UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 18-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 18 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 мая 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 May 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

«Маҳалла еттилиги» фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолашда маҳалла раисининг иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Сўнгги йилларда маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, маҳаллалардаги муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал этишда давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллалардаги вакилларининг имкониятларини янада кенгайтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори фаолиятини баҳолашда маҳалла раисларининг мақомини ошириш зарурлиги тақозо этилмоқда.

«Маҳалла еттилиги» фаолиятини самарали ва режали асосда ташкил этиш ҳамда унинг аъзоларини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 21 декабрдаги ПФ-209-сон Фармонига мувофиқ:

маҳалла раиси томонидан ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ҳамда солиқ инспекторлари «Маҳалла еттилиги»нинг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича алоҳида баҳоланиши. Бунда кўрсаткичлар мазкур ходимларнинг иш берувчилари томонидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан келишилган ҳолда тасдиқланиши;

маҳалла раислари ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолашда 20 фоиз балл бериш ҳуқуқига эга бўлиши;

«Маҳалла еттилиги» аъзоларининг иш ҳақини асосий иш жойидан бериш тартиби сақлаб қолинган ҳолда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, улар моддий рағбатлантирилиб борилиши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки, маҳалла раиси томонидан ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ҳамда солиқ инспекторларининг (кейинги ўринларда — «Маҳалла еттилиги» аъзолари) фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича иловада келтирилган индикаторларга мувофиқ баҳоланади.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) маҳалла раисининг фаолияти туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши томонидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ҳар ойлик иш режалар асосида амалга оширилади;

б) «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг фаолияти тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлигининг бўлинмалари ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказларининг туман (шаҳар) раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган ҳар ойлик иш режалар асосида амалга оширилади;

в) ҳар ойлик иш режаларда устувор равишда қуйидаги асосий тадбир ва вазифалар белгиланади:

маҳалла раиси учун:

миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни тарғиб қилиш;

давлат органлари вакилларини аҳоли муаммоларини ҳал этишга сафарбар этиш;

маҳалла инфратузилмасини яхшилаш;

«Обод маҳалла», «Обод кўча» ва «Обод хонадон» мезонларини жорий этиш;

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилишига кўмаклашиш;

оммавий ҳашарларни ташкил қилиш ва уларга аҳолини жалб қилиш;

қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш;

нуронийлар билан биргаликда таълим муассасаларида тарбиявий соатлар ва суҳбатлар ўтказиш;

«Маҳалла еттилиги» аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

ҳоким ёрдамчиси учун:

доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш;

аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, кредит ва субсидиялар ажратилишида кўмаклашиш;

деҳқон хўжаликлари билан экспорт қилувчи, брокер ва қайта ишловчи корхоналарнинг ҳамкорлигини ташкил этиш;

маҳаллаларда микролойиҳалар манзилли дастурини шакллантириш ва уларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш;

бўш турган бино ва иншоотлар ҳамда ер майдонларини аукцион савдоларига чиқаришда кўмаклашиш;

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг даромадини ошириш чораларини кўриш;

меҳнат миграциясига чиқиб кетган ёки қайтиб келган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари билан ишлаш;

томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш ишларини ташкил этиш;

ёшлар етакчиси учун:

уйма-уй юриш орқали «Ёшлар баланси»ни шакллантириш;

ёшлар билан манзилли ишлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш;

ижтимоий фаол ёшларни қўллаб-қувватлаш;

соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш;

«Ёшлар дафтари»даги ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш;

хориждаги ватандош ёшлар билан ишлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш;

ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш;

хотин-қизлар фаоли учун:

оилаларни мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олиш;

хотин-қизлар муаммолари ва қизиқишларини ўрганиб, уларга кўмаклашиш;

хотин-қизлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда «Соғлом оила — соғлом жамият» тамойилини тарғиб қилиш;

хотин-қизлар ўртасида тизимли маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш;

хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда таълим имкониятларини кенгайтириш;

тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратишда фаол иштирок этиш;

профилактика инспектори учун:

маҳалла ҳудудида жамоат тартибини сақлаш;

ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан манзилли ишлаш;

