📅 2024-yil 29-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Qishloq xoʻjaligi vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 29-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Qishloq xoʻjaligi vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 29 май · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Қишлоқ хўжалиги вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 мая 2024 г. · Документы министерств и ведомств · Министр сельского хозяйства
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 May 2024 · Ministry and agency documents · Qishloq xoʻjaligi vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
Уруғлик чигит тайёрловчи корхоналарда уруғлик пахтани қайта ишлашда ускуналарни белгиланган меъёрлар асосида созлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 декабрдаги ПҚ-391-сон «Пахтачиликда уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Уруғлик чигит тайёрловчи корхоналарда уруғлик пахтани қайта ишлашда ускуналарни белгиланган меъёрлар асосида созлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг 2024 йил 29 майдаги 13-сон буйруғига ИЛОВА
Уруғлик чигит тайёрловчи корхоналарда уруғлик пахтани қайта ишлашда ускуналарни белгиланган меъёрлар асосида созлаш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом уруғлик чигит тайёрловчи корхоналарда (бундан буён матнда уруғлик тайёрлаш корхоналари деб юритилади) уруғлик пахта ва чигитни қайта ишлашда (пахтани узатиш, қуритиш, ифлос аралашмалардан тозалаш, чигитдан толани ажратиш, чигитдан момиқни ажратиш, уруғлик чигитни тозалаш, саралаш, дорилаш,қадоқлаш, сақлаш ва ташишда) ускуналарни белгиланган меъёрлар асосида созлаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
уруғлик пахта ғарами (бундан буён матнда ғарам деб юритилади) — селекция нави, авлоди ва саноат нави, типи, синфи бир хил бўлган уруғлик пахтани махсус сақлаш майдончаларида жамғариш;
уруғлик пахта — уруғлик чигит олиш учун мўлжалланиб, экилган майдонлардан терилган пахта;
уруғлик чигит — уруғлик пахтани қайта ишлаш натижасида олинган, экиш учун мўлжалланган чигит;
уруғлик чигитни дорилаш — уруғлик чигит тайёрлаш цехларида, уруғлик чигитни ўсимликларни турли қишлоқ хўжалиги касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш мақсадида кимёвий препаратлар (суспензия) билан ишлов бериш;
уруғлик чигит тайёрлаш (қайта ишлаш) цехи(бундан буён матнда цех деб юритилади) — уруғлик чигитни тайёрлаш (тозалаш, саралаш, дорилаш, қадоқлаш) учун технологик асбоб-ускуналар ўрнатилган ихтисослаштирилган корхона;
пахта момиғи (бундан буён матнда момиқ деб юритилади) — пахтадан тола ажратилгандан кейин чигитда қолган калта тола;
чигитнинг механик шикастланиши — уруғлик пахтани терганда, ташиганда ва қайта ишлаш жараёнида уруғлик чигитининг шикастланиши (чигит қобиғидаги синиқ,дарзлар, тешиклар, чигит қобиғи бир қисмининг йўқлиги).
2. Уруғлик тайёрлаш корхоналарида уруғлик пахтани қайта ишлашдан олдин технологик асбоб-ускуналар уруғлик чигит олишга мослаштирилади.
2-боб. Уруғлик пахтани қайта ишлашда ускуналарни белгиланган меъёрлар асосида созлаш
3. Уруғлик тайёрлаш корхоналари томонидан уруғлик пахта ғарамда бир ярим — икки ой давомида сақланади ва ғарамда чигитлар тўлиқ физиологик етилгандан сўнг, қайта ишланади.
4. Уруғлик пахтани қайта ишлашдан олдин селекция навларнинг механик аралашувини олдини олиш мақсадида технологик асбоб-ускуналар қолдиқ пахта ва чигитдан тозаланади.
5. Уруғлик пахтани қайта ишлашдан олдин уруғлик тайёрлаш корхонанинг моддий жавобгар шахслари томонидан технологик асбоб-ускуналарнинг созлиги ҳақида далолатнома расмийлаштирилади.
6. Уруғлик пахтани дастлабки қайта ишлаш жараёнида ғарамдаги пахта узатув қувурига қўл кучи ёки махсус техникалар орқали берилади.
7. Уруғлик пахтани қайта ишлашда дастлаб ушбу пахтанинг техник 1-нави ва 1-синфи, шундан сўнг Р-3, Р-2, Р-1 ва элита авлодлари ишланади.
8. Уруғлик тайёрлаш корхонасининг масъул мутахассислари томонидан ғарамларни қайта ишлаш тугаллангандан сўнг, технологик асбоб-ускуналарни тозалаш ишлари ўтказилади.
Бунда, уруғлик тайёрлаш корхонасининг масъул мутахассислари ушбу тозалаш ишлари якуни бўйича далолатнома расмийлаштиради.
