UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 31-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 31 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 31 мая 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 31 May 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ҚОИДАЛАРИ

ҚОИДАЛАРИ

РЎЙХАТИ

Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 13 февралдаги ПҚ-54-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш орқали иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, истеъмолчилар томонидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

электр энергияси истеъмолчилари ва таъминотчи корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг жавобгарлиги;

электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш устидан давлат назорати;

истеъмолчиларни электр тармоқларига улаш тартиби;

электр энергияси учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини назарда тутувчи Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари 1-иловага мувофиқ;

табиий газ истеъмолчилари ва таъминотчи корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг жавобгарлиги;

табиий газга бўлган йиллик эҳтиёжни аниқлаш тартиби;

истеъмолчиларни табиий газ тармоқларига улаш тартиби;

табиий газ учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;

табиий газдан оқилона, хавфсиз фойдаланиш ва уни нормалашни назарда тутувчи Табиий газдан фойдаланиш қоидалари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Энергетика вазирлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда соҳадаги тегишли ташкилотлар билан биргаликда ушбу қарорнинг оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини ташкил этсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарорига 1-ИЛОВА

Электр энергиясидан фойдаланиш

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидалар электр энергиясини ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасидаги талабларни белгилайди.

2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

авария режими — электр энергетика объектларининг ишлаш технологик параметрларининг ягона электр энергетика тизими ишончли ишлашининг издан чиқишига ва истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб бериш чекланишига олиб келиши мумкинлигига йўл қўйиб бўлмайдиган тарзда четга чиқиши;

блок-станциялар — истеъмолчиларнинг ягона электр энергетика тизимига бевосита ёки истеъмолчилар тармоғи орқали уланган ҳамда оператив-диспетчерлик бошқаруви тизимига кирадиган электр станциялари;

иллюминация ва лампалар шодаси — ресторан, кафе, бар, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан ён атрофидаги дарахтларга, конструкцияларга осилган иллюминация ва лампалар шодаси;

истеъмолчининг уланган қуввати — истеъмолчининг электр энергиясини ишчи кучланишга айлантирувчи трансформаторларининг ва 1000 В дан юқори кучланишли электр двигателларнинг электр тармоқларига уланган жами қуввати;

кўрсаткичларни назорат тартибида текшириш (айланиб чиқиш) — таъминотчининг ваколатли ходими томонидан ҳисоблагичдан электр энергиясининг ҳақиқий сарфи кўрсаткичларини олиш ва ўрнатилган пломбаларнинг бутлигини кўздан кечириш ҳамда бир вақтнинг ўзида тегишли электрон далолатнома расмийлаштириб, уни тегишли дастурий таъминот базасига киритиш. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (кейинги ўринларда — ЭҲНАТ) дастури орқали олинган маълумотлар — айланиб чиқиш деб ҳисобланмайди;

маиший истеъмолчилар — электр энергиясидан маиший эҳтиёжлар учун фойдаланувчи аҳоли;

майнинг — ҳисоблаш операцияларини бажариш орқали маълумотларнинг тақсимланган реестрини юритиш, блокларнинг яхлитлигини яратиш ва тасдиқлаш фаолиятидир;

махсус тартибга кўра электр энергияси етказиб бериладиган истеъмолчилар — алоҳида хавфли ҳамда электр энергиясининг узиб қўйилиши техноген ва авария оқибатларига олиб келиши мумкин бўлган узлуксиз технологик жараёнга эга бўлган саноат корхоналари, давлат ҳокимияти олий органлари уйлари (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд ва бошқалар), минтақавий сув қувурлари бошқармалари, иссиқлик ва ичимлик суви билан таъминлаш ташкилотлари, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳарбий қисмлар, шошилинч тиббий ёрдам марказлари ва давлат тиббиёт муассасаларининг реанимация бўлинмалари, метро ва аэропорт;

назорат ҳисоблагичлари — электр энергияси сарфини назорат қилиш учун фойдаланиладиган ва кўрсаткичлари асосида алоҳида цехлар, технологик линиялар, кўп энергия сарфлайдиган ускуналар ва бир неча оилалар яшайдиган хонадонлардаги алоҳида бир оила сарфини аниқлаш имконини берадиган ҳисоблаш ускунаси;

намунали истеъмолчи — ЭҲНАТга уланган ва масофадан бошқариш имкониятига эга ҳисобга олиш ускунаси билан таъминланган, электр энергияси учун муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаган ҳамда электр энергиясидан фойдаланиш ва уни ҳисобга олиш бўйича қоидабузарликларга йўл қўймаган истеъмолчи (маиший истеъмолчилар ва охирги икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаган истеъмолчилар бундан мустасно);

нооқилона сарфлаш — электр энергияси сарфини камайтириш имконияти бўла туриб, ушбу имкониятдан фойдаланмасдан электр энергияси сарфланиши, шу жумладан, реактив қувватни компенсация қилмаслик;

реактив энергиянинг иқтисодий қиймати — ошиб кетиши электр энергияси сифатининг ёмонлашувига ва электр таъминоти корхонаси тармоқларида энергия йўқотиш ортишига олиб келадиган реактив энергиянинг энг мақбул қиймати;

реактив энергияси — электромагнит майдон ҳосил қилиш учун сарфланадиган энергия;

Регулятор — Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги;

самарасиз сарфлаш — электр қурилмаларни ҳамда двигателларни ишлаб чиқариш зарурати бўлмаган ҳолда жиҳозларнинг унумсиз ёки беҳуда ишлаши оқибатида энергиянинг тўғридан-тўғри исроф қилиниши;

субистеъмолчи — таъминотчи розилиги билан истеъмолчининг электр тармоқларига бевосита уланган ва истеъмолчи билан электр таъминоти шартномасини тузган юридик ёки жисмоний шахс. Электр энергияси субистеъмолчига берилганда, истеъмолчи мазкур Қоидаларга риоя қилиш бўйича жавобгар бўлади;

ташқи реклама конструкциялари — очиқ майдонларда жойлаштирилган махсус, вақтинча ёки стационар иншоотларга, шунингдек, бинолар, иншоотларнинг ташқи юзаларига, деворларга, томларга, панжараларга, кўча жиҳозлари элементларига, кўчалар ва йўлларнинг қатнов қисмида, автомобил ёқилғи қуйиш шохобчаларида жойлаштирилган видеоэкранлар, электрон дисплейлар, медиа фасад ва реклама кўринишидаги маълумотларни акс эттирувчи қурилмалар;

тизим оператори — ягона электр энергетика тизими, магистрал электр тармоқлари фаолияти технологик режимининг тезкор-диспетчерлик бошқарувини, шунингдек, унинг бошқа давлатлар электр энергетика тизимлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминловчи ваколатли тузилма («Миллий диспетчерлик маркази» давлат унитар корхонаси);

тўлов ҳужжати — тўлов тизимининг қоидалари билан белгиланган таркибга, реквизитлар форматига эга бўлган ҳамда электрон тўловни амалга ошириш учун зарур ахборотни ўз ичига олган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган тўлов талабномаси, тўлов топшириқномаси ёки электрон тўлов ҳужжати бўлиб, унинг асосида таъминотчининг ҳисобварағига маблағлар ўтказилади. Электрон тўлов ҳужжатлари орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишда уларнинг электрон тўловни амалга ошириш учун зарур реквизитларни сақлаган ҳолда қоғоздаги шакли ҳам таъминланиши керак;

чеклаш — шартномада назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш оқибатида муайян вақт оралиғи давомида, шунингдек, таъминотчининг электр тармоқларида форс-мажор ҳолатлар туфайли пайдо бўлган авария режимлари вақтида истеъмолчига шартномада белгиланган электр энергиясини етказиб бериш миқдорининг камайиши;

электр тармоғи хўжалиги объектлари — электр энергиясини узатиш ва етказиб бериш учун мўлжалланган электр энергияси узатиш линиялари, трансформатор подстанциялари, тақсимлаш пунктлари;

электр тармоғининг баланс бўйича мансублик чегараси — электр тармоғининг баланс бўйича мансублиги билан аниқланадиган, таъминотчи ва истеъмолчи ўртасидаги электр тармоғининг бўлиниш нуқтаси;

электр таъминоти корхонаси — таъминотчининг туман, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш бўлинмаси ёки мазкур функцияларни бажарувчи хусусий корхона;

электр таъминоти шартномаси — истеъмолчида керакли ускуналар ва электр энергияси истеъмолини ҳисоблагичлар мавжуд бўлган тақдирда, таъминотчига электр тармоғи орқали электр энергиясини етказиб бериш мажбуриятини юклайдиган, истеъмолчига эса электр энергияси ҳақини тўлаш, шунингдек, электр энергияси истеъмолининг шартномада назарда тутилган режимига риоя қилиш, ўз тасарруфида бўлган электр тармоқларини эксплуатация қилиш, хавфсизлигини ҳамда электр энергияси истеъмоли билан боғлиқ бўлган ўзи фойдаланадиган ускуналар ва асбобларнинг соз ҳолатда бўлишини таъминлашга доир чора-тадбирларни бажариш мажбуриятини юклайдиган битим;

электр таъминотининг технологик брони — технологик жараённи, ишлаб чиқариш циклини тугаллаш учун зарур бўлган электр энергияси ёки қуввати ҳажми;

электр энергияси истеъмолининг шартномадаги миқдори — электр таъминоти шартномасида белгиланган ва тегишли ҳисоб-китоб даврида техник шартларга кўра рухсат этилган қувват, электр қурилмаларидан фойдаланилган энг мақбул иш соатлари сони ва иш кунларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган электр энергияси (актив, реактив) миқдори;

электр энергияси истеъмолчиси — электр таъминоти шартномасига мувофиқ ишлаб чиқариш ва (ёки) маиший эҳтиёжлар учун электр энергиясидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс;

электр энергияси сарфи ҳажмини ҳисобга олиш ускунаси (кейинги ўринларда — ҳисоблагич) — истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳақ тўланиши лозим бўлган ҳажмни кўрсатувчи техник восита;

электр энергияси сифати — электр энергияси параметрларининг миллий стандартлари бўйича белгиланган талабларга мувофиқлиги;

электр энергияси таъминотидаги танаффус (узиб қўйиш) — истеъмолчига электр энергияси етказиб беришни тўхтатиш, автоматика қурилмаларининг муваффақиятли ишлаши туфайли ёки электр энергияси истеъмол қилишнинг чекланишига олиб келмайдиган, бир вақтнинг ўзида бир нечта линиялар бўйича электр энергиясини олувчи истеъмолчилар учун битта ёки бир нечта электр энергияси етказиб бериш линияларининг узиб қўйилиши туфайли содир бўладиган танаффуслар бундан мустасно;

электр энергиясини истеъмол қилиш режими — рухсат этилган қувват коэффициентини ушлаб туриш, меъёрий кучланишни сақлаб туриш, тармоқда электр энергияси йўқотишларини меъёрдан ошириб кетмаслигини таъминлаш;

электр энергиясини қабул қилгич (электр қабул қилгич) — электр энергиясини бошқа турдаги энергияга айлантирадиган ускуна (электр жиҳозлар). Куч трансформаторлари электр қабул қилгич ҳисобланмайди;

электр қурилмаси — электр энергиясини ишлаб чиқариш, трансформация қилиш (трансформатор), узатиш, тақсимлаш ҳамда уни энергиянинг бошқа турига айлантириш учун мўлжалланган машиналар, аппаратлар, электр узатиш линиялари ва ёрдамчи ускуналар йиғиндиси (улар ўрнатилган иншоотлар ва бинолар билан бирга);

энергия таъминоти бўйича авария брони — истеъмолчилар фаолияти қисман ёки тўлиқ тўхтатилган ҳолда ускуналарни сақлаш, инсонлар ҳаётининг хавфсизлигини таъминлаш, авария ва қўриқлаш ёритгичлари, шамоллатиш, сув ҳайдаш, сув таъминоти, иситиш, ёнғин хавфсизлиги воситалари учун зарур бўлган энг кам электр қуввати миқдори ёки электр энергияси ҳажми;

ЭҲНАТга мос келадиган ҳисоблагичлар — республиканинг ҳар бир ҳудудларида жорий қилинган ягона CAS (Central AMI Systems — марказий такомиллаштирилган ўлчаш инфратузилмаси тизими) тизимига мос келадиган ҳисоблагичлар;

ЭҲНАТ тизими қурилмалари — алоқа модуллари, антенна, модем, сим-карталар, концентраторлардан иборат ускуналар мажмуи;

ягона электр энергетика тизими — электр энергиясини ҳосил қилувчи корхоналар, магистрал электр тармоқлари, ҳудудий электр тармоқлари мажмуи ва тезкор-диспетчерлик маркази;

ҳисобга олиш нуқтаси — электр таъминоти схемасидаги нуқта, унда ўлчаш асбоби (ёки ҳисобга олиш тизими) ёрдамида электр энергияси сарфининг ҳажми аниқланади;

ҳисобга олиш тизими — ўлчов трансформаторлари, иккиламчи занжирлар, синов блоклари, ўтувчи клеммниклар ва ҳисоблагичлардан ташкил топган ускуналар мажмуи;

ҳисоб-китоб даври — электр энергияси истеъмолининг сарфи (ҳажми) аниқланиши, истеъмол қилинган электр энергияси учун истеъмолчи ва таъминотчи ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб қилиниши керак бўлган вақт даври (ой);

ҳисоблагичнинг уланиш схемасини текшириш — таъминотчи ва (ёки) Ўзэнергоинспекция ваколатли ходими томонидан инструментал усул билан истеъмолчининг ҳисоблагич ва ўлчов трансформаторларининг уланиш схемаси тўғрилигини текшириш ҳамда бир вақтнинг ўзида тегишли электрон далолатнома расмийлаштирилиб, уни тегишли дастурий таъминот базаларига киритиш, далолатнома Ўзэнергоинспекция ходими томонидан расмийлаштирилганда, тегишли дастурий таъминот базаларига киритиш учун уни таъминотчига тақдим этиш;

ҳисоблагич ёки ЭҲНАТ базаси хотира маълумотлари — ҳисоблагичнинг хотирасида ҳамда ЭҲНАТ маълумотларни сақлаш базасида (сервери) сақлаб туриладиган барча маълумотлар мажмуи;

ҲЭТК — вилоят, туман (шаҳар), иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр таъминоти шартномаси асосида истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш ва тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс.

3. Истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисобга олиш учун ўлчаш воситаси метрологик қиёслашдан ўтганлиги тўғрисида сертификатга эга бўлган ЭҲНАТга мос келадиган ҳисоблагичлар қўлланилади.

Таъминотчилар ваколатли ходими истеъмолчилар билан биргаликда зарур ҳолларда, истеъмол қилинган электр энергиясининг амалдаги миқдорини аниқлаш учун улардаги ҳисоблагич (маиший истеъмолчилардан ташқари) кўрсаткичларини ва ҳисоблагичларнинг уланиш схемасини текшириб кўради. Истеъмолчи томонидан электр энергияси сарфи тўғрисида таъминотчига белгиланган шакл бўйича бевосита ўзи томонидан ёки факс, электрон шаклда ёхуд почта алоқаси орқали тақдим этилган ҳисобот юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар учун истеъмол қилинган электр энергиясининг амалдаги ҳажмини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

ЭҲНАТнинг жорий этилиши муносабати билан истеъмолчиларнинг ҳисоблагичларидаги кўрсаткичлари автоматлаштирилган тизимнинг техник параметрларига мувофиқ ёки истеъмолчининг буюртмаси бўйича ёзиб олинади.

таъминотчи шахсий ҳисобварақ ва ҳисоблагичларнинг ҳолати ҳақида батафсил маълумотлар доимий асосда шакллантирилишини ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимига реал вақт режимида юборилишини таъминлайди.

4. Истеъмолчи ўзига тегишли электр тармоқларига кучланиши 1 000 В гача бўлган қўшимча электр қурилмаларини рухсат этилган қувват миқдори доирасида улаши мумкин.

5. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда — Ўзэнергоинспекция) ходимлари электр энергиясидан самарасиз ва нооқилона фойдаланиш, электр энергиясини истеъмол қилиш режимига риоя қилмаслик ва электр қурилмаларининг авария хавфини туғдирадиган ёки одамлар ҳаётига хавф соладиган қониқарсиз техник ҳолати ҳамда электр тармоқларига ноқонуний уланиш, шунингдек, ҳисоблагичларга қасддан шикаст етказганлик, ҳисоблагичлар кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш ҳолатлари аниқланганда, тегишли таъминотчига ёки истеъмолчига ушбу электр қурилмалар электр энергияси таъминотини тўхтатиб қўйиш тўғрисида мажбурий кўрсатма бериш ҳуқуқига эга.

Ўзэнергоинспекция томонидан истеъмолчида электр энергиясидан нооқилона фойдаланганлик, электр энергиясини тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирларни бажармаслик, техник шарт талаблари бўйича қайта тикланувчи энергияси манбаларни жорий этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда (тегишли имзоланган далолатномага мувофиқ), таъминотчи ушбу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда электр энергияси истеъмолининг шартномадаги миқдорини камайтиришга ҳақли.

6. Таъминотчига электр тармоғи хўжалиги объектларидаги аварияларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ёки одамлар хавфсизлигини таъминлаш ишлари билан боғлиқ кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш зарур бўлганда, истеъмолчи билан келишмасдан ва уни огоҳлантирмасдан, бироқ уни дарҳол хабардор қилган ҳолда электр энергиясини узатишни узиб қўйиш ёки чеклашга рухсат этилади.

7. Объектнинг электр таъминоти лойиҳасида кўзда тутилган захира манбаини автоматик ишга тушириш, таъминот манбаини қайта улаш ёки частотали автоматик юксизлантириш вақтида электр энергиясининг узиб қўйилиши (сабабларидан қатъи назар) электр таъминотида танаффус деб ҳисобланмайди.

8. Ваколатли давлат органлари махсус қоидалар бўйича фойдаланиладиган электр қурилмаларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ энергетика назоратидан ўтказади.

Электр тармоқлари, қурилмалар, асбоблар ва ускуналарнинг техник ҳолатига ва уларни эксплуатация қилишга қўйиладиган талаблар, шунингдек, уларга риоя этилишини назорат қилиш тартиби электр энергетика соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

9. Ўзэнергоинспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан давлат назоратининг амалга оширилиши истеъмолчиларни ўзлари эксплуатация қилаётган электр тармоқлари, асбоблар ва ускуналарнинг зарур техник ҳолати ва хавфсизлиги таъминланиши, электр энергияси истеъмолининг белгиланган режимига риоя этилиши учун жавобгарликдан, шунингдек, электр энергиясидан фойдаланиш пайтида пайдо бўладиган авариялар, ёнғинлар, ҳисоблагичларнинг носозликлари ва бошқа қоида бузарликлар тўғрисида таъминотчини дарҳол хабардор қилиш мажбуриятидан озод қилмайди.

10. Умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд ҳисоблагичларга, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан зарар етказиш ёхуд ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан ўғрилик содир этган, электр энергиясининг беҳуда сарфланишига йўл қўйган ва Ўзэнергоинспекция кўрсатмаларини бажармаган истеъмолчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

2-боб. Электр энергияси истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

11. Электр энергияси истеъмолчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз электр қурилмаларини техник шартларга мувофиқ электр тармоқларига улаш;

сифат кўрсаткичлари давлат стандартларига мувофиқ бўлган электр энергиясини олиш;

электр энергиясини етказиб беришнинг тўхтатиб қўйилиши сабаблари тўғрисида белгиланган тартибда ахборот олиш;

таъминотчига улар истеъмол қиладиган электр энергияси ҳажмларининг ўзгартирилиши тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритиш. Бунда электр энергиясининг шартномадаги ҳажмини ўзгартириш бўйича таклиф мўлжалланаётган ҳисобот ойи бошланишидан 10 кун олдин берилиши керак;

электр энергияси тўлиқ ҳажмда етказиб берилмаслиги ёки сифат кўрсаткичлари миллий стандартларига мувофиқ бўлмаган электр энергияси етказиб берилиши оқибатида таъминотчи томонидан етказилган зарарларни белгиланган тартибда қоплашни талаб қилиш;

электр таъминоти шартномаси бекор қилинганда фойдаланилмай қолган электр энергияси миқдори учун тўланган маблағни қайтаришни талаб қилиш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бир тарафлама тартибда электр таъминоти шартномасини бекор қилиш;

электр энергияси етказиб берилиши асоссиз равишда тўхтатилганда, етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш;

электр таъминоти шартномаларини тузиш ва бажаришда юзага келаётган низоларни ҳал этиш учун судга ёки бўйсуниши бўйича юқори ташкилотга, мансабдор шахсга мурожаат қилиш.

Электр энергияси истеъмолчилари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

12. Электр энергияси истеъмолчилари қуйидагиларга мажбур:

таъминотчи томонидан белгиланган электр энергиясини истеъмол қилиш режимига риоя этиш;

фойдаланилган электр энергияси учун ўз вақтида ҳақ тўлаш;

ишлатилаётган электр қурилмалари, асбоблар ва асбоб-ускуналарнинг зарур техник ҳолатини ва истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилинишини таъминлашга, ҲЭТК ёки электр таъминоти корхонасига электр асбоб-ускуналари, ҳисоблагич ва ўлчов трансформаторларининг носоз ҳолати, улардаги ўрнатилган пломбаларнинг бузилганлик ҳолатини кўрганда, электр таъминоти корхонасига хабар қилиш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизмат бирлигига электр энергияси сарфи меъёрларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш (маиший истеъмолчилардан ташқари);

электр энергиясини иқтисод қилиш бўйича йиллик ташкилий-техник чора-тадбирларни тасдиқлаш ҳамда уларни ижросини таъминлаш (маиший истеъмолчилардан ташқари);

электр энергиясидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

Ўзэнергоинспекциянинг кўрсатмаларини ўз вақтида бажариш;

Электр қурилмаларининг тузилиш қоидалари талабларига риоя этиш;

белгиланган тартибда таъминотчи ва Ўзэнергоинспекция ходимига хизмат гувоҳномалари бўлган тақдирда, сутканинг исталган вақтида ҳисоблагич кўрсаткичларини ёзиб олиш ва уларнинг ҳолати, уланиш схемалари ва қурилмаларини кўрикдан ўтказиш учун тўсқинликсиз бориб кўриш имконини бериш (маиший истеъмолчилардан ташқари);

йил мобайнида янги ишга тушириладиган электр қурилмаларидан фойдаланиш бошланишидан камида бир ой олдин (маиший истеъмолчилардан ташқари) электр энергиясининг зарур миқдори учун таъминотчига буюртманома бериш;

келгуси йил учун электр энергиясига бўлган эҳтиёжни аниқлашда электр энергиясини электр тармоқларидан узатишда, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг (ишлар турларининг) технологик жараёни ишлаб чиқариш эҳтиёжларига, ишлаб чиқариш бинолари ва маъмурий биноларни ёритишга, иситишга, шамоллатишга электр энергияси сарфини, шунингдек, ушбу электр тармоқларига уланган субистеъмолчиларнинг эҳтиёжини ҳисобга олиш (маиший истеъмолчилардан ташқари);

рухсат этилган қуввати 50 кВт ва ундан ортиқни ташкил этган барча истеъмолчилар (маиший истеъмолчилардан ташқари) реактив энергияни компенсацияловчи қурилмаларни ўрнатишга ва ушбу қурилмаларни соз ҳолатда ишлаб туришини таъминлаш;

ишлаб чиқариладиган маҳсулот ва кўрсатиладиган хизматлар бирлигига сарфланадиган электр энергиясининг белгиланган меъёрлардан ошмаслик;

қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатда мажбурий энергетика текшируви (энергоаудит) ва экспертизани ўтказиш;

ишлаб чиқариладиган маҳсулот ва кўрсатиладиган хизматлар бирлигига сарфланадиган электр энергияси меъёрлари таъминланиши учун йиллик электр энергиясини иқтисод қилиш бўйича ташкилий-техник тадбирлар ишлаб чиқилиши ва уларнинг бажарилишини таъминлаш.

Уланган қуввати 5 мегаватт ва ундан ортиқ бўлган электр энергияси истеъмолчилари таъминотчи талабига кўра қуйидагиларни ҳисобга олиши ва бу ҳақида таъминотчини хабардор қилиши шарт:

истеъмол қилинаётган қувватнинг ҳар суткалик, ҳар ойлик сарфи ва амалдаги миқдорини;

ягона электр энергетика тизимининг энг кўп ва энг кам юкламали даврларида реактив энергия ва қувватнинг ҳар суткалик сарфини;

ягона электр энергетика тизимининг энг кўп юкламасининг ўтиш даврида актив энергия (қувват)нинг ҳар 30 дақиқадаги сарфини.

13. Объектларидан магистрал электр тармоқлари сифатида фойдаланиладиган истеъмолчилар таъминотчи билан электр энергияси узатиш хизматларини кўрсатиш юзасидан шартномалар тузиш ҳуқуқига эга эмас.

14. Уланган қуввати 250 кВА ва ундан ортиқ бўлган истеъмолчилар мазкур Қоидаларнинг 12-бандида кўрсатилган мажбуриятлар билан биргаликда қуйидагиларга мажбур:

маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш (ишларни амалга ошириш) учун электр энергияси сарфининг техник ва иқтисодий жиҳатдан асосланган илғор нормаларини ишлаб чиқиш — умумий ишлаб чиқариш ва технологик; якка тартибдаги ва гуруҳ бўйича; йиллик, чораклик ва ойлик — уларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш технологияси такомиллаштирилиши (ўзгартирилиши) ва янги техника жорий этилишига қараб қайта кўриб чиқиш;

ишлаб чиқариш корхоналари томонидан ҳар бир ишлаб чиқариш цехларида ишлаб чиқарилган маҳсулот бирлигига сарфланган электр энергияси миқдорини аниқлаш учун назорат ҳисоблагичларини ўрнатиш;

маҳсулот (иш, хизматлар) бирлигига электр энергияси сарфининг тасдиқланган меъёрларига риоя қилиш ва уларни камайтириш бўйича белгиланган тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш;

корхона бўйича, шу жумладан, кўп энергия сарфлайдиган ускуналар, цехлар ва истеъмолчилар гуруҳлари бўйича электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансини тузиш ҳамда улар асосида ишлаб чиқариш жараёнларида электр энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини таҳлил қилиш, электр энергиясининг самарасиз сарфланиши ва исроф бўлишини аниқлаш, уларни камайтириш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

келгуси давр учун электр энергиясига бўлган эҳтиёжни ва электр тармоқларининг энергия ўтказиш қобилиятини ошириш, электр таъминоти схемаларини такомиллаштириш заруратини аниқлаш мақсадида (маҳсулот ишлаб чиқаришнинг, бажариладиган иш турларининг мўлжалланаётган прогноз ҳажмларидан ва электр энергияси сарфи меъёрларидан келиб чиқиб, уларни камайтириш ва электр энергиясини тежашни ҳисобга олган ҳолда) бир йил ва келгуси давр учун электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансларини тузиш;

электр энергиясини тежаш бўйича (йиллик ва узоқ истиқбол учун) ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

3-боб. ҲЭТКнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

15. Таъминотчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

истеъмолчилардан ушбу Қоидаларда ва электр таъминоти шартномасида белгиланган мажбуриятларни тегишли даражада бажаришни талаб этиш;

истеъмолчилар томонидан электр таъминоти шартномаси шартлари узрли сабабларсиз бажарилмаслиги ёки бузилиши оқибатида унга етказилган зарарнинг белгиланган тартибда қопланишини талаб этиш;

Ўзэнергоинспекция кўрсатмаси ёки энергия ресурсларидан фойдаланиш талабларига амал қилинишини текшириш, шу жумладан, ҳисоблагичларни кўздан кечириш учун ҳудудга киришга қаршилик қилганда, техник носоз ва авария келтириб чиқариш мумкин бўлган қурилмалардан фойдаланилганда, электр таъминоти етказиб бериш тўхтатиб қўйиш (ўчириш);

истеъмол қилинган электр энергияси учун тўлов электр таъминоти шартномасида белгиланган миқдорларда ва муддатларда амалга оширилмаган тақдирда, шунингдек, ЭҲНАТга уланган ва олдиндан тўланган маблағ тугагандан сўнг электр энергияси учун олдиндан тўловни амалга ошириш қурилмасига эга ҳисоблагич мавжуд бўлган истеъмолчиларни электр тармоқларидан узиш, электр энергияси махсус тартибга кўра етказиб бериладиган истеъмолчилар бундан мустасно;

металл прокатини ишлаб чиқарувчи ва (ёки) қайта ишловчи корхоналар томонидан индукцион печлардан фойдаланган ҳолда, қурилиш учун ишлаб чиқарилган металл прокати Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган хулосасига асосан электр таъминоти шартномасини бир томонлама бекор қилиш;

келишилган электр таъминоти лойиҳасида назарда тутилган реактив энергияни компенсацияловчи қурилмаларни ўрнатмаган ёки соз ҳолда ишлаб туришини таъминламаган истеъмолчиларни электр тармоқларидан узиш;

электр энергиясини махсус тартибга кўра етказиб бериладиган истеъмолчиларда қарздорлик вужудга келган тақдирда, ҳақ тўланмаганлиги учун электр энергияси етказиб берилишини белгиланган тартибда электр таъминотининг авария бронигача, тўлиқ узиб қўйиш эса — фақат қонуний кучга кирган суд қарорига кўра чеклаш;

электр тармоғидан узишга электр таъминоти корхонаси ходимини ҳудудга киритмаган тақдирда, қарздор истеъмолчини электр тармоғининг асосий уланиш нуқтасидан узиш;

таъминотчи ваколатли ходимининг шахсий гувоҳномаси бўлган тақдирда, сутканинг исталган вақтида ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларини ёзиб олиш ва кўрикдан ўтказиш учун истеъмолчиларнинг ҳисоблагичлар ва уларнинг уланиш схемаларини тўсқинликсиз бориб кўриш.

Таъминотчи қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Таъминотчи мазкур Қоидалар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ҳолатларда истеъмолчиларни электр тармоқларидан узиш оқибатлари учун жавобгар бўлмайдилар.

16. Таъминотчи қуйидагиларга мажбур:

электр энергиясини электр тармоқларининг баланс бўйича мансублик чегарасига электр таъминоти шартномасида кўрсатилган ҳажмда узлуксиз етказиб бериш;

ускуналарни, электр узатиш тармоқларини, ҳисоблагичларни эксплуатация қилиш, уларга хизмат кўрсатиш ва ускуналарни таъмирлаш, шунингдек, ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида носозликларни бартараф этиш;

ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида электр энергияси сифат кўрсаткичларини давлат стандартларида белгиланган даражада сақлаб туриш;

электр тармоғи хўжалиги объектларининг режали таъмирланиши туфайли электр энергияси билан таъминлашдаги мумкин бўлган узилишлар тўғрисида камида 3 кун олдин огоҳлантириш;

истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришнинг тўхтатиб турилиши ва бунинг сабаблари тўғрисида маълумот бериш;

жорий этиладиган чеклашлар ҳақида чеклашнинг ҳажми ва вақтини кўрсатган ҳолда ўз вақтида хабар қилиш;

Ўзэнергоинспекциянинг кўрсатмаларига мувофиқ истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилишини қисман ёки тўлиқ тўхтатиб қўйиш;

электр энергиясининг ўз электр тармоғи хўжалиги объектлари бўйлаб узатилишидаги технологик йўқотишларнинг рухсат этилган меъёрларини ҳисоблаб чиқиш ва Регуляторга тасдиқлаш учун киритиш;

истеъмолчиларнинг электр энергияси тўлиқ етказиб берилмаганлиги ёки электр таъминотида бошқа қоида бузилишлар тўғрисидаги аризаларини истеъмолчидан ариза олинган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай кўриб чиқиш, ушбу қоида бузилишларини бартараф этиш ва истеъмолчиларга ушбу Қоидаларга мувофиқ батафсил жавоб юбориш;

Ўзэнергоинспекциянинг мазкур Қоидалар талаблари бузилиши тўғрисидаги далолатномалари бўйича ундирилган тўловлар тўғрисида маълумотни ҳар ой Ўзэнергоинспекцияга тақдим этиб бориш;

ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида электр энергиясининг технологик сарфларини қисқартириш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

электр энергиясининг электр тармоқлари мансублик чегарасида ҳисобга олинмаган истеъмолини аниқлаш;

ҳар ойда бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасида тафовут мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни расмийлаштириш ҳамда Ўзэнергоинспекцияга тақдим қилиш;

истеъмолчилар томонидан буюртма берилган электр энергияси ҳажмини етказиб беришнинг техник имкониятларини ва улардаги ҳисоблагичларни мазкур Қоидалар талабларига мувофиқлигини баҳолаш бўйича хулоса бериш;

истеъмолчиларнинг электр тармоқлари ва қурилмаларини ўз ҳудудий электр тармоқларига улаш юзасидан техник шартлар бериш;

истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергиясини белгиланган тартибда ҳисобга олиб бориш;

юридик шахс ҳисобланган истеъмолчилардаги муддати ўтган дебитор қарздорликларни камайтириш юзасидан тегишли чоралар кўриш;

истеъмолчининг белгиланган тартибда киритилган таклифларига мувофиқ беш кун муддатда электр энергиясининг ойлик шартномавий ҳажмига ўзгартиришлар киритиш, электр энергиясининг ойлик шартномавий миқдорини кўпайтириш (камайтириш) мумкин бўлмаган тақдирда — бу ҳақда рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда истеъмолчига хабар қилиш;

ҳар йили истеъмолчиларнинг барча тоифалари буюртманомаларини умумлаштириш асосида электр энергияси истеъмолининг прогноз кўрсаткичларини, шу жумладан, аҳоли истеъмолини, ўз эҳтиёжларига ва келгуси йилда уни узатишга технологик сарфни шакллантириш, йил мобайнида янги ишга тушириладиган объектлар учун захираларни назарда тутиш ва 1 октябргача таъминотчига тақдим этиш;

келгуси йил учун электр энергияси истеъмоли миқдорларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишиш;

маиший истеъмолчининг аризасига асосан ариза берилган пайтнинг ўзида тўловларнинг ҳолати ва истеъмол қилинган электр энергияси учун қарздорликнинг мавжуд эмаслиги (мавжудлиги) тўғрисида маълумотномалар тақдим этиш;

истеъмолчиларга ўрнатилган ҳисоблагичларни белгиланган тартибда алмаштириш, ўрнатиш ва уларни пломбалаш;

истеъмолчиларнинг ҳисоблагичларини белгиланган тартибда ўз вақтида қиёсловдан ўтказиш.

Таъминотчи:

Ўзэнергоинспекция томонидан электр энергиясининг нооқилона сарфланиши, электр қурилмаларининг авария хавфини туғдирадиган ёки инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф соладиган қониқарсиз техник ҳолати, шунингдек, бошқа қоидабузарликлар аниқланиб, қоидабузарларни электр тармоқларидан узиб қўйиш бўйича топшириқ берилганда, ушбу топшириқни зудлик билан бажаради ва ижро этилганлиги тўғрисида Ўзэнергоинспекцияга хабар беради;

Ўзэнергоинспекцияга электр энергияси истеъмоли юзасидан давлат назорат тадбирларини амалга оширишда тафовутларни аниқлаш мақсадида электр энергиясини назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларидаги электр энергияси истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни мониторинг қилиш имкониятини таъминлаш учун сўралган зарур маълумотларни тақдим этиб боради.

Электр энергиясини истеъмол қилиш режимига риоя қилмай, электр энергияси истеъмоли ёки қувватининг шартномавий миқдоридан ошиб кетишига йўл қўйган ва белгиланган электр энергияси истеъмолини чеклаш жадвалини бажармаган кунларда сифати паст электр энергияси етказиб берилганлиги, шунингдек, захира манбаини автоматик улаш, таъминот манбаини автоматик қайта улаш ва автоматик частотали юксизлантириш вақтида электр таъминотидаги танаффуслар учун таъминотчи истеъмолчи олдида моддий жавобгар бўлмайди.

Электр таъминоти шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки зарур тарзда бажарилмаган ҳолларда, таъминотчи бунинг натижасида истеъмолчига етказилган зарарни қоплашга, истеъмолчи эса таъминотчига етказилган зарарни қоплашга мажбур.

Расмийлаштирилган электр таъминоти шартномасини бир иш куни ичида таъминотчининг дастурий таъминот базаларига киритиш.

4-боб. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш устидан давлат назорати

17. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, истеъмол қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши юзасидан давлат назорати (маиший истеъмолчилар бундан мустасно) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзэнергоинспекция томонидан амалга оширилади.

18. Ўзэнергоинспекция қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ходимлари хизмат гувоҳномалари бўлган тақдирда, сутканинг исталган вақтида (маиший истеъмолчилардан ташқари) истеъмолчиларнинг ҳисоблагич кўрсатгичларини ёзиб олиш ва уларнинг ҳолати, уланиш схемалари ва қурилмаларини кўрикдан ўтказиш учун ҳисоблагичлар, схемалар ҳамда қурилмаларни тўсқинликсиз бориб кўриш;

хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширмаган ҳолда электр энергиясини беҳуда сарфлаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш борасида давлат назоратини амалга ошириш билан боғлиқ назорат тадбирларини ўтказиш;

электр энергиясидан беҳуда фойдаланганлиги учун юридик шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда иқтисодий ва (ёки) маъмурий жазо чораларини белгиланган тартибда қўлланилишини таъминлаш;

текширишларга таъминотчининг ходимини жалб этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда топшириқларига мувофиқ республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда ижтимоий соҳа ташкилотлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари жорий этилишини назорат қилиш ва белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиши таъминланмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан чоралар кўриш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб бориш;

Ўзэнергоинспекция томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, таъминотчининг ходимлари билан биргаликда истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиш бўйича пломбалар ўрнатиш ва далолатнома билан истеъмолчи иштирокида расмийлаштириш;

Ўзэнергоинспекция томонидан истеъмолчиларнинг электр ускуналарида реактив қувват компенсациясининг мақбул даражаси таъминланиши юзасидан назоратни амалга ошириш.

5-боб. Истеъмолчиларнинг янги ва қўшимча қувватларини ягона электр энергетика тизими тармоқларига улаш учун техник шартларни бериш ва электр таъминоти лойиҳаларини келишиш

19. Истеъмолчиларнинг янги ва қўшимча қувватларини ягона электр энергетика тизими тармоқларига улаш учун техник шартларни бериш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

20. Техник шартлар сўралаётган қувватга қараб, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда — ДХМ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали берилади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ электр тармоғига улаши мумкин бўлган захира қуввати ва манбалари тўғрисида бир йилда икки маротаба янгилаган ҳолда ўз веб-сайтида маълумот бериб боради.

Бунда, агар сўралаётган қувватнинг уланиши тўғридан-тўғри:

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тармоқларига мўлжалланаётган бўлса, техник шартлар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан ишлаб чиқилади ва берилади;

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ёки истеъмолчи тармоқларига мўлжалланаётган бўлса, техник шартлар ушбу тармоқлар эгаси томонидан ишлаб чиқилади ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ орқали белгиланган тартибда берилади. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ёки истеъмолчи ўртасидаги ўзаро муносабатлар Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан тартибга солинади.

21. Техник шартларнинг бажарилиши барча истеъмолчилар, лойиҳалаштириш, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади.

22. Истеъмолчилар учун техник шартлар тўлов ундирилмасдан берилади.

23. Техник шартлар бўйича ишлаб чиқилган электр таъминоти лойиҳаларини келишиш ва истеъмолчиларнинг янги ва қўшимча қуввати ягона электр энергетика тизими тармоқларига ДХМ ёки ЯИДХП орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уланади.

24. Электр қурилмаларининг қўшимча қуввати уланганда, захира электр таъминотини талаб этадиган тоифага ўтиш муносабати билан электр қурилмаларининг электр таъминоти ишончлилиги бўйича тоифаси ўзгарганда ҳамда ташқи электр таъминоти схемаси ўзгарган тақдирда, истеъмолчи қўшимча техник шартлар олишга мажбурдир.

25. Истеъмолчининг уланган қуввати техник шартлар ва электр таъминоти шартномасида белгиланган миқдордан ошириб юборилганда, истеъмолчининг электр тармоқлари тўғридан-тўғри уланган ташкилот («Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ёки таъминловчи истеъмолчи) томонидан қўшимча уланган қувват узиб қўйилади.

Бунда истеъмолчи томонидан истеъмол қилишга рухсат этилган қувватнинг оширилиши туфайли авария ҳолати юзага келганда ва/ёки ягона электр энергетика тизими тармоқларига зарар етказилганда, истеъмолчидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда етказилган ҳақиқий зарар суммаси ундирилади.

26. Субистеъмолчилар техник шартларни таъминотчининг рухсати билан истеъмолчидан олади ва электр таъминоти лойиҳасини Ўзэнергоинспекция ва истеъмолчи билан келишади.

27. Субистеъмолчининг юкламаси ортиши сабабли истеъмолчининг ташқи электр таъминоти схемасини ўзгартириш ёки электр таъминоти шартномасида қайд этилган трансформаторлар ва юқори кучланишли двигателлар қувватини ошириш зарурати юзага келса, истеъмолчи юкламани ошириш бўйича техник шартларни олади.

28. Истеъмолчи, агар унда техник имконият мавжуд бўлса, таъминотчининг талаби бўйича ўз электр тармоқларига бошқа истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини улаши шарт.

29. Истеъмолчиларнинг электр қурилмалари тармоқ трансформаторлардан ёки ҲЭТК паст кучланишли тармоқларидан таъминланганда, истеъмолчининг уланган қуввати учун фойдаланишга рухсат этилган қувват қабул қилинади, унинг миқдори ҲЭТК томонидан белгиланади ҳамда электр таъминоти шартномасида кўрсатилади.

Кучланиши 1000 В ва ундан юқори бўлган трансформаторлар ёки двигателларнинг янги ёки қўшимча қувватларини улашга, ҲЭТКнинг тармоқ трансформаторларига паст кучланишли қурилмаларнинг янги қувватини улашга ёки уларнинг рухсат берилган қувватини ошириш учун техник шартлар ҲЭТК томонидан истеъмолчи-буюртмачидан (қурувчидан) ёки унинг топшириғи бўйича бош лойиҳа ташкилотидан буюртма олингандан сўнг белгиланган тартибда берилади.

30. Тадбиркорлик субъектларига техник шартлар ДХМ ёки ЯИДХП орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади. Бунда истеъмолчиларнинг хоҳишига кўра уларни электр тармоқларига «тайёр ҳолда» улаш мумкин.

31. Истеъмолчи техник шартларни олиш бўйича буюртманомада лойиҳалаштирилаётган объектни тавсифловчи қуйидаги маълумотларни қисқача шаклда кўрсатади:

юклама миқдори;

истеъмолчининг электр таъминоти ишончлилиги бўйича тоифаси;

жойлашган жойи;

объектни лойиҳалаштириш ва қуриш муддатлари.

32. Истеъмолчи қуйидаги ҳолларда қўшимча техник шарт олишга мажбур:

электр таъминотининг ишончлилиги захира таъминот талаб этадиган тоифага ўтганда;

электр қурилмаларнинг қўшимча қуввати уланганда;

ташқи электр таъминоти схемаси ўзгарганда.

Белгиланган қувват техник шартлар ва электр таъминоти шартномасида белгиланган миқдордан ошириб юборилганда, таъминотчи томонидан қўшимча уланган қувват узиб қўйилади. Ушбу ҳолат такрорий аниқланганда истеъмолчи электр тармоғидан тўлиқ узилади.

Бунда истеъмолчи томонидан истеъмол қилишга рухсат этилган қувватнинг оширилиши туфайли авария ҳолати юзага келганда ва (ёки) таъминотчининг электр тармоғи хўжалиги объектларига зарар етказилганда, истеъмолчидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда етказилган ҳақиқий зарар суммаси ҳам ундирилади.

33. Объектни электр тармоқларига улаш учун техник шартлар мавжуд техник имкониятларидан келиб чиқиб, энг яқин электр тармоқ хўжалиги объектларидан, уларнинг истиқболда ривожланиши ва бандлик даражаси ҳисобга олинган ҳолда берилади ва ушбу шартларда қуйидагилар кўрсатилади:

истеъмол қилишга рухсат этилган электр қурилмаларининг қуввати;

уланиш нуқтаси (подстанция, электр станцияси ёки электр узатиш линияси), объект уланадиган тармоқ кучланиши, алоҳида ҳолатларда ташқи электр энергияси таъминоти схемаси вариантларини ишлаб чиқиш зарурати кўрсатилади;

янги истеъмолчининг уланиши туфайли мавжуд тармоқни кучайтириш бўйича асосланган талаблар (симлар кесимларини ошириш, трансформаторларни алмаштириш, захира ячейкалар ўрнатиш ва шу кабилар);

қисқа туташиш токларининг ҳисобланган миқдори, релели ҳимоя, автоматика, алоқа, изоляция ва ўта кучланишдан ҳимояга қўйиладиган талаблар;

қуввати 50 кВт ва ундан юқори бўлган истеъмолчилар учун реактив қувват ўрнини тўлдиришга қўйиладиган талаблар;

электр энергиясини ҳисобга олиш бўйича қўйиладиган талаблар;

истеъмолчининг ҳудудий электр тармоқлари таъминловчи линиялари уланадиган электр қурилмаларига қўйиладиган ўзига хос талаблар (ягона электр энергетика тизимида қувват танқислиги пайдо бўлганда, бундай электр қабул қилгичларнинг электр таъминотини сақлаш мақсадида захира энергия манбаининг, кучланиш бериладиган жойларни автоматик ҳимоя қилишнинг зарурлиги, таъминловчи линияларнинг параллел ишлашига йўл қўйилиши, айрим захира таъминловчи линияларга юкламаларни ажратиш ва бошқалар);

истеъмолчи тармоғига уланадиган субистеъмолчилар рўйхати (уларнинг юкламалари ва электр энергияси истеъмоли тўғрисидаги асосий истиқбол маълумотларини кўрсатган ҳолда);

бино ва иншоотлар лойиҳасида (ишчи лойиҳасида) электр қурилмаларини эксплуатация қилишни ташкил этиш бўйича лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш бўйича талаблар;

техник шартларнинг амал қилиш муддати ва бошқа техник талаблар.

Айрим ҳолатларда техник шартларда яқин жойлашган аҳоли ва ижтимоий объектларнинг қувватини инобатга олиш ва энерготизим эҳтиёжлари учун алоҳида ячейкалар ўрнатилиши талаб этилиши мумкин.

34. Бино ва иншоотлар, уларнинг навбатлари ёки алоҳида ишлаб чиқариш қувватларнинг техник шартларга мувофиқ ишлаб чиқилган электр таъминоти лойиҳалари (ишчи лойиҳалари) қонунчиликда белгиланган тартибда таъминотчи томонидан кўриб чиқилиши ва Ўзэнергоинспекция билан келишилиши керак.

35. Истеъмолчиларнинг юкламаларини улаш билан боғлиқ янги электр қурилмаларини ва электр тармоғи хўжалигининг объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш, ишлаб турганларини кенгайтириш ва реконструкция қилиш истеъмолчиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

6-боб. Электр энергиясига бўлган эҳтиёж прогнозини шакллантириш тартиби

36. Республикада электр энергияси истеъмолининг прогнози таъминотчи томонидан иқтисодий ривожланиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари сонининг ўсиши ва уй-жой қурилишини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир истеъмолчи билан тузилган электр таъминоти шартномаларида кўрсатилган эҳтиёж миқдорлари асосида аниқланади.

Навбатдаги йил учун электр энергияси истеъмолининг шартномавий миқдори амалдаги йиллик электр энергияси истеъмол ҳажмидан келиб чиққан ҳолда (қайта тикланувчи энергияси манбалари жорий этилганлиги, энергияни тежаш чора-тадбирлари режаси инобатга олинган, шунингдек, янги объектларни ишга тушириш, ишлаб чиқариш қувватининг оширилиши бўйича аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда) белгиланади.

37. Электр энергетика объектларининг ички электр энергияси истеъмолининг прогнози (корхоналарнинг электр энергияси ишлаб чиқариш учун ўзининг ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари), белгиланган тартибда тасдиқланган электр энергиясини электр тармоғи бўйлаб узатишда унинг технологик сарфи ҳар йили 15 сентябргача умумлаштирилади ҳамда келгуси йил учун электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси таркибига киритилади.

38. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхона ҳар йили 15 сентябргача Энергетика вазирлиги, Ўзэнергоинспекция, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзэнергосотиш» АЖ ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга келгуси йилга электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича мавжуд қувват ва прогноз тўғрисида маълум қилади.

39. «Ўзэнергосотиш» АЖ «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ билан биргаликда чораклар кесимида келгуси йилги электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансининг прогноз кўрсаткичларини шакллантиради ва жорий йилнинг 1 октябрига қадар уни Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этиш учун Энергетика вазирлигига киритади.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзэнергосотиш» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тасдиқланган электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансининг прогноз кўрсаткичларига мувофиқ ўз тасарруфларидаги ташкилотларга электр энергияси ишлаб чиқарилиши ва истеъмол қилинишининг чоракларга тақсимланган кўрсаткичларини прогноз йил учун белгиланган муддатларда етказадилар.

7-боб. Электр таъминоти шартномасини тузиш

40. Электр энергияси бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилиши ва истеъмол қилиниши билан тавсифланадиган алоҳида товар тури сифатида, таъминотчи ва энергия қурилмалари шу ташкилот тармоғига бевосита уланган истеъмолчи ўртасида тузилган электр таъминоти шартномаси асосида мазкур Қоидаларга мувофиқ етказиб берилади.

Юридик шахснинг номи ёки электр қурилмалар мулкдори ўзгарганда истеъмол қилинадиган қувват ва (ёки) электр таъминотининг ишончлилик тоифаси ўзгармаса, таъминотчи ва истеъмолчи — электр қурилмаларининг ҳуқуқий вориси ўртасида электр таъминоти шартномаси оммавий оферта асосида электр таъминоти шартномасини келишиш (қабул қилиш) ва уни ахборот-коммуникация тизимлари орқали янги мулкдор томонидан тасдиқлаш йўли билан тузилади.

Бунда истеъмолчиларда абонентнинг шахсий рақами шакллантирилиши талаб этилса, таъминотчи томонидан янги истеъмолчи рақами электр таъминоти шартномасида кўрсатилади. Истеъмолчилар шакллантирилган абонентнинг шахсий рақами тўғрисидаги маълумотларни ЯИДХП орқали юридик шахслар учун — солиқ тўловчи идентификация рақамини (СТИР), жисмоний шахслар учун — паспорт ёки идентификация ID-картага оид маълумотларни (паспорт серияси ва рақами), жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини ёки кадастр рақамларидан бирини киритиш йўли билан аниқланиши мумкин.

41. Таъминотчи ва истеъмолчи ўртасидаги электр таъминоти шартномаси электр таъминотининг намунавий шартномасига мувофиқ электрон шаклда тузилади.

Электр таъминотининг намунавий шартномаси Энергетика бозори регулятори томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Бунда истеъмолчининг объектларини электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зонасида жойлаштириш ва мазкур истеъмолчилар билан электр таъминоти шартномасини тузиш тақиқланади.

42. Электр таъминоти шартномаси истеъмолчига электрон ҳужжат айланишининг автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали электрон шаклда тақдим этилади. Шартномани расмийлаштириш ва истеъмолчига тақдим этиш электр энергияси етказиб берувчи зиммасида бўлади.

43. Субистеъмолчилар истеъмолчилар билан электр таъминоти шартномасини тузиши, бунда таъминотчидан техник шартда рухсат этилган қувватдан ортиқча қувват уланиши кўзда тутилганда ёки ишончлилик тоифаси ўзгарган ҳолатларда, истеъмолчи ўз тармоғига субистеъмолчиларни улаш учун таъминотчи розилигини олиши шарт ҳисобланади.

Субистеъмолчилар тўғридан-тўғри электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузганда, истеъмолчилар ва субистеъмолчилар ўртасидаги ҳар хил низоли ҳолатлар, жумладан, эксплуатация харажатлари, ўзаро бошқа турдаги тўловлар билан боғлиқ ёки ички электр тармоқдаги носозликлар натижасида истеъмолчи томонидан субистеъмолчи электр тармоқдан ажратилганда, етказилган зарарга электр таъминоти корхонаси жавобгар ҳисобланмайди, таъминотчининг айби бўлган ҳолатлар бундан мустасно.

44. Субистеъмолчиларга ўз тармоқлари орқали электр энергиясини етказиб берувчи истеъмолчилар субистеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмолини ҳисобга олган ҳолда, таъминотчи билан электр энергиясининг умумий (жами) миқдори бўйича электр таъминоти шартномасини тузади.

8-боб. Истеъмолчиларнинг электр қурилмалари эксплуатация қилишга тайёрлигини аниқлаш ва кучланишни узатиш

45. Истеъмолчиларнинг электр қурилмалари эксплуатация қилишга тайёрлигини аниқлаш ва уларга кучланиш бериш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Истеъмолчиларнинг қуввати 20 кВтдан юқори бўлган электр қурилмалари ягона электр энергетика тизими электр тармоқларига уларнинг эксплуатация қилишга тайёрлиги аниқланмасдан ва Ўзэнергоинспекция томонидан истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш тўғрисидаги далолатнома имзоланмасдан уланганлиги аниқланганда, ушбу электр қурилмалари қоидабузарликлар бартараф этилгунича ва мазкур бузилишларга йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилгунича электр тармоқларидан дарҳол узилади.

46. Қуввати 20 кВтдан юқори бўлган истеъмолчиларнинг янги ёки реконструкция қилинган электр қурилмаларида синов-созлаш ишларини амалга ошириш учун 1 ойгача бўлган муддатга кучланиш бериш, Ўзэнергоинспекция томонидан уларнинг синов-созлаш ишларини амалга оширишга тайёрлиги аниқлангани, таъминотчи томонидан ҳисоблагич ва ҳисобга олиш тизими текшириб пломбалангач, вақтинча электр таъминоти шартномаси тузилгандан ва маълумотлар таъминотчининг дастурий таъминот базасига киритилгандан кейин рухсат берилади.

Синов-созлаш ишлари тугаганидан кейин таъминотчи томонидан истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоқдан дарҳол ўчирилади.

47. Қуввати 20 кВтдан юқори бўлган истеъмолчиларнинг янги ёки реконструкция қилинган электр қурилмаларига кучланиш бериш, Ўзэнергоинспекция томонидан уларнинг эксплуатация қилишга тайёрлиги аниқлангани, ҳисоблагич ва ҳисобга олиш тизими текширилиб пломбалангач, электр таъминоти шартномаси тузилгандан ва истеъмолчи тўғрисидаги маълумотлар таъминотчининг тегишли дастурий таъминот базаларига киритилгандан кейингина амалга оширилади.

Қуввати 20 кВтгача бўлган янги ёки реконструкция қилинган истеъмолчиларнинг электр қурилмаларига кучланиш бериш учун Ўзэнергоинспекциянинг ушбу электр қурилмалари эксплуатация қилишга тайёрлиги тўғрисида хулосаси талаб этилмайди.

Бунда тадбиркорлик субъектларининг электр қурилмалари электр тармоқларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уланади.

48. Истеъмолчиларнинг электр қурилмалари эксплуатация қилишга тайёрлигини аниқлайдиган Ўзэнергоинспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари, шунингдек, таъминотчи эксплуатация қилиш жараёнида уларнинг нормал ишлаши учун жавобгар бўлмайди.

9-боб. Электр қурилмаларининг техник ҳолати юзасидан томонларнинг жавобгарлиги

49. Электр қурилмаларининг техник ҳолати ва эксплуатация қилиниши юзасидан истеъмолчилар билан таъминотчи ўртасидаги жавобгарлик ушбу электр қурилмаларининг баланс бўйича мансублиги билан белгиланади ва электр таъминоти шартномасига илова қилинадиган электр тармоқларининг баланс бўйича мансублигини ва томонларнинг эксплуатация қилиш бўйича жавобгарлигини чегаралаш далолатномасида қайд этилади.

Электр тармоқларининг баланс бўйича мансублиги чегарасини ва уларни эксплуатация қилиш бўйича жавобгарлигини белгилаш далолатномаси таъминотчи ва истеъмолчи вакиллари томонидан имзоланади.

Кучланиши 1000 В ва ундан юқори бўлган электр қурилмаларининг ҳолати ва уларга хизмат кўрсатиш юзасидан жавобгарлик чегаралари:

ёпиқ тақсимлаш қурилмаларининг ташқи томонидан электр узатиш ҳаво линиясининг ўтиш изолятори уланган жойда ва симнинг очиқ тақсимлаш қурилмалари изоляторлари портал тизмасининг тарангловчи қисқичидан чиқиш жойида;

электр узатишнинг таъминловчи ёки чиқувчи линияларининг кабель ёки ҳаводаги кириш симлари уланган жойларида белгиланади. Бунда уланмаларнинг ҳолати учун подстанциядан фойдаланувчи корхона жавоб беради.

Турли истеъмолчиларга тегишли, тармоқланган симларга (ёпиқ ёки ажраткичлар орқали) эга бўлган кучланиши 1000 В ва ундан юқори бўлган электр узатиш линияларининг ҳолати ва уларга хизмат кўрсатиш юзасидан жавобгарликнинг мансублик чегараси асосий линиянинг тармоқланиш амалга оширилган таянч нуқтасида белгиланади.

Тармоқланган симларни уловчи қисқичларнинг ҳолати учун жавобгарлик асосий электр узатиш линияси эгасига юкланади.

Кучланиши 1000 В гача бўлган электр қурилмаларининг ҳолати ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича истеъмолчи ва ҲЭТК ўртасидаги жавобгарлик чегараси:

ҳаводаги тармоқланишда — бино ёки қувур таянчида ўрнатилган биринчи изоляторларда;

кабель билан киритишда — бинога кириш жойида таъминловчи кабелнинг уланиш жойларида белгиланади.

Бунда уй-жой мулкдорлари ширкатларига, бошқарув ташкилотларига, муассасаларга ва ишлаб чиқариш билан шуғулланмайдиган бошқа истеъмолчиларга тегишли уйлардаги электр тармоғининг баланс бўйича мансублик чегарасидаги уланмаларнинг ҳолати учун ҲЭТК жавоб беради.

Электр қурилмаларини эксплуатация қилиш хусусиятларига кўра жавобгарликнинг бошқа асосланган чегаралари ҳам белгиланиши мумкин.

50. Эксплуатация жараёнида электр қурилмаларнинг уланмалари ҳолати учун балансда сақловчи ташкилот жавобгар ҳисобланади. Истеъмолчи ўз тасарруфидаги электр қурилмаларнинг техник ҳолати ва электр хавфсизлиги, истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилиши, электр энергияси оқилона сарфланиши, электр энергияси истеъмолининг белгиланган режимлари бажарилиши, электр энергияси сифатининг таъминланиши ва Ўзэнергоинспекциянинг кўрсатмалари ўз вақтида бажарилиши учун жавоб беради.

51. Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ҳамда Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларида ҳисобга олинмаган ишлаб чиқаришнинг ва электр қурилмаларини эксплуатация қилишнинг ўзига хос (ер ости, портлаш хавфи бўлган ишлаб чиқаришлар, электр тортиш кучи ва бошқа) шартлари мавжуд бўлганда, истеъмолчилар ушбу электр қурилмаларини эксплуатация қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича махсус йўриқномаларга эга бўлишлари шарт.

52. Маиший истеъмолчилар томонидан ўз эҳтиёжлари учун монтаж қилинган кучланиши 1000 В дан юқори кучланишдаги электр тармоқларини (электр энергияси узатиш линиялари, трансформатор пунктлари (кейинги ўринларда — ТП) ва бошқалар) фойдаланишга топширилишидан олдин техник хизмат кўрсатиш учун алоҳида шартнома бўйича белгиланган тартибда электр таъминоти корхоналарига берилиши керак.

Истеъмолчи томонидан техник хизмат кўрсатиш шартномаси бекор қилинганда ёки техник хизмат учун ўз вақтида тўлов ўтказилмаганда, ушбу электр тармоғи хўжалиги объектларига электр энергиясини етказиб бериш тўхтатилади.

53. Маиший истеъмолчи томонидан ўз эҳтиёжлари учун кучланиши 1000 В дан юқори электр тармоқлари монтаж қилинган ҳолларда:

ҳисоблагич ТПнинг 0,4 кВли тақсимлаш қурилмасида ўрнатилади;

электр тармоқлари маиший истеъмолчининг уйга эгалик қилиш ҳудудидан ташқарида жойлаштирилади.

54. Маиший истеъмолчи 1000 В дан юқори кучланишдаги электр тармоғига эга бўлган ҳолда, маиший истеъмолчига тегишли бўлган ушбу электр тармоғидаги (линиялар, ТП) электр энергиясининг технологик сарфлари ҳисоб-китоб йўли билан аниқланади ва унинг истеъмолига қўшилади ҳамда бу ҳақида электр таъминоти шартномасида тегишли ёзув қайд этилади.

55. Маиший истеъмолчиларга 1000 В гача кучланишдаги битта тармоқдан захира манба сифатида қўшимча фазага эга бўлиш тақиқланади.

56. Истеъмолчи электр тармоқларининг техник ҳолатини таъминлаш бўйича эксплуатация харажатлари учун субистеъмолчилар, истеъмолчи билан субистеъмолчи ўртасида тузилган алоҳида шартнома бўйича электр энергиясининг умумий ҳажмидан олинадиган улушга мутаносиб равишда ҳақ тўлайди.

Эксплуатация харажатларини субистеъмолчига бериладиган электр энергияси тарифига қўшишга рухсат этилмайди.

Бундан ташқари таъминотчи ёки истеъмолчи билан субистеъмолчилар ўртасида тузилган электр таъминоти шартномаси бўйича субистеъмолчиларга, электр энергиясининг технологик сарфи учун ҳисоб-китобларни ҳисоблаш ёки уни тарафлар келишуви асосида шартномада қайд қилиш орқали амалга оширишга рухсат этилади.

10-боб. Ҳисоблагичларни ўрнатиш ва эксплуатация қилиш

57. Электр энергияси учун таъминотчи билан ҳисоб-китоб қилиш мақсадида истеъмолчилар мажбурий тартибда ЭҲНАТга мос келадиган ҳисоблагичлар билан таъминланган бўлиши керак.

58. ЭҲНАТ кўрсаткичлар бузилишидан ва инсон омилининг таъсирини мумкин қадар камайтирган ҳолда, ахборотлардан рухсатсиз фойдаланишдан комплекс ҳимоя билан таъминланган бўлиши лозим.

59. ЭҲНАТга мос келадиган ҳисоблагичлар бўлмаганда истеъмолчилар ва субистеъмолчиларни электр тармоқларига уланиши тақиқланади.

60. Турли хил тариф гуруҳларига мансуб истеъмолчиларнинг ҳар бир тариф гуруҳи учун алоҳида ҳисоблагич ўрнатилади. Мазкур Қоидаларнинг 81-бандида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Тадбиркорлик субъекти томонидан ўзи эгаллаб турган бино ёки иншоотнинг ташқи томонида жойлаштирилган, унинг номи ва фаолият турини (ихтисослигини) акс эттирувчи ахборот воситалари ва конструкциялари (пешлавҳалар) учун алоҳида ҳисоблагич ўрнатиш талаб этилмайди.

61. Ҳисоблагичлар, ўлчаш воситалари ва ўлчов трансформаторлари, шунингдек, ЭҲНАТ тизими қурилмалари мазкур Қоидаларга мувофиқ ўрнатилади ва Электр қурилмаларнинг тузилиши қоидалари талабларига жавоб бериши керак.

Таъминотчилар ва истеъмолчилар томонидан ишга туширилган ЭҲНАТ белгиланган тартибда метрологик қиёслашдан ўтказилиши керак.

Ҳисоблагич ўлчов (ток, кучланиш) трансформатори орқали уланган бўлса, истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми трансформация коэффициентлари инобатга олинган ҳолда аниқланади.

62. Назорат ҳисоблагичлари алоҳида цехларда, кўп энергия сарфлайдиган агрегатларда, технологик линияларида, биноларда, бир неча оила яшайдиган хонадонларда ўз ҳисобидан ўрнатилади.

Ушбу ҳисоблагичлар бўйича таъминотчи билан пуллик ҳисоб-китоб амалга оширилмайди.

63. Кўп квартирали уйлардаги хонадонларда сарфланадиган электр энергиясини ҳисоблаш мақсадида ҳисоблагичлар ҳар бир хонадон учун махсус ажратилган жойларда, шунингдек, якка тартибдаги уй-жойларнинг бино-иншоотларида ва фойдаланиш ҳудудидан ташқарида (таянч, ташқи фасад ва бошқалар), электр таъминоти корхонасининг ходимлари томонидан тўсиқсиз кўриш имкониятини берадиган жойга ўрнатилади.

Кўп квартирали уйда уйнинг умумий эҳтиёжлари (зинапояларни ёритиш, лифтлар, насосларнинг ишлаши ва ҳоказолар) учун сарфланадиган электр энергиясини ҳисоб-китоб қилиш мақсадида алоҳида умумий ҳисоблагич ўрнатилади.

64. Истеъмолчиларнинг (маиший истеъмолчилардан ташқари) электр энергияси ҳисоблагичлари, ўлчаш воситалари, ўлчов трансформаторлари, ЭҲНАТ тизими қурилмалари, шунингдек, уларни ўрнатиш учун зарур бўлган бошқа воситалар истеъмолчиларнинг маблағлари ҳисобига сотиб олинади ва ўрнатилади, таъминотчи масъул ходими томонидан бепул пломбаланади ва рўйхатдан ўтказилади.

Электр энергияси ҳисоблагичлари, ўлчаш воситалари, ўлчов трансформаторлари таъминотчи томонидан пломбаланмаган истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш тақиқланади.

65. Маиший истеъмолчиларда ўрнатилган ҳисоблагичларни сотиб олиш (электр тармоқларига янги уланадиган якка тартибдаги уй-жойлар ва кўп квартирали уйлардаги хонадонлар), ўрнатиш, рўйхатга олиш, даврий қиёсловдан ўтказиш ва пломбалаш, шунингдек, мавжуд (жумладан, ЭҲНАТга мос келмайдиган) ҳисоблагичларни алмаштириш ҲЭТК маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бунда қурувчи ташкилотлар томонидан янги қуриладиган кўп квартирали уйлардаги хонадонларга ҳисоблагичларни сотиб олиш ва ўрнатиш қурувчи ташкилот маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳисоблагич якка тартибдаги уй-жойлар ёки кўп квартирали уйлардаги хонадон эгасининг буюртманомасига биноан бир ҳафта муддатда унинг иштирокида ҲЭТК ходими томонидан ўрнатилади.

66. Ҳисобга олиш тизими истеъмолчининг айби билан бузилган тақдирда (ўлчов трансформаторларининг уланиш схемаси бузилганда ёки унинг ўзи ёки ёрлиғи рухсатсиз алмаштирилганда, шунингдек, ҳисобга олинаётган электр энергияси сарфини камайтириш мақсадида ҳисоблагични ёки унинг пломбаси бузилганда, унга ташқаридан таъсир кўрсатилганда), ушбу тизим қурилмаларини алмаштириш, таъмирлаш, қиёсловдан ўтказиш ва ўрнатиш ишлари истеъмолчи ҳисобидан уларнинг қиймати ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўланган ҳолда, таъминотчи томонидан амалга оширилади.

Истеъмолчининг айби тасдиқланмаса, таъминотчи маблағи эвазига ҳисоблагич, модул қурилмаси таъмирланади ёки янгисига алмаштирилади.

67. Ҳисоблагичлар, ўлчов трансформаторлари, иккиламчи занжирлар, алоқа линияларининг, шу жумладан, уларга ўрнатилган пломбаларнинг сақланиши ва бутунлиги учун жавобгарлик биносида (иншоотида) ушбу қурилмалар ўрнатилган ташкилотга (электр таъминоти корхонаси ёки истеъмолчига), уларнинг эксплуатацияси ва техник ҳолати учун жавобгарлик эса — қурилма эгасига юкланади. Агар ҳисоблагичлар, ўлчов трансформаторлари, иккиламчи занжирлар, алоқа линиялари учинчи ташкилот биносида (иншоотида) ўрнатилган бўлса, жавобгарлик масаласига ҳолатдан келиб чиқиб, манфаатдор томонлар иштирокида, лозим бўлганда холис экспертлар жалб этилган ҳолда аниқлик киритилади.

68. Ҳисоблагичларнинг:

қобиқ (корпус) қисмида, дастурлаш тугмасида, модул алоқа қисмида — ҳисоблагични ишлаб чиқарувчи заводнинг;

ташқи қобиғи (корпус) маҳкамланадиган жойларида, ўлчов трансформаторларида эса — алоҳида ажратилган жойларда «Ўзбекистон миллий метрология институти» давлат муассасасининг ёки унинг ҳудудий бўлинмалари ёки тегишли тартибда аккредитациядан ўтган лабораториянинг;

клеммник қопқоқларида, ток трансформаторларнинг клеммникларида, хотира ва синов блокида, ҳисоблагич дастурлашдан фойдаланиш тугмасида (бўлмасида), ўтувчи клеммникларда, кучланиш трансформаторлари ажратгичлари юритмалари ва ҳимоя автоматларида, модул қурилмаларида (таъминотчи томонидан алмаштирилганда) — таъминотчининг белгиланган намунадаги пломбалари бўлиши керак.

Ҳисоблагичлар ва ўлчов трансформаторлари ишлаб чиқарувчи заводда белгиланган тартибда бирламчи қиёсловдан ўтказилади.

Ўлчов трансформаторлари истеъмолчи ҳисобидан аккредитациядан ўтган метрология хизмати томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда даврий қиёсловдан ўтказилади.

69. Агар маиший истеъмолчида ҳисоблагичнинг қиёсловдан ўтказиш оралиғи тугаши билан электр таъминоти корхонаси томонидан белгиланган тартибда қиёслов тадбирлари ўтказилмаган бўлса, унда ушбу истеъмолчи қиёсловдан ўтказиш муддати тугаган ҳисоблагичнинг кўрсаткичларига кўра электр энергияси ҳақини тўлайди.

Бунда электр таъминоти корхонаси маиший истеъмолчи томонидан қиёсловдан ўтказиш муддати тугаган ҳисоблагичдан фойдаланган электр энергияси учун қайтадан ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Истеъмолчиларда ҳисоблагичларнинг сифат ва сарф кўрсаткичлари ҳамда ишлаш механизмларига шубҳа туғилганда, аккредитациядан ўтган метрологик хизматида ўз ҳисобидан мустақил қиёсловни ўтказиш ҳуқуқига эга. Ҳисоблагичда белгиланган стандартларга номутаносиблик аниқланган тақдирда, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади.

Бунда электр таъминоти корхонаси истеъмолчининг биринчи талабига кўра ҳисоблагичларни бепул ечиш, ўрнатиш, пломбалаш ва рўйхатдан ўтказишга мажбур.

70. Таъминотчи ва Ўзэнергоинспекциянинг ваколатли ходимини ҳисоблагични текширишга қўймаслик далолатнома билан расмийлаштирилади. Истеъмолчи таъминотчилари ва (ёки) Ўзэнергоинспекция ходими томонидан тузилган далолатнома билан танишиб, уни имзолаши зарур. Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, бу ҳақда тегишли белги қўйилади. Рад этиш икки нафар гувоҳ ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи вакили томонидан тасдиқланган бўлиши керак. Далолатномани имзолашни рад этган истеъмолчи бунинг сабабини тушунтиришга ҳақли ва у далолатномага киритилган бўлиши лозим.

Истеъмолчининг далолатномани имзолашни рад этиши, уни электр тармоқлардан узишга асос бўлади ва бу ҳақда у хабардор қилинган бўлиши лозим.

71. Ҳисоблагичлар ва ўлчов трансформаторларини бошқа жойга ўрнатиш ва алмаштириш таъминотчи билан келишилган ҳолда амалга оширилади ва кўрсатилган хизматлар ҳақи истеъмолчи томонидан тўланади.

Ҳисоблагичлар ва ўлчов трансформаторларини ўзбошимчалик билан бошқа жойга ўрнатиш ва (ёки) алмаштириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, таъминотчи истеъмолчини электр тармоғидан узиб қўяди, таъминотчи томонидан мазкур Қоидаларга мувофиқ қайтадан ҳисоб-китоб қилинади.

Юридик шахс бўлган истеъмолчиларга ўрнатилган ҳисоблагич ва ўлчов трансформаторларини алмаштиришда далолатнома фото ва (ёки) видео материалларни илова қилган ҳолда расмийлаштирилади.

72. Ҳисоблагич уланиш схемасини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ишлар фақат таъминотчи томонидан истеъмолчи иштирокида, бу ҳақида уларни хабардор қилингандан сўнг амалга оширилади. Ишларни бажариш даврида фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга олиш ва ҳисоб-китоб қилиш таъминотчи томонидан белгиланган вақтинча схемалар бўйича амалга оширилади.

11-боб. Электр энергияси истеъмолчиларининг тариф гуруҳлари

73. Истеъмолчилар электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш бўйича учта тариф (I, II, III ва IV) гуруҳига бўлинади.

I тариф гуруҳига асосий ва захира электр таъминоти учун уланган қуввати йиғиндиси 750 кВА ва ундан ортиқ бўлган электр энергияси учун табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган истеъмолчилар киради. Бюджет ташкилотлари, сув таъминоти ташкилотлари, фермер хўжаликларининг ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари бундан мустасно.

74. II тариф гуруҳи истеъмолчиларига I тариф истеъмолчиларидан бошқа барча юридик шахс бўлган истеъмолчилар ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқаришга доир фаолиятни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс, узатиш тизими оператори ва таъминотчи корхоналар таркибига кирадиган, ҳудудий электр таъминоти корхоналари, шу жумладан, таъминотчидан электр қуввати оладиган корхона ва ташкилотларнинг, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ушбу корхоналар ҳудудидан ташқарида алоҳида жойлашган объектларининг хўжалик эҳтиёжлари киради.

Бунда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ таркибига кирадиган ҳамда электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан хўжалик эҳтиёжлари учун ўзига тегишли тармоқларда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича фойдаланилган электр энергияси амалдаги таннарх бўйича ҳисоб-китоб қилинади.

75. III тариф гуруҳига маиший истеъмолчилар киради. Ушбу тариф гуруҳи бўйича аҳоли томонидан турмуш эҳтиёжлари учун уй-жойларда, хонадонларда, ётоқхоналарда, ёрдамчи хўжаликларда, шахсий фойдаланиладиган томорқа боғ объектларида, шу жумладан, боғ ширкатлари ва дала ҳовлилар суғориш насослари, шахсий автомашиналар учун гаражларда сарфланадиган электр энергияси ҳақи ток қабул қилгичларнинг қуввати ҳамда ҳисоблагичлар ўрнатилган жойидан қатъи назар тўланади.

12-боб. Электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби

1-§. Электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилишнинг умумий қоидалари

76. Бевосита электр энергиясини ишлаб чиқаришга доир фаолиятни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс, узатиш тизими оператори ва таъминотчи корхоналар электр энергиясини ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналарнинг электр тармоқларидан ҳамда истеъмолчилар ёки субистеъмолчилар электр тармоқлари орқали узатиладиган электр энергияси учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар белгиланган тартибда тасдиқланган тегишли тарифлар бўйича электр таъминоти шартномасига мувофиқ амалга оширилади.

Юридик шахслар томонидан муқобил энергия манбаларини ўрнатиб ёки рекуперация усулида (электропоездлар, электромобиллар орқали ва бошқалар) электр энергияси тармоққа узатилса, ҳисобот ойи якуни бўйича тармоққа узатилган электр энергияси ҳажми тармоқдан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмидан чегириб ҳисоб-китоб қилинади.

Истеъмолчилар томонидан тармоққа узатилган энергия миқдори истеъмол қилинган миқдордан кўп бўлса, истеъмолчи хоҳишига (танловига) кўра ортиқча қисми маблағ кўринишида истеъмолчига тўлаб берилади ёки кейинги давр истеъмол қилиниши кутилаётган электр энергияси учун бўнак маблағ сифатида акс эттирилади.

Барча электр энергияси истеъмолчиларининг (маиший истеъмолчилардан ташқари) ойлик электр энергияси истеъмоли ҳисоблангандан кейин таъминотчи томонидан истеъмолчиларга актив электр энергияси бўйича электрон ҳисоб-фактура жўнатади. Мазкур электрон ҳисоб-фактура жўнатилганлиги истеъмолчини тўлаш тўғрисида огоҳлантириш ҳисобланади. Реактив энергия товар ҳисобланмайди ва истеъмол ҳажми далолатнома кўринишида истеъмолчига электрон тарзда жўнатилади.

Барча электр энергияси истеъмолчилари (маиший истеъмолчилардан ташқари) таъминотчи билан биргаликда ҳисоб-китоб даври тамом бўлгандан кейин ҳар ойнинг 5-санасига қадар фойдаланилган электр энергияси учун ўзаро ҳисоб-китобларнинг таққослаш далолатномасини тузади.

77. Электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш мақсадида истеъмолчиларни тариф гуруҳлари бўйича тақсимланиши мазкур Қоидаларга мувофиқ белгиланади.

таъминотчи билан электр таъминоти шартномаси тузилгандан кейин истеъмолчининг айби билан истеъмолчини тегишли бўлмаган тариф гуруҳига киритиш ҳолати аниқланганда, таъминотчи томонидан шартнома тузилган пайтдан, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган давр учун қайта ҳисоб-китоб қилинади. Бунда қайта ҳисоб-китоблар амалдаги тарифга асосан тарифлар фарқи бўйича жами истеъмол қилинган электр энергияси миқдори учун амалга оширилади.

78. I тариф гуруҳи истеъмолчилари учун табақалаштирилган тариф қўлланилади.

Табақалаштирилган тариф сутканинг вақт зонаси бўйича истеъмол қилинган ҳар 1 кВт соат электр энергияси учун тўловдан иборат. Бунда:

ярим тиғиз давр — сутканинг ёруғ вақти (соат 9-00 дан 17-00 гача);

тиғиз давр — эрталабки ва кечки максимум (ягона электр энергетика тизимининг максимал юкламалар соатлари соат 6-00 дан 9-00 гача ва соат 17-00 дан 22-00 гача);

тунги давр — сутканинг қоронғи даври (ягона электр энергетика тизимининг минимал юкламалар соатлари соат 22-00 дан 24-00 гача ва соат 00-00 дан 06-00 гача).

Бунда фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар ягона электр энергетика тизимининг:

тиғиз давр соатларида — белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда ўсувчи коэффициент;

тунги давр соатларида — белгиланган тариф;

ярим тиғиз давр соатларида — белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда камаювчи коэффициент қўллаб амалга оширилади.

79. II ва III тариф гуруҳлари истеъмолчилари билан белгиланган тариф бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

80. Майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Бунда «Besqala Mining Valley» махсус майнинг зонасида барча қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга рухсат этилади.

Майнинг учун ягона электр энергетика тизимига белгиланган тартибда рухсат олиб уланган ҳолда электр энергиясидан фойдаланган тақдирда:

истеъмолчилар истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларни II тариф гуруҳига нисбатан икки баравар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўлайдилар. Бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 октябрдаги «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-189-сон Фармонига 1-иловада белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;

истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳисоби алоҳида ҳисоблагич ўрнатилган ҳолда юритилади;

белгиланган тартибда рухсат олмасдан майнинг билан шуғулланувчи шахсларнинг ягона электр энергетика тизимига уланиш ҳолатлари аниқланганда, уларга II тариф гуруҳига нисбатан амалдаги тарифга беш баравар ўсувчи коэффициент қўлланилади.

81. Ташқи реклама конструкциялари (конструкцияси, видеоэкранлар, электрон дисплейлар, медиа фасад ва бошқа техник воситалар), иллюминациялар ва лампалар шодаси учун фойдаланилган электр энергияси II тариф гуруҳига асосан белгиланган тарифга уч баравар оширилган коэффициентга мувофиқ Ташқи реклама конструкциялари ўрнатилган қуввати миқдорини 24 соат фойдаланиши ҳисобидан ёки алоҳида ҳисоблагич ўрнатиш орқали ҳисоб-китоб амалга оширилади (бюджет ва бюджетдан маблағ олувчи ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектининг номи ва фаолият турини (ихтисослигини) акс эттирувчи ахборот воситалари ва конструкциялари (пешлавҳалар) бундан мустасно).

82. Бир неча тариф гуруҳига мансуб истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар ҳар бир тариф гуруҳига алоҳида ўрнатилган ҳисоблагичлар кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.

83. Таъминотчи ёки истеъмолчи томонидан ёзиладиган тўлов ҳужжатлари бўйича электр таъминоти шартномасига мувофиқ ҳақ тўланади.

84. ЭҲНАТга уланган ҳисоблагичга эга бўлган истеъмолчиларга электр энергияси олдиндан тўланган тўлов доирасида етказиб берилади. Бунда намунали истеъмолчининг шахсий ҳисобварағидаги маблағ тугаганда электр энергиясини етказиб бериш ЭҲНАТ орқали автоматик равишда тўхтатилади ҳамда маблағ келиб тушгандан сўнг автоматик равишда тикланади.

85. Ҳисоб-китоб даврида истеъмолчилар томонидан (маиший истеъмолчилардан ташқари) электр энергияси истеъмоли шартномавий миқдордан 20 фоиз ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда, мазкур миқдордан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси учун белгиланган тарифнинг 1,2 баравари миқдорида тўлов ундирилади.

86. Истеъмолчи юридик шахс сифатида тугатилган тақдирда, унинг электр қурилмасига ҲЭТК томонидан электр энергиясини етказиб бериш тақиқланади.

Агар, истеъмолчи фаолияти тугатилганлиги ёки тугатилаётганлиги тўғрисида ҲЭТКга мурожаат қилгандан сўнг электр энергиясини етказиб бериш тўхтатилмаган бўлса, у ҳолда бунинг оқибати учун ҲЭТК қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

87. Ҳисоблагич кўрсаткичлари ёзиб олинмаган ёки электр энергияси сарфи тўғрисидаги ҳисобот истеъмолчи томонидан тақдим этилмаган тақдирда, таъминотчи томонидан электр энергияси (шу жумладан актив ва реактив энергия) истеъмолчининг шартномавий миқдори бўйича ёки ўтган ҳисоб-китоб давр учун электр энергияси истеъмолининг ўртача суткалик амалдаги миқдори тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳисоб-китоб қилинади.

Бунда ҳисоблагич кўрсаткичлари назорат тартибида таъминотчи томонидан ёзиб олингандан кейин амалда истеъмол қилинган электр энергияси учун қайта ҳисоб-китоб қилинади. Қайта ҳисоб-китоб истеъмолчи ёки унинг вакили иштирокида ёхуд унинг иштирокисиз белгиланган тартибда амалга оширилади.

88. Электр энергияси учун тўлов қуйидаги тартибда амалга оширилади:

маиший истеъмолчилар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган электр энергияси учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт, ЭҲНАТга уланган маиший истеъмолчилар бундан мустасно;

ЭҲНАТга уланган маиший истеъмолчилар қарздорлиги мавжуд бўлганда, дастур орқали дарҳол тармоқдан узилади;

истеъмолчиларга (маиший истеъмолчилардан ташқари) электр энергияси 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида етказиб берилади, намунали истеъмолчилар бундан мустасно;

намунали истеъмолчилар ҳисобот ойи учун шартномада белгиланган электр энергияси қийматининг 15 фоизини ҳисобот ойи бошлангунига қадар олдиндан тўлайди;

ҳисобот ойининг қолган қисми учун тўловлар истеъмолчи томонидан электр энергиясига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, ҳисобот ойи давомида ихтиёрий равишда қисмларга бўлиб амалга оширилади;

истеъмолчининг шахсий ҳисобварағидаги маблағнинг тугаши ва шу муносабат билан электр энергиясини етказиб беришнинг автоматик тўхтатилиши тўлов интизомининг бузилиши ҳисобланмайди;

намунали истеъмолчида муддати ўтган қарздорлик юзага келганда, ЭҲНАТ билан маълумот алмашинуви унинг айби билан бузилганда, ҳисобга олиш ускунаси ишига аралашиш ёки электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланганда, намунавий истеъмолчи мақомини йўқотади;

15 фоизлик олдиндан тўлов тартибини қўллаш учун белгиланган талабларга истеъмолчи қайта мувофиқ бўлганда, мазкур тартиб кейинги ҳисобот ойидан автоматик равишда тикланади;

истеъмолчининг 15 фоизлик олдиндан тўлов тартибидан фойдаланиш ҳуқуқи ЭҲНАТ ва ҳисоб-китоб маълумотлари асосида автоматик равишда аниқланади. Бунда истеъмолчидан алоҳида мурожаат ёки қўшимча келишув тузиш талаб этилмайди;

истеъмол қилинган электр энергияси учун электр таъминоти шартномасида белгиланган муддатларда тўланмаган қарзи бўлган юридик шахсларга электр энергияси етказиб бериш тўхтатиб қўйилади (махсус тартибга кўра электр энергияси етказиб бериладиган истеъмолчилар бундан мустасно). Бунда тадбиркорлик рейтингида «юқори» ва «ўрта» тоифадаги корхоналарга олдиндан тўлов суммасининг 50 фоизини ҳисобот ойининг биринчи санасигача ва қолган қисмини ҳисобот ойининг ўн бешинчи санасигача бўлиб тўлашга рухсат берилади.

