UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 20-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 20 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 20 мая 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 20 May 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТАРКИБИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон халқининг бой тарихи ва маданиятини акс эттирувчи ноёб ҳамда нодир маданий меросни асраб-авайлаш, моддий маданий мерос объектлари ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ва ҳудудларни ишончли муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ҳамда юртимизда сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги уч ой муддатда Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида электрон платформа ишлаб чиқсин ва унинг ишга туширилишини таъминласин.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги электрон платформанинг эгаси (буюртмачиси) бўлиши ҳамда мазкур электрон платформани ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва уни доимий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Маданий мерос жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши назарда тутилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги директори Б.Г. Абдикаримов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 майдаги 295-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши

1. Т.К. Кузиев — Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Кенгаш раиси 2. И.Ш. Юсупов — «Маданий мерос объектлари реставрацияси» дирекциясининг Қашқадарё вилояти реставрация маркази директори, Кенгаш раиси ўринбосари 3. Ш.Р. Пидаев — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти директори, тарих фанлари номзоди, тарихчи-археолог 4. М.М. Саидов — Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти директори 5. Ф.Ҳ. Усмонов — «Маданий мерос илмий-тадқиқот институти» давлат муассасаси Муҳандислик-конструкторлик бўлими бошлиги, лойиҳа бош конструктори 6. М.Н. Мумин-Ахунова — «Маданий мерос илмий-тадқиқот институти» давлат муассасаси Фарғона водийси бўйича лойиҳалаш бўлими бошлиги, бош архитектор лойиҳачи 7. Х.Т. Султонов — «Маданий мерос илмий-тадқиқот институти» давлат муассасаси Шаҳарсозлик, археология ва архитектура тарихи бўлими бошлиғи, археолог 8. Б.К. Рахманов — Тошкент архитектура-қурилиш университети Қурилиш муҳандислиги технологияси кафедраси доценти 9. А.Э. Куранов — «ARCHISAD E N GI N EERI N G A N D DESIG N » масъулияти чекланган жамияти бош архитектори

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 майдаги 295-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, Кенгашда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартибини белгилайди.

2. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

3. Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигига (кейинги ўринларда — Агентлик) ҳисобот беради.

2-боб. Кенгашнинг асосий вазифалари ва функциялари

4. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга ошириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг моддий маданий мерос объектлари билан боғлиқ масалалар бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган масалаларни илмий жиҳатдан кўриб чиқиш, уларни ҳал этиш бўйича илмий ва амалий таклифлар тайёрлаш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари, уларда режалаштирилган асрашга доир ишларни объектнинг тарихий-маданий аҳамияти ҳамда ноёблигига путур етказмаган ҳолда технология ва материалларнинг қўлланилиши бўйича тегишли хулоса бериш;

юридик ва жисмоний шахсларга моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш бўйича илмий-экспертлик таклифларини бериш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, тарихий-маданий аҳамиятига кўра ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларни (ҳудудларни) ишончли муҳофаза қилиш, ушбу ҳудудларда қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларини уларнинг умумбашарий бемисл қийматига салбий таъсир этмаган ҳолда амалга ошириш бўйича илмий хулосалар бериш;

маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини (уларнинг қисмларини) тарихий-маданий аҳамиятидан келиб чиқиб, Маданий мерос объектларининг миллий рўйхатига киритиш ёки ундан чиқариш бўйича хулосалар бериш;

маданий мерос объектларининг тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қийматига салбий таъсир қилмаслигини таъминлаш мақсадида улардан фойдаланиш мақсадлари ва шартларини тасдиқлаш ёки етарли даражада асослантирган ҳолда тасдиқлашни рад этишга доир масалалар юзасидан хулосалар бериш.

5. Кенгаш ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тарихий-маданий экспертиза хулосаларини тасдиқлаш, давлат суд экспертизаси хулосалари бундан мустасно;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича хулоса бериш;

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш амалиётини кўриб чиқишда иштирок этиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда иштирок этиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳаларга хулоса бериш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳамда тарихий-маданий қийматига кўра ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда) қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ҳамда тарихий-маданий қийматга эга бўлмаган бино ва иншоотларни бузиш ишлари ва ердан фойдаланиш лойиҳаларига хулоса бериш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, тарихий-маданий қийматига кўра ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар) бошқарув режаларига хулоса бериш;

тарихий-маданий қийматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг (объектларнинг) қўриқланадиган тегралари лойиҳаларига хулоса бериш;

ҳудудлардаги моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларига уларнинг тури ва жойлашувидан келиб чиқиб, муҳофаза белгилари намуналарини тасдиқлаш.

3-боб. Кенгашнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

6. Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун Агентлик томонидан ташкил этиладиган ҳайъат йиғилишларида ва ҳудудлардаги сайёр йиғилишларда иштирок этиш;

Агентлик фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашиш;

Кенгашнинг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материалларни вазирлик ва идоралар, Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлардан сўраб олиш.

Кенгаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7. Кенгашга қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

Кенгашнинг йиғилиш кун тартибига киритилган материалларни адолатли ва холисона кўриб чиқиш;

Кенгашнинг йиғилиш кун тартибига киритилган материалларни кўриб чиқишда маданий мерос объектлари муҳофазаси ва сақлаш чораларини кўриш;

ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси марказининг тавсиялари ва Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талаблари бажарилишини таъминлаш;

маданий мерос объектлари, алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудудлар ва ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси ҳудудлари тарихий қиёфасини сақлаб қолиш чораларини кўриш;

Кенгаш хулосаларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш.

Кенгашга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

4-боб. Кенгаш таркибини тасдиқлаш ва унинг фаолиятини ташкил этиш

8. Кенгаш таркибига раис, унинг ўринбосари ва аъзоларидан иборат тарих, меъморчилик, моддий маданий мерос соҳасида илмий, амалий тажрибага эга бўлган 9-11 нафаргача олим ва юқори малакали мутахассислар киритилади.

Кенгаш раиси ва таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

9. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида Илмий-маслаҳат кенгашлари ташкил этилади ва ушбу кенгашларнинг таркиби Агентлик директори томонидан тасдиқланади.

10. Кенгаш раиси ўз ваколатлари доирасида:

Кенгаш фаолиятини ташкил этади;

Кенгаш йиғилишларига раислик қилади;

Кенгаш номидан ҳужжатларни имзолайди;

Кенгаш қарорларини амалга ошириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради;

Кенгашнинг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

Кенгашнинг раиси бўлмаган тақдирда, унинг ваколатлари ва мажбуриятларини раис ўринбосари бажаради.

11. Кенгаш раиси ўринбосари:

раис йўқлигида Кенгашнинг йиғилишларида раислик қилади;

Кенгаш қарорларининг ижросини назорат қилиш бўйича ишларни ташкил этади;

Кенгашнинг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

Кенгаш ишини самарали ташкил этиш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

12. Агентлик директорининг тегишли буйруғига асосан Агентликнинг Кенгаш фаолиятига масъул ходими Кенгаш масъул котиби вазифасини бажаради ва Кенгаш таркибига кирмайди ҳамда овоз бериш ваколатига эга эмас.

