UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 31-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 31 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 31 мая 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 31 May 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НИЗОМ

НИЗОМ

Айрим турдаги нафақаларни тайинлаш ва тўлашни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш даврида, янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ҳамда болани парваришлаш таътилидаги ходимларга нафақаларни тайинлаш ва тўлашни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг :

а) 281-моддасида иш берувчи қонунчиликда белгиланган тартибда ўртача иш ҳақи ёки унинг бир қисми миқдорида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа тўлаши;

б) 404 — 406-моддаларида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини, боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили даври учун ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бола икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили даври учун нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи:

а) Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақани тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:

вақтинчалик меҳнат лаёқатини йўқотиш билан боғлиқ касаллик вақтида (шикастланишда), санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида даволанганда, касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда, ходимларга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини бериш тартиби;

ҳомиладорлик ва туғиш даврида, янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ҳамда болани парваришлаш таътилидаги ходимларга нафақаларни ҳисоблаш, тайинлаш ва тўлаш тартиби;

а 1 ) Янги туғилган болани фарзандликка олган ёки васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақанинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1 1 -иловасига мувофиқ:

туғиш вақтида ёки туғишдан кейинги даврда она вафот этганда, туғилган болани (болаларни) фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари миқдорида нафақа тўланиши;

нафақа меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ягона тиббий ахборот тизимидан олинган маълумотлар асосида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали фуқароларнинг мурожаатларисиз «проактив шакл»да тайинланиши ва тўланиши;

б) Бюджет ташкилотлари ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда ишлайдиган оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

бола парвариши бўйича нафақа парвариш қилинаётган болалар сонидан ва нафақа олувчи шахснинг меҳнат стажидан қатъи назар, ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 60 фоизи миқдорида тўланиши;

ишлайдиган оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътили даврида нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби.

4. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 314-сон қарорига 1-ИЛОВА

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақани тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақани (кейинги ўринларда — нафақа) тайинлаш ҳамда тўлаш тартибини белгилайди. Бунда:

а) ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ва тўлашга доир нормалар «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги Қонун татбиқ этилмайдиган ташкилотларнинг ходимларига ушбу турдаги нафақани тайинланиши ва тўланиши билан боғлиқ муносабатларни;

б) вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлашга доир нормалар:

«Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги Қонун татбиқ этилмайдиган ташкилотларнинг ходимларига ушбу турдаги нафақани тайинланиши ва тўланиши билан боғлиқ муносабатларни;

давлат ижтимоий суғуртаси бўйича меҳнатга лаёқатсизлик даврининг иш берувчи томонидан тўланадиган қисми бўйича вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси — вақтинчалик меҳнат лаёқатини йўқотиш билан боғлиқ касаллик вақтида (шикастланишда), санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида даволанганда, касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда, карантинда, сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда, меҳнат лаёқатини тиклаш ёки ясама аъзо (протез) қўйдириш учун реабилитация муассасаларига ётқизилганда ходим меҳнат мажбуриятларини бажара олмаганлиги учун иш берувчилар томонидан тўланадиган кафолатли қўшимча тўлов;

меҳнатга лаёқатсизлик варақаси — ходимни ишдан озод қилиш, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат;

ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси — аёлга туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда, етмиш календарь кун) давомида таътил даврида меҳнат мажбуриятларини бажара олмаганлиги учун иш берувчилар томонидан тўланадиган кафолатли қўшимча тўлов;

янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақа — ходимга янги туғилган болани фарзандликка олган ёки васийлик белгиланган кундан (фарзандликка олиш бўйича суд ҳал қилув қарори кучга кирган ва болага васий тайинлаш бўйича туман, шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган кундан) бошлаб ва бола туғилган кундан эътиборан эллик олти календарь кун (бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ бола фарзандликка олинган тақдирда эса, етмиш календарь кун) ўтгунига қадар таътил даврида меҳнат мажбуриятларини бажара олмаганлиги учун иш берувчилар томонидан тўланадиган кафолатли қўшимча тўлов;

умумий иш стажи — нафақа миқдорини белгилаш учун аниқланадиган ходимнинг ташкилотларда меҳнат фаолияти амалга оширилган умумий давр.

3. Бюджет ташкилотлари томонидан нафақа бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади.

Иш берувчилар томонидан нафақа ўз маблағлари ҳисобидан тўланади.

Бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда ва якка тартибдаги тадбиркорларда ишловчи янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга республика бюджети маблағлари ҳисобидан бериладиган нафақани қоплаб бериш тартиби 1 1 -иловага мувофиқ амалга оширилади.

Иш берувчиларнинг ушбу нафақани тўлаш бўйича мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан республика бюджети маблағлари ҳисобидан бериладиган нафақа миқдорида камайтирилади.

4. Ходимга нафақа, агар уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларда бўлган даврда (синов даври ҳамда ишдан бўшатилган кунни ҳам қўшиб) пайдо бўлса, берилади.

5. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, шунингдек, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган таътил кунлари ходимнинг ишдан ноқонуний бўшатилгани тўғрисида низо кўриб чиқилаётган даврга тўғри келган ҳолларда, у ишга тикланган ёки суд томонидан меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинганлиги бўйича қарор қабул қилинган тақдирдагина (барча меҳнатга лаёқатсиз давр учун), нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади.

6. Нафақа тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади, лекин меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тақдим этилгандан кундан бошлаб ўн олти календарь кундан кўп бўлмаслиги лозим (қонунчиликда белгиланган иш ҳақи бир ойда бир марта тўланадиган ходимлар тоифаси бундан мустасно).

2-боб. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси

7. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қуйидаги ҳолларда берилади:

вақтинчалик меҳнат лаёқатини йўқотиш билан боғлиқ касаллик вақтида (шикастланишда);

санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида даволанганда;

касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда;

карантинда;

сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда;

меҳнат лаёқатини тиклаш ёки ясама аъзо (протез) қўйдириш учун реабилитация муассасаларига ётқизилганда.

8. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлаш учун фақат қонунчиликда белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси йўқолган ҳолларда, нафақа, унинг ўрнига такрорий берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (дубликат) асосида берилади.

9. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси меҳнат лаёқати йўқолган биринчи кундан бошлаб у тиклангунга қадар ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ногиронлик белгилангунга қадар, ҳатто бу даврда ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам берилади.

10. Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотларини, магистратура, клиник ординатура, таянч докторантура ва докторантурани тамомлаган ҳамда белгиланган тартибда ишга юборилган шахсларга нафақа меҳнат шартномасига кўра улар ишга чиқиши лозим бўлган кундан бошлаб берилади.

11. Иш ҳақи, суткалик ва кўчиш бўйича харажатларни олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимга иш жойига бораётган даврда бошланган меҳнатга лаёқатсизлик кунлари учун нафақа тўланади.

12. Ходимнинг меҳнатга лаёқатсизлик кунлари йиллик (асосий ва қўшимча) таътил даврига тўғри келган ҳолларда, меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган давр учун нафақа тўланади.

13. Санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида даволанишда, агар асосий ва қўшимча таътил ходимнинг санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида даволаниши учун етарли бўлмаса, нафақа берилади. Бундай ҳолда санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида даволанишнинг барча даври учун (йўлланма, даволаниш муддати) санаторий ва соғломлаштириш муассасаларига бориш-келиш вақтини қўшиб, аммо ходимнинг йиллик таътилини чиқариб ташлаган ҳолда нафақа берилади.

Байналминал жангчиларга, Чернобиль АЭС фалокати оқибатларини тугатишда қатнашган, шунингдек, санаторий ва соғломлаштириш муассасаларига даволанишни давом эттириш учун даволаш муассасаларидан ўткир миокард инфаркти билан касалланган, жарроҳлик услуби билан юракни аортакоронар шунтирлаш ва аневризмлари, ошқозоннинг яралик касаллиги, ўн икки бармоқ ичак касаллигидан даволанган ва ўт пуфагини олиб ташлашдан кейин бевосита юборилган, шунингдек, сил касаллиги билан оғриган ходимларга нафақа санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида бўлган барча вақт учун берилади.

Ўн олти ёшгача ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-оналардан бирига (ҳомийга ёки васийга), ногиронлиги бўлган боланинг санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида даволанган барча даври учун (санаторий ва соғломлаштириш муассасаларига бориб-келиш вақтини ҳисобга олиб) унга якка тартибда парвариш зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса мавжуд бўлганда нафақа берилади.

14. Уч ёшгача болани ёки 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болани парваришлаш билан банд бўлган она ёки ота касал бўлиб, болани парваришлашга қурби етмай қолган ҳолларда, парвариш билан банд бўлган ишлаётган бошқа оила аъзолари ёки қариндошларига (меҳнатга лаёқатсизлик варақасига асосан) нафақа берилади.

15. Агарда ходим карантин чоралари амалга оширилаётган вақтда санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан атрофидаги шахслар орқали юқумли касалликка чалиниш хавфининг олдини олиш мақсадида ишдан четлатилган бўлса, нафақа берилади.

16. Сил касаллиги ёки касб касаллигига чалинган ходим даволаниш қоидасини бузмаган ҳолда бошқа ишни бажариш имконига эга бўлиб, у тиббий-маслаҳат комиссияси хулосаси (бундай комиссиялар бўлмаган жойларда эса даволовчи шифокорнинг, даволаш муассасасининг бош шифокори томонидан тасдиқланган хулосаси) асосида вақтинча бошқа ишга ўтказилиши мумкин.

Касб касаллиги оқибатида бошқа ишга ўтказилган шахсларга нафақа, агар у амалдаги қонунчилик ҳужжатларига биноан аввалги иш ҳақи билан янги иш ҳақи ўртасидаги фарқни иш берувчилардан олиш ҳуқуқига эга бўлмаса берилади.

Башарти, меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган муддатда иш берувчи ходимга бошқа иш топиб бера олмаган бўлса, у ҳолда шунинг оқибатида бекор ўтган иш кунлари учун нафақа умумий асосларда тўланади.

17. Реабилитация муассасаларида бўлган барча вақт ва унга келиб-кетиш вақти учун нафақа тўланади.

18. Мавсумий ва вақтинчалик ишларда банд бўлган ходимларга меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа умумий асосларда, бошқа сабаблар оқибатидаги вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси мавсумий ёки вақтинчалик иш тўғрисида тузилган меҳнат шартномасида кўрсатилган иш кунлари доирасида тўланади.

19. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик қуйидаги даврларга тўғри келганда нафақа тўланмайди:

иш ҳақи сақланмаган таътил;

иш ҳақи қисман сақланадиган таътил;

болани парваришлаш бўйича таътил;

иш вақтинча тўхтатилган (иш ҳақи сақланмаган вақтда);

ходим ишдан (лавозимдан) четлаштирилиб, иш ҳақи тўлаш тўхтатиб қўйилганлиги сабабли ишламаган;

ҳарбий ўқув ёки текширув йиғини;

ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида таҳсил олиш муносабати билан берилган ўқув таътили вақтида.

Ушбу даврлардан бошланиб давом этаётган вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ходим ишга чиқиши (лавозимга тикланиши) лозим бўлган кундан бошлаб берилади.

20. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қуйидаги ҳолларда берилмайди:

ишдан ёки бошқа вазифалардан бўйин товлаш мақсадида ўз саломатлигига атайлаб зиён етказган ёхуд ўзини касалликка солганда;

гиёҳвандлик ёки мастлик билан боғлиқ ҳаракатлар оқибатида, шунингдек, спиртли ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш натижасида касалликка чалинганда (жароҳатланганда);

жиноят содир қилиш вақтида жароҳатланганда;

суд қарори асосида мажбурий даволанишга юборилганда (руҳий касаллардан ташқари);

ҳибсда бўлган даврда;

суд-тиббиёт экспертизасидан ўтиш даврида.

21. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бошланишидан олдин узрсиз сабабларга кўра ишга келмаган, улар учун шифокор белгилаган тартибни бузган ёки узрсиз сабабларга кўра белгиланган муддатда шифокор кўригига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига келмаган ходимлар қоидани бузган кундан бошлаб иш берувчилар томонидан тўланадиган нафақадан маҳрум қилинадилар.

22. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъи назар, ўртача иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қуйидагиларга тўланади:

байналминал жангчиларга;

қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга;

Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда қатнашган ходимларга;

Чернобиль АЭСдаги авария натижасида радиоактив ифлосланиш зонасидан эвакуация қилинган ва кўчирилган, қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари (ўткир лейкоз), қалқонсимон без (аденома, рак) ва хавфли ўсмалар билан боғлиқ касалликларга чалинган ходимларга;

меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги натижасида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсиз бўлган ходимларга;

пандемия, техноген, табиий ва экологик тусдаги фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳолларда, ушбу фавқулодда вазиятларга сабабчи бўлган инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ва 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган ота-оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар).

23. Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар (сил касаллиги, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, ОИТС, мохов (лепра) касаллиги, руҳий касалликлар) бўйича ҳисобда турган ходимларга умумий иш стажининг давомийлигига боғлиқ равишда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади:

а) умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида;

б) умумий иш стажи 5 йилдан 8 йилгача бўлган ходимларга ўртача ойлик иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;

в) умумий иш стажи 5 йилгача бўлган ходимларга ўртача ойлик иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.

24. Мазкур Низомнинг 22 ва 23-бандларида назарда тутилган ходимлардан ташқари қолган ходимларга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қуйидаги миқдорларда тўланади:

а) умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга ўртача ойлик иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;

б) умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга ўртача ойлик иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.

25. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли хизматдан бўшатилгандан сўнг бир ой ичида касал бўлиб қолган собиқ ҳарбий хизматчиларга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси — республикада белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида тўланади.

26. Нафақа миқдори вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бошланган кунгача меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчаси, унинг ўрнига берилган бошқа ҳужжат асосида ҳисобланган умумий иш стажига мувофиқ аниқланади.

27. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлаш учун умумий иш стажини аниқлаш ва ҳисоблашда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган пенсияларни тайинлаш учун иш стажини ҳисоблаб чиқиш тартиби татбиқ этилади.

3-боб. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақалар

28. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган (суднинг ҳал қилув қарори ва ҳокимнинг васий ёки ҳомий тайинлаш бўйича қарори бўйича) ходимга бериладиган нафақаларни тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади.

29. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси йўқолган ҳолларда, нафақа унинг ўрнига такрорий берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (дубликат) асосида берилади.

30. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа (шу жумладан, ҳомила тушган ҳолларда) ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақа меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча давр учун тўланади.

31. Ходим ишдан бўшатилишининг нотўғрилиги ҳақида низо юзага келган даврда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга таътил берилганда, нафақа у ишга қайта тикланган ёки меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинганлиги бўйича қарор қабул қилинган тақдирда берилади. Бунда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақалар қарор қабул қилингандан сўнг тўланмаган барча меҳнатга лаёқатсиз давр учун тўланади.

32. Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотларини, магистратура, таянч докторантура, клиник ординатура, докторантурани тамомлаган ва белгиланган тартибда ишга юборилган ходимларга ишни бошлагунга қадар нафақалар берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида меҳнат шартномасига кўра ходим ишга келиши лозим бўлган кундан бошлаб берилади.