89. Тўлов ҳужжатида хатолар ёки ҳисоб-китобларда ноаниқликлар аниқланган тақдирда, истеъмолчи таъминотчига дарҳол мурожаат қилиши керак.

Таъминотчи истеъмолчи билан бирга мурожаат қилган кундан бошлаб ўн суткадан кечиктирмай, ҳисоб-китобни текшириши, зарурат бўлганда эса ҳисоблагичларни ҳам кўрикдан ўтказиши керак.

Ҳисоблагичларни кўрикдан ўтказиш ёки тўлов ҳужжатидаги хатолар тўғрисидаги мурожаат истеъмолчини тўловни белгиланган муддатда ва тартибда тўлаш мажбуриятидан озод этмайди.

Агар ҳисоблагич ва ўлчов трансформаторидаги четга чиқиш ушбу ҳисоблагичлар ва ўлчов трансформаторлари учун белгиланган аниқлик доирасидан ошмаса, бундай четга чиқишлар йўл қўйилиши мумкин бўлган четга чиқиш деб ҳисобланади.

Агар тўлов ҳужжатини текшириш ёки ҳисоблагични кўрикдан ўтказишдан кейин (шу жумладан истеъмолчи мурожаат қилмаса ҳам) электр энергияси миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш зарурати аниқланса, бунда таъминотчи томонидан ҳақиқий (аниқ) истеъмол қилинган электр энергияси миқдори бўйича ҳисоб-китоб амалга оширилади ва кейинги ой ҳисоботида инобатга олинади.

90. Ҳисоблагичлар электр тармоқларининг қайси нуқтасида ўрнатилганлигидан қатъи назар, ҲЭТК ва истеъмолчи ўртасида ҳисоб-китоб қилиш учун актив ва реактив энергия ҲЭТК ва истеъмолчи тармоқларининг баланс бўйича мансублик чегарасида ҳисобга олиниши шарт.

91. Ҳисоб-китоб даврида истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси миқдори ва худди шу даврда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан қабул қилинган электр энергияси миқдори ўртасидаги тафовут (шу жумладан, электр энергиясининг амалдаги технологик сарфи норматив сарфдан ошиши ҳисобидан пайдо бўлаётгани), меъёрлар доирасида ушбу электр тармоқлари орқали электр энергиясини узатишдаги унинг технологик сарфининг белгиланган тартибда тасдиқланган нормативи ҳажми чиқариб ташланган ҳолда, таъминотчининг келгуси давр балансига ўтказилади.

92. Ҳисоблагичлар электр тармоғининг баланс бўйича мансублик чегарасида ўрнатилмаганда, электр тармоғининг чегарасидан ҳисоблагич ўрнатилган жойигача бўлган участкадаги актив ва реактив энергия технологик сарфининг ҳажми истеъмолчи билан биргаликда ҳисоблаш ёки тарафлар келишуви асосида шартномада қайд қилиш орқали аниқланади ва электр тармоғининг баланс бўйича мансублигига қараб, таъминотчининг ёки истеъмолчининг ҳисобига ўтказилади.

93. Электр энергияси ягона электр энергетика тизимидан транзит бўйича истеъмолчининг электр тармоғи орқали таъминотчининг электр тармоғига узатилганда, истеъмолчи тармоқларидаги электр энергияси технологик сарфининг бир қисми, истеъмолчининг электр тармоғига келиб тушган электр энергиясининг умумий миқдорига нисбатан таъминотчининг электр тармоғига истеъмолчи томонидан узатилган электр энергияси миқдорига мутаносиб равишда, ягона электр энергетика тизимининг электр тармоқларидаги технологик сарфларга ўтказилади.

94. Истеъмолчининг айби билан электр таъминоти шартномасида кўрсатилган электр энергияси ҳажми тўлиқ истеъмол қилинмаган тақдирда, аванс тариқасида тўланган маблағлар қайтариб берилмайди ва электр энергияси учун кейинги ҳисоб-китобларда ҳисобга олинади. Истеъмолчи ўз фаолиятини тўхтатган (тугатган) тақдирда, аванс тариқасида тўланган маблағлар қайтариб берилади.

95. Истеъмолчиларнинг (маиший истеъмолчилардан ташқари) ҳисоб-китоб ойидан кейинги календарь ой тугагач, қарз тўлов муддати ўтган ҳисобланади ва тўлов муддати ўтган ҳар бир кун учун тўлов муддати ўтган сумманинг 0,1 фоизи миқдорида, лекин муддати ўтган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня ҳисобланади.

Қоидабузарлик далолатномасига асосан ҳисобланган ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори бўйича ўзаро низо истеъмолчи билан суд тартибида кўрилганда суд ҳужжатларига асосан пеня истеъмолчи ёки таъминотчи корхона фойдасига қайта ҳисобланади.

Истеъмолчининг электр энергияси ҳақини тўлаш, реактив энергия компенсацияси учун тарифга устамалар, шунингдек, ноқонуний фойдаланилган электр энергияси қайта ҳисоб-китоби, қувват коэффициенти қийматининг истеъмолчилар томонидан электр таъминоти шартномасида кўрсатилганига нисбатан пасайтирилгани учун ҳисобланган маблағ ва пеня бўйича қарзи бўлган тақдирда, унинг аванс тўлови ҳисобига ўтказилган маблағлари қарзни қоплашга йўналтирилади ва аванс тўлови (олдиндан ҳақ тўлаш) сифатида ҳисобга олинмайди.

96. Истеъмолчи томонидан фойдаланилган электр энергияси (қуввати) учун ҳисоб-китоб бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномасини имзолаш рад этилган тақдирда, қарз тузилган электр таъминоти шартномасига мувофиқ шартномавий ҳажмдан келиб чиққан ҳолда, истеъмолчининг банкдаги ҳисобварағига таъминотчи томонидан тўлов талабномаси қўйиш йўли билан ундирилади.

97. Истеъмолчи (маиший истеъмолчилардан ташқари) эгаллаб турган бинодан унинг топширилиши, сотилиши ёки бошқа сабабларга кўра кўчиб кетган тақдирда, у бу ҳақида таъминотчини ёзма шаклда хабардор қилиши ҳамда электр энергияси учун кўчиб кетиш кунигача тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши шарт, шундан сўнг таъминотчи объектга электр энергияси етказиб беришни тўхтатади. Янги истеъмолчини расмийлаштириш ва электр қурилмаларини электр тармоғига улаш белгиланган тартибда амалга оширилади.

98. Томонлар уларнинг хоҳиш ва ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган табиий офатлар сабабли ушбу шароитларда қайтариб бўлмайдиган ва олдиндан билиб бўлмайдиган фавқулодда вазиятларни ўз ичига олган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) оқибатида ўз зиммасига олинган мажбуриятларни бажара олмаса, томонлардан ҳеч бири ўз мажбуриятларини тўлиқ ёки қисман бажармагани учун жавоб бермайди.

99. Агар кўрсатилган форс-мажор ҳолатлари мажбуриятларнинг шартномада белгиланган муддатларда бажарилишига таъсир қилса, у ҳолда ушбу муддатлар форс-мажор ҳолатларининг амал қилиш вақтига, аммо электр таъминоти шартномасининг амал қилиш муддатидан кўп бўлмаган вақтга узайтирилади.

100. Таъминотчи туман, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр энергияси учун тўловни йиғиш функцияларини белгиланган тартибда хусусий операторга ўтказиши мумкин.

Электр энергияси учун тўловни йиғиш функцияларини бажарувчи хусусий операторлар ўз фаолиятини белгиланган тартибда амалга оширадилар.

101. Электр энергияси учун амалдаги тарифлар ўзгарган тақдирда, таъминотчи уларнинг кучга киришидан камида ўн беш кун олдин қарорни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Бунда электр энергияси учун тарифлар ўзгарган санадан қатъи назар, электр таъминоти шартномаси ўз кучида қолади ва истеъмолчи фойдаланилган электр энергияси учун янги тариф кучга кирган кундан бошлаб амалга киритилган тариф бўйича ҳақ тўлашга мажбурдир.

Тариф ўзгарган тақдирда, электр энергияси (шу жумладан, актив ва реактив энергия)нинг тарифи ўзгарган кундан бошлаб:

маиший истеъмолчилар — икки ойдан ортиқ бўлмаган;

бошқа истеъмолчилар — бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга аванс тариқасида тўланган ҳажм учун қўшимча тўлов тўлашдан озод этиладилар.

2-§. Истеъмолчилар билан электр энергияси учун табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб қилиш

102. Асосий ва захира электр таъминоти учун уланган қуввати йиғиндиси 750 кВА ва ундан юқори бўлган истеъмолчилар электр энергияси учун табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб қилади (бюджет ташкилотлари, сув таъминоти ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари бундан мустасно).

Захира электр таъминоти учун ўрнатилган қувват юқори кучланишли захирани автоматик улаш (ЗАУ) қурилмаси орқали ёки электр тармоғидан ажратилганлиги тўғрисида далолатнома асосида электр тармоғидан ажратиб, уланган қувват 750 кВА дан кам бўлганда, истеъмолчи табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб қилинмайди.

Уланган қуввати 750 кВА ва ундан ортиқ бўлган истеъмолчи унинг электр қурилмалари «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг икки ёки ундан ортиқ алоҳида филиаллари ёки электр таъминоти корхоналари тармоқларидан таъминланаётган бўлса, ушбу истеъмолчи ўзи жойлашган ҳудуд филиали билан битта электр таъминоти шартномасини тузиб, электр энергияси учун табақалаштирилган тариф бўйича ҳақ тўлайди, мазкур Қоидаларнинг 103-банди бундан мустасно.

103. Битта электр таъминоти корхонаси тармоғига уланган истеъмолчининг цехлари ёки объектлари алоҳида-алоҳида ҳар хил ҳудудда ёки ёндош (қўшни) ҳудудда жойлашган бўлиб, битта тақсимловчи умумий тармоққа эга бўлмаса, бунда бу цехлар ёки бошқа алоҳида объектлар бўйича ҳисоб-китоблар тегишли тариф гуруҳлари бўйича амалга оширилади.

3-§. II тариф гуруҳи истеъмолчилари билан электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш

104. Уй-жой мулкдорлари ширкатлари, бошқарув ташкилотлари ва коммунал-эксплуатация ташкилотлари томонидан умумий уй-жой эҳтиёжларига фойдаланиладиган электр энергияси учун ҲЭТК билан ҳисоб-китоблар электр таъминоти шартномасига мувофиқ электр тармоқларининг баланс бўйича мансублик чегарасида ўрнатилган ҳисоблагичларнинг кўрсаткичлари ва маиший истеъмолчилар учун белгиланган базавий меъёрда белгиланган тариф бўйича амалга оширилади.

104 1 . Трамвай ҳамда троллейбус транспортлари томонидан фойдаланиладиган электр энергияси учун таъминотчи билан ҳисоб-китоблар истеъмолчиларнинг II тариф гуруҳи учун белгиланган тарифнинг 50 фоизи миқдорида амалга оширилади.

105. ҲЭТК билан кўп квартирали уйлар электр тармоқларининг мансублик чегарасидан маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисоблагичларигача бўлган, умумий фойдаланишдаги электр тармоқларидаги электр энергиясининг технологик сарфлари ҲЭТКнинг технологик сарфлари ҳисоб-китобида инобатга олиниб ҳисобланади.

106. Кўп квартирали уйларни бошқарганда, уй-жой эгаларининг умумий йиғилиши билан вакил қилинган шахс уйнинг умумий эҳтиёжлари учун сарфланадиган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш бўйича ҲЭТК билан электр таъминоти шартномаси тузиш ҳуқуқига эга.

Бунда уй-жой эгаларининг умумий йиғилиши билан вакил қилинган шахс ҲЭТК билан ўзаро муносабатларда уй-жой мулкдорлари номидан ҳаракат қилишга ҳақлидир.

107. Кўп квартирали уйларнинг электр ускуналари ва электр тармоқларидан фойдаланишга эксплуатация ташкилоти томонидан улар белгиланган тартибда қабул қилиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгандан кейин рухсат этилади.

108. Таъминотчи турар жой ва нотурар жой фонди биноларининг эгалари ва ижарачилар (юридик шахслар ёки юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар) билан электр таъминоти шартномасини тузади ва уларга шахсий ҳисобварақлари очади.

Битта уй-жой мулкдорлари ширкати бир неча ширкатларга бўлинганда ёки вақтинча турар жой ва нотурар жой фондининг уй-жойларини кимнингдир мол-мулкига ўтказиш масаласи вақтинча ҳал этилмаган тақдирда, ҲЭТК маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда, маълум бир уй-жойларнинг умумий эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган электр энергиясини етказиб беришни тўхтатади.

Бошқарув ташкилотлари ёки уй-жой мулкдорлари ширкати таркибидан уй-жой эгаларининг умумий йиғилиши қарори билан янги ширкат тузиб ажралиб чиққанда, электр энергиясидан мавжуд қарздорлиги бўлган ширкатлар ўртасида ўзаро тақсимланган далолатнома тузилиши шарт.

Бошқарув сервис компаниялари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ўз таркибига бошқа ширкатларни қўшиб олганда, электр энергиясидан мавжуд қарздорлиги билан қабул қилиб олади.

109. Шахсий ҳисобварақ бошқа истеъмолчига таъминотчи томонидан турар жой ва нотурар жой фондининг янги мулкдорининг кадастр ҳужжатлари маълумотларига мувофиқ қайта расмийлаштирилади.

Қарздорлиги мавжуд кўчмас мулк объектлари бошқа бир юридик ёки жисмоний шахсга онлайн аукцион савдолари орқали сотилганда, мавжуд қарздорликни бартараф қилиш мажбурияти, агар олди-сотди шартномасида бошқача шартлар белгиланмаган бўлса, янги сотиб олган юридик ёки жисмоний шахс зиммасида бўлади.

Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин уч кун муддатда таъминотчига кўчмас мулк эгаси ҳақида маълумот юборади ва унга мувофиқ истеъмолчилар билан шартномалар қайта расмийлаштирилади.

Турар жой ва нотурар жой фонди биносига кўчиб кирган янги мулкдор электр тармоғига уланиши учун 30 кун мобайнида таъминотчи билан электр таъминоти шартномасини тузиши ва ўз номига шахсий ҳисобварақни расмийлаштириши шарт (маиший истеъмолчилар бундан мустасно). Шахсий ҳисобварағи кўрсатилган муддатда расмийлаштирилмаса, мавжуд қарздорлик бўйича жавобгарлик турар жой ва нотурар жой фонди биносининг янги мулкдори зиммасига юкланади.

Кўчмас мулк олди-сотди битими давлат рўйхатидан ўтказиш органи томонидан давлат рўйхатига олингандан сўнг мулкдорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, нотариал ҳаракат амалга оширилган кун ва қайд этилган рақам, кўчмас мулк кадастр рақами ва кўчмас мулкнинг умумий (турар жой) майдони, шунингдек, мобил телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса) кўрсатилган маълумот юборилади. Бунда таъминотчи маълумот тушгандан кейин бир ой муддатда мулкдор билан электр таъминоти шартномасини тузиши шарт (маиший истеъмолчилар бундан мустасно).

110. ҲЭТК турар жой ва нотурар жой фонди биноларининг эгалари билан электр энергияси учун ҳисоб-китоблар, турар жой ва нотурар жой биноларининг ижарачиларига (юридик шахс бўлган ижарачилар бундан мустасно) ёки ёлловчиларга топширилишидан қатъий назар, умумий ҳисоблагичлар бўйича амалга оширади. Турар жой ва нотурар жой фонди биноларининг эгалари билан ижарачилар ўртасидаги ҳисоб-китоблар назорат ҳисоблагичлари бўйича олиб борилиб, ҲЭТК ҳеч қандай ҳисоб-китобларни амалга оширмайди.

Турар жой ва нотурар жой фонди биноларининг эгалари билан ижарачилар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича низолар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

111. Хонадонда, шунингдек, ётоқхоналарда бир нечта оила яшаганда, ҳисоб-китоб даврида истеъмол қилинган электр энергияси алоҳида оилалар ўртасида назорат ҳисоблагичлар кўрсаткичлари бўйича тақсимланади.

Назорат ҳисоблагичларини ўрнатиш учун ҲЭТКнинг рухсати талаб қилинмайди.

Назорат ҳисоблагичларининг тўғри ишлашини назорат қилиш, уларнинг кўрсаткичларини ёзиб олиш ва электр энергияси учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш мажбуриятлари яшовчиларнинг зиммасига юкланади.

Умумий фойдаланиладиган жойларда истеъмол қилинган электр энергияси миқдори алоҳида оилалар ўртасида амалда яшовчиларнинг сони бўйича тақсимланади.

ҲЭТК электр энергиясидан умумий ҳисоблагичлар орқали фойдаланувчи фуқаролар билан ҳеч қандай ҳисоб-китобларни амалга оширмайди.

112. Электр энергияси учун ўз вақтида ҳақ тўлаш бўйича мазкур Қоидаларга риоя қилиш, турар жой ва нотурар жой фонди биносидаги ҳисоблагичларнинг сақланиши ва бутлигини таъминлаш учун жавобгарлик турар жой ва нотурар жой фонди биносининг эгаси зиммасига юкланади.

113. Ҳисоблагичлар зинапоя майдончаларида ўрнатилган тақдирда уларнинг сақланиши ва бутлиги учун уй-жой мулкдорлари ширкати ёки тасарруфида уй-жой бўлган идора, ташкилот жавоб беради.

Кўп квартирали уйлар зинапоя майдончаларида ўрнатилган ҳисоблагичларга зарар етказилганда ёки ўғирланган тақдирда, уй-жой мулкдорлари ширкати ёки идора, ташкилот уларни ўз ҳисобидан тиклаши шарт.

Кўп квартирали уйлардаги хонадонлар ва якка тартибдаги уй-жойлар ичида ўрнатилган ҳисоблагичларнинг сақланиши ва бутунлиги учун истеъмолчи жавоб беради.

Агар ҳисоблагичлар, ўлчов трансформаторлари, иккиламчи занжирлар кўп қаватли уйлар зинапоя майдончаларида ёки якка тартибдаги уй-жойларнинг бино ва иншоотлари фойдаланиш ҳудудидан ташқарида (трансформатор пункти, таянч, ташқи фасад ва бошқалар) ўрнатилган бўлиб, ҳисоблагич ўлчов тизимига ташқи аралашувлар қилиниши натижасида истеъмол қилинган электр энергияси миқдори камайтирилганлиги ҳисоблагич ёки ЭҲНАТ базаси хотира маълумотлари билан ўз тасдиғини топганда, истеъмолчи жавобгар ҳисобланади.

114. Уй-жой мулкдорлари ширкати, бошқарув ташкилоти, уй-жой мулкдорлари ва турар жойлардаги ҳамда бошқа бинолардаги хоналарни ижарачиларга (юридик шахсларга ёки юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларга) ижарага берувчи бошқа ташкилотлар ҲЭТКнинг рухсатисиз ижарачиларга тегишли бўлган электр қурилмаларини (электр энергиясидан фойдаланиш мақсадларидан қатъи назар) уйнинг ички электр тармоқларига улаш ҳуқуқига эга эмас.

115. Ижарачилар (юридик шахслар ёки юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар) турар жой ва нотурар жой фонди биносининг эгаси билан шартнома тузгандан кейин уч кун муддатда ижарага олинган бинода электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун ҲЭТКга мурожаат қилиши шарт.

Ижарачи бинодан кўчиб кетадиган бўлса, турар жой ва нотурар жой фонди биносининг эгаси ижарачидан ҲЭТКнинг у кўчиб кетиш кунигача электр энергияси учун ҳисоб-китоб амалга оширганлиги ҳақидаги маълумотномани талаб қилиши шарт. Кўчиб кетган ижарачиларнинг электр энергияси учун қарзлари бўйича жавобгарлик ижарага берувчи зиммасида бўлади.

116. ҲЭТК билан кўп квартирали уйлар электр тармоқларининг мансублик чегарасидан алоҳида хонадонлар электр ҳисоблагичигача бўлган умумий фойдаланишдаги электр тармоқлари (ўтказгичлар, коммутация аппаратлари, тақсимловчи шчитлар) техник ҳолати ва уларга хизмат кўрсатиш учун уй-жой мулкдорлари ширкатлари, бошқарув ташкилотлари ва тасарруфида турар жойлар бўлган ташкилотлар жавоб беради.

4-§. III тариф гуруҳи истеъмолчилари билан ҳисоб-китоб қилиш

117. Маиший истеъмолчилар хонадонларда, шахсий уй-жойларда, ёрдамчи хўжаликлар, шахсий фойдаланиладиган томорқа боғ объектларида фойдаланилган электр энергияси учун маиший эҳтиёжларда қўлланиладиган ток қабул қилгичлар қуввати ва вазифасидан қатъи назар, аҳоли учун белгиланган тариф ва шартлар бўйича ҳақ тўлайдилар.

Шахсий электромобилларни қувватлаш ускуналари учун истеъмолчилар маблағлари ҳисобидан алоҳида ҳисоблагич ўрнатилади ҳамда алоҳида ҳисобварақ орқали II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тариф асосида ҳисоб-китоб қилинади.

118. Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар томонидан фойдаланиладиган электр энергияси ҳақи III тариф гуруҳига кирадиган амалдаги тарифнинг 50 фоизи миқдорида тўланади.

Бунда ушбу уй-жойларни тармоққа улаш учун берилган техник шартларда, лойиҳа ҳужжатларида ва таъминловчи тармоқларда (трансформаторлар, кабеллар, тақсимловчи шчитлар, коммутация аппаратлари, электр узатгичларда) электр плиталарнинг қуввати аввалдан инобатга олинган бўлиши шарт. Лойиҳа бўйича овқат тайёрлаш учун марказлашмаган ҳолда газ плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналарга мазкур банднинг биринчи хатбошиси татбиқ этилмайди. Бундай уй-жойлар ва ётоқхоналарда газ плиталарни ўзбошимчалик билан электр плиталарга алмаштириш тақиқланади.

Электр энергиясидан аҳолига электр энергиясини етказиб бериш мақсадида фойдаланувчи диний ташкилотлар, оилавий корхоналар, оилавий тадбиркорлар, Уй меҳмонхоналари (хостеллар), «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари, шунингдек, электр энергиясидан аҳоли эҳтиёжлари учун фойдаланадиган локал қозонхоналарга уй-жой мулкдорлари ширкати ҳамда кўп квартирали уйни бошқарувчи ташкилотларга маиший истеъмолчиларга белгиланган тариф ва шартлар қўлланилади.

Бунда диний ташкилотлар, ётоқхоналар ва аҳоли эҳтиёжлари учун фойдаланадиган локал қозонхоналар томонидан фойдаланилган электр энергияси учун тарифлар маиший истеъмолчиларга базавий меъёр учун белгиланган тариф бўйича амалга оширилади.

ЭҲНАТга уланган ҳисоблагичларга эга маиший истеъмолчиларга электр энергияси электр таъминоти шартномаси асосида ва олдиндан тўланган тўлов доирасида етказиб берилади.

Оилавий корхона ва ҳунармандларга уларнинг ихтиёрига кўра энергия учун тўловларни II ёки III тариф гуруҳи тарифларида амалга оширишга рухсат берилади.

Бунда истеъмолчилар ҳисобот ойи бошлангунга қадар электр таъминоти корхонасига мурожаат қилишлари зарур.

119. Муқобил энергия манбалари орқали ишлаб чиқарилиб, энергетика тизимига узатилган электр энергияси ҳажми тармоқдан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмидан чегириб ҳисоб-китоб қилинади, орттирилган ҳажм эса ҲЭТК ёки истеъмолчи фойдасига «0» кВт соатдан бошлаб ҳисоб-китоб қилинади. Истеъмол қилинадиган электр энергиясидан оқилона фойдаланиш мақсадида маиший истеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмоли юклама орқали чегараланади.

Бунда ҲЭТК томонидан ЭҲНАТ доирасида истеъмолчиларга эҳтиёжлари учун зарур бўлган қурилмаларнинг минимал қувватидан ҳамда жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, ҳисоблагич орқали 10 — 15 кВт қувват доирасида чеклов киритилади.

120. Бирор-бир сабабга кўра ҳисоблагичга эга бўлмаган ва (ёки) мазкур турар жойда вақтинча яшамаётган маиший истеъмолчи электр энергияси учун нотўғри тўлов ҳисобланишининг олдини олиш учун ҲЭТКни бу тўғрида ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

121. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун хонадонлар, хусусий уй-жойлар, боғ участкалари ва бошқа шахсий объектлардан фойдаланилган истеъмолчилар ишлатилган электр энергияси учун тадбиркорлик фаолиятининг (савдо, хизматлар кўрсатиш, товарлар ишлаб чиқариш, электромобилларни қувватлаш хизматлари ва бошқалар) тури бўйича электр энергияси истеъмолчиларининг тариф гуруҳига мувофиқ ҳақ тўланади.

Бунда тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган электр энергияси бўйича ҳисоб-китоблар учун алоҳида ҳисоблагич ўрнатилиши зарур.

122. ҲЭТК ҳар бир маиший истеъмолчи билан электр таъминоти шартномасини тузади ва зарур ҳолларда электр энергияси ҳақини тўлаш учун унга белгиланган намунадаги ҳисоб-китоб дафтарчасини беради.

Бунда маиший истеъмолчи тармоққа белгиланган тартибда амалда биринчи марта уланган пайтдан бошлаб у билан шартнома тузилган ҳисобланади.

Ҳисоб-китоб дафтарчасининг ҳар бир варағи квитанция ва билдиришномадан иборат бўлиб, уларда маиший истеъмолчининг шахсий ҳисобварағи туширилган бўлиши керак.

Тўлов ҳужжатининг ҳар иккала қисми (билдиришнома ва квитанция) бир хилда, аниқ, ўчириб ёзишларсиз тўлдирилиши керак. Тўлов ҳужжатларида фамилия, манзил, тўловнинг жорий ва олдинги санаси ҳамда саналарга мувофиқ ҳисоблагич кўрсаткичлари ва тўлов суммаси кўрсатилиши керак.

123. Маиший истеъмолчи томонидан ҳисоб-китоб даврида амалда истеъмол қилинган электр энергияси миқдори истеъмолчининг ҳисоблагич кўрсаткичлари бўйича аниқланади.

Агар ҳисоблагич ўлчов трансформаторлари (ток, кучланиш) орқали уланган бўлса, амалда истеъмол қилинган электр энергияси миқдори ушбу ўлчов трансформатор трансформация коэффициенти инобатга олинган ҳолда аниқланади.

124. Ҳисоблагичлардан кўрсаткичларни ёзиб олиш ва тўлов ҳужжатини ёзиб бериш ҲЭТКнинг ходими ёки истеъмолчининг ўзи томонидан амалга оширилади.

ҲЭТК ходими томонидан ёзиб берилган тўлов ҳужжати (билдиришнома) маиший истеъмолчига имзо қўйдириб топширилади, у бўлмаган тақдирда эса — у билан бирга бир хонадонда (хусусий уйда) яшовчи вояга етган шахсга топширилади ёки билдиришнома билан бирга буюртма хат орқали жўнатилади.

125. Агар навбатдаги айланиб чиқиш давомида ҳисоблагич ўрнатилган хона ёпиқ бўлса, бу ҳақда маиший истеъмолчининг шахсий ҳисобварағида тегишли белги қайд этилади.

Ҳисоблагич кўрсаткичларини назорат тартибида ёзиб олиш бўйича маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ҲЭТК электр энергияси истеъмолининг шартномадаги миқдори бўйича ёки олдинги давр учун амалдаги электр энергияси истеъмолининг ҳажми тўғрисидаги маълумотларга асосан тўлов ёзиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу ҳақида маиший истеъмолчининг ҳисобварағида тегишли белги қўйилади. Бунда ҳисоблагичлардан назорат кўрсаткичлари ёзиб олингандан кейин амалда истеъмол қилинган электр энергияси учун қайта ҳисоб-китоб қилинади.

126. ҲЭТКнинг ходими гувоҳномасини кўрсатган тақдирда, хонадондаги ҳисоблагич кўрсаткичларини ва уланиш схемаларини соат 08-00 дан 20-00 гача ҳеч қандай қаршиликларсиз кўриш ҳуқуқига эгадир.

Ҳисоблагичларни кўздан кечириш учун ҲЭТК ходимини қўймаслик мазкур Қоидаларнинг 70-бандида белгиланган чоралар кўрилишига сабаб бўлади.

127. Тўлов ҳужжатларини ёзиш ва ҳақ тўлаш пайтида йўл қўйилган хатолар ҲЭТК томонидан даъво муддати мобайнида ушбу хатоликлар аниқлангунига қадар ҳисобга олинади.

128. Тўлов тегишли ташкилот томонидан қабул қилиб олинган сана тўлов амалга оширилган сана ҳисобланади.

Тўлов электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилган тақдирда, маблағлар истеъмолчининг шахсий ҳисобварағига ўтказилган (транзакция) сана тўлов амалга оширилган вақт деб ҳисобланади.

129. Аҳолидан тўловларни қабул қиладиган ташкилот (тижорат банкларининг бўлимлари, «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамиятининг бўлимлари ва аҳолидан тўловни қабул қилиб олиш пунктлари) тўлов ҳужжатларини ўрам, бандероллар ва электрон реестрларга жамлайдилар.

Ҳар қайси бандеролда (банк бўлими томонидан маълум даврда қабул қилиб олинган маиший истеъмолчиларнинг тўлов ҳужжатлари тўпламида) уларни ҲЭТКга бериш вақтида ёрлиқ бўлиши лозим, ёрлиқда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

бандеролни шакллантириш бошланган ва тугалланган сана;

бандеролдаги ҳужжатлар сони;

қабул қилиб олинган тўловларнинг умумий суммаси;

касса хизмати кўрсатилганлиги учун тўлов сифатида ушлаб қолинган сумма;

ҲЭТК ҳисобварағига ўтказиладиган сумма.

Бунда аҳолидан тўловни қабул қилиб олувчи ташкилотлар электр энергияси учун тўлов сифатида келиб тушган маблағлар шартномада белгиланган муддатларда ҲЭТКга ўтказилишини таъминлаши шарт.

130. Маиший истеъмолчилар тўлов бўйича қарздор бўлганда, тўлов муддати ўтган ҳар бир кун учун тўлов муддати ўтган сумманинг 0,1 фоизи миқдорида, лекин муддати ўтган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайдилар.

Пеня ҳисоблагич кўрсаткичлари ёзиб олингандан кейин ва амалга оширилган қайта ҳисоб-китоблардан сўнг, шунингдек, белгиланган тартибда киритилган олдиндан тўлов ҳисобга олинган ҳолда, ҳисоб-китоб давридан кейинги ойнинг 11-кунидан бошлаб маиший истеъмолчининг аниқлаштирилган қарздорлик (тўланмаган қарз) суммасидан ундирилади.

Пеняни ҳисоблаш учун қарздорлик ҳосил бўлган ой аниқланади ва тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня шу ойдан бошлаб ҳисобланади.

Истеъмол қилинган электр энергияси бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда, маиший истеъмолчига тегишли бўлган яшаш ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган вояга етган жисмоний шахслар қарздорликни тўлаш бўйича солидар жавобгар бўладилар.

Вояга етган жисмоний шахснинг солидар жавобгарлиги у маиший истеъмолчига тегишли бўлган яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган вақтдан бошлаб вужудга келади ва рўйхатдан чиқарилган вақтгача амал қилади.

131. Арифметик хатоликлар, тарифларни нотўғри қўллаш туфайли пайдо бўладиган кам ва ортиқча тўловлар тегишли тариф бўйича кВт соатларда мазкур Қоидалар асосида қайта ҳисобланади.

132. Тариф ўзгарганда, тариф ўзгарган санагача истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми олдинги тўлов вақтидан бошлаб ўртача суткалик истеъмол бўйича аниқланади ва унга эски тариф бўйича ҳақ тўланади. Ҳисоблагичларнинг кўрсаткичлари тўлов кунида ёзиб олинган деб ҳисобланади.

Тарифлар ўзгаргандан кейин истеъмол қилинган электр энергияси миқдори учун янги тариф бўйича ҳақ тўланади.

5-§. Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, ушбу ҳолатларни расмийлаштириш ва ҳисобга олинмаган электр энергияси ҳажмини ҳисоб-китоб қилиш тартиби

133. Қуйидаги ҳолатлар истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузиш (ноқонуний фойдаланиш) ҳолатлари деб ҳисобланади:

а) электр таъминоти шартномасини тузмасдан, электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш.

Агар истеъмолчи энергия таъминоти корхонаси ходими билан тил бириктириб, уланишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини бажармасдан, шартномасиз ва ҳисоблагичи таъминотчининг тегишли дастурий таъминоти базаларига киритилмасдан электр тармоғига уланиб, электр энергиясидан фойдаланган тақдирда, ўзбошимчалик билан фойдаланишга тенглаштирилади (истеъмолчининг электр тармоғига уланиш учун тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлиб, лекин ҳисоблагич таъминотчининг тегишли дастурий таъминоти базасига ойдан-ойга ўтиш жараёнида дастурга кирмай қолган ҳолатлар бундан мустасно);

б) ҳисоблагич кўрсаткичларини қасддан камайтириш мақсадида ҳисоблагичга ва унинг уланиш схемасига унга ташқи таъсир кўрсатиш;

в) ҳисоблагич ва ўлчов трансформаторларининг пломбаларини ўзбошимчалик билан бузиш;

г) I тариф гуруҳи истеъмолчиларида ўрнатилган ҳисоблагичда сутканинг вақт зонасини ўзбошимчалик билан ташқи таъсир кўрсатиш орқали ўзгартириш;

д) ўзбошимчалик билан ҳисоблагични алмаштириш;

е) ҳисоблагичнинг уланиш схемасини ўзбошимчалик билан ўзгартириш;

ж) ҳисоблагич хотирасидаги кўрсаткичларни йўқ қилиш мақсадида ҳисоблагични қасддан йўқ қилиш (ёқиб юбориш, синдириб майдалаш ва шу кабилар). Истеъмолчининг айбисиз ҳисоблагичга юқори кучланиш/ток келиши натижасида эриб кетиши ёки бошқа табиий сабабларга кўра яроқсиз ҳолга келиши бундан мустасно;

з) ҳисоблагичдан ташқари уланиш;

и) ҳисобга олинадиган электр энергияси миқдорини камайтириш мақсадида ўлчов трансформаторларини ёки ўлчов трансформаторларига бириктирилган паспорт маълумотларини алмаштириш;

к) юридик шахс истеъмолчилар томонидан (маиший истеъмолчилар бундан мустасно) электр энергиясини йўқ қилиш мақсадида электр ҳисоблагич ҳақиқий кўрсатгичи бўйича ҳисобот бермасдан электр ҳисоблагич кўрсаткичини яшириш (бунда яширилган электр энергияси миқдори икки ойлик истеъмолидан кам бўлмаганда).

Мазкур банднинг барча кичик бандларида келтирилган ҳолатларда истеъмол қилинган электр энергияси қайта ҳисоб-китоб қилинади ва истеъмолчидан ундирилади.

Агар истеъмолчиларнинг ҳисоблагичлари, ўлчов трансформаторлари энергетика объекти корхонасига тегишли ҳудудда (подстанция, трансформатор пункти ва бошқалар) ўрнатилган бўлиб, ҳисоблагич ўлчов тизимига ташқи аралашувлар натижасида истеъмол қилинган электр энергияси миқдори камайтирилганлиги ҳисоблагич ёки ЭҲНАТ базаси хотира маълумотлари билан ўз тасдиғини топганда, истеъмолчи жавобгар ҳисобланади.

Қоидаларнинг ушбу бандида назарда тутилган қоида бузилишлари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ тегишли жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

133 1 . Қуйидаги ҳолатлар электр таъминоти корхонаси томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари деб ҳисобланади:

ускуналарни, электр узатиш тармоқларини, ҳисоблагичларни узлуксиз эксплуатация қилишини таъминламаслик, ўз вақтида уларга хизмат кўрсатмаслик ва ускуналарни таъмирламаслик, шунингдек, ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида носозликларни бартараф этмаслик;

ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида электр энергияси сифат кўрсаткичларини давлат стандартларида белгиланган даражада сақлаб турмаслик;

электр таъминоти корхонаси томонидан белгиланган электр энергиясини истеъмол қилиш режимига риоя этмаслик;

электр тармоғи хўжалиги объектларининг режали таъмирланиши туфайли электр энергияси билан таъминлашдаги мумкин бўлган узилишлар тўғрисида камида 3 кун олдин огоҳлантирмаслик;

жорий этиладиган чеклашлар ҳақида чеклашнинг ҳажми ва вақтини кўрсатган ҳолда ўз вақтида истеъмолчиларга хабар қилмаслик;

ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида электр энергиясининг технологик сарфларини қисқартириш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқмаслик ёки ишлаб чиқилган ташкилий-техник тадбирларни амалга оширмаслик;

электр энергиясининг электр тармоқларининг мансублик чегарасида ҳисобга олинмаган истеъмолини аниқламаслик;

истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергиясини белгиланган тартибда ҳисобга олиб бормаслик;

тегишли ҳужжатларсиз (техник шарт, лойиҳа ҳужжатлари, лойиҳа ҳужжатларини келишиш ва шартнома) ва (ёки) рухсатномаларсиз истеъмолчини электр тармоғига улаш ёки уланишга рухсат бериш;

ЭҲНАТга мос келадиган ҳисоблагичлар бўлмаганда, истеъмолчилар ва субистеъмолчиларни электр тармоқларига улаш;

истеъмолчига мансуб бўлган тармоқлардаги технологик сарфлар ҳамда қувват коэффициентининг (cos φ) иқтисодий қиймати ҳисоб-китоб қилинмаслиги;

ҳисоблаш тизимига таъсир қилмаган ҳолда, иккиламчи ток занжирида кириш ва чиқиш симлари ўзаро ўрнини алмаштириб улаш;

ҳисобга олинадиган электр энергияси миқдорини камайтириш мақсадида дастурга қўшимча коэффициентларни киритиш;

Электр қурилмаларининг тузилиши қоидалари талабларига риоя қилмаслик;

ҳар ойда бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб ҳисоблагичларни ЭҲНАТга бир ойдан ортиқ алоқага чиқишини таъминламаслик;

истеъмолчиларга нотўғри ҳисоб-китоблар амалга оширилганлиги;

электр таъминоти корхонасининг масъул ходими айби билан қоида бузилишлар содир этилиши;

сертификатлаштирилмаган энергетика ускуналаридан, энергия таъминоти тармоқлари ва тизимларининг элементларидан фойдаланиш;

ЭҲНАТ тизимида ҳисоблагичлар ишлашида носозликлар юзасидан келиб тушган хабарлар асосида мазкур носозликларнинг бир ойлик муддатда жойига чиққан ҳолда бартараф этилишини таъминламаслик;

дебитор қарздорлиги мавжуд истеъмолчиларга асоссиз равишда электр энергиясини етказиб бериш.

Ушбу бандда назарда тутилган қоида бузилишлари аниқланган тақдирда, электр таъминоти корхонаси тегишлилиги бўйича раҳбари ва (ёки) масъул ходимларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

134. Қуйидаги ҳолатлар истеъмолчилар томонидан тўловлар амалга ошириладиган электр энергияси ҳажмига таъсир қилмаган ҳолда, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва нормаларга риоя этмаслик ҳолатлари ҳисобланади:

а) техник шартларда рухсат этилган қувватдан ортиқча қувватни улаб фойдаланиш;

б) электр энергиясидан нооқилона ва самарасиз фойдаланиш. Бунда электр энергиясидан нооқилона ва самарасиз фойдаланганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда иқтисодий ва (ёки) маъмурий жазо чораси қўлланилиши мумкин;

в) истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисоблаш тизимига таъсир қилмайдиган усулларда ЭҲНАТ тизими муқобил ишлашига таъсир кўрсатиш.

Ушбу бандда келтирилган ҳолатларда истеъмол қилинган электр энергияси учун қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилмайди.

135. Қуйидаги ҳолатлар техник хато ва камчиликлар ёки электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг истеъмолчининг айбисиз бузилиши деб ҳисобланади:

а) истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларда нотўғри тариф гуруҳи қўлланилиши (майнинг соҳаси бундан мустасно);

б) истеъмолчига мансуб бўлган тармоқлардаги технологик сарфлар ҳамда қувват коэффициентининг (cos φ) иқтисодий қиймати ҳисоб-китоб қилинмаслиги;

в) арифметик ва техник хатоликлар натижасида кам ёки кўп ҳисобланиши;

г) ҳисоблаш тизимига таъсир қилмаган ҳолда, иккиламчи ток занжирида кириш ва чиқиш симлар ўзаро ўрни алмаштириб уланган ҳолатлар («бериш» / «қабул» режими). Қуёш панеллари ўрнатилганлиги бундан мустасно;

д) ҳисоблагич ёки ўлчов трансформаторлари навбатдан ташқари ёки даврий қиёслов кўригидан ўтказилганда давлат стандартларида рухсат этилган хатолик меъёрларидан кам ёки кўп кўрсаткичларда ишлаганлиги аниқланганда;

е) ҳисоблагич иккиламчи занжир симларининг механик таъсирдан узилиши (табиий узилиш) ҳамда ҳисоблагич ёки ўлчов трансформаторларининг истеъмолчининг айбисиз бузилиши;

ж) ҳисобга олинадиган электр энергияси миқдорини камайтириш мақсадида дастурга қўшимча камаювчи коэффициентларни киритиш;

з) электр ҳисоблагич уланиш схемаси нотўғри уланиши (уланиш схемаси электр ҳисоблагич, ўлчов трансформаторлари ўрнатилган ёки алмаштирилган вақтдан бошлаб нотўғри уланганлиги аниқланганда);

Ушбу ҳолатларда истеъмолчига истеъмол қилинган ҳақиқий электр энергияси сарфи бўйича таъминотчи ёки истеъмолчи манфаатига қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

« а », « б », « в », « г », « ж » ва «з» кичик бандларида назарда тутилган қоидабузилишлар содир этилганда, электр таъминоти корхонасининг масъул ходимини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

136. Қоидаларнинг бузилиш ҳолатлари аниқланганда, таъминотчи ва (ёки) Ўзэнергоинспекция ваколатли ходимлари томонидан тегишли электрон тизимлар (E-dalolatnoma) орқали мазкур Қоидаларга 1-иловага мувофиқ электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузилганлиги тўғрисида далолатнома (кейинги ўринларда — далолатнома) расмийлаштирилади. Зарурат бўлганда, далолатномага ҳолат юзасидан фотосуратлар ва бошқа ашёвий далиллар илова қилиниши мумкин.

Далолатномани электрон шаклда расмийлаштиришни имкони бўлмаганда, 24 соат ичида тегишли электрон тизимларга киритилишини таъминлаш шарти билан далолатнома эркин шаклда қоғозда расмийлаштирилишига рухсат берилади.

Далолатнома ваколатли ходимлар ва истеъмолчи томонидан имзоланади. Истеъмолчи далолатномага имзо қўйишдан бош тортган тақдирда, икки нафар холис ва (ёки) маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари жалб этилиб, ҳолат уларга маълум қилинади ҳамда уларнинг далолатномага имзо қўйиши таъминланади. Таъминотчи ходимлари дарҳол мазкур истеъмолчини электр тармоғидан узиб қўяди.

Истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоғидан ажратилгандан сўнг таъминотчи ва/ёки Ўзэнергоинспекция ваколатли ходимлари томонидан белгиланган намунадаги пломба билан қайта электр тармоғига ўзбошимча уланишнинг олдини олиш мақсадида пломбаланади.

Электр қабул қилгичлар қувватини аниқлаш имкони бўлмаган ҳолатларда, электр қабул қилгичларнинг умумий қуввати ўлчов воситалари ёрдамида аниқланади.

Мазкур Қоидаларнинг бузилиш ҳолатларини аниқлаш ва расмийлаштиришга масъул ходимлар далолатномани расмийлаштиришда, мазкур бандда келтирилган талабларга амал қилмаган ҳолатларда, улар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Таъминотчининг бошқа ходимлари томонидан мазкур Қоидаларни бузиш ҳолатлари аниқланганда, улар бу ҳақда ўз раҳбари ҳамда далолатнома расмийлаштиришга ваколатли бўлган ходимларга маълум қилади.

137. Кўрикдан ўтказиш ва далолатномани расмийлаштириш жараёнида ҳисоблагич ёки ўлчов трансформаторларига ташқи таъсир, яъни инсон аралашуви мавжуд деб ҳисоблашга асос бўлганда, ўлчов воситаларини (ҳисоблагич ва бошқа зарур ускуналар) алоҳида идишга (қути, идиш, полиэтилен қопча ва бошқалар) солиб, истеъмолчи билан биргаликда муҳрлаб иш ҳужжатларига қўшиш мақсадида олиб қўйилади.

Ҳисоблагични олиб қўйиш тўғрисида таъминотчи ёки Ўзэнергоинспекция ходими томонидан бу тўғрисида икки нусхада тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, унга томонлар имзо қўядилар ҳамда унинг бир нусхаси истеъмолчига топширилади. Мазкур далолатномада сана, ҳисоблагич русуми, давлат рақами, кўрсаткичлари, пломбалари рақамлари тўлиқ қайд этилади.

Истеъмолчининг электр таъминотидан узилишининг олдини олиш мақсадида ҳисоблагич олиб қўйилган даврда фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга олиш ва ҳисоб-китоб қилиш таъминотчи томонидан вақтинча ўрнатилган электр ҳисоблагичлар орқали ёки ўтган ҳисоб-китоб даври учун электр энергияси истеъмолининг ўртача суткалик амалдаги миқдори бўйича амалга оширилади.

Бунда ҳисоб-китоб қилиш даври бир ойдан ошмаслиги ҳамда шу даврда ҳисоблагич ўрнатилиши лозим.

Ўрганиш натижаларига асосан ҳисоблагич ёки ўлчов трансформаторларига ташқи таъсир қилинганлиги аниқланган ҳолларда истеъмолчи дарҳол электр таъминотидан ажратилади. Ҳолат бўйича белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилади.

138. Мазкур Қоидаларни бузганлик ҳолатлари натижасида ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори инсон омилисиз тегишли электрон тизимлари (E-dalolatnoma) орқали уч иш кунида аниқланиб, қоидабузарлик ҳолати аниқланган ойнинг ҳисобот даврида электр таъминоти корхонаси томонидан таъминотчининг тегишли дастурий таъминоти базаларига киритилади.

Агар техник сабабларга кўра мазкур электрон тизим (E-dalolatnoma) орқали ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдорини аниқлаш имкони бўлмаса, ушбу ҳисоб-китоб уч иш кунида, таъминотчи томонидан мазкур Қоидаларда белгиланган тартибда тузилган махсус комиссия томонидан амалга оширилади.

140. Мазкур Қоидаларнинг 133 ва 135-бандларида келтирилган қоида бузилишлар бўйича қайта ҳисоб-китоблар умумий даъво муддати давридан (уч йил) ошмаган ҳолда амалга оширилади.

141. Аввал аниқланиб далолатнома расмийлаштирилган ва дастурий таъминотга киритилган қоидабузарлик ёки хато-камчиликлар истеъмолчи томонидан такроран содир этилганда, аввалги расмийлаштирилган далолатнома бўйича ҳисобланган давр учун такроран ҳисоб-китоб қилиниши мумкин эмас.

Электр энергияси сарфининг қайта ҳисоб-китоби бўйича амалга оширилган тўловлар истеъмолчини мазкур Қоидаларни бузганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарликлардан озод этмайди.

6-§. Ҳисобга олинмаган электр энергияси ҳажмини ҳисоб-китоб қилиш тартиби

142. Мазкур Қоидаларнинг 133-бандида назарда тутилган қоидабузарликлар аниқланганда, ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори даъво муддатини инобатга олган ҳолда амалдаги тариф (I тариф гуруҳи истеъмолчиларига сутканинг тиғиз даври соатлари учун белгиланган ўсувчи коэффициент қўлланилган (мазкур банднинг ўн биринчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно)) миқдори (маиший истеъмолчиларга амалдаги базавий меъёрлари учун белгиланган тарифда) бўйича қуйидаги мезонлар асосида қайта ҳисоб-китоб қилинади. Бунда 133-банднинг :

«а» кичик бандидаги қоидабузарлик содир этилганда — қоидабузарлик аниқланган бино ёки объектга мулк ҳуқуқи вужудга келган ёхуд фаолиятини бошлаган кундан ёки тармоққа уланган кундан (асосли ҳужжатларга кўра) далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар, далолатномада қайд этилган электр қабул қилгичларнинг умумий қуввати бўйича суткасига 24 соат ишлаши ҳисобидан.

Бунда тасдиқловчи ҳужжатлар сифатида фақатгина расмий равишда давлат рўйхатидан ўтказилган кун тўғрисида солиқ органларидан олинган маълумот, кадастр, маҳаллий ҳокимият органларининг тегишли қарорлари, ер майдонидан ижарада фойдаланаётган бўлса ижара шартномаси асос бўлади;

«б» , «д» ва «ж» кичик бандларидаги қоидабузарлик содир этилганда — ҳисоблагич хотираси ёки ЭҲНАТ базаси маълумот базаси маълумотлари ёрдамида ҳисоблагичга ташқи таъсир қилинганлиги аниқланган кундан, аниқлаш имкони бўлмаганда истеъмолчи электр ҳисоблагичининг схемаси текширилган кундан далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар далолатномада қайд этилган электр қабул қилгичларнинг умумий қуввати бўйича юридик шахс бўлган истеъмолчиларга шартномадаги иш соатига асосан (маиший истеъмолчиларга суткасига 24 соат ишлаши ҳисобидан) тўловларни инобатга олган ҳолда ҳисобланади;

«в» кичик бандидаги қоидабузарлик содир этилганда — ҳисоблагич ўрнатилган кундан ёки ҳисоблагич хотирасидан (ЭҲНАТ маълумотларни сақлаш базасида) аниқланган ташқи таъсир қилинган кундан бошлаб, далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар далолатномада қайд этилган электр қабул қилгичларнинг умумий қуввати бўйича, юридик шахс бўлган истеъмолчиларга шартномадаги иш соатига асосан (маиший истеъмолчиларга суткасига 24 соат ишлаши ҳисобидан) тўловларни инобатга олган ҳолда ҳисобланади (ҳисоблагичнинг электрон пломбаси бузилмаган ҳолатлар бундан мустасно). Ҳисоблагичнинг пломбалари бузилганда, ҳисоблагич электрон пломбалари бузилиши бўйича ҳисоблагични ишлаб чиқарувчи завод хулосасига асосан ҳисоб-китоб қилинади;

«г» кичик бандидаги қоидабузарлик содир этилганда — ҳисоблагич ўрнатилган кундан ёки ҳисоблагич хотирасига (ЭҲНАТ маълумотларни сақлаш базасига) табақалаштирилган тариф сутканинг вақт зонаси ўзгартирилган кундан бошлаб, далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар ҳисобга олинмаган электр энергияси сарфидан келиб чиқиб, тиғиз давр соатлари учун белгиланган ўсувчи коэффициент қўлланилган ҳолда тўловларни инобатга олган ҳолда, ҳисобланади;

«е» кичик бандидаги қоидабузарлик содир этилганда — ҳисоблагич хотираси ёки ЭҲНАТ базаси маълумот базаси маълумотлари ёрдамида ҳисоблагичга ташқи таъсир қилинганлиги аниқланган кундан, аниқлаш имкони бўлмаганда, электр ҳисоблагич ўрнатилган кун ёхуд схемаси текширилган кундан (бунда схемаси текширилганлик тўғрисида далолатнома тегишли дастурий таъминот базаларига киритилган бўлса) далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар, бироқ умумий даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатда схема тўғри ва нотўғри уланган ҳолатларининг қувват фарқларидаги улушини инобатга олган ҳолда ҳисобланади;

«з» кичик бандидаги қоидабузарлик содир этилганда — электр ҳисоблагич ўрнатилган кун ёхуд схемаси текширилган кундан (бунда схемаси текширилганлик тўғрисида далолатнома тегишли дастурий таъминот базаларига киритилган бўлса) далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатда ҳисоблагичдан ташқари тармоққа уланган электр қабул қилгичлар қувватидан келиб чиқиб, юридик шахс бўлган истеъмолчиларга шартномадаги иш соатига асосан (маиший истеъмолчиларига суткасига 24 соат ишлаши ҳисобидан) ҳисобланади;

«и» кичик бандидаги қоидабузарлик содир этилганда — ўлчов трансформатори ўрнатилган кундан бошлаб далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар ҳисоблагич қайд этган электр энергияси сарфига нисбатан ўлчов коэффициентлари орасидаги тафовут миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади;

«к» кичик бандидаги қоидабузарлик содир этилганда — ҳисоблагич қайд этган кўрсаткичлар тафовут миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

Истеъмолчи бир пайтнинг ўзида мазкур Қоидаларнинг 133-бандида назарда тутилган қоидабузарликларнинг бир нечтасини содир этганда, ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори қайта ҳисоблаш мезонларининг энг юқори миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

Мазкур Қоидаларнинг 133-банди « а », « б » ёки «з» кичик бандларидан бирида назарда тутилган қоидабузарлик содир этилганлиги аниқланганда, ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори амалдаги тарифга уч баравар ўсувчи коэффициент қўлланилган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади ва ушбу ҳисоб-китоб натижасида аниқланган сумма электр таъминоти корхонасига етказилган ҳақиқий зарар деб баҳоланади.

143. Мазкур Қоидаларнинг 135-бандида назарда тутилган қоидалар истеъмолчининг айбисиз бузилиши аниқланганда, сарфланган электр энергияси миқдори ҳар бир даврдаги тарифда ва даъво муддатини инобатга олган ҳолда қуйидаги мезонлар асосида қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Бунда мазкур Қоидалар 135-банднинг :

«а» кичик бандидаги техник хато ва камчиликлар аниқланганда — тариф гуруҳи нотўғри қўлланилган кундан бошлаб далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар истеъмол қилинган ҳақиқий электр энергияси сарфидан келиб чиқиб, тарифлар орасидаги тафовут миқдори бўйича;

«б» кичик бандидаги хатолик аниқланганда — ҳисобга олинмай қолган технологик сарф (актив ва реактив) миқдоридан ҳамда реактив қувватнинг иқтисодий қийматининг (cos φ) ҳар бир даврдаги тариф миқдори бўйича;

«в» кичик бандидаги хатолик аниқланганда — ҳисоб-китоблардаги арифметик ёки техник хатоликлар туфайли ҳисобланган барча нотўғри (кам ёки кўп) хатоликлар, қайта таҳлил қилиниб истеъмолчи ёки таъминотчи фойдасига;

«г» кичик бандидаги техник хато ва камчиликлар аниқланганда — ҳисоблагичнинг иккиламчи ток занжирлари кириш ва чиқиш симлари ўрни алмаштириб уланиши натижасида келиб чиққан электр энергияси миқдоридаги тафовутни ҳисоботларга қўшиш орқали ҳисоб-китоб қилинади. Бунда истеъмолчининг муқобил энергия манбалари ўрнатилганлиги таҳлил қилиниши лозим;

«д» кичик бандидаги хатолик аниқланганда — ҳисоблагич ёки ўлчов трансформаторлари хатолик билан ишлашни бошлаган кундан далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар, ҳақиқий ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори бўйича ҳисобланади. Хатолик билан ишлашни бошлаган кунни аниқлаш имкони бўлмаса, ҳисоблагич ўрнатилган кундан далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар ҳисоб-китоб қилинади;

«е» кичик бандидаги техник хато ва камчиликлар аниқланганда — ҳисоблагич хотирасидан (ЭҲНАТ маълумотларни сақлаш базасидан) ҳисоблагич ишдан чиққан ёки кучланиш ва/ёки ток симлари узилган кундан ёхуд ҳисоблагични ишлаб чиқарувчи завод хулосасига асосан ишдан чиққани аниқланган кундан далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар ҳақиқий истеъмол қилинган электр энергияси сарфи ҳисобланади. Агар ҳақиқий истеъмолни аниқлаш имкони бўлмаса, ҳисобга олиш бузилишига қадар бўлган олдинги ҳисоб-китоб давридаги ёки ҳисобга олиш тиклангандан кейинги даврдаги ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилади.

«ж» кичик бандидаги хатолик аниқланганда — барча нотўғри ҳисоб-китоблар таҳлил қилиниб ҳисобга олинмаган миқдор ҳисоб-китоб қилинади.

«з» кичик бандидаги хатолик аниқланганда — электр ҳисоблагич ўрнатилган кундан далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар схема тўғри ва нотўғри уланиш ҳолатларининг қувват фарқларидаги улушини инобатга олган ҳолда ҳисобланади;

Бунда электр энергиясининг ўртача суткалик сарфини аниқлаш бўйича ҳисоб-китоб қилиш даври бир ойдан ошмаслиги ҳамда шу даврда ҳисоблагич ўрнатилиши лозим.

Истеъмол қилинган энергия (актив, реактив) сарфи таъминотчи томонидан аниқланган қоидабузарлик натижасида ҳисобга олинмаган электр энергияси (актив, реактив) миқдорлари, пеня ва бошқа жарималар ҳудудий электр тармоқлари ҳисобварағига ундирилади.

Ўзэнергоинспекция иштирокида аниқланган электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолати бўйича расмийлаштирилган қоидабузарлик далолатномасига асосан:

истеъмолчига электр энергиясини етказиб бериш тўхтатилади ва Ўзэнергоинспекция мутахассислари томонидан пломба ўрнатилади;

амалга оширилган қайта ҳисоб-китоб бўйича тўловлар Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясини молиялаштиришни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 28 сентябрдаги 512-сон қарорига мувофиқ электр энергетика ташкилотларининг алоҳида ҳисобварағига (22636) ундирилади ва тўловлар амалга оширилгандан сўнг тармоққа қайта улашга рухсат берилади.

Бунда, рухсатсиз пломбани бузганлик учун белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.

144. Мазкур Қоидаларда назарда тутилган қоида бузилиши ҳолатларида истеъмолчиларни электр тармоқларидан узиб қўйиш ва қайта улаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

13-боб. Реактив энергия компенсацияси учун электр энергияси тарифига чегирмалар ва устамалар

145. Электр таъминоти шартномасида кўрсатилган рухсат этилган қуввати 50 кВт ва ундан ортиқни ташкил этган барча истеъмолчилар реактив қувватни компенсация қилишга мажбурдирлар.

146. Реактив энергия компенсацияси учун чегирмалар (устамалар) таъминотчи томонидан берилган техник шартлар бўйича ёки электр таъминоти шартномасида кўрсатилган рухсат этилган қувват 50 кВт ва ундан ортиқни ташкил этган I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчиларига нисбатан амалга оширилади (бюджет ва бюджетдан маблағ олувчи ташкилотлар, қуввати 5 МВт ва ундан ортиқ бўлган электр энергияси ишлаб чиқарувчи станциялар, электр энергиясини сақлаш тизимлари, фермер хўжаликларининг ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари бундан мустасно).

147. Истеъмолчи томонидан реактив қувват етарли даражада компенсация қилинмаганлиги оқибатида ягона электр энергетика тизими тармоқларида ҳосил бўлган йўқотишлар истеъмолчи томонидан энергиядан нооқилона сарфланган ҳисобланади.

148. Реактив энергия компенсацияси учун чегирмалар (устамалар) реактив энергия ҳисоблагичларининг кўрсаткичлари асосида аниқланади ҳамда тегишли равишда истеъмол қилинган (ҳосил қилган) реактив энергиянинг 1 кВар.соат учун тўлов тарзида ундирилади.

Таъминотчи томонидан уланган қуввати 50 кВт ва ундан ортиқ бўлган I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчиларига истеъмол қилинган реактив энергия учун тўловлар ундирилади, лекин бюджет ва бюджетдан маблағ олувчи ташкилотлар, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, қуввати 5 МВт ва ундан ортиқ бўлган электр энергияси ишлаб чиқарувчи станциялар, электр энергиясини сақлаш тизимлари ҳамда Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари истеъмол қилинган реактив энергия ҳамда реактив энергия ўрни етарлича қопланмаганлиги ҳисобига ҳосил бўлган қувват коэффициенти (cos φ) ҳисоботларда кўрсатиб ўтилади, лекин маблағ кўринишида ҳисобланмайди ва тўловлар ундирилмайди.

Реактив энергиянинг шартномавий миқдори реактив энергиянинг иқтисодий қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Реактив энергиянинг ҳар бир ҳисобот даври учун иқтисодий қиймати, шартномада кўрсатилган ва белгиланган тартибда аниқланадиган қувват коэффициентининг оптимал миқдори ҳисобга олиниб, ушбу давр учун актив энергиянинг шартномадаги миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Бир неча тариф гуруҳларига мансуб бўлган истеъмолчилар учун реактив энергиянинг шартномавий миқдори ҳар бир тариф гуруҳи бўйича аниқланади ва электр таъминоти шартномасида кўрсатилади.

Ҳисобот даврининг якуни бўйича реактив энергия иқтисодий қийматининг амалдаги миқдори истеъмол қилинган актив энергия ва қувват коэффициентининг шартномавий миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Икки ва ундан ортиқ алоҳида объектларга (ҳудуд) эга бўлган истеъмолчига нисбатан реактив энергия иқтисодий қийматининг амалдаги миқдори ва реактив энергиянинг амалдаги истеъмоли ҳар бир объект бўйича аниқланади. Бунда барча объектлар бўйича реактив энергия иқтисодий қийматининг амалдаги миқдори ва реактив энергия бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун фойдаланилган реактив энергия миқдори йиғиндиси аниқланади.

149. Устамалар таъминотчи томонидан истеъмолчи уланган электр тармоғининг катта юклама соатларида реактив энергия истеъмол қилинганда ва ягона электр энергетика тизимининг кам юклама соатларида истеъмолчи реактив энергия ҳосил қилганда қўлланади.

Реактив энергия учун устама актив энергиянинг амалдаги тарифидан қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаган ҳолда қуйидаги миқдорда белгиланади:

5 фоиз — реактив энергия мазкур Қоидаларнинг 148-банди олтинчи хатбошисига мувофиқ аниқланган иқтисодий қийматнинг амалдаги миқдори доирасида истеъмол қилинганда;

10 фоиз — реактив энергия мазкур Қоидаларнинг 148-банди олтинчи хатбошисига мувофиқ аниқланган иқтисодий қийматнинг амалдаги миқдоридан ортиқ истеъмол қилинганда.

Реактив энергия компенсацияси учун электр энергияси тарифига устамалар жарима санкцияси ҳисобланмайди ва электр таъминоти шартномасига асосан ундирилади.

Реактив энергия ўрни етарлича қопланмагани ҳисобига қувват коэффициенти қийматининг истеъмолчилар томонидан электр таъминоти шартномасида кўрсатилганига нисбатан пасайтирилгани аниқланганда, таъминотчи электр энергияси йўқолиши қийматининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини амалга оширади, шунингдек, қувват коэффициенти кўрсаткичлари белгиланган нормативларга нисбатан пасайтирилгани учун истеъмолчилардан қўшимча маблағлар Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясини молиялаштиришни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 28 сентябрдаги 512-сон қарорига мувофиқ таъминотчининг алоҳида ҳисобварағига (22636) ундирилади.

Бунда ҲЭТК томонидан истеъмолчиларга қувват коэффициенти кўрсаткичлари пасайтирилгани учун тўловни амалга оширишга алоҳида ҳисоб-фактура тақдим этилади.

150. Истеъмолчилар реактив қувватни етарли даражада компенсация қилмаганлиги натижасида тармоқларда актив энергиянинг қўшимча йўқотишлари учун қайта ҳисоб-китоблар амалдаги тарифга нисбатан уч баравар миқдорда ҳисобланади.

151. Тариф чегирмалари истеъмолчи ягона электр энергетика тизими тармоғида электр тармоғининг катта юкламали соатларида реактив энергия ҳосил қилганда ва электр тармоғининг кичик юкламали соатларида ягона электр энергетика тизими тармоғидан реактив энергия истеъмол қилинганда, агар истеъмолчининг бундай режимда ишлаш зарурати шартномада кўрсатилган бўлса, тақдим этилади.

Реактив энергия учун тақдим этиладиган чегирма актив энергиянинг амалдаги тарифидан қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаган ҳолда 15 фоиз миқдорида белгиланади.

152. Электр тармоғининг катта ва кичик юкламали соатлари — бу сутканинг истеъмолчи томонидан реактив қувватнинг истеъмол қилиниши (ҳосил қилиниши) туфайли ягона электр энергетика тизимининг электр тармоқларида электр энергиясининг қўшимча равишда йўқотилишига олиб келадиган вақтларидир.

Таъминотчи электр тармоғининг катта ва кичик юкламали соатларини, истеъмолчининг ва у фойдаланадиган тармоқнинг реактив юкламаси жадвалларини таҳлил қилган ҳолда, ҳар қайси истеъмолчи учун алоҳида белгилаши мумкин.

Ҳар бир суткадаги катта ва кичик юкламали соатлар йиғиндиси 24 соатга тенг, шу жумладан:

катта юкламали соатлар — соат 06-00 дан 22-00 гача;

кичик юкламали соатлар — соат 22-00 дан 06-00 гача.

153. Реактив энергиянинг истеъмол қилиниши ҳамда ҳосил қилиниши ҳисоблагичлар ёрдамида қайд этилади.

154. «Миллий диспетчерлик маркази» ДУК истеъмолчи томонидан ягона электр энергетика тизими тармоғида катта юкламали соатларда реактив энергияни ҳосил қилиш ва (ёки) кичик юкламали соатларда уни мажбурий истеъмол қилиш белгилаган бўлса, энергияни ҳисобга олиш усули таъминотчи ва истеъмолчи ўртасида келишилади ва электр таъминоти шартномасида қайд этилади.

155. Таъминотчи томонидан берилган техник шартлар бўйича ёки электр таъминоти шартномасида кўрсатилган ҳамда фойдаланишга рухсат этилган қувват 50 кВт ва ундан ортиқни ташкил этадиган I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчилари билан тузилган электр таъминоти шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

ягона электр энергетика тизими тармоғидан ҳисобот даври учун истеъмол қилинадиган реактив энергиянинг иқтисодий қиймати;

талаб этиладиган қувват коэффициенти (cos φ);

ягона электр энергетика тизимининг энг катта юкламаларининг назорат соатлари (йилнинг ҳар бир ойи бўйича бўлиб чиқиш орқали);

электр тармоқларнинг катта юклама соатларида ойлик реактив энергия истеъмолини техник чегаралари. Ушбу чегаралардан ошиб кетганда, таъминотчи электр энергиясининг ҳисоблаш нуқтасида кучланишни электр тармоғининг энг катта юкламали соатлари учун электр таъминоти шартномасида белгиланган даражасидан пасайиб кетиши учун жавоб бермайди;

электр тармоғининг катта юкламали соатларида ягона электр энергетика тизимининг электр тармоғига бир ойда ҳосил қилинадиган ва (ёки) бир ойда кичик юкламали соатларда мажбурий истеъмол қилинадиган реактив энергиянинг чегаравий қийматлари.

Ҳисобот даври учун реактив энергия истеъмолининг иқтисодий қиймати техник чегара ҳисобланиб, унинг ортишида таъминотчи электр энергиясининг ҳисобга олиш нуқтасидаги кучланиш электр таъминоти шартномасида белгиланган даражадан камайиб кетиши учун жавоб бермайди.

14-боб. Электр энергиясининг сифати учун электр энергияси тарифига чегирмалар (устамалар)

156. Электр энергияси сифати учун тарифга чегирмалар (устамалар) амалдаги тарифлар бўйича белгиланади.

157. Электр энергияси учун ҳисоб-китобларда қўлланадиган электр энергиясининг сифат кўрсаткичлари (кейинги ўринларда — ЭСК) рўйхати миллий стандартлари асосида электр таъминоти шартномасида белгиланади.

158. Агар истеъмолчининг (маиший истеъмолчилардан ташқари) электр энергияси сифати ёмонлашувидаги улуши электр таъминоти шартномасида белгиланган йўл қўйилиши мумкин бўлган даражадан ошса, белгиланган қиймат тарифга устама ёки акс ҳолда — тарифга чегирма ҳисобланади.

159. Ҳар бир ЭСК бўйича чегирмалар (устамалар) миқдори кўриб чиқилаётган ЭСКнинг ҳисоб-китоб давридаги жами нисбий давомийлиги кўрсаткичларига (Т1 ва Т2) кўра йўл қўйилиши мумкин бўлган нормал ва максимал қийматлар сифатида ҳисобланади. Т1 ва Т2 қийматлари ўлчаш вақти давомида аниқланади, ўлчаш вақтининг давомийлиги ҳар бир ЭСК бўйича шартномада белгиланади, лекин у бир иш суткасидан кам бўлмаслиги керак. Автоматлаштирилган ўлчов воситалари мавжуд бўлганда Т1 ва Т2 қийматлари узлуксиз равишда ўлчаниши лозим. Ҳисоб-китоб қилинадиган вақт оралиғини мунтазам ўлчаш электр таъминоти шартномасида (лекин бир чоракда бир мартадан кам эмас) белгиланади.

160. Истеъмолчининг электр таъминоти шартномасида қайд этилган ҳар қайси ЭСК бўйича электр энергияси сифатининг ёмонлашувидаги улушининг қиймати ҳар замонда ўлчашлар асосида белгиланади ва ўлчаш баённомасида қайд этилади. Амалдаги улушларнинг ушбу қийматларидан томонлардан бири уларни қайта кўриб чиқишни таклиф этмагунича фойдаланилади.

161. ЭСКни ўлчаш ишлари аккредитациядан ўтган синов лабораторияси томонидан таъминотчи ва истеъмолчи билан биргаликда электр таъминоти шартномасида белгиланган муддатларда ўтказилади. Электр таъминоти шартномасида ўлчашлар даврийлиги тўғрисида кўрсатмалар бўлмаганда, шунингдек, истеъмолчи ёки ягона электр энергетика тизимининг иш шароитлари кескин ўзгарганда, ўлчашлар томонлардан бирининг ташаббусига кўра аккредитациядан ўтган синов лабораторияси томонидан ўтказилиши мумкин. Иккинчи томон ўлчашларни ўтказишнинг аниқ санасини уч кун муддатда келишиб олиши керак ва бу ишлар ташаббус кўрсатган томоннинг мурожаатидан кейин ўн кун муддатда бажарилиши лозим.

162. Кучланишдаги тафовутлар, номутаносибликлар коэффициентлари ва кучланишдаги ўзгаришлар ҲЭТК ва истеъмолчи ўртасидаги келишув асосида фазалардан бирида ёки барча фазаларда аниқланади. Барча фазаларда ўлчашда Т1 ва Т2 ўртача қиймат сифатида аниқланади.

163. Истеъмолчининг электр энергияси сифати ёмонлашувидаги улушини аниқлаш тартиби электр таъминоти шартномасида кўрсатилади.

164. Юридик истеъмолчиларга тасарруфидаги мавжуд эски электр қурилмаларини янги энергиятежамкор қурилмаларга алмаштириш натижасида иқтисод қилинган электр энергияси ҳажмига уч йил давомида амалдаги тарифга нисбатан 15 фоиз чегирма берилади. Бунда:

истеъмолчилар электр қурилмаларни алмаштириш жадвали ва унинг натижасида эришиладиган иқтисодни назарда тутувчи дастурни тасдиқлаш учун Ўзэнергоинспекцияга киритади;

Ўзэнергоинспекция ўн кун муддатда тақдим этилган дастурни асосланганлигини кўриб чиқади ва натижаси бўйича келишади ёки асослантирган ҳолда келишишни рад этади;

тасдиқланган дастурга асосан амалга оширилган ишлар натижасида иқтисод қилинган электр энергияси ҳажми энергия аудитор томонидан ўрганилади ва ушбу ҳажмлар бўйича хулоса берилади;

энергия аудитор хулосаси Ўзэнергоинспрекция ва таъминотчига тақдим этилади ва ижобий хулоса тақдим этилган кундан бошлаб чегирмалар қўлланилади.

15-боб. Электр энергиясини чеклаш ёки узиб қўйиш шартлари

165. Электр энергияси истеъмолини чеклаш, шунингдек, истеъмолчилар юкламалари жадвалларини тартибга солиш чора-тадбирлари, белгиланган тартибда тасдиқланган ягона электр энергетика тизимида электр қуввати ва энергияси танқислигида истеъмолчиларни чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларига (кейинги ўринларда — чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари) мувофиқ амалга оширилади.

166. Қувват ва электр энергияси истеъмоли бўйича Чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан истеъмолчилар билан бирга ишлаб чиқилади ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва «Миллий диспетчерлик маркази» ДУК билан келишилиб, тасдиқлаш учун «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан Энергетика вазирлигига киритилади.

Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланган чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари ягона электр энергетика тизимида электр қуввати ва энергия танқислиги пайдо бўлганда қўлланилади.

167. Электр энергиясини Чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари электр станциялари ва электр тармоқлари ускуналарининг йўл қўйиб бўлмайдиган шароитларда ишлашининг олдини олиш, ягона электр энергетика тизимининг барқарор параллель ишлашини таъминлаш, авариялар юзага келишининг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларнинг тартибсиз узиб қўйилишини бартараф этиш мақсадида ягона электр энергетика тизимида электр энергияси ва қувват танқис бўлган ҳолатлар учун тузилади.

168. Электр энергиясининг чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари истеъмолчининг технологик ва авария бронини аниқлаш далолатномасига асосан жорий йилнинг 1 октябридан кейинги йилнинг 1 октябригача бўлган давр учун тузилади ҳамда жадвалларга киритилган барча истеъмолчилар учун уларни бажариш мажбурий ҳисобланади.

Жадвалларнинг қуйидаги турлари тузилади:

ягона электр энергетика тизимида ёқилғи ёки гидроресурслар етишмаганда, электр энергиясини (кВт.соатда) чеклаш жадвали. Жадвалда электр энергияси истеъмолини истеъмолчиларнинг технологик бронигача, кейинчалик эса авария бронигача (чеклашга мансуб бўлмаган объектлардан ташқари) ва бунда истеъмолни бешта навбатга бўлган ҳолда қисқартириш назарда тутилиши лозим;

ягона электр энергетика тизимида қувват етишмаганда, қувватни (кВтда) чеклаш жадвали. Жадвалда ягона электр энергетика тизимининг эрталабки ва кечки энг катта юкламалари юзага келадиган соатларда истеъмол қилинадиган қувватни истеъмолчиларнинг авария бронигача камайтириш ва бунда истеъмол қилинадиган қувватни 5 та навбатга бўлиш назарда тутилиши лозим;

қувват тақчиллиги юзага келиши натижасида авария хавфи пайдо бўлганда ва чеклаш жадвалларини жорий қилиш имконияти бўлмаганда, қувватни чеклаш жадвали. Жадвалда узиб қўйилиши мумкин бўлмаган объектлардан ташқари ягона электр энергетика тизими истеъмолчиларини тўлиқ узиб қўйиш ва узиб қўйиладиган қувватни 5 навбатга бўлиш назарда тутилиши лозим.

169. Истеъмолчиларни узиб қўйишнинг махсус жадвали ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Электр энергиясини узиб қўйиш жадвали ва махсус жадвалга асосан автоматика, телебошқарув қурилмаларига ёки доимий хизмат кўрсатувчи ходимлар ва ишончли телефон алоқасига эга бўлган подстанциялар киритилиши лозим. Истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилиши электр таъминотининг авария бронигача чеклаб қўйилиши мумкин.

170. Ягона электр энергетика тизимида чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларини амалга киритиш тартиби қуйидагилар:

чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари Энергетика вазирини ва мутасаддилик қилувчи унинг ўринбосарини дарҳол хабардор қилган ҳолда, «Миллий диспетчерлик маркази» ДУК томонидан тезкор журналга ёзган ҳолда амалга киритилади;

диспетчерлик бошқарувининг барча даражаларида электр энергияси ва қуввати истеъмоли чекланишини жорий этиш фармойиши тезкор журналда чеклаш ҳажми, чеклаш бошланадиган ва тугайдиган вақт қайд этилган ҳолда берилади;

таъминотчи истеъмолчиларга кейинги суткаларда электр энергиясини чеклаш жадвалларининг амалга киритилиши тўғрисида жорий сутканинг соат 14-00 дан кечиктирмай, чеклаш ҳажми, чеклаш бошланадиган ва тугайдиган вақтини кўрсатган ҳолда маълум қилади;

«Миллий диспетчерлик маркази» ДУК, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва бошқа электр станциялари томонидан чекловлар (авария, табиий офат, таъмирлаш туфайли) киритилганда, таъминотчи электр энергиясини етказиб беришдаги танаффуслар учун жавобгар бўлмайди;

чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларини зудлик билан жорий этиш зарур бўлганда, бу ҳақидаги билдиришнома сутканинг вақтидан қатъи назар, чеклашнинг амал қилиши бошланишидан бир соат олдин истеъмолчиларга етказилади;

чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларини истеъмолчилар томонидан таъминотчидан чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларини жорий этилиши тўғрисидаги билдиришнома олингандан кейин дарҳол жорий этилади;

электр энергияси истеъмолини узоқ вақтга камайтириш зарур бўлганда, қувватни чеклаш ва узиб қўйиш жадвалига тенг бўлган электр энергияси ва қувватни чеклаш жадвали амалга киритилади.

чеклаш ва узиб қўйиш жадвалига киритилган юридик шахслар, шу жумладан, узлуксиз ишлаб чиқариш технологик жараёнига эга корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар (чеклаш ва узиб қўйилиши мумкин бўлмаган объектлардан ташқари) чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларининг таъминотчи томонидан кўрсатилган муддатда сўзсиз бажарилишини ташкил этиши шарт. Акс ҳолда, улар узиб қўйиш ва чеклаш жадваллари бажарилмаганлиги туфайли ягона электр энергетика тизими марказларидан мажбурий узиб қўйиш натижасида юзага келадиган оқибатлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Таъминотчи электр энергияси ва қувватини чеклаш жадвалларини амалга киритиш тўғрисидаги фармойиш истеъмолчилар томонидан бажарилмаганда, уларни огоҳлантиргандан сўнг электр энергияси ва қувват истеъмолининг белгиланган даражада камайишини таъминловчи миқдорда электр энергияси етказиб берилишини мажбурий равишда чеклайди ёхуд белгиланган тартибда таъсир чораларини кўради.

Бунда технологик жараёнлар бузилишининг оқибатлари учун жавобгарлик истеъмолчилар корхоналарининг раҳбарлари зиммасига юкланади.

171. Ягона электр энергетика тизимида электр энергияси ва қувватда танқислик вужудга келганда, аварияларга йўл қўймаслик ва истеъмолчиларнинг тартибсиз узиб қўйилишининг олдини олиш мақсадида таъминотчи ўчириш вақтини кўрсатган ҳолда, истеъмолчилардан ташқи реклама конструкциялари, иллюминация ва лампалар шодаси, бино ва иншоотларни ёритгичларни, электр иситиш ва иссиқ сув билан таъминлаш қурилмаларини ўчириб қўйишни талаб қилишга ҳақли.

172. Мазкур Қоидаларнинг 6 , 15 , 16 , 25 , 32 , 45 , 71 , 88 , 136 , 165 , 169 , 170 ва 171-бандларида назарда тутилмаган сабабларга кўра электр энергиясидан ўчирганлик учун таъминотчига нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ иқтисодий чоралар қўлланилади.

16-боб. Блок-станцияларга эга бўлган истеъмолчилар билан ўзаро муносабатлар

173. Блок-станциялар «Миллий диспетчерлик маркази» ДУК ва юқори турувчи оператив-диспетчерлик хизматлари билан ўзаро келишилган иш режимига риоя қилишлари ҳамда уларнинг кўрсатмалари ва фармойишларига бўйсунишлари шарт.

Блок-станциялар томонидан электр энергиясини ишлаб чиқариш ва ягона электр энергетика тизимига етказиб беришнинг йиллик ҳажмлари «Миллий диспетчерлик маркази» ДУК билан келишилган ҳолда электр энергиянинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектлари ва блок-станция ўртасида тузиладиган шартнома билан расмийлаштирилади.

174 «Миллий диспетчерлик маркази» ДУК электр энергиянинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектлари ва блок-станция ўртасида ягона электр энергетика тизимига электр энергиясини етказиб бериш бўйича тузилган шартномада назарда тутилган электр энергияси етказиб беришнинг ойлик миқдорига мувофиқ блок-станцияларнинг ягона электр энергетика тизимига ҳар бир сутка учун юклама ва электр энергияси етказиб бериш жадвалини белгилайди.

Блок-станция томонидан юклама диспетчерлик жадвалида белгиланган миқдордан камайтирилса, «Миллий диспетчерлик маркази» ДУК, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзэнергосотиш» АЖ ёки «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ блок-станция тегишли бўлган саноат ва идоравий мансуб истеъмолчилар бўйича қувватни блок-станция юкламасини камайтирган миқдорда чеклаш жорий қилиш ҳуқуқига эга, блок-станция юкламасининг камайишига форс-мажор ҳолатлар сабаб бўлган ҳолатлар бундан мустасно.

175. Ягона электр энергетика тизимига етказиб бериладиган, шунингдек, таъминотчидан олинадиган актив электр энергияси блок-станция томонидан баланс бўйича мансублик чегарасида ўрнатилган, актив электр энергиясини қабул қилиш ва етказиб беришнинг алоҳида қайд этадиган ҳисоблагичлари ёрдамида ҳисобга олинади.

Блок-станцияга тегишли бўлган электр тармоғи хўжалигининг объектларидаги электр энергиясининг технологик сарфлари блок-станцияга тегишли бўлади.

176. Блок-станцияга эга бўлган истеъмолчи:

электр энергиянинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектлари билан — ягона электр энергетика тизимига етказиб берилган электр энергияси учун;

таъминотчи билан — таъминотчи ва блок-станцияга эга истеъмолчи ўртасида тузилган электр таъминоти шартномаси асосида олинган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилади.

Ҳисоб-китоб даврида электр энергетика тизимига электр энергияси етказиб берилган ва электр энергетика тизимидан электр энергияси истеъмол қилинган ҳолларда, таъминотчи билан ҳисоб-китоб етказиб берилган ва истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмларининг сальдоси бўйича амалга оширилади.

177. Етказиб бериладиган ва истеъмол қилинадиган электр энергияси учун блок-станциялар билан ҳисоб-китоб белгиланган тартибда тасдиқланган тарифлар бўйича амалга оширилади.

178. Ҳисоб-китоб даврида ягона электр энергетика тизимига блок-станция айби билан тўлиқ етказиб берилмаган электр энергияси шартномада белгиланган электр энергияси ҳажми ва ягона электр энергетика тармоғига амалда етказиб берилган электр энергияси ҳажми ўртасидаги тафовут бўйича аниқланади.

179. Блок-станция форс-мажор ҳолатлар туфайли электр энергияси етказиб беришдаги танаффуслар учун жавоб бермайди.

17-боб. Якунловчи қоида

180. Электр энергияси истеъмолчилари, ҲЭТК, Ўзэнергоинспекция, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги, «Ўзэнергосотиш» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖ электр энергияси учун тўловларни йиғиш функцияларини амалга оширувчи хусусий операторларнинг мансабдор шахслари мазкур Қоидаларни бузганлик учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига 1-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарорига 2-ИЛОВА

Табиий газдан фойдаланиш

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидалар табиий газни етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасидаги талабларни белгилайди.