13. Кенгаш масъул котиби:

Кенгаш фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

Кенгашда кўриб чиқиш учун киритилган масалалар бўйича барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, Агентлик ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

зарур ҳолларда, кун тартибига мувофиқ Кенгаш сайёр йиғилиши ўтказилишини ташкил этади;

Кенгаш сайёр йиғилиши ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини Кенгаш раиси билан келишади;

Кенгаш аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни Кенгаш йиғилиши ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида олдиндан хабардор қилади;

Кенгаш йиғилишининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг Кенгаш аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга таништирилишини таъминлайди;

Кенгашнинг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар тўғрисидаги маълумотларни ҳамда кун тартибидаги масалалар юзасидан қабул қилинган қарорлар тўғрисида Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш учун Агентликка тақдим этади.

14. Қуйидаги ҳолатларда Кенгаш раиси, раис ўринбосари ва аъзолари Кенгаш таркибидан чиқарилиши мумкин:

Кенгаш таркибидан чиқиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

ҳуқуқбузарлик, шунингдек, жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда умумэътироф этилган нормаларни қўпол равишда бузувчи ва Кенгаш аъзоси номига доғ туширувчи ҳамда Кенгаш обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар, ножўя ишлар содир этганда;

ўз вазифаларини узрли сабабларсиз уч ойдан ортиқ мунтазам равишда бажармаганда, шу жумладан, Кенгаш йиғилишларида иштирок этмаганда;

суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган деб топилганда ёки суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига асосан озодликдан маҳрум этилганда;

вафот этганда.

15. Кенгаш аъзолари унинг йиғилишларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

16. Кенгаш аъзолари ва котибига Агентликнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси ҳисобидан ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч баравари миқдорида ҳақ тўланади, Кенгаш аъзолари таркибига киритилган Агентлик бошқарув ходимлари бундан мустасно.

17. Кенгаш йиғилишларида ва Кенгашда кўриб чиқиш учун киритилган масалалар юзасидан узрли сабабларсиз иштирок этмаганлиги ёки овоз бермаганлиги учун Кенгаш аъзоларига тўланадиган ҳақнинг 30 фоизи тўланмайди.

Бунда Кенгашда кўриб чиқиш учун киритилган масалалар юзасидан Кенгаш йиғилишларида кетма-кет уч марта иштирок этмаслик ёки овоз бермаслик уларга белгиланган тўловлар тўланмаслиги ҳамда аъзоликдан чиқариш масаласини кўриб чиқиш учун асос ҳисобланади.

18. Кенгаш қарорларининг ижро этилиши устидан мониторинг юритиш ва унинг натижаларини таҳлил қилиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш Агентлик томонидан амалга оширилади.

5-боб. Кенгаш йиғилишларини ташкил этиш

19. Кенгаш йиғилишларини Кенгаш раиси олиб боради, Кенгаш раиси қатнашмаган ҳолларда унинг топшириғига кўра йиғилишни раис ўринбосари олиб боради.

Кенгаш йиғилишлари бир ойда камида икки марта ўтказилади.

20. Кенгашнинг навбатдан ташқари йиғилиши Кенгаш аъзоларининг учдан бир қисмининг ёзма мурожаати ёки Агентликнинг сўрови асосида чақирилиши мумкин.

21. Кенгаш йиғилишларининг кун тартиби, шунингдек, уларни ўтказиш жойи ва вақти Кенгаш раиси ёки унинг топшириғига кўра раис ўринбосари томонидан белгиланади.

Кенгаш йиғилиши ўтказиладиган вақт, сана, жой ва кун тартиби Кенгаш аъзолари эътиборига йиғилиш бўлишидан камида уч кун олдин етказилади.

22. Йиғилишлар Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда (кворум), ваколатли ҳисобланади.

Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Кенгаш йиғилиши ўн кун муддатдан кейин такроран ўтказилади.

23. Кенгаш қарорлари йиғилишда қатнашаётган Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда, йиғилишга раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Кенгаш аъзолари овоз бериш жараёнида бетараф қолишга ҳақли эмас. Кенгаш қароридан рози бўлмаган Кенгаш аъзолари ўзининг алоҳида фикрини баён қилишга ҳақли.

Кенгаш йиғилишида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, унинг аъзоси йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри йиғилишда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.

24. Кенгаш йиғилиши қарорларининг мазмуни (шарҳи) оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиб борилиши мумкин.

25. Фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ахборотлар мавжуд материаллар Кенгашнинг ёпиқ йиғилишларида Кенгашнинг ваколатли аъзолари иштирокида кўриб чиқилади. Ушбу йиғилишларда қабул қилинган қарорлар белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмайди.

26. Кенгаш йиғилишларига бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари, оммавий ахборот воситалари таклиф этилиши мумкин.

27. Кенгаш йиғилишлари онлайн, оффлайн, сайёр ёки аралаш шаклда ўтказилиши мумкин.

28. Кенгаш йиғилиши кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан Кенгаш аъзоларининг таклифлари ва Кенгаш раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.

29. Кенгаш йиғилишида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади. Кенгаш йиғилишининг баённомаси котиб ҳамда ҳар бир Кенгаш аъзоси томонидан имзоланиб, йиғилишга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва тасдиқланган кундан бошлаб уч иш кунида Агентликка, Кенгаш аъзоларига ҳамда манфаатдор шахсларга юборилади.

30. Агентлик Кенгашнинг қабул қилган қарорига қўшилмаган ҳолларда, Кенгаш қарорини олган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай унга асослантирилган таклиф ва эътирозини ёзма шаклда тақдим этади.

Кенгаш Агентлик томонидан берилган таклиф ва эътирозларни ўн кун муддатда навбатдаги Кенгаш йиғилишининг кун тартибида кўриб чиқади ва якуний қарор қабул қилади.

31. Кенгаш баённомалари Агентлик томонидан рўйхатга олинади ва сақланади.

32. Кенгашда кўриб чиқиш учун киритилган барча мурожаатлар Агентлик томонидан рўйхатга олинади ва Кенгаш масъул котибига юборилади.

33. Кенгаш баённомаларидан кўчирмалар алоҳида рўйхатга олинади ва Кенгаш раиси томонидан имзоланади ҳамда Агентлик муҳри билан тасдиқланган ҳолда манфаатдор шахсларга юборилади.

34. Кенгаш қарорларидан норози бўлган томонлар 10 кун муддатда Кенгаш қарорлари устидан Агентликка шикоят қилиши мумкин.

6-боб. Кенгашда мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

35. Кенгашда мурожаатлар ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ кўриб чиқилади.