3-боб. Қайта ишлашга берилган уруғлик пахтани қуритиш
9. Қайта ишлашга берилган уруғлик пахтани қуритиш учун уруғлик тайёрлаш корхонаси иссиқлик етказиб бериш ва пахта билан таъминлаш тизимларига эга бўлиши ҳамда пахта қуритгичлари билан жиҳозланган бўлиши керак.
10. Уруғлик пахтани қуритиш ускунасининг айланиш тезлиги 8 — 10 айлана/дақиқа бўлиши керак.
11. Уруғлик пахтага иссиқлик етказиб бериш тизими иссиқлик ишлаб чиқаргични ва тутун сўргични ўз ичига олади.
12. Осон тозаланадиган селекция навли уруғлик пахтадан ажратиладиган уруғлик чигит сифатини сақлаш ва унинг механик шикастланишини камайтириш мақсадида намлиги 8,0 фоизгача бўлган пахта қуритиш ускунасидан совуқ ҳаво ҳайдалади.
13. Қийин тозаланадиган селекция навли уруғлик пахта намлиги 8,0 фоиз ва ундан кўп бўлганда қуритиш ускуналарида иссиқ ҳаво бериш йўли билан қуритилади.
Бунда, иссиқ ёки совуқ қуритишнинг ҳаво сарфи 18 — 20 минг м 3 /соатни ташкил қилади.
14. Уруғлик пахтани тозалашдан олдин осон тозаланадиган селекция навли уруғлик пахтанинг намлиги 7,0-8,0 фоиз, қийин тозаланадиган селекция навли уруғлик пахта эса 6,5 — 7,0 фоиз бўлиши керак.
15. Иссиқлик ишлаб чиқаргични тайёрлаш ва ишга туширишда мутахассислар томонидан қуйидагилар бажарилиши талаб этилади:
иссиқлик ишлаб чиқаргичнинг умумий ҳолати кўриб чиқиш ва созловчи мосламалар (қопқоқлар, кранлар), ижрочи механизмларнинг (қопқоқ харакатлантиргичлари, ёнилғи оқимини беркитиш автоматининг) ҳаракатланишини, маҳкамлаш болт уламаларининг ишончлилигини таъминлаш;
ёнилғи узатгичлар бутлигини, уларда талаб этилган босим борлигини, ёнилғи оқиб кетмаслигини таъминлаш;
вентилятор, тутун сўргич ва иссиқ ҳаво ўтказгичларини ишга туширишга тайёрлигини таъминлаш;
назорат-ўлчов асбоблари борлиги, бутунлиги ва яроқлигини текшириш;
йўналтирувчи аппарат оҳиста ҳаво босими 70 мм сув устуни кўрсатгунча очилиши, вентилятор юргизилиши ва аста-секин аввалига иккиламчи (пастки) ҳаво канал қопқоғи 2-3 бўлимга ва кейин бирламчи канал қопқоғи 1-бўлимга очилиши;
ҳаво ўтказиш қувури ва аралаштириш камераси қопқоқлари ёрдамида ёниш жараёни ва қуритиш кўрсаткичлари (сарфи, ҳарорати) мувофиқлаштирилиши.
4-боб.Уруғлик пахтани тозалаш
16. Уруғлик пахтани ифлос аралашмалардан тозалашда пахта тозалаш агрегати (бундан буён матнда агрегат деб юритилади) қўлланилади.
17. Уруғлик пахтани тозалаш жараёнида уруғлик чигитнинг механик шикастланишининг олдини олиш мақсадида агрегатдаги қозиқли барабанлар ва турли юза оралиқ масофалари 14 — 16 мм, аррачали барабан ва ажратувчи чўтка 0 — 2 мм ва юза оралиқ тирқиши аррачали барабан ва колосникли панжара оралиқ тирқишлари 18 — 20 мм бўлиши керак.
18. Ифлослиги 3,0 фоизгача бўлган, осон тозаланадиган селекция навли уруғлик пахтани тозалаш жараёнида аррали секциялар ишлатилмасдан, агрегатда фақат 8 та қозиқли барабанлар блокини ишлатиш талаб этилади.
19. Ифлослиги 3,0 — 8,0 фоизгача бўлган, осон тозаланадиган селекция навли уруғлик пахтани агрегатда 2 та аррали секция ва 8 та қозиқли барабанлар блогини ишлатиш ва уларга туташган бир ёки иккита қозиқли пахта тозалагичларнинг ишлатилиши талаб этилади.
20. Ифлослиги 3,0 фоизгача бўлган, қийин тозаланадиган селекция навли уруғлик пахтани тозалаш жараёнида агрегатда битта аррали секция ва 8 та қозиқли барабанлар блокини ва уларга туташган бир ёки иккита қозиқли пахта тозалагичларнинг ишлатилиши талаб этилади.
