UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 13-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 13 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 июня 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 June 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

Маҳаллалар фаолиятини тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 21 декабрдаги ПҚ-402-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, маҳалла институтининг жамиятдаги ролини ошириш, «маҳалла еттилиги» аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш тизимини самарали йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

«Маҳалла еттилиги» аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Кўчабоши ва уйбошилар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги намунавий низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасига:

а) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда:

мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида жамоатчилик орасида тушунтириш ишларини амалга ошириш;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштириш;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

«маҳалла еттилиги» аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ўзларига бириктирилган маъмурий ҳудуддаги тегишли маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш амалиётини йўлга қўйишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳар томонлама кўмаклашиб бориш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларни ҳар томонлама рағбатлантириш чораларини кўриш тавсия этилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига қўшимчалар киритилсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳалла еттилиги», ёшлар сиёсати ва маънавият масалалари департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 334-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Маҳалла еттилиги» аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом «маҳалла еттилиги» аъзолари — фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини (кейинги ўринларда — фуқаролар йиғини) олдида ҳисобот бериш тартибини белгилайди.

2. «Маҳалла еттилиги» аъзолари маҳалла доирасида амалга оширган ишлари бўйича тегишли фуқаролар йиғинларида ҳар чорак якуни бўйича ҳисобот беради.

3. «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг ҳисобот бериш жараёнида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қўриқланадиган давлат, хизмат ва солиқ сирларининг муҳофаза қилиниши ҳамда фуқароларнинг шахсий ва оилавий сирларининг дахлсизлиги таъминланади.

4. «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг ҳисоботлари юзасидан фуқаролар йиғинлари томонидан чиқарилган қарорлар уларнинг фаолияти баҳоланишида инобатга олинади.

5. «Маҳалла еттилиги» аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш йўналишлари

6. Фуқаролар йиғини раиси фуқаролар йиғини олдида қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

фуқаролар йиғини томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси;

маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш, шу жумладан, маҳалла ободлигини сақлаш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш;

маслаҳат марказлари фаолиятини ташкил этиш;

кам таъминланган оилалар, етим болалар, ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, табиий офатлар ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларга ёрдам кўрсатиш;

«маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарорлари асосида кўрсатилган ижтимоий ёрдам ва ажратилган субсидиялар;

кексалар, айниқса, ёлғиз кексаларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш, уларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Кексалар маслаҳати» гуруҳи фаолиятини ташкил этиш;

байрам кунлари ва муҳим саналар билан боғлиқ оммавий тадбирлар ўтказилишини ташкил қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;

маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасини шакллантириш, бошқа маблағлар ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрияларини жалб этиш, шунингдек, жамғарма ва маблағлардан фойдаланиш;

маҳалла ҳудудидаги долзарб муаммолар, шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудга бириктирилган масъул ходимлари, сектор штаби аъзолари, йўл қурилиши, электр энергияси, газ, сув, канализация, коммунал ва ижтимоий соҳа вакилларининг ҳудудда амалга оширган ишлари натижалари юзасидан сектор раҳбари ва Халқ қабулхоналарига киритилган маълумотлар ҳамда улар бўйича кўрилган чоралар;

«маҳалла еттилиги»нинг бошқа аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириш, баҳолаш ва уларни ҳудуддаги биринчи навбатда ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни бартараф этишга йўналтириш ҳамда бу борада амалга оширилган жамоатчилик назорати натижалари;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун мансабдор шахсларга жавобгарлик чораларини қўллаш юзасидан қонунда белгиланган тартибда тегишли давлат органлари ва ташкилотларга киритилган тақдимномалар ва уларнинг натижалари;

«маҳалла еттилиги»нинг бошқа аъзолари фаолияти натижалари бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига киритилган ахборот ва унинг натижалари.

7. Ҳоким ёрдамчиси қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг даромад манбаларини ва томорқа ерларидан самарали фойдаланишини ривожлантириш;

тадбиркорликни, шу жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ташаббускорларга кредит ва субсидиялар ажратиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг тегишли давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ҳал этилишини таъминлаш;

ишсизликнинг олдини олишга қаратилган чоралар кўриш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, уларни бўш иш ўринларига жойлаштириш ёки мустақил фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш;

кооперация асосида етакчи тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш, уларга ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларни бириктириш;

аҳолига иссиқхона қуриш, суғориш қудуқларини бурғилаш, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлиш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш, бино ва иншоотнинг ижара тўлови ҳамда касб-ҳунар ёки тадбиркорликка ўқиши учун субсидиялар ажратиш;

маҳалладаги бўш бино ва ер майдонларини тадбиркорлик субъектларига ажратиш бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар киритиш;

меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларга реинтеграция ёрдами кўрсатилиши ва уларнинг расмий бандлиги таъминланиши;

ўзини ўзи банд қилган ҳамда ташаббускор фуқароларнинг тадбиркорликка қизиқишларини аниқлаш, уларни кичик бизнес субъектига айлантириш;

камбағал оилаларнинг ҳар бири учун «индивидуал дастур» ишлаб чиқиш ва уларнинг даромадини ошириш.

8. Ёшлар етакчиси қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жумладан, уларни «Беш ташаббус олимпиадаси»да иштирок этишга жалб этиш;

ишсиз ёшлар ва мактаб битирувчилари бандлигига кўмаклашиш, жумладан, «Ёшлар бандлиги дастури»ни маҳаллада амалга ошириш;

давлат кўмагига муҳтож «оғир» тоифадаги ёшларга бириктирилган раҳбарлар билан биргаликда уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш;

ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан, шунингдек, профилактика инспектори билан биргаликда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган вояга етмаганлар билан тизимли ишлаш;

«Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, шу жумладан, ёшларга кўрсатиладиган ёрдам турларидан самарали фойдаланиш;

хориждаги ватандош ёшлар билан ишлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш;

иқтидорли ёшларни излаб топиш, истеъдодини рўёбга чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш;

ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, маҳалла ёшларини хорижий тилларни ўрганишга доимий қизиқтириб бориш.

9. Хотин-қизлар фаоли қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

хотин-қизларни манзилли ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим имкониятларини кенгайтириш ва маънавиятини янада юксалтириш;

миграциядан қайтган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган хотин-қизларнинг ижтимоий мослашувига, улар билан манзилли ишлаш орқали зарур ёрдамлар олишларига кўмаклашиш;

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш;

«Аёллар маслаҳат кенгашлари» билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашга кўмаклашиш;

«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш;

хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёллар билан ишлаш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;

оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом овқатланиш ҳамда репродуктив саломатлик қоидаларини оммалаштириш;

олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар фаолларини давлат олий таълим муассасаларига сиртқи таълим шаклида давлат гранти асосида ўқишга тавсиянома бериш амалиётини жорий этиш;

хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини олиб бориш, ижтимоий ходим ва бошқа давлат хизматчилари билан ҳамкорликда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш.