маҳалладаги криминоген вазиятни таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш;

қаровсиз ва назоратсиз қолган вояга етмаганларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш;

аҳолини террорчилик, экстремистик ва бошқа ғайриқонуний бузғунчилик ҳамда ахлоқсизлик йўналишидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш;

ижтимоий ходим учун:

парваришга муҳтож ёлғиз кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

ногиронлиги бўлган ва оғир касалликка чалинганлар шахслар ҳамда турли нуқсонлари бўлган ва узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларга ёрдам бериш;

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга ёрдам кўрсатиш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда тўлиқ бўлмаган оилалардаги болаларга ёрдам кўрсатиш;

ота-онаси хорижий давлатларга кетган болалар ҳамда вояга етмаган ёлғиз оналар ва оталар билан ишлаш;

солиқ инспектори учун:

ҳудуднинг солиқ базасини кенгайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштиришга кўмаклашиш;

мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчиларини ҳисобга олиш ишларини бажариш ҳамда солиқлар ўз вақтида тўланишини назорат қилиш;

солиқлар ихтиёрий тўланишига қаратилган тарғибот ишларини ташкил этиш;

маблағларнинг ғайриқонуний айланиши манбаларига барҳам бериш, нақд пул тушумининг тўлиқ ва ўз вақтида топширилишини назорат қилиш;

солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда кўмаклашиш;

г) маҳалла раиси ва «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолашда бошқа кўрсаткичлар билан бир қаторда ҳар ойлик иш режаларнинг амалда бажарилиш ҳолати ҳам инобатга олинади.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда бир ой муддатда «Маҳалла еттилиги» аъзолари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолаш методикасини қайта ишлаб чиқсин.

Бунда:

хотин-қизлар фаоли фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолашда ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга берилган ҳимоя ордерлари сони инобатга олинмасин;

ҳоким ёрдамчилари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолашда «янги ташкил қилинган субъектлар» кўрсаткичига асосан уларнинг олис ҳудудларда фаолият юритаётганларига қўшимча коэффициент бериш назарда тутилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда уч ой муддатда Маҳалланинг ягона платформаси доирасида маҳалла раиси томонидан «Маҳалла еттилиги» аъзолари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолаш механизмларини назарда тутувчи модулни яратсин ва ушбу тизимни ишга тушириш билан боғлиқ барча ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга оширсин.

Бунда ушбу тизимни яратиш ва техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда уч ой муддатда «Маҳалла еттилиги» аъзолари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) маълумотлари шаклланадиган ахборот тизимларини Маҳалланинг ягона платформаси билан ўзаро интеграция қилишни таъминласин.

7. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасига:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда доимий равишда барча фуқаролар йиғинларида маҳалла раиси томонидан «Маҳалла еттилиги» аъзолари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолашни йўлга қўйишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳар томонлама кўмаклашиб бориш;

бир ой муддатда маҳалла раисларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолаш тартибини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш, бунда баҳолаш натижалари бўйича маҳалла раисларини моддий рағбатлантиришни назарда тутиш тавсия этилсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳалла еттилиги», ёшлар сиёсати ва маънавият масалалари департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 майдаги 292-сон қарорига ИЛОВА

Маҳалла раиси томонидан ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолаш индикаторлари

20___ йилнинг ___ чораги учун Т/р Мезонлар Кўрсаткичлар Бериладиган балл 1. Маҳалла раиси томонидан йўналтирилган муаммоли масалаларни бартараф этганлиги 30 та ва ундан ортиқ + 10,0 20 та ва ундан ортиқ + 3,0 16 та ва ундан ортиқ + 1,0 15 та ва ундан кам 0 2. Меҳнат мажбуриятларининг ҳақиқатда бажарилган вақти Ҳақиқатда ишланган кунлари тўлиқ бўлган + 10,0 Сабабсиз ўн кунгача ишга келмаган + 3,0 Сабабсиз ўн кун ва ундан ортиқ ишга келмаган 0

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 18 май,

292-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2024 й., 09/24/292/0356-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

“Mahalla yettiligi” faoliyatini samarali tashkil etish hamda hokim yordamchisi, yoshlar yetakchisi, xotin-qizlar faoli, profilaktika inspektori, ijtimoiy xodim va soliq inspektori faoliyatini eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha baholashda mahalla raisining ishtirokini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Soʻnggi yillarda mahallani jamoatchilik boshqaruvi va nazoratining tayanch boʻgʻiniga aylantirish, uning jamiyatdagi oʻrni va rolini kuchaytirish, mahallalardagi muammolarni oʻz vaqtida va samarali hal etishda davlat organlari va tashkilotlarining mahallalardagi vakillarining imkoniyatlarini yanada kengaytirish boʻyicha keng koʻlamli chora-tadbirlar amalga oshirildi.

