📅 2024-yil 30-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 30-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 30 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 мая 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 May 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАРКИБИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Ўзбекистон Республикасида монументал ёдгорликларни ўрнатиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўрнатиладиган монументал ёдгорликларнинг бадиий-эстетик жиҳатдан мукаммал бўлишини таъминлаш, уларни ўрнатиш масалаларини тўлиқ тартибга солиш, шунингдек, мазкур ишларнинг ғоявий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш бўйича ҳукумат эксперт комиссияси (кейинги ўринларда — Ҳукумат эксперт комиссияси) 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
2. Қуйидагилар Ҳукумат эксперт комиссиясининг вазифалари этиб белгилансин:
давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш, олиб ташлаш (кўчириш) тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ва уларнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида асослантирилган таклифлар тайёрлаш ва хулосалар бериш;
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ўрнатиладиган давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларнинг лойиҳаларини ғоявий-бадиий аҳамияти нуқтаи назаридан кўриб чиқиш, ўтказилган танловлар асосида саралаб олиш, зарур ҳолларда ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар бериш;
давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликлар лойиҳалари концепциясини ғоявий-бадиий аҳамияти нуқтаи назаридан кўриб чиқиш ва хулоса бериш;
давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш, кўчириш ва олиб ташлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш масалаларини манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда кўриб чиқиш ва хулосалар бериш;
давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликни қабул қилиб олиш, шу жумладан, ўрнатилган монументал ёдгорликларни қабул қилиш ишларини расмийлаштириш ёки қабул қилишни рад этиш.
3. Ўзбекистон Республикасида монументал ёдгорликларни ўрнатиш ва олиб ташлаш (кўчириш) тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликлар Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан ўрнатилади;
давлат ва жамоат ташкилотларининг маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш тўғрисидаги таклифлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига киритилади ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси билан келишилган ҳолда қарор қабул қилинади;
монументал ёдгорликларни ўрнатишдан олдин тегишли соҳадаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва меҳнат жамоалари билан маслаҳатлашувлар ўтказилади;
монументал ёдгорликларнинг лойиҳаларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Бадиий экспертлар кенгаши тузилади;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахсларнинг ҳаёт вақтида хотирасини абадийлаштиришга ва уларнинг шарафига монументал ёдгорликлар ўрнатишга йўл қўйилмайди;
монументал ёдгорликларни яратиш ва ўрнатиш ишларини молиялаштириш манбалари тегишлича Вазирлар Маҳкамаси ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари қарорлари билан белгиланади.
5. Ўзбекистон Бадиий академияси икки ҳафта муддатда монументал ёдгорликлар лойиҳаларини кўриб чиқиш учун Бадиий экспертлар кенгашининг таркиби ва низомини тасдиқласин.
6. Республика Маънавият ва маърифат маркази Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда монументал ёдгорликларнинг ғоявий асосларини янада мустаҳкамлаш орқали фуқароларда, айниқса, ёш авлодда эстетик бадиий дид, миллий ифтихор ҳамда мамлакатимизнинг етук арбоблари ва тарихий воқеаларини қадрлаш, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш бўйича концепция ҳамда монументал ёдгорликларни ўрнатиш бўйича дастур лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламенти 3-бандининг ўн иккинчи хатбошиси «рекреацион объектларни қуриш» сўзларидан кейин «ёхуд монументал ёдгорликларни ўрнатиш» сўзлари билан тўлдирилсин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ёдгорликлар ва ҳайкалларни лойиҳалаштириш ҳамда ўрнатишни тартибга солиш тўғрисида» 1993 йил 23 июндаги 305-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.В. Нуридинов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 майдаги 312-сон қарорига 1-ИЛОВА
Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш бўйича ҳукумат эксперт комиссиясининг
1. А.В. Нуридинов — Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Комиссия раиси 2. Б.Г. Абдикаримов — Маданий мерос агентлиги директори 3. Б.И. Закиров — қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири 4. О.А. Назарбеков — маданият вазири 5. Б.С. Юлдашев — Ўзбекистон Фанлар академияси президенти 6. О.А. Хасанов — Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари 7. С.С. Саидов — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси 8. А.Р . Тўхтаев — Ўзбекистон Меъморлар уюшмаси раиси 9. Б.Ф. Жалолов — Ўзбекистон халқ рассоми 10. Ж.Б . Анназаров — Ўзбекистон халқ рассоми, ҳайкалтарош 11. И.М. Валиходжаев — Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси, Комиссия масъул котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 майдаги 312-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида монументал ёдгорликларни ўрнатиш ва олиб ташлаш (кўчириш) тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида монументал ёдгорликларни ўрнатиш ва олиб ташлаш (кўчириш) тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
монументал ёдгорликлар — муайян даврнинг умумфалсафий ва ижтимоий ғояларини ўзида акс эттирувчи, атоқли давлат, сиёсат ва жамоат арбоблари, миллий қаҳрамонлар, таниқли фан, маданият ва санъат арбоблари (кейинги ўринларда — таниқли арбоблар) хотирасини ҳамда тарихий ва муҳим воқеаларни, адабий-фольклор асарлар қаҳрамонларини абадийлаштиришда мустақил аҳамият касб этадиган мемориал иншоотлар, ёдгорликлар ва рамзий ёдгорликлар шаклидаги ҳайкалтарошлик асарлари;
мемориал иншоотлар — таниқли арбоблар хотирасига ва тарихий воқеаларга бағишланган меъморчилик ҳамда монументал ҳайкалтарошлик асарлари билан уйғун ҳолда яратилган ёдгорлик мажмуалари;
ёдгорликлар — таниқли арбоблар ва тарихий воқеаларни абадийлаштириш учун яратилган монументал ҳайкалтарошлик асарлари (ҳайкал, бюст, монумент, барельеф, монументал мажмуа ва шу кабилар);
рамзий ёдгорликлар — бино ва иншоотларнинг ички ҳамда ташқи қисмида, муҳим воқеага дахлдор ҳудудларда ўрнатилган, таниқли арбоблар хотирасини абадийлаштиришга бағишланган ёдгорлик объекти (обелиск, стела, мемориал лавҳа, рамзий ҳайкалтарошлик композициялари ва шу кабилар);
монументал-декоратив ҳайкалтарошлик — истироҳат боғлари, хиёбонлар, кўча ва боғ ансамбллари, мелиорация тармоқлари ҳамда тош йўлларни, шунингдек, бино ва иншоотларнинг деворларини безаш учун ишланадиган ҳайкаллар, рельефлар, декоратив шакллар, бўртма тасвирлар, ёдгорлик лавҳалари ҳамда фасад ва интерьерларни, биноларни, ландшафтларни ва табиий муҳитни, ҳудудларни, кўчаларни безашда меъморий элементлар сифатида хизмат қиладиган бошқа монументал- декоратив ҳамда декоратив шакллар ва ишлар мажмуаси;
монументал-декоратив санъат асарлари — бино ва иншоотнинг ички ҳамда ташқи кўринишини безаш учун қўлланиладиган, архитектура муҳити билан уйғун ҳолда яратилган витражлар, расмлар, монументал ва декоратив матолар, мозаикалар ва шу кабилар.
3. Монументал-декоратив ҳайкалтарошлик ва монументал-декоратив санъат асарлари монументал ёдгорликлар ҳисобланмайди.