10. Профилактика инспектори қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш;

маҳалла ҳудудидаги криминоген вазиятни мунтазам равишда ўрганиб бориш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича қонунчиликда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш;

аҳоли, айниқса, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган фуқароларга ҳимоя ордерини бериш ва назоратни ўрнатиш;

вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, терроризм, экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоялашга йўналтирилган ишларни амалга ошириш;

бириктирилган ҳудудида паспорт режими қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

пробация ҳисобида турган шахсларни хулқ-атворини назорат қилиш, ўрнатилган чекловларга риоя этишини текшириш, шунингдек, янги жиноят содир этишининг олдини олишда пробация инспекторларига кўмаклашиш;

узоқ муддатга кетган шахслар ҳисобини юритиш, уларнинг қариндошлари билан ишлаш, узоқ муддат мобайнида чет элда бўлиб қайтган шахслар билан профилактик ишларни амалга ошириш.

11. Ижтимоий ходим қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

ота-она қарамоғисиз қолган болаларни аниқлаш, уларга васийлик ва ҳомийлик белгилаш ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар билан ишлаш;

ногиронлиги белгиланмаган шахсларни аниқлаш, уларга кунлик реабилитация хизматларини кўрсатиш, муҳтожларни протез-ортопедия мосламалари билан таъминлаш;

ўзгалар парваришига муҳтож кексалар билан ишлаш ва уларнинг кунлик ҳаёт тарзини ижтимоий хизмат кўрсатиш орқали яхшилаш;

кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларни аниқлаш уларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш;

хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар хонадонидаги аҳволни ўрганиш, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш, уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжи аниқлаш, шу жумладан, уларнинг болаларига таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишга ёрдам бериш.

12. Солиқ инспектори қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

солиқ базасини кенгайтириш;

тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахсларни кичик бизнес тоифасига ўтказиш;

мол-мулк, ер ва даромад солиғини тўловчи шахсларнинг ўз вақтида тўлашларини назорат қилиш;

солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;

аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан нақд пул тушумининг тўлиқ ва ўз вақтида топширилиши устидан мунтазам назоратни таъминлаш;

солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда кўмаклашиш;

тадбиркорларга солиқ хизматларини кўрсатиш, солиқларни ундириш ва маҳалла бюджетининг даромадини шакллантириш;

солиқ маъмуриятчилигини маҳалла даражасида ташкил этиш, солиққа оид ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш юзасидан профилактика тадбирларини ўтказиш;

солиқ қонунчилигини бузиш ҳолатлари ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар.

3-боб. «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг ҳисоботи маҳалла фуқаролар йиғинида кўриб чиқилиши

13. «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг ҳисоботи фуқаролар йиғинида ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасигача эшитилади.

«Маҳалла еттилиги» аъзоларининг ҳисоботини эшитиш бўйича фуқаролар йиғинини чақиришга ҳамда йиғилиш кун тартибини ишлаб чиқишга фуқаролар йиғинининг қарорларини бажариш ва фуқароларнинг йиғинлари оралиғидаги даврда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жорий фаолиятини амалга оширишни таъминлаш мақсадида шакллантириладиган коллегиал ижро органи — фуқаролар йиғини кенгаши масъул ҳисобланади.

Фуқаролар йиғини мажлиси кун тартиби ва регламенти мажлис бўлиб ўтадиган кундан камида бир ҳафта олдин фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.

14. Фуқаролар йиғини мажлиси Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда ташкил этилади ва ўтказилади.

«Маҳалла еттилиги» аъзолари ҳисоботини эшитиш бўйича ўтказиладиган фуқаролар йиғини мажлиси фуқаролар йиғинида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг ярмидан кўпроғи ҳозир бўлган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

15. Фуқаролар йиғинини чақиришнинг имкони бўлмаган тақдирда, «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг ҳисоботи қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролар вакилларининг йиғилишида эшитилади.

16. Фуқаролар йиғини мажлисида «маҳалла еттилиги» аъзоларининг ҳисоботи билан бир қаторда уларнинг кейинги чоракда амалга ошириш режалаштирган вазифалари тўғрисидаги маълумот ҳам эшитилади.

17. Фуқаролар йиғинига (фуқаролар вакиллари йиғилишига) «маҳалла еттилиги» аъзоларининг юқори турувчи ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокими, сектор раҳбарлари, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими раҳбари, давлат органлари ва ташкилотларнинг вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари таклиф этилиши мумкин.

18. Фуқаролар йиғини мажлисини олиб бориш учун раёсат сайланади. Фуқаролар йиғини мажлисини фуқаролар йиғинининг раиси ёки раиснинг маслаҳатчиларидан бири олиб боради.

Фуқаролар йиғини раиси ҳисобот берадиган мажлисда фуқаролар йиғини раисининг маслаҳатчиларидан бири раислик қилади.

Барча масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

19. Фуқаролар йиғини мажлисида йиғилиш ўтказилган сана, ҳозир бўлган фуқаролар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган баённома юритилади.

Фуқаролар йиғини мажлиси баённомаси ва қарори фуқаролар йиғинининг раиси ёки мажлисда раислик қилган унинг маслаҳатчиларидан бири томонидан имзоланади.

4-боб. «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг ҳисоботи бўйича кўриладиган чоралар

20. «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) қарори нусхаси 3 кун муддатда тегишли чораларни кўриш учун:

фуқаролар йиғини раисини рағбатлантириш, интизомий тартибда жазолаш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этиш масалаларини кўриб чиқади;

ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторини рағбатлантириш ёки уларга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш учун уларнинг иш берувчи (юқори турувчи) ташкилотига тақдим этилади.

21. Фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) қарори, йўлланган тақдимнома ҳамда хатлари уларни қабул қилган давлат органлари ва ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши, 15 кун муддат ичида фуқаролар йиғинига жавоб берилиши шарт.

22. «Маҳалла еттилиги» аъзолари ҳисоботини фуқаролар йиғинида муҳокама қилиш натижалари, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши) қарорида кўрсатилган масалалар бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлар томонидан кўрилган чоралар тўғрисида таҳлилий ахборот фуқаролар йиғинлари томонидан ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг якунига қадар сектор раҳбари, Халқ қабулхоналари, тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига киритиб борилади.

5-боб. Якунловчи қоида

23. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

«Маҳалла еттилиги» аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

«Маҳалла еттилиги» аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Фуқаролар йиғини кенгаши 1. Фуқаролар йиғинини чақиради. Ҳар чоракда 2. Фуқаролар йиғини мажлиси кун тартиби ва регламентини ишлаб чиқади. Мажлис кунидан камида бир ҳафта олдин 3. Йиғилиш ўтказиладиган жойи, вақти ва кун тартибидаги масалалар юзасидан иштирокчиларни хабардор қилади. Мажлис кунидан камида 5 кун олдин 2-босқич Фуқаролар йиғини 1. «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг ўзларига бириктирилган маъмурий ҳудуд бўйича ҳисоботини эшитади. Ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар 2. «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича қарор қабул қилади. 1 кун муддатда 3. Қарорни Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг тегишли туман (шаҳар) бўлимига ҳамда «Маҳалла еттилиги» аъзоларининг иш берувчи (юқори турувчи) ташкилотига тақдим этади. 3 кун муддатда 3-босқич Давлат органлари ва ташкилотлар Фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) қарори кўриб чиқилиши натижалари юзасидан фуқаролар йиғинига жавоб беради. 15 кун муддатда 4-босқич Фуқаролар йиғини «Маҳалла еттилиги» аъзолари ҳисоботини муҳокама қилиш натижаларини, фуқаролар йиғини қарорида кўрсатилган масалалар бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлар томонидан кўрилган чоралар тўғрисида таҳлилий ахборотни сектор раҳбари, Халқ қабулхоналари, тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига киритиб боради. Ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг якунига қадар

