UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 13-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 13 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 июня 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 June 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва ундаги маблағларнинг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 2 сентябрдаги ПҚ-291-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва ундаги маблағларнинг ҳисобини юритиш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 378-моддасига мувофиқ солиқ тўловчилар иш ҳақининг ва бошқа даромадларининг маҳаллий фонд бозорида эмиссия қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун шахсий инвестиция ҳисобварағига йўналтириладиган қисми тегишли шартлар асосида солиқ солинмайдиган даромад турларига киритилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги ПҚ-291-сон қарори билан тасдиқланган 2023 — 2025 йилларда капитал бозорини ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»нинг 17-бандида шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва пул маблағларининг ҳисобини юритиш тартибини ишлаб чиқиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва ундаги маблағларнинг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва ундан фойдаланиш мақсадлари;

шахсий инвестиция ҳисобварағидаги маблағларнинг ҳисобини юритиш ва уларнинг ҳолати тўғрисида маълумотларни тақдим этиш тартиби;

шахсий инвестиция ҳисобварағига йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлар бўйича имтиёзларни қўллаш тартиби;

шахсий инвестиция ҳисобварағини ёпиш тартиби.

3. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва унинг аҳамияти юзасидан кенг тушунтириш ишларини амалга оширсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Д.Р. Ли зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 331-сон қарорига ИЛОВА

Шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва ундаги маблағларнинг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисида

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш, юритиш ва ёпиш, шунингдек, ундаги маблағларни ҳисобга олиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу низомда қуйидаги тушунчалар қўлланади:

бадал — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мижознинг шахсий инвестиция ҳисобварағига йўналтириладиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган иш ҳақи ёки бошқа даромадининг бир қисми;

ваколатли орган — қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, шунингдек, уни назорат қилиш учун масъул бўлган қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи;

мижоз — шахсий инвестиция ҳисобварағи очилган пайтда Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти ҳисобланган жисмоний шахс;

инвестиция воситачиси — фонд ва (ёки) валюта биржаси аъзоси бўлган, қимматли қоғозлар билан битимлар ва операцияларни мижознинг топшириғига биноан унинг номидан ва ҳисобидан амалга оширувчи қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси;

шартнома — шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва юритишни назарда тутувчи брокерлик ва депозитарий хизматларини кўрсатиш шартномаси;

шахсий инвестиция ҳисобварағи (ШИҲ) — ушбу Низом талабларини бажариш мақсадида инвестиция воситачиси томонидан мижознинг қимматли қоғозлари ва пул маблағларини ҳисобга олиш учун очиладиган ҳисобварақ.

II. Шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш тартиби

3. ШИҲ мижоз билан тузиладиган шартнома асосида инвестиция воситачиси томонидан очилади ва юритилади.

4. Мижоз бадаллар қабул қиладиган фақат битта ШИҲга эга бўлишга ҳақли.

5. ШИҲни очиш учун мижоз инвестиция воситачисига жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), телефон рақами ва электрон почта манзили кўрсатилган аризани та кд им этади, шунингдек, шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини илова қилади. Инвестиция воситачиси, агар қонун ҳужжатлари талаблари ёки ички тартиб-қоидаларни бажариш учун зарур бўлса, қўшимча маълумотларни сўраш ҳуқуқига эга.

6. ШИҲ инвестиция воситачиси томонидан мижознинг тегишли аризаси келиб тушган санадан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай очилади.

Инвестиция воситачиси электрон ҳужжат айланиши воситаларидан фойдаланган ҳолда мижозни масофадан идентификациялаш ва ШИҲни очишга ҳақли.

