📅 2024-yil 29-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 29-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 29 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 мая 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 May 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАРКИБИ
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»
НИЗОМ
ТУЗИЛМАСИ
«112» ягона диспетчерлик хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг ҳар бир маҳалласида фуқароларнинг турмуш тарзи учун хавфсиз муҳитни шакллантириш, аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Шу билан бирга, олиб борилган таҳлиллар ҳодиса ва фавқулодда вазиятларда аҳолига шошилинч ёрдам кўрсатиш хизматлари тарқоқ ҳолда фаолият кўрсатиб, уларнинг самарадорлиги ҳали халқаро талабларга жавоб бермаётганлигини, кечиктириб бўлмайдиган шошилинч ёрдам кўрсатишни бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.
Аҳолига шошилинч хизмат кўрсатишни ташкил этишни янада такомиллаштириш ва унинг сифатини ошириш, фуқароларга шошилинч хизматларга тўсиқсиз мурожаат қилиш ва тезкор ёрдам олиш имкониятини берувчи ягона тизимни жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳамда «Ўзбектелеком» АКнинг ҳодиса ва фавқулодда вазиятлар рўй берганда шошилинч ёрдам кўрсатиш учун «112» қисқа рақам орқали фуқароларнинг чақирувларини қабул қилиш ва автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш имконини берувчи ягона диспетчерлик хизмати (кейинги ўринларда — «112» ягона диспетчерлик хизмати)ни «Ўзбектелеком» АК «Контакт маркази» филиалининг тармоғи, техник ускуналари ва дастурий таъминотлари негизида ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Белгилансинки, «112» ягона диспетчерлик хизмати Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятининг шошилинч хизматларини маълумотларни узатишнинг ягона тармоғига бирлаштирган ҳолда республиканинг барча ҳудудлари бўйича шошилинч ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва қайта ишлаш, аҳолига шошилинч ёрдам кўрсатиш фаолиятини бошқаришнинг ягона тизими ҳисобланади.
3. Қуйидагилар «112» ягона диспетчерлик хизматининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
фуқароларнинг чақирувларини қабул қилиш ва автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш, уларга бепул асосда шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатиш;
шошилинч ёрдам кўрсатишни бошқариш ва мувофиқлаштириш;
вазирлик ва идораларнинг шошилинч хизматлари томонидан фуқароларга ўз вақтида ёрдам кўрсатилиши юзасидан тизимли назорат юритиш;
вазирлик ва идораларнинг шошилинч хизматлари ўртасида яқиндан ахборот алмашинуви бўйича тезкор ўзаро ҳамкорликни таъминлаш.
4. Қуйидагилар:
«112» ягона диспетчерлик хизматини республика ҳудудларида ишга тушириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ таркиби 1-иловага мувофиқ;
«112» ягона диспетчерлик хизматини республика ҳудудларида ишга тушириш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ;
«112» ягона диспетчерлик хизмати тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
а) «112» ягона диспетчерлик хизматини ташкил этиш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлаш Рақамли технологиялар вазирлигига юклатилади;
б) қуйидаги харажатлар:
«112» ягона диспетчерлик хизматини ишга тушириш ва такомиллаштириш — «Ўзбектелеком» АКнинг маблағлари, бунда, маблағларнинг етишмаган қисми — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 сентябрдаги ПҚ-318-сон қарорига асосан Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;
шошилинч хизматларни кўрсатишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари, шу жумладан яратиладиган ахборот тизимлари, техник воситалар ва ресурсларни такомиллаштириш, «112» ягона диспетчерлик хизмати билан интеграция қилиш — мазкур хизматларни кўрсатувчи вазирлик ва идораларнинг ўз маблағлари ҳисобидан;
«112» ягона диспетчерлик хизмати тўлиқ ишга туширилгандан сўнг унинг фаолияти шошилинч хизматларни кўрсатувчи вазирлик ва идораларнинг навбатчи-диспетчерлик бўлинмалари штат бирликлари ва харажатларини босқичма-босқич мақбуллаштириш эвазига бўшайдиган маблағлари ҳамда мос равишда улар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида тасдиқланган маблағлар ва ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Бунда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги келгуси йилларда «112» ягона диспетчерлик хизмати фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигига ажратилиши назарда тутилишини таъминласин.
«112» ягона диспетчерлик хизматининг нархлари (тарифлари) нархларни тартибга солувчи орган билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Тасдиқланган нархлар (тарифлар) асосида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Контакт маркази» масъулияти чекланган жамияти ўртасида шартнома тузилади ҳамда ушбу шартномага мувофиқ ишлаб чиқилган «Контакт маркази» масъулияти чекланган жамиятининг харажатлар сметаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
6. Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда шошилинч хизматларни кўрсатувчи барча вазирлик ва идоралар:
«112» ягона диспетчерлик хизмати 2024 йил 1 июндан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, 2024 йил биринчи ярим йиллигида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳамда 2024 йил якунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган вилоятларда марказлашган тизимини босқичма-босқич ишга туширилишини;
чақирувларни қабул қилиш ва уларни қайта ишлаш жараёнларини автоматлаштириш ҳамда тегишли ахборот-коммуникация ресурсларининг «112» ягона диспетчерлик хизмати билан интеграция қилинишини;
шошилинч хизматларнинг навбатчи-диспетчерлик бўлинмаларида мавжуд бўлган компьютерлар ва техник воситалар техник ҳолатини ўрганиб чиқиб, белгиланган техник талабларга мувофиқ компьютер ва зарурий техник воситалар билан тўлиқ жиҳозланишини;
фуқароларга шошилинч ёрдам кўрсатишга малакали мутахассислар жалб қилинишини;
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида шошилинч хизматларнинг профессор-ўқитувчилари, малакали ходимлари ва шу соҳа хорижий мутахассисларини жалб этган ҳолда махсус ўқув дастурлари асосида шошилинч тезкор хизматлар операторлари ва навбатчи-диспетчерлик бўлинмаларининг тегишли мутахассисларини (қайта) тайёрлаш ва малакаси оширилишини;
тезкор шошилинч хизматларни кўрсатишда фойдаланишда бўлган барча автотранспорт воситаларини GPS тизими билан жиҳозлаш ҳамда ташкил этилаётган «112» ягона диспетчерлик хизматларига интеграция қилинишини таъминласин.
Бунда, «112» ягона диспетчерлик хизмати ва навбатчи-диспетчерлик бўлинмалари жойлашган объектларни тоифаланган объектларга қўйиладиган талабларга мувофиқ қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари, шунингдек, узлуксиз электр таъминоти билан таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Ўзбекистон Миллий географик ахборот тизими «112» ягона диспетчерлик хизмати маълумотлар базаси билан интеграция қилинишини ва зарур картография материалларини, кўчмас мулк объектларининг географик жойлашиш фазовий маълумотлари тақдим этилишини таъминласин.