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 334-сон қарорига 2-ИЛОВА

Кўчабоши ва уйбошиларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Намунавий низом фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида кўчабоши ва уйбошиларни сайлаш, уларнинг мақомини, асосий вазифалари ва функцияларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

кўчабоши — фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчаларнинг локал (маҳаллий) жойлашуви бўйича уларда яшовчи аҳолининг умумий йиғилишида сайланган ва ўзига бириктирилган кўча аҳолиси номидан фуқаролар йиғинида доимий фаолият олиб борадиган фуқаро;

тегишли ҳудуд — фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчалар, кўп квартирали уйлар;

уйбоши — фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп квартирали уйларнинг локал (маҳаллий) жойлашуви бўйича уларда яшовчи аҳолининг умумий йиғилишида сайланган ва ўзига бириктирилган уй аҳолиси номидан фуқаролар йиғинида доимий фаолият олиб борадиган фуқаро;

фуқаролар йиғини кенгаши — фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши) қарорларини бажариш ва фуқаролар йиғинлари оралиғидаги даврда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жорий фаолиятини амалга оширишни таъминлаш мақсадида шакллантириладиган коллегиал ижро органи.

3. Кўчабоши ва уйбоши сифатида ўн саккиз ёшга тўлган ва тегишли ҳудудда доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайланиши мумкин.

Кўчабоши ва уйбоши сифатида сайлашда номзодларнинг ташкилотчилик қобилияти, ҳаётий тажрибаси ва тегишли ҳудуд аҳолиси ўртасида обрў-эътиборга эга бўлишига устунлик берилади.

4. Кўчабоши ва уйбошилар ўз фаолиятини жамоатчилик асосида юритади.

5. Кўчабоши ва уйбошиларни рағбатлантириш тариқасида уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича ҳар ойда компенсация тўловлари Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларни рағбатлантириш тартибини жорий этиш тўғрисида» 2021 йил 23 февралдаги 99-сон қарори асосида тўланади.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаол меҳнат қилаётган кўчабоши ва уйбошиларни рағбатлантириш тариқасида пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирлаши, давлат ва бошқа мукофотларга тавсия этиши мумкин.

6. Кўчабоши ва уйбошиларнинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги низом фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан тасдиқланади.

2-боб. Кўчабоши ва уйбоши сайловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

7. Кўчабоши ва уйбошилар сайлови фуқаролар йиғини кенгаши томонидан қабул қилинадиган қарор асосида ўтказилади.

8. Кўчабоши ва уйбошилар сайлови тегишли ҳудудда доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фуқаролар йиғини раиси раҳбарлигидаги йиғилишда (кейинги ўринларда — йиғилиш) очиқ овоз бериш орқали ўтказилади.

9. Кўчабоши ва уйбоши сайловини ташкил этиш ва ўтказиш санаси, вақти, жойи ҳамда номзодлар тўғрисидаги ахборот фуқаролар йиғини раиси ёки унинг маслаҳатчилари томонидан сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин тегишли ҳудуд фуқаролари эътиборига етказилади.

10. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда тегишли ҳудудда доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар (кейинги ўринларда — сайловчилар) кўчабоши ва уйбошини сайлаш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир сайловчи бир овозга эга бўлади.

Агар кўчабоши ва уйбоши сайловида сайловчиларнинг ярмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб ҳисобланади.

11. Кўчабоши ва уйбоши сайловчилар томонидан беш йил муддатга сайланади.

12. Ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар саноғи фуқаролар йиғини раиси томонидан юритилади.

Сайлов очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилишига фуқаролар йиғини раиси масъул ҳисобланади.

Сайлов натижаси бўйича йиғилиш баённомаси тузилади. Баённома фуқаролар йиғини раиси ва сайловчилар томонидан имзоланади.

13. Сайловчиларнинг ярмидан ортиқ овозини олган номзод кўчабоши ва уйбоши этиб сайланган ҳисобланади.

14. Кўчабоши ва уйбоши сайловини ўтказиш жараёни видеокузатув мосламалари орқали қайд қилиниши ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёритиб борилиши мумкин.

15. Кўчабоши ва уйбошиларнинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилиши мумкин:

ўз вазифаларини зиммасидан соқит қилганда;

умумқабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларини қўпол равишда бузувчи, фуқаролар йиғини обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар ва ножўя ишлар содир этган, шунингдек, ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаган тақдирда;

кўчабоши ва уйбоши вазифасидан озод этиш тўғрисидаги сайловчиларнинг ярмидан ортиғи томонидан ёзма шаклда берилган мурожаати мавжуд бўлганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда ва (ёки) яшаётган ҳудудидан бошқа ҳудудга кўчиб ўтганда;

соғлиғи ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этганда.

16. Кўчабоши ва уйбошиларнинг ваколати муддатидан илгари тугатилган тақдирда, янги сайловлар тегишли фуқаролар йиғини кенгаши қарори асосида ушбу Намунавий низом талабларига риоя этилган ҳолда ўтказилади.

3-боб. Кўчабоши ва уйбошиларнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

17. Қуйидагилар кўчабоши ва уйбошининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўзига бириктирилган кўчалар ёки кўп квартирали уйларда яшовчи аҳолининг рўйхатини шакллантириш;

оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

«Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» мезонларини жорий этишга кўмаклашиш, шунингдек, ўзига бириктирилган кўчалар ёки кўп квартирали уйлар атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, таъмирлаш, шунингдек, болалар майдончаларини ташкил этиш ва жиҳозлашга доир чора-тадбирлар режалари лойиҳаларига таклифлар киритиш;

аҳоли тинчлиги ва хотиржамлигига хавф туғдирувчи ҳолатлар ҳақида фуқаролар йиғини раиси, профилактика инспекторига хабар бериш;

фуқаролар йиғини кенгашининг аъзоси сифатида йиғилишларда аҳолининг истакларини ва ўз таклифларини билдириш;

аҳолини ихтиёрийлик асосида ҳашар ва ободонлаштириш тадбирларига жалб этишга кўмаклашиш;

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга, боқувчисини йўқотган оилаларга, нотинч ва муаммоли оилаларга ёрдам кўрсатиш;

тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

аҳоли томонидан иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланишларини тарғиб қилиш, тегишли ҳудудни намунали сақлашга кўмаклашиш.

18. Кўчабоши ва уйбошилар ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти учун зарур бўлган маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраб олиш;

тегишли ҳудудда оилалар ва муайян шахсларга ёрдам бериш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва иш жараёнида унга ўзгартириш киритиш;

фаолият йўналишига оид у ёки бу масалалар юзасидан қабул қилган қарорларини кўриб чиқиш учун фуқаролар йиғини кенгашига тақдим этиш;

ушбу Намунавий низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида тадбир ва машғулотларга давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини, малакали мутахассисларни ва бошқа шахсларни жалб қилиш.