21. Ифлослиги 3,0 — 8,0 фоизгача бўлган, қийин тозаланадиган селекция навли уруғлик пахтани тозалаш жараёнида агрегатда яна битта аррали секция қўшилиши керак. Бунда, агрегат жиҳозлари ҳар бирининг пахта бўйича ишлаб чиқариш иш унумдорлиги 4,5 т/соатдан (2 та агрегат учун 9 т/соатдан) юқори бўлмаслиги керак.
22. Уруғлик пахтани ажратувчи барабан ва аррачали барабан орасидаги оралиқ масофа 0 — 2 ммгача бўлиши керак.
23. Уруғлик чигит шикастланишининг олдини олиш мақсадида агрегатдаги колосниклар ва аррачали барабанлар орасидаги оралиқ масофа 14 ммдан кам ва 16 ммдан кўп бўлмаслиги керак.
24. Агрегатдаги колосниклар ва аррачали барабанлар орасидаги оралиқ масофалар кўз билан кўриб ёки органолептик усулда текширилади.
25. Агрегатдаги қозиқли барабанлар ва тўрли юзалар орасидаги тирқиш тозалагични биринчи йиғиш ёки капитал таъмирлаш пайтида ўрнатилади.
5-боб. Уруғлик чигитдан толани ажратиш
26. Уруғлик чигитдан толани ажратишда аррали ва валикли толани ажратиш ускуналари қўлланилади. Уруғлик тайёрлаш корхоналарида чигитдан толани ажратиш жараёни орта толалини аррали ва узун толалини валикли чигитдан толани ажратиш ускуналарида амалга оширилади.
27. Ўрта толалини уруғлик пахтани қайта ишлашда чигитдан толани ажратиш ускуналарининг иш унумдорлиги ҳар бир аррага 7,0 кг тола/арра соатдан тўғри келиши керак.
Бунда, чигитдан толани арра билан ажратишда иш унумдорлиги битта аррага 7 кг/соат болиши керак.
28. Узун толали ғўза навларнинг уруғликлари валикли чигитдан толани ажратиш ускунаси умумий иш унумдорлиги биринчи саноат навли техник пахтани ишлашдаги иш унумдорлигидан 35 фоизга кам бўлиши керак.
29. Пахтанинг селекция навларига қараб чигитдан толани ажратиш ускунасидан кейинги чигитнинг туклилиги 12,0 — 13,5 фоиздан, чигит шикастланишининг кўпайиш даражаси 1,0 фоиздан ошмаслиги керак.
6-боб. Уруғлик чигитдан момиқни ажратиш
30. Уруғлик чигитдан момиқни ажратиш технологик тизимидаги ускуналарнинг кетма-кетлиги, уларнинг сони ва пахтани дастлабки ишлашга мувофиқлаштирилган технологияси талабига мувофиқ жойлаштирилади.
31. Уруғлик чигитдан момиқни ажратишдан олдин ускунанинг барча ишчи қисмларини техник тавсифига мос равишда созланганлиги, ишчи қисмларнинг оралиқ масофалари техник талаб асосида ўрнатилганлигини кўздан кечириш, соз ҳолатга келтириш талаб этилади. Бунда,момиқни ажратиш ускуналарига ишчи ҳолатдаги арралар қўйилади (янги ёки янгидан тиш очилган арралар қўйиш тақиқланади).
32. Уруғлик чигитдан момиқни ажратишда пахтани қайта ишлаш технологик асбоб-ускуналарини ростлаш учун, дастлаб техник чигит қайта ишланади ва чигитнинг тукдорлиги ҳамда механик шикастланиши таҳлил қилинади.
33. Уруғлик чигитдан момиқни ажратишда техник назорати ва лаборатория ходимлари томонидан ҳар 2 соатда чигитдан намуна олиниб, таҳлил қилинади ва лаборатория журналига қайд этилади.
34. Чигит туксизлантириш цехларига юборилаётган уруғлик чигитларнинг механик шикастланганлик даражаси 4 % дан кўп бўлмаслиги ҳамда чигитдаги тола қолдиғи 0,8 % дан ошмаслиги керак.
7-боб. Уруғлик чигит тайёрлаш
35. Уруғлик чигит тайёрлаш ишлари технологик асбоб-ускуналар ўрнатилган цехларда амалга оширилади. Уруғлик чигит тукли ва туксизлантирилган ҳолда тайёрланади. Туксизлантириш технологияси ўз навбатида бир ёки икки босқичда амалга оширилади.
36. Цехда технологик асбоб-ускуналарни созлаш ишлари бажарилгандан сўнг, селекция навларнинг механик аралашувини олдини олиш мақсадида технологик асбоб-ускуналар қолдиқ чигитдан тозаланади.
37. Уруғлик чигит тайёрлаш жараёнида тозалаш, саралаш амалга оширилгандан сўнг 1000 дона чигитнинг вазни камида 2 граммга ортиши лозим.
