UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 24-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 24 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 июня 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 June 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш, шунингдек, хизмат мажбуриятларини бажариши муносабати билан соғлиғини йўқотган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби;

ҳарбий-тиббий муассасаларни дори воситалари ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш тартиби;

ҳарбий-тиббий муассасаларнинг тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш тартиби;

тиббий ва санаторий-курорт таъминотини молиялаштириш тартиби.

2. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар белгиланган тартибда:

ҳарбий хизматчилар, ҳарбий пенсионерлар ва уларнинг оила аъзолари билан доимий равишда даволаш-профилактик тадбирлар ўтказилишини, уларга тиббий-ижтимоий ёрдамлар кўрсатилишини ҳамда санаторий-курорт муассасаларида (пансионатларда) даволаниши ва профилактик дам олишини ташкил этиш бўйича зарур чораларни кўрсин;

тизимидаги ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларни дори воситалари ва тиббий жиҳозлар, хўжалик ҳамда бошқа моддий-техник воситалар билан доимий равишда таъминлаб борсин.

3. Белгилансинки, мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар тегишли вазирлик ва идораларга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, пулли хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 июндаги 352-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида (кейинги ўринларда — Қуролли Кучлар) тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низом:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва ички ишлар органларининг ходимлари, собиқ ходимларидан бўлган пенсионерлари ҳамда уларнинг оила аъзоларининг;

ички ишлар органларининг собиқ ҳарбий хизматчиларидан бўлган пенсионерлар ва уларнинг оила аъзоларининг, курсантлари ҳамда тингловчиларининг тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

санаторий-курорт муассасаси — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати, Электрон технологияларини ривожлантириш маркази, Ҳарбий прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг (кейинги ўринларда — Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар) бепул ёки имтиёзли тиббий таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий хизматчилари ва ҳарбий пенсионерлари ҳамда уларнинг оила аъзоларининг (кейинги ўринларда — бириктирилган таркиб) даволаниши, профилактик дам олиши учун мўлжалланган муассасалар ва дам олиш уйлари (пансионатлар);

санаторий-курорт таъминоти — Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимидаги санаторий-курорт муассасаларида кўрсатиладиган диагностика, даволаш ва профилактик дам олиш хизматлари;

санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар — Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимида юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлишининг ҳамда тарқалишининг олдини олишга ва уларни бартараф этишга қаратилган ташкилий, маъмурий, муҳандислик-техник, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлар;

тиббий таъминот — Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимида тиббий, тиббий-санитария ёрдами ва тиббий-ижтимоий ёрдам (тиббий маслаҳат бериш, текшириш, ташхис қўйиш, амбулатор даволаш, стационар даволаш, шу жумладан, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббий реабилитация қилиш) ҳамда бошқа тиббий хизматлар кўрсатиш, шунингдек, санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш ҳамда экспертиза ўтказиш;

ҳарбий-тиббий муассаса — Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимидаги тиббиёт (даволаш-профилактика), санаторий-курорт ва тиббий экспертиза муассасалари, ҳарбий қисмларнинг (муассасаларнинг) тиббиёт бўлинмалари, санитария-эпидемиология муассасалари ҳамда уларнинг тузилмасидаги ҳудудий бўлинмалари.

4. Тиббий ва санаторий-курорт таъминоти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда мазкур Низомга, шунингдек, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси доирасида қабул қилинадиган идоравий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этилади.

2-боб. Тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартиби

5. Тиббий ва санаторий-курорт таъминотидан бириктирилган таркиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб, шартлар ва меъёрларда бепул ёки имтиёзли асосларда фойдаланади.

6. Тиббий таъминотдан қуйидаги тартибда фойдаланилади:

ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ҳарбий-тиббий муассасаларда даволаниш ҳуқуқига эга оила аъзолари — ҳарбий хизматни ўташ (доимий яшаш ёки вақтинча турган) жойи бўйича бириктирилган ҳарбий-тиббий муассасаларда;

ҳарбий пенсионерлар ва уларнинг ҳарбий-тиббий муассасаларда даволаниш ҳуқуқига эга оила аъзолари — улар доимий яшайдиган ҳудудда жойлашган ҳарбий-тиббий муассасаларда (ҳарбий қисм ва муассасаларнинг тиббиёт бўлинмалари бундан мустасно).

Ҳарбий пенсионерлар, уларнинг оила аъзоларининг бепул ёки имтиёзли асосларда тиббий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимидаги пенсия таъминоти бўлинмалари томонидан бериладиган маълумотнома асосида ҳарбий-тиббий муассасалар томонидан аниқланади.

Хизмат сафарида ва таътилда бўлган ҳарбий хизматчилар тиббий таъминотдан улар бўлиб турган жойдаги ҳарбий-тиббий муассасаларда фойдаланади.

Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг ҳудудий ҳарбий-тиббий муассасаларида тиббий таъминотдан фойдаланаётган бириктирилган таркиб электрон ахборот тизими («Ягона тиббий ахборот тизими») орқали ҳисобга олинади (ноошкора мақомга эга алоҳида тоифадаги шахслар бундан мустасно).

Бунда ҳисобга олинган бириктирилган таркиб навбат асосида марказий ҳарбий-тиббий муассасаларга ушбу вазирлик ва идораларнинг бош (етакчи) тиббий мутахассислари билан келишилган ҳолда, ҳудудий ҳарбий-тиббий муассасалар бошлиқлари томонидан даволанишга юборилади (кўчирилади).

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомнинг 193 - 194-бандларига мувофиқ ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматни ўташ ва яшаш жойларида, ҳарбий пенсионерларнинг яшаш жойларида ҳарбий-тиббий муассасалар ёки уларда тегишли бўлимлар ёхуд махсус тиббий асбоб-ускуналар бўлмаган ҳамда кечиктириб бўлмайдиган (шошилинч) ҳолатларда тиббий ёрдам ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар тиббий муассасаларда кўрсатилади.

8. Бириктирилган таркиб фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича даволаш-профилактика муассасаларида ҳам тиббий таъминотдан фойдаланиш кафолатланади.

9. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-тиббий муассасаларида Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари, катта офицерларининг оила аъзолари (эри, хотини, ўн саккиз ёшга тўлмасидан олдин ногирон бўлиб қолган ўн саккиз ёшдан ошган фарзандлари, таълим муассасаларида таълимнинг кундузги шаклида таҳсил олаётган йигирма уч ёшгача бўлган фарзандлари), таълим муассасалари курсантлари (тингловчилари) белгиланган тартибда тузиладиган шартномаларга асосан стационар ва амбулатор шароитда даволанади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-тиббий муассасалари томонидан тиббий хизматлар кўрсатишда Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий гвардия овқатланиш, коммунал хизматлар, ҳаммом-кирхона хизмати, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун қилинган харажатларни Мудофаа вазирлигига қоплаб беради, ушбу маблағлар кейинчалик Мудофаа вазирлигининг моддий-техник базасини такомиллаштиришга йўналтирилади.

10. Ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларида тегишлича пулли тиббий ва санаторий-курорт таъминотидан бириктирилган таркиб манфаатлари ҳамда ушбу муассасаларнинг хавфсизлиги ва жанговар тайёргарлиги даражасига таъсир қилмайдиган шартларда, ушбу муассасалар билан жисмоний ва юридик шахслар ўртасида белгиланган тартибда тузиладиган шартномалар асосида фойдаланилиши мумкин.

Ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасалари томонидан кўрсатиладиган пулли хизматлар учун тегишли ҳудудда жойлашган давлат ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бошқа тиббиёт муассасалари кўрсатадиган ўхшаш тиббий хизматлар нархларининг ўртача нархи белгиланади.

Пулли тиббий ва санаторий-курорт таъминотидан фойдаланишдан тушадиган маблағларнинг тўғри сарфланиши учун шахсий жавобгарлик ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасалари бошлиқлари зиммасига юкланади.

Ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларида пулли тиббий ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартиби Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.

11. Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, отаси, онаси, фарзандлари, қарамоғидаги шахслар) тиббий кўрсатмалар бўйича мазкур бандга мувофиқ тиббий ёрдам олиш (даволаниш) учун хорижий давлатларга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус комиссияси хулосаси асосида вазирлик ва идоралар раҳбарларининг рухсати билан юборилади.

Хорижий давлатларда тиббий ёрдам олиш (даволаниш) учун харажатларнинг 50 фоизи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида ҳамда қолган 50 фоизи ушбу вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Ҳарбий хизмат (хизмат) мажбуриятларини бажариш вақтида оғир касаллик орттирган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар, шу жумладан, собиқ контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг ногиронлиги ва оғир касаллиги бўлган оила аъзоларига хорижий давлатларда тиббий ёрдам олиш (даволаниш) учун маблағлар биринчи навбатда ажратилади.

12. Тиббий таъминотдан фойдаланиш шифокорнинг тиббий таъминотга муҳтожлиги тўғрисидаги кўрсатмасига асосан қуйидаги тартибда ташкил этилади:

ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Ички хизмат низомида, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг идоравий ҳужжатларида белгиланган тартибда;

ҳарбий пенсионерлар ва уларнинг оила аъзолари учун — уларнинг мурожаатлари асосида;

давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги ва хусусий тиббиёт (даволаш-профилактика) муассасаларига бириктирилган таркиб учун — бириктирилган ҳарбий-тиббий муассасалар бошлиқларининг (ҳарбий қисм ва муассасаларнинг тиббиёт бўлинмалари бошлиқлари бундан мустасно) йўлланмалари асосида.