7. Мижоз қуйидаги шартларга риоя қилган ҳолда бошқа инвестиция воситачисида янги ШИҲни очишга ҳақли:

илгари бошқа инвестиция воситачисида очилган ШИҲ янги ШИҲ очилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида ёпилиши шарт;

мижознинг қимматли қоғозлари ва (ёки) пул маблағлари юқорида кўрсатилган ўн кунлик муддат ичида аввалги ШИҲдан янгисига ўтказилади. Бунда қимматли қоғозлар ва (ёки) пул маблағларини янги очилган ШИҲга ўтказиш муайян давр мобайнида пул маблағларини киритишнинг белгиланган чегарасини бузиш деб ҳисобланмайди;

мижоз янги ШИҲни очаётган инвестиция воситачисига ШИҲни ёпаётган инвестиция воситачисидан киритилган пул маблағлари ҳамда қимматли қоғозларни сотиб олишга йўналтирилган маблағларнинг саналари ва миқдорлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотномани тақдим этади.

8. ШИҲни ёпаётган инвестиция воситачиси мижознинг талабига кўра беш иш куни ичида бошқа инвестиция воситачисига мижознинг ШИҲга нисбатан қўлланадиган солиқ имтиёзларини тўғри ҳисоблаб чиқиш имконини берадиган шаклда киритилган пул маблағлари ва қимматли қоғозларни олишга йўналтирилган маблағларнинг саналари ҳамда микдорлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотномани бериши шарт.

9. ШИҲ қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган ҳисобварақларни юритиш ва ҳисоботларни тақдим этишни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ очилади, юритилади ва ёпилади.

III. Шахсий инвестиция ҳисобварағидаги маблағларнинг ҳисобини юритиш тартиби

10. Инвестиция воситачиси солиқ даври (календарь йил) мобайнида ШИҲга киритилган бадаллар ҳисобини юритади.

11. ШИҲга бадаллар фақат Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида киритилади.

12. Бир солиқ даври мобайнида ШИҲга йўналтирилган пул маблағларининг умумий суммаси энг кам иш ҳақининг юз бараваридан ошмаслиги лозим. Бунда бир календарь ой давомида ШИҲга ўтказиладиган маблағлар суммаси энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан ошмаслиги шарт.

13. ШИҲга белгиланган чегаравий бадал миқдоридан ортиқча маблағ келиб тушган тақдирда, ортиқча сумма пул маблағлари келиб тушган ҳисобвараққа маблағлар келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай қайтарилиши шарт.

14. ШИҲда ҳисобга олинадиган қимматли қоғозлар бўйича олинадиган дивидендлар ва (ёки) купон тўловлари мижознинг кўрсатмасига биноан унинг инвестиция воситачисида очилган бошқа ҳисобварағига (мавжуд бўлса) ёки банк ҳисобварағига йўналтирилади.

15. ШИҲга киритилган маблағлар фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун ишлатилиши мумкин.

16. ШИҲда ҳисобга олинадиган бадаллар суммаси улар биринчи марта келиб тушган санадан бошлаб камида ўн икки ой давомида ШИҲда сақланиб, қимматли қоғозларни сотиб олиш учун фойдаланилган тақдирда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

Қимматли қоғозлар ва (ёки) пул маблағлари бошқа инвестиция воситачисида янги очилган ШИҲга ўтказилганда, мижознинг биринчи очилган ШИҲга илк бадали келиб тушган санаси пул маблағлари биринчи келиб тушган сана ҳисобланади.

17. Мижоз қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ШИҲни инвестиция активларининг ишончли бошқарувчисига бошқарувга топширишга ҳақли.

IV. Шахсий инвестиция ҳисобварағини ёпиш тартиби

18. Мижоз исталган вақтда ШИҲни ёпишга ва инвестиция воситачисига ҳисобварақни ёпиш тўғрисида ариза бериш орқали, шу жумладан, масофадан туриб, унга киритилган пул маблағларини ва (ёки) ундаги қимматли қоғозларни қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

19. Мижознинг ташаббуси билан пул маблағлари ШИҲга биринчи марта ўтказилган санадан бошлаб ўн икки ойлик муддат ўтмасидан олдин пул маблағлари ва (ёки) қимматли қоғозлар ШИҲдан чиқарилган тақдирда, киритилган пул маблағларига солиқ солинади — улардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушлаб қолинади, бундан пул маблағлари ва (ёки) қимматли қоғозлар янги ШИҲга ўтказилган ҳоллар мустасно.