Shu bilan birga, mahalladagi hokim yordamchisi, yoshlar yetakchisi, xotin-qizlar faoli, profilaktika inspektori, ijtimoiy xodim va soliq inspektori faoliyatini baholashda mahalla raislarining maqomini oshirish zarurligi taqozo etilmoqda.

“Mahalla yettiligi” faoliyatini samarali va rejali asosda tashkil etish hamda uning aʼzolarini eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha baholash tizimini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mahalla institutining jamiyatdagi rolini tubdan oshirish va uning aholi muammolarini hal etishda birinchi boʻgʻin sifatida ishlashini taʼminlashga qaratilgan chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 21-dekabrdagi PF-209-son Farmoniga muvofiq:

mahalla raisi tomonidan hokim yordamchisi, yoshlar yetakchisi, xotin-qizlar faoli, profilaktika inspektori, ijtimoiy xodim hamda soliq inspektorlari “Mahalla yettiligi”ning faoliyati eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha alohida baholanishi. Bunda koʻrsatkichlar mazkur xodimlarning ish beruvchilari tomonidan Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi bilan kelishilgan holda tasdiqlanishi;

mahalla raislari hokim yordamchisi, yoshlar yetakchisi, xotin-qizlar faoli, profilaktika inspektori, ijtimoiy xodim va soliq inspektorlari faoliyatini eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) asosida baholashda 20 foiz ball berish huquqiga ega boʻlishi;

“Mahalla yettiligi” aʼzolarining ish haqini asosiy ish joyidan berish tartibi saqlab qolingan holda eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) asosida baholash natijalaridan kelib chiqib, ular moddiy ragʻbatlantirilib borilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Belgilansinki, mahalla raisi tomonidan hokim yordamchisi, yoshlar yetakchisi, xotin-qizlar faoli, profilaktika inspektori, ijtimoiy xodim hamda soliq inspektorlarining (keyingi oʻrinlarda — “Mahalla yettiligi” aʼzolari) faoliyati eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha ilovada keltirilgan indikatorlarga muvofiq baholanadi.

3. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:

a) mahalla raisining faoliyati tuman (shahar) mahallani qoʻllab-quvvatlash kengashi tomonidan Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining tuman (shahar) boʻlimi boshligʻi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadigan har oylik ish rejalar asosida amalga oshiriladi;

b) “Mahalla yettiligi” aʼzolarining faoliyati tegishincha Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi, Ichki ishlar vazirligi, Soliq qoʻmitasi, Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi, Yoshlar ishlari agentligining boʻlinmalari hamda Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish markazlarining tuman (shahar) rahbarlari tomonidan tasdiqlanadigan har oylik ish rejalar asosida amalga oshiriladi;

v) har oylik ish rejalarda ustuvor ravishda quyidagi asosiy tadbir va vazifalar belgilanadi:

mahalla raisi uchun:

milliy qadriyatlar, urf-odatlar va anʼanalarni targʻib qilish;

davlat organlari vakillarini aholi muammolarini hal etishga safarbar etish;

mahalla infratuzilmasini yaxshilash;

“Obod mahalla”, “Obod koʻcha” va “Obod xonadon” mezonlarini joriy etish;

“Yashil makon” umummilliy loyihasi amalga oshirilishiga koʻmaklashish;

ommaviy hasharlarni tashkil qilish va ularga aholini jalb qilish;

qonunchilik hujjatlari ijrosi ustidan jamoatchilik nazoratini taʼminlash;

nuroniylar bilan birgalikda taʼlim muassasalarida tarbiyaviy soatlar va suhbatlar oʻtkazish;