4. Ушбу Низом талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
монументал-декоратив ҳайкалтарошлик ва монументал-декоратив санъат асарлари;
қабристонлар ҳудудлари ва ибодат жойлари (масжидлар, черковлар, синагогалар, ибодатхоналар ва бошқа ҳудудлар);
жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосларда тегишли бўлган, кўриш ҳамда оммавий ташриф буюриш учун ёпиқ бўлган, тўсиқ билан ўралган ҳудудларда ёхуд ушбу ҳудуддаги бино ва иншоотларда уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатиладиган монументал ёдгорликлар.
Жисмоний ва юридик шахслар томонидан кўриш ҳамда оммавий ташриф буюриш учун очиқ бўлган, тўсиқ билан ўралмаган ҳудудларда, шу жумладан, ўз маблағлари ҳисобидан монументал ёдгорликлар ва бошқа ҳайкалтарошлик асарларини ўрнатиш ушбу Низом талабларига мувофиқ ўрнатилади.
5. Қуйидагилар монументал ёдгорликларни ўрнатиш учун асос ҳисобланади:
миллий давлатчилик тарихидаги ёки ҳозирги замондаги муҳим воқеаларни абадийлаштириш;
шахснинг давлат, ижтимоий, сиёсий, ҳарбий, ишлаб чиқариш фаолияти, илм-фан, техника, адабиёт, маданият, санъат ва спорт соҳасидаги хизматларини эътироф этиш;
шахснинг муайян соҳага қўшган алоҳида ҳиссаси (илм-фан, техника, адабиёт, маданият, санъат, спорт, давлат, ижтимоий, сиёсий, ҳарбий, ишлаб чиқариш соҳаларида эътироф этилган ютуқлари мавжудлиги).
Монументал ёдгорликлар Ўзбекистон халқининг кўп йиллик орзу-умидлари ва интилишлари, ҳозирги замон ёхуд келажакдаги муҳим иқтисодий, ижтимоий ёки сиёсий воқеа-ҳодисаларга муносабатни акс эттирувчи рамзий ёдгорлик сифатида ҳам ўрнатилиши мумкин.
6. Монументал ёдгорликлар бадиий аҳамияти нуқтаи назаридан инсон шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уруш, жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликларни, порнография, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб этмаслиги, ижтимоий ахлоқ нормаларига зид бўлмаслиги, шунингдек, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатмаслиги лозим.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш бўйича ҳукумат эксперт комиссияси (кейинги ўринларда — Ҳукумат эксперт комиссияси) фаолият юритади.
8. Қуйидагилар Ҳукумат эксперт комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш, олиб ташлаш (кўчириш) тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ва уларнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида асослантирилган таклифлар тайёрлаш ва хулосалар бериш;
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ўрнатиладиган давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларнинг лойиҳаларини ғоявий-бадиий аҳамияти нуқтаи назаридан кўриб чиқиш, ўтказилган танловлар асосида саралаб олиш, зарур ҳолларда ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар бериш;
давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликлар лойиҳалари концепциясини ғоявий-бадиий аҳамияти нуқтаи назаридан кўриб чиқиш ва хулоса бериш;
давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш, кўчириш ва олиб ташлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш масалаларини манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда кўриб чиқиш ва хулосалар бериш;
давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликни қабул қилиб олиш, шу жумладан, ўрнатилган монументал ёдгорликларни қабул қилиш ишларини расмийлаштириш ёки қабул қилишни рад этиш.
9. Монументал ёдгорликларнинг лойиҳаларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун Ўзбекистон Бадиий академияси хузурида Бадиий экспертлар кенгаши тузилади.
10. Зарур ҳолларда, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши (кейинги ўринларда — Бадиий экспертлар кенгаши) эксперт сифатида турли ташкилотларнинг эксперт ва мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакилларини жалб қилиши мумкин.
11. Бадиий экспертлар кенгаши аъзоларига тўланадиган гонорар монументал ёдгорликларни яратиш ва ўрнатиш ишлари харажатлар сметасида назарда тутилади.
12. Ўзбекистон Республикасида монументал ёдгорликлар ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича ўрнатилади.
2-боб. Монументал ёдгорликларни ўрнатиш тўғрисидаги таклифларни тайёрлаш ва кўриб чиқиш тартиби
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва бошқа давлат органлари ҳамда республика миқёсидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари (кейинги ўринларда — монументал ёдгорликларни ўрнатиш ташаббускорлари) ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, давлат ёки маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш тўғрисида таклиф тайёрлайди.
14. Монументал ёдгорликларни ўрнатиш ташаббускорлари давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш тўғрисидаги таклифлар нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда меҳнат жамоалари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш ва унинг давлат ёки маҳаллий аҳамиятга молик эканлигига баҳо бериш учун Ўзбекистон Бадиий академиясига тақдим этилади.
15. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва меҳнат жамоалари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш учун такдим этилаётган монументал ёдгорликларни ўрнатиш тўғрисидаги таклифларга қуйидагилар илова қилинади:
абадийлаштириш таклиф этилаётган воқеа ёки хотирасига монументал ёдгорлик ўрнатиш таклиф этилаётган шахсга оид маълумотлар;
тарихий ёки тарихий-биографик маълумотлар;
монументал ёдгорликнинг тавсия этилган жойлашуви;
монументал ёдгорликнинг дастлабки лойиҳаси;
монументал ёдгорликни ўрнатиш ишларини молиялаштириш манбалари ва уни ўрнатишнинг режалаштирилган саналари.
16. Ўзбекистон Бадиий академияси бир ой муддатда монументал ёдгорликни ўрнатиш тўғрисидаги таклифлар бўйича тегишли соҳадаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва меҳнат жамоалари билан маслаҳатлашувлар ўтказади, шунингдек, монументал ёдгорликнинг давлат ёки маҳаллий аҳамиятга молик эканлигини аниқлайди.
17. Маслаҳатлашувлар натижалари ва монументал ёдгорликнинг давлат ёки маҳаллий аҳамиятга молик эканлиги бўйича Ўзбекистон Бадиий академияси раиси томонидан имзоланадиган хулоса тайёрланади ҳамда монументал ёдгорликларни ўрнатиш тўғрисидаги таклифни киритган субъектга тақдим этилади.
18. Маслаҳатлашувлар натижалари бўйича Ўзбекистон Бадиий академиясининг ижобий хулосаси олинган такдирда, монументал ёдгорликларни ўрнатиш ташаббускорлари:
давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш бўйича таклифларни Ҳукумат эксперт комиссиясига;
маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш бўйича таклифларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят ёки Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашига такдим этади.