8. Рақамли технологиялар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудларда босқичма-босқич «112» ягона диспетчерлик хизмати фаолиятини йўлга қўйиш учун техник талабларга мос келадиган бино ва иншоотлар ажратиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов ҳамда ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 майдаги 304-сон қарорига 1-ИЛОВА
«112» ягона диспетчерлик хизматини республика ҳудудларида ишга тушириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ
1. Ш.Х. Шерматов — рақамли технологиялар вазири, ишчи гуруҳ раиси 2. П.Р. Бобожонов — ички ишлар вазири, ишчи гуруҳ ҳамраиси 3. А.Ҳ. Кулдашев — фавқулодда вазиятлар вазири 4. А.А. Худаяров — соғлиқни сақлаш вазири в.б. 5. Ж.Т. Мирзамахмудов — энергетика вазири 6. Б.И. Закиров — қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири 7. Ж.И. Абруев — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари 8. И.И. Норқулов — иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари 9. Ф.Ж. Пулатов — иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори 10. Н.Н. Хасанов — «Ўзбектелеком» АК бошқарув раиси 11. Б.Б. Эшмуратов — «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарув раиси 12. лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 майдаги 304-сон қарорига 2-ИЛОВА
«112» ягона диспетчерлик хизматини республика ҳудудларида ишга тушириш бўйича
Т/р Тадбирлар номи Амалга ошириш механизми Амалга ошириш муддати Масъул вазирлик ва идоралар I. «112» ягона диспетчерлик хизмати учун бино ва иншоотлар ажратиш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш 1. «112» ягона диспетчерлик хизматининг лойиҳа техник ҳужжатларини ишлаб чиқиш. 1. Шошилинч хизматларнинг техник базасини хатловдан ўтказиш ҳамда техник талабларни шакллантириш. 2024 йил 30 май Рақамли технологиялар вазирлиги, мутасадди вазирлик ва идоралар 2. Лойиҳанинг техник топшириғини ишлаб чиқиш, белгиланган тартибда келишиш, тасдиқлаш ва экспертизага киритиш. 2024 йил 10 июнь 2. «112» ягона диспетчерлик хизматининг лойиҳа техник ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш. Лойиҳанинг техник ҳужжатларига экспертиза хулосасини бериш ва рўйхатга олиш. 2024 йил 20 июнь Рақамли технологиялар вазирлиги, «Киберхавфсизлик маркази» ДУК II. «112» ягона диспетчерлик хизматини босқичма-босқич ишга тушириш 3. Шошилинч хизматларнинг ўзаро ҳамкорлик регламентини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. «112» ягона навбатчи-диспетчерлик хизматига фуқаролардан келиб тушаётган чақирувларни қабул қилиш ва қайта ишлаш бўйича шошилинч хизматларнинг ўзаро ҳамкорлик регламентини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш. 2024 йил 30 май Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, Электрон технологияларни ривожлантириш маркази 4. «112» ягона навбатчи диспетчерлик хизмати тизимининг дастурий-техник воситалар ва қурилмаларини босқичма-босқич тўлиқ ишга тушириш. Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм ва Фарғона вилоятларида қурилмаларни етказиб бериш, монтаж ишларини бажариш, вазирлик ва идораларнинг навбатчи диспетчерлик хизматлари тизими билан интеграциялаш. Режа-жадвал асосида Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ III. «112» ягона диспетчерлик хизмати персоналини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш 5. «112» ягона диспетчерлик хизмати персоналининг касб стандартини қабул қилиш. 1. «112» ягона диспетчерлик хизмати персоналининг касб стандарти лойиҳасини ишлаб чиқиш. 2024 йил 30 июнь Рақамли технологиялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги 2. «112» ягона диспетчерлик хизмати персоналининг касб стандартини ўрнатилган тартибда келишиш ва тасдиқлаш. 2024 йил 15 июль 6. Навбатчи-диспетчерлик бўлинмалари персоналини (қайта) тайёрлаш ва малакасини ошириш. 1. «112» ягона диспетчерлик хизмати персоналини (қайта) тайёрлаш, малакасини ошириш, якунида синовларни муваффақиятли топширганларга сертификатлар бериш тартиб-таомилларини белгиловчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш. 2024 йил 30 июнь Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 2. Хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда касб стандартига мувофиқ махсус ўқув дастурлари асосида «112» ягона диспетчерлик хизматининг персонали (ходимлари)ни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш. Режа-жадвал асосида 7. «112» Ягона диспетчерлик хизматини малакали мутахассислар билан таъминлаш. 1. «112» Ягона диспетчерлик хизматига танлов ўтказиш, номзодлардан синовлар олиш ва ишга қабул қилиш тартиб-таомилларини белгиловчи норматив ҳужжатлар қабул қилиш. 2024 йил 30 май Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Энергетика вазирлиги 2. Белгиланган тайёргарликдан ўтган, муддатларида малака оширган, намунадаги сертификатга эга номзод ва мутахассислар ҳисобидан ягона диспетчерлик хизматининг персоналини жамлаб бориш. Доимий равишда IV. «112» ягона диспетчерлик хизматининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги 8. «112» ягона диспетчерлик хизмати фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш. 1. «112» ягона диспетчерлик хизмати фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш режасини ишлаб чиқиш. Режа-жадвал асосида Рақамли технологиялар вазирлиги 2. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар (блогерлар) иштирокида брифинглар ўтказиш. Доимий равишда 9. Фавқулодда ва мураккаб вазиятларда «112» қисқа рақамига мурожаат қилиш тартиби, ёлғон хабар учун жавобгарлик ва унинг оқибатлари борасида тарғибот ва ташвиқот ишларини тизимли олиб бориш. 1. «112» ягона диспетчерлик хизматининг имкониятлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини аҳоли орасида тушунтириш ишларини ташкил этиш. Доимий равишда Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий телерадиокомпания 2. Марказий ва ҳудудий телерадиоканалларда «112» хабарлари алоҳида етказилишини ташкил этиш. 2024 йил 20 майдан бошлаб
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 майдаги 304-сон қарорига 3-ИЛОВА
«112» ягона диспетчерлик хизмати тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «112» ягона чақирув рақами бўйича шошилинч хизматларнинг чақирувини таъминловчи ягона диспетчерлик хизматининг (кейинги ўринларда — «112» ЯДХ) мақсади, асосий вазифалари ва функциялари, ташкилий-функционал тузилмаси ҳамда фаолият кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
мураккаб ҳаётий вазият — шахснинг турмуш тарзини объектив равишда бузадиган (ногиронлик, қарилик, касаллик, етимлик, қаровсизлик туфайли ўз-ўзига хизмат қила олмаслик, ёлғизлик, кам таъминланганлик, ишсизлик, доимий яшаш жойининг йўқлиги, тазйиқ, зўравонлик ва бошқалар) ва ўзи енгиб бўлмайдиган ҳолат;
ҳодиса — инсон ҳаётининг нормал шароитларини бузадиган, шу жумладан мураккаб ҳаётий вазиятлар, жиноят, ҳуқуқбузарлик, йўл-транспорт ҳодисалари, табиий ва техноген фавқулодда вазиятлар, ўз жонига қасд қилишга уриниш ёки ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ воқеа;
чақирув — алоқа хизматларидан фойдаланувчининг (кейинги ўринларда — ариза берувчи) алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда «112» ягона чақирув рақами «112» ЯДХга стационар ёки мобил радиотелефон тармоқлари, шу жумладан овозли, видео, қисқа матнли (СМС) ва «112» ЯДХнинг электрон почта манзилига электрон мурожаат;
шошилинч хизматлар — фавқулодда вазиятлар ёки чақирувларга шошилинч чора кўриш учун доимо шай турадиган, ёрдам бериш учун куч ва воситаларга эга бўлган ички ишлар органлари, тез тиббий ёрдам хизмати, газ тармоғининг авария хизмати, ёнғинга қарши ва қутқарув хизмати (кейинги ўринларда — қутқарув хизматлари), тезкор ижтимоий-психологик ёрдам хизмати, шунингдек, бошқа давлат органлари ёки ташкилотларининг хизматлари;
шошилинч хизматларининг қисқа рақамлари — 102-ички ишлар органларининг қисқа рақами, 101/1050 — қутқарув хизматининг қисқа рақами, 103 — тез тиббий ёрдам хизматининг қисқа рақами, 1146 — тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар билан мулоқот қилиш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш хизматининг қисқа рақами, 104/1104 — газ тармоғининг авария хизматининг қисқа рақами, шунингдек, бошқа янги ташкил этилган ёки қайта ташкил этилган давлат органлари ва ташкилотлари хизматларининг рақамлари;
«112» ягона чақирув рақами («112» рақами) — фуқаролардан ўзбек, қорақалпоқ, рус ва хорижий тилларда, шунингдек, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларнинг имо-ишора тилида «ягона дарча» тамойили асосида шошилинч хизматларга чақирувларни туну кун бепул қабул қилиш ягона қисқа телефон рақами;
«112» ЯДХнинг чақирувларга ишлов бериш маркази — шошилинч хизматларга чақирувларни қабул қилиш, қайд этиш, чақирувлар бўйича маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш, таҳлил қилиш, чақирувларнинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда, шошилинч хизматларнинг ваколатларига мувофиқ чақирув бўйича маълумотларни автоматик равишда узатиш, шошилинч хизматларнинг чақирувларга тезкор чора кўришда, шу жумладан масофавий тезкор ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатишда уларни ахборот билан таъминлаш ва ҳаракатларини мувофиқлаштиришни бошқаришни таъминлайдиган ахборот тизимлари мажмуи;
чақирувларга ишлов бериш захира маркази — чақирувларга ишлов бериш марказининг функцияларини такрорлайдиган захира ахборот тизимлари мажмуи;
«112» ЯДХнинг маълумотлар базаси (маълумотлар базаси) — «112» ягона рақамига чақирувлар тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан чақирувларга тезкор чора кўриш, амалга оширилган чора-тадбирлари ва натижаларини тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш, шунингдек, ҳодисаларга кўрилган чоралар бўйича қарорлар қабул қилишни таҳлилий қўллаб-қувватлашни таъминлайдиган қуйи ахборот тизими;
«112» ЯДХнинг электрон чақирув картаси (чақирув картаси) — формаллаштирилган (xml. кенгайтирилиши файли) ҳужжат кўринишида маълумотлар базасининг чақирувлар оқими қуйи тизимида автоматик тарзда шакллантириладиган, «112» ЯДХ ва шошилинч хизматларнинг ахборот тизимлари ўртасида маълумот алмашинадиган электрон ҳужжат.
3. «112» ЯДХ орқали шошилинч хизматларга «ягона дарча» тамойили асосида мурожаат қилиш билан бирга, шошилинч хизматларнинг қисқа рақамларига мурожаат қилишнинг муқобил тартиби сақлаб қолинади.
4. Рақамли технологиялар вазирлиги «112» ЯДХ фаолиятига ташкилий‑услубий раҳбарлик қилади.
«Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси «112» ЯДХнинг ягона оператори ҳисобланади.
2-боб. «112» ЯДХнинг мақсади, асосий вазифалари ва функ циялари
5. «112» ЯДХнинг мақсади:
фавқулодда шошилинч хизматларнинг ҳодисалар тўғрисида чақирувларга тезкор чора кўриш даражасини ошириш;
фуқароларга, жамиятга ва давлатга ҳодисалар натижасида етказилиши мумкин бўлган ижтимоий-иқтисодий зарар миқдорини камайтириш;
эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларнинг имо-ишора тилида ҳамда бошқа шахсларнинг хорижий тилларда шошилинч хизматларга тўсиқсиз мурожаат қилиш имкониятини яратиш;
мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ва ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган шахсларга ҳаёти ва соғлигига жиддий хавф солиши мумкин бўлган ҳолатларнинг дастлабки босқичларида шошилинч ижтимоий‑психологик ёрдам кўрсатиш ва ўз жонига қасд қилишнинг дастлабки босқичларида бу тоифадаги ҳодисалар сонини кескин камайтириш.