2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

авария ҳолатларида газ етказиб бериш жадваллари — авария ҳолатларида ёки газ қувурлари ва тармоқларининг технологик иш режими бузилган ҳолатларда, истеъмолчиларни газ тармоқларидан (қисман ёки тўлиқ) узиб қўйиш навбатини ҳисобга олган ҳолда, уларга табиий газни етказиб бериш жадваллари;

аралашиш ҳолати ва санасини тасдиқлайдиган ҳужжатлар — ҳисоблагич ёки ўлчов қисмларининг ишлашига аралашиш ҳолати ва санасини аниқлаш имконини берадиган маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар ёки материаллар;

бошқа истеъмолчилар — маиший истеъмолчилар тоифасига кирмаган табиий газдан фойдаланувчи истеъмолчилар;

газдан фойдаланиш ускунаси — энергия самарадорлиги, энергияни тежаш ва хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, марказлаштирилган иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларида иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш учун турли ишлаб чиқаришларнинг технологик жараёнларида табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланадиган қозонлар, ишлаб чиқариш печлари, утилизаторлар, технологик линиялар, компрессор ҳамда газдан хомашё сифатида фойдаланадиган қурилмалар, шунингдек, кўп квартирали ва турар жой биноларида ўрнатилган ҳамда газдан маиший эҳтиёж учун ёқилғи сифатида фойдаланиладиган ускуналар;

газ узатиш ташкилоти — табиий газни ташиш, сақлаш ва транзит қилишга ихтисослашган магистрал газ узатиш тизими оператори;

газ таъминоти ташкилоти — табиий газни газ узатиш ташкилотидан қабул қилувчи ва тақсимлаш тармоқлари орқали истеъмолчиларга шартнома асосида етказиб берувчи (сотувчи) ташкилот;

газ хўжалиги — истеъмолчиларга тегишли ҳудуддаги барча газдан фойдаланиш ускуналари, тармоқлар, зулфинлар, жўмраклар, электр кимёвий емирилишдан ҳимоялаш воситалари, газ тақсимлаш пунктлари (кейинги ўринларда — ГТП) ва газ тақсимлаш қурилмалари (кейинги ўринларда — ГТҚ);

газ тармоғининг бўлиниш чегараси — газ узатиш ташкилоти, газ таъминоти ташкилоти ва истеъмолчилар ўртасидаги газ тармоғининг ҳисоблагич ўрнатилиши лозим бўлган ва тегишлилиги бўйича аниқланадиган бўлиниш нуқтаси;

Бунда агар ҳисоблагичлар истеъмолчига тегишли ва истеъмолчининг ҳудудида бўлса, ташқи (узиб қўядиган) зулфин ёки жўмрак, агар ҳисоблагичлар газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотга тегишли бўлиб, истеъмолчи ҳудудидан ташқари бўлса — ҳисоблагич газ тармоғининг бўлиниш чегараси ҳисобланади;

газ ҳисоблаш ускунаси (кейинги ўринларда — ҳисоблагич) — бир ёки бир нечта функцияларни, хусусан табиий газ сарфини (ҳажмини), ҳароратини ва босимини ўлчаш, ҳисоблагичнинг ишлаш вақтини ҳисобга олиш, ўлчов кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотларни тўплаш, сақлаш ва акс эттириш, масофадан онлайн режимда автоматик тарзда ўчириб-ёқиш клапанига ҳамда табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига (кейинги ўринларда — ТГНҲАТ) уланиш имкониятига эга бўлган ўлчов — техник воситаси;

газлаштириш техник шартлари — истеъмолчининг янги ва қўшимча газдан фойдаланиш ускуналарини газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотининг газ қувурларига ёки тармоқларига улашнинг техник имкониятини яратадиган ва газлаштириш лойиҳа-техник ҳужжатларини (кейинги ўринларда — ЛТҲ) ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланадиган дастлабки ҳужжат;

газ тақсимлаш тармоқлари (кейинги ўринларда — газ тармоқлари) — газ таъминоти ташкилотининг ёки истеъмолчининг тасарруфида (балансида) бўлган табиий газни етказиб берувчи ҳамда тақсимловчи кўча ва уй ичида жойлашган газ тармоқлари комплекси.

захира ёқилғи — табиий газни етказиб бериш қисқарадиган ёки тўхтатиладиган даврда табиий газга муқобил манба сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган бошқа турдаги ёқилғи;

захира ёқилғи хўжалиги — захира ёқилғини сақлаш, узатиш ва ундан фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар ва қурилмалар комплекси;

ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи истеъмолчилар — умумий ҳисоб қуввати соатига 100 кВт ва ундан юқори бўлган табиий газдан фойдаланиш ускуналарида маиший ва ишлаб чиқариш (тижорат) мақсадида фойдаланувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар;

ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар — табиий газни етказиб бериш шартлари ва рўйхати маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланадиган ижтимоий соҳа муассасалари ва бюджет ташкилотлари;

ишга тушириш-созлаш ишлари (кейинги ўринларда — ИТСИ) — техник коммуникациялар ва арматураларга эга газдан фойдаланиш ускунасини ишлашга тайёрлаш ва ишга тушириш, газдан фойдаланиш ускунаси юкламасини унинг эгаси ҳисобланган ташкилот билан келишилган даражагача етказиш, шунингдек, фойдали иш коэффициентини мақбуллаштирмасдан газдан фойдаланиш ускунасининг иситиш режимини созлашдан иборат бўлган ишлар комплекси;

коммунал-маиший истеъмолчилар — умумий ҳисоб қуввати соатига 100 кВтгача бўлган табиий газдан фойдаланиш ускуналарида маиший ва ишлаб чиқариш (тижорат) мақсадида фойдаланувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар;

кўрсаткичларни назорат учун олиш — масъул ходим томонидан ҳисоблагич кўрсаткичларини ёзиб олиш ва ўрнатилган пломбалар бутунлигини кўздан кечириш;

қисман ўчириладиган истеъмолчилар — табиий газни етказиб бериш шартлари ва рўйхати маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган, куз-қиш мавсумида ҳаво ҳарорати пасайиб кетган даврларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида фақатгина ишлаб чиқариш фаолияти ўчириладиган, лекин иситиш тизимидаги газдан фойдаланиш ускуналари ўчирилмайдиган (ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган) истеъмолчилар;

мавсумий истеъмолчилар — газлаштириш техник шартларига мувофиқ табиий газдан асосий ёқилғи сифатида маълум бир давр мобайнида фойдаланувчи истеъмолчилар;

маиший истеъмолчилар — турар жойларда маиший (овқат тайёрлаш, иссиқ сув ва иситиш) эҳтиёжлар учун табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланувчи аҳоли;

маиший мақсадларда газдан фойдаланиш — турар ва нотурар жойларда, ишлаб чиқариш объектларида, ташкилотларда овқат тайёрлаш, иссиқ сув ва иситиш учун табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланиш;

магистрал газ қувури (кейинги ўринларда — газ қувурлари) — таркибида ҳалқалари (лупинглари) ва тармоқлари бўлган, газни узоқ масофага етказиб беришга мўлжалланган қувур;

намунали истеъмолчи — ТГНҲАТга уланган ва масофадан бошқариш имкониятига эга ҳисобга олиш ускунаси билан таъминланган, табиий газ учун муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаган ҳамда табиий газдан фойдаланиш ва уни ҳисобга олиш бўйича қоидабузарликларга йўл қўймаган истеъмолчи (маиший истеъмолчилар ва икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаган истеъмолчилар бундан мустасно);

табиий газда ишлайдиган иситиш жиҳозлари ва дудбуронларни даврий кўрикдан ўтказиш хизмати — тегишли далолатнома тузган ҳолда таъмирлаш, шунингдек, дудбуронлар ва шамоллатиш тизимларини кўрикдан ўтказиш, тозалаш ва носозликларни бартараф этиш ишлари билан шуғулланувчи ихтисослашган ташкилот;

режим-созлаш ишлари (кейинги ўринларда — РСИ) — ускуналарни ишлаб чиқарувчи завод томонидан белгиланган техник параметрларида (паспортида) кўрсатилган иш юкламалари оралиғида фойдали иш коэффициентига эришиш мақсадида газдан фойдаланиш ускуналарини созлаш, ёқилғи ёқиш жараёнларини тартибга солиш воситаларини, иссиқликни утилизация қилувчи ва ёрдамчи ускуналарни созлашни ўз ичига оладиган ишлар комплекси;

сўнгги кўрик далолатномаси — газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва трейдерлар ваколатли ходимлари томонидан ўзларига бириктирилган ҳудудларда зиммасига юкланган вазифалари доирасида ўтказилган назорат тадбирлари, газ истеъмоли ҳажмини аниқлашга таъсир кўрсатадиган барча зарур маълумотларни акс эттирувчи охирги электрон ёки қоғоз шаклда расмийлаштирилган ҳужжат;

стратегик аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар — узлуксиз фаолият кўрсатувчи ишлаб чиқариш-технологик объектларга эга бўлган ҳамда табиий газни етказиб бериш шартлари ва рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган истеъмолчилар;

табиий газ — газ ёки нефть хомашёсини қайта ишловчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган, шунингдек республикага импорт қилинадиган, ёқилғи ёки хомашё сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳамда физик-кимёвий кўрсаткичлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланадиган гази;

табиий газ ишлаб чиқарувчилар — табиий газни қабул қилиш, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва етказиб беришни, шунингдек углеводород хомашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш орқали табиий газни етказиб бериш фаолиятини амалга оширадиган ташкилотлар;

табиий газни етказиб бериш шартномаси — газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотлари ёки трейдер ташкилотига табиий газни истеъмолчига ўзининг газ қувурлари (тармоқлари) орқали етказиш, истеъмолчига эса қабул қилинган табиий газ учун тўловни амалга ошириш, шунингдек, мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши мажбуриятини юклайдиган битим;

тўлиқ ўчириладиган истеъмолчилар — табиий газни етказиб бериш шартлари ва рўйхати маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланадиган, куз-қиш мавсумида ҳаво ҳарорати пасайиб кетган даврларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида газ тармоқларидан тўлиқ ўчирилиши белгиланадиган (ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган) истеъмолчилар;

трейдер — табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга тадбиркорлик субъекти (газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотлари бундан мустасно);

ҳисоб-китоб даври — табиий газ истеъмолининг сарфи (ҳажми) аниқланиши, истеъмол қилинган табиий газ учун истеъмолчи ва газ таъминоти ташкилоти ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилиши зарур бўлган вақт оралиғи (ой);

хатлов далолатномаси — ваколатли ходимлар томонидан истеъмолчи иштирокида истеъмолчининг табиий газ истеъмоли ҳажмини аниқлашга таъсир кўрсатадиган барча маълумотлари (номланиши, манзили ва реквизитлари, ҳисоблагичлар ва уларнинг кўрсаткичлари, ҳисоблагичлар ва бошқа қурилмаларга ўрнатилган пломбаларнинг бутлиги ва газдан фойдаланиш ускунасининг техник тавсифлари, газ хўжалигининг лойиҳа маълумотлари, расмийлаштириш санасидаги ҳисоб-китоблар ҳолати, ваколатли органлар томонидан табиий газдан оқилона фойдаланиш бўйича берилган хулосаларнинг мавжудлиги, шунингдек, маиший истеъмолчилар бўйича яшовчилар, уй ҳайвонлар сони ва иситиладиган бинолар ҳажми) акс эттирилган ҳужжат;

чеклов киритиладиган истеъмолчилар — табиий газни етказиб бериш шартлари ва рўйхати маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланадиган, куз-қиш мавсумида ҳаво ҳарорати пасайиб кетган даврларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида сутканинг маълум бир вақтларида вақтинча табиий газни етказиб берилиши тўхтатиладиган (ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган) истеъмолчилар;

энг юқори тариф — Коммунал-маиший эҳтиёжлар учун аҳолига белгиланган тарифнинг энг юқори (ойига 10001 куб метр ва ундан ортиқ истеъмол учун белгиланган) миқдори.

2-боб. Истеъмолчилар, газ таъминоти ташкилотлари ва назорат органларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

3. Маиший истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

табиий газнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган ҳажмларда ва сифатда, узатиш (етказиш) режимига риоя қилган ҳолда узлуксиз етказиб берилишини талаб қилиш;

табиий газни етказиб бериш шартномаси бекор қилинганда, фойдаланилмаган газ ҳажми учун тўланган суммани қайтаришни талаб қилиш;

табиий газни етказиб бериш шартномасини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бир томонлама бекор қилиш;

табиий газни узатилиши тўхтатилиши натижасида вужудга келган (белгиланган тартибда тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланадиган) зарарни қоплашни талаб этиш;

газ таъминоти ташкилоти вакилини ва қайта уланиш учун қўшимча ҳақ тўламасдан, газдан фойдаланиш ускуналарини газ таъминотидан вақтинча ёки тўлиқ узиб қўйиш мақсадида чақириш.

Маиший истеъмолчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

4. Маиший истеъмолчиларнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

янги турар жойларга кўчиб ўтилганда ҳамда мавжуд уй-жой фондини газлаштириш давомида газ хўжалигида хавфсизлик қоидалари бўйича газ таъминоти ташкилоти ходими томонидан берилган зарур кўрсатмалар билан танишиш;

ўз тасарруфидаги газ тармоқлари, газдан фойдаланиш ускуналари, шунингдек, фойдаланилаётган ертўлалар, техник йўлаклар ва бошқаларда электр ёритиш ва шамоллатиш тизимининг доимий ишлашини таъминлаш, биноларнинг ертўлаларидаги ер ости газ тармоқларини бинога кирган қисмининг мустаҳкамлиги ва зичлигини таъминлаш. Бунда:

кўп квартирали ва турар жой биноларидаги газ плиталар — икки йилда бир марта;

бошқа газдан фойдаланиш ускуналарини — буюртма асосида бир йилда бир марта газ таъминоти ташкилоти ёки тегишли ваколатга эга бўлган ташкилотларни жалб қилган ҳолда техник тафтишдан ўтказилишини таъминлаш;

фавқулодда вазият ва авария ҳолатларида, куннинг исталган вақтида ўз хизмат гувоҳномаларини кўрсатган ваколатли ходимларини газ сизиб чиқиш ҳолатини текшириш учун барча ертўлалар, техник йўлаклар, хоналарга киришини таъминлаш;

белгиланган тартибда дудбуронлар ва шамоллатиш тизимларининг ҳолатини ўз вақтида текширилишини ташкил қилиш;

дудбуронлар ва шамоллатиш тизимларидаги носозликлар тўғрисида табиий газда ишлайдиган иситиш жиҳозлари ҳамда дудбуронларни кўрикдан ўтказиш хизматларига носозликларни тузатиш учун зудлик билан хабар бериш ва хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўриш;

газ таъминоти ташкилотини газ таъминотини вақтинча тўхтатиш мақсадида турар жойларнинг бузилиши ва (ёки) қурилиши ҳақида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиш;

газ таъминоти ташкилотининг техника хавфсизлиги ва газ хавфсизлигини таъминлаш масалаларида мажбурий кўрсатмаларини бажариш;

уй ичи газ тармоғини коррозия ва бошқа таъсирдан ҳимоя қилиш чораларини кўриш, мунтазам равишда бўяб туриш;

табиий газдан оқилона фойдаланиш, табиий газдан фойдаланишда сертификатланган газдан фойдаланиш ускуналарини ўрнатиш, уларни хавфсизлик автоматика тизимлари билан жиҳозлаш;

фойдаланилган табиий газ ва газдан фойдаланиш ускунаси ҳамда уй ичи газ тармоқларига хизмат кўрсатиш доирасида бажарилган ишлар учун газ таъминоти ташкилоти билан белгиланган хизмат кўрсатиш тарифлари бўйича ўз вақтида ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

газдан фойдаланиш ускунасини тоза сақлаш, овқат тайёрлаш жараёнида газ ёндиргичларни ифлосланишдан сақлаш;

газлаштириш лойиҳаси — ЛТҲ сақланишини таъминлаш ҳамда уни газ таъминоти ташкилоти ва бошқа ваколатли давлат органлари вакили талаби билан тақдим қилиш;

ертўла, йўлак, ҳовли, кўчада табиий газ ҳиди сезилган тақдирда, авария хизматига «104» ёки «112» телефони орқали хабар бериш;

газ билан тўлган (тўпланиб қолган) жойлардан одамларни олиб чиқиш, электр ёритиш тизимларини ёниб ёки ўчиб қолиши, очиқ олов ёки учқун пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича амалий чоралар кўриш;

газ таъминоти ташкилоти ваколатли ходимларига соат 08:00 дан 20:00 гача ҳисоблагичларни кўздан кечириш, ички газ тармоқлари ва газдан фойдаланиш ускуналарига техник ҳамда профилактика хизматларини кўрсатиш учун қаршиликсиз киришини таъминлаш;

ҳисоблагичлар кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларнинг ишлашига тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни амалга оширмаслик, уларга қасддан шикаст етказишнинг олдини олиш ва ўрнатилган пломбаларнинг бутунлигини таъминлаш;

одамлар ухлайдиган ва дам оладиган хоналарда очиқ оловда ишлайдиган газдан фойдаланиш ускуналаридан (табиий газда ишлайдиган иситиш жиҳозлари, қозонлари) фойдаланмаслик, бундай ускуналарни газлаштириш лойиҳаси асосида ўрнатиш, одамлар ухлайдиган ва дам оладиган хоналарни иситиш тизимларида фақатгина сув иситиш қозонларидан фойдаланишни таъминлаш.

5. Бошқа истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

шартнома асосида етказиб берилган табиий газнинг аниқланган ҳажмига ва бошқа параметрларга норози бўлган тақдирда, газ етказиб берувчи ташкилот ҳисоблагичларининг ишлаш ишончлилигини текшириш учун ишчи комиссияни ташкил этиш;

табиий газнинг техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларида белгиланган кўрсаткичларда ва етказиб бериш режимига риоя қилган ҳолда узатилишини талаб қилиш;

табиий газни етказиб бериш шартномасини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бир томонлама бекор қилиш;

табиий газни етказиб бериш шартномаси бекор қилинганда, фойдаланилмаган газ ҳажми учун тўланган суммани қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтариб олиш;

табиий газни етказиб берилишини тўхтатилиши натижасида вужудга келган (белгиланган тартибда тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланадиган) зарар қопланишини;

табиий газни етказиб бериш вақтинча тўхтатилишини талаб этиш.

Бошқа истеъмолчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

6. Бошқа истеъмолчиларнинг мажбуриятлари:

табиий газдан оқилона ва самарали фойдаланиш;

ўз тасарруфидаги газ қувурлари ва газ хўжалиги ускуналарини техник соз ҳолатда сақлаш, бинолар ертўлалардаги ер ости коммуникацияларининг бинога кирган қисмининг мустаҳкамлиги ва зичлигини таъминлаш, шунингдек биноларнинг қурилиш элементлари билан газ тармоқларининг ўзаро кесишган жойларини кузатиб бориш;

газ тармоқларида ёки газдан фойдаланиш ускуналарида вужудга келган табиий газнинг сизиб чиқиши ҳолати ҳақида газ таъминоти ташкилотини зудлик билан хабардор қилиш;

ўзининг газ тармоқлари дахлсизлигини таъминлаш ва эҳтимоли бўлган рухсатсиз уланишларни аниқлаш мақсадида тармоқларни ва улардаги ускуналарни мунтазам равишда кўздан кечириб чиқиш;

газ таъминоти ташкилотларининг газ тармоқларига сертификатланмаган, ЛТҲга мувофиқ бўлмаган газдан фойдаланиш ускунасининг уланишига йўл қўймаслик;

ваколатли ходимларни (тегишли хизмат гувоҳномаси кўрсатилган тақдирда) ҳисоблагичларни ва/ёки газдан фойдаланиш ускуналарини, давлат ёнғиндан сақлаш хизмати ходимларини дудбурон ва шамоллатиш тизимларини куннинг исталган вақтида эркин кўздан кечиришларини таъминлаш;

газдан фойдаланиш ускунасидаги носозликларни (бундай турдаги ишларни бажариш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослаштирилган бригадалар ёки ходим ёрдамида) бартараф этиш;

ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларнинг ишлашига тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни амалга оширмаслик, уларнинг қасддан бузилишига йўл қўймаслик ва ўрнатилган пломбаларнинг бутунлигини таъминлаш;

ҳисоблагич ишидаги носозлик аниқланган тақдирда, газ таъминоти ташкилотини ўзи учун қулай шаклда дарҳол хабардор қилиш;

ўзининг газ хўжалигидаги ҳисоблагичларидан газ таъминоти ташкилотининг ТГНҲАТга онлайн тарзда маълумотлар узатилишини таъминлаш;

газ тармоғи транзит сифатида ташкилот ҳудудидан ўтказилган ҳолларда ушбу ҳудуд эгаси газ таъминоти ташкилотининг газ тармоғини текшириб туриш ва унга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, авария ҳолларининг олдини олиш ҳамда улар юзага келганда бартараф этиш учун газ таъминоти ташкилоти вакилини ушбу ташкилот ҳудудига кириши учун зарур шароит яратиши;

ҳисоблагични газ тармоғининг бўлиниш чегарасига (кузатув мосламалари ҳамда кириш эшиги очилганда сигнал берувчи қурилмалар билан таъминланган бинога (контейнерга) ўрнатиш ҳамда уни газ таъминоти ташкилоти ваколатли ходими томонидан доимий назорат қилиниши учун зарур шароит яратиш;

газ тармоқлари бино ва иншоотларнинг том, девор ва пол ости қисмидан ёпиқ ҳолда ўтказмасликни (монтаж қилинмаслигини) таъминлаш;

ўзининг газ хўжалигидаги ер остидан ўтказилган газ қувурларининг трассаси бўйлаб зарур огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатиш;

газдан фойдаланиш ускуналарининг уланиш жойларида метан ва ис гази сизиб чиқишини барвақт аниқлайдиган, хабар (сигнал) берадиган ва газ сизиб чиқиш ҳолатларида газни тармоқдан клапан орқали автоматик тарзда ўчириб қўядиган газ анализаторлари билан таъминлаш;

Ўзэнергоинспекция ва газ таъминоти ташкилоти ўзларининг ваколатлари доирасида (табиий газдан ноқонуний ва самарасиз фойдаланишни олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш ва бошқа йўналишларда) берилган кўрсатмаларни бажариш;

табиий газдан фойдаланишда сертификатланган, энергия тежамкор бўлган газдан фойдаланиш ускуналарини ўрнатиш, хавфсизлик автоматикаси билан жиҳозлаш.

7. Табиий газдан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:

ўзбошимчалик билан газлаштириш, газдан фойдаланиш ускунасини мустақил равишда кўчириш, алмаштириш ва таъмирлашга;

газдан фойдаланиш ускунаси жойлашган хоналарда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга номувофиқ тарзда қайта режалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларини бажаришга;

газдан фойдаланиш ускунаси, дудбурон ва шамоллатиш тизимларининг конструкциялари ва ўрнатилган элементларига (қисмларига) ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритишга, шунингдек, дудбуронларни тозалашга мўлжалланган шамоллатиш тизимларини ва люкларни ёпиб қўйишга;

хавфсизлик ва тартибга солиш автоматика тизимларини ўзбошимчалик билан ўчиришга, газдан фойдаланиш ускуналари, автоматика ва беркитиш арматуралари яроқсиз ҳолга келган тақдирда газдан фойдаланишга;

табиий газда ишлайдиган иситиш жиҳозлари ҳамда дудбуронларда синч зичлиги, сувоқдаги (ёриқлар) бузилиши ҳолатлари юзага келганда, дудбурон ва шамоллатиш тизимлари яроқлилиги ҳақидаги далолатнома мавжуд бўлмаганда ёки унинг муддати ўтганда, шунингдек, газдан фойдаланиш ускуналари техник тафтишдан ўтказилмаганда ҳамда дарчалар (фрамугалар), жалюза панжаралари, шамоллатиш тизими панжаралари, ҳаммом ва ошхона эшиклари остидаги тирқишларнинг ёпиқ ҳолатларида, дудбурон ва шамоллатиш тизимларида тортиш кучи йўқ бўлганда, газдан фойдаланиш ускуналаридан фойдаланишга;

дудбурон ва шамоллатиш тизимларини ўзбошимчалик билан тозалашга;

ишлаб турган газдан фойдаланиш ускуналарини қаровсиз қолдиришга (узлуксиз ишлаб туришни назарда тутадиган ва бунинг учун тегишли автоматлаштирилган тизимга эга газдан фойдаланиш ускуналари бундан мустасно);

газдан фойдаланиш ускуналаридан ўн икки ёшгача бўлган болалар ва ўз хатти-ҳаракатларини назорат қила олмайдиган шахсларни фойдаланишига йўл қўйишга;

газ қувурларига (тармоқларига) юкларни осиш ва оғир вазнли буюмларни устига қўйишга;

табиий газ ва газдан фойдаланиш ускуналаридан бошқа мақсадларда, шунингдек, газ плиталаридан ҳамда очиқ оловда ишлатиладиган газдан фойдаланиш ускуналаридан хоналарни иситиш учун фойдаланишга;

газдан фойдаланиш ускунаси ўрнатилган хоналарда ухлаш ва дам олиш мақсадида фойдаланишга;

табиий газ сизиб чиқиш жойларини аниқлаш учун очиқ оловдан фойдаланишга;

ТГНҲАТга уланган ҳисоблагичларга ўрнатилган модем қурилмасини газ таъминоти ташкилоти ваколатли ходимини хабардор қилмасдан ўчириб қўйишга ёки алмаштиришга.

8. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий давлат ёнғин назорат органлари ва (ёки) газ таъминоти корхоналари ҳар йили иситиш мавсуми бошланишидан олдин аҳоли хонадонлари ҳамда турар жойлардаги дудбурон ва шамоллатиш каналларининг техник ҳолатини тафтишдан ўтказади. Тафтиш натижалари бўйича аниқланган носозликларни бартараф этади ҳамда ушбу соҳада давлат, идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматлари ва (ёки) газ таъминоти корхоналари томонидан дудбуронларни текшириш, профилактик хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари бажарилади ва назоратга олинади.

Газ хўжалигида хавфсизлик қоидалари ва мазкур Қоидаларга риоя этмаслик натижасида содир бўладиган салбий оқибатлар учун жавобгарлик газ тармоғининг бўлиниш чегарасига мувофиқ равишда тегишли газ тармоғи эгасининг зиммасига юклатилади.

9. Газ таъминоти ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

техник заруратга кўра истеъмолчини мазкур Қоидаларга мувофиқ белгиланган тартибда хабардор қилган ҳолда, истеъмолчига етказиб бериладиган табиий газни қисқартириш ёки тўхтатиш;

газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари аниқланганда ва истеъмолчилар томонидан мазкур Қоидаларнинг 129 , 133 ва 134-бандларида белгиланган мажбуриятларни бажармасдан ўзи ва ўзгаларнинг хавфсизлиги учун хавф туғдирганда, ушбу истеъмолчиларни дарҳол газ тармоғидан узиш;

истеъмолчилардан мазкур Қоидаларни ва табиий газни етказиб бериш шартномаси шартларини бажарилишини талаб қилиш;

табиий газни етказиб бериш шартномасини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бир томонлама бекор қилиш;

газ тармоқларида авариянинг олдини олиш ёки бартараф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш зарурати юзага келганда, истеъмолчи билан келишмасдан ва уни огоҳлантирмасдан, лекин зудлик билан хабардор қилган ҳолда, табиий газни етказиб беришни тўхтатиш ёки чеклаш;

мазкур Қоидаларнинг 129 , 130 ва 134-бандларида назарда тутилган ҳолатларда, аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилгунига қадар аввалдан огоҳлантирмаган ҳолда газ етказиб беришни тўхтатиш;

ҳисоблагичларга уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида ташқаридан аралашилганда, ўрнатилган пломбаларнинг бутунлиги бузилганда ва пломбалар узилган ҳолатларда газ тармоқларига рухсатсиз уланганда, мазкур Қоидаларнинг 127 , 129 , 130 ва 134-бандларида белгиланган чораларни қўллаш;

истеъмолчиларнинг газдан фойдаланиш ускуналари белгиланган муддатда техник кўрикдан ўтказилмаганлиги ёки истеъмолчи томонидан ушбу ускуналарни техник кўрикдан ўтказишдан бош тортиши, ушбу истеъмолчиларни вақтинча табиий газ тармоғидан узиб қўйиш;

истеъмолчиларнинг эскирган ва яроқсиз ҳолга келган газдан фойдаланиш ускуналари, таъмирталаб газ тармоқлари ва газ тақсимлаш пунктларига табиий газни етказиб беришни тўхтатиш;

металл прокати ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан индукцион печлардан фойдаланган ҳолда қурилиш ишлари учун ишлаб чиқарилган металл прокати қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган тақдирда, улар билан тузилган табиий газни етказиб бериш шартномасини бир тарафлама бекор қилиш.

10. Газ таъминоти ташкилоти қуйидагиларга мажбур:

ўзининг тасарруфидаги газ тармоқларини соз ҳолатда сақлаш ва уларда ўз ҳисобидан зарур таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш;

ўз газ тармоқларининг техник ҳолатини ва уларга рухсатсиз уланиш ҳолатларини аниқлаш учун тармоқларни даврий кўздан кечириш;

табиий газни етказиб бериш қисқарган ёки тўхтаган тақдирда, бу тўғрисида истеъмолчиларни ўз вақтида хабардор қилиш;

табиий газнинг рухсатсиз истеъмол қилинганлиги, газ тармоқлари моддий бойликларининг талон-торож қилинганлиги тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини кечиктирмасдан ўз вақтида хабардор қилиш;

ҳисоблагич кўрсаткичларини ҳар ойда киритиб бориш ва интерактив хизматларнинг бошқа имкониятларидан фойдаланиш учун истеъмолчиларга ҳақ ундирмасдан шахсий кабинет очиш имконини бериш;

маиший истеъмолчининг аризасига асосан истеъмол қилинган табиий газ бўйича ҳисоб-китоб ҳолати ҳамда қарздорлик мавжуд эмаслиги (мавжудлиги) ҳақида маълумотномани икки иш куни ичида ҳақ ундирмаган ҳолда тақдим этиш;

истеъмолчига табиий газни етказиб бериш шартномасида кўрсатилган шартларга мувофиқ газ етказиб бериш. Баҳор-ёз даврида барча истеъмолчиларга газ етказиб бериш учун ресурслар ва қувватлар етарли бўлмаган ҳолатларда, истеъмолчилар ўртасида газ ресурсларининг тақсимотини Энергетика вазирлиги билан келишилган кўрсаткичларга мувофиқ амалга ошириш;

истеъмолчиларга зарур йўриқномаларни бериш (ўтказиш) ва газ хўжалигида ўрнатилган газдан фойдаланиш ускуналаридан ва ҳисоблагичлардан хавфсиз фойдаланиш бўйича эслатмаларни топшириш. Бунда йўриқномалар ваколатли ходим томонидан ўтказилиб, табиий газни етказиб бериш шартномаси иловасига белги қўйилиши ва истеъмолчи томонидан имзоланиши шарт. Эслатмада эса газ таъминоти ташкилотининг авария хизмати телефон рақамлари кўрсатилади;

ваколатли давлат органларининг, шу жумладан, Ўзэнергоинспекциянинг мажбурий кўрсатмаларини бажариш;

истеъмолчининг ёзма, оғзаки ва электрон буюртмаси асосида уч иш кунида газдан фойдаланиш ускуналарига техник хизмат кўрсатиш;

олдиндан тўловни амалга оширмаган ҳамда истеъмол қилинган табиий газ учун қарздорлик мавжуд бўлган ҳолларда истеъмолчиларнинг газ таъминотини тўхтатиш (узиш);

ҳисоблагичга ва бошқа қурилмаларга (жумладан, ҳисоблагичдан олдинги ва кейинги монометрларга) пломба қўйиш;

ҳисоблагич ва бошқа қурилмаларга ўрнатилган QR-кодли пломбаларни электрон дастури (Биллинг тизими) орқали юритиш;

ҳисоблагичнинг ички конфигурация маълумотларини ўзгартиришнинг олдини олиш мақсадида ҳисоблагич клавиатураси ва портини узиб қўйиш;

Газ таъминоти ташкилоти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

ТГНҲАТга уланган ҳисоблагичларга ўрнатилган модем қурилмасини ўчириб қўйиш ҳолати Газ таъминоти ташкилоти томонидан аниқланган тақдирда, истеъмолчини газ таъминотидан ўчириб қўйиши шарт.

11. Истеъмолчи томонидан берилган ёзма, оғзаки ва электрон буюртмаси асосида белгиланган тарифлар бўйича газдан фойдаланиш ускуналарига техник хизмат кўрсатиш ишлари қуйидаги муддатларда амалга оширилади:

овқат тайёрлаш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида — бир кун давомида;

табиий газ сизиб чиқишида — дарҳол. Бундай ҳолатлар газ таъминоти ташкилотининг авария хизмати томонидан бартараф этилади;

иситиш мавсумида иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида — бир кун давомида;

иссиқ сув ва иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида (иситиш мавсумидан ташқари вақтда) — икки кун давомида;

газдан фойдаланиш ускуналарини алмаштиришда — беш кун давомида.

12. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида тегишли фаолиятни олиб бориш учун рухсат этиш ҳусусиятига эга ҳужжатлари мавжуд бўлган юридик шахслар истеъмолчилардан келиб тушган ёзма, оғзаки ва электрон буюртмалар асосида газдан фойдаланиш ускуналари ва газ тармоқларига белгиланган тарифлар ва табиий газни етказиб бериш шартномаси асосида белгиланган муддатларда техник хизмат кўрсатади.

Истеъмолчиларга кўрсатилаётган техник хизматлар рақамлаштирилган дастурий таъминот орқали рўйхатга олинади, кўрсатилган хизматлар тўғрисидаги маълумотлар истеъмолчиларга СМС-хабар орқали юборилади.

13. Табиий газни ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, истеъмол қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назорати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзэнергоинспекция томонидан амалга оширилади.

Ўзэнергоинспекциянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Ўзэнергоинспекциянинг ваколатли ходимлари томонидан табиий газдан самарасиз ва нооқилона фойдаланиш, табиий газни истеъмол қилиш режимига риоя қилмаслик ва табиий газ қурилмаларининг авария хавфини туғдирадиган ёки одамлар ҳаётига хавф соладиган қониқарсиз техник ҳолати, газ тармоқларига ноқонуний уланиш, ҳисоблагичларга қасддан шикаст етказганлик, ҳисоблагичлар кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш ҳолатлари аниқланганда, тегишли газ таъминоти ташкилотига ёки истеъмолчига ушбу қурилмаларга газ етказиб беришни тўхтатилиши тўғрисида мажбурий кўрсатма бериш ҳуқуқига эга.

Ўзэнергоинспекция томонидан истеъмолчида табиий газдан нооқилона фойдаланганлик, табиий газни тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирларни бажармаслик, техник шарт талабларига мувофиқ қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этмаслик ҳолатлари аниқланганда (тегишли расмийлаштирилган далолатномага мувофиқ), газ таъминоти ташкилоти ушбу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, табиий газ истеъмолининг шартномада белгиланган миқдорларини камайтиришга ҳақли.

3-боб. Табиий газга бўлган йиллик эҳтиёжни аниқлаш

14. Истеъмолчилар (маиший истеъмолчилардан ташқари) ҳар йили 15 июлгача газ таъминоти (трейдер) ташкилотига келгуси йил учун ойлар кесимида тақсимланган табиий газ истеъмолининг прогноз ҳажмлари бўйича буюртма беради.

15. Табиий газни ишлаб чиқарувчилар ҳар йили 1 августга қадар келгуси йил учун табиий газни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда газ узатиш ташкилотнинг магистрал газ қувурларигача етказиб бериладиган ҳажмларни, ўзининг газга бўлган эҳтиёжлари ва технологик йўқотишларини аниқлайди.

16. Келгуси йил учун табиий газга бўлган эҳтиёж ишлаб чиқариладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар) бирлиги учун техник ва илмий асосланган меъёрларга мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда, табиий газнинг икки йиллик (ҳар чораклик) амалдаги сарфи ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларига боғлиқ равишда истеъмолчи томонидан тегишли ҳисоб-китоблар билан асосланган бўлиши керак.

Маиший ва коммунал-маиший истеъмолчиларнинг келгуси йилда табиий газга бўлган эҳтиёжи табиий газни белгиланган истеъмол қилиш меъёрлари ва (ёки) икки йиллик (ҳар чораклик) амалдаги сарфи асосида газ таъминоти ташкилотлари томонидан аниқланади.

17. Газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотлари ҳар йили 1 сентябргача газ транспорт тизими техник жиҳатдан барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ўз эҳтиёжлари ва технологик йўқотишларга сарфланадиган ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериладиган газ ҳажмларига бўлган эҳтиёжни (ойлар кесимида) тақсимлаган ҳолда (келгуси йилда янги ишга тушириладиган объектлар учун захира ҳажмларини назарда тутган ҳолда), келгуси йил учун табиий газ эҳтиёжининг прогнозини шакллантиради ҳамда Энергетика вазирлигига тақдим этади.

18. Энергетика вазирлиги тақдим этилган буюртмалар асосида ресурс ва газ узатиш имкониятлари, шунингдек, республикадаги истеъмолчиларнинг эҳтиёжлари ва табиий газ экспорти ҳажмларини ҳисобга олиб, табиий газ ресурсига бўлган эҳтиёжни ойлар кесимида тақсимлаган ҳолда, республика бўйича келгуси йил учун табиий газ ресурслари ва истеъмоли балансини ишлаб чиқади ҳамда келгуси йил учун республика бўйича табиий газ ресурслари ва истеъмоли баланси лойиҳасини тайёрлаш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 1 октябрга қадар тақдим этади.

19. Энергетика вазирлиги келгуси йил учун республика бўйича табиий газ ресурслари ва истеъмолининг тасдиқланган балансига мувофиқ ҳар йили 1 декабрга қадар трейдер ва газ таъминоти ташкилотларига табиий газни етказиб бериладиган йиллик ва ойлик ҳажмларини тақдим этади. Трейдер ташкилоти томонидан ўз навбатида магистрал газ қувурларига уланган истеъмолчиларга табиий газни етказиб беришнинг йиллик ва ойлик ҳажмларини газ узатиш ташкилотига юборади.

Газ таъминоти ташкилотлари истеъмолчиларнинг (маиший истеъмолчилардан ташқари) буюртмаларини табиий газ ресурслари ва истеъмолининг тасдиқланган балансига мувофиқ белгиланган ҳажмлар доирасида қайта кўриб чиқишга ҳақлидир.

20. Қуйидаги истеъмолчиларга табиий газни етказиб беришда устуворлик берилади:

маиший истеъмолчиларга;

идоравий ва муниципал уй-жой фондига, юридик шахслар ётоқхоналарига ва уй-жой мулкдорлари ширкатларига — аҳолини газ билан таъминлаш мақсадида ҳамда локал қозонхоналарга — аҳолининг маиший эҳтиёжлари учун;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчиларга.

4-боб. Маиший ва коммунал-маиший истеъмолчиларни табиий газ тармоқларига уланиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби

21. Истеъмолчилар (шу жумладан, умумий ҳисоб қуввати соатига 100 кВт.гача бўлган газдан фойдаланиш ускуналарига эга оилавий корхоналар) амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар асосида газлаштириш ишларини бажариш ҳуқуқига эга ташкилотлар томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилган ҳолда, ишлаб чиқилган газлаштириш лойиҳаларига асосан табиий газ билан таъминланади.

22. Истеъмолчиларни қуйидаги тартибда табиий газ билан таъминлашнинг техник имкониятлари кўриб чиқилади:

истеъмолчи давлат хизматлари маркази (кейинги ўринларда — ДХМ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали газ таъминоти ташкилотига газлаштириш ҳақидаги аризани тақдим этади;

табиий газ ресурслари ва истеъмоли баланси ҳамда газ тақсимлаш тизимининг техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, истеъмолчи объектини газлаштириш бўйича техник имкониятлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида газ тақсимлаш тармоқларига уланадиган истеъмолчиларнинг объектлари газ таъминоти ташкилотининг мутахассислари томонидан уч иш куни мобайнида ўрганилади.

Истеъмолчининг объекти жойлашган ҳудудда газ таъминоти ташкилоти томонидан тегишли параметрларда истеъмолчига табиий газни етказиш имкони мавжуд қувватга (босим, ҳажм) эга бўлган газни тақсимлаш тармоғи ҳамда табиий газ ресурслари мавжуд бўлганда, истеъмолчини газ билан таъминлаш бўйича техник имконият мавжуд деб ҳисобланади.

Ўрганиш натижаси бўйича газ таъминоти ташкилоти томонидан ижобий қарор қабул қилингандан сўнг истеъмолчига ички газ қувурлари, газдан фойдаланиш ускуналари (тури ва сони), газдан фойдаланиш даври ва ҳисоблагичларга нисбатан қўйилган талабларни ўз ичига олган газлаштириш техник шартлари берилади.

Газлаштирилган уй-жойлар маиший истеъмолчи ва оилавий корхонага ажратилганда, уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида техник шарт ва ЛТҲ ишлаб чиқиш ҳамда истеъмолчи ҳисобидан алоҳида ҳисоблагичларни ўрнатиш шарти билан ҳамда уй-жойга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларга (кадастр ҳужжати) асосланиб газ билан таъминланади.

Газлаштирилган уй-жойлар икки ва ундан ортиқ маиший истеъмолчига ажратилган тақдирда, истеъмолчиларнинг маблағлари ҳисобидан ҳар бир маиший истеъмолчи (оила) учун ЛТҲларга ўзгартириш киритиш (газлаштириш учун қўшимча техник шартларни олмасдан) ҳамда алоҳида ҳисоблагични ўрнатиш шарти билан уй-жойга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларга (кадастр ҳужжати) асосланиб газ билан таъминланади.

23. Газлаштириш (газдан фойдаланиш ускуналари, қурилма ва уй ичи газ қувурлари) ЛТҲлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мазкур фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган лойиҳа ташкилотлари томонидан газлаштириш техник шартлари асосида ишлаб чиқилади.

24. ЛТҲда қуйидаги ечимлар назарда тутилиши керак:

белгиланган стандартларга мувофиқ самарали газдан фойдаланиш ускунасини ўрнатиш;

истеъмол қилинаётган табиий газ сарфининг ҳисобланган диапазонида ҳисобга олишнинг ишончлилигини таъминлайдиган, газ ҳажмини стандарт шартларга мувофиқлаштириш учун зарур қурилмалар билан жиҳозланган ҳамда табиий газ истеъмолини ТГНҲАТга мос келадиган ҳисоблагичларни (уларни жойлашув нуқталарини кўрсатган ҳолда) ўрнатиш;

газ қувури ва ундаги қурилмаларни техник назорат қилишда шаффофликни таъминлаш мақсадида газ қувурларини бурчаксимон темир тиргаклар (устунлар)га ўрнатиш.

25. Газ таъминоти ташкилоти томонидан газлаштириш лойиҳаси қурилиш-монтаж ишлари (кейинги ўринларда — ҚМИ) бошланишидан аввал, бироқ газлаштириш учун техник шартлар берилган кундан бошлаб 12 ойдан кечикмасдан, рўйхатдан ўтказилиши лозим. Ушбу муддат якунлангандан сўнг берилган техник шарт ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

26. ҚМИ ЛТҲга ҳамда қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ мазкур ишларни бажариш ҳуқуқига эга ташкилот томонидан ижро-техник ҳужжатлари асосида ва ертўла иншоотларидаги бошқа коммуникацияларнинг ертўла иншоотига кириш жойларини мустаҳкам ва зич ёпилганлигини таъминлаган (ушбу ишларни бажарилганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштириб) ҳолда, табиий газ истеъмолчисининг (ташаббускор) маблағлари ҳисобидан бажарилади.

27. ҚМИни амалга оширган ташкилот газ таъминоти ташкилотига дудбурон ва каналларини текшириш ишларини, шунингдек, ертўла иншоотларидаги бошқа коммуникацияларнинг кириш жойларини мустаҳкам ва зич (герметик) ёпилганлигини таъминлаган ҳолда, амалга оширилганлиги тўғрисида тегишли далолатномаларни тақдим этади.

28. Истеъмолчининг объектини газ тармоғига улаш жараёнида мавжуд газ тармоқларидаги босимни нолгача пасайтиришда атмосферага чиқарилган, паст, ўрта ва юқори босим остидаги газ қувурларининг узиб қўйиладиган қисмларини газ билан тозалаш ва кейинги тўлдириш ҳамда ташқи газ қувурларини ишга тушириш ишларини амалга ошириш учун сарфланган газ ҳажми бўйича тўловлар истеъмолчининг ҳисобидан қопланади.

Истеъмолчининг объектини газ тармоқларига уланишида келтирувчи газ тармоқларини (янги газ қурилмаларини ва газ тармоғи хўжалиги объектларини) лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ишлари газ таъминоти ташкилоти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

29. ИТСИ якунлангач, газ таъминоти ташкилоти томонидан ишга тушириш далолатномаси тузилади ва истеъмолчига мазкур Қоидаларга мувофиқ зарур кўрсатмалар берилади. Шундан сўнг истеъмолчи ишга тушириш далолатномасига имзо чекади ва табиий газни етказиб бериш шартномаси тузилади (ишга тушириш далолатномасининг бир нусхаси газ таъминоти ташкилотида сақланади).

Истеъмолчилар билан табиий газни етказиб бериш шартномаси ДХМ, ЯИДХП ёки газ таъминоти ташкилотининг электрон дастурий таъминоти тизими орқали электрон рақамли имзодан (кейинги ўринларда — ЭРИ) фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

5-боб. Ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга истеъмолчиларни табиий газ тақсимлаш тармоқларига улаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби

30. Истеъмолчилар (шу жумладан умумий ҳисоб қуввати соатига 100 кВт ва ундан юқори ёки йиллик газ сарфи 100 000 куб метрдан юқори бўлган газдан фойдаланиш ускуналарига эга оилавий корхоналар) амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлардаги талабларга кўра газлаштириш ишларини бажариш ҳуқуқига эга ташкилотлар томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилган ҳолда ишлаб чиқилган ЛТҲга асосан табиий газ билан таъминланади.

31. Янги турдаги газдан фойдаланиш ускуналарини ишга тушириш ва (ёки) фойдаланилаётган қувватларни реконструкция қилиш ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозлашни мўлжаллаётган истеъмолчи газ тармоқларига уланишнинг техник имкониятларини келишиш ва техник шартни олиш учун ДХМ ёки ЯИДХП орқали белгиланган тартибда табиий газ истеъмоли бўйича асосланган ҳисоб-китобларга эга буюртмани газ таъминоти ташкилотига (йирик стратегик корхоналар газ транспорт тизимига уланиш бўйича газ узатиш ташкилотига тўғридан тўғри мурожаат қилади) тақдим этади.

Буюртмада табиий газдан фойдаланиш даври, газдан фойдаланиш ускунасининг тури ва техник тавсифлари тўғрисидаги маълумотлар захира ёқилғисидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда, газ истеъмолининг режалаштирилаётган ҳажмлари кўрсатилади ва ишлаб чиқариш қувватларининг жойлашиш режаси буюртмага илова қилинади.

32. Буюртма янги газлаштириш техник шартларини олишда ёки муддатини узайтиришда ҳам истеъмолчи томонидан газ таъминоти ташкилотига тақдим этилади.

Буюртмани кўриб чиқиш муддати уч иш кунини ташкил қилади.

33. Газ таъминоти ташкилоти томонидан буюртмани кўриб чиқиш натижаси бўйича ижобий қарор қабул қилган тақдирда, истеъмолчига қуйидагилар кўрсатилган газлаштириш техник шартлари берилади:

газ қувурига уланиш жойи;

бўлиниш чегаралари ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларининг жойлашув схемаси;

уланиш нуқтасидаги табиий газнинг максимал соатлик, кунлик, йиллик сарфи ва ишчи босими, шунингдек, ушбу босимнинг ўзгариш чегаралари;

газ тақсимлаш шохобчаси (кейинги ўринларда — ГТШ) иншоотини қуриш зарурлиги, ГТШга бўлган техник талаблар, автоматика тури, газ қувурлари сони ва уларнинг ҳар биридаги табиий газ босими, газ хўжалигидаги қурилмалар, жиҳозлар ва қувурларни коррозиядан ҳимоялаш чора-тадбирлари ва бошқалар;

қўшимча газ қувурларини қуриш ишлари;

газдан фойдаланиш ускунаси ва газ горелкали қурилмаларга қўйиладиган талаблар (тури ва сони), мувофиқлик сертификатининг мавжудлиги;

ҳисоблагичга қўйиладиган талаблар;

табиий газдан асосий ёқилғи тури сифатида фойдаланишнинг аниқ даври (ойлар бўйича);

захира ёқилғидан фойдаланиш даврини кўрсатган ҳолда, захира ёқилғи хўжалигини қуриш зарурлиги;

газдан фойдаланиш ускуналари уланиш жойида метан ва ис газини барвақт аниқлайдиган, хабар (сигнал) берадиган ва газни клапан орқали автоматик тарзда ўчириб қўядиган газ анализаторларини ўрнатиш.

Газлаштириш техник шартларининг амал қилиш муддати улар берилган кундан бошлаб бир йилни ташкил қилади. Белгиланган муддат ўтгач, агар истеъмолчи лойиҳалаштириш ишларини тугатмаган бўлса, газлаштириш учун янги техник шартлар олиниши лозим.

34. Табиий газ ресурслари ва истеъмоли баланси ҳамда қурилмаларнинг техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, газлаштириш учун техник шартларни бериш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, газ таъминоти ташкилоти мазкур Қоидаларнинг 32-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган муддатда истеъмолчига рад этиш сабабларини асослаган ҳолда, тегишли ёзма хабарнома юборади ва тақдим қилинган ҳужжатларни қайтаради.

35. Истеъмолчилар ва газлаштириш ЛТҲларини ишлаб чиққан лойиҳалаштириш ташкилотлари учун газлаштириш техник шартлари талабларини бажариш мажбурий ҳисобланади. Техник шартларда кўрсатилган талабларни рад этишга фақат газ таъминоти ташкилоти билан келишилган тақдирда йўл қўйилади.

Мазкур келишиш газ таъминоти ташкилоти томонидан истеъмолчининг мурожаати (буюртмаси) берилган кундан кейин уч иш куни давомида амалга оширилади ва ёзма шаклда расмийлаштирилади.

Истеъмолчиларнинг (маиший истеъмолчилардан ташқари) газ тармоқларига уланишлари билан боғлиқ янги газ қурилмаларини ва газ тармоғи хўжалиги объектларини лойиҳалаш ва қуриш, ишлаб турган объектлар (қурилмалар)ни кенгайтириш ва реконструкция қилиш ишлари истеъмолчиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

36. Истеъмолчи, кўчмас мулк эгаси ўзгарган ҳолларда, техник шартларда кўрсатиб ўтилган талабларни ўзгартиришга эҳтиёж бўлмаганда, табиий газни етказиб бериш тўғрисидаги шартнома янги истеъмолчи билан қайта тузилади. Бунда газлаштириш техник шартларини такрорий расмийлаштириш талаб қилинмайди.

37. Тадбиркорлик субъектларига газлаштириш техник шартлари ДХМ ёки ЯИДХП орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлов ундирилмасдан берилади. Бунда истеъмолчиларнинг хоҳиши билан газ тармоқларига «тайёр ҳолда» бажариш шартларида объектлар лойиҳалаштирилади ва қурилади.

38. Газлаштириш ЛТҲлари қуйидаги қисмлардан иборат бўлади:

тушунтириш хати;

иссиқлик-механика қисми;

технология қисми;

назорат-ўлчов приборлари ва автоматика қисми;

газ таъминоти қисми;

захира ёқилғи хўжалиги қисми;

ускуналар ва материаллар тавсифи (спецификацияси) қисми;

электр таъминоти қисми.

39. ЛТҲ мазкур турдаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган лойиҳалаштириш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилади.

Лойиҳалаштириш ташкилоти газ таъминоти тизими бўйича ишлаб чиқилган лойиҳанинг амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлардаги талабларга мувофиқлиги юзасидан жавобгар ҳисобланади.

40. ЛТҲ қуйидагиларни назарда тутиши керак:

юқори энергия самарадорлигига ва тежамкорликка эга технологик схемалар, жараёнлар ва сертификатга эга газдан фойдаланиш ускуналарини ва газ ёндиргичларнинг қўлланилиши;

истеъмол қилинаётган табиий газ сарфининг ҳисобланган оралиғида (диапазонида) ҳисобга олишнинг ишончлилигини таъминлайдиган, газ ҳажмини белгиланган стандарт шароитларга келтириш учун зарур қурилмалар билан жиҳозланган ҳамда ТГНҲАТга мос бўлган ҳисоблагичларни қўллаш;

ишлаб чиқариш жараёнларида ҳосил бўладиган иккиламчи энергия ресурсларидан иқтисодий асосланган ва техник жиҳатдан имконияти мавжуд бўлган тарзда фойдаланиш;

хавфсизлик автоматикаси қурилмаларининг мавжудлиги;

иссиқлик алмашинуви жараёнларини автоматик тарзда тартибга солиш ва назорат қилиш тизимларини қўллаш;

табиий газни ва ундан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳисобга олинишини таъминлаш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот (ишлар, хизматлар) бирлигига ёқилғи-энергия ресурсларининг белгиланган норматив кўрсаткичлари бўйича сарфланиш меъёрларини;

амалдаги лойиҳалаштириш нормаларига мувофиқ агрегатларни ва иссиқлик қувурларининг қизиш юзасини ҳимояловчи иссиқлик изоляция қопламаларини қўллаш;

ёнувчи маҳсулотларнинг таркиби ва ҳароратини назорат қилинишини таъминлаш;

бинолар ва иншоотларнинг иситиладиган ҳажмлари, шунингдек, ушбу объектлардан газ қувурларигача бўлган масофалар тўғрисидаги маълумотлар.

41. ЛТҲ белгиланган тартибда саноат хавфсизлиги экспертизасидан ўтказилиши керак.

42. ЛТҲ газ таъминоти ташкилоти томонидан ҚМИ бошланишига қадар техник шартлар берилган кундан бошлаб 12 ойдан кечиктирилмасдан рўйхатдан ўтказилиши керак.

ЛТҲ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда саноат хавфсизлиги экспертизасидан ўтказилгандан сўнг истеъмолчининг ёзма шаклдаги мурожаати асосида ЛТҲ газ таъминоти ташкилотида беш иш кунидан кечикмай тўлов ундирилмасдан рўйхатдан ўтказилади.

Агар ҚМИ рўйхатдан ўтказиш кунидан буён 12 ой мобайнида бошланмаган ёхуд газлаштиришда техник шартлардан чекланиш ҳолатлари аниқланган бўлса, ЛТҲ газ таъминоти ташкилотида қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт.

ЛТҲни рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, газ таъминоти ташкилоти беш иш куни мобайнида истеъмолчига рад этиш сабабларини ва бартараф этилиши керак бўлган камчиликларни асослаган ҳолда, тегишли ёзма хабарнома юборади.

43. ЛТҲга мувофиқ ҚМИ ушбу ишларни амалга ошириш ҳуқуқига эга ташкилот томонидан тегишли ижро-техник ҳужжатларини тузган (ишлаб чиққан) ҳолда бажарилади.

44. Газ таъминотидаги мавжуд тизимларни кенгайтириш, реконструкция қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашда уларни қуриш ва фойдаланишга топшириш талаблари янги қурилиш объектларига нисбатан белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.

45. ҚМИ тугалланганидан сўнг мазкур ишларни бажариш ҳуқуқига эга ташкилот томонидан газдан фойдаланиш ускунасида ИТСИ ва РСИ амалга оширилади.

РСИ бир йилда 100 000 куб метр ва ундан кўп табиий газдан фойдаланадиган корхоналар ва технологик нефть-газ объектлари (қурилмалари) учун мажбурий ҳисобланади.

46. ИТСИ ва РСИ тугалланганлиги тегишли далолатномалар билан расмийлаштирилади. Бундан ташқари, техник ҳисобот тузилади ва унда газдан фойдаланиш ускунасининг турли иш режимларида газдан оқилона фойдаланиш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда ёқилғининг ёниш жараёнларини автоматик бошқариш жиҳозлари ва воситалари, иссиқликни утилизация қилиш ҳамда ёрдамчи ускуналар, қозонхоналар учун сув тайёрлаш тизимларидаги ускуналарни созлашга таъсир кўрсатувчи энергия самарадорлик кўрсаткичлари қайд этилади.

47. ИТСИ ва РСИ натижалари асосида уларни бажарган ташкилот истеъмолчи томонидан тасдиқланадиган вақтинча режим (технология) хариталарини ишлаб чиқади ва истеъмолчига топширади.

48. Вақтинча режим (технология) хариталари истеъмолчи томонидан тасдиқланади ва унинг асл нусхалари истеъмолчида сақланади, иш жойларида (объектларда) эса уларнинг нусхалари кўринадиган жойларга ўрнатилган бўлиши керак.

49. Эксплуатация қилинадиган табиий газдан фойдаланиш ва ёрдамчи ускуналарда ҳар уч йилда камида бир маротаба, газдан энергия сифатида фойдаланувчи ташкилотларда эса (мукаммал ва жорий таъмирлашни ўтказиш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда) ҳар тўрт йилда бир маротаба РСИнинг қуйидаги турларини ўтказиш назарда тутилиши керак:

газдан фойдаланиш ускунасини иссиқлик техникаси (режимлари) жиҳатидан созлаш;

ёниш жараёнини назорат қилиш ва автоматик бошқариш воситаларини созлаш;

газдан фойдаланиш ускунасини ишлатишда хавфсизликни таъминловчи автоматика воситаларини созлаш;

иссиқликни утилизация қилувчи ва ёрдамчи ускуналарни созлаш;

сувни тайёрлаш тизимларини созлаш;

захира ёнилғиси хўжалигини эксплуатация қилиш жараёнларини созлаш;

табиий газ ва захира ёқилғисини биргаликда ёндиришда ёниш жараёнини созлаш.

50. Газдан фойдаланиш ускунасида ва ёрдамчи ускунада РСИ қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

газдан фойдаланиш ускунасини мукаммал ёки режадан ташқари таъмирлашдан кейин;

газдан фойдаланиш самарадорлигига таъсир кўрсатадиган конструктив ўзгаришлар киритилгандан кейин;

газдан фойдаланиш ускунаси режим (технология) хариталари талабларидан мунтазам равишда четланиш ҳолатларида ишлаганда;

фойдаланилаётган ёқилғининг тури ва тавсифлари ўзгарганда.

51. Янги қурилган, реконструкция қилинган ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозланаётган газдан фойдаланиш ускунасини, газ қувурларини ва улардаги ускуналарни фойдаланишга қабул қилиш ишлари қабул қилиш комиссияси томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга, техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳамда мазкур Қоидаларга мувофиқ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган махсус ахборот тизимлари орқали ЭРИдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

52. Газдан фойдаланиш ускунасини кўрикдан ўтказиш ва табиий газ узатишга рухсатнома бериш истеъмолчининг аризаси тушган кундан бошлаб, ўн иш куни мобайнида газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти томонидан амалга оширилади.

Истеъмолчининг объектини кўрикдан ўтказиш учун истеъмолчи томонидан газ таъминоти ташкилотига лойиҳа ва ижро-техник ҳужжатлари билан биргаликда қуйидаги рухсатномалар тақдим этилиши керак:

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан ИТСИни ўтказиш учун берилган рухсатнома;

Ўзэнергоинспекция ҳудудий бошқармаларининг истеъмолчи (бир йилда 100 000 куб метр ва ундан кўп табиий газдан фойдаланадиган) объектида қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги ҳамда ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш йўлга қўйилганлиги тўғрисида хулосаси.

53. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг тегишли рухсатномасисиз ҳамда Ўзэнергоинспекция ҳудудий бошқармаларининг истеъмолчининг (бир йилда 100 000 куб метр ва ундан кўп табиий газдан фойдаланадиган) объектида қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги ҳамда ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш йўлга қўйилганлиги тўғрисидаги хулосасисиз табиий газдан фойдаланиш ускуналарига табиий газни етказиб бериш тақиқланади.

Юридик шахсларга тегишли ташкилот ёки ишлаб чиқариш объектлари сотилганда ёки ижарага берилганда, ушбу ташкилотдаги табиий газдан фойдаланиш ускуналари ўзгармаганда, мазкур ташкилотга илгари берилган рухсатнома ва хулосаларнинг амал қилиш муддати сақланиб қолади.

54. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг тегишли рухсатномасисиз ва Ўзэнергоинспекция ҳудудий бошқармасининг қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги ҳамда ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш йўлга қўйилганлиги тўғрисидаги хулосасисиз газ сарфловчи ускуналарга табиий газни етказиб бериш ҳолатлари аниқланганда, тегишли мутасадди органлар (ташкилотлар)нинг тақдимномаларига асосан табиий газни етказиб бериш тўхтатилади. Газдан фойдаланиш ускуналарига табиий газни етказиб бериш аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан сўнг қайта тикланади.

55. Янги қурилган, реконструкция қилинган ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозланган газдан фойдаланиш ускунасига, газ қувурлари ва ёрдамчи ускуналарга газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти табиий газ мазкур Қоидаларнинг 52-банди талаблари бажарилган тақдирда узатилади.

56. Истеъмолчида мазкур Қоидаларнинг 52-бандида кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, ИТСИ ва РСИни амалга ошириш учун кўрсатилган ҳажмда газ берилишини таъминлаш учун газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва истеъмолчи ўртасида табиий газни етказиб бериш шартномаси тузилади.

57. Истеъмолчи томонидан РСИ тугатилгандан сўнг бажарилган ишларнинг сифатини баҳолаш учун истеъмолчи Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармаларига ёзма шаклда мурожаат қилиши ва техник ҳисоботни илова қилиши лозим.

Бажарилган созлаш ишларининг сифати белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, Ўзэнергоинспекция ҳудудий бошқармаларининг кўрсатмасига асосан созлаш ишларини бажарган ташкилот ҳисобидан (истеъмолчи ва ташкилот ўртасида тузиладиган шартномада белгиланиши тавсия қилинади) газдан фойдаланиш ускунаси такроран созланади.

6-боб. Табиий газни етказиб бериш шартномасини тузиш

58. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан табиий газни етказиб бериш шартномалари газ таъминоти ташкилотининг дастурий таъминоти ёхуд қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга асосан ташкил этилган махсус ахборот тизимлари орқали ЭРИдан фойдаланган ҳолда тузилади.

Бунда:

газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва истеъмолчи ўртасида табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома газ таъминотининг намунавий шартномасига мувофиқ тайёрланган шаклда тузилади;

газ таъминотининг намунавий шартномаси «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан ишлаб чиқилади, «Ўзэнергоинспекция», Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишилади ва Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланади;

мазкур тартиб юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли бўйича лимитларни белгилаш ва уларга ўзгартиришлар киритилишида ҳам татбиқ этилади;

давлат ташкилотлари (буюртмачилари) билан тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига автоматик равишда юборилиши таъминланади;

бюджет буюртмачилари билан тузилган шартномалар туман (шаҳар) ғазначилик бўлинмаларида электрон шаклда (инсон омилисиз) рўйхатдан ўтказилади.

59. Маиший истеъмолчилар билан табиий газни етказиб бериш шартномаси тузилмаган тақдирда, шартнома истеъмолчи газ тармоғига белгиланган тартибда амалда уланган вақтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Бунда газ таъминоти ташкилоти мазкур истеъмолчи билан табиий газни етказиб бериш шартномасини тузиши ҳамда мазкур Қоидалардаги талаблар таъминланиши юзасидан зарур чораларни кўриши шарт.

Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари истеъмолчининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг уч кун муддатда истеъмолчи билан табиий газни етказиб бериш шартномасини қайта расмийлаштириш учун газ таъминоти ташкилотига кўчмас мулк эгаси тўғрисида маълумот юборади.

60. Табиий газ истеъмолчиларининг бошқа тоифаларига табиий газ фақат белгиланган тартибда тузиладиган шартномалар асосида етказиб берилади.

61. Истеъмолчиларга шартномада белгиланган ҳажмда табиий газ (маиший истеъмолчилардан ташқари) мазкур Қоидаларнинг 14 ва 19-бандларида белгиланган талабларга мувофиқ етказиб берилади.

62. Табиий газни етказиб бериш шартномасида газдан фойдаланиш ускуналари ва ҳисоблагичларга техник хизмат кўрсатиш даврийлиги ҳамда тартиби қонунчилик ҳужжатлари талабларига ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатларга мувофиқ кўрсатилиши шарт.

63. Табиий газни етказиб бериш шартномаси электрон шаклда тузилади ва уни газ таъминоти ташкилотининг рақамлаштирилган дастурий таъминоти ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга асосан ташкил этилган махсус ахборот тизимларидан истеъмолчи ёки назорат қилувчи органларнинг сўровларига асосан олиш имконияти яратилади.

Бунда:

а) юридик шахслар билан шартномаларни онлайн расмийлаштиришда газ таъминоти ташкилоти истеъмолчи маълумотларини онлайн тарзда текширади ва истеъмолчи фаоллиги қайд этилгани аниқланган тақдирдагина, мазкур истеъмолчи билан шартномавий муносабатга киришилади ва табиий газдан фойдаланишга рухсат берилади;

б) жисмоний ва юридик шахслар билан шартномаларни онлайн расмийлаштирмасдан туриб, газ етказиб беришга йўл қўйилмайди.

Электрон шаклда тузилган табиий газни етказиб бериш шартномасини қоғоз шаклида расмийлаштириш ёки такроран қоғоз шаклида тузиш талаб этилмайди.

7-боб. Истеъмолчиларга табиий газни етказиб бериш тартиби

64. Истеъмолчиларга табиий газ трейдер ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан мазкур Қоидаларга мувофиқ етказиб берилади.

65. Истеъмолчи томонидан унга етказиб берилаётган табиий газдан фақат табиий газни етказиб бериш шартномасида кўрсатилган мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилади. Етказиб берилган табиий газ ҳажмидан бир қисмини учинчи шахсларга ўтказиш ёки сотиш фақат газ таъминоти ташкилоти билан учинчи шахс ўртасида тегишли шартномани тузиш ҳамда учинчи шахс объектига алоҳида ҳисоблагич ўрнатиш асосида амалга оширилиши шарт. Бунда истеъмолчига (битта юридик шахсга) тегишли бўлган бир нечта ҳудудларда жойлашган объектларда газ сарфи ҳисобини алоҳида юритиш учун ушбу объектларнинг ҳар бири алоҳида ҳисоблагичлар билан таъминланиши керак. Бунда газ таъминоти ташкилоти ва истеъмолчи ўртасида етказиб берилган табиий газ учун ҳисоб-китоблар газ қувурларининг бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоблагич орқали амалга оширилади.

Истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш, транспортировка қилиш, сотиш ва ҳисобини юритиш, ўлчов воситалари метрологик ҳолатини назорат қилиш билан боғлиқ вазифаларни бажарувчи газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотларининг мутахассислари мансабдор шахс сифатида ўзига бириктирилган вазифаларга жавобгар бўлади.

66. Газ таъминоти ташкилоти табиий газни белгиланган ўртача суткалик меъёр доирасида ой мобайнида бир хил миқдорда, истеъмол қилишнинг суткалик меъёридан камайтириш орқали чеклаш зарурати юзага келган ҳолатларда эса — томонлар ўртасида келишилган режа-жадваллар бўйича табиий газни етказиб бериши, истеъмолчи эса (маиший истеъмолчилар ва умумий ҳисоб қуввати соатига 100 кВт.дан кўп бўлмаган газдан фойдаланиш ускунасига эга оилавий корхоналардан ташқари) бўлиниш чегарасида ўрнатилган масофадан туриб, ўчириб-ёқиш клапанига эга бўлган ҳисоблагич орқали олиши шарт.

Газ таъминоти ташкилотининг тармоқларига ва газ тақсимлаш станциясига тўғридан-тўғри уланган истеъмолчиларга табиий газ газ узатиш ташкилотининг газ тақсимлаш станцияси (кейинги ўринларда — ГТС) орқали етказиб берилади ва унинг сарфи фақат ГТСда ўрнатилган ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида аниқланади.

ГТСлардан кейин ўрнатилган бошқа ҳисоблагичлар газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар учун қўлланилмайди.

ГТСда истеъмолчилар табиий газ билан аҳоли ва саноат тармоғи орқали таъминланади. Бунда ГТСда аҳоли тармоғи, саноат тармоғи ва алоҳида тартиб билан белгиланган стратегик ташкилотлар тармоғи бўлиши талаб этилади.

Магистрал газ қувурлари ва ГТСларнинг меъёрий ҳужжатларда белгиланган ҳимоя ҳудудида табиий газ истеъмолчилари жойлашуви қатъиян ман этилади.

Эгалик ҳуқуқидан қатъи назар, барча газ тақсимлаш станциялари қурилиши учун мўлжалланган ер майдонлари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида Энергетика вазирлигига ажратилади ва кейинчалик газ узатиш ташкилотига ижара ҳуқуқи асосида фойдаланишга берилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган барча ГТС газ узатиш ташкилоти тасарруфига ҳамда ГТС ичида ва (ёки) ташқарисига қурилган саноат тугунлари газ таъминоти ташкилоти тасарруфига (агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса) беғараз ўтказилади.

Мазкур Қоидаларга иловада келтирилган табиий газни етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган стратегик ташкилотларга ҳақи тўланмагани учун табиий газни етказиб бериш белгиланган тартибда энергия билан таъминлашнинг технологик ва авария брони даражасигача камайтирилади, уларни табиий газдан тўлиқ узиб қўйиш эса — фақат суд қарорига биноан амалга оширилиши мумкин.

ГТСда ўрнатилган ҳисоблагич кўрсаткичлари билан назорат тартибида ГТСдан кейин ўрнатилган бошқа ҳисоблагичлар кўрсаткичлари ўртасида тафовутлар юзага келган тақдирда, мазкур ҳолат тегишли мутасадди ташкилотлар, жумладан «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва (ёки) «Ўзтрансгаз» АЖ иштирокида, комиссия тузилган ҳолда ўрганиб чиқилади ва уларнинг хулосалари асосида ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

67. Газ узатиш ташкилоти табиий газнинг ГТСдан чиқиш босимини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган параметрларга мос равишда бўлишини таъминлайди.

68. Мазкур Қоидаларнинг 20-бандида келтирилган истеъмолчиларни (маиший ва коммунал-маиший истеъмолчилар ҳамда оилавий корхоналардан ташқари) об-ҳаво совиб кетиши даврида табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзэнергоинспекция, табиий газ ишлаб чиқарувчи, газ таъминоти, газ узатиш ташкилотлари билан келишилган ҳолда тўлиқ ўчириладиган, қисман ўчириладиган ва чеклов киритиладиган истеъмолчилар рўйхатини тасдиқлаб, Энергетика вазирлигига киритади.

69. Тасдиқланган рўйхат барча манфаатдор ташкилотларга юборилади. Мазкур рўйхатни қўллашда табиий газни етказиб бериш прогноз кўрсаткичлари Қоидаларнинг 20-бандида келтирилган истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш имконини бермаган тақдирда, Энергетика вазирлигининг қарорлари билан қайта тузилган (тасдиқланган) рўйхатлар газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотлари томонидан жорий этилади.

Рўйхатларга киритилган истеъмолчилар зарур миқдорда (эҳтиёжни қоплайдиган) муқобил ёқилғи захирасига эга бўлиши зарур ва ҳаво ҳарорати пасайиб кетган даврларда ушбу ёқилғидан фойдаланишга ўтадилар.

Шунингдек, захира ёқилғисининг яратилмаганлиги ва истеъмолчини мавсумга тайёр эмаслиги ушбу истеъмолчилар билан тузилган табиий газни етказиб бериш шартномаларини белгиланган тартибда бекор қилишга асос бўлиши мумкин.

Иситиш мавсуми бошланишидан олдин муқобил ёқилғи захирасига эга бўлмаган (маиший, коммунал-маиший истеъмолчилар ва оилавий корхоналар бундан мустасно), ёқилғининг ва зарур захирасини яратиш чораларини кўрмаган истеъмолчиларга табиий газни етказиб берилмаслиги мумкин.

Ҳаво ҳарорати пасайиб кетган даврда ёки куз-қиш мавсумида захира ёқилғисига ўтказиш жадвалига киритилган алоҳида истеъмолчиларга табиий газ Энергетика вазирлигининг тегишли қарорлари билан қайтадан етказиб берилади, бунда истеъмолчиларни захира ёқилғи турларига ўтказиш бўйича тасдиқланган жадвалларга зарур ўзгартишлар киритилади.

70. Трейдер, газ узатиш ва газ таъминоти ташкилоти томонидан ишлаб чиқилиб, тақдим қилинган жадвалларга асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари истеъмолчиларга (маиший ва коммунал-маиший истеъмолчилари, шунингдек, оилавий корхоналар бундан мустасно) табиий газни етказиб бериш жадвалларини ва авариялар рўй бериши эҳтимолини инобатга олиб ёки магистрал газ узатиш тизими ва газ тақсимлаш тармоқлари ишида табиий газни узатиш технологияси ва гидравлик балансга риоя этган ҳолда, уларни тармоқлардан тўлиқ ўчириш, қисман ўчириш ва вақтинча чеклов киритиш навбатини тасдиқлайдилар.

Авариялар рўй бериши мумкин бўлган пайтдаги тасдиқланган газ етказиб бериш жадваллари тегишли ташкилотларга юборилади ва магистрал газ қувурлари, газ тақсимлаш тармоқларида авариявий вазиятларда газ таъминоти ташкилоти томонидан қўлланилади.

Авариялар натижасида объектлар, магистрал газ қувурлари ва газ тақсимлаш тармоқларининг технологик иш режимлари бузилган тақдирда, газ таъминоти ташкилотларининг диспетчерлик хизматлари истеъмолчиларга авариялар пайтида қўлланиладиган жадвалларни амалда жорий этиш тўғрисида истеъмолчиларга суткалик газ етказиб бериш ҳажмларидаги тегишли ўзгаришлар билан бирга зарур кўрсатмаларни берадилар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини ҳамда маиший истеъмолчиларини бу ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қиладилар.

Газ етказиб беришнинг режалаштирилаётган қисқариши (тўхтатилиши) тўғрисида:

табиий газ ишлаб чиқарувчилар газ узатиш ташкилотини — 2 соат мобайнида;

газ узатиш ташкилоти газ таъминоти ташкилоти ва трейдерларни — 2 соат мобайнида;

газ таъминоти ташкилоти (жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари орқали) истеъмолчиларни — 1 соат мобайнида хабардор қилиши шарт.

71. Табиий газни қазиб олиш, қайта ишлаш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилишнинг республика миқёсида ягона узлуксиз технологик жараёнини ва режимларини ҳисобга олган ҳолда, истеъмолчилар табиий газни ишлаб чиқарувчи, газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотининг тегишли кўрсатмаларини бажаришлари мажбурий ҳисобланади.

72. Газни узатишда табиий газни ишлаб чиқарувчилар, газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва истеъмолчилар газ қазиб чиқариш объектларида, газни қайта ишлаш заводларида, магистрал газ қувурлари, шунингдек, истеъмолчиларнинг газдан фойдаланиш ускуналари ва газ тармоқларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга қатъий риоя этишлари шарт.

73. Газ узатиш ташкилоти табиий газни:

магистрал газ қувурларига тўғридан-тўғри чиқиш (уланиш) жойига эга истеъмолчиларга трейдер томонидан бевосита тузилган шартномалар асосида бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоблагичлар орқали;

магистрал газ қувурлари ва газ тармоқлари бўлиниши чегарасидаги газ таъминоти ташкилотига — кейинчалик истеъмолчиларга сотиш учун хўжалик ҳисобидаги ҳисоблагичлар орқали етказиб беради.

74. Табиий газни истеъмолчиларга етказиб беришнинг бошқа шартлари табиий газни етказиб бериш шартномаларида белгиланади.

8-боб. Табиий газни ҳисобга олиш тартиби

75. Истеъмолчиларга масофадан туриб ўчириб-ёқиш клапанига ҳамда ТГНҲАТга уланиш имкониятига эга бўлмаган ҳисоблагичларсиз табиий газни истеъмолчиларга етказиб беришга йўл қўйилмайди.

76. Истеъмолчиларга (маиший истеъмолчилардан ташқари) етказиб берилаётган табиий газ миқдори газ тармоқларининг бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоблагич кўрсаткичлари бўйича аниқланади.

Етказиб берилган табиий газ учун ҳисоб-китоб стандарт шароитларга (t = 20 °C, Р = 760 мм симоб устуни) келтирган газ ҳажмини куб метрларда ўлчаш асосида амалга оширилади.

Газ тақсимлаш тармоқларига уланган истеъмолчилар бўйича табиий газ сарфини ҳисоб-китоб қилишда қуйидаги жиҳатлар ҳисобга олинади:

манометрлар ва термометрларнинг созлиги, қиёсловдан ўтказилганлиги ва амал қилиш муддатларига мувофиқлиги;

ГТШни созлаш (тартибга солиш) муддати, шунингдек, амалдаги ишчи босимининг, ГТШнинг созланганлиги тўғрисидаги далолатномада қайд этилган параметрларга мувофиқлиги.

Юқоридаги кўрсаткичларга риоя қилинмаганида, ҳисоб-китоблар амалга оширилишида Р ортиқча = 1,0 кг/см 2 босимга мос равишда стандарт шароитига келтирилади.

Газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти истеъмолчи билан биргаликда ҳисоблагичга газ узатиш ташкилотининг сифат лабораторияси томонидан тақдим этиладиган табиий газнинг физик-кимёвий кўрсаткичлари бўйича зарур тузатувчи ўзгартиришларни уларни тақдим этилган вақтдан 12 соатдан кечиктирмасдан киритиши зарур. Табиий газнинг физик-кимёвий кўрсаткичлари ҳисоблагичларга ўз вақтида ва ҳаққоний киритилиши учун жавобгарлик газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотининг зиммасида бўлади.

77. Ҳисоблагичлардан олинган кўрсаткичларнинг электрон архив маълумотлари охирги уч йил давомида газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва истеъмолчида сақланиши лозим.

78. Маиший истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинаётган табиий газ ҳажми ҳисоблагичлар бўйича, улар мавжуд бўлмаган тақдирда эса — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган, ҳисоблагич мавжуд бўлмаган ҳолларда аҳолига маиший эҳтиёжлари учун бериладиган табиий газнинг бир ойлик сарф меъёрлари бўйича аниқланади.

79. Ҳисоблагичларни монтаж қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни текшириш амалдаги қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

Янги газлаштирилаётган хонадонларга (ТГНҲАТга уланиш ва автоматик ўчириб-ёқиш клапанига эга бўлган) ҳисоблагичлар (тегишли давлат дастурлари асосида ўрнатиладиган ҳисоблагичлар бундан мустасно) истеъмолчининг ўз ҳисобидан сотиб олиниши ва газ таъминоти ташкилоти томонидан ўрнатилиб, пломбаланиши лозим.

80. Табиий газ сарфини (ҳажмини) ҳисоблашда фақатгина Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситаларининг давлат реестрига киритилган турдаги, масофадан туриб ўчириб-ёқиш клапанига эга ва ТГНҲАТга уланиш имконияти мавжуд ҳисоблагичлардан фойдаланилиши шарт.

81. Ҳисоблагичлар уларнинг фойдаланиш учун яроқли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ қиёслов сертификатига ҳамда ишлаб чиқарувчи корхона томонидан белгиланган шаклдаги амал қилувчи белгилари ва пломбаларига эга бўлиши шарт.

82. ТГНҲАТни жорий қилиш лойиҳаси доирасида ўрнатилган замонавий ҳисоблагичлар газ таъминоти ташкилотининг мулки ҳисобланади.

83. Мавжуд ҳисоблагичларнинг замонавий ҳисоблагичларга алмаштирилишига қадар даврий қиёсловдан ўз вақтида ўтказишни ташкил этиш учун жавобгарлик газ таъминоти ташкилоти зиммасига юкланади.

Қиёсловдан ўтказиш вақтида ҳисоблагичларнинг яроқсизлиги (таъмирлаш имконияти бўлмаганда) аниқланган тақдирда, улар аккредитациядан ўтказилган метрология ташкилоти ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ваколатли органнинг тегишли хулосаси билан мулкдорга қайтарилади.

84. Ҳисоблагичларнинг алмаштириш, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш, қиёсловдан ўтказиш ва созлигини мониторинг қилиш учун ечиб олиниши тегишли сарф-харажатлар ҳисоблагичнинг мулкдори ҳисобидан қопланган ҳолда ҳамда газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотининг вакиллари томонидан истеъмолчи иштирокида амалга оширилади.

85. Ҳисоблагичга ва бошқа қурилмаларга пломба қуйидаги тартибда қўйилади:

трейдер билан табиий газ ишлаб чиқарувчи ўртасидаги табиий газ сотиб олиш шартномасига асосан газ узатиш ташкилотининг газ транспорти тизими бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоблагичда табиий газ ишлаб чиқарувчи ва газ узатиш ташкилотининг ваколатли ходимлари томонидан пломба ўрнатилади ва тегишли далолатнома билан расмийлаштирилади;

трейдер билан газ узатиш ташкилоти ўртасидаги газни ташиш шартномасига асосан табиий газни истеъмолчиларга етказиб беришда истеъмолчиларнинг газ тармоқлари билан газ узатиш ташкилотининг бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоблагичларда газ узатиш ташкилоти ва истеъмолчининг пломбалари ўрнатилади ва тегишли далолатнома билан расмийлаштирилади;

газ таъминоти ташкилотининг газ тақсимлаш тармоқлари билан истеъмолчининг газ тармоқлари бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоблагичларда газ таъминоти ташкилотининг пломбалари ўрнатилади ва далолатнома билан истеъмолчи иштирокида расмийлаштирилади;

газ таъминоти ташкилотидан табиий газ сотиб олиш шартномасига асосан газдан фойдаланувчи истеъмолчиларнинг ГТС ҳудудида жойлашган ҳисоблагичларда газ таъминоти ва газ узатиш ташкилотининг пломбалари ўрнатилади ва тегишли далолатнома билан истеъмолчи иштирокида расмийлаштирилади;

газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ваколатли ходими томонидан ҳисоблагич ва ўлчов узел (манифольд жўмраклари, калибрлаш больтлари, импульсли тармоқ жўмраклари ва ҳоказо)ларга симларни таранг тортган ҳолда белгиланган тартибда пломбаларни ўрнатиши шарт;

Ўзэнергоинспекция томонидан амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти вакиллари билан биргаликда истеъмолчиларнинг газ жиҳозларига табиий газни етказиб беришни тўхтатиш бўйича пломбалар ўрнатилади ва тегишли далолатнома билан истеъмолчи иштирокида расмийлаштирилади.

86. Ҳисоблагич, шу жумладан, ўрнатилган пломбаларнинг сақланиши ва бутунлиги учун жавобгарлик истеъмолчи зиммасига юкланади.

87. Ҳисоблагич ўрнатилгандан сўнг газ таъминоти ташкилоти томонидан ҳисоблагич рўйхатга олинади ва ТГНҲАТнинг платформасига киритилади.

88. Ҳисоблагичлар белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган метрология ташкилоти ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ваколатли органлар томонидан қиёсловдан ўтказилади.

89. Ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказиш даврийлиги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан белгиланади.

90. Ҳисоблагичларни ўрнатиш, уларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва қиёсловдан ўтказишни ташкил этиш ишлари газ узатиш (газ таъминоти) ташкилоти томонидан тасдиқланадиган ҳисоблагичларга техник хизмат кўрсатиш регламентига мувофиқ газ таъминоти ташкилоти ва трейдерлар томонидан амалга оширилади.

91. Ҳисоблагичларни алмаштириш, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш ва қиёсловдан ўтказиш мақсадларида ечиб олиш газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходимлар томонидан истеъмолчи иштирокида амалга оширилади.

Табиий газдан фойдаланишда қоидабузарлик билан боғлиқ ҳолатларда ҳисоблагичларни навбатдан ташқари инспекция ва экспертизадан ўтказиш мақсадида ечиб олиш тегишли назорат органлари ходимлари иштирокида амалга оширилади.

Бундай ҳолатда маиший истеъмолчиларига (бошқа истеъмолчилар эса ўз ҳисобидан) ҳисоблагич ўрнига текширилган бошқа ҳисоблагич газ таъминоти ташкилоти ҳисобидан дарҳол ўрнатилади.

Ҳисоблагичларнинг қиёсловдан ўтказиш учун ечиб олиниши тегишли далолатнома билан расмийлаштирилади.