19. Кўчабоши ва уйбошилар:

ўз фаолиятида қонунчилик ҳужжатларига, мазкур Намунавий низом талабларига қатъий риоя қилиши;

тегишли ҳудуддаги кўча ва кўп квартирали уйларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этишга кўмаклашиши;

мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли ҳудудда фуқаролар билан ишлашда фаол иштирок этиши;

қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли органларга хабар бериши шарт.

20. Кўчабоши ва уйбошиларга ушбу Намунавий низомда назарда тутилганидан ташқари қўшимча вазифалар юкланишига йўл қўйилмайди.

4-боб. Якунловчи қоидалар

21. Кўчабоши ва уйбошилар фаолияти билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

22. Мазкур Намунавий низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 334-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 апрелдаги 206-сон қарори билан тасдиқланган Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-банди «халқ депутатлари Кенгаши» сўзларидан кейин «, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги «маҳалла еттилиги» сўзлари билан тўлдирилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 январдаги 16-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-банди иккинчи хатбошиси «инвестиция таклифларини» сўзларидан кейин «(бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги «маҳалла еттилиги»нинг таклифларини олиниши таъминланади)» сўзлари билан тўлдирилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 13 июнь,

334-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.06.2024 й., 09/24/334/0419-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

NAMUNAVIY NIZOM

Mahallalar faoliyatini tartibga solishga doir normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi faoliyatini yoʻlga qoʻyish va mahallalarda boshqaruv tizimini takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 21-dekabrdagi PQ-402-son qaroriga muvofiq, shuningdek, mahalla institutining jamiyatdagi rolini oshirish, “mahalla yettiligi” aʼzolari tomonidan amalga oshirilgan ishlar boʻyicha mahalla fuqarolar yigʻini oldida hisobot berish tizimini samarali yoʻlga qoʻyish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

“Mahalla yettiligi” aʼzolari tomonidan amalga oshirilgan ishlar boʻyicha mahalla fuqarolar yigʻini oldida hisobot berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Koʻchaboshi va uyboshilar faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston mahallalari uyushmasiga:

a) manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan hamkorlikda:

mazkur qarorning mazmun-mohiyati va ahamiyati toʻgʻrisida jamoatchilik orasida tushuntirish ishlarini amalga oshirish;

oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarini ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirish;

b) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari hamda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda:

“mahalla yettiligi” aʼzolari tomonidan amalga oshirilgan ishlar boʻyicha oʻzlariga biriktirilgan maʼmuriy hududdagi tegishli mahalla fuqarolar yigʻini oldida hisobot berish amaliyotini yoʻlga qoʻyishda fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlariga har tomonlama koʻmaklashib borish;

fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatida faol ishtirok etib kelayotgan fuqarolarni har tomonlama ragʻbatlantirish choralarini koʻrish tavsiya etilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga qoʻshimchalar kiritilsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Vazirlar Mahkamasining “Mahalla yettiligi”, yoshlar siyosati va maʼnaviyat masalalari departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-iyundagi 334-son qaroriga 1-ILOVA

“Mahalla yettiligi” aʼzolari tomonidan amalga oshirilgan ishlar boʻyicha mahalla fuqarolar yigʻini oldida hisobot berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom “mahalla yettiligi” aʼzolari — fuqarolar yigʻini raisi, hokim yordamchisi, yoshlar yetakchisi, xotin-qizlar faoli, profilaktika inspektori, ijtimoiy xodim va soliq inspektori tomonidan amalga oshirilgan ishlar boʻyicha mahalla fuqarolar yigʻini (keyingi oʻrinlarda — fuqarolar yigʻini) oldida hisobot berish tartibini belgilaydi.

2. “Mahalla yettiligi” aʼzolari mahalla doirasida amalga oshirgan ishlari boʻyicha tegishli fuqarolar yigʻinlarida har chorak yakuni boʻyicha hisobot beradi.

3. “Mahalla yettiligi” aʼzolarining hisobot berish jarayonida qonunchilik hujjatlariga muvofiq qoʻriqlanadigan davlat, xizmat va soliq sirlarining muhofaza qilinishi hamda fuqarolarning shaxsiy va oilaviy sirlarining daxlsizligi taʼminlanadi.

4. “Mahalla yettiligi” aʼzolarining hisobotlari yuzasidan fuqarolar yigʻinlari tomonidan chiqarilgan qarorlar ularning faoliyati baholanishida inobatga olinadi.

5. “Mahalla yettiligi” aʼzolari tomonidan amalga oshirilgan ishlar boʻyicha mahalla fuqarolar yigʻini oldida hisobot berish mazkur Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

2-bob. “Mahalla yettiligi” aʼzolarining fuqarolar yigʻini oldida hisobot berish yoʻnalishlari

6. Fuqarolar yigʻini raisi fuqarolar yigʻini oldida quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha hisobot beradi:

fuqarolar yigʻini tomonidan qabul qilingan qarorlar ijrosi;

mahallada ijtimoiy-maʼnaviy muhitni sogʻlomlashtirish va ijtimoiy-iqtisodiy ahvolni yaxshilash, shu jumladan, mahalla obodligini saqlash hamda infratuzilmani rivojlantirish;

maslahat markazlari faoliyatini tashkil etish;

kam taʼminlangan oilalar, yetim bolalar, ota-onasi qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar, shuningdek, tabiiy ofatlar va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlardan jabr koʻrgan fuqarolarga yordam koʻrsatish;

“mahalla yettiligi”ning kollegial qarorlari asosida koʻrsatilgan ijtimoiy yordam va ajratilgan subsidiyalar;

keksalar, ayniqsa, yolgʻiz keksalarning muammolarini manzilli oʻrganish, ularni moddiy va ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash, “Keksalar maslahati” guruhi faoliyatini tashkil etish;

bayram kunlari va muhim sanalar bilan bogʻliq ommaviy tadbirlar oʻtkazilishini tashkil qilish;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish;

mahallaning ijtimoiy-iqtisodiy muammolarini hal etish jamgʻarmasini shakllantirish, boshqa mablagʻlar hamda jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalarini jalb etish, shuningdek, jamgʻarma va mablagʻlardan foydalanish;

mahalla hududidagi dolzarb muammolar, shuningdek, davlat organlari va boshqa tashkilotlarning hududga biriktirilgan masʼul xodimlari, sektor shtabi aʼzolari, yoʻl qurilishi, elektr energiyasi, gaz, suv, kanalizatsiya, kommunal va ijtimoiy soha vakillarining hududda amalga oshirgan ishlari natijalari yuzasidan sektor rahbari va Xalq qabulxonalariga kiritilgan maʼlumotlar hamda ular boʻyicha koʻrilgan choralar;

“mahalla yettiligi”ning boshqa aʼzolari faoliyatini muvofiqlashtirish, baholash va ularni hududdagi birinchi navbatda hal etilishi lozim boʻlgan muammolarni bartaraf etishga yoʻnaltirish hamda bu borada amalga oshirilgan jamoatchilik nazorati natijalari;

fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va ular mansabdor shaxslari tomonidan oʻz vakolatlari doirasida qabul qilgan qarorlarni bajarmaganligi yoki lozim darajada bajarmaganligi uchun mansabdor shaxslarga javobgarlik choralarini qoʻllash yuzasidan qonunda belgilangan tartibda tegishli davlat organlari va tashkilotlarga kiritilgan taqdimnomalar va ularning natijalari;

“mahalla yettiligi”ning boshqa aʼzolari faoliyati natijalari boʻyicha xalq deputatlari tuman (shahar) Kengashlariga kiritilgan axborot va uning natijalari.