19. Монументал ёдгорликларни ўрнатиш тўғрисидаги таклифга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
хотирасини абадийлаштириш таклиф этилаётган шахс ёки воқеа тўғрисидаги тарихий ёки тарихий-биографик маълумотлар;
воқеанинг ҳақиқийлигини ёки шахснинг хизматларини тасдиқловчи архив ҳужжатларининг нусхалари (мавжуд бўлса);
монументал ёдгорликнинг дастлабки лойиҳаси;
монументал ёдгорликда битилган ёзувга тушунтириш хати лойиҳаси;
монументал ёдгорлик ўрнатиладиган жой кўрсатилган ҳудуд харитасининг нусхаси;
агар кўп қаватли уйнинг ташқи деворига мемориал лавҳа ўрнатиш таклиф қилинса, кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши баённомасида расмийлаштирилган розилиги;
ҳудудида монументал ёдгорликни ўрнатиш таклиф этилаётган ер майдони эгасининг ёки ер майдонига бошқа қонуний асосда эгалик қилувчи жисмоний шахс ёки юридик шахс ваколатли вакилининг ёзма розилиги;
лойиҳа юзасидан жамоатчилик маслаҳатлашувлари натижалари бўйича Ўзбекистон Бадиий академиясининг хулосаси;
бинонинг (иншоот) фасадига ёки интерьерига мемориал лавҳа ўрнатиш таклиф этилаётган бино (иншоот) эгаси бўлган жисмоний шахс ёки юридик шахс ваколатли вакилининг ёзма розилиги (бино (иншоот) давлат мулки бўлган ҳоллар бундан мустасно).
20. Монументал ёдгорликларни ўрнатиш тўғрисидаги таклифни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
хотирасига монументал ёдгорлик ўрнатилган шахс ёки тарихий воқеанинг ушбу Низомнинг 5-банди талабларига мувофиқ эмаслиги;
монументал ёдгорликни ўрнатиш қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларнинг бузилишига олиб келиши;
ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги ёхуд нотўғри, ёлғон ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этилганлиги;
монументал ёдгорликни ўрнатиш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари ва меҳнат жамоалари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш натижалари бўйича Ўзбекистон Бадиий академиясининг салбий хулосасининг мавжудлиги.
3-боб. Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш тартиби
21. Ҳукумат эксперт комиссияси монументал ёдгорликларни ўрнатиш ташаббускорларининг давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликлар тўғрисидаги таклифини кўриб чиқади ва ижобий хулосага келган тақдирда, барча ҳужжатларни Ўзбекистон Бадиий академиясига юборади.
22. Ўзбекистон Бадиий академияси икки ой муддатда:
монументал ёдгорлик ечимининг асосий принципларини ифодалаб берувчи, тарихий ва ғоявий эҳтиёжини асослаб берувчи бадиий вазифаларни ўз ичига олган унинг якуний лойиҳасини ишлаб чиқишни назарда тутувчи лойиҳалаштириш дастурини тузади;
давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликни ўрнатиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Ҳукумат эксперт комиссияси билан келишади.
23. Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликлар лойиҳалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси Ҳукумат эксперт комиссияси томонидан кўриб чиқиб маъқулланса, ушбу лойиҳалар Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан белгиланган тартибда Ҳукуматга киритилади.
24. Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни яратиш ва ўрнатиш ишларини молиялаштириш ҳамда уларни ўрнатиш Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан амалга оширилади.
4-боб. Маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш бўйича қарор қабул қилиш тартиби
25. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари монументал ёдгорликларни ўрнатиш ташаббускорларининг маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорлик ўрнатиш тўғрисидаги таклифини кўриб чиқади ва ижобий хулосага келган тақдирда, унинг дастлабки лойиҳасини келишиш учун Ўзбекистон Бадиий академиясига тақдим этади.
26. Ўзбекистон Бадиий академияси маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликнинг дастлабки лойиҳасини икки ой муддатда ўрганади.
Ўзбекистон Бадиий академияси маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликнинг дастлабки лойиҳасининг тарихий ва ғоявий эҳтиёжни асослаб берувчи бадиий вазифаларига мувофиқлигини баҳолайди.
Ўзбекистон Бадиий академиясининг хулосаси тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига тақдим этилади.
27. Маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш Ўзбекистон Бадиий академиясининг ижобий хулосаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари қарори билан ўрнатилади.
Маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликни лойиҳалаштириш дастурини тузиш, лойиҳалаштириш шакли, лойиҳалаштириш ва монументал ёдгорликларни яратиш ҳамда ўрнатиш ишларини молиялаштириш манбалари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари қарори билан белгиланади.
5-боб. Монументал ёдгорликларни ўрнатиш шартлари ва қабул қилиб олиш тартиби
28. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахсларнинг ҳаёт вақтида хотирасини абадийлаштиришга ва уларнинг шарафига монументал ёдгорликлар ўрнатишга йўл қўйилмайди.
29. Монументал ёдгорликни ўрнатиш бўйича ижрочи Ўзбекистон Республикасининг « Давлат харидлари тўғрисида »ги, « Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида »ги қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатлари талаблари асосида аниқланади.
30. Монументал ёдгорликнинг очилиши, қоида тариқасида, маълум бир санага (юбилей, таниқли арбобнинг ҳаёт йўли босқичи ёки тарихий воқеа) бағишланади ва кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда тантанали муҳитда ўтказилади.
31. Давлат аҳамиятига молик ўрнатилган монументал ёдгорликлар Ҳукумат эксперт комиссияси уларни қабул қилгандан кейин очилади.
32. Маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликлар Ўзбекистон Бадиий академияси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар вакилларидан ва лойиҳа муаллифларидан иборат таркибдаги комиссия қабул қилиб олгандан кейин очилади.
6-боб. Монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш)
33. Монументал ёдгорликлар ёдгорликнинг эгаси (муаллифлик ҳуқуқи эгаси), давлат ва жамоатчилик ташкилотлари, ижро этувчи ҳокимият органлари ташаббусига кўра олиб ташланиши (кўчирилиши) мумкин.
34. Монументал ёдгорликни олиб ташлаш (кўчириш) тўғрисидаги таклифга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
монументал ёдгорлик тўғрисидаги маълумотлар (ёдгорликнинг номи, ёдгорликнинг жойлашув схемаси, ёдгорлик жойлашган жойдан энг яқин капитал қурилиш объектининг камида бир манзили кўрсатилиши, ёдгорликнинг фотосурати);
монументал ёдгорликни олиб ташлаш (кўчириш) зарурлигини асослаш (шу жумладан, архитектура-бадиий дизайнининг мос келмаслиги, ёдгорликни ўрнатиш меъёрларининг бузилиши, ҳуқуқий ҳужжатлар, техник регламентларга мос келмаслиги, бинони (иншоотни) бузиш, шаҳарсозлик ҳолатининг ўзгариши ва бошқалар).
35. Монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш) ишларини амалга ошириш вақтида монументал санъат ёдгорлиги моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти бўлган такдирда, Маданий мерос агентлиги билан келишиш мажбурий ҳисобланади.
36. Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш) тўғрисидаги масала бўйича Ҳукумат эксперт комиссияси хулосаси олинади.
Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш) тўғрисидаги қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.
Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш) тўғрисидаги масала белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилади.
37. Маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш) тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси билан келишилган ҳолда қабул қилинади.
38. Монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш) тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш натижаларига кўра мутасадди орган қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш) тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлаш ва монументал ёдгорликларни олиб ташлаш, кўчириш тўғрисида қарор қабул қилиш;
монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш) тўғрисидаги таклифни рад этиш.
39. Монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш) тўғрисидаги таклифни рад этиш учун асослар:
хотирасига монументал ёдгорлик ўрнатилган шахс ёки тарихий воқеанинг ушбу Низом 5-банди талабларига мувофиқлиги (бино (иншоот) бузилиши муносабати билан бино (иншоот) ҳудудида ўрнатилган монументал ёдгорликни бошқа жойга ўтказиш ҳоллари бундан мустасно);
монументал ёдгорликни олиб ташлаш (кўчириш) қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларнинг бузилишига олиб келиши;
ушбу Низомнинг 34-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг тўлиқ такдим этилмаганлиги ёхуд нотўғри, ёлғон ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этилганлиги.
40. Монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш) у жойлашган ҳудуд ижро этувчи ҳокимият органи томонидан ташкил этилади.
41. Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш) бўйича тадбирлар Ҳукумат эксперт комиссияси хулосаси асосида молиялаштирилади.
Маҳаллий аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни олиб ташлаш (кўчириш) бўйича тадбирларни молиялаштириш унинг ташаббускори маблағлари ёхуд қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
42. Қонунчиликка зид равишда ўрнатилган монументал ёдгорлик суд қарорига асосан уни ўрнатган шахснинг маблағлари ҳисобидан олиб ташланади (кўчирилади).
Монументал ёдгорлик уни қонунчиликка зид равишда ўрнатган шахс ташаббуси билан унга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ҳамда мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳудудга, бино ёки иншоотга кўчириб ўтказилиши мумкин.
7-боб. Якунловчи қоидалар
43. Монументал ёдгорликларни ўрнатиш учун ер участкаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилади. Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга монументал ёдгорликларни ўрнатиш мақсадида берилиши мумкин.
44. Ушбу Низом қоидалари қўлланиши билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
45. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасида монументал ёдгорликларни ўрнатиш ва олиб ташлаш (кўчириш) тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида монументал ёдгорликларни ўрнатиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа давлат органлари , республика ННТ (монументал ёдгорлик ўрнатиш ташаббускори) 1. Монументал ёдгорликларни ўрнатиш тўғрисидаги таклиф ва иловалардан иборат ҳужжатлар тўпламини тайёрлайди. 2. Ҳужжатлар тўпламини жамоатчилик билан маслаҳатлашувлар ўтказиш ва унинг давлат ёки маҳаллий аҳамиятга молик эканлигига баҳо бериш учун Ўзбекистон Бадиий академиясига расмий хат билан юборади. Монументал ёдгорликларни ўрнатиш учун асос вужудга келганда 2-босқич Ўзбекистон Бадиий академияси 1. Монументал ёдгорликни ўрнатиш тўғрисидаги таклифлар бўйича тегишли соҳадаги ННТ ва меҳнат жамоалари билан жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказ ади ва монументал ёдгорликнинг давлат ёки маҳаллий аҳамиятга моликлигини аниқлайди . 2. Тегишли хулосани тайёрлайди ҳамда монументал ёдгорлик ўрнатиш ташаббускорига тақдим этади . Ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб бир ой муддатда 3-босқич Монументал ёдгорлик ўрнатиш ташаббускори Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш бўйича таклифларни Ҳукумат эксперт комиссиясига, маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликлар бўйича таклифларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят ёки Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашига тақдим этади. Ўзбекистон Бадиий академияси хулосаси келиб тушгандан сўнг икки ҳафта муддатда Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш 4-босқич Ҳукумат эксперт комиссияси Монументал ёдгорликларни ўрнатиш ташаббускорларининг давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликлар тўғрисидаги таклифини кўриб чиқади ва ижобий хулосага келган тақдирда, барча ҳужжатларни Ўзбекистон Бадиий академиясига юборади. Ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб бир ой муддатда 5-босқич Ўзбекистон Бадиий академияси 1. Монументал ёдгорликнинг якуний лойиҳасини ишлаб чиқишни назарда тутувчи лойиҳалаштириш дастурини тузади ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқади. 2. Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини белгиланган тартибда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Ҳукумат эксперт комиссияси билан келишади. Икки ой муддатда 6-босқич Ўзбекистон Бадиий академияси Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликлар лойиҳалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси Ҳукумат эксперт комиссияси томонидан кўриб чиқиб маъқулланса, ушбу лойиҳаларни Ҳукуматга киритади. Икки ҳафта муддатда 7-босқич Вазирлар Маҳкамаси Давлат аҳамиятига молик монументал ёдгорликларни яратиш ва ўрнатиш бўйича қарор қабул қилади. Вазирлар Маҳкамаси Регламентида белгиланган муддатларда Маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш 4а-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари 1. Монументал ёдгорликни ўрнатиш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқади. 2. Ижобий хулосага келган тақдирда, унинг дастлабки лойиҳасини келишиш учун Ўзбекистон Бадиий академиясига тақдим этади. Ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб бир ой муддатда 5а-босқич Ўзбекистон Бадиий академияси 1. Монументал ёдгорликнинг дастлабки лойиҳасини ўрганади, уни тарихий ва мафкуравий эҳтиёжни асослаб берувчи ғоявий-бадиий вазифаларга мувофиқлигини баҳолайди. 2. Ўрганиш натижалари бўйича хулосани тегишлича халқ депутатлари Кенгашига тақдим этади. Икки ой муддатда 6а-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари Маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни яратиш ва ўрнатиш бўйича қарор қабул қилади. Белгиланган муддатларда
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 30 май,
312-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TARKIBI
NIZOM
SXEMASI
Oʻzbekiston Respublikasida monumental yodgorliklarni oʻrnatish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi hududida oʻrnatiladigan monumental yodgorliklarning badiiy-estetik jihatdan mukammal boʻlishini taʼminlash, ularni oʻrnatish masalalarini toʻliq tartibga solish, shuningdek, mazkur ishlarning gʻoyaviy asoslarini yanada mustahkamlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish boʻyicha hukumat ekspert komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Hukumat ekspert komissiyasi) 1-ilovaga muvofiq tarkibda tuzilsin.
2. Quyidagilar Hukumat ekspert komissiyasining vazifalari etib belgilansin:
davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish, olib tashlash (koʻchirish) toʻgʻrisidagi murojaatlarni koʻrib chiqish va ularning maqsadga muvofiqligi yoki muvofiq emasligi toʻgʻrisida asoslantirilgan takliflar tayyorlash va xulosalar berish;
Vazirlar Mahkamasining qarorlari asosida oʻrnatiladigan davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarning loyihalarini gʻoyaviy-badiiy ahamiyati nuqtai nazaridan koʻrib chiqish, oʻtkazilgan tanlovlar asosida saralab olish, zarur hollarda oʻzgartirishlar kiritish yuzasidan takliflar berish;
davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklar loyihalari konsepsiyasini gʻoyaviy-badiiy ahamiyati nuqtai nazaridan koʻrib chiqish va xulosa berish;
davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish, koʻchirish va olib tashlash boʻyicha tadbirlarni moliyalashtirish masalalarini manfaatdor tashkilotlar bilan birgalikda koʻrib chiqish va xulosalar berish;
davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorlikni qabul qilib olish, shu jumladan, oʻrnatilgan monumental yodgorliklarni qabul qilish ishlarini rasmiylashtirish yoki qabul qilishni rad etish.