Юридик шахсларга тегишли ташкилот ёки ишлаб чиқариш объектлари сотилганда ёки ижарага берилганида, ушбу объектлардаги ҳисоблагични қиёсловдан ўтганлиги тўғрисида берилган сертификатнинг амал қилиш муддати сақланиб қолади.

92. Алмаштириш, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш, қиёсловдан ўтказиш ва созлигини мониторинг қилиш учун ечиб олинган ҳисоблагичлар газ узатиш (газ таъминоти) ташкилоти ваколатли ходимлари томонидан ўрнатилади ва шу вақтнинг ўзида пломбаланади.

Заруратга кўра автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида ҳисоблагичнинг импульс тармоқлари ва торайтирувчи қурилмани (шайба) ўрнатиш ва алмаштириш жараёнида комиссион тартибда Ўзэнергоинспекция, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва бошқа мутахассислар иштирок этади.

93. Хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва қиёсловдан ўтказиш учун ҳисоблагичларни ечиб олиш ва ўрнатиш шартлари табиий газни етказиб бериш шартномасида кўрсатилади.

94. Ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказиш натижаларидан норози бўлган истеъмолчилар белгиланган тартибда юқори турувчи органга (ташкилот) ёки судга мурожаат қилишлари мумкин.

95. Истеъмолчи (маиший истеъмолчилардан ташқари) ваколатли ходимлар томонидан хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб, ўзларини таништирган тақдирда сутканинг исталган вақтида ҳисоблагичларни, газ тармоқларини, газдан фойдаланиш ускуналарини, уларнинг уланиш схемаларини ҳамда газдан фойдаланиш ҳолатини кўздан кечириш учун тўсқинликсиз ўзларига тегишли ҳудудга кириш имкониятини таъминлаши шарт.

Маиший истеъмолчиларнинг ҳисоблагичи, газдан фойдаланиш ускуналари ва газдан фойдаланиш ҳолатларини кўздан кечириш соат 08:00 дан 20:00 гача амалга оширилади. Кўздан кечириш ва қайта назорат ишларининг натижалари ваколатли ходимлар томонидан далолатнома асосида расмийлаштирилиши лозим.

96. Истеъмолчи газ таъминоти ташкилоти, Ўзэнергоинспекция ваколатли ходимларини ҳисоблагичлар, газдан фойдаланиш ускуналари ва уларнинг уланиш схемаларини кўздан кечириш имкониятини таъминламаган тақдирда, ваколатли ходимлар ушбу ҳолатни далолатнома билан расмийлаштиради ва унинг бир нусхасини истеъмолчига тақдим этган ҳолда уни табиий газ тармоғидан узиб қўйиш ҳуқуқига эга бўлади.

Истеъмолчи мазкур далолатнома билан танишиши лозим. Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, далолатномада бу ҳолат қайд этилади. Рад этиш ҳолати икки гувоҳ ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили томонидан ёхуд тегишли далиллар (фотосурат ёки видео тасвир) билан тасдиқланиши керак. Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этиш сабабини баён қилиш ҳуқуқига эга ва бу тўғрисида далолатномада зарур қайдлар кўрсатилиши шарт.

Далолатномага имзо қўйишни рад этиш истеъмолчини газ тармоғидан узиб қўйиш учун асос бўлади ва бу ҳақида истеъмолчи дарҳол огоҳлантирилади.

Газ узатиш, газ таъминоти ва трейдер ташкилоти ўртасида ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар уч нусхада Маҳсулотни етказиб бериш-қабул қилиш тўғрисидаги товар транспорт юк хати расмийлаштирилади ва уч томонлама имзоланади.

Хатлов далолатномасини расмийлаштиришда шаффофликни таъминлаш учун хатлов натижалари тўғрисидаги маълумотларни кунлик киритиб бориш мақсадида газ таъминоти ташкилоти ва трейдер томонидан белгиланган тартибда (ваколатли органлар томонидан мониторинг қилиш имконини берувчи ҳамда киберхавфсизлик талабларига мос келувчи) электрон база яратилади;

мазкур электрон база Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Энергетика вазирлиги, Ўзэнергоинспекция ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг электрон тизимларига интеграция қилинади ёки ундан фойдаланиш имконияти яратилади;

ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи ва коммунал-маиший истеъмолчилар бўйича хатлов далолатномаларини расмийлаштириш газ таъминоти (газ узатиш, трейдер) ташкилотлари томонидан ёки Ўзэнергоинспекция ваколатли ходимлари билан биргаликда ўтказиладиган хатлов натижалари бўйича амалга оширилади.

9-боб. Маиший истеъмолчилар томонидан табиий газ учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби

97. Ҳисоб-китоб ойида истеъмолчиларга етказиб берилган табиий газ ҳажми истеъмолчиларда ўрнатилган Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситалари давлат реестрига киритилган турдаги ТГНҲАТга уланиш имконини берувчи ҳисоблагичлар орқали газ таъминоти ташкилоти ёки трейдерларнинг электрон дастурларига онлайн равишда келиб тушадиган маълумотлар асосида аниқланади. Ҳисобот ойида ҳисоблагичлардан газ таъминоти ташкилоти ёки трейдерларнинг дастурларига маълумотлар тўлиқ келиб тушмаган тақдирда ёки ТГНҲАТга уланмаган ҳисоблагичнинг кўрсаткичлари газ таъминоти ташкилоти ёки трейдерларнинг ваколатли ходимлар томонидан жойига чиққан ҳолда бевосита ҳисоблагичдан ёзиб олиш асосида аниқланади.

98. Ҳисоб-китоб ойида ҳисоблагичлардан кўрсаткичлар тўлиқ келиб тушиши таъминланмаган ёки ТГНҲАТда ҳисоблагичнинг носозликлари кузатилган тақдирда, ушбу истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб фақатгина жорий ойда табиий газни истеъмол қилишнинг амалдаги меъёрларидан келиб чиқиб амалга оширилади. Кейинги ойда ҳисоб-китоблар ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмга (зарурият туғилганида, жойига чиққан холда) аниқлик киритилган тарзда амалга оширилади. Бунда тегишли кўрсаткичларга аниқлик киритилгандан сўнг ҳақиқатда истеъмол қилинган газ ҳажми бўйича қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилади. ТГНҲАТга уланган истеъмолчиларга табиий газни газ таъминоти ташкилотининг биллинг тизимига охирги марта ҳақиқий кўрсатгич келиб тушган даврдан (сана, ой) бошлаб хатловда аниқланган маълумотлар бўйича истеъмол қилиш меъёрларини инобатга олиб, ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

99. ТГНҲАТга уланган ва белгиланган меъёрлар асосида ҳисоб-китоб қилинадиган истеъмолчиларга ҳисоб-китоб ойида етказиб берилган табиий газ ҳажми биллинг тизими орқали автоматлаштирилган режимда аниқланади.

100. Газ таъминоти ташкилотининг вакили ёки истеъмолчи томонидан биллинг тизимига киритилган кўрсаткичлар асосида етказиб берилган табиий газ ҳажми, дебитор ва кредитор қарздорликлар бўйича тўлақонли (якуний) ҳисоб-китоблар ҳар бир истеъмолчининг шахсий ҳисобварағлари бўйича амалга оширилади.

101. Истеъмолчининг телефон рақами мавжуд бўлган тақдирда, газ таъминоти ташкилоти истеъмолчиларни табиий газ учун тўловни амалга ошириш зарурлиги ҳақида автоматик тарзда (овозли қўнғироқ ёки СМС хабар ёрдамида) хабардор қилишни таъминлайди.

Бунда биллинг тизимидаги истеъмолчи мобил телефон рақамининг тўғрилигига ва мобил телефон рақами ўзгарган тақдирда, бу ҳақидаги маълумотни жорий ой якунига қадар газ таъминоти ташкилотига тақдим қилишга ёки ўзининг шахсий кабинет орқали ўзгартиришга масъул ҳисобланади. Ушбу юборилган хабарномалар газ таъминоти ташкилотининг расмий огоҳлантириши ҳисобланади.

102. Истеъмолчилар истеъмол қилинадиган табиий газ учун тўловларни олдиндан амалга оширадилар.

103. Истеъмол қилинган табиий газ ҳақи ўз вақтида тўланмаган тақдирда, истеъмолчи газ таъминоти ташкилотига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда пеня тўлайди.

Истеъмол қилинган табиий газ бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда, маиший истеъмолчига тегишли бўлган яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган вояга етган жисмоний шахслар қарздорликни тўлаш бўйича солидар жавобгар бўладилар. Вояга етган жисмоний шахснинг солидар жавобгарлиги у маиший истеъмолчига тегишли бўлган яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган вақтдан бошлаб вужудга келади ва рўйхатдан чиқарилган вақтгача амал қилади.

104. Табиий газ учун тўлов банк муассасалари ва коммунал тўловларни қабул қилиш кассалари, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши мумкин.

105. Газ таъминоти ташкилоти томонидан огоҳлантирилган истеъмолчилар хабардор қилинган вақтдан бошлаб истеъмол қилинган табиий газ бўйича қарздорликни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий ундириш учун тегишли ҳужжатлар судга тақдим қилинади ва истеъмолчиларни газ тармоқларидан узиш чораларини кўради.

106. Истеъмолчиларни дебитор қарздорлик учун газ тармоқларидан узиш ва уларни қайтадан улаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

108. Газ таъминоти ташкилоти маълумотлар базасида белгиланган тарифларнинг ўзгариш (ортиш) вақтига қадар истеъмолчи томонидан амалга оширилган тўловлар ҳақидаги ҳисобга олинмаган ҳужжатлар аниқланган тақдирда, ушбу истеъмолчи бўйича ҳисоб-китоблар (қайта ҳисоб-китоблар) тўлов вақтида (санасида) амалда бўлган тарифлар асосида амалга оширилади, кейинчалик биллинг тизимидаги шахсий ҳисобварағидаги кўрсаткичларга зарур тузатишлар киритилади.

109. Фойдаланилган табиий газ учун тўлов суммаси ҳисоблагичлардан кўрсатгичларни олиш вақтида амалда бўлган тарифлар асосида ҳисобланади. Тарифлар ўзгарганда, аввал ҳисобланган сумма бўйича тарифлар ўзгаришига қадар тўлов амалга оширилмаган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилинмайдиган қарздорлик вужудга келган деб тан олинади.

110. Тарифлар ўзгарган ҳолларда, табиий газ ҳажми учун аванс тариқасида тўловни амалга оширган истеъмолчи икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан (ушбу давр мобайнида аванс тўловига тенг миқдордаги газ ҳажмидан ортиқ истеъмол қилмаган ҳолларда) озод қилинади.

10-боб. Ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи, ижтимоий ва стратегик аҳамиятига эга истеъмолчилар, шунингдек, коммунал-маиший истеъмолчиларнинг табиий газ учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби

111. Истеъмолчи томонидан табиий газни етказиб бериш учун тузилган шартнома асосида етказиб бериладиган табиий газ учун 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилиши шарт, иссиқхона хўжаликлари ва намунали истеъмолчилар бундан мустасно.

Намунали истеъмолчилар ҳисобот ойи учун шартномада белгиланган табиий газ қийматининг 15 фоизини ҳисобот ойи бошлангунига қадар олдиндан тўлайди.

Ҳисобот ойининг қолган қисми учун тўловлар истеъмолчи томонидан табиий газга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ҳисобот ойи давомида ихтиёрий равишда қисмларга бўлиб амалга оширилади.

Истеъмолчининг шахсий ҳисобварағидаги маблағнинг тугаши ва шу муносабат билан табиий газни етказиб беришнинг автоматик тўхтатилиши тўлов интизомининг бузилиши ҳисобланмайди.

Намунали истеъмолчида муддати ўтган қарздорлик юзага келганда, ТГНҲАТ билан маълумот алмашинуви унинг айби билан бузилганда, ҳисобга олиш ускунаси ишига аралашиш ёки табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланганда, намунали истеъмолчи мақомини йўқотади.

15 фоизлик олдиндан тўлов тартибини қўллаш учун белгиланган талабларга истеъмолчи қайта мувофиқ бўлганда, мазкур тартиб кейинги ҳисобот ойидан автоматик равишда тикланади.

Истеъмолчининг 15 фоизлик олдиндан тўлов тартибидан фойдаланиш ҳуқуқи ТГНҲАТ ва ҳисоб-китоб маълумотлари асосида автоматик равишда аниқланади. Бунда истеъмолчидан алоҳида мурожаат ёки қўшимча келишув тузиш талаб этилмайди.

Иссиқхона хўжаликларига ҳосил йилининг дастлабки 6 ойида (октябрь — март) етказиб бериладиган табиий газ учун олдиндан тўлов 50 фоиз миқдорида, қолган қисми ой якунига қадар, кейинги ойлардан бошлаб эса ҳар ойда 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади. Бунда мазкур хатбошидаги қоида тегишли ойда олдинги давр учун қарздорлиги бўлмаган иссиқхона хўжаликларига татбиқ қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига асосан табиий газни сотишда нархни шакллантиришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган истеъмолчилар учун етказиб берилган табиий газ тўловлари алоҳида тарифлар асосида амалга оширилади.

Маиший истеъмолчиларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш учун табиий газдан фойдаланадиган идоравий ва муниципал уй-жой фондидаги, юридик шахслар ётоқхоналаридаги, кўп квартирали уйларни бошқариш органларидаги локал қозонхоналарга етказиб бериладиган табиий газ бўйича тўловлар ва ҳисоб-китоблар маиший истеъмолчилар учун базавий меъёр бўйича белгиланган тариф асосида амалга оширилади.

112. Истеъмолчилар томонидан шартномада кўрсатилган ҳажмдан кам табиий газ фойдаланилган тақдирда, улар томонидан табиий газ учун аванс тарзида тўланган маблағлар қайтарилмайди ва ушбу маблағлар келгуси ойларда табиий газдан фойдаланишда ҳисобга олинади.

113. Ҳисоб-китоб даврида истеъмолчилар томонидан (ушбу Қоидаларга иловада кўрсатилган табиий газни етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган стратегик ташкилотлар, газ узатиш ташкилоти ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари ҳамда маиший истеъмолчилардан ташқари) табиий газ истеъмоли шартномавий миқдордан 20 фоиз ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда, мазкур миқдордан ортиқча истеъмол қилинган табиий газ учун белгиланган тарифнинг 1,2 баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Шартномада кўрсатиб ўтилган муддатларда етказиб берилган газ ҳақи ўз вақтида тўланмаган тақдирда, истеъмолчи (табиий газни етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган стратегик ташкилотлар бундан мустасно) муддати ўтган ҳар бир кун учун муддати ўтган тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, бироқ муддати ўтган тўлов сумманинг 50 фоизидан ошмайдиган миқдорда пеня тўлайди.

Истеъмолчиларга ўзларининг тасарруфидаги мавжуд маънан эскирган ва фойдали иш коэффициенти паст бўлган газдан фойдаланиш ускунасини янги энергия тежамкор ускуналарга алмаштириш натижасида иқтисод қилинган табиий газ ҳажмига 3 йил давомида амалдаги тарифга нисбатан 15 фоиз чегирма берилади. Бунда:

истеъмолчилар газдан фойдаланиш ускунасини алмаштириш жадвали ва унинг натижасида эришиладиган иқтисодни назарда тутувчи дастурни тасдиқлаш учун Ўзэнергоинспекцияга киритади;

Ўзэнергоинспекция ўн кун муддатда тақдим этилган дастурни асосланганлигини кўриб чиқади ва натижаси бўйича келишади ёки асослантирган ҳолда келишишни рад этади;

тасдиқланган дастурга асосан амалга оширилган ишлар натижасида иқтисод қилинган табиий газ ҳажми энергия аудитори томонидан ўрганилади ва ушбу ҳажмлар бўйича хулоса берилади;

энергия аудитор хулосаси Ўзэнергоинспекция ва газ таъминоти ташкилотига тақдим этилади ва ижобий хулоса тақдим этилган кундан бошлаб чегирмалар қўлланилади.

114. Навбатдаги ой (чорак) учун шартномада кўрсатилган табиий газ ҳажмлари бўйича табиий газни етказиб бериш шартномасини ўзгартиришдан аввал истеъмолчи томонидан газ таъминоти ташкилотига бу ҳақида ўн кундан кечикмай хабар берилган тақдирда, бундай ҳолатлар ортиқча олинган табиий газ миқдори деб ҳисобланмайди.

115. Табиий газ учун истеъмолчининг тўлов муддати ўтган қарзи мавжуд бўлган тақдирда, унинг аванс тўлови ҳисобига ўтказилган маблағлари истеъмолчини хабардор қилган ҳолда, унинг тўлов муддати ўтган қарзини тўлашга йўналтирилади ва аванс тўлови сифатида ҳисобга олинмайди.

116. Ваколатли орган томонидан табиий газ учун амалдаги тарифлар (нархлар) ўзгаришлари тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилингандан кейин ушбу ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар газ таъминоти ташкилоти томонидан ўзгаришларнинг кучга киришидан олдин камида ўн беш кун аввал оммавий-ахборот воситалари орқали эълон қилинади.

Бунда табиий газ учун тарифларнинг ўзгарган санасидан қатъи назар, табиий газни етказиб бериш бўйича шартнома ўз кучида қолади, истеъмолчи эса истеъмол қилинган табиий газ учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тарифларнинг ўзгариши тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари кучга кирган кундан бошлаб янги тариф бўйича тўловларни амалга ошириши шарт.

117. Истеъмолчиларни дебитор қарздорлик учун газ тармоқларидан узиб қўйиш ва уларни қайтадан улаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фойдаланилган табиий газдан қарздорлиги бартараф этилмаган ҳолатларда, истеъмолчини газ тармоқларига қайта улаб берган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

119. Истеъмолчилар ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида беш кун олдин табиий газни етказиб бериш шартномасида кўрсатилган ойлик табиий газ ҳажми қиймати суммасининг 100 фоизи миқдорида газ таъминоти ташкилотининг ҳисобварағига тўловларни олдиндан амалга ошириши шарт, намунали истеъмолчилар ва иссиқхона хўжаликлари бундан мустасно.

120. Олдиндан тўлов суммаси ўтказилмаган тақдирда, истеъмолчиларга (стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга истеъмолчилардан ташқари) табиий газни етказиб берилмайди.

121. Истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинган табиий газ учун узил-кесил ҳисоб-китоб ҳисоб-китоб ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар амалга оширилади.

122. Стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинган табиий газ учун узил-кесил ҳисоб-китоб ҳисоб-китоб ойи тугаганидан сўнг кейинги ойнинг якунига қадар амалга оширилади.

123. Ҳисоблагичлардан истеъмол қилинган табиий газ ҳажмлари бўйича кўрсаткичлар ёзиб олинганидан сўнг кейинги ойнинг 10-санасига қадар газ таъминоти ташкилоти томонидан ҳисоб-китоб ойи учун электрон шаклда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади ва истеъмолчига юборилади.

Жумладан:

газ узатиш ташкилоти трейдер билан имзоланган табиий газни етказиб бериш шартномасига асосан истеъмолчиларга табиий газни етказиб берилганлиги тўғрисидаги далолатномани (товар транспорт юк хатини) ҳисоб-китоб ойидан кейинги ойнинг 7-санасига қадар трейдерга тақдим қилади;

трейдер томонидан истеъмолчиларга табиий газни етказиб берилганлиги тўғрисидаги электрон шаклда товар-транспорт юк хатига асосан ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасига қадар ҳисоб-китоб ойи учун электрон шаклда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади ва истеъмолчига юборилади;

газ таъминоти ташкилоти томонидан ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасига қадар ҳисоб-китоб ойи учун истеъмолчиларга табиий газни етказиб берилганлиги тўғрисидаги электрон шаклда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади ва истеъмолчига юборилади;

газ узатиш ташкилоти томонидан товар транспорт юк хатлари асосида табиий газни етказиб бериш бўйича кўрсатилган хизмат учун ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасига қадар ҳисоб-китоб ойи учун электрон шаклда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади ва трейдерга юборилади.

124. Истеъмолчи газ таъминоти ташкилоти томонидан юборилган электрон ҳисобварақ-фактурани икки кундан кечиктирмасдан, газ таъминоти ташкилотидан ҳисоб-китоб ойи учун қабул қилиб олади ва эътирозлари бўлмаса, ЭРИ ёрдамида имзолайди ҳамда унинг бир нусхасини газ таъминоти ташкилотига юборилган манзил орқали жўнатади.

125. Ҳисобварақ-фактурани имзоламаслик ёки уни эътирозлар билан имзолаш истеъмолчига тақдим этилган истеъмол қилинган табиий газ ҳажмлари учун тўловлардан озод қилмайди. Узатилган ёки қабул қилинган газ миқдорини аниқлашдан норози бўлган томон норозилик сабабларини мажбурий акс эттириш йўли билан ҳисоб-китоб қилиш ойи тугагандан кейин 10-кунгача бошқа томонга бу тўғрисида маълум қилади. Ушбу масалани ўзаро ҳал этиш имконияти бўлмаганда, келишмовчилик сабаблари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилиши керак.

126. Истеъмолчилардан табиий газ бўйича дебиторлик қарзлар газ таъминоти ташкилоти ва трейдерлар томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.

127. Истеъмолчи табиий газдан узиб қўйилганидан сўнг яна ўзбошимчалик билан уланган ҳолда, истеъмол қилинган табиий газ ҳажмлари, унинг қиймати, газ тармоғидан узиб қўйилган вақтдан бошлаб газдан фойдаланиш ускунасининг тўлиқ сутка давомида (24 соат) тўлиқ қувват билан ишлаши ҳисобидан келиб чиққан ҳолда аниқланади (ҳисоб-китоб қилинади). Бунда, истеъмолчи томонидан фойдаланилган табиий газ ҳажмларининг ҳисоботга олинган миқдори инобатга олинади.

128. Рухсатсиз фойдаланилган газ ҳажмлари қийматининг ундирилиши ўз навбатида истеъмолчини мазкур Қоидаларни бузганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа жавобгарликлардан озод қилмайди.

11-боб. Табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, ушбу ҳолатларни расмийлаштириш ва ҳисобга олинмаган табиий газ ҳажмини ҳисоб-китоб қилиш тартиби

129. Қуйидаги ҳолатлар истеъмолчилар томонидан табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузиш (ноқонуний фойдаланиш) деб ҳисобланади:

ваколатли ташкилотлардан рухсат олмасдан, ЛТҲсиз, шартнома расмийлаштирмасдан табиий газдан фойдаланиш;

ҳисоблагичга ва масофадан туриб ўчириб-ёқиш клапанига қасддан шикаст етказиш;

ўчириш қурилмалари, газдан фойдаланиш ускуналари ёки ҳисоблагичга ўрнатилган пломбаларни қасддан бузиш;

табиий газ ҳисобини юритмасдан ёки ўрнатилган ҳисоблагичдан фойдаланмасдан табиий газни ишлатиш (ойлик меъёрлар бўйича аҳоли маиший эҳтиёжлар учун табиий газни етказиб бериш бўйича хизмат кўрсатиш ҳолатлари бундан мустасно);

газ қувурлари ёки ГТШларда, газ тақсимлаш тармоқларини технологик иш режимини бузишга олиб келадиган қурилмаларни ўрнатиш;

ҳисобга олишни нотўғри кўрсатиш мақсадида ҳисоблагичнинг ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилган ички эҳтиёт қисмларини ўзбошимчалик билан ўзгартириш, ҳисоблагичнинг конфигурациясини ўзгартириш ёки алмаштириш, рухсат этилмаган модем ёки бошқа алоқа воситаларини рухсатсиз улаш ёхуд бошқача тарзда соз ишлашига ташқи таъсир кўрсатиш;

ҳисоблагичнинг хотирасидаги маълумотлар истеъмолчининг хатти-ҳаракати билан қисман ёки тўлиқ йўқ қилиниши;

ҳисоблагични (торайтирувчи қурилма жойлашган ички камерасини ўзгартириш, манифольд ёки импульс найчаларининг ички қисмини торайтириш ёки номаълум жисм билан тўсиб қўйиш, қаттиқ жисм (паронит, прокладка) билан ички қисмини кичрайтириш ёки кенгайтириш) ўрнатиш тартиби ва схемасини ўзбошимчалик билан ўзгартириш (миллий стандарт талабларига амал қилмаслик);

ҳисоблагич ўрнатилган жойдан ташқари визуал аниқлаб бўлмайдиган яширин йўллар билан, жумладан газ қувурлари (тармоқлари), байпас линиялари ва бошқа техник воситаларни яширинча монтаж қилиш орқали истеъмолчининг газ тармоқларига (қувурларига) уланиш;

ҳисоблагич ўрнатилган жойдан ташқари визуал аниқлаб бўладиган йўллар билан, жумладан газ қувурлари (тармоқлари), байпас линиялари ва бошқа техник воситаларни яширинча монтаж қилиш орқали истеъмолчини газ тармоқларига (қувурларига) уланиш;

ҳисоблагичнинг қиёсловдан ўтказиш муддати ўтиб кетганда (маиший истеъмолчилардан ташқари), бунда ушбу ҳисоблагич аккредитациядан ўтказилган метрология ташкилоти ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ваколатли органлар томонидан фойдаланиш учун яроқсиз деб топилганда;

ҳисоблагичнинг рухсат этилган максимал соатлик ўтказиш қувватидан ортиб кетиши;

ўзбошимчалик билан ҳисоблагичнинг рухсат этилган максимал ўлчаш чегарасидан (диапазони) четга чиққан ҳолда ЛТҲдан ташқари ортиқча газ анжомларини ўрнатиш;

ҳисоблагичнинг манифольд қурилмаси жўмракларига ташқи таъсир кўрсатиш, ҳарорат ўлчагичига ҳар хил иситиш мосламаларини ўрнатиш;

газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ваколатли ходими томонидан ҳисоблагич ва ўлчов узелларига белгиланган тартибда пломбалар ўрнатилмаганлиги (симларнинг таранг тортилмаганлиги, яъни симни узмаган ёки пломбаларни бузмаган ҳолда уларни ечиш орқали манифольд жўмраклари, калибрлаш болтлари, импульсли тармоқ жўмракларига таъсир кўрсатиш имконини берадиган ҳолатда ўрнатилганлиги).

Истеъмолчилар томонидан қуйидаги техник қоидаларга риоя этмаслик ҳолатлари ҳам газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳисобланади:

ўзбошимчалик билан ҳисоблагичнинг рухсат этилган максимал ўлчаш чегарасидан (диапазони) четга чиқмаган ҳолда ЛТҲдан ташқари ортиқча газ анжомлари ва газ қувурлари ёки ГТШларда газ тақсимлаш тармоқларини технологик иш режимини бузишга олиб келадиган қурилмалар ўрнатиш.

ўрнатилган газдан фойдаланиш ускуналарининг ўрнини ўзбошимчалик билан ўзгартириш;

техник шартларда ва газ етказиб бериш шартномасида кўрсатилмаган бошқа газдан фойдаланиш ускуналарини (ҳисоблагичнинг рухсат этилган максимал ўлчаш чегарасидан четга чиқмаган ҳолда) ўзбошимчалик билан ўрнатиш;

газдан фойдаланиш ускунасига газни рухсатсиз очиб бериш ёки газ истеъмол қилишнинг белгиланган тартибига риоя қилмаслик ёхуд газдан фойдаланиш ускуналарида газ сарфлашнинг тасдиқланган солиштирма меъёрларисиз газ сарфлаш ёки бундай меъёрлардан ортиқча сарфлаш;

газ ёниш жараёнини автомат тарзда бошқариб турувчи қурилмаларнинг бўлмаслиги ёки уларни яроқсизлиги;

табиий газни истеъмол қилувчи ташкилотлар учун назарда тутилган захира ёқилғи хўжалигининг яратилмаганлиги ёки газдан фойдаланиш ускуналарининг белгиланган захира ёқилғи турларида ишлашга тайёр эмаслиги;

газ ҳисоблагични, модем алоқа воситасини электр манбалардан ўчириб қўйиш (модемни масофадан туриб пульт орқали бошқариш) ёки бошқа усуллар билан фойдаланилган табиий газ ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар ТГНҲАТга онлайн равишда узатилишини тўхтатиб қўйиш.

табиий газдан шартнома ва лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш;

Қоидаларнинг ушбу бандида назарда тутилган қоида бузилишлари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ тегишли жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Мазкур Қоидаларни бузиш ҳолатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлганда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишга ваколати бўлган шахслар томонидан белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.

Ўзэнергоинспекция иштирокида аниқланган табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича расмийлаштирилган қоидабузарлик далолатномасига асосан:

истеъмолчига табиий газни етказиб бериш тўхтатилади ва Ўзэнергоинспекция мутахассислари томонидан ҳисоблагичлар ва ўчириб-ёқиш жиҳозларига пломба ўрнатилади;

амалга оширилган қайта ҳисоб-китоб бўйича тўловлар Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясини молиялаштиришни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 28 сентябрдаги 512-сон қарорига мувофиқ газ таъминоти ташкилотининг алоҳида ҳисобварағига (22634) ундирилади ва тўловлар амалга оширилгандан сўнг тармоққа қайта уланишга рухсат берилади.

Бунда истеъмолчи рухсатсиз пломбани бузганлиги учун белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.

129 1 . Қуйидаги ҳолатлар таъминотчи корхона томонидан табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади:

тегишли ҳужжатларсиз ва рухсатномаларсиз истеъмолчини газ тармоғига улаш ёки уланишга рухсат бериш;

газ ҳисоблагичларга ташқи таъсир кўрсатишга истеъмолчига шароит яратиб бериш, яъни ҳисоблагич ва ўлчов узелларига белгиланган тартибда пломбалар ўрнатилмаганлиги (симларнинг таранг тортилмаганлиги, яъни симни узмаган ёки пломбаларни бузмаган ҳолда уларни ечиш орқали манифольд жўмраклари, калибрлаш болтлари, импульсли тармоқ жўмракларига таъсир кўрсатиш имконини берадиган ҳолатда ўрнатилганлиги);

табиий газ учун олдиндан тўловларни амалга оширмаган истеъмолчиларга асоссиз равишда табиий газ етказиб бериш;

ўчириб-ёқиш клапанига эга бўлмаган газ ҳисоблаш ускуналаридан фойдаланаётган истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш (бир ой аввал огоҳлантирилгандан сўнг);

истеъмолчилар томонидан хавфсизликни таъминлаш ҳамда ёқилғининг ёниш жараёнларини автоматик бошқариш жиҳозлари бўлмаган, стандарт талабларига ўрнатилган газ жиҳозларининг қуввати газ ҳисоблагич қувватидан юқори бўлишига қарамасдан газдан фойдаланишга рухсат бериш;

техник шарт, лойиҳа ва (ёки) шартномада назарда тутилмаган жиҳозлардан фойдаланишга йўл қўйиш;

куз-қиш мавсуми даврида табиий газ етказиб берилишига чеклов киритилган истеъмолчиларни газ тармоғидан пайвандлаш ва (ёки) тамғалаш йўли билан ҳамда масофадан туриб ўчириб-ёқиш клапани орқали онлайн ажратмаган ҳолда уларга табиий газдан фойдаланишга имконият яратиб бериш;

дебитор қарздорлиги мавжуд истеъмолчиларга асоссиз равишда табиий газ етказиб бериш;

ноқонуний фойдалангани учун ёки бошқа ҳолатларда вақтинчалик узиб қўйилган истеъмолчиларга асоссиз равишда газ етказиб беришни давом эттириш;

ушбу Қоидаларда кўрсатилган мажбуриятларни бажармаганлик.

Ушбу бандда назарда тутилган қоида бузилишлари аниқланган тақдирда, газ таъминоти корхонаси тегишлилиги бўйича раҳбари ва (ёки) масъул ходимларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

130. Истеъмолчилар томонидан мазкур Қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш газ таъминоти (газ узатиш, трейдер) ташкилотининг ваколатли мутахассислари ва Ўзэнергоинспекция ходимлари томонидан амалга оширилади. Истеъмолчиларнинг айбисиз қуйидаги ҳолатлар вужудга келганда, истеъмолчи жавобгарликка тортилмайди, бироқ газ ҳажмининг амалдаги сарфи бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилади:

ҳисоблагич техник жиҳатдан носоз ҳолга келиши (тўхтаб қолиши);

ҳисоблагичнинг хотирасидан унга ташқи таъсир кўрсатмаган ҳолда маълумотларнинг тўлиқ ёки қисман йўқолиши.

131. Мазкур Қоидаларнинг бузилиш ҳолатлари аниқланганда, газ таъминоти ташкилоти ва (ёки) Ўзэнергоинспекция ваколатли ходимлари томонидан тегишли электрон тизимлар (E-dalolatnoma) орқали табиий газдан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги тўғрисида далолатнома (кейинги ўринларда — далолатнома) расмийлаштирилади. Зарурат бўлганда, далолатномага ҳолат юзасидан фотосуратлар ва бошқа ашёвий далиллар илова қилиниши мумкин.

Далолатномани электрон шаклда расмийлаштиришни имкони бўлмаганда, 24 соат ичида тегишли электрон тизимларга киритилишини таъминлаш шарти билан далолатнома эркин шаклда қоғозда расмийлаштирилишига рухсат берилади.

Далолатнома ваколатли ходимлар ва истеъмолчи томонидан имзоланади. Истеъмолчи далолатномага имзо қўйишдан бош тортган тақдирда, икки нафар холис ва (ёки) маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари жалб этилиб, ҳолат уларга маълум қилинади ҳамда уларнинг далолатномага имзо қўйиши таъминланади. Газ таъминоти ташкилоти ходимлари дарҳол мазкур истеъмолчини табиий газ тармоғидан узиб қўяди.

Истеъмолчининг табиий газ қурилмалари тармоқдан ажратилгандан сўнг газ таъминоти ташкилоти ва/ёки Ўзэнергоинспекциянинг ваколатли ходимлари томонидан белгиланган намунадаги пломба билан қайта табиий газ тармоғига ўзбошимча уланишнинг олдини олиш мақсадида пломбаланади.

Табиий газдан фойдаланиш қурилмаларининг соатлик газ истеъмолини аниқлаш имкони бўлмаган ҳолатларда, ушбу ҳажм эксперимент тариқасида аниқланади.

132. Табиий газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар томонидан газ узатиш (газ таъминоти) ташкилотининг газ қувурларига (тармоқларига) ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисоблагичларга, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек, ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ва бошқа қурилмаларга ташқи таъсир кўрсатиш лицензия битими талаблари ҳамда шартларини бир маротаба қўпол равишда бузиш ҳисобланади ҳамда ушбу фаолият турлари амалга оширилишини лицензияловчи ваколатли орган томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда лицензиянинг бекор қилинишига олиб келади.

133. Газ таъминоти ташкилоти, Ўзэнергоинспекция ёки трейдернинг ваколатли ходимлар далолатномани расмийлаштириш жараёнида газдан ноқонуний фойдаланишда қўлланилган қуйидаги (ишга алоқадор бўлган) ашёлар ва буюмларни муҳрлаган ҳолда олиб қўйиб, ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатларга қўшиш чораларини кўради:

ҳисоблагичлар;

модем ва бошқа алоқа воситалари;

газ ёндиргич (горелка)лар;

газ тортиш (сўриш) мосламалари;

резина, полиэтилен ва темир қувурлар;

қўлбола усулда ясалган бошқа қурилмалар;

заруратдан келиб чиқиб, регулятор, зулфин ва ГТШлар;

узилган сим ва пломбалар;

ноқонуний фойдаланишни тасдиқловчи бошқа ашёлар, далиллар ва буюмлар.

Далолатномада мазкур Қоидаларни бузган истеъмолчи, фойдаланилган газ ҳажми, ҳисоблагич кўрсаткичлари тўғрисидаги ва бошқа зарур маълумотлар келтирилади.

Бунда газ ҳажми қуйидаги ҳолатларга аниқлик киритиш орқали мазкур Қоидаларнинг 134-бандида келтирилган мезонлар асосида ҳисобланади:

истеъмолчининг газ тармоқларига уланган вақти ва табиий газдан фойдаланилган давр;

бўлиниш чегарасидаги газ босими кўрсаткичи (яроқлилик сертификатига эга бўлган ўлчов воситалари ёрдамида аниқланади);

ноқонуний фойдаланиш ҳолатида аниқланган газдан фойдаланиш ускуналарининг сони, тури ва соатлик газ сарфи;

ҳисоблагичдан олинган электрон архив маълумотлари;

электрон тизимлардан олинган маълумотлар;

газдан фойдаланиш мақсади (фаолият тури).

Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва тегишли далолатномани расмийлаштиришда иштирок этган газ таъминоти ташкилоти, трейдер ёки Ўзэнергоинспекциянинг ваколатли ходимлар мазкур Қоидаларнинг ушбу бандида келтирилган талабларга амал қилмаганликлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Газ таъминоти ташкилоти, трейдер ёки Ўзэнергоинспекциянинг ваколатли ходимлар томонидан мазкур Қоидаларни бузиш ҳолати аниқланганда бу ҳақида зудлик билан ўз раҳбарига хабар берилади. Газ таъминоти ташкилотининг бошқа ходимлари томонидан мазкур Қоидаларни бузиш ҳолатлари аниқланганда, улар бу ҳақда ўз раҳбари ҳамда далолатнома расмийлаштиришга ваколатли бўлган ходимларга маълум қиладилар.

134. Мазкур Қоидаларни бузганлик ҳолатларида газ ҳажми истеъмолчи билан табиий газни етказиб бериш шартномасини тузган ташкилотнинг ваколатли ходимлари (муҳандис-техник ва бошқа ваколатли ходимлар) ёки Ўзэнергоинспекция мутахассислари томонидан аниқланади.

Табиий газнинг сарфланган (фойдаланилган) ҳажми мазкур Қоидаларни бузганлик ҳолатлари доирасида тўпланган ҳужжатлар (фото, видео тасвир, ашёвий далиллар ва бошқа тааллуқли ҳужжатлар) асосида тўлиқ сутка давомида (24 соат) тўлиқ қувват билан ишлаши ҳисобидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, қўшимча ўрганиш ва ваколатли мутахассислар хулосаларини олиш зарурати юзага келганда, ушбу хулосалар олингандан сўнг ҳисоб-китоб қилинади.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан табиий газнинг сарфланган (фойдаланилган) ҳажмини қайта ҳисоб-китоб қилиш зарур деб топилганда, ушбу ваколатли шахслар ва органларнинг қарорлари (ҳужжатлари)га асосан комиссиявий таркибда газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти, Ўзэнергоинспекция ва заруратга қараб бошқа малакали мутахассислар, шунингдек, хулоса бериш ваколатига эга бўлган экспертлар томонидан амалга оширилади.

Истеъмолчи томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги учун газ ҳажмлари ва нархи ҳисоб-китоб кунида амалда бўлган энг юқори тариф бўйича таъминотчи ташкилотнинг ваколатли ходими ёки Ўзэнергоинспекция мутахассислари томонидан газдан фойдаланиш ускунасининг тўлиқ сутка давомида (24 соат) тўлиқ қувват бўйича (амалда аниқланган маълумотлар асосида маиший истеъмолчиларга белгиланган ойлик истеъмол меъёри бўйича) ишлаши ҳисобидан (ёки стандарт газдан фойдаланиш ускунаси мавжуд эмаслигида газ тармоғига уланган қувурнинг ўтказиш имконияти ҳисобидан) келиб чиқиб, қуйидаги даврлардан бошлаб мазкур Қоидалар бузилганлиги аниқланган кунга қадар ҳисобланади:

ваколатли ташкилотлардан рухсат олмасдан, ЛТҲларисиз, шартномасиз табиий газдан фойдаланиш аниқланганда — газ ҳажмларининг қиймати истеъмолчи давлат рўйхатидан расмий ўтказилган кундан бошлаб (тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) ҳисобланган вақт мобайнида, бироқ даъво муддатидан кўп бўлмаган даврда;

ҳисоблагичга ва/ёки масофадан туриб ўчириб-ёқиш клапанига қасддан шикаст етказиш аниқланганда — ТГНҲАТда сўнгги маълумот мавжуд бўлган кундан, ушбу маълумотлар мавжуд бўлмаганда газ таъминоти ташкилоти ваколатли ходимлар томонидан сўнгги кўрикдан ўтказилган даврдан бошлаб;

ўчириш қурилмалари, газдан фойдаланиш ускуналари ёки ҳисоблагичга ўрнатилган пломбаларни бузилиши аниқланганда — газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан сўнгги кўрикдан ўтказилган даврдан, бироқ ушбу пломба ўрнатилган кундан кўп бўлмаган даврдан бошлаб;

табиий газ ҳисобини юритмасдан ёки ўрнатилган ҳисоблагичдан фойдаланмасдан табиий газни ишлатиш аниқланганда — газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан сўнгги кўрикдан ўтказилган вақт мобайнида, бироқ даъво муддатидан кўп бўлмаган даврдан бошлаб;

газ қувурлари ёки ГТШларда газ тақсимлаш тармоқларини технологик иш режимини бузишга олиб келадиган қурилмалар ўрнатиш орқали ҳисоблагичнинг юқори ўлчов чегарасидан четга чиқиш ҳолати аниқланганда — газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан сўнгги кўрикдан ўтказилган вақтдан бошлаб.

ҳисоблагичларда газ ҳажмларини ҳисобга олишни нотўғри кўрсатиш мақсадида ҳисоблагичнинг ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилган ички қисмларини ўзбошимчалик билан ўзгартириш, ҳисоблагичнинг конфигурацияси ва созлигини ўзгартириш, рухсат этилмаган модем ёки бошқа алоқа воситаларини рухсатсиз уланганда — рухсатсиз аралашилган кундан бошлаб (аралашиш ҳолати ва санасини тасдиқловчи ҳужжатлар (маълумотлар) мавжуд бўлганда), лекин охирги қиёсловдан ўтказилган кундан ошмаган даврдан бошлаб;

ҳисоблагичнинг хотирасидаги маълумотларни истеъмолчининг айби билан қисман ёки тўлиқ йўқ қилинганда — маълумотлар йўқолган даврдан бошлаб;

ҳисоблагични улаш тартиби ва схемаси ўзбошимчалик билан ўзгартирилганда — газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан ҳисоблагич сўнгги хатловдан ўтказилган вақтдан бошлаб ҳисобланадиган давр мобайнида, лекин охирги қиёсловдан ўтказилган кундан ошмаган даврдан бошлаб;

ҳисоблагичдан ташқари визуал аниқлаб бўлмайдиган яширин йўллар билан, жумладан, газ қувурлари (тармоқлари), байпас линиялари ва бошқаларни яширинча монтаж қилиш орқали уланганда — корхона фаолият бошлаган (рўйхатдан ўтган кундан) ёки охирги хатловдан ўтказилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан кўп бўлмаган даврдан бошлаб;

табиий газдан ноқонуний фойдаланиш мақсадида истеъмолчи томонидан ҳисоблагичдан ташқари визуал аниқлаб бўладиган йўллар билан, жумладан газ қувурлари (тармоқлари), байпас линиялари ва бошқа жиҳозларни монтаж қилиш орқали уланиш аниқланганда — газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан сўнгги хатлов ўтказилган вақтдан бошлаб ҳисобланадиган давр мобайнида, бироқ уч ойдан кам бўлмаган даврдан бошлаб;

газ истеъмоли ҳажмига таъсир кўрсатадиган бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланганда — ҳисоблагичга рухсатсиз аралашилган кундан бошлаб (аралашиш ҳолати ва санасини тасдиқловчи ҳужжатлар (маълумотлар) мавжуд бўлганда), бироқ даъво муддатидан кўп бўлмаган даврдан бошлаб;

ҳисоблагичнинг қиёсловдан ўтказиш муддати ўтиб кетганда, бунда ушбу ҳисоблагич носоз деб топилган тақдирда — ҳисоблагичнинг қиёслов муддати ўтиб кетган даврдан бошлаб;

ҳисоблагичнинг рухсат этилган максимал соатлик ўтказиш қувватидан ортиб кетиши аниқланганда — пломбаланмаган газ жиҳозларининг тўла қуввати бўйича тўлиқ ишлаган вақт учун (дақиқалар соатга тенглаштирилган ҳолда) ҳисобга олинмаган даврлар учун, бироқ даъво муддатидан кўп бўлмаган даврга;

ўзбошимчалик билан ҳисоблагичнинг рухсат этилган максимал ўлчаш чегарасидан (диапазонидан) четга чиққан ҳолда ЛТҲдан ташқари ортиқча газдан фойдаланиш ускунасини ўрнатиш аниқланганда — газдан фойдаланиш ускунаси ўрнатилган (тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) кундан бошлаб ҳисобланган вақт мобайнида, бироқ уч ойдан кўп бўлмаган даврда;

ҳисоблагичнинг манифольд қурилмаси жўмракларига ташқи таъсир кўрсатиш, ҳарорат ўлчагичига ҳар хил иситиш мосламаларини ўрнатиш ҳолатлари аниқланганда — газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан пломба ўрнатилган кундан бошлаб, бироқ уч ойдан кам бўлмаган даврдан бошлаб.

Бунда истеъмолчи томонидан фойдаланилган табиий газ ҳажмларининг ҳисоботга олинган миқдорлари, газ жиҳозларидан фойдаланиш мавсумийлиги, шунингдек, муайян даврларда Ҳукуматнинг тегишли топшириқлари, юқори турувчи вазирлик ва идораларнинг кўрсатмаларига асосан истеъмолчиларга табиий газни етказиб берилиши чекланган даврлар (тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда) инобатга олинади.

Иситиш мавсумининг даврийлигини белгилашда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг иситиш мавсуми бошланиши ва тугаши тўғрисидаги қарор ёки фармойишлари қабул қилинган кундан бошлаб ҳисоб китоб қилинади.

Ҳисоб-китобларни амалга оширишда газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларда ўтказилган хатлов ва кўрик далолатномалари бир сутка давомида «НGT Billing» тизимига электрон тарзда киритилмаган бўлса, ушбу далолатномалар ҳақиқий эмас деб топилади ҳамда ҳисоб-китобларни амалга оширишда инобатга олинмаган ҳолда олти ойдан кам бўлмаган муддатга ҳисоб-китоб қилинади.

Мазкур Қоидаларни бузганлик ҳолатлари аниқланганда газ ҳажмини ҳисоблаш жараёнига ваколати бўлган ходимлардан ташқари бошқа шахсларнинг аралашувига қатъиян йўл қўйилмайди.

Мазкур Қоидаларнинг 129-банди иккинчи қисмида келтирилган қоидабузарликлар учун қўшимча газ ҳажми ҳисобланмайди, бироқ ушбу ҳолатлар истеъмолчини маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Ваколатли ташкилотлардан рухсат олмасдан, ЛТҲларисиз, табиий газни етказиб бериш шартномасиз ва ҳисоблагичсиз табиий газдан фойдаланиш — юридик шахслардан сарфланган табиий газ қийматининг уч баравари миқдорида ўсувчи коэффициент қўлланилади.

Газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ваколатли ходими томонидан ҳисоблагич ва ўлчов узелларига белгиланган тартибда пломбалар ўрнатилмаганлиги (симларнинг таранг тортилмаганлиги, яъни симни узмаган ёки пломбаларни бузмаган ҳолда уларни ечиш орқали манифольд жўмраклари, калибрлаш болтлари, импульсли тармоқ жўмракларга таъсир кўрсатиш имконини берадиган ҳолатда ўрнатилганлиги) натижасида истеъмолчи томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган тақдирда, шунингдек, биллинг тизимига ўз вақтида маълумотларни (хатлов, тамғалаш, сўнги кўрик ва бошқа далолатномаларни) киритмаган газ таъминоти ташкилоти масъул ходими қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

135. Мазкур Қоидаларнинг 130-бандида келтирилган ҳолатлар бўйича ҳисоб-китоблар қуйидаги тартибда амалга оширилади:

истеъмолчиларнинг айбисиз ҳисоблагич техник жиҳатдан носоз ҳолатга келганлиги аниқланганда (тўхтаб қолганда) — ТГНҲАТда сўнгги маълумот мавжуд бўлган кундан, ушбу маълумотлар мавжуд бўлмаганда эса газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан сўнгги кўрикдан ўтказилган давр учун охирги газ сарфи ҳисоботи кўрсаткичларнинг ўртача миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади;

ҳисоблагичнинг хотирасидан унга ташқи таъсир кўрсатмаган ҳолда маълумотлар тўлиқ ёки қисман йўқолиб қолганда — ТГНҲАТда мавжуд маълумотлар бўйича (бунда ёзги ва қишки мавсумдаги истеъмол ҳажмлари инобатга олиниши лозим), ТГНҲАТда маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, сўнгги маълумотлар таҳлили асосида газ сарфи ҳисоботи кўрсаткичларининг ўртача миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

136. Мазкур Қоидаларнинг 129 , 130 ва 134-бандларида қайд этилган қоидабузарлик ҳолатлари аниқланганда, фойдаланилган газ ҳажмлари қийматининг қопланиши истеъмолчиларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа жавобгарликлардан озод қилмайди.

137. Аниқланган қоидабузарлик ҳолати юзасидан расмийлаштирилган далолатнома, газ ҳажмини ҳисоблаш далолатномаси ва ҳолатга алоқадор бошқа ҳужжатлар ҳамда олинган ашёлар, далиллар ва буюмлар қонуний чораларни кўриш учун тегишлилигига кўра ўн иш куни ичида ваколатли органларга тақдим этилиши керак.

12-боб. 100 кВт.дан ортиқ қувватга эга бўлган газдан фойдаланиш ускуналарини ишлатадиган истеъмолчилар томонидан табиий газдан оқилона, хавфсиз фойдаланиш ва уни меъёрлаш

138. Истеъмолчилар томонидан табиий газдан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки бажарилаётган ишлар (хизматлар) бирлигига натура ҳолида ва шартли равишда ҳисобланган газ сарфининг тасдиқланган меъёрларига эга бўлишлари керак.

139. Ишлаб чиқаришнинг барча даражаларида газ сарфини меъёрлаш қонунчилик ҳужжатларида ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлар ва қоидаларга мувофиқ амалга меъёрланади.

140. Газдан фойдаланиш ускуналарини ишлатадиган ташкилотлар ушбу ускуна учун газ сарфининг индивидуал меъёрларига эга бўлиши, улар мавжуд бўлмаганда эса, лойиҳалаштириш ёки ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этган ҳолда уларнинг техник асосланган меъёрларини ишлаб чиқиши керак.

141. Ёқилғи-энергия ресурсларини ишлатадиган истеъмолчиларни энергетика текширувидан ва экспертизадан ўтказиш қоидаларига мувофиқ истеъмолчилар ихтисослашган ташкилотларни (энергия аудиторларини) жалб этган ҳолда ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида энергетика текширувини ўтказиши керак.

Ёқилғи-энергия ресурсларидан ёки уларнинг турларидан ҳар бирининг жами истеъмоли йилига беш юз тоннадан ортиқ шартли ёқилғини ташкил қиладиган истеъмолчилар энергетика текширувларидан мажбурий ўтказилиши керак.

Ёқилғи-энергия ресурсларини энергетика текшируви натижалари бўйича энергия аудиторлари томонидан ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланишда қоида бузилишларни бартараф этишга доир тавсиялар ҳамда улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий-техник тадбирлар рўйхати истеъмолчининг объектларида техник имкониятлар мавжуд бўлганда иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланишни назарда тутилган ҳолда берилади.

142. Табиий газни сарфлаш меъёрлари истеъмолчи томонидан тасдиқланади ва газдан самарали ва оқилона фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши, такомиллаштирилиши керак.

143. Йил мобайнида тасдиқланган меъёрлар ускуналар алмаштирилган ёки реконструкция қилинган жиҳозларнинг турлари, фойдаланадиган хомашёнинг таркиби ўзгарган ҳолларда газ сарфининг ўзгаришига сабаб бўлган ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш бўйича зарур ташкилий-техник тадбирлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши мумкин.

144. Табиий газни сарфлаш меъёрларига риоя қилиниши ҳамда ундан самарали ва оқилона фойдаланиш юзасидан ички назорат табиий газни истеъмол қилувчи ташкилот раҳбарлари томонидан амалга оширилади.

13-боб. Газ таъминоти ташкилотининг табиий газ ҳисоботи балансини тузиш тартиби

145. Газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти газ тақсимлаш тармоқлари орқали олинган табиий газнинг қабул қилинган ва тақсимланган ҳажми бўйича ҳисобот балансини (кейинги ўринларда — табиий газ баланси) тузади.

146. Ҳисобот даври учун табиий газ баланси олинган табиий газ умумий ҳажмини унинг тақсимланган ҳажмлари йиғиндисига тенглиги асосида қуйидагилар бўйича аниқланади:

истеъмолчиларга сотилган табиий газ ҳажми (шу жумладан, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларида истеъмолчилар томонидан сарф қилинган газ ҳажми);

фойдаланиш ва технологик эҳтиёжлар учун сарфланган табиий газ ҳажми (қонунчилик ҳужжатларида ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида тартибга солинади);

табиий газни йўқотиш ҳажмлари (қонунчилик ҳужжатларида ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида тартибга солинади);

табиий газнинг газ тармоқларидаги технологик қолдиқлари;

қабул қилинган ва тақсимланган табиий газ ҳажмлари орасидаги мусбат ва манфий фарқлар.

147. Мусбат фарқ вужудга келганда, яъни тақсимланган табиий газ ҳажми қабул қилинган табиий газ ҳажмидан ортиқ бўлганда, мазкур фарқ ҳисоботда маълумот ўрнида кўрсатилиб, етказиб берилган табиий газ ҳажмига (ҳажм ошмаган ҳолда) таъсир қилмайди.

148. Манфий фарқ вужудга келганда, яъни тақсимланган табиий газ ҳажми қабул қилинган табиий газ ҳажмидан кам бўлганда, мазкур фарқ ҳисоботда табиий газ таннархига қўшиб ҳисобланади. Бунда узоқ вақт давомида табиий газнинг талон-торож қилиниши оқибатида аниқланган табиий газ ҳажмлари ҳисобот даври якунида табиий газ ҳажмида вужудга келган манфий фарқ ҳисобидан чиқарилади.

149. «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ (кейинги ўринларда — жамиятлар) бошқарув органлари томонидан ҳар бир ҳисобот йили якунида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда табиий газ балансида вужудга келган фарқлар юзасидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

манфий фарқнинг қолдиқ ҳажми кейинги ҳисобот ойлари якуни билан асосланган ҳолда техник ҳисоботларда қайд этилади, асосланмаган газ ҳажмлари эса газ таъминоти ташкилотининг келгуси давр табиий газ балансига ўтказилади;

мусбат фарқнинг қолдиқ суммаси жамиятнинг даромади деб тан олинади.

Жамиятлар уларнинг бошқарув органлари томонидан ҳисобот йили якуни бўйича қабул қилинган ва тақсимланган табиий газ ҳажмлари бўйича вужудга келган фарқлар юзасидан қабул қилинган қарорларини Энергетика вазирлигига тақдим этади.

150. Газ таъминоти ташкилоти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар ойда манфий фарқнинг вужудга келиш сабабларини аниқлаши ва бунда:

аниқланган ва асосланган манфий фарқ бўйича ҳисобланган газ ҳажмлари асосида қарздорлик кейинги ҳисобот ойи якунига қадар қоидабузарлик содир этган истеъмолчилар рўйхатини шакллантириб, газни белгиланган сотиш нархларида ундириш чораларини кўриши, табиий газнинг газ тақсимлаш тармоқлари орқали етказиб беришда йўқотишларни рухсат этилган меъёрларини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаш учун табиий газ бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш бўйича ваколатли органга киритиши;

аниқланган, лекин асосланмаган манфий фарқ бўйича ҳисобланган газ ҳажмлари бўйича кейинги ҳисобот ойига қадар ушбу асоссиз йўқотишларга йўл қўйган газ таъминот ташкилотларининг айбдор ходимлари ёки истеъмолчиларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда зарур чораларни (шу жумладан ҳисобланган газ ҳажмлари бўйича қарздорликни газни сотиб олиш нархларида ундириш) кўриши шарт.

151. «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖларда табиий газ ҳажмлари бўйича юзага келган манфий фарқнинг қолдиқ суммаси фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида ушбу жамиятларнинг «даврий харажатлари»га ўтказилади.

14-боб. Табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

152. Газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва истеъмолчилар мазкур Қоидаларда белгиланган талабларни бузилишига йўл қўйилганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Табиий газдан фойдаланиш қоидаларига ИЛОВА

Табиий газни етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган стратегик ташкилотлар рўйхати

I. Иссиқлик электр станциялари:

1. «Навоий ИЭС» АЖ

2. «Сирдарё ИЭС» филиали

3. «Тошкент ИЭС» АЖ

4. «Янги Ангрен ИЭС» АЖ

5. «Тошкент ИЭМ» филиали

6. «Фарғона ИЭМ» филиали

7. «Толимаржон ИЭС» АЖ

8. «Муборак ИЭМ» филиали

9. «Тахиатош ИЭС» АЖ

10. «Тўрақўрғон ИЭС» филиали

11. Акса Энержи Тошкент — 1 ИЭС

12. Акса Энержи Тошкент — 2 ИЭС

13. Акса Энержи Бухоро ИЭС

14. Женгиз Энержи Тошкент ИЭС

15. Женгиз Энержи Сирдарё ИЭС

16. Одаш Энержи Хоразм ИЭС

17. Аква Сирдарё — 2 ИЭС

18. ЭДФ Сирдарё — 3 ИЭС

19. Стоун Сити Энержи Сурхондарё ИЭС

II. Кимё саноати корхоналари:

1. «Навоийазот» АЖ

2. «Максам-Чирчиқ» АЖ

3. «Фарғонаазот» АЖ

III. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирадиган иссиқлик ва электр энергиясини ишлаб чиқариш ташкилотлари

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори ;

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 15 февралдаги ПФ-5343-сон Фармони)» 2018 йил 30 мартдаги 252-сон қарорига 1-илованинг 3-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш, шунингдек баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2018 йил 6 июндаги 428-сон қарорига 1-илованинг 3-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Нефт-газ тармоғида лицензиялаш тартиботларини қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнесни юритишни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 июндаги 444-сон қарорига 6-илованинг 3-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2018 йил 20 октябрдаги 838-сон қарори .

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2019 йил 28 февралдаги 182-сон қарори .

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 декабрдаги ПФ-5594-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4058-сон қарори)» 2019 йил 6 мартдаги 195-сон қарорига илованинг 45-банди .

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 24 мартдаги 243-сон қарори .

9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг айрим турлари учун тариф сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 31 майдаги 452-сон қарорига илованинг 2-банди .

10. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 2 февралдаги ПФ-5653-сон Фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 2 февралдаги ПҚ-4151-сон қарори)» 2019 йил 3 июндаги 457-сон қарорига 1-илованинг 32-банди .

12. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 5 февралдаги ПҚ-4160-сон қарори)» 2019 йил 9 июлдаги 567-сон қарорига илованинг 4-банди .

13. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида» 2019 йил 30 июлдаги 633-сон қарорига 2-илованинг 3-банди .

14. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига қўшимча киритиш тўғрисида» 2019 йил 9 декабрдаги 979-сон қарори .

15. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 24 январдаги ПҚ-4126-сон қарори)» 2019 йил 19 декабрдаги 1014-сон қарорига илованинг 58-банди .

16. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 196-банди .

17. Вазирлар Маҳкамасининг «Товар хом ашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 18 мартдаги 170-сон қарорига 4-илованинг 3-банди .

18. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2020 йил 3 июндаги 348-сон қарорига 1-илованинг 10-банди .

19. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарорига 4-илованинг 50-банди .

20. Вазирлар Маҳкамасининг «Стратегик ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва уларда қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 1 июлдаги 412-сон қарорининг 3-банди .

21. Вазирлар Маҳкамасининг «Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 августдаги 485-сон қарорига 5-илованинг 4-банди .

22. Вазирлар Маҳкамасининг «Яратилган янги иш ўринларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 21 декабрдаги 717-сон қарорига 2-илованинг 7-банди .

23. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 июлдаги 294-сон қарорига 4-илованинг 1-банди.

24. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 15 сентабрдаги 475-сон қарорига 4-илованинг 1-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 31 май,

319-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.06.2024 й., 09/24/319/0406-сон; 28.09.2024 й., 07/24/339/0758-сон; 25.11.2024 й., 09/24/780/0962-сон; 30.11.2024 й., 09/24/803/0997-сон; 23.12.2024 й., 09/24/859/1047-сон; 30.12.2024 й., 09/24/894/1094-сон; 05.05.2025 й., 09/25/289/0406-сон; 20.04.2026 й., 07/26/143/0386-сон; 30.04.2026 й., 09/26/213/0433-сон; 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон; 08.07.2026 й., 09/26/355/0710-сон; 24.09.2026 й., 06/26/202/0965-сон; 15.10.2026 й., 09/26/563/1041-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

QOIDALARI

QOIDALARI

ROʻYXATI

Elektr energiyasi va tabiiy gazdan foydalanish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoqilgʻi-energiya resurslaridan foydalanish sohasida davlat nazorati samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 13-fevraldagi PQ-54-son qarori ijrosini taʼminlash hamda yoqilgʻi-energiya resurslaridan samarali va oqilona foydalanish orqali iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohaning energiya samaradorligini oshirish, isteʼmolchilar tomonidan elektr energiyasi va tabiiy gazdan foydalanish qoidalariga rioya etilishi ustidan nazoratni yanada kuchaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

elektr energiyasi isteʼmolchilari va taʼminotchi korxonalarning huquq va majburiyatlari hamda ularning javobgarligi;

elektr energiyasini ishlab chiqarish, uzatish, taqsimlash va isteʼmol qilish ustidan davlat nazorati;

isteʼmolchilarni elektr tarmoqlariga ulash tartibi;

elektr energiyasi uchun hisob-kitoblarni amalga oshirish tartibini nazarda tutuvchi Elektr energiyasidan foydalanish qoidalari 1-ilovaga muvofiq;

tabiiy gaz isteʼmolchilari va taʼminotchi korxonalarning huquq va majburiyatlari hamda ularning javobgarligi;

tabiiy gazga boʻlgan yillik ehtiyojni aniqlash tartibi;

isteʼmolchilarni tabiiy gaz tarmoqlariga ulash tartibi;

tabiiy gaz uchun hisob-kitoblarni amalga oshirish tartibi;

tabiiy gazdan oqilona, xavfsiz foydalanish va uni normalashni nazarda tutuvchi Tabiiy gazdan foydalanish qoidalari 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Energetika vazirligi Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari hamda sohadagi tegishli tashkilotlar bilan birgalikda ushbu qarorning ommaviy axborot vositalari va ijtimoiy tarmoqlarda keng yoritilishini tashkil etsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda energetika vaziri J.T. Mirzamahmudov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 31-maydagi 319-son qaroriga 1-ILOVA

Elektr energiyasidan foydalanish

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Qoidalar elektr energiyasini ishlab chiqarish, yetkazib berish va isteʼmol qilish sohasidagi talablarni belgilaydi.

2. Mazkur Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

avariya rejimi — elektr energetika obyektlarining ishlash texnologik parametrlarining yagona elektr energetika tizimi ishonchli ishlashining izdan chiqishiga va isteʼmolchilarga elektr energiyasini yetkazib berish cheklanishiga olib kelishi mumkinligiga yoʻl qoʻyib boʻlmaydigan tarzda chetga chiqishi;

blok-stansiyalar — isteʼmolchilarning yagona elektr energetika tizimiga bevosita yoki isteʼmolchilar tarmogʻi orqali ulangan hamda operativ-dispetcherlik boshqaruvi tizimiga kiradigan elektr stansiyalari;

illyuminatsiya va lampalar shodasi — restoran, kafe, bar, savdo va xizmat koʻrsatish korxonalari tomonidan yon atrofidagi daraxtlarga, konstruksiyalarga osilgan illyuminatsiya va lampalar shodasi;

isteʼmolchining ulangan quvvati — isteʼmolchining elektr energiyasini ishchi kuchlanishga aylantiruvchi transformatorlarining va 1000 V dan yuqori kuchlanishli elektr dvigatellarning elektr tarmoqlariga ulangan jami quvvati;

koʻrsatkichlarni nazorat tartibida tekshirish (aylanib chiqish) — taʼminotchining vakolatli xodimi tomonidan hisoblagichdan elektr energiyasining haqiqiy sarfi koʻrsatkichlarini olish va oʻrnatilgan plombalarning butligini koʻzdan kechirish hamda bir vaqtning oʻzida tegishli elektron dalolatnoma rasmiylashtirib, uni tegishli dasturiy taʼminot bazasiga kiritish. Elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimi (keyingi oʻrinlarda — EHNAT) dasturi orqali olingan maʼlumotlar — aylanib chiqish deb hisoblanmaydi;

maishiy isteʼmolchilar — elektr energiyasidan maishiy ehtiyojlar uchun foydalanuvchi aholi;

mayning — hisoblash operatsiyalarini bajarish orqali maʼlumotlarning taqsimlangan reyestrini yuritish, bloklarning yaxlitligini yaratish va tasdiqlash faoliyatidir;

maxsus tartibga koʻra elektr energiyasi yetkazib beriladigan isteʼmolchilar — alohida xavfli hamda elektr energiyasining uzib qoʻyilishi texnogen va avariya oqibatlariga olib kelishi mumkin boʻlgan uzluksiz texnologik jarayonga ega boʻlgan sanoat korxonalari, davlat hokimiyati oliy organlari uylari (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Senati va Qonunchilik palatasi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi, Oliy sud va boshqalar), mintaqaviy suv quvurlari boshqarmalari, issiqlik va ichimlik suvi bilan taʼminlash tashkilotlari, sudlar va huquqni muhofaza qiluvchi organlar, harbiy qismlar, shoshilinch tibbiy yordam markazlari va davlat tibbiyot muassasalarining reanimatsiya boʻlinmalari, metro va aeroport;

nazorat hisoblagichlari — elektr energiyasi sarfini nazorat qilish uchun foydalaniladigan va koʻrsatkichlari asosida alohida sexlar, texnologik liniyalar, koʻp energiya sarflaydigan uskunalar va bir necha oilalar yashaydigan xonadonlardagi alohida bir oila sarfini aniqlash imkonini beradigan hisoblash uskunasi;

namunali isteʼmolchi — EHNATga ulangan va masofadan boshqarish imkoniyatiga ega hisobga olish uskunasi bilan taʼminlangan, elektr energiyasi uchun muddati oʻtgan qarzdorligi mavjud boʻlmagan hamda elektr energiyasidan foydalanish va uni hisobga olish boʻyicha qoidabuzarliklarga yoʻl qoʻymagan isteʼmolchi (maishiy isteʼmolchilar va oxirgi ikki oy davomida toʻlov intizomiga rioya qilmagan isteʼmolchilar bundan mustasno);

nooqilona sarflash — elektr energiyasi sarfini kamaytirish imkoniyati boʻla turib, ushbu imkoniyatdan foydalanmasdan elektr energiyasi sarflanishi, shu jumladan, reaktiv quvvatni kompensatsiya qilmaslik;

reaktiv energiyaning iqtisodiy qiymati — oshib ketishi elektr energiyasi sifatining yomonlashuviga va elektr taʼminoti korxonasi tarmoqlarida energiya yoʻqotish ortishiga olib keladigan reaktiv energiyaning eng maqbul qiymati;

reaktiv energiyasi — elektromagnit maydon hosil qilish uchun sarflanadigan energiya;

Regulator — Oʻzbekiston Respublikasi Energetika bozorini rivojlantirish va tartibga solish agentligi;

samarasiz sarflash — elektr qurilmalarni hamda dvigatellarni ishlab chiqarish zarurati boʻlmagan holda jihozlarning unumsiz yoki behuda ishlashi oqibatida energiyaning toʻgʻridan-toʻgʻri isrof qilinishi;

subisteʼmolchi — taʼminotchi roziligi bilan isteʼmolchining elektr tarmoqlariga bevosita ulangan va isteʼmolchi bilan elektr taʼminoti shartnomasini tuzgan yuridik yoki jismoniy shaxs. Elektr energiyasi subisteʼmolchiga berilganda, isteʼmolchi mazkur Qoidalarga rioya qilish boʻyicha javobgar boʻladi;

tashqi reklama konstruksiyalari — ochiq maydonlarda joylashtirilgan maxsus, vaqtincha yoki statsionar inshootlarga, shuningdek, binolar, inshootlarning tashqi yuzalariga, devorlarga, tomlarga, panjaralarga, koʻcha jihozlari elementlariga, koʻchalar va yoʻllarning qatnov qismida, avtomobil yoqilgʻi quyish shoxobchalarida joylashtirilgan videoekranlar, elektron displeylar, media fasad va reklama koʻrinishidagi maʼlumotlarni aks ettiruvchi qurilmalar;

tizim operatori — yagona elektr energetika tizimi, magistral elektr tarmoqlari faoliyati texnologik rejimining tezkor-dispetcherlik boshqaruvini, shuningdek, uning boshqa davlatlar elektr energetika tizimlari bilan oʻzaro hamkorligini taʼminlovchi vakolatli tuzilma (“Milliy dispetcherlik markazi” davlat unitar korxonasi);

toʻlov hujjati — toʻlov tizimining qoidalari bilan belgilangan tarkibga, rekvizitlar formatiga ega boʻlgan hamda elektron toʻlovni amalga oshirish uchun zarur axborotni oʻz ichiga olgan, elektron raqamli imzo bilan tasdiqlangan toʻlov talabnomasi, toʻlov topshiriqnomasi yoki elektron toʻlov hujjati boʻlib, uning asosida taʼminotchining hisobvaragʻiga mablagʻlar oʻtkaziladi. Elektron toʻlov hujjatlari orqali naqd pulsiz hisob-kitoblarni amalga oshirishda ularning elektron toʻlovni amalga oshirish uchun zarur rekvizitlarni saqlagan holda qogʻozdagi shakli ham taʼminlanishi kerak;

cheklash — shartnomada nazarda tutilgan tadbirlarni amalga oshirish oqibatida muayyan vaqt oraligʻi davomida, shuningdek, taʼminotchining elektr tarmoqlarida fors-major holatlar tufayli paydo boʻlgan avariya rejimlari vaqtida isteʼmolchiga shartnomada belgilangan elektr energiyasini yetkazib berish miqdorining kamayishi;

elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlari — elektr energiyasini uzatish va yetkazib berish uchun moʻljallangan elektr energiyasi uzatish liniyalari, transformator podstansiyalari, taqsimlash punktlari;

elektr tarmogʻining balans boʻyicha mansublik chegarasi — elektr tarmogʻining balans boʻyicha mansubligi bilan aniqlanadigan, taʼminotchi va isteʼmolchi oʻrtasidagi elektr tarmogʻining boʻlinish nuqtasi;

elektr taʼminoti korxonasi — taʼminotchining tuman, shahar, iqtisodiy zona (sanoat zonasi) doirasida elektr energiyasini taqsimlash va sotish boʻlinmasi yoki mazkur funksiyalarni bajaruvchi xususiy korxona;

elektr taʼminoti shartnomasi — isteʼmolchida kerakli uskunalar va elektr energiyasi isteʼmolini hisoblagichlar mavjud boʻlgan taqdirda, taʼminotchiga elektr tarmogʻi orqali elektr energiyasini yetkazib berish majburiyatini yuklaydigan, isteʼmolchiga esa elektr energiyasi haqini toʻlash, shuningdek, elektr energiyasi isteʼmolining shartnomada nazarda tutilgan rejimiga rioya qilish, oʻz tasarrufida boʻlgan elektr tarmoqlarini ekspluatatsiya qilish, xavfsizligini hamda elektr energiyasi isteʼmoli bilan bogʻliq boʻlgan oʻzi foydalanadigan uskunalar va asboblarning soz holatda boʻlishini taʼminlashga doir chora-tadbirlarni bajarish majburiyatini yuklaydigan bitim;

elektr taʼminotining texnologik broni — texnologik jarayonni, ishlab chiqarish siklini tugallash uchun zarur boʻlgan elektr energiyasi yoki quvvati hajmi;

elektr energiyasi isteʼmolining shartnomadagi miqdori — elektr taʼminoti shartnomasida belgilangan va tegishli hisob-kitob davrida texnik shartlarga koʻra ruxsat etilgan quvvat, elektr qurilmalaridan foydalanilgan eng maqbul ish soatlari soni va ish kunlaridan kelib chiqqan holda hisoblangan elektr energiyasi (aktiv, reaktiv) miqdori;

elektr energiyasi isteʼmolchisi — elektr taʼminoti shartnomasiga muvofiq ishlab chiqarish va (yoki) maishiy ehtiyojlar uchun elektr energiyasidan foydalanuvchi yuridik yoki jismoniy shaxs;

elektr energiyasi sarfi hajmini hisobga olish uskunasi (keyingi oʻrinlarda — hisoblagich) — isteʼmol qilingan elektr energiyasining haq toʻlanishi lozim boʻlgan hajmni koʻrsatuvchi texnik vosita;

elektr energiyasi sifati — elektr energiyasi parametrlarining milliy standartlari boʻyicha belgilangan talablarga muvofiqligi;

elektr energiyasi taʼminotidagi tanaffus (uzib qoʻyish) — isteʼmolchiga elektr energiyasi yetkazib berishni toʻxtatish, avtomatika qurilmalarining muvaffaqiyatli ishlashi tufayli yoki elektr energiyasi isteʼmol qilishning cheklanishiga olib kelmaydigan, bir vaqtning oʻzida bir nechta liniyalar boʻyicha elektr energiyasini oluvchi isteʼmolchilar uchun bitta yoki bir nechta elektr energiyasi yetkazib berish liniyalarining uzib qoʻyilishi tufayli sodir boʻladigan tanaffuslar bundan mustasno;

elektr energiyasini isteʼmol qilish rejimi — ruxsat etilgan quvvat koeffitsiyentini ushlab turish, meʼyoriy kuchlanishni saqlab turish, tarmoqda elektr energiyasi yoʻqotishlarini meʼyordan oshirib ketmasligini taʼminlash;

elektr energiyasini qabul qilgich (elektr qabul qilgich) — elektr energiyasini boshqa turdagi energiyaga aylantiradigan uskuna (elektr jihozlar). Kuch transformatorlari elektr qabul qilgich hisoblanmaydi;

elektr qurilmasi — elektr energiyasini ishlab chiqarish, transformatsiya qilish (transformator), uzatish, taqsimlash hamda uni energiyaning boshqa turiga aylantirish uchun moʻljallangan mashinalar, apparatlar, elektr uzatish liniyalari va yordamchi uskunalar yigʻindisi (ular oʻrnatilgan inshootlar va binolar bilan birga);

energiya taʼminoti boʻyicha avariya broni — isteʼmolchilar faoliyati qisman yoki toʻliq toʻxtatilgan holda uskunalarni saqlash, insonlar hayotining xavfsizligini taʼminlash, avariya va qoʻriqlash yoritgichlari, shamollatish, suv haydash, suv taʼminoti, isitish, yongʻin xavfsizligi vositalari uchun zarur boʻlgan eng kam elektr quvvati miqdori yoki elektr energiyasi hajmi;

EHNATga mos keladigan hisoblagichlar — respublikaning har bir hududlarida joriy qilingan yagona CAS (Central AMI Systems — markaziy takomillashtirilgan oʻlchash infratuzilmasi tizimi) tizimiga mos keladigan hisoblagichlar;

EHNAT tizimi qurilmalari — aloqa modullari, antenna, modem, sim-kartalar, konsentratorlardan iborat uskunalar majmui;

yagona elektr energetika tizimi — elektr energiyasini hosil qiluvchi korxonalar, magistral elektr tarmoqlari, hududiy elektr tarmoqlari majmui va tezkor-dispetcherlik markazi;

hisobga olish nuqtasi — elektr taʼminoti sxemasidagi nuqta, unda oʻlchash asbobi (yoki hisobga olish tizimi) yordamida elektr energiyasi sarfining hajmi aniqlanadi;

hisobga olish tizimi — oʻlchov transformatorlari, ikkilamchi zanjirlar, sinov bloklari, oʻtuvchi klemmniklar va hisoblagichlardan tashkil topgan uskunalar majmui;

hisob-kitob davri — elektr energiyasi isteʼmolining sarfi (hajmi) aniqlanishi, isteʼmol qilingan elektr energiyasi uchun isteʼmolchi va taʼminotchi oʻrtasida oʻzaro hisob-kitob qilinishi kerak boʻlgan vaqt davri (oy);

hisoblagichning ulanish sxemasini tekshirish — taʼminotchi va (yoki) Oʻzenergoinspeksiya vakolatli xodimi tomonidan instrumental usul bilan isteʼmolchining hisoblagich va oʻlchov transformatorlarining ulanish sxemasi toʻgʻriligini tekshirish hamda bir vaqtning oʻzida tegishli elektron dalolatnoma rasmiylashtirilib, uni tegishli dasturiy taʼminot bazalariga kiritish, dalolatnoma Oʻzenergoinspeksiya xodimi tomonidan rasmiylashtirilganda, tegishli dasturiy taʼminot bazalariga kiritish uchun uni taʼminotchiga taqdim etish;

hisoblagich yoki EHNAT bazasi xotira maʼlumotlari — hisoblagichning xotirasida hamda EHNAT maʼlumotlarni saqlash bazasida (serveri) saqlab turiladigan barcha maʼlumotlar majmui;

HETK — viloyat, tuman (shahar), iqtisodiy zona (sanoat zonasi) doirasida elektr taʼminoti shartnomasi asosida isteʼmolchilarga elektr energiyasini sotish va taqsimlash huquqiga ega boʻlgan yuridik shaxs.

3. Isteʼmol qilingan elektr energiyasini hisobga olish uchun oʻlchash vositasi metrologik qiyoslashdan oʻtganligi toʻgʻrisida sertifikatga ega boʻlgan EHNATga mos keladigan hisoblagichlar qoʻllaniladi.

Taʼminotchilar vakolatli xodimi isteʼmolchilar bilan birgalikda zarur hollarda, isteʼmol qilingan elektr energiyasining amaldagi miqdorini aniqlash uchun ulardagi hisoblagich (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) koʻrsatkichlarini va hisoblagichlarning ulanish sxemasini tekshirib koʻradi. Isteʼmolchi tomonidan elektr energiyasi sarfi toʻgʻrisida taʼminotchiga belgilangan shakl boʻyicha bevosita oʻzi tomonidan yoki faks, elektron shaklda yoxud pochta aloqasi orqali taqdim etilgan hisobot yuridik shaxslar hamda tadbirkorlik faoliyatini amalga oshiruvchi jismoniy shaxslar uchun isteʼmol qilingan elektr energiyasining amaldagi hajmini aniqlash uchun asos boʻlib xizmat qiladi.

EHNATning joriy etilishi munosabati bilan isteʼmolchilarning hisoblagichlaridagi koʻrsatkichlari avtomatlashtirilgan tizimning texnik parametrlariga muvofiq yoki isteʼmolchining buyurtmasi boʻyicha yozib olinadi.

taʼminotchi shaxsiy hisobvaraq va hisoblagichlarning holati haqida batafsil maʼlumotlar doimiy asosda shakllantirilishini va idoralararo elektron hamkorlik qilish tizimiga real vaqt rejimida yuborilishini taʼminlaydi.

4. Isteʼmolchi oʻziga tegishli elektr tarmoqlariga kuchlanishi 1 000 V gacha boʻlgan qoʻshimcha elektr qurilmalarini ruxsat etilgan quvvat miqdori doirasida ulashi mumkin.

5. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasining (keyingi oʻrinlarda — Oʻzenergoinspeksiya) xodimlari elektr energiyasidan samarasiz va nooqilona foydalanish, elektr energiyasini isteʼmol qilish rejimiga rioya qilmaslik va elektr qurilmalarining avariya xavfini tugʻdiradigan yoki odamlar hayotiga xavf soladigan qoniqarsiz texnik holati hamda elektr tarmoqlariga noqonuniy ulanish, shuningdek, hisoblagichlarga qasddan shikast yetkazganlik, hisoblagichlar koʻrsatkichlarini oʻzgartirish maqsadida ularga tashqaridan aralashish holatlari aniqlanganda, tegishli taʼminotchiga yoki isteʼmolchiga ushbu elektr qurilmalar elektr energiyasi taʼminotini toʻxtatib qoʻyish toʻgʻrisida majburiy koʻrsatma berish huquqiga ega.

Oʻzenergoinspeksiya tomonidan isteʼmolchida elektr energiyasidan nooqilona foydalanganlik, elektr energiyasini tejash boʻyicha tashkiliy-texnik tadbirlarni bajarmaslik, texnik shart talablari boʻyicha qayta tiklanuvchi energiyasi manbalarni joriy etmaslik holatlari aniqlangan taqdirda (tegishli imzolangan dalolatnomaga muvofiq), taʼminotchi ushbu holatdan kelib chiqqan holda elektr energiyasi isteʼmolining shartnomadagi miqdorini kamaytirishga haqli.

6. Taʼminotchiga elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlaridagi avariyalarning oldini olish va bartaraf etish yoki odamlar xavfsizligini taʼminlash ishlari bilan bogʻliq kechiktirib boʻlmaydigan chora-tadbirlarni amalga oshirish zarur boʻlganda, isteʼmolchi bilan kelishmasdan va uni ogohlantirmasdan, biroq uni darhol xabardor qilgan holda elektr energiyasini uzatishni uzib qoʻyish yoki cheklashga ruxsat etiladi.

7. Obyektning elektr taʼminoti loyihasida koʻzda tutilgan zaxira manbaini avtomatik ishga tushirish, taʼminot manbaini qayta ulash yoki chastotali avtomatik yuksizlantirish vaqtida elektr energiyasining uzib qoʻyilishi (sabablaridan qatʼi nazar) elektr taʼminotida tanaffus deb hisoblanmaydi.

8. Vakolatli davlat organlari maxsus qoidalar boʻyicha foydalaniladigan elektr qurilmalarini qonunchilik hujjatlariga muvofiq energetika nazoratidan oʻtkazadi.

Elektr tarmoqlari, qurilmalar, asboblar va uskunalarning texnik holatiga va ularni ekspluatatsiya qilishga qoʻyiladigan talablar, shuningdek, ularga rioya etilishini nazorat qilish tartibi elektr energetika sohasidagi qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.

9. Oʻzenergoinspeksiya va uning hududiy boshqarmalari tomonidan davlat nazoratining amalga oshirilishi isteʼmolchilarni oʻzlari ekspluatatsiya qilayotgan elektr tarmoqlari, asboblar va uskunalarning zarur texnik holati va xavfsizligi taʼminlanishi, elektr energiyasi isteʼmolining belgilangan rejimiga rioya etilishi uchun javobgarlikdan, shuningdek, elektr energiyasidan foydalanish paytida paydo boʻladigan avariyalar, yongʻinlar, hisoblagichlarning nosozliklari va boshqa qoida buzarliklar toʻgʻrisida taʼminotchini darhol xabardor qilish majburiyatidan ozod qilmaydi.

10. Umumiy foydalanishdagi elektr tarmoqlariga oʻzboshimchalik bilan ulanish yoxud hisoblagichlarga, shu jumladan ularning plombalariga qasddan zarar yetkazish yoxud hisoblagichlarning koʻrsatkichlarini oʻzgartirish maqsadida ularga tashqaridan aralashish yoʻli bilan oʻgʻrilik sodir etgan, elektr energiyasining behuda sarflanishiga yoʻl qoʻygan va Oʻzenergoinspeksiya koʻrsatmalarini bajarmagan isteʼmolchilar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladilar.

2-bob. Elektr energiyasi isteʼmolchilarining huquq va majburiyatlari

11. Elektr energiyasi isteʼmolchilari quyidagi huquqlarga ega:

oʻz elektr qurilmalarini texnik shartlarga muvofiq elektr tarmoqlariga ulash;

sifat koʻrsatkichlari davlat standartlariga muvofiq boʻlgan elektr energiyasini olish;

elektr energiyasini yetkazib berishning toʻxtatib qoʻyilishi sabablari toʻgʻrisida belgilangan tartibda axborot olish;

taʼminotchiga ular isteʼmol qiladigan elektr energiyasi hajmlarining oʻzgartirilishi toʻgʻrisida belgilangan tartibda takliflar kiritish. Bunda elektr energiyasining shartnomadagi hajmini oʻzgartirish boʻyicha taklif moʻljallanayotgan hisobot oyi boshlanishidan 10 kun oldin berilishi kerak;

elektr energiyasi toʻliq hajmda yetkazib berilmasligi yoki sifat koʻrsatkichlari milliy standartlariga muvofiq boʻlmagan elektr energiyasi yetkazib berilishi oqibatida taʼminotchi tomonidan yetkazilgan zararlarni belgilangan tartibda qoplashni talab qilish;

elektr taʼminoti shartnomasi bekor qilinganda foydalanilmay qolgan elektr energiyasi miqdori uchun toʻlangan mablagʻni qaytarishni talab qilish;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq bir taraflama tartibda elektr taʼminoti shartnomasini bekor qilish;

elektr energiyasi yetkazib berilishi asossiz ravishda toʻxtatilganda, yetkazilgan zararni qoplashni talab qilish;

elektr taʼminoti shartnomalarini tuzish va bajarishda yuzaga kelayotgan nizolarni hal etish uchun sudga yoki boʻysunishi boʻyicha yuqori tashkilotga, mansabdor shaxsga murojaat qilish.

