📅 2024-yil 29-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 29-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 29 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 мая 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 May 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ШАКЛИ
МИҚДОРЛАРИ
Рақамли технологиялар соҳасидаги истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва соҳадаги йирик ташкилотлар фаолиятини экспортга йўналтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармонида рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард сўмгача бўлган грантлар ажратишни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки орқали амалга ошириш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. 2024 йил 1 июлдан бошлаб рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили ўтказиладиган танлов (кейинги ўринларда — танлов) асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки орқали қуйидаги позициялар бўйича 1 миллиард сўмгача грантларни ажратиш тизими жорий этилсин:
истиқболли ғояга — 150 миллион сўм;
маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳага — 300 миллион сўм;
жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳага — 1 миллиард сўм.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳа (кейинги ўринларда — лойиҳа) ларни қўллаб-қувватлаш учун танлов ўтказиш;
танлов иштирокчиларига қўйиладиган талабларни белгилаш;
танлов иштирокчиларини баҳолаш ва грант совриндорларини аниқлаш;
танлов натижаси бўйича грантлар ажратиш.
4. Қуйидагилар асосий вазифалари бўлган Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларини танлаш ва грант ажратиш бўйича танлов комиссияси (кейинги ўринларда — танлов комиссияси) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ тегишли қарорлар қабул қилиш, танловни ўтказиш муддатларини белгилаш;
танлов доирасида молиялаштириладиган лойиҳанинг самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш;
танлов доирасида молиялаштириладиган стартап лойиҳани иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига жорий этишга кўмаклашиш.
5. Белгилаб қўйилсинки:
а) «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ (кейинги ўринларда — IT-парк) танлов комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади;
б) IT-паркка танлов босқичларини ташкил этиш ва танлов натижалари шаффоф баҳоланиши учун лойиҳанинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашдан ўтказиш бўйича ўз маблағлари ҳисобидан энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан аниқланган рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи хорижий (халқаро) ташкилот (кейинги ўринларда — масъул ташкилот) билан шартнома тузиш ҳуқуқи берилади.
Бунда масъул ташкилот номзодларнинг аризаларини кўриб чиқиш, танлов иштирокчиларини саралаш ва лойиҳаларни баҳолаш вазифаларини бажаради;
в) масъул ташкилот, уларнинг аффилланган шахслари танловда иштирокчи сифатида қатнашишлари мумкин эмас;
г) иштирокчилар танловда «Электрон хукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (OneID) орқали IT-паркнинг махсус платформасида рўйхатдан ўтган ҳолда иштирок этадилар;
д) танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар тасдиқланган харажатлар сметаси асосида IT-парк маблағлари ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ молиялаштирилади.
6. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бир ой муддатда 2024 йил учун, ҳар йили 15 январга қадар эса, келгуси йиллар учун Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ҳар йилги иш режасида ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, грант совриндорларига пул маблағлари ажратилишини кўзда тутсин.
7. Рақамли технологиялар вазирлиги 2024 йил 1 июлга қадар танлов доирасида иштирокчиларни рўйхатга олиш, янгиликларни ёритиб бориш, грант маблағларини олиш учун мурожаат қилиш (ариза юбориш), мурожаат жараёнини кузатиб бориш ва танлов билан боғлиқ бошқа маълумотларни жойлаштиришга мўлжалланган махсус платформани ишга туширсин.
8. Қуйидагилар:
а) «Ўзбекистон — 2030» стратегиясига мувофиқ Рақамли технологияларни ривожлантирган ҳолда мамлакатни минтақавий «IT-HUB»ra айлантириш доирасида 2030 йилга қадар IT-хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига (шу жумладан, 2024 йилда 1 миллиард АҚШ долларига) етказиш, IT-парк резидентлари сонини 10 баробар ошириш, улар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажмининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2,2 фоизга етказиш ва уларда яратилган иш ўринлари сонини 100 мингтага етказиш бўйича мақсад белгилангани;
б) 2024 йил 1 февралдан бошлаб IT-парк фаолияти мамлакатимизнинг IT-соҳасидаги экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, резидентларининг хизмат ва маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш асосий вазифалари этиб белгиланган ҳолда трансформация қилингани маълумот учун қабул қилинсин.
9. Рақамли технологиялар вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
а) соҳадаги йирик компанияларни етакчи экспорт қилувчи корхоналарга айлантириш мақсадида IT-парк доирасида яратилган қулай шарт-шароитлар ва рағбатлантириш механизмларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
б) IT-парк резидентлари учун экспортнинг минимал кўрсаткичлари ҳамда мазкур кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда улар томонидан IT-парк дирекциясига жами даромадидан ўтказиладиган ажратмаларнинг табақалаштирилган миқдорларини 2 1 -иловага мувофиқ жорий этиш.
Бунда:
экспортнинг минимал кўрсаткичларини календарь йил давомида хизматларни (товарларни) экспорт қилишдан олинадиган даромадлар ушбу даврдаги жами даромаднинг 2024 йил 1 октябрдан бошлаб — 10 фоизи, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб — 20 фоизи, 2027 йил 1 январдан бошлаб — 35 фоизи этиб белгиланади.
в) ажратмаларнинг табақалаштирилган миқдорларини 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги «Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5099-сон Фармонида назарда тутилган имтиёз ва преференциялардан фойдаланаётган Кибернетикада инновациялар IT-парки резидентлари (иштирокчилари) бўлган юридик шахсларга татбиқ этиш.
Бунда:
Кибернетикада инновациялар IT-парки резидентлари (иштирокчилари) бўлган юридик шахслар учун экспортнинг минимал кўрсаткичлари талаби қўлланилмайди ҳамда ажратмалар миқдори календарь йил давомида жами даромади 5 млрд сўмгача бўлган қисмида — 1 фоиз, 5 млрд сўмдан 100 млрд сўмгача бўлган қисмида — 2 фоиз, 100 млрд сўмдан юқори бўлган қисмида — 3 фоизни ташкил этади;
Кибернетикада инновациялар IT-паркига ўз резидентларининг ажратмаларидан ҳар календарь йил давомида 50 фоизгача шаклланадиган маблағларнинг IT, киберхавфсизлик ва мудофаа саноати соҳаларида амалга ошириладиган стартап, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳаларни молиялаштириш учун мақсадли йўналтиришга рухсат берилади.
Рақамли технологиялар вазирлиги 2 1 -иловага мувофиқ ажратмалардан қўшимча шаклланадиган маблағларни устувор равишда маҳаллий корхоналарни халқаро IT-бозорга олиб чиқиш, уларнинг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳа ва дастурларга мақсадли йўналтирилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов ҳамда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Кудратов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 майдаги 303-сон қарорига 1-ИЛОВА
Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида грантлар ажратиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ариза берувчи — ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган ҳамда юридик шахс мақомида ёки таъсисчилари сифатида стартап лойиҳани амалга ошириш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;
грант совриндори — танлов доирасида танлов комиссияси томонидан молиялаштириш учун тасдиқланган (тавсия этилган) иштирокчи;
жамоа — танловда иштирок этиш мақсадида махсус платформада рўйхатдан ўтган гуруҳ;
ишчи орган — «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ (IT-парк);
лойиҳа — танлов иштирокчилари томонидан мазкур Низом талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган дастурий маҳсулот ёки истиқболли ғоя;
махсус платформа — танлов доирасида иштирокчиларни рўйхатга олиш, янгиликларни ёритиб бориш, грантларини олиш учун мурожаат қилиш (ариза юбориш), мурожаат қилиш жараёнини кузатиб боришга мўлжалланган ва танлов билан боғлиқ бошқа маълумотлар жойлаштириладиган веб-сайт;
муҳим самарадорлик кўрсаткичлари — грант совриндори бўлган жамоаларга лойиҳанинг ривожланишини белгилайдиган ва уни баҳолашга қаратилган кўрсаткичлар;
рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи хорижий (халқаро) ташкилот (кейинги ўринларда — масъул ташкилот) — махсус платформа орқали келиб тушган номзодларнинг аризаларини кўриб чиқиш, танлов иштирокчиларини саралаш ва лойиҳаларни баҳолаш вазифаларини бажарувчи ташкилот;
танлов иштирокчиси — танловда иштирок этиш учун махсус платформада рўйхатдан ўтиб, ариза топширган ва аризаси ишчи орган томонидан маъқулланган жамоа;
танлов комиссияси — рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларини танлаш ва грант ажратиш бўйича танлов комиссияси.