7. Hokim yordamchisi quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha hisobot beradi:

aholi bandligini taʼminlash, oilalarning daromad manbalarini va tomorqa yerlaridan samarali foydalanishini rivojlantirish;

tadbirkorlikni, shu jumladan, oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish, tashabbuskorlarga kredit va subsidiyalar ajratish, tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirishga toʻsiq boʻlayotgan muammolarning tegishli davlat organlari va tashkilotlar tomonidan hal etilishini taʼminlash;

ishsizlikning oldini olishga qaratilgan choralar koʻrish, aholi, ayniqsa, yoshlar va xotin-qizlarni kasb-hunar va tadbirkorlikka oʻqitish, ularni boʻsh ish oʻrinlariga joylashtirish yoki mustaqil faoliyatini yoʻlga qoʻyishga koʻmaklashish;

kooperatsiya asosida yetakchi tadbirkorlarga imtiyozli kreditlar ajratish, ularga oʻz tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyish istagida boʻlgan fuqarolarni biriktirish;

aholiga issiqxona qurish, sugʻorish quduqlarini burgʻilash, qishloq xoʻjaligi kooperativiga aʼzo boʻlish, asbob-uskuna va mehnat qurollarini xarid qilish, bino va inshootning ijara toʻlovi hamda kasb-hunar yoki tadbirkorlikka oʻqishi uchun subsidiyalar ajratish;

mahalladagi boʻsh bino va yer maydonlarini tadbirkorlik subyektlariga ajratish boʻyicha tegishli tashkilotlarga takliflar kiritish;

mehnat migratsiyasidan qaytib kelgan shaxslarga reintegratsiya yordami koʻrsatilishi va ularning rasmiy bandligi taʼminlanishi;

oʻzini oʻzi band qilgan hamda tashabbuskor fuqarolarning tadbirkorlikka qiziqishlarini aniqlash, ularni kichik biznes subyektiga aylantirish;

kambagʻal oilalarning har biri uchun “individual dastur” ishlab chiqish va ularning daromadini oshirish.

8. Yoshlar yetakchisi quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha hisobot beradi:

mahallalarda yoshlarning boʻsh vaqtini mazmunli tashkil etish, jumladan, ularni “Besh tashabbus olimpiadasi”da ishtirok etishga jalb etish;

ishsiz yoshlar va maktab bitiruvchilari bandligiga koʻmaklashish, jumladan, “Yoshlar bandligi dasturi”ni mahallada amalga oshirish;

davlat koʻmagiga muhtoj “ogʻir” toifadagi yoshlarga biriktirilgan rahbarlar bilan birgalikda ularning hayotda oʻz oʻrnini topishlariga koʻmaklashish;

huquqbuzarlik sodir etishga moyilligi boʻlgan yoshlar bilan, shuningdek, profilaktika inspektori bilan birgalikda huquqbuzarlik sodir etishga moyilligi boʻlgan voyaga yetmaganlar bilan tizimli ishlash;

“Yoshlar daftari”ga kiritilgan yoshlarning muammolarini hal etish, shu jumladan, yoshlarga koʻrsatiladigan yordam turlaridan samarali foydalanish;

xorijdagi vatandosh yoshlar bilan ishlash va ularni qoʻllab-quvvatlash;

iqtidorli yoshlarni izlab topish, isteʼdodini roʻyobga chiqarish va ularni qoʻllab-quvvatlashga koʻmaklashish;

yoshlar oʻrtasida kitobxonlikni keng targʻib qilish, mahalla yoshlarini xorijiy tillarni oʻrganishga doimiy qiziqtirib borish.

9. Xotin-qizlar faoli quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha hisobot beradi:

xotin-qizlarni manzilli ijtimoiy-huquqiy qoʻllab-quvvatlash va ularning ijtimoiy-siyosiy faolligini oshirish, taʼlim imkoniyatlarini kengaytirish va maʼnaviyatini yanada yuksaltirish;

migratsiyadan qaytgan, jazoni ijro etish muassasalaridan ozod etilgan xotin-qizlarning ijtimoiy moslashuviga, ular bilan manzilli ishlash orqali zarur yordamlar olishlariga koʻmaklashish;

yoshlarni oilaviy hayotga tayyorlash va anʼanaviy oilaviy qadriyatlarni mustahkamlash;

“Ayollar maslahat kengashlari” bilan hamkorlikda ijtimoiy himoyaga muhtoj xotin-qizlarni tadbirkorlikka oʻqitish va tadbirkorlik faoliyatini boshlashga koʻmaklashish;

“Ayollar daftari”ga kiritilgan xotin-qizlar bilan manzilli ishlash;

xotin-qizlarning muammolarini aniqlash, ogʻir ijtimoiy ahvolga tushib qolgan, shu jumladan, nogironligi boʻlgan ayollar bilan ishlash, ularga ijtimoiy-huquqiy, psixologik va moddiy yordam koʻrsatish;

oilalarda sogʻlom turmush tarzini shakllantirish, sogʻlom ovqatlanish hamda reproduktiv salomatlik qoidalarini ommalashtirish;

oliy maʼlumotga ega boʻlmagan xotin-qizlar faollarini davlat oliy taʼlim muassasalariga sirtqi taʼlim shaklida davlat granti asosida oʻqishga tavsiyanoma berish amaliyotini joriy etish;

xotin-qizlarning huquqiy madaniyatini yanada yuksaltirish, ular oʻrtasida huquqbuzarliklar profilaktikasini olib borish, ijtimoiy xodim va boshqa davlat xizmatchilari bilan hamkorlikda xotin-qizlarni tazyiq va zoʻravonliklardan himoya qilish.

10. Profilaktika inspektori quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha hisobot beradi:

mahallada huquqbuzarliklarning oldini olish, jamoat tartibini saqlash va xavfsiz muhitni taʼminlash;

mahalla hududidagi kriminogen vaziyatni muntazam ravishda oʻrganib borish, huquqbuzarliklarni aniqlash va ularga barham berish boʻyicha qonunchilikda belgilangan chora-tadbirlarni amalga oshirish;

aholi, ayniqsa, yoshlar va voyaga yetmaganlar oʻrtasida huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshirish;

tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan fuqarolarga himoya orderini berish va nazoratni oʻrnatish;

voyaga yetmaganlar va yoshlarni Vatanga muhabbat, milliy va umuminsoniy qadriyatlarga hurmat ruhida tarbiyalash, terrorizm, ekstremizm, zoʻravonlik va shafqatsizlik gʻoyalaridan himoyalashga yoʻnaltirilgan ishlarni amalga oshirish;

biriktirilgan hududida pasport rejimi qoidalariga rioya etilishini nazorat qilish;

probatsiya hisobida turgan shaxslarni xulq-atvorini nazorat qilish, oʻrnatilgan cheklovlarga rioya etishini tekshirish, shuningdek, yangi jinoyat sodir etishining oldini olishda probatsiya inspektorlariga koʻmaklashish;

uzoq muddatga ketgan shaxslar hisobini yuritish, ularning qarindoshlari bilan ishlash, uzoq muddat mobaynida chet elda boʻlib qaytgan shaxslar bilan profilaktik ishlarni amalga oshirish.