33. Иш ҳақи сақланмаган ҳолда иши вақтинчалик тўхтатилган ёки ишдан (лавозимдан) четлаштириш оқибатида ходим ишламаган даврда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга таътил берилганда, нафақа кўрсатилган давр тугагандан кейин ходим ишга чиқиши лозим бўлган кундан бошлаб берилади.

34. Ходим йиллик (асосий ва қўшимча) таътилда ва болани парваришлаш учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга таътил берилганда, нафақа таътилнинг меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун берилади.

35. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақалар ходим:

ишга қабул қилинган кундан 12 ойгача иш стажига эга бўлганда — ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи;

ишга қабул қилинган кундан 12 ой ортиқ иш стажига эга бўлганда — ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади.

4-боб. Нафақаларни ҳисоблаш тартиби

36. Нафақалар барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.

37. Нафақалар бўйича ўртача иш ҳақи Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 257-моддаси , мазкур Низом ва меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобланади.

38. Нафақанинг умумий суммаси кунлик ўртача иш ҳақини ушбу ойда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган таътил туфайли ишга келмаган иш кунлари сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

39. Агар вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган таътил даврида иш ҳақи ўзгарган бўлса, шу даврдан бошлаб нафақа миқдори ҳам тегишли равишда қайта ҳисоблаб чиқарилади.

40. Нафақалар ўриндошлик асосидаги (шу жумладан, ички ўриндошлик асосидаги) иш жойи бўйича ҳам алоҳида тўланади, соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.

41. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган таътил иш вақтида бошланиб, ташкилот (цех, бўлим) ишни вақтинча тўхтатиши даврида давом этса, нафақа ўша касб ва малакага эга бўлган ходимларга мана шу тўхтатилган давр учун тўланадиган иш ҳақи миқдорида берилади. Бунда нафақа миқдори умумий қоидалар бўйича ҳисобланган ва олиши лозим бўлган нафақа миқдоридан ошмаслиги лозим.

42. Агар вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган таътил ишнинг вақтинча тўхтатилган даврида бошланган бўлса, иш тўхтатиб қўйилган давр учун (бекор туриб қолинган вақт учун) нафақа қуйидаги миқдорида берилади:

иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун (иқтисодий, технологик, техник ёки ташкилий сабабларга кўра ишни вақтинча тўхтатиб туриш) ходимнинг тўлиқ миқдорида;

иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолинган вақт учун бекор туриб қолинган вақтга мутаносиб равишда нафақанинг учдан икки қисми миқдорида.

43. Агар ходим меҳнатга лаёқатсизлик варақасини иш ҳақига туман коэффициенти ва устамалар белгиланган жойларда ишлаш даврида олган бўлса, бу жойлардан ташқарида бўлган вақт учун вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси (шу жумладан, меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги муносабати билан) устамалар ҳисобга олинмаган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Ушбу қоида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ва янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақани ҳисоблаб чиқаришда қўлланилмайди.

44. Иш ҳақига устама ёки муайян муддатга ёхуд муайян жойда вақтинчалик бўлганлиги учун иш ҳақига оширилган коэффициент белгиланган ходимга нафақа бу устама ёки коэффициент ҳисобга олинган ҳолда, устама ёхуд оширилган коэффициент белгиланган кунгача ёки вақтинчалик бўлганлиги муносабати билан улар тўланган жойдан чиқиб кетган кунгача берилади.

45. Иш шароитларига кўра йилнинг турли даврлари бўйича турлича иш ҳақлари белгиланган тақдирда (дарё флоти экипажлари аъзоларидан ташқари), нафақа ходим ўз иш жойида қолганда оладиган иш ҳақи миқдорига қараб белгиланади. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик маълум бир даврда бошланиб, иккинчи даврда давом этган тақдирда иккинчи даврнинг иш ҳақи бўйича нафақа ишловчилар учун иш ҳақи ўзгарган муддатдан бошлаб тўланади. Меҳнатга ишбай асосида ҳақ тўланганда юқорида қайд этилган ҳолларнинг иккинчи даври учун нафақа ходимнинг тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда тўланади.

46. Дарё флоти экипажлари аъзоларига нафақа вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган таътил бошланган йилдан олдинги календарь йилдаги ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик содир бўлган йилда ишга кирган шахсларга, шунингдек, тўлиқ календарь йил ишламаганлар учун нафақани ҳисоблаб чиқаришда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик содир бўлган даврдан олдинги вақтдаги иш ҳақи инобатга олинади.

Дам олиш кунлари (отгул) учун нафақа лавозим маошидан (тариф ставкасидан) келиб чиққан ҳолда тўланади.

Дарё флоти экипажларининг вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик (ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган таътили) кунлари ҳақ тўланмайдиган захирада (резервда) бўлган даврга тўғри келган ҳолларда нафақа тўланмайди.

47. Иш соатларини ҳисоблаб чиқиш имкони бўлмаган ходимларга (уй ишчиларга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, иккиламчи ва бошқа хил ашёларнинг штатли тайёрловчиларига, озиқ-овқат чиқиндиларини йиғувчиларга, тарқатиш ва ташиш савдоси сотувчиларига, суратга олиш ташкилотлари агентларига ва бошқа шундай тоифадаги ходимларга) нафақа вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан бериладиган ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган таътилнинг барча календарь кунларига тўланади.

48. Ходимлар қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга иш берувчилар томонидан юборилганда ва ўқиш даврида нафақалар уларнинг иш ҳақлари тўлиқ ёки қисман сақланган тақдирда, умумий асосларда берилади.

49. Ишлаб чиқариш амалиёти даврида иш ҳақи тўланадиган иш ўринларига ёки лавозимларга тайинланган олий ўқув юртлари талабаларига, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим ташкилотлари ўқувчиларига ишлаб чиқариш амалиётини ўташ кунларига тўғри келганда нафақа ишлаб чиқариш амалиёти ўтаётган жойларидан умумий асосларда, лекин ишлаб чиқариш амалиёти якунланиши лозим бўлган кунга қадар тўланади.

Ушбу тартиб қурилиш объектларида ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида талабалар гуруҳларида ишлаётган ўқувчиларга ҳам жорий этилиб, нафақа миқдори гуруҳда олган иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади ва иш жойидан берилади.

50. Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотларини, магистратура, таянч докторантура, клиник ординатура, докторантурани тугатган ва белгиланган тартибда ишга юборилган шахсларга нафақанинг миқдори умумий қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқариш ва уларнинг эгаллашлари лозим бўлган лавозим маошларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

51. Ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нафақа умумий асосларда берилади. Бунда аввалги иш жойларида жазони ўтаётган шахсларга нафақа миқдори жазони ўташ бошланишига қадар бўлган умумий иш стажига қараб белгиланади.

Мазкур нафақалар суд ҳукми билан уларнинг иш ҳақларидан ундиришлар ушлаб қолинган ҳолда тўланади.

5-боб. Нафақаларни тайинлаш ва тўлаш

52. Нафақалар ходимнинг асосий иш жойидан ташкилотнинг Нафақа тайинлаш комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) ёки иш берувчи томонидан буйруқ билан вакил қилинган шахс (кейинги ўринларда — вакил қилинган шахс) томонидан тайинланади. Комиссия таркиби, аъзолари сони ва раиси иш берувчининг буйруғи ёки бошқарувининг қарори билан тасдиқланади.

53. Комиссия ёки вакил қилинган шахс нафақа тўлашга асос бўлувчи ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида ўзига маълум бўлган, сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилмаслиги лозим.

54. Ходимлар вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик муддати тугаганидан сўнг ишга чиқишининг биринчи кунидаёқ ташкилотнинг кадрлар бўлими ёки иш берувчи томонидан тайинланган кадрлар бўйича масъулга (кейинги ўринларда — кадрлар бўлими) меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим этадилар. Меҳнатга лаёқатсизлик давом этаётган ҳолларда, навбатдаги иш ҳақи берилиши вақти келганда топширилиши мумкин.

55. Нафақани олиш учун масофадан туриб ишловчи ходим меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг аслини, агар ходим ўриндош бўлса, ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини иш берувчига маълум қилинадиган буюртма хат билан почта орқали юборади.

56. Иш берувчиларда меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг тегишли бандлари кадрлар бўлими томонидан шу куннинг ўзида зарур маълумотлар ёзилишини таъминлайди ва меҳнатга лаёқатсизлик варақасини (бемор ҳақидаги маълумотлар ёзилиб, имзо қўйилган ҳолда) Комиссияга ёки вакил қилинган шахсга топширади.

57. Меҳнатда майибланиш туфайли вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бошланганда нафақа ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса содир бўлганлик ҳақидаги (Н-1-шаклда) далолатнома асосида тайинланади.

Агар бахтсиз ҳодиса бошқа шароитларда рўй берса (уйда, ишга бориш ёки ишдан қайтишда, давлат ёки жамоатчилик бурчини бажараётган пайтда), нафақа рўй берган бахтсизлик сабаблари иш берувчи томонидан ўрганиб чиқилгандан кейингина тайинланади.

58. Қуйидаги шароитларда юз берган (жиноят содир қилиш вақтида жароҳатланиш ҳолларидан ташқари) жароҳатланиш меҳнатда майибланиш деб ҳисобланади:

меҳнат бурчини бажараётган пайтда (шу жумладан, хизмат сафари вақтида), шунингдек, махсус топшириқ бўлмаган ҳолларда ҳам иш берувчилар манфаатини кўзлаб амалга оширилган хатти-ҳаракатлар пайтида;

иш берувчининг транспортида ишга бораётган ёки ишдан қайтаётганда;

иш вақти давомида (шу жумладан белгиланган танаффус вақтида) ташкилот ҳудудида ёки бирон-бир бошқа иш жойида, иш бошлашдан олдин ёки ишдан кейин иш қуролларини, кийим-кечакларини ва ҳоказоларни тартибга келтириш пайтларида;

ички меҳнат тартиб-қоидаларига зид бўлмаган тақдирда, иш вақти давомида ташкилотга яқин бўлган жойда ёки бошқа иш жойида (белгиланган танаффусларда) ҳозир бўлганда;

асосий иш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, давлат ва жамоатчилик олдидаги бурчларини бажараётган чоғида;

инсон ҳаётини қутқариш, ҳуқуқ-тартиботни, давлат ва жамоат мулкини, шунингдек, фуқаролар мулкларини муҳофаза қилиш бўйича фуқаролик бурчини бажараётган пайтида;

донорлик вазифаларини бажариш натижасида меҳнатга лаёқатининг йўқотилиши.

59. Касб касалликлари бўйича вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тайинлашда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Касб касалликлари рўйхатида кўрсатилган касалликлар ҳисобга олинади.

60. Мазкур Низомга биноан нафақа олиш ҳуқуқи Комиссия ёки вакил қилинган шахс ҳар бир меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича тўлов амалга оширилиши лозим бўлган кунлар сонини ва ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан белгиланадиган нафақа фоизи миқдорини белгилайди. Нафақа фоизи миқдори нафақа белгилаш баённомасида ва Комиссия раиси ёки вакил қилинган шахс имзоси қўйилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасида қайд қилинади.

61. Меҳнатда майибланиш туфайли вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси Комиссия ёки вакил қилинган шахс томонидан (жароҳатланган ходимнинг аҳволи Комиссия мажлисига келишга имкон берган тақдирда, унинг иштирокида) тайинланади. Нафақадан маҳрум этиш, нафақадан тўлиқ ёки қисман рад этиш масаласи нафақа олувчининг иштирокида кўриб чиқилади.

62. Ходим меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлмаган тақдирда, Комиссия ёки вакил қилинган шахс нафақа бермаслик тўғрисида қарор чиқаради ва рад этиш сабабларини меҳнатга лаёқатсизлик варақасига қайд этади.

63. Нафақа тайинлангандан сўнг Комиссия ёки вакил қилинган шахс ташкилотнинг ҳисоб-китоб бўлимига (бухгалтерия) нафақа чиқариш ва тўлаш учун белгиланган тартибда расмийлаштирилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасини топширади.

64. Тўланадиган ва тўланмайдиган меҳнатга лаёқатсизлик варақалари, шунингдек, нафақа олиш учун тақдим этилган барча бошқа ҳужжатлар ташкилот бухгалтериясида пулли ҳужжатларга тенг ҳолда, барча харажат ҳужжатларидан алоҳида ҳолда сақланади.

65. Иш вақтини, умумий иш стажини ҳисобга олиб бориш, нафақалар тўлаш учун ҳисоб-китобларни бажаришда ахборот-телекоммуникация тармоқлари қўлланиладиган ташкилотларда меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ташкилотнинг кадрлар бўлими томонидан ҳисоблаш марказига топширилади. У ерда нафақа тайинлаш ва ҳисоблаб чиқариш тўғрисида иш берувчи томонидан белгиланган шаклда икки нусхада рўйхат тузилади.

66. Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ахборот-телекоммуникация тармоқларида ҳисоб-китобларни чиқариш учун масъул шахснинг имзоси қўйилган икки нусхадаги тўлов рўйхати билан бирга аниқ муддатларда (маошлар бўйича ҳисоб-китоб қилишга 5-6 кун қолганда) Комиссияга ёки вакил қилинган шахсга топширилади.

67. Комиссия ёки вакил қилинган шахс ҳисоб-китобнинг, меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг даволаш муассасаси томонидан (шунингдек, ахборот-телекоммуникация тармоқлари орқали) тўлдирилишининг тўғрилигини, зарур ҳолларда бошқа ҳужжатларни ҳам (бахтсиз ҳодисалар тўғрисидаги далолатномалар ва бошқалар) текширади ва нафақа тайинлаш, белгиланган ҳолларда эса нафақадан маҳрум қилиш бўйича қарор чиқаради. Икки нусхадаги тўлов рўйхатлар Комиссия раиси ёки вакил қилинган шахс томонидан имзоланади.

Тўлов рўйхатининг бир нусхаси меҳнатга лаёқатсизлик варақаси билан бухгалтерияга юборилади. Улар текширувдан ўтказилгандан сўнг бош (катта) бухгалтер томонидан имзоланиб, ҳисоблаш марказига узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш ва нафақа суммасини иш ҳақи тўлаш рўйхатига киритиш учун қайтариб юборилади. Шундан сўнг тўлов рўйхати меҳнатга лаёқатсизлик варақалари билан сақлаш учун бухгалтерияга топширилади.

Тўлов рўйхатининг иккинчи нусхаси эса нафақа тайинлаш баённомаси сифатида Комиссияда ёки вакил қилинган шахсда сақланади.

Нафақани ҳисоблашда мазкур бандда кўрсатилган қоидага мувофиқ меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг орқа томони тўлдирилмайди.

68. Ахборот-телекоммуникация тармоқлари ёрдамида фақат нафақа миқдори ҳисоблаб чиқиладиган ташкилотларда нафақа белгилаш ва меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини тўлдириш («Бухгалтерия томонидан тўлдирилади» деган бўлимдан ташқари) мазкур Низомнинг 60 , 61 , 65 , 66 ва 67-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

«Бухгалтерия томонидан тўлдирилади» деган бўлимдаги маош ва унинг асосида чиқарилган нафақа миқдори ҳақидаги маълумот ахборот-телекоммуникация тармоқларида тайёрланганда, ҳисоб-китоб ишлари учун масъул шахснинг ва бош (катта) бухгалтернинг имзолари бўлган тўлов рўйхатида келтирилади. Тўлов рўйхатларига меҳнатга лаёқатсизлик варақалари илова қилинади.