Elektr energiyasi isteʼmolchilari qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

12. Elektr energiyasi isteʼmolchilari quyidagilarga majbur:

taʼminotchi tomonidan belgilangan elektr energiyasini isteʼmol qilish rejimiga rioya etish;

foydalanilgan elektr energiyasi uchun oʻz vaqtida haq toʻlash;

ishlatilayotgan elektr qurilmalari, asboblar va asbob-uskunalarning zarur texnik holatini va isteʼmolchilarning elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilishda xavfsizlik texnikasi qoidalariga rioya qilinishini taʼminlashga, HETK yoki elektr taʼminoti korxonasiga elektr asbob-uskunalari, hisoblagich va oʻlchov transformatorlarining nosoz holati, ulardagi oʻrnatilgan plombalarning buzilganlik holatini koʻrganda, elektr taʼminoti korxonasiga xabar qilish;

ishlab chiqarilayotgan mahsulot va koʻrsatilayotgan xizmat birligiga elektr energiyasi sarfi meʼyorlarini ishlab chiqish va belgilangan tartibda tasdiqlash (maishiy isteʼmolchilardan tashqari);

elektr energiyasini iqtisod qilish boʻyicha yillik tashkiliy-texnik chora-tadbirlarni tasdiqlash hamda ularni ijrosini taʼminlash (maishiy isteʼmolchilardan tashqari);

elektr energiyasidan oqilona foydalanish chora-tadbirlarini amalga oshirish;

Oʻzenergoinspeksiyaning koʻrsatmalarini oʻz vaqtida bajarish;

Elektr qurilmalarining tuzilish qoidalari talablariga rioya etish;

belgilangan tartibda taʼminotchi va Oʻzenergoinspeksiya xodimiga xizmat guvohnomalari boʻlgan taqdirda, sutkaning istalgan vaqtida hisoblagich koʻrsatkichlarini yozib olish va ularning holati, ulanish sxemalari va qurilmalarini koʻrikdan oʻtkazish uchun toʻsqinliksiz borib koʻrish imkonini berish (maishiy isteʼmolchilardan tashqari);

yil mobaynida yangi ishga tushiriladigan elektr qurilmalaridan foydalanish boshlanishidan kamida bir oy oldin (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) elektr energiyasining zarur miqdori uchun taʼminotchiga buyurtmanoma berish;

kelgusi yil uchun elektr energiyasiga boʻlgan ehtiyojni aniqlashda elektr energiyasini elektr tarmoqlaridan uzatishda, ishlab chiqariladigan mahsulotning (ishlar turlarining) texnologik jarayoni ishlab chiqarish ehtiyojlariga, ishlab chiqarish binolari va maʼmuriy binolarni yoritishga, isitishga, shamollatishga elektr energiyasi sarfini, shuningdek, ushbu elektr tarmoqlariga ulangan subisteʼmolchilarning ehtiyojini hisobga olish (maishiy isteʼmolchilardan tashqari);

ruxsat etilgan quvvati 50 kVt va undan ortiqni tashkil etgan barcha isteʼmolchilar (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) reaktiv energiyani kompensatsiyalovchi qurilmalarni oʻrnatishga va ushbu qurilmalarni soz holatda ishlab turishini taʼminlash;

ishlab chiqariladigan mahsulot va koʻrsatiladigan xizmatlar birligiga sarflanadigan elektr energiyasining belgilangan meʼyorlardan oshmaslik;

qonunchilikda belgilangan tartibda va muddatda majburiy energetika tekshiruvi (energoaudit) va ekspertizani oʻtkazish;

ishlab chiqariladigan mahsulot va koʻrsatiladigan xizmatlar birligiga sarflanadigan elektr energiyasi meʼyorlari taʼminlanishi uchun yillik elektr energiyasini iqtisod qilish boʻyicha tashkiliy-texnik tadbirlar ishlab chiqilishi va ularning bajarilishini taʼminlash.

Ulangan quvvati 5 megavatt va undan ortiq boʻlgan elektr energiyasi isteʼmolchilari taʼminotchi talabiga koʻra quyidagilarni hisobga olishi va bu haqida taʼminotchini xabardor qilishi shart:

isteʼmol qilinayotgan quvvatning har sutkalik, har oylik sarfi va amaldagi miqdorini;

yagona elektr energetika tizimining eng koʻp va eng kam yuklamali davrlarida reaktiv energiya va quvvatning har sutkalik sarfini;

yagona elektr energetika tizimining eng koʻp yuklamasining oʻtish davrida aktiv energiya (quvvat)ning har 30 daqiqadagi sarfini.

13. Obyektlaridan magistral elektr tarmoqlari sifatida foydalaniladigan isteʼmolchilar taʼminotchi bilan elektr energiyasi uzatish xizmatlarini koʻrsatish yuzasidan shartnomalar tuzish huquqiga ega emas.

14. Ulangan quvvati 250 kVA va undan ortiq boʻlgan isteʼmolchilar mazkur Qoidalarning 12-bandida koʻrsatilgan majburiyatlar bilan birgalikda quyidagilarga majbur:

mahsulot birligini ishlab chiqarish (ishlarni amalga oshirish) uchun elektr energiyasi sarfining texnik va iqtisodiy jihatdan asoslangan ilgʻor normalarini ishlab chiqish — umumiy ishlab chiqarish va texnologik; yakka tartibdagi va guruh boʻyicha; yillik, choraklik va oylik — ularni ishlab chiqarishni tashkil etish texnologiyasi takomillashtirilishi (oʻzgartirilishi) va yangi texnika joriy etilishiga qarab qayta koʻrib chiqish;

ishlab chiqarish korxonalari tomonidan har bir ishlab chiqarish sexlarida ishlab chiqarilgan mahsulot birligiga sarflangan elektr energiyasi miqdorini aniqlash uchun nazorat hisoblagichlarini oʻrnatish;

mahsulot (ish, xizmatlar) birligiga elektr energiyasi sarfining tasdiqlangan meʼyorlariga rioya qilish va ularni kamaytirish boʻyicha belgilangan tadbirlarning bajarilishini taʼminlash;

korxona boʻyicha, shu jumladan, koʻp energiya sarflaydigan uskunalar, sexlar va isteʼmolchilar guruhlari boʻyicha elektr energiyasi ishlab chiqarish va isteʼmol qilish balansini tuzish hamda ular asosida ishlab chiqarish jarayonlarida elektr energiyasidan foydalanish samaradorligini tahlil qilish, elektr energiyasining samarasiz sarflanishi va isrof boʻlishini aniqlash, ularni kamaytirish va bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish;

kelgusi davr uchun elektr energiyasiga boʻlgan ehtiyojni va elektr tarmoqlarining energiya oʻtkazish qobiliyatini oshirish, elektr taʼminoti sxemalarini takomillashtirish zaruratini aniqlash maqsadida (mahsulot ishlab chiqarishning, bajariladigan ish turlarining moʻljallanayotgan prognoz hajmlaridan va elektr energiyasi sarfi meʼyorlaridan kelib chiqib, ularni kamaytirish va elektr energiyasini tejashni hisobga olgan holda) bir yil va kelgusi davr uchun elektr energiyasi ishlab chiqarish va isteʼmol qilish balanslarini tuzish;

elektr energiyasini tejash boʻyicha (yillik va uzoq istiqbol uchun) tashkiliy-texnik tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish.

3-bob. HETKning huquq va majburiyatlari

15. Taʼminotchi quyidagi huquqlarga ega:

isteʼmolchilardan ushbu Qoidalarda va elektr taʼminoti shartnomasida belgilangan majburiyatlarni tegishli darajada bajarishni talab etish;

isteʼmolchilar tomonidan elektr taʼminoti shartnomasi shartlari uzrli sabablarsiz bajarilmasligi yoki buzilishi oqibatida unga yetkazilgan zararning belgilangan tartibda qoplanishini talab etish;

Oʻzenergoinspeksiya koʻrsatmasi yoki energiya resurslaridan foydalanish talablariga amal qilinishini tekshirish, shu jumladan, hisoblagichlarni koʻzdan kechirish uchun hududga kirishga qarshilik qilganda, texnik nosoz va avariya keltirib chiqarish mumkin boʻlgan qurilmalardan foydalanilganda, elektr taʼminoti yetkazib berish toʻxtatib qoʻyish (oʻchirish);

isteʼmol qilingan elektr energiyasi uchun toʻlov elektr taʼminoti shartnomasida belgilangan miqdorlarda va muddatlarda amalga oshirilmagan taqdirda, shuningdek, EHNATga ulangan va oldindan toʻlangan mablagʻ tugagandan soʻng elektr energiyasi uchun oldindan toʻlovni amalga oshirish qurilmasiga ega hisoblagich mavjud boʻlgan isteʼmolchilarni elektr tarmoqlaridan uzish, elektr energiyasi maxsus tartibga koʻra yetkazib beriladigan isteʼmolchilar bundan mustasno;

metall prokatini ishlab chiqaruvchi va (yoki) qayta ishlovchi korxonalar tomonidan induksion pechlardan foydalangan holda, qurilish uchun ishlab chiqarilgan metall prokati Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining belgilangan talablarga nomuvofiq deb topilgan xulosasiga asosan elektr taʼminoti shartnomasini bir tomonlama bekor qilish;

kelishilgan elektr taʼminoti loyihasida nazarda tutilgan reaktiv energiyani kompensatsiyalovchi qurilmalarni oʻrnatmagan yoki soz holda ishlab turishini taʼminlamagan isteʼmolchilarni elektr tarmoqlaridan uzish;

elektr energiyasini maxsus tartibga koʻra yetkazib beriladigan isteʼmolchilarda qarzdorlik vujudga kelgan taqdirda, haq toʻlanmaganligi uchun elektr energiyasi yetkazib berilishini belgilangan tartibda elektr taʼminotining avariya bronigacha, toʻliq uzib qoʻyish esa — faqat qonuniy kuchga kirgan sud qaroriga koʻra cheklash;

elektr tarmogʻidan uzishga elektr taʼminoti korxonasi xodimini hududga kiritmagan taqdirda, qarzdor isteʼmolchini elektr tarmogʻining asosiy ulanish nuqtasidan uzish;

taʼminotchi vakolatli xodimining shaxsiy guvohnomasi boʻlgan taqdirda, sutkaning istalgan vaqtida hisoblagichlarning koʻrsatkichlarini yozib olish va koʻrikdan oʻtkazish uchun isteʼmolchilarning hisoblagichlar va ularning ulanish sxemalarini toʻsqinliksiz borib koʻrish.

Taʼminotchi qonunchilikda belgilangan boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

Taʼminotchi mazkur Qoidalar va boshqa normativ-huquqiy hujjatlarda nazarda tutilgan holatlarda isteʼmolchilarni elektr tarmoqlaridan uzish oqibatlari uchun javobgar boʻlmaydilar.

16. Taʼminotchi quyidagilarga majbur:

elektr energiyasini elektr tarmoqlarining balans boʻyicha mansublik chegarasiga elektr taʼminoti shartnomasida koʻrsatilgan hajmda uzluksiz yetkazib berish;

uskunalarni, elektr uzatish tarmoqlarini, hisoblagichlarni ekspluatatsiya qilish, ularga xizmat koʻrsatish va uskunalarni taʼmirlash, shuningdek, oʻz elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlarida nosozliklarni bartaraf etish;

oʻz elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlarida elektr energiyasi sifat koʻrsatkichlarini davlat standartlarida belgilangan darajada saqlab turish;

elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlarining rejali taʼmirlanishi tufayli elektr energiyasi bilan taʼminlashdagi mumkin boʻlgan uzilishlar toʻgʻrisida kamida 3 kun oldin ogohlantirish;

isteʼmolchilarga elektr energiyasi yetkazib berishning toʻxtatib turilishi va buning sabablari toʻgʻrisida maʼlumot berish;

joriy etiladigan cheklashlar haqida cheklashning hajmi va vaqtini koʻrsatgan holda oʻz vaqtida xabar qilish;

Oʻzenergoinspeksiyaning koʻrsatmalariga muvofiq isteʼmolchilarga elektr energiyasi yetkazib berilishini qisman yoki toʻliq toʻxtatib qoʻyish;

elektr energiyasining oʻz elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlari boʻylab uzatilishidagi texnologik yoʻqotishlarning ruxsat etilgan meʼyorlarini hisoblab chiqish va Regulatorga tasdiqlash uchun kiritish;

isteʼmolchilarning elektr energiyasi toʻliq yetkazib berilmaganligi yoki elektr taʼminotida boshqa qoida buzilishlar toʻgʻrisidagi arizalarini isteʼmolchidan ariza olingan kundan boshlab oʻn kundan kechikmay koʻrib chiqish, ushbu qoida buzilishlarini bartaraf etish va isteʼmolchilarga ushbu Qoidalarga muvofiq batafsil javob yuborish;

Oʻzenergoinspeksiyaning mazkur Qoidalar talablari buzilishi toʻgʻrisidagi dalolatnomalari boʻyicha undirilgan toʻlovlar toʻgʻrisida maʼlumotni har oy Oʻzenergoinspeksiyaga taqdim etib borish;

oʻz elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlarida elektr energiyasining texnologik sarflarini qisqartirish boʻyicha tashkiliy-texnik tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish;

elektr energiyasining elektr tarmoqlari mansublik chegarasida hisobga olinmagan isteʼmolini aniqlash;

har oyda bevosita isteʼmolchilar tomonidan foydalanilgan energiya resurslari hajmi va tegishli hududlar chegarasidagi tarmoqlarga yetkazib berilgan hajm oʻrtasida tafovut mavjudligi haqidagi maʼlumotlarni rasmiylashtirish hamda Oʻzenergoinspeksiyaga taqdim qilish;

isteʼmolchilar tomonidan buyurtma berilgan elektr energiyasi hajmini yetkazib berishning texnik imkoniyatlarini va ulardagi hisoblagichlarni mazkur Qoidalar talablariga muvofiqligini baholash boʻyicha xulosa berish;

isteʼmolchilarning elektr tarmoqlari va qurilmalarini oʻz hududiy elektr tarmoqlariga ulash yuzasidan texnik shartlar berish;

isteʼmolchilarga yetkazib berilgan elektr energiyasini belgilangan tartibda hisobga olib borish;

yuridik shaxs hisoblangan isteʼmolchilardagi muddati oʻtgan debitor qarzdorliklarni kamaytirish yuzasidan tegishli choralar koʻrish;

isteʼmolchining belgilangan tartibda kiritilgan takliflariga muvofiq besh kun muddatda elektr energiyasining oylik shartnomaviy hajmiga oʻzgartirishlar kiritish, elektr energiyasining oylik shartnomaviy miqdorini koʻpaytirish (kamaytirish) mumkin boʻlmagan taqdirda — bu haqda rad etish sababini koʻrsatgan holda isteʼmolchiga xabar qilish;

har yili isteʼmolchilarning barcha toifalari buyurtmanomalarini umumlashtirish asosida elektr energiyasi isteʼmolining prognoz koʻrsatkichlarini, shu jumladan, aholi isteʼmolini, oʻz ehtiyojlariga va kelgusi yilda uni uzatishga texnologik sarfni shakllantirish, yil mobaynida yangi ishga tushiriladigan obyektlar uchun zaxiralarni nazarda tutish va 1-oktabrgacha taʼminotchiga taqdim etish;

kelgusi yil uchun elektr energiyasi isteʼmoli miqdorlarini mahalliy davlat hokimiyati organlari bilan kelishish;

maishiy isteʼmolchining arizasiga asosan ariza berilgan paytning oʻzida toʻlovlarning holati va isteʼmol qilingan elektr energiyasi uchun qarzdorlikning mavjud emasligi (mavjudligi) toʻgʻrisida maʼlumotnomalar taqdim etish;

isteʼmolchilarga oʻrnatilgan hisoblagichlarni belgilangan tartibda almashtirish, oʻrnatish va ularni plombalash;

isteʼmolchilarning hisoblagichlarini belgilangan tartibda oʻz vaqtida qiyoslovdan oʻtkazish.

Taʼminotchi:

Oʻzenergoinspeksiya tomonidan elektr energiyasining nooqilona sarflanishi, elektr qurilmalarining avariya xavfini tugʻdiradigan yoki insonlar hayoti va sogʻligʻiga xavf soladigan qoniqarsiz texnik holati, shuningdek, boshqa qoidabuzarliklar aniqlanib, qoidabuzarlarni elektr tarmoqlaridan uzib qoʻyish boʻyicha topshiriq berilganda, ushbu topshiriqni zudlik bilan bajaradi va ijro etilganligi toʻgʻrisida Oʻzenergoinspeksiyaga xabar beradi;

Oʻzenergoinspeksiyaga elektr energiyasi isteʼmoli yuzasidan davlat nazorat tadbirlarini amalga oshirishda tafovutlarni aniqlash maqsadida elektr energiyasini nazorat qilish hamda hisobga olishning avtomatlashtirilgan tizimlaridagi elektr energiyasi isteʼmoli toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni monitoring qilish imkoniyatini taʼminlash uchun soʻralgan zarur maʼlumotlarni taqdim etib boradi.

Elektr energiyasini isteʼmol qilish rejimiga rioya qilmay, elektr energiyasi isteʼmoli yoki quvvatining shartnomaviy miqdoridan oshib ketishiga yoʻl qoʻygan va belgilangan elektr energiyasi isteʼmolini cheklash jadvalini bajarmagan kunlarda sifati past elektr energiyasi yetkazib berilganligi, shuningdek, zaxira manbaini avtomatik ulash, taʼminot manbaini avtomatik qayta ulash va avtomatik chastotali yuksizlantirish vaqtida elektr taʼminotidagi tanaffuslar uchun taʼminotchi isteʼmolchi oldida moddiy javobgar boʻlmaydi.

Elektr taʼminoti shartnomasi boʻyicha majburiyatlar bajarilmagan yoki zarur tarzda bajarilmagan hollarda, taʼminotchi buning natijasida isteʼmolchiga yetkazilgan zararni qoplashga, isteʼmolchi esa taʼminotchiga yetkazilgan zararni qoplashga majbur.

Rasmiylashtirilgan elektr taʼminoti shartnomasini bir ish kuni ichida taʼminotchining dasturiy taʼminot bazalariga kiritish.

4-bob. Elektr energiyasini ishlab chiqarish, uzatish, taqsimlash va isteʼmol qilish ustidan davlat nazorati

17. Elektr energiyasini ishlab chiqarish, uzatish, taqsimlash, isteʼmol qilish sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar, shuningdek, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga rioya qilinishi yuzasidan davlat nazorati (maishiy isteʼmolchilar bundan mustasno) qonunchilik hujjatlariga muvofiq Oʻzenergoinspeksiya tomonidan amalga oshiriladi.

18. Oʻzenergoinspeksiya quyidagi huquqlarga ega:

xodimlari xizmat guvohnomalari boʻlgan taqdirda, sutkaning istalgan vaqtida (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) isteʼmolchilarning hisoblagich koʻrsatgichlarini yozib olish va ularning holati, ulanish sxemalari va qurilmalarini koʻrikdan oʻtkazish uchun hisoblagichlar, sxemalar hamda qurilmalarni toʻsqinliksiz borib koʻrish;

xoʻjalik yurituvchi subyektlar faoliyatini tekshirmagan holda elektr energiyasini behuda sarflash va ulardan noqonuniy foydalanish holatlarini aniqlash borasida davlat nazoratini amalga oshirish bilan bogʻliq nazorat tadbirlarini oʻtkazish;

elektr energiyasidan behuda foydalanganligi uchun yuridik shaxslarga nisbatan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda iqtisodiy va (yoki) maʼmuriy jazo choralarini belgilangan tartibda qoʻllanilishini taʼminlash;

tekshirishlarga taʼminotchining xodimini jalb etish;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasi qarorlari hamda topshiriqlariga muvofiq respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari hamda ijtimoiy soha tashkilotlari tomonidan qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalari joriy etilishini nazorat qilish va belgilangan koʻrsatkichlarning bajarilishi taʼminlanmagan taqdirda, ularning mansabdor shaxslariga nisbatan choralar koʻrish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritib borish;

Oʻzenergoinspeksiya tomonidan qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etmaslik holatlari aniqlangan taqdirda, taʼminotchining xodimlari bilan birgalikda isteʼmolchilarga elektr energiyasi yetkazib berishni toʻxtatish boʻyicha plombalar oʻrnatish va dalolatnoma bilan isteʼmolchi ishtirokida rasmiylashtirish;

Oʻzenergoinspeksiya tomonidan isteʼmolchilarning elektr uskunalarida reaktiv quvvat kompensatsiyasining maqbul darajasi taʼminlanishi yuzasidan nazoratni amalga oshirish.

5-bob. Isteʼmolchilarning yangi va qoʻshimcha quvvatlarini yagona elektr energetika tizimi tarmoqlariga ulash uchun texnik shartlarni berish va elektr taʼminoti loyihalarini kelishish

19. Isteʼmolchilarning yangi va qoʻshimcha quvvatlarini yagona elektr energetika tizimi tarmoqlariga ulash uchun texnik shartlarni berish tartibi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

20. Texnik shartlar soʻralayotgan quvvatga qarab, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ yoki uning hududiy filiallari tomonidan davlat xizmatlari markazlari (keyingi oʻrinlarda — DXM) yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali beriladi.

“Hududiy elektr tarmoqlari” AJ elektr tarmogʻiga ulashi mumkin boʻlgan zaxira quvvati va manbalari toʻgʻrisida bir yilda ikki marotaba yangilagan holda oʻz veb-saytida maʼlumot berib boradi.

Bunda, agar soʻralayotgan quvvatning ulanishi toʻgʻridan-toʻgʻri:

“Hududiy elektr tarmoqlari” AJ tarmoqlariga moʻljallanayotgan boʻlsa, texnik shartlar “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ yoki uning hududiy filiallari tomonidan ishlab chiqiladi va beriladi;

“Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ yoki isteʼmolchi tarmoqlariga moʻljallanayotgan boʻlsa, texnik shartlar ushbu tarmoqlar egasi tomonidan ishlab chiqiladi va “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ orqali belgilangan tartibda beriladi. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ yoki isteʼmolchi oʻrtasidagi oʻzaro munosabatlar Vazirlar Mahkamasining hujjatlari bilan tartibga solinadi.

21. Texnik shartlarning bajarilishi barcha isteʼmolchilar, loyihalashtirish, qurilish-montaj va ishga tushirish-sozlash tashkilotlari uchun majburiy hisoblanadi.

22. Isteʼmolchilar uchun texnik shartlar toʻlov undirilmasdan beriladi.

23. Texnik shartlar boʻyicha ishlab chiqilgan elektr taʼminoti loyihalarini kelishish va isteʼmolchilarning yangi va qoʻshimcha quvvati yagona elektr energetika tizimi tarmoqlariga DXM yoki YIDXP orqali qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ulanadi.

24. Elektr qurilmalarining qoʻshimcha quvvati ulanganda, zaxira elektr taʼminotini talab etadigan toifaga oʻtish munosabati bilan elektr qurilmalarining elektr taʼminoti ishonchliligi boʻyicha toifasi oʻzgarganda hamda tashqi elektr taʼminoti sxemasi oʻzgargan taqdirda, isteʼmolchi qoʻshimcha texnik shartlar olishga majburdir.

25. Isteʼmolchining ulangan quvvati texnik shartlar va elektr taʼminoti shartnomasida belgilangan miqdordan oshirib yuborilganda, isteʼmolchining elektr tarmoqlari toʻgʻridan-toʻgʻri ulangan tashkilot (“Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ yoki taʼminlovchi isteʼmolchi) tomonidan qoʻshimcha ulangan quvvat uzib qoʻyiladi.

Bunda isteʼmolchi tomonidan isteʼmol qilishga ruxsat etilgan quvvatning oshirilishi tufayli avariya holati yuzaga kelganda va/yoki yagona elektr energetika tizimi tarmoqlariga zarar yetkazilganda, isteʼmolchidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda yetkazilgan haqiqiy zarar summasi undiriladi.

26. Subisteʼmolchilar texnik shartlarni taʼminotchining ruxsati bilan isteʼmolchidan oladi va elektr taʼminoti loyihasini Oʻzenergoinspeksiya va isteʼmolchi bilan kelishadi.

27. Subisteʼmolchining yuklamasi ortishi sababli isteʼmolchining tashqi elektr taʼminoti sxemasini oʻzgartirish yoki elektr taʼminoti shartnomasida qayd etilgan transformatorlar va yuqori kuchlanishli dvigatellar quvvatini oshirish zarurati yuzaga kelsa, isteʼmolchi yuklamani oshirish boʻyicha texnik shartlarni oladi.

28. Isteʼmolchi, agar unda texnik imkoniyat mavjud boʻlsa, taʼminotchining talabi boʻyicha oʻz elektr tarmoqlariga boshqa isteʼmolchilarning elektr qurilmalarini ulashi shart.

29. Isteʼmolchilarning elektr qurilmalari tarmoq transformatorlardan yoki HETK past kuchlanishli tarmoqlaridan taʼminlanganda, isteʼmolchining ulangan quvvati uchun foydalanishga ruxsat etilgan quvvat qabul qilinadi, uning miqdori HETK tomonidan belgilanadi hamda elektr taʼminoti shartnomasida koʻrsatiladi.

Kuchlanishi 1000 V va undan yuqori boʻlgan transformatorlar yoki dvigatellarning yangi yoki qoʻshimcha quvvatlarini ulashga, HETKning tarmoq transformatorlariga past kuchlanishli qurilmalarning yangi quvvatini ulashga yoki ularning ruxsat berilgan quvvatini oshirish uchun texnik shartlar HETK tomonidan isteʼmolchi-buyurtmachidan (quruvchidan) yoki uning topshirigʻi boʻyicha bosh loyiha tashkilotidan buyurtma olingandan soʻng belgilangan tartibda beriladi.

30. Tadbirkorlik subyektlariga texnik shartlar DXM yoki YIDXP orqali qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda beriladi. Bunda isteʼmolchilarning xohishiga koʻra ularni elektr tarmoqlariga “tayyor holda” ulash mumkin.

31. Isteʼmolchi texnik shartlarni olish boʻyicha buyurtmanomada loyihalashtirilayotgan obyektni tavsiflovchi quyidagi maʼlumotlarni qisqacha shaklda koʻrsatadi:

yuklama miqdori;

isteʼmolchining elektr taʼminoti ishonchliligi boʻyicha toifasi;

joylashgan joyi;

obyektni loyihalashtirish va qurish muddatlari.

32. Isteʼmolchi quyidagi hollarda qoʻshimcha texnik shart olishga majbur:

elektr taʼminotining ishonchliligi zaxira taʼminot talab etadigan toifaga oʻtganda;

elektr qurilmalarning qoʻshimcha quvvati ulanganda;

tashqi elektr taʼminoti sxemasi oʻzgarganda.

Belgilangan quvvat texnik shartlar va elektr taʼminoti shartnomasida belgilangan miqdordan oshirib yuborilganda, taʼminotchi tomonidan qoʻshimcha ulangan quvvat uzib qoʻyiladi. Ushbu holat takroriy aniqlanganda isteʼmolchi elektr tarmogʻidan toʻliq uziladi.

Bunda isteʼmolchi tomonidan isteʼmol qilishga ruxsat etilgan quvvatning oshirilishi tufayli avariya holati yuzaga kelganda va (yoki) taʼminotchining elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlariga zarar yetkazilganda, isteʼmolchidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda yetkazilgan haqiqiy zarar summasi ham undiriladi.

33. Obyektni elektr tarmoqlariga ulash uchun texnik shartlar mavjud texnik imkoniyatlaridan kelib chiqib, eng yaqin elektr tarmoq xoʻjaligi obyektlaridan, ularning istiqbolda rivojlanishi va bandlik darajasi hisobga olingan holda beriladi va ushbu shartlarda quyidagilar koʻrsatiladi:

isteʼmol qilishga ruxsat etilgan elektr qurilmalarining quvvati;

ulanish nuqtasi (podstansiya, elektr stansiyasi yoki elektr uzatish liniyasi), obyekt ulanadigan tarmoq kuchlanishi, alohida holatlarda tashqi elektr energiyasi taʼminoti sxemasi variantlarini ishlab chiqish zarurati koʻrsatiladi;

yangi isteʼmolchining ulanishi tufayli mavjud tarmoqni kuchaytirish boʻyicha asoslangan talablar (simlar kesimlarini oshirish, transformatorlarni almashtirish, zaxira yacheykalar oʻrnatish va shu kabilar);

qisqa tutashish toklarining hisoblangan miqdori, releli himoya, avtomatika, aloqa, izolyatsiya va oʻta kuchlanishdan himoyaga qoʻyiladigan talablar;

quvvati 50 kVt va undan yuqori boʻlgan isteʼmolchilar uchun reaktiv quvvat oʻrnini toʻldirishga qoʻyiladigan talablar;

elektr energiyasini hisobga olish boʻyicha qoʻyiladigan talablar;

isteʼmolchining hududiy elektr tarmoqlari taʼminlovchi liniyalari ulanadigan elektr qurilmalariga qoʻyiladigan oʻziga xos talablar (yagona elektr energetika tizimida quvvat tanqisligi paydo boʻlganda, bunday elektr qabul qilgichlarning elektr taʼminotini saqlash maqsadida zaxira energiya manbaining, kuchlanish beriladigan joylarni avtomatik himoya qilishning zarurligi, taʼminlovchi liniyalarning parallel ishlashiga yoʻl qoʻyilishi, ayrim zaxira taʼminlovchi liniyalarga yuklamalarni ajratish va boshqalar);

isteʼmolchi tarmogʻiga ulanadigan subisteʼmolchilar roʻyxati (ularning yuklamalari va elektr energiyasi isteʼmoli toʻgʻrisidagi asosiy istiqbol maʼlumotlarini koʻrsatgan holda);

bino va inshootlar loyihasida (ishchi loyihasida) elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilishni tashkil etish boʻyicha loyiha yechimlarini ishlab chiqish boʻyicha talablar;

texnik shartlarning amal qilish muddati va boshqa texnik talablar.

Ayrim holatlarda texnik shartlarda yaqin joylashgan aholi va ijtimoiy obyektlarning quvvatini inobatga olish va energotizim ehtiyojlari uchun alohida yacheykalar oʻrnatilishi talab etilishi mumkin.

34. Bino va inshootlar, ularning navbatlari yoki alohida ishlab chiqarish quvvatlarning texnik shartlarga muvofiq ishlab chiqilgan elektr taʼminoti loyihalari (ishchi loyihalari) qonunchilikda belgilangan tartibda taʼminotchi tomonidan koʻrib chiqilishi va Oʻzenergoinspeksiya bilan kelishilishi kerak.

35. Isteʼmolchilarning yuklamalarini ulash bilan bogʻliq yangi elektr qurilmalarini va elektr tarmogʻi xoʻjaligining obyektlarini loyihalashtirish va qurish, ishlab turganlarini kengaytirish va rekonstruksiya qilish isteʼmolchilarning mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

6-bob. Elektr energiyasiga boʻlgan ehtiyoj prognozini shakllantirish tartibi

36. Respublikada elektr energiyasi isteʼmolining prognozi taʼminotchi tomonidan iqtisodiy rivojlanish, aholi va tadbirkorlik subyektlari sonining oʻsishi va uy-joy qurilishini hisobga olgan holda har bir isteʼmolchi bilan tuzilgan elektr taʼminoti shartnomalarida koʻrsatilgan ehtiyoj miqdorlari asosida aniqlanadi.

Navbatdagi yil uchun elektr energiyasi isteʼmolining shartnomaviy miqdori amaldagi yillik elektr energiyasi isteʼmol hajmidan kelib chiqqan holda (qayta tiklanuvchi energiyasi manbalari joriy etilganligi, energiyani tejash chora-tadbirlari rejasi inobatga olingan, shuningdek, yangi obyektlarni ishga tushirish, ishlab chiqarish quvvatining oshirilishi boʻyicha aniq hisob-kitoblarga asoslangan holda) belgilanadi.

37. Elektr energetika obyektlarining ichki elektr energiyasi isteʼmolining prognozi (korxonalarning elektr energiyasi ishlab chiqarish uchun oʻzining va ishlab chiqarish ehtiyojlari), belgilangan tartibda tasdiqlangan elektr energiyasini elektr tarmogʻi boʻylab uzatishda uning texnologik sarfi har yili 15-sentabrgacha umumlashtiriladi hamda kelgusi yil uchun elektr energiyasi ishlab chiqarish va isteʼmol qilish balansi tarkibiga kiritiladi.

38. Elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi korxona har yili 15-sentabrgacha Energetika vazirligi, Oʻzenergoinspeksiya, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻzenergosotish” AJ va “Hududiy elektr tarmoqlari” AJga kelgusi yilga elektr energiyasi ishlab chiqarish boʻyicha mavjud quvvat va prognoz toʻgʻrisida maʼlum qiladi.

39. “Oʻzenergosotish” AJ “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ va “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ bilan birgalikda choraklar kesimida kelgusi yilgi elektr energiyasini ishlab chiqarish va isteʼmol qilish balansining prognoz koʻrsatkichlarini shakllantiradi va joriy yilning 1-oktabriga qadar uni Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etish uchun Energetika vazirligiga kiritadi.

“Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻzenergosotish” AJ, “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ va “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ tasdiqlangan elektr energiyasi ishlab chiqarish va isteʼmol qilish balansining prognoz koʻrsatkichlariga muvofiq oʻz tasarruflaridagi tashkilotlarga elektr energiyasi ishlab chiqarilishi va isteʼmol qilinishining choraklarga taqsimlangan koʻrsatkichlarini prognoz yil uchun belgilangan muddatlarda yetkazadilar.

7-bob. Elektr taʼminoti shartnomasini tuzish

40. Elektr energiyasi bir vaqtning oʻzida ishlab chiqarilishi va isteʼmol qilinishi bilan tavsiflanadigan alohida tovar turi sifatida, taʼminotchi va energiya qurilmalari shu tashkilot tarmogʻiga bevosita ulangan isteʼmolchi oʻrtasida tuzilgan elektr taʼminoti shartnomasi asosida mazkur Qoidalarga muvofiq yetkazib beriladi.

Yuridik shaxsning nomi yoki elektr qurilmalar mulkdori oʻzgarganda isteʼmol qilinadigan quvvat va (yoki) elektr taʼminotining ishonchlilik toifasi oʻzgarmasa, taʼminotchi va isteʼmolchi — elektr qurilmalarining huquqiy vorisi oʻrtasida elektr taʼminoti shartnomasi ommaviy oferta asosida elektr taʼminoti shartnomasini kelishish (qabul qilish) va uni axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali yangi mulkdor tomonidan tasdiqlash yoʻli bilan tuziladi.

Bunda isteʼmolchilarda abonentning shaxsiy raqami shakllantirilishi talab etilsa, taʼminotchi tomonidan yangi isteʼmolchi raqami elektr taʼminoti shartnomasida koʻrsatiladi. Isteʼmolchilar shakllantirilgan abonentning shaxsiy raqami toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni YIDXP orqali yuridik shaxslar uchun — soliq toʻlovchi identifikatsiya raqamini (STIR), jismoniy shaxslar uchun — pasport yoki identifikatsiya ID-kartaga oid maʼlumotlarni (pasport seriyasi va raqami), jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqamini yoki kadastr raqamlaridan birini kiritish yoʻli bilan aniqlanishi mumkin.

41. Taʼminotchi va isteʼmolchi oʻrtasidagi elektr taʼminoti shartnomasi elektr taʼminotining namunaviy shartnomasiga muvofiq elektron shaklda tuziladi.

Elektr taʼminotining namunaviy shartnomasi Energetika bozori regulatori tomonidan ishlab chiqiladi hamda Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi.

Bunda isteʼmolchining obyektlarini elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlarining muhofaza zonasida joylashtirish va mazkur isteʼmolchilar bilan elektr taʼminoti shartnomasini tuzish taqiqlanadi.

42. Elektr taʼminoti shartnomasi isteʼmolchiga elektron hujjat aylanishining avtomatlashtirilgan axborot tizimlari orqali elektron shaklda taqdim etiladi. Shartnomani rasmiylashtirish va isteʼmolchiga taqdim etish elektr energiyasi yetkazib beruvchi zimmasida boʻladi.

43. Subisteʼmolchilar isteʼmolchilar bilan elektr taʼminoti shartnomasini tuzishi, bunda taʼminotchidan texnik shartda ruxsat etilgan quvvatdan ortiqcha quvvat ulanishi koʻzda tutilganda yoki ishonchlilik toifasi oʻzgargan holatlarda, isteʼmolchi oʻz tarmogʻiga subisteʼmolchilarni ulash uchun taʼminotchi roziligini olishi shart hisoblanadi.

Subisteʼmolchilar toʻgʻridan-toʻgʻri elektr taʼminoti korxonasi bilan shartnoma tuzganda, isteʼmolchilar va subisteʼmolchilar oʻrtasidagi har xil nizoli holatlar, jumladan, ekspluatatsiya xarajatlari, oʻzaro boshqa turdagi toʻlovlar bilan bogʻliq yoki ichki elektr tarmoqdagi nosozliklar natijasida isteʼmolchi tomonidan subisteʼmolchi elektr tarmoqdan ajratilganda, yetkazilgan zararga elektr taʼminoti korxonasi javobgar hisoblanmaydi, taʼminotchining aybi boʻlgan holatlar bundan mustasno.

44. Subisteʼmolchilarga oʻz tarmoqlari orqali elektr energiyasini yetkazib beruvchi isteʼmolchilar subisteʼmolchilarning elektr energiyasi isteʼmolini hisobga olgan holda, taʼminotchi bilan elektr energiyasining umumiy (jami) miqdori boʻyicha elektr taʼminoti shartnomasini tuzadi.

8-bob. Isteʼmolchilarning elektr qurilmalari ekspluatatsiya qilishga tayyorligini aniqlash va kuchlanishni uzatish

45. Isteʼmolchilarning elektr qurilmalari ekspluatatsiya qilishga tayyorligini aniqlash va ularga kuchlanish berish qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Isteʼmolchilarning quvvati 20 kVtdan yuqori boʻlgan elektr qurilmalari yagona elektr energetika tizimi elektr tarmoqlariga ularning ekspluatatsiya qilishga tayyorligi aniqlanmasdan va Oʻzenergoinspeksiya tomonidan isteʼmolchilarning elektr qurilmalarini elektr tarmoqlariga ulash toʻgʻrisidagi dalolatnoma imzolanmasdan ulanganligi aniqlanganda, ushbu elektr qurilmalari qoidabuzarliklar bartaraf etilgunicha va mazkur buzilishlarga yoʻl qoʻygan shaxslarga nisbatan tegishli choralar koʻrilgunicha elektr tarmoqlaridan darhol uziladi.

46. Quvvati 20 kVtdan yuqori boʻlgan isteʼmolchilarning yangi yoki rekonstruksiya qilingan elektr qurilmalarida sinov-sozlash ishlarini amalga oshirish uchun 1 oygacha boʻlgan muddatga kuchlanish berish, Oʻzenergoinspeksiya tomonidan ularning sinov-sozlash ishlarini amalga oshirishga tayyorligi aniqlangani, taʼminotchi tomonidan hisoblagich va hisobga olish tizimi tekshirib plombalangach, vaqtincha elektr taʼminoti shartnomasi tuzilgandan va maʼlumotlar taʼminotchining dasturiy taʼminot bazasiga kiritilgandan keyin ruxsat beriladi.

Sinov-sozlash ishlari tugaganidan keyin taʼminotchi tomonidan isteʼmolchining elektr qurilmalari elektr tarmoqdan darhol oʻchiriladi.

47. Quvvati 20 kVtdan yuqori boʻlgan isteʼmolchilarning yangi yoki rekonstruksiya qilingan elektr qurilmalariga kuchlanish berish, Oʻzenergoinspeksiya tomonidan ularning ekspluatatsiya qilishga tayyorligi aniqlangani, hisoblagich va hisobga olish tizimi tekshirilib plombalangach, elektr taʼminoti shartnomasi tuzilgandan va isteʼmolchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar taʼminotchining tegishli dasturiy taʼminot bazalariga kiritilgandan keyingina amalga oshiriladi.

Quvvati 20 kVtgacha boʻlgan yangi yoki rekonstruksiya qilingan isteʼmolchilarning elektr qurilmalariga kuchlanish berish uchun Oʻzenergoinspeksiyaning ushbu elektr qurilmalari ekspluatatsiya qilishga tayyorligi toʻgʻrisida xulosasi talab etilmaydi.

Bunda tadbirkorlik subyektlarining elektr qurilmalari elektr tarmoqlariga qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ulanadi.

48. Isteʼmolchilarning elektr qurilmalari ekspluatatsiya qilishga tayyorligini aniqlaydigan Oʻzenergoinspeksiya va uning hududiy boshqarmalari xodimlari, shuningdek, taʼminotchi ekspluatatsiya qilish jarayonida ularning normal ishlashi uchun javobgar boʻlmaydi.

9-bob. Elektr qurilmalarining texnik holati yuzasidan tomonlarning javobgarligi

49. Elektr qurilmalarining texnik holati va ekspluatatsiya qilinishi yuzasidan isteʼmolchilar bilan taʼminotchi oʻrtasidagi javobgarlik ushbu elektr qurilmalarining balans boʻyicha mansubligi bilan belgilanadi va elektr taʼminoti shartnomasiga ilova qilinadigan elektr tarmoqlarining balans boʻyicha mansubligini va tomonlarning ekspluatatsiya qilish boʻyicha javobgarligini chegaralash dalolatnomasida qayd etiladi.

Elektr tarmoqlarining balans boʻyicha mansubligi chegarasini va ularni ekspluatatsiya qilish boʻyicha javobgarligini belgilash dalolatnomasi taʼminotchi va isteʼmolchi vakillari tomonidan imzolanadi.

Kuchlanishi 1000 V va undan yuqori boʻlgan elektr qurilmalarining holati va ularga xizmat koʻrsatish yuzasidan javobgarlik chegaralari:

yopiq taqsimlash qurilmalarining tashqi tomonidan elektr uzatish havo liniyasining oʻtish izolyatori ulangan joyda va simning ochiq taqsimlash qurilmalari izolyatorlari portal tizmasining taranglovchi qisqichidan chiqish joyida;

elektr uzatishning taʼminlovchi yoki chiquvchi liniyalarining kabel yoki havodagi kirish simlari ulangan joylarida belgilanadi. Bunda ulanmalarning holati uchun podstansiyadan foydalanuvchi korxona javob beradi.

Turli isteʼmolchilarga tegishli, tarmoqlangan simlarga (yopiq yoki ajratkichlar orqali) ega boʻlgan kuchlanishi 1000 V va undan yuqori boʻlgan elektr uzatish liniyalarining holati va ularga xizmat koʻrsatish yuzasidan javobgarlikning mansublik chegarasi asosiy liniyaning tarmoqlanish amalga oshirilgan tayanch nuqtasida belgilanadi.

Tarmoqlangan simlarni ulovchi qisqichlarning holati uchun javobgarlik asosiy elektr uzatish liniyasi egasiga yuklanadi.

Kuchlanishi 1000 V gacha boʻlgan elektr qurilmalarining holati va ularga xizmat koʻrsatish boʻyicha isteʼmolchi va HETK oʻrtasidagi javobgarlik chegarasi:

havodagi tarmoqlanishda — bino yoki quvur tayanchida oʻrnatilgan birinchi izolyatorlarda;

kabel bilan kiritishda — binoga kirish joyida taʼminlovchi kabelning ulanish joylarida belgilanadi.

Bunda uy-joy mulkdorlari shirkatlariga, boshqaruv tashkilotlariga, muassasalarga va ishlab chiqarish bilan shugʻullanmaydigan boshqa isteʼmolchilarga tegishli uylardagi elektr tarmogʻining balans boʻyicha mansublik chegarasidagi ulanmalarning holati uchun HETK javob beradi.

Elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilish xususiyatlariga koʻra javobgarlikning boshqa asoslangan chegaralari ham belgilanishi mumkin.

50. Ekspluatatsiya jarayonida elektr qurilmalarning ulanmalari holati uchun balansda saqlovchi tashkilot javobgar hisoblanadi. Isteʼmolchi oʻz tasarrufidagi elektr qurilmalarning texnik holati va elektr xavfsizligi, isteʼmolchilar elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilishda xavfsizlik texnikasi qoidalariga rioya etilishi, elektr energiyasi oqilona sarflanishi, elektr energiyasi isteʼmolining belgilangan rejimlari bajarilishi, elektr energiyasi sifatining taʼminlanishi va Oʻzenergoinspeksiyaning koʻrsatmalari oʻz vaqtida bajarilishi uchun javob beradi.

51. Isteʼmolchilar elektr qurilmalarini texnik ekspluatatsiya qilish qoidalari hamda Isteʼmolchilar elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilishda xavfsizlik texnikasi qoidalarida hisobga olinmagan ishlab chiqarishning va elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilishning oʻziga xos (yer osti, portlash xavfi boʻlgan ishlab chiqarishlar, elektr tortish kuchi va boshqa) shartlari mavjud boʻlganda, isteʼmolchilar ushbu elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilish va ularga xizmat koʻrsatish boʻyicha maxsus yoʻriqnomalarga ega boʻlishlari shart.

52. Maishiy isteʼmolchilar tomonidan oʻz ehtiyojlari uchun montaj qilingan kuchlanishi 1000 V dan yuqori kuchlanishdagi elektr tarmoqlarini (elektr energiyasi uzatish liniyalari, transformator punktlari (keyingi oʻrinlarda — TP) va boshqalar) foydalanishga topshirilishidan oldin texnik xizmat koʻrsatish uchun alohida shartnoma boʻyicha belgilangan tartibda elektr taʼminoti korxonalariga berilishi kerak.

Isteʼmolchi tomonidan texnik xizmat koʻrsatish shartnomasi bekor qilinganda yoki texnik xizmat uchun oʻz vaqtida toʻlov oʻtkazilmaganda, ushbu elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlariga elektr energiyasini yetkazib berish toʻxtatiladi.

53. Maishiy isteʼmolchi tomonidan oʻz ehtiyojlari uchun kuchlanishi 1000 V dan yuqori elektr tarmoqlari montaj qilingan hollarda:

hisoblagich TPning 0,4 kVli taqsimlash qurilmasida oʻrnatiladi;

elektr tarmoqlari maishiy isteʼmolchining uyga egalik qilish hududidan tashqarida joylashtiriladi.

54. Maishiy isteʼmolchi 1000 V dan yuqori kuchlanishdagi elektr tarmogʻiga ega boʻlgan holda, maishiy isteʼmolchiga tegishli boʻlgan ushbu elektr tarmogʻidagi (liniyalar, TP) elektr energiyasining texnologik sarflari hisob-kitob yoʻli bilan aniqlanadi va uning isteʼmoliga qoʻshiladi hamda bu haqida elektr taʼminoti shartnomasida tegishli yozuv qayd etiladi.

55. Maishiy isteʼmolchilarga 1000 V gacha kuchlanishdagi bitta tarmoqdan zaxira manba sifatida qoʻshimcha fazaga ega boʻlish taqiqlanadi.

56. Isteʼmolchi elektr tarmoqlarining texnik holatini taʼminlash boʻyicha ekspluatatsiya xarajatlari uchun subisteʼmolchilar, isteʼmolchi bilan subisteʼmolchi oʻrtasida tuzilgan alohida shartnoma boʻyicha elektr energiyasining umumiy hajmidan olinadigan ulushga mutanosib ravishda haq toʻlaydi.

Ekspluatatsiya xarajatlarini subisteʼmolchiga beriladigan elektr energiyasi tarifiga qoʻshishga ruxsat etilmaydi.

Bundan tashqari taʼminotchi yoki isteʼmolchi bilan subisteʼmolchilar oʻrtasida tuzilgan elektr taʼminoti shartnomasi boʻyicha subisteʼmolchilarga, elektr energiyasining texnologik sarfi uchun hisob-kitoblarni hisoblash yoki uni taraflar kelishuvi asosida shartnomada qayd qilish orqali amalga oshirishga ruxsat etiladi.

10-bob. Hisoblagichlarni oʻrnatish va ekspluatatsiya qilish

57. Elektr energiyasi uchun taʼminotchi bilan hisob-kitob qilish maqsadida isteʼmolchilar majburiy tartibda EHNATga mos keladigan hisoblagichlar bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.

58. EHNAT koʻrsatkichlar buzilishidan va inson omilining taʼsirini mumkin qadar kamaytirgan holda, axborotlardan ruxsatsiz foydalanishdan kompleks himoya bilan taʼminlangan boʻlishi lozim.

59. EHNATga mos keladigan hisoblagichlar boʻlmaganda isteʼmolchilar va subisteʼmolchilarni elektr tarmoqlariga ulanishi taqiqlanadi.

60. Turli xil tarif guruhlariga mansub isteʼmolchilarning har bir tarif guruhi uchun alohida hisoblagich oʻrnatiladi. Mazkur Qoidalarning 81-bandida belgilangan holatlar bundan mustasno.

Tadbirkorlik subyekti tomonidan oʻzi egallab turgan bino yoki inshootning tashqi tomonida joylashtirilgan, uning nomi va faoliyat turini (ixtisosligini) aks ettiruvchi axborot vositalari va konstruksiyalari (peshlavhalar) uchun alohida hisoblagich oʻrnatish talab etilmaydi.

61. Hisoblagichlar, oʻlchash vositalari va oʻlchov transformatorlari, shuningdek, EHNAT tizimi qurilmalari mazkur Qoidalarga muvofiq oʻrnatiladi va Elektr qurilmalarning tuzilishi qoidalari talablariga javob berishi kerak.

Taʼminotchilar va isteʼmolchilar tomonidan ishga tushirilgan EHNAT belgilangan tartibda metrologik qiyoslashdan oʻtkazilishi kerak.

Hisoblagich oʻlchov (tok, kuchlanish) transformatori orqali ulangan boʻlsa, isteʼmol qilingan elektr energiyasi hajmi transformatsiya koeffitsiyentlari inobatga olingan holda aniqlanadi.

62. Nazorat hisoblagichlari alohida sexlarda, koʻp energiya sarflaydigan agregatlarda, texnologik liniyalarida, binolarda, bir necha oila yashaydigan xonadonlarda oʻz hisobidan oʻrnatiladi.

Ushbu hisoblagichlar boʻyicha taʼminotchi bilan pullik hisob-kitob amalga oshirilmaydi.

63. Koʻp kvartirali uylardagi xonadonlarda sarflanadigan elektr energiyasini hisoblash maqsadida hisoblagichlar har bir xonadon uchun maxsus ajratilgan joylarda, shuningdek, yakka tartibdagi uy-joylarning bino-inshootlarida va foydalanish hududidan tashqarida (tayanch, tashqi fasad va boshqalar), elektr taʼminoti korxonasining xodimlari tomonidan toʻsiqsiz koʻrish imkoniyatini beradigan joyga oʻrnatiladi.

Koʻp kvartirali uyda uyning umumiy ehtiyojlari (zinapoyalarni yoritish, liftlar, nasoslarning ishlashi va hokazolar) uchun sarflanadigan elektr energiyasini hisob-kitob qilish maqsadida alohida umumiy hisoblagich oʻrnatiladi.

64. Isteʼmolchilarning (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) elektr energiyasi hisoblagichlari, oʻlchash vositalari, oʻlchov transformatorlari, EHNAT tizimi qurilmalari, shuningdek, ularni oʻrnatish uchun zarur boʻlgan boshqa vositalar isteʼmolchilarning mablagʻlari hisobiga sotib olinadi va oʻrnatiladi, taʼminotchi masʼul xodimi tomonidan bepul plombalanadi va roʻyxatdan oʻtkaziladi.

Elektr energiyasi hisoblagichlari, oʻlchash vositalari, oʻlchov transformatorlari taʼminotchi tomonidan plombalanmagan isteʼmolchilarga elektr energiyasi yetkazib berish taqiqlanadi.

65. Maishiy isteʼmolchilarda oʻrnatilgan hisoblagichlarni sotib olish (elektr tarmoqlariga yangi ulanadigan yakka tartibdagi uy-joylar va koʻp kvartirali uylardagi xonadonlar), oʻrnatish, roʻyxatga olish, davriy qiyoslovdan oʻtkazish va plombalash, shuningdek, mavjud (jumladan, EHNATga mos kelmaydigan) hisoblagichlarni almashtirish HETK mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

Bunda quruvchi tashkilotlar tomonidan yangi quriladigan koʻp kvartirali uylardagi xonadonlarga hisoblagichlarni sotib olish va oʻrnatish quruvchi tashkilot mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

Hisoblagich yakka tartibdagi uy-joylar yoki koʻp kvartirali uylardagi xonadon egasining buyurtmanomasiga binoan bir hafta muddatda uning ishtirokida HETK xodimi tomonidan oʻrnatiladi.

66. Hisobga olish tizimi isteʼmolchining aybi bilan buzilgan taqdirda (oʻlchov transformatorlarining ulanish sxemasi buzilganda yoki uning oʻzi yoki yorligʻi ruxsatsiz almashtirilganda, shuningdek, hisobga olinayotgan elektr energiyasi sarfini kamaytirish maqsadida hisoblagichni yoki uning plombasi buzilganda, unga tashqaridan taʼsir koʻrsatilganda), ushbu tizim qurilmalarini almashtirish, taʼmirlash, qiyoslovdan oʻtkazish va oʻrnatish ishlari isteʼmolchi hisobidan ularning qiymati va koʻrsatilgan xizmatlar uchun haq toʻlangan holda, taʼminotchi tomonidan amalga oshiriladi.

Isteʼmolchining aybi tasdiqlanmasa, taʼminotchi mablagʻi evaziga hisoblagich, modul qurilmasi taʼmirlanadi yoki yangisiga almashtiriladi.

67. Hisoblagichlar, oʻlchov transformatorlari, ikkilamchi zanjirlar, aloqa liniyalarining, shu jumladan, ularga oʻrnatilgan plombalarning saqlanishi va butunligi uchun javobgarlik binosida (inshootida) ushbu qurilmalar oʻrnatilgan tashkilotga (elektr taʼminoti korxonasi yoki isteʼmolchiga), ularning ekspluatatsiyasi va texnik holati uchun javobgarlik esa — qurilma egasiga yuklanadi. Agar hisoblagichlar, oʻlchov transformatorlari, ikkilamchi zanjirlar, aloqa liniyalari uchinchi tashkilot binosida (inshootida) oʻrnatilgan boʻlsa, javobgarlik masalasiga holatdan kelib chiqib, manfaatdor tomonlar ishtirokida, lozim boʻlganda xolis ekspertlar jalb etilgan holda aniqlik kiritiladi.

68. Hisoblagichlarning:

qobiq (korpus) qismida, dasturlash tugmasida, modul aloqa qismida — hisoblagichni ishlab chiqaruvchi zavodning;

tashqi qobigʻi (korpus) mahkamlanadigan joylarida, oʻlchov transformatorlarida esa — alohida ajratilgan joylarda “Oʻzbekiston milliy metrologiya instituti” davlat muassasasining yoki uning hududiy boʻlinmalari yoki tegishli tartibda akkreditatsiyadan oʻtgan laboratoriyaning;

klemmnik qopqoqlarida, tok transformatorlarning klemmniklarida, xotira va sinov blokida, hisoblagich dasturlashdan foydalanish tugmasida (boʻlmasida), oʻtuvchi klemmniklarda, kuchlanish transformatorlari ajratgichlari yuritmalari va himoya avtomatlarida, modul qurilmalarida (taʼminotchi tomonidan almashtirilganda) — taʼminotchining belgilangan namunadagi plombalari boʻlishi kerak.

Hisoblagichlar va oʻlchov transformatorlari ishlab chiqaruvchi zavodda belgilangan tartibda birlamchi qiyoslovdan oʻtkaziladi.

Oʻlchov transformatorlari isteʼmolchi hisobidan akkreditatsiyadan oʻtgan metrologiya xizmati tomonidan belgilangan tartibda va muddatlarda davriy qiyoslovdan oʻtkaziladi.

69. Agar maishiy isteʼmolchida hisoblagichning qiyoslovdan oʻtkazish oraligʻi tugashi bilan elektr taʼminoti korxonasi tomonidan belgilangan tartibda qiyoslov tadbirlari oʻtkazilmagan boʻlsa, unda ushbu isteʼmolchi qiyoslovdan oʻtkazish muddati tugagan hisoblagichning koʻrsatkichlariga koʻra elektr energiyasi haqini toʻlaydi.

Bunda elektr taʼminoti korxonasi maishiy isteʼmolchi tomonidan qiyoslovdan oʻtkazish muddati tugagan hisoblagichdan foydalangan elektr energiyasi uchun qaytadan hisob-kitob qilish huquqiga ega emas.

Isteʼmolchilarda hisoblagichlarning sifat va sarf koʻrsatkichlari hamda ishlash mexanizmlariga shubha tugʻilganda, akkreditatsiyadan oʻtgan metrologik xizmatida oʻz hisobidan mustaqil qiyoslovni oʻtkazish huquqiga ega. Hisoblagichda belgilangan standartlarga nomutanosiblik aniqlangan taqdirda, qayta hisob-kitob amalga oshiriladi.

Bunda elektr taʼminoti korxonasi isteʼmolchining birinchi talabiga koʻra hisoblagichlarni bepul yechish, oʻrnatish, plombalash va roʻyxatdan oʻtkazishga majbur.

70. Taʼminotchi va Oʻzenergoinspeksiyaning vakolatli xodimini hisoblagichni tekshirishga qoʻymaslik dalolatnoma bilan rasmiylashtiriladi. Isteʼmolchi taʼminotchilari va (yoki) Oʻzenergoinspeksiya xodimi tomonidan tuzilgan dalolatnoma bilan tanishib, uni imzolashi zarur. Isteʼmolchi dalolatnomani imzolashni rad etgan taqdirda, bu haqda tegishli belgi qoʻyiladi. Rad etish ikki nafar guvoh yoki fuqarolarning oʻzini-oʻzi boshqarish organi vakili tomonidan tasdiqlangan boʻlishi kerak. Dalolatnomani imzolashni rad etgan isteʼmolchi buning sababini tushuntirishga haqli va u dalolatnomaga kiritilgan boʻlishi lozim.

Isteʼmolchining dalolatnomani imzolashni rad etishi, uni elektr tarmoqlardan uzishga asos boʻladi va bu haqda u xabardor qilingan boʻlishi lozim.

71. Hisoblagichlar va oʻlchov transformatorlarini boshqa joyga oʻrnatish va almashtirish taʼminotchi bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi va koʻrsatilgan xizmatlar haqi isteʼmolchi tomonidan toʻlanadi.

Hisoblagichlar va oʻlchov transformatorlarini oʻzboshimchalik bilan boshqa joyga oʻrnatish va (yoki) almashtirish holatlari aniqlangan taqdirda, taʼminotchi isteʼmolchini elektr tarmogʻidan uzib qoʻyadi, taʼminotchi tomonidan mazkur Qoidalarga muvofiq qaytadan hisob-kitob qilinadi.

Yuridik shaxs boʻlgan isteʼmolchilarga oʻrnatilgan hisoblagich va oʻlchov transformatorlarini almashtirishda dalolatnoma foto va (yoki) video materiallarni ilova qilgan holda rasmiylashtiriladi.

72. Hisoblagich ulanish sxemasini oʻzgartirish bilan bogʻliq boʻlgan har qanday ishlar faqat taʼminotchi tomonidan isteʼmolchi ishtirokida, bu haqida ularni xabardor qilingandan soʻng amalga oshiriladi. Ishlarni bajarish davrida foydalanilgan elektr energiyasini hisobga olish va hisob-kitob qilish taʼminotchi tomonidan belgilangan vaqtincha sxemalar boʻyicha amalga oshiriladi.

11-bob. Elektr energiyasi isteʼmolchilarining tarif guruhlari

73. Isteʼmolchilar elektr energiyasi uchun hisob-kitob qilish boʻyicha uchta tarif (I, II, III va IV) guruhiga boʻlinadi.

I tarif guruhiga asosiy va zaxira elektr taʼminoti uchun ulangan quvvati yigʻindisi 750 kVA va undan ortiq boʻlgan elektr energiyasi uchun tabaqalashtirilgan tarif boʻyicha hisob-kitob qilinadigan isteʼmolchilar kiradi. Budjet tashkilotlari, suv taʼminoti tashkilotlari, fermer xoʻjaliklarining va suv isteʼmolchilari uyushmalarining nasos stansiyalari, shuningdek, Davlat budjetidan moliyalashtiriladigan nasos stansiyalari bundan mustasno.

74. II tarif guruhi isteʼmolchilariga I tarif isteʼmolchilaridan boshqa barcha yuridik shaxs boʻlgan isteʼmolchilar hamda elektr energiyasini ishlab chiqarishga doir faoliyatni amalga oshiruvchi yuridik yoki jismoniy shaxs, uzatish tizimi operatori va taʼminotchi korxonalar tarkibiga kiradigan, hududiy elektr taʼminoti korxonalari, shu jumladan, taʼminotchidan elektr quvvati oladigan korxona va tashkilotlarning, shuningdek, elektr energiyasi ishlab chiqaruvchi korxonalarning ushbu korxonalar hududidan tashqarida alohida joylashgan obyektlarining xoʻjalik ehtiyojlari kiradi.

Bunda “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ va “Oʻzbekgidroenergo” AJ tarkibiga kiradigan hamda elektr energiyasi ishlab chiqaruvchi korxonalar tomonidan xoʻjalik ehtiyojlari uchun oʻziga tegishli tarmoqlarda elektr energiyasi ishlab chiqarish boʻyicha foydalanilgan elektr energiyasi amaldagi tannarx boʻyicha hisob-kitob qilinadi.

75. III tarif guruhiga maishiy isteʼmolchilar kiradi. Ushbu tarif guruhi boʻyicha aholi tomonidan turmush ehtiyojlari uchun uy-joylarda, xonadonlarda, yotoqxonalarda, yordamchi xoʻjaliklarda, shaxsiy foydalaniladigan tomorqa bogʻ obyektlarida, shu jumladan, bogʻ shirkatlari va dala hovlilar sugʻorish nasoslari, shaxsiy avtomashinalar uchun garajlarda sarflanadigan elektr energiyasi haqi tok qabul qilgichlarning quvvati hamda hisoblagichlar oʻrnatilgan joyidan qatʼi nazar toʻlanadi.

12-bob. Elektr energiyasi uchun hisob-kitob qilish tartibi

1-§. Elektr energiyasi uchun hisob-kitob qilishning umumiy qoidalari

76. Bevosita elektr energiyasini ishlab chiqarishga doir faoliyatni amalga oshiruvchi yuridik yoki jismoniy shaxs, uzatish tizimi operatori va taʼminotchi korxonalar elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi boshqa korxonalarning elektr tarmoqlaridan hamda isteʼmolchilar yoki subisteʼmolchilar elektr tarmoqlari orqali uzatiladigan elektr energiyasi uchun isteʼmolchilar bilan hisob-kitoblar belgilangan tartibda tasdiqlangan tegishli tariflar boʻyicha elektr taʼminoti shartnomasiga muvofiq amalga oshiriladi.

Yuridik shaxslar tomonidan muqobil energiya manbalarini oʻrnatib yoki rekuperatsiya usulida (elektropoyezdlar, elektromobillar orqali va boshqalar) elektr energiyasi tarmoqqa uzatilsa, hisobot oyi yakuni boʻyicha tarmoqqa uzatilgan elektr energiyasi hajmi tarmoqdan isteʼmol qilingan elektr energiyasi hajmidan chegirib hisob-kitob qilinadi.

Isteʼmolchilar tomonidan tarmoqqa uzatilgan energiya miqdori isteʼmol qilingan miqdordan koʻp boʻlsa, isteʼmolchi xohishiga (tanloviga) koʻra ortiqcha qismi mablagʻ koʻrinishida isteʼmolchiga toʻlab beriladi yoki keyingi davr isteʼmol qilinishi kutilayotgan elektr energiyasi uchun boʻnak mablagʻ sifatida aks ettiriladi.

Barcha elektr energiyasi isteʼmolchilarining (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) oylik elektr energiyasi isteʼmoli hisoblangandan keyin taʼminotchi tomonidan isteʼmolchilarga aktiv elektr energiyasi boʻyicha elektron hisob-faktura joʻnatadi. Mazkur elektron hisob-faktura joʻnatilganligi isteʼmolchini toʻlash toʻgʻrisida ogohlantirish hisoblanadi. Reaktiv energiya tovar hisoblanmaydi va isteʼmol hajmi dalolatnoma koʻrinishida isteʼmolchiga elektron tarzda joʻnatiladi.

Barcha elektr energiyasi isteʼmolchilari (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) taʼminotchi bilan birgalikda hisob-kitob davri tamom boʻlgandan keyin har oyning 5-sanasiga qadar foydalanilgan elektr energiyasi uchun oʻzaro hisob-kitoblarning taqqoslash dalolatnomasini tuzadi.

77. Elektr energiyasi uchun hisob-kitob qilish maqsadida isteʼmolchilarni tarif guruhlari boʻyicha taqsimlanishi mazkur Qoidalarga muvofiq belgilanadi.

taʼminotchi bilan elektr taʼminoti shartnomasi tuzilgandan keyin isteʼmolchining aybi bilan isteʼmolchini tegishli boʻlmagan tarif guruhiga kiritish holati aniqlanganda, taʼminotchi tomonidan shartnoma tuzilgan paytdan, biroq daʼvo muddatidan ortiq boʻlmagan davr uchun qayta hisob-kitob qilinadi. Bunda qayta hisob-kitoblar amaldagi tarifga asosan tariflar farqi boʻyicha jami isteʼmol qilingan elektr energiyasi miqdori uchun amalga oshiriladi.

78. I tarif guruhi isteʼmolchilari uchun tabaqalashtirilgan tarif qoʻllaniladi.

Tabaqalashtirilgan tarif sutkaning vaqt zonasi boʻyicha isteʼmol qilingan har 1 kVt soat elektr energiyasi uchun toʻlovdan iborat. Bunda:

yarim tigʻiz davr — sutkaning yorugʻ vaqti (soat 9-00 dan 17-00 gacha);

tigʻiz davr — ertalabki va kechki maksimum (yagona elektr energetika tizimining maksimal yuklamalar soatlari soat 6-00 dan 9-00 gacha va soat 17-00 dan 22-00 gacha);

tungi davr — sutkaning qorongʻi davri (yagona elektr energetika tizimining minimal yuklamalar soatlari soat 22-00 dan 24-00 gacha va soat 00-00 dan 06-00 gacha).

Bunda foydalanilgan elektr energiyasi uchun hisob-kitoblar yagona elektr energetika tizimining:

tigʻiz davr soatlarida — belgilangan tarifga nisbatan 1,5 baravar miqdorda oʻsuvchi koeffitsiyent;

tungi davr soatlarida — belgilangan tarif;

yarim tigʻiz davr soatlarida — belgilangan tarifga nisbatan 1,5 baravar miqdorda kamayuvchi koeffitsiyent qoʻllab amalga oshiriladi.

79. II va III tarif guruhlari isteʼmolchilari bilan belgilangan tarif boʻyicha hisob-kitoblar amalga oshiriladi.

80. Mayning faqat yuridik shaxs tomonidan quyosh fotoelektr stansiyalari orqali ishlab chiqarilgan elektr energiyasidan foydalangan holda amalga oshiriladi. Bunda “Besqala Mining Valley” maxsus mayning zonasida barcha qayta tiklanuvchi energiya manbalaridan foydalanishga ruxsat etiladi.

Mayning uchun yagona elektr energetika tizimiga belgilangan tartibda ruxsat olib ulangan holda elektr energiyasidan foydalangan taqdirda:

isteʼmolchilar isteʼmol qilingan elektr energiyasi uchun toʻlovlarni II tarif guruhiga nisbatan ikki baravar oʻsuvchi koeffitsiyentga muvofiq toʻlaydilar. Bundan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 22-oktabrdagi “Sunʼiy intellekt texnologiyalarini yanada rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PF-189-son Farmoniga 1-ilovada belgilangan holatlar bundan mustasno;

isteʼmol qilingan elektr energiyasining hisobi alohida hisoblagich oʻrnatilgan holda yuritiladi;

belgilangan tartibda ruxsat olmasdan mayning bilan shugʻullanuvchi shaxslarning yagona elektr energetika tizimiga ulanish holatlari aniqlanganda, ularga II tarif guruhiga nisbatan amaldagi tarifga besh baravar oʻsuvchi koeffitsiyent qoʻllaniladi.

81. Tashqi reklama konstruksiyalari (konstruksiyasi, videoekranlar, elektron displeylar, media fasad va boshqa texnik vositalar), illyuminatsiyalar va lampalar shodasi uchun foydalanilgan elektr energiyasi II tarif guruhiga asosan belgilangan tarifga uch baravar oshirilgan koeffitsiyentga muvofiq Tashqi reklama konstruksiyalari oʻrnatilgan quvvati miqdorini 24 soat foydalanishi hisobidan yoki alohida hisoblagich oʻrnatish orqali hisob-kitob amalga oshiriladi (budjet va budjetdan mablagʻ oluvchi tashkilotlar hamda tadbirkorlik subyektining nomi va faoliyat turini (ixtisosligini) aks ettiruvchi axborot vositalari va konstruksiyalari (peshlavhalar) bundan mustasno).

82. Bir necha tarif guruhiga mansub isteʼmolchilar bilan hisob-kitoblar har bir tarif guruhiga alohida oʻrnatilgan hisoblagichlar koʻrsatkichlari boʻyicha amalga oshiriladi.

83. Taʼminotchi yoki isteʼmolchi tomonidan yoziladigan toʻlov hujjatlari boʻyicha elektr taʼminoti shartnomasiga muvofiq haq toʻlanadi.

84. EHNATga ulangan hisoblagichga ega boʻlgan isteʼmolchilarga elektr energiyasi oldindan toʻlangan toʻlov doirasida yetkazib beriladi. Bunda namunali isteʼmolchining shaxsiy hisobvaragʻidagi mablagʻ tugaganda elektr energiyasini yetkazib berish EHNAT orqali avtomatik ravishda toʻxtatiladi hamda mablagʻ kelib tushgandan soʻng avtomatik ravishda tiklanadi.

85. Hisob-kitob davrida isteʼmolchilar tomonidan (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) elektr energiyasi isteʼmoli shartnomaviy miqdordan 20 foiz va undan ortishiga yoʻl qoʻyilgan taqdirda, mazkur miqdordan ortiq isteʼmol qilingan elektr energiyasi uchun belgilangan tarifning 1,2 baravari miqdorida toʻlov undiriladi.

86. Isteʼmolchi yuridik shaxs sifatida tugatilgan taqdirda, uning elektr qurilmasiga HETK tomonidan elektr energiyasini yetkazib berish taqiqlanadi.

Agar, isteʼmolchi faoliyati tugatilganligi yoki tugatilayotganligi toʻgʻrisida HETKga murojaat qilgandan soʻng elektr energiyasini yetkazib berish toʻxtatilmagan boʻlsa, u holda buning oqibati uchun HETK qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

87. Hisoblagich koʻrsatkichlari yozib olinmagan yoki elektr energiyasi sarfi toʻgʻrisidagi hisobot isteʼmolchi tomonidan taqdim etilmagan taqdirda, taʼminotchi tomonidan elektr energiyasi (shu jumladan aktiv va reaktiv energiya) isteʼmolchining shartnomaviy miqdori boʻyicha yoki oʻtgan hisob-kitob davr uchun elektr energiyasi isteʼmolining oʻrtacha sutkalik amaldagi miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida hisob-kitob qilinadi.

Bunda hisoblagich koʻrsatkichlari nazorat tartibida taʼminotchi tomonidan yozib olingandan keyin amalda isteʼmol qilingan elektr energiyasi uchun qayta hisob-kitob qilinadi. Qayta hisob-kitob isteʼmolchi yoki uning vakili ishtirokida yoxud uning ishtirokisiz belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

88. Elektr energiyasi uchun toʻlov quyidagi tartibda amalga oshiriladi:

maishiy isteʼmolchilar har oyning 10-sanasiga qadar oʻtgan oyda isteʼmol qilingan elektr energiyasi uchun toʻliq hisob-kitob qilishlari shart, EHNATga ulangan maishiy isteʼmolchilar bundan mustasno;

EHNATga ulangan maishiy isteʼmolchilar qarzdorligi mavjud boʻlganda, dastur orqali darhol tarmoqdan uziladi;

isteʼmolchilarga (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) elektr energiyasi 100 foiz oldindan haq toʻlash asosida yetkazib beriladi, namunali isteʼmolchilar bundan mustasno;

namunali isteʼmolchilar hisobot oyi uchun shartnomada belgilangan elektr energiyasi qiymatining 15 foizini hisobot oyi boshlanguniga qadar oldindan toʻlaydi;

hisobot oyining qolgan qismi uchun toʻlovlar isteʼmolchi tomonidan elektr energiyasiga boʻlgan ehtiyojidan kelib chiqib, hisobot oyi davomida ixtiyoriy ravishda qismlarga boʻlib amalga oshiriladi;

isteʼmolchining shaxsiy hisobvaragʻidagi mablagʻning tugashi va shu munosabat bilan elektr energiyasini yetkazib berishning avtomatik toʻxtatilishi toʻlov intizomining buzilishi hisoblanmaydi;

namunali isteʼmolchida muddati oʻtgan qarzdorlik yuzaga kelganda, EHNAT bilan maʼlumot almashinuvi uning aybi bilan buzilganda, hisobga olish uskunasi ishiga aralashish yoki elektr energiyasidan noqonuniy foydalanish holati aniqlanganda, namunaviy isteʼmolchi maqomini yoʻqotadi;

15 foizlik oldindan toʻlov tartibini qoʻllash uchun belgilangan talablarga isteʼmolchi qayta muvofiq boʻlganda, mazkur tartib keyingi hisobot oyidan avtomatik ravishda tiklanadi;

isteʼmolchining 15 foizlik oldindan toʻlov tartibidan foydalanish huquqi EHNAT va hisob-kitob maʼlumotlari asosida avtomatik ravishda aniqlanadi. Bunda isteʼmolchidan alohida murojaat yoki qoʻshimcha kelishuv tuzish talab etilmaydi;

isteʼmol qilingan elektr energiyasi uchun elektr taʼminoti shartnomasida belgilangan muddatlarda toʻlanmagan qarzi boʻlgan yuridik shaxslarga elektr energiyasi yetkazib berish toʻxtatib qoʻyiladi (maxsus tartibga koʻra elektr energiyasi yetkazib beriladigan isteʼmolchilar bundan mustasno). Bunda tadbirkorlik reytingida “yuqori” va “oʻrta” toifadagi korxonalarga oldindan toʻlov summasining 50 foizini hisobot oyining birinchi sanasigacha va qolgan qismini hisobot oyining oʻn beshinchi sanasigacha boʻlib toʻlashga ruxsat beriladi.

89. Toʻlov hujjatida xatolar yoki hisob-kitoblarda noaniqliklar aniqlangan taqdirda, isteʼmolchi taʼminotchiga darhol murojaat qilishi kerak.

Taʼminotchi isteʼmolchi bilan birga murojaat qilgan kundan boshlab oʻn sutkadan kechiktirmay, hisob-kitobni tekshirishi, zarurat boʻlganda esa hisoblagichlarni ham koʻrikdan oʻtkazishi kerak.

Hisoblagichlarni koʻrikdan oʻtkazish yoki toʻlov hujjatidagi xatolar toʻgʻrisidagi murojaat isteʼmolchini toʻlovni belgilangan muddatda va tartibda toʻlash majburiyatidan ozod etmaydi.

Agar hisoblagich va oʻlchov transformatoridagi chetga chiqish ushbu hisoblagichlar va oʻlchov transformatorlari uchun belgilangan aniqlik doirasidan oshmasa, bunday chetga chiqishlar yoʻl qoʻyilishi mumkin boʻlgan chetga chiqish deb hisoblanadi.

Agar toʻlov hujjatini tekshirish yoki hisoblagichni koʻrikdan oʻtkazishdan keyin (shu jumladan isteʼmolchi murojaat qilmasa ham) elektr energiyasi miqdorini qayta hisob-kitob qilish zarurati aniqlansa, bunda taʼminotchi tomonidan haqiqiy (aniq) isteʼmol qilingan elektr energiyasi miqdori boʻyicha hisob-kitob amalga oshiriladi va keyingi oy hisobotida inobatga olinadi.

90. Hisoblagichlar elektr tarmoqlarining qaysi nuqtasida oʻrnatilganligidan qatʼi nazar, HETK va isteʼmolchi oʻrtasida hisob-kitob qilish uchun aktiv va reaktiv energiya HETK va isteʼmolchi tarmoqlarining balans boʻyicha mansublik chegarasida hisobga olinishi shart.

91. Hisob-kitob davrida isteʼmolchilarga yetkazib berilgan elektr energiyasi miqdori va xuddi shu davrda hududiy elektr tarmoqlari korxonasi tomonidan qabul qilingan elektr energiyasi miqdori oʻrtasidagi tafovut (shu jumladan, elektr energiyasining amaldagi texnologik sarfi normativ sarfdan oshishi hisobidan paydo boʻlayotgani), meʼyorlar doirasida ushbu elektr tarmoqlari orqali elektr energiyasini uzatishdagi uning texnologik sarfining belgilangan tartibda tasdiqlangan normativi hajmi chiqarib tashlangan holda, taʼminotchining kelgusi davr balansiga oʻtkaziladi.

92. Hisoblagichlar elektr tarmogʻining balans boʻyicha mansublik chegarasida oʻrnatilmaganda, elektr tarmogʻining chegarasidan hisoblagich oʻrnatilgan joyigacha boʻlgan uchastkadagi aktiv va reaktiv energiya texnologik sarfining hajmi isteʼmolchi bilan birgalikda hisoblash yoki taraflar kelishuvi asosida shartnomada qayd qilish orqali aniqlanadi va elektr tarmogʻining balans boʻyicha mansubligiga qarab, taʼminotchining yoki isteʼmolchining hisobiga oʻtkaziladi.

93. Elektr energiyasi yagona elektr energetika tizimidan tranzit boʻyicha isteʼmolchining elektr tarmogʻi orqali taʼminotchining elektr tarmogʻiga uzatilganda, isteʼmolchi tarmoqlaridagi elektr energiyasi texnologik sarfining bir qismi, isteʼmolchining elektr tarmogʻiga kelib tushgan elektr energiyasining umumiy miqdoriga nisbatan taʼminotchining elektr tarmogʻiga isteʼmolchi tomonidan uzatilgan elektr energiyasi miqdoriga mutanosib ravishda, yagona elektr energetika tizimining elektr tarmoqlaridagi texnologik sarflarga oʻtkaziladi.

94. Isteʼmolchining aybi bilan elektr taʼminoti shartnomasida koʻrsatilgan elektr energiyasi hajmi toʻliq isteʼmol qilinmagan taqdirda, avans tariqasida toʻlangan mablagʻlar qaytarib berilmaydi va elektr energiyasi uchun keyingi hisob-kitoblarda hisobga olinadi. Isteʼmolchi oʻz faoliyatini toʻxtatgan (tugatgan) taqdirda, avans tariqasida toʻlangan mablagʻlar qaytarib beriladi.

95. Isteʼmolchilarning (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) hisob-kitob oyidan keyingi kalendar oy tugagach, qarz toʻlov muddati oʻtgan hisoblanadi va toʻlov muddati oʻtgan har bir kun uchun toʻlov muddati oʻtgan summaning 0,1 foizi miqdorida, lekin muddati oʻtgan toʻlov summasining 50 foizidan koʻp boʻlmagan miqdorda penya hisoblanadi.

Qoidabuzarlik dalolatnomasiga asosan hisoblangan hisobga olinmagan elektr energiyasi miqdori boʻyicha oʻzaro nizo isteʼmolchi bilan sud tartibida koʻrilganda sud hujjatlariga asosan penya isteʼmolchi yoki taʼminotchi korxona foydasiga qayta hisoblanadi.

Isteʼmolchining elektr energiyasi haqini toʻlash, reaktiv energiya kompensatsiyasi uchun tarifga ustamalar, shuningdek, noqonuniy foydalanilgan elektr energiyasi qayta hisob-kitobi, quvvat koeffitsiyenti qiymatining isteʼmolchilar tomonidan elektr taʼminoti shartnomasida koʻrsatilganiga nisbatan pasaytirilgani uchun hisoblangan mablagʻ va penya boʻyicha qarzi boʻlgan taqdirda, uning avans toʻlovi hisobiga oʻtkazilgan mablagʻlari qarzni qoplashga yoʻnaltiriladi va avans toʻlovi (oldindan haq toʻlash) sifatida hisobga olinmaydi.

96. Isteʼmolchi tomonidan foydalanilgan elektr energiyasi (quvvati) uchun hisob-kitob boʻyicha oʻzaro hisob-kitoblarni solishtirish dalolatnomasini imzolash rad etilgan taqdirda, qarz tuzilgan elektr taʼminoti shartnomasiga muvofiq shartnomaviy hajmdan kelib chiqqan holda, isteʼmolchining bankdagi hisobvaragʻiga taʼminotchi tomonidan toʻlov talabnomasi qoʻyish yoʻli bilan undiriladi.

97. Isteʼmolchi (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) egallab turgan binodan uning topshirilishi, sotilishi yoki boshqa sabablarga koʻra koʻchib ketgan taqdirda, u bu haqida taʼminotchini yozma shaklda xabardor qilishi hamda elektr energiyasi uchun koʻchib ketish kunigacha toʻliq hisob-kitob qilishi shart, shundan soʻng taʼminotchi obyektga elektr energiyasi yetkazib berishni toʻxtatadi. Yangi isteʼmolchini rasmiylashtirish va elektr qurilmalarini elektr tarmogʻiga ulash belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

98. Tomonlar ularning xohish va harakatlariga bogʻliq boʻlmagan tabiiy ofatlar sababli ushbu sharoitlarda qaytarib boʻlmaydigan va oldindan bilib boʻlmaydigan favqulodda vaziyatlarni oʻz ichiga olgan yengib boʻlmas kuch (fors-major) oqibatida oʻz zimmasiga olingan majburiyatlarni bajara olmasa, tomonlardan hech biri oʻz majburiyatlarini toʻliq yoki qisman bajarmagani uchun javob bermaydi.

99. Agar koʻrsatilgan fors-major holatlari majburiyatlarning shartnomada belgilangan muddatlarda bajarilishiga taʼsir qilsa, u holda ushbu muddatlar fors-major holatlarining amal qilish vaqtiga, ammo elektr taʼminoti shartnomasining amal qilish muddatidan koʻp boʻlmagan vaqtga uzaytiriladi.

100. Taʼminotchi tuman, shahar, iqtisodiy zona (sanoat zonasi) doirasida elektr energiyasi uchun toʻlovni yigʻish funksiyalarini belgilangan tartibda xususiy operatorga oʻtkazishi mumkin.

Elektr energiyasi uchun toʻlovni yigʻish funksiyalarini bajaruvchi xususiy operatorlar oʻz faoliyatini belgilangan tartibda amalga oshiradilar.

101. Elektr energiyasi uchun amaldagi tariflar oʻzgargan taqdirda, taʼminotchi ularning kuchga kirishidan kamida oʻn besh kun oldin qarorni ommaviy axborot vositalarida eʼlon qiladi.

Bunda elektr energiyasi uchun tariflar oʻzgargan sanadan qatʼi nazar, elektr taʼminoti shartnomasi oʻz kuchida qoladi va isteʼmolchi foydalanilgan elektr energiyasi uchun yangi tarif kuchga kirgan kundan boshlab amalga kiritilgan tarif boʻyicha haq toʻlashga majburdir.

Tarif oʻzgargan taqdirda, elektr energiyasi (shu jumladan, aktiv va reaktiv energiya)ning tarifi oʻzgargan kundan boshlab:

maishiy isteʼmolchilar — ikki oydan ortiq boʻlmagan;

boshqa isteʼmolchilar — bir oydan ortiq boʻlmagan muddatga avans tariqasida toʻlangan hajm uchun qoʻshimcha toʻlov toʻlashdan ozod etiladilar.