“Mahalla yettiligi” aʼzolari faoliyatini muvofiqlashtirib borish;

hokim yordamchisi uchun:

doimiy daromad manbaiga ega boʻlmagan ishsiz aholini kasb-hunar va tadbirkorlikka oʻqitish hamda ularning bandligini taʼminlash;

aholining tadbirkorlik tashabbuslarini qoʻllab-quvvatlash, shu jumladan, kredit va subsidiyalar ajratilishida koʻmaklashish;

dehqon xoʻjaliklari bilan eksport qiluvchi, broker va qayta ishlovchi korxonalarning hamkorligini tashkil etish;

mahallalarda mikroloyihalar manzilli dasturini shakllantirish va ularning amalga oshirilishiga koʻmaklashish;

boʻsh turgan bino va inshootlar hamda yer maydonlarini auksion savdolariga chiqarishda koʻmaklashish;

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning daromadini oshirish choralarini koʻrish;

mehnat migratsiyasiga chiqib ketgan yoki qaytib kelgan fuqarolar va ularning oila aʼzolari bilan ishlash;

tomorqa va ijara yerlaridan samarali foydalanish ishlarini tashkil etish;

yoshlar yetakchisi uchun:

uyma-uy yurish orqali “Yoshlar balansi”ni shakllantirish;

yoshlar bilan manzilli ishlash va ularning bandligini taʼminlash;

ijtimoiy faol yoshlarni qoʻllab-quvvatlash;

sogʻlom turmush tarzi va sportni ommalashtirish;

“Yoshlar daftari”dagi yoshlarning muammolarini hal etish;

xorijdagi vatandosh yoshlar bilan ishlash va ularni qoʻllab-quvvatlash;

yoshlar oʻrtasida kitobxonlikni keng targʻib qilish;

xotin-qizlar faoli uchun:

oilalarni mustahkamlash va ajrimlarning oldini olish;

xotin-qizlar muammolari va qiziqishlarini oʻrganib, ularga koʻmaklashish;

xotin-qizlar oʻrtasida tushuntirish ishlarini olib borish hamda “Sogʻlom oila — sogʻlom jamiyat” tamoyilini targʻib qilish;

xotin-qizlar oʻrtasida tizimli maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlarni oʻtkazish;

xotin-qizlarning ijtimoiy-siyosiy faolligini oshirish hamda taʼlim imkoniyatlarini kengaytirish;

tazyiq va zoʻravonlikka nisbatan murosasizlik muhitini yaratishda faol ishtirok etish;

profilaktika inspektori uchun:

mahalla hududida jamoat tartibini saqlash;

huquqbuzarlik sodir etishga moyil shaxslar bilan manzilli ishlash;

mahalladagi kriminogen vaziyatni tahlil qilish, huquqbuzarliklarni sodir etish sabablarini aniqlash va bartaraf etish choralarini koʻrish;

qarovsiz va nazoratsiz qolgan voyaga yetmaganlarning ijtimoiy-huquqiy himoyasini taʼminlash;

aholini terrorchilik, ekstremistik va boshqa gʻayriqonuniy buzgʻunchilik hamda axloqsizlik yoʻnalishidagi oqimlar taʼsiridan himoya qilish;

ijtimoiy xodim uchun:

parvarishga muhtoj yolgʻiz keksalarni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash;

nogironligi boʻlgan va ogʻir kasallikka chalinganlar shaxslar hamda turli nuqsonlari boʻlgan va uzoq vaqt davolanishga muhtoj bolalarga yordam berish;

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga yordam koʻrsatish;

yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan hamda toʻliq boʻlmagan oilalardagi bolalarga yordam koʻrsatish;

ota-onasi xorijiy davlatlarga ketgan bolalar hamda voyaga yetmagan yolgʻiz onalar va otalar bilan ishlash;

soliq inspektori uchun:

hududning soliq bazasini kengaytirish va tadbirkorlik faoliyatini qonuniylashtirishga koʻmaklashish;

mol-mulk soligʻi va yer soligʻi toʻlovchilarini hisobga olish ishlarini bajarish hamda soliqlar oʻz vaqtida toʻlanishini nazorat qilish;