Нафақалар ахборот-телекоммуникация тармоқларида ҳисоблаб чиқариладиган ташкилотларда нафақаларни тайинлаш ва меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини расмийлаштириш худди шундай тартибда амалга оширилади.

69. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалар, шу жумладан, сил касаллиги санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида даволаниш учун бериладиган нафақалар, иш ҳақи тўлаш учун белгиланган муддатларда тўланади.

Бошқа турдаги санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида даволаниш учун бериладиган нафақалар ходим санаторий ва соғломлаштириш муассасаларидан қайтгандан сўнг тўланади. Бунда нафақа, агар бир томонга бориш вақти бир суткадан ортиқ бўлса, санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида бўлган вақт кўрсатилган «йўлланманинг қайтиш томони», шунингдек, йўл чипталари Комиссияга ёки вакил қилинган шахсга топширилгандагина берилади. Йўлланма бўйича фойдаланилмаган ҳамда санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида, шунингдек, етиб бориш ёки қайтиш йўли белгиланган муддатдан ортиқ бўлган кунлар учун нафақа берилмайди.

70. Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси туғишдан олдин амалда фойдаланилган кунларнинг сонидан, янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақа амалда фойдаланилган кунларнинг сонидан қатъи назар, таътилнинг тўлиқ даври учун бир йўла тўланади.

71. Ташкилот тугатилганда, мазкур Низомга мувофиқ нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақа тугатилган ташкилотнинг ҳуқуқий вориси ёки тугатиш комиссияси томонидан берилади.

72. Ортиқча тўлаб юборилган нафақа суммаси, агар ортиқча тўлаш санашда (арифметик) адашиш ёки нафақа олувчининг қалбаки маълумотнома тақдим қилиши (ҳужжатларга ўзгартириш киритиш ва бошқалар) туфайли содир бўлган бўлса, нафақа олувчидан ушлаб қолинади.

73. Ушлаб қолиш кейинги сафар тўланадиган нафақа ёки иш ҳақидан амалга оширилади. Ҳар сафар ходим олиши керак бўлган сумманинг 20 фоизидан ортиқ бўлмаган сумма ушлаб қолинади. Ушлаб қолиш ташкилотнинг ҳисоб-китоб бўлими орқали Комиссиянинг ёки иш берувчининг қарори асосида амалга оширилади.

Бу қарор санаш жараёнида йўл қўйилган хато туфайли ортиқча тўлаш содир бўлганда, нафақа тайинланган кундан бошлаб 3 ойдан кечиктирмай, ўз ҳуқуқини суиистеъмол қилиш бўйича содир бўлганда эса, чекланмаган муддатда қабул қилиниши мумкин.

74. Агар ходим мазкур ташкилотда ишламаётган бўлса, унга ортиқча тўлаб юборилган нафақа суммаси суд орқали ундирилиб олинади. Нафақа олишда суиистеъмолликка йўл қўйилса (қалбаки ҳужжат тақдим этиш, фирибгарлик ва бошқалар), ҳужжатлар қонунда белгиланган чораларни қўллаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.

75. Судларнинг қарорига асосан нафақалардан алимент, майиб бўлганлик ва саломатликка етказилган ва бошқа зарарларни қоплаш бўйича чегирилиши мумкин. Нафақалардан бошқа ҳеч қандай чегирма амалга оширилмайди.

76. Ходимнинг вафоти кунигача олинмай қолган нафақа у билан бирга яшаган оила аъзоларига, шунингдек, унинг қарамоғида бўлганларга берилади.

Ходимнинг вафот этган кунига қадар олинмаган нафақа вафот этган ходим билан қариндош ва бирга истиқомат қилганлик ёки вафот этганнинг қарамоғида бўлганликни тасдиқловчи далил бўлган ҳужжат топширилганидагина берилиши мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

77. Ташкилотнинг бош бухгалтери Комиссия ёки вакил қилинган шахс билан бир қаторда нафақа тўлаш бўйича маблағларнинг тўғри сарфланиши учун жавобгардир.

78. Агар нафақа тайинлаш ёки ходимнинг умумий иш стажини аниқлаш пайтида қонунчиликда кўзда тутилган қоидалар бузилишига йўл қўйилган ёки тўлов учун тақдим қилинган ҳужжатлар нотўғри расмийлаштирилган бўлса, бош бухгалтер тўловни амалга оширмай, уларни йўл қўйилган хатолар тўғрисидаги ёзма баённома билан Комиссияга ёки вакил қилинган шахс қайтариб бериши шарт.

79. Иш берувчилар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидалари бузилиши оқибатида ходимнинг меҳнатда майиб бўлганлиги ёки касб касаллигига чалинганлиги аниқланса, иш берувчилар ушбу шикастланиш ва касаллик сабабли берилган вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлашга сарфланган барча харажатларни қонунчиликда белгиланган тартибда қоплаши лозим.

80. Комиссия ёки вакил қилинган шахс томонидан қабул қилинган қарор устидан иш берувчига шикоят қилиниши мумкин.

81. Нафақаларни нотўғри ҳисоблаш, белгилаш ва тўлаш юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.

82. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 314-сон қарорига 1 1 -ИЛОВА

Янги туғилган болани фарзандликка олган ёки васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақанинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда (кейинги ўринларда — юридик шахслар) ва якка тартибдаги тадбиркорларда меҳнат шартномасига асосан охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган ходимларга янги туғилган болани фарзандликка олганлиги ёки унга васий қилиб белгиланганлиги муносабати билан бериладиган нафақанинг (кейинги ўринларда — нафақа) бир қисмини республика бюджети маблағлари ҳисобидан тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимининг алоҳида модули — идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик асосида нафақани «проактив» шаклда тайинлаш ва тўлашни назарда тутувчи «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимининг таркибий қисми (кейинги ўринларда — «Ягона реестр» АТ);

нафақа олувчи — Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларда охирги олти ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходим (якка тартибдаги тадбиркор);

тўлов рўйхат (ведомост)лари — нафақа олувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт маълумотлари, банк картаси орқали тўланганда тегишли тижорат банки ҳамда нафақа олувчининг банк картаси реквизитлари ва тўланиши лозим бўлган нафақа суммасига доир маълумотлар акс эттирилган, нафақа бўйича тўловларни амалга оширувчи тижорат банкига электрон кўринишда тақдим этиладиган ҳужжат.

3. Ушбу Низом бюджет ташкилотларида, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимларга татбиқ этилмайди.

4. Нафақа туғиш вақтида ёки туғишдан кейинги даврда она вафот этган кундан бошлаб, туғилган болани (болаларни) фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган шахсга (ходимга), бола туғилган кунидан эътиборан эллик олти календарь куни, икки ёки ундан ортиқ бола туғилганда етмиш календарь кунигача бўлган муддатда белгиланган тартибда расмийлаштирилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида тайинланади ва тўланади.

5. Нафақа минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари миқдорида тўланади.

Бунда нафақанинг миқдори у тайинланган даврда амалда бўлган минимал истеъмол харажатларининг миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

6. Нафақани тўлаш ва нотўғри тайинланган нафақани қайтариш билан боғлиқ харажатлар республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига (кейинги ўринларда — Агентлик) мазкур мақсадларда ажратилган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

7. Нафақа олувчининг асосий иш жойи ҳисобланган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг нафақа тўлаш бўйича мажбуриятлари Агентлик томонидан тўланган нафақа миқдорида камайтирилади.

8. Нафақа «Ягона реестр» АТ томонидан фуқароларнинг мурожаатларисиз «проактив шакл»да тайинланади ва тўланади.

2-боб. Нафақани тайинлаш тартиби

9. Белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси нафақани тайинлаш ва тўлаш учун асос бўлади.

10. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳудудий амбулатор-поликлиника ёки туғуруқхона муассасаси, шунингдек, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси беришга ваколатли бошқа тиббий муассасалар томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ягона тиббий ахборот тизимига (кейинги ўринларда — «Ягона тиббий» АТ) электрон шаклда расмийлаштирилади.

11. «Ягона тиббий» АТ томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси автоматик равишда «Ягона реестр» АТга юборилади.

12. «Ягона реестр» АТ томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тўғрисидаги маълумотлар келиб тушгандан сўнг, автоматик равишда нафақа олувчининг охирги олти ой давомида:

узлуксиз иш стажига эга эканлиги ва юридик шахсда бандлиги «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси (кейинги ўринларда — «ЯММТ» ИДАК), якка тартибдаги тадбиркорларда бандлиги Солиқ қўмитасининг маълумотлар базаси орқали;

меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари мавжудлиги — Солиқ қўмитасининг маълумотлар базаси орқали;

бюджет ташкилотларида ишлаши ёки ишламаслиги Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «UzASBO» дастурий мажмуаси орқали автоматик равишда текширилади.

13. Нафақа олувчининг охирги олти ой давомидаги узлуксиз иш стажини ҳисоблашда, юридик шахсларда «ЯММТ» ИДАКдаги ва якка тартибдаги тадбиркорларда Солиқ қўмитасининг маълумотлар базасидаги меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган кунга қадар олти ой узлуксиз иш стажи инобатга олинади.

Бунда ушбу даврда ўттиз бир кундан кўп бўлмаган танаффуслар бўлганда, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган кундан олдинги ўн икки ой давомидаги кетма-кет даврлар иш стажини ҳисоблашда қўлланилади. Агар охирги олти ой давомидаги узлуксиз иш стажи даврида ходимнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари мавжуд бўлмаса, ушбу давр иш стажини ҳисоблашда инобатга олинмайди.

Болани парваришлаш учун таътилда бўлган ходимнинг иш стажини Солиқ қўмитасининг маълумотлар базаси орқали текширишда унинг таътилга чиқишидан олдинги даври ҳисобга олинади.

14. Нафақа ходим йиллик (асосий ва қўшимча) меҳнат таътилида, болани парваришлаш учун таътилда ёки иш ҳақи сақланмайдиган таътилларда бўлганда ҳам тўлаб берилади.

15. Нафақа олувчининг охирги олти ой давомидаги узлуксиз иш стажи давридаги меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари мавжуд бўлса ва «ЯММТ» ИДАКда иш стажи тўғрисидаги маълумот бўлмаган тақдирда, бу ҳақда «Ягона реестр» АТ томонидан автоматик тарзда нафақа олувчининг «Ягона тиббий» АТда қайд этилган мобил телефон рақамига СМС-хабар, шунингдек, иш берувчининг Солиқ қўмитасининг маълумотлар базасидаги ва «ЯММТ» ИДАКдаги шахсий кабинетларига хабарнома юборилади.

Нафақа олувчининг иш стажи номутаносиблиги (нотўғри киритилганлиги ёки киритилмаганлиги) хабарнома олинган ойдан кейинги ойнинг охирги иш кунига қадар «ЯММТ» ИДАКда иш берувчи томонидан тўғриланиши лозим.

16. Хабарнома юборилган нафақа олувчиларнинг охирги олти ой давомидаги узлуксиз иш стажи хабарнома юборилган ойдан кейинги ойнинг охирги иш кунида қайта текширилади.

Номутаносиблик тўғриланмаган ҳолларда, нафақа тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор «Ягона реестр» АТ томонидан автоматик тарзда шакллантирилади.

17. «Ягона реестр» АТ томонидан нафақа олувчининг охирги олти ой давомидаги узлуксиз иш стажи, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари ва унинг ишлаши тасдиқланганда, нафақани тайинлаш тўғрисидаги қарор автоматик тарзда шакллантирилади.

18. «Ягона реестр» АТ томонидан:

нафақа тайинлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, нафақанинг тўлов шакли ва муддати бўйича;

нафақа тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, рад этиш сабаблари бўйича нафақа олувчининг «Ягона тиббий» АТда қайд этилган мобил телефон рақамига СМС-хабар, шунингдек, иш берувчининг Солиқ қўмитасининг маълумотлар базасидаги ва «ЯММТ» ИДАКдаги шахсий кабинетларига автоматик тарзда хабарнома юборилади.

3-боб. Нафақани тўлаш тартиби

19. Ушбу Низомга мувофиқ тайинланган нафақани тўлаб бериш Агентлик томонидан тўғридан-тўғри шартнома асосида жалб этилган тижорат банки томонидан амалга оширилади.

20. «Ягона реестр» АТ томонидан ҳар ойнинг 10-санасига қадар нафақа бўйича тўлов рўйхат (ведомост)лари тижорат банкига тақдим этилади ҳамда Агентликнинг махсус ғазна ҳисобварағидан зарур маблағлар белгиланган тартибда тижорат банкига ўтказиб берилади.

Ушбу бандда кўрсатилган муддатнинг охирги куни байрам ва дам олиш кунларига тўғри келганда, тўлов рўйхат (ведомост)лари ва зарур маблағлар кейинги 2 иш куни мобайнида тижорат банкига тақдим этилиши ва молиялаштирилиши мумкин.

21. Нафақани тўлаш учун тижорат банкида алоҳида махсус банк ҳисобварақлари очилади.

22. «Ягона реестр» АТ томонидан тўлов рўйхат (ведомост)лари банк картаси бўйича шакллантирилади. Бунда тегишли банклараро репроцессинг марказларидан нафақа олувчининг номига очилган, актив ҳолатда бўлган, охирги олтмиш кун давомида охирги транзакция амалга оширилган банк пластик картаси танлаб олинади.

Нафақа олувчининг банк картаси бўлмаганда, тўлов нақд пул кўринишида амалга оширилади.

23. Тижорат банки томонидан нафақа тўлов амалга ошириладиган ойнинг 27-санасига қадар тўлаб берилади.

24. Тижорат банки томонидан нафақани нақд пул кўринишида нафақа олувчининг мурожаатига асосан, бироқ нафақа тайинланганлиги тўғрисида СМС-хабар юборилган кундан бошлаб тўқсон кун давомида белгиланган тартибда тўланади.

25. Жорий ой мобайнида нафақа олувчилар томонидан талаб қилинмаган маблағларни тижорат банкининг махсус ҳисобварақлардан келгусида тўлаш учун Агентлик махсус ғазна ҳисобварағига қайтарилади.

26. Тижорат банки ҳар ойнинг охирги иш кунига қадар ушбу ой учун ва йил бошидан амалга оширилган тўловлар ҳамда тўланмаган маблағлар ҳақидаги маълумотларни «Ягона реестр» АТга тақдим этади.

27. Нафақа олувчиларга тижорат банки томонидан нафақани нақд пул шаклида тўлаб берганлик учун банк хизмат ҳақи миқдори тижорат банки ва Агентлик ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ, бироқ нақд пул шаклида тўлаб берилган нафақа миқдорининг 0,5 фоизидан ошмаган миқдорда белгиланади.