38. Уруғлик чигитни саралаш ускунасига икки қаватли тўрли юзалик элаклар ўрнатилиб, уруғлик тайёрлаш жараёнида элак тўрли юзасини тез-тез тозалаб туриш шарт. Элак тўрли юза тешикларининг ўлчамлари қуйидагича бўлиши лозим:
майда чигитли селекция навлар учун айлана шаклидаги устки элак тешиклари диаметри 7 мм бўлган кетма кетликда 2 та тўрли юза ўрнатилади ва пастки элакда ҳам кетма кетликда 2 та дастлаб, ўлчамлари 3,8 × 20 мм бўлган узунчоқ шаклдаги тешикли тўрли юза ва айлана шаклидаги тешикли, диаметри 4,0 мм га тенг тўрли юза ўрнатилади;
йирик чигитли селекция навлар учун айлана шаклидаги устки элак тешиклари диаметри 7,5 мм бўлган кетма кетликда 2 та тўрли юза ўрнатилади ва пастки элакда ҳам кетма кетликда 2 та дастлаб, ўлчамлари 4 × 20 мм бўлган узунчоқ шаклдаги тешикли тўрли юза ва айлана шаклидаги тешикли, диаметри 4,5 мм га тенг тўрли юза ўрнатилади;
39. Уруғлик чигитни механик шикастланиши ортиб кетмаслиги учун технологиядаги чигит туксизлантириш машиналарининг металл чўткали цилиндр билан тўрли юза орасидаги тирқиши ҳамда чигит шнеклари ва қўзғалмас тагликлар оралиқ масофаси 12 — 14 мм бўлиши керак.
40. Уруғлик чигитни дорилаш ускуналари чигит юзасига дорилаш учун тайёрланган суспензия бир текисда амалга ошириш учун пуркаш мосламаларидан фойдаланиш талаб этилади.
41. Цехнинг технологик асбоб-ускуналар меъёрда ишлаётганлиги иш унумдорлиги ва ишчи суспензия сарфи ҳар 2 соатда бириктирилган масъул ходимлар томонидан ўлчаниб турилади.
42. Уруғлик чигитларнинг дориланиш сифати тайёрланган эталон намуналарига мос келиши керак.
43. Уруғлик чигитни дорилаш жараёнида суспензия тўғри тайёрланиши ва дори кукунини сувга аралашиб эришни ва чўкинди ҳосил бўлмаслиги учун суспензияни доимий қориштириш механизмларини ишлатиш керак.
44. Тукли дориланаётган уруғлик чигитларнинг 1 тоннасига 25 — 30 литр суспензия, туксизлантирилиб дориланаётган уруғлик чигитнинг 1 тоннаси учун 15 — 20 литр суспензия сарфланади.
45. Дориланган чигитлар қоғоз қопларга массаси 30 кг дан оширмаган ҳолда қопланиши ва оғзи зич қилиб тикилиши керак.
46. Дориланиб қопланган уруғлик чигитлар ёпиқ (ҳарорати +5 o C дан кам бўлмаган ҳолда) омборларда ёғоч тагликларга тахланган ҳолда, низомга иловада қайд этилган ҳолда сақланади.
47. Тайёрланган уруғлик чигит тўдалари орасидаги ҳамда хона деворлари орасидаги масофа 1 м дан кам бўлмаслиги шарт.
48. Уруғлик чигитни дорилаш жараёнида ишчилар махсус кийим-бош, респиратор, резина этик, қўлқоп билан таъминланган бўлиши керак.
49. Уруғлик чигит тайёрлаш мавсуми якунлангандан сўнг асосий ва ёрдамчи ускуналар чигит қолдиқларидан тозаланиб, таъмирлаш ишлари бажарилиши талаб этилади.
8-боб. Якуний қоида
50. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Уруғлик чигит тайёрловчи корхоналарда уруғлик пахтани қайта ишлашда ускуналарни белгиланган меъёрлар асосида созлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Омборларда дориланиб қопланган уруғлик чигитлар тахланган штабелларнинг метрдаги ўлчамлари
узунлиги эни баландлиги Тукли чигитлар учун 20 15 3 Туксизлантирилган чигитлар учун 18 12 3 Кам тукли чигитлар учун 18 12 3
Вазир И. АБДУРАҲМОНОВ
Савдо-саноат палатаси Раиси Д. ВАХАБОВ
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д. КАСИМОВ
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А. ЖУМАНАЗАРОВ
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А. ХАИТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 29 май,
2024 йил 15 май
2024 йил 25 май
2024 йил 22 май
2024 йил 28 май
13-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirining
buyrugʻi
NIZOM
Urugʻlik chigit tayyorlovchi korxonalarda urugʻlik paxtani qayta ishlashda uskunalarni belgilangan meʼyorlar asosida sozlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 15-dekabrdagi PQ-391-son “Paxtachilikda urugʻchilik tizimini rivojlantirish hamda paxta hosildorligini oshirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:
1. Urugʻlik chigit tayyorlovchi korxonalarda urugʻlik paxtani qayta ishlashda uskunalarni belgilangan meʼyorlar asosida sozlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi va Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi bilan kelishilgan.