36. Ариза берувчи (юридик ёки жисмоний шахс) Агентликнинг автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — электрон ахборот тизими) орқали, жумладан қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилади:

моддий маданий мерос объектини давлат кадастрига белгиланган тартибда киритиш ва чиқариш;

моддий маданий мерос объектларини тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш;

аҳоли пунктлари бош режаларининг лойиҳаларини кўриб чиқиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини кўриб чиқиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳаларни кўриб чиқиш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳамда тарихий-маданий қийматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда) қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ва тарихий-маданий қийматга эга бўлмаган бино ва иншоотларни бузиш ишлари ва ердан фойдаланиш лойиҳаларини кўриб чиқиш.

37. Аризада куйидаги маълумотлар кўрсатилади:

юридик шахслар учун — юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган ери, почта манзили, телефон рақами, СТИР, электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса);

жисмоний шахслар учун — ариза берувчининг ФИО, ЖШШИР, яшаш манзили, телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлса).

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

амалга оширилиши назарда тутилаётган асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари;

лойиҳада кўрсатилган объектнинг кадастр йиғмажилди (агар мавжуд бўлса);

археология маданий мерос объектларининг муҳофаза теграларида амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан археолог хулосаси.

38. Лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган бўлиши керак.

Лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларида қуйидагилар акс эттирилиши мажбурий ҳисобланади:

бинонинг фасад қисми;

бино ва унинг атрофининг мавжуд ҳолати;

кўча развёрткаси;

қирқим (разрез);

бош режа (М 1:500 масштабда);

лойиҳалардаги мавжуд ҳолат режаси.

39. Ариза берувчи мурожаат қилган куннинг ўзида ушбу мурожаатни кўриб чиқиш ва тегишли хулоса бериш учун Агентликнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармасига қуйидаги миқдорлардаги тўловни амалга оширади:

а) моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишларини ўтказишга оид лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича:

республика тоифасидаги объектлар учун — БҲМнинг 10 баравари;

маҳаллий тоифадаги объектлар учун — БҲМнинг 5 баравари;

б) алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда бино ва иншоотларни қуриш ёки уларни бузишга оид лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича:

юридик шахслар учун — БҲМнинг 20 баравари;

жисмоний шахслар учун — БҲМнинг 1 баравари;

в) моддий маданий мерос объектини давлат кадастрига белгиланган тартибда киритиш ва чиқариш учун — БҲМнинг 50 %;

г) моддий маданий мерос объектларини тарихий-маданий экспертизадан ўтказишда республика тоифасидаги объектлар учун-БҲМнинг 7 баравари, маҳаллий тоифадаги объектлар учун — БҲМнинг 4 баравари;

д) аҳоли пунктлари бош режаларининг лойиҳаларини кўриб чиқиш ва уларга хулоса бериш учун — БҲМнинг 5 баравари.

Бунда Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларини давлат кадастрига белгиланган тартибда киритиш ва чиқариш, шунингдек, уларни тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган лойиҳалар бўйича тўлов ундирилмайди.

40. Мурожаатчи томонидан белгиланган тўлов тўлиқ тўланмаганлиги мурожаатни кўриб чиқишни рад этиш учун асос бўлади.

41. Агентлик мурожаат келиб тушганидан кейин бир иш куни ичида аризани электрон ахборот тизими орқали тегишлилиги бўйича Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгашлари (кейинги ўринларда — Илмий-маслаҳат кенгашлари)га кўриб чиқиш учун юборади.

42. Илмий-маслаҳат кенгашлари ариза келиб тушганидан бошлаб 7 иш куни ичида (қушимча ўрганиш талаб этилганда 14 иш кунигача) лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ҳамда объектни жойига чиққан ҳолда ўрганади, тақдим этилган лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларида хато-камчиликлар аниқланган тақдирда эса, уларни бартараф этишда маслаҳат ҳамда амалий ёрдам кўрсатади.

Илмий-маслаҳат кенгашлари ўрганиш натижалари юзасидан ўз хулосасини Кенгашга юборади.

43. Кенгаш мурожаатни Илмий-маслаҳат кенгаши хулосаси ҳамда қуйидагиларга асосан кўриб чиқади:

архив маълумотлари;

тарихий манбалар;

илмий адабиётлар;

ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси марказининг тавсиялари ва Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талаблари;

анъанавий меъморчилик мактаблари хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда.

44. Кенгаш Илмий-маслаҳат кенгаши хулосаси келиб тушгандан бошлаб 7 иш куни ичида (қушимча ўрганиш талаб этилганда 14 иш кунигача) аризада кўрсатилган масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилади (хулоса беради).

45. Кенгаш котиби Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилингандан бошлаб бир иш куни ичида қабул қилинган қарорни ариза берувчига электрон ахборот тизими орқали электрон шаклда ёки ариза берувчининг талабига кўра қоғоз шаклида почта орқали юборади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

46. Кенгаш фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Агентлик томонидан қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

47. Кенгаш фаолиятига вазирлик ва идораларнинг бошқа мансабдор шахслари, шунингдек, бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.

48. Кенгаш фаолияти унинг Низомига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги Агентлик директори томонидан назорат қилинади.

49. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгашида мурожаатларни кўриб чиқиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич Ариза берувчи (юридик ёки жисмоний шахс) 1. Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик) автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — ААТ) орқали қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилади: моддий маданий мерос объектини давлат кадастрига белгиланган тартибда киритиш ва чиқариш; моддий маданий мерос объектларини тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш; аҳоли пунктлари бош режаларининг лойиҳаларини кўриб чиқиш; моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари; моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳалар; алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳамда тарихий-маданий қийматига кўра ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда) қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ва тарихий-маданий қийматга эга бўлмаган бино ва иншоотларни бузиш ишлари ва ердан фойдаланиш лойиҳалари. 1. Заруратга кўра 2. Мурожаатни кўриб чиқиш ва тегишли хулоса бериш учун зарур тўловларни амалга оширади. 2. Мурожаат қилган куннинг ўзида 2-босқич Агентлик Мурожаат келиб тушганидан кейин Агентликнинг Илмий-эксперт кенгаши (кейинги ўринларда — Илмий-эксперт кенгаши) котиби аризани ААТ орқали тегишлилиги бўйича Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгашларига юборади. 1 иш куни ичида 3-босқич Агентликнинг ҳудудий бошқармалари 1. Ҳудудий бошқарма ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши ариза келиб тушганидан кейин лойиҳаолди, лойиҳа-смета ҳужжатларини ва объектни жойига чиққан ҳолда ўрганади, тақдим этилган лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларида хато-камчиликлар аниқланган тақдирда эса, уларни бартараф этишда маслаҳат ҳамда амалий ёрдам кўрсатади. 2. Ўрганиш натижаси юзасидан ўз хулосасини Илмий-эксперт кенгашига юборади. Ариза келиб тушгандан бошлаб 7 иш куни ичида (қушимча ўрганиш талаб этилганда 14 иш кунигача) 4-босқич Илмий-эксперт кенгаши 1. Ҳудудий бошқарманинг Илмий-маслаҳат кенгаши хулосасини пухта ўрганиб чиқади. 2. Аризада кўрсатилган масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилади (хулоса беради). Ҳудудий бошқарманинг илмий-маслаҳат кенгаши хулосаси келиб тушгандан бошлаб 7 иш куни ичида (қушимча ўрганиш талаб этилганда 14 иш кунигача) 5-босқич Илмий-эксперт кенгаши котиби Қабул қилинган қарорни ариза берувчига ААТ орқали электрон шаклда ёки ариза берувчининг талабига кўра қоғоз шаклида почта орқали юборади. Қарор қабул қилингандан бошлаб 1 иш куни ичида

