📅 2024-yil 5-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 5-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 5 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 5 июня 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 5 June 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Ўқувчиларни академик лицейларга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, келажак авлоднинг илм-фанга бўлган интилишларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон қарорига мувофиқ академик лицейлар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиб, уларни қайта кўриб чиқиш, шу жумладан, ўқувчиларни академик лицейларга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартибини белгилаш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўқувчиларни академик лицейларга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейларга танлаб олиш ва ўқишга қабул қилиш;
ҳужжатларни қабул қилиш, имтиҳонларни ўтказиш ҳамда натижаларни эълон қилиш;
фан олимпиадалари, танловлар ғолиблари ва умумтаълим фанларини ўзлаштириш сертификатига эга бўлганлар учун имтиёзларни қўллаш;
академик лицей ўқувчиларининг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш.
3. Белгилансинки:
а) академик лицейларга ҳужжат топширувчилар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтказилади;
б) абитуриентларга рўйхатдан ўтишда учтагача академик лицейнинг таълим тили бир хил бўлган биттадан мос йўналишини танлаш имконияти берилади;
в) абитуриент ўзи танлаган ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар маркази ёки Тошкент шаҳрида) ташкил этиладиган кириш тест синовларида иштирок этади;
г) олий таълим ташкилотлари тизимидаги академик лицейлари бўлган вазирликлар ва идоралар ҳар йили 1 майга қадар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари асосида маҳаллий меҳнат бозори эҳтиёжлари, ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, академик лицейларга қабул параметрларини асосланган таклифлар асосида йўналишлар кесимида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади;
д) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, ҳар йили 1 июнга қадар академик лицейларга қабул параметрларини тасдиқлайди;
академик лицейларга имтиҳонлар ўтказиш санаси ҳамда қабул параметрларининг тиллар кесимидаги тақсимотини ҳар йили 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритади;
е) академик лицейларнинг таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, тест топшириқлари сони ҳамда баҳолаш мезонлари, мантиқий фикрлаш даражаси (IQ)ни аниқлаш бўйича тест учун тайёрланиши лозим бўлган адабиётлар рўйхати навбатдаги ўқув йили учун ҳар йили 1 ноябрга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 июндаги 320-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўқувчиларни академик лицейларга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом умумий ўрта таълим мактаблари 9-синф битирувчиларини академик лицейларга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия тизимидаги академик лицейларга нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
абитуриент — академик лицейга ўқишга кириш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда белгиланган гуруҳда кириш тест синовларида иштирок этувчи, умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф битирувчиси бўлган талабгор;
абитуриент рухсатномаси — шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорти ёки идентификацияловчи ID картаси, у бўлмаган ҳолда туғилганлик тўғрисида гувоҳнома) билан биргаликда абитуриентнинг белгиланган сана ва вақтда кириш тест синовларида иштирок этишига рухсат берадиган ҳужжат;
Агентлик вакили — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директорининг буйруғи билан тайинланадиган, кириш тест синовлари ўтказиладиган тегишли ҳудуд ва бинода белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича амалга ошириладиган тадбирларга умумий раҳбарлик қилувчи ҳамда кириш тест синови иштирокчиларининг вазифаларига мувофиқ ҳаракатини назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим;
бино раҳбари — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) директорининг буйруғи билан тайинланадиган, белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича бинодаги гуруҳ назоратчилари ва абитуриентлар ҳаракатларига умумий раҳбарлик қиладиган, назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим;
гуруҳ назоратчиси — Агентлик билан тузилган шартнома асосида шартномада белгиланган вазифа ва мажбурият бўйича кириш тест синовларида абитуриентлар ҳаракатига умумий раҳбарлик қилиш, тест синовининг белгиланган тартиб бўйича ўтишини қатъий назорат қилишга масъул бўлган ва абитуриентларга тест синовини топшириш тартиби бўйича амалий ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган ҳамда кириш тест синовлари ўтказилиши билан боғлиқ семинарда иштирок этадиган шахс;
жавоблар варақаси — тест топшириқлари китобидаги ҳар бир топшириқнинг бажарилиши натижасида танланган жавобнинг биттасини белгилашга мўлжалланган ва абитуриентнинг билимини баҳолаш учун асос ҳисобланадиган ягона ҳужжат.
тест топшириқлари китоби — белгиланган фанлар мажмуаси бўйича тест топшириқларини ўз ичига олган саволлар тўплами;
4. Ўқувчилар академик лицейларга мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ қабул қилинади.
2-боб. Ўқувчиларни академик лицейларга қабул қилиш тартиби
1-§. Маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкил этиш
5. Академик лицейларда ўқишга қабулни сифатли ташкил этиш мақсадида ҳар йили 1 июнга қадар тегишли олий таълим ташкилоти ректорининг (филиал директорининг) буйруғи билан 7 — 9 нафар аъзодан иборат таркибда Маслаҳат кенгаши ташкил этилади.
Маслаҳат кенгашига академик лицей директори раислик қилади.
6. Маслаҳат кенгаши аъзолари таркибига академик лицейнинг амалиётчи психологи, тажрибали педагоглари, тегишли вазирлик ва идора ёки олий таълим ташкилотининг вакиллари киритилади.
7. Маслаҳат кенгаши қабул бошланишидан бир ой олдин абитуриентларни рўйхатдан ўтиш муддатлари, йўналиши, ажратилган ўринлар ҳақидаги ахборотларни тегишли олий таълим ташкилоти ва академик лицейнинг ўз расмий веб-сайти орқали эълон қилади.
8. Қуйидагилар Маслаҳат кенгашининг вазифалари ҳисобланади:
абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар истагини инобатга олиб, тегишли йўналиш юзасидан батафсил маълумот ва маслаҳатлар бериш;
академик лицей фаолиятига оид буклетлар, аудио, видео ва бошқа зарур материалларни тайёрлаш, академик лицейнинг расмий веб-сайтига жойлаштириб бориш;
абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар академик лицей ҳамда барча шарт-шароитлар билан танишиши учун очиқ эшиклар кунларини ташкил этиш;
абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни мувофиқлаштириш.
Маслаҳат кенгаши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
9. Қуйидагилар Маслаҳат кенгашининг мажбуриятлари ҳисобланади:
абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахсларни кириш тест синовлари ўтказиладиган кунлар ҳақида беш кун олдин хабардор қилиш;
кириш тест синовларини ташкил этиш ва ўтказишда бевосита кўмаклашиш;
абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахсларга имтиҳон натижалари бўйича тўлиқ маълумот бериш.
10. Маслаҳат кенгаши ўзига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаши учун жавобгарлик шахсан Маслаҳат кенгашининг раиси ва масъул котиби зиммасига юкланади.
2-§. Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини ташкил этиш
11. Абитуриентлар академик лицейларга қабул қилиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Ягона таълим хизматлари портали my.edu.uz орқали (кейинги ўринларда — тизим) ҳар йили 10 июндан 10 июлга қадар бепул рўйхатдан ўтказилади.
12. Абитуриентларга рўйхатдан ўтишда учтагача академик лицейнинг таълим тили бир хил бўлган биттадан мос йўналишини танлаш имконияти берилади.
Абитуриент ўзи танлаган ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар маркази ёки Тошкент шаҳрида) ташкил этиладиган кириш тест синовларида иштирок этади.
13. Абитуриент рўйхатдан ўтиш жараёнида унинг қуйидаги шахсий маълумотлари «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинади:
идентификацияловчи ID карта маълумотлари (фотосурати билан) — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг электрон маълумотлар базасидан;
туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома маълумотлари — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг электрон маълумотлар базасидан (агар абитуриент тугилганлик тўғрисида гувоҳномаси билан рўйхатдан ўтган бўлса);
умумий ўрта таълим мактабининг 9-синфини тамомлаганлик тўғрисида электрон шаҳодатнома маълумотлари — Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон маълумотлар базасидан.
14. Абитуриент рўйхатдан ўтиш жараёнида тизимга қуйидаги ҳужжатларни ва маълумотларни киритиши ва юклаши лозим:
ўқишга имтиёзли кириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг нусхаси (фан олимпиадаси, танловлар, мусобақа ғолиби эканлигини тасдиқловчи), диплом, сертификат, гувоҳнома, шунингдек, чет тили ва умумтаълим фанларини билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификат (агар мавжуд бўлса);
хорижий давлатда умумий ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олинганлиги (нострификация) ҳақидаги маълумотномаси (агар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган абитуриент мактабнинг 9-синфини хорижий давлатда тамомлаган бўлса);
абитуриентнинг 3,5х4,5 ҳажмдаги фотосурати (агар абитуриент туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси билан рўйхатдан ўтган бўлса);
таълим йўналиши, таълим тили, қайси чет тилидан (инглиз, немис, француз ва шарқ тилларидан бири) кириш тест синовини топшириши ҳақида маълумот.
15. Маслаҳат кенгаши ушбу Низомда кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва маълумотлар мавжуд бўлганда, абитуриентлар кириш тест синовларида иштирок этиши учун рўйхатдан ўтишини рад этишга ҳақли эмас.
Абитуриентдан қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.
Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган муддатлар тугагандан сўнг ҳужжатлар ва маълумотларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш қатъиян тақиқланади.
16. Абитуриент томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, абитуриент кириш имтиҳонларидан четлаштирилади ҳамда бу ҳақда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилинади.
3-§. Имтиҳонларни ташкил этиш
17. Абитуриентлар академик лицейларга кириш тест синовлари ёки ижодий имтиҳон шаклида қабул қилинади. Бунда:
кириш тест синовлари ва ижодий имтиҳонлар академик лицейда таълим олиб бориладиган тилда (ўзбек, рус, қорақалпоқ тили) ўтказилади;
кириш тест синовлари ва ижодий имтиҳонлар материаллари (топшириқлари) умумтаълим фанлари дастурлари (5 — 9 синфлар) асосида тузилади.
18. Абитуриентларни академик лицейларга қабул қилишда ушбу Низомга 2-иловада белгиланган имтиёзлар инобатга олинади.
4-§. Ижодий имтиҳонларни ўтказиш
19. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ҳар йили тасдиқланадиган академик лицейларга кириш имтиҳонлари ўтказиладиган фанлар мажмуаси (кейинги ўринларда — фанлар мажмуаси)да кўрсатилган айрим таълим йўналишларининг хусусиятларини инобатга олган ҳолда, кириш тест синовлари ўрнига ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
Ижодий имтиҳонларни ўтказиш учун ҳар бир фан бўйича Маслаҳат кенгаши тавсиясига асосан тегишли олий таълим ташкилоти ректори томонидан тасдиқланадиган ҳар бирида камида 5 — 7 нафар аъзодан иборат таркибда Имтиҳон комиссияси тузилади.
20. Ижодий имтиҳонларни ўтказиш тартиби, имтиҳон материаллари (топшириқлари), баҳолаш мезонлари Имтиҳон комиссияси томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишган ҳолда тегишли олий таълим ташкилоти ректорининг буйруғи билан тасдиқланади.
21. Ижодий имтиҳонлар кириш тест синовлари ўтказилишига қадар ҳар йили 18 июлгача тест мажмуаларида фаннинг ўрнига қараб баҳолаш мезонларида назарда тутилган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизигача бўлган ораликда ўтказилади.
22. Ижодий имтиҳонлар ўтказилаётган жойга абитуриент томонидан уяли телефон ва бошқа алоқа воситаларини олиб кириш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.
Абитуриент микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса ёки олиб кирган бўлса, ижодий имтиҳонлар давомида бошқа абитуриентга ёрдам берса, абитуриент ижодий имтиҳонларни ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва далолатнома тузилиб, у ижодий имтиҳонлардан четлаштирилади.
23. Абитуриентга ижодий имтиҳонларни қайта топширишга рухсат берилмайди.
24. Ижодий имтиҳонлар ўтказиладиган бинога жараён бошланган вақтда абитуриентлар, комиссия аъзолари ва кузатувчилардан ташқари бошқа шахслар (зарур ҳолларда, тиббиёт ходимлари бундан мустасно) киришига рухсат этилмайди.
25. Ижодий имтиҳонлар натижалари Агентликка Маслаҳат кенгаши томонидан 20 июлгача тақдим этилади.
26. Биноларни тайёрлаш, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан, абитуриентлар ота-оналарининг ижодий имтиҳон жараёнини онлайн тарзда кузатиб боришлари, абитуриентларни шахсни идентификациялаш воситалари орқали бинога киритиш, бинолардаги ва хизмат постларидаги видеоёзувлар сақланиши учун шароитлар яратиш тасарруфида академик лицей мавжуд бўлган олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) томонидан таъминланади.
Ўтказилган ижодий имтиҳонлар жараёни бўйича видеоёзувлар тасарруфида академик лицей мавжуд бўлган олий таълим ташкилоти томонидан 6 ой давомида сақланади.
5-§. Кириш тест синовларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш
27. Кириш тест синовлари ҳар йили июль ойида қоида тариқасида, кунига икки сменада Агентлик томонидан тест жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланган ҳолда қуйидаги шаклларда ўтказилади:
I бўлим — танланган йўналишга мос фанлар мажмуасидаги 2 та фан бўйича кириш тест синовлари;
II бўлим — интеллектуал қобилият даражасини (IQ) аниқлаш бўйича тест.
Кириш тест синовларининг биринчи сменаси соат 09:00 да, иккинчи сменаси соат 15:00 да бошланади.
28. Биноларни тайёрлаш, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан, абитуриентлар ота-оналарининг кириш тест синовлари жараёнини онлайн тарзда кузатиб боришлари, абитуриентларни шахсни идентификациялаш воситалари орқали бино ҳудудига киритиш, бинолардаги ва хизмат постларидаги видеоёзувлар сақланиши учун шароитлар яратиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» жамоат тартибига кўмаклашиш маркази томонидан таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» жамоат тартибига кўмаклашиш маркази ўтказилган кириш тест синовлари жараёни бўйича видеоёзувларни сақлайди ва кириш тест синовлари ўтказилган куннинг эртасига Агентликка топширади.
Ўтказилган кириш тест синови жараёни бўйича видеоёзувлар Агентлик томонидан 6 ой давомида сақланади.
29. Кириш тест синовларига жалб этилган бино раҳбари ва гуруҳ назоратчиси меҳнатига кунлик ҳақ тўлаш, биноларни тайёрлаш, абитуриентларни шахсни идентификациялаш воситалари орқали бино ҳудудига киритиш, бинолардаги ва хизмат постларидаги видеоёзувлар сақланиши учун шароитлар яратиш билан боғлиқ харажатлар Агентлик фаолиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳамда Агентликка ажратилган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.
