрибаси ва халқаро стандартларга асосланган бўлиб, суд тизимини халққа янада яқинлаштиради, одамларнинг ҳуқуқий муаммолари битта судда ҳал бўлишига имкон яратади ҳамда суд тизими бошқаруви самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Маъмурий суд тизими ислоҳ этилиб, вилоят марказларида туманлараро судларнинг ташкил этилиши бундай судлар судьялари мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, фуқаролар ва давлат органлари ўртасида маъмурий-ҳуқуқий муносабатлар юзасидан келиб чиқадиган низоларнинг холисона ва адолатли ҳал этилишига мустаҳкам кафолат яратади.
Давлат раҳбари томонидан олға сурилган «бир суд — бир инстанция» тамойили амалга оширилиб, биринчи инстанция судлари қарорлари апелляция тартибида қайта кўриб чиқилиши, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларининг Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш тартиби жорий этилиши суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг мукаммал тизимини яратиш имконини беради. Бунда суд қарорлари қабул қилиниши билан унинг ижро қилиниши ўртасидаги муддатлар сезиларли даражада қисқаради ҳамда ривожланган давлатларда мавжуд бўлган ҳуқуқий аниқлик принципи амал қила бошлайди.
Суд ишларини назорат тартибида кўриш институтининг тугатилиши ва прокурорнинг одил судловни амалга оширишдаги ваколатлари чегараланиши суд процессида тарафлар тенглиги принципи амал қилиши имкониятини кенгайтиради.
Инвестициявий низоларнинг, тарафлар ихтиёрига кўра, Олий судда ташкил этилаётган алоҳида судлов таркиби томонидан ёки вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан кўриб чиқилиши тартибининг жорий этилиши инвесторлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиради.
Фармонда қўйилган вазифаларнинг амалга оширилиши, пировард натижада, суд тизими ва судлов ишларини юритиш тартиб-тамойилларини такомиллаштириш билан бир қаторда одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, мамлакатда қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш учун замин яратади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда Фармон ижросини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармони ижро учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармони ижросини таъминлаш бўйича йўл харитаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармонининг моҳияти ва аҳамиятини оммавий ахборот воситаларида, веб-сайтларда ва ижтимоий тармоқларда тарғибот қилиш бўйича медиа-режа 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Эксперт-таҳлил гуруҳи (А. Тухташев):
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳасини тайёрласин;
2020 йил 1 ноябрга қадар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисидаги»ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш учун тайёрласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси (Б. Очилов) икки ой муддатда судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада кенгайтириш дастури бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш учун таклифлар тайёрласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти (Б. Тешабаев) икки ой муддатда:
янгитдан ташкил этилаётган судлар жойлаштирилишини ва уларни зарур жиҳозлар билан таъминласин;
2021 — 2025 йилларда судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастурини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун тақдим этсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот хизмати (А. Абидов) Олий суд судлов ҳайъатлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) ва ҳарбий судлар билан биргаликда алоҳида медиа-режага асосан ушбу Фармоннинг моҳияти ҳамда аҳамиятини оммавий ахборот воситаларида, веб-сайтларда ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини ташкил этсин.
7. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосарлари — судлов ҳайъатларининг раислари Р. Махмудова, И. Муслимов, Х. Ёдгоров ва Б. Исаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. КАМИЛОВ
Пленум котиби, Олий суд судьяси И. АЛИМОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 29 июль,
19-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi Plenumining
Qarori
Sudlar faoliyatini yanada takomillashtirish va odil sudlov samaradorligini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Mamlakatimizda sud-huquq tizimini yanada takomillashtirish, fuqarolar va tadbirkorlarning huquq va qonuniy manfaatlarini ishonchli himoya qilish choralarini kuchaytirish, odil sudlovni samarali taʼminlash va sudlar rolini oshirish boʻyicha izchil ishlar olib borilmoqda.