3. Танлов комиссияси танлов жараёнларига умумий раҳбарлик қилади.
4. Масъул ташкилот ишчи орган томонидан қуйидаги мезонлар асосида аниқланади:
стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган танловни ўтказиш, стартапларни ривожлантириш ҳамда акселерация дастурларини ишлаб чиқиш йўналишида 3 йилдан ортиқ амалий тажрибага эга бўлиши;
ривожланган чет эл давлатларида юридик шахс ташкил этган ва камида 5 та стартапни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурларни муваффақиятли амалга оширган бўлиши;
нуфузли венчур жамғармалар ва инвесторлар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиши;
технологик тадбиркорлик, венчур молиялаштириш ва IT-консалтинг йўналишларида камида 2 йил иш стажига эга бўлган халқаро экспертлар ва менторлар мавжудлиги.
Масъул ташкилот, уларнинг аффилланган шахслари танловда иштирокчи сифатида қатнашишлари мумкин эмас.
2-боб. Танловни ўтказиш тартиби
5. Танлов 2024 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили мазкур Низомда белгиланган муддатларда қуйидаги 3 та позиция бўйича ўтказилади:
истиқболли ғоялар — истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган прототипни ишлаб чиқиш жараёнидаги лойиҳалар ўртасида;
маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳа — Ўзбекистон бозорида муваффақиятли жорий қилинган лойиҳалар ўртасида;
жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳа — жаҳон бозорига чиқиш истагида бўлган лойиҳалар ўртасида.
6. Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун грант маблағларини ажратиш бўйича танловни ташкил этиш мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ беш босқичда ташкил этилади.
7. Биринчи босқичда танлов комиссияси томонидан ҳар йили 1 июлга қадар махсус платформада танлов эълон қилинади ва аризаларни қабул қилиш жараёни бошланади.
8. Иккинчи босқичда ҳар йили 1 августга қадар ариза берувчилар томонидан ушбу Низомнинг 2-иловасиг а мувофиқ ариза ва унга илова қилинган материаллар махсус платформа орқали топширилади.
9. Махсус платформада рўйхатдан ўтиш жараёнида ариза берувчилар танлов офертасини акцептлаш йўли билан танлов шартларига розилик билдиради ва ҳар бир ариза берувчига идентификация рақами бириктирилади.
Махсус платформада назарда тутилган танлов офертасининг ариза берувчилар томонидан қабул қилиниши уларнинг шахсга доир маълумотларга ишлов берилишига ёзма розилик берганлигини ифодалайди.
10. Учинчи босқичда ишчи орган ҳар йили 25 августга қадар махсус платформа орқали келиб тушган ариза ва унга илова қилинган материалларнинг тўлиқлиги ҳамда мазкур Низом талабларига мослигини текширади.
Бунда, ҳар йили 5 сентябрга қадар ариза берувчиларнинг кейинги босқичга ўтганлиги (ёки мазкур Низом талабларига мос эмаслиги аниқланганда — ўтмаганлиги) ҳақида электрон почта манзилига хабар (махсус платформадаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади ҳамда кейинги босқичга ўтган ариза берувчиларга «иштирокчи» мақоми берилади.
Иштирокчилар ҳар йили 25 октябрга қадар ўзлари ишлаб чиққан лойиҳаларини такомиллаштиришлари ва махсус платформага қайтадан жойлаштиришлари мумкин. Кечикиб такдим этилган лойиҳалар кўриб чиқилмайди.
11. Тўртинчи босқичда ҳар йили 25 ноябрга қадар танлов комиссияси белгилаган санада иштирокчилар томонидан лойиҳалар тақдимоти ўтказилади.
Бунда, ушбу босқичга ўтган иштирокчилар ўзларининг лойиҳалари бўйича масъул ташкилотга тақдимот ўтказади ва ҳимоя қилади.
Лойиҳалар тақдимоти учун ҳар бир иштирокчига жами 15 дақиқа, хусусан, кириш сўзи ва тақдимот, лойиҳанинг имкониятларини амалиётда намойиш этиш ҳамда лойиҳа бўйича савол-жавоблар учун 5 дақиқадан вақт ажратилади. Тақдимот учун қўшимча вақт берилмайди.
Лойиҳалар тақдимоти бир ёки бир неча кун бўлиши мумкин.
Масъул ташкилот иштирокчиларнинг лойиҳаларини уларнинг тақдимоти натижаси бўйича танлов комиссияси томонидан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида баҳолайди ва грант совриндорларини аниқлайди.
12. Бешинчи босқичда масъул ташкилот томонидан аниқланган грант совриндорлари расман тақдирлаш маросимида эълон қилинади ва ушбу натижалар эълон қилинганидан сўнг икки кун ичида махсус платформада ҳам жойлаштирилади.
Грант совриндорларини тақдирлаш маросими ҳар йили 25 декабрга қадар танлов комиссияси томонидан тантанали равишда ташкил этилади.
13. Танлов босқичлари ўтказиладиган муддатлар ва саналарга танлов комиссияси томонидан ўзгартириш киритилиши мумкин. Бунда, муддати ва/ёки санасига ўзгартириш киритилган танлов босқичи бошланишидан бир ҳафта олдин махсус платформада ўзгартиришлар ҳақида эълон жойлаштирилади.
3-боб. Танловда иштирок этиш учун қўйиладиган талаблар
14. Танловда Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахсларнинг ариза бериш кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан иборат жамоа сифатида махсус платформада «Электрон хукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (OneID) орқали рўйхатдан ўтган ҳолда иштирок этиши мумкин.
15. Танловда иштирок этиш учун фақат 1 та позиция бўйича ариза юборишга рухсат этилади.
16. Танловда иштирок этиш учун пул ундирилмайди.
17. Иштирокчилар томонидан танлов доирасида ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилмайди.
18. Иштирокчилар томонидан қуйидаги хатти-ҳаракатлар амалга оширилганлиги аниқланса, улар танловдан четлаштирилади:
танлов комиссияси ва масъул ташкилот фаолиятига аралашса (халақит қилса);
танлов доирасида аризада кўрсатилмаган, яъни иштирокчи жамоанинг аъзоси бўлмаган шахсларни жалб қилса;
танлов доирасида нотўғри маълумотлар тақдим этса;
ўз хоҳиши билан танловда иштирок этишни давом эттиришдан воз кечса;
танлов доирасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилик хужжатларига зид хатти-ҳаракатлар аниқланса;
Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан ўтказилган ғолибларига грант ажратиладиган бошқа стартап танловларда иштирок этаётган ва (ёки) ғолиб деб топилган бўлса;
танлов шартларини бузса ва мазкур Низом талабларига риоя қилинмаса.
Ишчи орган иштирокчиларни танловдан четлаштириш бўйича танлов комиссиясига таклиф киритади.
19. Танлов комиссиясининг иштирокчиларни танловдан четлаштириш тўғрисидаги қарори қабул қилинади ва қарор қабул қилингандан кейин иштирокчининг электрон почта манзилига хабар (платформадаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади.