3. Ushbu buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vazirining 2024-yil 29-maydagi 13-son buyrugʻiga ILOVA
Urugʻlik chigit tayyorlovchi korxonalarda urugʻlik paxtani qayta ishlashda uskunalarni belgilangan meʼyorlar asosida sozlash tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom urugʻlik chigit tayyorlovchi korxonalarda (bundan buyon matnda urugʻlik tayyorlash korxonalari deb yuritiladi) urugʻlik paxta va chigitni qayta ishlashda (paxtani uzatish, quritish, iflos aralashmalardan tozalash, chigitdan tolani ajratish, chigitdan momiqni ajratish, urugʻlik chigitni tozalash, saralash, dorilash,qadoqlash, saqlash va tashishda) uskunalarni belgilangan meʼyorlar asosida sozlash tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
urugʻlik paxta gʻarami (bundan buyon matnda gʻaram deb yuritiladi) — seleksiya navi, avlodi va sanoat navi, tipi, sinfi bir xil boʻlgan urugʻlik paxtani maxsus saqlash maydonchalarida jamgʻarish;
urugʻlik paxta — urugʻlik chigit olish uchun moʻljallanib, ekilgan maydonlardan terilgan paxta;
urugʻlik chigit — urugʻlik paxtani qayta ishlash natijasida olingan, ekish uchun moʻljallangan chigit;
urugʻlik chigitni dorilash — urugʻlik chigit tayyorlash sexlarida, urugʻlik chigitni oʻsimliklarni turli qishloq xoʻjaligi kasallik va zararkunandalardan himoya qilish maqsadida kimyoviy preparatlar (suspenziya) bilan ishlov berish;
urugʻlik chigit tayyorlash (qayta ishlash) sexi(bundan buyon matnda sex deb yuritiladi) — urugʻlik chigitni tayyorlash (tozalash, saralash, dorilash, qadoqlash) uchun texnologik asbob-uskunalar oʻrnatilgan ixtisoslashtirilgan korxona;
paxta momigʻi (bundan buyon matnda momiq deb yuritiladi) — paxtadan tola ajratilgandan keyin chigitda qolgan kalta tola;
chigitning mexanik shikastlanishi — urugʻlik paxtani terganda, tashiganda va qayta ishlash jarayonida urugʻlik chigitining shikastlanishi (chigit qobigʻidagi siniq,darzlar, teshiklar, chigit qobigʻi bir qismining yoʻqligi).
2. Urugʻlik tayyorlash korxonalarida urugʻlik paxtani qayta ishlashdan oldin texnologik asbob-uskunalar urugʻlik chigit olishga moslashtiriladi.
2-bob. Urugʻlik paxtani qayta ishlashda uskunalarni belgilangan meʼyorlar asosida sozlash
3. Urugʻlik tayyorlash korxonalari tomonidan urugʻlik paxta gʻaramda bir yarim — ikki oy davomida saqlanadi va gʻaramda chigitlar toʻliq fiziologik yetilgandan soʻng, qayta ishlanadi.
4. Urugʻlik paxtani qayta ishlashdan oldin seleksiya navlarning mexanik aralashuvini oldini olish maqsadida texnologik asbob-uskunalar qoldiq paxta va chigitdan tozalanadi.
5. Urugʻlik paxtani qayta ishlashdan oldin urugʻlik tayyorlash korxonaning moddiy javobgar shaxslari tomonidan texnologik asbob-uskunalarning sozligi haqida dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
6. Urugʻlik paxtani dastlabki qayta ishlash jarayonida gʻaramdagi paxta uzatuv quvuriga qoʻl kuchi yoki maxsus texnikalar orqali beriladi.
7. Urugʻlik paxtani qayta ishlashda dastlab ushbu paxtaning texnik 1-navi va 1-sinfi, shundan soʻng R-3, R-2, R-1 va elita avlodlari ishlanadi.
8. Urugʻlik tayyorlash korxonasining masʼul mutaxassislari tomonidan gʻaramlarni qayta ishlash tugallangandan soʻng, texnologik asbob-uskunalarni tozalash ishlari oʻtkaziladi.
Bunda, urugʻlik tayyorlash korxonasining masʼul mutaxassislari ushbu tozalash ishlari yakuni boʻyicha dalolatnoma rasmiylashtiradi.
3-bob. Qayta ishlashga berilgan urugʻlik paxtani quritish
9. Qayta ishlashga berilgan urugʻlik paxtani quritish uchun urugʻlik tayyorlash korxonasi issiqlik yetkazib berish va paxta bilan taʼminlash tizimlariga ega boʻlishi hamda paxta quritgichlari bilan jihozlangan boʻlishi kerak.