30. Гуруҳ назоратчилари ва абитуриентларни кириш тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга назорат хизмати постлари орқали киритиш, тадбир жараёнида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш Маслаҳат кенгашлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Абитуриент кириш тест синовлари бошланганидан сўнг бино ҳудудига киритилмайди.
Кириш тест синовлари ўтказиладиган кунда Агентликнинг тегишли рухсатномасига эга бўлмаган шахсларнинг кириш тест синовлари ўтказилиши белгиланган ҳудудга кириши тақиқланади.
31. Кириш тест синовлари ўтказиладиган ҳар бир бинода Агентликнинг вакилига тест материалларини сақлаш, тарқатиш ва йиғиб олиш учун мўлжалланган етарли миқдордаги стол, стуллар, стационар телефон алоқаси, доимий видеокузатув ва сейф билан жиҳозланган махсус жой (штаб) тайёрланади.
32. Бинода кириш тест синовлари жараёнини тўлиқ назорат қилиш мақсадида, қоида тариқасида, 30 нафар абитуриент учун битта видеокузатув тизими ўрнатилиши зарур.
Бинода бир нафар абитуриентга, қоида тариқасида, 2 м 2 дан кам бўлмаган жой тайёрланади.
33. Ҳудудлар бўйича кириш тест синовлари ўтказиладиган бино ва гуруҳларнинг алоҳида тартиб рақами такрорланмайдиган кетма-кетликда рақамланган бўлиши лозим.
34. Ҳар бир гуруҳ алоҳида ўринга эга бўлган 30 тадан стол ва стуллар билан таъминланиб, столлар бирдан ўттизгача рақамланиши лозим.
Гуруҳ назоратчисига тест материалларини тарқатиш ва қабул қилиш учун алоҳида стол ва стул ажратилади.
35. Тест ўтказиладиган ҳар бир бинони тайёрлашда унинг кириш жойида видеокузатув мосламалари ўрнатилиши, ёруғлик тушиши, кечки вақтда ёритиш етарли эканлиги, кўринарли жойларда соатлар осилгани, овоз кучайтириш мосламалари билан таъминлангани ҳисобга олиниши зарур.
36. Бинога тегишли ҳудудда ва бинога кириш жойларида гуруҳ ва абитуриентлар сони ёзилган кўрсаткичлар илиб қўйилган бўлиши шарт.
37. Кириш тест синовлари ўтказиладиган ҳар бир ҳудудда тест жараёни учун зарур ахборот, техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилган бўлиши лозим.
38. Тест топшириқлари китоби 60 та саволни ўз ичига олади. Бунда абитуриентларнинг тегишли фанлар бўйича билимларини аниқлаш юзасидан тест топшириқлари 2 та умумтаълим фанларидан жами 40 тани, интеллектуал қобилият даражасини (IQ) аниқлаш бўйича 20 тани ташкил этади.
Абитуриентларга тест топшириқларини бажариш учун жавоблар варақасини тўлдириш билан биргаликда жами 60 та саволга 120 дақиқа вақт меъёри белгиланади.
39. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир сменада абитуриентлар ва гуруҳ назоратчилари етарли миқдорда ичимлик суви, ҳаворанг пастали шарикли ручкалар билан таъминланади.
6-§. Кириш тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифалари
40. Қуйидагилар кириш тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифалари ҳисобланади:
ҳар йили кириш тест синовлари ўтказиладиган биноларни белгиланган талаблар бўйича тайёр ҳолатга келтириш ҳамда бу ҳақда Агентликка маълумот бериш;
абитуриентларни кириш тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга шахсни идентификациялаш воситалари орқали тартибли киритилишини таъминлаш;
кириш тест синовлари жараёнини видеокузатувлар орқали онлайн тизимда ота-оналарга кўрсатиш, бош штаб ва ҳар бир бинода тезкор ахборотларни тўплаш учун уларнинг зарур моддий-техник воситалар билан тўлиқ жиҳозланишини таъминлаш;
абитуриентларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчилик учун кириш тест синовларини онлайн режимда кузатишини таъминлаш мақсадида бинога тегишли ҳудуд ташқарисида ўтириш жойларини белгилаш ҳамда кутиш жойларини ташкил этиш;
кириш тест синови бўлиб ўтадиган биноларни захира энергия манбаи билан таъминлаш;
кириш тест синовларини ўтказиш учун транспорт воситалари билан таъминлашга амалий ёрдам бериш, ҳар бир ҳудуд хавфсизлигини ва кириш тест синовларининг тартибли ўтишини таъминлаш, назорат хизмати постларини ташкил этиш;
ҳар бир сменада абитуриентлар ва гуруҳ назоратчиларини етарли миқдорда ичимлик суви, ҳаворанг пастали шарикли ручкалар билан ҳамда кириш тест синовлари ўтказиладиган биноларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш.
7-§. Кириш тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда Агентликнинг вазифалари ҳамда масъул шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
41. Агентлик кириш тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ қуйидаги вазифаларни бажаради:
кириш тест синовларини ўтказиш жараёнида қўлланиладиган шакллар ва жадвалларни ишлаб чиқиш;
тест материалларининг сифатли ва нуқсонсиз тайёрланишини таъминлаш;
Агентлик вакили, бино раҳбари, гуруҳ назоратчисининг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш;
тест материалларининг белгиланган кунларда Давлат фельдегерлик хизмати томонидан Агентлик вакилига етказилишини таъминлаш;
кириш тест синовлари ўтказилиши билан боғлиқ семинарда иштирок этган малакали шахслар таркибидан, қоида тариқасида, ҳар 30 нафар абитуриентга 2 нафаргача гуруҳ назоратчисини кириш тест синовлари жараёнига жалб этиш;
белгиланган тартибда абитуриентлар ҳақида тушган маълумотлар асосида гуруҳларни шакллантириш ва уларнинг бинолар бўйича ўтириш ўринларини белгилаш ҳамда кириш тест синовлари ва танловни ташкил этиш;
Агентликка олиб келинган жавоблар варақалари бўйича кириш тест синовлари натижаларини ҳисоблаш ва эълон қилиш;
бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчиларига умумий раҳбарлик қилиш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатиш;
кириш тест синовларининг бошланиши ва тугашини қатъий назорат қилиш, кириш тест синовларининг адолатли, холисона ва мазкур Низомда белгиланган талаблар асосида ўтишини таъминлаш.
Агентлик мазкур Низом ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
42. Агентлик вакили ўзига юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва қабул комиссияларига кўрсатма бериш, мазкур Низом талабларига амал қилмаган бино раҳбари, гуруҳ назоратчиси ва абитуриентни кириш тест синовлари жараёнидан четлаштириш ҳуқуқига эга.
Агентлик раҳбарияти билан келишилган ҳолда, синовлардан четлаштирилган ходимларнинг ўрнига бошқа бино раҳбарини, гуруҳ назоратчиларини тайинлайди.
43. Қуйидагилар Агентлик вакилининг мажбуриятлари ҳисобланади:
ўзига бириктирилган ҳудудда тест ўтказиш тартибига қатъий риоя этилишини таъминлаш;
кириш тест синовлари ўтказиладиган саналарда белгиланган вақтдан кечикмасдан, ўзига тегишли ҳудудга етиб келиш ва назорат хизмати пости орқали паспорти (рухсатнома ёки гувоҳнома) билан кириш;
бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчилари рўйхатини назорат хизмати постларига етказишни таъминлаш;
гуруҳ назоратчиларига абитуриент томонидан кириш тест синовлари қоидалари бузилганда, гуруҳ назоратчиларига уни кириш тест синовларидан четлаштириш тўғрисида кўрсатма бериш.
44. Мазкур Низом талаблари асосида ўзига бириктирилган бинодаги гуруҳ назоратчиларининг фаолияти ва абитуриентларнинг тест топширишини назорат қилиш бино раҳбари зиммасига юкланади.
45. Бино раҳбари ўзига юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун Агентлик вакилидан амалий ёрдам олиши, мазкур Низом талабларига амал қилмаган гуруҳ назоратчиси ва абитуриентни кириш тест синовлари жараёнидан четлаштириш ҳамда Агентлик вакили билан келишилган ҳолда гуруҳ назоратчисини тайинлаш ҳуқуқига эга.
46. Қуйидагилар бино раҳбарининг мажбуриятлари ҳисобланади:
кириш тест синовлари ўтказиладиган саналарда белгиланган вақтдан кечикмасдан ўзига тегишли бўлган бино ҳудудига етиб келиш ва назорат хизмати пости орқали паспорти (рухсатнома ёки гувоҳнома) билан кириш;
кириш тест синовлари ўтказиладиган саналарда гуруҳ назоратчиларига уларнинг рухсатномаларини тарқатиш ва тақсимотини расмийлаштириш;
Давлат фельдегерлик хизматидан бино бўйича тест материалларини қабул қилиб олиш;
кириш тест синовлари ўтказиладиган саналарда биринчи ва иккинчи сменада абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхати, тест материалларини тарқатиш ва қабул қилиш баённомасини расмийлаштириш;
абитуриент тест материалида нуқсон (типографик хатолик) борлиги ҳақида мурожаат қилса, зудлик билан захира қутиларидан, таълим йўналиши ва тилига мос тест материалларини гуруҳ назоратчисига бериш ва захира тест материалларини тарқатиш баённомасини расмийлаштириш;
гуруҳларда кириш тест синовларини ўтказиш тартибини бузган абитуриентларнинг тестдан четлаштирилишини назорат қилиш;
кириш тест синовининг бошланиш ва тугаш вақтига қатъий амал қилиш;
кириш тест синовлари учун белгиланган вақт тугагандан сўнг жавоблар варақаси пакети, тест топшириқлари китоби қутиси гуруҳларда муҳрланишини назорат қилиш ҳамда гуруҳ назоратчиларидан муҳрланган жавоблар варақаси пакети ва тест материаллари қутиларини қабул қилиб олиш.
47. Бино раҳбари абитуриентларга тақиқланган воситаларни берса ёки ишлатишга имконият яратса, фойдаланилаётган ҳолатни кўриб туриб кириш тест синовларидан четлаштириш учун кўрсатма бермаса, мазкур ҳолат уни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
48. Кириш тест синови ўтказилаётган гуруҳда мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилиш ва синов адолатли ўтказилишини таъминлаш гуруҳ назоратчисининг вазифаси ҳисобланади.
49. Гуруҳ назоратчиси ўзига юкланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун бино раҳбаридан амалий ёрдам олиши, мазкур Низом талабларига амал қилмаган абитуриентни кириш тест синовлари жараёнидан четлаштириш ҳуқуқига эга.
50. Қуйидагилар гуруҳ назоратчиларининг мажбуриятлари ҳисобланади:
кириш тест синовлари ўтказиладиган куни ўзига бириктирилган бинога белгиланган вақтдан кечикмасдан, тақиқланган воситаларсиз паспорти билан етиб келиш ва бино штабида ўзига тегишли рухсатномани олиш ва ўзига бириктирилган гуруҳнинг кириш тест синовларига тайёрлигини текшириш, жараёнга салбий таъсир этувчи омиллар аниқланганда, уларни бартараф этиш чораларини кўриш;
гуруҳдаги столларнинг кетма-кетликда рақамланганлигини текшириш;
белгиланган вақтларда бино раҳбаридан абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатини ҳамда тест материалларини қабул қилиб олиш;
абитуриентнинг рухсатномасидаги расми ва идентификацияловчи ID картаси ёки паспорти (у бўлмаган ҳолда туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси)даги маълумотлар асосида текшириб, уларни гуруҳ рўйхати бўйича белгиланган жойига ўтиришини таъминлаш ҳамда кириш тест синовларига келмаган абитуриентларнинг ўрнини бўш қолдириш;
тест материаллари қутисида абитуриентлар сонига мос тест топшириқлари китоби, жавоблар варақаси, жавоблар варақаси пакети ва муҳрлар мавжудлигини текшириш;
абитуриентларга тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақаларини тарқатиш;
тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасининг хатосизлигини текшириб чиқиш ҳамда уларнинг тегишли бўлимларини расмийлаштириш бўйича абитуриентларга кўрсатма бериш;
тест топшириқлари китобида хато мавжудлиги аниқланса, унинг биринчи бетига «нуқсонли» деб ёзиш, алмаштирилган вақтини кўрсатиш ҳамда абитуриентнинг фамилияси, исми, отасининг исмини ёзиб, имзолаш ва ушбу ҳолат ҳақида далолатнома тузиш;
кириш тест синовларига келмаган абитуриентнинг тест топшириқлари китобини кириш тест синовлари бошланганидан 15 дақиқа ўтиб, тест материаллари қутисига солиб қўйиш, абитуриентларнинг гуруҳ бўйича рўйхатига кириш тест синовларига келмаган абитуриентнинг исми, фамилияси, отасининг исми тўғрисига «қатнашмади» деган ёзув киритиш ҳамда унинг жавоблар варақасини жавоблар варақаси пакетига солиб қўйиш;
абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича рўйхатини расмийлаштириш;
абитуриентлар билан тест топшириқлари бўйича савол-жавоб қилмаслик;
тест топшириқлари учун ажратилган вақт тугаганлигини эълон қилиш, абитуриентларни ўринларидан туришларини талаб қилиш;
тест топшириқлари китоби ва жавоблар варақасига шикаст етмаганлигини текшириб қабул қилиб олиш;
барча жавоблар варақаларини, «нуқсонли» деб топилган тест топшириқлари китобини (далолатномаси билан), эътироз бланкасини, абитуриентларнинг гуруҳлар бўйича расмийлаштирилган рўйхатини жавоблар варақаси пакетига солиб, пакетни муҳрлаш;
жавоблар варақаси пакети устидаги маълумотларни хатосиз тўлиқ расмийлаштириш;
барча тест топшириқлари китобларини, жавоблар варақалари пакетини тест материаллари қутисига солиб муҳрлаш;
кириш тест синовлари тугагандан сўнг гуруҳда абитуриентлар бўлса, уларни ташқарига чиқариш;
тест материалларини бино раҳбарига белгиланган вақтларда топшириш ва топширганлигини тасдиқлаш.