28. Нафақа олувчининг виждонсизлиги ёки ҳисоб-китоблардаги хатоликлар туфайли нотўғри тўланган нафақа нафақа олувчи томонидан Агентликка бир ой ичида қайтарилиши лозим. Бунда ихтиёрий равишда қайтарилмаган ёки тўлиқ қайтарилмаган маблағ суд тартибида ундирилади.

Ушбу бандда кўрсатилган асослардан бошқа сабаблар билан нотўғри тўланган нафақа хатоликка йўл қўйган ташкилот ходимидан белгиланган тартибда ундирилади.

Нотўғри тўланган нафақа тижорат банки орқали нафақа олувчидан хизмат ҳақи ундирилмаган ҳолда қайтарилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

29. Манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимларидан нафақа олувчи тўғрисида электрон шаклда автоматлаштирилган тарзда олинган маълумотлар «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳимояланади.

Тегишли давлат органлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида нафақа олувчи тўғрисида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.

30. «Ягона реестр» АТда ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларида техник носозликлар ҳамда маълумотлар алмашинуви жараёнида узилишлар юзага келганда, ушбу ҳолатлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар меҳнатга лаёқатсизлик варақасидаги электрон маълумотларни киритиш, нафақани тайинлаш ва тўлаш муддатлари узайтирилиши мумкин.

31. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 314-сон қарорига 2-ИЛОВА

Бюджет ташкилотлари ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда ишлайдиган оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом бюджет ташкилотлари ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда ишлайдиган оналарга ва боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани ҳақиқатда парваришлаётган бошқа қариндошларига, шунингдек, васийсига (кейинги ўринларда — онанинг ўрнини босувчи шахслар) бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақани (кейинги ўринларда — бола парвариши бўйича нафақа) тайинлаш ҳамда тўлаш тартибини белгилайди.

2. Бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёлларга ва онанинг ўрнини босувчи шахсларга болалар нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

3. Бюджет ташкилоти ҳисобланмайдиган ташкилотларда (кейинги ўринларда — ташкилот) ишлайдиган оналарга (онанинг ўрнини босувчи шахсларга) бола парвариши бўйича нафақа тўлови мазкур ташкилотнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ташкилот маблағлари ҳисобидан бола парвариши бўйича нафақа учун сарфланган маблағлар давр харажатларига киритилади.

4. Жисмоний шахс ҳисобланувчи иш берувчиларнинг ходимлари бўлган оналарга (онанинг ўрнини босувчи шахсларга) бола парвариши бўйича нафақа меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса, иш берувчилар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан тўланади.

2-боб. Нафақани тайинлаш

5. Бола парвариши бўйича нафақа туғилган, фарзандликка, васийликка олинган болани икки ёшга тўлгунга қадар парвариш қилиш учун қоида тариқасида боланинг онаси, отаси, бувиси, буваси ёки болани ҳақиқатда парваришлаётган бошқа қариндошларига, шунингдек, васийига болани парваришлаш таътили даври учун иш берувчининг буйруғига асосан тайинланади.

6. Бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш учун ариза;

б) бола туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси.

Боланинг онаси ўрнига нафақа олувчи шахслар, қўшимча равишда боланинг онаси йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат — боланинг (болаларнинг) онаси вафот этганлиги тўғрисида гувоҳнома, суд органлари томонидан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлик тўғрисида берилган маълумотнома ёки бола парвариши бўйича нафақани боланинг (болаларнинг) онаси олиш имкони мавжуд эмаслигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни тақдим этади.

7. Бола парвариши бўйича нафақа оналарга (онанинг ўрнини босувчи шахсларга) нафақа олиш учун мурожаат қилинган кундан бошлаб, аммо ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан сўнг тайинланади.

8. Агар икки ва ундан ортиқ туғилган, фарзандликка ёки васийликка олинган болалар парваришда бўлса, кичик фарзанд икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа тайинланади ва тўланади.

Агар она бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши даврида иккинчи фарзандга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил олиш ҳуқуқига эга бўлса, онанинг танлови асосида нафақанинг фақат бир тури тайинланади ва тўланади.

9. Ишлайдиган оналар (онанинг ўрнини босувчи шахслар) хоҳишига кўра болани парваришлаш таътили вақтида тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ёки иш берувчи билан келишув бўйича уйда ишлаши мумкин. Бунда бола парвариши бўйича нафақа ва иш ҳақини бир вақтда олади.

3-боб. Нафақани тўлаш

10. Бола парвариши бўйича нафақа парвариш қилинаётган болалар сонидан ва нафақа олувчи шахснинг меҳнат стажидан қатъи назар ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 60 фоизи миқдорида тўланади.

11. Тўлиқ бўлмаган ой учун нафақа онанинг (она ўрнини босувчи шахснинг) ушбу ойдаги таътилда бўлган календарь кунларга мос улушда тўланади.

12. Ишлайдиган (ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган, хизмат ўтаётган) оналарга (онанинг ўрнини босувчи шахсларга) бола парвариши бўйича нафақа иш жойидан (таълим олиш, хизмат ўташ жойидан) тўланади.

13. Бола парвариши бўйича нафақа тўлови жорий ой учун иш ҳақини тўлаш муддатларида амалга оширилади.

14. Нафақа олувчи вафот этган ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки бола васийликдан қайтариб олинган тақдирда, нафақа болани ҳақиқатда парвариш қилаётган шахсга тайинланади ва охирги нафақа тўланган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўланади.

15. Тайинланган, аммо ўз вақтида талаб қилиб олинмаган (тўланмаган) бола парвариши бўйича нафақа ўтган вақт учун нафақа тўланиши керак бўлган даврда кўзда тутилган миқдорда тўлаб берилади.

Нафақа тўловчи ташкилотнинг айби билан ўз вақтида тўланмаган нафақа ҳеч қандай муддатлар билан чегараланмаган ҳолда, ўтган давр учун бир вақтнинг ўзида тўлаб берилади.

4-боб. Нафақани тўхтатиш

16. Бола парвариши бўйича нафақа қуйидаги ҳолатларда тўхтатилади:

а) парваришдаги бола икки ёшга тўлганда;

б) бола тўлиқ давлат таъминотида бўлган махсус муассасалар (меҳрибонлик уйи)га жойлаштирилганда;

в) бола вафот этганда;

г) оила бола билан бирга доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетганда;

д) болани парваришлаш бошқа қариндош ёки васийга ўтганда.

17. Бола парвариши бўйича нафақа олувчи шахс нафақа тўловини тўхтатишга сабаб бўлувчи ҳолатлар юзага келганда, нафақа тўловини амалга ошираётган ташкилотга хабар бериши шарт.

18. Олдиндан маълум бўлган нотўғри ёки қалбаки ҳужжатлар асосида бола парвариши бўйича нафақа олиш ҳолатлари аниқланганда, мазкур ҳужжатларни тақдим этган шахс жавобгарликка тортилади ва ортиқча тўланган маблағлар белгиланган тартибда ундирилади.

Бола парвариши бўйича нафақа олувчи шахс томонидан нафақа тўловини тўхтатишга сабаб бўлувчи ҳолатлар юзага келганлиги тўғрисида ўз вақтида хабар берилмаганда, нафақа тўловини амалга ошираётган ташкилотнинг қарорига асосан ортиқча тўланган маблағлар нафақа олувчидан белгиланган тартибда ундирилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

19. Нафақаларни нотўғри ҳисоблаш, белгилаш ва тўлаш юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.

20.Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 31 май,

314-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2024 й., 09/24/314/0439-сон; 19.12.2025 й., 09/25/796/1180-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NIZOM

NIZOM

Ayrim turdagi nafaqalarni tayinlash va toʻlashni tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining Mehnat kodeksiga muvofiq vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik, homiladorlik va tugʻish davrida, yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan hamda bolani parvarishlash taʼtilidagi xodimlarga nafaqalarni tayinlash va toʻlashni tartibga solish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Mehnat kodeksining :

a) 281-moddasida ish beruvchi qonunchilikda belgilangan tartibda oʻrtacha ish haqi yoki uning bir qismi miqdorida vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik boʻyicha nafaqa toʻlashi;

b) 404 — 406-moddalarida homiladorlik va tugʻish nafaqasini, bolasi ikki yoshga toʻlguniga qadar bolani parvarishlash taʼtili davri uchun hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga bola ikki yoshga toʻlguniga qadar bolani parvarishlash taʼtili davri uchun nafaqa tayinlash va toʻlash tartibi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanishi nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi:

a) Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik, homiladorlik va tugʻish boʻyicha nafaqalarni hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga nafaqani tayinlash hamda toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq:

vaqtinchalik mehnat layoqatini yoʻqotish bilan bogʻliq kasallik vaqtida (shikastlanishda), sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalarida davolanganda, kasallangan oila aʼzosini parvarishlash zarur boʻlganda, xodimlarga vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasini berish tartibi;

homiladorlik va tugʻish davrida, yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan hamda bolani parvarishlash taʼtilidagi xodimlarga nafaqalarni hisoblash, tayinlash va toʻlash tartibi;

a 1 ) Yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan nafaqaning bir qismini qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 1 1 -ilovasiga muvofiq:

tugʻish vaqtida yoki tugʻishdan keyingi davrda ona vafot etganda, tugʻilgan bolani (bolalarni) farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga minimal isteʼmol xarajatlarining 4 baravari miqdorida nafaqa toʻlanishi;

nafaqa mehnatga layoqatsizlik varaqasi asosida Sogʻliqni saqlash vazirligining Yagona tibbiy axborot tizimidan olingan maʼlumotlar asosida “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimi orqali fuqarolarning murojaatlarisiz “proaktiv shakl”da tayinlanishi va toʻlanishi;

b) Budjet tashkilotlari hisoblanmaydigan yuridik va jismoniy shaxslarda ishlaydigan onalarga bola ikki yoshga toʻlgunga qadar bola parvarishi boʻyicha oylik nafaqa tayinlash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

bola parvarishi boʻyicha nafaqa parvarish qilinayotgan bolalar sonidan va nafaqa oluvchi shaxsning mehnat stajidan qatʼi nazar, har oyda mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 60 foizi miqdorida toʻlanishi;

ishlaydigan onalarga bola ikki yoshga toʻlgunga qadar parvarishlash taʼtili davrida nafaqa tayinlash va toʻlash tartibi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.A. Musayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 31-maydagi 314-son qaroriga 1-ILOVA

Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik, homiladorlik va tugʻish boʻyicha nafaqalarni hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga nafaqani tayinlash hamda toʻlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik, homiladorlik va tugʻish boʻyicha nafaqalarni hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga nafaqani (keyingi oʻrinlarda — nafaqa) tayinlash hamda toʻlash tartibini belgilaydi. Bunda:

a) homiladorlik va tugʻish nafaqasini tayinlash va toʻlashga doir normalar “Davlat ijtimoiy sugʻurtasi toʻgʻrisida”gi Qonun tatbiq etilmaydigan tashkilotlarning xodimlariga ushbu turdagi nafaqani tayinlanishi va toʻlanishi bilan bogʻliq munosabatlarni;

b) vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasini tayinlash va toʻlashga doir normalar:

“Davlat ijtimoiy sugʻurtasi toʻgʻrisida”gi Qonun tatbiq etilmaydigan tashkilotlarning xodimlariga ushbu turdagi nafaqani tayinlanishi va toʻlanishi bilan bogʻliq munosabatlarni;

davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha mehnatga layoqatsizlik davrining ish beruvchi tomonidan toʻlanadigan qismi boʻyicha vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasini tayinlash va toʻlash bilan bogʻliq munosabatlarni tartibga soladi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi — vaqtinchalik mehnat layoqatini yoʻqotish bilan bogʻliq kasallik vaqtida (shikastlanishda), sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalarida davolanganda, kasallangan oila aʼzosini parvarishlash zarur boʻlganda, karantinda, sil yoki kasb kasalligi tufayli vaqtincha boshqa ishga oʻtkazilganda, mehnat layoqatini tiklash yoki yasama aʼzo (protez) qoʻydirish uchun reabilitatsiya muassasalariga yotqizilganda xodim mehnat majburiyatlarini bajara olmaganligi uchun ish beruvchilar tomonidan toʻlanadigan kafolatli qoʻshimcha toʻlov;

mehnatga layoqatsizlik varaqasi — xodimni ishdan ozod qilish, vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi yoki homiladorlik va tugʻish nafaqasi toʻlash uchun asos boʻladigan hamda vaqtincha mehnatga layoqatsizlik bilan kechadigan kasallanishning hisobi yuritiladigan hujjat;

homiladorlik va tugʻish nafaqasi — ayolga tugʻruqqacha yetmish kalendar kun hamda tugʻruqdan keyin ellik olti kalendar kun (tugʻish qiyin kechgan yoxud ikki yoki undan ortiq bola tugʻilgan taqdirda, yetmish kalendar kun) davomida taʼtil davrida mehnat majburiyatlarini bajara olmaganligi uchun ish beruvchilar tomonidan toʻlanadigan kafolatli qoʻshimcha toʻlov;

yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan nafaqa — xodimga yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki vasiylik belgilangan kundan (farzandlikka olish boʻyicha sud hal qiluv qarori kuchga kirgan va bolaga vasiy tayinlash boʻyicha tuman, shahar hokimining qarori qabul qilingan kundan) boshlab va bola tugʻilgan kundan eʼtiboran ellik olti kalendar kun (bir vaqtning oʻzida ikki yoki undan ortiq bola farzandlikka olingan taqdirda esa, yetmish kalendar kun) oʻtguniga qadar taʼtil davrida mehnat majburiyatlarini bajara olmaganligi uchun ish beruvchilar tomonidan toʻlanadigan kafolatli qoʻshimcha toʻlov;

umumiy ish staji — nafaqa miqdorini belgilash uchun aniqlanadigan xodimning tashkilotlarda mehnat faoliyati amalga oshirilgan umumiy davr.

3. Budjet tashkilotlari tomonidan nafaqa budjet mablagʻlari hisobidan toʻlanadi.

Ish beruvchilar tomonidan nafaqa oʻz mablagʻlari hisobidan toʻlanadi.

Budjet tashkilotlaridan tashqari barcha yuridik shaxslarda va yakka tartibdagi tadbirkorlarda ishlovchi yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga respublika budjeti mablagʻlari hisobidan beriladigan nafaqani qoplab berish tartibi 1 1 -ilovaga muvofiq amalga oshiriladi.

Ish beruvchilarning ushbu nafaqani toʻlash boʻyicha majburiyatlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi tomonidan respublika budjeti mablagʻlari hisobidan beriladigan nafaqa miqdorida kamaytiriladi.

4. Xodimga nafaqa, agar uni olish huquqi ish beruvchi bilan yakka tartibdagi mehnatga oid munosabatlarda boʻlgan davrda (sinov davri hamda ishdan boʻshatilgan kunni ham qoʻshib) paydo boʻlsa, beriladi.

5. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik, shuningdek, homiladorlik va tugʻish taʼtili, yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan taʼtil kunlari xodimning ishdan noqonuniy boʻshatilgani toʻgʻrisida nizo koʻrib chiqilayotgan davrga toʻgʻri kelgan hollarda, u ishga tiklangan yoki sud tomonidan mehnat shartnomasi qonunga xilof ravishda bekor qilinganligi boʻyicha qaror qabul qilingan taqdirdagina (barcha mehnatga layoqatsiz davr uchun), nafaqa olish huquqiga ega boʻladi.