10. Urugʻlik paxtani quritish uskunasining aylanish tezligi 8 — 10 aylana/daqiqa boʻlishi kerak.
11. Urugʻlik paxtaga issiqlik yetkazib berish tizimi issiqlik ishlab chiqargichni va tutun soʻrgichni oʻz ichiga oladi.
12. Oson tozalanadigan seleksiya navli urugʻlik paxtadan ajratiladigan urugʻlik chigit sifatini saqlash va uning mexanik shikastlanishini kamaytirish maqsadida namligi 8,0 foizgacha boʻlgan paxta quritish uskunasidan sovuq havo haydaladi.
13. Qiyin tozalanadigan seleksiya navli urugʻlik paxta namligi 8,0 foiz va undan koʻp boʻlganda quritish uskunalarida issiq havo berish yoʻli bilan quritiladi.
Bunda, issiq yoki sovuq quritishning havo sarfi 18 — 20 ming m 3 /soatni tashkil qiladi.
14. Urugʻlik paxtani tozalashdan oldin oson tozalanadigan seleksiya navli urugʻlik paxtaning namligi 7,0-8,0 foiz, qiyin tozalanadigan seleksiya navli urugʻlik paxta esa 6,5 — 7,0 foiz boʻlishi kerak.
15. Issiqlik ishlab chiqargichni tayyorlash va ishga tushirishda mutaxassislar tomonidan quyidagilar bajarilishi talab etiladi:
issiqlik ishlab chiqargichning umumiy holati koʻrib chiqish va sozlovchi moslamalar (qopqoqlar, kranlar), ijrochi mexanizmlarning (qopqoq xarakatlantirgichlari, yonilgʻi oqimini berkitish avtomatining) harakatlanishini, mahkamlash bolt ulamalarining ishonchliligini taʼminlash;
yonilgʻi uzatgichlar butligini, ularda talab etilgan bosim borligini, yonilgʻi oqib ketmasligini taʼminlash;
ventilyator, tutun soʻrgich va issiq havo oʻtkazgichlarini ishga tushirishga tayyorligini taʼminlash;
nazorat-oʻlchov asboblari borligi, butunligi va yaroqligini tekshirish;
yoʻnaltiruvchi apparat ohista havo bosimi 70 mm suv ustuni koʻrsatguncha ochilishi, ventilyator yurgizilishi va asta-sekin avvaliga ikkilamchi (pastki) havo kanal qopqogʻi 2-3 boʻlimga va keyin birlamchi kanal qopqogʻi 1-boʻlimga ochilishi;
havo oʻtkazish quvuri va aralashtirish kamerasi qopqoqlari yordamida yonish jarayoni va quritish koʻrsatkichlari (sarfi, harorati) muvofiqlashtirilishi.
4-bob.Urugʻlik paxtani tozalash
16. Urugʻlik paxtani iflos aralashmalardan tozalashda paxta tozalash agregati (bundan buyon matnda agregat deb yuritiladi) qoʻllaniladi.
17. Urugʻlik paxtani tozalash jarayonida urugʻlik chigitning mexanik shikastlanishining oldini olish maqsadida agregatdagi qoziqli barabanlar va turli yuza oraliq masofalari 14 — 16 mm, arrachali baraban va ajratuvchi choʻtka 0 — 2 mm va yuza oraliq tirqishi arrachali baraban va kolosnikli panjara oraliq tirqishlari 18 — 20 mm boʻlishi kerak.
18. Iflosligi 3,0 foizgacha boʻlgan, oson tozalanadigan seleksiya navli urugʻlik paxtani tozalash jarayonida arrali seksiyalar ishlatilmasdan, agregatda faqat 8 ta qoziqli barabanlar blokini ishlatish talab etiladi.
19. Iflosligi 3,0 — 8,0 foizgacha boʻlgan, oson tozalanadigan seleksiya navli urugʻlik paxtani agregatda 2 ta arrali seksiya va 8 ta qoziqli barabanlar blogini ishlatish va ularga tutashgan bir yoki ikkita qoziqli paxta tozalagichlarning ishlatilishi talab etiladi.
20. Iflosligi 3,0 foizgacha boʻlgan, qiyin tozalanadigan seleksiya navli urugʻlik paxtani tozalash jarayonida agregatda bitta arrali seksiya va 8 ta qoziqli barabanlar blokini va ularga tutashgan bir yoki ikkita qoziqli paxta tozalagichlarning ishlatilishi talab etiladi.
21. Iflosligi 3,0 — 8,0 foizgacha boʻlgan, qiyin tozalanadigan seleksiya navli urugʻlik paxtani tozalash jarayonida agregatda yana bitta arrali seksiya qoʻshilishi kerak. Bunda, agregat jihozlari har birining paxta boʻyicha ishlab chiqarish ish unumdorligi 4,5 t/soatdan (2 ta agregat uchun 9 t/soatdan) yuqori boʻlmasligi kerak.