3. Oʻzbekiston Respublikasida monumental yodgorliklarni oʻrnatish va olib tashlash (koʻchirish) tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Belgilansinki:
Oʻzbekiston Respublikasi hududida davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklar Vazirlar Mahkamasining qarorlariga asosan oʻrnatiladi;
davlat va jamoat tashkilotlarining mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish toʻgʻrisidagi takliflari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyatlar va Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashlariga kiritiladi hamda Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi bilan kelishilgan holda qaror qabul qilinadi;
monumental yodgorliklarni oʻrnatishdan oldin tegishli sohadagi nodavlat notijorat tashkilotlari va mehnat jamoalari bilan maslahatlashuvlar oʻtkaziladi;
monumental yodgorliklarning loyihalarini koʻrib chiqish va xulosa berish uchun Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi huzurida Badiiy ekspertlar kengashi tuziladi;
Oʻzbekiston Respublikasi hududida shaxslarning hayot vaqtida xotirasini abadiylashtirishga va ularning sharafiga monumental yodgorliklar oʻrnatishga yoʻl qoʻyilmaydi;
monumental yodgorliklarni yaratish va oʻrnatish ishlarini moliyalashtirish manbalari tegishlicha Vazirlar Mahkamasi yoki Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyatlar va Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashlari qarorlari bilan belgilanadi.
5. Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi ikki hafta muddatda monumental yodgorliklar loyihalarini koʻrib chiqish uchun Badiiy ekspertlar kengashining tarkibi va nizomini tasdiqlasin.
6. Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda uch oy muddatda monumental yodgorliklarning gʻoyaviy asoslarini yanada mustahkamlash orqali fuqarolarda, ayniqsa, yosh avlodda estetik badiiy did, milliy iftixor hamda mamlakatimizning yetuk arboblari va tarixiy voqealarini qadrlash, vatanparvarlik tuygʻularini mustahkamlash boʻyicha konsepsiya hamda monumental yodgorliklarni oʻrnatish boʻyicha dastur loyihasini ishlab chiqib, Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
7. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 27-avgustdagi 543-son qarori bilan tasdiqlangan Yer uchastkalarini jamoat ehtiyojlari uchun doimiy foydalanishga ajratishning maʼmuriy reglamenti 3-bandining oʻn ikkinchi xatboshisi “rekreatsion obyektlarni qurish” soʻzlaridan keyin “yoxud monumental yodgorliklarni oʻrnatish” soʻzlari bilan toʻldirilsin.
8. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida yodgorliklar va haykallarni loyihalashtirish hamda oʻrnatishni tartibga solish toʻgʻrisida” 1993-yil 23-iyundagi 305-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
9. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi raisi A.V. Nuridinov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-maydagi 312-son qaroriga 1-ILOVA
Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish boʻyicha hukumat ekspert komissiyasining
1. A.V. Nuridinov — Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi raisi, Komissiya raisi 2. B.G. Abdikarimov — Madaniy meros agentligi direktori 3. B.I. Zakirov — qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri 4. O.A. Nazarbekov — madaniyat vaziri 5. B.S. Yuldashev — Oʻzbekiston Fanlar akademiyasi prezidenti 6. O.A. Xasanov — Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi rahbari 7. S.S. Saidov — Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi 8. A.R . Toʻxtayev — Oʻzbekiston Meʼmorlar uyushmasi raisi 9. B.F. Jalolov — Oʻzbekiston xalq rassomi 10. J.B . Annazarov — Oʻzbekiston xalq rassomi, haykaltarosh 11. I.M. Valixodjayev — Oʻzbekiston Badiiy ijodkorlar uyushmasi raisi, Komissiya masʼul kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-maydagi 312-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasida monumental yodgorliklarni oʻrnatish va olib tashlash (koʻchirish) tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasida monumental yodgorliklarni oʻrnatish va olib tashlash (koʻchirish) tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
monumental yodgorliklar — muayyan davrning umumfalsafiy va ijtimoiy gʻoyalarini oʻzida aks ettiruvchi, atoqli davlat, siyosat va jamoat arboblari, milliy qahramonlar, taniqli fan, madaniyat va sanʼat arboblari (keyingi oʻrinlarda — taniqli arboblar) xotirasini hamda tarixiy va muhim voqealarni, adabiy-folklor asarlar qahramonlarini abadiylashtirishda mustaqil ahamiyat kasb etadigan memorial inshootlar, yodgorliklar va ramziy yodgorliklar shaklidagi haykaltaroshlik asarlari;
memorial inshootlar — taniqli arboblar xotirasiga va tarixiy voqealarga bagʻishlangan meʼmorchilik hamda monumental haykaltaroshlik asarlari bilan uygʻun holda yaratilgan yodgorlik majmualari;
yodgorliklar — taniqli arboblar va tarixiy voqealarni abadiylashtirish uchun yaratilgan monumental haykaltaroshlik asarlari (haykal, byust, monument, barelyef, monumental majmua va shu kabilar);
ramziy yodgorliklar — bino va inshootlarning ichki hamda tashqi qismida, muhim voqeaga daxldor hududlarda oʻrnatilgan, taniqli arboblar xotirasini abadiylashtirishga bagʻishlangan yodgorlik obyekti (obelisk, stela, memorial lavha, ramziy haykaltaroshlik kompozitsiyalari va shu kabilar);
monumental-dekorativ haykaltaroshlik — istirohat bogʻlari, xiyobonlar, koʻcha va bogʻ ansambllari, melioratsiya tarmoqlari hamda tosh yoʻllarni, shuningdek, bino va inshootlarning devorlarini bezash uchun ishlanadigan haykallar, relyeflar, dekorativ shakllar, boʻrtma tasvirlar, yodgorlik lavhalari hamda fasad va interyerlarni, binolarni, landshaftlarni va tabiiy muhitni, hududlarni, koʻchalarni bezashda meʼmoriy elementlar sifatida xizmat qiladigan boshqa monumental- dekorativ hamda dekorativ shakllar va ishlar majmuasi;
monumental-dekorativ sanʼat asarlari — bino va inshootning ichki hamda tashqi koʻrinishini bezash uchun qoʻllaniladigan, arxitektura muhiti bilan uygʻun holda yaratilgan vitrajlar, rasmlar, monumental va dekorativ matolar, mozaikalar va shu kabilar.
3. Monumental-dekorativ haykaltaroshlik va monumental-dekorativ sanʼat asarlari monumental yodgorliklar hisoblanmaydi.
4. Ushbu Nizom talablari quyidagilarga nisbatan tatbiq etilmaydi:
monumental-dekorativ haykaltaroshlik va monumental-dekorativ sanʼat asarlari;
qabristonlar hududlari va ibodat joylari (masjidlar, cherkovlar, sinagogalar, ibodatxonalar va boshqa hududlar);
jismoniy va yuridik shaxslarga mulk huquqi yoki boshqa qonuniy asoslarda tegishli boʻlgan, koʻrish hamda ommaviy tashrif buyurish uchun yopiq boʻlgan, toʻsiq bilan oʻralgan hududlarda yoxud ushbu hududdagi bino va inshootlarda ularning oʻz mablagʻlari hisobidan oʻrnatiladigan monumental yodgorliklar.
Jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan koʻrish hamda ommaviy tashrif buyurish uchun ochiq boʻlgan, toʻsiq bilan oʻralmagan hududlarda, shu jumladan, oʻz mablagʻlari hisobidan monumental yodgorliklar va boshqa haykaltaroshlik asarlarini oʻrnatish ushbu Nizom talablariga muvofiq oʻrnatiladi.