2-§. Isteʼmolchilar bilan elektr energiyasi uchun tabaqalashtirilgan tarif boʻyicha hisob-kitob qilish

102. Asosiy va zaxira elektr taʼminoti uchun ulangan quvvati yigʻindisi 750 kVA va undan yuqori boʻlgan isteʼmolchilar elektr energiyasi uchun tabaqalashtirilgan tarif boʻyicha hisob-kitob qiladi (budjet tashkilotlari, suv taʼminoti tashkilotlari, fermer xoʻjaliklari va suv isteʼmolchilari uyushmalarining nasos stansiyalari, shuningdek, Davlat budjetidan moliyalashtiriladigan nasos stansiyalari bundan mustasno).

Zaxira elektr taʼminoti uchun oʻrnatilgan quvvat yuqori kuchlanishli zaxirani avtomatik ulash (ZAU) qurilmasi orqali yoki elektr tarmogʻidan ajratilganligi toʻgʻrisida dalolatnoma asosida elektr tarmogʻidan ajratib, ulangan quvvat 750 kVA dan kam boʻlganda, isteʼmolchi tabaqalashtirilgan tarif boʻyicha hisob-kitob qilinmaydi.

Ulangan quvvati 750 kVA va undan ortiq boʻlgan isteʼmolchi uning elektr qurilmalari “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning ikki yoki undan ortiq alohida filiallari yoki elektr taʼminoti korxonalari tarmoqlaridan taʼminlanayotgan boʻlsa, ushbu isteʼmolchi oʻzi joylashgan hudud filiali bilan bitta elektr taʼminoti shartnomasini tuzib, elektr energiyasi uchun tabaqalashtirilgan tarif boʻyicha haq toʻlaydi, mazkur Qoidalarning 103-bandi bundan mustasno.

103. Bitta elektr taʼminoti korxonasi tarmogʻiga ulangan isteʼmolchining sexlari yoki obyektlari alohida-alohida har xil hududda yoki yondosh (qoʻshni) hududda joylashgan boʻlib, bitta taqsimlovchi umumiy tarmoqqa ega boʻlmasa, bunda bu sexlar yoki boshqa alohida obyektlar boʻyicha hisob-kitoblar tegishli tarif guruhlari boʻyicha amalga oshiriladi.

3-§. II tarif guruhi isteʼmolchilari bilan elektr energiyasi uchun hisob-kitob qilish

104. Uy-joy mulkdorlari shirkatlari, boshqaruv tashkilotlari va kommunal-ekspluatatsiya tashkilotlari tomonidan umumiy uy-joy ehtiyojlariga foydalaniladigan elektr energiyasi uchun HETK bilan hisob-kitoblar elektr taʼminoti shartnomasiga muvofiq elektr tarmoqlarining balans boʻyicha mansublik chegarasida oʻrnatilgan hisoblagichlarning koʻrsatkichlari va maishiy isteʼmolchilar uchun belgilangan bazaviy meʼyorda belgilangan tarif boʻyicha amalga oshiriladi.

104 1 . Tramvay hamda trolleybus transportlari tomonidan foydalaniladigan elektr energiyasi uchun taʼminotchi bilan hisob-kitoblar isteʼmolchilarning II tarif guruhi uchun belgilangan tarifning 50 foizi miqdorida amalga oshiriladi.

105. HETK bilan koʻp kvartirali uylar elektr tarmoqlarining mansublik chegarasidan maishiy isteʼmolchilarning elektr energiyasini hisoblagichlarigacha boʻlgan, umumiy foydalanishdagi elektr tarmoqlaridagi elektr energiyasining texnologik sarflari HETKning texnologik sarflari hisob-kitobida inobatga olinib hisoblanadi.

106. Koʻp kvartirali uylarni boshqarganda, uy-joy egalarining umumiy yigʻilishi bilan vakil qilingan shaxs uyning umumiy ehtiyojlari uchun sarflanadigan elektr energiyasi uchun hisob-kitob qilish boʻyicha HETK bilan elektr taʼminoti shartnomasi tuzish huquqiga ega.

Bunda uy-joy egalarining umumiy yigʻilishi bilan vakil qilingan shaxs HETK bilan oʻzaro munosabatlarda uy-joy mulkdorlari nomidan harakat qilishga haqlidir.

107. Koʻp kvartirali uylarning elektr uskunalari va elektr tarmoqlaridan foydalanishga ekspluatatsiya tashkiloti tomonidan ular belgilangan tartibda qabul qilinib, tegishli hujjatlar rasmiylashtirilgandan keyin ruxsat etiladi.

108. Taʼminotchi turar joy va noturar joy fondi binolarining egalari va ijarachilar (yuridik shaxslar yoki yuridik shaxs tashkil etmasdan tadbirkorlik faoliyatini amalga oshiruvchi jismoniy shaxslar) bilan elektr taʼminoti shartnomasini tuzadi va ularga shaxsiy hisobvaraqlari ochadi.

Bitta uy-joy mulkdorlari shirkati bir necha shirkatlarga boʻlinganda yoki vaqtincha turar joy va noturar joy fondining uy-joylarini kimningdir mol-mulkiga oʻtkazish masalasi vaqtincha hal etilmagan taqdirda, HETK mahalliy davlat hokimiyati organlari bilan kelishgan holda, maʼlum bir uy-joylarning umumiy ehtiyojlari uchun foydalaniladigan elektr energiyasini yetkazib berishni toʻxtatadi.

Boshqaruv tashkilotlari yoki uy-joy mulkdorlari shirkati tarkibidan uy-joy egalarining umumiy yigʻilishi qarori bilan yangi shirkat tuzib ajralib chiqqanda, elektr energiyasidan mavjud qarzdorligi boʻlgan shirkatlar oʻrtasida oʻzaro taqsimlangan dalolatnoma tuzilishi shart.

Boshqaruv servis kompaniyalari yoki xususiy uy-joy mulkdorlari shirkati oʻz tarkibiga boshqa shirkatlarni qoʻshib olganda, elektr energiyasidan mavjud qarzdorligi bilan qabul qilib oladi.

109. Shaxsiy hisobvaraq boshqa isteʼmolchiga taʼminotchi tomonidan turar joy va noturar joy fondining yangi mulkdorining kadastr hujjatlari maʼlumotlariga muvofiq qayta rasmiylashtiriladi.

Qarzdorligi mavjud koʻchmas mulk obyektlari boshqa bir yuridik yoki jismoniy shaxsga onlayn auksion savdolari orqali sotilganda, mavjud qarzdorlikni bartaraf qilish majburiyati, agar oldi-sotdi shartnomasida boshqacha shartlar belgilanmagan boʻlsa, yangi sotib olgan yuridik yoki jismoniy shaxs zimmasida boʻladi.

Bunda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi va uning hududiy boshqarmalari koʻchmas mulkka egalik huquqi davlat roʻyxatidan oʻtkazilgandan keyin uch kun muddatda taʼminotchiga koʻchmas mulk egasi haqida maʼlumot yuboradi va unga muvofiq isteʼmolchilar bilan shartnomalar qayta rasmiylashtiriladi.

Turar joy va noturar joy fondi binosiga koʻchib kirgan yangi mulkdor elektr tarmogʻiga ulanishi uchun 30 kun mobaynida taʼminotchi bilan elektr taʼminoti shartnomasini tuzishi va oʻz nomiga shaxsiy hisobvaraqni rasmiylashtirishi shart (maishiy isteʼmolchilar bundan mustasno). Shaxsiy hisobvaragʻi koʻrsatilgan muddatda rasmiylashtirilmasa, mavjud qarzdorlik boʻyicha javobgarlik turar joy va noturar joy fondi binosining yangi mulkdori zimmasiga yuklanadi.

Koʻchmas mulk oldi-sotdi bitimi davlat roʻyxatidan oʻtkazish organi tomonidan davlat roʻyxatiga olingandan soʻng mulkdorning familiyasi, ismi, otasining ismi, yashash joyi, notarial harakat amalga oshirilgan kun va qayd etilgan raqam, koʻchmas mulk kadastr raqami va koʻchmas mulkning umumiy (turar joy) maydoni, shuningdek, mobil telefon raqami va elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa) koʻrsatilgan maʼlumot yuboriladi. Bunda taʼminotchi maʼlumot tushgandan keyin bir oy muddatda mulkdor bilan elektr taʼminoti shartnomasini tuzishi shart (maishiy isteʼmolchilar bundan mustasno).

110. HETK turar joy va noturar joy fondi binolarining egalari bilan elektr energiyasi uchun hisob-kitoblar, turar joy va noturar joy binolarining ijarachilariga (yuridik shaxs boʻlgan ijarachilar bundan mustasno) yoki yollovchilarga topshirilishidan qatʼiy nazar, umumiy hisoblagichlar boʻyicha amalga oshiradi. Turar joy va noturar joy fondi binolarining egalari bilan ijarachilar oʻrtasidagi hisob-kitoblar nazorat hisoblagichlari boʻyicha olib borilib, HETK hech qanday hisob-kitoblarni amalga oshirmaydi.

Turar joy va noturar joy fondi binolarining egalari bilan ijarachilar oʻrtasidagi oʻzaro hisob-kitoblar boʻyicha nizolar belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.

111. Xonadonda, shuningdek, yotoqxonalarda bir nechta oila yashaganda, hisob-kitob davrida isteʼmol qilingan elektr energiyasi alohida oilalar oʻrtasida nazorat hisoblagichlar koʻrsatkichlari boʻyicha taqsimlanadi.

Nazorat hisoblagichlarini oʻrnatish uchun HETKning ruxsati talab qilinmaydi.

Nazorat hisoblagichlarining toʻgʻri ishlashini nazorat qilish, ularning koʻrsatkichlarini yozib olish va elektr energiyasi uchun oʻzaro hisob-kitoblarni amalga oshirish majburiyatlari yashovchilarning zimmasiga yuklanadi.

Umumiy foydalaniladigan joylarda isteʼmol qilingan elektr energiyasi miqdori alohida oilalar oʻrtasida amalda yashovchilarning soni boʻyicha taqsimlanadi.

HETK elektr energiyasidan umumiy hisoblagichlar orqali foydalanuvchi fuqarolar bilan hech qanday hisob-kitoblarni amalga oshirmaydi.

112. Elektr energiyasi uchun oʻz vaqtida haq toʻlash boʻyicha mazkur Qoidalarga rioya qilish, turar joy va noturar joy fondi binosidagi hisoblagichlarning saqlanishi va butligini taʼminlash uchun javobgarlik turar joy va noturar joy fondi binosining egasi zimmasiga yuklanadi.

113. Hisoblagichlar zinapoya maydonchalarida oʻrnatilgan taqdirda ularning saqlanishi va butligi uchun uy-joy mulkdorlari shirkati yoki tasarrufida uy-joy boʻlgan idora, tashkilot javob beradi.

Koʻp kvartirali uylar zinapoya maydonchalarida oʻrnatilgan hisoblagichlarga zarar yetkazilganda yoki oʻgʻirlangan taqdirda, uy-joy mulkdorlari shirkati yoki idora, tashkilot ularni oʻz hisobidan tiklashi shart.

Koʻp kvartirali uylardagi xonadonlar va yakka tartibdagi uy-joylar ichida oʻrnatilgan hisoblagichlarning saqlanishi va butunligi uchun isteʼmolchi javob beradi.

Agar hisoblagichlar, oʻlchov transformatorlari, ikkilamchi zanjirlar koʻp qavatli uylar zinapoya maydonchalarida yoki yakka tartibdagi uy-joylarning bino va inshootlari foydalanish hududidan tashqarida (transformator punkti, tayanch, tashqi fasad va boshqalar) oʻrnatilgan boʻlib, hisoblagich oʻlchov tizimiga tashqi aralashuvlar qilinishi natijasida isteʼmol qilingan elektr energiyasi miqdori kamaytirilganligi hisoblagich yoki EHNAT bazasi xotira maʼlumotlari bilan oʻz tasdigʻini topganda, isteʼmolchi javobgar hisoblanadi.

114. Uy-joy mulkdorlari shirkati, boshqaruv tashkiloti, uy-joy mulkdorlari va turar joylardagi hamda boshqa binolardagi xonalarni ijarachilarga (yuridik shaxslarga yoki yuridik shaxs tashkil etmasdan tadbirkorlik faoliyatini amalga oshiruvchi jismoniy shaxslarga) ijaraga beruvchi boshqa tashkilotlar HETKning ruxsatisiz ijarachilarga tegishli boʻlgan elektr qurilmalarini (elektr energiyasidan foydalanish maqsadlaridan qatʼi nazar) uyning ichki elektr tarmoqlariga ulash huquqiga ega emas.

115. Ijarachilar (yuridik shaxslar yoki yuridik shaxs tashkil etmasdan tadbirkorlik faoliyatini amalga oshiruvchi jismoniy shaxslar) turar joy va noturar joy fondi binosining egasi bilan shartnoma tuzgandan keyin uch kun muddatda ijaraga olingan binoda elektr energiyasidan foydalanish bilan bogʻliq masalalarni hal etish uchun HETKga murojaat qilishi shart.

Ijarachi binodan koʻchib ketadigan boʻlsa, turar joy va noturar joy fondi binosining egasi ijarachidan HETKning u koʻchib ketish kunigacha elektr energiyasi uchun hisob-kitob amalga oshirganligi haqidagi maʼlumotnomani talab qilishi shart. Koʻchib ketgan ijarachilarning elektr energiyasi uchun qarzlari boʻyicha javobgarlik ijaraga beruvchi zimmasida boʻladi.

116. HETK bilan koʻp kvartirali uylar elektr tarmoqlarining mansublik chegarasidan alohida xonadonlar elektr hisoblagichigacha boʻlgan umumiy foydalanishdagi elektr tarmoqlari (oʻtkazgichlar, kommutatsiya apparatlari, taqsimlovchi shchitlar) texnik holati va ularga xizmat koʻrsatish uchun uy-joy mulkdorlari shirkatlari, boshqaruv tashkilotlari va tasarrufida turar joylar boʻlgan tashkilotlar javob beradi.

4-§. III tarif guruhi isteʼmolchilari bilan hisob-kitob qilish

117. Maishiy isteʼmolchilar xonadonlarda, shaxsiy uy-joylarda, yordamchi xoʻjaliklar, shaxsiy foydalaniladigan tomorqa bogʻ obyektlarida foydalanilgan elektr energiyasi uchun maishiy ehtiyojlarda qoʻllaniladigan tok qabul qilgichlar quvvati va vazifasidan qatʼi nazar, aholi uchun belgilangan tarif va shartlar boʻyicha haq toʻlaydilar.

Shaxsiy elektromobillarni quvvatlash uskunalari uchun isteʼmolchilar mablagʻlari hisobidan alohida hisoblagich oʻrnatiladi hamda alohida hisobvaraq orqali II tarif guruhi isteʼmolchilari uchun belgilangan tarif asosida hisob-kitob qilinadi.

118. Ovqat tayyorlash uchun markazlashgan holda elektr plitalari bilan jihozlangan koʻp kvartirali uylar va yotoqxonalarda yashaydigan maishiy isteʼmolchilar tomonidan foydalaniladigan elektr energiyasi haqi III tarif guruhiga kiradigan amaldagi tarifning 50 foizi miqdorida toʻlanadi.

Bunda ushbu uy-joylarni tarmoqqa ulash uchun berilgan texnik shartlarda, loyiha hujjatlarida va taʼminlovchi tarmoqlarda (transformatorlar, kabellar, taqsimlovchi shchitlar, kommutatsiya apparatlari, elektr uzatgichlarda) elektr plitalarning quvvati avvaldan inobatga olingan boʻlishi shart. Loyiha boʻyicha ovqat tayyorlash uchun markazlashmagan holda gaz plitalari bilan jihozlangan koʻp kvartirali uylar va yotoqxonalarga mazkur bandning birinchi xatboshisi tatbiq etilmaydi. Bunday uy-joylar va yotoqxonalarda gaz plitalarni oʻzboshimchalik bilan elektr plitalarga almashtirish taqiqlanadi.

Elektr energiyasidan aholiga elektr energiyasini yetkazib berish maqsadida foydalanuvchi diniy tashkilotlar, oilaviy korxonalar, oilaviy tadbirkorlar, Uy mehmonxonalari (xostellar), “Hunarmand” uyushmasi aʼzolari, shuningdek, elektr energiyasidan aholi ehtiyojlari uchun foydalanadigan lokal qozonxonalarga uy-joy mulkdorlari shirkati hamda koʻp kvartirali uyni boshqaruvchi tashkilotlarga maishiy isteʼmolchilarga belgilangan tarif va shartlar qoʻllaniladi.

Bunda diniy tashkilotlar, yotoqxonalar va aholi ehtiyojlari uchun foydalanadigan lokal qozonxonalar tomonidan foydalanilgan elektr energiyasi uchun tariflar maishiy isteʼmolchilarga bazaviy meʼyor uchun belgilangan tarif boʻyicha amalga oshiriladi.

EHNATga ulangan hisoblagichlarga ega maishiy isteʼmolchilarga elektr energiyasi elektr taʼminoti shartnomasi asosida va oldindan toʻlangan toʻlov doirasida yetkazib beriladi.

Oilaviy korxona va hunarmandlarga ularning ixtiyoriga koʻra energiya uchun toʻlovlarni II yoki III tarif guruhi tariflarida amalga oshirishga ruxsat beriladi.

Bunda isteʼmolchilar hisobot oyi boshlangunga qadar elektr taʼminoti korxonasiga murojaat qilishlari zarur.

119. Muqobil energiya manbalari orqali ishlab chiqarilib, energetika tizimiga uzatilgan elektr energiyasi hajmi tarmoqdan isteʼmol qilingan elektr energiyasi hajmidan chegirib hisob-kitob qilinadi, orttirilgan hajm esa HETK yoki isteʼmolchi foydasiga “0” kVt soatdan boshlab hisob-kitob qilinadi. Isteʼmol qilinadigan elektr energiyasidan oqilona foydalanish maqsadida maishiy isteʼmolchilarning elektr energiyasi isteʼmoli yuklama orqali chegaralanadi.

Bunda HETK tomonidan EHNAT doirasida isteʼmolchilarga ehtiyojlari uchun zarur boʻlgan qurilmalarning minimal quvvatidan hamda joylashgan hududidan kelib chiqib, hisoblagich orqali 10 — 15 kVt quvvat doirasida cheklov kiritiladi.

120. Biror-bir sababga koʻra hisoblagichga ega boʻlmagan va (yoki) mazkur turar joyda vaqtincha yashamayotgan maishiy isteʼmolchi elektr energiyasi uchun notoʻgʻri toʻlov hisoblanishining oldini olish uchun HETKni bu toʻgʻrida yozma ravishda xabardor qilishi shart.

121. Tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish uchun xonadonlar, xususiy uy-joylar, bogʻ uchastkalari va boshqa shaxsiy obyektlardan foydalanilgan isteʼmolchilar ishlatilgan elektr energiyasi uchun tadbirkorlik faoliyatining (savdo, xizmatlar koʻrsatish, tovarlar ishlab chiqarish, elektromobillarni quvvatlash xizmatlari va boshqalar) turi boʻyicha elektr energiyasi isteʼmolchilarining tarif guruhiga muvofiq haq toʻlanadi.

Bunda tadbirkorlik faoliyati uchun foydalaniladigan elektr energiyasi boʻyicha hisob-kitoblar uchun alohida hisoblagich oʻrnatilishi zarur.

122. HETK har bir maishiy isteʼmolchi bilan elektr taʼminoti shartnomasini tuzadi va zarur hollarda elektr energiyasi haqini toʻlash uchun unga belgilangan namunadagi hisob-kitob daftarchasini beradi.

Bunda maishiy isteʼmolchi tarmoqqa belgilangan tartibda amalda birinchi marta ulangan paytdan boshlab u bilan shartnoma tuzilgan hisoblanadi.

Hisob-kitob daftarchasining har bir varagʻi kvitansiya va bildirishnomadan iborat boʻlib, ularda maishiy isteʼmolchining shaxsiy hisobvaragʻi tushirilgan boʻlishi kerak.

Toʻlov hujjatining har ikkala qismi (bildirishnoma va kvitansiya) bir xilda, aniq, oʻchirib yozishlarsiz toʻldirilishi kerak. Toʻlov hujjatlarida familiya, manzil, toʻlovning joriy va oldingi sanasi hamda sanalarga muvofiq hisoblagich koʻrsatkichlari va toʻlov summasi koʻrsatilishi kerak.

123. Maishiy isteʼmolchi tomonidan hisob-kitob davrida amalda isteʼmol qilingan elektr energiyasi miqdori isteʼmolchining hisoblagich koʻrsatkichlari boʻyicha aniqlanadi.

Agar hisoblagich oʻlchov transformatorlari (tok, kuchlanish) orqali ulangan boʻlsa, amalda isteʼmol qilingan elektr energiyasi miqdori ushbu oʻlchov transformator transformatsiya koeffitsiyenti inobatga olingan holda aniqlanadi.

124. Hisoblagichlardan koʻrsatkichlarni yozib olish va toʻlov hujjatini yozib berish HETKning xodimi yoki isteʼmolchining oʻzi tomonidan amalga oshiriladi.

HETK xodimi tomonidan yozib berilgan toʻlov hujjati (bildirishnoma) maishiy isteʼmolchiga imzo qoʻydirib topshiriladi, u boʻlmagan taqdirda esa — u bilan birga bir xonadonda (xususiy uyda) yashovchi voyaga yetgan shaxsga topshiriladi yoki bildirishnoma bilan birga buyurtma xat orqali joʻnatiladi.

125. Agar navbatdagi aylanib chiqish davomida hisoblagich oʻrnatilgan xona yopiq boʻlsa, bu haqda maishiy isteʼmolchining shaxsiy hisobvaragʻida tegishli belgi qayd etiladi.

Hisoblagich koʻrsatkichlarini nazorat tartibida yozib olish boʻyicha maʼlumotlar mavjud boʻlmagan taqdirda, HETK elektr energiyasi isteʼmolining shartnomadagi miqdori boʻyicha yoki oldingi davr uchun amaldagi elektr energiyasi isteʼmolining hajmi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarga asosan toʻlov yozish huquqiga ega boʻlib, bu haqida maishiy isteʼmolchining hisobvaragʻida tegishli belgi qoʻyiladi. Bunda hisoblagichlardan nazorat koʻrsatkichlari yozib olingandan keyin amalda isteʼmol qilingan elektr energiyasi uchun qayta hisob-kitob qilinadi.

126. HETKning xodimi guvohnomasini koʻrsatgan taqdirda, xonadondagi hisoblagich koʻrsatkichlarini va ulanish sxemalarini soat 08-00 dan 20-00 gacha hech qanday qarshiliklarsiz koʻrish huquqiga egadir.

Hisoblagichlarni koʻzdan kechirish uchun HETK xodimini qoʻymaslik mazkur Qoidalarning 70-bandida belgilangan choralar koʻrilishiga sabab boʻladi.

127. Toʻlov hujjatlarini yozish va haq toʻlash paytida yoʻl qoʻyilgan xatolar HETK tomonidan daʼvo muddati mobaynida ushbu xatoliklar aniqlanguniga qadar hisobga olinadi.

128. Toʻlov tegishli tashkilot tomonidan qabul qilib olingan sana toʻlov amalga oshirilgan sana hisoblanadi.

Toʻlov elektron toʻlov tizimlari orqali amalga oshirilgan taqdirda, mablagʻlar isteʼmolchining shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkazilgan (tranzaksiya) sana toʻlov amalga oshirilgan vaqt deb hisoblanadi.

129. Aholidan toʻlovlarni qabul qiladigan tashkilot (tijorat banklarining boʻlimlari, “Oʻzbekiston pochtasi” aksiyadorlik jamiyatining boʻlimlari va aholidan toʻlovni qabul qilib olish punktlari) toʻlov hujjatlarini oʻram, banderollar va elektron reyestrlarga jamlaydilar.

Har qaysi banderolda (bank boʻlimi tomonidan maʼlum davrda qabul qilib olingan maishiy isteʼmolchilarning toʻlov hujjatlari toʻplamida) ularni HETKga berish vaqtida yorliq boʻlishi lozim, yorliqda quyidagilar koʻrsatilgan boʻlishi kerak:

banderolni shakllantirish boshlangan va tugallangan sana;

banderoldagi hujjatlar soni;

qabul qilib olingan toʻlovlarning umumiy summasi;

kassa xizmati koʻrsatilganligi uchun toʻlov sifatida ushlab qolingan summa;

HETK hisobvaragʻiga oʻtkaziladigan summa.

Bunda aholidan toʻlovni qabul qilib oluvchi tashkilotlar elektr energiyasi uchun toʻlov sifatida kelib tushgan mablagʻlar shartnomada belgilangan muddatlarda HETKga oʻtkazilishini taʼminlashi shart.

130. Maishiy isteʼmolchilar toʻlov boʻyicha qarzdor boʻlganda, toʻlov muddati oʻtgan har bir kun uchun toʻlov muddati oʻtgan summaning 0,1 foizi miqdorida, lekin muddati oʻtgan toʻlov summasining 50 foizidan koʻp boʻlmagan miqdorda penya toʻlaydilar.

Penya hisoblagich koʻrsatkichlari yozib olingandan keyin va amalga oshirilgan qayta hisob-kitoblardan soʻng, shuningdek, belgilangan tartibda kiritilgan oldindan toʻlov hisobga olingan holda, hisob-kitob davridan keyingi oyning 11-kunidan boshlab maishiy isteʼmolchining aniqlashtirilgan qarzdorlik (toʻlanmagan qarz) summasidan undiriladi.

Penyani hisoblash uchun qarzdorlik hosil boʻlgan oy aniqlanadi va toʻlov muddati oʻtkazib yuborilgan har bir kun uchun penya shu oydan boshlab hisoblanadi.

Isteʼmol qilingan elektr energiyasi boʻyicha qarzdorlik mavjud boʻlganda, maishiy isteʼmolchiga tegishli boʻlgan yashash yoki turgan joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan voyaga yetgan jismoniy shaxslar qarzdorlikni toʻlash boʻyicha solidar javobgar boʻladilar.

Voyaga yetgan jismoniy shaxsning solidar javobgarligi u maishiy isteʼmolchiga tegishli boʻlgan yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan vaqtdan boshlab vujudga keladi va roʻyxatdan chiqarilgan vaqtgacha amal qiladi.

131. Arifmetik xatoliklar, tariflarni notoʻgʻri qoʻllash tufayli paydo boʻladigan kam va ortiqcha toʻlovlar tegishli tarif boʻyicha kVt soatlarda mazkur Qoidalar asosida qayta hisoblanadi.

132. Tarif oʻzgarganda, tarif oʻzgargan sanagacha isteʼmol qilingan elektr energiyasi hajmi oldingi toʻlov vaqtidan boshlab oʻrtacha sutkalik isteʼmol boʻyicha aniqlanadi va unga eski tarif boʻyicha haq toʻlanadi. Hisoblagichlarning koʻrsatkichlari toʻlov kunida yozib olingan deb hisoblanadi.

Tariflar oʻzgargandan keyin isteʼmol qilingan elektr energiyasi miqdori uchun yangi tarif boʻyicha haq toʻlanadi.

5-§. Elektr energiyasidan foydalanish qoidalarini buzish, ushbu holatlarni rasmiylashtirish va hisobga olinmagan elektr energiyasi hajmini hisob-kitob qilish tartibi

133. Quyidagi holatlar isteʼmolchilar tomonidan elektr energiyasidan foydalanish qoidalarini buzish (noqonuniy foydalanish) holatlari deb hisoblanadi:

a) elektr taʼminoti shartnomasini tuzmasdan, elektr tarmogʻiga oʻzboshimchalik bilan ulanish.

Agar isteʼmolchi energiya taʼminoti korxonasi xodimi bilan til biriktirib, ulanishda normativ-huquqiy hujjatlar talablarini bajarmasdan, shartnomasiz va hisoblagichi taʼminotchining tegishli dasturiy taʼminoti bazalariga kiritilmasdan elektr tarmogʻiga ulanib, elektr energiyasidan foydalangan taqdirda, oʻzboshimchalik bilan foydalanishga tenglashtiriladi (isteʼmolchining elektr tarmogʻiga ulanish uchun tegishli hujjatlari mavjud boʻlib, lekin hisoblagich taʼminotchining tegishli dasturiy taʼminoti bazasiga oydan-oyga oʻtish jarayonida dasturga kirmay qolgan holatlar bundan mustasno);

b) hisoblagich koʻrsatkichlarini qasddan kamaytirish maqsadida hisoblagichga va uning ulanish sxemasiga unga tashqi taʼsir koʻrsatish;

v) hisoblagich va oʻlchov transformatorlarining plombalarini oʻzboshimchalik bilan buzish;

g) I tarif guruhi isteʼmolchilarida oʻrnatilgan hisoblagichda sutkaning vaqt zonasini oʻzboshimchalik bilan tashqi taʼsir koʻrsatish orqali oʻzgartirish;

d) oʻzboshimchalik bilan hisoblagichni almashtirish;

e) hisoblagichning ulanish sxemasini oʻzboshimchalik bilan oʻzgartirish;

j) hisoblagich xotirasidagi koʻrsatkichlarni yoʻq qilish maqsadida hisoblagichni qasddan yoʻq qilish (yoqib yuborish, sindirib maydalash va shu kabilar). Isteʼmolchining aybisiz hisoblagichga yuqori kuchlanish/tok kelishi natijasida erib ketishi yoki boshqa tabiiy sabablarga koʻra yaroqsiz holga kelishi bundan mustasno;

z) hisoblagichdan tashqari ulanish;

i) hisobga olinadigan elektr energiyasi miqdorini kamaytirish maqsadida oʻlchov transformatorlarini yoki oʻlchov transformatorlariga biriktirilgan pasport maʼlumotlarini almashtirish;

k) yuridik shaxs isteʼmolchilar tomonidan (maishiy isteʼmolchilar bundan mustasno) elektr energiyasini yoʻq qilish maqsadida elektr hisoblagich haqiqiy koʻrsatgichi boʻyicha hisobot bermasdan elektr hisoblagich koʻrsatkichini yashirish (bunda yashirilgan elektr energiyasi miqdori ikki oylik isteʼmolidan kam boʻlmaganda).

Mazkur bandning barcha kichik bandlarida keltirilgan holatlarda isteʼmol qilingan elektr energiyasi qayta hisob-kitob qilinadi va isteʼmolchidan undiriladi.

Agar isteʼmolchilarning hisoblagichlari, oʻlchov transformatorlari energetika obyekti korxonasiga tegishli hududda (podstansiya, transformator punkti va boshqalar) oʻrnatilgan boʻlib, hisoblagich oʻlchov tizimiga tashqi aralashuvlar natijasida isteʼmol qilingan elektr energiyasi miqdori kamaytirilganligi hisoblagich yoki EHNAT bazasi xotira maʼlumotlari bilan oʻz tasdigʻini topganda, isteʼmolchi javobgar hisoblanadi.

Qoidalarning ushbu bandida nazarda tutilgan qoida buzilishlari Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksiga va Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat kodeksiga muvofiq tegishli javobgarlikka tortishga sabab boʻladi.

133 1 . Quyidagi holatlar elektr taʼminoti korxonasi tomonidan elektr energiyasidan foydalanish qoidalarini buzish holatlari deb hisoblanadi:

uskunalarni, elektr uzatish tarmoqlarini, hisoblagichlarni uzluksiz ekspluatatsiya qilishini taʼminlamaslik, oʻz vaqtida ularga xizmat koʻrsatmaslik va uskunalarni taʼmirlamaslik, shuningdek, oʻz elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlarida nosozliklarni bartaraf etmaslik;

oʻz elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlarida elektr energiyasi sifat koʻrsatkichlarini davlat standartlarida belgilangan darajada saqlab turmaslik;

elektr taʼminoti korxonasi tomonidan belgilangan elektr energiyasini isteʼmol qilish rejimiga rioya etmaslik;

elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlarining rejali taʼmirlanishi tufayli elektr energiyasi bilan taʼminlashdagi mumkin boʻlgan uzilishlar toʻgʻrisida kamida 3 kun oldin ogohlantirmaslik;

joriy etiladigan cheklashlar haqida cheklashning hajmi va vaqtini koʻrsatgan holda oʻz vaqtida isteʼmolchilarga xabar qilmaslik;

oʻz elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlarida elektr energiyasining texnologik sarflarini qisqartirish boʻyicha tashkiliy-texnik tadbirlarni ishlab chiqmaslik yoki ishlab chiqilgan tashkiliy-texnik tadbirlarni amalga oshirmaslik;

elektr energiyasining elektr tarmoqlarining mansublik chegarasida hisobga olinmagan isteʼmolini aniqlamaslik;

isteʼmolchilarga yetkazib berilgan elektr energiyasini belgilangan tartibda hisobga olib bormaslik;

tegishli hujjatlarsiz (texnik shart, loyiha hujjatlari, loyiha hujjatlarini kelishish va shartnoma) va (yoki) ruxsatnomalarsiz isteʼmolchini elektr tarmogʻiga ulash yoki ulanishga ruxsat berish;

EHNATga mos keladigan hisoblagichlar boʻlmaganda, isteʼmolchilar va subisteʼmolchilarni elektr tarmoqlariga ulash;

isteʼmolchiga mansub boʻlgan tarmoqlardagi texnologik sarflar hamda quvvat koeffitsiyentining (cos φ) iqtisodiy qiymati hisob-kitob qilinmasligi;

hisoblash tizimiga taʼsir qilmagan holda, ikkilamchi tok zanjirida kirish va chiqish simlari oʻzaro oʻrnini almashtirib ulash;

hisobga olinadigan elektr energiyasi miqdorini kamaytirish maqsadida dasturga qoʻshimcha koeffitsiyentlarni kiritish;

Elektr qurilmalarining tuzilishi qoidalari talablariga rioya qilmaslik;

har oyda bevosita isteʼmolchilar tomonidan foydalanilgan energiya resurslari hajmi va tegishli hududlar chegarasidagi tarmoqlarga yetkazib hisoblagichlarni EHNATga bir oydan ortiq aloqaga chiqishini taʼminlamaslik;

isteʼmolchilarga notoʻgʻri hisob-kitoblar amalga oshirilganligi;

elektr taʼminoti korxonasining masʼul xodimi aybi bilan qoida buzilishlar sodir etilishi;

sertifikatlashtirilmagan energetika uskunalaridan, energiya taʼminoti tarmoqlari va tizimlarining elementlaridan foydalanish;

EHNAT tizimida hisoblagichlar ishlashida nosozliklar yuzasidan kelib tushgan xabarlar asosida mazkur nosozliklarning bir oylik muddatda joyiga chiqqan holda bartaraf etilishini taʼminlamaslik;

debitor qarzdorligi mavjud isteʼmolchilarga asossiz ravishda elektr energiyasini yetkazib berish.

Ushbu bandda nazarda tutilgan qoida buzilishlari aniqlangan taqdirda, elektr taʼminoti korxonasi tegishliligi boʻyicha rahbari va (yoki) masʼul xodimlarning qonunchilikda belgilangan tartibda javobgarlikka tortilishiga sabab boʻladi.

134. Quyidagi holatlar isteʼmolchilar tomonidan toʻlovlar amalga oshiriladigan elektr energiyasi hajmiga taʼsir qilmagan holda, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar va normalarga rioya etmaslik holatlari hisoblanadi:

a) texnik shartlarda ruxsat etilgan quvvatdan ortiqcha quvvatni ulab foydalanish;

b) elektr energiyasidan nooqilona va samarasiz foydalanish. Bunda elektr energiyasidan nooqilona va samarasiz foydalanganlik uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda iqtisodiy va (yoki) maʼmuriy jazo chorasi qoʻllanilishi mumkin;

v) isteʼmol qilingan elektr energiyasini hisoblash tizimiga taʼsir qilmaydigan usullarda EHNAT tizimi muqobil ishlashiga taʼsir koʻrsatish.

Ushbu bandda keltirilgan holatlarda isteʼmol qilingan elektr energiyasi uchun qayta hisob-kitoblar amalga oshirilmaydi.

135. Quyidagi holatlar texnik xato va kamchiliklar yoki elektr energiyasidan foydalanish qoidalarining isteʼmolchining aybisiz buzilishi deb hisoblanadi:

a) isteʼmolchilar bilan hisob-kitoblarda notoʻgʻri tarif guruhi qoʻllanilishi (mayning sohasi bundan mustasno);

b) isteʼmolchiga mansub boʻlgan tarmoqlardagi texnologik sarflar hamda quvvat koeffitsiyentining (cos φ) iqtisodiy qiymati hisob-kitob qilinmasligi;

v) arifmetik va texnik xatoliklar natijasida kam yoki koʻp hisoblanishi;

g) hisoblash tizimiga taʼsir qilmagan holda, ikkilamchi tok zanjirida kirish va chiqish simlar oʻzaro oʻrni almashtirib ulangan holatlar (“berish” / “qabul” rejimi). Quyosh panellari oʻrnatilganligi bundan mustasno;

d) hisoblagich yoki oʻlchov transformatorlari navbatdan tashqari yoki davriy qiyoslov koʻrigidan oʻtkazilganda davlat standartlarida ruxsat etilgan xatolik meʼyorlaridan kam yoki koʻp koʻrsatkichlarda ishlaganligi aniqlanganda;

e) hisoblagich ikkilamchi zanjir simlarining mexanik taʼsirdan uzilishi (tabiiy uzilish) hamda hisoblagich yoki oʻlchov transformatorlarining isteʼmolchining aybisiz buzilishi;

j) hisobga olinadigan elektr energiyasi miqdorini kamaytirish maqsadida dasturga qoʻshimcha kamayuvchi koeffitsiyentlarni kiritish;

z) elektr hisoblagich ulanish sxemasi notoʻgʻri ulanishi (ulanish sxemasi elektr hisoblagich, oʻlchov transformatorlari oʻrnatilgan yoki almashtirilgan vaqtdan boshlab notoʻgʻri ulanganligi aniqlanganda);

Ushbu holatlarda isteʼmolchiga isteʼmol qilingan haqiqiy elektr energiyasi sarfi boʻyicha taʼminotchi yoki isteʼmolchi manfaatiga qayta hisob-kitoblar amalga oshiriladi.

“ a ”, “ b ”, “ v ”, “ g ”, “ j ” va “z” kichik bandlarida nazarda tutilgan qoidabuzilishlar sodir etilganda, elektr taʼminoti korxonasining masʼul xodimini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortishga sabab boʻladi.

136. Qoidalarning buzilish holatlari aniqlanganda, taʼminotchi va (yoki) Oʻzenergoinspeksiya vakolatli xodimlari tomonidan tegishli elektron tizimlar (E-dalolatnoma) orqali mazkur Qoidalarga 1-ilovaga muvofiq elektr energiyasidan foydalanish qoidalarini buzilganligi toʻgʻrisida dalolatnoma (keyingi oʻrinlarda — dalolatnoma) rasmiylashtiriladi. Zarurat boʻlganda, dalolatnomaga holat yuzasidan fotosuratlar va boshqa ashyoviy dalillar ilova qilinishi mumkin.

Dalolatnomani elektron shaklda rasmiylashtirishni imkoni boʻlmaganda, 24 soat ichida tegishli elektron tizimlarga kiritilishini taʼminlash sharti bilan dalolatnoma erkin shaklda qogʻozda rasmiylashtirilishiga ruxsat beriladi.

Dalolatnoma vakolatli xodimlar va isteʼmolchi tomonidan imzolanadi. Isteʼmolchi dalolatnomaga imzo qoʻyishdan bosh tortgan taqdirda, ikki nafar xolis va (yoki) mahalla fuqarolar yigʻini masʼul xodimlari jalb etilib, holat ularga maʼlum qilinadi hamda ularning dalolatnomaga imzo qoʻyishi taʼminlanadi. Taʼminotchi xodimlari darhol mazkur isteʼmolchini elektr tarmogʻidan uzib qoʻyadi.

Isteʼmolchining elektr qurilmalari elektr tarmogʻidan ajratilgandan soʻng taʼminotchi va/yoki Oʻzenergoinspeksiya vakolatli xodimlari tomonidan belgilangan namunadagi plomba bilan qayta elektr tarmogʻiga oʻzboshimcha ulanishning oldini olish maqsadida plombalanadi.

Elektr qabul qilgichlar quvvatini aniqlash imkoni boʻlmagan holatlarda, elektr qabul qilgichlarning umumiy quvvati oʻlchov vositalari yordamida aniqlanadi.

Mazkur Qoidalarning buzilish holatlarini aniqlash va rasmiylashtirishga masʼul xodimlar dalolatnomani rasmiylashtirishda, mazkur bandda keltirilgan talablarga amal qilmagan holatlarda, ular qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladilar.

Taʼminotchining boshqa xodimlari tomonidan mazkur Qoidalarni buzish holatlari aniqlanganda, ular bu haqda oʻz rahbari hamda dalolatnoma rasmiylashtirishga vakolatli boʻlgan xodimlarga maʼlum qiladi.

137. Koʻrikdan oʻtkazish va dalolatnomani rasmiylashtirish jarayonida hisoblagich yoki oʻlchov transformatorlariga tashqi taʼsir, yaʼni inson aralashuvi mavjud deb hisoblashga asos boʻlganda, oʻlchov vositalarini (hisoblagich va boshqa zarur uskunalar) alohida idishga (quti, idish, polietilen qopcha va boshqalar) solib, isteʼmolchi bilan birgalikda muhrlab ish hujjatlariga qoʻshish maqsadida olib qoʻyiladi.

Hisoblagichni olib qoʻyish toʻgʻrisida taʼminotchi yoki Oʻzenergoinspeksiya xodimi tomonidan bu toʻgʻrisida ikki nusxada tegishli dalolatnoma rasmiylashtirilib, unga tomonlar imzo qoʻyadilar hamda uning bir nusxasi isteʼmolchiga topshiriladi. Mazkur dalolatnomada sana, hisoblagich rusumi, davlat raqami, koʻrsatkichlari, plombalari raqamlari toʻliq qayd etiladi.

Isteʼmolchining elektr taʼminotidan uzilishining oldini olish maqsadida hisoblagich olib qoʻyilgan davrda foydalanilgan elektr energiyasini hisobga olish va hisob-kitob qilish taʼminotchi tomonidan vaqtincha oʻrnatilgan elektr hisoblagichlar orqali yoki oʻtgan hisob-kitob davri uchun elektr energiyasi isteʼmolining oʻrtacha sutkalik amaldagi miqdori boʻyicha amalga oshiriladi.

Bunda hisob-kitob qilish davri bir oydan oshmasligi hamda shu davrda hisoblagich oʻrnatilishi lozim.

Oʻrganish natijalariga asosan hisoblagich yoki oʻlchov transformatorlariga tashqi taʼsir qilinganligi aniqlangan hollarda isteʼmolchi darhol elektr taʼminotidan ajratiladi. Holat boʻyicha belgilangan tartibda dalolatnoma rasmiylashtiriladi.

138. Mazkur Qoidalarni buzganlik holatlari natijasida hisobga olinmagan elektr energiyasi miqdori inson omilisiz tegishli elektron tizimlari (E-dalolatnoma) orqali uch ish kunida aniqlanib, qoidabuzarlik holati aniqlangan oyning hisobot davrida elektr taʼminoti korxonasi tomonidan taʼminotchining tegishli dasturiy taʼminoti bazalariga kiritiladi.

Agar texnik sabablarga koʻra mazkur elektron tizim (E-dalolatnoma) orqali hisobga olinmagan elektr energiyasi miqdorini aniqlash imkoni boʻlmasa, ushbu hisob-kitob uch ish kunida, taʼminotchi tomonidan mazkur Qoidalarda belgilangan tartibda tuzilgan maxsus komissiya tomonidan amalga oshiriladi.

140. Mazkur Qoidalarning 133 va 135-bandlarida keltirilgan qoida buzilishlar boʻyicha qayta hisob-kitoblar umumiy daʼvo muddati davridan (uch yil) oshmagan holda amalga oshiriladi.

141. Avval aniqlanib dalolatnoma rasmiylashtirilgan va dasturiy taʼminotga kiritilgan qoidabuzarlik yoki xato-kamchiliklar isteʼmolchi tomonidan takroran sodir etilganda, avvalgi rasmiylashtirilgan dalolatnoma boʻyicha hisoblangan davr uchun takroran hisob-kitob qilinishi mumkin emas.

Elektr energiyasi sarfining qayta hisob-kitobi boʻyicha amalga oshirilgan toʻlovlar isteʼmolchini mazkur Qoidalarni buzganlik uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan javobgarliklardan ozod etmaydi.

6-§. Hisobga olinmagan elektr energiyasi hajmini hisob-kitob qilish tartibi

142. Mazkur Qoidalarning 133-bandida nazarda tutilgan qoidabuzarliklar aniqlanganda, hisobga olinmagan elektr energiyasi miqdori daʼvo muddatini inobatga olgan holda amaldagi tarif (I tarif guruhi isteʼmolchilariga sutkaning tigʻiz davri soatlari uchun belgilangan oʻsuvchi koeffitsiyent qoʻllanilgan (mazkur bandning oʻn birinchi xatboshisida koʻrsatilgan holatlar bundan mustasno)) miqdori (maishiy isteʼmolchilarga amaldagi bazaviy meʼyorlari uchun belgilangan tarifda) boʻyicha quyidagi mezonlar asosida qayta hisob-kitob qilinadi. Bunda 133-bandning :

“a” kichik bandidagi qoidabuzarlik sodir etilganda — qoidabuzarlik aniqlangan bino yoki obyektga mulk huquqi vujudga kelgan yoxud faoliyatini boshlagan kundan yoki tarmoqqa ulangan kundan (asosli hujjatlarga koʻra) dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar, dalolatnomada qayd etilgan elektr qabul qilgichlarning umumiy quvvati boʻyicha sutkasiga 24 soat ishlashi hisobidan.

Bunda tasdiqlovchi hujjatlar sifatida faqatgina rasmiy ravishda davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan kun toʻgʻrisida soliq organlaridan olingan maʼlumot, kadastr, mahalliy hokimiyat organlarining tegishli qarorlari, yer maydonidan ijarada foydalanayotgan boʻlsa ijara shartnomasi asos boʻladi;

“b” , “d” va “j” kichik bandlaridagi qoidabuzarlik sodir etilganda — hisoblagich xotirasi yoki EHNAT bazasi maʼlumot bazasi maʼlumotlari yordamida hisoblagichga tashqi taʼsir qilinganligi aniqlangan kundan, aniqlash imkoni boʻlmaganda isteʼmolchi elektr hisoblagichining sxemasi tekshirilgan kundan dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar dalolatnomada qayd etilgan elektr qabul qilgichlarning umumiy quvvati boʻyicha yuridik shaxs boʻlgan isteʼmolchilarga shartnomadagi ish soatiga asosan (maishiy isteʼmolchilarga sutkasiga 24 soat ishlashi hisobidan) toʻlovlarni inobatga olgan holda hisoblanadi;

“v” kichik bandidagi qoidabuzarlik sodir etilganda — hisoblagich oʻrnatilgan kundan yoki hisoblagich xotirasidan (EHNAT maʼlumotlarni saqlash bazasida) aniqlangan tashqi taʼsir qilingan kundan boshlab, dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar dalolatnomada qayd etilgan elektr qabul qilgichlarning umumiy quvvati boʻyicha, yuridik shaxs boʻlgan isteʼmolchilarga shartnomadagi ish soatiga asosan (maishiy isteʼmolchilarga sutkasiga 24 soat ishlashi hisobidan) toʻlovlarni inobatga olgan holda hisoblanadi (hisoblagichning elektron plombasi buzilmagan holatlar bundan mustasno). Hisoblagichning plombalari buzilganda, hisoblagich elektron plombalari buzilishi boʻyicha hisoblagichni ishlab chiqaruvchi zavod xulosasiga asosan hisob-kitob qilinadi;

“g” kichik bandidagi qoidabuzarlik sodir etilganda — hisoblagich oʻrnatilgan kundan yoki hisoblagich xotirasiga (EHNAT maʼlumotlarni saqlash bazasiga) tabaqalashtirilgan tarif sutkaning vaqt zonasi oʻzgartirilgan kundan boshlab, dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar hisobga olinmagan elektr energiyasi sarfidan kelib chiqib, tigʻiz davr soatlari uchun belgilangan oʻsuvchi koeffitsiyent qoʻllanilgan holda toʻlovlarni inobatga olgan holda, hisoblanadi;

“e” kichik bandidagi qoidabuzarlik sodir etilganda — hisoblagich xotirasi yoki EHNAT bazasi maʼlumot bazasi maʼlumotlari yordamida hisoblagichga tashqi taʼsir qilinganligi aniqlangan kundan, aniqlash imkoni boʻlmaganda, elektr hisoblagich oʻrnatilgan kun yoxud sxemasi tekshirilgan kundan (bunda sxemasi tekshirilganlik toʻgʻrisida dalolatnoma tegishli dasturiy taʼminot bazalariga kiritilgan boʻlsa) dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar, biroq umumiy daʼvo muddatidan ortiq boʻlmagan muddatda sxema toʻgʻri va notoʻgʻri ulangan holatlarining quvvat farqlaridagi ulushini inobatga olgan holda hisoblanadi;

“z” kichik bandidagi qoidabuzarlik sodir etilganda — elektr hisoblagich oʻrnatilgan kun yoxud sxemasi tekshirilgan kundan (bunda sxemasi tekshirilganlik toʻgʻrisida dalolatnoma tegishli dasturiy taʼminot bazalariga kiritilgan boʻlsa) dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar, biroq daʼvo muddatidan ortiq boʻlmagan muddatda hisoblagichdan tashqari tarmoqqa ulangan elektr qabul qilgichlar quvvatidan kelib chiqib, yuridik shaxs boʻlgan isteʼmolchilarga shartnomadagi ish soatiga asosan (maishiy isteʼmolchilariga sutkasiga 24 soat ishlashi hisobidan) hisoblanadi;

“i” kichik bandidagi qoidabuzarlik sodir etilganda — oʻlchov transformatori oʻrnatilgan kundan boshlab dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar hisoblagich qayd etgan elektr energiyasi sarfiga nisbatan oʻlchov koeffitsiyentlari orasidagi tafovut miqdoridan kelib chiqib hisoblanadi;

“k” kichik bandidagi qoidabuzarlik sodir etilganda — hisoblagich qayd etgan koʻrsatkichlar tafovut miqdoridan kelib chiqib hisoblanadi.

Isteʼmolchi bir paytning oʻzida mazkur Qoidalarning 133-bandida nazarda tutilgan qoidabuzarliklarning bir nechtasini sodir etganda, hisobga olinmagan elektr energiyasi miqdori qayta hisoblash mezonlarining eng yuqori miqdoridan kelib chiqib hisoblanadi.

Mazkur Qoidalarning 133-bandi “ a ”, “ b ” yoki “z” kichik bandlaridan birida nazarda tutilgan qoidabuzarlik sodir etilganligi aniqlanganda, hisobga olinmagan elektr energiyasi miqdori amaldagi tarifga uch baravar oʻsuvchi koeffitsiyent qoʻllanilgan holda qayta hisob-kitob qilinadi va ushbu hisob-kitob natijasida aniqlangan summa elektr taʼminoti korxonasiga yetkazilgan haqiqiy zarar deb baholanadi.

143. Mazkur Qoidalarning 135-bandida nazarda tutilgan qoidalar isteʼmolchining aybisiz buzilishi aniqlanganda, sarflangan elektr energiyasi miqdori har bir davrdagi tarifda va daʼvo muddatini inobatga olgan holda quyidagi mezonlar asosida qayta hisob-kitob qilinadi.

Bunda mazkur Qoidalar 135-bandning :

“a” kichik bandidagi texnik xato va kamchiliklar aniqlanganda — tarif guruhi notoʻgʻri qoʻllanilgan kundan boshlab dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar isteʼmol qilingan haqiqiy elektr energiyasi sarfidan kelib chiqib, tariflar orasidagi tafovut miqdori boʻyicha;

“b” kichik bandidagi xatolik aniqlanganda — hisobga olinmay qolgan texnologik sarf (aktiv va reaktiv) miqdoridan hamda reaktiv quvvatning iqtisodiy qiymatining (cos φ) har bir davrdagi tarif miqdori boʻyicha;

“v” kichik bandidagi xatolik aniqlanganda — hisob-kitoblardagi arifmetik yoki texnik xatoliklar tufayli hisoblangan barcha notoʻgʻri (kam yoki koʻp) xatoliklar, qayta tahlil qilinib isteʼmolchi yoki taʼminotchi foydasiga;

“g” kichik bandidagi texnik xato va kamchiliklar aniqlanganda — hisoblagichning ikkilamchi tok zanjirlari kirish va chiqish simlari oʻrni almashtirib ulanishi natijasida kelib chiqqan elektr energiyasi miqdoridagi tafovutni hisobotlarga qoʻshish orqali hisob-kitob qilinadi. Bunda isteʼmolchining muqobil energiya manbalari oʻrnatilganligi tahlil qilinishi lozim;

“d” kichik bandidagi xatolik aniqlanganda — hisoblagich yoki oʻlchov transformatorlari xatolik bilan ishlashni boshlagan kundan dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar, haqiqiy hisobga olinmagan elektr energiyasi miqdori boʻyicha hisoblanadi. Xatolik bilan ishlashni boshlagan kunni aniqlash imkoni boʻlmasa, hisoblagich oʻrnatilgan kundan dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar hisob-kitob qilinadi;

“e” kichik bandidagi texnik xato va kamchiliklar aniqlanganda — hisoblagich xotirasidan (EHNAT maʼlumotlarni saqlash bazasidan) hisoblagich ishdan chiqqan yoki kuchlanish va/yoki tok simlari uzilgan kundan yoxud hisoblagichni ishlab chiqaruvchi zavod xulosasiga asosan ishdan chiqqani aniqlangan kundan dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar haqiqiy isteʼmol qilingan elektr energiyasi sarfi hisoblanadi. Agar haqiqiy isteʼmolni aniqlash imkoni boʻlmasa, hisobga olish buzilishiga qadar boʻlgan oldingi hisob-kitob davridagi yoki hisobga olish tiklangandan keyingi davrdagi oʻrtacha sutkalik sarf boʻyicha amalga oshiriladi.

“j” kichik bandidagi xatolik aniqlanganda — barcha notoʻgʻri hisob-kitoblar tahlil qilinib hisobga olinmagan miqdor hisob-kitob qilinadi.

“z” kichik bandidagi xatolik aniqlanganda — elektr hisoblagich oʻrnatilgan kundan dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar sxema toʻgʻri va notoʻgʻri ulanish holatlarining quvvat farqlaridagi ulushini inobatga olgan holda hisoblanadi;

Bunda elektr energiyasining oʻrtacha sutkalik sarfini aniqlash boʻyicha hisob-kitob qilish davri bir oydan oshmasligi hamda shu davrda hisoblagich oʻrnatilishi lozim.

Isteʼmol qilingan energiya (aktiv, reaktiv) sarfi taʼminotchi tomonidan aniqlangan qoidabuzarlik natijasida hisobga olinmagan elektr energiyasi (aktiv, reaktiv) miqdorlari, penya va boshqa jarimalar hududiy elektr tarmoqlari hisobvaragʻiga undiriladi.

Oʻzenergoinspeksiya ishtirokida aniqlangan elektr energiyasidan foydalanish qoidalarini buzish holati boʻyicha rasmiylashtirilgan qoidabuzarlik dalolatnomasiga asosan:

isteʼmolchiga elektr energiyasini yetkazib berish toʻxtatiladi va Oʻzenergoinspeksiya mutaxassislari tomonidan plomba oʻrnatiladi;

amalga oshirilgan qayta hisob-kitob boʻyicha toʻlovlar Vazirlar Mahkamasining “Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasini moliyalashtirishni tartibga solish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 28-sentabrdagi 512-son qaroriga muvofiq elektr energetika tashkilotlarining alohida hisobvaragʻiga (22636) undiriladi va toʻlovlar amalga oshirilgandan soʻng tarmoqqa qayta ulashga ruxsat beriladi.

Bunda, ruxsatsiz plombani buzganlik uchun belgilangan tartibda maʼmuriy javobgarlikka tortiladi.

144. Mazkur Qoidalarda nazarda tutilgan qoida buzilishi holatlarida isteʼmolchilarni elektr tarmoqlaridan uzib qoʻyish va qayta ulash qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

13-bob. Reaktiv energiya kompensatsiyasi uchun elektr energiyasi tarifiga chegirmalar va ustamalar

145. Elektr taʼminoti shartnomasida koʻrsatilgan ruxsat etilgan quvvati 50 kVt va undan ortiqni tashkil etgan barcha isteʼmolchilar reaktiv quvvatni kompensatsiya qilishga majburdirlar.

146. Reaktiv energiya kompensatsiyasi uchun chegirmalar (ustamalar) taʼminotchi tomonidan berilgan texnik shartlar boʻyicha yoki elektr taʼminoti shartnomasida koʻrsatilgan ruxsat etilgan quvvat 50 kVt va undan ortiqni tashkil etgan I va II tarif guruhlari isteʼmolchilariga nisbatan amalga oshiriladi (budjet va budjetdan mablagʻ oluvchi tashkilotlar, quvvati 5 MVt va undan ortiq boʻlgan elektr energiyasi ishlab chiqaruvchi stansiyalar, elektr energiyasini saqlash tizimlari, fermer xoʻjaliklarining va suv isteʼmolchilari uyushmalarining nasos stansiyalari, shuningdek, Davlat budjetidan moliyalashtiriladigan nasos stansiyalari bundan mustasno).

147. Isteʼmolchi tomonidan reaktiv quvvat yetarli darajada kompensatsiya qilinmaganligi oqibatida yagona elektr energetika tizimi tarmoqlarida hosil boʻlgan yoʻqotishlar isteʼmolchi tomonidan energiyadan nooqilona sarflangan hisoblanadi.

148. Reaktiv energiya kompensatsiyasi uchun chegirmalar (ustamalar) reaktiv energiya hisoblagichlarining koʻrsatkichlari asosida aniqlanadi hamda tegishli ravishda isteʼmol qilingan (hosil qilgan) reaktiv energiyaning 1 kVar.soat uchun toʻlov tarzida undiriladi.

Taʼminotchi tomonidan ulangan quvvati 50 kVt va undan ortiq boʻlgan I va II tarif guruhlari isteʼmolchilariga isteʼmol qilingan reaktiv energiya uchun toʻlovlar undiriladi, lekin budjet va budjetdan mablagʻ oluvchi tashkilotlar, fermer xoʻjaliklari va suv isteʼmolchilari uyushmalarining nasos stansiyalari, shuningdek, quvvati 5 MVt va undan ortiq boʻlgan elektr energiyasi ishlab chiqaruvchi stansiyalar, elektr energiyasini saqlash tizimlari hamda Davlat budjetidan moliyalashtiriladigan nasos stansiyalari isteʼmol qilingan reaktiv energiya hamda reaktiv energiya oʻrni yetarlicha qoplanmaganligi hisobiga hosil boʻlgan quvvat koeffitsiyenti (cos φ) hisobotlarda koʻrsatib oʻtiladi, lekin mablagʻ koʻrinishida hisoblanmaydi va toʻlovlar undirilmaydi.

Reaktiv energiyaning shartnomaviy miqdori reaktiv energiyaning iqtisodiy qiymatidan kelib chiqqan holda aniqlanadi.

Reaktiv energiyaning har bir hisobot davri uchun iqtisodiy qiymati, shartnomada koʻrsatilgan va belgilangan tartibda aniqlanadigan quvvat koeffitsiyentining optimal miqdori hisobga olinib, ushbu davr uchun aktiv energiyaning shartnomadagi miqdoridan kelib chiqqan holda aniqlanadi.

Bir necha tarif guruhlariga mansub boʻlgan isteʼmolchilar uchun reaktiv energiyaning shartnomaviy miqdori har bir tarif guruhi boʻyicha aniqlanadi va elektr taʼminoti shartnomasida koʻrsatiladi.

Hisobot davrining yakuni boʻyicha reaktiv energiya iqtisodiy qiymatining amaldagi miqdori isteʼmol qilingan aktiv energiya va quvvat koeffitsiyentining shartnomaviy miqdoridan kelib chiqqan holda aniqlanadi.

Ikki va undan ortiq alohida obyektlarga (hudud) ega boʻlgan isteʼmolchiga nisbatan reaktiv energiya iqtisodiy qiymatining amaldagi miqdori va reaktiv energiyaning amaldagi isteʼmoli har bir obyekt boʻyicha aniqlanadi. Bunda barcha obyektlar boʻyicha reaktiv energiya iqtisodiy qiymatining amaldagi miqdori va reaktiv energiya boʻyicha oʻzaro hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun foydalanilgan reaktiv energiya miqdori yigʻindisi aniqlanadi.

149. Ustamalar taʼminotchi tomonidan isteʼmolchi ulangan elektr tarmogʻining katta yuklama soatlarida reaktiv energiya isteʼmol qilinganda va yagona elektr energetika tizimining kam yuklama soatlarida isteʼmolchi reaktiv energiya hosil qilganda qoʻllanadi.

Reaktiv energiya uchun ustama aktiv energiyaning amaldagi tarifidan qoʻshilgan qiymat soligʻini hisobga olmagan holda quyidagi miqdorda belgilanadi:

5 foiz — reaktiv energiya mazkur Qoidalarning 148-bandi oltinchi xatboshisiga muvofiq aniqlangan iqtisodiy qiymatning amaldagi miqdori doirasida isteʼmol qilinganda;

10 foiz — reaktiv energiya mazkur Qoidalarning 148-bandi oltinchi xatboshisiga muvofiq aniqlangan iqtisodiy qiymatning amaldagi miqdoridan ortiq isteʼmol qilinganda.

Reaktiv energiya kompensatsiyasi uchun elektr energiyasi tarifiga ustamalar jarima sanksiyasi hisoblanmaydi va elektr taʼminoti shartnomasiga asosan undiriladi.

Reaktiv energiya oʻrni yetarlicha qoplanmagani hisobiga quvvat koeffitsiyenti qiymatining isteʼmolchilar tomonidan elektr taʼminoti shartnomasida koʻrsatilganiga nisbatan pasaytirilgani aniqlanganda, taʼminotchi elektr energiyasi yoʻqolishi qiymatining texnik-iqtisodiy hisob-kitoblarini amalga oshiradi, shuningdek, quvvat koeffitsiyenti koʻrsatkichlari belgilangan normativlarga nisbatan pasaytirilgani uchun isteʼmolchilardan qoʻshimcha mablagʻlar Vazirlar Mahkamasining “Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasini moliyalashtirishni tartibga solish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 28-sentabrdagi 512-son qaroriga muvofiq taʼminotchining alohida hisobvaragʻiga (22636) undiriladi.

Bunda HETK tomonidan isteʼmolchilarga quvvat koeffitsiyenti koʻrsatkichlari pasaytirilgani uchun toʻlovni amalga oshirishga alohida hisob-faktura taqdim etiladi.

150. Isteʼmolchilar reaktiv quvvatni yetarli darajada kompensatsiya qilmaganligi natijasida tarmoqlarda aktiv energiyaning qoʻshimcha yoʻqotishlari uchun qayta hisob-kitoblar amaldagi tarifga nisbatan uch baravar miqdorda hisoblanadi.

151. Tarif chegirmalari isteʼmolchi yagona elektr energetika tizimi tarmogʻida elektr tarmogʻining katta yuklamali soatlarida reaktiv energiya hosil qilganda va elektr tarmogʻining kichik yuklamali soatlarida yagona elektr energetika tizimi tarmogʻidan reaktiv energiya isteʼmol qilinganda, agar isteʼmolchining bunday rejimda ishlash zarurati shartnomada koʻrsatilgan boʻlsa, taqdim etiladi.

Reaktiv energiya uchun taqdim etiladigan chegirma aktiv energiyaning amaldagi tarifidan qoʻshilgan qiymat soligʻini hisobga olmagan holda 15 foiz miqdorida belgilanadi.

152. Elektr tarmogʻining katta va kichik yuklamali soatlari — bu sutkaning isteʼmolchi tomonidan reaktiv quvvatning isteʼmol qilinishi (hosil qilinishi) tufayli yagona elektr energetika tizimining elektr tarmoqlarida elektr energiyasining qoʻshimcha ravishda yoʻqotilishiga olib keladigan vaqtlaridir.

Taʼminotchi elektr tarmogʻining katta va kichik yuklamali soatlarini, isteʼmolchining va u foydalanadigan tarmoqning reaktiv yuklamasi jadvallarini tahlil qilgan holda, har qaysi isteʼmolchi uchun alohida belgilashi mumkin.

Har bir sutkadagi katta va kichik yuklamali soatlar yigʻindisi 24 soatga teng, shu jumladan:

katta yuklamali soatlar — soat 06-00 dan 22-00 gacha;

kichik yuklamali soatlar — soat 22-00 dan 06-00 gacha.

153. Reaktiv energiyaning isteʼmol qilinishi hamda hosil qilinishi hisoblagichlar yordamida qayd etiladi.

154. “Milliy dispetcherlik markazi” DUK isteʼmolchi tomonidan yagona elektr energetika tizimi tarmogʻida katta yuklamali soatlarda reaktiv energiyani hosil qilish va (yoki) kichik yuklamali soatlarda uni majburiy isteʼmol qilish belgilagan boʻlsa, energiyani hisobga olish usuli taʼminotchi va isteʼmolchi oʻrtasida kelishiladi va elektr taʼminoti shartnomasida qayd etiladi.

155. Taʼminotchi tomonidan berilgan texnik shartlar boʻyicha yoki elektr taʼminoti shartnomasida koʻrsatilgan hamda foydalanishga ruxsat etilgan quvvat 50 kVt va undan ortiqni tashkil etadigan I va II tarif guruhlari isteʼmolchilari bilan tuzilgan elektr taʼminoti shartnomasida quyidagilar koʻrsatiladi:

yagona elektr energetika tizimi tarmogʻidan hisobot davri uchun isteʼmol qilinadigan reaktiv energiyaning iqtisodiy qiymati;

talab etiladigan quvvat koeffitsiyenti (cos φ);

yagona elektr energetika tizimining eng katta yuklamalarining nazorat soatlari (yilning har bir oyi boʻyicha boʻlib chiqish orqali);

elektr tarmoqlarning katta yuklama soatlarida oylik reaktiv energiya isteʼmolini texnik chegaralari. Ushbu chegaralardan oshib ketganda, taʼminotchi elektr energiyasining hisoblash nuqtasida kuchlanishni elektr tarmogʻining eng katta yuklamali soatlari uchun elektr taʼminoti shartnomasida belgilangan darajasidan pasayib ketishi uchun javob bermaydi;

elektr tarmogʻining katta yuklamali soatlarida yagona elektr energetika tizimining elektr tarmogʻiga bir oyda hosil qilinadigan va (yoki) bir oyda kichik yuklamali soatlarda majburiy isteʼmol qilinadigan reaktiv energiyaning chegaraviy qiymatlari.

Hisobot davri uchun reaktiv energiya isteʼmolining iqtisodiy qiymati texnik chegara hisoblanib, uning ortishida taʼminotchi elektr energiyasining hisobga olish nuqtasidagi kuchlanish elektr taʼminoti shartnomasida belgilangan darajadan kamayib ketishi uchun javob bermaydi.

14-bob. Elektr energiyasining sifati uchun elektr energiyasi tarifiga chegirmalar (ustamalar)

156. Elektr energiyasi sifati uchun tarifga chegirmalar (ustamalar) amaldagi tariflar boʻyicha belgilanadi.

157. Elektr energiyasi uchun hisob-kitoblarda qoʻllanadigan elektr energiyasining sifat koʻrsatkichlari (keyingi oʻrinlarda — ESK) roʻyxati milliy standartlari asosida elektr taʼminoti shartnomasida belgilanadi.

158. Agar isteʼmolchining (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) elektr energiyasi sifati yomonlashuvidagi ulushi elektr taʼminoti shartnomasida belgilangan yoʻl qoʻyilishi mumkin boʻlgan darajadan oshsa, belgilangan qiymat tarifga ustama yoki aks holda — tarifga chegirma hisoblanadi.

159. Har bir ESK boʻyicha chegirmalar (ustamalar) miqdori koʻrib chiqilayotgan ESKning hisob-kitob davridagi jami nisbiy davomiyligi koʻrsatkichlariga (T1 va T2) koʻra yoʻl qoʻyilishi mumkin boʻlgan normal va maksimal qiymatlar sifatida hisoblanadi. T1 va T2 qiymatlari oʻlchash vaqti davomida aniqlanadi, oʻlchash vaqtining davomiyligi har bir ESK boʻyicha shartnomada belgilanadi, lekin u bir ish sutkasidan kam boʻlmasligi kerak. Avtomatlashtirilgan oʻlchov vositalari mavjud boʻlganda T1 va T2 qiymatlari uzluksiz ravishda oʻlchanishi lozim. Hisob-kitob qilinadigan vaqt oraligʻini muntazam oʻlchash elektr taʼminoti shartnomasida (lekin bir chorakda bir martadan kam emas) belgilanadi.

160. Isteʼmolchining elektr taʼminoti shartnomasida qayd etilgan har qaysi ESK boʻyicha elektr energiyasi sifatining yomonlashuvidagi ulushining qiymati har zamonda oʻlchashlar asosida belgilanadi va oʻlchash bayonnomasida qayd etiladi. Amaldagi ulushlarning ushbu qiymatlaridan tomonlardan biri ularni qayta koʻrib chiqishni taklif etmagunicha foydalaniladi.

161. ESKni oʻlchash ishlari akkreditatsiyadan oʻtgan sinov laboratoriyasi tomonidan taʼminotchi va isteʼmolchi bilan birgalikda elektr taʼminoti shartnomasida belgilangan muddatlarda oʻtkaziladi. Elektr taʼminoti shartnomasida oʻlchashlar davriyligi toʻgʻrisida koʻrsatmalar boʻlmaganda, shuningdek, isteʼmolchi yoki yagona elektr energetika tizimining ish sharoitlari keskin oʻzgarganda, oʻlchashlar tomonlardan birining tashabbusiga koʻra akkreditatsiyadan oʻtgan sinov laboratoriyasi tomonidan oʻtkazilishi mumkin. Ikkinchi tomon oʻlchashlarni oʻtkazishning aniq sanasini uch kun muddatda kelishib olishi kerak va bu ishlar tashabbus koʻrsatgan tomonning murojaatidan keyin oʻn kun muddatda bajarilishi lozim.

162. Kuchlanishdagi tafovutlar, nomutanosibliklar koeffitsiyentlari va kuchlanishdagi oʻzgarishlar HETK va isteʼmolchi oʻrtasidagi kelishuv asosida fazalardan birida yoki barcha fazalarda aniqlanadi. Barcha fazalarda oʻlchashda T1 va T2 oʻrtacha qiymat sifatida aniqlanadi.

163. Isteʼmolchining elektr energiyasi sifati yomonlashuvidagi ulushini aniqlash tartibi elektr taʼminoti shartnomasida koʻrsatiladi.

164. Yuridik isteʼmolchilarga tasarrufidagi mavjud eski elektr qurilmalarini yangi energiyatejamkor qurilmalarga almashtirish natijasida iqtisod qilingan elektr energiyasi hajmiga uch yil davomida amaldagi tarifga nisbatan 15 foiz chegirma beriladi. Bunda:

isteʼmolchilar elektr qurilmalarni almashtirish jadvali va uning natijasida erishiladigan iqtisodni nazarda tutuvchi dasturni tasdiqlash uchun Oʻzenergoinspeksiyaga kiritadi;

Oʻzenergoinspeksiya oʻn kun muddatda taqdim etilgan dasturni asoslanganligini koʻrib chiqadi va natijasi boʻyicha kelishadi yoki asoslantirgan holda kelishishni rad etadi;

tasdiqlangan dasturga asosan amalga oshirilgan ishlar natijasida iqtisod qilingan elektr energiyasi hajmi energiya auditor tomonidan oʻrganiladi va ushbu hajmlar boʻyicha xulosa beriladi;

energiya auditor xulosasi Oʻzenergoinspreksiya va taʼminotchiga taqdim etiladi va ijobiy xulosa taqdim etilgan kundan boshlab chegirmalar qoʻllaniladi.

15-bob. Elektr energiyasini cheklash yoki uzib qoʻyish shartlari

165. Elektr energiyasi isteʼmolini cheklash, shuningdek, isteʼmolchilar yuklamalari jadvallarini tartibga solish chora-tadbirlari, belgilangan tartibda tasdiqlangan yagona elektr energetika tizimida elektr quvvati va energiyasi tanqisligida isteʼmolchilarni cheklash va uzib qoʻyish jadvallariga (keyingi oʻrinlarda — cheklash va uzib qoʻyish jadvallari) muvofiq amalga oshiriladi.

166. Quvvat va elektr energiyasi isteʼmoli boʻyicha Cheklash va uzib qoʻyish jadvallari “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ tomonidan isteʼmolchilar bilan birga ishlab chiqiladi va mahalliy ijro hokimiyati organlari, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ va “Milliy dispetcherlik markazi” DUK bilan kelishilib, tasdiqlash uchun “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ tomonidan Energetika vazirligiga kiritiladi.

Energetika vazirligi tomonidan tasdiqlangan cheklash va uzib qoʻyish jadvallari yagona elektr energetika tizimida elektr quvvati va energiya tanqisligi paydo boʻlganda qoʻllaniladi.

167. Elektr energiyasini Cheklash va uzib qoʻyish jadvallari elektr stansiyalari va elektr tarmoqlari uskunalarining yoʻl qoʻyib boʻlmaydigan sharoitlarda ishlashining oldini olish, yagona elektr energetika tizimining barqaror parallel ishlashini taʼminlash, avariyalar yuzaga kelishining oldini olish hamda isteʼmolchilarning tartibsiz uzib qoʻyilishini bartaraf etish maqsadida yagona elektr energetika tizimida elektr energiyasi va quvvat tanqis boʻlgan holatlar uchun tuziladi.

168. Elektr energiyasining cheklash va uzib qoʻyish jadvallari isteʼmolchining texnologik va avariya bronini aniqlash dalolatnomasiga asosan joriy yilning 1-oktabridan keyingi yilning 1-oktabrigacha boʻlgan davr uchun tuziladi hamda jadvallarga kiritilgan barcha isteʼmolchilar uchun ularni bajarish majburiy hisoblanadi.

Jadvallarning quyidagi turlari tuziladi:

yagona elektr energetika tizimida yoqilgʻi yoki gidroresurslar yetishmaganda, elektr energiyasini (kVt.soatda) cheklash jadvali. Jadvalda elektr energiyasi isteʼmolini isteʼmolchilarning texnologik bronigacha, keyinchalik esa avariya bronigacha (cheklashga mansub boʻlmagan obyektlardan tashqari) va bunda isteʼmolni beshta navbatga boʻlgan holda qisqartirish nazarda tutilishi lozim;

yagona elektr energetika tizimida quvvat yetishmaganda, quvvatni (kVtda) cheklash jadvali. Jadvalda yagona elektr energetika tizimining ertalabki va kechki eng katta yuklamalari yuzaga keladigan soatlarda isteʼmol qilinadigan quvvatni isteʼmolchilarning avariya bronigacha kamaytirish va bunda isteʼmol qilinadigan quvvatni 5 ta navbatga boʻlish nazarda tutilishi lozim;

quvvat taqchilligi yuzaga kelishi natijasida avariya xavfi paydo boʻlganda va cheklash jadvallarini joriy qilish imkoniyati boʻlmaganda, quvvatni cheklash jadvali. Jadvalda uzib qoʻyilishi mumkin boʻlmagan obyektlardan tashqari yagona elektr energetika tizimi isteʼmolchilarini toʻliq uzib qoʻyish va uzib qoʻyiladigan quvvatni 5 navbatga boʻlish nazarda tutilishi lozim.

169. Isteʼmolchilarni uzib qoʻyishning maxsus jadvali ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.

Elektr energiyasini uzib qoʻyish jadvali va maxsus jadvalga asosan avtomatika, teleboshqaruv qurilmalariga yoki doimiy xizmat koʻrsatuvchi xodimlar va ishonchli telefon aloqasiga ega boʻlgan podstansiyalar kiritilishi lozim. Isteʼmolchilarga elektr energiyasi yetkazib berilishi elektr taʼminotining avariya bronigacha cheklab qoʻyilishi mumkin.

170. Yagona elektr energetika tizimida cheklash va uzib qoʻyish jadvallarini amalga kiritish tartibi quyidagilar:

cheklash va uzib qoʻyish jadvallari Energetika vazirini va mutasaddilik qiluvchi uning oʻrinbosarini darhol xabardor qilgan holda, “Milliy dispetcherlik markazi” DUK tomonidan tezkor jurnalga yozgan holda amalga kiritiladi;

dispetcherlik boshqaruvining barcha darajalarida elektr energiyasi va quvvati isteʼmoli cheklanishini joriy etish farmoyishi tezkor jurnalda cheklash hajmi, cheklash boshlanadigan va tugaydigan vaqt qayd etilgan holda beriladi;

taʼminotchi isteʼmolchilarga keyingi sutkalarda elektr energiyasini cheklash jadvallarining amalga kiritilishi toʻgʻrisida joriy sutkaning soat 14-00 dan kechiktirmay, cheklash hajmi, cheklash boshlanadigan va tugaydigan vaqtini koʻrsatgan holda maʼlum qiladi;

“Milliy dispetcherlik markazi” DUK, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ va boshqa elektr stansiyalari tomonidan cheklovlar (avariya, tabiiy ofat, taʼmirlash tufayli) kiritilganda, taʼminotchi elektr energiyasini yetkazib berishdagi tanaffuslar uchun javobgar boʻlmaydi;

cheklash va uzib qoʻyish jadvallarini zudlik bilan joriy etish zarur boʻlganda, bu haqidagi bildirishnoma sutkaning vaqtidan qatʼi nazar, cheklashning amal qilishi boshlanishidan bir soat oldin isteʼmolchilarga yetkaziladi;

cheklash va uzib qoʻyish jadvallarini isteʼmolchilar tomonidan taʼminotchidan cheklash va uzib qoʻyish jadvallarini joriy etilishi toʻgʻrisidagi bildirishnoma olingandan keyin darhol joriy etiladi;

elektr energiyasi isteʼmolini uzoq vaqtga kamaytirish zarur boʻlganda, quvvatni cheklash va uzib qoʻyish jadvaliga teng boʻlgan elektr energiyasi va quvvatni cheklash jadvali amalga kiritiladi.

cheklash va uzib qoʻyish jadvaliga kiritilgan yuridik shaxslar, shu jumladan, uzluksiz ishlab chiqarish texnologik jarayoniga ega korxonalar, tashkilotlar va muassasalar (cheklash va uzib qoʻyilishi mumkin boʻlmagan obyektlardan tashqari) cheklash va uzib qoʻyish jadvallarining taʼminotchi tomonidan koʻrsatilgan muddatda soʻzsiz bajarilishini tashkil etishi shart. Aks holda, ular uzib qoʻyish va cheklash jadvallari bajarilmaganligi tufayli yagona elektr energetika tizimi markazlaridan majburiy uzib qoʻyish natijasida yuzaga keladigan oqibatlar uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Taʼminotchi elektr energiyasi va quvvatini cheklash jadvallarini amalga kiritish toʻgʻrisidagi farmoyish isteʼmolchilar tomonidan bajarilmaganda, ularni ogohlantirgandan soʻng elektr energiyasi va quvvat isteʼmolining belgilangan darajada kamayishini taʼminlovchi miqdorda elektr energiyasi yetkazib berilishini majburiy ravishda cheklaydi yoxud belgilangan tartibda taʼsir choralarini koʻradi.

Bunda texnologik jarayonlar buzilishining oqibatlari uchun javobgarlik isteʼmolchilar korxonalarining rahbarlari zimmasiga yuklanadi.

171. Yagona elektr energetika tizimida elektr energiyasi va quvvatda tanqislik vujudga kelganda, avariyalarga yoʻl qoʻymaslik va isteʼmolchilarning tartibsiz uzib qoʻyilishining oldini olish maqsadida taʼminotchi oʻchirish vaqtini koʻrsatgan holda, isteʼmolchilardan tashqi reklama konstruksiyalari, illyuminatsiya va lampalar shodasi, bino va inshootlarni yoritgichlarni, elektr isitish va issiq suv bilan taʼminlash qurilmalarini oʻchirib qoʻyishni talab qilishga haqli.

172. Mazkur Qoidalarning 6 , 15 , 16 , 25 , 32 , 45 , 71 , 88 , 136 , 165 , 169 , 170 va 171-bandlarida nazarda tutilmagan sabablarga koʻra elektr energiyasidan oʻchirganlik uchun taʼminotchiga nisbatan qonun hujjatlariga muvofiq iqtisodiy choralar qoʻllaniladi.

16-bob. Blok-stansiyalarga ega boʻlgan isteʼmolchilar bilan oʻzaro munosabatlar

173. Blok-stansiyalar “Milliy dispetcherlik markazi” DUK va yuqori turuvchi operativ-dispetcherlik xizmatlari bilan oʻzaro kelishilgan ish rejimiga rioya qilishlari hamda ularning koʻrsatmalari va farmoyishlariga boʻysunishlari shart.

Blok-stansiyalar tomonidan elektr energiyasini ishlab chiqarish va yagona elektr energetika tizimiga yetkazib berishning yillik hajmlari “Milliy dispetcherlik markazi” DUK bilan kelishilgan holda elektr energiyaning ulgurji va chakana savdosi boʻyicha faoliyatni amalga oshirish uchun litsenziyaga ega tadbirkorlik subyektlari va blok-stansiya oʻrtasida tuziladigan shartnoma bilan rasmiylashtiriladi.

174 “Milliy dispetcherlik markazi” DUK elektr energiyaning ulgurji va chakana savdosi boʻyicha faoliyatni amalga oshirish uchun litsenziyaga ega tadbirkorlik subyektlari va blok-stansiya oʻrtasida yagona elektr energetika tizimiga elektr energiyasini yetkazib berish boʻyicha tuzilgan shartnomada nazarda tutilgan elektr energiyasi yetkazib berishning oylik miqdoriga muvofiq blok-stansiyalarning yagona elektr energetika tizimiga har bir sutka uchun yuklama va elektr energiyasi yetkazib berish jadvalini belgilaydi.

Blok-stansiya tomonidan yuklama dispetcherlik jadvalida belgilangan miqdordan kamaytirilsa, “Milliy dispetcherlik markazi” DUK, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻzenergosotish” AJ yoki “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ blok-stansiya tegishli boʻlgan sanoat va idoraviy mansub isteʼmolchilar boʻyicha quvvatni blok-stansiya yuklamasini kamaytirgan miqdorda cheklash joriy qilish huquqiga ega, blok-stansiya yuklamasining kamayishiga fors-major holatlar sabab boʻlgan holatlar bundan mustasno.

175. Yagona elektr energetika tizimiga yetkazib beriladigan, shuningdek, taʼminotchidan olinadigan aktiv elektr energiyasi blok-stansiya tomonidan balans boʻyicha mansublik chegarasida oʻrnatilgan, aktiv elektr energiyasini qabul qilish va yetkazib berishning alohida qayd etadigan hisoblagichlari yordamida hisobga olinadi.

Blok-stansiyaga tegishli boʻlgan elektr tarmogʻi xoʻjaligining obyektlaridagi elektr energiyasining texnologik sarflari blok-stansiyaga tegishli boʻladi.

176. Blok-stansiyaga ega boʻlgan isteʼmolchi:

elektr energiyaning ulgurji va chakana savdosi boʻyicha faoliyatni amalga oshirish uchun litsenziyaga ega tadbirkorlik subyektlari bilan — yagona elektr energetika tizimiga yetkazib berilgan elektr energiyasi uchun;

taʼminotchi bilan — taʼminotchi va blok-stansiyaga ega isteʼmolchi oʻrtasida tuzilgan elektr taʼminoti shartnomasi asosida olingan elektr energiyasi uchun hisob-kitob qiladi.

Hisob-kitob davrida elektr energetika tizimiga elektr energiyasi yetkazib berilgan va elektr energetika tizimidan elektr energiyasi isteʼmol qilingan hollarda, taʼminotchi bilan hisob-kitob yetkazib berilgan va isteʼmol qilingan elektr energiyasi hajmlarining saldosi boʻyicha amalga oshiriladi.

177. Yetkazib beriladigan va isteʼmol qilinadigan elektr energiyasi uchun blok-stansiyalar bilan hisob-kitob belgilangan tartibda tasdiqlangan tariflar boʻyicha amalga oshiriladi.

178. Hisob-kitob davrida yagona elektr energetika tizimiga blok-stansiya aybi bilan toʻliq yetkazib berilmagan elektr energiyasi shartnomada belgilangan elektr energiyasi hajmi va yagona elektr energetika tarmogʻiga amalda yetkazib berilgan elektr energiyasi hajmi oʻrtasidagi tafovut boʻyicha aniqlanadi.