11. Ijtimoiy xodim quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha hisobot beradi:

ota-ona qaramogʻisiz qolgan bolalarni aniqlash, ularga vasiylik va homiylik belgilash hamda alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar bilan ishlash;

nogironligi belgilanmagan shaxslarni aniqlash, ularga kunlik reabilitatsiya xizmatlarini koʻrsatish, muhtojlarni protez-ortopediya moslamalari bilan taʼminlash;

oʻzgalar parvarishiga muhtoj keksalar bilan ishlash va ularning kunlik hayot tarzini ijtimoiy xizmat koʻrsatish orqali yaxshilash;

kam taʼminlangan va boquvchisini yoʻqotgan oilalarni aniqlash ularga ijtimoiy xizmat koʻrsatish, shuningdek, tazyiq va zoʻravonlikka uchragan xotin-qizlarga ijtimoiy xizmat va yordam koʻrsatish;

xorijda vaqtincha mehnat faoliyatini amalga oshirayotgan fuqarolar xonadonidagi ahvolni oʻrganish, ogʻir ahvolga tushib qolgan va ogʻir ahvolga tushib qolish xavfi yuqori boʻlgan oilalarni muntazam ravishda monitoring qilib borish, ularning ijtimoiy xizmatlar va yordamga boʻlgan ehtiyoji aniqlash, shu jumladan, ularning bolalariga taʼlim, tibbiyot va boshqa ijtimoiy xizmatlardan foydalanishga yordam berish.

12. Soliq inspektori quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha hisobot beradi:

soliq bazasini kengaytirish;

tadbirkorlik faoliyatini qonuniylashtirish hamda oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarni kichik biznes toifasiga oʻtkazish;

mol-mulk, yer va daromad soligʻini toʻlovchi shaxslarning oʻz vaqtida toʻlashlarini nazorat qilish;

soliq toʻlovchilarning huquqiy madaniyatini yuksaltirish;

aholi bilan pulli hisob-kitoblarni amalga oshiruvchi yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan naqd pul tushumining toʻliq va oʻz vaqtida topshirilishi ustidan muntazam nazoratni taʼminlash;

soliq toʻlovchilarga soliq majburiyatlarini bajarishda koʻmaklashish;

tadbirkorlarga soliq xizmatlarini koʻrsatish, soliqlarni undirish va mahalla budjetining daromadini shakllantirish;

soliq maʼmuriyatchiligini mahalla darajasida tashkil etish, soliqqa oid huquqbuzarliklarni barvaqt aniqlash va ularning oldini olish yuzasidan profilaktika tadbirlarini oʻtkazish;

soliq qonunchiligini buzish holatlari hamda ularning oldini olishga qaratilgan chora-tadbirlar.

3-bob. “Mahalla yettiligi” aʼzolarining hisoboti mahalla fuqarolar yigʻinida koʻrib chiqilishi

13. “Mahalla yettiligi” aʼzolarining hisoboti fuqarolar yigʻinida har chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning 10-sanasigacha eshitiladi.

“Mahalla yettiligi” aʼzolarining hisobotini eshitish boʻyicha fuqarolar yigʻinini chaqirishga hamda yigʻilish kun tartibini ishlab chiqishga fuqarolar yigʻinining qarorlarini bajarish va fuqarolarning yigʻinlari oraligʻidagi davrda fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organlarining joriy faoliyatini amalga oshirishni taʼminlash maqsadida shakllantiriladigan kollegial ijro organi — fuqarolar yigʻini kengashi masʼul hisoblanadi.

Fuqarolar yigʻini majlisi kun tartibi va reglamenti majlis boʻlib oʻtadigan kundan kamida bir hafta oldin fuqarolar yigʻini kengashi tomonidan tasdiqlanadi.

14. Fuqarolar yigʻini majlisi Oʻzbekiston Respublikasining “Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan tartibda tashkil etiladi va oʻtkaziladi.

“Mahalla yettiligi” aʼzolari hisobotini eshitish boʻyicha oʻtkaziladigan fuqarolar yigʻini majlisi fuqarolar yigʻinida qatnashish huquqiga ega boʻlgan aholining yarmidan koʻprogʻi hozir boʻlgan taqdirda, vakolatli hisoblanadi.

15. Fuqarolar yigʻinini chaqirishning imkoni boʻlmagan taqdirda, “Mahalla yettiligi” aʼzolarining hisoboti qonunchilikda belgilangan tartibda fuqarolar vakillarining yigʻilishida eshitiladi.

16. Fuqarolar yigʻini majlisida “mahalla yettiligi” aʼzolarining hisoboti bilan bir qatorda ularning keyingi chorakda amalga oshirish rejalashtirgan vazifalari toʻgʻrisidagi maʼlumot ham eshitiladi.

17. Fuqarolar yigʻiniga (fuqarolar vakillari yigʻilishiga) “mahalla yettiligi” aʼzolarining yuqori turuvchi tashkilotlari rahbarlari, shuningdek, tuman (shahar) hokimi, sektor rahbarlari, xalq deputatlari tuman (shahar) Kengashi deputatlari, Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining tuman (shahar) boʻlimi rahbari, davlat organlari va tashkilotlarning vakillari hamda ommaviy axborot vositalari taklif etilishi mumkin.

18. Fuqarolar yigʻini majlisini olib borish uchun rayosat saylanadi. Fuqarolar yigʻini majlisini fuqarolar yigʻinining raisi yoki raisning maslahatchilaridan biri olib boradi.

Fuqarolar yigʻini raisi hisobot beradigan majlisda fuqarolar yigʻini raisining maslahatchilaridan biri raislik qiladi.

Barcha masalalar boʻyicha qarorlar oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi.

19. Fuqarolar yigʻini majlisida yigʻilish oʻtkazilgan sana, hozir boʻlgan fuqarolar soni, kun tartibi va qabul qilingan qarorlar koʻrsatilgan bayonnoma yuritiladi.

Fuqarolar yigʻini majlisi bayonnomasi va qarori fuqarolar yigʻinining raisi yoki majlisda raislik qilgan uning maslahatchilaridan biri tomonidan imzolanadi.

4-bob. “Mahalla yettiligi” aʼzolarining hisoboti boʻyicha koʻriladigan choralar

20. “Mahalla yettiligi” aʼzolarining hisobotini eshitish yakunlari boʻyicha fuqarolar yigʻinining (fuqarolar vakillari yigʻilishining) qarori nusxasi 3 kun muddatda tegishli choralarni koʻrish uchun:

fuqarolar yigʻini raisini ragʻbatlantirish, intizomiy tartibda jazolash yoki egallab turgan lavozimidan ozod etish masalalarini koʻrib chiqadi;

hokim yordamchisi, yoshlar yetakchisi, xotin-qizlar faoli, profilaktika inspektori, ijtimoiy xodim va soliq inspektorini ragʻbatlantirish yoki ularga nisbatan egallab turgan lavozimidan ozod etishgacha boʻlgan jazo choralarini qoʻllash uchun ularning ish beruvchi (yuqori turuvchi) tashkilotiga taqdim etiladi.

21. Fuqarolar yigʻinining (fuqarolar vakillari yigʻilishining) qarori, yoʻllangan taqdimnoma hamda xatlari ularni qabul qilgan davlat organlari va tashkilotlar tomonidan koʻrib chiqilishi, 15 kun muddat ichida fuqarolar yigʻiniga javob berilishi shart.