4-боб. Иштирокчиларнинг лойиҳаларини баҳолаш ҳамда танлов совриндорларини аниқлаш
20. Ишчи орган ва масъул ташкилот иштирокчиларнинг лойиҳаларини саралаш ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, танлов комиссиясига тасдиқлаш учун киритади.
Бунда, иштирокчиларнинг лойиҳаларини саралаш ва баҳолаш мезонлари танловнинг иккинчи — тўртинчи босқичлари учун алоҳида тузилади ва танлов комиссияси томонидан ҳар йили танлов эълон қилинадиган кундан камида 10 кун олдин янгидан тасдиқланади.
21. Грант совриндорлари масъул ташкилот томонидан аниқланади.
22. Масъул ташкилот танловнинг тўртинчи-бешинчи босқичларида иштирокчиларнинг лойиҳаларини тасдиқланган баҳолаш мезонларига асосан баҳолайди ва саралайди, шунингдек, грант совриндорларининг рўйхатини шакллантириб, ишчи органга киритади.
Бунда, ишчи орган грант совриндорларининг рўйхатини кўриб чиқиб 3 иш кунида тасдиқлаш учун танлов комиссиясига тақдим этади.
5-боб. Грант ажратиш тартиби
23. Грант совриндорларига қуйидаги 3 (учта) позиция бўйича грант асосида маблағлар ажратилади:
истиқболли ғояга — 150 миллион сўмгача;
маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳага — 300 миллион сўмгача;
жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳага — 1 миллиард сўмгача.
24. Грант совриндорларига грантлар қуйидаги тартибда ўтказиб берилади:
а) истиқболли ғояларга — грант совриндорлари эълон қилинган кундан бошлаб 15 (ўн беш) иш куни давомида 100 фоиз микдорида;
б) маҳаллий ва жаҳон бозорларига ихтисослашган лойиҳаларга:
грант совриндорлари эълон қилинган кундан бошлаб 15 (ўн беш) иш куни ичида биринчи транш (50 фоиз микдорда) тўланади;
кейинги икки транш (25 фоиздан) йил давомида муҳим самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши асосида танлов комиссиясининг қарорига мувофиқ ўтказиб берилади.
25. Маҳаллий ва жаҳон бозорларига ихтисослашган лойиҳалар бўйича грант совриндорлари грант маблағларининг иккинчи-учинчи траншларини олиш учун танлов комиссияси томонидан тасдиқланган муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бажариши лозим.
Бунда, ишчи орган ҳар йили 20 декабрга қадар масъул ташкилот таклифлари асосида ишлаб чиқилган муҳим самарадорлик кўрсаткичларини танлов комиссиясига киритади.
26. Мазкур Низом шартларини бажармаган ёки бузган, шунингдек, муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бажармаган маҳаллий ва жаҳон бозорларига ихтисослашган лойиҳалар бўйича грант совриндорларига пул мукофотининг иккинчи-учинчи траншлари тўланмайди.
27. Муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бир йил давомида тўлиқ бажармаган маҳаллий ва жаҳон бозорларига ихтисослашган лойиҳалар бўйича грант совриндорларига тўланмаган грант маблағлар Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига қайтариб берилади.
Бунда, маҳаллий ва жаҳон бозорларига ихтисослашган лойиҳалар бўйича грант совриндорларига аввал ўтказилган 50 фоиз микдордаги маблағлар грант совриндорлари ихтиёрида қолдирилади.
6-боб. Якуний қоидалар
28. Танловнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш мақсадида лойиҳалар тақдимоти ташкилотчилар томонидан ижтимоий тармоқларда ҳамда махсус дастурий таъминотлар ёрдамида жонли онлайн эфирга узатилиши мумкин.
29. Танловнинг ёпилиш тадбири тантанали равишда танлов комиссияси томонидан амалга оширилади.
30. Танлов натижалари юзасидан иштирокчилар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мурожаат (шикоят) юборишга ҳақли.
31. Ушбу Низом талабларига амал қилмаган ва унинг талабларини бузган айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун грант маблағларини ажратиш бўйича танловни ташкил этиш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Танлов комиссияси Танловни эълон қилади ва аризалар қабули бошланади. Ҳар йили 1 июлга қадар 2-босқич Ариза берувчилар Танловда иштирок этиш учун «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (OneID) орқали рўйхатдан ўтади. Низомга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ ариза ва унга илова қилинган материаллар махсус платформа орқали топширади. Ҳар йили 1 августга қадар 3-босқич «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ (Ишчи орган) 1. Махсус платформа орқали келиб тушган ариза ва унга илова қилинган материалларнинг тўлиқлигини кўриб чиқади ҳамда Низом талабларига мослигини текширади. Ҳар йили 25 августга қадар Бунда ариза берувчиларнинг кейинги босқичга ўтганлиги (ўтмаганлиги) ҳақида уларнинг электрон почта манзилига хабар (порталдаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади ҳамда кейинги босқичга ўтган ариза берувчиларга «иштирокчи» мақоми берилади. Ҳар йили 5 сентябрга қадар Иштирокчилар 2. Ишлаб чиққан лойиҳаларини такомиллаштириб, махсус платформага қайтадан жойлаштиришлари мумкин. Ҳар йили 25 октябрга қадар 4-босқич Иштирокчилар 1. Ушбу босқичга ўтган иштирокчилар ўзларининг лойиҳалари бўйича масъул ташкилотда тақдимот ўтказадилар ва ҳимоя қиладилар (онлайн тарзда). Ҳар йили 25 ноябрга қадар (Танлов комиссияси томонидан белгиланган санада) Рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи ташкилот (масъул ташкилот) 2. Ушбу босқичга ўтган иштирокчиларнинг лойиҳа тақ д имотлари натижаси бўйича баҳолайди ва совриндорларни аниқлайди. Совриндорлар рўйхатини ишчи органга тақдим этади. 5-босқич Танлов комиссияси 1. Грант совриндорлари расман тақдирлаш маросимида эълон қилинади ва ушбу натижалар эълон қилинганидан сўнг икки кун ичида махсус платформада ҳам жойлаштирилади. Грант совриндорларини тақдирлаш маросими тантанали равишда ташкил қилинади. Ҳар йили 25 декабрга қадар Ишчи орган 2. Грант совриндорларига пул мукофотлари ўтказиб берилади. 15 иш куни ичида Маҳаллий ва жаҳон бозорларига ихтисослашган лойиҳалар бўйича совриндорлар 3. Иккинчи-учинчи траншларни (25 фоиздан) олиш учун муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида ўз лойиҳаларини такомиллаштиради. Пул мукофоти ўтказиб берилгандан сўнг бир йил мобайнида
Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун грант маблағларини ажратиш бўйича танловда қатнашишга ариза топшириш
Ариза берувчи ҳақида маълумот 1. Барча жамоа аъзоларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) 2. Барча жамоа аъзоларининг телефон рақами ва электрон почтаси 3. Барча жамоа аъзоларининг вазифалари: Frontend дастурчи Backend дастурчи Маълумотларни қайта ишлаш бўйича мутахассис; Сунъий интеллект (AI) муҳандиси Мобил дастурчи Devops дастурчи Product менежер Web дастурчи Синовчи Дизайнер Бошқа 4. Жамоа иштирок этаётган худуд/вилоят 5. Иштирокчиларнинг иш/ўқиш жойи (мавжуд бўлса) Лойиҳа тўғрисида маълумот 6. Грант позицияси: Истиқболли ғоя; Маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳа; Жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳа. 7. Лойиҳа номи 8. Лойиҳанинг тавсифи 9. Лойиҳанинг тавсифловчи видеолавҳага ҳавола (3 дақиқагача бўлган) 10. Лойиҳанинг тақдимоти (PDF шаклида) — юклаш , ёки унга ҳавола 11. Лойиҳанинг GitHub платформасидаги ҳавола 12. Лойиҳанинг прототипи (MVP)ra ҳавола 13. Лойиҳанинг юқори сифатдаги логотипи — юклаш
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 майдаги 303-сон қарорига 2-ИЛОВА
Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларини танлаш ва грант ажратиш бўйича танлов комиссияси таркиби