Бунда тиббий таъминотдан фойдаланиш учун амалга оширилган сарф-харажатлар давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги ва хусусий тиббиёт (даволаш-профилактика) ташкилотлари билан ҳарбий-тиббий муассасалар ўртасида белгиланган тартибда тузиладиган шартномалар асосида қоплаб берилади.

3-боб. Тиббий ва санаторий-курорт таъминотидан фойдаланиш тартиби

13. Тиббий ва санаторий-курорт таъминотидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

қўшинларнинг (кучларнинг) кундалик хизмат-жанговар ва ўқув-жанговар қобилиятини сақлаб туриш;

касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, шахсий таркибнинг соғлиғини сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, юқумли ва касб касалликларининг олдини олиш;

замонавий тиббиёт ютуқларини кенг қўллаган ҳолда, касалланган бириктирилган таркибнинг соғлиғи ва куч-қувватини тиклаш, уларни тиббий парваришлаш;

санитария-гигиенага доир ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни, касалликларнинг тиббий профилактикасини амалга ошириш;

соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

14. Қуйидагилар ҳарбий-тиббий муассасаларнинг тиббий таъминот соҳасидаги асосий вазифалари ҳисобланади:

соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, шахсий таркибнинг тиббий маданиятини юксалтириш;

касалликларни барвақт аниқлаш ва профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш;

ҳарбий хизматчиларни белгиланган тартиб ва муддатларда диспансеризациядан ўтказиш;

мавжуд куч ва воситаларни сафарбар қилган ҳолда беморларга сифатли ва малакали тиббий хизматлар кўрсатиш. Бунда тиббий муолажаларни амалга оширишда соҳага жорий этилган даволашнинг энг самарали усулларидан фойдаланиш;

Қуролли Кучлар сафини соғлом фуқаролар билан бутлашда иштирок этиш;

беморларни белгиланган тартибда ажратилган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар билан ўз вақтида таъминлаш;

доимий равишда шахсий таркибнинг соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичлар мониторингини юритиш ва мониторинг натижалари асосида Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар марказий девонлари тиббиёт бўлинмалари билан биргаликда зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ишчи ва хизматчилари ҳисобланган тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда вазирлик ва идоралар марказий девонлари тиббиёт бўлинмаларига киритиш;

умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш, ҳарбий хизматни, шу жумладан, кундалик ва жанговар хизматни ўташ белгиланган қонунчилик ҳужжатлари, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг идоравий ҳужжатлари талабларини бажариш;

соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа тегишли вазифаларни амалга ошириш.

15. Ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғини сақлаш, шахсий таркиб орасида ўлим ҳолатларини камайтириш, ҳарбий хизматчиларни соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматдан барвақт бўшатиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, юқори даражадаги жанговар шайликни таъминлаш мақсадида контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳар йили бир маротаба ҳарбий-тиббий муассасалар томонидан мажбурий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

Ҳарбий хизматчиларни мажбурий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.

Ҳарбий хизматчилар тиббий кўрикдан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низом ва соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўтказилади.

16. Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ишчи ва хизматчилари тиббий кўрикдан уларнинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт (даволаш-профилактика) муассасаларида ўтказилади.

Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ишчи ва хизматчилари орасидан дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт бўлган ходимлар улар меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳарбий-тиббий муассасалар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан бепул ўтказилади.

17. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар билан касалланган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар марказий девонларининг тиббиёт бўлинмалари томонидан назоратга олинади, улар ишлари ҳарбий-тиббий муассасаларда ёки Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт (даволаш-профилактика) муассасаларида даволанади ва соғломлаштирилади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ногиронлиги бўлган фарзандлари қонунчиликда белгиланган тартибда туман (шаҳар) «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази, шунингдек, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 июлдаги 411-сон қарори билан тасдиқланган Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминланади.

18. Қуйидагилар Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг санаторий-курорт муассасаларида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган санаторий-курорт муассасаларида бир йилда бир маротаба даволаниш ҳуқуқига эга:

а) бюджет маблағлари ҳисобидан бепул асосда — ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига асосан даволашни давом эттириш учун бевосита ҳарбий-тиббий муассасалардан санаторий-курорт муассасаларига юборилаётган муддатли ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), шунингдек, учувчилар таркибидан бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар;

б) йўлланма қийматининг 25 фоизини тўлаш шарти билан (йўлланма нархининг қолган 75 фоизи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади):

контракт бўйича ҳарбий хизматчилар;