51. Гуруҳ назоратчиси абитуриент тест топшириқлари китоби нуқсонли эканлиги ҳақида мурожаат қилса, кириш тест синовлари бошланиши эълон қилинишидан аввал қуйидаги ишларни амалга оширади:
гуруҳда кириш тест синовларида қатнашмаган абитуриент учун ажратилган тест топширадиган фанлари ва тили мос бўлган тест топшириқлари китобини мурожаат қилган абитуриентга бериш;
гуруҳда ишлатилмаган тест топшириқлари китоби бўлмаса, бино раҳбаридан захирадаги шу йўналиш ва тилига мос бўлган тест топшириқлари китобини беришни сўраш.
Бино раҳбари бу жараённи далолатнома билан расмийлаштиради.
52. Кириш тест синовларини ўтказишда гуруҳ назоратчилари абитуриентларга тақиқланган воситаларни берса ёки ишлатишга имконият яратса, фойдаланилаётган ҳолатларда кириш тест синовларидан четлаштирмаса ва ушбу ҳолат учун жавоблар варақасининг тегишли қисмини расмийлаштирмаса, мазкур ҳолат уларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
8-§. Кириш тест синовларини ўтказишда абитуриентларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
53. Ҳужжатларни рўйхатдан ўтказишнинг муддати якунланганидан сўнг кириш тест синовлари бошланишидан уч кун олдин абитуриент рухсатномасини Маслаҳат кенгашидан ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд Ягона таълим хизматлари портали my.edu.uzдаги шахсий кабинети орқали электрон шаклда олади.
Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган ҳудуд, сана ва вақтда кириш тест синовларида иштирок этади.
Абитуриентга бошқа ҳудуд, сана ва вақтда кириш тест синовларида иштирок этиш учун рухсат берилмайди.
54. Кириш тест синовлари жараёнида абитуриент қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тест топшириқлари китобидан қоралама сифатида фойдаланиш;
тест топшириқларини белгиланган муддатдан олдин бажариш, ундан сўнг тест материалларини тартиб билан гуруҳ назоратчисига топшириш.
55. Абитуриент кириш тест синовлари ўтказиладиган куни бинога кириш тест синовлари бошланишидан камида 30 дақиқа олдин фақат абитуриент рухсатномаси ва идентификацияловчи ID картаси ёки паспорти (у бўлмаганда шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат) ёрдамида тартибли равишда кириши билан биргаликда, кириш тест синовлари бошланиши эълон қилингунга қадар қуйидаги ишларни амалга оширишга мажбур:
жавоблар варақасини ўзига тегишли эканлиги ва тест топшириқлари китоби тест топшириш тилига, танлаган йўналиши бўйича кириш тест синовларини топшириш фанлар мажмуасига мослигини текшириш;
тест материаллари хатосизлигини текшириш ва хато борлиги аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериш;
тест топшириқлари китоби муқовасида ва жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойларни расмийлаштириш;
жавоблар варақаси тўғри тўлдирилишини таъминлаш;
тест материалларини гуруҳ назоратчисига топширгандан сўнг кириш тест синовлари ўтказиладиган ҳудуддан чиқиб кетиш.
56. Абитуриент қуйидагиларга шахсан жавобгар ҳисобланади:
жавоблар варақасини ҳаво ранг пастали, шарикли ручка билан тўлдириш;
жавоблар варақасини букмаслик, маркер чизиғи, четлаштириш бўлимига ёзмаслик;
жавоблар варақаси билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат бўлганлиги учун уни тўғри тўлдириш;
белгиланган вақт тугагунига қадар тест топшириқлари китобида мавжуд тест топшириқларини бажарган ҳолда, жавоблар варақасининг мос тартиб рақамидаги тегишли доирачаларини бўяб, тест топшириқлари китобини ва унга мос бўлган жавоблар варақасини гуруҳ назоратчисига топшириш.
57. Абитуриент томонидан ҳар бир тест топшириғига фақат битта жавоб белгиланиши шарт бўлиб, тест топшириқлари китобида тўғри деб ҳисобланган жавобларни жавоблар варақасидаги мос тартиб рақамли доирачадан биттасини бўяйди (жавоблар варақасида бўялган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас).
Агар жавоблар варақасидаги «белгилаш учун намуна» қоидасига риоя этилмаса, жумладан, битта тест топшириғига жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса, ушбу тест топшириғига балл берилмайди.
58. Абитуриентнинг кириш тест синовларини топшириш вақтида гуруҳдан чиқиши тақиқланади, гуруҳдан чиққан абитуриентлар қайтадан кириш тест синовларига қўйилмайди. Тест материалларисиз, гуруҳ назоратчиси кузатуви остида (соғлиғи билан боғлиқ ҳолларда) гуруҳдан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.
59. Қуйидаги ҳолларда абитуриент кириш тест синовлари жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмаслигига асос бўлади:
кириш тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан кириш тест синовлари давомида фойдаланса;
тест материалларини бошқа абитуриентга узатса, уларга ёрдам берса ёки улардан ёрдам сўраса;
кириш тест синовлари жараёнида бир-бири билан гаплашса;
тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса;
кириш тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса.
9-§. Натижаларни эълон қилиш ва расмийлаштириш
60. Кириш тест синовлари натижалари бўйича танловларни ўтказишнинг умумий тартиби қуйидагича амалга оширилади:
абитуриентнинг тўплаган баллари устуворлик бўйича у танлаган биринчи академик лицейнинг йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлса, унинг кириш тест синови натижалари ушбу академик лицей йўналишида эълон қилинади ва унга танлаган иккинчи ҳамда учинчи академик лицей йўналиши бўйича танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;
абитуриентнинг тўплаган баллари устуворлик бўйича у танлаган биринчи академик лицей йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлмай, у танлаган иккинчи академик лицей йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлса, унинг кириш тест синови натижалари ушбу иккинчи академик лицей йўналишида эълон қилинади. Бунда абитуриентга танлаган учинчи академик лицей йўналиши бўйича танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;
абитуриентнинг тўплаган баллари устуворлик бўйича у танлаган биринчи ва иккинчи академик лицейнинг йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлмай, у танлаган учинчи академик лицей йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлса, унинг кириш тест синови натижалари фақат учинчи академик лицей йўналишида эълон қилинади;
абитуриентнинг тўплаган баллари устуворлик бўйича у танлаган биринчи, иккинчи ва учинчи академик лицей йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлмаган тақдирда, унинг кириш тест синови натижалари биринчи танлаган академик лицей йўналишида эълон қилинади.
61. Агарда битта академик лицейнинг битта йўналиши бўйича охирги қабул ўрни учун икки ёки ундан кўп абитуриентларнинг тўплаган умумий баллари тенг бўлиб қолганда, ушбу тенг балли абитуриентларнинг барчаси ўқишга қабул қилинади.
62. Кириш тест синовларида қатнашмаган абитуриентларнинг натижалари ҳамда имтиёзлари якуний натижаларни чиқаришда ҳисобга олинмайди.
Ижодий имтиҳон натижалари кириш тест синовларида қатнашган абитуриентларнинг натижаларига қўшиб ҳисобга олинади.
63. Имтиҳонларнинг якуний натижалари кириш тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг беш кун ичида Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Ягона таълим хизматлари портали my.edu.uz, шунингдек, академик лицейнинг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.
Натижалар академик лицейнинг эълонлар тахтасига илиб қўйилади.
Академик лицейларга ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг натижалари уларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларига тикиб қуйилади.
10-§. Имтиҳон натижалари бўйича берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқиш
64. Абитуриентлар мурожаатларини кўриб чиқиш учун апелляция комиссиялари ташкил этилади.
65. Ижодий имтиҳон натижалари бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш учун Апелляция комиссияси таркибига академик лицей Маслаҳат кенгашининг аъзолари ва фанлар бўйича экспертлар киритилади.
Апелляция комиссиясининг таркиби бўйсунуви бўйича тегишли олий таълим ташкилоти ректорининг буйруғи билан тасдиқланади. Апелляция комиссияси раиси академик лицей директори ҳисобланади.
66. Кириш тест синови натижаларини кўриб чиқиш бўйича Апелляция комиссияси таркиби Агентлик директори томонидан тасдиқланади.
67. Кириш тест синови ва/ёки ижодий имтиҳон натижасидан норози бўлган абитуриентлар кириш тест синовлари ва/ёки ижодий имтиҳон натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида Агентликка Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Ягона таълим хизматлари портали my.edu.uz орқали электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.
68. Апелляция шикоятига абитуриент рухсатномасининг нусхаси илова қилинади. Апелляция шикояти қабул қилинганлиги ҳамда апелляция шикоятини кўриб чиқиш куни ва вақти тўғрисида абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахсларга хабарнома берилади.
Апелляцияни кўриб чиқишда абитуриент ёки унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Апелляция шикояти Апелляция комиссияси томонидан икки ҳафта давомида кўриб чиқилади.
69. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
кириш тест синови ва/ёки ижодий имтиҳон натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қаноатлантирилишини рад этиш;
кириш тест синовлари ва/ёки ижодий имтиҳон натижаларини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш.
70. Кириш тест синови натижасини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қаноатлантирилишини рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
апелляция мазкур Низом талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган бўлса;
апелляцияда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топмаса.
Кириш тест синови ва/ёки ижодий имтиҳон натижасини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш тўғрисидаги қарор шикоятда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топса, қабул қилинади.
71. Абитуриентга Апелляция комиссиясининг абитуриент мурожаатидаги барча важлар бўйича асослантирилган қарори юборилади.
72. Абитуриент Апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
3-боб. Академик лицейларга ўқишга қабул қилишни расмийлаштириш
73. Имтиҳонлар (кириш тест синовлари ва ижодий имтиҳонлар)нинг якуний натижалари таълим йўналишлари ва ўқитиш тиллари бўйича қабул параметрларига мувофиқ шакллантирилади.
Имтиҳонларнинг якуний натижалари қайдномасида ўқишга қабул қилинган, лекин ўз хоҳишига кўра ўқиш истагини билдирмаган ўқувчилар ўрнига кириш тест синовларидан етарли балл тўплай олмаган, ўқишга тавсия этилмаган ўқувчилар ҳисобидан ўқитиш тили ва тўплаган баллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда қабул параметрларида белгиланган ўринлар тўлдирилиши мумкин.
Таълим йўналишлари ва ўқитиш тиллари бўйича қабул параметрларининг тўлиқ бажарилиши, шаклланмаган гуруҳларнинг қайта тақсимланиши тизимида академик лицейлар мавжуд бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифига асосан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг рухсати билан амалга оширилади.
74. Ўқишга қабул қилинган абитуриентлар тўғрисида академик лицей директорининг тегишли буйруғи якуний натижалар эълон қилингандан сўнг уч кун ичида расмийлаштирилади.
75. Академик лицейга ўқишга қабул қилинган абитуриентларни умумий ўрта таълим мактабидаги ўқувчилар сафидан чиқариш учун академик лицей томонидан ўқувчи таҳсил олган умумий ўрта таълим мактабига маълумотнома юборилади.
76. Имтиҳонлар якуний натижаларига кўра академик лицейларга ўқишга қабул қилинмаган абитуриентлар ўзлари ўқиган умумий ўрта таълим мактабларида ўқишни давом эттиради.
4-боб. Чет эл фуқаролари ва хорижда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларни академик лицейларга ўқишга қабул қилиш
77. Чет эл фуқаролари ва хорижда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар (Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки «инвестиция визаси»га эга хорижий инвесторлар ҳамда уларнинг оила аъзолари бундан мустасно) академик лицейларга суҳбат натижасига кўра қабул параметрларидан ташқари тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
78. Чет эл фуқаролари ва хорижда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларни ўқишга академик лицей томонидан қабул қилинади.
79. Хорижий фуқаролар ўқиш учун тўловни ҳар йили шартнома шартларида кўрсатилган муддатларда амалга оширади.
Бунда ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори бир ўқувчини ўқитиш учун кетадиган сарф-харажатлардан кам бўлмаган миқдорда академик лицей директори томонидан бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишган ҳолда белгиланади.
5-боб. Академик лицей ўқувчиларининг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартиби
80. Академик лицей ўқувчиларининг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш мазкур Низомга 3-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
81. Академик лицей ўқувчилари ўқишини бир академик лицейдан бошқасига кўчириш бўйича аризалар ёзги таътил даврида ҳар йили 20 июндан 20 июлгача, қишки таътил даврида семестрлар оралиғида 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар қабул қилинади.
82. Ўқувчиларнинг ўқиши бир академик лицей доирасида академик лицей директорининг буйруғи билан кўчирилади.
83. Ўқувчиларнинг ўқиши бир академик лицейдан бошқа академик лицейга Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг рухсати билан кўчирилади.
Бунда қуйидагиларга рухсат этилмайди:
умумий ўрта таълим мактаблари ва касб-ҳунар мактабларидан академик лицейларга ўқишни кўчиришга;
қонунчилик ҳужжатларида академик лицей ўқувчиларига ўқишни кўчириш учун белгиланган 84-бандда кўрсатилган узрли сабаблар кўрсатилмаганда, бир академик лицейдан бошқа академик лицейга ўқишни кўчиришга.
84. Ўқувчилар ўқишини бир академик лицейдан бошқа академик лицейга кўчиришда ўқувчи таълим олаётган академик лицейда ўқувчилар, ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан ҳамкорликда қуйидаги ҳужжатлар йиғмажилди тайёрланади:
ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ёзма аризаси;
академик лицейнинг номи, йўналиш, курс, семестрлар давомида олган баҳолари бўйича академик маълумотнома;
узрли сабабларни (республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун кўчиб ўтганда, ота-онаси хизмат ўташ жойини ўзгартирганда ёки ота-онаси хориждаги давлат хизматидан қайтганда) тасдиқловчи маълумотнома;
умумий ўрта таълим мактабларининг 8-9-синф ўқувчилари бўлган халқаро нуфузли фан олимпиадалари ғолибларининг асл нусхадаги диплом, сертификат, гувоҳнома ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатлари.
85. Ўқувчининг ўқишни кўчириш тўғрисидаги ҳужжатлар йиғмажилди академик лицей директори томонидан олий таълим ташкилотининг йўлланма хати билан ҳар йили 1 августга (қишки таътил даврида 22 январга) қадар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига расмий электрон почта манзили орқали тақдим этилади.
86. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан аризалар 15 августга (қишки таътил даврида 5 февралга) қадар кўриб чиқилиб, натижалари ҳақида тегишли олий таълим ташкилотига ва академик лицейга ёзма хабар берилади.
87. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан олинган ёзма хабар асосида олий таълим ташкилоти ва академик лицей раҳбарияти ариза берувчини беш кун муддатда ёзма равишда хабардор қилади.
88. Ўқувчини қабул қилувчи академик лицей директори ўқувчи илгари ўқиган академик лицей директорига ўқувчининг шахсий ҳужжатларини юбориш ҳақида сўровнома юборади. Сўровномани олган академик лицей директори ўқувчини ўқувчилар сафидан чиқариш ҳақида буйруқ чиқаради ва уч кун муддатда ўқувчининг шахсий ҳужжатларини ўқишини кўчирган академик лицейга тақдим этади.
89. Ўқишни кўчиришга рухсат берилган ўқувчини қабул қилувчи академик лицей директори уч кун муддатда ўқувчини ўқишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.
90. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири буйруғига асосан Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларидан хизмат фаолияти тугаши муносабати билан Ўзбекистонга қайтган ходимларнинг хорижда академик лицей мақомига тенглаштирилган таълим ташкилотларда таълим олган фарзандларининг ўқиши, истисно тариқасида, академик лицейга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига кўра Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг рухсати билан кўчирилади.
91. Саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) ўқишдан четлаштирилган ўқувчиларни ўқишга қайта тиклаш учун ўқувчи, агарда ўқувчи вояга етмаган бўлса, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар четлаштириш сабабларини кўрсатган ҳолда академик лицей директори номига ариза билан мурожаат қилади.
92. Ўқувчининг, ўқувчи вояга етмаган бўлса, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ўқувчини ўқишга қайта тиклаш ҳақидаги аризаси ариза берилган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда кўриб чиқилади.
93. Ўқувчи олдин ўқиган йўналиши тўхтатилган бўлса, унинг хоҳишига кўра турдош йўналишга ўқишини тиклаш мумкин.
94. Академик лицей ўқувчилари қуйидаги ҳолатларда четлаштирилиши мумкин:
а) ўқув йили давомида:
доимий яшаш учун бошқа ҳудудга ёки мамлакатга чиқиб кетганда;
суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилганда;
саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) академик таътил олганда;
вафот этганлиги сабаблари бўйича;
б) ўқув семестри якунида:
ўқиши бошқа академик лицейга кўчирилиши муносабати билан;
ўқувчининг, унинг ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ташаббусларига кўра ўз аризасига мувофиқ;
ўқувчи томонидан ўқув дастури ва режаси талаблари бажарилмаганда (семестр якуни бўйича икки ёки ундан ортиқ фанни «қониқарсиз» баҳога ўзлаштирган, узрли сабабларсиз 76 соат ва ундан ортиқ дарс машғулотларини қолдирган) ёки академик лицейнинг ички тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузиш сабаблари бўйича академик лицей педагогик кенгашининг қарорига мувофиқ.
95. Ўқишдан четлатилган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар академик лицей директори томонидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда академик лицей жойлашган ҳудуд бўйича Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларига тақдим этилади.
96. Ўқувчиларни ўқишдан четлатишда ҳужжатларнинг ишончлилиги ва тўғри расмийлаштирилганлиги учун масъулият академик лицей директорига юкланади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
97. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
98. Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Ўқувчиларни академик лицейларга-қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ўқувчиларни академик лицейларга қабул қилиш
Босқичлар Масъуллар Чора-тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич Олий таълим муассасалари ва академик лицейлар Маслаҳат кенгашларини ташкил этади. Ҳар йили 1 июнга қадар 2-босқич Академик лицейлар ва Маслаҳат кенгашлари Абитуриентларнинг Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Ягона таълим хизматлари портали my.edu.uz орқали рўйхатдан ўтишини ташкил этади. Ҳар йили 10 июндан 10 июлга қадар 3-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Академик лицейларга имтиҳонлар ўтказиш санаси ҳамда қабул параметрларининг тиллар кесимидаги тақсимотини Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига киритади. Ҳар йили 1 июлга қадар 4-босқич Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Академик лицейларга кириш тест синовларини ўтказади. Ҳар йили июль ойида 5-босқич Олий таълим муассасалари ва академик лицейлар Имтиҳонларнинг якуний натижаларини ўз расмий веб-сайти орқали эълон қилади. Имтиҳонлар тўлиқ якунлангандан сўнг уч кун ичида 6-босқич Академик лицей директори Ўқишга қабул қилинган ўқувчилар тўғрисида буйруқни расмийлаштиради. Якуний натижалар эълон қилингандан сўнг уч кун ичида
Ўқувчиларни академик лицейларга-қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Абитуриентларни академик лицейларга қабул қилишда бериладиган имтиёзлар
Халқаро математика олимпиадаси (International Mathematical Olympiad (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (Intemational Physics Olympiad (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (Intemational Chemistry Olympiad (ICho), Халқаро биология олимпиадаси (International Biology Olympiad (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (Intemational Olympiad in Informatics (IOI) халқаро фан олимпиадаларида иштирок этган ёки Халқаро Жаутиков Олимпиадаси (Intemational Zhautykov Olympiad (IZhO), Халқаро Менделеев олимпиадаси, Ўсмирлар ўртасида Халқаро Табиий фанлар олимпиадаси (Intemational Junior Science Olympiad (IJSO), Халқаро Математика мусобақаси (Intemational Mathematics Competition (IМС)да ғолибликни қўлга киритган умумий ўрта таълим мактабларининг 8-9-синф ўқувчилари. Академик лицейнинг мос йўналишига қабул параметрларидан ташқари имтиҳонсиз қабул қилинадилар. Умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синф битирувчилари орасидан фан олимпиадасининг ҳудудий (вилоят ва шаҳар) босқичида 1 — 3-ўринлар ғолиблари. Академик лицейнинг мос йўналишига ҳужжат топширганда, ихтисослик фани бўйича тест синовидан максимал балл берилади. Т/р Сертификатлар номи Тиллар/Фанлар Минимал баллар Мазкур чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган ўқувчиларга академик лицейларга кириш тест синовларининг фанлар мажмуасига киритилган мос чет тили ва фанлардан имтиҳонларсиз максимал балл берилади. 1. Intemational English Language Testing System (IELTS academic) Инглиз тили 5 2. Test of English as a Foreign Language (TOEFL) IBT 42 3. Cambridge Assessment English PET В1 4. Goethe-Zertifikat Немис тили В1 5. TestDaf В1 6. Deutsches Sprachdiplom В1 7. Diplome d'Etudes en Langue Francaise (DELF) Француз тили В1 8. Test de Connaissance du Francais (TCF) В1 9. Бошқа тиллар учун — миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича Испан, турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, итальян, япон тили В1 10. Умумтаълим фани ва чет тилини билиш даражаси бўйича миллий сертификат тегишлилиги бўйича B1*
Ўқувчиларни академик лицейларга-қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Академик лицей ўқувчиларининг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш
Босқичлар Масъуллар Чора-тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич Академик лицей ўқувчилари, ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан ҳамкорликда Ўқишни кўчириш бўйича ҳужжатлар йиғмажилди тайёрлайди. Ҳар йили 20 июндан 20 июлгача (20 декабрдан 20 январгача) 2-босқич Академик лицей Ўқувчининг ҳужжатлар йиғмажилдини олий таълим ташкилотининг йўлланма хати асосида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади. Ҳар йили 1 августгача (22 январгача) 3-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Аризаларни кўриб чиқиб, натижалари ҳақида тегишли олий таълим ташкилотига ёзма хабар беради. Ҳар йили 15 августгача (5 февралгача) 4-босқич Ўқувчини қабул қилувчи академик лицей директори Ўқувчининг шахсий ҳужжатларини юбориш ҳақида ўқувчи таълим олган академик лицейга сўровнома юборади. Ҳар йили 16 августгача (6 февралгача) 5-босқич Сўровномани олган академик лицей директори Ўқувчининг шахсий ҳужжатларини ўқишга қабул қилган академик лицейга етказади. Ҳар йили 19 августгача (9 февралгача) 6-босқич Ўқувчини қабул қилувчи академик лицей директори Ўқувчини қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Ҳар йили 22 августгача (12 февралгача)
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 июндаги 320-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Академик лицейларга умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 23 мартдаги 212-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2023 йил 31 августдаги 434-сон қарорига илованинг 4-банди .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2024 йил 6 майдаги 266-сон қарорига илованинг 286-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 5 июнь,
320-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SXEMASI
ROʻYXATI
Oʻquvchilarni akademik litseylarga qabul qilish, ularning oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlatish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 3-iyuldagi PQ-200-son qaroriga muvofiq, shuningdek, kelajak avlodning ilm-fanga boʻlgan intilishlarini ragʻbatlantirish, intellektual va ijodiy salohiyatini roʻyobga chiqarish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 3-iyuldagi PQ-200-son qaroriga muvofiq akademik litseylar faoliyatini tartibga soluvchi normativ-huquqiy hujjatlarni xatlovdan oʻtkazib, ularni qayta koʻrib chiqish, shu jumladan, oʻquvchilarni akademik litseylarga qabul qilish, ularning oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlashtirish tartibini belgilash nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻquvchilarni akademik litseylarga qabul qilish, ularning oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
umumiy oʻrta taʼlim maktablarining 9-sinf bitiruvchilarini akademik litseylarga tanlab olish va oʻqishga qabul qilish;
hujjatlarni qabul qilish, imtihonlarni oʻtkazish hamda natijalarni eʼlon qilish;
fan olimpiadalari, tanlovlar gʻoliblari va umumtaʼlim fanlarini oʻzlashtirish sertifikatiga ega boʻlganlar uchun imtiyozlarni qoʻllash;
akademik litsey oʻquvchilarining oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlatish.
3. Belgilansinki:
a) akademik litseylarga hujjat topshiruvchilar Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining rasmiy veb-sayti orqali roʻyxatdan oʻtkaziladi;
b) abituriyentlarga roʻyxatdan oʻtishda uchtagacha akademik litseyning taʼlim tili bir xil boʻlgan bittadan mos yoʻnalishini tanlash imkoniyati beriladi;
v) abituriyent oʻzi tanlagan hududda (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar markazi yoki Toshkent shahrida) tashkil etiladigan kirish test sinovlarida ishtirok etadi;
g) oliy taʼlim tashkilotlari tizimidagi akademik litseylari boʻlgan vazirliklar va idoralar har yili 1-mayga qadar hududlarning ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanish dasturlari asosida mahalliy mehnat bozori ehtiyojlari, oʻquvchilarning qiziqishlaridan kelib chiqib, akademik litseylarga qabul parametrlarini asoslangan takliflar asosida yoʻnalishlar kesimida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga taqdim etadi;
d) Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:
Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda, har yili 1-iyunga qadar akademik litseylarga qabul parametrlarini tasdiqlaydi;
akademik litseylarga imtihonlar oʻtkazish sanasi hamda qabul parametrlarining tillar kesimidagi taqsimotini har yili 1-iyulga qadar Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim tashkilotlariga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasiga tasdiqlash uchun kiritadi;
e) akademik litseylarning taʼlim yoʻnalishlariga mos test sinovi topshiriladigan fanlar majmuasi, test topshiriqlari soni hamda baholash mezonlari, mantiqiy fikrlash darajasi (IQ)ni aniqlash boʻyicha test uchun tayyorlanishi lozim boʻlgan adabiyotlar roʻyxati navbatdagi oʻquv yili uchun har yili 1-noyabrga qadar Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 5-iyundagi 320-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻquvchilarni akademik litseylarga qabul qilish, ularning oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlatish tartibi toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom umumiy oʻrta taʼlim maktablari 9-sinf bitiruvchilarini akademik litseylarga qabul qilish, ularning oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlatish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati va Milliy gvardiya tizimidagi akademik litseylarga nisbatan tatbiq etilmaydi.
3. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
abituriyent — akademik litseyga oʻqishga kirish uchun belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtgan va qoidalarga qatʼiy amal qilgan holda belgilangan guruhda kirish test sinovlarida ishtirok etuvchi, umumiy oʻrta taʼlim maktabining 9-sinf bitiruvchisi boʻlgan talabgor;
abituriyent ruxsatnomasi — shaxsini tasdiqlovchi hujjat (pasporti yoki identifikatsiyalovchi ID kartasi, u boʻlmagan holda tugʻilganlik toʻgʻrisida guvohnoma) bilan birgalikda abituriyentning belgilangan sana va vaqtda kirish test sinovlarida ishtirok etishiga ruxsat beradigan hujjat;
Agentlik vakili — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi direktorining buyrugʻi bilan tayinlanadigan, kirish test sinovlari oʻtkaziladigan tegishli hudud va binoda belgilangan vazifa va majburiyatlar boʻyicha amalga oshiriladigan tadbirlarga umumiy rahbarlik qiluvchi hamda kirish test sinovi ishtirokchilarining vazifalariga muvofiq harakatini nazorat qiluvchi va amaliy yordam koʻrsatuvchi xodim;
bino rahbari — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) direktorining buyrugʻi bilan tayinlanadigan, belgilangan vazifa va majburiyatlar boʻyicha binodagi guruh nazoratchilari va abituriyentlar harakatlariga umumiy rahbarlik qiladigan, nazorat qiluvchi va amaliy yordam koʻrsatuvchi xodim;
guruh nazoratchisi — Agentlik bilan tuzilgan shartnoma asosida shartnomada belgilangan vazifa va majburiyat boʻyicha kirish test sinovlarida abituriyentlar harakatiga umumiy rahbarlik qilish, test sinovining belgilangan tartib boʻyicha oʻtishini qatʼiy nazorat qilishga masʼul boʻlgan va abituriyentlarga test sinovini topshirish tartibi boʻyicha amaliy yordam koʻrsatish uchun jalb qilingan hamda kirish test sinovlari oʻtkazilishi bilan bogʻliq seminarda ishtirok etadigan shaxs;
javoblar varaqasi — test topshiriqlari kitobidagi har bir topshiriqning bajarilishi natijasida tanlangan javobning bittasini belgilashga moʻljallangan va abituriyentning bilimini baholash uchun asos hisoblanadigan yagona hujjat.
test topshiriqlari kitobi — belgilangan fanlar majmuasi boʻyicha test topshiriqlarini oʻz ichiga olgan savollar toʻplami;
4. Oʻquvchilar akademik litseylarga mazkur Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq qabul qilinadi.
2-bob. Oʻquvchilarni akademik litseylarga qabul qilish tartibi
1-§. Maslahat kengashi faoliyatini tashkil etish
5. Akademik litseylarda oʻqishga qabulni sifatli tashkil etish maqsadida har yili 1-iyunga qadar tegishli oliy taʼlim tashkiloti rektorining (filial direktorining) buyrugʻi bilan 7 — 9 nafar aʼzodan iborat tarkibda Maslahat kengashi tashkil etiladi.