6. «112» ЯДХнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
чақирувларга ишлов беришни автоматлаштириш;
чақирувлар тўғрисида маълумотларни долзарб ҳолатда сақлаб туриш ва улардан чақирувларга тезкор чора кўришни мувофиқлаштиришда фойдаланишни таъминлаш;
чақирувларни қабул қилиш, уларга ишлов беришда вақт, меҳнат ва моддий сарф-харажатларни қисқартириш;
ариза берувчининг бир вақтда бир нечта навбатчи диспетчерлик хизматлари билан бевосита мулоқотисиз чақирувга ишлов бериш;
ариза берувчи бевосита шошилинч хизматларнинг қисқа рақамларига чақирувни амалга оширган вақтда барча диспетчерлар банд бўлганда «112» рақамига қайта йўналтирилган чақирувни қабул қилиш;
чақирувлар бўйича шошилинч хизматларнинг ўзаро идоралараро ҳамкорлигига ва тезкор ҳаракатланишига оид чора-тадбирларни бошқариш;
мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган шахсларга ҳаёти ва соғлигига жиддий хавф солиши мумкин бўлган ҳолатларда(кризис, шок, руҳий тушкунлик) масофадан шошилинч ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;
шошилинч хизматлар куч ва воситаларининг мувофиқлаштирувини таъминлаш.
7. «112» ЯДХ ўзига юклатилган асосий вазифалардан келиб чиқиб қуйидаги функцияларни бажаради:
«112» рақами бўйича чақирувларни қабул қилиш;
ҳодисалар ҳақида олинган маълумотларни таҳлил қилиш;
чақирувларни фавқулодда шошилинч хизматларга уларнинг ваколатларига мувофиқ ахборот тизимларига автоматик тарзда тақсимлаш;
чақирувларни бошқариш;
чақирув асосида ҳаракат қилишнинг бошланиши, тугаши ва натижаларини ўз ичига олган асосий хусусиятлари бўйича маълумотлар базасини юритиш;
шошилинч хизматларнинг чақирувларга чоралар кўриш бўйича қарорларни қабул қилиши учун чақирув картасида долзарб маълумотларни янгилаб бориш;
«112» рақами бўйича тушган овозли ва видео чақирув узилганда чақирувни амалга оширган шахснинг охирловчи қурилмаси билан алоқани автоматик тарзда тиклаш.
3-боб. «112» ЯДХнинг ташкилий-функционал тузилмаси
8. «112» ЯДХнинг бошқарув тизими вертикал бошқарувга асосланган бўлиб, мазкур Низомга иловадаги ташкилий-функционал тузилмага мувофиқ (ҳудудий ва республика даражасида) қуйи тизимларни бирлаштиради.
9. «112» ЯДХнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, чақирувларга ишлов бериш захира маркази ҳудуднинг табиий-географик, иқтисодий ва бошқа хусусиятларидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва/ёки вилоятлар марказларида ташкил этилади.
10. «112» ЯДХнинг бошқарув маркази «Ўзбектелеком» АК нинг Тошкент шаҳридаги техник базаси ҳамда ҳудудий бўлинмаларнинг техник ускуналари негизида ташкил этилади.
11. «112» ЯДХ ҳудудий бўлинмаларининг функционал тақсимланган қуйи тизимлари ҳамда ахборот-бошқарув тузилмаси негизида ташкил этилган чақирувларга ишлов бериш захира марказлари «112» ЯДХнинг бошқарув маркази (чақирувларга ишлов бериш маркази) билан интеграция қилинади.
12. «112» ЯДХ қоида тариқасида ахборот технологиялари соҳасида мутахассисликка ва тажрибага эга бўлган ҳамда шошилинч хизматлар таркибидаги ходимлар сирасига кирувчи ходимлар билан жамланади.
«112» ЯДХ таркибига киритиш учун мутахассисларнинг номзоди «112» рақами бўйича тезкор чора кўришда иштирок этаётган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар томонидан тавсия этилиши мумкин.
13. «112» ЯДХ ташкилий функционал тузилмаси раҳбарияти таркибига бошлиқ, бошқарув ва алоқани ташкил этиш ҳамда фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнозлаштириш масалалари бўйича иккита ўринбосари киради.
4-боб. «112» ЯДХ қуйи тизимларининг таркиби ва уларни ташкил этиш тартиби
14. «112» ЯДХ қуйи тизимлари қуйидагилардан иборат:
стационар ёки мобил радиотелефон тармоқлари фойдаланувчиларидан (абонентларидан) «112» рақамига чақирувлар, шу жумладан телефон қўнғироқлари ва қисқа матнли хабарлар (СМС) ўтишини, шунингдек «112» ЯДХ дан тегишли шошилинч хизматларга чақирувларнинг ўтишини таъминлайдиган телекоммуникация қуйи тизими;
маълумотлар базаларини сақлашни ва янгилашни, қабул қилинган чақирувлар тўғрисидаги маълумотларни қайта ишлашни ҳамда ҳодиса тўғрисидаги маълумотларни архивдан онлайн тарзда олиш имкониятини, шунингдек, қабул қилинган чақирувларга шошилинч хизматларнинг тезкор ҳаракат қилишини режалаштириш ва қарорлар қабул қилиши учун ахборот-таҳлилий ёрдамни таъминловчи ахборот-коммуникация қуйи тизими (мазкур қуйи тизим чақирувларга ишлов бериш марказини, чақирувларни қайд этиш ва сақлаш ахборот тизимларини ўз ичига олади);
«112» рақамига чақирувларни амалга оширган шахсларга масофавий ёрдамни кўрсатишга мўлжалланган маслаҳат хизматларининг қуйи тизими;
ҳудуднинг табиий-географик, иқтисодий ва бошқа хусусиятларининг маълумотлари асосида «112» рақамига чақирувни амалга оширган шахснинг жойлашган жойини, ҳодиса содир бўлган жойни, шунингдек, ҳодисани бартараф этишда иштирок этувчи шошилинч хизматларнинг автотранспорт воситалари жойлашган манзилни акс эттирувчи географик ахборот қуйи тизими;
бошқариладиган стационар ва мобил объектларга ўрнатилган датчиклардан маълумот ва сигналларни қабул қилиш ҳамда қайта ишлов бериш учун мўлжалланган мониторинг қуйи тизими;
«112» ЯДХнинг маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш воситаларини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган ахборот хавфсизлиги қуйи тизими.
15. «112» ЯДХнинг телекоммуникация қуйи тизимларини яратиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
«112» ЯДХнинг телекоммуникация қуйи тизимларини мазкур Низомнинг 9-бандида белгиланган ташкил этишнинг талабларига мувофиқ лойиҳалаш;
«112» ЯДХнинг телекоммуникация қуйи тизимларини яратиш;
«112» ЯДХнинг телекоммуникация қуйи тизимларини техник синовдан ўтказиш;
«112» ЯДХнинг телекоммуникация қуйи тизимларини ишга тушириш.
16. «112» ЯДХнинг телекоммуникация қуйи тизимлари қуйидаги шошилинч хизматларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади:
ички ишлар органларининг навбатчилик хизматлари;
қутқарув хизматининг навбатчи-диспетчерлик хизмати;
тез-тиббий ёрдам хизматининг навбатчи-диспетчерлик хизмати;
газ тармоғининг авария хизматининг навбатчи-диспетчерлик хизмати;
тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига тезкор ижтимоий-психологик ёрдам хизматининг навбатчи-диспетчерлик хизмати.
Маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда ушбу бандда кўрсатилган навбатчи-диспетчерлик хизматлари билан бир қаторда «112» ЯДХ телекоммуникация қуйи тизимлари билан ўзаро ахборот ҳамкорлигини ўрнатиш бўйича бошқа давлат органлари, идоралар ва ташкилотларнинг навбатчи диспетчерлик хизматларини белгилайди.
5-боб. «112» ЯДХни ташкил этиш тартиби
17. «112» ЯДХни яратиш ва фаолиятини юритишда қуйидаги вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат органлари иштирок этади:
Рақамли технологиялар вазирлиги;
Ички ишлар вазирлиги;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;
Энергетика вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
Электрон технологияларни ривожлантириш маркази;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги;
«Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти;
«Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари.
18. «112» ЯДХни яратиш ва унинг фаолиятини мувофиқлаштириш идоралараро ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.
19. Идоралараро ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
«112» ЯДХни хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари ва замонавий технологияларни инобатга олган ҳолда яратиш;
«112» ЯДХни яратишда иштирок этувчи вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
«112» ЯДХни ташкил этиш бўйича мавжуд ташкилий‑амалий муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича механизмларни ишлаб чиқиш;
«112» ЯДХни ривожлантириш юзасидан қонунчилик базасини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни жадаллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
«112» ЯДХни ишга тушириш;
«112» рақамига чақирувларни амалга оширишни таъминлаш учун алоқа тармоғи инфратузилмасини тайёрлаш бўйича алоқа операторларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш;
20. «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси идоралараро ишчи гуруҳнинг ишчи органидир.
21. Ишчи орган:
«112» ЯДХни яратиш, фойдаланиш, ривожлантириш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича услубий ҳужжатларни ишлаб чиқади;
манфаатдор давлат органлари, идоралар ва ташкилотлар, шу жумладан хорижий компаниялар билан биргаликда «112» ЯДХни яратиш ва такомиллаштириш бўйича намунавий дастурий-техник талаблар ва ечимларни ишлаб чиқади;
«112» ЯДХни яратиш ва ишга тушириш бўйича лойиҳа-техник ҳужжатларини ва техник топшириқларни ишлаб чиқади, тезкор-қидирув тадбирларни амалга оширишни белгилайдиган фаолият бундан мустасно;
«112» ЯДХнинг операторлик персоналини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди ҳамда операторлик персонални тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини ташкил этади.
22. «112» ЯДХни яратишда иштирок этаётган давлат органлари, идоралар ва ташкилотлар ўз ваколатлари доирасида:
«112» ЯДХни ташкил этиш ва унинг самарали ишлашини таъминлашга қаратилган идоравий норматив ҳужжатларни қабул қилади;
ўз навбатчи-диспетчерлик хизматларининг «112» ЯДХ билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган чораларни кўради.