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 майдаги 295-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарорининг 3-банди иккинчи ва учинчи хатбошилари , шунингдек унга 5 ва 6-иловалар .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолияти ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2022 йил 22 апрелдаги 209-сон қарорига илованинг 13-банди «г» ва «д» кичик бандлари .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 20 декабрдаги 1021-сон қарори .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мерос объектлари ва юнесконинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 мартдаги 119-сон қарорига 15-илованинг 1-банди «г» кичик бандининг йигирма иккинчи — йигирма олтинчи хатбошилари .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2021 йил 27 декабрдаги 774-сон қарорига 1-илованинг 59-банди .

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарорига 4-илованинг 74-банди .

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарорига 5-илованинг 20-банди .

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Фаолиятни бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 25 февралдаги 88-сон қарорига 4-илованинг 102-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 20 май,

295-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2024 й., 09/24/295/0358-сон; 13.05.2026 й., 09/26/239/0481-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TARKIBI

NIZOM

SXEMASI

ROʻYXATI

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining Ilmiy-ekspert kengashi faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston xalqining boy tarixi va madaniyatini aks ettiruvchi noyob hamda nodir madaniy merosni asrab-avaylash, moddiy madaniy meros obyektlari hamda YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan obyektlar va hududlarni ishonchli muhofaza qilish, ilmiy oʻrganish, ulardan oqilona foydalanish hamda yurtimizda sayyohlik salohiyatini oshirishda ularning oʻrni va ahamiyatini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining Ilmiy-ekspert kengashi tarkibi 1-ilovaga muvofiq;

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining Ilmiy-ekspert kengashi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi uch oy muddatda Madaniy meros agentligining Ilmiy-ekspert kengashi faoliyatini toʻliq raqamlashtirish maqsadida elektron platforma ishlab chiqsin va uning ishga tushirilishini taʼminlasin.

Bunda Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi elektron platformaning egasi (buyurtmachisi) boʻlishi hamda mazkur elektron platformani ishlab chiqish, ishga tushirish va uni doimiy qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining Madaniy meros jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanishi nazarda tutilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi direktori B.G. Abdikarimov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 20-maydagi 295-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining Ilmiy-ekspert kengashi

1. T.K. Kuziyev — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi direktorining birinchi oʻrinbosari, Kengash raisi 2. I.Sh. Yusupov — “Madaniy meros obyektlari restavratsiyasi” direksiyasining Qashqadaryo viloyati restavratsiya markazi direktori, Kengash raisi oʻrinbosari 3. Sh.R. Pidayev — Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Sanʼatshunoslik instituti direktori, tarix fanlari nomzodi, tarixchi-arxeolog 4. M.M. Saidov — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi Ya. Gʻulomov nomidagi Samarqand arxeologiya instituti direktori 5. F.H. Usmonov — “Madaniy meros ilmiy-tadqiqot instituti” davlat muassasasi Muhandislik-konstruktorlik boʻlimi boshligi, loyiha bosh konstruktori 6. M.N. Mumin-Axunova — “Madaniy meros ilmiy-tadqiqot instituti” davlat muassasasi Fargʻona vodiysi boʻyicha loyihalash boʻlimi boshligi, bosh arxitektor loyihachi 7. X.T. Sultonov — “Madaniy meros ilmiy-tadqiqot instituti” davlat muassasasi Shaharsozlik, arxeologiya va arxitektura tarixi boʻlimi boshligʻi, arxeolog 8. B.K. Raxmanov — Toshkent arxitektura-qurilish universiteti Qurilish muhandisligi texnologiyasi kafedrasi dotsenti 9. A.E. Kuranov — “ARCHISAD E N GI N EERI N G A N D DESIG N ” masʼuliyati cheklangan jamiyati bosh arxitektori

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 20-maydagi 295-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining Ilmiy-ekspert kengashi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining Ilmiy-ekspert kengashi (keyingi oʻrinlarda — Kengash) maqomi, asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari va majburiyatlari, faoliyatini tashkil etish, shuningdek, Kengashda murojaatlarni koʻrib chiqish muddatlari va tartibini belgilaydi.

2. Kengash oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, shuningdek, ushbu Nizomga hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

3. Kengash yuridik shaxs hisoblanmaydi va oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligiga (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) hisobot beradi.

2-bob. Kengashning asosiy vazifalari va funksiyalari

4. Kengashning asosiy vazifalari quyidagilar hisoblanadi:

moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish sohasidagi davlat siyosatining asosiy yoʻnalishlarini amalga oshirish yuzasidan takliflar tayyorlash;

respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari, shuningdek, nodavlat notijorat tashkilotlarining moddiy madaniy meros obyektlari bilan bogʻliq masalalar boʻyicha faoliyatini muvofiqlashtirishni yanada takomillashtirish yuzasidan takliflar tayyorlash;

moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish jarayonida yuzaga keladigan masalalarni ilmiy jihatdan koʻrib chiqish, ularni hal etish boʻyicha ilmiy va amaliy takliflar tayyorlash hamda amalga oshirishda ishtirok etish;

moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlarini asrashga doir ishlarning loyihaoldi va loyiha-smeta hujjatlari, ularda rejalashtirilgan asrashga doir ishlarni obyektning tarixiy-madaniy ahamiyati hamda noyobligiga putur yetkazmagan holda texnologiya va materiallarning qoʻllanilishi boʻyicha tegishli xulosa berish;

yuridik va jismoniy shaxslarga moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanishda moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari buzilishlarining oldini olish boʻyicha ilmiy-ekspertlik takliflarini berish;

alohida muhofaza qilinadigan tarixiy-madaniy hududlar, tarixiy-madaniy ahamiyatiga koʻra YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan obyektlarni (hududlarni) ishonchli muhofaza qilish, ushbu hududlarda qurilish-montaj va obodonlashtirish ishlarini ularning umumbashariy bemisl qiymatiga salbiy taʼsir etmagan holda amalga oshirish boʻyicha ilmiy xulosalar berish;

madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlarini (ularning qismlarini) tarixiy-madaniy ahamiyatidan kelib chiqib, Madaniy meros obyektlarining milliy roʻyxatiga kiritish yoki undan chiqarish boʻyicha xulosalar berish;

madaniy meros obyektlarining tarixiy, ilmiy, badiiy yoki oʻzgacha madaniy qiymatiga salbiy taʼsir qilmasligini taʼminlash maqsadida ulardan foydalanish maqsadlari va shartlarini tasdiqlash yoki yetarli darajada asoslantirgan holda tasdiqlashni rad etishga doir masalalar yuzasidan xulosalar berish.