22. Urugʻlik paxtani ajratuvchi baraban va arrachali baraban orasidagi oraliq masofa 0 — 2 mmgacha boʻlishi kerak.
23. Urugʻlik chigit shikastlanishining oldini olish maqsadida agregatdagi kolosniklar va arrachali barabanlar orasidagi oraliq masofa 14 mmdan kam va 16 mmdan koʻp boʻlmasligi kerak.
24. Agregatdagi kolosniklar va arrachali barabanlar orasidagi oraliq masofalar koʻz bilan koʻrib yoki organoleptik usulda tekshiriladi.
25. Agregatdagi qoziqli barabanlar va toʻrli yuzalar orasidagi tirqish tozalagichni birinchi yigʻish yoki kapital taʼmirlash paytida oʻrnatiladi.
5-bob. Urugʻlik chigitdan tolani ajratish
26. Urugʻlik chigitdan tolani ajratishda arrali va valikli tolani ajratish uskunalari qoʻllaniladi. Urugʻlik tayyorlash korxonalarida chigitdan tolani ajratish jarayoni orta tolalini arrali va uzun tolalini valikli chigitdan tolani ajratish uskunalarida amalga oshiriladi.
27. Oʻrta tolalini urugʻlik paxtani qayta ishlashda chigitdan tolani ajratish uskunalarining ish unumdorligi har bir arraga 7,0 kg tola/arra soatdan toʻgʻri kelishi kerak.
Bunda, chigitdan tolani arra bilan ajratishda ish unumdorligi bitta arraga 7 kg/soat bolishi kerak.
28. Uzun tolali gʻoʻza navlarning urugʻliklari valikli chigitdan tolani ajratish uskunasi umumiy ish unumdorligi birinchi sanoat navli texnik paxtani ishlashdagi ish unumdorligidan 35 foizga kam boʻlishi kerak.
29. Paxtaning seleksiya navlariga qarab chigitdan tolani ajratish uskunasidan keyingi chigitning tukliligi 12,0 — 13,5 foizdan, chigit shikastlanishining koʻpayish darajasi 1,0 foizdan oshmasligi kerak.
6-bob. Urugʻlik chigitdan momiqni ajratish
30. Urugʻlik chigitdan momiqni ajratish texnologik tizimidagi uskunalarning ketma-ketligi, ularning soni va paxtani dastlabki ishlashga muvofiqlashtirilgan texnologiyasi talabiga muvofiq joylashtiriladi.
31. Urugʻlik chigitdan momiqni ajratishdan oldin uskunaning barcha ishchi qismlarini texnik tavsifiga mos ravishda sozlanganligi, ishchi qismlarning oraliq masofalari texnik talab asosida oʻrnatilganligini koʻzdan kechirish, soz holatga keltirish talab etiladi. Bunda,momiqni ajratish uskunalariga ishchi holatdagi arralar qoʻyiladi (yangi yoki yangidan tish ochilgan arralar qoʻyish taqiqlanadi).
32. Urugʻlik chigitdan momiqni ajratishda paxtani qayta ishlash texnologik asbob-uskunalarini rostlash uchun, dastlab texnik chigit qayta ishlanadi va chigitning tukdorligi hamda mexanik shikastlanishi tahlil qilinadi.
33. Urugʻlik chigitdan momiqni ajratishda texnik nazorati va laboratoriya xodimlari tomonidan har 2 soatda chigitdan namuna olinib, tahlil qilinadi va laboratoriya jurnaliga qayd etiladi.
34. Chigit tuksizlantirish sexlariga yuborilayotgan urugʻlik chigitlarning mexanik shikastlanganlik darajasi 4 % dan koʻp boʻlmasligi hamda chigitdagi tola qoldigʻi 0,8 % dan oshmasligi kerak.
7-bob. Urugʻlik chigit tayyorlash
35. Urugʻlik chigit tayyorlash ishlari texnologik asbob-uskunalar oʻrnatilgan sexlarda amalga oshiriladi. Urugʻlik chigit tukli va tuksizlantirilgan holda tayyorlanadi. Tuksizlantirish texnologiyasi oʻz navbatida bir yoki ikki bosqichda amalga oshiriladi.
36. Sexda texnologik asbob-uskunalarni sozlash ishlari bajarilgandan soʻng, seleksiya navlarning mexanik aralashuvini oldini olish maqsadida texnologik asbob-uskunalar qoldiq chigitdan tozalanadi.
37. Urugʻlik chigit tayyorlash jarayonida tozalash, saralash amalga oshirilgandan soʻng 1000 dona chigitning vazni kamida 2 grammga ortishi lozim.