1 . Л.Ш. Кудратов — инвестициялар, саноат ва савдо вазири, Комиссия раиси 2. Ш.Х. Шерматов — рақамли технологиялар вазири, Комиссия ҳамраиси 3. Д.А. Ваҳобов — Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси 4. А.З. Саъдуллаев — Ёшлар ишлари агентлиги директори 5. Ш.Р. Ражаббаев — олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги инновацион ривожланиш агентлиги директори 6. К.Н. Ирисбекова — AT «Алоқабанк» бошқаруви раис 7. Лавозим бўйича — инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи 8. Ф.З. Ибрагимов — «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ бош директори, комиссия котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 майдаги 303-сон қарорига 2 1 -ИЛОВА
IT-парк резидентлари учун экспортнинг минимал кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда IT-парк дирекциясига жами даромадидан ўтказиладиган ажратмаларнинг табақалаштирилган
Т/р Жами даромад Ажратма миқдори Экспортнинг минимал кўрсаткичлари таъминланганда Экспортнинг минимал кўрсаткичлари таъминланмаганда 2024 йил 1 октябрдан 2026 йил 1 апрелдан 1. 5,0 млрд сўмгача 1 фоиз 2. 5,0 — 100,0 млрд сўмгача 1 фоиз 1 фоиз 2 фоиз 3. 100 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган 1 фоиз 2 фоиз 3 фоиз *
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 майдаги 303-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарори билан тасдиқланган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомда :
а) 5-банднинг иккинчи хатбошисидаги «жами даромаднинг бир фоизи миқдорида» сўзлари чиқариб ташлансин;
б) 18-бандда :
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-кунидан кечикмай Дирекциянинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағига жами даромаднинг бир фоизи миқдорида ажратма ўтказиши. Бунда, жами даромади календарь йил давомида 100 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган ҳамда чорак якуни бўйича хизматларни (товарларни) экспорт қилишдан олинадиган даромадлари жами даромаднинг 2024 йил 1 октябрдан бошлаб 10 фоизи, 2026 йил 1 январдан бошлаб 20 фоизи, 2027 йил 1 январдан бошлаб 35 фоизини ташкил этмаган тақдирда икки фоиз миқдорида ажратма ўтказиши;»;
олтинчи хатбошидаги «тушумдаги улуш» сўзлари «тушумдаги улуши, экспорт ҳажми ва таркиби» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) 2-илова куйидаги мазмундаги 23-банд билан тўлдирилсин:
«23. Умумий хизматлар ҳажмида хизматлар экспорти улуши маҳаллий бозор учун кўрсатилган хизматлар ҳажмига нисбатан юқори бўлган, камида икки ёки ундан ортиқ хорижий давлатларда фаолият кўрсатувчи ташкилотлар томонидан хизматлар кўрсатиш».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 майдаги 294-сон қарори билан тасдиқланган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомда :
а) 5-банди бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида 1 миллиард сўмгача бўлган грантлар ажратиш».
б) 27 1 -банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«27 1 . Жамғарма ҳисобидан рақамли технологиялар соҳасида IТ-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ томонидан ўтказиладиган танлов асосида рақамли технологиялар соҳасидаги истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-кувватлаш учун бир лойиҳага 1 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади.
Бунда Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларини танлаш ва грант ажратиш бўйича танлов комиссияси қарори Жамғарма ҳисобидан грант ажратиш учун асос ҳисобланади.»
в) қуйидаги мазмундаги 27 2 -банд билан тўлдирилсин:
«27 2 . Жамғарма ҳисобидан IT-паркнинг «Алоқабанк» AT банкида очилган банк ҳисоб рақамига рақамли технологиялар соҳасида IТ-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида 1 миллиард сўмгача бўлган грантлар ажратиш учун молиявий ресурслар ажратилади».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 29 май,
303-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SHAKLI
MIQDORLARI
Raqamli texnologiyalar sohasidagi istiqbolli startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash va sohadagi yirik tashkilotlar faoliyatini eksportga yoʻnaltirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida raqamli texnologiyalar sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 24-maydagi PF-76-son Farmoniga muvofiq, shuningdek, raqamli texnologiyalar sohasida IT-taʼlim xizmatlarini koʻrsatish, dasturiy mahsulotlar ishlab chiqarish hamda eksportga yoʻnaltirish boʻyicha startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash tizimini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida raqamli texnologiyalar sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 24-maydagi PF-76-son Farmonida raqamli texnologiyalar sohasida IT-taʼlim xizmatlarini koʻrsatish, dasturiy mahsulotlar ishlab chiqarish hamda eksportga yoʻnaltirish boʻyicha startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun tanlov asosida Yosh tadbirkorlarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi hisobidan 1 milliard soʻmgacha boʻlgan grantlar ajratishni Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki orqali amalga oshirish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. 2024-yil 1-iyuldan boshlab raqamli texnologiyalar sohasida IT-taʼlim xizmatlarini koʻrsatish, dasturiy mahsulotlar ishlab chiqarish hamda eksportga yoʻnaltirish boʻyicha startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun har yili oʻtkaziladigan tanlov (keyingi oʻrinlarda — tanlov) asosida Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki orqali quyidagi pozitsiyalar boʻyicha 1 milliard soʻmgacha grantlarni ajratish tizimi joriy etilsin:
istiqbolli gʻoyaga — 150 million soʻm;
mahalliy bozorga ixtisoslashgan loyihaga — 300 million soʻm;
jahon bozoriga ixtisoslashgan loyihaga — 1 milliard soʻm.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Raqamli texnologiyalar sohasida startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun tanlov asosida grantlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
raqamli texnologiyalar sohasida startap loyiha (keyingi oʻrinlarda — loyiha) larni qoʻllab-quvvatlash uchun tanlov oʻtkazish;
tanlov ishtirokchilariga qoʻyiladigan talablarni belgilash;
tanlov ishtirokchilarini baholash va grant sovrindorlarini aniqlash;
tanlov natijasi boʻyicha grantlar ajratish.
4. Quyidagilar asosiy vazifalari boʻlgan Raqamli texnologiyalar sohasida startap loyihalarini tanlash va grant ajratish boʻyicha tanlov komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — tanlov komissiyasi) tarkibi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
tanlovni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq tegishli qarorlar qabul qilish, tanlovni oʻtkazish muddatlarini belgilash;
tanlov doirasida moliyalashtiriladigan loyihaning samaradorligini baholash va monitoring qilish;
tanlov doirasida moliyalashtiriladigan startap loyihani iqtisodiyot tarmoqlari va sohalariga joriy etishga koʻmaklashish.
5. Belgilab qoʻyilsinki:
a) “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi” MCHJ (keyingi oʻrinlarda — IT-park) tanlov komissiyasining ishchi organi hisoblanadi;
b) IT-parkka tanlov bosqichlarini tashkil etish va tanlov natijalari shaffof baholanishi uchun loyihaning samaradorligi va natijadorligini baholashdan oʻtkazish boʻyicha oʻz mablagʻlari hisobidan eng yaxshi takliflarni tanlab olish yoʻli bilan aniqlangan raqamli texnologiyalar sohasida xizmatlar koʻrsatuvchi xorijiy (xalqaro) tashkilot (keyingi oʻrinlarda — masʼul tashkilot) bilan shartnoma tuzish huquqi beriladi.