5. Kengash oʻziga yuklangan asosiy vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni bajaradi:

moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlari tarixiy-madaniy ekspertiza xulosalarini tasdiqlash, davlat sud ekspertizasi xulosalari bundan mustasno;

moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlarini asrashga doir ishlarning loyihaoldi va loyiha-smeta hujjatlari boʻyicha xulosa berish;

respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari tomonidan moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari ijrosini taʼminlash amaliyotini koʻrib chiqishda ishtirok etish;

moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini koʻrib chiqishda ishtirok etish;

moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlari va ularning qoʻriqlanadigan tegralarida yer qazish, yer tuzish, qurilish, melioratsiya va boshqa xoʻjalik ishlari, asrashga doir ishlarni amalga oshirish hamda ilmiy va ilmiy-texnik tadqiqotlar oʻtkazishga oid loyihalarga xulosa berish;

alohida muhofaza qilinadigan tarixiy-madaniy hududlar hamda tarixiy-madaniy qiymatiga koʻra YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan hududlarda (obyektlarda) qurilish-montaj, obodonlashtirish hamda tarixiy-madaniy qiymatga ega boʻlmagan bino va inshootlarni buzish ishlari va yerdan foydalanish loyihalariga xulosa berish;

alohida muhofaza qilinadigan tarixiy-madaniy hududlar, tarixiy-madaniy qiymatiga koʻra YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan hududlar (obyektlar) boshqaruv rejalariga xulosa berish;

tarixiy-madaniy qiymatiga koʻra, YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan hududlarning (obyektlarning) qoʻriqlanadigan tegralari loyihalariga xulosa berish;

hududlardagi moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlariga ularning turi va joylashuvidan kelib chiqib, muhofaza belgilari namunalarini tasdiqlash.

3-bob. Kengashning huquqlari va majburiyatlari

6. Kengash quyidagi huquqlarga ega:

Oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun Agentlik tomonidan tashkil etiladigan hayʼat yigʻilishlarida va hududlardagi sayyor yigʻilishlarda ishtirok etish;

Agentlik faoliyatining samaradorligini oshirish boʻyicha taklif va tavsiyalarni ishlab chiqishda hamda amalga oshirishda qatnashish;

Kengashning kun tartibiga kiritilgan masalalar yuzasidan tahliliy materiallarni vazirlik va idoralar, Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlardan soʻrab olish.

Kengash qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

7. Kengashga quyidagi majburiyatlar yuklanadi:

Kengashning yigʻilish kun tartibiga kiritilgan materiallarni adolatli va xolisona koʻrib chiqish;

Kengashning yigʻilish kun tartibiga kiritilgan materiallarni koʻrib chiqishda madaniy meros obyektlari muhofazasi va saqlash choralarini koʻrish;

YUNESKO Umumjahon merosi markazining tavsiyalari va Umumjahon madaniy va tabiiy merosini muhofaza qilish toʻgʻrisidagi konvensiyasi talablari bajarilishini taʼminlash;

madaniy meros obyektlari, alohida muhofaza qilinadigan hududlar va YUNESKO Umumjahon merosi hududlari tarixiy qiyofasini saqlab qolish choralarini koʻrish;

Kengash xulosalarining ochiqligi va shaffofligini taʼminlash.

Kengashga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.

4-bob. Kengash tarkibini tasdiqlash va uning faoliyatini tashkil etish

8. Kengash tarkibiga rais, uning oʻrinbosari va aʼzolaridan iborat tarix, meʼmorchilik, moddiy madaniy meros sohasida ilmiy, amaliy tajribaga ega boʻlgan 9-11 nafargacha olim va yuqori malakali mutaxassislar kiritiladi.

Kengash raisi va tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi.

9. Agentlikning hududiy boshqarmalari huzurida Ilmiy-maslahat kengashlari tashkil etiladi va ushbu kengashlarning tarkibi Agentlik direktori tomonidan tasdiqlanadi.

10. Kengash raisi oʻz vakolatlari doirasida:

Kengash faoliyatini tashkil etadi;

Kengash yigʻilishlariga raislik qiladi;

Kengash nomidan hujjatlarni imzolaydi;

Kengash qarorlarini amalga oshirish boʻyicha faoliyatni muvofiqlashtiradi;

Kengashning samarali ishini taʼminlash boʻyicha boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.

Kengashning raisi boʻlmagan taqdirda, uning vakolatlari va majburiyatlarini rais oʻrinbosari bajaradi.

11. Kengash raisi oʻrinbosari:

rais yoʻqligida Kengashning yigʻilishlarida raislik qiladi;

Kengash qarorlarining ijrosini nazorat qilish boʻyicha ishlarni tashkil etadi;

Kengashning vakolatiga kiradigan masalalar bilan bogʻliq murojaatlarni koʻrib chiqadi va natijalari boʻyicha tegishli hujjatlarni tayyorlaydi;

Kengash ishini samarali tashkil etish boʻyicha boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.

12. Agentlik direktorining tegishli buyrugʻiga asosan Agentlikning Kengash faoliyatiga masʼul xodimi Kengash masʼul kotibi vazifasini bajaradi va Kengash tarkibiga kirmaydi hamda ovoz berish vakolatiga ega emas.

13. Kengash masʼul kotibi:

Kengash faoliyatini uslubiy, tashkiliy-huquqiy va tashkiliy-texnik jihatdan taʼminlash masalalarini hal qiladi;

Kengashda koʻrib chiqish uchun kiritilgan masalalar boʻyicha barcha zarur materiallar oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi, Agentlik xodimlaridan zarur hujjatlar va maʼlumotlarni soʻrab oladi;

zarur hollarda, kun tartibiga muvofiq Kengash sayyor yigʻilishi oʻtkazilishini tashkil etadi;

Kengash sayyor yigʻilishi oʻtkaziladigan sana, joy va taklif etiladigan shaxslar roʻyxatini Kengash raisi bilan kelishadi;

Kengash aʼzolarini va taklif etilgan shaxslarni Kengash yigʻilishi oʻtkaziladigan joy, sana va vaqt haqida oldindan xabardor qiladi;

Kengash yigʻilishining bayonnomasini rasmiylashtiradi va tasdiqlangan bayonnomaning Kengash aʼzolari hamda boshqa manfaatdor shaxslarga tanishtirilishini taʼminlaydi;

Kengashning yigʻilishlari va kun tartibidagi masalalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni hamda kun tartibidagi masalalar yuzasidan qabul qilingan qarorlar toʻgʻrisida Agentlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qilish uchun Agentlikka taqdim etadi.