Ushbu ustuvor masalalar yuzasidan oʻtgan 3 yil mobaynida yigirmadan ortiq qonun, farmon va qarorlar qabul qilindi, bu borada amalga oshirilgan ishlar natijasida odil sudlov jarayonida inson huquqlarini himoya qilish darajasi yangi bosqichga koʻtarildi. Jumladan, islohotlar natijasida sudlar tomonidan nohaq ayblangan 2,3 mingga yaqin kishi oqlandi, adashib jinoyat yoʻliga kirib qolgani sababli ozodlikdan mahrum qilish jazosiga hukm qilinishi mumkin boʻlgan 3,5 mingdan ortiq yoshlar va xotin-qizlarga mahalla va jamoatchilik kafilligi asosida yengilroq jazolar tayinlanib, ular oʻz oilalari bagʻrida qoldirildi, inson huquqlarini buzganligi uchun 60 nafar huquqni muhofaza qiluvchi organlar xodimlari jinoiy javobgarlikka tortildi.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 24-yanvardagi Oliy Majlisga Murojaatnomasida sud-huquq sohasida belgilangan vazifalarni izchil amalga oshirish, fuqarolarning odil sudlovga erishish darajasini yuksaltirish, ishlarni sudda koʻrish sifatini oshirish, adolatli va qonuniy sud qarorlarini qabul qilish uchun taraflar tengligi va tortishuvchanligini amalda taʼminlash mexanizmlarini kengaytirish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti 2020-yil 24-iyulda “Sudlar faoliyatini yanada takomillashtirish va odil sudlov samaradorligini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PF-6034-sonli Farmon qabul qildi.
Oliy sud Plenumi mazkur Farmonda qoʻyilgan vazifalarni Oʻzbekiston Respublikasi Sudyalar oliy kengashi, barcha sudlar sudyalari, Sudyalar assotsiatsiyasi, Oliy sud huzuridagi ilmiy-maslahat kengashi aʼzolari, Sudyalar oliy maktabi professor-oʻqituvchilari, shuningdek, ommaviy axborot vositalari va jamoatchilik vakillari ishtirokida muhokama qilib, quyidagilarni taʼkidlaydi.
Viloyat va unga tenglashtirilgan fuqarolik ishlari boʻyicha, jinoyat ishlari boʻyicha sudlar va iqtisodiy sudlar negizida sudyalarning qatʼiy ixtisoslashuvini saqlab qolgan va sud ishlarini yuritish turlari boʻyicha alohida sudlov hayʼatlarini tashkil etgan holda Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar umumyurisdiksiya sudlarining tashkil etilishi ilgʻor xorijiy davlatlar tajribasi va xalqaro standartlarga asoslangan boʻlib, sud tizimini xalqqa yanada yaqinlashtiradi, odamlarning huquqiy muammolari bitta sudda hal boʻlishiga imkon yaratadi hamda sud tizimi boshqaruvi samaradorligini oshirishga xizmat qiladi.
Maʼmuriy sud tizimi isloh etilib, viloyat markazlarida tumanlararo sudlarning tashkil etilishi bunday sudlar sudyalari mustaqilligini yanada mustahkamlash, fuqarolar va davlat organlari oʻrtasida maʼmuriy-huquqiy munosabatlar yuzasidan kelib chiqadigan nizolarning xolisona va adolatli hal etilishiga mustahkam kafolat yaratadi.
Davlat rahbari tomonidan olgʻa surilgan “bir sud — bir instansiya” tamoyili amalga oshirilib, birinchi instansiya sudlari qarorlari apellyatsiya tartibida qayta koʻrib chiqilishi, apellyatsiya tartibida koʻrib chiqilgan sud qarorlarining Oliy sud sudlov hayʼatlari tomonidan kassatsiya tartibida qayta koʻrib chiqish tartibi joriy etilishi sud qarorlarining qonuniyligi, asosliligi va adolatliligini tekshirishning mukammal tizimini yaratish imkonini beradi. Bunda sud qarorlari qabul qilinishi bilan uning ijro qilinishi oʻrtasidagi muddatlar sezilarli darajada qisqaradi hamda rivojlangan davlatlarda mavjud boʻlgan huquqiy aniqlik prinsipi amal qila boshlaydi.