Bunda masʼul tashkilot nomzodlarning arizalarini koʻrib chiqish, tanlov ishtirokchilarini saralash va loyihalarni baholash vazifalarini bajaradi;
v) masʼul tashkilot, ularning affillangan shaxslari tanlovda ishtirokchi sifatida qatnashishlari mumkin emas;
g) ishtirokchilar tanlovda “Elektron xukumat” tizimi foydalanuvchilarini identifikatsiyalashning yagona axborot tizimi (OneID) orqali IT-parkning maxsus platformasida roʻyxatdan oʻtgan holda ishtirok etadilar;
d) tanlovni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq barcha tadbirlar tasdiqlangan xarajatlar smetasi asosida IT-park mablagʻlari hisobidan qonunchilikda belgilangan tartibga muvofiq moliyalashtiriladi.
6. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi bir oy muddatda 2024-yil uchun, har yili 15-yanvarga qadar esa, kelgusi yillar uchun Yosh tadbirkorlarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasining har yilgi ish rejasida ushbu qaror talablaridan kelib chiqib, grant sovrindorlariga pul mablagʻlari ajratilishini koʻzda tutsin.
7. Raqamli texnologiyalar vazirligi 2024-yil 1-iyulga qadar tanlov doirasida ishtirokchilarni roʻyxatga olish, yangiliklarni yoritib borish, grant mablagʻlarini olish uchun murojaat qilish (ariza yuborish), murojaat jarayonini kuzatib borish va tanlov bilan bogʻliq boshqa maʼlumotlarni joylashtirishga moʻljallangan maxsus platformani ishga tushirsin.
8. Quyidagilar:
a) “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasiga muvofiq Raqamli texnologiyalarni rivojlantirgan holda mamlakatni mintaqaviy “IT-HUB”ra aylantirish doirasida 2030-yilga qadar IT-xizmatlar va dasturiy mahsulotlar eksporti hajmini 5 milliard AQSH dollariga (shu jumladan, 2024-yilda 1 milliard AQSH dollariga) yetkazish, IT-park rezidentlari sonini 10 barobar oshirish, ular tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar hajmining yalpi ichki mahsulotdagi ulushini 2,2 foizga yetkazish va ularda yaratilgan ish oʻrinlari sonini 100 mingtaga yetkazish boʻyicha maqsad belgilangani;
b) 2024-yil 1-fevraldan boshlab IT-park faoliyati mamlakatimizning IT-sohasidagi eksport salohiyatini oshirish, shuningdek, rezidentlarining xizmat va mahsulotlarini jahon bozorlariga olib chiqish asosiy vazifalari etib belgilangan holda transformatsiya qilingani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
9. Raqamli texnologiyalar vazirligining quyidagi takliflari maʼqullansin:
a) sohadagi yirik kompaniyalarni yetakchi eksport qiluvchi korxonalarga aylantirish maqsadida IT-park doirasida yaratilgan qulay shart-sharoitlar va ragʻbatlantirish mexanizmlaridan foydalanish samaradorligini oshirish;
b) IT-park rezidentlari uchun eksportning minimal koʻrsatkichlari hamda mazkur koʻrsatkichlardan kelib chiqqan holda ular tomonidan IT-park direksiyasiga jami daromadidan oʻtkaziladigan ajratmalarning tabaqalashtirilgan miqdorlarini 2 1 -ilovaga muvofiq joriy etish.
Bunda:
eksportning minimal koʻrsatkichlarini kalendar yil davomida xizmatlarni (tovarlarni) eksport qilishdan olinadigan daromadlar ushbu davrdagi jami daromadning 2024-yil 1-oktabrdan boshlab — 10 foizi, 2026-yil 1-apreldan boshlab — 20 foizi, 2027-yil 1-yanvardan boshlab — 35 foizi etib belgilanadi.
v) ajratmalarning tabaqalashtirilgan miqdorlarini 2026-yil 1-apreldan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 30-iyundagi “Respublikada axborot texnologiyalari sohasini rivojlantirish uchun shart-sharoitlarni tubdan yaxshilash chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PF-5099-son Farmonida nazarda tutilgan imtiyoz va preferensiyalardan foydalanayotgan Kibernetikada innovatsiyalar IT-parki rezidentlari (ishtirokchilari) boʻlgan yuridik shaxslarga tatbiq etish.
Bunda:
Kibernetikada innovatsiyalar IT-parki rezidentlari (ishtirokchilari) boʻlgan yuridik shaxslar uchun eksportning minimal koʻrsatkichlari talabi qoʻllanilmaydi hamda ajratmalar miqdori kalendar yil davomida jami daromadi 5 mlrd soʻmgacha boʻlgan qismida — 1 foiz, 5 mlrd soʻmdan 100 mlrd soʻmgacha boʻlgan qismida — 2 foiz, 100 mlrd soʻmdan yuqori boʻlgan qismida — 3 foizni tashkil etadi;
Kibernetikada innovatsiyalar IT-parkiga oʻz rezidentlarining ajratmalaridan har kalendar yil davomida 50 foizgacha shakllanadigan mablagʻlarning IT, kiberxavfsizlik va mudofaa sanoati sohalarida amalga oshiriladigan startap, ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik loyihalarni moliyalashtirish uchun maqsadli yoʻnaltirishga ruxsat beriladi.
Raqamli texnologiyalar vazirligi 2 1 -ilovaga muvofiq ajratmalardan qoʻshimcha shakllanadigan mablagʻlarni ustuvor ravishda mahalliy korxonalarni xalqaro IT-bozorga olib chiqish, ularning eksport faoliyatini qoʻllab-quvvatlashga qaratilgan loyiha va dasturlarga maqsadli yoʻnaltirilishini taʼminlasin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim hujjatlariga 3-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov hamda investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri L.Sh. Kudratov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 29-maydagi 303-son qaroriga 1-ILOVA
Raqamli texnologiyalar sohasida startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun tanlov asosida grantlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom raqamli texnologiyalar sohasida IT-taʼlim xizmatlarini koʻrsatish, dasturiy mahsulotlar ishlab chiqarish hamda eksportga yoʻnaltirish boʻyicha startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun tanlov asosida grantlar ajratish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
ariza beruvchi — oʻn sakkiz yoshga toʻlgan va oʻttiz yoshdan oshmagan hamda yuridik shaxs maqomida yoki taʼsischilari sifatida startap loyihani amalga oshirish istagini bildirgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi;
grant sovrindori — tanlov doirasida tanlov komissiyasi tomonidan moliyalashtirish uchun tasdiqlangan (tavsiya etilgan) ishtirokchi;
jamoa — tanlovda ishtirok etish maqsadida maxsus platformada roʻyxatdan oʻtgan guruh;
ishchi organ — “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi” MCHJ (IT-park);
loyiha — tanlov ishtirokchilari tomonidan mazkur Nizom talablariga muvofiq ishlab chiqilgan dasturiy mahsulot yoki istiqbolli gʻoya;
maxsus platforma — tanlov doirasida ishtirokchilarni roʻyxatga olish, yangiliklarni yoritib borish, grantlarini olish uchun murojaat qilish (ariza yuborish), murojaat qilish jarayonini kuzatib borishga moʻljallangan va tanlov bilan bogʻliq boshqa maʼlumotlar joylashtiriladigan veb-sayt;
muhim samaradorlik koʻrsatkichlari — grant sovrindori boʻlgan jamoalarga loyihaning rivojlanishini belgilaydigan va uni baholashga qaratilgan koʻrsatkichlar;
raqamli texnologiyalar sohasida xizmatlar koʻrsatuvchi xorijiy (xalqaro) tashkilot (keyingi oʻrinlarda — masʼul tashkilot) — maxsus platforma orqali kelib tushgan nomzodlarning arizalarini koʻrib chiqish, tanlov ishtirokchilarini saralash va loyihalarni baholash vazifalarini bajaruvchi tashkilot;
tanlov ishtirokchisi — tanlovda ishtirok etish uchun maxsus platformada roʻyxatdan oʻtib, ariza topshirgan va arizasi ishchi organ tomonidan maʼqullangan jamoa;
tanlov komissiyasi — raqamli texnologiyalar sohasida startap loyihalarini tanlash va grant ajratish boʻyicha tanlov komissiyasi.