6. Nafaqa toʻlash muddatlari jamoa shartnomasida yoki ichki hujjatda, ular mavjud boʻlmaganda esa mehnat shartnomasida shart qilib koʻrsatilgan muddatlarda belgilanadi, lekin mehnatga layoqatsizlik varaqasi taqdim etilgandan kundan boshlab oʻn olti kalendar kundan koʻp boʻlmasligi lozim (qonunchilikda belgilangan ish haqi bir oyda bir marta toʻlanadigan xodimlar toifasi bundan mustasno).

2-bob. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi

7. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi quyidagi hollarda beriladi:

vaqtinchalik mehnat layoqatini yoʻqotish bilan bogʻliq kasallik vaqtida (shikastlanishda);

sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalarida davolanganda;

kasallangan oila aʼzosini parvarishlash zarur boʻlganda;

karantinda;

sil yoki kasb kasalligi tufayli vaqtincha boshqa ishga oʻtkazilganda;

mehnat layoqatini tiklash yoki yasama aʼzo (protez) qoʻydirish uchun reabilitatsiya muassasalariga yotqizilganda.

8. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasini tayinlash uchun faqat qonunchilikda belgilangan tartibda berilgan mehnatga layoqatsizlik varaqasi asos boʻladi.

Mehnatga layoqatsizlik varaqasi yoʻqolgan hollarda, nafaqa, uning oʻrniga takroriy berilgan vaqtincha mehnatga layoqatsizlik varaqasi (dublikat) asosida beriladi.

9. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi mehnat layoqati yoʻqolgan birinchi kundan boshlab u tiklangunga qadar yoki Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi hamda uning hududiy boʻlinmalari tomonidan nogironlik belgilangunga qadar, hatto bu davrda xodim bilan mehnat shartnomasi bekor qilingan hollarda ham beriladi.

10. Oliy, oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlim tashkilotlarini, magistratura, klinik ordinatura, tayanch doktorantura va doktoranturani tamomlagan hamda belgilangan tartibda ishga yuborilgan shaxslarga nafaqa mehnat shartnomasiga koʻra ular ishga chiqishi lozim boʻlgan kundan boshlab beriladi.

11. Ish haqi, sutkalik va koʻchish boʻyicha xarajatlarni olish huquqiga ega boʻlgan xodimga ish joyiga borayotgan davrda boshlangan mehnatga layoqatsizlik kunlari uchun nafaqa toʻlanadi.

12. Xodimning mehnatga layoqatsizlik kunlari yillik (asosiy va qoʻshimcha) taʼtil davriga toʻgʻri kelgan hollarda, mehnatga layoqatsizlik varaqasida koʻrsatilgan davr uchun nafaqa toʻlanadi.

13. Sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalarida davolanishda, agar asosiy va qoʻshimcha taʼtil xodimning sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalarida davolanishi uchun yetarli boʻlmasa, nafaqa beriladi. Bunday holda sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalarida davolanishning barcha davri uchun (yoʻllanma, davolanish muddati) sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalariga borish-kelish vaqtini qoʻshib, ammo xodimning yillik taʼtilini chiqarib tashlagan holda nafaqa beriladi.

Baynalminal jangchilarga, Chernobil AES falokati oqibatlarini tugatishda qatnashgan, shuningdek, sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalariga davolanishni davom ettirish uchun davolash muassasalaridan oʻtkir miokard infarkti bilan kasallangan, jarrohlik uslubi bilan yurakni aortakoronar shuntirlash va anevrizmlari, oshqozonning yaralik kasalligi, oʻn ikki barmoq ichak kasalligidan davolangan va oʻt pufagini olib tashlashdan keyin bevosita yuborilgan, shuningdek, sil kasalligi bilan ogʻrigan xodimlarga nafaqa sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalarida boʻlgan barcha vaqt uchun beriladi.

Oʻn olti yoshgacha nogironligi boʻlgan bolani tarbiyalayotgan ota-onalardan biriga (homiyga yoki vasiyga), nogironligi boʻlgan bolaning sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalarida davolangan barcha davri uchun (sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalariga borib-kelish vaqtini hisobga olib) unga yakka tartibda parvarish zarurligi toʻgʻrisidagi tibbiy xulosa mavjud boʻlganda nafaqa beriladi.

14. Uch yoshgacha bolani yoki 16 yoshgacha nogironligi boʻlgan bolani parvarishlash bilan band boʻlgan ona yoki ota kasal boʻlib, bolani parvarishlashga qurbi yetmay qolgan hollarda, parvarish bilan band boʻlgan ishlayotgan boshqa oila aʼzolari yoki qarindoshlariga (mehnatga layoqatsizlik varaqasiga asosan) nafaqa beriladi.

15. Agarda xodim karantin choralari amalga oshirilayotgan vaqtda sanitariya-epidemiologiya xizmati organlari tomonidan atrofidagi shaxslar orqali yuqumli kasallikka chalinish xavfining oldini olish maqsadida ishdan chetlatilgan boʻlsa, nafaqa beriladi.

16. Sil kasalligi yoki kasb kasalligiga chalingan xodim davolanish qoidasini buzmagan holda boshqa ishni bajarish imkoniga ega boʻlib, u tibbiy-maslahat komissiyasi xulosasi (bunday komissiyalar boʻlmagan joylarda esa davolovchi shifokorning, davolash muassasasining bosh shifokori tomonidan tasdiqlangan xulosasi) asosida vaqtincha boshqa ishga oʻtkazilishi mumkin.

Kasb kasalligi oqibatida boshqa ishga oʻtkazilgan shaxslarga nafaqa, agar u amaldagi qonunchilik hujjatlariga binoan avvalgi ish haqi bilan yangi ish haqi oʻrtasidagi farqni ish beruvchilardan olish huquqiga ega boʻlmasa beriladi.

Basharti, mehnatga layoqatsizlik varaqasida koʻrsatilgan muddatda ish beruvchi xodimga boshqa ish topib bera olmagan boʻlsa, u holda shuning oqibatida bekor oʻtgan ish kunlari uchun nafaqa umumiy asoslarda toʻlanadi.

17. Reabilitatsiya muassasalarida boʻlgan barcha vaqt va unga kelib-ketish vaqti uchun nafaqa toʻlanadi.

18. Mavsumiy va vaqtinchalik ishlarda band boʻlgan xodimlarga mehnatda mayiblanish yoki kasb kasalligi oqibatida vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik, homiladorlik va tugʻish boʻyicha nafaqa umumiy asoslarda, boshqa sabablar oqibatidagi vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi mavsumiy yoki vaqtinchalik ish toʻgʻrisida tuzilgan mehnat shartnomasida koʻrsatilgan ish kunlari doirasida toʻlanadi.

19. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik quyidagi davrlarga toʻgʻri kelganda nafaqa toʻlanmaydi:

ish haqi saqlanmagan taʼtil;

ish haqi qisman saqlanadigan taʼtil;

bolani parvarishlash boʻyicha taʼtil;

ish vaqtincha toʻxtatilgan (ish haqi saqlanmagan vaqtda);

xodim ishdan (lavozimdan) chetlashtirilib, ish haqi toʻlash toʻxtatib qoʻyilganligi sababli ishlamagan;

harbiy oʻquv yoki tekshiruv yigʻini;

ishlab chiqarishdan ajralmagan holda oʻquv yurtlarida tahsil olish munosabati bilan berilgan oʻquv taʼtili vaqtida.

Ushbu davrlardan boshlanib davom etayotgan vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi xodim ishga chiqishi (lavozimga tiklanishi) lozim boʻlgan kundan boshlab beriladi.

20. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi quyidagi hollarda berilmaydi:

ishdan yoki boshqa vazifalardan boʻyin tovlash maqsadida oʻz salomatligiga ataylab ziyon yetkazgan yoxud oʻzini kasallikka solganda;

giyohvandlik yoki mastlik bilan bogʻliq harakatlar oqibatida, shuningdek, spirtli va giyohvandlik moddalarini isteʼmol qilish natijasida kasallikka chalinganda (jarohatlanganda);

jinoyat sodir qilish vaqtida jarohatlanganda;

sud qarori asosida majburiy davolanishga yuborilganda (ruhiy kasallardan tashqari);

hibsda boʻlgan davrda;

sud-tibbiyot ekspertizasidan oʻtish davrida.

21. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik boshlanishidan oldin uzrsiz sabablarga koʻra ishga kelmagan, ular uchun shifokor belgilagan tartibni buzgan yoki uzrsiz sabablarga koʻra belgilangan muddatda shifokor koʻrigiga yoki Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi hamda uning hududiy boʻlinmalariga kelmagan xodimlar qoidani buzgan kundan boshlab ish beruvchilar tomonidan toʻlanadigan nafaqadan mahrum qilinadilar.

22. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi ish stajining davomiyligidan qatʼi nazar, oʻrtacha ish haqining 100 foizi miqdorida quyidagilarga toʻlanadi:

baynalminal jangchilarga;

qaramogʻida 16 yoshga (oʻquvchilar 18 yoshga) yetmagan uch yoki undan ortiq bolalari boʻlgan xodimlarga;

Chernobil AESdagi avariya oqibatlarini tugatishda qatnashgan xodimlarga;

Chernobil AESdagi avariya natijasida radioaktiv ifloslanish zonasidan evakuatsiya qilingan va koʻchirilgan, qon hosil qiluvchi organlar kasalliklari (oʻtkir leykoz), qalqonsimon bez (adenoma, rak) va xavfli oʻsmalar bilan bogʻliq kasalliklarga chalingan xodimlarga;

mehnatda mayiblanish va kasb kasalligi natijasida vaqtinchalik mehnatga layoqatsiz boʻlgan xodimlarga;

pandemiya, texnogen, tabiiy va ekologik tusdagi favqulodda vaziyatlar yuzaga kelgan hollarda, ushbu favqulodda vaziyatlarga sababchi boʻlgan infeksiyasi bilan zararlanishi yoki zararlangan deb gumon qilinishi munosabati bilan karantinga joylashtirilgan va 14 yoshgacha boʻlgan bolasini parvarish qilayotgan ota-onalarga (ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar, vasiylar, homiylar).

23. Ijtimoiy ahamiyatga ega boʻlgan kasalliklar (sil kasalligi, onkologiya kasalliklari, yangidan paydo boʻladigan xatarli oʻsimtalar, jinsiy yoʻl bilan oʻtadigan kasalliklar, OITS, moxov (lepra) kasalligi, ruhiy kasalliklar) boʻyicha hisobda turgan xodimlarga umumiy ish stajining davomiyligiga bogʻliq ravishda vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi quyidagi miqdorlarda toʻlanadi:

a) umumiy ish staji 8 yil va undan ortiq boʻlgan xodimlarga oʻrtacha oylik ish haqining 100 foizi miqdorida;

b) umumiy ish staji 5 yildan 8 yilgacha boʻlgan xodimlarga oʻrtacha oylik ish haqining 80 foizi miqdorida;

v) umumiy ish staji 5 yilgacha boʻlgan xodimlarga oʻrtacha oylik ish haqining 60 foizi miqdorida.

24. Mazkur Nizomning 22 va 23-bandlarida nazarda tutilgan xodimlardan tashqari qolgan xodimlarga vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi quyidagi miqdorlarda toʻlanadi:

a) umumiy ish staji 8 yil va undan ortiq boʻlgan xodimlarga hamda 21 yoshga yetmagan chin (sagʻir) yetimlarga oʻrtacha oylik ish haqining 80 foizi miqdorida;

b) umumiy ish staji 8 yilgacha boʻlgan xodimlarga oʻrtacha oylik ish haqining 60 foizi miqdorida.

25. Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safida muddatli xizmatdan boʻshatilgandan soʻng bir oy ichida kasal boʻlib qolgan sobiq harbiy xizmatchilarga vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi — respublikada belgilangan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorida toʻlanadi.

26. Nafaqa miqdori vaqtincha mehnatga layoqatsizlik boshlangan kungacha mehnat daftarchasi yoxud elektron mehnat daftarchasi, uning oʻrniga berilgan boshqa hujjat asosida hisoblangan umumiy ish stajiga muvofiq aniqlanadi.

27. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasini tayinlash uchun umumiy ish stajini aniqlash va hisoblashda Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 13-oktabrdagi 592-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat pensiyalarini tayinlash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan pensiyalarni tayinlash uchun ish stajini hisoblab chiqish tartibi tatbiq etiladi.

3-bob. Homiladorlik va tugʻish boʻyicha hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan nafaqalar

28. Homiladorlik va tugʻish boʻyicha hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan (sudning hal qiluv qarori va hokimning vasiy yoki homiy tayinlash boʻyicha qarori boʻyicha) xodimga beriladigan nafaqalarni tayinlash va toʻlash uchun belgilangan tartibda berilgan mehnatga layoqatsizlik varaqasi asos boʻladi.

29. Mehnatga layoqatsizlik varaqasi yoʻqolgan hollarda, nafaqa uning oʻrniga takroriy berilgan vaqtincha mehnatga layoqatsizlik varaqasi (dublikat) asosida beriladi.

30. Homiladorlik va tugʻish boʻyicha nafaqa (shu jumladan, homila tushgan hollarda) hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan nafaqa mehnatga layoqatsizlik varaqasida koʻrsatilgan barcha davr uchun toʻlanadi.

31. Xodim ishdan boʻshatilishining notoʻgʻriligi haqida nizo yuzaga kelgan davrda homiladorlik va tugʻish boʻyicha taʼtil hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga taʼtil berilganda, nafaqa u ishga qayta tiklangan yoki mehnat shartnomasi qonunga xilof ravishda bekor qilinganligi boʻyicha qaror qabul qilingan taqdirda beriladi. Bunda homiladorlik va tugʻish boʻyicha hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan nafaqalar qaror qabul qilingandan soʻng toʻlanmagan barcha mehnatga layoqatsiz davr uchun toʻlanadi.

32. Oliy, oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlim tashkilotlarini, magistratura, tayanch doktorantura, klinik ordinatura, doktoranturani tamomlagan va belgilangan tartibda ishga yuborilgan xodimlarga ishni boshlagunga qadar nafaqalar berilgan mehnatga layoqatsizlik varaqasi asosida mehnat shartnomasiga koʻra xodim ishga kelishi lozim boʻlgan kundan boshlab beriladi.

33. Ish haqi saqlanmagan holda ishi vaqtinchalik toʻxtatilgan yoki ishdan (lavozimdan) chetlashtirish oqibatida xodim ishlamagan davrda homiladorlik va tugʻish boʻyicha taʼtil hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga taʼtil berilganda, nafaqa koʻrsatilgan davr tugagandan keyin xodim ishga chiqishi lozim boʻlgan kundan boshlab beriladi.

34. Xodim yillik (asosiy va qoʻshimcha) taʼtilda va bolani parvarishlash uchun taʼtilda boʻlgan vaqtda homiladorlik va tugʻish boʻyicha taʼtil hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga taʼtil berilganda, nafaqa taʼtilning mehnatga layoqatsizlik varaqasida koʻrsatilgan barcha kunlari uchun beriladi.