6-боб. «112» рақами бўйича чақирувларга ишлов бериш бўйича «112» ЯДХнинг фаолият кўрсатиш тартиби
23. «112» ЯДХ ташкил этилган барча ҳудудларда туну кун узлуксиз режимда фаолият юритади.
«112» ЯДХнинг тезкор навбатчилиги қуйидаги кўрсаткичларни инобатга олган ҳолда ташкил этилади:
операторларнинг сони;
маҳаллий аҳоли сони;
жойлардаги потенциал хавфли объектлар мавжудлиги ва фавқулодда вазиятлар хавфи;
чақирувларга ишлов бериш вақтининг ўртача давомийлиги;
кунлик чақирувлар сони.
24. «112» ЯДХнинг чақирувларга ишлов берувчи оператори (кейинги ўринларда — оператор) ва шошилинч хизматларнинг навбатчи-диспетчери (кейинги ўринларда — диспетчер) ўртасида ўзаро ҳамкорлик мазкур Низомнинг 14-бандида назарда тутилган қуйи тизимлар иштирокида амалга оширилади.
25. «112» рақамига овозли ва видео чақирувлар, шунингдек, оператор ва диспетчер ўртасидаги овозли чақирувлар автоматик равишда «112» ЯДХ ва шошилинч хизматларнинг техник воситалари ёрдамида ёзиб борилади.
26. «112» рақамига овозли ва видео чақирувлар оператор билан телефон боғланиш ўрнатилган вақтдан бошлаб, қисқа матнли хабарлар (СМС) ва «112» ЯДХнинг электрон почта манзилига келиб тушган электрон чақирувлар очилган вақтдан бошлаб қабул қилинган ҳисобланади.
27. Чақирувлар операторлар ўртасида уларнинг навбатчилиги бошланишидан умумий вақт юкламасини инобатга олган ҳолда автоматик равишда тақсимланади.
28. Оператор чақирувда тақдим этилган маълумотлар мазмунидан келиб чиқиб:
чақирув картасини расмийлаштиради (бунда, чақирувга автоматик тарзда идентификация рақами берилади) ва унга реал вақт режимида ариза берувчи томонидан тақдим этилаётган маълумотларни киритади;
чақирувга тезкор чора кўришни амалга оширувчи шошилинч хизматларни уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларига мувофиқ белгилайди;
чақирув картасининг маълумотлари асосида тегишли шошилинч хизматларга чақирув картасини юборади;
чақирув картаси шошилинч хизматнинг ахборот тизимига юборилгандан сўнг ариза берувчи билан алоқани тугатади.
29. Диспетчер чақирув картасини қабул қилгандан сўнг унда мавжуд маълумотларни аниқлаштириш учун операторга, зарур ҳолларда ариза берувчига мурожаат қилиши мумкин.
30. Чақирув картасига чақирувга тезкор чора кўриш билан боғлиқ маълумотларни реал вақт режимида киритиб борилиши устидан назорат оператор томонидан амалга оширилади.
31. Диспетчер чақирув картасини қабул қилгандан сўнг унда мавжуд бўлган маълумотлар асосида шошилинч хизматларнинг ички идоравий ҳужжатларига мувофиқ чақирувга тезкор чора кўришни ташкиллаштиради.
32. Шошилинч хизматларнинг чақирувларга тезкор чора кўриш вақтида уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш оператор ва диспетчер ўртасида ўзаро ахборот алмашинуви асосида амалга оширилади.
33. Шошилинч хизматларнинг чақирувларга тезкор чора кўришни мувофиқлаштириш қуйидаги усулларда амалга оширилиши мумкин:
оператор чақирувга ишлов бериш вақтида олинган маълумотларни, шунингдек, чақирувга тегишли «112» ЯДХнинг маълумотлар базасидан олинган маълумотларни таҳлил қилиш ва таҳлил натижаларини чақирув картасига киритиш йўли билан диспетчерга тақдим этиш;
диспетчер томонидан олинган таҳлилий маълумотлар асосида чақирувга тезкор чора кўрувчи шошилинч хизматларнинг ҳаракатларини хизмат алоқа воситалари орқали мувофиқлаштириш.
34. Чақирувга тезкор чора кўриш натижалари тўғрисида маълумотлар шошилинч хизматларнинг ходимлари томонидан диспетчерга хизмат алоқа воситалари орқали дарҳол берилади.
35. Чақирувга тезкор чора кўришда бошқа шошилинч хизматларни жалб этиш зарурати бўлганда шошилинч хизматларнинг ходимлари хизмат алоқа воситалари орқали диспетчерга хабар беради ва диспетчер ушбу маълумотларни чақирув картасига киритган ҳолда операторга беради.
36. Оператор чақирувга тезкор чора кўришда бошқа шошилинч хизматларни жалб этиш учун ушбу Низомнинг 28-бандида назарда тутилган тартибда тегишли шошилинч хизматларга чақирув картасини қайта йўналтиради.
37. Чақирувларга тезкор чора кўриш натижалари бўйича маълумотлар диспетчер томонидан ушбу маълумотлар олинган вақтдан бошлаб 15 дақиқа ичида чақирув картасига киритилади.
38. Чақирув картаси чақирувга тезкор чора кўриш натижалари киритилгандан сўнг оператор томонидан 10 дақиқа ичида назоратдан ечилади .
39. Чақирув картасига киритилаётган маълумотлар бир вақтнинг ўзида «112» ЯДХ ва шошилинч хизматларнинг ахборот тизимларида акс эттирилади, яъни маълумотлар автоматик тарзда узатилади.
40. Шошилинч хизматларнинг ходимлари ва ишчи гуруҳ ходимларига тўғридан-тўғри ариза тушган ҳолатларда, шошилинч хизматларнинг ходимлари томонидан чақирув картаси расмийлаштирилади (бунда, чақирувга автоматик тарзда идентификация рақами берилади), яъни реал вақт режимида ариза берувчи томонидан тақдим этилаётган маълумотлар киритилади.
Бунда чақирув картасининг маълумотлари асосида тегишли шошилинч хизматлар ва «112» ЯДХда қайд этилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
41. «112» ЯДХ фаолиятини назорат қилиш шошилинч хизматлар фаолият соҳаларининг ваколатли органлари томонидан амалга оширилади.
42. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
«112» ягона диспетчерлик хизмати тўғрисидаги низомга ИЛОВА
«112» ягона диспетчерлик хизматининг ташкилий-функционал
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 29 май,
304-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TARKIBI
“YOʻL XARITASI”
NIZOM
TUZILMASI
“112” yagona dispetcherlik xizmati faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida
Soʻnggi yillarda mamlakatimizning har bir mahallasida fuqarolarning turmush tarzi uchun xavfsiz muhitni shakllantirish, aholi osoyishtaligini taʼminlash borasida salmoqli ishlar amalga oshirib kelinmoqda.
Shu bilan birga, olib borilgan tahlillar hodisa va favqulodda vaziyatlarda aholiga shoshilinch yordam koʻrsatish xizmatlari tarqoq holda faoliyat koʻrsatib, ularning samaradorligi hali xalqaro talablarga javob bermayotganligini, kechiktirib boʻlmaydigan shoshilinch yordam koʻrsatishni boshqarish, muvofiqlashtirish va nazorat qilishning zamonaviy mexanizmlarini joriy etish zarurati mavjudligini koʻrsatmoqda.
Aholiga shoshilinch xizmat koʻrsatishni tashkil etishni yanada takomillashtirish va uning sifatini oshirish, fuqarolarga shoshilinch xizmatlarga toʻsiqsiz murojaat qilish va tezkor yordam olish imkoniyatini beruvchi yagona tizimni joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Raqamli texnologiyalar vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi, “Hududgaztaʼminot” AJ hamda “Oʻzbektelekom” AKning hodisa va favqulodda vaziyatlar roʻy berganda shoshilinch yordam koʻrsatish uchun “112” qisqa raqam orqali fuqarolarning chaqiruvlarini qabul qilish va avtomatlashtirilgan tarzda qayta ishlash imkonini beruvchi yagona dispetcherlik xizmati (keyingi oʻrinlarda — “112” yagona dispetcherlik xizmati)ni “Oʻzbektelekom” AK “Kontakt markazi” filialining tarmogʻi, texnik uskunalari va dasturiy taʼminotlari negizida tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Belgilansinki, “112” yagona dispetcherlik xizmati Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi hamda “Hududgaztaʼminot” aksiyadorlik jamiyatining shoshilinch xizmatlarini maʼlumotlarni uzatishning yagona tarmogʻiga birlashtirgan holda respublikaning barcha hududlari boʻyicha shoshilinch yordam chaqiriqlarini qabul qilish va qayta ishlash, aholiga shoshilinch yordam koʻrsatish faoliyatini boshqarishning yagona tizimi hisoblanadi.
3. Quyidagilar “112” yagona dispetcherlik xizmatining asosiy vazifalari etib belgilansin:
fuqarolarning chaqiruvlarini qabul qilish va avtomatlashtirilgan tarzda qayta ishlash, ularga bepul asosda shoshilinch, tez va kechiktirib boʻlmaydigan yordamni tashkil etish va koʻrsatish;
shoshilinch yordam koʻrsatishni boshqarish va muvofiqlashtirish;
vazirlik va idoralarning shoshilinch xizmatlari tomonidan fuqarolarga oʻz vaqtida yordam koʻrsatilishi yuzasidan tizimli nazorat yuritish;
vazirlik va idoralarning shoshilinch xizmatlari oʻrtasida yaqindan axborot almashinuvi boʻyicha tezkor oʻzaro hamkorlikni taʼminlash.