20. Инвестиция воситачисининг ташаббуси билан пул маблағлари ШИҲга биринчи марта ўтказилган санадан бошлаб ўн икки ойлик муддат ўтмасдан олдин ШИҲ ёпилган тақдирда, мижозда солиқ мажбуриятлари вужудга келмайди. Бунда инвестиция воситачиси мижознинг ҳисобварағидаги пул маблағларини ва (ёки) қимматли қоғозларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мижоз томонидан бошқа инвестиция воситачисида очилган ШИҲга ёхуд Марказий депозитарийдаги тегишли ҳисобвараққа ўтказиши шарт.

21. ШИҲдан пул маблағлари ва (ёки) қимматли қоғозларни фақат уни ёпиш билан бир вақтда чиқаришга рухсат этилади. ШИҲдан пул маблағлари ва (ёки) қимматли қоғозларни қисман чиқаришга йўл қўйилмайди.

ШИҲ фақат ундаги барча қимматли қоғозлар сотилгандан ёки мижознинг кўрсатмасига биноан бошқа ШИҲга ёхуд бошқа ҳисобварағига ўтказилгандан кейин ёпилиши мумкин.

22. ШИҲдаги қимматли қоғозларни тўлиқ сотиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, мазкур қимматли қоғозларнинг сотилмаган қисми беш иш кунидан кечиктирмай мижознинг кўрсатмасида кўрсатилган ҳисобварағига ўтказилиши лозим.

23. Инвестиция воситачиси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ШИҲни ёпиш муносабати билан юзага келадиган солиқларни ҳисоблаб чиқади ва ушлаб қолади. Ушлаб қолинган солиқ суммалари ШИҲ ёпилган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай бюджетга ўтказилиши шарт. Солиқлар ушлаб қолингандан сўнг қолган маблағ мижоз кўрсатмасида кўрсатилган ҳисобвараққа ўтказилади.

24. ШИҲ пул маблағлари ШИҲга биринчи марта ўтказилган санадан бошлаб ўн икки ойлик муддат ўтмасидан олдин ёпилганда (пул маблағлари ва (ёки) қимматли қоғозларни бошқа ШИҲга ўтказиш муносабати билан ёпиш ҳоллари бундан мустасно), инвестиция воситачиси ушбу ёпилиш билан боғлиқ тўланиши лозим бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини ҳисоблайди.

Агар солиқни тўлаш пайтида ШИҲдаги пул маблағлари қолдиғи мижознинг юзага келган солиқ мажбуриятини қопламаса, ушбу ШИҲдан пул маблағлари ва (ёки) қимматли қоғозларни чиқаришга рухсат берилмайди.

25. Мижознинг пул маблағлари ШИҲга биринчи марта ўтказилган санадан бошлаб ўн икки ой ўтгач ШИҲдан ечиб олинган ҳолларда инвестиция воситачиси ўтган давр учун ШИҲга киритилган бадаллар суммаси билан ШИҲдан қимматли қоғозларни сотиб олишга йўналтирилган пул маблағлари суммаси (шу жумладан, қимматли қоғозларни сотиб олишда мижоз томонидан тўланган воситачилик тўловлар суммаси) ўртасидаги фарқни аниқлайди.

Агар ШИҲга киритилган бадаллар суммаси қимматли қоғозларни сотиб олишга йўналтирилган маблағлар суммасидан (шу жумладан, қимматли қоғозларни сотиб олишда мижоз томонидан тўланган воситачилик тўловлари суммасидан) ортиқ бўлса, ушбу ортиқча сумма ШИҲдан ечиб олинаётганда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилади.

26. Инвестиция воситачиси мижоздан тегишли ариза қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни муддатида ШИҲни ёпиши шарт.

V. Якуний қоидалар

27. Инвестиция воситачиси ҳар ойда солиқ органларига мижозлар томонидан ШИҲни ёпиш муносабати билан юзага келган солиқ мажбуриятлари тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси белгилаган тартибда электрон шаклда тақдим этади.