14. Quyidagi holatlarda Kengash raisi, rais oʻrinbosari va aʼzolari Kengash tarkibidan chiqarilishi mumkin:

Kengash tarkibidan chiqish toʻgʻrisida ariza bilan murojaat qilganda;

huquqbuzarlik, shuningdek, jamiyatda oʻrnatilgan odob-axloq qoidalari hamda umumeʼtirof etilgan normalarni qoʻpol ravishda buzuvchi va Kengash aʼzosi nomiga dogʻ tushiruvchi hamda Kengash obroʻsiga putur yetkazuvchi harakatlar, nojoʻya ishlar sodir etganda;

oʻz vazifalarini uzrli sabablarsiz uch oydan ortiq muntazam ravishda bajarmaganda, shu jumladan, Kengash yigʻilishlarida ishtirok etmaganda;

sudning qonuniy kuchga kirgan hal qiluv qarori asosida muomalaga layoqatsiz, bedarak yoʻqolgan deb topilganda yoki sudning qonuniy kuchga kirgan hukmiga asosan ozodlikdan mahrum etilganda;

vafot etganda.

15. Kengash aʼzolari uning yigʻilishlarida koʻrib chiqiladigan masalalarni muhokama qilish va hal qilishda oʻz vakolatini boshqalarga oʻtkazish huquqiga ega emas.

16. Kengash aʼzolari va kotibiga Agentlikning budjetdan tashqari Madaniy meros jamgʻarmasi hisobidan har oyda mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining uch baravari miqdorida haq toʻlanadi, Kengash aʼzolari tarkibiga kiritilgan Agentlik boshqaruv xodimlari bundan mustasno.

17. Kengash yigʻilishlarida va Kengashda koʻrib chiqish uchun kiritilgan masalalar yuzasidan uzrli sabablarsiz ishtirok etmaganligi yoki ovoz bermaganligi uchun Kengash aʼzolariga toʻlanadigan haqning 30 foizi toʻlanmaydi.

Bunda Kengashda koʻrib chiqish uchun kiritilgan masalalar yuzasidan Kengash yigʻilishlarida ketma-ket uch marta ishtirok etmaslik yoki ovoz bermaslik ularga belgilangan toʻlovlar toʻlanmasligi hamda aʼzolikdan chiqarish masalasini koʻrib chiqish uchun asos hisoblanadi.

18. Kengash qarorlarining ijro etilishi ustidan monitoring yuritish va uning natijalarini tahlil qilish hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda huquqiy taʼsir choralari koʻrilishini taʼminlash Agentlik tomonidan amalga oshiriladi.

5-bob. Kengash yigʻilishlarini tashkil etish

19. Kengash yigʻilishlarini Kengash raisi olib boradi, Kengash raisi qatnashmagan hollarda uning topshirigʻiga koʻra yigʻilishni rais oʻrinbosari olib boradi.

Kengash yigʻilishlari bir oyda kamida ikki marta oʻtkaziladi.

20. Kengashning navbatdan tashqari yigʻilishi Kengash aʼzolarining uchdan bir qismining yozma murojaati yoki Agentlikning soʻrovi asosida chaqirilishi mumkin.

21. Kengash yigʻilishlarining kun tartibi, shuningdek, ularni oʻtkazish joyi va vaqti Kengash raisi yoki uning topshirigʻiga koʻra rais oʻrinbosari tomonidan belgilanadi.

Kengash yigʻilishi oʻtkaziladigan vaqt, sana, joy va kun tartibi Kengash aʼzolari eʼtiboriga yigʻilish boʻlishidan kamida uch kun oldin yetkaziladi.

22. Yigʻilishlar Kengash aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etgan taqdirda (kvorum), vakolatli hisoblanadi.

Yigʻilishni oʻtkazish uchun kvorum shakllanmagan taqdirda, Kengash yigʻilishi oʻn kun muddatdan keyin takroran oʻtkaziladi.

23. Kengash qarorlari yigʻilishda qatnashayotgan Kengash aʼzolarining koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan hollarda, yigʻilishga raislik qiluvchining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.

Kengash aʼzolari ovoz berish jarayonida betaraf qolishga haqli emas. Kengash qaroridan rozi boʻlmagan Kengash aʼzolari oʻzining alohida fikrini bayon qilishga haqli.

Kengash yigʻilishida ishtirok etish imkoni boʻlmagan holatlarda, uning aʼzosi yigʻilish kun tartibidagi masalalar boʻyicha oʻz fikrini yozma shaklda yuborishi mumkin. Bunda uning fikri yigʻilishda koʻrib chiqiladi va ovoz berishda hisobga olinadi.

24. Kengash yigʻilishi qarorlarining mazmuni (sharhi) ommaviy axborot vositalari orqali eʼlon qilib borilishi mumkin.

25. Foydalanish huquqi cheklangan axborotlar mavjud materiallar Kengashning yopiq yigʻilishlarida Kengashning vakolatli aʼzolari ishtirokida koʻrib chiqiladi. Ushbu yigʻilishlarda qabul qilingan qarorlar belgilangan tartibda rasmiylashtiriladi va ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinmaydi.

26. Kengash yigʻilishlariga boshqa davlat organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari va fuqarolik jamiyati boshqa institutlarining vakillari, ommaviy axborot vositalari taklif etilishi mumkin.

27. Kengash yigʻilishlari onlayn, offlayn, sayyor yoki aralash shaklda oʻtkazilishi mumkin.

28. Kengash yigʻilishi kun tartibining loyihasi kotib tomonidan Kengash aʼzolarining takliflari va Kengash raisining topshirigʻi asosida shakllantiriladi.

29. Kengash yigʻilishida qabul qilingan qaror bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi. Kengash yigʻilishining bayonnomasi kotib hamda har bir Kengash aʼzosi tomonidan imzolanib, yigʻilishga raislik qiluvchi tomonidan tasdiqlanadi va tasdiqlangan kundan boshlab uch ish kunida Agentlikka, Kengash aʼzolariga hamda manfaatdor shaxslarga yuboriladi.

30. Agentlik Kengashning qabul qilgan qaroriga qoʻshilmagan hollarda, Kengash qarorini olgan kundan boshlab oʻn kundan kechikmay unga asoslantirilgan taklif va eʼtirozini yozma shaklda taqdim etadi.

Kengash Agentlik tomonidan berilgan taklif va eʼtirozlarni oʻn kun muddatda navbatdagi Kengash yigʻilishining kun tartibida koʻrib chiqadi va yakuniy qaror qabul qiladi.

31. Kengash bayonnomalari Agentlik tomonidan roʻyxatga olinadi va saqlanadi.

32. Kengashda koʻrib chiqish uchun kiritilgan barcha murojaatlar Agentlik tomonidan roʻyxatga olinadi va Kengash masʼul kotibiga yuboriladi.