4. Quyidagilar:
“112” yagona dispetcherlik xizmatini respublika hududlarida ishga tushirish boʻyicha idoralararo ishchi guruh tarkibi 1-ilovaga muvofiq;
“112” yagona dispetcherlik xizmatini respublika hududlarida ishga tushirish boʻyicha “yoʻl xaritasi” 2-ilovaga muvofiq;
“112” yagona dispetcherlik xizmati toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Belgilab qoʻyilsinki:
a) “112” yagona dispetcherlik xizmatini tashkil etish va uning samarali faoliyat yuritishini taʼminlash Raqamli texnologiyalar vazirligiga yuklatiladi;
b) quyidagi xarajatlar:
“112” yagona dispetcherlik xizmatini ishga tushirish va takomillashtirish — “Oʻzbektelekom” AKning mablagʻlari, bunda, mablagʻlarning yetishmagan qismi — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 28-sentabrdagi PQ-318-son qaroriga asosan Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan;
shoshilinch xizmatlarni koʻrsatishda foydalaniladigan axborot tizimlari, shu jumladan yaratiladigan axborot tizimlari, texnik vositalar va resurslarni takomillashtirish, “112” yagona dispetcherlik xizmati bilan integratsiya qilish — mazkur xizmatlarni koʻrsatuvchi vazirlik va idoralarning oʻz mablagʻlari hisobidan;
“112” yagona dispetcherlik xizmati toʻliq ishga tushirilgandan soʻng uning faoliyati shoshilinch xizmatlarni koʻrsatuvchi vazirlik va idoralarning navbatchi-dispetcherlik boʻlinmalari shtat birliklari va xarajatlarini bosqichma-bosqich maqbullashtirish evaziga boʻshaydigan mablagʻlari hamda mos ravishda ular uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida tasdiqlangan mablagʻlar va oʻz mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
Bunda, Iqtisodiyot va moliya vazirligi kelgusi yillarda “112” yagona dispetcherlik xizmati faoliyatini moliyalashtirish uchun zarur mablagʻlar har yili Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti parametrlarida Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligiga ajratilishi nazarda tutilishini taʼminlasin.
“112” yagona dispetcherlik xizmatining narxlari (tariflari) narxlarni tartibga soluvchi organ bilan kelishgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
Tasdiqlangan narxlar (tariflar) asosida Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi va “Kontakt markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyati oʻrtasida shartnoma tuziladi hamda ushbu shartnomaga muvofiq ishlab chiqilgan “Kontakt markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatining xarajatlar smetasi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
6. Raqamli texnologiyalar vazirligi, Ichki ishlar vazirligi hamda shoshilinch xizmatlarni koʻrsatuvchi barcha vazirlik va idoralar:
“112” yagona dispetcherlik xizmati 2024-yil 1-iyundan Toshkent shahri va Toshkent viloyati, 2024-yil birinchi yarim yilligida Andijon, Namangan va Fargʻona viloyatlarida hamda 2024-yil yakuniga qadar Qoraqalpogʻiston Respublikasi va qolgan viloyatlarda markazlashgan tizimini bosqichma-bosqich ishga tushirilishini;
chaqiruvlarni qabul qilish va ularni qayta ishlash jarayonlarini avtomatlashtirish hamda tegishli axborot-kommunikatsiya resurslarining “112” yagona dispetcherlik xizmati bilan integratsiya qilinishini;
shoshilinch xizmatlarning navbatchi-dispetcherlik boʻlinmalarida mavjud boʻlgan kompyuterlar va texnik vositalar texnik holatini oʻrganib chiqib, belgilangan texnik talablarga muvofiq kompyuter va zaruriy texnik vositalar bilan toʻliq jihozlanishini;
fuqarolarga shoshilinch yordam koʻrsatishga malakali mutaxassislar jalb qilinishini;
Ichki ishlar vazirligi Malaka oshirish institutida shoshilinch xizmatlarning professor-oʻqituvchilari, malakali xodimlari va shu soha xorijiy mutaxassislarini jalb etgan holda maxsus oʻquv dasturlari asosida shoshilinch tezkor xizmatlar operatorlari va navbatchi-dispetcherlik boʻlinmalarining tegishli mutaxassislarini (qayta) tayyorlash va malakasi oshirilishini;
tezkor shoshilinch xizmatlarni koʻrsatishda foydalanishda boʻlgan barcha avtotransport vositalarini GPS tizimi bilan jihozlash hamda tashkil etilayotgan “112” yagona dispetcherlik xizmatlariga integratsiya qilinishini taʼminlasin.
Bunda, “112” yagona dispetcherlik xizmati va navbatchi-dispetcherlik boʻlinmalari joylashgan obyektlarni toifalangan obyektlarga qoʻyiladigan talablarga muvofiq qoʻriqlashning muhandislik va texnik vositalari, shuningdek, uzluksiz elektr taʼminoti bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.
7. Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi Oʻzbekiston Milliy geografik axborot tizimi “112” yagona dispetcherlik xizmati maʼlumotlar bazasi bilan integratsiya qilinishini va zarur kartografiya materiallarini, koʻchmas mulk obyektlarining geografik joylashish fazoviy maʼlumotlari taqdim etilishini taʼminlasin.
8. Raqamli texnologiyalar vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda hududlarda bosqichma-bosqich “112” yagona dispetcherlik xizmati faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun texnik talablarga mos keladigan bino va inshootlar ajratish yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov hamda ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 29-maydagi 304-son qaroriga 1-ILOVA
“112” yagona dispetcherlik xizmatini respublika hududlarida ishga tushirish boʻyicha idoralararo ishchi guruh
1. Sh.X. Shermatov — raqamli texnologiyalar vaziri, ishchi guruh raisi 2. P.R. Bobojonov — ichki ishlar vaziri, ishchi guruh hamraisi 3. A.H. Kuldashev — favqulodda vaziyatlar vaziri 4. A.A. Xudayarov — sogʻliqni saqlash vaziri v.b. 5. J.T. Mirzamaxmudov — energetika vaziri 6. B.I. Zakirov — qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri 7. J.I. Abruyev — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi direktori oʻrinbosari 8. I.I. Norqulov — iqtisodiyot va moliya vazirining birinchi oʻrinbosari 9. F.J. Pulatov — iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi direktori 10. N.N. Xasanov — “Oʻzbektelekom” AK boshqaruv raisi 11. B.B. Eshmuratov — “Hududgaztaʼminot” AJ boshqaruv raisi 12. lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 29-maydagi 304-son qaroriga 2-ILOVA
“112” yagona dispetcherlik xizmatini respublika hududlarida ishga tushirish boʻyicha
T/r Tadbirlar nomi Amalga oshirish mexanizmi Amalga oshirish muddati Masʼul vazirlik va idoralar I. “112” yagona dispetcherlik xizmati uchun bino va inshootlar ajratish, loyiha hujjatlarini ishlab chiqish va ekspertizadan oʻtkazish 1. “112” yagona dispetcherlik xizmatining loyiha texnik hujjatlarini ishlab chiqish. 1. Shoshilinch xizmatlarning texnik bazasini xatlovdan oʻtkazish hamda texnik talablarni shakllantirish. 2024-yil 30-may Raqamli texnologiyalar vazirligi, mutasaddi vazirlik va idoralar 2. Loyihaning texnik topshirigʻini ishlab chiqish, belgilangan tartibda kelishish, tasdiqlash va ekspertizaga kiritish. 2024-yil 10-iyun 2. “112” yagona dispetcherlik xizmatining loyiha texnik hujjatlarini ekspertizadan oʻtkazish. Loyihaning texnik hujjatlariga ekspertiza xulosasini berish va roʻyxatga olish. 2024-yil 20-iyun Raqamli texnologiyalar vazirligi, “Kiberxavfsizlik markazi” DUK II. “112” yagona dispetcherlik xizmatini bosqichma-bosqich ishga tushirish 3. Shoshilinch xizmatlarning oʻzaro hamkorlik reglamentini ishlab chiqish va tasdiqlash. “112” yagona navbatchi-dispetcherlik xizmatiga fuqarolardan kelib tushayotgan chaqiruvlarni qabul qilish va qayta ishlash boʻyicha shoshilinch xizmatlarning oʻzaro hamkorlik reglamentini ishlab chiqish, kelishish va tasdiqlash. 2024-yil 30-may Raqamli texnologiyalar vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Ijtimoiy himoya milliy agentligi, “Hududgaztaʼminot” AJ, Elektron texnologiyalarni rivojlantirish markazi 4. “112” yagona navbatchi dispetcherlik xizmati tizimining dasturiy-texnik vositalar va qurilmalarini bosqichma-bosqich toʻliq ishga tushirish. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Andijon, Buxoro, Jizzax, Qashqadaryo, Navoiy, Namangan Sirdaryo, Surxondaryo, Xorazm va Fargʻona viloyatlarida qurilmalarni yetkazib berish, montaj ishlarini bajarish, vazirlik va idoralarning navbatchi dispetcherlik xizmatlari tizimi bilan integratsiyalash. Reja-jadval asosida Raqamli texnologiyalar vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, “Hududgaztaʼminot” AJ III. “112” yagona dispetcherlik xizmati personalini qayta tayyorlash va malakasini oshirish 5. “112” yagona dispetcherlik xizmati personalining kasb standartini qabul qilish. 