35. Homiladorlik va tugʻish boʻyicha hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan nafaqalar xodim:

ishga qabul qilingan kundan 12 oygacha ish stajiga ega boʻlganda — oʻrtacha oylik ish haqining 75 foizi;

ishga qabul qilingan kundan 12 oy ortiq ish stajiga ega boʻlganda — oʻrtacha oylik ish haqining 100 foizi miqdorida toʻlanadi.

4-bob. Nafaqalarni hisoblash tartibi

36. Nafaqalar barcha hollarda xodimning haqiqiy ish haqidan hisoblab chiqariladi.

37. Nafaqalar boʻyicha oʻrtacha ish haqi Oʻzbekiston Respublikasi Mehnat kodeksining 257-moddasi , mazkur Nizom va mehnat toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hisoblanadi.

38. Nafaqaning umumiy summasi kunlik oʻrtacha ish haqini ushbu oyda vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik, homiladorlik va tugʻish taʼtili hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan taʼtil tufayli ishga kelmagan ish kunlari soniga koʻpaytirish yoʻli bilan aniqlanadi.

39. Agar vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik yoki homiladorlik va tugʻish taʼtili hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan taʼtil davrida ish haqi oʻzgargan boʻlsa, shu davrdan boshlab nafaqa miqdori ham tegishli ravishda qayta hisoblab chiqariladi.

40. Nafaqalar oʻrindoshlik asosidagi (shu jumladan, ichki oʻrindoshlik asosidagi) ish joyi boʻyicha ham alohida toʻlanadi, sogʻliqni saqlash muassasasi tomonidan berilgan mehnatga layoqatsizlik varaqasining belgilangan tartibda tasdiqlangan nusxasi oʻrindoshlik asosidagi ish joyidan nafaqa olish uchun asos hisoblanadi.

41. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik, homiladorlik va tugʻish taʼtili hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan taʼtil ish vaqtida boshlanib, tashkilot (sex, boʻlim) ishni vaqtincha toʻxtatishi davrida davom etsa, nafaqa oʻsha kasb va malakaga ega boʻlgan xodimlarga mana shu toʻxtatilgan davr uchun toʻlanadigan ish haqi miqdorida beriladi. Bunda nafaqa miqdori umumiy qoidalar boʻyicha hisoblangan va olishi lozim boʻlgan nafaqa miqdoridan oshmasligi lozim.

42. Agar vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik yoki homiladorlik va tugʻish taʼtili hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan taʼtil ishning vaqtincha toʻxtatilgan davrida boshlangan boʻlsa, ish toʻxtatib qoʻyilgan davr uchun (bekor turib qolingan vaqt uchun) nafaqa quyidagi miqdorida beriladi:

ish beruvchining aybi bilan bekor turib qolingan vaqt uchun (iqtisodiy, texnologik, texnik yoki tashkiliy sabablarga koʻra ishni vaqtincha toʻxtatib turish) xodimning toʻliq miqdorida;

ish beruvchiga va xodimga bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra bekor turib qolingan vaqt uchun bekor turib qolingan vaqtga mutanosib ravishda nafaqaning uchdan ikki qismi miqdorida.

43. Agar xodim mehnatga layoqatsizlik varaqasini ish haqiga tuman koeffitsiyenti va ustamalar belgilangan joylarda ishlash davrida olgan boʻlsa, bu joylardan tashqarida boʻlgan vaqt uchun vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi (shu jumladan, mehnatda mayiblanish yoki kasb kasalligi munosabati bilan) ustamalar hisobga olinmagan holda hisoblab chiqariladi.

Ushbu qoida homiladorlik va tugʻish nafaqasi va yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan nafaqani hisoblab chiqarishda qoʻllanilmaydi.

44. Ish haqiga ustama yoki muayyan muddatga yoxud muayyan joyda vaqtinchalik boʻlganligi uchun ish haqiga oshirilgan koeffitsiyent belgilangan xodimga nafaqa bu ustama yoki koeffitsiyent hisobga olingan holda, ustama yoxud oshirilgan koeffitsiyent belgilangan kungacha yoki vaqtinchalik boʻlganligi munosabati bilan ular toʻlangan joydan chiqib ketgan kungacha beriladi.

45. Ish sharoitlariga koʻra yilning turli davrlari boʻyicha turlicha ish haqlari belgilangan taqdirda (daryo floti ekipajlari aʼzolaridan tashqari), nafaqa xodim oʻz ish joyida qolganda oladigan ish haqi miqdoriga qarab belgilanadi. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik maʼlum bir davrda boshlanib, ikkinchi davrda davom etgan taqdirda ikkinchi davrning ish haqi boʻyicha nafaqa ishlovchilar uchun ish haqi oʻzgargan muddatdan boshlab toʻlanadi. Mehnatga ishbay asosida haq toʻlanganda yuqorida qayd etilgan hollarning ikkinchi davri uchun nafaqa xodimning tarif stavkasidan kelib chiqqan holda toʻlanadi.

46. Daryo floti ekipajlari aʼzolariga nafaqa vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik yoki homiladorlik va tugʻish taʼtili hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan taʼtil boshlangan yildan oldingi kalendar yildagi haqiqiy ish haqidan hisoblab chiqariladi. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik sodir boʻlgan yilda ishga kirgan shaxslarga, shuningdek, toʻliq kalendar yil ishlamaganlar uchun nafaqani hisoblab chiqarishda vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik sodir boʻlgan davrdan oldingi vaqtdagi ish haqi inobatga olinadi.

Dam olish kunlari (otgul) uchun nafaqa lavozim maoshidan (tarif stavkasidan) kelib chiqqan holda toʻlanadi.

Daryo floti ekipajlarining vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik (homiladorlik va tugʻish taʼtili hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan taʼtili) kunlari haq toʻlanmaydigan zaxirada (rezervda) boʻlgan davrga toʻgʻri kelgan hollarda nafaqa toʻlanmaydi.

47. Ish soatlarini hisoblab chiqish imkoni boʻlmagan xodimlarga (uy ishchilarga, qishloq xoʻjaligi mahsulotlari, ikkilamchi va boshqa xil ashyolarning shtatli tayyorlovchilariga, oziq-ovqat chiqindilarini yigʻuvchilarga, tarqatish va tashish savdosi sotuvchilariga, suratga olish tashkilotlari agentlariga va boshqa shunday toifadagi xodimlarga) nafaqa vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik yoki homiladorlik va tugʻish munosabati bilan beriladigan hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan taʼtilning barcha kalendar kunlariga toʻlanadi.

48. Xodimlar qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishga ish beruvchilar tomonidan yuborilganda va oʻqish davrida nafaqalar ularning ish haqlari toʻliq yoki qisman saqlangan taqdirda, umumiy asoslarda beriladi.

49. Ishlab chiqarish amaliyoti davrida ish haqi toʻlanadigan ish oʻrinlariga yoki lavozimlarga tayinlangan oliy oʻquv yurtlari talabalariga, oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlim tashkilotlari, umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari oʻquvchilariga ishlab chiqarish amaliyotini oʻtash kunlariga toʻgʻri kelganda nafaqa ishlab chiqarish amaliyoti oʻtayotgan joylaridan umumiy asoslarda, lekin ishlab chiqarish amaliyoti yakunlanishi lozim boʻlgan kunga qadar toʻlanadi.

Ushbu tartib qurilish obyektlarida va iqtisodiyotning boshqa tarmoqlarida talabalar guruhlarida ishlayotgan oʻquvchilarga ham joriy etilib, nafaqa miqdori guruhda olgan ish haqidan hisoblab chiqariladi va ish joyidan beriladi.

50. Oliy, oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlim tashkilotlarini, magistratura, tayanch doktorantura, klinik ordinatura, doktoranturani tugatgan va belgilangan tartibda ishga yuborilgan shaxslarga nafaqaning miqdori umumiy qoidalar boʻyicha hisoblab chiqarish va ularning egallashlari lozim boʻlgan lavozim maoshlaridan kelib chiqqan holda belgilanadi.

51. Axloq tuzatish ishlariga hukm qilingan shaxslarga nafaqa umumiy asoslarda beriladi. Bunda avvalgi ish joylarida jazoni oʻtayotgan shaxslarga nafaqa miqdori jazoni oʻtash boshlanishiga qadar boʻlgan umumiy ish stajiga qarab belgilanadi.

Mazkur nafaqalar sud hukmi bilan ularning ish haqlaridan undirishlar ushlab qolingan holda toʻlanadi.

5-bob. Nafaqalarni tayinlash va toʻlash

52. Nafaqalar xodimning asosiy ish joyidan tashkilotning Nafaqa tayinlash komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) yoki ish beruvchi tomonidan buyruq bilan vakil qilingan shaxs (keyingi oʻrinlarda — vakil qilingan shaxs) tomonidan tayinlanadi. Komissiya tarkibi, aʼzolari soni va raisi ish beruvchining buyrugʻi yoki boshqaruvining qarori bilan tasdiqlanadi.

53. Komissiya yoki vakil qilingan shaxs nafaqa toʻlashga asos boʻluvchi hujjatlarni koʻrib chiqish jarayonida oʻziga maʼlum boʻlgan, sir saqlanishi lozim boʻlgan maʼlumotlarni oshkor qilmasligi lozim.

54. Xodimlar vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik muddati tugaganidan soʻng ishga chiqishining birinchi kunidayoq tashkilotning kadrlar boʻlimi yoki ish beruvchi tomonidan tayinlangan kadrlar boʻyicha masʼulga (keyingi oʻrinlarda — kadrlar boʻlimi) mehnatga layoqatsizlik varaqasini taqdim etadilar. Mehnatga layoqatsizlik davom etayotgan hollarda, navbatdagi ish haqi berilishi vaqti kelganda topshirilishi mumkin.

55. Nafaqani olish uchun masofadan turib ishlovchi xodim mehnatga layoqatsizlik varaqasining aslini, agar xodim oʻrindosh boʻlsa, hujjatlarning koʻchirma nusxalarini ish beruvchiga maʼlum qilinadigan buyurtma xat bilan pochta orqali yuboradi.

56. Ish beruvchilarda mehnatga layoqatsizlik varaqasining tegishli bandlari kadrlar boʻlimi tomonidan shu kunning oʻzida zarur maʼlumotlar yozilishini taʼminlaydi va mehnatga layoqatsizlik varaqasini (bemor haqidagi maʼlumotlar yozilib, imzo qoʻyilgan holda) Komissiyaga yoki vakil qilingan shaxsga topshiradi.

57. Mehnatda mayiblanish tufayli vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik boshlanganda nafaqa ishlab chiqarishda baxtsiz hodisa sodir boʻlganlik haqidagi (N-1-shaklda) dalolatnoma asosida tayinlanadi.

Agar baxtsiz hodisa boshqa sharoitlarda roʻy bersa (uyda, ishga borish yoki ishdan qaytishda, davlat yoki jamoatchilik burchini bajarayotgan paytda), nafaqa roʻy bergan baxtsizlik sabablari ish beruvchi tomonidan oʻrganib chiqilgandan keyingina tayinlanadi.

58. Quyidagi sharoitlarda yuz bergan (jinoyat sodir qilish vaqtida jarohatlanish hollaridan tashqari) jarohatlanish mehnatda mayiblanish deb hisoblanadi:

mehnat burchini bajarayotgan paytda (shu jumladan, xizmat safari vaqtida), shuningdek, maxsus topshiriq boʻlmagan hollarda ham ish beruvchilar manfaatini koʻzlab amalga oshirilgan xatti-harakatlar paytida;

ish beruvchining transportida ishga borayotgan yoki ishdan qaytayotganda;

ish vaqti davomida (shu jumladan belgilangan tanaffus vaqtida) tashkilot hududida yoki biron-bir boshqa ish joyida, ish boshlashdan oldin yoki ishdan keyin ish qurollarini, kiyim-kechaklarini va hokazolarni tartibga keltirish paytlarida;

ichki mehnat tartib-qoidalariga zid boʻlmagan taqdirda, ish vaqti davomida tashkilotga yaqin boʻlgan joyda yoki boshqa ish joyida (belgilangan tanaffuslarda) hozir boʻlganda;

asosiy ish bilan bogʻliq boʻlmasa ham, davlat va jamoatchilik oldidagi burchlarini bajarayotgan chogʻida;

inson hayotini qutqarish, huquq-tartibotni, davlat va jamoat mulkini, shuningdek, fuqarolar mulklarini muhofaza qilish boʻyicha fuqarolik burchini bajarayotgan paytida;

donorlik vazifalarini bajarish natijasida mehnatga layoqatining yoʻqotilishi.

59. Kasb kasalliklari boʻyicha vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi tayinlashda Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 8-fevraldagi 62-son qarori bilan tasdiqlangan Kasb kasalliklari roʻyxatida koʻrsatilgan kasalliklar hisobga olinadi.

60. Mazkur Nizomga binoan nafaqa olish huquqi Komissiya yoki vakil qilingan shaxs har bir mehnatga layoqatsizlik varaqasi boʻyicha toʻlov amalga oshirilishi lozim boʻlgan kunlar sonini va oʻrtacha oylik ish haqiga nisbatan belgilanadigan nafaqa foizi miqdorini belgilaydi. Nafaqa foizi miqdori nafaqa belgilash bayonnomasida va Komissiya raisi yoki vakil qilingan shaxs imzosi qoʻyilgan mehnatga layoqatsizlik varaqasida qayd qilinadi.

61. Mehnatda mayiblanish tufayli vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasi Komissiya yoki vakil qilingan shaxs tomonidan (jarohatlangan xodimning ahvoli Komissiya majlisiga kelishga imkon bergan taqdirda, uning ishtirokida) tayinlanadi. Nafaqadan mahrum etish, nafaqadan toʻliq yoki qisman rad etish masalasi nafaqa oluvchining ishtirokida koʻrib chiqiladi.

62. Xodim mehnatga layoqatsizlik varaqasi boʻyicha nafaqa olish huquqiga ega boʻlmagan taqdirda, Komissiya yoki vakil qilingan shaxs nafaqa bermaslik toʻgʻrisida qaror chiqaradi va rad etish sabablarini mehnatga layoqatsizlik varaqasiga qayd etadi.

63. Nafaqa tayinlangandan soʻng Komissiya yoki vakil qilingan shaxs tashkilotning hisob-kitob boʻlimiga (buxgalteriya) nafaqa chiqarish va toʻlash uchun belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan mehnatga layoqatsizlik varaqasini topshiradi.

64. Toʻlanadigan va toʻlanmaydigan mehnatga layoqatsizlik varaqalari, shuningdek, nafaqa olish uchun taqdim etilgan barcha boshqa hujjatlar tashkilot buxgalteriyasida pulli hujjatlarga teng holda, barcha xarajat hujjatlaridan alohida holda saqlanadi.

65. Ish vaqtini, umumiy ish stajini hisobga olib borish, nafaqalar toʻlash uchun hisob-kitoblarni bajarishda axborot-telekommunikatsiya tarmoqlari qoʻllaniladigan tashkilotlarda mehnatga layoqatsizlik varaqalari tashkilotning kadrlar boʻlimi tomonidan hisoblash markaziga topshiriladi. U yerda nafaqa tayinlash va hisoblab chiqarish toʻgʻrisida ish beruvchi tomonidan belgilangan shaklda ikki nusxada roʻyxat tuziladi.