soliqlar ixtiyoriy toʻlanishiga qaratilgan targʻibot ishlarini tashkil etish;

mablagʻlarning gʻayriqonuniy aylanishi manbalariga barham berish, naqd pul tushumining toʻliq va oʻz vaqtida topshirilishini nazorat qilish;

soliq toʻlovchilarga soliq majburiyatlarini bajarishda koʻmaklashish;

g) mahalla raisi va “Mahalla yettiligi” aʼzolarining faoliyatini eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha baholashda boshqa koʻrsatkichlar bilan bir qatorda har oylik ish rejalarning amalda bajarilish holati ham inobatga olinadi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi, Ichki ishlar vazirligi, Soliq qoʻmitasi, Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi, Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi hamda Yoshlar ishlari agentligi Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi bilan kelishilgan holda bir oy muddatda “Mahalla yettiligi” aʼzolari faoliyatini eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha baholash metodikasini qayta ishlab chiqsin.

Bunda:

xotin-qizlar faoli faoliyatini eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha baholashda ichki ishlar organlari tomonidan tazyiq va (yoki) zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlarga berilgan himoya orderlari soni inobatga olinmasin;

hokim yordamchilari faoliyatini eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha baholashda “yangi tashkil qilingan subyektlar” koʻrsatkichiga asosan ularning olis hududlarda faoliyat yuritayotganlariga qoʻshimcha koeffitsiyent berish nazarda tutilsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi bilan birgalikda uch oy muddatda Mahallaning yagona platformasi doirasida mahalla raisi tomonidan “Mahalla yettiligi” aʼzolari faoliyatini eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha baholash mexanizmlarini nazarda tutuvchi modulni yaratsin va ushbu tizimni ishga tushirish bilan bogʻliq barcha tashkiliy-texnik chora-tadbirlarni amalga oshirsin.

Bunda ushbu tizimni yaratish va texnik qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining mahallalar faoliyatini ragʻbatlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshirilsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi, Ichki ishlar vazirligi, Soliq qoʻmitasi, Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi, Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi hamda Yoshlar ishlari agentligi Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi bilan birgalikda uch oy muddatda “Mahalla yettiligi” aʼzolari faoliyatining eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) maʼlumotlari shakllanadigan axborot tizimlarini Mahallaning yagona platformasi bilan oʻzaro integratsiya qilishni taʼminlasin.

7. Oʻzbekiston mahallalari uyushmasiga:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari hamda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda doimiy ravishda barcha fuqarolar yigʻinlarida mahalla raisi tomonidan “Mahalla yettiligi” aʼzolari faoliyatini eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha baholashni yoʻlga qoʻyishda fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlariga har tomonlama koʻmaklashib borish;

bir oy muddatda mahalla raislarining faoliyatini eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha baholash tartibini ishlab chiqish va belgilangan tartibda tasdiqlash, bunda baholash natijalari boʻyicha mahalla raislarini moddiy ragʻbatlantirishni nazarda tutish tavsiya etilsin.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Vazirlar Mahkamasining “Mahalla yettiligi”, yoshlar siyosati va maʼnaviyat masalalari departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 18-maydagi 292-son qaroriga ILOVA

Mahalla raisi tomonidan hokim yordamchisi, yoshlar yetakchisi, xotin-qizlar faoli, profilaktika inspektori, ijtimoiy xodim va soliq inspektorlarining faoliyatini eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) boʻyicha baholash indikatorlari

20___ yilning ___ choragi uchun T/r Mezonlar Koʻrsatkichlar Beriladigan ball 1. Mahalla raisi tomonidan yoʻnaltirilgan muammoli masalalarni bartaraf etganligi 30 ta va undan ortiq + 10,0 20 ta va undan ortiq + 3,0 16 ta va undan ortiq + 1,0 15 ta va undan kam 0 2. Mehnat majburiyatlarining haqiqatda bajarilgan vaqti Haqiqatda ishlangan kunlari toʻliq boʻlgan + 10,0 Sababsiz oʻn kungacha ishga kelmagan + 3,0 Sababsiz oʻn kun va undan ortiq ishga kelmagan 0

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 18-may,

292-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.05.2024-y., 09/24/292/0356-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son)

lex.uz