1. “112” yagona dispetcherlik xizmati personalining kasb standarti loyihasini ishlab chiqish. 2024-yil 30-iyun Raqamli texnologiyalar vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Texnik jihatdan tartibga solish agentligi 2. “112” yagona dispetcherlik xizmati personalining kasb standartini oʻrnatilgan tartibda kelishish va tasdiqlash. 2024-yil 15-iyul 6. Navbatchi-dispetcherlik boʻlinmalari personalini (qayta) tayyorlash va malakasini oshirish. 1. “112” yagona dispetcherlik xizmati personalini (qayta) tayyorlash, malakasini oshirish, yakunida sinovlarni muvaffaqiyatli topshirganlarga sertifikatlar berish tartib-taomillarini belgilovchi idoraviy normativ-huquqiy hujjat qabul qilish. 2024-yil 30-iyun Raqamli texnologiyalar vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Ijtimoiy himoya milliy agentligi, “Hududgaztaʼminot” AJ 2. Xorijiy mutaxassislarni jalb etgan holda kasb standartiga muvofiq maxsus oʻquv dasturlari asosida “112” yagona dispetcherlik xizmatining personali (xodimlari)ni qayta tayyorlash va malakasini oshirish. Reja-jadval asosida 7. “112” Yagona dispetcherlik xizmatini malakali mutaxassislar bilan taʼminlash. 1. “112” Yagona dispetcherlik xizmatiga tanlov oʻtkazish, nomzodlardan sinovlar olish va ishga qabul qilish tartib-taomillarini belgilovchi normativ hujjatlar qabul qilish. 2024-yil 30-may Raqamli texnologiyalar vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Energetika vazirligi 2. Belgilangan tayyorgarlikdan oʻtgan, muddatlarida malaka oshirgan, namunadagi sertifikatga ega nomzod va mutaxassislar hisobidan yagona dispetcherlik xizmatining personalini jamlab borish. Doimiy ravishda IV. “112” yagona dispetcherlik xizmatining jamoatchilik va ommaviy axborot vositalari bilan hamkorligi 8. “112” yagona dispetcherlik xizmati faoliyatini ommaviy axborot vositalarida yoritib borish. 1. “112” yagona dispetcherlik xizmati faoliyatini ommaviy axborot vositalarida yoritish rejasini ishlab chiqish. Reja-jadval asosida Raqamli texnologiyalar vazirligi 2. Ommaviy axborot vositalari vakillari va jurnalistlar (blogerlar) ishtirokida brifinglar oʻtkazish. Doimiy ravishda 9. Favqulodda va murakkab vaziyatlarda “112” qisqa raqamiga murojaat qilish tartibi, yolgʻon xabar uchun javobgarlik va uning oqibatlari borasida targʻibot va tashviqot ishlarini tizimli olib borish. 1. “112” yagona dispetcherlik xizmatining imkoniyatlari, huquq va majburiyatlarini aholi orasida tushuntirish ishlarini tashkil etish. Doimiy ravishda Raqamli texnologiyalar vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Milliy teleradiokompaniya 2. Markaziy va hududiy teleradiokanallarda “112” xabarlari alohida yetkazilishini tashkil etish. 2024-yil 20-maydan boshlab
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 29-maydagi 304-son qaroriga 3-ILOVA
“112” yagona dispetcherlik xizmati toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “112” yagona chaqiruv raqami boʻyicha shoshilinch xizmatlarning chaqiruvini taʼminlovchi yagona dispetcherlik xizmatining (keyingi oʻrinlarda — “112” YADX) maqsadi, asosiy vazifalari va funksiyalari, tashkiliy-funksional tuzilmasi hamda faoliyat koʻrsatish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
murakkab hayotiy vaziyat — shaxsning turmush tarzini obyektiv ravishda buzadigan (nogironlik, qarilik, kasallik, yetimlik, qarovsizlik tufayli oʻz-oʻziga xizmat qila olmaslik, yolgʻizlik, kam taʼminlanganlik, ishsizlik, doimiy yashash joyining yoʻqligi, tazyiq, zoʻravonlik va boshqalar) va oʻzi yengib boʻlmaydigan holat;
hodisa — inson hayotining normal sharoitlarini buzadigan, shu jumladan murakkab hayotiy vaziyatlar, jinoyat, huquqbuzarlik, yoʻl-transport hodisalari, tabiiy va texnogen favqulodda vaziyatlar, oʻz joniga qasd qilishga urinish yoki oʻz joniga qasd qilish bilan bogʻliq voqea;
chaqiruv — aloqa xizmatlaridan foydalanuvchining (keyingi oʻrinlarda — ariza beruvchi) aloqa vositalaridan foydalangan holda “112” yagona chaqiruv raqami “112” YADXga statsionar yoki mobil radiotelefon tarmoqlari, shu jumladan ovozli, video, qisqa matnli (SMS) va “112” YADXning elektron pochta manziliga elektron murojaat;
shoshilinch xizmatlar — favqulodda vaziyatlar yoki chaqiruvlarga shoshilinch chora koʻrish uchun doimo shay turadigan, yordam berish uchun kuch va vositalarga ega boʻlgan ichki ishlar organlari, tez tibbiy yordam xizmati, gaz tarmogʻining avariya xizmati, yongʻinga qarshi va qutqaruv xizmati (keyingi oʻrinlarda — qutqaruv xizmatlari), tezkor ijtimoiy-psixologik yordam xizmati, shuningdek, boshqa davlat organlari yoki tashkilotlarining xizmatlari;
shoshilinch xizmatlarining qisqa raqamlari — 102-ichki ishlar organlarining qisqa raqami, 101/1050 — qutqaruv xizmatining qisqa raqami, 103 — tez tibbiy yordam xizmatining qisqa raqami, 1146 — tazyiq va zoʻravonlikdan jabr koʻrgan, oʻz joniga suiqasd qilgan yoki oʻz joniga qasd qilishga moyilligi boʻlgan xotin-qizlar bilan muloqot qilish va shoshilinch ruhiy, psixoterapevtik, huquqiy yordam koʻrsatish, maslahat berish va axborot taqdim etish xizmatining qisqa raqami, 104/1104 — gaz tarmogʻining avariya xizmatining qisqa raqami, shuningdek, boshqa yangi tashkil etilgan yoki qayta tashkil etilgan davlat organlari va tashkilotlari xizmatlarining raqamlari;
“112” yagona chaqiruv raqami (“112” raqami) — fuqarolardan oʻzbek, qoraqalpoq, rus va xorijiy tillarda, shuningdek, eshitish va nutqida nuqsoni boʻlgan shaxslarning imo-ishora tilida “yagona darcha” tamoyili asosida shoshilinch xizmatlarga chaqiruvlarni tunu kun bepul qabul qilish yagona qisqa telefon raqami;
“112” YADXning chaqiruvlarga ishlov berish markazi — shoshilinch xizmatlarga chaqiruvlarni qabul qilish, qayd etish, chaqiruvlar boʻyicha maʼlumotlarni yigʻish, qayta ishlash, saqlash, tahlil qilish, chaqiruvlarning mazmunidan kelib chiqqan holda, shoshilinch xizmatlarning vakolatlariga muvofiq chaqiruv boʻyicha maʼlumotlarni avtomatik ravishda uzatish, shoshilinch xizmatlarning chaqiruvlarga tezkor chora koʻrishda, shu jumladan masofaviy tezkor ijtimoiy-psixologik yordam koʻrsatishda ularni axborot bilan taʼminlash va harakatlarini muvofiqlashtirishni boshqarishni taʼminlaydigan axborot tizimlari majmui;
chaqiruvlarga ishlov berish zaxira markazi — chaqiruvlarga ishlov berish markazining funksiyalarini takrorlaydigan zaxira axborot tizimlari majmui;
“112” YADXning maʼlumotlar bazasi (maʼlumotlar bazasi) — “112” yagona raqamiga chaqiruvlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, shu jumladan chaqiruvlarga tezkor chora koʻrish, amalga oshirilgan chora-tadbirlari va natijalarini toʻplash, qayta ishlash, saqlash, shuningdek, hodisalarga koʻrilgan choralar boʻyicha qarorlar qabul qilishni tahliliy qoʻllab-quvvatlashni taʼminlaydigan quyi axborot tizimi;
“112” YADXning elektron chaqiruv kartasi (chaqiruv kartasi) — formallashtirilgan (xml. kengaytirilishi fayli) hujjat koʻrinishida maʼlumotlar bazasining chaqiruvlar oqimi quyi tizimida avtomatik tarzda shakllantiriladigan, “112” YADX va shoshilinch xizmatlarning axborot tizimlari oʻrtasida maʼlumot almashinadigan elektron hujjat.
3. “112” YADX orqali shoshilinch xizmatlarga “yagona darcha” tamoyili asosida murojaat qilish bilan birga, shoshilinch xizmatlarning qisqa raqamlariga murojaat qilishning muqobil tartibi saqlab qolinadi.
4. Raqamli texnologiyalar vazirligi “112” YADX faoliyatiga tashkiliy‑uslubiy rahbarlik qiladi.
“Oʻzbektelekom” aksiyadorlik kompaniyasi “112” YADXning yagona operatori hisoblanadi.
2-bob. “112” YADXning maqsadi, asosiy vazifalari va funk siyalari
5. “112” YADXning maqsadi:
favqulodda shoshilinch xizmatlarning hodisalar toʻgʻrisida chaqiruvlarga tezkor chora koʻrish darajasini oshirish;
fuqarolarga, jamiyatga va davlatga hodisalar natijasida yetkazilishi mumkin boʻlgan ijtimoiy-iqtisodiy zarar miqdorini kamaytirish;
eshitish va nutqida nuqsoni boʻlgan shaxslarning imo-ishora tilida hamda boshqa shaxslarning xorijiy tillarda shoshilinch xizmatlarga toʻsiqsiz murojaat qilish imkoniyatini yaratish;
murakkab hayotiy vaziyatga tushib qolgan va oʻz joniga qasd qilishga moyil boʻlgan shaxslarga hayoti va sogʻligiga jiddiy xavf solishi mumkin boʻlgan holatlarning dastlabki bosqichlarida shoshilinch ijtimoiy‑psixologik yordam koʻrsatish va oʻz joniga qasd qilishning dastlabki bosqichlarida bu toifadagi hodisalar sonini keskin kamaytirish.