5. Quyidagilar monumental yodgorliklarni oʻrnatish uchun asos hisoblanadi:
milliy davlatchilik tarixidagi yoki hozirgi zamondagi muhim voqealarni abadiylashtirish;
shaxsning davlat, ijtimoiy, siyosiy, harbiy, ishlab chiqarish faoliyati, ilm-fan, texnika, adabiyot, madaniyat, sanʼat va sport sohasidagi xizmatlarini eʼtirof etish;
shaxsning muayyan sohaga qoʻshgan alohida hissasi (ilm-fan, texnika, adabiyot, madaniyat, sanʼat, sport, davlat, ijtimoiy, siyosiy, harbiy, ishlab chiqarish sohalarida eʼtirof etilgan yutuqlari mavjudligi).
Monumental yodgorliklar Oʻzbekiston xalqining koʻp yillik orzu-umidlari va intilishlari, hozirgi zamon yoxud kelajakdagi muhim iqtisodiy, ijtimoiy yoki siyosiy voqea-hodisalarga munosabatni aks ettiruvchi ramziy yodgorlik sifatida ham oʻrnatilishi mumkin.
6. Monumental yodgorliklar badiiy ahamiyati nuqtai nazaridan inson shaʼni va qadr-qimmatini kamsitmasligi, urush, jinoyat va boshqa huquqbuzarliklarni, pornografiya, zoʻravonlik yoki shafqatsizlikni targʻib etmasligi, ijtimoiy axloq normalariga zid boʻlmasligi, shuningdek, milliy, irqiy, etnik yoki diniy adovatni qoʻzgʻatmasligi lozim.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzurida Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish boʻyicha hukumat ekspert komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Hukumat ekspert komissiyasi) faoliyat yuritadi.
8. Quyidagilar Hukumat ekspert komissiyasining asosiy vazifalari hisoblanadi:
davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish, olib tashlash (koʻchirish) toʻgʻrisidagi murojaatlarni koʻrib chiqish va ularning maqsadga muvofiqligi yoki muvofiq emasligi toʻgʻrisida asoslantirilgan takliflar tayyorlash va xulosalar berish;
Vazirlar Mahkamasining qarorlari asosida oʻrnatiladigan davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarning loyihalarini gʻoyaviy-badiiy ahamiyati nuqtai nazaridan koʻrib chiqish, oʻtkazilgan tanlovlar asosida saralab olish, zarur hollarda oʻzgartirishlar kiritish yuzasidan takliflar berish;
davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklar loyihalari konsepsiyasini gʻoyaviy-badiiy ahamiyati nuqtai nazaridan koʻrib chiqish va xulosa berish;
davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish, koʻchirish va olib tashlash boʻyicha tadbirlarni moliyalashtirish masalalarini manfaatdor tashkilotlar bilan birgalikda koʻrib chiqish va xulosalar berish;
davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorlikni qabul qilib olish, shu jumladan, oʻrnatilgan monumental yodgorliklarni qabul qilish ishlarini rasmiylashtirish yoki qabul qilishni rad etish.
9. Monumental yodgorliklarning loyihalarini koʻrib chiqish va xulosa berish uchun Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi xuzurida Badiiy ekspertlar kengashi tuziladi.
10. Zarur hollarda, Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi huzuridagi Badiiy ekspertlar kengashi (keyingi oʻrinlarda — Badiiy ekspertlar kengashi) ekspert sifatida turli tashkilotlarning ekspert va mutaxassislari hamda jamoatchilik vakillarini jalb qilishi mumkin.
11. Badiiy ekspertlar kengashi aʼzolariga toʻlanadigan gonorar monumental yodgorliklarni yaratish va oʻrnatish ishlari xarajatlar smetasida nazarda tutiladi.
12. Oʻzbekiston Respublikasida monumental yodgorliklar ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema boʻyicha oʻrnatiladi.
2-bob. Monumental yodgorliklarni oʻrnatish toʻgʻrisidagi takliflarni tayyorlash va koʻrib chiqish tartibi
13. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar, Toshkent shahar hokimliklari va boshqa davlat organlari hamda respublika miqyosidagi nodavlat notijorat tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — monumental yodgorliklarni oʻrnatish tashabbuskorlari) ushbu Nizomning 5-bandida nazarda tutilgan asoslar mavjud boʻlganda, davlat yoki mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish toʻgʻrisida taklif tayyorlaydi.
14. Monumental yodgorliklarni oʻrnatish tashabbuskorlari davlat va mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish toʻgʻrisidagi takliflar nodavlat notijorat tashkilotlari hamda mehnat jamoalari bilan maslahatlashuvlar oʻtkazish va uning davlat yoki mahalliy ahamiyatga molik ekanligiga baho berish uchun Oʻzbekiston Badiiy akademiyasiga taqdim etiladi.
15. Nodavlat notijorat tashkilotlari va mehnat jamoalari bilan maslahatlashuvlar oʻtkazish uchun takdim etilayotgan monumental yodgorliklarni oʻrnatish toʻgʻrisidagi takliflarga quyidagilar ilova qilinadi:
abadiylashtirish taklif etilayotgan voqea yoki xotirasiga monumental yodgorlik oʻrnatish taklif etilayotgan shaxsga oid maʼlumotlar;
tarixiy yoki tarixiy-biografik maʼlumotlar;
monumental yodgorlikning tavsiya etilgan joylashuvi;
monumental yodgorlikning dastlabki loyihasi;
monumental yodgorlikni oʻrnatish ishlarini moliyalashtirish manbalari va uni oʻrnatishning rejalashtirilgan sanalari.
16. Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi bir oy muddatda monumental yodgorlikni oʻrnatish toʻgʻrisidagi takliflar boʻyicha tegishli sohadagi nodavlat notijorat tashkilotlari va mehnat jamoalari bilan maslahatlashuvlar oʻtkazadi, shuningdek, monumental yodgorlikning davlat yoki mahalliy ahamiyatga molik ekanligini aniqlaydi.
17. Maslahatlashuvlar natijalari va monumental yodgorlikning davlat yoki mahalliy ahamiyatga molik ekanligi boʻyicha Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi raisi tomonidan imzolanadigan xulosa tayyorlanadi hamda monumental yodgorliklarni oʻrnatish toʻgʻrisidagi taklifni kiritgan subyektga taqdim etiladi.
18. Maslahatlashuvlar natijalari boʻyicha Oʻzbekiston Badiiy akademiyasining ijobiy xulosasi olingan takdirda, monumental yodgorliklarni oʻrnatish tashabbuskorlari:
davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish boʻyicha takliflarni Hukumat ekspert komissiyasiga;
mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish boʻyicha takliflarni tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyat yoki Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashiga takdim etadi.
