📅 2024-yil 18-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 18-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 18 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 18 мая 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 18 May 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлашга масъул бўлган шахслар фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, унинг тузилмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасига юкланган вазифаларнинг тўлақонли бажарилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси (кейинги ўринларда — Уюшма), Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг:
Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви фойдаланишида бўлган Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги «Байтқўрғон» ҚФЙ ҳудудида жойлашган «Навбаҳор» санаторийси дам олиш масканини тегишли ҳудуди ва ушбу дам олиш масканини ривожлантириш учун «Алоқа банк» АТдан олинган кредитининг қолган қисмини тўлаш мажбурияти билан биргаликда Уюшмага бепул бериш;
Уюшманинг Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармасини ташкил этиш;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг бюджетдан ташқари «Обод ва хавфсиз маҳалла» жамғармасини тугатиш;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ва бўлимларига собиқ Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ва бўлимларидан ўтган моддий-техник базани, хизмат автотранспорт воситаларини, бино ва иншоотларни Уюшмага бепул бериш;
Уюшма ҳузурида «Маҳалла» медиа-маркази, «Маҳалла» пресс-клуби ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси тизими ходимларининг малакасини ошириш ва маҳаллаларни методик таъминлаш ўқув-услубий марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Уюшмага икки ой муддатда:
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда маҳаллалар ва «Маҳалла еттилиги» фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ва муаммоларни ҳамда аҳоли мурожаатларини қабул қилиш учун 24 соат узлуксиз ишлайдиган «Call-марказ» фаолиятини (республика доирасида ягона қисқа рақам) ўрнатилган тартибда йўлга қўйиш;
Уюшма ҳузурида «Маҳалла» медиа-маркази, «Маҳалла» пресс-клуби ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси тизими ходимларининг малакасини ошириш ва маҳаллаларни методик таъминлаш ўқув-услубий марказини Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши қарорига асосан ташкил этиш чораларини кўриш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларида «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг маҳалла фуқаролар йиғинидаги фаолияти юзасидан малакасини ошириш тизимини жорий этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш тавсия этилсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини тартибга солувчи айрим норматив-хуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 1 июндаги 292-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳалла еттилиги», ёшлар сиёсати ва маънавият масалалари департаменти зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 майдаги 291-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг (кейинги ўринларда — Уюшма) Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Уюшмада тузилади.
3. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган Уюшманинг шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби
4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Уюшмага ва Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондига ҳар йили ўтказиладиган умумхалқ хайрия ҳашаридан тушадиган тушумларнинг 10 фоизи;
тизим ташкилотларининг соф фойдасидан 10 фоизи;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
ҳар йили бюджет параметрларида маҳаллаларнинг бошқарув тизими фаолиятини молиялаштириш учун кўзда тутилган маблағларнинг бир қисми;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши ва Уюшма Жамғармага маблағлар тушишининг тўлиқлигини назорат қилади.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби
6. Жамғарма маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:
маҳаллалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш;
нуронийлар ва кексаларни маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик ва раҳмдиллик сингари анъаналарни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга кенг жалб этиш;
«Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилини тўлақонли ва самарали жорий этиш;
«Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» мезонларини жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш;
«Маҳалла еттилиги» аъзоларини ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда улар орасида ўз фаолияти намунали ташкил этганларни рағбатлантириш;
кексалар ва фахрийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга моддий кўмаклашиш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
Уюшма ва унинг ҳудудий бўлинмалари, фуқаролар йиғинларининг биноларини капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни инвентарлар, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш;
Уюшма тизимидаги ходимларни ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда стажировка ўташи, хизмат сафарлари, шу жумладан, хорижий мамлакатларга ташрифларини, чет мамлакатларда ўтказиладиган конференция, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш харажатларини қоплаш;
Уюшма фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг ташрифларини ўтказиш ва ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар;
маҳаллалар фаолиятига оид тайёрланган услубий ва амалий қўлланмаларни нашр этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашининг қарорларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш;
Уюшманинг аҳоли муаммолари масофадан тезкор қабул қилиниши ва кўриб чиқилишини мувофиқлаштириб борувчи «Call-марказ» ходимлари меҳнатига шартнома асосида ҳақ тўлаш;
маҳалла тизимида турли кўрик-танловларини ташкил этиш ва ўтказиш, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш;
маҳаллаларда жамоатчилик асосида фаолият кўрсатаётган фаолларни рағбатлантириш;
Уюшмага юкланган вазифалар ва функциялар билан боғлиқ масалалар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва миллий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;
Уюшма ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳал этиш, шу жумладан, маҳалла тизимига оид материалларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш учун малакали мутахассисларни жалб этиш.