3. Tanlov komissiyasi tanlov jarayonlariga umumiy rahbarlik qiladi.
4. Masʼul tashkilot ishchi organ tomonidan quyidagi mezonlar asosida aniqlanadi:
startaplarni qoʻllab-quvvatlashga qaratilgan tanlovni oʻtkazish, startaplarni rivojlantirish hamda akseleratsiya dasturlarini ishlab chiqish yoʻnalishida 3 yildan ortiq amaliy tajribaga ega boʻlishi;
rivojlangan chet el davlatlarida yuridik shaxs tashkil etgan va kamida 5 ta startapni qoʻllab-quvvatlashga qaratilgan dasturlarni muvaffaqiyatli amalga oshirgan boʻlishi;
nufuzli venchur jamgʻarmalar va investorlar bilan doimiy hamkorlikni yoʻlga qoʻygan boʻlishi;
texnologik tadbirkorlik, venchur moliyalashtirish va IT-konsalting yoʻnalishlarida kamida 2 yil ish stajiga ega boʻlgan xalqaro ekspertlar va mentorlar mavjudligi.
Masʼul tashkilot, ularning affillangan shaxslari tanlovda ishtirokchi sifatida qatnashishlari mumkin emas.
2-bob. Tanlovni oʻtkazish tartibi
5. Tanlov 2024-yil 1-iyuldan boshlab har yili mazkur Nizomda belgilangan muddatlarda quyidagi 3 ta pozitsiya boʻyicha oʻtkaziladi:
istiqbolli gʻoyalar — istiqbolda muvaffaqiyatga erishish salohiyati yuqori boʻlgan prototipni ishlab chiqish jarayonidagi loyihalar oʻrtasida;
mahalliy bozorga ixtisoslashgan loyiha — Oʻzbekiston bozorida muvaffaqiyatli joriy qilingan loyihalar oʻrtasida;
jahon bozoriga ixtisoslashgan loyiha — jahon bozoriga chiqish istagida boʻlgan loyihalar oʻrtasida.
6. Raqamli texnologiyalar sohasida startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun grant mablagʻlarini ajratish boʻyicha tanlovni tashkil etish mazkur Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq besh bosqichda tashkil etiladi.
7. Birinchi bosqichda tanlov komissiyasi tomonidan har yili 1-iyulga qadar maxsus platformada tanlov eʼlon qilinadi va arizalarni qabul qilish jarayoni boshlanadi.
8. Ikkinchi bosqichda har yili 1-avgustga qadar ariza beruvchilar tomonidan ushbu Nizomning 2-ilovasig a muvofiq ariza va unga ilova qilingan materiallar maxsus platforma orqali topshiriladi.
9. Maxsus platformada roʻyxatdan oʻtish jarayonida ariza beruvchilar tanlov ofertasini akseptlash yoʻli bilan tanlov shartlariga rozilik bildiradi va har bir ariza beruvchiga identifikatsiya raqami biriktiriladi.
Maxsus platformada nazarda tutilgan tanlov ofertasining ariza beruvchilar tomonidan qabul qilinishi ularning shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berilishiga yozma rozilik berganligini ifodalaydi.
10. Uchinchi bosqichda ishchi organ har yili 25-avgustga qadar maxsus platforma orqali kelib tushgan ariza va unga ilova qilingan materiallarning toʻliqligi hamda mazkur Nizom talablariga mosligini tekshiradi.
Bunda, har yili 5-sentabrga qadar ariza beruvchilarning keyingi bosqichga oʻtganligi (yoki mazkur Nizom talablariga mos emasligi aniqlanganda — oʻtmaganligi) haqida elektron pochta manziliga xabar (maxsus platformadagi shaxsiy kabinetiga xabarnoma) yuboriladi hamda keyingi bosqichga oʻtgan ariza beruvchilarga “ishtirokchi” maqomi beriladi.
Ishtirokchilar har yili 25-oktabrga qadar oʻzlari ishlab chiqqan loyihalarini takomillashtirishlari va maxsus platformaga qaytadan joylashtirishlari mumkin. Kechikib takdim etilgan loyihalar koʻrib chiqilmaydi.
11. Toʻrtinchi bosqichda har yili 25-noyabrga qadar tanlov komissiyasi belgilagan sanada ishtirokchilar tomonidan loyihalar taqdimoti oʻtkaziladi.
Bunda, ushbu bosqichga oʻtgan ishtirokchilar oʻzlarining loyihalari boʻyicha masʼul tashkilotga taqdimot oʻtkazadi va himoya qiladi.
Loyihalar taqdimoti uchun har bir ishtirokchiga jami 15 daqiqa, xususan, kirish soʻzi va taqdimot, loyihaning imkoniyatlarini amaliyotda namoyish etish hamda loyiha boʻyicha savol-javoblar uchun 5 daqiqadan vaqt ajratiladi. Taqdimot uchun qoʻshimcha vaqt berilmaydi.
Loyihalar taqdimoti bir yoki bir necha kun boʻlishi mumkin.
Masʼul tashkilot ishtirokchilarning loyihalarini ularning taqdimoti natijasi boʻyicha tanlov komissiyasi tomonidan tasdiqlangan baholash mezonlari asosida baholaydi va grant sovrindorlarini aniqlaydi.
12. Beshinchi bosqichda masʼul tashkilot tomonidan aniqlangan grant sovrindorlari rasman taqdirlash marosimida eʼlon qilinadi va ushbu natijalar eʼlon qilinganidan soʻng ikki kun ichida maxsus platformada ham joylashtiriladi.
Grant sovrindorlarini taqdirlash marosimi har yili 25-dekabrga qadar tanlov komissiyasi tomonidan tantanali ravishda tashkil etiladi.
13. Tanlov bosqichlari oʻtkaziladigan muddatlar va sanalarga tanlov komissiyasi tomonidan oʻzgartirish kiritilishi mumkin. Bunda, muddati va/yoki sanasiga oʻzgartirish kiritilgan tanlov bosqichi boshlanishidan bir hafta oldin maxsus platformada oʻzgartirishlar haqida eʼlon joylashtiriladi.
3-bob. Tanlovda ishtirok etish uchun qoʻyiladigan talablar
14. Tanlovda Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti boʻlgan yuridik shaxslarning ariza berish kunida oʻn sakkiz yoshga toʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolaridan iborat jamoa sifatida maxsus platformada “Elektron xukumat” tizimi foydalanuvchilarini identifikatsiyalashning yagona axborot tizimi (OneID) orqali roʻyxatdan oʻtgan holda ishtirok etishi mumkin.
15. Tanlovda ishtirok etish uchun faqat 1 ta pozitsiya boʻyicha ariza yuborishga ruxsat etiladi.
16. Tanlovda ishtirok etish uchun pul undirilmaydi.
17. Ishtirokchilar tomonidan tanlov doirasida ishlab chiqilgan loyihalarni amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlar qoplab berilmaydi.