19. Monumental yodgorliklarni oʻrnatish toʻgʻrisidagi taklifga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
xotirasini abadiylashtirish taklif etilayotgan shaxs yoki voqea toʻgʻrisidagi tarixiy yoki tarixiy-biografik maʼlumotlar;
voqeaning haqiqiyligini yoki shaxsning xizmatlarini tasdiqlovchi arxiv hujjatlarining nusxalari (mavjud boʻlsa);
monumental yodgorlikning dastlabki loyihasi;
monumental yodgorlikda bitilgan yozuvga tushuntirish xati loyihasi;
monumental yodgorlik oʻrnatiladigan joy koʻrsatilgan hudud xaritasining nusxasi;
agar koʻp qavatli uyning tashqi devoriga memorial lavha oʻrnatish taklif qilinsa, koʻp kvartirali uydagi joylar mulkdorlarining umumiy yigʻilishi bayonnomasida rasmiylashtirilgan roziligi;
hududida monumental yodgorlikni oʻrnatish taklif etilayotgan yer maydoni egasining yoki yer maydoniga boshqa qonuniy asosda egalik qiluvchi jismoniy shaxs yoki yuridik shaxs vakolatli vakilining yozma roziligi;
loyiha yuzasidan jamoatchilik maslahatlashuvlari natijalari boʻyicha Oʻzbekiston Badiiy akademiyasining xulosasi;
binoning (inshoot) fasadiga yoki interyeriga memorial lavha oʻrnatish taklif etilayotgan bino (inshoot) egasi boʻlgan jismoniy shaxs yoki yuridik shaxs vakolatli vakilining yozma roziligi (bino (inshoot) davlat mulki boʻlgan hollar bundan mustasno).
20. Monumental yodgorliklarni oʻrnatish toʻgʻrisidagi taklifni rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:
xotirasiga monumental yodgorlik oʻrnatilgan shaxs yoki tarixiy voqeaning ushbu Nizomning 5-bandi talablariga muvofiq emasligi;
monumental yodgorlikni oʻrnatish qonunchilik hujjatlari, shuningdek, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan talablarning buzilishiga olib kelishi;
ushbu Nizomning 19-bandida koʻrsatilgan hujjatlarning toʻliq taqdim etilmaganligi yoxud notoʻgʻri, yolgʻon yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar taqdim etilganligi;
monumental yodgorlikni oʻrnatish boʻyicha nodavlat notijorat tashkilotlari va mehnat jamoalari bilan maslahatlashuvlar oʻtkazish natijalari boʻyicha Oʻzbekiston Badiiy akademiyasining salbiy xulosasining mavjudligi.
3-bob. Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish tartibi
21. Hukumat ekspert komissiyasi monumental yodgorliklarni oʻrnatish tashabbuskorlarining davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklar toʻgʻrisidagi taklifini koʻrib chiqadi va ijobiy xulosaga kelgan taqdirda, barcha hujjatlarni Oʻzbekiston Badiiy akademiyasiga yuboradi.
22. Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi ikki oy muddatda:
monumental yodgorlik yechimining asosiy prinsiplarini ifodalab beruvchi, tarixiy va gʻoyaviy ehtiyojini asoslab beruvchi badiiy vazifalarni oʻz ichiga olgan uning yakuniy loyihasini ishlab chiqishni nazarda tutuvchi loyihalashtirish dasturini tuzadi;
davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorlikni oʻrnatish boʻyicha Vazirlar Mahkamasining qarori loyihasini ishlab chiqadi va belgilangan tartibda tegishli vazirlik va idoralar hamda Hukumat ekspert komissiyasi bilan kelishadi.
23. Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklar loyihalari hamda Vazirlar Mahkamasining qarori loyihasi Hukumat ekspert komissiyasi tomonidan koʻrib chiqib maʼqullansa, ushbu loyihalar Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi tomonidan belgilangan tartibda Hukumatga kiritiladi.
24. Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni yaratish va oʻrnatish ishlarini moliyalashtirish hamda ularni oʻrnatish Vazirlar Mahkamasining qaroriga asosan amalga oshiriladi.
4-bob. Mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish boʻyicha qaror qabul qilish tartibi
25. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyatlar va Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashlari monumental yodgorliklarni oʻrnatish tashabbuskorlarining mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorlik oʻrnatish toʻgʻrisidagi taklifini koʻrib chiqadi va ijobiy xulosaga kelgan taqdirda, uning dastlabki loyihasini kelishish uchun Oʻzbekiston Badiiy akademiyasiga taqdim etadi.
26. Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorlikning dastlabki loyihasini ikki oy muddatda oʻrganadi.
Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorlikning dastlabki loyihasining tarixiy va gʻoyaviy ehtiyojni asoslab beruvchi badiiy vazifalariga muvofiqligini baholaydi.
Oʻzbekiston Badiiy akademiyasining xulosasi tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyatlar yoki Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashlariga taqdim etiladi.
27. Mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish Oʻzbekiston Badiiy akademiyasining ijobiy xulosasi asosida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyatlar va Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashlari qarori bilan oʻrnatiladi.
Mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorlikni loyihalashtirish dasturini tuzish, loyihalashtirish shakli, loyihalashtirish va monumental yodgorliklarni yaratish hamda oʻrnatish ishlarini moliyalashtirish manbalari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyatlar va Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashlari qarori bilan belgilanadi.
5-bob. Monumental yodgorliklarni oʻrnatish shartlari va qabul qilib olish tartibi
28. Oʻzbekiston Respublikasi hududida shaxslarning hayot vaqtida xotirasini abadiylashtirishga va ularning sharafiga monumental yodgorliklar oʻrnatishga yoʻl qoʻyilmaydi.
29. Monumental yodgorlikni oʻrnatish boʻyicha ijrochi Oʻzbekiston Respublikasining “ Davlat xaridlari toʻgʻrisida ”gi, “ Mualliflik huquqi va turdosh huquqlar toʻgʻrisida ”gi qonunlari va boshqa qonun hujjatlari talablari asosida aniqlanadi.
30. Monumental yodgorlikning ochilishi, qoida tariqasida, maʼlum bir sanaga (yubiley, taniqli arbobning hayot yoʻli bosqichi yoki tarixiy voqea) bagʻishlanadi va keng jamoatchilikni jalb qilgan holda tantanali muhitda oʻtkaziladi.
31. Davlat ahamiyatiga molik oʻrnatilgan monumental yodgorliklar Hukumat ekspert komissiyasi ularni qabul qilgandan keyin ochiladi.
32. Mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorliklar Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi, shuningdek, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, vazirlik va idoralar vakillaridan va loyiha mualliflaridan iborat tarkibdagi komissiya qabul qilib olgandan keyin ochiladi.
6-bob. Monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish)
33. Monumental yodgorliklar yodgorlikning egasi (mualliflik huquqi egasi), davlat va jamoatchilik tashkilotlari, ijro etuvchi hokimiyat organlari tashabbusiga koʻra olib tashlanishi (koʻchirilishi) mumkin.
34. Monumental yodgorlikni olib tashlash (koʻchirish) toʻgʻrisidagi taklifga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
monumental yodgorlik toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (yodgorlikning nomi, yodgorlikning joylashuv sxemasi, yodgorlik joylashgan joydan eng yaqin kapital qurilish obyektining kamida bir manzili koʻrsatilishi, yodgorlikning fotosurati);
monumental yodgorlikni olib tashlash (koʻchirish) zarurligini asoslash (shu jumladan, arxitektura-badiiy dizaynining mos kelmasligi, yodgorlikni oʻrnatish meʼyorlarining buzilishi, huquqiy hujjatlar, texnik reglamentlarga mos kelmasligi, binoni (inshootni) buzish, shaharsozlik holatining oʻzgarishi va boshqalar).
35. Monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish) ishlarini amalga oshirish vaqtida monumental sanʼat yodgorligi moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyekti boʻlgan takdirda, Madaniy meros agentligi bilan kelishish majburiy hisoblanadi.
36. Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish) toʻgʻrisidagi masala boʻyicha Hukumat ekspert komissiyasi xulosasi olinadi.
Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish) toʻgʻrisidagi qaror Vazirlar Mahkamasi tomonidan qabul qilinadi.
Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish) toʻgʻrisidagi masala belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi bilan kelishiladi.
37. Mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish) toʻgʻrisidagi qaror Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyatlar va Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashlari tomonidan Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi bilan kelishilgan holda qabul qilinadi.
38. Monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish) toʻgʻrisidagi taklifni koʻrib chiqish natijalariga koʻra mutasaddi organ quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish) toʻgʻrisidagi taklifni qoʻllab-quvvatlash va monumental yodgorliklarni olib tashlash, koʻchirish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;
monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish) toʻgʻrisidagi taklifni rad etish.
39. Monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish) toʻgʻrisidagi taklifni rad etish uchun asoslar:
xotirasiga monumental yodgorlik oʻrnatilgan shaxs yoki tarixiy voqeaning ushbu Nizom 5-bandi talablariga muvofiqligi (bino (inshoot) buzilishi munosabati bilan bino (inshoot) hududida oʻrnatilgan monumental yodgorlikni boshqa joyga oʻtkazish hollari bundan mustasno);
monumental yodgorlikni olib tashlash (koʻchirish) qonunchilik hujjatlari, shuningdek, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan talablarning buzilishiga olib kelishi;
ushbu Nizomning 34-bandida koʻrsatilgan hujjatlarning toʻliq takdim etilmaganligi yoxud notoʻgʻri, yolgʻon yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar taqdim etilganligi.
40. Monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish) u joylashgan hudud ijro etuvchi hokimiyat organi tomonidan tashkil etiladi.
41. Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish) boʻyicha tadbirlar Hukumat ekspert komissiyasi xulosasi asosida moliyalashtiriladi.
Mahalliy ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni olib tashlash (koʻchirish) boʻyicha tadbirlarni moliyalashtirish uning tashabbuskori mablagʻlari yoxud qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.
42. Qonunchilikka zid ravishda oʻrnatilgan monumental yodgorlik sud qaroriga asosan uni oʻrnatgan shaxsning mablagʻlari hisobidan olib tashlanadi (koʻchiriladi).
Monumental yodgorlik uni qonunchilikka zid ravishda oʻrnatgan shaxs tashabbusi bilan unga mulk huquqi asosida tegishli boʻlgan hamda mazkur Nizomning 4-bandida nazarda tutilgan hududga, bino yoki inshootga koʻchirib oʻtkazilishi mumkin.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
43. Monumental yodgorliklarni oʻrnatish uchun yer uchastkasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq ajratiladi. Yer uchastkalari jamoat ehtiyojlari uchun doimiy foydalanishga monumental yodgorliklarni oʻrnatish maqsadida berilishi mumkin.
44. Ushbu Nizom qoidalari qoʻllanishi bilan bogʻliq nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
45. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasida monumental yodgorliklarni oʻrnatish va olib tashlash (koʻchirish) tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasida monumental yodgorliklarni oʻrnatish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar, Toshkent shahar hokimliklari, boshqa davlat organlari , respublika NNT (monumental yodgorlik oʻrnatish tashabbuskori) 1. Monumental yodgorliklarni oʻrnatish toʻgʻrisidagi taklif va ilovalardan iborat hujjatlar toʻplamini tayyorlaydi. 2. Hujjatlar toʻplamini jamoatchilik bilan maslahatlashuvlar oʻtkazish va uning davlat yoki mahalliy ahamiyatga molik ekanligiga baho berish uchun Oʻzbekiston Badiiy akademiyasiga rasmiy xat bilan yuboradi. Monumental yodgorliklarni oʻrnatish uchun asos vujudga kelganda 2-bosqich Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi 1. Monumental yodgorlikni oʻrnatish toʻgʻrisidagi takliflar boʻyicha tegishli sohadagi NNT va mehnat jamoalari bilan jamoatchilik maslahatlashuvlarini oʻtkaz adi va monumental yodgorlikning davlat yoki mahalliy ahamiyatga molikligini aniqlaydi . 2. Tegishli xulosani tayyorlaydi hamda monumental yodgorlik oʻrnatish tashabbuskoriga taqdim etadi . Hujjatlar kelib tushgan kundan boshlab bir oy muddatda 3-bosqich Monumental yodgorlik oʻrnatish tashabbuskori Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish boʻyicha takliflarni Hukumat ekspert komissiyasiga, mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorliklar boʻyicha takliflarni tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyat yoki Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashiga taqdim etadi. Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi xulosasi kelib tushgandan soʻng ikki hafta muddatda Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish 4-bosqich Hukumat ekspert komissiyasi Monumental yodgorliklarni oʻrnatish tashabbuskorlarining davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklar toʻgʻrisidagi taklifini koʻrib chiqadi va ijobiy xulosaga kelgan taqdirda, barcha hujjatlarni Oʻzbekiston Badiiy akademiyasiga yuboradi. Hujjatlar kelib tushgan kundan boshlab bir oy muddatda 5-bosqich Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi 1. Monumental yodgorlikning yakuniy loyihasini ishlab chiqishni nazarda tutuvchi loyihalashtirish dasturini tuzadi va Vazirlar Mahkamasining qarori loyihasini ishlab chiqadi. 2. Vazirlar Mahkamasining qarori loyihasini belgilangan tartibda tegishli vazirlik va idoralar hamda Hukumat ekspert komissiyasi bilan kelishadi. Ikki oy muddatda 6-bosqich Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklar loyihalari hamda Vazirlar Mahkamasining qarori loyihasi Hukumat ekspert komissiyasi tomonidan koʻrib chiqib maʼqullansa, ushbu loyihalarni Hukumatga kiritadi. Ikki hafta muddatda 7-bosqich Vazirlar Mahkamasi Davlat ahamiyatiga molik monumental yodgorliklarni yaratish va oʻrnatish boʻyicha qaror qabul qiladi. Vazirlar Mahkamasi Reglamentida belgilangan muddatlarda Mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorliklarni oʻrnatish 4a-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyatlar, Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashlari 1. Monumental yodgorlikni oʻrnatish toʻgʻrisidagi taklifni koʻrib chiqadi. 2. Ijobiy xulosaga kelgan taqdirda, uning dastlabki loyihasini kelishish uchun Oʻzbekiston Badiiy akademiyasiga taqdim etadi. Hujjatlar kelib tushgan kundan boshlab bir oy muddatda 5a-bosqich Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi 1. Monumental yodgorlikning dastlabki loyihasini oʻrganadi, uni tarixiy va mafkuraviy ehtiyojni asoslab beruvchi gʻoyaviy-badiiy vazifalarga muvofiqligini baholaydi. 2. Oʻrganish natijalari boʻyicha xulosani tegishlicha xalq deputatlari Kengashiga taqdim etadi. Ikki oy muddatda 6a-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyatlar va Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashlari Mahalliy ahamiyatga molik monumental yodgorliklarni yaratish va oʻrnatish boʻyicha qaror qabul qiladi. Belgilangan muddatlarda
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 30-may,
312-son