28. Инвестиция воситачилари ва инвестиция активларининг ишончли бошқарувчилари мижознинг сўровига кўра унинг ШИҲдаги қимматли қоғозлари ва пул маблағларининг ҳолати тўғрисидаги маълумотни тақдим этишлари шарт.

29. ШИҲ билан боғлиқ маълумотларни ошкор қилиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.

30. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.

31. Ушбу Низом билан тартибга солинмаган масалалар Ўзбекистон Республикасининг қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва инвестиция воситачилари фаолиятига татбиқ этиладиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 13 июнь,

331-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.06.2024 й., 09/24/331/0421-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Shaxsiy investitsiya hisobvaragʻini ochish va undagi mablagʻlarning hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kapital bozorini rivojlantirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 2-sentabrdagi PQ-291-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, shaxsiy investitsiya hisobvaragʻini ochish va undagi mablagʻlarning hisobini yuritish tartibini belgilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksining 378-moddasiga muvofiq soliq toʻlovchilar ish haqining va boshqa daromadlarining mahalliy fond bozorida emissiya qilingan qimmatli qogʻozlarni sotib olish uchun shaxsiy investitsiya hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladigan qismi tegishli shartlar asosida soliq solinmaydigan daromad turlariga kiritilganligi;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 2-sentabrdagi PQ-291-son qarori bilan tasdiqlangan 2023 — 2025-yillarda kapital bozorini rivojlantirish boʻyicha “yoʻl xaritasi”ning 17-bandida shaxsiy investitsiya hisobvaragʻini ochish va pul mablagʻlarining hisobini yuritish tartibini ishlab chiqish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Shaxsiy investitsiya hisobvaragʻini ochish va undagi mablagʻlarning hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

shaxsiy investitsiya hisobvaragʻini ochish va undan foydalanish maqsadlari;

shaxsiy investitsiya hisobvaragʻidagi mablagʻlarning hisobini yuritish va ularning holati toʻgʻrisida maʼlumotlarni taqdim etish tartibi;

shaxsiy investitsiya hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladigan ish haqi va boshqa daromadlar boʻyicha imtiyozlarni qoʻllash tartibi;

shaxsiy investitsiya hisobvaragʻini yopish tartibi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi bilan birgalikda bir oy muddatda shaxsiy investitsiya hisobvaragʻini ochish va uning ahamiyati yuzasidan keng tushuntirish ishlarini amalga oshirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori D.R. Li zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-iyundagi 331-son qaroriga ILOVA

Shaxsiy investitsiya hisobvaragʻini ochish va undagi mablagʻlarning hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisida

I. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom shaxsiy investitsiya hisobvaragʻini ochish, yuritish va yopish, shuningdek, undagi mablagʻlarni hisobga olish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu nizomda quyidagi tushunchalar qoʻllanadi:

badal — qonun hujjatlarida belgilangan tartibda mijozning shaxsiy investitsiya hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladigan, jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi solinadigan ish haqi yoki boshqa daromadining bir qismi;

vakolatli organ — qimmatli qogʻozlar bozorini rivojlantirish va tartibga solish sohasida yagona davlat siyosatini amalga oshiruvchi, shuningdek, uni nazorat qilish uchun masʼul boʻlgan qimmatli qogʻozlar bozorini tartibga solish boʻyicha vakolatli davlat organi;

mijoz — shaxsiy investitsiya hisobvaragʻi ochilgan paytda Oʻzbekiston Respublikasining soliq rezidenti hisoblangan jismoniy shaxs;

investitsiya vositachisi — fond va (yoki) valyuta birjasi aʼzosi boʻlgan, qimmatli qogʻozlar bilan bitimlar va operatsiyalarni mijozning topshirigʻiga binoan uning nomidan va hisobidan amalga oshiruvchi qimmatli qogʻozlar bozorining professional ishtirokchisi;

shartnoma — shaxsiy investitsiya hisobvaragʻini ochish va yuritishni nazarda tutuvchi brokerlik va depozitariy xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi;

shaxsiy investitsiya hisobvaragʻi (SHIH) — ushbu Nizom talablarini bajarish maqsadida investitsiya vositachisi tomonidan mijozning qimmatli qogʻozlari va pul mablagʻlarini hisobga olish uchun ochiladigan hisobvaraq.