ҳарбий хизматнинг умумий давомийлиги йигирма йил ва ундан ортиқ бўлиб, контракт муддати тугаганлиги, ҳарбий хизматда бўлишнинг белгиланган ёш чегарасига етганлиги ёки соғлиғининг ҳолатига кўра резервга (истеъфога) бўшатилган (чиқарилган) генерал ва катта офицерлар;

учувчилар таркибидан бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг эри (хотини);

в) йўлланма қийматининг 75 фоизини тўлаш шарти билан (йўлланма нархининг қолган 25 фоизи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан) контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг эри (хотини):

Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг санаторий-курорт муассасаларида;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган санаторий-курорт муассасаларига узоқ муддатли даволанишда бўлган ва соғломлаштириш тадбирлари талаб этадиган касалликлар мавжуд бўлганда.

19. Қуйидагиларга қонунчиликда белгиланган тартиб ва шартларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги санаторийларда даволаш хизмати кўрсатилади:

а) I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс деб топилган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар орасидан бўлган пенсионерлар;

б) кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс деб топилган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар орасидан бўлган пенсионерни (ҳарбий-тиббий комиссиянинг кузатувчига муҳтожлиги тўғрисидаги хулосаси асосида) кузатиб борувчи шахсга.

20. Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг эри (хотини) бир йилда бир маротаба хорижий давлатларда жойлашган «Ўзбекистон» санаторийларида даволаниш ва профилактик дам олиш ҳуқуқига эга.

хорижий давлатларда жойлашган «Ўзбекистон» санаторийларига юбориладиган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ва уларнинг эри (хотини)нинг умумий сони Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратиладиган квотадан келиб чиқиб белгиланади ва қуйидаги тартибда молиялаштирилади:

а) контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга — йўлланма қийматининг 25 фоизини тўлаш шарти билан (йўлланма қийматининг қолган 75 фоизи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан);

б)контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг эри (хотини)га — йўлланма қийматининг 50 фоизини тўлаш шарти билан (йўлланма нархининг қолган 50 фоизи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан).

Бунда молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, йўлланма қийматининг ҳарбий хизматчининг эри (хотини) ўз ҳисобидан тўлаши лозим бўлган қисми тўлиқ ёки қисман Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши мумкин.

Хорижий давлатларда жойлашган «Ўзбекистон» санаторийларига даволанишга муҳтож бўлган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг эри (хотини)га йўлланмалар Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг махсус комиссияси томонидан тақдим этилган баённома асосида берилади.

Бунда санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар бериш навбати бўйича ҳарбий хизматчиларга устуворлик ҳуқуқи берилади.

21. Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимидаги хўжалик ҳисобидаги (ўзини ўзи молиявий таъминлайдиган) ташкилотларда ҳарбий хизматни (хизматни) ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига ушбу ташкилотларнинг ўз ихтиёрида қоладиган соф фойда ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар берилиши мумкин.

22. Санаторий-курортда даволанишни ташкил этиш (санаторий-курорт даволанишга саралаш, йўлланмаларни тақсимлаш ва тарқатиш, даволанишга қабул қилиш, даволаниш муддатини узайтириш, даволанишдан чиқариш) тартиби Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.

23. Ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларида бириктирилган таркибнинг овқатланиши Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг озиқ-овқат паёклари меъёрларига мувофиқ таъминланади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларида даволаниш даврида озиқ-овқат таъминотидан фойдаланади ва шу давр учун озиқ-овқат паёги ўрнига пул компенсацияси тўланмайди.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларида даволаниш даврида озиқ-овқат таъминоти учун тўловларни ихтиёрий равишда ўз маблағлари ҳисобидан тўлаши мумкин. Бунда озиқ-овқат паёги ўрнига пул компенсацияси тўлиқ миқдорда тўланади.

Бепул озиқ-овқат таъминотидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар озиқ-овқат таъминотидан уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан фойдаланади.

24. Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларда санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуни ва соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш бўйича шахсий масъулият санитария-эпидемиология муассасалари ҳамда уларнинг тузилмасидаги ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари ва ҳарбий қисмлар (муассасалар) командирлари (бошлиқлари) зиммасига юкланади.

25. Ҳарбий хизматчиларни айрим юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш режа бўйича ёки эпидемик вазиятдан келиб чиқиб амалга оширилади.

4-боб. Ҳарбий-тиббий муассасаларни дори воситалари ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш тартиби

26. Ҳарбий-тиббий муассасалар дори воситалари ва тиббий жиҳозлар билан Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан таъминланади.

Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан дори воситалари ва тиббий жиҳозлар қонунчиликда белгиланган тартибда харид қилинади.

27. Ҳарбий-тиббий муассасаларда тиббий текширувлар ўтказиш, касалликларни даволаш ва олдини олиш учун сарфланадиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар билан бепул таъминлаш уларга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.