Sud ishlarini nazorat tartibida koʻrish institutining tugatilishi va prokurorning odil sudlovni amalga oshirishdagi vakolatlari chegaralanishi sud protsessida taraflar tengligi prinsipi amal qilishi imkoniyatini kengaytiradi.
Investitsiyaviy nizolarning, taraflar ixtiyoriga koʻra, Oliy sudda tashkil etilayotgan alohida sudlov tarkibi tomonidan yoki viloyatlar va ularga tenglashtirilgan sudlar tomonidan koʻrib chiqilishi tartibining joriy etilishi investorlar huquqlari va qonuniy manfaatlarini sud tomonidan himoya qilish kafolatlarini yanada kuchaytiradi.
Farmonda qoʻyilgan vazifalarning amalga oshirilishi, pirovard natijada, sud tizimi va sudlov ishlarini yuritish tartib-tamoyillarini takomillashtirish bilan bir qatorda odil sudlov sifati va samaradorligini oshirish, fuqarolar va tadbirkorlar huquqlari hamda qonuniy manfaatlarini kafolatli himoya qilish, mamlakatda qonun ustuvorligini yanada mustahkamlash uchun zamin yaratadi.
Yuqoridagilardan kelib chiqib hamda Farmon ijrosini taʼminlash maqsadida, “Sudlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 17-moddasiga asosan, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi Plenumi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 24-iyuldagi “Sudlar faoliyatini yanada takomillashtirish va odil sudlov samaradorligini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PF-6034-sonli Farmoni ijro uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 24-iyuldagi “Sudlar faoliyatini yanada takomillashtirish va odil sudlov samaradorligini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PF-6034-sonli Farmoni ijrosini taʼminlash boʻyicha yoʻl xaritasi 1-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 24-iyuldagi “Sudlar faoliyatini yanada takomillashtirish va odil sudlov samaradorligini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PF-6034-sonli Farmonining mohiyati va ahamiyatini ommaviy axborot vositalarida, veb-saytlarda va ijtimoiy tarmoqlarda targʻibot qilish boʻyicha media-reja 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi Ekspert-tahlil guruhi (A. Tuxtashev):
ikki oy muddatda qonun hujjatlariga ushbu Farmondan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida tegishli qonun hujjatlari loyihasini tayyorlasin;
2020-yil 1-noyabrga qadar yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasining “Sudlar toʻgʻrisidagi”gi Qonuni loyihasini ishlab chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Qonunchilik palatasiga kiritish uchun tayyorlasin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudining Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy qilish va axborot xavfsizligini taʼminlash boshqarmasi (B. Ochilov) ikki oy muddatda sudlar faoliyatida axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanishni yanada kengaytirish dasturi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga kiritish uchun takliflar tayyorlasin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi huzuridagi Sudlar faoliyatini taʼminlash departamenti (B. Teshabayev) ikki oy muddatda:
yangitdan tashkil etilayotgan sudlar joylashtirilishini va ularni zarur jihozlar bilan taʼminlasin;
2021 — 2025-yillarda sudlarning binolari va xonalarini qurish hamda rekonstruksiya qilish dasturini ishlab chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga kiritish uchun taqdim etsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi Matbuot xizmati (A. Abidov) Oliy sud sudlov hayʼatlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar, Toshkent shahar, tumanlararo, tuman (shahar) va harbiy sudlar bilan birgalikda alohida media-rejaga asosan ushbu Farmonning mohiyati hamda ahamiyatini ommaviy axborot vositalarida, veb-saytlarda va ijtimoiy tarmoqlarda keng yoritilishini tashkil etsin.
7. Mazkur qaror bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi raisining oʻrinbosarlari — sudlov hayʼatlarining raislari R. Maxmudova, I. Muslimov, X. Yodgorov va B. Isakov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi raisi K. KAMILOV
Plenum kotibi, Oliy sud sudyasi I. ALIMOV
Toshkent sh.,
2020-yil 29-iyul,
19-son