II. Shaxsiy investitsiya hisobvaragʻini ochish tartibi

3. SHIH mijoz bilan tuziladigan shartnoma asosida investitsiya vositachisi tomonidan ochiladi va yuritiladi.

4. Mijoz badallar qabul qiladigan faqat bitta SHIHga ega boʻlishga haqli.

5. SHIHni ochish uchun mijoz investitsiya vositachisiga jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR), telefon raqami va elektron pochta manzili koʻrsatilgan arizani ta kd im etadi, shuningdek, shaxsini tasdiqlovchi hujjat nusxasini ilova qiladi. Investitsiya vositachisi, agar qonun hujjatlari talablari yoki ichki tartib-qoidalarni bajarish uchun zarur boʻlsa, qoʻshimcha maʼlumotlarni soʻrash huquqiga ega.

6. SHIH investitsiya vositachisi tomonidan mijozning tegishli arizasi kelib tushgan sanadan boshlab besh ish kunidan kechiktirmay ochiladi.

Investitsiya vositachisi elektron hujjat aylanishi vositalaridan foydalangan holda mijozni masofadan identifikatsiyalash va SHIHni ochishga haqli.

7. Mijoz quyidagi shartlarga rioya qilgan holda boshqa investitsiya vositachisida yangi SHIHni ochishga haqli:

ilgari boshqa investitsiya vositachisida ochilgan SHIH yangi SHIH ochilgan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida yopilishi shart;

mijozning qimmatli qogʻozlari va (yoki) pul mablagʻlari yuqorida koʻrsatilgan oʻn kunlik muddat ichida avvalgi SHIHdan yangisiga oʻtkaziladi. Bunda qimmatli qogʻozlar va (yoki) pul mablagʻlarini yangi ochilgan SHIHga oʻtkazish muayyan davr mobaynida pul mablagʻlarini kiritishning belgilangan chegarasini buzish deb hisoblanmaydi;

mijoz yangi SHIHni ochayotgan investitsiya vositachisiga SHIHni yopayotgan investitsiya vositachisidan kiritilgan pul mablagʻlari hamda qimmatli qogʻozlarni sotib olishga yoʻnaltirilgan mablagʻlarning sanalari va miqdorlari haqidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan maʼlumotnomani taqdim etadi.

8. SHIHni yopayotgan investitsiya vositachisi mijozning talabiga koʻra besh ish kuni ichida boshqa investitsiya vositachisiga mijozning SHIHga nisbatan qoʻllanadigan soliq imtiyozlarini toʻgʻri hisoblab chiqish imkonini beradigan shaklda kiritilgan pul mablagʻlari va qimmatli qogʻozlarni olishga yoʻnaltirilgan mablagʻlarning sanalari hamda mikdorlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan maʼlumotnomani berishi shart.

9. SHIH qimmatli qogʻozlarga boʻlgan huquqlarni hisobga olish uchun moʻljallangan hisobvaraqlarni yuritish va hisobotlarni taqdim etishni tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq ochiladi, yuritiladi va yopiladi.

III. Shaxsiy investitsiya hisobvaragʻidagi mablagʻlarning hisobini yuritish tartibi

10. Investitsiya vositachisi soliq davri (kalendar yil) mobaynida SHIHga kiritilgan badallar hisobini yuritadi.

11. SHIHga badallar faqat Oʻzbekiston Respublikasining milliy valyutasida kiritiladi.

12. Bir soliq davri mobaynida SHIHga yoʻnaltirilgan pul mablagʻlarining umumiy summasi eng kam ish haqining yuz baravaridan oshmasligi lozim. Bunda bir kalendar oy davomida SHIHga oʻtkaziladigan mablagʻlar summasi eng kam ish haqining yigirma baravaridan oshmasligi shart.