179. Blok-stansiya fors-major holatlar tufayli elektr energiyasi yetkazib berishdagi tanaffuslar uchun javob bermaydi.

17-bob. Yakunlovchi qoida

180. Elektr energiyasi isteʼmolchilari, HETK, Oʻzenergoinspeksiya, Energetika bozorini rivojlantirish va tartibga solish agentligi, “Oʻzenergosotish” AJ, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻzbekgidroenergo” AJ va “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ elektr energiyasi uchun toʻlovlarni yigʻish funksiyalarini amalga oshiruvchi xususiy operatorlarning mansabdor shaxslari mazkur Qoidalarni buzganlik uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

Elektr energiyasidan foydalanish qoidalariga 1-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 31-maydagi 319-son qaroriga 2-ILOVA

Tabiiy gazdan foydalanish

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Qoidalar tabiiy gazni yetkazib berish va isteʼmol qilish sohasidagi talablarni belgilaydi.

2. Mazkur Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

avariya holatlarida gaz yetkazib berish jadvallari — avariya holatlarida yoki gaz quvurlari va tarmoqlarining texnologik ish rejimi buzilgan holatlarda, isteʼmolchilarni gaz tarmoqlaridan (qisman yoki toʻliq) uzib qoʻyish navbatini hisobga olgan holda, ularga tabiiy gazni yetkazib berish jadvallari;

aralashish holati va sanasini tasdiqlaydigan hujjatlar — hisoblagich yoki oʻlchov qismlarining ishlashiga aralashish holati va sanasini aniqlash imkonini beradigan maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hujjatlar yoki materiallar;

boshqa isteʼmolchilar — maishiy isteʼmolchilar toifasiga kirmagan tabiiy gazdan foydalanuvchi isteʼmolchilar;

gazdan foydalanish uskunasi — energiya samaradorligi, energiyani tejash va xavfsizlik talablariga javob beradigan, markazlashtirilgan isitish va issiq suv taʼminoti tizimlarida issiqlik energiyasi ishlab chiqarish uchun turli ishlab chiqarishlarning texnologik jarayonlarida tabiiy gazdan yoqilgʻi sifatida foydalanadigan qozonlar, ishlab chiqarish pechlari, utilizatorlar, texnologik liniyalar, kompressor hamda gazdan xomashyo sifatida foydalanadigan qurilmalar, shuningdek, koʻp kvartirali va turar joy binolarida oʻrnatilgan hamda gazdan maishiy ehtiyoj uchun yoqilgʻi sifatida foydalaniladigan uskunalar;

gaz uzatish tashkiloti — tabiiy gazni tashish, saqlash va tranzit qilishga ixtisoslashgan magistral gaz uzatish tizimi operatori;

gaz taʼminoti tashkiloti — tabiiy gazni gaz uzatish tashkilotidan qabul qiluvchi va taqsimlash tarmoqlari orqali isteʼmolchilarga shartnoma asosida yetkazib beruvchi (sotuvchi) tashkilot;

gaz xoʻjaligi — isteʼmolchilarga tegishli hududdagi barcha gazdan foydalanish uskunalari, tarmoqlar, zulfinlar, joʻmraklar, elektr kimyoviy yemirilishdan himoyalash vositalari, gaz taqsimlash punktlari (keyingi oʻrinlarda — GTP) va gaz taqsimlash qurilmalari (keyingi oʻrinlarda — GTQ);

gaz tarmogʻining boʻlinish chegarasi — gaz uzatish tashkiloti, gaz taʼminoti tashkiloti va isteʼmolchilar oʻrtasidagi gaz tarmogʻining hisoblagich oʻrnatilishi lozim boʻlgan va tegishliligi boʻyicha aniqlanadigan boʻlinish nuqtasi;

Bunda agar hisoblagichlar isteʼmolchiga tegishli va isteʼmolchining hududida boʻlsa, tashqi (uzib qoʻyadigan) zulfin yoki joʻmrak, agar hisoblagichlar gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkilotga tegishli boʻlib, isteʼmolchi hududidan tashqari boʻlsa — hisoblagich gaz tarmogʻining boʻlinish chegarasi hisoblanadi;

gaz hisoblash uskunasi (keyingi oʻrinlarda — hisoblagich) — bir yoki bir nechta funksiyalarni, xususan tabiiy gaz sarfini (hajmini), haroratini va bosimini oʻlchash, hisoblagichning ishlash vaqtini hisobga olish, oʻlchov koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi axborotlarni toʻplash, saqlash va aks ettirish, masofadan onlayn rejimda avtomatik tarzda oʻchirib-yoqish klapaniga hamda tabiiy gaz nazorati va hisobining avtomatlashtirilgan tizimiga (keyingi oʻrinlarda — TGNHAT) ulanish imkoniyatiga ega boʻlgan oʻlchov — texnik vositasi;

gazlashtirish texnik shartlari — isteʼmolchining yangi va qoʻshimcha gazdan foydalanish uskunalarini gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkilotining gaz quvurlariga yoki tarmoqlariga ulashning texnik imkoniyatini yaratadigan va gazlashtirish loyiha-texnik hujjatlarini (keyingi oʻrinlarda — LTH) ishlab chiqish uchun asos hisoblanadigan dastlabki hujjat;

gaz taqsimlash tarmoqlari (keyingi oʻrinlarda — gaz tarmoqlari) — gaz taʼminoti tashkilotining yoki isteʼmolchining tasarrufida (balansida) boʻlgan tabiiy gazni yetkazib beruvchi hamda taqsimlovchi koʻcha va uy ichida joylashgan gaz tarmoqlari kompleksi.

zaxira yoqilgʻi — tabiiy gazni yetkazib berish qisqaradigan yoki toʻxtatiladigan davrda tabiiy gazga muqobil manba sifatida foydalanish uchun moʻljallangan boshqa turdagi yoqilgʻi;

zaxira yoqilgʻi xoʻjaligi — zaxira yoqilgʻini saqlash, uzatish va undan foydalanish uchun moʻljallangan uskunalar va qurilmalar kompleksi;

ishlab chiqarish faoliyati bilan shugʻullanuvchi isteʼmolchilar — umumiy hisob quvvati soatiga 100 kVt va undan yuqori boʻlgan tabiiy gazdan foydalanish uskunalarida maishiy va ishlab chiqarish (tijorat) maqsadida foydalanuvchi tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanuvchi yuridik va jismoniy shaxslar;

ijtimoiy ahamiyatga ega boʻlgan isteʼmolchilar — tabiiy gazni yetkazib berish shartlari va roʻyxati mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan belgilanadigan ijtimoiy soha muassasalari va budjet tashkilotlari;

ishga tushirish-sozlash ishlari (keyingi oʻrinlarda — ITSI) — texnik kommunikatsiyalar va armaturalarga ega gazdan foydalanish uskunasini ishlashga tayyorlash va ishga tushirish, gazdan foydalanish uskunasi yuklamasini uning egasi hisoblangan tashkilot bilan kelishilgan darajagacha yetkazish, shuningdek, foydali ish koeffitsiyentini maqbullashtirmasdan gazdan foydalanish uskunasining isitish rejimini sozlashdan iborat boʻlgan ishlar kompleksi;

kommunal-maishiy isteʼmolchilar — umumiy hisob quvvati soatiga 100 kVtgacha boʻlgan tabiiy gazdan foydalanish uskunalarida maishiy va ishlab chiqarish (tijorat) maqsadida foydalanuvchi tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanuvchi yuridik va jismoniy shaxslar;

koʻrsatkichlarni nazorat uchun olish — masʼul xodim tomonidan hisoblagich koʻrsatkichlarini yozib olish va oʻrnatilgan plombalar butunligini koʻzdan kechirish;

qisman oʻchiriladigan isteʼmolchilar — tabiiy gazni yetkazib berish shartlari va roʻyxati mahalliy ijro hokimiyati organlari tomonidan belgilanadigan, kuz-qish mavsumida havo harorati pasayib ketgan davrlarda aholi va ijtimoiy soha obyektlarini tabiiy gaz bilan uzluksiz taʼminlash maqsadida faqatgina ishlab chiqarish faoliyati oʻchiriladigan, lekin isitish tizimidagi gazdan foydalanish uskunalari oʻchirilmaydigan (ijtimoiy ahamiyatga ega boʻlmagan) isteʼmolchilar;

mavsumiy isteʼmolchilar — gazlashtirish texnik shartlariga muvofiq tabiiy gazdan asosiy yoqilgʻi sifatida maʼlum bir davr mobaynida foydalanuvchi isteʼmolchilar;

maishiy isteʼmolchilar — turar joylarda maishiy (ovqat tayyorlash, issiq suv va isitish) ehtiyojlar uchun tabiiy gazdan yoqilgʻi sifatida foydalanuvchi aholi;

maishiy maqsadlarda gazdan foydalanish — turar va noturar joylarda, ishlab chiqarish obyektlarida, tashkilotlarda ovqat tayyorlash, issiq suv va isitish uchun tabiiy gazdan yoqilgʻi sifatida foydalanish;

magistral gaz quvuri (keyingi oʻrinlarda — gaz quvurlari) — tarkibida halqalari (lupinglari) va tarmoqlari boʻlgan, gazni uzoq masofaga yetkazib berishga moʻljallangan quvur;

namunali isteʼmolchi — TGNHATga ulangan va masofadan boshqarish imkoniyatiga ega hisobga olish uskunasi bilan taʼminlangan, tabiiy gaz uchun muddati oʻtgan qarzdorligi mavjud boʻlmagan hamda tabiiy gazdan foydalanish va uni hisobga olish boʻyicha qoidabuzarliklarga yoʻl qoʻymagan isteʼmolchi (maishiy isteʼmolchilar va ikki oy davomida toʻlov intizomiga rioya qilmagan isteʼmolchilar bundan mustasno);

tabiiy gazda ishlaydigan isitish jihozlari va dudburonlarni davriy koʻrikdan oʻtkazish xizmati — tegishli dalolatnoma tuzgan holda taʼmirlash, shuningdek, dudburonlar va shamollatish tizimlarini koʻrikdan oʻtkazish, tozalash va nosozliklarni bartaraf etish ishlari bilan shugʻullanuvchi ixtisoslashgan tashkilot;

rejim-sozlash ishlari (keyingi oʻrinlarda — RSI) — uskunalarni ishlab chiqaruvchi zavod tomonidan belgilangan texnik parametrlarida (pasportida) koʻrsatilgan ish yuklamalari oraligʻida foydali ish koeffitsiyentiga erishish maqsadida gazdan foydalanish uskunalarini sozlash, yoqilgʻi yoqish jarayonlarini tartibga solish vositalarini, issiqlikni utilizatsiya qiluvchi va yordamchi uskunalarni sozlashni oʻz ichiga oladigan ishlar kompleksi;

soʻnggi koʻrik dalolatnomasi — gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti va treyderlar vakolatli xodimlari tomonidan oʻzlariga biriktirilgan hududlarda zimmasiga yuklangan vazifalari doirasida oʻtkazilgan nazorat tadbirlari, gaz isteʼmoli hajmini aniqlashga taʼsir koʻrsatadigan barcha zarur maʼlumotlarni aks ettiruvchi oxirgi elektron yoki qogʻoz shaklda rasmiylashtirilgan hujjat;

strategik ahamiyatga ega boʻlgan isteʼmolchilar — uzluksiz faoliyat koʻrsatuvchi ishlab chiqarish-texnologik obyektlarga ega boʻlgan hamda tabiiy gazni yetkazib berish shartlari va roʻyxati Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadigan isteʼmolchilar;

tabiiy gaz — gaz yoki neft xomashyosini qayta ishlovchi tashkilotlar tomonidan ishlab chiqariladigan, shuningdek respublikaga import qilinadigan, yoqilgʻi yoki xomashyo sifatida foydalanish uchun moʻljallangan hamda fizik-kimyoviy koʻrsatkichlari texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar bilan belgilanadigan gazi;

tabiiy gaz ishlab chiqaruvchilar — tabiiy gazni qabul qilish, qayta ishlash, ishlab chiqarish va yetkazib berishni, shuningdek uglevodorod xomashyosini qabul qilish va qayta ishlash orqali tabiiy gazni yetkazib berish faoliyatini amalga oshiradigan tashkilotlar;

tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasi — gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkilotlari yoki treyder tashkilotiga tabiiy gazni isteʼmolchiga oʻzining gaz quvurlari (tarmoqlari) orqali yetkazish, isteʼmolchiga esa qabul qilingan tabiiy gaz uchun toʻlovni amalga oshirish, shuningdek, mazkur Qoidalar talablariga rioya qilinishi majburiyatini yuklaydigan bitim;

toʻliq oʻchiriladigan isteʼmolchilar — tabiiy gazni yetkazib berish shartlari va roʻyxati mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan belgilanadigan, kuz-qish mavsumida havo harorati pasayib ketgan davrlarda aholi va ijtimoiy soha obyektlarini uzluksiz tabiiy gaz bilan taʼminlash maqsadida gaz tarmoqlaridan toʻliq oʻchirilishi belgilanadigan (ijtimoiy ahamiyatga ega boʻlmagan) isteʼmolchilar;

treyder — tabiiy gazning ulgurji va chakana savdosi boʻyicha faoliyatni amalga oshirish uchun litsenziyaga ega tadbirkorlik subyekti (gaz uzatish va gaz taʼminoti tashkilotlari bundan mustasno);

hisob-kitob davri — tabiiy gaz isteʼmolining sarfi (hajmi) aniqlanishi, isteʼmol qilingan tabiiy gaz uchun isteʼmolchi va gaz taʼminoti tashkiloti oʻrtasida oʻzaro hisob-kitob amalga oshirilishi zarur boʻlgan vaqt oraligʻi (oy);

xatlov dalolatnomasi — vakolatli xodimlar tomonidan isteʼmolchi ishtirokida isteʼmolchining tabiiy gaz isteʼmoli hajmini aniqlashga taʼsir koʻrsatadigan barcha maʼlumotlari (nomlanishi, manzili va rekvizitlari, hisoblagichlar va ularning koʻrsatkichlari, hisoblagichlar va boshqa qurilmalarga oʻrnatilgan plombalarning butligi va gazdan foydalanish uskunasining texnik tavsiflari, gaz xoʻjaligining loyiha maʼlumotlari, rasmiylashtirish sanasidagi hisob-kitoblar holati, vakolatli organlar tomonidan tabiiy gazdan oqilona foydalanish boʻyicha berilgan xulosalarning mavjudligi, shuningdek, maishiy isteʼmolchilar boʻyicha yashovchilar, uy hayvonlar soni va isitiladigan binolar hajmi) aks ettirilgan hujjat;

cheklov kiritiladigan isteʼmolchilar — tabiiy gazni yetkazib berish shartlari va roʻyxati mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan belgilanadigan, kuz-qish mavsumida havo harorati pasayib ketgan davrlarda aholi va ijtimoiy soha obyektlarini uzluksiz tabiiy gaz bilan taʼminlash maqsadida sutkaning maʼlum bir vaqtlarida vaqtincha tabiiy gazni yetkazib berilishi toʻxtatiladigan (ijtimoiy ahamiyatga ega boʻlmagan) isteʼmolchilar;

eng yuqori tarif — Kommunal-maishiy ehtiyojlar uchun aholiga belgilangan tarifning eng yuqori (oyiga 10001 kub metr va undan ortiq isteʼmol uchun belgilangan) miqdori.

2-bob. Isteʼmolchilar, gaz taʼminoti tashkilotlari va nazorat organlarning huquqlari va majburiyatlari

3. Maishiy isteʼmolchilar quyidagi huquqlarga ega:

tabiiy gazning texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan hajmlarda va sifatda, uzatish (yetkazish) rejimiga rioya qilgan holda uzluksiz yetkazib berilishini talab qilish;

tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasi bekor qilinganda, foydalanilmagan gaz hajmi uchun toʻlangan summani qaytarishni talab qilish;

tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasini qonunchilik hujjatlariga muvofiq bir tomonlama bekor qilish;

tabiiy gazni uzatilishi toʻxtatilishi natijasida vujudga kelgan (belgilangan tartibda tegishli hujjatlar asosida tasdiqlanadigan) zararni qoplashni talab etish;

gaz taʼminoti tashkiloti vakilini va qayta ulanish uchun qoʻshimcha haq toʻlamasdan, gazdan foydalanish uskunalarini gaz taʼminotidan vaqtincha yoki toʻliq uzib qoʻyish maqsadida chaqirish.

Maishiy isteʼmolchilar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

4. Maishiy isteʼmolchilarning majburiyatlari quyidagilardan iborat:

yangi turar joylarga koʻchib oʻtilganda hamda mavjud uy-joy fondini gazlashtirish davomida gaz xoʻjaligida xavfsizlik qoidalari boʻyicha gaz taʼminoti tashkiloti xodimi tomonidan berilgan zarur koʻrsatmalar bilan tanishish;

oʻz tasarrufidagi gaz tarmoqlari, gazdan foydalanish uskunalari, shuningdek, foydalanilayotgan yertoʻlalar, texnik yoʻlaklar va boshqalarda elektr yoritish va shamollatish tizimining doimiy ishlashini taʼminlash, binolarning yertoʻlalaridagi yer osti gaz tarmoqlarini binoga kirgan qismining mustahkamligi va zichligini taʼminlash. Bunda:

koʻp kvartirali va turar joy binolaridagi gaz plitalar — ikki yilda bir marta;

boshqa gazdan foydalanish uskunalarini — buyurtma asosida bir yilda bir marta gaz taʼminoti tashkiloti yoki tegishli vakolatga ega boʻlgan tashkilotlarni jalb qilgan holda texnik taftishdan oʻtkazilishini taʼminlash;

favqulodda vaziyat va avariya holatlarida, kunning istalgan vaqtida oʻz xizmat guvohnomalarini koʻrsatgan vakolatli xodimlarini gaz sizib chiqish holatini tekshirish uchun barcha yertoʻlalar, texnik yoʻlaklar, xonalarga kirishini taʼminlash;

belgilangan tartibda dudburonlar va shamollatish tizimlarining holatini oʻz vaqtida tekshirilishini tashkil qilish;

dudburonlar va shamollatish tizimlaridagi nosozliklar toʻgʻrisida tabiiy gazda ishlaydigan isitish jihozlari hamda dudburonlarni koʻrikdan oʻtkazish xizmatlariga nosozliklarni tuzatish uchun zudlik bilan xabar berish va xavfsizligini taʼminlash uchun zarur choralarni koʻrish;

gaz taʼminoti tashkilotini gaz taʼminotini vaqtincha toʻxtatish maqsadida turar joylarning buzilishi va (yoki) qurilishi haqida yozma yoki elektron shaklda xabardor qilish;

gaz taʼminoti tashkilotining texnika xavfsizligi va gaz xavfsizligini taʼminlash masalalarida majburiy koʻrsatmalarini bajarish;

uy ichi gaz tarmogʻini korroziya va boshqa taʼsirdan himoya qilish choralarini koʻrish, muntazam ravishda boʻyab turish;

tabiiy gazdan oqilona foydalanish, tabiiy gazdan foydalanishda sertifikatlangan gazdan foydalanish uskunalarini oʻrnatish, ularni xavfsizlik avtomatika tizimlari bilan jihozlash;

foydalanilgan tabiiy gaz va gazdan foydalanish uskunasi hamda uy ichi gaz tarmoqlariga xizmat koʻrsatish doirasida bajarilgan ishlar uchun gaz taʼminoti tashkiloti bilan belgilangan xizmat koʻrsatish tariflari boʻyicha oʻz vaqtida hisob-kitoblarni amalga oshirish;

gazdan foydalanish uskunasini toza saqlash, ovqat tayyorlash jarayonida gaz yondirgichlarni ifloslanishdan saqlash;

gazlashtirish loyihasi — LTH saqlanishini taʼminlash hamda uni gaz taʼminoti tashkiloti va boshqa vakolatli davlat organlari vakili talabi bilan taqdim qilish;

yertoʻla, yoʻlak, hovli, koʻchada tabiiy gaz hidi sezilgan taqdirda, avariya xizmatiga “104” yoki “112” telefoni orqali xabar berish;

gaz bilan toʻlgan (toʻplanib qolgan) joylardan odamlarni olib chiqish, elektr yoritish tizimlarini yonib yoki oʻchib qolishi, ochiq olov yoki uchqun paydo boʻlishining oldini olish boʻyicha amaliy choralar koʻrish;

gaz taʼminoti tashkiloti vakolatli xodimlariga soat 08:00 dan 20:00 gacha hisoblagichlarni koʻzdan kechirish, ichki gaz tarmoqlari va gazdan foydalanish uskunalariga texnik hamda profilaktika xizmatlarini koʻrsatish uchun qarshiliksiz kirishini taʼminlash;

hisoblagichlar koʻrsatkichlarini oʻzgartirish maqsadida ularning ishlashiga toʻsqinlik qiluvchi harakatlarni amalga oshirmaslik, ularga qasddan shikast yetkazishning oldini olish va oʻrnatilgan plombalarning butunligini taʼminlash;

odamlar uxlaydigan va dam oladigan xonalarda ochiq olovda ishlaydigan gazdan foydalanish uskunalaridan (tabiiy gazda ishlaydigan isitish jihozlari, qozonlari) foydalanmaslik, bunday uskunalarni gazlashtirish loyihasi asosida oʻrnatish, odamlar uxlaydigan va dam oladigan xonalarni isitish tizimlarida faqatgina suv isitish qozonlaridan foydalanishni taʼminlash.

5. Boshqa isteʼmolchilar quyidagi huquqlarga ega:

shartnoma asosida yetkazib berilgan tabiiy gazning aniqlangan hajmiga va boshqa parametrlarga norozi boʻlgan taqdirda, gaz yetkazib beruvchi tashkilot hisoblagichlarining ishlash ishonchliligini tekshirish uchun ishchi komissiyani tashkil etish;

tabiiy gazning texnik jihatdan tartibga solish hujjatlarida belgilangan koʻrsatkichlarda va yetkazib berish rejimiga rioya qilgan holda uzatilishini talab qilish;

tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasini qonunchilik hujjatlariga muvofiq bir tomonlama bekor qilish;

tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasi bekor qilinganda, foydalanilmagan gaz hajmi uchun toʻlangan summani qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qaytarib olish;

tabiiy gazni yetkazib berilishini toʻxtatilishi natijasida vujudga kelgan (belgilangan tartibda tegishli hujjatlar asosida tasdiqlanadigan) zarar qoplanishini;

tabiiy gazni yetkazib berish vaqtincha toʻxtatilishini talab etish.

Boshqa isteʼmolchilar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

6. Boshqa isteʼmolchilarning majburiyatlari:

tabiiy gazdan oqilona va samarali foydalanish;

oʻz tasarrufidagi gaz quvurlari va gaz xoʻjaligi uskunalarini texnik soz holatda saqlash, binolar yertoʻlalardagi yer osti kommunikatsiyalarining binoga kirgan qismining mustahkamligi va zichligini taʼminlash, shuningdek binolarning qurilish elementlari bilan gaz tarmoqlarining oʻzaro kesishgan joylarini kuzatib borish;

gaz tarmoqlarida yoki gazdan foydalanish uskunalarida vujudga kelgan tabiiy gazning sizib chiqishi holati haqida gaz taʼminoti tashkilotini zudlik bilan xabardor qilish;

oʻzining gaz tarmoqlari daxlsizligini taʼminlash va ehtimoli boʻlgan ruxsatsiz ulanishlarni aniqlash maqsadida tarmoqlarni va ulardagi uskunalarni muntazam ravishda koʻzdan kechirib chiqish;

gaz taʼminoti tashkilotlarining gaz tarmoqlariga sertifikatlanmagan, LTHga muvofiq boʻlmagan gazdan foydalanish uskunasining ulanishiga yoʻl qoʻymaslik;

vakolatli xodimlarni (tegishli xizmat guvohnomasi koʻrsatilgan taqdirda) hisoblagichlarni va/yoki gazdan foydalanish uskunalarini, davlat yongʻindan saqlash xizmati xodimlarini dudburon va shamollatish tizimlarini kunning istalgan vaqtida erkin koʻzdan kechirishlarini taʼminlash;

gazdan foydalanish uskunasidagi nosozliklarni (bunday turdagi ishlarni bajarish huquqiga ega boʻlgan ixtisoslashtirilgan brigadalar yoki xodim yordamida) bartaraf etish;

hisoblagich koʻrsatkichlarini oʻzgartirish maqsadida ularning ishlashiga toʻsqinlik qiluvchi harakatlarni amalga oshirmaslik, ularning qasddan buzilishiga yoʻl qoʻymaslik va oʻrnatilgan plombalarning butunligini taʼminlash;

hisoblagich ishidagi nosozlik aniqlangan taqdirda, gaz taʼminoti tashkilotini oʻzi uchun qulay shaklda darhol xabardor qilish;

oʻzining gaz xoʻjaligidagi hisoblagichlaridan gaz taʼminoti tashkilotining TGNHATga onlayn tarzda maʼlumotlar uzatilishini taʼminlash;

gaz tarmogʻi tranzit sifatida tashkilot hududidan oʻtkazilgan hollarda ushbu hudud egasi gaz taʼminoti tashkilotining gaz tarmogʻini tekshirib turish va unga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash, avariya hollarining oldini olish hamda ular yuzaga kelganda bartaraf etish uchun gaz taʼminoti tashkiloti vakilini ushbu tashkilot hududiga kirishi uchun zarur sharoit yaratishi;

hisoblagichni gaz tarmogʻining boʻlinish chegarasiga (kuzatuv moslamalari hamda kirish eshigi ochilganda signal beruvchi qurilmalar bilan taʼminlangan binoga (konteynerga) oʻrnatish hamda uni gaz taʼminoti tashkiloti vakolatli xodimi tomonidan doimiy nazorat qilinishi uchun zarur sharoit yaratish;

gaz tarmoqlari bino va inshootlarning tom, devor va pol osti qismidan yopiq holda oʻtkazmaslikni (montaj qilinmasligini) taʼminlash;

oʻzining gaz xoʻjaligidagi yer ostidan oʻtkazilgan gaz quvurlarining trassasi boʻylab zarur ogohlantiruvchi belgilarni oʻrnatish;

gazdan foydalanish uskunalarining ulanish joylarida metan va is gazi sizib chiqishini barvaqt aniqlaydigan, xabar (signal) beradigan va gaz sizib chiqish holatlarida gazni tarmoqdan klapan orqali avtomatik tarzda oʻchirib qoʻyadigan gaz analizatorlari bilan taʼminlash;

Oʻzenergoinspeksiya va gaz taʼminoti tashkiloti oʻzlarining vakolatlari doirasida (tabiiy gazdan noqonuniy va samarasiz foydalanishni oldini olish, xavfsizlikni taʼminlash va boshqa yoʻnalishlarda) berilgan koʻrsatmalarni bajarish;

tabiiy gazdan foydalanishda sertifikatlangan, energiya tejamkor boʻlgan gazdan foydalanish uskunalarini oʻrnatish, xavfsizlik avtomatikasi bilan jihozlash.

7. Tabiiy gazdan foydalanishda quyidagilar taqiqlanadi:

oʻzboshimchalik bilan gazlashtirish, gazdan foydalanish uskunasini mustaqil ravishda koʻchirish, almashtirish va taʼmirlashga;

gazdan foydalanish uskunasi joylashgan xonalarda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan talablarga nomuvofiq tarzda qayta rejalashtirish va qurilish-montaj ishlarini bajarishga;

gazdan foydalanish uskunasi, dudburon va shamollatish tizimlarining konstruksiyalari va oʻrnatilgan elementlariga (qismlariga) oʻzboshimchalik bilan oʻzgartirish kiritishga, shuningdek, dudburonlarni tozalashga moʻljallangan shamollatish tizimlarini va lyuklarni yopib qoʻyishga;

xavfsizlik va tartibga solish avtomatika tizimlarini oʻzboshimchalik bilan oʻchirishga, gazdan foydalanish uskunalari, avtomatika va berkitish armaturalari yaroqsiz holga kelgan taqdirda gazdan foydalanishga;

tabiiy gazda ishlaydigan isitish jihozlari hamda dudburonlarda sinch zichligi, suvoqdagi (yoriqlar) buzilishi holatlari yuzaga kelganda, dudburon va shamollatish tizimlari yaroqliligi haqidagi dalolatnoma mavjud boʻlmaganda yoki uning muddati oʻtganda, shuningdek, gazdan foydalanish uskunalari texnik taftishdan oʻtkazilmaganda hamda darchalar (framugalar), jalyuza panjaralari, shamollatish tizimi panjaralari, hammom va oshxona eshiklari ostidagi tirqishlarning yopiq holatlarida, dudburon va shamollatish tizimlarida tortish kuchi yoʻq boʻlganda, gazdan foydalanish uskunalaridan foydalanishga;

dudburon va shamollatish tizimlarini oʻzboshimchalik bilan tozalashga;

ishlab turgan gazdan foydalanish uskunalarini qarovsiz qoldirishga (uzluksiz ishlab turishni nazarda tutadigan va buning uchun tegishli avtomatlashtirilgan tizimga ega gazdan foydalanish uskunalari bundan mustasno);

gazdan foydalanish uskunalaridan oʻn ikki yoshgacha boʻlgan bolalar va oʻz xatti-harakatlarini nazorat qila olmaydigan shaxslarni foydalanishiga yoʻl qoʻyishga;

gaz quvurlariga (tarmoqlariga) yuklarni osish va ogʻir vaznli buyumlarni ustiga qoʻyishga;

tabiiy gaz va gazdan foydalanish uskunalaridan boshqa maqsadlarda, shuningdek, gaz plitalaridan hamda ochiq olovda ishlatiladigan gazdan foydalanish uskunalaridan xonalarni isitish uchun foydalanishga;

gazdan foydalanish uskunasi oʻrnatilgan xonalarda uxlash va dam olish maqsadida foydalanishga;

tabiiy gaz sizib chiqish joylarini aniqlash uchun ochiq olovdan foydalanishga;

TGNHATga ulangan hisoblagichlarga oʻrnatilgan modem qurilmasini gaz taʼminoti tashkiloti vakolatli xodimini xabardor qilmasdan oʻchirib qoʻyishga yoki almashtirishga.

8. Favqulodda vaziyatlar vazirligining hududiy davlat yongʻin nazorat organlari va (yoki) gaz taʼminoti korxonalari har yili isitish mavsumi boshlanishidan oldin aholi xonadonlari hamda turar joylardagi dudburon va shamollatish kanallarining texnik holatini taftishdan oʻtkazadi. Taftish natijalari boʻyicha aniqlangan nosozliklarni bartaraf etadi hamda ushbu sohada davlat, idoraviy va koʻngilli yongʻindan saqlash xizmatlari va (yoki) gaz taʼminoti korxonalari tomonidan dudburonlarni tekshirish, profilaktik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ishlari bajariladi va nazoratga olinadi.

Gaz xoʻjaligida xavfsizlik qoidalari va mazkur Qoidalarga rioya etmaslik natijasida sodir boʻladigan salbiy oqibatlar uchun javobgarlik gaz tarmogʻining boʻlinish chegarasiga muvofiq ravishda tegishli gaz tarmogʻi egasining zimmasiga yuklatiladi.

9. Gaz taʼminoti tashkiloti quyidagi huquqlarga ega:

texnik zaruratga koʻra isteʼmolchini mazkur Qoidalarga muvofiq belgilangan tartibda xabardor qilgan holda, isteʼmolchiga yetkazib beriladigan tabiiy gazni qisqartirish yoki toʻxtatish;

gaz tarmoqlariga oʻzboshimchalik bilan ulanish holatlari aniqlanganda va isteʼmolchilar tomonidan mazkur Qoidalarning 129 , 133 va 134-bandlarida belgilangan majburiyatlarni bajarmasdan oʻzi va oʻzgalarning xavfsizligi uchun xavf tugʻdirganda, ushbu isteʼmolchilarni darhol gaz tarmogʻidan uzish;

isteʼmolchilardan mazkur Qoidalarni va tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasi shartlarini bajarilishini talab qilish;

tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasini qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarga muvofiq bir tomonlama bekor qilish;

gaz tarmoqlarida avariyaning oldini olish yoki bartaraf etish yuzasidan kechiktirib boʻlmaydigan choralarni koʻrish zarurati yuzaga kelganda, isteʼmolchi bilan kelishmasdan va uni ogohlantirmasdan, lekin zudlik bilan xabardor qilgan holda, tabiiy gazni yetkazib berishni toʻxtatish yoki cheklash;

mazkur Qoidalarning 129 , 130 va 134-bandlarida nazarda tutilgan holatlarda, aniqlangan qoidabuzarliklar bartaraf etilguniga qadar avvaldan ogohlantirmagan holda gaz yetkazib berishni toʻxtatish;

hisoblagichlarga ularning koʻrsatkichlarini oʻzgartirish maqsadida tashqaridan aralashilganda, oʻrnatilgan plombalarning butunligi buzilganda va plombalar uzilgan holatlarda gaz tarmoqlariga ruxsatsiz ulanganda, mazkur Qoidalarning 127 , 129 , 130 va 134-bandlarida belgilangan choralarni qoʻllash;

isteʼmolchilarning gazdan foydalanish uskunalari belgilangan muddatda texnik koʻrikdan oʻtkazilmaganligi yoki isteʼmolchi tomonidan ushbu uskunalarni texnik koʻrikdan oʻtkazishdan bosh tortishi, ushbu isteʼmolchilarni vaqtincha tabiiy gaz tarmogʻidan uzib qoʻyish;

isteʼmolchilarning eskirgan va yaroqsiz holga kelgan gazdan foydalanish uskunalari, taʼmirtalab gaz tarmoqlari va gaz taqsimlash punktlariga tabiiy gazni yetkazib berishni toʻxtatish;

metall prokati ishlab chiqaruvchi korxonalar tomonidan induksion pechlardan foydalangan holda qurilish ishlari uchun ishlab chiqarilgan metall prokati qonunchilik hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan talablarga nomuvofiq deb topilgan taqdirda, ular bilan tuzilgan tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasini bir taraflama bekor qilish.

10. Gaz taʼminoti tashkiloti quyidagilarga majbur:

oʻzining tasarrufidagi gaz tarmoqlarini soz holatda saqlash va ularda oʻz hisobidan zarur taʼmirlash-tiklash ishlarini bajarish;

oʻz gaz tarmoqlarining texnik holatini va ularga ruxsatsiz ulanish holatlarini aniqlash uchun tarmoqlarni davriy koʻzdan kechirish;

tabiiy gazni yetkazib berish qisqargan yoki toʻxtagan taqdirda, bu toʻgʻrisida isteʼmolchilarni oʻz vaqtida xabardor qilish;

tabiiy gazning ruxsatsiz isteʼmol qilinganligi, gaz tarmoqlari moddiy boyliklarining talon-toroj qilinganligi toʻgʻrisida huquqni muhofaza qilish organlarini kechiktirmasdan oʻz vaqtida xabardor qilish;

hisoblagich koʻrsatkichlarini har oyda kiritib borish va interaktiv xizmatlarning boshqa imkoniyatlaridan foydalanish uchun isteʼmolchilarga haq undirmasdan shaxsiy kabinet ochish imkonini berish;

maishiy isteʼmolchining arizasiga asosan isteʼmol qilingan tabiiy gaz boʻyicha hisob-kitob holati hamda qarzdorlik mavjud emasligi (mavjudligi) haqida maʼlumotnomani ikki ish kuni ichida haq undirmagan holda taqdim etish;

isteʼmolchiga tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasida koʻrsatilgan shartlarga muvofiq gaz yetkazib berish. Bahor-yoz davrida barcha isteʼmolchilarga gaz yetkazib berish uchun resurslar va quvvatlar yetarli boʻlmagan holatlarda, isteʼmolchilar oʻrtasida gaz resurslarining taqsimotini Energetika vazirligi bilan kelishilgan koʻrsatkichlarga muvofiq amalga oshirish;

isteʼmolchilarga zarur yoʻriqnomalarni berish (oʻtkazish) va gaz xoʻjaligida oʻrnatilgan gazdan foydalanish uskunalaridan va hisoblagichlardan xavfsiz foydalanish boʻyicha eslatmalarni topshirish. Bunda yoʻriqnomalar vakolatli xodim tomonidan oʻtkazilib, tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasi ilovasiga belgi qoʻyilishi va isteʼmolchi tomonidan imzolanishi shart. Eslatmada esa gaz taʼminoti tashkilotining avariya xizmati telefon raqamlari koʻrsatiladi;

vakolatli davlat organlarining, shu jumladan, Oʻzenergoinspeksiyaning majburiy koʻrsatmalarini bajarish;

isteʼmolchining yozma, ogʻzaki va elektron buyurtmasi asosida uch ish kunida gazdan foydalanish uskunalariga texnik xizmat koʻrsatish;

oldindan toʻlovni amalga oshirmagan hamda isteʼmol qilingan tabiiy gaz uchun qarzdorlik mavjud boʻlgan hollarda isteʼmolchilarning gaz taʼminotini toʻxtatish (uzish);

hisoblagichga va boshqa qurilmalarga (jumladan, hisoblagichdan oldingi va keyingi monometrlarga) plomba qoʻyish;

hisoblagich va boshqa qurilmalarga oʻrnatilgan QR-kodli plombalarni elektron dasturi (Billing tizimi) orqali yuritish;

hisoblagichning ichki konfiguratsiya maʼlumotlarini oʻzgartirishning oldini olish maqsadida hisoblagich klaviaturasi va portini uzib qoʻyish;

Gaz taʼminoti tashkiloti qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

TGNHATga ulangan hisoblagichlarga oʻrnatilgan modem qurilmasini oʻchirib qoʻyish holati Gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan aniqlangan taqdirda, isteʼmolchini gaz taʼminotidan oʻchirib qoʻyishi shart.

11. Isteʼmolchi tomonidan berilgan yozma, ogʻzaki va elektron buyurtmasi asosida belgilangan tariflar boʻyicha gazdan foydalanish uskunalariga texnik xizmat koʻrsatish ishlari quyidagi muddatlarda amalga oshiriladi:

ovqat tayyorlash uchun moʻljallangan gazdan foydalanish uskunalarining nosozligida — bir kun davomida;

tabiiy gaz sizib chiqishida — darhol. Bunday holatlar gaz taʼminoti tashkilotining avariya xizmati tomonidan bartaraf etiladi;

isitish mavsumida isitish uchun moʻljallangan gazdan foydalanish uskunalarining nosozligida — bir kun davomida;

issiq suv va isitish uchun moʻljallangan gazdan foydalanish uskunalarining nosozligida (isitish mavsumidan tashqari vaqtda) — ikki kun davomida;

gazdan foydalanish uskunalarini almashtirishda — besh kun davomida.

12. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablar asosida tegishli faoliyatni olib borish uchun ruxsat etish hususiyatiga ega hujjatlari mavjud boʻlgan yuridik shaxslar isteʼmolchilardan kelib tushgan yozma, ogʻzaki va elektron buyurtmalar asosida gazdan foydalanish uskunalari va gaz tarmoqlariga belgilangan tariflar va tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasi asosida belgilangan muddatlarda texnik xizmat koʻrsatadi.

Isteʼmolchilarga koʻrsatilayotgan texnik xizmatlar raqamlashtirilgan dasturiy taʼminot orqali roʻyxatga olinadi, koʻrsatilgan xizmatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar isteʼmolchilarga SMS-xabar orqali yuboriladi.

13. Tabiiy gazni ishlab chiqarish, uzatish, taqsimlash, isteʼmol qilish sohasidagi normativ-huquqiy, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga rioya qilinishi ustidan davlat nazorati qonunchilik hujjatlariga muvofiq Oʻzenergoinspeksiya tomonidan amalga oshiriladi.

Oʻzenergoinspeksiyaning huquq va majburiyatlari uning faoliyatini tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.

Oʻzenergoinspeksiyaning vakolatli xodimlari tomonidan tabiiy gazdan samarasiz va nooqilona foydalanish, tabiiy gazni isteʼmol qilish rejimiga rioya qilmaslik va tabiiy gaz qurilmalarining avariya xavfini tugʻdiradigan yoki odamlar hayotiga xavf soladigan qoniqarsiz texnik holati, gaz tarmoqlariga noqonuniy ulanish, hisoblagichlarga qasddan shikast yetkazganlik, hisoblagichlar koʻrsatkichlarini oʻzgartirish maqsadida ularga tashqaridan aralashish holatlari aniqlanganda, tegishli gaz taʼminoti tashkilotiga yoki isteʼmolchiga ushbu qurilmalarga gaz yetkazib berishni toʻxtatilishi toʻgʻrisida majburiy koʻrsatma berish huquqiga ega.

Oʻzenergoinspeksiya tomonidan isteʼmolchida tabiiy gazdan nooqilona foydalanganlik, tabiiy gazni tejash boʻyicha tashkiliy-texnik tadbirlarni bajarmaslik, texnik shart talablariga muvofiq qayta tiklanuvchi energiya manbalarini joriy etmaslik holatlari aniqlanganda (tegishli rasmiylashtirilgan dalolatnomaga muvofiq), gaz taʼminoti tashkiloti ushbu holatdan kelib chiqqan holda, tabiiy gaz isteʼmolining shartnomada belgilangan miqdorlarini kamaytirishga haqli.

3-bob. Tabiiy gazga boʻlgan yillik ehtiyojni aniqlash

14. Isteʼmolchilar (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) har yili 15-iyulgacha gaz taʼminoti (treyder) tashkilotiga kelgusi yil uchun oylar kesimida taqsimlangan tabiiy gaz isteʼmolining prognoz hajmlari boʻyicha buyurtma beradi.

15. Tabiiy gazni ishlab chiqaruvchilar har yili 1-avgustga qadar kelgusi yil uchun tabiiy gazni qazib olish, qayta ishlash hamda gaz uzatish tashkilotning magistral gaz quvurlarigacha yetkazib beriladigan hajmlarni, oʻzining gazga boʻlgan ehtiyojlari va texnologik yoʻqotishlarini aniqlaydi.

16. Kelgusi yil uchun tabiiy gazga boʻlgan ehtiyoj ishlab chiqariladigan mahsulot (ishlar, xizmatlar) birligi uchun texnik va ilmiy asoslangan meʼyorlarga muvofiq mahsulot ishlab chiqarishning prognoz hajmlarini hisobga olgan holda, tabiiy gazning ikki yillik (har choraklik) amaldagi sarfi va mahsulot ishlab chiqarish hajmlariga bogʻliq ravishda isteʼmolchi tomonidan tegishli hisob-kitoblar bilan asoslangan boʻlishi kerak.

Maishiy va kommunal-maishiy isteʼmolchilarning kelgusi yilda tabiiy gazga boʻlgan ehtiyoji tabiiy gazni belgilangan isteʼmol qilish meʼyorlari va (yoki) ikki yillik (har choraklik) amaldagi sarfi asosida gaz taʼminoti tashkilotlari tomonidan aniqlanadi.

17. Gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkilotlari har yili 1-sentabrgacha gaz transport tizimi texnik jihatdan barqaror ishlashini taʼminlash maqsadida oʻz ehtiyojlari va texnologik yoʻqotishlarga sarflanadigan hamda isteʼmolchilarga yetkazib beriladigan gaz hajmlariga boʻlgan ehtiyojni (oylar kesimida) taqsimlagan holda (kelgusi yilda yangi ishga tushiriladigan obyektlar uchun zaxira hajmlarini nazarda tutgan holda), kelgusi yil uchun tabiiy gaz ehtiyojining prognozini shakllantiradi hamda Energetika vazirligiga taqdim etadi.

18. Energetika vazirligi taqdim etilgan buyurtmalar asosida resurs va gaz uzatish imkoniyatlari, shuningdek, respublikadagi isteʼmolchilarning ehtiyojlari va tabiiy gaz eksporti hajmlarini hisobga olib, tabiiy gaz resursiga boʻlgan ehtiyojni oylar kesimida taqsimlagan holda, respublika boʻyicha kelgusi yil uchun tabiiy gaz resurslari va isteʼmoli balansini ishlab chiqadi hamda kelgusi yil uchun respublika boʻyicha tabiiy gaz resurslari va isteʼmoli balansi loyihasini tayyorlash uchun Iqtisodiyot va moliya vazirligiga 1-oktabrga qadar taqdim etadi.

19. Energetika vazirligi kelgusi yil uchun respublika boʻyicha tabiiy gaz resurslari va isteʼmolining tasdiqlangan balansiga muvofiq har yili 1-dekabrga qadar treyder va gaz taʼminoti tashkilotlariga tabiiy gazni yetkazib beriladigan yillik va oylik hajmlarini taqdim etadi. Treyder tashkiloti tomonidan oʻz navbatida magistral gaz quvurlariga ulangan isteʼmolchilarga tabiiy gazni yetkazib berishning yillik va oylik hajmlarini gaz uzatish tashkilotiga yuboradi.

Gaz taʼminoti tashkilotlari isteʼmolchilarning (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) buyurtmalarini tabiiy gaz resurslari va isteʼmolining tasdiqlangan balansiga muvofiq belgilangan hajmlar doirasida qayta koʻrib chiqishga haqlidir.

20. Quyidagi isteʼmolchilarga tabiiy gazni yetkazib berishda ustuvorlik beriladi:

maishiy isteʼmolchilarga;

idoraviy va munitsipal uy-joy fondiga, yuridik shaxslar yotoqxonalariga va uy-joy mulkdorlari shirkatlariga — aholini gaz bilan taʼminlash maqsadida hamda lokal qozonxonalarga — aholining maishiy ehtiyojlari uchun;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan strategik va ijtimoiy ahamiyatga ega boʻlgan isteʼmolchilarga.

4-bob. Maishiy va kommunal-maishiy isteʼmolchilarni tabiiy gaz tarmoqlariga ulanish uchun hujjatlarni rasmiylashtirish tartibi

21. Isteʼmolchilar (shu jumladan, umumiy hisob quvvati soatiga 100 kVt.gacha boʻlgan gazdan foydalanish uskunalariga ega oilaviy korxonalar) amaldagi normativ-huquqiy hujjatlarda va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan talablar asosida gazlashtirish ishlarini bajarish huquqiga ega tashkilotlar tomonidan shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya etilgan holda, ishlab chiqilgan gazlashtirish loyihalariga asosan tabiiy gaz bilan taʼminlanadi.

22. Isteʼmolchilarni quyidagi tartibda tabiiy gaz bilan taʼminlashning texnik imkoniyatlari koʻrib chiqiladi:

isteʼmolchi davlat xizmatlari markazi (keyingi oʻrinlarda — DXM) yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali gaz taʼminoti tashkilotiga gazlashtirish haqidagi arizani taqdim etadi;

tabiiy gaz resurslari va isteʼmoli balansi hamda gaz taqsimlash tizimining texnik imkoniyatlaridan kelib chiqqan holda, isteʼmolchi obyektini gazlashtirish boʻyicha texnik imkoniyatlar mavjud yoki mavjud emasligini aniqlash maqsadida gaz taqsimlash tarmoqlariga ulanadigan isteʼmolchilarning obyektlari gaz taʼminoti tashkilotining mutaxassislari tomonidan uch ish kuni mobaynida oʻrganiladi.

Isteʼmolchining obyekti joylashgan hududda gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan tegishli parametrlarda isteʼmolchiga tabiiy gazni yetkazish imkoni mavjud quvvatga (bosim, hajm) ega boʻlgan gazni taqsimlash tarmogʻi hamda tabiiy gaz resurslari mavjud boʻlganda, isteʼmolchini gaz bilan taʼminlash boʻyicha texnik imkoniyat mavjud deb hisoblanadi.

Oʻrganish natijasi boʻyicha gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan ijobiy qaror qabul qilingandan soʻng isteʼmolchiga ichki gaz quvurlari, gazdan foydalanish uskunalari (turi va soni), gazdan foydalanish davri va hisoblagichlarga nisbatan qoʻyilgan talablarni oʻz ichiga olgan gazlashtirish texnik shartlari beriladi.

Gazlashtirilgan uy-joylar maishiy isteʼmolchi va oilaviy korxonaga ajratilganda, ularning har biri boʻyicha alohida texnik shart va LTH ishlab chiqish hamda isteʼmolchi hisobidan alohida hisoblagichlarni oʻrnatish sharti bilan hamda uy-joyga nisbatan egalik huquqini belgilovchi hujjatlarga (kadastr hujjati) asoslanib gaz bilan taʼminlanadi.

Gazlashtirilgan uy-joylar ikki va undan ortiq maishiy isteʼmolchiga ajratilgan taqdirda, isteʼmolchilarning mablagʻlari hisobidan har bir maishiy isteʼmolchi (oila) uchun LTHlarga oʻzgartirish kiritish (gazlashtirish uchun qoʻshimcha texnik shartlarni olmasdan) hamda alohida hisoblagichni oʻrnatish sharti bilan uy-joyga nisbatan egalik huquqini belgilovchi hujjatlarga (kadastr hujjati) asoslanib gaz bilan taʼminlanadi.

23. Gazlashtirish (gazdan foydalanish uskunalari, qurilma va uy ichi gaz quvurlari) LTHlari qonunchilik hujjatlariga muvofiq mazkur faoliyat bilan shugʻullanish huquqiga ega boʻlgan loyiha tashkilotlari tomonidan gazlashtirish texnik shartlari asosida ishlab chiqiladi.

24. LTHda quyidagi yechimlar nazarda tutilishi kerak:

belgilangan standartlarga muvofiq samarali gazdan foydalanish uskunasini oʻrnatish;

isteʼmol qilinayotgan tabiiy gaz sarfining hisoblangan diapazonida hisobga olishning ishonchliligini taʼminlaydigan, gaz hajmini standart shartlarga muvofiqlashtirish uchun zarur qurilmalar bilan jihozlangan hamda tabiiy gaz isteʼmolini TGNHATga mos keladigan hisoblagichlarni (ularni joylashuv nuqtalarini koʻrsatgan holda) oʻrnatish;

gaz quvuri va undagi qurilmalarni texnik nazorat qilishda shaffoflikni taʼminlash maqsadida gaz quvurlarini burchaksimon temir tirgaklar (ustunlar)ga oʻrnatish.

25. Gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan gazlashtirish loyihasi qurilish-montaj ishlari (keyingi oʻrinlarda — QMI) boshlanishidan avval, biroq gazlashtirish uchun texnik shartlar berilgan kundan boshlab 12 oydan kechikmasdan, roʻyxatdan oʻtkazilishi lozim. Ushbu muddat yakunlangandan soʻng berilgan texnik shart oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanadi.

26. QMI LTHga hamda qurilish meʼyorlari va qoidalariga muvofiq mazkur ishlarni bajarish huquqiga ega tashkilot tomonidan ijro-texnik hujjatlari asosida va yertoʻla inshootlaridagi boshqa kommunikatsiyalarning yertoʻla inshootiga kirish joylarini mustahkam va zich yopilganligini taʼminlagan (ushbu ishlarni bajarilganligi toʻgʻrisida dalolatnoma rasmiylashtirib) holda, tabiiy gaz isteʼmolchisining (tashabbuskor) mablagʻlari hisobidan bajariladi.

27. QMIni amalga oshirgan tashkilot gaz taʼminoti tashkilotiga dudburon va kanallarini tekshirish ishlarini, shuningdek, yertoʻla inshootlaridagi boshqa kommunikatsiyalarning kirish joylarini mustahkam va zich (germetik) yopilganligini taʼminlagan holda, amalga oshirilganligi toʻgʻrisida tegishli dalolatnomalarni taqdim etadi.

28. Isteʼmolchining obyektini gaz tarmogʻiga ulash jarayonida mavjud gaz tarmoqlaridagi bosimni nolgacha pasaytirishda atmosferaga chiqarilgan, past, oʻrta va yuqori bosim ostidagi gaz quvurlarining uzib qoʻyiladigan qismlarini gaz bilan tozalash va keyingi toʻldirish hamda tashqi gaz quvurlarini ishga tushirish ishlarini amalga oshirish uchun sarflangan gaz hajmi boʻyicha toʻlovlar isteʼmolchining hisobidan qoplanadi.

Isteʼmolchining obyektini gaz tarmoqlariga ulanishida keltiruvchi gaz tarmoqlarini (yangi gaz qurilmalarini va gaz tarmogʻi xoʻjaligi obyektlarini) loyihalashtirish, qurish va rekonstruksiya qilish ishlari gaz taʼminoti tashkiloti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

29. ITSI yakunlangach, gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan ishga tushirish dalolatnomasi tuziladi va isteʼmolchiga mazkur Qoidalarga muvofiq zarur koʻrsatmalar beriladi. Shundan soʻng isteʼmolchi ishga tushirish dalolatnomasiga imzo chekadi va tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasi tuziladi (ishga tushirish dalolatnomasining bir nusxasi gaz taʼminoti tashkilotida saqlanadi).

Isteʼmolchilar bilan tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasi DXM, YIDXP yoki gaz taʼminoti tashkilotining elektron dasturiy taʼminoti tizimi orqali elektron raqamli imzodan (keyingi oʻrinlarda — ERI) foydalangan holda amalga oshiriladi.

5-bob. Ishlab chiqarish faoliyati bilan shugʻullanuvchi, ijtimoiy va strategik ahamiyatga ega isteʼmolchilarni tabiiy gaz taqsimlash tarmoqlariga ulash uchun hujjatlarni rasmiylashtirish tartibi

30. Isteʼmolchilar (shu jumladan umumiy hisob quvvati soatiga 100 kVt va undan yuqori yoki yillik gaz sarfi 100 000 kub metrdan yuqori boʻlgan gazdan foydalanish uskunalariga ega oilaviy korxonalar) amaldagi normativ-huquqiy hujjatlar va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi hujjatlardagi talablarga koʻra gazlashtirish ishlarini bajarish huquqiga ega tashkilotlar tomonidan shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya etilgan holda ishlab chiqilgan LTHga asosan tabiiy gaz bilan taʼminlanadi.

31. Yangi turdagi gazdan foydalanish uskunalarini ishga tushirish va (yoki) foydalanilayotgan quvvatlarni rekonstruksiya qilish yoki texnik jihatdan qayta jihozlashni moʻljallayotgan isteʼmolchi gaz tarmoqlariga ulanishning texnik imkoniyatlarini kelishish va texnik shartni olish uchun DXM yoki YIDXP orqali belgilangan tartibda tabiiy gaz isteʼmoli boʻyicha asoslangan hisob-kitoblarga ega buyurtmani gaz taʼminoti tashkilotiga (yirik strategik korxonalar gaz transport tizimiga ulanish boʻyicha gaz uzatish tashkilotiga toʻgʻridan toʻgʻri murojaat qiladi) taqdim etadi.

Buyurtmada tabiiy gazdan foydalanish davri, gazdan foydalanish uskunasining turi va texnik tavsiflari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar zaxira yoqilgʻisidan foydalanishni hisobga olgan holda, gaz isteʼmolining rejalashtirilayotgan hajmlari koʻrsatiladi va ishlab chiqarish quvvatlarining joylashish rejasi buyurtmaga ilova qilinadi.

32. Buyurtma yangi gazlashtirish texnik shartlarini olishda yoki muddatini uzaytirishda ham isteʼmolchi tomonidan gaz taʼminoti tashkilotiga taqdim etiladi.

Buyurtmani koʻrib chiqish muddati uch ish kunini tashkil qiladi.

33. Gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan buyurtmani koʻrib chiqish natijasi boʻyicha ijobiy qaror qabul qilgan taqdirda, isteʼmolchiga quyidagilar koʻrsatilgan gazlashtirish texnik shartlari beriladi:

gaz quvuriga ulanish joyi;

boʻlinish chegaralari va tabiiy gaz isteʼmolini hisobga olish priborlarining joylashuv sxemasi;

ulanish nuqtasidagi tabiiy gazning maksimal soatlik, kunlik, yillik sarfi va ishchi bosimi, shuningdek, ushbu bosimning oʻzgarish chegaralari;

gaz taqsimlash shoxobchasi (keyingi oʻrinlarda — GTSH) inshootini qurish zarurligi, GTSHga boʻlgan texnik talablar, avtomatika turi, gaz quvurlari soni va ularning har biridagi tabiiy gaz bosimi, gaz xoʻjaligidagi qurilmalar, jihozlar va quvurlarni korroziyadan himoyalash chora-tadbirlari va boshqalar;

qoʻshimcha gaz quvurlarini qurish ishlari;

gazdan foydalanish uskunasi va gaz gorelkali qurilmalarga qoʻyiladigan talablar (turi va soni), muvofiqlik sertifikatining mavjudligi;

hisoblagichga qoʻyiladigan talablar;

tabiiy gazdan asosiy yoqilgʻi turi sifatida foydalanishning aniq davri (oylar boʻyicha);

zaxira yoqilgʻidan foydalanish davrini koʻrsatgan holda, zaxira yoqilgʻi xoʻjaligini qurish zarurligi;

gazdan foydalanish uskunalari ulanish joyida metan va is gazini barvaqt aniqlaydigan, xabar (signal) beradigan va gazni klapan orqali avtomatik tarzda oʻchirib qoʻyadigan gaz analizatorlarini oʻrnatish.

Gazlashtirish texnik shartlarining amal qilish muddati ular berilgan kundan boshlab bir yilni tashkil qiladi. Belgilangan muddat oʻtgach, agar isteʼmolchi loyihalashtirish ishlarini tugatmagan boʻlsa, gazlashtirish uchun yangi texnik shartlar olinishi lozim.

34. Tabiiy gaz resurslari va isteʼmoli balansi hamda qurilmalarning texnik imkoniyatlaridan kelib chiqqan holda, gazlashtirish uchun texnik shartlarni berish imkoniyati mavjud boʻlmagan taqdirda, gaz taʼminoti tashkiloti mazkur Qoidalarning 32-bandi ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan muddatda isteʼmolchiga rad etish sabablarini asoslagan holda, tegishli yozma xabarnoma yuboradi va taqdim qilingan hujjatlarni qaytaradi.

35. Isteʼmolchilar va gazlashtirish LTHlarini ishlab chiqqan loyihalashtirish tashkilotlari uchun gazlashtirish texnik shartlari talablarini bajarish majburiy hisoblanadi. Texnik shartlarda koʻrsatilgan talablarni rad etishga faqat gaz taʼminoti tashkiloti bilan kelishilgan taqdirda yoʻl qoʻyiladi.

Mazkur kelishish gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan isteʼmolchining murojaati (buyurtmasi) berilgan kundan keyin uch ish kuni davomida amalga oshiriladi va yozma shaklda rasmiylashtiriladi.

Isteʼmolchilarning (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) gaz tarmoqlariga ulanishlari bilan bogʻliq yangi gaz qurilmalarini va gaz tarmogʻi xoʻjaligi obyektlarini loyihalash va qurish, ishlab turgan obyektlar (qurilmalar)ni kengaytirish va rekonstruksiya qilish ishlari isteʼmolchilarning mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

36. Isteʼmolchi, koʻchmas mulk egasi oʻzgargan hollarda, texnik shartlarda koʻrsatib oʻtilgan talablarni oʻzgartirishga ehtiyoj boʻlmaganda, tabiiy gazni yetkazib berish toʻgʻrisidagi shartnoma yangi isteʼmolchi bilan qayta tuziladi. Bunda gazlashtirish texnik shartlarini takroriy rasmiylashtirish talab qilinmaydi.

37. Tadbirkorlik subyektlariga gazlashtirish texnik shartlari DXM yoki YIDXP orqali qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda toʻlov undirilmasdan beriladi. Bunda isteʼmolchilarning xohishi bilan gaz tarmoqlariga “tayyor holda” bajarish shartlarida obyektlar loyihalashtiriladi va quriladi.

38. Gazlashtirish LTHlari quyidagi qismlardan iborat boʻladi:

tushuntirish xati;

issiqlik-mexanika qismi;

texnologiya qismi;

nazorat-oʻlchov priborlari va avtomatika qismi;

gaz taʼminoti qismi;

zaxira yoqilgʻi xoʻjaligi qismi;

uskunalar va materiallar tavsifi (spetsifikatsiyasi) qismi;

elektr taʼminoti qismi.

39. LTH mazkur turdagi faoliyatni amalga oshirish huquqiga ega boʻlgan loyihalashtirish tashkilotlari tomonidan ishlab chiqiladi.

Loyihalashtirish tashkiloti gaz taʼminoti tizimi boʻyicha ishlab chiqilgan loyihaning amaldagi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlardagi talablarga muvofiqligi yuzasidan javobgar hisoblanadi.

40. LTH quyidagilarni nazarda tutishi kerak:

yuqori energiya samaradorligiga va tejamkorlikka ega texnologik sxemalar, jarayonlar va sertifikatga ega gazdan foydalanish uskunalarini va gaz yondirgichlarning qoʻllanilishi;

isteʼmol qilinayotgan tabiiy gaz sarfining hisoblangan oraligʻida (diapazonida) hisobga olishning ishonchliligini taʼminlaydigan, gaz hajmini belgilangan standart sharoitlarga keltirish uchun zarur qurilmalar bilan jihozlangan hamda TGNHATga mos boʻlgan hisoblagichlarni qoʻllash;

ishlab chiqarish jarayonlarida hosil boʻladigan ikkilamchi energiya resurslaridan iqtisodiy asoslangan va texnik jihatdan imkoniyati mavjud boʻlgan tarzda foydalanish;

xavfsizlik avtomatikasi qurilmalarining mavjudligi;

issiqlik almashinuvi jarayonlarini avtomatik tarzda tartibga solish va nazorat qilish tizimlarini qoʻllash;

tabiiy gazni va undan foydalangan holda ishlab chiqarilayotgan mahsulot hisobga olinishini taʼminlash;

ishlab chiqarilayotgan mahsulot (ishlar, xizmatlar) birligiga yoqilgʻi-energiya resurslarining belgilangan normativ koʻrsatkichlari boʻyicha sarflanish meʼyorlarini;

amaldagi loyihalashtirish normalariga muvofiq agregatlarni va issiqlik quvurlarining qizish yuzasini himoyalovchi issiqlik izolyatsiya qoplamalarini qoʻllash;

yonuvchi mahsulotlarning tarkibi va haroratini nazorat qilinishini taʼminlash;

binolar va inshootlarning isitiladigan hajmlari, shuningdek, ushbu obyektlardan gaz quvurlarigacha boʻlgan masofalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

41. LTH belgilangan tartibda sanoat xavfsizligi ekspertizasidan oʻtkazilishi kerak.

42. LTH gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan QMI boshlanishiga qadar texnik shartlar berilgan kundan boshlab 12 oydan kechiktirilmasdan roʻyxatdan oʻtkazilishi kerak.

LTH qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sanoat xavfsizligi ekspertizasidan oʻtkazilgandan soʻng isteʼmolchining yozma shakldagi murojaati asosida LTH gaz taʼminoti tashkilotida besh ish kunidan kechikmay toʻlov undirilmasdan roʻyxatdan oʻtkaziladi.

Agar QMI roʻyxatdan oʻtkazish kunidan buyon 12 oy mobaynida boshlanmagan yoxud gazlashtirishda texnik shartlardan cheklanish holatlari aniqlangan boʻlsa, LTH gaz taʼminoti tashkilotida qayta roʻyxatdan oʻtkazilishi shart.

LTHni roʻyxatdan oʻtkazish rad etilgan taqdirda, gaz taʼminoti tashkiloti besh ish kuni mobaynida isteʼmolchiga rad etish sabablarini va bartaraf etilishi kerak boʻlgan kamchiliklarni asoslagan holda, tegishli yozma xabarnoma yuboradi.

43. LTHga muvofiq QMI ushbu ishlarni amalga oshirish huquqiga ega tashkilot tomonidan tegishli ijro-texnik hujjatlarini tuzgan (ishlab chiqqan) holda bajariladi.

44. Gaz taʼminotidagi mavjud tizimlarni kengaytirish, rekonstruksiya qilish va texnik jihatdan qayta jihozlashda ularni qurish va foydalanishga topshirish talablari yangi qurilish obyektlariga nisbatan belgilangan talablar asosida amalga oshiriladi.

45. QMI tugallanganidan soʻng mazkur ishlarni bajarish huquqiga ega tashkilot tomonidan gazdan foydalanish uskunasida ITSI va RSI amalga oshiriladi.

RSI bir yilda 100 000 kub metr va undan koʻp tabiiy gazdan foydalanadigan korxonalar va texnologik neft-gaz obyektlari (qurilmalari) uchun majburiy hisoblanadi.

46. ITSI va RSI tugallanganligi tegishli dalolatnomalar bilan rasmiylashtiriladi. Bundan tashqari, texnik hisobot tuziladi va unda gazdan foydalanish uskunasining turli ish rejimlarida gazdan oqilona foydalanish, xavfsizlikni taʼminlash hamda yoqilgʻining yonish jarayonlarini avtomatik boshqarish jihozlari va vositalari, issiqlikni utilizatsiya qilish hamda yordamchi uskunalar, qozonxonalar uchun suv tayyorlash tizimlaridagi uskunalarni sozlashga taʼsir koʻrsatuvchi energiya samaradorlik koʻrsatkichlari qayd etiladi.

47. ITSI va RSI natijalari asosida ularni bajargan tashkilot isteʼmolchi tomonidan tasdiqlanadigan vaqtincha rejim (texnologiya) xaritalarini ishlab chiqadi va isteʼmolchiga topshiradi.

48. Vaqtincha rejim (texnologiya) xaritalari isteʼmolchi tomonidan tasdiqlanadi va uning asl nusxalari isteʼmolchida saqlanadi, ish joylarida (obyektlarda) esa ularning nusxalari koʻrinadigan joylarga oʻrnatilgan boʻlishi kerak.

49. Ekspluatatsiya qilinadigan tabiiy gazdan foydalanish va yordamchi uskunalarda har uch yilda kamida bir marotaba, gazdan energiya sifatida foydalanuvchi tashkilotlarda esa (mukammal va joriy taʼmirlashni oʻtkazish xususiyatini hisobga olgan holda) har toʻrt yilda bir marotaba RSIning quyidagi turlarini oʻtkazish nazarda tutilishi kerak:

gazdan foydalanish uskunasini issiqlik texnikasi (rejimlari) jihatidan sozlash;

yonish jarayonini nazorat qilish va avtomatik boshqarish vositalarini sozlash;

gazdan foydalanish uskunasini ishlatishda xavfsizlikni taʼminlovchi avtomatika vositalarini sozlash;

issiqlikni utilizatsiya qiluvchi va yordamchi uskunalarni sozlash;

suvni tayyorlash tizimlarini sozlash;

zaxira yonilgʻisi xoʻjaligini ekspluatatsiya qilish jarayonlarini sozlash;

tabiiy gaz va zaxira yoqilgʻisini birgalikda yondirishda yonish jarayonini sozlash.

50. Gazdan foydalanish uskunasida va yordamchi uskunada RSI quyidagi holatlarda amalga oshiriladi:

gazdan foydalanish uskunasini mukammal yoki rejadan tashqari taʼmirlashdan keyin;

gazdan foydalanish samaradorligiga taʼsir koʻrsatadigan konstruktiv oʻzgarishlar kiritilgandan keyin;

gazdan foydalanish uskunasi rejim (texnologiya) xaritalari talablaridan muntazam ravishda chetlanish holatlarida ishlaganda;

foydalanilayotgan yoqilgʻining turi va tavsiflari oʻzgarganda.

51. Yangi qurilgan, rekonstruksiya qilingan yoki texnik jihatdan qayta jihozlanayotgan gazdan foydalanish uskunasini, gaz quvurlarini va ulardagi uskunalarni foydalanishga qabul qilish ishlari qabul qilish komissiyasi tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarga, texnik tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga hamda mazkur Qoidalarga muvofiq qonunchilik hujjatlarida belgilangan maxsus axborot tizimlari orqali ERIdan foydalangan holda amalga oshiriladi.

52. Gazdan foydalanish uskunasini koʻrikdan oʻtkazish va tabiiy gaz uzatishga ruxsatnoma berish isteʼmolchining arizasi tushgan kundan boshlab, oʻn ish kuni mobaynida gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti tomonidan amalga oshiriladi.

Isteʼmolchining obyektini koʻrikdan oʻtkazish uchun isteʼmolchi tomonidan gaz taʼminoti tashkilotiga loyiha va ijro-texnik hujjatlari bilan birgalikda quyidagi ruxsatnomalar taqdim etilishi kerak:

Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi tomonidan ITSIni oʻtkazish uchun berilgan ruxsatnoma;

Oʻzenergoinspeksiya hududiy boshqarmalarining isteʼmolchi (bir yilda 100 000 kub metr va undan koʻp tabiiy gazdan foydalanadigan) obyektida qoʻllaniladigan texnologiyalar va asbob-uskunalarning energiya jihatidan samaradorlik koʻrsatkichlariga muvofiqligi hamda yoqilgʻining muqobil turlaridan foydalanish yoʻlga qoʻyilganligi toʻgʻrisida xulosasi.

53. Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasining tegishli ruxsatnomasisiz hamda Oʻzenergoinspeksiya hududiy boshqarmalarining isteʼmolchining (bir yilda 100 000 kub metr va undan koʻp tabiiy gazdan foydalanadigan) obyektida qoʻllaniladigan texnologiyalar va asbob-uskunalarning energiya jihatidan samaradorlik koʻrsatkichlariga muvofiqligi hamda yoqilgʻining muqobil turlaridan foydalanish yoʻlga qoʻyilganligi toʻgʻrisidagi xulosasisiz tabiiy gazdan foydalanish uskunalariga tabiiy gazni yetkazib berish taqiqlanadi.

Yuridik shaxslarga tegishli tashkilot yoki ishlab chiqarish obyektlari sotilganda yoki ijaraga berilganda, ushbu tashkilotdagi tabiiy gazdan foydalanish uskunalari oʻzgarmaganda, mazkur tashkilotga ilgari berilgan ruxsatnoma va xulosalarning amal qilish muddati saqlanib qoladi.

54. Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasining tegishli ruxsatnomasisiz va Oʻzenergoinspeksiya hududiy boshqarmasining qoʻllaniladigan texnologiyalar va asbob-uskunalarning energiya jihatidan samaradorlik koʻrsatkichlariga muvofiqligi hamda yoqilgʻining muqobil turlaridan foydalanish yoʻlga qoʻyilganligi toʻgʻrisidagi xulosasisiz gaz sarflovchi uskunalarga tabiiy gazni yetkazib berish holatlari aniqlanganda, tegishli mutasaddi organlar (tashkilotlar)ning taqdimnomalariga asosan tabiiy gazni yetkazib berish toʻxtatiladi. Gazdan foydalanish uskunalariga tabiiy gazni yetkazib berish aniqlangan kamchiliklar bartaraf etilganidan soʻng qayta tiklanadi.

55. Yangi qurilgan, rekonstruksiya qilingan yoki texnik jihatdan qayta jihozlangan gazdan foydalanish uskunasiga, gaz quvurlari va yordamchi uskunalarga gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti tabiiy gaz mazkur Qoidalarning 52-bandi talablari bajarilgan taqdirda uzatiladi.

56. Isteʼmolchida mazkur Qoidalarning 52-bandida koʻrsatilgan hujjatlar mavjud boʻlgan taqdirda, ITSI va RSIni amalga oshirish uchun koʻrsatilgan hajmda gaz berilishini taʼminlash uchun gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti va isteʼmolchi oʻrtasida tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasi tuziladi.

57. Isteʼmolchi tomonidan RSI tugatilgandan soʻng bajarilgan ishlarning sifatini baholash uchun isteʼmolchi Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalariga yozma shaklda murojaat qilishi va texnik hisobotni ilova qilishi lozim.

Bajarilgan sozlash ishlarining sifati belgilangan talablarga muvofiq boʻlmagan taqdirda, Oʻzenergoinspeksiya hududiy boshqarmalarining koʻrsatmasiga asosan sozlash ishlarini bajargan tashkilot hisobidan (isteʼmolchi va tashkilot oʻrtasida tuziladigan shartnomada belgilanishi tavsiya qilinadi) gazdan foydalanish uskunasi takroran sozlanadi.

6-bob. Tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasini tuzish

58. Yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlar bilan tabiiy gazni yetkazib berish shartnomalari gaz taʼminoti tashkilotining dasturiy taʼminoti yoxud qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibga asosan tashkil etilgan maxsus axborot tizimlari orqali ERIdan foydalangan holda tuziladi.

Bunda:

gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti va isteʼmolchi oʻrtasida tabiiy gaz yetkazib berish boʻyicha shartnoma gaz taʼminotining namunaviy shartnomasiga muvofiq tayyorlangan shaklda tuziladi;

gaz taʼminotining namunaviy shartnomasi “Hududgaztaʼminot” AJ tomonidan ishlab chiqiladi, “Oʻzenergoinspeksiya”, Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi bilan kelishiladi va Energetika vazirligi tomonidan tasdiqlanadi;

mazkur tartib yuridik shaxs va yakka tartibdagi tadbirkorlar uchun yoqilgʻi-energiya resurslari isteʼmoli boʻyicha limitlarni belgilash va ularga oʻzgartirishlar kiritilishida ham tatbiq etiladi;

davlat tashkilotlari (buyurtmachilari) bilan tuzilgan shartnomalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar davlat xaridlari boʻyicha maxsus axborot portaliga avtomatik ravishda yuborilishi taʼminlanadi;

budjet buyurtmachilari bilan tuzilgan shartnomalar tuman (shahar) gʻaznachilik boʻlinmalarida elektron shaklda (inson omilisiz) roʻyxatdan oʻtkaziladi.

59. Maishiy isteʼmolchilar bilan tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasi tuzilmagan taqdirda, shartnoma isteʼmolchi gaz tarmogʻiga belgilangan tartibda amalda ulangan vaqtdan boshlab tuzilgan hisoblanadi.

Bunda gaz taʼminoti tashkiloti mazkur isteʼmolchi bilan tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasini tuzishi hamda mazkur Qoidalardagi talablar taʼminlanishi yuzasidan zarur choralarni koʻrishi shart.

Kadastr agentligi va uning hududiy boʻlinmalari isteʼmolchining koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazgandan soʻng uch kun muddatda isteʼmolchi bilan tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasini qayta rasmiylashtirish uchun gaz taʼminoti tashkilotiga koʻchmas mulk egasi toʻgʻrisida maʼlumot yuboradi.

60. Tabiiy gaz isteʼmolchilarining boshqa toifalariga tabiiy gaz faqat belgilangan tartibda tuziladigan shartnomalar asosida yetkazib beriladi.

61. Isteʼmolchilarga shartnomada belgilangan hajmda tabiiy gaz (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) mazkur Qoidalarning 14 va 19-bandlarida belgilangan talablarga muvofiq yetkazib beriladi.

62. Tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasida gazdan foydalanish uskunalari va hisoblagichlarga texnik xizmat koʻrsatish davriyligi hamda tartibi qonunchilik hujjatlari talablariga va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi hujjatlarga muvofiq koʻrsatilishi shart.

63. Tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasi elektron shaklda tuziladi va uni gaz taʼminoti tashkilotining raqamlashtirilgan dasturiy taʼminoti yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibga asosan tashkil etilgan maxsus axborot tizimlaridan isteʼmolchi yoki nazorat qiluvchi organlarning soʻrovlariga asosan olish imkoniyati yaratiladi.

Bunda:

a) yuridik shaxslar bilan shartnomalarni onlayn rasmiylashtirishda gaz taʼminoti tashkiloti isteʼmolchi maʼlumotlarini onlayn tarzda tekshiradi va isteʼmolchi faolligi qayd etilgani aniqlangan taqdirdagina, mazkur isteʼmolchi bilan shartnomaviy munosabatga kirishiladi va tabiiy gazdan foydalanishga ruxsat beriladi;

b) jismoniy va yuridik shaxslar bilan shartnomalarni onlayn rasmiylashtirmasdan turib, gaz yetkazib berishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Elektron shaklda tuzilgan tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasini qogʻoz shaklida rasmiylashtirish yoki takroran qogʻoz shaklida tuzish talab etilmaydi.

7-bob. Isteʼmolchilarga tabiiy gazni yetkazib berish tartibi

64. Isteʼmolchilarga tabiiy gaz treyder va gaz taʼminoti tashkilotlari tomonidan mazkur Qoidalarga muvofiq yetkazib beriladi.

65. Isteʼmolchi tomonidan unga yetkazib berilayotgan tabiiy gazdan faqat tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasida koʻrsatilgan maqsadlarda foydalanishga yoʻl qoʻyiladi. Yetkazib berilgan tabiiy gaz hajmidan bir qismini uchinchi shaxslarga oʻtkazish yoki sotish faqat gaz taʼminoti tashkiloti bilan uchinchi shaxs oʻrtasida tegishli shartnomani tuzish hamda uchinchi shaxs obyektiga alohida hisoblagich oʻrnatish asosida amalga oshirilishi shart. Bunda isteʼmolchiga (bitta yuridik shaxsga) tegishli boʻlgan bir nechta hududlarda joylashgan obyektlarda gaz sarfi hisobini alohida yuritish uchun ushbu obyektlarning har biri alohida hisoblagichlar bilan taʼminlanishi kerak. Bunda gaz taʼminoti tashkiloti va isteʼmolchi oʻrtasida yetkazib berilgan tabiiy gaz uchun hisob-kitoblar gaz quvurlarining boʻlinish chegarasida oʻrnatilgan hisoblagich orqali amalga oshiriladi.

Isteʼmolchilarga tabiiy gaz yetkazib berish, transportirovka qilish, sotish va hisobini yuritish, oʻlchov vositalari metrologik holatini nazorat qilish bilan bogʻliq vazifalarni bajaruvchi gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkilotlarining mutaxassislari mansabdor shaxs sifatida oʻziga biriktirilgan vazifalarga javobgar boʻladi.

66. Gaz taʼminoti tashkiloti tabiiy gazni belgilangan oʻrtacha sutkalik meʼyor doirasida oy mobaynida bir xil miqdorda, isteʼmol qilishning sutkalik meʼyoridan kamaytirish orqali cheklash zarurati yuzaga kelgan holatlarda esa — tomonlar oʻrtasida kelishilgan reja-jadvallar boʻyicha tabiiy gazni yetkazib berishi, isteʼmolchi esa (maishiy isteʼmolchilar va umumiy hisob quvvati soatiga 100 kVt.dan koʻp boʻlmagan gazdan foydalanish uskunasiga ega oilaviy korxonalardan tashqari) boʻlinish chegarasida oʻrnatilgan masofadan turib, oʻchirib-yoqish klapaniga ega boʻlgan hisoblagich orqali olishi shart.

Gaz taʼminoti tashkilotining tarmoqlariga va gaz taqsimlash stansiyasiga toʻgʻridan-toʻgʻri ulangan isteʼmolchilarga tabiiy gaz gaz uzatish tashkilotining gaz taqsimlash stansiyasi (keyingi oʻrinlarda — GTS) orqali yetkazib beriladi va uning sarfi faqat GTSda oʻrnatilgan hisoblagich koʻrsatkichlari asosida aniqlanadi.

GTSlardan keyin oʻrnatilgan boshqa hisoblagichlar gaz uzatish va gaz taʼminoti tashkilotlari oʻrtasida oʻzaro hisob-kitoblar uchun qoʻllanilmaydi.

GTSda isteʼmolchilar tabiiy gaz bilan aholi va sanoat tarmogʻi orqali taʼminlanadi. Bunda GTSda aholi tarmogʻi, sanoat tarmogʻi va alohida tartib bilan belgilangan strategik tashkilotlar tarmogʻi boʻlishi talab etiladi.

Magistral gaz quvurlari va GTSlarning meʼyoriy hujjatlarda belgilangan himoya hududida tabiiy gaz isteʼmolchilari joylashuvi qatʼiyan man etiladi.

Egalik huquqidan qatʼi nazar, barcha gaz taqsimlash stansiyalari qurilishi uchun moʻljallangan yer maydonlari doimiy foydalanish huquqi asosida Energetika vazirligiga ajratiladi va keyinchalik gaz uzatish tashkilotiga ijara huquqi asosida foydalanishga beriladi.

Tadbirkorlik subyektlari tomonidan qurilgan barcha GTS gaz uzatish tashkiloti tasarrufiga hamda GTS ichida va (yoki) tashqarisiga qurilgan sanoat tugunlari gaz taʼminoti tashkiloti tasarrufiga (agar qonunchilik hujjatlarida boshqacha tartib nazarda tutilmagan boʻlsa) begʻaraz oʻtkaziladi.

Mazkur Qoidalarga ilovada keltirilgan tabiiy gazni yetkazib berishning alohida tartibi belgilanadigan strategik tashkilotlarga haqi toʻlanmagani uchun tabiiy gazni yetkazib berish belgilangan tartibda energiya bilan taʼminlashning texnologik va avariya broni darajasigacha kamaytiriladi, ularni tabiiy gazdan toʻliq uzib qoʻyish esa — faqat sud qaroriga binoan amalga oshirilishi mumkin.

GTSda oʻrnatilgan hisoblagich koʻrsatkichlari bilan nazorat tartibida GTSdan keyin oʻrnatilgan boshqa hisoblagichlar koʻrsatkichlari oʻrtasida tafovutlar yuzaga kelgan taqdirda, mazkur holat tegishli mutasaddi tashkilotlar, jumladan “Hududgaztaʼminot” AJ va (yoki) “Oʻztransgaz” AJ ishtirokida, komissiya tuzilgan holda oʻrganib chiqiladi va ularning xulosalari asosida hisob-kitoblar amalga oshiriladi.

67. Gaz uzatish tashkiloti tabiiy gazning GTSdan chiqish bosimini texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan parametrlarga mos ravishda boʻlishini taʼminlaydi.

68. Mazkur Qoidalarning 20-bandida keltirilgan isteʼmolchilarni (maishiy va kommunal-maishiy isteʼmolchilar hamda oilaviy korxonalardan tashqari) ob-havo sovib ketishi davrida tabiiy gaz bilan uzluksiz taʼminlash maqsadida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari Oʻzenergoinspeksiya, tabiiy gaz ishlab chiqaruvchi, gaz taʼminoti, gaz uzatish tashkilotlari bilan kelishilgan holda toʻliq oʻchiriladigan, qisman oʻchiriladigan va cheklov kiritiladigan isteʼmolchilar roʻyxatini tasdiqlab, Energetika vazirligiga kiritadi.

69. Tasdiqlangan roʻyxat barcha manfaatdor tashkilotlarga yuboriladi. Mazkur roʻyxatni qoʻllashda tabiiy gazni yetkazib berish prognoz koʻrsatkichlari Qoidalarning 20-bandida keltirilgan isteʼmolchilarni tabiiy gaz bilan uzluksiz taʼminlash imkonini bermagan taqdirda, Energetika vazirligining qarorlari bilan qayta tuzilgan (tasdiqlangan) roʻyxatlar gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkilotlari tomonidan joriy etiladi.

Roʻyxatlarga kiritilgan isteʼmolchilar zarur miqdorda (ehtiyojni qoplaydigan) muqobil yoqilgʻi zaxirasiga ega boʻlishi zarur va havo harorati pasayib ketgan davrlarda ushbu yoqilgʻidan foydalanishga oʻtadilar.

Shuningdek, zaxira yoqilgʻisining yaratilmaganligi va isteʼmolchini mavsumga tayyor emasligi ushbu isteʼmolchilar bilan tuzilgan tabiiy gazni yetkazib berish shartnomalarini belgilangan tartibda bekor qilishga asos boʻlishi mumkin.

Isitish mavsumi boshlanishidan oldin muqobil yoqilgʻi zaxirasiga ega boʻlmagan (maishiy, kommunal-maishiy isteʼmolchilar va oilaviy korxonalar bundan mustasno), yoqilgʻining va zarur zaxirasini yaratish choralarini koʻrmagan isteʼmolchilarga tabiiy gazni yetkazib berilmasligi mumkin.

Havo harorati pasayib ketgan davrda yoki kuz-qish mavsumida zaxira yoqilgʻisiga oʻtkazish jadvaliga kiritilgan alohida isteʼmolchilarga tabiiy gaz Energetika vazirligining tegishli qarorlari bilan qaytadan yetkazib beriladi, bunda isteʼmolchilarni zaxira yoqilgʻi turlariga oʻtkazish boʻyicha tasdiqlangan jadvallarga zarur oʻzgartishlar kiritiladi.

70. Treyder, gaz uzatish va gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan ishlab chiqilib, taqdim qilingan jadvallarga asosan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari isteʼmolchilarga (maishiy va kommunal-maishiy isteʼmolchilari, shuningdek, oilaviy korxonalar bundan mustasno) tabiiy gazni yetkazib berish jadvallarini va avariyalar roʻy berishi ehtimolini inobatga olib yoki magistral gaz uzatish tizimi va gaz taqsimlash tarmoqlari ishida tabiiy gazni uzatish texnologiyasi va gidravlik balansga rioya etgan holda, ularni tarmoqlardan toʻliq oʻchirish, qisman oʻchirish va vaqtincha cheklov kiritish navbatini tasdiqlaydilar.