6. “112” YADXning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
chaqiruvlarga ishlov berishni avtomatlashtirish;
chaqiruvlar toʻgʻrisida maʼlumotlarni dolzarb holatda saqlab turish va ulardan chaqiruvlarga tezkor chora koʻrishni muvofiqlashtirishda foydalanishni taʼminlash;
chaqiruvlarni qabul qilish, ularga ishlov berishda vaqt, mehnat va moddiy sarf-xarajatlarni qisqartirish;
ariza beruvchining bir vaqtda bir nechta navbatchi dispetcherlik xizmatlari bilan bevosita muloqotisiz chaqiruvga ishlov berish;
ariza beruvchi bevosita shoshilinch xizmatlarning qisqa raqamlariga chaqiruvni amalga oshirgan vaqtda barcha dispetcherlar band boʻlganda “112” raqamiga qayta yoʻnaltirilgan chaqiruvni qabul qilish;
chaqiruvlar boʻyicha shoshilinch xizmatlarning oʻzaro idoralararo hamkorligiga va tezkor harakatlanishiga oid chora-tadbirlarni boshqarish;
murakkab hayotiy vaziyatga tushib qolgan, oʻz joniga qasd qilishga moyil boʻlgan shaxslarga hayoti va sogʻligiga jiddiy xavf solishi mumkin boʻlgan holatlarda(krizis, shok, ruhiy tushkunlik) masofadan shoshilinch ijtimoiy-psixologik yordam koʻrsatilishini taʼminlash;
shoshilinch xizmatlar kuch va vositalarining muvofiqlashtiruvini taʼminlash.
7. “112” YADX oʻziga yuklatilgan asosiy vazifalardan kelib chiqib quyidagi funksiyalarni bajaradi:
“112” raqami boʻyicha chaqiruvlarni qabul qilish;
hodisalar haqida olingan maʼlumotlarni tahlil qilish;
chaqiruvlarni favqulodda shoshilinch xizmatlarga ularning vakolatlariga muvofiq axborot tizimlariga avtomatik tarzda taqsimlash;
chaqiruvlarni boshqarish;
chaqiruv asosida harakat qilishning boshlanishi, tugashi va natijalarini oʻz ichiga olgan asosiy xususiyatlari boʻyicha maʼlumotlar bazasini yuritish;
shoshilinch xizmatlarning chaqiruvlarga choralar koʻrish boʻyicha qarorlarni qabul qilishi uchun chaqiruv kartasida dolzarb maʼlumotlarni yangilab borish;
“112” raqami boʻyicha tushgan ovozli va video chaqiruv uzilganda chaqiruvni amalga oshirgan shaxsning oxirlovchi qurilmasi bilan aloqani avtomatik tarzda tiklash.
3-bob. “112” YADXning tashkiliy-funksional tuzilmasi
8. “112” YADXning boshqaruv tizimi vertikal boshqaruvga asoslangan boʻlib, mazkur Nizomga ilovadagi tashkiliy-funksional tuzilmaga muvofiq (hududiy va respublika darajasida) quyi tizimlarni birlashtiradi.
9. “112” YADXning hududiy boʻlinmalari, shuningdek, chaqiruvlarga ishlov berish zaxira markazi hududning tabiiy-geografik, iqtisodiy va boshqa xususiyatlaridan kelib chiqib, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahar va/yoki viloyatlar markazlarida tashkil etiladi.
10. “112” YADXning boshqaruv markazi “Oʻzbektelekom” AK ning Toshkent shahridagi texnik bazasi hamda hududiy boʻlinmalarning texnik uskunalari negizida tashkil etiladi.
11. “112” YADX hududiy boʻlinmalarining funksional taqsimlangan quyi tizimlari hamda axborot-boshqaruv tuzilmasi negizida tashkil etilgan chaqiruvlarga ishlov berish zaxira markazlari “112” YADXning boshqaruv markazi (chaqiruvlarga ishlov berish markazi) bilan integratsiya qilinadi.
12. “112” YADX qoida tariqasida axborot texnologiyalari sohasida mutaxassislikka va tajribaga ega boʻlgan hamda shoshilinch xizmatlar tarkibidagi xodimlar sirasiga kiruvchi xodimlar bilan jamlanadi.
“112” YADX tarkibiga kiritish uchun mutaxassislarning nomzodi “112” raqami boʻyicha tezkor chora koʻrishda ishtirok etayotgan vazirliklar, idoralar va tashkilotlar tomonidan tavsiya etilishi mumkin.
13. “112” YADX tashkiliy funksional tuzilmasi rahbariyati tarkibiga boshliq, boshqaruv va aloqani tashkil etish hamda favqulodda vaziyatlar monitoringi va prognozlashtirish masalalari boʻyicha ikkita oʻrinbosari kiradi.
4-bob. “112” YADX quyi tizimlarining tarkibi va ularni tashkil etish tartibi
14. “112” YADX quyi tizimlari quyidagilardan iborat:
statsionar yoki mobil radiotelefon tarmoqlari foydalanuvchilaridan (abonentlaridan) “112” raqamiga chaqiruvlar, shu jumladan telefon qoʻngʻiroqlari va qisqa matnli xabarlar (SMS) oʻtishini, shuningdek “112” YADX dan tegishli shoshilinch xizmatlarga chaqiruvlarning oʻtishini taʼminlaydigan telekommunikatsiya quyi tizimi;
maʼlumotlar bazalarini saqlashni va yangilashni, qabul qilingan chaqiruvlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni qayta ishlashni hamda hodisa toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni arxivdan onlayn tarzda olish imkoniyatini, shuningdek, qabul qilingan chaqiruvlarga shoshilinch xizmatlarning tezkor harakat qilishini rejalashtirish va qarorlar qabul qilishi uchun axborot-tahliliy yordamni taʼminlovchi axborot-kommunikatsiya quyi tizimi (mazkur quyi tizim chaqiruvlarga ishlov berish markazini, chaqiruvlarni qayd etish va saqlash axborot tizimlarini oʻz ichiga oladi);
“112” raqamiga chaqiruvlarni amalga oshirgan shaxslarga masofaviy yordamni koʻrsatishga moʻljallangan maslahat xizmatlarining quyi tizimi;
hududning tabiiy-geografik, iqtisodiy va boshqa xususiyatlarining maʼlumotlari asosida “112” raqamiga chaqiruvni amalga oshirgan shaxsning joylashgan joyini, hodisa sodir boʻlgan joyni, shuningdek, hodisani bartaraf etishda ishtirok etuvchi shoshilinch xizmatlarning avtotransport vositalari joylashgan manzilni aks ettiruvchi geografik axborot quyi tizimi;
boshqariladigan statsionar va mobil obyektlarga oʻrnatilgan datchiklardan maʼlumot va signallarni qabul qilish hamda qayta ishlov berish uchun moʻljallangan monitoring quyi tizimi;
“112” YADXning maʼlumotlarni saqlash va qayta ishlash vositalarini himoya qilish uchun moʻljallangan axborot xavfsizligi quyi tizimi.
15. “112” YADXning telekommunikatsiya quyi tizimlarini yaratish quyidagi bosqichlarda amalga oshiriladi:
“112” YADXning telekommunikatsiya quyi tizimlarini mazkur Nizomning 9-bandida belgilangan tashkil etishning talablariga muvofiq loyihalash;
“112” YADXning telekommunikatsiya quyi tizimlarini yaratish;
“112” YADXning telekommunikatsiya quyi tizimlarini texnik sinovdan oʻtkazish;
“112” YADXning telekommunikatsiya quyi tizimlarini ishga tushirish.
16. “112” YADXning telekommunikatsiya quyi tizimlari quyidagi shoshilinch xizmatlarning axborot tizimlari bilan integratsiya qilinadi:
ichki ishlar organlarining navbatchilik xizmatlari;
qutqaruv xizmatining navbatchi-dispetcherlik xizmati;
tez-tibbiy yordam xizmatining navbatchi-dispetcherlik xizmati;
gaz tarmogʻining avariya xizmatining navbatchi-dispetcherlik xizmati;
tazyiq va zoʻravonlik qurbonlariga tezkor ijtimoiy-psixologik yordam xizmatining navbatchi-dispetcherlik xizmati.
Mahalliy shart-sharoitlardan kelib chiqqan holda ushbu bandda koʻrsatilgan navbatchi-dispetcherlik xizmatlari bilan bir qatorda “112” YADX telekommunikatsiya quyi tizimlari bilan oʻzaro axborot hamkorligini oʻrnatish boʻyicha boshqa davlat organlari, idoralar va tashkilotlarning navbatchi dispetcherlik xizmatlarini belgilaydi.
5-bob. “112” YADXni tashkil etish tartibi
17. “112” YADXni yaratish va faoliyatini yuritishda quyidagi vazirlik va idoralar hamda mahalliy davlat organlari ishtirok etadi:
Raqamli texnologiyalar vazirligi;
Ichki ishlar vazirligi;
Sogʻliqni saqlash vazirligi;
Favqulodda vaziyatlar vazirligi;
Energetika vazirligi;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi;
Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi;
Elektron texnologiyalarni rivojlantirish markazi;
Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi;
“Hududgaztaʼminot” aksiyadorlik jamiyati;
“Oʻzbektelekom” aksiyadorlik kompaniyasi;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Toshkent shahar va viloyatlar hokimliklari.