13. SHIHga belgilangan chegaraviy badal miqdoridan ortiqcha mablagʻ kelib tushgan taqdirda, ortiqcha summa pul mablagʻlari kelib tushgan hisobvaraqqa mablagʻlar kelib tushgan kundan boshlab besh ish kunidan kechiktirmay qaytarilishi shart.

14. SHIHda hisobga olinadigan qimmatli qogʻozlar boʻyicha olinadigan dividendlar va (yoki) kupon toʻlovlari mijozning koʻrsatmasiga binoan uning investitsiya vositachisida ochilgan boshqa hisobvaragʻiga (mavjud boʻlsa) yoki bank hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi.

15. SHIHga kiritilgan mablagʻlar faqat Oʻzbekiston Respublikasi hududida chiqarilgan qimmatli qogʻozlarni sotib olish uchun ishlatilishi mumkin.

16. SHIHda hisobga olinadigan badallar summasi ular birinchi marta kelib tushgan sanadan boshlab kamida oʻn ikki oy davomida SHIHda saqlanib, qimmatli qogʻozlarni sotib olish uchun foydalanilgan taqdirda, jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻidan ozod etiladi.

Qimmatli qogʻozlar va (yoki) pul mablagʻlari boshqa investitsiya vositachisida yangi ochilgan SHIHga oʻtkazilganda, mijozning birinchi ochilgan SHIHga ilk badali kelib tushgan sanasi pul mablagʻlari birinchi kelib tushgan sana hisoblanadi.

17. Mijoz qonun hujjatlarida belgilangan tartibda SHIHni investitsiya aktivlarining ishonchli boshqaruvchisiga boshqaruvga topshirishga haqli.

IV. Shaxsiy investitsiya hisobvaragʻini yopish tartibi

18. Mijoz istalgan vaqtda SHIHni yopishga va investitsiya vositachisiga hisobvaraqni yopish toʻgʻrisida ariza berish orqali, shu jumladan, masofadan turib, unga kiritilgan pul mablagʻlarini va (yoki) undagi qimmatli qogʻozlarni qaytarishni talab qilishga haqli.

19. Mijozning tashabbusi bilan pul mablagʻlari SHIHga birinchi marta oʻtkazilgan sanadan boshlab oʻn ikki oylik muddat oʻtmasidan oldin pul mablagʻlari va (yoki) qimmatli qogʻozlar SHIHdan chiqarilgan taqdirda, kiritilgan pul mablagʻlariga soliq solinadi — ulardan qonun hujjatlarida belgilangan tartibda jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi ushlab qolinadi, bundan pul mablagʻlari va (yoki) qimmatli qogʻozlar yangi SHIHga oʻtkazilgan hollar mustasno.

20. Investitsiya vositachisining tashabbusi bilan pul mablagʻlari SHIHga birinchi marta oʻtkazilgan sanadan boshlab oʻn ikki oylik muddat oʻtmasdan oldin SHIH yopilgan taqdirda, mijozda soliq majburiyatlari vujudga kelmaydi. Bunda investitsiya vositachisi mijozning hisobvaragʻidagi pul mablagʻlarini va (yoki) qimmatli qogʻozlarni qonun hujjatlarida belgilangan tartibda mijoz tomonidan boshqa investitsiya vositachisida ochilgan SHIHga yoxud Markaziy depozitariydagi tegishli hisobvaraqqa oʻtkazishi shart.

21. SHIHdan pul mablagʻlari va (yoki) qimmatli qogʻozlarni faqat uni yopish bilan bir vaqtda chiqarishga ruxsat etiladi. SHIHdan pul mablagʻlari va (yoki) qimmatli qogʻozlarni qisman chiqarishga yoʻl qoʻyilmaydi.

SHIH faqat undagi barcha qimmatli qogʻozlar sotilgandan yoki mijozning koʻrsatmasiga binoan boshqa SHIHga yoxud boshqa hisobvaragʻiga oʻtkazilgandan keyin yopilishi mumkin.