66. Mehnatga layoqatsizlik varaqalari axborot-telekommunikatsiya tarmoqlarida hisob-kitoblarni chiqarish uchun masʼul shaxsning imzosi qoʻyilgan ikki nusxadagi toʻlov roʻyxati bilan birga aniq muddatlarda (maoshlar boʻyicha hisob-kitob qilishga 5-6 kun qolganda) Komissiyaga yoki vakil qilingan shaxsga topshiriladi.

67. Komissiya yoki vakil qilingan shaxs hisob-kitobning, mehnatga layoqatsizlik varaqasining davolash muassasasi tomonidan (shuningdek, axborot-telekommunikatsiya tarmoqlari orqali) toʻldirilishining toʻgʻriligini, zarur hollarda boshqa hujjatlarni ham (baxtsiz hodisalar toʻgʻrisidagi dalolatnomalar va boshqalar) tekshiradi va nafaqa tayinlash, belgilangan hollarda esa nafaqadan mahrum qilish boʻyicha qaror chiqaradi. Ikki nusxadagi toʻlov roʻyxatlar Komissiya raisi yoki vakil qilingan shaxs tomonidan imzolanadi.

Toʻlov roʻyxatining bir nusxasi mehnatga layoqatsizlik varaqasi bilan buxgalteriyaga yuboriladi. Ular tekshiruvdan oʻtkazilgandan soʻng bosh (katta) buxgalter tomonidan imzolanib, hisoblash markaziga uzil-kesil hisob-kitob qilish va nafaqa summasini ish haqi toʻlash roʻyxatiga kiritish uchun qaytarib yuboriladi. Shundan soʻng toʻlov roʻyxati mehnatga layoqatsizlik varaqalari bilan saqlash uchun buxgalteriyaga topshiriladi.

Toʻlov roʻyxatining ikkinchi nusxasi esa nafaqa tayinlash bayonnomasi sifatida Komissiyada yoki vakil qilingan shaxsda saqlanadi.

Nafaqani hisoblashda mazkur bandda koʻrsatilgan qoidaga muvofiq mehnatga layoqatsizlik varaqasining orqa tomoni toʻldirilmaydi.

68. Axborot-telekommunikatsiya tarmoqlari yordamida faqat nafaqa miqdori hisoblab chiqiladigan tashkilotlarda nafaqa belgilash va mehnatga layoqatsizlik varaqalarini toʻldirish (“Buxgalteriya tomonidan toʻldiriladi” degan boʻlimdan tashqari) mazkur Nizomning 60 , 61 , 65 , 66 va 67-bandlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

“Buxgalteriya tomonidan toʻldiriladi” degan boʻlimdagi maosh va uning asosida chiqarilgan nafaqa miqdori haqidagi maʼlumot axborot-telekommunikatsiya tarmoqlarida tayyorlanganda, hisob-kitob ishlari uchun masʼul shaxsning va bosh (katta) buxgalterning imzolari boʻlgan toʻlov roʻyxatida keltiriladi. Toʻlov roʻyxatlariga mehnatga layoqatsizlik varaqalari ilova qilinadi.

Nafaqalar axborot-telekommunikatsiya tarmoqlarida hisoblab chiqariladigan tashkilotlarda nafaqalarni tayinlash va mehnatga layoqatsizlik varaqalarini rasmiylashtirish xuddi shunday tartibda amalga oshiriladi.

69. Vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqalar, shu jumladan, sil kasalligi sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalarida davolanish uchun beriladigan nafaqalar, ish haqi toʻlash uchun belgilangan muddatlarda toʻlanadi.

Boshqa turdagi sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalarida davolanish uchun beriladigan nafaqalar xodim sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalaridan qaytgandan soʻng toʻlanadi. Bunda nafaqa, agar bir tomonga borish vaqti bir sutkadan ortiq boʻlsa, sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalarida boʻlgan vaqt koʻrsatilgan “yoʻllanmaning qaytish tomoni”, shuningdek, yoʻl chiptalari Komissiyaga yoki vakil qilingan shaxsga topshirilgandagina beriladi. Yoʻllanma boʻyicha foydalanilmagan hamda sanatoriy va sogʻlomlashtirish muassasalarida, shuningdek, yetib borish yoki qaytish yoʻli belgilangan muddatdan ortiq boʻlgan kunlar uchun nafaqa berilmaydi.

70. Homiladorlik va tugʻish nafaqasi tugʻishdan oldin amalda foydalanilgan kunlarning sonidan, yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan nafaqa amalda foydalanilgan kunlarning sonidan qatʼi nazar, taʼtilning toʻliq davri uchun bir yoʻla toʻlanadi.

71. Tashkilot tugatilganda, mazkur Nizomga muvofiq nafaqa olish huquqiga ega boʻlgan fuqarolarga, vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik hamda homiladorlik va tugʻish nafaqasi, yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan nafaqa tugatilgan tashkilotning huquqiy vorisi yoki tugatish komissiyasi tomonidan beriladi.

72. Ortiqcha toʻlab yuborilgan nafaqa summasi, agar ortiqcha toʻlash sanashda (arifmetik) adashish yoki nafaqa oluvchining qalbaki maʼlumotnoma taqdim qilishi (hujjatlarga oʻzgartirish kiritish va boshqalar) tufayli sodir boʻlgan boʻlsa, nafaqa oluvchidan ushlab qolinadi.

73. Ushlab qolish keyingi safar toʻlanadigan nafaqa yoki ish haqidan amalga oshiriladi. Har safar xodim olishi kerak boʻlgan summaning 20 foizidan ortiq boʻlmagan summa ushlab qolinadi. Ushlab qolish tashkilotning hisob-kitob boʻlimi orqali Komissiyaning yoki ish beruvchining qarori asosida amalga oshiriladi.

Bu qaror sanash jarayonida yoʻl qoʻyilgan xato tufayli ortiqcha toʻlash sodir boʻlganda, nafaqa tayinlangan kundan boshlab 3 oydan kechiktirmay, oʻz huquqini suiisteʼmol qilish boʻyicha sodir boʻlganda esa, cheklanmagan muddatda qabul qilinishi mumkin.

74. Agar xodim mazkur tashkilotda ishlamayotgan boʻlsa, unga ortiqcha toʻlab yuborilgan nafaqa summasi sud orqali undirilib olinadi. Nafaqa olishda suiisteʼmollikka yoʻl qoʻyilsa (qalbaki hujjat taqdim etish, firibgarlik va boshqalar), hujjatlar qonunda belgilangan choralarni qoʻllash uchun huquqni muhofaza qilish organlariga yuboriladi.

75. Sudlarning qaroriga asosan nafaqalardan aliment, mayib boʻlganlik va salomatlikka yetkazilgan va boshqa zararlarni qoplash boʻyicha chegirilishi mumkin. Nafaqalardan boshqa hech qanday chegirma amalga oshirilmaydi.

76. Xodimning vafoti kunigacha olinmay qolgan nafaqa u bilan birga yashagan oila aʼzolariga, shuningdek, uning qaramogʻida boʻlganlarga beriladi.

Xodimning vafot etgan kuniga qadar olinmagan nafaqa vafot etgan xodim bilan qarindosh va birga istiqomat qilganlik yoki vafot etganning qaramogʻida boʻlganlikni tasdiqlovchi dalil boʻlgan hujjat topshirilganidagina berilishi mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

77. Tashkilotning bosh buxgalteri Komissiya yoki vakil qilingan shaxs bilan bir qatorda nafaqa toʻlash boʻyicha mablagʻlarning toʻgʻri sarflanishi uchun javobgardir.

78. Agar nafaqa tayinlash yoki xodimning umumiy ish stajini aniqlash paytida qonunchilikda koʻzda tutilgan qoidalar buzilishiga yoʻl qoʻyilgan yoki toʻlov uchun taqdim qilingan hujjatlar notoʻgʻri rasmiylashtirilgan boʻlsa, bosh buxgalter toʻlovni amalga oshirmay, ularni yoʻl qoʻyilgan xatolar toʻgʻrisidagi yozma bayonnoma bilan Komissiyaga yoki vakil qilingan shaxs qaytarib berishi shart.

79. Ish beruvchilar tomonidan mehnatni muhofaza qilish va texnika xavfsizligi qoidalari buzilishi oqibatida xodimning mehnatda mayib boʻlganligi yoki kasb kasalligiga chalinganligi aniqlansa, ish beruvchilar ushbu shikastlanish va kasallik sababli berilgan vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqasini toʻlashga sarflangan barcha xarajatlarni qonunchilikda belgilangan tartibda qoplashi lozim.

80. Komissiya yoki vakil qilingan shaxs tomonidan qabul qilingan qaror ustidan ish beruvchiga shikoyat qilinishi mumkin.

81. Nafaqalarni notoʻgʻri hisoblash, belgilash va toʻlash yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilish mumkin.

82. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 31-maydagi 314-son qaroriga 1 1 -ILOVA

Yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki vasiy qilib belgilangan xodimga beriladigan nafaqaning bir qismini qoplab berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasida budjet tashkilotlaridan tashqari barcha yuridik shaxslarda (keyingi oʻrinlarda — yuridik shaxslar) va yakka tartibdagi tadbirkorlarda mehnat shartnomasiga asosan oxirgi 6 oy davomida uzluksiz ish stajiga ega boʻlgan xodimlarga yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olganligi yoki unga vasiy qilib belgilanganligi munosabati bilan beriladigan nafaqaning (keyingi oʻrinlarda — nafaqa) bir qismini respublika budjeti mablagʻlari hisobidan tayinlash va toʻlash tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

“Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimining alohida moduli — idoralararo elektron oʻzaro hamkorlik asosida nafaqani “proaktiv” shaklda tayinlash va toʻlashni nazarda tutuvchi “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimining tarkibiy qismi (keyingi oʻrinlarda — “Yagona reyestr” AT);

nafaqa oluvchi — Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlarda oxirgi olti oy davomida uzluksiz ish stajiga ega boʻlgan hamda yangi tugʻilgan bolani farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan xodim (yakka tartibdagi tadbirkor);

toʻlov roʻyxat (vedomost)lari — nafaqa oluvchining familiyasi, ismi va otasining ismi, pasport maʼlumotlari, bank kartasi orqali toʻlanganda tegishli tijorat banki hamda nafaqa oluvchining bank kartasi rekvizitlari va toʻlanishi lozim boʻlgan nafaqa summasiga doir maʼlumotlar aks ettirilgan, nafaqa boʻyicha toʻlovlarni amalga oshiruvchi tijorat bankiga elektron koʻrinishda taqdim etiladigan hujjat.

3. Ushbu Nizom budjet tashkilotlarida, shu jumladan, oʻrindoshlik asosida ishlaydigan xodimlarga tatbiq etilmaydi.

4. Nafaqa tugʻish vaqtida yoki tugʻishdan keyingi davrda ona vafot etgan kundan boshlab, tugʻilgan bolani (bolalarni) farzandlikka olgan yoki unga vasiy qilib belgilangan shaxsga (xodimga), bola tugʻilgan kunidan eʼtiboran ellik olti kalendar kuni, ikki yoki undan ortiq bola tugʻilganda yetmish kalendar kunigacha boʻlgan muddatda belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan mehnatga layoqatsizlik varaqasi asosida tayinlanadi va toʻlanadi.

5. Nafaqa minimal isteʼmol xarajatlarining 4 baravari miqdorida toʻlanadi.

Bunda nafaqaning miqdori u tayinlangan davrda amalda boʻlgan minimal isteʼmol xarajatlarining miqdoridan kelib chiqib belgilanadi.

6. Nafaqani toʻlash va notoʻgʻri tayinlangan nafaqani qaytarish bilan bogʻliq xarajatlar respublika budjetidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligiga (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) mazkur maqsadlarda ajratilgan mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

7. Nafaqa oluvchining asosiy ish joyi hisoblangan yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlarning nafaqa toʻlash boʻyicha majburiyatlari Agentlik tomonidan toʻlangan nafaqa miqdorida kamaytiriladi.

8. Nafaqa “Yagona reyestr” AT tomonidan fuqarolarning murojaatlarisiz “proaktiv shakl”da tayinlanadi va toʻlanadi.

2-bob. Nafaqani tayinlash tartibi

9. Belgilangan tartibda berilgan mehnatga layoqatsizlik varaqasi nafaqani tayinlash va toʻlash uchun asos boʻladi.

10. Mehnatga layoqatsizlik varaqasi hududiy ambulator-poliklinika yoki tugʻuruqxona muassasasi, shuningdek, mehnatga layoqatsizlik varaqasi berishga vakolatli boshqa tibbiy muassasalar tomonidan Sogʻliqni saqlash vazirligining Yagona tibbiy axborot tizimiga (keyingi oʻrinlarda — “Yagona tibbiy” AT) elektron shaklda rasmiylashtiriladi.

11. “Yagona tibbiy” AT tomonidan mehnatga layoqatsizlik varaqasi avtomatik ravishda “Yagona reyestr” ATga yuboriladi.

12. “Yagona reyestr” AT tomonidan mehnatga layoqatsizlik varaqasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar kelib tushgandan soʻng, avtomatik ravishda nafaqa oluvchining oxirgi olti oy davomida:

uzluksiz ish stajiga ega ekanligi va yuridik shaxsda bandligi “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksi (keyingi oʻrinlarda — “YAMMT” IDAK), yakka tartibdagi tadbirkorlarda bandligi Soliq qoʻmitasining maʼlumotlar bazasi orqali;

mehnatga haq toʻlash tarzidagi daromadlari mavjudligi — Soliq qoʻmitasining maʼlumotlar bazasi orqali;

budjet tashkilotlarida ishlashi yoki ishlamasligi Iqtisodiyot va moliya vazirligining “UzASBO” dasturiy majmuasi orqali avtomatik ravishda tekshiriladi.

13. Nafaqa oluvchining oxirgi olti oy davomidagi uzluksiz ish stajini hisoblashda, yuridik shaxslarda “YAMMT” IDAKdagi va yakka tartibdagi tadbirkorlarda Soliq qoʻmitasining maʼlumotlar bazasidagi mehnatga layoqatsizlik varaqasi rasmiylashtirilgan kunga qadar olti oy uzluksiz ish staji inobatga olinadi.

Bunda ushbu davrda oʻttiz bir kundan koʻp boʻlmagan tanaffuslar boʻlganda, mehnatga layoqatsizlik varaqasi rasmiylashtirilgan kundan oldingi oʻn ikki oy davomidagi ketma-ket davrlar ish stajini hisoblashda qoʻllaniladi. Agar oxirgi olti oy davomidagi uzluksiz ish staji davrida xodimning mehnatga haq toʻlash tarzidagi daromadlari mavjud boʻlmasa, ushbu davr ish stajini hisoblashda inobatga olinmaydi.

Bolani parvarishlash uchun taʼtilda boʻlgan xodimning ish stajini Soliq qoʻmitasining maʼlumotlar bazasi orqali tekshirishda uning taʼtilga chiqishidan oldingi davri hisobga olinadi.

14. Nafaqa xodim yillik (asosiy va qoʻshimcha) mehnat taʼtilida, bolani parvarishlash uchun taʼtilda yoki ish haqi saqlanmaydigan taʼtillarda boʻlganda ham toʻlab beriladi.