18. Ishtirokchilar tomonidan quyidagi xatti-harakatlar amalga oshirilganligi aniqlansa, ular tanlovdan chetlashtiriladi:
tanlov komissiyasi va masʼul tashkilot faoliyatiga aralashsa (xalaqit qilsa);
tanlov doirasida arizada koʻrsatilmagan, yaʼni ishtirokchi jamoaning aʼzosi boʻlmagan shaxslarni jalb qilsa;
tanlov doirasida notoʻgʻri maʼlumotlar taqdim etsa;
oʻz xohishi bilan tanlovda ishtirok etishni davom ettirishdan voz kechsa;
tanlov doirasida Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik xujjatlariga zid xatti-harakatlar aniqlansa;
Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan oʻtkazilgan gʻoliblariga grant ajratiladigan boshqa startap tanlovlarda ishtirok etayotgan va (yoki) gʻolib deb topilgan boʻlsa;
tanlov shartlarini buzsa va mazkur Nizom talablariga rioya qilinmasa.
Ishchi organ ishtirokchilarni tanlovdan chetlashtirish boʻyicha tanlov komissiyasiga taklif kiritadi.
19. Tanlov komissiyasining ishtirokchilarni tanlovdan chetlashtirish toʻgʻrisidagi qarori qabul qilinadi va qaror qabul qilingandan keyin ishtirokchining elektron pochta manziliga xabar (platformadagi shaxsiy kabinetiga xabarnoma) yuboriladi.
4-bob. Ishtirokchilarning loyihalarini baholash hamda tanlov sovrindorlarini aniqlash
20. Ishchi organ va masʼul tashkilot ishtirokchilarning loyihalarini saralash va baholash mezonlarini ishlab chiqib, tanlov komissiyasiga tasdiqlash uchun kiritadi.
Bunda, ishtirokchilarning loyihalarini saralash va baholash mezonlari tanlovning ikkinchi — toʻrtinchi bosqichlari uchun alohida tuziladi va tanlov komissiyasi tomonidan har yili tanlov eʼlon qilinadigan kundan kamida 10 kun oldin yangidan tasdiqlanadi.
21. Grant sovrindorlari masʼul tashkilot tomonidan aniqlanadi.
22. Masʼul tashkilot tanlovning toʻrtinchi-beshinchi bosqichlarida ishtirokchilarning loyihalarini tasdiqlangan baholash mezonlariga asosan baholaydi va saralaydi, shuningdek, grant sovrindorlarining roʻyxatini shakllantirib, ishchi organga kiritadi.
Bunda, ishchi organ grant sovrindorlarining roʻyxatini koʻrib chiqib 3 ish kunida tasdiqlash uchun tanlov komissiyasiga taqdim etadi.
5-bob. Grant ajratish tartibi
23. Grant sovrindorlariga quyidagi 3 (uchta) pozitsiya boʻyicha grant asosida mablagʻlar ajratiladi:
istiqbolli gʻoyaga — 150 million soʻmgacha;
mahalliy bozorga ixtisoslashgan loyihaga — 300 million soʻmgacha;
jahon bozoriga ixtisoslashgan loyihaga — 1 milliard soʻmgacha.
24. Grant sovrindorlariga grantlar quyidagi tartibda oʻtkazib beriladi:
a) istiqbolli gʻoyalarga — grant sovrindorlari eʼlon qilingan kundan boshlab 15 (oʻn besh) ish kuni davomida 100 foiz mikdorida;
b) mahalliy va jahon bozorlariga ixtisoslashgan loyihalarga:
grant sovrindorlari eʼlon qilingan kundan boshlab 15 (oʻn besh) ish kuni ichida birinchi transh (50 foiz mikdorda) toʻlanadi;
keyingi ikki transh (25 foizdan) yil davomida muhim samaradorlik koʻrsatkichlarining bajarilishi asosida tanlov komissiyasining qaroriga muvofiq oʻtkazib beriladi.
25. Mahalliy va jahon bozorlariga ixtisoslashgan loyihalar boʻyicha grant sovrindorlari grant mablagʻlarining ikkinchi-uchinchi transhlarini olish uchun tanlov komissiyasi tomonidan tasdiqlangan muhim samaradorlik koʻrsatkichlarini bajarishi lozim.
Bunda, ishchi organ har yili 20-dekabrga qadar masʼul tashkilot takliflari asosida ishlab chiqilgan muhim samaradorlik koʻrsatkichlarini tanlov komissiyasiga kiritadi.
26. Mazkur Nizom shartlarini bajarmagan yoki buzgan, shuningdek, muhim samaradorlik koʻrsatkichlarini bajarmagan mahalliy va jahon bozorlariga ixtisoslashgan loyihalar boʻyicha grant sovrindorlariga pul mukofotining ikkinchi-uchinchi transhlari toʻlanmaydi.
27. Muhim samaradorlik koʻrsatkichlarini bir yil davomida toʻliq bajarmagan mahalliy va jahon bozorlariga ixtisoslashgan loyihalar boʻyicha grant sovrindorlariga toʻlanmagan grant mablagʻlar Yosh tadbirkorlarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga qaytarib beriladi.
Bunda, mahalliy va jahon bozorlariga ixtisoslashgan loyihalar boʻyicha grant sovrindorlariga avval oʻtkazilgan 50 foiz mikdordagi mablagʻlar grant sovrindorlari ixtiyorida qoldiriladi.
6-bob. Yakuniy qoidalar
28. Tanlovning shaffofligi va ochiqligini taʼminlash maqsadida loyihalar taqdimoti tashkilotchilar tomonidan ijtimoiy tarmoqlarda hamda maxsus dasturiy taʼminotlar yordamida jonli onlayn efirga uzatilishi mumkin.
29. Tanlovning yopilish tadbiri tantanali ravishda tanlov komissiyasi tomonidan amalga oshiriladi.
30. Tanlov natijalari yuzasidan ishtirokchilar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda murojaat (shikoyat) yuborishga haqli.