28. Ҳарбий-тиббий муассасаларда дори воситалари ва тиббий жиҳозларни қабул қилиш, ҳисобга олиш, сақлаш, қўллаш ва улардан фойдаланиш устидан назорат Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг назорат-тафтиш ва бошқа ички аудит бўлинмалари ҳамда қонунчиликка мувофиқ ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.

5-боб. Ҳарбий-тиббий муассасаларнинг тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш тартиби

29. Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар орасидан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига тоифа даражаларини бериш, тасдиқлаш ва маҳрум қилиш Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларда контракт бўйича ҳарбий хизматчилар учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қуролли Кучлар хизматчилари орасидан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 сентябрдаги 477-сон қарори билан тасдиқланган Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ берилади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар орасидан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан берилган тоифа даражалари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 сентябрдаги 477-сон қарори билан тасдиқланган Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ берилган малака тоифаларига тенглаштирилади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар хизматчилари орасидан тиббиёт ва фармацевтика ходимлари бошқа тиббий лавозимга ўтказилиши муносабати билан мутахассислигининг номи ўзгарганда, уларнинг олдинги мутахассислиги бўйича олган малака тоифаси (тоифа даражаси) ва у бўйича пул мукофоти (устама) тўлови сақланади, кейинчалик янги номдаги мутахассислик бўйича малака тоифасини (тоифа даражасини) олиш учун мурожаат қилганда, олдинги мутахассислиги бўйича хизмат муддати (иш стажи) ва олган малака тоифаси (тоифа даражаси) инобатга олинади.

30. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидан Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимига ёки аксинча, ишга (хизматга) ўтган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг (контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг, Қуролли Кучлар хизматчиларининг) мутахассислик бўйича олган малака тоифаси (тоифа даражаси) сақланиб қолади ҳамда малака тоифасининг (тоифа даражасининг) амал қилиш муддати тугагандан сўнг ушбу малака тоифасини (тоифа даражасини) тасдиқлаш ёки кейинги малака тоифасини (тоифа даражасини) бериш белгиланган тартибда амалга оширилади.

6-боб. Тиббий ва санаторий-курорт таъминотини молиялаштириш тартиби

31. Ҳарбий-тиббий муассасалар қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

ҳар йили Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар;

пулли тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

32. Санаторий-курорт муассасаларига бериладиган йўлланмалар нархи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар раҳбарларининг соҳа бўйича ўринбосарлари томонидан тасдиқланади.

Бунда санаторий-курорт муассасаларига йўлланма нархи санаторий-курорт даволаш ва профилактик дам олишни (озиқ-овқат, коммунал, даволаниш, койка кун ва бошқалар) ташкил этиш учун сарфланган харажатлардан кам бўлмаган ҳолда республикада мавжуд ўхшаш профилдаги санаторий-курорт муассасалари томонидан белгиланган нархларнинг ўртача нархидан келиб чиқиб белгиланади.

33. Санаторий-курорт муассасаларига бериладиган йўлланмаларни сотишдан тушган маблағлар санаторий-курорт муассасаларининг моддий-техника базасини ва таъминотини мустаҳкамлашга сарфланади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

34. Ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасалари бошлиқлари ушбу муассасалар фаолиятининг тўғри ва самарали ташкил этилиши учун бевосита жавобгар ҳисобланади.

Ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларининг фаолияти Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар марказий девонлари ҳамда ҳарбий округи бошқарув аппаратининг (бирлашмасининг, бошқармасининг) тиббиёт бўлинмалари томонидан бўйсунув тартибида мувофиқлаштирилади.

35. Бириктирилган таркибнинг ҳарбий-тиббий ва санаторий-курорт муассасаларида фойдаланган тиббий ва санаторий-курорт таъминотидан норози бўлиб ёзган мурожаатлари қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида қайта тиббий текширув ўтказишга (тўғри ташхис қўйилганлигини, даво ва бошқа тиббий ёрдам чоралари тўғри қўлланилганлигини аниқлаш) зарурат туғилса, бириктирилган таркиб Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар марказий девонларининг тиббиёт бўлинмалари бошлиқлари томонидан бериладиган йўлланмалар асосида ҳарбий-тиббий муассасаларда амбулатор ёки стационар шароитда такрорий тиббий текширувдан ўтказилиши ва даволаш чоралари қўлланилиши мумкин.