22. “Mahalla yettiligi” aʼzolari hisobotini fuqarolar yigʻinida muhokama qilish natijalari, fuqarolar yigʻini (fuqarolar vakillari yigʻilishi) qarorida koʻrsatilgan masalalar boʻyicha tegishli davlat organlari va tashkilotlar tomonidan koʻrilgan choralar toʻgʻrisida tahliliy axborot fuqarolar yigʻinlari tomonidan har chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning yakuniga qadar sektor rahbari, Xalq qabulxonalari, tegishli xalq deputatlari tuman (shahar) Kengashiga kiritib boriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoida

23. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

“Mahalla yettiligi” aʼzolari tomonidan amalga oshirilgan ishlar boʻyicha mahalla fuqarolar yigʻini oldida hisobot berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

“Mahalla yettiligi” aʼzolari tomonidan amalga oshirilgan ishlar boʻyicha mahalla fuqarolar yigʻini oldida hisobot berish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Fuqarolar yigʻini kengashi 1. Fuqarolar yigʻinini chaqiradi. Har chorakda 2. Fuqarolar yigʻini majlisi kun tartibi va reglamentini ishlab chiqadi. Majlis kunidan kamida bir hafta oldin 3. Yigʻilish oʻtkaziladigan joyi, vaqti va kun tartibidagi masalalar yuzasidan ishtirokchilarni xabardor qiladi. Majlis kunidan kamida 5 kun oldin 2-bosqich Fuqarolar yigʻini 1. “Mahalla yettiligi” aʼzolarining oʻzlariga biriktirilgan maʼmuriy hudud boʻyicha hisobotini eshitadi. Har chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning 10-sanasiga qadar 2. “Mahalla yettiligi” aʼzolarining hisobotini eshitish yakunlari boʻyicha qaror qabul qiladi. 1 kun muddatda 3. Qarorni Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining tegishli tuman (shahar) boʻlimiga hamda “Mahalla yettiligi” aʼzolarining ish beruvchi (yuqori turuvchi) tashkilotiga taqdim etadi. 3 kun muddatda 3-bosqich Davlat organlari va tashkilotlar Fuqarolar yigʻinining (fuqarolar vakillari yigʻilishining) qarori koʻrib chiqilishi natijalari yuzasidan fuqarolar yigʻiniga javob beradi. 15 kun muddatda 4-bosqich Fuqarolar yigʻini “Mahalla yettiligi” aʼzolari hisobotini muhokama qilish natijalarini, fuqarolar yigʻini qarorida koʻrsatilgan masalalar boʻyicha tegishli davlat organlari va tashkilotlar tomonidan koʻrilgan choralar toʻgʻrisida tahliliy axborotni sektor rahbari, Xalq qabulxonalari, tegishli xalq deputatlari tuman (shahar) Kengashiga kiritib boradi. Har chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning yakuniga qadar

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-iyundagi 334-son qaroriga 2-ILOVA

Koʻchaboshi va uyboshilarning faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Namunaviy nizom fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarida koʻchaboshi va uyboshilarni saylash, ularning maqomini, asosiy vazifalari va funksiyalarini hamda faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Namunaviy nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

koʻchaboshi — fuqarolar yigʻini hududidagi koʻchalarning lokal (mahalliy) joylashuvi boʻyicha ularda yashovchi aholining umumiy yigʻilishida saylangan va oʻziga biriktirilgan koʻcha aholisi nomidan fuqarolar yigʻinida doimiy faoliyat olib boradigan fuqaro;

tegishli hudud — fuqarolar yigʻini hududidagi koʻchalar, koʻp kvartirali uylar;

uyboshi — fuqarolar yigʻini hududidagi koʻp kvartirali uylarning lokal (mahalliy) joylashuvi boʻyicha ularda yashovchi aholining umumiy yigʻilishida saylangan va oʻziga biriktirilgan uy aholisi nomidan fuqarolar yigʻinida doimiy faoliyat olib boradigan fuqaro;

fuqarolar yigʻini kengashi — fuqarolar yigʻini (fuqarolar vakillari yigʻilishi) qarorlarini bajarish va fuqarolar yigʻinlari oraligʻidagi davrda fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organlarining joriy faoliyatini amalga oshirishni taʼminlash maqsadida shakllantiriladigan kollegial ijro organi.

3. Koʻchaboshi va uyboshi sifatida oʻn sakkiz yoshga toʻlgan va tegishli hududda doimiy yoki vaqtincha istiqomat qilayotgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari saylanishi mumkin.

Koʻchaboshi va uyboshi sifatida saylashda nomzodlarning tashkilotchilik qobiliyati, hayotiy tajribasi va tegishli hudud aholisi oʻrtasida obroʻ-eʼtiborga ega boʻlishiga ustunlik beriladi.

4. Koʻchaboshi va uyboshilar oʻz faoliyatini jamoatchilik asosida yuritadi.

5. Koʻchaboshi va uyboshilarni ragʻbatlantirish tariqasida ularga kommunal xizmatlar uchun majburiy toʻlovlar boʻyicha har oyda kompensatsiya toʻlovlari Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatida faol ishtirok etib kelayotgan fuqarolarni ragʻbatlantirish tartibini joriy etish toʻgʻrisida” 2021-yil 23-fevraldagi 99-son qarori asosida toʻlanadi.

Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faol mehnat qilayotgan koʻchaboshi va uyboshilarni ragʻbatlantirish tariqasida pul mukofoti va esdalik sovgʻalari bilan taqdirlashi, davlat va boshqa mukofotlarga tavsiya etishi mumkin.

6. Koʻchaboshi va uyboshilarning faoliyatini tartibga solish toʻgʻrisidagi nizom fuqarolar yigʻini majlisi (fuqarolar vakillarining yigʻilishi) qarori bilan tasdiqlanadi.

2-bob. Koʻchaboshi va uyboshi saylovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi

7. Koʻchaboshi va uyboshilar saylovi fuqarolar yigʻini kengashi tomonidan qabul qilinadigan qaror asosida oʻtkaziladi.

8. Koʻchaboshi va uyboshilar saylovi tegishli hududda doimiy yoki vaqtincha istiqomat qilayotgan fuqarolarning fuqarolar yigʻini raisi rahbarligidagi yigʻilishda (keyingi oʻrinlarda — yigʻilish) ochiq ovoz berish orqali oʻtkaziladi.

9. Koʻchaboshi va uyboshi saylovini tashkil etish va oʻtkazish sanasi, vaqti, joyi hamda nomzodlar toʻgʻrisidagi axborot fuqarolar yigʻini raisi yoki uning maslahatchilari tomonidan saylov oʻtkazilishidan kamida besh kun oldin tegishli hudud fuqarolari eʼtiboriga yetkaziladi.

10. Oʻzbekiston Respublikasining oʻn sakkiz yoshga toʻlgan hamda tegishli hududda doimiy yoki vaqtincha istiqomat qilayotgan fuqarolar (keyingi oʻrinlarda — saylovchilar) koʻchaboshi va uyboshini saylash huquqiga ega.

Har bir saylovchi bir ovozga ega boʻladi.