Maslahat kengashiga akademik litsey direktori raislik qiladi.
6. Maslahat kengashi aʼzolari tarkibiga akademik litseyning amaliyotchi psixologi, tajribali pedagoglari, tegishli vazirlik va idora yoki oliy taʼlim tashkilotining vakillari kiritiladi.
7. Maslahat kengashi qabul boshlanishidan bir oy oldin abituriyentlarni roʻyxatdan oʻtish muddatlari, yoʻnalishi, ajratilgan oʻrinlar haqidagi axborotlarni tegishli oliy taʼlim tashkiloti va akademik litseyning oʻz rasmiy veb-sayti orqali eʼlon qiladi.
8. Quyidagilar Maslahat kengashining vazifalari hisoblanadi:
abituriyent yoki uning ota-onasi yoxud ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar istagini inobatga olib, tegishli yoʻnalish yuzasidan batafsil maʼlumot va maslahatlar berish;
akademik litsey faoliyatiga oid bukletlar, audio, video va boshqa zarur materiallarni tayyorlash, akademik litseyning rasmiy veb-saytiga joylashtirib borish;
abituriyent yoki uning ota-onasi yoxud ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar akademik litsey hamda barcha shart-sharoitlar bilan tanishishi uchun ochiq eshiklar kunlarini tashkil etish;
abituriyentlarni roʻyxatdan oʻtkazish bilan bogʻliq jarayonlarni muvofiqlashtirish.
Maslahat kengashi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalarni ham amalga oshirishi mumkin.
9. Quyidagilar Maslahat kengashining majburiyatlari hisoblanadi:
abituriyent yoki uning ota-onasi yoxud ularning oʻrnini bosuvchi shaxslarni kirish test sinovlari oʻtkaziladigan kunlar haqida besh kun oldin xabardor qilish;
kirish test sinovlarini tashkil etish va oʻtkazishda bevosita koʻmaklashish;
abituriyent yoki uning ota-onasi yoxud ularning oʻrnini bosuvchi shaxslarga imtihon natijalari boʻyicha toʻliq maʼlumot berish.
10. Maslahat kengashi oʻziga yuklangan vazifalarning bajarilishini taʼminlashi uchun javobgarlik shaxsan Maslahat kengashining raisi va masʼul kotibi zimmasiga yuklanadi.
2-§. Abituriyentlarni roʻyxatdan oʻtkazish jarayonini tashkil etish
11. Abituriyentlar akademik litseylarga qabul qilish uchun Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki Yagona taʼlim xizmatlari portali my.edu.uz orqali (keyingi oʻrinlarda — tizim) har yili 10-iyundan 10-iyulga qadar bepul roʻyxatdan oʻtkaziladi.
12. Abituriyentlarga roʻyxatdan oʻtishda uchtagacha akademik litseyning taʼlim tili bir xil boʻlgan bittadan mos yoʻnalishini tanlash imkoniyati beriladi.
Abituriyent oʻzi tanlagan hududda (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar markazi yoki Toshkent shahrida) tashkil etiladigan kirish test sinovlarida ishtirok etadi.
13. Abituriyent roʻyxatdan oʻtish jarayonida uning quyidagi shaxsiy maʼlumotlari “Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali olinadi:
identifikatsiyalovchi ID karta maʼlumotlari (fotosurati bilan) — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining elektron maʼlumotlar bazasidan;
tugʻilganlik haqidagi guvohnoma maʼlumotlari — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining elektron maʼlumotlar bazasidan (agar abituriyent tugilganlik toʻgʻrisida guvohnomasi bilan roʻyxatdan oʻtgan boʻlsa);
umumiy oʻrta taʼlim maktabining 9-sinfini tamomlaganlik toʻgʻrisida elektron shahodatnoma maʼlumotlari — Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining elektron maʼlumotlar bazasidan.
14. Abituriyent roʻyxatdan oʻtish jarayonida tizimga quyidagi hujjatlarni va maʼlumotlarni kiritishi va yuklashi lozim:
oʻqishga imtiyozli kirish huquqini beruvchi hujjatlarning nusxasi (fan olimpiadasi, tanlovlar, musobaqa gʻolibi ekanligini tasdiqlovchi), diplom, sertifikat, guvohnoma, shuningdek, chet tili va umumtaʼlim fanlarini bilish darajasi toʻgʻrisidagi milliy yoki xalqaro sertifikat (agar mavjud boʻlsa);
xorijiy davlatda umumiy oʻrta taʼlim olganlik toʻgʻrisidagi hujjatning tan olinganligi (nostrifikatsiya) haqidagi maʼlumotnomasi (agar Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlgan abituriyent maktabning 9-sinfini xorijiy davlatda tamomlagan boʻlsa);
abituriyentning 3,5x4,5 hajmdagi fotosurati (agar abituriyent tugʻilganlik toʻgʻrisida guvohnomasi bilan roʻyxatdan oʻtgan boʻlsa);
taʼlim yoʻnalishi, taʼlim tili, qaysi chet tilidan (ingliz, nemis, fransuz va sharq tillaridan biri) kirish test sinovini topshirishi haqida maʼlumot.
15. Maslahat kengashi ushbu Nizomda koʻrsatib oʻtilgan hujjatlar va maʼlumotlar mavjud boʻlganda, abituriyentlar kirish test sinovlarida ishtirok etishi uchun roʻyxatdan oʻtishini rad etishga haqli emas.
Abituriyentdan qoʻshimcha hujjatlar va maʼlumotlarni talab qilish taqiqlanadi.
Abituriyentlarni roʻyxatdan oʻtkazish uchun belgilangan muddatlar tugagandan soʻng hujjatlar va maʼlumotlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish qatʼiyan taqiqlanadi.
16. Abituriyent tomonidan taqdim etilgan hujjatlarning qalbakiligi aniqlansa, abituriyent kirish imtihonlaridan chetlashtiriladi hamda bu haqda belgilangan tartibda huquqni muhofaza qiluvchi organlarga xabar qilinadi.
3-§. Imtihonlarni tashkil etish
17. Abituriyentlar akademik litseylarga kirish test sinovlari yoki ijodiy imtihon shaklida qabul qilinadi. Bunda:
kirish test sinovlari va ijodiy imtihonlar akademik litseyda taʼlim olib boriladigan tilda (oʻzbek, rus, qoraqalpoq tili) oʻtkaziladi;
kirish test sinovlari va ijodiy imtihonlar materiallari (topshiriqlari) umumtaʼlim fanlari dasturlari (5 — 9 sinflar) asosida tuziladi.
18. Abituriyentlarni akademik litseylarga qabul qilishda ushbu Nizomga 2-ilovada belgilangan imtiyozlar inobatga olinadi.
4-§. Ijodiy imtihonlarni oʻtkazish
19. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan har yili tasdiqlanadigan akademik litseylarga kirish imtihonlari oʻtkaziladigan fanlar majmuasi (keyingi oʻrinlarda — fanlar majmuasi)da koʻrsatilgan ayrim taʼlim yoʻnalishlarining xususiyatlarini inobatga olgan holda, kirish test sinovlari oʻrniga ijodiy imtihonlar oʻtkaziladi.
Ijodiy imtihonlarni oʻtkazish uchun har bir fan boʻyicha Maslahat kengashi tavsiyasiga asosan tegishli oliy taʼlim tashkiloti rektori tomonidan tasdiqlanadigan har birida kamida 5 — 7 nafar aʼzodan iborat tarkibda Imtihon komissiyasi tuziladi.
20. Ijodiy imtihonlarni oʻtkazish tartibi, imtihon materiallari (topshiriqlari), baholash mezonlari Imtihon komissiyasi tomonidan ishlab chiqiladi va Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishgan holda tegishli oliy taʼlim tashkiloti rektorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
21. Ijodiy imtihonlar kirish test sinovlari oʻtkazilishiga qadar har yili 18-iyulgacha test majmualarida fanning oʻrniga qarab baholash mezonlarida nazarda tutilgan eng koʻp ballning 0 dan 100 foizigacha boʻlgan oralikda oʻtkaziladi.
22. Ijodiy imtihonlar oʻtkazilayotgan joyga abituriyent tomonidan uyali telefon va boshqa aloqa vositalarini olib kirish hamda ulardan foydalanish taqiqlanadi.
Abituriyent mikrokalkulyator, lugʻat, jadval, kitob, uyali telefon, kompyuter, telekommunikatsiya vositalari va shpargalkalar olib kirishga harakat qilsa yoki olib kirgan boʻlsa, ijodiy imtihonlar davomida boshqa abituriyentga yordam bersa, abituriyent ijodiy imtihonlarni oʻtkazish tartibini buzgan hisoblanadi va dalolatnoma tuzilib, u ijodiy imtihonlardan chetlashtiriladi.
23. Abituriyentga ijodiy imtihonlarni qayta topshirishga ruxsat berilmaydi.
24. Ijodiy imtihonlar oʻtkaziladigan binoga jarayon boshlangan vaqtda abituriyentlar, komissiya aʼzolari va kuzatuvchilardan tashqari boshqa shaxslar (zarur hollarda, tibbiyot xodimlari bundan mustasno) kirishiga ruxsat etilmaydi.
25. Ijodiy imtihonlar natijalari Agentlikka Maslahat kengashi tomonidan 20-iyulgacha taqdim etiladi.
26. Binolarni tayyorlash, videokuzatuvlar orqali jamoatchilik, shu jumladan, abituriyentlar ota-onalarining ijodiy imtihon jarayonini onlayn tarzda kuzatib borishlari, abituriyentlarni shaxsni identifikatsiyalash vositalari orqali binoga kiritish, binolardagi va xizmat postlaridagi videoyozuvlar saqlanishi uchun sharoitlar yaratish tasarrufida akademik litsey mavjud boʻlgan oliy taʼlim tashkiloti rektori (filial direktori) tomonidan taʼminlanadi.
Oʻtkazilgan ijodiy imtihonlar jarayoni boʻyicha videoyozuvlar tasarrufida akademik litsey mavjud boʻlgan oliy taʼlim tashkiloti tomonidan 6 oy davomida saqlanadi.
5-§. Kirish test sinovlariga tayyorgarlik koʻrish va oʻtkazish
27. Kirish test sinovlari har yili iyul oyida qoida tariqasida, kuniga ikki smenada Agentlik tomonidan test jarayonining ochiqligi va shaffofligi taʼminlangan holda quyidagi shakllarda oʻtkaziladi:
I boʻlim — tanlangan yoʻnalishga mos fanlar majmuasidagi 2 ta fan boʻyicha kirish test sinovlari;
II boʻlim — intellektual qobiliyat darajasini (IQ) aniqlash boʻyicha test.
Kirish test sinovlarining birinchi smenasi soat 09:00 da, ikkinchi smenasi soat 15:00 da boshlanadi.
28. Binolarni tayyorlash, videokuzatuvlar orqali jamoatchilik, shu jumladan, abituriyentlar ota-onalarining kirish test sinovlari jarayonini onlayn tarzda kuzatib borishlari, abituriyentlarni shaxsni identifikatsiyalash vositalari orqali bino hududiga kiritish, binolardagi va xizmat postlaridagi videoyozuvlar saqlanishi uchun sharoitlar yaratish Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining “Xavfsiz shahar” jamoat tartibiga koʻmaklashish markazi tomonidan taʼminlanadi.
Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining “Xavfsiz shahar” jamoat tartibiga koʻmaklashish markazi oʻtkazilgan kirish test sinovlari jarayoni boʻyicha videoyozuvlarni saqlaydi va kirish test sinovlari oʻtkazilgan kunning ertasiga Agentlikka topshiradi.
Oʻtkazilgan kirish test sinovi jarayoni boʻyicha videoyozuvlar Agentlik tomonidan 6 oy davomida saqlanadi.
29. Kirish test sinovlariga jalb etilgan bino rahbari va guruh nazoratchisi mehnatiga kunlik haq toʻlash, binolarni tayyorlash, abituriyentlarni shaxsni identifikatsiyalash vositalari orqali bino hududiga kiritish, binolardagi va xizmat postlaridagi videoyozuvlar saqlanishi uchun sharoitlar yaratish bilan bogʻliq xarajatlar Agentlik faoliyatini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan hamda Agentlikka ajratilgan budjet mablagʻlari doirasida amalga oshiriladi.
30. Guruh nazoratchilari va abituriyentlarni kirish test sinovlari oʻtkaziladigan hududga nazorat xizmati postlari orqali kiritish, tadbir jarayonida jamoat tartibini saqlash va jamoat xavfsizligini taʼminlash Maslahat kengashlari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiya bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.
Abituriyent kirish test sinovlari boshlanganidan soʻng bino hududiga kiritilmaydi.
Kirish test sinovlari oʻtkaziladigan kunda Agentlikning tegishli ruxsatnomasiga ega boʻlmagan shaxslarning kirish test sinovlari oʻtkazilishi belgilangan hududga kirishi taqiqlanadi.
31. Kirish test sinovlari oʻtkaziladigan har bir binoda Agentlikning vakiliga test materiallarini saqlash, tarqatish va yigʻib olish uchun moʻljallangan yetarli miqdordagi stol, stullar, statsionar telefon aloqasi, doimiy videokuzatuv va seyf bilan jihozlangan maxsus joy (shtab) tayyorlanadi.
32. Binoda kirish test sinovlari jarayonini toʻliq nazorat qilish maqsadida, qoida tariqasida, 30 nafar abituriyent uchun bitta videokuzatuv tizimi oʻrnatilishi zarur.
Binoda bir nafar abituriyentga, qoida tariqasida, 2 m 2 dan kam boʻlmagan joy tayyorlanadi.
33. Hududlar boʻyicha kirish test sinovlari oʻtkaziladigan bino va guruhlarning alohida tartib raqami takrorlanmaydigan ketma-ketlikda raqamlangan boʻlishi lozim.
34. Har bir guruh alohida oʻringa ega boʻlgan 30 tadan stol va stullar bilan taʼminlanib, stollar birdan oʻttizgacha raqamlanishi lozim.
Guruh nazoratchisiga test materiallarini tarqatish va qabul qilish uchun alohida stol va stul ajratiladi.