Бунда мурожаатни ўрганиш жараёнида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган айбдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласи қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

36. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

37. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 июндаги 352-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига, ўқув муассасалари тингловчилари ҳамда курсантларига тиббий хизмат кўрсатишни тартибга солиш тўғрисида» 1996 йил 27 сентябрдаги 336-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий ва санаторий-курорт таъминоти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2011 йил 1 февралдаги 26-сон қарори .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида» 2013 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-360-сон ҳамда «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2015 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-398-сон қонунлари)» 2016 йил 26 апрелдаги 122-сон қарорига 1-илованинг 104-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2020 йил 4 августдаги 462-сон қарорига илованинг 2-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида» 2020 йил 18 ноябрдаги ЎРҚ-647-сон Қонуни)» 2021 йил 10 июндаги 363-сон қарорига илованинг 1-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 24 июнь,

352-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2024 й., 09/24/352/0444-сон; 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

ROʻYXATI

Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarida tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari harbiy xizmatchilarining tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotini tashkil etish, shuningdek, xizmat majburiyatlarini bajarishi munosabati bilan sogʻligʻini yoʻqotgan kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar va ular oila aʼzolarining ijtimoiy himoyasini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarida tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotini tashkil etish va amalga oshirish tartibi;

harbiy-tibbiy muassasalarni dori vositalari va tibbiy jihozlar bilan taʼminlash tartibi;

harbiy-tibbiy muassasalarning tibbiyot va farmatsevtika xodimlariga malaka toifasi berish tartibi;

tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotini moliyalashtirish tartibi.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar belgilangan tartibda:

harbiy xizmatchilar, harbiy pensionerlar va ularning oila aʼzolari bilan doimiy ravishda davolash-profilaktik tadbirlar oʻtkazilishini, ularga tibbiy-ijtimoiy yordamlar koʻrsatilishini hamda sanatoriy-kurort muassasalarida (pansionatlarda) davolanishi va profilaktik dam olishini tashkil etish boʻyicha zarur choralarni koʻrsin;

tizimidagi harbiy-tibbiy va sanatoriy-kurort muassasalarni dori vositalari va tibbiy jihozlar, xoʻjalik hamda boshqa moddiy-texnik vositalar bilan doimiy ravishda taʼminlab borsin.

3. Belgilansinki, mazkur qarorda nazarda tutilgan tadbirlarni amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlar tegishli vazirlik va idoralarga har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari, ularning budjetdan tashqari mablagʻlari, shuningdek, pulli xizmat koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar rahbarlari zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-iyundagi 352-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarida tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarida (keyingi oʻrinlarda — Qurolli Kuchlar) tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizom:

Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi va ichki ishlar organlarining xodimlari, sobiq xodimlaridan boʻlgan pensionerlari hamda ularning oila aʼzolarining;

ichki ishlar organlarining sobiq harbiy xizmatchilaridan boʻlgan pensionerlar va ularning oila aʼzolarining, kursantlari hamda tinglovchilarining tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotini tashkil etish tartibiga nisbatan tatbiq etilmaydi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

sanatoriy-kurort muassasasi — Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiyasi, Davlat xavfsizlik xizmati, Elektron texnologiyalarini rivojlantirish markazi, Harbiy prokuraturasi va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti davlat xavfsizlik xizmatining (keyingi oʻrinlarda — Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar) bepul yoki imtiyozli tibbiy taʼminot olish huquqiga ega boʻlgan harbiy xizmatchilari va harbiy pensionerlari hamda ularning oila aʼzolarining (keyingi oʻrinlarda — biriktirilgan tarkib) davolanishi, profilaktik dam olishi uchun moʻljallangan muassasalar va dam olish uylari (pansionatlar);

sanatoriy-kurort taʼminoti — Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tizimidagi sanatoriy-kurort muassasalarida koʻrsatiladigan diagnostika, davolash va profilaktik dam olish xizmatlari;

sanitariya-gigiyena tadbirlari va epidemiyaga qarshi tadbirlar — Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tizimida yuqumli va parazitar kasalliklar paydo boʻlishining hamda tarqalishining oldini olishga va ularni bartaraf etishga qaratilgan tashkiliy, maʼmuriy, muhandislik-texnik, tibbiy-sanitariya chora-tadbirlari va boshqa chora-tadbirlar;

tibbiy taʼminot — Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tizimida tibbiy, tibbiy-sanitariya yordami va tibbiy-ijtimoiy yordam (tibbiy maslahat berish, tekshirish, tashxis qoʻyish, ambulator davolash, statsionar davolash, shu jumladan, yuqori texnologik tibbiy yordam koʻrsatish, tibbiy reabilitatsiya qilish) hamda boshqa tibbiy xizmatlar koʻrsatish, shuningdek, sanitariya-gigiyena tadbirlari va epidemiyaga qarshi tadbirlarni amalga oshirish hamda ekspertiza oʻtkazish;

harbiy-tibbiy muassasa — Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tizimidagi tibbiyot (davolash-profilaktika), sanatoriy-kurort va tibbiy ekspertiza muassasalari, harbiy qismlarning (muassasalarning) tibbiyot boʻlinmalari, sanitariya-epidemiologiya muassasalari hamda ularning tuzilmasidagi hududiy boʻlinmalari.

4. Tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminoti Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlari, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlari hamda mazkur Nizomga, shuningdek, Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tomonidan sohaga oid normativ-huquqiy hujjatlar ijrosi doirasida qabul qilinadigan idoraviy hujjatlarga muvofiq tashkil etiladi.

2-bob. Tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotini tashkil etish tartibi

5. Tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotidan biriktirilgan tarkib Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 12-sentabrdagi PQ-4447-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining harbiy xizmatni oʻtash tartibi toʻgʻrisidagi nizom hamda boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartib, shartlar va meʼyorlarda bepul yoki imtiyozli asoslarda foydalanadi.

6. Tibbiy taʼminotdan quyidagi tartibda foydalaniladi:

harbiy xizmatchilar va ularning harbiy-tibbiy muassasalarda davolanish huquqiga ega oila aʼzolari — harbiy xizmatni oʻtash (doimiy yashash yoki vaqtincha turgan) joyi boʻyicha biriktirilgan harbiy-tibbiy muassasalarda;

harbiy pensionerlar va ularning harbiy-tibbiy muassasalarda davolanish huquqiga ega oila aʼzolari — ular doimiy yashaydigan hududda joylashgan harbiy-tibbiy muassasalarda (harbiy qism va muassasalarning tibbiyot boʻlinmalari bundan mustasno).

Harbiy pensionerlar, ularning oila aʼzolarining bepul yoki imtiyozli asoslarda tibbiy taʼminotdan foydalanish huquqiga ega ekanligi Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tizimidagi pensiya taʼminoti boʻlinmalari tomonidan beriladigan maʼlumotnoma asosida harbiy-tibbiy muassasalar tomonidan aniqlanadi.

Xizmat safarida va taʼtilda boʻlgan harbiy xizmatchilar tibbiy taʼminotdan ular boʻlib turgan joydagi harbiy-tibbiy muassasalarda foydalanadi.

Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarning hududiy harbiy-tibbiy muassasalarida tibbiy taʼminotdan foydalanayotgan biriktirilgan tarkib elektron axborot tizimi (“Yagona tibbiy axborot tizimi”) orqali hisobga olinadi (nooshkora maqomga ega alohida toifadagi shaxslar bundan mustasno).

Bunda hisobga olingan biriktirilgan tarkib navbat asosida markaziy harbiy-tibbiy muassasalarga ushbu vazirlik va idoralarning bosh (yetakchi) tibbiy mutaxassislari bilan kelishilgan holda, hududiy harbiy-tibbiy muassasalar boshliqlari tomonidan davolanishga yuboriladi (koʻchiriladi).

7. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 12-sentabrdagi PQ-4447-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining harbiy xizmatni oʻtash tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 193 - 194-bandlariga muvofiq harbiy xizmatchilarning harbiy xizmatni oʻtash va yashash joylarida, harbiy pensionerlarning yashash joylarida harbiy-tibbiy muassasalar yoki ularda tegishli boʻlimlar yoxud maxsus tibbiy asbob-uskunalar boʻlmagan hamda kechiktirib boʻlmaydigan (shoshilinch) holatlarda tibbiy yordam tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar tibbiy muassasalarda koʻrsatiladi.

8. Biriktirilgan tarkib fuqarolar sogʻligʻini saqlash toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq doimiy yashash va vaqtincha turgan joyi boʻyicha davolash-profilaktika muassasalarida ham tibbiy taʼminotdan foydalanish kafolatlanadi.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining harbiy-tibbiy muassasalarida Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiya va Davlat xavfsizlik xizmatining harbiy xizmatchilari, katta ofitserlarining oila aʼzolari (eri, xotini, oʻn sakkiz yoshga toʻlmasidan oldin nogiron boʻlib qolgan oʻn sakkiz yoshdan oshgan farzandlari, taʼlim muassasalarida taʼlimning kunduzgi shaklida tahsil olayotgan yigirma uch yoshgacha boʻlgan farzandlari), taʼlim muassasalari kursantlari (tinglovchilari) belgilangan tartibda tuziladigan shartnomalarga asosan statsionar va ambulator sharoitda davolanadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining harbiy-tibbiy muassasalari tomonidan tibbiy xizmatlar koʻrsatishda Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi va Milliy gvardiya ovqatlanish, kommunal xizmatlar, hammom-kirxona xizmati, dori vositalari va tibbiyot buyumlari uchun qilingan xarajatlarni Mudofaa vazirligiga qoplab beradi, ushbu mablagʻlar keyinchalik Mudofaa vazirligining moddiy-texnik bazasini takomillashtirishga yoʻnaltiriladi.