33. Kengash bayonnomalaridan koʻchirmalar alohida roʻyxatga olinadi va Kengash raisi tomonidan imzolanadi hamda Agentlik muhri bilan tasdiqlangan holda manfaatdor shaxslarga yuboriladi.

34. Kengash qarorlaridan norozi boʻlgan tomonlar 10 kun muddatda Kengash qarorlari ustidan Agentlikka shikoyat qilishi mumkin.

6-bob. Kengashda murojaatlarni koʻrib chiqish tartibi

35. Kengashda murojaatlar ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq koʻrib chiqiladi.

36. Ariza beruvchi (yuridik yoki jismoniy shaxs) Agentlikning avtomatlashtirilgan axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — elektron axborot tizimi) orqali, jumladan quyidagi masalalarni koʻrib chiqish boʻyicha murojaat qiladi:

moddiy madaniy meros obyektini davlat kadastriga belgilangan tartibda kiritish va chiqarish;

moddiy madaniy meros obyektlarini tarixiy-madaniy ekspertizadan oʻtkazish;

aholi punktlari bosh rejalarining loyihalarini koʻrib chiqish;

moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlarini asrashga doir ishlarning loyihaoldi va loyiha-smeta hujjatlarini koʻrib chiqish;

moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlari va ularning qoʻriqlanadigan tegralarida yer qazish, yer tuzish, qurilish, melioratsiya va boshqa xoʻjalik ishlari, asrashga doir ishlarni amalga oshirish hamda ilmiy va ilmiy-texnik tadqiqotlar oʻtkazishga oid loyihalarni koʻrib chiqish;

alohida muhofaza qilinadigan tarixiy-madaniy hududlar hamda tarixiy-madaniy qiymatiga koʻra, YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan hududlarda (obyektlarda) qurilish-montaj, obodonlashtirish va tarixiy-madaniy qiymatga ega boʻlmagan bino va inshootlarni buzish ishlari va yerdan foydalanish loyihalarini koʻrib chiqish.

37. Arizada kuyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:

yuridik shaxslar uchun — yuridik shaxsning nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, uning joylashgan yeri, pochta manzili, telefon raqami, STIR, elektron pochta manzili (agar mavjud boʻlsa);

jismoniy shaxslar uchun — ariza beruvchining FIO, JSHSHIR, yashash manzili, telefon raqami, elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa).

Arizaga quyidagilar ilova qilinadi:

amalga oshirilishi nazarda tutilayotgan asrashga doir ishlarning loyihaoldi va loyiha-smeta hujjatlari;

loyihada koʻrsatilgan obyektning kadastr yigʻmajildi (agar mavjud boʻlsa);

arxeologiya madaniy meros obyektlarining muhofaza tegralarida amalga oshiriladigan loyihalar yuzasidan arxeolog xulosasi.

38. Loyihaoldi va loyiha-smeta hujjatlari moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlarini asrashga doir faoliyatni amalga oshirish uchun litsenziyaga ega boʻlgan loyiha tashkiloti tomonidan ishlab chiqilgan boʻlishi kerak.

Loyihaoldi va loyiha-smeta hujjatlarida quyidagilar aks ettirilishi majburiy hisoblanadi:

binoning fasad qismi;

bino va uning atrofining mavjud holati;

koʻcha razvyortkasi;

qirqim (razrez);

bosh reja (M 1:500 masshtabda);

loyihalardagi mavjud holat rejasi.

39. Ariza beruvchi murojaat qilgan kunning oʻzida ushbu murojaatni koʻrib chiqish va tegishli xulosa berish uchun Agentlikning budjetdan tashqari Madaniy meros jamgʻarmasiga quyidagi miqdorlardagi toʻlovni amalga oshiradi:

a) moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlari va ularning qoʻriqlanadigan tegralarida yer qazish, yer tuzish, qurilish, melioratsiya va boshqa xoʻjalik ishlarini oʻtkazishga oid loyihalarni koʻrib chiqish boʻyicha:

respublika toifasidagi obyektlar uchun — BHMning 10 baravari;

mahalliy toifadagi obyektlar uchun — BHMning 5 baravari;

b) alohida muhofaza qilinadigan tarixiy-madaniy hududlarda, shu jumladan, YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan hududlarda bino va inshootlarni qurish yoki ularni buzishga oid loyihalarni koʻrib chiqish boʻyicha:

yuridik shaxslar uchun — BHMning 20 baravari;

jismoniy shaxslar uchun — BHMning 1 baravari;

v) moddiy madaniy meros obyektini davlat kadastriga belgilangan tartibda kiritish va chiqarish uchun — BHMning 50 %;

g) moddiy madaniy meros obyektlarini tarixiy-madaniy ekspertizadan oʻtkazishda respublika toifasidagi obyektlar uchun-BHMning 7 baravari, mahalliy toifadagi obyektlar uchun — BHMning 4 baravari;

d) aholi punktlari bosh rejalarining loyihalarini koʻrib chiqish va ularga xulosa berish uchun — BHMning 5 baravari.

Bunda Agentlik va uning hududiy boshqarmalari tomonidan davlat mulki hisoblangan moddiy madaniy meros obyektlarini davlat kadastriga belgilangan tartibda kiritish va chiqarish, shuningdek, ularni tarixiy-madaniy ekspertizadan oʻtkazish uchun taqdim etilgan loyihalar boʻyicha toʻlov undirilmaydi.

40. Murojaatchi tomonidan belgilangan toʻlov toʻliq toʻlanmaganligi murojaatni koʻrib chiqishni rad etish uchun asos boʻladi.

41. Agentlik murojaat kelib tushganidan keyin bir ish kuni ichida arizani elektron axborot tizimi orqali tegishliligi boʻyicha Agentlikning hududiy boshqarmalari huzuridagi Ilmiy-maslahat kengashlari (keyingi oʻrinlarda — Ilmiy-maslahat kengashlari)ga koʻrib chiqish uchun yuboradi.

42. Ilmiy-maslahat kengashlari ariza kelib tushganidan boshlab 7 ish kuni ichida (qushimcha oʻrganish talab etilganda 14 ish kunigacha) loyihaoldi va loyiha-smeta hujjatlarini hamda obyektni joyiga chiqqan holda oʻrganadi, taqdim etilgan loyihaoldi va loyiha-smeta hujjatlarida xato-kamchiliklar aniqlangan taqdirda esa, ularni bartaraf etishda maslahat hamda amaliy yordam koʻrsatadi.

Ilmiy-maslahat kengashlari oʻrganish natijalari yuzasidan oʻz xulosasini Kengashga yuboradi.

43. Kengash murojaatni Ilmiy-maslahat kengashi xulosasi hamda quyidagilarga asosan koʻrib chiqadi:

arxiv maʼlumotlari;

tarixiy manbalar;

ilmiy adabiyotlar;

YUNESKO Umumjahon merosi markazining tavsiyalari va Umumjahon madaniy va tabiiy merosini muhofaza qilish toʻgʻrisidagi konvensiyasi talablari;

anʼanaviy meʼmorchilik maktablari xususiyatlaridan kelib chiqqan holda.