7. Уюшма марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари ходимларини бюджет параметрларида маҳаллаларнинг бошқарув тизими фаолиятини молиялаштириш учун кўзда тутилган маблағларнинг бир қисми ҳамда Жамғарма маблағларининг шакллантиришнинг бошқа манбалари ҳисобидан қуйидаги тартибда моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш қўлланилади:
байрам кунлари муносабати билан ходимларни лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) 100 фоизигача бўлган миқдорда мукофотлаш;
ходимларга овқатланиш харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ҳар ойлик тўловлар;
ходимларга транспорт харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш микдорининг бир баравари микдорида ҳар ойлик тўловлар;
Уюшма марказий аппарати ходимларига лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) 100 фоизигача бўлган микдорда ҳар ойлик шахсий устамалар;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ходимларига лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) 80 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар;
туман (шаҳар) бўлимлари ходимларига лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) 50 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар.
4-боб. Жамғармани бошқариш
8. Жамғарма маблағлари Уюшма раиси томонидан бошқарилади ва тақсимланади.
Бунда Жамғарма маблағларини сарфлаш Уюшма раиси томонидан тасдиқланган ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларидан сарфланади.
9. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси келгуси молия йилида даромадлар прогнозидан ва келиб тушган маблағлардан келиб чиққан ҳолда тузилади.
Қўшимча маблағлар келиб тушганда даромадлар ва харажатлар сметасига белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритиш орқали харажатлар амалга оширилади.
10. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилда мазкур Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланилади.
5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши юзасидан ҳисоботлар тақдим этиш, назорат ва жавобгарлик
11. Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юритилади ва тақдим этилади.
12. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
13. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
14. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 18 май,
291-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi faoliyatini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Mahallalarni qoʻllab-quvvatlashni yanada takomillashtirish, mahallabay ishlashga masʼul boʻlgan shaxslar faoliyatini samarali tashkil etish va ularning hamkorligini taʼminlash, Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi, uning tuzilmalari moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, xodimlarni moddiy ragʻbatlantirish hamda Oʻzbekiston mahallalari uyushmasiga yuklangan vazifalarning toʻlaqonli bajarilishini qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi (keyingi oʻrinlarda — Uyushma), Oʻzbekiston “Mahalla” xayriya jamoat fondi hamda Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining:
Oʻzbekiston “Mahalla” xayriya jamoat fondi respublika boshqaruvi foydalanishida boʻlgan Toshkent viloyatining Qibray tumanidagi “Baytqoʻrgʻon” QFY hududida joylashgan “Navbahor” sanatoriysi dam olish maskanini tegishli hududi va ushbu dam olish maskanini rivojlantirish uchun “Aloqa bank” ATdan olingan kreditining qolgan qismini toʻlash majburiyati bilan birgalikda Uyushmaga bepul berish;
Uyushmaning Mahallalar faoliyatini ragʻbatlantirish jamgʻarmasini tashkil etish;
Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining budjetdan tashqari “Obod va xavfsiz mahalla” jamgʻarmasini tugatish;
Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligiga hamda uning hududiy boshqarmalari va boʻlimlariga sobiq Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligi hamda uning hududiy boshqarmalari va boʻlimlaridan oʻtgan moddiy-texnik bazani, xizmat avtotransport vositalarini, bino va inshootlarni Uyushmaga bepul berish;
Uyushma huzurida “Mahalla” media-markazi, “Mahalla” press-klubi hamda Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi tizimi xodimlarining malakasini oshirish va mahallalarni metodik taʼminlash oʻquv-uslubiy markazini tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.
2. Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining mahallalar faoliyatini ragʻbatlantirish jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Uyushmaga ikki oy muddatda:
Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda mahallalar va “Mahalla yettiligi” faoliyatini takomillashtirish yuzasidan takliflar va muammolarni hamda aholi murojaatlarini qabul qilish uchun 24 soat uzluksiz ishlaydigan “Call-markaz” faoliyatini (respublika doirasida yagona qisqa raqam) oʻrnatilgan tartibda yoʻlga qoʻyish;
Uyushma huzurida “Mahalla” media-markazi, “Mahalla” press-klubi hamda Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi tizimi xodimlarining malakasini oshirish va mahallalarni metodik taʼminlash oʻquv-uslubiy markazini Respublika mahallani qoʻllab-quvvatlash kengashi qaroriga asosan tashkil etish choralarini koʻrish;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari xodimlarining malakasini oshirish boʻyicha oʻquv kurslarida “Mahalla yettiligi” aʼzolarining mahalla fuqarolar yigʻinidagi faoliyati yuzasidan malakasini oshirish tizimini joriy etishni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjat loyihasi Vazirlar Mahkamasiga kiritilishini taʼminlash tavsiya etilsin.
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligi faoliyatini tartibga soluvchi ayrim normativ-xuquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 1-iyundagi 292-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Vazirlar Mahkamasining “Mahalla yettiligi”, yoshlar siyosati va maʼnaviyat masalalari departamenti zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 18-maydagi 291-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining mahallalar faoliyatini ragʻbatlantirish jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining (keyingi oʻrinlarda — Uyushma) Mahallalar faoliyatini ragʻbatlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Jamgʻarma yuridik shaxs tashkil etmagan holda Uyushmada tuziladi.
3. Jamgʻarma mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan Uyushmaning shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida jamlanadi.
2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish tartibi
4. Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari hisoblanadi:
Uyushmaga va Oʻzbekiston “Mahalla” xayriya jamoat fondiga har yili oʻtkaziladigan umumxalq xayriya hasharidan tushadigan tushumlarning 10 foizi;
tizim tashkilotlarining sof foydasidan 10 foizi;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya institutlari va xorijiy tashkilotlarning grantlari;
vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarni tijorat banklarining depozitlariga joylashtirishdan tushadigan daromadlar;
har yili budjet parametrlarida mahallalarning boshqaruv tizimi faoliyatini moliyalashtirish uchun koʻzda tutilgan mablagʻlarning bir qismi;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
5. Respublika mahallani qoʻllab-quvvatlash kengashi va Uyushma Jamgʻarmaga mablagʻlar tushishining toʻliqligini nazorat qiladi.
3-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish tartibi
6. Jamgʻarma mablagʻlaridan quyidagilar uchun foydalaniladi:
mahallalar faoliyatini qoʻllab-quvvatlash, ularning huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish, mahalla tizimini rivojlantirish;
nuroniylar va keksalarni mahallalarda oilalarni mustahkamlash, milliy va umuminsoniy qadriyatlarni asrab-avaylash, yoshlarni Vatanga muhabbat, ezgulik va rahmdillik singari anʼanalarni hurmat qilish ruhida tarbiyalashga keng jalb etish;
“Obod va xavfsiz mahalla” tamoyilini toʻlaqonli va samarali joriy etish;
“Obod xonadon”, “Obod koʻcha” va “Obod mahalla” mezonlarini joriy etishga qaratilgan chora-tadbirlarni qoʻllab-quvvatlash;
“Mahalla yettiligi” aʼzolarini oʻqitish, malakasini oshirish hamda ular orasida oʻz faoliyati namunali tashkil etganlarni ragʻbatlantirish;
keksalar va faxriylar, ijtimoiy himoyaga muhtoj va Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga moddiy koʻmaklashish hamda ularni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash;
fuqarolar yigʻinlarining moddiy-texnika taʼminotini yaxshilash hamda sohaga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish;
Uyushma va uning hududiy boʻlinmalari, fuqarolar yigʻinlarining binolarini kapital va joriy taʼmirlash hamda ularni inventarlar, mebel, kompyuter texnikasi va boshqa uskunalar bilan jihozlash;