15. Nafaqa oluvchining oxirgi olti oy davomidagi uzluksiz ish staji davridagi mehnatga haq toʻlash tarzidagi daromadlari mavjud boʻlsa va “YAMMT” IDAKda ish staji toʻgʻrisidagi maʼlumot boʻlmagan taqdirda, bu haqda “Yagona reyestr” AT tomonidan avtomatik tarzda nafaqa oluvchining “Yagona tibbiy” ATda qayd etilgan mobil telefon raqamiga SMS-xabar, shuningdek, ish beruvchining Soliq qoʻmitasining maʼlumotlar bazasidagi va “YAMMT” IDAKdagi shaxsiy kabinetlariga xabarnoma yuboriladi.

Nafaqa oluvchining ish staji nomutanosibligi (notoʻgʻri kiritilganligi yoki kiritilmaganligi) xabarnoma olingan oydan keyingi oyning oxirgi ish kuniga qadar “YAMMT” IDAKda ish beruvchi tomonidan toʻgʻrilanishi lozim.

16. Xabarnoma yuborilgan nafaqa oluvchilarning oxirgi olti oy davomidagi uzluksiz ish staji xabarnoma yuborilgan oydan keyingi oyning oxirgi ish kunida qayta tekshiriladi.

Nomutanosiblik toʻgʻrilanmagan hollarda, nafaqa tayinlashni rad etish toʻgʻrisidagi qaror “Yagona reyestr” AT tomonidan avtomatik tarzda shakllantiriladi.

17. “Yagona reyestr” AT tomonidan nafaqa oluvchining oxirgi olti oy davomidagi uzluksiz ish staji, mehnatga haq toʻlash tarzidagi daromadlari va uning ishlashi tasdiqlanganda, nafaqani tayinlash toʻgʻrisidagi qaror avtomatik tarzda shakllantiriladi.

18. “Yagona reyestr” AT tomonidan:

nafaqa tayinlash toʻgʻrisidagi qaror qabul qilinganda, nafaqaning toʻlov shakli va muddati boʻyicha;

nafaqa tayinlashni rad etish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilinganda, rad etish sabablari boʻyicha nafaqa oluvchining “Yagona tibbiy” ATda qayd etilgan mobil telefon raqamiga SMS-xabar, shuningdek, ish beruvchining Soliq qoʻmitasining maʼlumotlar bazasidagi va “YAMMT” IDAKdagi shaxsiy kabinetlariga avtomatik tarzda xabarnoma yuboriladi.

3-bob. Nafaqani toʻlash tartibi

19. Ushbu Nizomga muvofiq tayinlangan nafaqani toʻlab berish Agentlik tomonidan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma asosida jalb etilgan tijorat banki tomonidan amalga oshiriladi.

20. “Yagona reyestr” AT tomonidan har oyning 10-sanasiga qadar nafaqa boʻyicha toʻlov roʻyxat (vedomost)lari tijorat bankiga taqdim etiladi hamda Agentlikning maxsus gʻazna hisobvaragʻidan zarur mablagʻlar belgilangan tartibda tijorat bankiga oʻtkazib beriladi.

Ushbu bandda koʻrsatilgan muddatning oxirgi kuni bayram va dam olish kunlariga toʻgʻri kelganda, toʻlov roʻyxat (vedomost)lari va zarur mablagʻlar keyingi 2 ish kuni mobaynida tijorat bankiga taqdim etilishi va moliyalashtirilishi mumkin.

21. Nafaqani toʻlash uchun tijorat bankida alohida maxsus bank hisobvaraqlari ochiladi.

22. “Yagona reyestr” AT tomonidan toʻlov roʻyxat (vedomost)lari bank kartasi boʻyicha shakllantiriladi. Bunda tegishli banklararo reprotsessing markazlaridan nafaqa oluvchining nomiga ochilgan, aktiv holatda boʻlgan, oxirgi oltmish kun davomida oxirgi tranzaksiya amalga oshirilgan bank plastik kartasi tanlab olinadi.

Nafaqa oluvchining bank kartasi boʻlmaganda, toʻlov naqd pul koʻrinishida amalga oshiriladi.

23. Tijorat banki tomonidan nafaqa toʻlov amalga oshiriladigan oyning 27-sanasiga qadar toʻlab beriladi.

24. Tijorat banki tomonidan nafaqani naqd pul koʻrinishida nafaqa oluvchining murojaatiga asosan, biroq nafaqa tayinlanganligi toʻgʻrisida SMS-xabar yuborilgan kundan boshlab toʻqson kun davomida belgilangan tartibda toʻlanadi.

25. Joriy oy mobaynida nafaqa oluvchilar tomonidan talab qilinmagan mablagʻlarni tijorat bankining maxsus hisobvaraqlardan kelgusida toʻlash uchun Agentlik maxsus gʻazna hisobvaragʻiga qaytariladi.

26. Tijorat banki har oyning oxirgi ish kuniga qadar ushbu oy uchun va yil boshidan amalga oshirilgan toʻlovlar hamda toʻlanmagan mablagʻlar haqidagi maʼlumotlarni “Yagona reyestr” ATga taqdim etadi.

27. Nafaqa oluvchilarga tijorat banki tomonidan nafaqani naqd pul shaklida toʻlab berganlik uchun bank xizmat haqi miqdori tijorat banki va Agentlik oʻrtasida tuziladigan shartnomaga muvofiq, biroq naqd pul shaklida toʻlab berilgan nafaqa miqdorining 0,5 foizidan oshmagan miqdorda belgilanadi.

28. Nafaqa oluvchining vijdonsizligi yoki hisob-kitoblardagi xatoliklar tufayli notoʻgʻri toʻlangan nafaqa nafaqa oluvchi tomonidan Agentlikka bir oy ichida qaytarilishi lozim. Bunda ixtiyoriy ravishda qaytarilmagan yoki toʻliq qaytarilmagan mablagʻ sud tartibida undiriladi.

Ushbu bandda koʻrsatilgan asoslardan boshqa sabablar bilan notoʻgʻri toʻlangan nafaqa xatolikka yoʻl qoʻygan tashkilot xodimidan belgilangan tartibda undiriladi.

Notoʻgʻri toʻlangan nafaqa tijorat banki orqali nafaqa oluvchidan xizmat haqi undirilmagan holda qaytariladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

29. Manfaatdor vazirliklar va idoralarning axborot tizimlaridan nafaqa oluvchi toʻgʻrisida elektron shaklda avtomatlashtirilgan tarzda olingan maʼlumotlar “Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq himoyalanadi.

Tegishli davlat organlari oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida nafaqa oluvchi toʻgʻrisida olingan maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlaydi.

30. “Yagona reyestr” ATda hamda manfaatdor vazirlik va idoralarning axborot tizimlarida texnik nosozliklar hamda maʼlumotlar almashinuvi jarayonida uzilishlar yuzaga kelganda, ushbu holatlar toʻliq bartaraf etilgunga qadar mehnatga layoqatsizlik varaqasidagi elektron maʼlumotlarni kiritish, nafaqani tayinlash va toʻlash muddatlari uzaytirilishi mumkin.

31. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 31-maydagi 314-son qaroriga 2-ILOVA

Budjet tashkilotlari hisoblanmaydigan yuridik va jismoniy shaxslarda ishlaydigan onalarga bola ikki yoshga toʻlgunga qadar bola parvarishi boʻyicha oylik nafaqa tayinlash va toʻlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom budjet tashkilotlari hisoblanmaydigan yuridik va jismoniy shaxslarda ishlaydigan onalarga va bolaning otasi, buvisi, buvasi yoki bolani haqiqatda parvarishlayotgan boshqa qarindoshlariga, shuningdek, vasiysiga (keyingi oʻrinlarda — onaning oʻrnini bosuvchi shaxslar) bola ikki yoshga toʻlgunga qadar bola parvarishi boʻyicha oylik nafaqani (keyingi oʻrinlarda — bola parvarishi boʻyicha nafaqa) tayinlash hamda toʻlash tartibini belgilaydi.

2. Budjet tashkilotlarida ishlaydigan ayollarga va onaning oʻrnini bosuvchi shaxslarga bolalar nafaqasini tayinlash hamda toʻlash tartibi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

3. Budjet tashkiloti hisoblanmaydigan tashkilotlarda (keyingi oʻrinlarda — tashkilot) ishlaydigan onalarga (onaning oʻrnini bosuvchi shaxslarga) bola parvarishi boʻyicha nafaqa toʻlovi mazkur tashkilotning oʻz mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi. Tashkilot mablagʻlari hisobidan bola parvarishi boʻyicha nafaqa uchun sarflangan mablagʻlar davr xarajatlariga kiritiladi.

4. Jismoniy shaxs hisoblanuvchi ish beruvchilarning xodimlari boʻlgan onalarga (onaning oʻrnini bosuvchi shaxslarga) bola parvarishi boʻyicha nafaqa mehnat shartnomasida nazarda tutilgan boʻlsa, ish beruvchilar tomonidan oʻz mablagʻlari hisobidan toʻlanadi.

2-bob. Nafaqani tayinlash

5. Bola parvarishi boʻyicha nafaqa tugʻilgan, farzandlikka, vasiylikka olingan bolani ikki yoshga toʻlgunga qadar parvarish qilish uchun qoida tariqasida bolaning onasi, otasi, buvisi, buvasi yoki bolani haqiqatda parvarishlayotgan boshqa qarindoshlariga, shuningdek, vasiyiga bolani parvarishlash taʼtili davri uchun ish beruvchining buyrugʻiga asosan tayinlanadi.

6. Bola parvarishi boʻyicha nafaqa tayinlash uchun quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:

a) bola parvarishi boʻyicha nafaqa tayinlash uchun ariza;

b) bola tugʻilganligi toʻgʻrisida guvohnoma nusxasi.

Bolaning onasi oʻrniga nafaqa oluvchi shaxslar, qoʻshimcha ravishda bolaning onasi yoʻqligini tasdiqlovchi hujjat — bolaning (bolalarning) onasi vafot etganligi toʻgʻrisida guvohnoma, sud organlari tomonidan onalik huquqidan mahrum qilinganlik toʻgʻrisida berilgan maʼlumotnoma yoki bola parvarishi boʻyicha nafaqani bolaning (bolalarning) onasi olish imkoni mavjud emasligini tasdiqlovchi boshqa hujjatlarni taqdim etadi.

7. Bola parvarishi boʻyicha nafaqa onalarga (onaning oʻrnini bosuvchi shaxslarga) nafaqa olish uchun murojaat qilingan kundan boshlab, ammo homiladorlik va tugʻish taʼtili tugagan kundan soʻng tayinlanadi.

8. Agar ikki va undan ortiq tugʻilgan, farzandlikka yoki vasiylikka olingan bolalar parvarishda boʻlsa, kichik farzand ikki yoshga toʻlgunga qadar bola parvarishi boʻyicha nafaqa tayinlanadi va toʻlanadi.

Agar ona bola ikki yoshga toʻlgunga qadar bola parvarishi davrida ikkinchi farzandga homiladorlik va tugʻish boʻyicha taʼtil olish huquqiga ega boʻlsa, onaning tanlovi asosida nafaqaning faqat bir turi tayinlanadi va toʻlanadi.

9. Ishlaydigan onalar (onaning oʻrnini bosuvchi shaxslar) xohishiga koʻra bolani parvarishlash taʼtili vaqtida toʻliqsiz ish vaqti shartlari asosida yoki ish beruvchi bilan kelishuv boʻyicha uyda ishlashi mumkin. Bunda bola parvarishi boʻyicha nafaqa va ish haqini bir vaqtda oladi.

3-bob. Nafaqani toʻlash

10. Bola parvarishi boʻyicha nafaqa parvarish qilinayotgan bolalar sonidan va nafaqa oluvchi shaxsning mehnat stajidan qatʼi nazar har oyda mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 60 foizi miqdorida toʻlanadi.

11. Toʻliq boʻlmagan oy uchun nafaqa onaning (ona oʻrnini bosuvchi shaxsning) ushbu oydagi taʼtilda boʻlgan kalendar kunlarga mos ulushda toʻlanadi.

12. Ishlaydigan (ishlab chiqarishdan ajralgan holda taʼlim olayotgan, xizmat oʻtayotgan) onalarga (onaning oʻrnini bosuvchi shaxslarga) bola parvarishi boʻyicha nafaqa ish joyidan (taʼlim olish, xizmat oʻtash joyidan) toʻlanadi.

13. Bola parvarishi boʻyicha nafaqa toʻlovi joriy oy uchun ish haqini toʻlash muddatlarida amalga oshiriladi.

14. Nafaqa oluvchi vafot etgan yoki ota-onalik huquqidan mahrum etilgan yoki bola vasiylikdan qaytarib olingan taqdirda, nafaqa bolani haqiqatda parvarish qilayotgan shaxsga tayinlanadi va oxirgi nafaqa toʻlangan oydan keyingi oydan boshlab toʻlanadi.

15. Tayinlangan, ammo oʻz vaqtida talab qilib olinmagan (toʻlanmagan) bola parvarishi boʻyicha nafaqa oʻtgan vaqt uchun nafaqa toʻlanishi kerak boʻlgan davrda koʻzda tutilgan miqdorda toʻlab beriladi.

Nafaqa toʻlovchi tashkilotning aybi bilan oʻz vaqtida toʻlanmagan nafaqa hech qanday muddatlar bilan chegaralanmagan holda, oʻtgan davr uchun bir vaqtning oʻzida toʻlab beriladi.

4-bob. Nafaqani toʻxtatish

16. Bola parvarishi boʻyicha nafaqa quyidagi holatlarda toʻxtatiladi:

a) parvarishdagi bola ikki yoshga toʻlganda;

b) bola toʻliq davlat taʼminotida boʻlgan maxsus muassasalar (mehribonlik uyi)ga joylashtirilganda;

v) bola vafot etganda;

g) oila bola bilan birga doimiy yashash uchun Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqib ketganda;

d) bolani parvarishlash boshqa qarindosh yoki vasiyga oʻtganda.

17. Bola parvarishi boʻyicha nafaqa oluvchi shaxs nafaqa toʻlovini toʻxtatishga sabab boʻluvchi holatlar yuzaga kelganda, nafaqa toʻlovini amalga oshirayotgan tashkilotga xabar berishi shart.

18. Oldindan maʼlum boʻlgan notoʻgʻri yoki qalbaki hujjatlar asosida bola parvarishi boʻyicha nafaqa olish holatlari aniqlanganda, mazkur hujjatlarni taqdim etgan shaxs javobgarlikka tortiladi va ortiqcha toʻlangan mablagʻlar belgilangan tartibda undiriladi.

Bola parvarishi boʻyicha nafaqa oluvchi shaxs tomonidan nafaqa toʻlovini toʻxtatishga sabab boʻluvchi holatlar yuzaga kelganligi toʻgʻrisida oʻz vaqtida xabar berilmaganda, nafaqa toʻlovini amalga oshirayotgan tashkilotning qaroriga asosan ortiqcha toʻlangan mablagʻlar nafaqa oluvchidan belgilangan tartibda undiriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

19. Nafaqalarni notoʻgʻri hisoblash, belgilash va toʻlash yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilish mumkin.

20.Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 31-may,

314-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 24.06.2024-y., 09/24/314/0439-son; 19.12.2025-y., 09/25/796/1180-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son)

lex.uz