35. Test oʻtkaziladigan har bir binoni tayyorlashda uning kirish joyida videokuzatuv moslamalari oʻrnatilishi, yorugʻlik tushishi, kechki vaqtda yoritish yetarli ekanligi, koʻrinarli joylarda soatlar osilgani, ovoz kuchaytirish moslamalari bilan taʼminlangani hisobga olinishi zarur.
36. Binoga tegishli hududda va binoga kirish joylarida guruh va abituriyentlar soni yozilgan koʻrsatkichlar ilib qoʻyilgan boʻlishi shart.
37. Kirish test sinovlari oʻtkaziladigan har bir hududda test jarayoni uchun zarur axborot, texnik, tibbiy va maishiy sharoitlar yaratilgan boʻlishi lozim.
38. Test topshiriqlari kitobi 60 ta savolni oʻz ichiga oladi. Bunda abituriyentlarning tegishli fanlar boʻyicha bilimlarini aniqlash yuzasidan test topshiriqlari 2 ta umumtaʼlim fanlaridan jami 40 tani, intellektual qobiliyat darajasini (IQ) aniqlash boʻyicha 20 tani tashkil etadi.
Abituriyentlarga test topshiriqlarini bajarish uchun javoblar varaqasini toʻldirish bilan birgalikda jami 60 ta savolga 120 daqiqa vaqt meʼyori belgilanadi.
39. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan har bir smenada abituriyentlar va guruh nazoratchilari yetarli miqdorda ichimlik suvi, havorang pastali sharikli ruchkalar bilan taʼminlanadi.
6-§. Kirish test sinovlariga tayyorgarlik koʻrish va ularni oʻtkazishda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining vazifalari
40. Quyidagilar kirish test sinovlariga tayyorgarlik koʻrish va ularni oʻtkazishda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining vazifalari hisoblanadi:
har yili kirish test sinovlari oʻtkaziladigan binolarni belgilangan talablar boʻyicha tayyor holatga keltirish hamda bu haqda Agentlikka maʼlumot berish;
abituriyentlarni kirish test sinovlari oʻtkaziladigan hududga shaxsni identifikatsiyalash vositalari orqali tartibli kiritilishini taʼminlash;
kirish test sinovlari jarayonini videokuzatuvlar orqali onlayn tizimda ota-onalarga koʻrsatish, bosh shtab va har bir binoda tezkor axborotlarni toʻplash uchun ularning zarur moddiy-texnik vositalar bilan toʻliq jihozlanishini taʼminlash;
abituriyentlarning ota-onalari va keng jamoatchilik uchun kirish test sinovlarini onlayn rejimda kuzatishini taʼminlash maqsadida binoga tegishli hudud tashqarisida oʻtirish joylarini belgilash hamda kutish joylarini tashkil etish;
kirish test sinovi boʻlib oʻtadigan binolarni zaxira energiya manbai bilan taʼminlash;
kirish test sinovlarini oʻtkazish uchun transport vositalari bilan taʼminlashga amaliy yordam berish, har bir hudud xavfsizligini va kirish test sinovlarining tartibli oʻtishini taʼminlash, nazorat xizmati postlarini tashkil etish;
har bir smenada abituriyentlar va guruh nazoratchilarini yetarli miqdorda ichimlik suvi, havorang pastali sharikli ruchkalar bilan hamda kirish test sinovlari oʻtkaziladigan binolarni sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari talablariga toʻliq javob berishini taʼminlash.
7-§. Kirish test sinovlariga tayyorgarlik koʻrish va ularni oʻtkazishda Agentlikning vazifalari hamda masʼul shaxslarning huquq va majburiyatlari
41. Agentlik kirish test sinovlariga tayyorgarlik koʻrish va ularni oʻtkazish bilan bogʻliq quyidagi vazifalarni bajaradi:
kirish test sinovlarini oʻtkazish jarayonida qoʻllaniladigan shakllar va jadvallarni ishlab chiqish;
test materiallarining sifatli va nuqsonsiz tayyorlanishini taʼminlash;
Agentlik vakili, bino rahbari, guruh nazoratchisining vazifalari, huquqlari va majburiyatlarini belgilash;
test materiallarining belgilangan kunlarda Davlat feldegerlik xizmati tomonidan Agentlik vakiliga yetkazilishini taʼminlash;
kirish test sinovlari oʻtkazilishi bilan bogʻliq seminarda ishtirok etgan malakali shaxslar tarkibidan, qoida tariqasida, har 30 nafar abituriyentga 2 nafargacha guruh nazoratchisini kirish test sinovlari jarayoniga jalb etish;
belgilangan tartibda abituriyentlar haqida tushgan maʼlumotlar asosida guruhlarni shakllantirish va ularning binolar boʻyicha oʻtirish oʻrinlarini belgilash hamda kirish test sinovlari va tanlovni tashkil etish;
Agentlikka olib kelingan javoblar varaqalari boʻyicha kirish test sinovlari natijalarini hisoblash va eʼlon qilish;
bino rahbarlari va guruh nazoratchilariga umumiy rahbarlik qilish hamda ularga amaliy yordam koʻrsatish;
kirish test sinovlarining boshlanishi va tugashini qatʼiy nazorat qilish, kirish test sinovlarining adolatli, xolisona va mazkur Nizomda belgilangan talablar asosida oʻtishini taʼminlash.
Agentlik mazkur Nizom va qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa vazifalarni ham amalga oshirishi mumkin.
42. Agentlik vakili oʻziga yuklangan vazifalarni samarali amalga oshirish uchun mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va qabul komissiyalariga koʻrsatma berish, mazkur Nizom talablariga amal qilmagan bino rahbari, guruh nazoratchisi va abituriyentni kirish test sinovlari jarayonidan chetlashtirish huquqiga ega.
Agentlik rahbariyati bilan kelishilgan holda, sinovlardan chetlashtirilgan xodimlarning oʻrniga boshqa bino rahbarini, guruh nazoratchilarini tayinlaydi.
43. Quyidagilar Agentlik vakilining majburiyatlari hisoblanadi:
oʻziga biriktirilgan hududda test oʻtkazish tartibiga qatʼiy rioya etilishini taʼminlash;
kirish test sinovlari oʻtkaziladigan sanalarda belgilangan vaqtdan kechikmasdan, oʻziga tegishli hududga yetib kelish va nazorat xizmati posti orqali pasporti (ruxsatnoma yoki guvohnoma) bilan kirish;
bino rahbarlari va guruh nazoratchilari roʻyxatini nazorat xizmati postlariga yetkazishni taʼminlash;
guruh nazoratchilariga abituriyent tomonidan kirish test sinovlari qoidalari buzilganda, guruh nazoratchilariga uni kirish test sinovlaridan chetlashtirish toʻgʻrisida koʻrsatma berish.
44. Mazkur Nizom talablari asosida oʻziga biriktirilgan binodagi guruh nazoratchilarining faoliyati va abituriyentlarning test topshirishini nazorat qilish bino rahbari zimmasiga yuklanadi.
45. Bino rahbari oʻziga yuklangan vazifalarni samarali amalga oshirish uchun Agentlik vakilidan amaliy yordam olishi, mazkur Nizom talablariga amal qilmagan guruh nazoratchisi va abituriyentni kirish test sinovlari jarayonidan chetlashtirish hamda Agentlik vakili bilan kelishilgan holda guruh nazoratchisini tayinlash huquqiga ega.
46. Quyidagilar bino rahbarining majburiyatlari hisoblanadi:
kirish test sinovlari oʻtkaziladigan sanalarda belgilangan vaqtdan kechikmasdan oʻziga tegishli boʻlgan bino hududiga yetib kelish va nazorat xizmati posti orqali pasporti (ruxsatnoma yoki guvohnoma) bilan kirish;
kirish test sinovlari oʻtkaziladigan sanalarda guruh nazoratchilariga ularning ruxsatnomalarini tarqatish va taqsimotini rasmiylashtirish;
Davlat feldegerlik xizmatidan bino boʻyicha test materiallarini qabul qilib olish;
kirish test sinovlari oʻtkaziladigan sanalarda birinchi va ikkinchi smenada abituriyentlarning guruhlar boʻyicha roʻyxati, test materiallarini tarqatish va qabul qilish bayonnomasini rasmiylashtirish;
abituriyent test materialida nuqson (tipografik xatolik) borligi haqida murojaat qilsa, zudlik bilan zaxira qutilaridan, taʼlim yoʻnalishi va tiliga mos test materiallarini guruh nazoratchisiga berish va zaxira test materiallarini tarqatish bayonnomasini rasmiylashtirish;
guruhlarda kirish test sinovlarini oʻtkazish tartibini buzgan abituriyentlarning testdan chetlashtirilishini nazorat qilish;
kirish test sinovining boshlanish va tugash vaqtiga qatʼiy amal qilish;
kirish test sinovlari uchun belgilangan vaqt tugagandan soʻng javoblar varaqasi paketi, test topshiriqlari kitobi qutisi guruhlarda muhrlanishini nazorat qilish hamda guruh nazoratchilaridan muhrlangan javoblar varaqasi paketi va test materiallari qutilarini qabul qilib olish.
47. Bino rahbari abituriyentlarga taqiqlangan vositalarni bersa yoki ishlatishga imkoniyat yaratsa, foydalanilayotgan holatni koʻrib turib kirish test sinovlaridan chetlashtirish uchun koʻrsatma bermasa, mazkur holat uni belgilangan tartibda javobgarlikka tortish uchun asos boʻladi.
48. Kirish test sinovi oʻtkazilayotgan guruhda mazkur Nizom talablariga qatʼiy rioya qilish va sinov adolatli oʻtkazilishini taʼminlash guruh nazoratchisining vazifasi hisoblanadi.
49. Guruh nazoratchisi oʻziga yuklangan vazifalarni samarali amalga oshirish uchun bino rahbaridan amaliy yordam olishi, mazkur Nizom talablariga amal qilmagan abituriyentni kirish test sinovlari jarayonidan chetlashtirish huquqiga ega.
50. Quyidagilar guruh nazoratchilarining majburiyatlari hisoblanadi:
kirish test sinovlari oʻtkaziladigan kuni oʻziga biriktirilgan binoga belgilangan vaqtdan kechikmasdan, taqiqlangan vositalarsiz pasporti bilan yetib kelish va bino shtabida oʻziga tegishli ruxsatnomani olish va oʻziga biriktirilgan guruhning kirish test sinovlariga tayyorligini tekshirish, jarayonga salbiy taʼsir etuvchi omillar aniqlanganda, ularni bartaraf etish choralarini koʻrish;
guruhdagi stollarning ketma-ketlikda raqamlanganligini tekshirish;
belgilangan vaqtlarda bino rahbaridan abituriyentlarning guruhlar boʻyicha roʻyxatini hamda test materiallarini qabul qilib olish;
abituriyentning ruxsatnomasidagi rasmi va identifikatsiyalovchi ID kartasi yoki pasporti (u boʻlmagan holda tugʻilganlik toʻgʻrisida guvohnomasi)dagi maʼlumotlar asosida tekshirib, ularni guruh roʻyxati boʻyicha belgilangan joyiga oʻtirishini taʼminlash hamda kirish test sinovlariga kelmagan abituriyentlarning oʻrnini boʻsh qoldirish;
test materiallari qutisida abituriyentlar soniga mos test topshiriqlari kitobi, javoblar varaqasi, javoblar varaqasi paketi va muhrlar mavjudligini tekshirish;
abituriyentlarga test topshiriqlari kitobi va javoblar varaqalarini tarqatish;
test topshiriqlari kitobi va javoblar varaqasining xatosizligini tekshirib chiqish hamda ularning tegishli boʻlimlarini rasmiylashtirish boʻyicha abituriyentlarga koʻrsatma berish;
test topshiriqlari kitobida xato mavjudligi aniqlansa, uning birinchi betiga “nuqsonli” deb yozish, almashtirilgan vaqtini koʻrsatish hamda abituriyentning familiyasi, ismi, otasining ismini yozib, imzolash va ushbu holat haqida dalolatnoma tuzish;
kirish test sinovlariga kelmagan abituriyentning test topshiriqlari kitobini kirish test sinovlari boshlanganidan 15 daqiqa oʻtib, test materiallari qutisiga solib qoʻyish, abituriyentlarning guruh boʻyicha roʻyxatiga kirish test sinovlariga kelmagan abituriyentning ismi, familiyasi, otasining ismi toʻgʻrisiga “qatnashmadi” degan yozuv kiritish hamda uning javoblar varaqasini javoblar varaqasi paketiga solib qoʻyish;
abituriyentlarning guruhlar boʻyicha roʻyxatini rasmiylashtirish;
abituriyentlar bilan test topshiriqlari boʻyicha savol-javob qilmaslik;
test topshiriqlari uchun ajratilgan vaqt tugaganligini eʼlon qilish, abituriyentlarni oʻrinlaridan turishlarini talab qilish;
test topshiriqlari kitobi va javoblar varaqasiga shikast yetmaganligini tekshirib qabul qilib olish;
barcha javoblar varaqalarini, “nuqsonli” deb topilgan test topshiriqlari kitobini (dalolatnomasi bilan), eʼtiroz blankasini, abituriyentlarning guruhlar boʻyicha rasmiylashtirilgan roʻyxatini javoblar varaqasi paketiga solib, paketni muhrlash;
javoblar varaqasi paketi ustidagi maʼlumotlarni xatosiz toʻliq rasmiylashtirish;
barcha test topshiriqlari kitoblarini, javoblar varaqalari paketini test materiallari qutisiga solib muhrlash;
kirish test sinovlari tugagandan soʻng guruhda abituriyentlar boʻlsa, ularni tashqariga chiqarish;
test materiallarini bino rahbariga belgilangan vaqtlarda topshirish va topshirganligini tasdiqlash.
51. Guruh nazoratchisi abituriyent test topshiriqlari kitobi nuqsonli ekanligi haqida murojaat qilsa, kirish test sinovlari boshlanishi eʼlon qilinishidan avval quyidagi ishlarni amalga oshiradi:
guruhda kirish test sinovlarida qatnashmagan abituriyent uchun ajratilgan test topshiradigan fanlari va tili mos boʻlgan test topshiriqlari kitobini murojaat qilgan abituriyentga berish;
guruhda ishlatilmagan test topshiriqlari kitobi boʻlmasa, bino rahbaridan zaxiradagi shu yoʻnalish va tiliga mos boʻlgan test topshiriqlari kitobini berishni soʻrash.