31. Ushbu Nizom talablariga amal qilmagan va uning talablarini buzgan aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Raqamli texnologiyalar sohasida startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun tanlov asosida grantlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Raqamli texnologiyalar sohasida startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun grant mablagʻlarini ajratish boʻyicha tanlovni tashkil etish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Tanlov komissiyasi Tanlovni eʼlon qiladi va arizalar qabuli boshlanadi. Har yili 1-iyulga qadar 2-bosqich Ariza beruvchilar Tanlovda ishtirok etish uchun “Elektron hukumat” tizimi foydalanuvchilarini identifikatsiyalashning yagona axborot tizimi (OneID) orqali roʻyxatdan oʻtadi. Nizomga 2-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq ariza va unga ilova qilingan materiallar maxsus platforma orqali topshiradi. Har yili 1-avgustga qadar 3-bosqich “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi” MCHJ (Ishchi organ) 1. Maxsus platforma orqali kelib tushgan ariza va unga ilova qilingan materiallarning toʻliqligini koʻrib chiqadi hamda Nizom talablariga mosligini tekshiradi. Har yili 25-avgustga qadar Bunda ariza beruvchilarning keyingi bosqichga oʻtganligi (oʻtmaganligi) haqida ularning elektron pochta manziliga xabar (portaldagi shaxsiy kabinetiga xabarnoma) yuboriladi hamda keyingi bosqichga oʻtgan ariza beruvchilarga “ishtirokchi” maqomi beriladi. Har yili 5-sentabrga qadar Ishtirokchilar 2. Ishlab chiqqan loyihalarini takomillashtirib, maxsus platformaga qaytadan joylashtirishlari mumkin. Har yili 25-oktabrga qadar 4-bosqich Ishtirokchilar 1. Ushbu bosqichga oʻtgan ishtirokchilar oʻzlarining loyihalari boʻyicha masʼul tashkilotda taqdimot oʻtkazadilar va himoya qiladilar (onlayn tarzda). Har yili 25-noyabrga qadar (Tanlov komissiyasi tomonidan belgilangan sanada) Raqamli texnologiyalar sohasida xizmatlar koʻrsatuvchi tashkilot (masʼul tashkilot) 2. Ushbu bosqichga oʻtgan ishtirokchilarning loyiha taq d imotlari natijasi boʻyicha baholaydi va sovrindorlarni aniqlaydi. Sovrindorlar roʻyxatini ishchi organga taqdim etadi. 5-bosqich Tanlov komissiyasi 1. Grant sovrindorlari rasman taqdirlash marosimida eʼlon qilinadi va ushbu natijalar eʼlon qilinganidan soʻng ikki kun ichida maxsus platformada ham joylashtiriladi. Grant sovrindorlarini taqdirlash marosimi tantanali ravishda tashkil qilinadi. Har yili 25-dekabrga qadar Ishchi organ 2. Grant sovrindorlariga pul mukofotlari oʻtkazib beriladi. 15 ish kuni ichida Mahalliy va jahon bozorlariga ixtisoslashgan loyihalar boʻyicha sovrindorlar 3. Ikkinchi-uchinchi transhlarni (25 foizdan) olish uchun muhim samaradorlik koʻrsatkichlari asosida oʻz loyihalarini takomillashtiradi. Pul mukofoti oʻtkazib berilgandan soʻng bir yil mobaynida
Raqamli texnologiyalar sohasida startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun tanlov asosida grantlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Raqamli texnologiyalar sohasida startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun grant mablagʻlarini ajratish boʻyicha tanlovda qatnashishga ariza topshirish
Ariza beruvchi haqida maʼlumot 1. Barcha jamoa aʼzolarining jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) 2. Barcha jamoa aʼzolarining telefon raqami va elektron pochtasi 3. Barcha jamoa aʼzolarining vazifalari: Frontend dasturchi Backend dasturchi Maʼlumotlarni qayta ishlash boʻyicha mutaxassis; Sunʼiy intellekt (AI) muhandisi Mobil dasturchi Devops dasturchi Product menejer Web dasturchi Sinovchi Dizayner Boshqa 4. Jamoa ishtirok etayotgan xudud/viloyat 5. Ishtirokchilarning ish/oʻqish joyi (mavjud boʻlsa) Loyiha toʻgʻrisida maʼlumot 6. Grant pozitsiyasi: Istiqbolli gʻoya; Mahalliy bozorga ixtisoslashgan loyiha; Jahon bozoriga ixtisoslashgan loyiha. 7. Loyiha nomi 8. Loyihaning tavsifi 9. Loyihaning tavsiflovchi videolavhaga havola (3 daqiqagacha boʻlgan) 10. Loyihaning taqdimoti (PDF shaklida) — yuklash , yoki unga havola 11. Loyihaning GitHub platformasidagi havola 12. Loyihaning prototipi (MVP)ra havola 13. Loyihaning yuqori sifatdagi logotipi — yuklash
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 29-maydagi 303-son qaroriga 2-ILOVA
Raqamli texnologiyalar sohasida startap loyihalarini tanlash va grant ajratish boʻyicha tanlov komissiyasi tarkibi
1 . L.Sh. Kudratov — investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri, Komissiya raisi 2. Sh.X. Shermatov — raqamli texnologiyalar vaziri, Komissiya hamraisi 3. D.A. Vahobov — Oʻzbekiston savdo-sanoat palatasi raisi 4. A.Z. Saʼdullayev — Yoshlar ishlari agentligi direktori 5. Sh.R. Rajabbayev — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi innovatsion rivojlanish agentligi direktori 6. K.N. Irisbekova — AT “Aloqabank” boshqaruvi rais 7. Lavozim boʻyicha — investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi boshqarma boshligʻi 8. F.Z. Ibragimov — “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi” MCHJ bosh direktori, komissiya kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 29-maydagi 303-son qaroriga 2 1 -ILOVA
IT-park rezidentlari uchun eksportning minimal koʻrsatkichlaridan kelib chiqqan holda IT-park direksiyasiga jami daromadidan oʻtkaziladigan ajratmalarning tabaqalashtirilgan
T/r Jami daromad Ajratma miqdori Eksportning minimal koʻrsatkichlari taʼminlanganda Eksportning minimal koʻrsatkichlari taʼminlanmaganda 2024-yil 1-oktabrdan 2026-yil 1-apreldan 1. 5,0 mlrd soʻmgacha 1 foiz 2. 5,0 — 100,0 mlrd soʻmgacha 1 foiz 1 foiz 2 foiz 3. 100 milliard soʻm va undan yuqori boʻlgan 1 foiz 2 foiz 3 foiz *
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 29-maydagi 303-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 15-iyuldagi 589-son qarori bilan tasdiqlangan Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
a) 5-bandning ikkinchi xatboshisidagi “jami daromadning bir foizi miqdorida” soʻzlari chiqarib tashlansin;
b) 18-bandda :
beshinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“har oyda hisobot davridan keyingi oyning 20-kunidan kechikmay Direksiyaning talab qilib olinadigan depozit hisobvaragʻiga jami daromadning bir foizi miqdorida ajratma oʻtkazishi. Bunda, jami daromadi kalendar yil davomida 100 milliard soʻm va undan yuqori boʻlgan hamda chorak yakuni boʻyicha xizmatlarni (tovarlarni) eksport qilishdan olinadigan daromadlari jami daromadning 2024-yil 1-oktabrdan boshlab 10 foizi, 2026-yil 1-yanvardan boshlab 20 foizi, 2027-yil 1-yanvardan boshlab 35 foizini tashkil etmagan taqdirda ikki foiz miqdorida ajratma oʻtkazishi;”;
oltinchi xatboshidagi “tushumdagi ulush” soʻzlari “tushumdagi ulushi, eksport hajmi va tarkibi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
v) 2-ilova kuyidagi mazmundagi 23-band bilan toʻldirilsin:
“23. Umumiy xizmatlar hajmida xizmatlar eksporti ulushi mahalliy bozor uchun koʻrsatilgan xizmatlar hajmiga nisbatan yuqori boʻlgan, kamida ikki yoki undan ortiq xorijiy davlatlarda faoliyat koʻrsatuvchi tashkilotlar tomonidan xizmatlar koʻrsatish”.
2. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 10-maydagi 294-son qarori bilan tasdiqlangan Yosh tadbirkorlarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomda :
a) 5-bandi beshinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“raqamli texnologiyalar sohasida IT-taʼlim xizmatlarini koʻrsatish, dasturiy mahsulotlar ishlab chiqarish hamda eksportga yoʻnaltirish boʻyicha startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun tanlov asosida 1 milliard soʻmgacha boʻlgan grantlar ajratish”.
b) 27 1 -band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“27 1 . Jamgʻarma hisobidan raqamli texnologiyalar sohasida IT-taʼlim xizmatlarini koʻrsatish, dasturiy mahsulotlar ishlab chiqish hamda eksportga yoʻnaltirish boʻyicha startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi” MCHJ tomonidan oʻtkaziladigan tanlov asosida raqamli texnologiyalar sohasidagi istiqbolli startap loyihalarni qoʻllab-kuvvatlash uchun bir loyihaga 1 milliard soʻmdan oshmagan miqdorda grantlar ajratiladi.
Bunda Raqamli texnologiyalar sohasida startap loyihalarini tanlash va grant ajratish boʻyicha tanlov komissiyasi qarori Jamgʻarma hisobidan grant ajratish uchun asos hisoblanadi.”
v) quyidagi mazmundagi 27 2 -band bilan toʻldirilsin:
“27 2 . Jamgʻarma hisobidan IT-parkning “Aloqabank” AT bankida ochilgan bank hisob raqamiga raqamli texnologiyalar sohasida IT-taʼlim xizmatlarini koʻrsatish, dasturiy mahsulotlar ishlab chiqarish hamda eksportga yoʻnaltirish boʻyicha startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun tanlov asosida 1 milliard soʻmgacha boʻlgan grantlar ajratish uchun moliyaviy resurslar ajratiladi”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 29-may,
303-son