Uyushma tizimidagi xodimlarni oʻqitish, ularning malakasini oshirish hamda stajirovka oʻtashi, xizmat safarlari, shu jumladan, xorijiy mamlakatlarga tashriflarini, chet mamlakatlarda oʻtkaziladigan konferensiya, seminarlar va boshqa tadbirlarda ishtirok etish xarajatlarini qoplash;
Uyushma faoliyati bilan bogʻliq masalalar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasiga tashrif buyuradigan xorijiy davlatlar, xalqaro tashkilotlar delegatsiyalarining tashriflarini oʻtkazish va tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar;
mahallalar faoliyatiga oid tayyorlangan uslubiy va amaliy qoʻllanmalarni nashr etish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Vazirlar Mahkamasi hamda Respublika mahallani qoʻllab-quvvatlash kengashining qarorlarida belgilangan vazifalarni amalga oshirish;
Uyushmaning aholi muammolari masofadan tezkor qabul qilinishi va koʻrib chiqilishini muvofiqlashtirib boruvchi “Call-markaz” xodimlari mehnatiga shartnoma asosida haq toʻlash;
mahalla tizimida turli koʻrik-tanlovlarini tashkil etish va oʻtkazish, gʻolib va sovrindorlarni ragʻbatlantirish;
mahallalarda jamoatchilik asosida faoliyat koʻrsatayotgan faollarni ragʻbatlantirish;
Uyushmaga yuklangan vazifalar va funksiyalar bilan bogʻliq masalalar boʻyicha loyihalarni amalga oshirish uchun xorijiy va milliy ekspertlarni jalb qilish bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish;
Uyushma vakolatiga kiradigan boshqa masalalarni hal etish, shu jumladan, mahalla tizimiga oid materiallarni ommaviy axborot vositalarida keng yoritish uchun malakali mutaxassislarni jalb etish.
7. Uyushma markaziy apparati, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari, tuman (shahar) boʻlimlari xodimlarini budjet parametrlarida mahallalarning boshqaruv tizimi faoliyatini moliyalashtirish uchun koʻzda tutilgan mablagʻlarning bir qismi hamda Jamgʻarma mablagʻlarining shakllantirishning boshqa manbalari hisobidan quyidagi tartibda moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy himoya qilish qoʻllaniladi:
bayram kunlari munosabati bilan xodimlarni lavozim maoshining (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini inobatga olgan holda) 100 foizigacha boʻlgan miqdorda mukofotlash;
xodimlarga ovqatlanish xarajatlarini qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida har oylik toʻlovlar;
xodimlarga transport xarajatlarini qoplash uchun bazaviy hisoblash mikdorining bir baravari mikdorida har oylik toʻlovlar;
Uyushma markaziy apparati xodimlariga lavozim maoshining (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini inobatga olgan holda) 100 foizigacha boʻlgan mikdorda har oylik shaxsiy ustamalar;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari xodimlariga lavozim maoshining (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini inobatga olgan holda) 80 foizigacha boʻlgan miqdorda har oylik shaxsiy ustamalar;
tuman (shahar) boʻlimlari xodimlariga lavozim maoshining (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini inobatga olgan holda) 50 foizigacha boʻlgan miqdorda har oylik shaxsiy ustamalar.
4-bob. Jamgʻarmani boshqarish
8. Jamgʻarma mablagʻlari Uyushma raisi tomonidan boshqariladi va taqsimlanadi.
Bunda Jamgʻarma mablagʻlarini sarflash Uyushma raisi tomonidan tasdiqlangan hamda belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazilgan daromadlar va xarajatlar smetasiga muvofiq tegishli shaxsiy gʻazna hisobvaraqlaridan sarflanadi.
9. Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasi kelgusi moliya yilida daromadlar prognozidan va kelib tushgan mablagʻlardan kelib chiqqan holda tuziladi.
Qoʻshimcha mablagʻlar kelib tushganda daromadlar va xarajatlar smetasiga belgilangan tartibda oʻzgartirishlar kiritish orqali xarajatlar amalga oshiriladi.
10. Jamgʻarmaning joriy yilda foydalanilmagan mablagʻlari Davlat budjetiga olib qoʻyilmaydi va ulardan keyingi yilda mazkur Nizomda nazarda tutilgan tartibda foydalaniladi.
5-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanilishi yuzasidan hisobotlar taqdim etish, nazorat va javobgarlik
11. Jamgʻarma mablagʻlarining hisobi va hisoboti qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda yuritiladi va taqdim etiladi.
12. Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli foydalanilish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda nazorat qilinadi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
13. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
14. Ushbu Nizomni amalga oshirishda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 18-may,
291-son