Bino rahbari bu jarayonni dalolatnoma bilan rasmiylashtiradi.
52. Kirish test sinovlarini oʻtkazishda guruh nazoratchilari abituriyentlarga taqiqlangan vositalarni bersa yoki ishlatishga imkoniyat yaratsa, foydalanilayotgan holatlarda kirish test sinovlaridan chetlashtirmasa va ushbu holat uchun javoblar varaqasining tegishli qismini rasmiylashtirmasa, mazkur holat ularni belgilangan tartibda javobgarlikka tortish uchun asos boʻladi.
8-§. Kirish test sinovlarini oʻtkazishda abituriyentlarning vazifalari, huquqlari va majburiyatlari
53. Hujjatlarni roʻyxatdan oʻtkazishning muddati yakunlanganidan soʻng kirish test sinovlari boshlanishidan uch kun oldin abituriyent ruxsatnomasini Maslahat kengashidan yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoxud Yagona taʼlim xizmatlari portali my.edu.uzdagi shaxsiy kabineti orqali elektron shaklda oladi.
Abituriyent ruxsatnomasida koʻrsatilgan hudud, sana va vaqtda kirish test sinovlarida ishtirok etadi.
Abituriyentga boshqa hudud, sana va vaqtda kirish test sinovlarida ishtirok etish uchun ruxsat berilmaydi.
54. Kirish test sinovlari jarayonida abituriyent quyidagi huquqlarga ega:
test topshiriqlari kitobidan qoralama sifatida foydalanish;
test topshiriqlarini belgilangan muddatdan oldin bajarish, undan soʻng test materiallarini tartib bilan guruh nazoratchisiga topshirish.
55. Abituriyent kirish test sinovlari oʻtkaziladigan kuni binoga kirish test sinovlari boshlanishidan kamida 30 daqiqa oldin faqat abituriyent ruxsatnomasi va identifikatsiyalovchi ID kartasi yoki pasporti (u boʻlmaganda shaxsini tasdiqlovchi boshqa hujjat) yordamida tartibli ravishda kirishi bilan birgalikda, kirish test sinovlari boshlanishi eʼlon qilingunga qadar quyidagi ishlarni amalga oshirishga majbur:
javoblar varaqasini oʻziga tegishli ekanligi va test topshiriqlari kitobi test topshirish tiliga, tanlagan yoʻnalishi boʻyicha kirish test sinovlarini topshirish fanlar majmuasiga mosligini tekshirish;
test materiallari xatosizligini tekshirish va xato borligi aniqlansa, darhol guruh nazoratchisiga xabar berish;
test topshiriqlari kitobi muqovasida va javoblar varaqasida koʻrsatilgan tegishli joylarni rasmiylashtirish;
javoblar varaqasi toʻgʻri toʻldirilishini taʼminlash;
test materiallarini guruh nazoratchisiga topshirgandan soʻng kirish test sinovlari oʻtkaziladigan hududdan chiqib ketish.
56. Abituriyent quyidagilarga shaxsan javobgar hisoblanadi:
javoblar varaqasini havo rang pastali, sharikli ruchka bilan toʻldirish;
javoblar varaqasini bukmaslik, marker chizigʻi, chetlashtirish boʻlimiga yozmaslik;
javoblar varaqasi bilim darajasini belgilovchi asosiy hujjat boʻlganligi uchun uni toʻgʻri toʻldirish;
belgilangan vaqt tugaguniga qadar test topshiriqlari kitobida mavjud test topshiriqlarini bajargan holda, javoblar varaqasining mos tartib raqamidagi tegishli doirachalarini boʻyab, test topshiriqlari kitobini va unga mos boʻlgan javoblar varaqasini guruh nazoratchisiga topshirish.
57. Abituriyent tomonidan har bir test topshirigʻiga faqat bitta javob belgilanishi shart boʻlib, test topshiriqlari kitobida toʻgʻri deb hisoblangan javoblarni javoblar varaqasidagi mos tartib raqamli doirachadan bittasini boʻyaydi (javoblar varaqasida boʻyalgan javoblarni oʻzgartirish mumkin emas).
Agar javoblar varaqasidagi “belgilash uchun namuna” qoidasiga rioya etilmasa, jumladan, bitta test topshirigʻiga javoblar varaqasida tegishli doiracha boʻyalmasa yoki ikki va undan ortiq doiracha boʻyalsa yoxud toʻliq boʻyalmasa, ushbu test topshirigʻiga ball berilmaydi.
58. Abituriyentning kirish test sinovlarini topshirish vaqtida guruhdan chiqishi taqiqlanadi, guruhdan chiqqan abituriyentlar qaytadan kirish test sinovlariga qoʻyilmaydi. Test materiallarisiz, guruh nazoratchisi kuzatuvi ostida (sogʻligʻi bilan bogʻliq hollarda) guruhdan chiqish hollari bundan mustasno.
59. Quyidagi hollarda abituriyent kirish test sinovlari jarayonidan chetlashtiriladi va natijalari chiqarilmasligiga asos boʻladi:
kirish test sinovlari oʻtkaziladigan hududga yoki binoga kirishda mikrokalkulyator, lugʻat, jadval, kitob, uyali telefon, kompyuter, telekommunikatsiya qurilmalari va boshqa vositalar, shpargalkalar olib kirishga harakat qilsa, olib kirgan boʻlsa yoki ulardan kirish test sinovlari davomida foydalansa;
test materiallarini boshqa abituriyentga uzatsa, ularga yordam bersa yoki ulardan yordam soʻrasa;
kirish test sinovlari jarayonida bir-biri bilan gaplashsa;
test materiallarini binodan tashqariga olib chiqsa, test topshiriqlari kitobi varagʻini yirtsa;
kirish test sinovlari uchun ajratilgan vaqt tugagandan soʻng test materiallarini topshirishdan bosh tortsa.
9-§. Natijalarni eʼlon qilish va rasmiylashtirish
60. Kirish test sinovlari natijalari boʻyicha tanlovlarni oʻtkazishning umumiy tartibi quyidagicha amalga oshiriladi:
abituriyentning toʻplagan ballari ustuvorlik boʻyicha u tanlagan birinchi akademik litseyning yoʻnalishi boʻyicha oʻqishga qabul qilishga yetarli boʻlsa, uning kirish test sinovi natijalari ushbu akademik litsey yoʻnalishida eʼlon qilinadi va unga tanlagan ikkinchi hamda uchinchi akademik litsey yoʻnalishi boʻyicha tanlovda ishtirok etishga ruxsat etilmaydi;
abituriyentning toʻplagan ballari ustuvorlik boʻyicha u tanlagan birinchi akademik litsey yoʻnalishi boʻyicha oʻqishga qabul qilishga yetarli boʻlmay, u tanlagan ikkinchi akademik litsey yoʻnalishi boʻyicha oʻqishga qabul qilishga yetarli boʻlsa, uning kirish test sinovi natijalari ushbu ikkinchi akademik litsey yoʻnalishida eʼlon qilinadi. Bunda abituriyentga tanlagan uchinchi akademik litsey yoʻnalishi boʻyicha tanlovda ishtirok etishga ruxsat etilmaydi;
abituriyentning toʻplagan ballari ustuvorlik boʻyicha u tanlagan birinchi va ikkinchi akademik litseyning yoʻnalishi boʻyicha oʻqishga qabul qilishga yetarli boʻlmay, u tanlagan uchinchi akademik litsey yoʻnalishi boʻyicha oʻqishga qabul qilishga yetarli boʻlsa, uning kirish test sinovi natijalari faqat uchinchi akademik litsey yoʻnalishida eʼlon qilinadi;
abituriyentning toʻplagan ballari ustuvorlik boʻyicha u tanlagan birinchi, ikkinchi va uchinchi akademik litsey yoʻnalishi boʻyicha oʻqishga qabul qilishga yetarli boʻlmagan taqdirda, uning kirish test sinovi natijalari birinchi tanlagan akademik litsey yoʻnalishida eʼlon qilinadi.
61. Agarda bitta akademik litseyning bitta yoʻnalishi boʻyicha oxirgi qabul oʻrni uchun ikki yoki undan koʻp abituriyentlarning toʻplagan umumiy ballari teng boʻlib qolganda, ushbu teng balli abituriyentlarning barchasi oʻqishga qabul qilinadi.
62. Kirish test sinovlarida qatnashmagan abituriyentlarning natijalari hamda imtiyozlari yakuniy natijalarni chiqarishda hisobga olinmaydi.
Ijodiy imtihon natijalari kirish test sinovlarida qatnashgan abituriyentlarning natijalariga qoʻshib hisobga olinadi.
63. Imtihonlarning yakuniy natijalari kirish test sinovlari toʻliq yakunlangandan soʻng besh kun ichida Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki Yagona taʼlim xizmatlari portali my.edu.uz, shuningdek, akademik litseyning rasmiy veb-sayti orqali eʼlon qilinadi.
Natijalar akademik litseyning eʼlonlar taxtasiga ilib qoʻyiladi.
Akademik litseylarga oʻqishga qabul qilingan abituriyentlarning natijalari ularning shaxsiy hujjatlar yigʻmajildlariga tikib quyiladi.
10-§. Imtihon natijalari boʻyicha berilgan apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish
64. Abituriyentlar murojaatlarini koʻrib chiqish uchun apellyatsiya komissiyalari tashkil etiladi.
65. Ijodiy imtihon natijalari boʻyicha murojaatlarni koʻrib chiqish uchun Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga akademik litsey Maslahat kengashining aʼzolari va fanlar boʻyicha ekspertlar kiritiladi.
Apellyatsiya komissiyasining tarkibi boʻysunuvi boʻyicha tegishli oliy taʼlim tashkiloti rektorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi. Apellyatsiya komissiyasi raisi akademik litsey direktori hisoblanadi.
66. Kirish test sinovi natijalarini koʻrib chiqish boʻyicha Apellyatsiya komissiyasi tarkibi Agentlik direktori tomonidan tasdiqlanadi.
67. Kirish test sinovi va/yoki ijodiy imtihon natijasidan norozi boʻlgan abituriyentlar kirish test sinovlari va/yoki ijodiy imtihon natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida Agentlikka Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki Yagona taʼlim xizmatlari portali my.edu.uz orqali elektron shaklda apellyatsiya shikoyatini berish huquqiga ega.
68. Apellyatsiya shikoyatiga abituriyent ruxsatnomasining nusxasi ilova qilinadi. Apellyatsiya shikoyati qabul qilinganligi hamda apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish kuni va vaqti toʻgʻrisida abituriyent yoki uning ota-onasi yoxud ularning oʻrnini bosuvchi shaxslarga xabarnoma beriladi.
Apellyatsiyani koʻrib chiqishda abituriyent yoki uning ota-onasi yoxud ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar ishtirok etish huquqiga ega.
Apellyatsiya shikoyati Apellyatsiya komissiyasi tomonidan ikki hafta davomida koʻrib chiqiladi.
69. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish natijalari boʻyicha quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:
kirish test sinovi va/yoki ijodiy imtihon natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiya shikoyati qanoatlantirilishini rad etish;
kirish test sinovlari va/yoki ijodiy imtihon natijalarini oʻzgartirish va apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish.
70. Kirish test sinovi natijasini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiya shikoyati qanoatlantirilishini rad etish toʻgʻrisidagi qaror quyidagi hollarda qabul qilinadi:
apellyatsiya mazkur Nizom talablari buzilgan holda taqdim etilgan boʻlsa;
apellyatsiyada koʻrsatilgan dalillar oʻz tasdigʻini topmasa.
Kirish test sinovi va/yoki ijodiy imtihon natijasini oʻzgartirish va apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish toʻgʻrisidagi qaror shikoyatda koʻrsatilgan dalillar oʻz tasdigʻini topsa, qabul qilinadi.
71. Abituriyentga Apellyatsiya komissiyasining abituriyent murojaatidagi barcha vajlar boʻyicha asoslantirilgan qarori yuboriladi.
72. Abituriyent Apellyatsiya komissiyasining apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish natijalari boʻyicha qabul qilgan qarori yuzasidan qonun hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.
3-bob. Akademik litseylarga oʻqishga qabul qilishni rasmiylashtirish
73. Imtihonlar (kirish test sinovlari va ijodiy imtihonlar)ning yakuniy natijalari taʼlim yoʻnalishlari va oʻqitish tillari boʻyicha qabul parametrlariga muvofiq shakllantiriladi.
Imtihonlarning yakuniy natijalari qaydnomasida oʻqishga qabul qilingan, lekin oʻz xohishiga koʻra oʻqish istagini bildirmagan oʻquvchilar oʻrniga kirish test sinovlaridan yetarli ball toʻplay olmagan, oʻqishga tavsiya etilmagan oʻquvchilar hisobidan oʻqitish tili va toʻplagan ballari ketma-ketligiga qatʼiy rioya qilgan holda qabul parametrlarida belgilangan oʻrinlar toʻldirilishi mumkin.
Taʼlim yoʻnalishlari va oʻqitish tillari boʻyicha qabul parametrlarining toʻliq bajarilishi, shakllanmagan guruhlarning qayta taqsimlanishi tizimida akademik litseylar mavjud boʻlgan vazirlik va idoralarning taklifiga asosan Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining ruxsati bilan amalga oshiriladi.
74. Oʻqishga qabul qilingan abituriyentlar toʻgʻrisida akademik litsey direktorining tegishli buyrugʻi yakuniy natijalar eʼlon qilingandan soʻng uch kun ichida rasmiylashtiriladi.
75. Akademik litseyga oʻqishga qabul qilingan abituriyentlarni umumiy oʻrta taʼlim maktabidagi oʻquvchilar safidan chiqarish uchun akademik litsey tomonidan oʻquvchi tahsil olgan umumiy oʻrta taʼlim maktabiga maʼlumotnoma yuboriladi.
76. Imtihonlar yakuniy natijalariga koʻra akademik litseylarga oʻqishga qabul qilinmagan abituriyentlar oʻzlari oʻqigan umumiy oʻrta taʼlim maktablarida oʻqishni davom ettiradi.
4-bob. Chet el fuqarolari va xorijda yashovchi fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni akademik litseylarga oʻqishga qabul qilish
77. Chet el fuqarolari va xorijda yashovchi fuqaroligi boʻlmagan shaxslar (Oʻzbekiston Respublikasida yashash guvohnomasi yoki “investitsiya vizasi”ga ega xorijiy investorlar hamda ularning oila aʼzolari bundan mustasno) akademik litseylarga suhbat natijasiga koʻra qabul parametrlaridan tashqari toʻlov-kontrakt asosida oʻqishga qabul qilinadi.