22. SHIHdagi qimmatli qogʻozlarni toʻliq sotish imkoniyati mavjud boʻlmagan taqdirda, mazkur qimmatli qogʻozlarning sotilmagan qismi besh ish kunidan kechiktirmay mijozning koʻrsatmasida koʻrsatilgan hisobvaragʻiga oʻtkazilishi lozim.

23. Investitsiya vositachisi amaldagi qonun hujjatlariga muvofiq SHIHni yopish munosabati bilan yuzaga keladigan soliqlarni hisoblab chiqadi va ushlab qoladi. Ushlab qolingan soliq summalari SHIH yopilgan kundan boshlab besh ish kunidan kechiktirmay budjetga oʻtkazilishi shart. Soliqlar ushlab qolingandan soʻng qolgan mablagʻ mijoz koʻrsatmasida koʻrsatilgan hisobvaraqqa oʻtkaziladi.

24. SHIH pul mablagʻlari SHIHga birinchi marta oʻtkazilgan sanadan boshlab oʻn ikki oylik muddat oʻtmasidan oldin yopilganda (pul mablagʻlari va (yoki) qimmatli qogʻozlarni boshqa SHIHga oʻtkazish munosabati bilan yopish hollari bundan mustasno), investitsiya vositachisi ushbu yopilish bilan bogʻliq toʻlanishi lozim boʻlgan jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi summasini hisoblaydi.

Agar soliqni toʻlash paytida SHIHdagi pul mablagʻlari qoldigʻi mijozning yuzaga kelgan soliq majburiyatini qoplamasa, ushbu SHIHdan pul mablagʻlari va (yoki) qimmatli qogʻozlarni chiqarishga ruxsat berilmaydi.

25. Mijozning pul mablagʻlari SHIHga birinchi marta oʻtkazilgan sanadan boshlab oʻn ikki oy oʻtgach SHIHdan yechib olingan hollarda investitsiya vositachisi oʻtgan davr uchun SHIHga kiritilgan badallar summasi bilan SHIHdan qimmatli qogʻozlarni sotib olishga yoʻnaltirilgan pul mablagʻlari summasi (shu jumladan, qimmatli qogʻozlarni sotib olishda mijoz tomonidan toʻlangan vositachilik toʻlovlar summasi) oʻrtasidagi farqni aniqlaydi.

Agar SHIHga kiritilgan badallar summasi qimmatli qogʻozlarni sotib olishga yoʻnaltirilgan mablagʻlar summasidan (shu jumladan, qimmatli qogʻozlarni sotib olishda mijoz tomonidan toʻlangan vositachilik toʻlovlari summasidan) ortiq boʻlsa, ushbu ortiqcha summa SHIHdan yechib olinayotganda jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻiga tortiladi.

26. Investitsiya vositachisi mijozdan tegishli ariza qabul qilingan kundan boshlab oʻn ish kuni muddatida SHIHni yopishi shart.

V. Yakuniy qoidalar

27. Investitsiya vositachisi har oyda soliq organlariga mijozlar tomonidan SHIHni yopish munosabati bilan yuzaga kelgan soliq majburiyatlari toʻgʻrisidagi hisobotni Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi belgilagan tartibda elektron shaklda taqdim etadi.

28. Investitsiya vositachilari va investitsiya aktivlarining ishonchli boshqaruvchilari mijozning soʻroviga koʻra uning SHIHdagi qimmatli qogʻozlari va pul mablagʻlarining holati toʻgʻrisidagi maʼlumotni taqdim etishlari shart.

29. SHIH bilan bogʻliq maʼlumotlarni oshkor qilish Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

30. Ushbu Nizom talablarini buzishda aybdor boʻlgan shaxslar Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlariga muvofiq javobgarlikka tortiladilar.

31. Ushbu Nizom bilan tartibga solinmagan masalalar Oʻzbekiston Respublikasining qimmatli qogʻozlar bozori toʻgʻrisidagi qonun hujjatlariga va investitsiya vositachilari faoliyatiga tatbiq etiladigan boshqa normativ-huquqiy hujjatlarga muvofiq hal etiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 13-iyun,

331-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 15.06.2024-y., 09/24/331/0421-son)

lex.uz