38. Urugʻlik chigitni saralash uskunasiga ikki qavatli toʻrli yuzalik elaklar oʻrnatilib, urugʻlik tayyorlash jarayonida elak toʻrli yuzasini tez-tez tozalab turish shart. Elak toʻrli yuza teshiklarining oʻlchamlari quyidagicha boʻlishi lozim:
mayda chigitli seleksiya navlar uchun aylana shaklidagi ustki elak teshiklari diametri 7 mm boʻlgan ketma ketlikda 2 ta toʻrli yuza oʻrnatiladi va pastki elakda ham ketma ketlikda 2 ta dastlab, oʻlchamlari 3,8 × 20 mm boʻlgan uzunchoq shakldagi teshikli toʻrli yuza va aylana shaklidagi teshikli, diametri 4,0 mm ga teng toʻrli yuza oʻrnatiladi;
yirik chigitli seleksiya navlar uchun aylana shaklidagi ustki elak teshiklari diametri 7,5 mm boʻlgan ketma ketlikda 2 ta toʻrli yuza oʻrnatiladi va pastki elakda ham ketma ketlikda 2 ta dastlab, oʻlchamlari 4 × 20 mm boʻlgan uzunchoq shakldagi teshikli toʻrli yuza va aylana shaklidagi teshikli, diametri 4,5 mm ga teng toʻrli yuza oʻrnatiladi;
39. Urugʻlik chigitni mexanik shikastlanishi ortib ketmasligi uchun texnologiyadagi chigit tuksizlantirish mashinalarining metall choʻtkali silindr bilan toʻrli yuza orasidagi tirqishi hamda chigit shneklari va qoʻzgʻalmas tagliklar oraliq masofasi 12 — 14 mm boʻlishi kerak.
40. Urugʻlik chigitni dorilash uskunalari chigit yuzasiga dorilash uchun tayyorlangan suspenziya bir tekisda amalga oshirish uchun purkash moslamalaridan foydalanish talab etiladi.
41. Sexning texnologik asbob-uskunalar meʼyorda ishlayotganligi ish unumdorligi va ishchi suspenziya sarfi har 2 soatda biriktirilgan masʼul xodimlar tomonidan oʻlchanib turiladi.
42. Urugʻlik chigitlarning dorilanish sifati tayyorlangan etalon namunalariga mos kelishi kerak.
43. Urugʻlik chigitni dorilash jarayonida suspenziya toʻgʻri tayyorlanishi va dori kukunini suvga aralashib erishni va choʻkindi hosil boʻlmasligi uchun suspenziyani doimiy qorishtirish mexanizmlarini ishlatish kerak.
44. Tukli dorilanayotgan urugʻlik chigitlarning 1 tonnasiga 25 — 30 litr suspenziya, tuksizlantirilib dorilanayotgan urugʻlik chigitning 1 tonnasi uchun 15 — 20 litr suspenziya sarflanadi.
45. Dorilangan chigitlar qogʻoz qoplarga massasi 30 kg dan oshirmagan holda qoplanishi va ogʻzi zich qilib tikilishi kerak.
46. Dorilanib qoplangan urugʻlik chigitlar yopiq (harorati +5 o C dan kam boʻlmagan holda) omborlarda yogʻoch tagliklarga taxlangan holda, nizomga ilovada qayd etilgan holda saqlanadi.
47. Tayyorlangan urugʻlik chigit toʻdalari orasidagi hamda xona devorlari orasidagi masofa 1 m dan kam boʻlmasligi shart.
48. Urugʻlik chigitni dorilash jarayonida ishchilar maxsus kiyim-bosh, respirator, rezina etik, qoʻlqop bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.
49. Urugʻlik chigit tayyorlash mavsumi yakunlangandan soʻng asosiy va yordamchi uskunalar chigit qoldiqlaridan tozalanib, taʼmirlash ishlari bajarilishi talab etiladi.
8-bob. Yakuniy qoida
50. Mazkur Nizom talablarini buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Urugʻlik chigit tayyorlovchi korxonalarda urugʻlik paxtani qayta ishlashda uskunalarni belgilangan meʼyorlar asosida sozlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Omborlarda dorilanib qoplangan urugʻlik chigitlar taxlangan shtabellarning metrdagi oʻlchamlari
uzunligi eni balandligi Tukli chigitlar uchun 20 15 3 Tuksizlantirilgan chigitlar uchun 18 12 3 Kam tukli chigitlar uchun 18 12 3
Vazir I. ABDURAHMONOV
Savdo-sanoat palatasi Raisi D. VAXABOV
Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil D. KASIMOV
Texnik jihatdan tartibga solish agentligi direktori A. JUMANAZAROV
Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi raisi A. XAITOV
Toshkent sh.,
2024-yil 29-may,
2024-yil 15-may
2024-yil 25-may
2024-yil 22-may
2024-yil 28-may
13-son