Avariyalar roʻy berishi mumkin boʻlgan paytdagi tasdiqlangan gaz yetkazib berish jadvallari tegishli tashkilotlarga yuboriladi va magistral gaz quvurlari, gaz taqsimlash tarmoqlarida avariyaviy vaziyatlarda gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan qoʻllaniladi.

Avariyalar natijasida obyektlar, magistral gaz quvurlari va gaz taqsimlash tarmoqlarining texnologik ish rejimlari buzilgan taqdirda, gaz taʼminoti tashkilotlarining dispetcherlik xizmatlari isteʼmolchilarga avariyalar paytida qoʻllaniladigan jadvallarni amalda joriy etish toʻgʻrisida isteʼmolchilarga sutkalik gaz yetkazib berish hajmlaridagi tegishli oʻzgarishlar bilan birga zarur koʻrsatmalarni beradilar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarini hamda maishiy isteʼmolchilarini bu haqida ommaviy axborot vositalari orqali xabardor qiladilar.

Gaz yetkazib berishning rejalashtirilayotgan qisqarishi (toʻxtatilishi) toʻgʻrisida:

tabiiy gaz ishlab chiqaruvchilar gaz uzatish tashkilotini — 2 soat mobaynida;

gaz uzatish tashkiloti gaz taʼminoti tashkiloti va treyderlarni — 2 soat mobaynida;

gaz taʼminoti tashkiloti (joylardagi mahalliy davlat hokimiyati organlari orqali) isteʼmolchilarni — 1 soat mobaynida xabardor qilishi shart.

71. Tabiiy gazni qazib olish, qayta ishlash, uzatish, taqsimlash va isteʼmol qilishning respublika miqyosida yagona uzluksiz texnologik jarayonini va rejimlarini hisobga olgan holda, isteʼmolchilar tabiiy gazni ishlab chiqaruvchi, gaz uzatish va gaz taʼminoti tashkilotining tegishli koʻrsatmalarini bajarishlari majburiy hisoblanadi.

72. Gazni uzatishda tabiiy gazni ishlab chiqaruvchilar, gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti va isteʼmolchilar gaz qazib chiqarish obyektlarida, gazni qayta ishlash zavodlarida, magistral gaz quvurlari, shuningdek, isteʼmolchilarning gazdan foydalanish uskunalari va gaz tarmoqlaridan foydalanishda texnika xavfsizligi qoidalari va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan talablarga qatʼiy rioya etishlari shart.

73. Gaz uzatish tashkiloti tabiiy gazni:

magistral gaz quvurlariga toʻgʻridan-toʻgʻri chiqish (ulanish) joyiga ega isteʼmolchilarga treyder tomonidan bevosita tuzilgan shartnomalar asosida boʻlinish chegarasida oʻrnatilgan hisoblagichlar orqali;

magistral gaz quvurlari va gaz tarmoqlari boʻlinishi chegarasidagi gaz taʼminoti tashkilotiga — keyinchalik isteʼmolchilarga sotish uchun xoʻjalik hisobidagi hisoblagichlar orqali yetkazib beradi.

74. Tabiiy gazni isteʼmolchilarga yetkazib berishning boshqa shartlari tabiiy gazni yetkazib berish shartnomalarida belgilanadi.

8-bob. Tabiiy gazni hisobga olish tartibi

75. Isteʼmolchilarga masofadan turib oʻchirib-yoqish klapaniga hamda TGNHATga ulanish imkoniyatiga ega boʻlmagan hisoblagichlarsiz tabiiy gazni isteʼmolchilarga yetkazib berishga yoʻl qoʻyilmaydi.

76. Isteʼmolchilarga (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) yetkazib berilayotgan tabiiy gaz miqdori gaz tarmoqlarining boʻlinish chegarasida oʻrnatilgan hisoblagich koʻrsatkichlari boʻyicha aniqlanadi.

Yetkazib berilgan tabiiy gaz uchun hisob-kitob standart sharoitlarga (t = 20 °C, R = 760 mm simob ustuni) keltirgan gaz hajmini kub metrlarda oʻlchash asosida amalga oshiriladi.

Gaz taqsimlash tarmoqlariga ulangan isteʼmolchilar boʻyicha tabiiy gaz sarfini hisob-kitob qilishda quyidagi jihatlar hisobga olinadi:

manometrlar va termometrlarning sozligi, qiyoslovdan oʻtkazilganligi va amal qilish muddatlariga muvofiqligi;

GTSHni sozlash (tartibga solish) muddati, shuningdek, amaldagi ishchi bosimining, GTSHning sozlanganligi toʻgʻrisidagi dalolatnomada qayd etilgan parametrlarga muvofiqligi.

Yuqoridagi koʻrsatkichlarga rioya qilinmaganida, hisob-kitoblar amalga oshirilishida R ortiqcha = 1,0 kg/sm 2 bosimga mos ravishda standart sharoitiga keltiriladi.

Gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti isteʼmolchi bilan birgalikda hisoblagichga gaz uzatish tashkilotining sifat laboratoriyasi tomonidan taqdim etiladigan tabiiy gazning fizik-kimyoviy koʻrsatkichlari boʻyicha zarur tuzatuvchi oʻzgartirishlarni ularni taqdim etilgan vaqtdan 12 soatdan kechiktirmasdan kiritishi zarur. Tabiiy gazning fizik-kimyoviy koʻrsatkichlari hisoblagichlarga oʻz vaqtida va haqqoniy kiritilishi uchun javobgarlik gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkilotining zimmasida boʻladi.

77. Hisoblagichlardan olingan koʻrsatkichlarning elektron arxiv maʼlumotlari oxirgi uch yil davomida gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti va isteʼmolchida saqlanishi lozim.

78. Maishiy isteʼmolchilar tomonidan isteʼmol qilinayotgan tabiiy gaz hajmi hisoblagichlar boʻyicha, ular mavjud boʻlmagan taqdirda esa — Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan, hisoblagich mavjud boʻlmagan hollarda aholiga maishiy ehtiyojlari uchun beriladigan tabiiy gazning bir oylik sarf meʼyorlari boʻyicha aniqlanadi.

79. Hisoblagichlarni montaj qilish, ulardan foydalanish va ularni tekshirish amaldagi qonunchilik va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq amalga oshiriladi.

Yangi gazlashtirilayotgan xonadonlarga (TGNHATga ulanish va avtomatik oʻchirib-yoqish klapaniga ega boʻlgan) hisoblagichlar (tegishli davlat dasturlari asosida oʻrnatiladigan hisoblagichlar bundan mustasno) isteʼmolchining oʻz hisobidan sotib olinishi va gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan oʻrnatilib, plombalanishi lozim.

80. Tabiiy gaz sarfini (hajmini) hisoblashda faqatgina Oʻzbekiston Respublikasi Oʻlchov vositalarining davlat reyestriga kiritilgan turdagi, masofadan turib oʻchirib-yoqish klapaniga ega va TGNHATga ulanish imkoniyati mavjud hisoblagichlardan foydalanilishi shart.

81. Hisoblagichlar ularning foydalanish uchun yaroqli ekanligini tasdiqlovchi hujjat, qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarga muvofiq qiyoslov sertifikatiga hamda ishlab chiqaruvchi korxona tomonidan belgilangan shakldagi amal qiluvchi belgilari va plombalariga ega boʻlishi shart.

82. TGNHATni joriy qilish loyihasi doirasida oʻrnatilgan zamonaviy hisoblagichlar gaz taʼminoti tashkilotining mulki hisoblanadi.

83. Mavjud hisoblagichlarning zamonaviy hisoblagichlarga almashtirilishiga qadar davriy qiyoslovdan oʻz vaqtida oʻtkazishni tashkil etish uchun javobgarlik gaz taʼminoti tashkiloti zimmasiga yuklanadi.

Qiyoslovdan oʻtkazish vaqtida hisoblagichlarning yaroqsizligi (taʼmirlash imkoniyati boʻlmaganda) aniqlangan taqdirda, ular akkreditatsiyadan oʻtkazilgan metrologiya tashkiloti yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa vakolatli organning tegishli xulosasi bilan mulkdorga qaytariladi.

84. Hisoblagichlarning almashtirish, taʼmirlash, xizmat koʻrsatish, qiyoslovdan oʻtkazish va sozligini monitoring qilish uchun yechib olinishi tegishli sarf-xarajatlar hisoblagichning mulkdori hisobidan qoplangan holda hamda gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkilotining vakillari tomonidan isteʼmolchi ishtirokida amalga oshiriladi.

85. Hisoblagichga va boshqa qurilmalarga plomba quyidagi tartibda qoʻyiladi:

treyder bilan tabiiy gaz ishlab chiqaruvchi oʻrtasidagi tabiiy gaz sotib olish shartnomasiga asosan gaz uzatish tashkilotining gaz transporti tizimi boʻlinish chegarasida oʻrnatilgan hisoblagichda tabiiy gaz ishlab chiqaruvchi va gaz uzatish tashkilotining vakolatli xodimlari tomonidan plomba oʻrnatiladi va tegishli dalolatnoma bilan rasmiylashtiriladi;

treyder bilan gaz uzatish tashkiloti oʻrtasidagi gazni tashish shartnomasiga asosan tabiiy gazni isteʼmolchilarga yetkazib berishda isteʼmolchilarning gaz tarmoqlari bilan gaz uzatish tashkilotining boʻlinish chegarasida oʻrnatilgan hisoblagichlarda gaz uzatish tashkiloti va isteʼmolchining plombalari oʻrnatiladi va tegishli dalolatnoma bilan rasmiylashtiriladi;

gaz taʼminoti tashkilotining gaz taqsimlash tarmoqlari bilan isteʼmolchining gaz tarmoqlari boʻlinish chegarasida oʻrnatilgan hisoblagichlarda gaz taʼminoti tashkilotining plombalari oʻrnatiladi va dalolatnoma bilan isteʼmolchi ishtirokida rasmiylashtiriladi;

gaz taʼminoti tashkilotidan tabiiy gaz sotib olish shartnomasiga asosan gazdan foydalanuvchi isteʼmolchilarning GTS hududida joylashgan hisoblagichlarda gaz taʼminoti va gaz uzatish tashkilotining plombalari oʻrnatiladi va tegishli dalolatnoma bilan isteʼmolchi ishtirokida rasmiylashtiriladi;

gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti vakolatli xodimi tomonidan hisoblagich va oʻlchov uzel (manifold joʻmraklari, kalibrlash boltlari, impulsli tarmoq joʻmraklari va hokazo)larga simlarni tarang tortgan holda belgilangan tartibda plombalarni oʻrnatishi shart;

Oʻzenergoinspeksiya tomonidan amaldagi qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etmaslik holatlari aniqlangan taqdirda gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti vakillari bilan birgalikda isteʼmolchilarning gaz jihozlariga tabiiy gazni yetkazib berishni toʻxtatish boʻyicha plombalar oʻrnatiladi va tegishli dalolatnoma bilan isteʼmolchi ishtirokida rasmiylashtiriladi.

86. Hisoblagich, shu jumladan, oʻrnatilgan plombalarning saqlanishi va butunligi uchun javobgarlik isteʼmolchi zimmasiga yuklanadi.

87. Hisoblagich oʻrnatilgandan soʻng gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan hisoblagich roʻyxatga olinadi va TGNHATning platformasiga kiritiladi.

88. Hisoblagichlar belgilangan tartibda akkreditatsiyadan oʻtkazilgan metrologiya tashkiloti yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa vakolatli organlar tomonidan qiyoslovdan oʻtkaziladi.

89. Hisoblagichlarni qiyoslovdan oʻtkazish davriyligi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi tomonidan belgilanadi.

90. Hisoblagichlarni oʻrnatish, ularga texnik xizmat koʻrsatish, taʼmirlash va qiyoslovdan oʻtkazishni tashkil etish ishlari gaz uzatish (gaz taʼminoti) tashkiloti tomonidan tasdiqlanadigan hisoblagichlarga texnik xizmat koʻrsatish reglamentiga muvofiq gaz taʼminoti tashkiloti va treyderlar tomonidan amalga oshiriladi.

91. Hisoblagichlarni almashtirish, taʼmirlash, texnik xizmat koʻrsatish va qiyoslovdan oʻtkazish maqsadlarida yechib olish gaz taʼminoti tashkilotining vakolatli xodimlar tomonidan isteʼmolchi ishtirokida amalga oshiriladi.

Tabiiy gazdan foydalanishda qoidabuzarlik bilan bogʻliq holatlarda hisoblagichlarni navbatdan tashqari inspeksiya va ekspertizadan oʻtkazish maqsadida yechib olish tegishli nazorat organlari xodimlari ishtirokida amalga oshiriladi.

Bunday holatda maishiy isteʼmolchilariga (boshqa isteʼmolchilar esa oʻz hisobidan) hisoblagich oʻrniga tekshirilgan boshqa hisoblagich gaz taʼminoti tashkiloti hisobidan darhol oʻrnatiladi.

Hisoblagichlarning qiyoslovdan oʻtkazish uchun yechib olinishi tegishli dalolatnoma bilan rasmiylashtiriladi.

Yuridik shaxslarga tegishli tashkilot yoki ishlab chiqarish obyektlari sotilganda yoki ijaraga berilganida, ushbu obyektlardagi hisoblagichni qiyoslovdan oʻtganligi toʻgʻrisida berilgan sertifikatning amal qilish muddati saqlanib qoladi.

92. Almashtirish, taʼmirlash, texnik xizmat koʻrsatish, qiyoslovdan oʻtkazish va sozligini monitoring qilish uchun yechib olingan hisoblagichlar gaz uzatish (gaz taʼminoti) tashkiloti vakolatli xodimlari tomonidan oʻrnatiladi va shu vaqtning oʻzida plombalanadi.

Zaruratga koʻra avtomobillarga gaz toʻldirish kompressor shoxobchalarida hisoblagichning impuls tarmoqlari va toraytiruvchi qurilmani (shayba) oʻrnatish va almashtirish jarayonida komission tartibda Oʻzenergoinspeksiya, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi va boshqa mutaxassislar ishtirok etadi.

93. Xizmat koʻrsatish, taʼmirlash va qiyoslovdan oʻtkazish uchun hisoblagichlarni yechib olish va oʻrnatish shartlari tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasida koʻrsatiladi.

94. Hisoblagichlarni qiyoslovdan oʻtkazish natijalaridan norozi boʻlgan isteʼmolchilar belgilangan tartibda yuqori turuvchi organga (tashkilot) yoki sudga murojaat qilishlari mumkin.

95. Isteʼmolchi (maishiy isteʼmolchilardan tashqari) vakolatli xodimlar tomonidan xizmat guvohnomalarini koʻrsatib, oʻzlarini tanishtirgan taqdirda sutkaning istalgan vaqtida hisoblagichlarni, gaz tarmoqlarini, gazdan foydalanish uskunalarini, ularning ulanish sxemalarini hamda gazdan foydalanish holatini koʻzdan kechirish uchun toʻsqinliksiz oʻzlariga tegishli hududga kirish imkoniyatini taʼminlashi shart.

Maishiy isteʼmolchilarning hisoblagichi, gazdan foydalanish uskunalari va gazdan foydalanish holatlarini koʻzdan kechirish soat 08:00 dan 20:00 gacha amalga oshiriladi. Koʻzdan kechirish va qayta nazorat ishlarining natijalari vakolatli xodimlar tomonidan dalolatnoma asosida rasmiylashtirilishi lozim.

96. Isteʼmolchi gaz taʼminoti tashkiloti, Oʻzenergoinspeksiya vakolatli xodimlarini hisoblagichlar, gazdan foydalanish uskunalari va ularning ulanish sxemalarini koʻzdan kechirish imkoniyatini taʼminlamagan taqdirda, vakolatli xodimlar ushbu holatni dalolatnoma bilan rasmiylashtiradi va uning bir nusxasini isteʼmolchiga taqdim etgan holda uni tabiiy gaz tarmogʻidan uzib qoʻyish huquqiga ega boʻladi.

Isteʼmolchi mazkur dalolatnoma bilan tanishishi lozim. Isteʼmolchi dalolatnomani imzolashni rad etgan taqdirda, dalolatnomada bu holat qayd etiladi. Rad etish holati ikki guvoh yoki fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi vakili tomonidan yoxud tegishli dalillar (fotosurat yoki video tasvir) bilan tasdiqlanishi kerak. Isteʼmolchi dalolatnomani imzolashni rad etish sababini bayon qilish huquqiga ega va bu toʻgʻrisida dalolatnomada zarur qaydlar koʻrsatilishi shart.

Dalolatnomaga imzo qoʻyishni rad etish isteʼmolchini gaz tarmogʻidan uzib qoʻyish uchun asos boʻladi va bu haqida isteʼmolchi darhol ogohlantiriladi.

Gaz uzatish, gaz taʼminoti va treyder tashkiloti oʻrtasida har oy yakuni boʻyicha keyingi oyning 10-sanasiga qadar uch nusxada Mahsulotni yetkazib berish-qabul qilish toʻgʻrisidagi tovar transport yuk xati rasmiylashtiriladi va uch tomonlama imzolanadi.

Xatlov dalolatnomasini rasmiylashtirishda shaffoflikni taʼminlash uchun xatlov natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kunlik kiritib borish maqsadida gaz taʼminoti tashkiloti va treyder tomonidan belgilangan tartibda (vakolatli organlar tomonidan monitoring qilish imkonini beruvchi hamda kiberxavfsizlik talablariga mos keluvchi) elektron baza yaratiladi;

mazkur elektron baza Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi, Energetika vazirligi, Oʻzenergoinspeksiya va boshqa manfaatdor tashkilotlarning elektron tizimlariga integratsiya qilinadi yoki undan foydalanish imkoniyati yaratiladi;

ishlab chiqarish faoliyati bilan shugʻullanuvchi va kommunal-maishiy isteʼmolchilar boʻyicha xatlov dalolatnomalarini rasmiylashtirish gaz taʼminoti (gaz uzatish, treyder) tashkilotlari tomonidan yoki Oʻzenergoinspeksiya vakolatli xodimlari bilan birgalikda oʻtkaziladigan xatlov natijalari boʻyicha amalga oshiriladi.

9-bob. Maishiy isteʼmolchilar tomonidan tabiiy gaz uchun hisob-kitob qilish tartibi

97. Hisob-kitob oyida isteʼmolchilarga yetkazib berilgan tabiiy gaz hajmi isteʼmolchilarda oʻrnatilgan Oʻzbekiston Respublikasi Oʻlchov vositalari davlat reyestriga kiritilgan turdagi TGNHATga ulanish imkonini beruvchi hisoblagichlar orqali gaz taʼminoti tashkiloti yoki treyderlarning elektron dasturlariga onlayn ravishda kelib tushadigan maʼlumotlar asosida aniqlanadi. Hisobot oyida hisoblagichlardan gaz taʼminoti tashkiloti yoki treyderlarning dasturlariga maʼlumotlar toʻliq kelib tushmagan taqdirda yoki TGNHATga ulanmagan hisoblagichning koʻrsatkichlari gaz taʼminoti tashkiloti yoki treyderlarning vakolatli xodimlar tomonidan joyiga chiqqan holda bevosita hisoblagichdan yozib olish asosida aniqlanadi.

98. Hisob-kitob oyida hisoblagichlardan koʻrsatkichlar toʻliq kelib tushishi taʼminlanmagan yoki TGNHATda hisoblagichning nosozliklari kuzatilgan taqdirda, ushbu isteʼmolchilar bilan hisob-kitob faqatgina joriy oyda tabiiy gazni isteʼmol qilishning amaldagi meʼyorlaridan kelib chiqib amalga oshiriladi. Keyingi oyda hisob-kitoblar haqiqatda isteʼmol qilingan hajmga (zaruriyat tugʻilganida, joyiga chiqqan xolda) aniqlik kiritilgan tarzda amalga oshiriladi. Bunda tegishli koʻrsatkichlarga aniqlik kiritilgandan soʻng haqiqatda isteʼmol qilingan gaz hajmi boʻyicha qayta hisob-kitoblar amalga oshiriladi. TGNHATga ulangan isteʼmolchilarga tabiiy gazni gaz taʼminoti tashkilotining billing tizimiga oxirgi marta haqiqiy koʻrsatgich kelib tushgan davrdan (sana, oy) boshlab xatlovda aniqlangan maʼlumotlar boʻyicha isteʼmol qilish meʼyorlarini inobatga olib, hisob-kitoblar amalga oshiriladi.

99. TGNHATga ulangan va belgilangan meʼyorlar asosida hisob-kitob qilinadigan isteʼmolchilarga hisob-kitob oyida yetkazib berilgan tabiiy gaz hajmi billing tizimi orqali avtomatlashtirilgan rejimda aniqlanadi.

100. Gaz taʼminoti tashkilotining vakili yoki isteʼmolchi tomonidan billing tizimiga kiritilgan koʻrsatkichlar asosida yetkazib berilgan tabiiy gaz hajmi, debitor va kreditor qarzdorliklar boʻyicha toʻlaqonli (yakuniy) hisob-kitoblar har bir isteʼmolchining shaxsiy hisobvaragʻlari boʻyicha amalga oshiriladi.

101. Isteʼmolchining telefon raqami mavjud boʻlgan taqdirda, gaz taʼminoti tashkiloti isteʼmolchilarni tabiiy gaz uchun toʻlovni amalga oshirish zarurligi haqida avtomatik tarzda (ovozli qoʻngʻiroq yoki SMS xabar yordamida) xabardor qilishni taʼminlaydi.

Bunda billing tizimidagi isteʼmolchi mobil telefon raqamining toʻgʻriligiga va mobil telefon raqami oʻzgargan taqdirda, bu haqidagi maʼlumotni joriy oy yakuniga qadar gaz taʼminoti tashkilotiga taqdim qilishga yoki oʻzining shaxsiy kabinet orqali oʻzgartirishga masʼul hisoblanadi. Ushbu yuborilgan xabarnomalar gaz taʼminoti tashkilotining rasmiy ogohlantirishi hisoblanadi.

102. Isteʼmolchilar isteʼmol qilinadigan tabiiy gaz uchun toʻlovlarni oldindan amalga oshiradilar.

103. Isteʼmol qilingan tabiiy gaz haqi oʻz vaqtida toʻlanmagan taqdirda, isteʼmolchi gaz taʼminoti tashkilotiga qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorda penya toʻlaydi.

Isteʼmol qilingan tabiiy gaz boʻyicha qarzdorlik mavjud boʻlganda, maishiy isteʼmolchiga tegishli boʻlgan yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan voyaga yetgan jismoniy shaxslar qarzdorlikni toʻlash boʻyicha solidar javobgar boʻladilar. Voyaga yetgan jismoniy shaxsning solidar javobgarligi u maishiy isteʼmolchiga tegishli boʻlgan yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan vaqtdan boshlab vujudga keladi va roʻyxatdan chiqarilgan vaqtgacha amal qiladi.

104. Tabiiy gaz uchun toʻlov bank muassasalari va kommunal toʻlovlarni qabul qilish kassalari, shuningdek, elektron toʻlov tizimlari orqali amalga oshirilishi mumkin.

105. Gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan ogohlantirilgan isteʼmolchilar xabardor qilingan vaqtdan boshlab isteʼmol qilingan tabiiy gaz boʻyicha qarzdorlikni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda majburiy undirish uchun tegishli hujjatlar sudga taqdim qilinadi va isteʼmolchilarni gaz tarmoqlaridan uzish choralarini koʻradi.

106. Isteʼmolchilarni debitor qarzdorlik uchun gaz tarmoqlaridan uzish va ularni qaytadan ulash qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

108. Gaz taʼminoti tashkiloti maʼlumotlar bazasida belgilangan tariflarning oʻzgarish (ortish) vaqtiga qadar isteʼmolchi tomonidan amalga oshirilgan toʻlovlar haqidagi hisobga olinmagan hujjatlar aniqlangan taqdirda, ushbu isteʼmolchi boʻyicha hisob-kitoblar (qayta hisob-kitoblar) toʻlov vaqtida (sanasida) amalda boʻlgan tariflar asosida amalga oshiriladi, keyinchalik billing tizimidagi shaxsiy hisobvaragʻidagi koʻrsatkichlarga zarur tuzatishlar kiritiladi.

109. Foydalanilgan tabiiy gaz uchun toʻlov summasi hisoblagichlardan koʻrsatgichlarni olish vaqtida amalda boʻlgan tariflar asosida hisoblanadi. Tariflar oʻzgarganda, avval hisoblangan summa boʻyicha tariflar oʻzgarishiga qadar toʻlov amalga oshirilmagan boʻlsa, qayta hisob-kitob qilinmaydigan qarzdorlik vujudga kelgan deb tan olinadi.

110. Tariflar oʻzgargan hollarda, tabiiy gaz hajmi uchun avans tariqasida toʻlovni amalga oshirgan isteʼmolchi ikki oydan ortiq boʻlmagan muddatga qoʻshimcha toʻlovlarni amalga oshirishdan (ushbu davr mobaynida avans toʻloviga teng miqdordagi gaz hajmidan ortiq isteʼmol qilmagan hollarda) ozod qilinadi.

10-bob. Ishlab chiqarish faoliyati bilan shugʻullanuvchi, ijtimoiy va strategik ahamiyatiga ega isteʼmolchilar, shuningdek, kommunal-maishiy isteʼmolchilarning tabiiy gaz uchun hisob-kitob qilish tartibi

111. Isteʼmolchi tomonidan tabiiy gazni yetkazib berish uchun tuzilgan shartnoma asosida yetkazib beriladigan tabiiy gaz uchun 100 foiz oldindan toʻlov amalga oshirilishi shart, issiqxona xoʻjaliklari va namunali isteʼmolchilar bundan mustasno.

Namunali isteʼmolchilar hisobot oyi uchun shartnomada belgilangan tabiiy gaz qiymatining 15 foizini hisobot oyi boshlanguniga qadar oldindan toʻlaydi.

Hisobot oyining qolgan qismi uchun toʻlovlar isteʼmolchi tomonidan tabiiy gazga boʻlgan ehtiyojdan kelib chiqib, hisobot oyi davomida ixtiyoriy ravishda qismlarga boʻlib amalga oshiriladi.

Isteʼmolchining shaxsiy hisobvaragʻidagi mablagʻning tugashi va shu munosabat bilan tabiiy gazni yetkazib berishning avtomatik toʻxtatilishi toʻlov intizomining buzilishi hisoblanmaydi.

Namunali isteʼmolchida muddati oʻtgan qarzdorlik yuzaga kelganda, TGNHAT bilan maʼlumot almashinuvi uning aybi bilan buzilganda, hisobga olish uskunasi ishiga aralashish yoki tabiiy gazdan noqonuniy foydalanish holati aniqlanganda, namunali isteʼmolchi maqomini yoʻqotadi.

15 foizlik oldindan toʻlov tartibini qoʻllash uchun belgilangan talablarga isteʼmolchi qayta muvofiq boʻlganda, mazkur tartib keyingi hisobot oyidan avtomatik ravishda tiklanadi.

Isteʼmolchining 15 foizlik oldindan toʻlov tartibidan foydalanish huquqi TGNHAT va hisob-kitob maʼlumotlari asosida avtomatik ravishda aniqlanadi. Bunda isteʼmolchidan alohida murojaat yoki qoʻshimcha kelishuv tuzish talab etilmaydi.

Issiqxona xoʻjaliklariga hosil yilining dastlabki 6 oyida (oktabr — mart) yetkazib beriladigan tabiiy gaz uchun oldindan toʻlov 50 foiz miqdorida, qolgan qismi oy yakuniga qadar, keyingi oylardan boshlab esa har oyda 100 foiz oldindan toʻlov amalga oshiriladi. Bunda mazkur xatboshidagi qoida tegishli oyda oldingi davr uchun qarzdorligi boʻlmagan issiqxona xoʻjaliklariga tatbiq qilinadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining yoki Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining qarorlariga asosan tabiiy gazni sotishda narxni shakllantirishning alohida tartibi belgilanadigan isteʼmolchilar uchun yetkazib berilgan tabiiy gaz toʻlovlari alohida tariflar asosida amalga oshiriladi.

Maishiy isteʼmolchilarni issiqlik energiyasi bilan taʼminlash uchun tabiiy gazdan foydalanadigan idoraviy va munitsipal uy-joy fondidagi, yuridik shaxslar yotoqxonalaridagi, koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlaridagi lokal qozonxonalarga yetkazib beriladigan tabiiy gaz boʻyicha toʻlovlar va hisob-kitoblar maishiy isteʼmolchilar uchun bazaviy meʼyor boʻyicha belgilangan tarif asosida amalga oshiriladi.

112. Isteʼmolchilar tomonidan shartnomada koʻrsatilgan hajmdan kam tabiiy gaz foydalanilgan taqdirda, ular tomonidan tabiiy gaz uchun avans tarzida toʻlangan mablagʻlar qaytarilmaydi va ushbu mablagʻlar kelgusi oylarda tabiiy gazdan foydalanishda hisobga olinadi.

113. Hisob-kitob davrida isteʼmolchilar tomonidan (ushbu Qoidalarga ilovada koʻrsatilgan tabiiy gazni yetkazib berishning alohida tartibi belgilanadigan strategik tashkilotlar, gaz uzatish tashkiloti va avtomobillarga gaz toʻldirish kompressor shoxobchalari hamda maishiy isteʼmolchilardan tashqari) tabiiy gaz isteʼmoli shartnomaviy miqdordan 20 foiz va undan ortishiga yoʻl qoʻyilgan taqdirda, mazkur miqdordan ortiqcha isteʼmol qilingan tabiiy gaz uchun belgilangan tarifning 1,2 baravari miqdorida toʻlov undiriladi.

Shartnomada koʻrsatib oʻtilgan muddatlarda yetkazib berilgan gaz haqi oʻz vaqtida toʻlanmagan taqdirda, isteʼmolchi (tabiiy gazni yetkazib berishning alohida tartibi belgilanadigan strategik tashkilotlar bundan mustasno) muddati oʻtgan har bir kun uchun muddati oʻtgan toʻlov summasining 0,1 foizi miqdorida, biroq muddati oʻtgan toʻlov summaning 50 foizidan oshmaydigan miqdorda penya toʻlaydi.

Isteʼmolchilarga oʻzlarining tasarrufidagi mavjud maʼnan eskirgan va foydali ish koeffitsiyenti past boʻlgan gazdan foydalanish uskunasini yangi energiya tejamkor uskunalarga almashtirish natijasida iqtisod qilingan tabiiy gaz hajmiga 3 yil davomida amaldagi tarifga nisbatan 15 foiz chegirma beriladi. Bunda:

isteʼmolchilar gazdan foydalanish uskunasini almashtirish jadvali va uning natijasida erishiladigan iqtisodni nazarda tutuvchi dasturni tasdiqlash uchun Oʻzenergoinspeksiyaga kiritadi;

Oʻzenergoinspeksiya oʻn kun muddatda taqdim etilgan dasturni asoslanganligini koʻrib chiqadi va natijasi boʻyicha kelishadi yoki asoslantirgan holda kelishishni rad etadi;

tasdiqlangan dasturga asosan amalga oshirilgan ishlar natijasida iqtisod qilingan tabiiy gaz hajmi energiya auditori tomonidan oʻrganiladi va ushbu hajmlar boʻyicha xulosa beriladi;

energiya auditor xulosasi Oʻzenergoinspeksiya va gaz taʼminoti tashkilotiga taqdim etiladi va ijobiy xulosa taqdim etilgan kundan boshlab chegirmalar qoʻllaniladi.

114. Navbatdagi oy (chorak) uchun shartnomada koʻrsatilgan tabiiy gaz hajmlari boʻyicha tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasini oʻzgartirishdan avval isteʼmolchi tomonidan gaz taʼminoti tashkilotiga bu haqida oʻn kundan kechikmay xabar berilgan taqdirda, bunday holatlar ortiqcha olingan tabiiy gaz miqdori deb hisoblanmaydi.

115. Tabiiy gaz uchun isteʼmolchining toʻlov muddati oʻtgan qarzi mavjud boʻlgan taqdirda, uning avans toʻlovi hisobiga oʻtkazilgan mablagʻlari isteʼmolchini xabardor qilgan holda, uning toʻlov muddati oʻtgan qarzini toʻlashga yoʻnaltiriladi va avans toʻlovi sifatida hisobga olinmaydi.

116. Vakolatli organ tomonidan tabiiy gaz uchun amaldagi tariflar (narxlar) oʻzgarishlari toʻgʻrisida belgilangan tartibda qaror qabul qilingandan keyin ushbu oʻzgarishlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan oʻzgarishlarning kuchga kirishidan oldin kamida oʻn besh kun avval ommaviy-axborot vositalari orqali eʼlon qilinadi.

Bunda tabiiy gaz uchun tariflarning oʻzgargan sanasidan qatʼi nazar, tabiiy gazni yetkazib berish boʻyicha shartnoma oʻz kuchida qoladi, isteʼmolchi esa isteʼmol qilingan tabiiy gaz uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tariflarning oʻzgarishi toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari kuchga kirgan kundan boshlab yangi tarif boʻyicha toʻlovlarni amalga oshirishi shart.

117. Isteʼmolchilarni debitor qarzdorlik uchun gaz tarmoqlaridan uzib qoʻyish va ularni qaytadan ulash qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Foydalanilgan tabiiy gazdan qarzdorligi bartaraf etilmagan holatlarda, isteʼmolchini gaz tarmoqlariga qayta ulab bergan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.

119. Isteʼmolchilar hisob-kitob davri boshlanishidan kamida besh kun oldin tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasida koʻrsatilgan oylik tabiiy gaz hajmi qiymati summasining 100 foizi miqdorida gaz taʼminoti tashkilotining hisobvaragʻiga toʻlovlarni oldindan amalga oshirishi shart, namunali isteʼmolchilar va issiqxona xoʻjaliklari bundan mustasno.

120. Oldindan toʻlov summasi oʻtkazilmagan taqdirda, isteʼmolchilarga (strategik va ijtimoiy ahamiyatga ega isteʼmolchilardan tashqari) tabiiy gazni yetkazib berilmaydi.

121. Isteʼmolchilar tomonidan isteʼmol qilingan tabiiy gaz uchun uzil-kesil hisob-kitob hisob-kitob oyidan keyingi oyning 10-sanasiga qadar amalga oshiriladi.

122. Strategik va ijtimoiy ahamiyatga ega boʻlgan isteʼmolchilar tomonidan isteʼmol qilingan tabiiy gaz uchun uzil-kesil hisob-kitob hisob-kitob oyi tugaganidan soʻng keyingi oyning yakuniga qadar amalga oshiriladi.

123. Hisoblagichlardan isteʼmol qilingan tabiiy gaz hajmlari boʻyicha koʻrsatkichlar yozib olinganidan soʻng keyingi oyning 10-sanasiga qadar gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan hisob-kitob oyi uchun elektron shaklda hisobvaraq-faktura rasmiylashtiriladi va isteʼmolchiga yuboriladi.

Jumladan:

gaz uzatish tashkiloti treyder bilan imzolangan tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasiga asosan isteʼmolchilarga tabiiy gazni yetkazib berilganligi toʻgʻrisidagi dalolatnomani (tovar transport yuk xatini) hisob-kitob oyidan keyingi oyning 7-sanasiga qadar treyderga taqdim qiladi;

treyder tomonidan isteʼmolchilarga tabiiy gazni yetkazib berilganligi toʻgʻrisidagi elektron shaklda tovar-transport yuk xatiga asosan hisobot davridan keyingi oyning 10-sanasiga qadar hisob-kitob oyi uchun elektron shaklda hisobvaraq-faktura rasmiylashtiriladi va isteʼmolchiga yuboriladi;

gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan hisobot davridan keyingi oyning 10-sanasiga qadar hisob-kitob oyi uchun isteʼmolchilarga tabiiy gazni yetkazib berilganligi toʻgʻrisidagi elektron shaklda hisobvaraq-faktura rasmiylashtiriladi va isteʼmolchiga yuboriladi;

gaz uzatish tashkiloti tomonidan tovar transport yuk xatlari asosida tabiiy gazni yetkazib berish boʻyicha koʻrsatilgan xizmat uchun hisobot davridan keyingi oyning 10-sanasiga qadar hisob-kitob oyi uchun elektron shaklda hisobvaraq-faktura rasmiylashtiriladi va treyderga yuboriladi.

124. Isteʼmolchi gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan yuborilgan elektron hisobvaraq-fakturani ikki kundan kechiktirmasdan, gaz taʼminoti tashkilotidan hisob-kitob oyi uchun qabul qilib oladi va eʼtirozlari boʻlmasa, ERI yordamida imzolaydi hamda uning bir nusxasini gaz taʼminoti tashkilotiga yuborilgan manzil orqali joʻnatadi.

125. Hisobvaraq-fakturani imzolamaslik yoki uni eʼtirozlar bilan imzolash isteʼmolchiga taqdim etilgan isteʼmol qilingan tabiiy gaz hajmlari uchun toʻlovlardan ozod qilmaydi. Uzatilgan yoki qabul qilingan gaz miqdorini aniqlashdan norozi boʻlgan tomon norozilik sabablarini majburiy aks ettirish yoʻli bilan hisob-kitob qilish oyi tugagandan keyin 10-kungacha boshqa tomonga bu toʻgʻrisida maʼlum qiladi. Ushbu masalani oʻzaro hal etish imkoniyati boʻlmaganda, kelishmovchilik sabablari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda koʻrib chiqilishi kerak.

126. Isteʼmolchilardan tabiiy gaz boʻyicha debitorlik qarzlar gaz taʼminoti tashkiloti va treyderlar tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda undiriladi.

127. Isteʼmolchi tabiiy gazdan uzib qoʻyilganidan soʻng yana oʻzboshimchalik bilan ulangan holda, isteʼmol qilingan tabiiy gaz hajmlari, uning qiymati, gaz tarmogʻidan uzib qoʻyilgan vaqtdan boshlab gazdan foydalanish uskunasining toʻliq sutka davomida (24 soat) toʻliq quvvat bilan ishlashi hisobidan kelib chiqqan holda aniqlanadi (hisob-kitob qilinadi). Bunda, isteʼmolchi tomonidan foydalanilgan tabiiy gaz hajmlarining hisobotga olingan miqdori inobatga olinadi.

128. Ruxsatsiz foydalanilgan gaz hajmlari qiymatining undirilishi oʻz navbatida isteʼmolchini mazkur Qoidalarni buzganlik uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa javobgarliklardan ozod qilmaydi.

11-bob. Tabiiy gazdan foydalanish qoidalarini buzish, ushbu holatlarni rasmiylashtirish va hisobga olinmagan tabiiy gaz hajmini hisob-kitob qilish tartibi

129. Quyidagi holatlar isteʼmolchilar tomonidan tabiiy gazdan foydalanish qoidalarining buzish (noqonuniy foydalanish) deb hisoblanadi:

vakolatli tashkilotlardan ruxsat olmasdan, LTHsiz, shartnoma rasmiylashtirmasdan tabiiy gazdan foydalanish;

hisoblagichga va masofadan turib oʻchirib-yoqish klapaniga qasddan shikast yetkazish;

oʻchirish qurilmalari, gazdan foydalanish uskunalari yoki hisoblagichga oʻrnatilgan plombalarni qasddan buzish;

tabiiy gaz hisobini yuritmasdan yoki oʻrnatilgan hisoblagichdan foydalanmasdan tabiiy gazni ishlatish (oylik meʼyorlar boʻyicha aholi maishiy ehtiyojlar uchun tabiiy gazni yetkazib berish boʻyicha xizmat koʻrsatish holatlari bundan mustasno);

gaz quvurlari yoki GTSHlarda, gaz taqsimlash tarmoqlarini texnologik ish rejimini buzishga olib keladigan qurilmalarni oʻrnatish;

hisobga olishni notoʻgʻri koʻrsatish maqsadida hisoblagichning ishlab chiqaruvchi tomonidan oʻrnatilgan ichki ehtiyot qismlarini oʻzboshimchalik bilan oʻzgartirish, hisoblagichning konfiguratsiyasini oʻzgartirish yoki almashtirish, ruxsat etilmagan modem yoki boshqa aloqa vositalarini ruxsatsiz ulash yoxud boshqacha tarzda soz ishlashiga tashqi taʼsir koʻrsatish;

hisoblagichning xotirasidagi maʼlumotlar isteʼmolchining xatti-harakati bilan qisman yoki toʻliq yoʻq qilinishi;

hisoblagichni (toraytiruvchi qurilma joylashgan ichki kamerasini oʻzgartirish, manifold yoki impuls naychalarining ichki qismini toraytirish yoki nomaʼlum jism bilan toʻsib qoʻyish, qattiq jism (paronit, prokladka) bilan ichki qismini kichraytirish yoki kengaytirish) oʻrnatish tartibi va sxemasini oʻzboshimchalik bilan oʻzgartirish (milliy standart talablariga amal qilmaslik);

hisoblagich oʻrnatilgan joydan tashqari vizual aniqlab boʻlmaydigan yashirin yoʻllar bilan, jumladan gaz quvurlari (tarmoqlari), baypas liniyalari va boshqa texnik vositalarni yashirincha montaj qilish orqali isteʼmolchining gaz tarmoqlariga (quvurlariga) ulanish;

hisoblagich oʻrnatilgan joydan tashqari vizual aniqlab boʻladigan yoʻllar bilan, jumladan gaz quvurlari (tarmoqlari), baypas liniyalari va boshqa texnik vositalarni yashirincha montaj qilish orqali isteʼmolchini gaz tarmoqlariga (quvurlariga) ulanish;

hisoblagichning qiyoslovdan oʻtkazish muddati oʻtib ketganda (maishiy isteʼmolchilardan tashqari), bunda ushbu hisoblagich akkreditatsiyadan oʻtkazilgan metrologiya tashkiloti yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa vakolatli organlar tomonidan foydalanish uchun yaroqsiz deb topilganda;

hisoblagichning ruxsat etilgan maksimal soatlik oʻtkazish quvvatidan ortib ketishi;

oʻzboshimchalik bilan hisoblagichning ruxsat etilgan maksimal oʻlchash chegarasidan (diapazoni) chetga chiqqan holda LTHdan tashqari ortiqcha gaz anjomlarini oʻrnatish;

hisoblagichning manifold qurilmasi joʻmraklariga tashqi taʼsir koʻrsatish, harorat oʻlchagichiga har xil isitish moslamalarini oʻrnatish;

gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti vakolatli xodimi tomonidan hisoblagich va oʻlchov uzellariga belgilangan tartibda plombalar oʻrnatilmaganligi (simlarning tarang tortilmaganligi, yaʼni simni uzmagan yoki plombalarni buzmagan holda ularni yechish orqali manifold joʻmraklari, kalibrlash boltlari, impulsli tarmoq joʻmraklariga taʼsir koʻrsatish imkonini beradigan holatda oʻrnatilganligi).

Isteʼmolchilar tomonidan quyidagi texnik qoidalarga rioya etmaslik holatlari ham gazdan foydalanish qoidalarini buzish hisoblanadi:

oʻzboshimchalik bilan hisoblagichning ruxsat etilgan maksimal oʻlchash chegarasidan (diapazoni) chetga chiqmagan holda LTHdan tashqari ortiqcha gaz anjomlari va gaz quvurlari yoki GTSHlarda gaz taqsimlash tarmoqlarini texnologik ish rejimini buzishga olib keladigan qurilmalar oʻrnatish.

oʻrnatilgan gazdan foydalanish uskunalarining oʻrnini oʻzboshimchalik bilan oʻzgartirish;

texnik shartlarda va gaz yetkazib berish shartnomasida koʻrsatilmagan boshqa gazdan foydalanish uskunalarini (hisoblagichning ruxsat etilgan maksimal oʻlchash chegarasidan chetga chiqmagan holda) oʻzboshimchalik bilan oʻrnatish;

gazdan foydalanish uskunasiga gazni ruxsatsiz ochib berish yoki gaz isteʼmol qilishning belgilangan tartibiga rioya qilmaslik yoxud gazdan foydalanish uskunalarida gaz sarflashning tasdiqlangan solishtirma meʼyorlarisiz gaz sarflash yoki bunday meʼyorlardan ortiqcha sarflash;

gaz yonish jarayonini avtomat tarzda boshqarib turuvchi qurilmalarning boʻlmasligi yoki ularni yaroqsizligi;

tabiiy gazni isteʼmol qiluvchi tashkilotlar uchun nazarda tutilgan zaxira yoqilgʻi xoʻjaligining yaratilmaganligi yoki gazdan foydalanish uskunalarining belgilangan zaxira yoqilgʻi turlarida ishlashga tayyor emasligi;

gaz hisoblagichni, modem aloqa vositasini elektr manbalardan oʻchirib qoʻyish (modemni masofadan turib pult orqali boshqarish) yoki boshqa usullar bilan foydalanilgan tabiiy gaz hajmlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar TGNHATga onlayn ravishda uzatilishini toʻxtatib qoʻyish.

tabiiy gazdan shartnoma va loyiha hujjatlarida nazarda tutilmagan boshqa maqsadlarda foydalanish;

Qoidalarning ushbu bandida nazarda tutilgan qoida buzilishlari Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksiga va Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat kodeksiga muvofiq tegishli javobgarlikka tortishga sabab boʻladi.

Mazkur Qoidalarni buzish holatlarida maʼmuriy huquqbuzarlik alomatlari mavjud boʻlganda, maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisida bayonnoma tuzishga vakolati boʻlgan shaxslar tomonidan belgilangan tartibda maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisida bayonnoma tuziladi.

Oʻzenergoinspeksiya ishtirokida aniqlangan tabiiy gazdan foydalanish qoidalarini buzish holatlari boʻyicha rasmiylashtirilgan qoidabuzarlik dalolatnomasiga asosan:

isteʼmolchiga tabiiy gazni yetkazib berish toʻxtatiladi va Oʻzenergoinspeksiya mutaxassislari tomonidan hisoblagichlar va oʻchirib-yoqish jihozlariga plomba oʻrnatiladi;

amalga oshirilgan qayta hisob-kitob boʻyicha toʻlovlar Vazirlar Mahkamasining “Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasini moliyalashtirishni tartibga solish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 28-sentabrdagi 512-son qaroriga muvofiq gaz taʼminoti tashkilotining alohida hisobvaragʻiga (22634) undiriladi va toʻlovlar amalga oshirilgandan soʻng tarmoqqa qayta ulanishga ruxsat beriladi.

Bunda isteʼmolchi ruxsatsiz plombani buzganligi uchun belgilangan tartibda maʼmuriy javobgarlikka tortiladi.

129 1 . Quyidagi holatlar taʼminotchi korxona tomonidan tabiiy gazdan foydalanish qoidalarini buzish deb hisoblanadi:

tegishli hujjatlarsiz va ruxsatnomalarsiz isteʼmolchini gaz tarmogʻiga ulash yoki ulanishga ruxsat berish;

gaz hisoblagichlarga tashqi taʼsir koʻrsatishga isteʼmolchiga sharoit yaratib berish, yaʼni hisoblagich va oʻlchov uzellariga belgilangan tartibda plombalar oʻrnatilmaganligi (simlarning tarang tortilmaganligi, yaʼni simni uzmagan yoki plombalarni buzmagan holda ularni yechish orqali manifold joʻmraklari, kalibrlash boltlari, impulsli tarmoq joʻmraklariga taʼsir koʻrsatish imkonini beradigan holatda oʻrnatilganligi);

tabiiy gaz uchun oldindan toʻlovlarni amalga oshirmagan isteʼmolchilarga asossiz ravishda tabiiy gaz yetkazib berish;

oʻchirib-yoqish klapaniga ega boʻlmagan gaz hisoblash uskunalaridan foydalanayotgan isteʼmolchilarga tabiiy gaz yetkazib berish (bir oy avval ogohlantirilgandan soʻng);

isteʼmolchilar tomonidan xavfsizlikni taʼminlash hamda yoqilgʻining yonish jarayonlarini avtomatik boshqarish jihozlari boʻlmagan, standart talablariga oʻrnatilgan gaz jihozlarining quvvati gaz hisoblagich quvvatidan yuqori boʻlishiga qaramasdan gazdan foydalanishga ruxsat berish;

texnik shart, loyiha va (yoki) shartnomada nazarda tutilmagan jihozlardan foydalanishga yoʻl qoʻyish;

kuz-qish mavsumi davrida tabiiy gaz yetkazib berilishiga cheklov kiritilgan isteʼmolchilarni gaz tarmogʻidan payvandlash va (yoki) tamgʻalash yoʻli bilan hamda masofadan turib oʻchirib-yoqish klapani orqali onlayn ajratmagan holda ularga tabiiy gazdan foydalanishga imkoniyat yaratib berish;

debitor qarzdorligi mavjud isteʼmolchilarga asossiz ravishda tabiiy gaz yetkazib berish;

noqonuniy foydalangani uchun yoki boshqa holatlarda vaqtinchalik uzib qoʻyilgan isteʼmolchilarga asossiz ravishda gaz yetkazib berishni davom ettirish;

ushbu Qoidalarda koʻrsatilgan majburiyatlarni bajarmaganlik.

Ushbu bandda nazarda tutilgan qoida buzilishlari aniqlangan taqdirda, gaz taʼminoti korxonasi tegishliligi boʻyicha rahbari va (yoki) masʼul xodimlarning qonunchilikda belgilangan tartibda javobgarlikka tortilishiga sabab boʻladi.

130. Isteʼmolchilar tomonidan mazkur Qoidalarga rioya etilishini nazorat qilish va tegishli hujjatlarni rasmiylashtirish gaz taʼminoti (gaz uzatish, treyder) tashkilotining vakolatli mutaxassislari va Oʻzenergoinspeksiya xodimlari tomonidan amalga oshiriladi. Isteʼmolchilarning aybisiz quyidagi holatlar vujudga kelganda, isteʼmolchi javobgarlikka tortilmaydi, biroq gaz hajmining amaldagi sarfi boʻyicha hisob-kitoblar amalga oshiriladi:

hisoblagich texnik jihatdan nosoz holga kelishi (toʻxtab qolishi);

hisoblagichning xotirasidan unga tashqi taʼsir koʻrsatmagan holda maʼlumotlarning toʻliq yoki qisman yoʻqolishi.

131. Mazkur Qoidalarning buzilish holatlari aniqlanganda, gaz taʼminoti tashkiloti va (yoki) Oʻzenergoinspeksiya vakolatli xodimlari tomonidan tegishli elektron tizimlar (E-dalolatnoma) orqali tabiiy gazdan foydalanish qoidalari buzilganligi toʻgʻrisida dalolatnoma (keyingi oʻrinlarda — dalolatnoma) rasmiylashtiriladi. Zarurat boʻlganda, dalolatnomaga holat yuzasidan fotosuratlar va boshqa ashyoviy dalillar ilova qilinishi mumkin.

Dalolatnomani elektron shaklda rasmiylashtirishni imkoni boʻlmaganda, 24 soat ichida tegishli elektron tizimlarga kiritilishini taʼminlash sharti bilan dalolatnoma erkin shaklda qogʻozda rasmiylashtirilishiga ruxsat beriladi.

Dalolatnoma vakolatli xodimlar va isteʼmolchi tomonidan imzolanadi. Isteʼmolchi dalolatnomaga imzo qoʻyishdan bosh tortgan taqdirda, ikki nafar xolis va (yoki) mahalla fuqarolar yigʻini masʼul xodimlari jalb etilib, holat ularga maʼlum qilinadi hamda ularning dalolatnomaga imzo qoʻyishi taʼminlanadi. Gaz taʼminoti tashkiloti xodimlari darhol mazkur isteʼmolchini tabiiy gaz tarmogʻidan uzib qoʻyadi.

Isteʼmolchining tabiiy gaz qurilmalari tarmoqdan ajratilgandan soʻng gaz taʼminoti tashkiloti va/yoki Oʻzenergoinspeksiyaning vakolatli xodimlari tomonidan belgilangan namunadagi plomba bilan qayta tabiiy gaz tarmogʻiga oʻzboshimcha ulanishning oldini olish maqsadida plombalanadi.

Tabiiy gazdan foydalanish qurilmalarining soatlik gaz isteʼmolini aniqlash imkoni boʻlmagan holatlarda, ushbu hajm eksperiment tariqasida aniqlanadi.

132. Tabiiy gazni qazib chiqarish, qayta ishlash va sotish faoliyatini amalga oshiruvchi yuridik shaxslar tomonidan gaz uzatish (gaz taʼminoti) tashkilotining gaz quvurlariga (tarmoqlariga) oʻzboshimchalik bilan ulanish, hisoblagichlarga, shu jumladan, ularning plombalariga qasddan shikast yetkazish, shuningdek, hisoblagichlarning koʻrsatkichlarini oʻzgartirish maqsadida ularga va boshqa qurilmalarga tashqi taʼsir koʻrsatish litsenziya bitimi talablari hamda shartlarini bir marotaba qoʻpol ravishda buzish hisoblanadi hamda ushbu faoliyat turlari amalga oshirilishini litsenziyalovchi vakolatli organ tomonidan qonunchilikda belgilangan tartibda litsenziyaning bekor qilinishiga olib keladi.

133. Gaz taʼminoti tashkiloti, Oʻzenergoinspeksiya yoki treyderning vakolatli xodimlar dalolatnomani rasmiylashtirish jarayonida gazdan noqonuniy foydalanishda qoʻllanilgan quyidagi (ishga aloqador boʻlgan) ashyolar va buyumlarni muhrlagan holda olib qoʻyib, holat yuzasidan toʻplangan hujjatlarga qoʻshish choralarini koʻradi:

hisoblagichlar;

modem va boshqa aloqa vositalari;

gaz yondirgich (gorelka)lar;

gaz tortish (soʻrish) moslamalari;

rezina, polietilen va temir quvurlar;

qoʻlbola usulda yasalgan boshqa qurilmalar;

zaruratdan kelib chiqib, regulator, zulfin va GTSHlar;

uzilgan sim va plombalar;

noqonuniy foydalanishni tasdiqlovchi boshqa ashyolar, dalillar va buyumlar.

Dalolatnomada mazkur Qoidalarni buzgan isteʼmolchi, foydalanilgan gaz hajmi, hisoblagich koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi va boshqa zarur maʼlumotlar keltiriladi.

Bunda gaz hajmi quyidagi holatlarga aniqlik kiritish orqali mazkur Qoidalarning 134-bandida keltirilgan mezonlar asosida hisoblanadi:

isteʼmolchining gaz tarmoqlariga ulangan vaqti va tabiiy gazdan foydalanilgan davr;

boʻlinish chegarasidagi gaz bosimi koʻrsatkichi (yaroqlilik sertifikatiga ega boʻlgan oʻlchov vositalari yordamida aniqlanadi);

noqonuniy foydalanish holatida aniqlangan gazdan foydalanish uskunalarining soni, turi va soatlik gaz sarfi;

hisoblagichdan olingan elektron arxiv maʼlumotlari;

elektron tizimlardan olingan maʼlumotlar;

gazdan foydalanish maqsadi (faoliyat turi).

Tabiiy gazdan noqonuniy foydalanish holatlarini aniqlash va tegishli dalolatnomani rasmiylashtirishda ishtirok etgan gaz taʼminoti tashkiloti, treyder yoki Oʻzenergoinspeksiyaning vakolatli xodimlar mazkur Qoidalarning ushbu bandida keltirilgan talablarga amal qilmaganliklari uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Gaz taʼminoti tashkiloti, treyder yoki Oʻzenergoinspeksiyaning vakolatli xodimlar tomonidan mazkur Qoidalarni buzish holati aniqlanganda bu haqida zudlik bilan oʻz rahbariga xabar beriladi. Gaz taʼminoti tashkilotining boshqa xodimlari tomonidan mazkur Qoidalarni buzish holatlari aniqlanganda, ular bu haqda oʻz rahbari hamda dalolatnoma rasmiylashtirishga vakolatli boʻlgan xodimlarga maʼlum qiladilar.

134. Mazkur Qoidalarni buzganlik holatlarida gaz hajmi isteʼmolchi bilan tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasini tuzgan tashkilotning vakolatli xodimlari (muhandis-texnik va boshqa vakolatli xodimlar) yoki Oʻzenergoinspeksiya mutaxassislari tomonidan aniqlanadi.

Tabiiy gazning sarflangan (foydalanilgan) hajmi mazkur Qoidalarni buzganlik holatlari doirasida toʻplangan hujjatlar (foto, video tasvir, ashyoviy dalillar va boshqa taalluqli hujjatlar) asosida toʻliq sutka davomida (24 soat) toʻliq quvvat bilan ishlashi hisobidan kelib chiqqan holda, shuningdek, qoʻshimcha oʻrganish va vakolatli mutaxassislar xulosalarini olish zarurati yuzaga kelganda, ushbu xulosalar olingandan soʻng hisob-kitob qilinadi.

Surishtiruvchi, tergovchi, prokuror va sud tomonidan tabiiy gazning sarflangan (foydalanilgan) hajmini qayta hisob-kitob qilish zarur deb topilganda, ushbu vakolatli shaxslar va organlarning qarorlari (hujjatlari)ga asosan komissiyaviy tarkibda gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti, Oʻzenergoinspeksiya va zaruratga qarab boshqa malakali mutaxassislar, shuningdek, xulosa berish vakolatiga ega boʻlgan ekspertlar tomonidan amalga oshiriladi.

Isteʼmolchi tomonidan tabiiy gazdan noqonuniy foydalanganligi uchun gaz hajmlari va narxi hisob-kitob kunida amalda boʻlgan eng yuqori tarif boʻyicha taʼminotchi tashkilotning vakolatli xodimi yoki Oʻzenergoinspeksiya mutaxassislari tomonidan gazdan foydalanish uskunasining toʻliq sutka davomida (24 soat) toʻliq quvvat boʻyicha (amalda aniqlangan maʼlumotlar asosida maishiy isteʼmolchilarga belgilangan oylik isteʼmol meʼyori boʻyicha) ishlashi hisobidan (yoki standart gazdan foydalanish uskunasi mavjud emasligida gaz tarmogʻiga ulangan quvurning oʻtkazish imkoniyati hisobidan) kelib chiqib, quyidagi davrlardan boshlab mazkur Qoidalar buzilganligi aniqlangan kunga qadar hisoblanadi:

vakolatli tashkilotlardan ruxsat olmasdan, LTHlarisiz, shartnomasiz tabiiy gazdan foydalanish aniqlanganda — gaz hajmlarining qiymati isteʼmolchi davlat roʻyxatidan rasmiy oʻtkazilgan kundan boshlab (tegishli tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlganda) hisoblangan vaqt mobaynida, biroq daʼvo muddatidan koʻp boʻlmagan davrda;

hisoblagichga va/yoki masofadan turib oʻchirib-yoqish klapaniga qasddan shikast yetkazish aniqlanganda — TGNHATda soʻnggi maʼlumot mavjud boʻlgan kundan, ushbu maʼlumotlar mavjud boʻlmaganda gaz taʼminoti tashkiloti vakolatli xodimlar tomonidan soʻnggi koʻrikdan oʻtkazilgan davrdan boshlab;

oʻchirish qurilmalari, gazdan foydalanish uskunalari yoki hisoblagichga oʻrnatilgan plombalarni buzilishi aniqlanganda — gaz taʼminoti tashkilotining vakolatli xodimi tomonidan soʻnggi koʻrikdan oʻtkazilgan davrdan, biroq ushbu plomba oʻrnatilgan kundan koʻp boʻlmagan davrdan boshlab;

tabiiy gaz hisobini yuritmasdan yoki oʻrnatilgan hisoblagichdan foydalanmasdan tabiiy gazni ishlatish aniqlanganda — gaz taʼminoti tashkilotining vakolatli xodimi tomonidan soʻnggi koʻrikdan oʻtkazilgan vaqt mobaynida, biroq daʼvo muddatidan koʻp boʻlmagan davrdan boshlab;

gaz quvurlari yoki GTSHlarda gaz taqsimlash tarmoqlarini texnologik ish rejimini buzishga olib keladigan qurilmalar oʻrnatish orqali hisoblagichning yuqori oʻlchov chegarasidan chetga chiqish holati aniqlanganda — gaz taʼminoti tashkilotining vakolatli xodimi tomonidan soʻnggi koʻrikdan oʻtkazilgan vaqtdan boshlab.

hisoblagichlarda gaz hajmlarini hisobga olishni notoʻgʻri koʻrsatish maqsadida hisoblagichning ishlab chiqaruvchi tomonidan oʻrnatilgan ichki qismlarini oʻzboshimchalik bilan oʻzgartirish, hisoblagichning konfiguratsiyasi va sozligini oʻzgartirish, ruxsat etilmagan modem yoki boshqa aloqa vositalarini ruxsatsiz ulanganda — ruxsatsiz aralashilgan kundan boshlab (aralashish holati va sanasini tasdiqlovchi hujjatlar (maʼlumotlar) mavjud boʻlganda), lekin oxirgi qiyoslovdan oʻtkazilgan kundan oshmagan davrdan boshlab;

hisoblagichning xotirasidagi maʼlumotlarni isteʼmolchining aybi bilan qisman yoki toʻliq yoʻq qilinganda — maʼlumotlar yoʻqolgan davrdan boshlab;

hisoblagichni ulash tartibi va sxemasi oʻzboshimchalik bilan oʻzgartirilganda — gaz taʼminoti tashkilotining vakolatli xodimi tomonidan hisoblagich soʻnggi xatlovdan oʻtkazilgan vaqtdan boshlab hisoblanadigan davr mobaynida, lekin oxirgi qiyoslovdan oʻtkazilgan kundan oshmagan davrdan boshlab;

hisoblagichdan tashqari vizual aniqlab boʻlmaydigan yashirin yoʻllar bilan, jumladan, gaz quvurlari (tarmoqlari), baypas liniyalari va boshqalarni yashirincha montaj qilish orqali ulanganda — korxona faoliyat boshlagan (roʻyxatdan oʻtgan kundan) yoki oxirgi xatlovdan oʻtkazilgan kundan boshlab, biroq daʼvo muddatidan koʻp boʻlmagan davrdan boshlab;

tabiiy gazdan noqonuniy foydalanish maqsadida isteʼmolchi tomonidan hisoblagichdan tashqari vizual aniqlab boʻladigan yoʻllar bilan, jumladan gaz quvurlari (tarmoqlari), baypas liniyalari va boshqa jihozlarni montaj qilish orqali ulanish aniqlanganda — gaz taʼminoti tashkilotining vakolatli xodimi tomonidan soʻnggi xatlov oʻtkazilgan vaqtdan boshlab hisoblanadigan davr mobaynida, biroq uch oydan kam boʻlmagan davrdan boshlab;

gaz isteʼmoli hajmiga taʼsir koʻrsatadigan boshqa noqonuniy xatti-harakatlar aniqlanganda — hisoblagichga ruxsatsiz aralashilgan kundan boshlab (aralashish holati va sanasini tasdiqlovchi hujjatlar (maʼlumotlar) mavjud boʻlganda), biroq daʼvo muddatidan koʻp boʻlmagan davrdan boshlab;

hisoblagichning qiyoslovdan oʻtkazish muddati oʻtib ketganda, bunda ushbu hisoblagich nosoz deb topilgan taqdirda — hisoblagichning qiyoslov muddati oʻtib ketgan davrdan boshlab;

hisoblagichning ruxsat etilgan maksimal soatlik oʻtkazish quvvatidan ortib ketishi aniqlanganda — plombalanmagan gaz jihozlarining toʻla quvvati boʻyicha toʻliq ishlagan vaqt uchun (daqiqalar soatga tenglashtirilgan holda) hisobga olinmagan davrlar uchun, biroq daʼvo muddatidan koʻp boʻlmagan davrga;

oʻzboshimchalik bilan hisoblagichning ruxsat etilgan maksimal oʻlchash chegarasidan (diapazonidan) chetga chiqqan holda LTHdan tashqari ortiqcha gazdan foydalanish uskunasini oʻrnatish aniqlanganda — gazdan foydalanish uskunasi oʻrnatilgan (tegishli tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlganda) kundan boshlab hisoblangan vaqt mobaynida, biroq uch oydan koʻp boʻlmagan davrda;

hisoblagichning manifold qurilmasi joʻmraklariga tashqi taʼsir koʻrsatish, harorat oʻlchagichiga har xil isitish moslamalarini oʻrnatish holatlari aniqlanganda — gaz taʼminoti tashkilotining vakolatli xodimi tomonidan plomba oʻrnatilgan kundan boshlab, biroq uch oydan kam boʻlmagan davrdan boshlab.

Bunda isteʼmolchi tomonidan foydalanilgan tabiiy gaz hajmlarining hisobotga olingan miqdorlari, gaz jihozlaridan foydalanish mavsumiyligi, shuningdek, muayyan davrlarda Hukumatning tegishli topshiriqlari, yuqori turuvchi vazirlik va idoralarning koʻrsatmalariga asosan isteʼmolchilarga tabiiy gazni yetkazib berilishi cheklangan davrlar (tegishli tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlgan taqdirda) inobatga olinadi.

Isitish mavsumining davriyligini belgilashda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlarining isitish mavsumi boshlanishi va tugashi toʻgʻrisidagi qaror yoki farmoyishlari qabul qilingan kundan boshlab hisob kitob qilinadi.

Hisob-kitoblarni amalga oshirishda gaz taʼminoti korxonalari tomonidan isteʼmolchilarda oʻtkazilgan xatlov va koʻrik dalolatnomalari bir sutka davomida “NGT Billing” tizimiga elektron tarzda kiritilmagan boʻlsa, ushbu dalolatnomalar haqiqiy emas deb topiladi hamda hisob-kitoblarni amalga oshirishda inobatga olinmagan holda olti oydan kam boʻlmagan muddatga hisob-kitob qilinadi.

Mazkur Qoidalarni buzganlik holatlari aniqlanganda gaz hajmini hisoblash jarayoniga vakolati boʻlgan xodimlardan tashqari boshqa shaxslarning aralashuviga qatʼiyan yoʻl qoʻyilmaydi.

Mazkur Qoidalarning 129-bandi ikkinchi qismida keltirilgan qoidabuzarliklar uchun qoʻshimcha gaz hajmi hisoblanmaydi, biroq ushbu holatlar isteʼmolchini maʼmuriy javobgarlikka tortishga asos boʻladi.

Vakolatli tashkilotlardan ruxsat olmasdan, LTHlarisiz, tabiiy gazni yetkazib berish shartnomasiz va hisoblagichsiz tabiiy gazdan foydalanish — yuridik shaxslardan sarflangan tabiiy gaz qiymatining uch baravari miqdorida oʻsuvchi koeffitsiyent qoʻllaniladi.

Gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti vakolatli xodimi tomonidan hisoblagich va oʻlchov uzellariga belgilangan tartibda plombalar oʻrnatilmaganligi (simlarning tarang tortilmaganligi, yaʼni simni uzmagan yoki plombalarni buzmagan holda ularni yechish orqali manifold joʻmraklari, kalibrlash boltlari, impulsli tarmoq joʻmraklarga taʼsir koʻrsatish imkonini beradigan holatda oʻrnatilganligi) natijasida isteʼmolchi tomonidan tabiiy gazdan noqonuniy foydalanish holati aniqlangan taqdirda, shuningdek, billing tizimiga oʻz vaqtida maʼlumotlarni (xatlov, tamgʻalash, soʻngi koʻrik va boshqa dalolatnomalarni) kiritmagan gaz taʼminoti tashkiloti masʼul xodimi qonunchilikda belgilangan tartibda javobgarlikka tortilishiga sabab boʻladi.

135. Mazkur Qoidalarning 130-bandida keltirilgan holatlar boʻyicha hisob-kitoblar quyidagi tartibda amalga oshiriladi:

isteʼmolchilarning aybisiz hisoblagich texnik jihatdan nosoz holatga kelganligi aniqlanganda (toʻxtab qolganda) — TGNHATda soʻnggi maʼlumot mavjud boʻlgan kundan, ushbu maʼlumotlar mavjud boʻlmaganda esa gaz taʼminoti tashkilotining vakolatli xodimi tomonidan soʻnggi koʻrikdan oʻtkazilgan davr uchun oxirgi gaz sarfi hisoboti koʻrsatkichlarning oʻrtacha miqdoridan kelib chiqqan holda hisoblanadi;

hisoblagichning xotirasidan unga tashqi taʼsir koʻrsatmagan holda maʼlumotlar toʻliq yoki qisman yoʻqolib qolganda — TGNHATda mavjud maʼlumotlar boʻyicha (bunda yozgi va qishki mavsumdagi isteʼmol hajmlari inobatga olinishi lozim), TGNHATda maʼlumotlar mavjud boʻlmagan taqdirda, soʻnggi maʼlumotlar tahlili asosida gaz sarfi hisoboti koʻrsatkichlarining oʻrtacha miqdoridan kelib chiqqan holda hisoblanadi.

136. Mazkur Qoidalarning 129 , 130 va 134-bandlarida qayd etilgan qoidabuzarlik holatlari aniqlanganda, foydalanilgan gaz hajmlari qiymatining qoplanishi isteʼmolchilarni qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa javobgarliklardan ozod qilmaydi.

137. Aniqlangan qoidabuzarlik holati yuzasidan rasmiylashtirilgan dalolatnoma, gaz hajmini hisoblash dalolatnomasi va holatga aloqador boshqa hujjatlar hamda olingan ashyolar, dalillar va buyumlar qonuniy choralarni koʻrish uchun tegishliligiga koʻra oʻn ish kuni ichida vakolatli organlarga taqdim etilishi kerak.

12-bob. 100 kVt.dan ortiq quvvatga ega boʻlgan gazdan foydalanish uskunalarini ishlatadigan isteʼmolchilar tomonidan tabiiy gazdan oqilona, xavfsiz foydalanish va uni meʼyorlash

138. Isteʼmolchilar tomonidan tabiiy gazdan foydalanilgan holda ishlab chiqarilayotgan mahsulot yoki bajarilayotgan ishlar (xizmatlar) birligiga natura holida va shartli ravishda hisoblangan gaz sarfining tasdiqlangan meʼyorlariga ega boʻlishlari kerak.

139. Ishlab chiqarishning barcha darajalarida gaz sarfini meʼyorlash qonunchilik hujjatlarida hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan meʼyorlar va qoidalarga muvofiq amalga meʼyorlanadi.

140. Gazdan foydalanish uskunalarini ishlatadigan tashkilotlar ushbu uskuna uchun gaz sarfining individual meʼyorlariga ega boʻlishi, ular mavjud boʻlmaganda esa, loyihalashtirish yoki ixtisoslashtirilgan tashkilotlarni jalb etgan holda ularning texnik asoslangan meʼyorlarini ishlab chiqishi kerak.

141. Yoqilgʻi-energiya resurslarini ishlatadigan isteʼmolchilarni energetika tekshiruvidan va ekspertizadan oʻtkazish qoidalariga muvofiq isteʼmolchilar ixtisoslashgan tashkilotlarni (energiya auditorlarini) jalb etgan holda yoqilgʻi-energiya resurslaridan oqilona va samarali foydalanish maqsadida energetika tekshiruvini oʻtkazishi kerak.

Yoqilgʻi-energiya resurslaridan yoki ularning turlaridan har birining jami isteʼmoli yiliga besh yuz tonnadan ortiq shartli yoqilgʻini tashkil qiladigan isteʼmolchilar energetika tekshiruvlaridan majburiy oʻtkazilishi kerak.

Yoqilgʻi-energiya resurslarini energetika tekshiruvi natijalari boʻyicha energiya auditorlari tomonidan yoqilgʻi-energiya resurslaridan foydalanishda qoida buzilishlarni bartaraf etishga doir tavsiyalar hamda ulardan foydalanish samaradorligini oshirish boʻyicha tashkiliy-texnik tadbirlar roʻyxati isteʼmolchining obyektlarida texnik imkoniyatlar mavjud boʻlganda ikkilamchi energiya resurslaridan foydalanishni nazarda tutilgan holda beriladi.

142. Tabiiy gazni sarflash meʼyorlari isteʼmolchi tomonidan tasdiqlanadi va gazdan samarali va oqilona foydalanishni hisobga olgan holda qayta koʻrib chiqilishi, takomillashtirilishi kerak.

143. Yil mobaynida tasdiqlangan meʼyorlar uskunalar almashtirilgan yoki rekonstruksiya qilingan jihozlarning turlari, foydalanadigan xomashyoning tarkibi oʻzgargan hollarda gaz sarfining oʻzgarishiga sabab boʻlgan yoqilgʻi-energiya resurslarini tejash boʻyicha zarur tashkiliy-texnik tadbirlar bajarilishini hisobga olgan holda qayta koʻrib chiqilishi mumkin.

144. Tabiiy gazni sarflash meʼyorlariga rioya qilinishi hamda undan samarali va oqilona foydalanish yuzasidan ichki nazorat tabiiy gazni isteʼmol qiluvchi tashkilot rahbarlari tomonidan amalga oshiriladi.

13-bob. Gaz taʼminoti tashkilotining tabiiy gaz hisoboti balansini tuzish tartibi

145. Gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti gaz taqsimlash tarmoqlari orqali olingan tabiiy gazning qabul qilingan va taqsimlangan hajmi boʻyicha hisobot balansini (keyingi oʻrinlarda — tabiiy gaz balansi) tuzadi.

146. Hisobot davri uchun tabiiy gaz balansi olingan tabiiy gaz umumiy hajmini uning taqsimlangan hajmlari yigʻindisiga tengligi asosida quyidagilar boʻyicha aniqlanadi:

isteʼmolchilarga sotilgan tabiiy gaz hajmi (shu jumladan, noqonuniy foydalanish holatlarida isteʼmolchilar tomonidan sarf qilingan gaz hajmi);

foydalanish va texnologik ehtiyojlar uchun sarflangan tabiiy gaz hajmi (qonunchilik hujjatlarida hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar asosida tartibga solinadi);

tabiiy gazni yoʻqotish hajmlari (qonunchilik hujjatlarida hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar asosida tartibga solinadi);

tabiiy gazning gaz tarmoqlaridagi texnologik qoldiqlari;

qabul qilingan va taqsimlangan tabiiy gaz hajmlari orasidagi musbat va manfiy farqlar.

147. Musbat farq vujudga kelganda, yaʼni taqsimlangan tabiiy gaz hajmi qabul qilingan tabiiy gaz hajmidan ortiq boʻlganda, mazkur farq hisobotda maʼlumot oʻrnida koʻrsatilib, yetkazib berilgan tabiiy gaz hajmiga (hajm oshmagan holda) taʼsir qilmaydi.

148. Manfiy farq vujudga kelganda, yaʼni taqsimlangan tabiiy gaz hajmi qabul qilingan tabiiy gaz hajmidan kam boʻlganda, mazkur farq hisobotda tabiiy gaz tannarxiga qoʻshib hisoblanadi. Bunda uzoq vaqt davomida tabiiy gazning talon-toroj qilinishi oqibatida aniqlangan tabiiy gaz hajmlari hisobot davri yakunida tabiiy gaz hajmida vujudga kelgan manfiy farq hisobidan chiqariladi.

149. “Oʻztransgaz” AJ va “Hududgaztaʼminot” AJ (keyingi oʻrinlarda — jamiyatlar) boshqaruv organlari tomonidan har bir hisobot yili yakunida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tabiiy gaz balansida vujudga kelgan farqlar yuzasidan quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:

manfiy farqning qoldiq hajmi keyingi hisobot oylari yakuni bilan asoslangan holda texnik hisobotlarda qayd etiladi, asoslanmagan gaz hajmlari esa gaz taʼminoti tashkilotining kelgusi davr tabiiy gaz balansiga oʻtkaziladi;

musbat farqning qoldiq summasi jamiyatning daromadi deb tan olinadi.

Jamiyatlar ularning boshqaruv organlari tomonidan hisobot yili yakuni boʻyicha qabul qilingan va taqsimlangan tabiiy gaz hajmlari boʻyicha vujudga kelgan farqlar yuzasidan qabul qilingan qarorlarini Energetika vazirligiga taqdim etadi.

150. Gaz taʼminoti tashkiloti qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda har oyda manfiy farqning vujudga kelish sabablarini aniqlashi va bunda:

aniqlangan va asoslangan manfiy farq boʻyicha hisoblangan gaz hajmlari asosida qarzdorlik keyingi hisobot oyi yakuniga qadar qoidabuzarlik sodir etgan isteʼmolchilar roʻyxatini shakllantirib, gazni belgilangan sotish narxlarida undirish choralarini koʻrishi, tabiiy gazning gaz taqsimlash tarmoqlari orqali yetkazib berishda yoʻqotishlarni ruxsat etilgan meʼyorlarini ishlab chiqishi va tasdiqlash uchun tabiiy gaz bozorini rivojlantirish va tartibga solish boʻyicha vakolatli organga kiritishi;

aniqlangan, lekin asoslanmagan manfiy farq boʻyicha hisoblangan gaz hajmlari boʻyicha keyingi hisobot oyiga qadar ushbu asossiz yoʻqotishlarga yoʻl qoʻygan gaz taʼminot tashkilotlarining aybdor xodimlari yoki isteʼmolchilarga nisbatan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda zarur choralarni (shu jumladan hisoblangan gaz hajmlari boʻyicha qarzdorlikni gazni sotib olish narxlarida undirish) koʻrishi shart.

151. “Oʻztransgaz” AJ va “Hududgaztaʼminot” AJlarda tabiiy gaz hajmlari boʻyicha yuzaga kelgan manfiy farqning qoldiq summasi faqatgina Vazirlar Mahkamasining tegishli qarorlari asosida ushbu jamiyatlarning “davriy xarajatlari”ga oʻtkaziladi.

14-bob. Tabiiy gazdan foydalanish qoidalarini buzganlik uchun javobgarlik

152. Gaz taʼminoti (gaz uzatish) tashkiloti va isteʼmolchilar mazkur Qoidalarda belgilangan talablarni buzilishiga yoʻl qoʻyilganlik uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Tabiiy gazdan foydalanish qoidalariga ILOVA

Tabiiy gazni yetkazib berishning alohida tartibi belgilanadigan strategik tashkilotlar roʻyxati

I. Issiqlik elektr stansiyalari:

1. “Navoiy IES” AJ

2. “Sirdaryo IES” filiali

3. “Toshkent IES” AJ

4. “Yangi Angren IES” AJ

5. “Toshkent IEM” filiali

6. “Fargʻona IEM” filiali

7. “Tolimarjon IES” AJ

8. “Muborak IEM” filiali

9. “Taxiatosh IES” AJ

10. “Toʻraqoʻrgʻon IES” filiali

11. Aksa Enerji Toshkent — 1 IES

12. Aksa Enerji Toshkent — 2 IES

13. Aksa Enerji Buxoro IES

14. Jengiz Enerji Toshkent IES

15. Jengiz Enerji Sirdaryo IES

16. Odash Enerji Xorazm IES

17. Akva Sirdaryo — 2 IES

18. EDF Sirdaryo — 3 IES

19. Stoun Siti Enerji Surxondaryo IES

II. Kimyo sanoati korxonalari:

1. “Navoiyazot” AJ

2. “Maksam-Chirchiq” AJ

3. “Fargʻonaazot” AJ

III. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tuzilmasiga kiradigan issiqlik va elektr energiyasini ishlab chiqarish tashkilotlari

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 31-maydagi 319-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Elektr energiyasi va tabiiy gazdan foydalanish tartibini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 12-yanvardagi 22-son qarori ;

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzi qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Prokuratura organlarining qabul qilinayotgan normativ-huquqiy hujjatlar ijrosini taʼminlashdagi faoliyati samaradorligini oshirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 15-fevraldagi PF-5343-son Farmoni)” 2018-yil 30-martdagi 252-son qaroriga 1-ilovaning 3-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritish, shuningdek baʼzi qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2018-yil 6-iyundagi 428-son qaroriga 1-ilovaning 3-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Neft-gaz tarmogʻida litsenziyalash tartibotlarini qisqartirish va soddalashtirish, shuningdek, biznesni yuritishni yaxshilash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 12-iyundagi 444-son qaroriga 6-ilovaning 3-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Elektr energiyasi va tabiiy gazdan foydalanish tartibini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 12-yanvardagi 22-son qaroriga oʻzgartirishlar va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2018-yil 20-oktabrdagi 838-son qarori .

6. Vazirlar Mahkamasining “Elektr energiyasi va tabiiy gazdan foydalanish tartibini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 12-yanvardagi 22-son qaroriga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2019-yil 28-fevraldagi 182-son qarori .

7. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi sohasida davlat boshqaruvi va nazorati tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 12-dekabrdagi PF-5594-son Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2018-yil 12-dekabrdagi PQ-4058-son qarori)” 2019-yil 6-martdagi 195-son qaroriga ilovaning 45-bandi .

8. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2019-yil 24-martdagi 243-son qarori .

9. Vazirlar Mahkamasining “Yoqilgʻi-energetika resurslarining ayrim turlari uchun tarif siyosatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 31-maydagi 452-son qaroriga ilovaning 2-bandi .

10. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Axborot sohasi va ommaviy kommunikatsiyalarni yanada rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 2-fevraldagi PF-5653-son Farmoni va “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2019-yil 2-fevraldagi PQ-4151-son qarori)” 2019-yil 3-iyundagi 457-son qaroriga 1-ilovaning 32-bandi .

12. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jahon banki va Xalqaro moliya korporatsiyasining “Biznes yuritish” yillik hisobotida Oʻzbekiston Respublikasining reytingini yaxshilashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 5-fevraldagi PQ-4160-son qarori)” 2019-yil 9-iyuldagi 567-son qaroriga ilovaning 4-bandi .

13. Vazirlar Mahkamasining “Yoqilgʻi-energetika resurslarining narxlari va tariflarini oʻzgartirish toʻgʻrisida” 2019-yil 30-iyuldagi 633-son qaroriga 2-ilovaning 3-bandi .

14. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 12-yanvardagi 22-son qarori bilan tasdiqlangan Elektr energiyasidan foydalanish qoidalariga qoʻshimcha kiritish toʻgʻrisida” 2019-yil 9-dekabrdagi 979-son qarori .

15. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2019-yil 24-yanvardagi PQ-4126-son qarori)” 2019-yil 19-dekabrdagi 1014-son qaroriga ilovaning 58-bandi .

16. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mehnatga haq toʻlash, pensiyalar va boshqa toʻlovlar miqdorlarini aniqlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-maydagi PF-5723-son Farmoni)” 2019-yil 28-dekabrdagi 1046-son qaroriga ilovaning 196-bandi .

17. Vazirlar Mahkamasining “Tovar xom ashyo birjalari faoliyatiga ilgʻor axborot texnologiyalarini keng joriy etish va elektron tijorat faoliyatini izchil rivojlantirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 18-martdagi 170-son qaroriga 4-ilovaning 3-bandi .

18. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2020-yil 3-iyundagi 348-son qaroriga 1-ilovaning 10-bandi .

19. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni roʻyxatga olish tartibini soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 28-sentabrdagi 593-son qaroriga 4-ilovaning 50-bandi .

20. Vazirlar Mahkamasining “Strategik tashkilotlarni moliyaviy qoʻllab-quvvatlash va ularda qoʻshimcha mahsulot ishlab chiqarish uchun qulay shart-sharoit yaratish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 1-iyuldagi 412-son qarorining 3-bandi .

21. Vazirlar Mahkamasining “Koʻchma savdo faoliyatiga zamonaviy axborot texnologiyalarini yanada keng joriy etish hamda savdo avtomati orqali chakana savdo faoliyatini tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 3-avgustdagi 485-son qaroriga 5-ilovaning 4-bandi .

22. Vazirlar Mahkamasining “Yaratilgan yangi ish oʻrinlarini hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2022-yil 21-dekabrdagi 717-son qaroriga 2-ilovaning 7-bandi .

23. Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 15-iyuldagi 294-son qaroriga 4-ilovaning 1-bandi.

24. Vazirlar Mahkamasining “Yoqilgʻi-energetika sohasida bozor mexanizmlarini joriy etishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 15 sentabrdagi 475-son qaroriga 4-ilovaning 1-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 31-may,

319-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 10.06.2024-y., 09/24/319/0406-son; 28.09.2024-y., 07/24/339/0758-son; 25.11.2024-y., 09/24/780/0962-son; 30.11.2024-y., 09/24/803/0997-son; 23.12.2024-y., 09/24/859/1047-son; 30.12.2024-y., 09/24/894/1094-son; 05.05.2025-y., 09/25/289/0406-son; 20.04.2026-y., 07/26/143/0386-son; 30.04.2026-y., 09/26/213/0433-son; 06.05.2026-y., 09/26/224/0457-son; 08.07.2026-y., 09/26/355/0710-son; 24.09.2026-y., 06/26/202/0965-son; 15.10.2026-y., 09/26/563/1041-son)

lex.uz