18. “112” YADXni yaratish va uning faoliyatini muvofiqlashtirish idoralararo ishchi guruh tomonidan amalga oshiriladi.
19. Idoralararo ishchi guruhning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
“112” YADXni xorijiy davlatlarning ilgʻor tajribalari va zamonaviy texnologiyalarni inobatga olgan holda yaratish;
“112” YADXni yaratishda ishtirok etuvchi vazirlik va idoralarning oʻzaro hamkorligini taʼminlash;
“112” YADXni tashkil etish boʻyicha mavjud tashkiliy‑amaliy muammo va kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha mexanizmlarni ishlab chiqish;
“112” YADXni rivojlantirish yuzasidan qonunchilik bazasini takomillashtirish va ushbu sohadagi ishlarni jadallashtirish yuzasidan takliflar tayyorlash;
“112” YADXni ishga tushirish;
“112” raqamiga chaqiruvlarni amalga oshirishni taʼminlash uchun aloqa tarmogʻi infratuzilmasini tayyorlash boʻyicha aloqa operatorlarining harakatlarini muvofiqlashtirish;
20. “Oʻzbektelekom” aksiyadorlik kompaniyasi idoralararo ishchi guruhning ishchi organidir.
21. Ishchi organ:
“112” YADXni yaratish, foydalanish, rivojlantirish va texnik qoʻllab-quvvatlash boʻyicha uslubiy hujjatlarni ishlab chiqadi;
manfaatdor davlat organlari, idoralar va tashkilotlar, shu jumladan xorijiy kompaniyalar bilan birgalikda “112” YADXni yaratish va takomillashtirish boʻyicha namunaviy dasturiy-texnik talablar va yechimlarni ishlab chiqadi;
“112” YADXni yaratish va ishga tushirish boʻyicha loyiha-texnik hujjatlarini va texnik topshiriqlarni ishlab chiqadi, tezkor-qidiruv tadbirlarni amalga oshirishni belgilaydigan faoliyat bundan mustasno;
“112” YADXning operatorlik personalini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibini belgilaydi hamda operatorlik personalni tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirish ishlarini tashkil etadi.
22. “112” YADXni yaratishda ishtirok etayotgan davlat organlari, idoralar va tashkilotlar oʻz vakolatlari doirasida:
“112” YADXni tashkil etish va uning samarali ishlashini taʼminlashga qaratilgan idoraviy normativ hujjatlarni qabul qiladi;
oʻz navbatchi-dispetcherlik xizmatlarining “112” YADX bilan oʻzaro hamkorligini taʼminlashga qaratilgan choralarni koʻradi.
6-bob. “112” raqami boʻyicha chaqiruvlarga ishlov berish boʻyicha “112” YADXning faoliyat koʻrsatish tartibi
23. “112” YADX tashkil etilgan barcha hududlarda tunu kun uzluksiz rejimda faoliyat yuritadi.
“112” YADXning tezkor navbatchiligi quyidagi koʻrsatkichlarni inobatga olgan holda tashkil etiladi:
operatorlarning soni;
mahalliy aholi soni;
joylardagi potensial xavfli obyektlar mavjudligi va favqulodda vaziyatlar xavfi;
chaqiruvlarga ishlov berish vaqtining oʻrtacha davomiyligi;
kunlik chaqiruvlar soni.
24. “112” YADXning chaqiruvlarga ishlov beruvchi operatori (keyingi oʻrinlarda — operator) va shoshilinch xizmatlarning navbatchi-dispetcheri (keyingi oʻrinlarda — dispetcher) oʻrtasida oʻzaro hamkorlik mazkur Nizomning 14-bandida nazarda tutilgan quyi tizimlar ishtirokida amalga oshiriladi.
25. “112” raqamiga ovozli va video chaqiruvlar, shuningdek, operator va dispetcher oʻrtasidagi ovozli chaqiruvlar avtomatik ravishda “112” YADX va shoshilinch xizmatlarning texnik vositalari yordamida yozib boriladi.
26. “112” raqamiga ovozli va video chaqiruvlar operator bilan telefon bogʻlanish oʻrnatilgan vaqtdan boshlab, qisqa matnli xabarlar (SMS) va “112” YADXning elektron pochta manziliga kelib tushgan elektron chaqiruvlar ochilgan vaqtdan boshlab qabul qilingan hisoblanadi.
27. Chaqiruvlar operatorlar oʻrtasida ularning navbatchiligi boshlanishidan umumiy vaqt yuklamasini inobatga olgan holda avtomatik ravishda taqsimlanadi.
28. Operator chaqiruvda taqdim etilgan maʼlumotlar mazmunidan kelib chiqib:
chaqiruv kartasini rasmiylashtiradi (bunda, chaqiruvga avtomatik tarzda identifikatsiya raqami beriladi) va unga real vaqt rejimida ariza beruvchi tomonidan taqdim etilayotgan maʼlumotlarni kiritadi;
chaqiruvga tezkor chora koʻrishni amalga oshiruvchi shoshilinch xizmatlarni ularning qonun hujjatlarida belgilangan vazifalariga muvofiq belgilaydi;
chaqiruv kartasining maʼlumotlari asosida tegishli shoshilinch xizmatlarga chaqiruv kartasini yuboradi;
chaqiruv kartasi shoshilinch xizmatning axborot tizimiga yuborilgandan soʻng ariza beruvchi bilan aloqani tugatadi.
29. Dispetcher chaqiruv kartasini qabul qilgandan soʻng unda mavjud maʼlumotlarni aniqlashtirish uchun operatorga, zarur hollarda ariza beruvchiga murojaat qilishi mumkin.
30. Chaqiruv kartasiga chaqiruvga tezkor chora koʻrish bilan bogʻliq maʼlumotlarni real vaqt rejimida kiritib borilishi ustidan nazorat operator tomonidan amalga oshiriladi.
31. Dispetcher chaqiruv kartasini qabul qilgandan soʻng unda mavjud boʻlgan maʼlumotlar asosida shoshilinch xizmatlarning ichki idoraviy hujjatlariga muvofiq chaqiruvga tezkor chora koʻrishni tashkillashtiradi.
32. Shoshilinch xizmatlarning chaqiruvlarga tezkor chora koʻrish vaqtida ularning harakatlarini muvofiqlashtirish operator va dispetcher oʻrtasida oʻzaro axborot almashinuvi asosida amalga oshiriladi.
33. Shoshilinch xizmatlarning chaqiruvlarga tezkor chora koʻrishni muvofiqlashtirish quyidagi usullarda amalga oshirilishi mumkin:
operator chaqiruvga ishlov berish vaqtida olingan maʼlumotlarni, shuningdek, chaqiruvga tegishli “112” YADXning maʼlumotlar bazasidan olingan maʼlumotlarni tahlil qilish va tahlil natijalarini chaqiruv kartasiga kiritish yoʻli bilan dispetcherga taqdim etish;
dispetcher tomonidan olingan tahliliy maʼlumotlar asosida chaqiruvga tezkor chora koʻruvchi shoshilinch xizmatlarning harakatlarini xizmat aloqa vositalari orqali muvofiqlashtirish.
34. Chaqiruvga tezkor chora koʻrish natijalari toʻgʻrisida maʼlumotlar shoshilinch xizmatlarning xodimlari tomonidan dispetcherga xizmat aloqa vositalari orqali darhol beriladi.
35. Chaqiruvga tezkor chora koʻrishda boshqa shoshilinch xizmatlarni jalb etish zarurati boʻlganda shoshilinch xizmatlarning xodimlari xizmat aloqa vositalari orqali dispetcherga xabar beradi va dispetcher ushbu maʼlumotlarni chaqiruv kartasiga kiritgan holda operatorga beradi.
36. Operator chaqiruvga tezkor chora koʻrishda boshqa shoshilinch xizmatlarni jalb etish uchun ushbu Nizomning 28-bandida nazarda tutilgan tartibda tegishli shoshilinch xizmatlarga chaqiruv kartasini qayta yoʻnaltiradi.
37. Chaqiruvlarga tezkor chora koʻrish natijalari boʻyicha maʼlumotlar dispetcher tomonidan ushbu maʼlumotlar olingan vaqtdan boshlab 15 daqiqa ichida chaqiruv kartasiga kiritiladi.
38. Chaqiruv kartasi chaqiruvga tezkor chora koʻrish natijalari kiritilgandan soʻng operator tomonidan 10 daqiqa ichida nazoratdan yechiladi .
39. Chaqiruv kartasiga kiritilayotgan maʼlumotlar bir vaqtning oʻzida “112” YADX va shoshilinch xizmatlarning axborot tizimlarida aks ettiriladi, yaʼni maʼlumotlar avtomatik tarzda uzatiladi.
40. Shoshilinch xizmatlarning xodimlari va ishchi guruh xodimlariga toʻgʻridan-toʻgʻri ariza tushgan holatlarda, shoshilinch xizmatlarning xodimlari tomonidan chaqiruv kartasi rasmiylashtiriladi (bunda, chaqiruvga avtomatik tarzda identifikatsiya raqami beriladi), yaʼni real vaqt rejimida ariza beruvchi tomonidan taqdim etilayotgan maʼlumotlar kiritiladi.
Bunda chaqiruv kartasining maʼlumotlari asosida tegishli shoshilinch xizmatlar va “112” YADXda qayd etiladi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
41. “112” YADX faoliyatini nazorat qilish shoshilinch xizmatlar faoliyat sohalarining vakolatli organlari tomonidan amalga oshiriladi.
42. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.
“112” yagona dispetcherlik xizmati toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
“112” yagona dispetcherlik xizmatining tashkiliy-funksional
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 29-may,
304-son