44. Kengash Ilmiy-maslahat kengashi xulosasi kelib tushgandan boshlab 7 ish kuni ichida (qushimcha oʻrganish talab etilganda 14 ish kunigacha) arizada koʻrsatilgan masalalar boʻyicha tegishli qaror qabul qiladi (xulosa beradi).

45. Kengash kotibi Kengashning tegishli qarori qabul qilingandan boshlab bir ish kuni ichida qabul qilingan qarorni ariza beruvchiga elektron axborot tizimi orqali elektron shaklda yoki ariza beruvchining talabiga koʻra qogʻoz shaklida pochta orqali yuboradi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

46. Kengash faoliyatini moddiy-texnik jihatdan taʼminlash Agentlik tomonidan qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan manbalar hisobidan amalga oshiriladi.

47. Kengash faoliyatiga vazirlik va idoralarning boshqa mansabdor shaxslari, shuningdek, boshqa davlat organlari, tashkilotlar va ularning mansabdor shaxslari aralashuviga yoʻl qoʻyilmaydi.

48. Kengash faoliyati uning Nizomiga va boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiqligi Agentlik direktori tomonidan nazorat qilinadi.

49. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining Ilmiy-ekspert kengashi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining Ilmiy-ekspert kengashida murojaatlarni koʻrib chiqish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich Ariza beruvchi (yuridik yoki jismoniy shaxs) 1. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining (keyingi oʻrinlarda Agentlik) avtomatlashtirilgan axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — AAT) orqali quyidagi masalalarni koʻrib chiqish boʻyicha murojaat qiladi: moddiy madaniy meros obyektini davlat kadastriga belgilangan tartibda kiritish va chiqarish; moddiy madaniy meros obyektlarini tarixiy-madaniy ekspertizadan oʻtkazish; aholi punktlari bosh rejalarining loyihalarini koʻrib chiqish; moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlarini asrashga doir ishlarning loyihaoldi va loyiha-smeta hujjatlari; moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlari va ularning qoʻriqlanadigan tegralarida yer qazish, yer tuzish, qurilish, melioratsiya va boshqa xoʻjalik ishlari, asrashga doir ishlarni amalga oshirish hamda ilmiy va ilmiy-texnik tadqiqotlar oʻtkazishga oid loyihalar; alohida muhofaza qilinadigan tarixiy-madaniy hududlar hamda tarixiy-madaniy qiymatiga koʻra YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan hududlarda (obyektlarda) qurilish-montaj, obodonlashtirish va tarixiy-madaniy qiymatga ega boʻlmagan bino va inshootlarni buzish ishlari va yerdan foydalanish loyihalari. 1. Zaruratga koʻra 2. Murojaatni koʻrib chiqish va tegishli xulosa berish uchun zarur toʻlovlarni amalga oshiradi. 2. Murojaat qilgan kunning oʻzida 2-bosqich Agentlik Murojaat kelib tushganidan keyin Agentlikning Ilmiy-ekspert kengashi (keyingi oʻrinlarda — Ilmiy-ekspert kengashi) kotibi arizani AAT orqali tegishliligi boʻyicha Agentlikning hududiy boshqarmalari huzuridagi Ilmiy-maslahat kengashlariga yuboradi. 1 ish kuni ichida 3-bosqich Agentlikning hududiy boshqarmalari 1. Hududiy boshqarma huzuridagi Ilmiy-maslahat kengashi ariza kelib tushganidan keyin loyihaoldi, loyiha-smeta hujjatlarini va obyektni joyiga chiqqan holda oʻrganadi, taqdim etilgan loyihaoldi va loyiha-smeta hujjatlarida xato-kamchiliklar aniqlangan taqdirda esa, ularni bartaraf etishda maslahat hamda amaliy yordam koʻrsatadi. 2. Oʻrganish natijasi yuzasidan oʻz xulosasini Ilmiy-ekspert kengashiga yuboradi. Ariza kelib tushgandan boshlab 7 ish kuni ichida (qushimcha oʻrganish talab etilganda 14 ish kunigacha) 4-bosqich Ilmiy-ekspert kengashi 1. Hududiy boshqarmaning Ilmiy-maslahat kengashi xulosasini puxta oʻrganib chiqadi. 2. Arizada koʻrsatilgan masalalar boʻyicha tegishli qaror qabul qiladi (xulosa beradi). Hududiy boshqarmaning ilmiy-maslahat kengashi xulosasi kelib tushgandan boshlab 7 ish kuni ichida (qushimcha oʻrganish talab etilganda 14 ish kunigacha) 5-bosqich Ilmiy-ekspert kengashi kotibi Qabul qilingan qarorni ariza beruvchiga AAT orqali elektron shaklda yoki ariza beruvchining talabiga koʻra qogʻoz shaklida pochta orqali yuboradi. Qaror qabul qilingandan boshlab 1 ish kuni ichida

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 20-maydagi 295-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanishga oid ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2019-yil 30-martdagi 265-son qarorining 3-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilari , shuningdek unga 5 va 6-ilovalar .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Turizm va madaniy meros vazirligi huzuridagi Madaniy meros agentligi faoliyati tashkil etilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2022-yil 22-apreldagi 209-son qaroriga ilovaning 13-bandi “g” va “d” kichik bandlari .

3. Vazirlar Mahkamasining “Moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlarini asrashga doir faoliyatni litsenziyalash toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 20-dekabrdagi 1021-son qarori .

4. Vazirlar Mahkamasining “Moddiy madaniy meros obyektlari va yuneskoning umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan hududlar muhofazasini kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 3-martdagi 119-son qaroriga 15-ilovaning 1-bandi “g” kichik bandining yigirma ikkinchi — yigirma oltinchi xatboshilari .

5. Vazirlar Mahkamasining “Aholi va tadbirkorlik subyektlarining davlat xizmatlaridan foydalanish imkoniyatlari kengaytirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2021-yil 27-dekabrdagi 774-son qaroriga 1-ilovaning 59-bandi .

6. Vazirlar Mahkamasining “Maxsus elektron tizim orqali ayrim faoliyat turlarini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi yagona nizomni tasdiqlash haqida” 2022-yil 21-fevraldagi 80-son qaroriga 4-ilovaning 74-bandi .

7. Vazirlar Mahkamasining “Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomni tasdiqlash haqida” 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qaroriga 5-ilovaning 20-bandi .

8. Vazirlar Mahkamasining “Faoliyatni boshlash yoki tugatish uchun vakolatli organni xabardor qilish tartibi toʻgʻrisidagi yagona nizomni tasdiqlash haqida” 2022-yil 25-fevraldagi 88-son qaroriga 4-ilovaning 102-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 20-may,

295-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.05.2024-y., 09/24/295/0358-son; 13.05.2026-y., 09/26/239/0481-son)

lex.uz