Agar koʻchaboshi va uyboshi saylovida saylovchilarning yarmidan kamrogʻi ishtirok etgan boʻlsa, saylov oʻtmagan deb hisoblanadi.

11. Koʻchaboshi va uyboshi saylovchilar tomonidan besh yil muddatga saylanadi.

12. Har bir nomzodni yoqlab berilgan ovozlar sanogʻi fuqarolar yigʻini raisi tomonidan yuritiladi.

Saylov ochiq va shaffof tarzda oʻtkazilishiga fuqarolar yigʻini raisi masʼul hisoblanadi.

Saylov natijasi boʻyicha yigʻilish bayonnomasi tuziladi. Bayonnoma fuqarolar yigʻini raisi va saylovchilar tomonidan imzolanadi.

13. Saylovchilarning yarmidan ortiq ovozini olgan nomzod koʻchaboshi va uyboshi etib saylangan hisoblanadi.

14. Koʻchaboshi va uyboshi saylovini oʻtkazish jarayoni videokuzatuv moslamalari orqali qayd qilinishi va Internet jahon axborot tarmogʻida yoritib borilishi mumkin.

15. Koʻchaboshi va uyboshilarning vakolatlari quyidagi hollarda muddatidan ilgari tugatilishi mumkin:

oʻz vazifalarini zimmasidan soqit qilganda;

umumqabul qilingan odob-axloq normalarini qoʻpol ravishda buzuvchi, fuqarolar yigʻini obroʻsiga putur yetkazuvchi xatti-harakatlar va nojoʻya ishlar sodir etgan, shuningdek, oʻz vazifalarini muntazam ravishda uzrli sabablarsiz bajarmagan taqdirda;

koʻchaboshi va uyboshi vazifasidan ozod etish toʻgʻrisidagi saylovchilarning yarmidan ortigʻi tomonidan yozma shaklda berilgan murojaati mavjud boʻlganda;

belgilangan tartibda muomalaga layoqatsiz deb topilganda;

unga nisbatan sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirganda;

sudning qonuniy kuchga kirgan hal qiluv qarori asosida bedarak yoʻqolgan deb topilgan yoxud vafot etgan deb eʼlon qilinganda;

Oʻzbekiston Respublikasi fuqaroligini yoʻqotganda va (yoki) yashayotgan hududidan boshqa hududga koʻchib oʻtganda;

sogʻligʻi holati yoki boshqa uzrli sabablarga koʻra oʻz vazifalarini bajara olmay qolganda;

vafot etganda.

16. Koʻchaboshi va uyboshilarning vakolati muddatidan ilgari tugatilgan taqdirda, yangi saylovlar tegishli fuqarolar yigʻini kengashi qarori asosida ushbu Namunaviy nizom talablariga rioya etilgan holda oʻtkaziladi.

3-bob. Koʻchaboshi va uyboshilarning asosiy vazifalari, huquqlari va majburiyatlari

17. Quyidagilar koʻchaboshi va uyboshining asosiy vazifalari hisoblanadi:

oʻziga biriktirilgan koʻchalar yoki koʻp kvartirali uylarda yashovchi aholining roʻyxatini shakllantirish;

oilalardagi ijtimoiy-maʼnaviy muhitni oʻrganish hamda aniqlangan muammolarni hal qilish boʻyicha fuqarolar yigʻini kengashiga takliflar kiritish;

“Obod xonadon”, “Obod koʻcha” va “Obod mahalla” mezonlarini joriy etishga koʻmaklashish, shuningdek, oʻziga biriktirilgan koʻchalar yoki koʻp kvartirali uylar atrofini obodonlashtirish, koʻkalamzorlashtirish, taʼmirlash, shuningdek, bolalar maydonchalarini tashkil etish va jihozlashga doir chora-tadbirlar rejalari loyihalariga takliflar kiritish;

aholi tinchligi va xotirjamligiga xavf tugʻdiruvchi holatlar haqida fuqarolar yigʻini raisi, profilaktika inspektoriga xabar berish;

fuqarolar yigʻini kengashining aʼzosi sifatida yigʻilishlarda aholining istaklarini va oʻz takliflarini bildirish;

aholini ixtiyoriylik asosida hashar va obodonlashtirish tadbirlariga jalb etishga koʻmaklashish;

oʻzgalar parvarishiga muhtoj yolgʻiz yashovchi hamda yolgʻiz keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga, boquvchisini yoʻqotgan oilalarga, notinch va muammoli oilalarga yordam koʻrsatish;

toʻy-hashamlar, oilaviy tantanalar, maʼraka va marosimlar, marhumlarning xotirasiga bagʻishlangan tadbirlar oʻtkazilishini tartibga solish masalalari boʻyicha fuqarolar yigʻini kengashiga takliflar kiritish;

aholi tomonidan issiqlik va elektr energiyasidan, issiq va sovuq suvdan tejamli foydalanishlarini targʻib qilish, tegishli hududni namunali saqlashga koʻmaklashish.

18. Koʻchaboshi va uyboshilar oʻziga yuklangan vazifalarga muvofiq quyidagi huquqlarga ega:

faoliyati uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni tegishli tashkilotlardan belgilangan tartibda soʻrab olish;

tegishli hududda oilalar va muayyan shaxslarga yordam berish boʻyicha chora-tadbirlar ishlab chiqish, tasdiqlash va ish jarayonida unga oʻzgartirish kiritish;

faoliyat yoʻnalishiga oid u yoki bu masalalar yuzasidan qabul qilgan qarorlarini koʻrib chiqish uchun fuqarolar yigʻini kengashiga taqdim etish;

ushbu Namunaviy nizomda belgilangan vazifalarni amalga oshirish maqsadida tadbir va mashgʻulotlarga davlat tashkilotlari va nodavlat notijorat tashkilotlarning vakillarini, malakali mutaxassislarni va boshqa shaxslarni jalb qilish.

19. Koʻchaboshi va uyboshilar:

oʻz faoliyatida qonunchilik hujjatlariga, mazkur Namunaviy nizom talablariga qatʼiy rioya qilishi;

tegishli hududdagi koʻcha va koʻp kvartirali uylarda obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish ishlarini tashkil etishga koʻmaklashishi;

mutasaddi tashkilotlar tomonidan tegishli hududda fuqarolar bilan ishlashda faol ishtirok etishi;

qonun buzilishi holatlari aniqlangan hollarda tegishli organlarga xabar berishi shart.

20. Koʻchaboshi va uyboshilarga ushbu Namunaviy nizomda nazarda tutilganidan tashqari qoʻshimcha vazifalar yuklanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

21. Koʻchaboshi va uyboshilar faoliyati bilan bogʻliq nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

22. Mazkur Namunaviy nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-iyundagi 334-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 21-apreldagi 206-son qarori bilan tasdiqlangan Ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 12-bandi “xalq deputatlari Kengashi” soʻzlaridan keyin “, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari huzuridagi “mahalla yettiligi” soʻzlari bilan toʻldirilsin.

2. Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-yanvardagi 16-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini shakllantirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 12-bandi ikkinchi xatboshisi “investitsiya takliflarini” soʻzlaridan keyin “(bunda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari huzuridagi “mahalla yettiligi”ning takliflarini olinishi taʼminlanadi)” soʻzlari bilan toʻldirilsin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 13-iyun,

334-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 14.06.2024-y., 09/24/334/0419-son)

lex.uz