78. Chet el fuqarolari va xorijda yashovchi fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni oʻqishga akademik litsey tomonidan qabul qilinadi.
79. Xorijiy fuqarolar oʻqish uchun toʻlovni har yili shartnoma shartlarida koʻrsatilgan muddatlarda amalga oshiradi.
Bunda oʻquv yili uchun toʻlov-kontrakt miqdori bir oʻquvchini oʻqitish uchun ketadigan sarf-xarajatlardan kam boʻlmagan miqdorda akademik litsey direktori tomonidan boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirlik va idora bilan kelishgan holda belgilanadi.
5-bob. Akademik litsey oʻquvchilarining oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlatish tartibi
80. Akademik litsey oʻquvchilarining oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlatish mazkur Nizomga 3-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
81. Akademik litsey oʻquvchilari oʻqishini bir akademik litseydan boshqasiga koʻchirish boʻyicha arizalar yozgi taʼtil davrida har yili 20-iyundan 20-iyulgacha, qishki taʼtil davrida semestrlar oraligʻida 20-dekabrdan keyingi yilning 20-yanvariga qadar qabul qilinadi.
82. Oʻquvchilarning oʻqishi bir akademik litsey doirasida akademik litsey direktorining buyrugʻi bilan koʻchiriladi.
83. Oʻquvchilarning oʻqishi bir akademik litseydan boshqa akademik litseyga Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining ruxsati bilan koʻchiriladi.
Bunda quyidagilarga ruxsat etilmaydi:
umumiy oʻrta taʼlim maktablari va kasb-hunar maktablaridan akademik litseylarga oʻqishni koʻchirishga;
qonunchilik hujjatlarida akademik litsey oʻquvchilariga oʻqishni koʻchirish uchun belgilangan 84-bandda koʻrsatilgan uzrli sabablar koʻrsatilmaganda, bir akademik litseydan boshqa akademik litseyga oʻqishni koʻchirishga.
84. Oʻquvchilar oʻqishini bir akademik litseydan boshqa akademik litseyga koʻchirishda oʻquvchi taʼlim olayotgan akademik litseyda oʻquvchilar, ota-onasi yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar bilan hamkorlikda quyidagi hujjatlar yigʻmajildi tayyorlanadi:
oʻquvchining ota-onasi yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslarning yozma arizasi;
akademik litseyning nomi, yoʻnalish, kurs, semestrlar davomida olgan baholari boʻyicha akademik maʼlumotnoma;
uzrli sabablarni (respublikaning bir hududidan ikkinchi hududiga doimiy yashash uchun koʻchib oʻtganda, ota-onasi xizmat oʻtash joyini oʻzgartirganda yoki ota-onasi xorijdagi davlat xizmatidan qaytganda) tasdiqlovchi maʼlumotnoma;
umumiy oʻrta taʼlim maktablarining 8-9-sinf oʻquvchilari boʻlgan xalqaro nufuzli fan olimpiadalari gʻoliblarining asl nusxadagi diplom, sertifikat, guvohnoma yoki boshqa tasdiqlovchi hujjatlari.
85. Oʻquvchining oʻqishni koʻchirish toʻgʻrisidagi hujjatlar yigʻmajildi akademik litsey direktori tomonidan oliy taʼlim tashkilotining yoʻllanma xati bilan har yili 1-avgustga (qishki taʼtil davrida 22-yanvarga) qadar Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga rasmiy elektron pochta manzili orqali taqdim etiladi.
86. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan arizalar 15-avgustga (qishki taʼtil davrida 5-fevralga) qadar koʻrib chiqilib, natijalari haqida tegishli oliy taʼlim tashkilotiga va akademik litseyga yozma xabar beriladi.
87. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligidan olingan yozma xabar asosida oliy taʼlim tashkiloti va akademik litsey rahbariyati ariza beruvchini besh kun muddatda yozma ravishda xabardor qiladi.
88. Oʻquvchini qabul qiluvchi akademik litsey direktori oʻquvchi ilgari oʻqigan akademik litsey direktoriga oʻquvchining shaxsiy hujjatlarini yuborish haqida soʻrovnoma yuboradi. Soʻrovnomani olgan akademik litsey direktori oʻquvchini oʻquvchilar safidan chiqarish haqida buyruq chiqaradi va uch kun muddatda oʻquvchining shaxsiy hujjatlarini oʻqishini koʻchirgan akademik litseyga taqdim etadi.
89. Oʻqishni koʻchirishga ruxsat berilgan oʻquvchini qabul qiluvchi akademik litsey direktori uch kun muddatda oʻquvchini oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisida buyruq chiqaradi.
90. Oʻzbekiston Respublikasi tashqi ishlar vaziri buyrugʻiga asosan Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi diplomatik vakolatxonalari va konsullik muassasalaridan xizmat faoliyati tugashi munosabati bilan Oʻzbekistonga qaytgan xodimlarning xorijda akademik litsey maqomiga tenglashtirilgan taʼlim tashkilotlarda taʼlim olgan farzandlarining oʻqishi, istisno tariqasida, akademik litseyga Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligining taqdimnomasiga koʻra Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining ruxsati bilan koʻchiriladi.
91. Salomatligi tufayli (tibbiy komissiya maʼlumotnomasi asosida) oʻqishdan chetlashtirilgan oʻquvchilarni oʻqishga qayta tiklash uchun oʻquvchi, agarda oʻquvchi voyaga yetmagan boʻlsa, uning ota-onasi yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar chetlashtirish sabablarini koʻrsatgan holda akademik litsey direktori nomiga ariza bilan murojaat qiladi.
92. Oʻquvchining, oʻquvchi voyaga yetmagan boʻlsa, uning ota-onasi yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslarning oʻquvchini oʻqishga qayta tiklash haqidagi arizasi ariza berilgan kundan boshlab oʻn besh kun muddatda koʻrib chiqiladi.
93. Oʻquvchi oldin oʻqigan yoʻnalishi toʻxtatilgan boʻlsa, uning xohishiga koʻra turdosh yoʻnalishga oʻqishini tiklash mumkin.
94. Akademik litsey oʻquvchilari quyidagi holatlarda chetlashtirilishi mumkin:
a) oʻquv yili davomida:
doimiy yashash uchun boshqa hududga yoki mamlakatga chiqib ketganda;
sudning hukmi bilan ozodlikdan mahrum etilganda;
salomatligi tufayli (tibbiy komissiya maʼlumotnomasi asosida) akademik taʼtil olganda;
vafot etganligi sabablari boʻyicha;
b) oʻquv semestri yakunida:
oʻqishi boshqa akademik litseyga koʻchirilishi munosabati bilan;
oʻquvchining, uning ota-onasi yoxud ularning oʻrnini bosuvchi shaxslarning tashabbuslariga koʻra oʻz arizasiga muvofiq;
oʻquvchi tomonidan oʻquv dasturi va rejasi talablari bajarilmaganda (semestr yakuni boʻyicha ikki yoki undan ortiq fanni “qoniqarsiz” bahoga oʻzlashtirgan, uzrli sabablarsiz 76 soat va undan ortiq dars mashgʻulotlarini qoldirgan) yoki akademik litseyning ichki tartib-qoidalarini qoʻpol ravishda buzish sabablari boʻyicha akademik litsey pedagogik kengashining qaroriga muvofiq.
95. Oʻqishdan chetlatilgan oʻquvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar akademik litsey direktori tomonidan qaror qabul qilingan kundan boshlab bir hafta muddatda akademik litsey joylashgan hudud boʻyicha Bolalar masalalari boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar komissiyalariga taqdim etiladi.
96. Oʻquvchilarni oʻqishdan chetlatishda hujjatlarning ishonchliligi va toʻgʻri rasmiylashtirilganligi uchun masʼuliyat akademik litsey direktoriga yuklanadi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
97. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
98. Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
Oʻquvchilarni akademik litseylarga-qabul qilish, ularning oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Oʻquvchilarni akademik litseylarga qabul qilish
Bosqichlar Masʼullar Chora-tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich Oliy taʼlim muassasalari va akademik litseylar Maslahat kengashlarini tashkil etadi. Har yili 1-iyunga qadar 2-bosqich Akademik litseylar va Maslahat kengashlari Abituriyentlarning Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki Yagona taʼlim xizmatlari portali my.edu.uz orqali roʻyxatdan oʻtishini tashkil etadi. Har yili 10-iyundan 10-iyulga qadar 3-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Akademik litseylarga imtihonlar oʻtkazish sanasi hamda qabul parametrlarining tillar kesimidagi taqsimotini Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim tashkilotlariga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasiga kiritadi. Har yili 1-iyulga qadar 4-bosqich Bilim va malakalarni baholash agentligi Akademik litseylarga kirish test sinovlarini oʻtkazadi. Har yili iyul oyida 5-bosqich Oliy taʼlim muassasalari va akademik litseylar Imtihonlarning yakuniy natijalarini oʻz rasmiy veb-sayti orqali eʼlon qiladi. Imtihonlar toʻliq yakunlangandan soʻng uch kun ichida 6-bosqich Akademik litsey direktori Oʻqishga qabul qilingan oʻquvchilar toʻgʻrisida buyruqni rasmiylashtiradi. Yakuniy natijalar eʼlon qilingandan soʻng uch kun ichida
Oʻquvchilarni akademik litseylarga-qabul qilish, ularning oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Abituriyentlarni akademik litseylarga qabul qilishda beriladigan imtiyozlar
Xalqaro matematika olimpiadasi (International Mathematical Olympiad (IMO), Xalqaro fizika olimpiadasi (Intemational Physics Olympiad (IPhO), Xalqaro kimyo olimpiadasi (Intemational Chemistry Olympiad (ICho), Xalqaro biologiya olimpiadasi (International Biology Olympiad (IBO), Xalqaro informatika olimpiadasi (Intemational Olympiad in Informatics (IOI) xalqaro fan olimpiadalarida ishtirok etgan yoki Xalqaro Jautikov Olimpiadasi (Intemational Zhautykov Olympiad (IZhO), Xalqaro Mendeleyev olimpiadasi, Oʻsmirlar oʻrtasida Xalqaro Tabiiy fanlar olimpiadasi (Intemational Junior Science Olympiad (IJSO), Xalqaro Matematika musobaqasi (Intemational Mathematics Competition (IMS)da gʻoliblikni qoʻlga kiritgan umumiy oʻrta taʼlim maktablarining 8-9-sinf oʻquvchilari. Akademik litseyning mos yoʻnalishiga qabul parametrlaridan tashqari imtihonsiz qabul qilinadilar. Umumiy oʻrta taʼlim maktablarining 9-sinf bitiruvchilari orasidan fan olimpiadasining hududiy (viloyat va shahar) bosqichida 1 — 3-oʻrinlar gʻoliblari. Akademik litseyning mos yoʻnalishiga hujjat topshirganda, ixtisoslik fani boʻyicha test sinovidan maksimal ball beriladi. T/r Sertifikatlar nomi Tillar/Fanlar Minimal ballar Mazkur chet tili va fanlarni bilish darajasi toʻgʻrisidagi milliy yoki xalqaro sertifikatga ega boʻlgan oʻquvchilarga akademik litseylarga kirish test sinovlarining fanlar majmuasiga kiritilgan mos chet tili va fanlardan imtihonlarsiz maksimal ball beriladi. 1. Intemational English Language Testing System (IELTS academic) Ingliz tili 5 2. Test of English as a Foreign Language (TOEFL) IBT 42 3. Cambridge Assessment English PET V1 4. Goethe-Zertifikat Nemis tili V1 5. TestDaf V1 6. Deutsches Sprachdiplom V1 7. Diplome d'Etudes en Langue Francaise (DELF) Fransuz tili V1 8. Test de Connaissance du Francais (TCF) V1 9. Boshqa tillar uchun — milliy sertifikat yoki xalqaro imtihon tizimlari boʻyicha Ispan, turk, arab, fors, dari, hind, urdu, xitoy, koreys, uygʻur, italyan, yapon tili V1 10. Umumtaʼlim fani va chet tilini bilish darajasi boʻyicha milliy sertifikat tegishliligi boʻyicha B1*
Oʻquvchilarni akademik litseylarga-qabul qilish, ularning oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Akademik litsey oʻquvchilarining oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlatish
Bosqichlar Masʼullar Chora-tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich Akademik litsey oʻquvchilari, ota-onasi yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar bilan hamkorlikda Oʻqishni koʻchirish boʻyicha hujjatlar yigʻmajildi tayyorlaydi. Har yili 20-iyundan 20-iyulgacha (20-dekabrdan 20-yanvargacha) 2-bosqich Akademik litsey Oʻquvchining hujjatlar yigʻmajildini oliy taʼlim tashkilotining yoʻllanma xati asosida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga taqdim etadi. Har yili 1-avgustgacha (22-yanvargacha) 3-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Arizalarni koʻrib chiqib, natijalari haqida tegishli oliy taʼlim tashkilotiga yozma xabar beradi. Har yili 15-avgustgacha (5-fevralgacha) 4-bosqich Oʻquvchini qabul qiluvchi akademik litsey direktori Oʻquvchining shaxsiy hujjatlarini yuborish haqida oʻquvchi taʼlim olgan akademik litseyga soʻrovnoma yuboradi. Har yili 16-avgustgacha (6-fevralgacha) 5-bosqich Soʻrovnomani olgan akademik litsey direktori Oʻquvchining shaxsiy hujjatlarini oʻqishga qabul qilgan akademik litseyga yetkazadi. Har yili 19-avgustgacha (9-fevralgacha) 6-bosqich Oʻquvchini qabul qiluvchi akademik litsey direktori Oʻquvchini qabul qilish toʻgʻrisida buyruq chiqaradi. Har yili 22-avgustgacha (12-fevralgacha)
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 5-iyundagi 320-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Akademik litseylarga umumiy oʻrta taʼlim maktablari oʻquvchilarini tanlab olish, oʻqishga qabul qilish, ularning oʻqishini koʻchirish va oʻqishdan chetlatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 23-martdagi 212-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Xotin-qizlar va bolalarning huquqlari, erkinliklari hamda qonuniy manfaatlarini himoya qilish sohasidagi qonunchilik hujjatlari takomillashtirilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2023-yil 31-avgustdagi 434-son qaroriga ilovaning 4-bandi .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2024-yil 6-maydagi 266-son qaroriga ilovaning 286-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 5-iyun,
320-son