10. Harbiy-tibbiy va sanatoriy-kurort muassasalarida tegishlicha pulli tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotidan biriktirilgan tarkib manfaatlari hamda ushbu muassasalarning xavfsizligi va jangovar tayyorgarligi darajasiga taʼsir qilmaydigan shartlarda, ushbu muassasalar bilan jismoniy va yuridik shaxslar oʻrtasida belgilangan tartibda tuziladigan shartnomalar asosida foydalanilishi mumkin.

Harbiy-tibbiy va sanatoriy-kurort muassasalari tomonidan koʻrsatiladigan pulli xizmatlar uchun tegishli hududda joylashgan davlat va Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining boshqa tibbiyot muassasalari koʻrsatadigan oʻxshash tibbiy xizmatlar narxlarining oʻrtacha narxi belgilanadi.

Pulli tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotidan foydalanishdan tushadigan mablagʻlarning toʻgʻri sarflanishi uchun shaxsiy javobgarlik harbiy-tibbiy va sanatoriy-kurort muassasalari boshliqlari zimmasiga yuklanadi.

Harbiy-tibbiy va sanatoriy-kurort muassasalarida pulli tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotini tashkil etish tartibi Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tomonidan belgilanadi.

11. Kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar hamda ularning oila aʼzolari (eri, xotini, otasi, onasi, farzandlari, qaramogʻidagi shaxslar) tibbiy koʻrsatmalar boʻyicha mazkur bandga muvofiq tibbiy yordam olish (davolanish) uchun xorijiy davlatlarga Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining maxsus komissiyasi xulosasi asosida vazirlik va idoralar rahbarlarining ruxsati bilan yuboriladi.

Xorijiy davlatlarda tibbiy yordam olish (davolanish) uchun xarajatlarning 50 foizi Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarga har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari doirasida hamda qolgan 50 foizi ushbu vazirlik va idoralarning budjetdan tashqari mablagʻlari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.

Harbiy xizmat (xizmat) majburiyatlarini bajarish vaqtida ogʻir kasallik orttirgan kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar, shu jumladan, sobiq kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar hamda ularning nogironligi va ogʻir kasalligi boʻlgan oila aʼzolariga xorijiy davlatlarda tibbiy yordam olish (davolanish) uchun mablagʻlar birinchi navbatda ajratiladi.

12. Tibbiy taʼminotdan foydalanish shifokorning tibbiy taʼminotga muhtojligi toʻgʻrisidagi koʻrsatmasiga asosan quyidagi tartibda tashkil etiladi:

harbiy xizmatchilar va ularning oila aʼzolari uchun — Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarining Ichki xizmat nizomida, Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarning idoraviy hujjatlarida belgilangan tartibda;

harbiy pensionerlar va ularning oila aʼzolari uchun — ularning murojaatlari asosida;

davlat sogʻliqni saqlash tizimidagi va xususiy tibbiyot (davolash-profilaktika) muassasalariga biriktirilgan tarkib uchun — biriktirilgan harbiy-tibbiy muassasalar boshliqlarining (harbiy qism va muassasalarning tibbiyot boʻlinmalari boshliqlari bundan mustasno) yoʻllanmalari asosida.

Bunda tibbiy taʼminotdan foydalanish uchun amalga oshirilgan sarf-xarajatlar davlat sogʻliqni saqlash tizimidagi va xususiy tibbiyot (davolash-profilaktika) tashkilotlari bilan harbiy-tibbiy muassasalar oʻrtasida belgilangan tartibda tuziladigan shartnomalar asosida qoplab beriladi.

3-bob. Tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotidan foydalanish tartibi

13. Tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotidan quyidagi maqsadlarda foydalaniladi:

qoʻshinlarning (kuchlarning) kundalik xizmat-jangovar va oʻquv-jangovar qobiliyatini saqlab turish;

kasalliklarni barvaqt aniqlash va ularning oldini olish, shaxsiy tarkibning sogʻligʻini saqlash hamda mustahkamlash, yuqumli va kasb kasalliklarining oldini olish;

zamonaviy tibbiyot yutuqlarini keng qoʻllagan holda, kasallangan biriktirilgan tarkibning sogʻligʻi va kuch-quvvatini tiklash, ularni tibbiy parvarishlash;

sanitariya-gigiyenaga doir va epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni, kasalliklarning tibbiy profilaktikasini amalga oshirish;

sogʻliqni saqlash sohasidagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa vazifalarni amalga oshirish.

14. Quyidagilar harbiy-tibbiy muassasalarning tibbiy taʼminot sohasidagi asosiy vazifalari hisoblanadi:

sogʻlom turmush tarzini shakllantirish va targʻib qilish, zararli odatlarga qarshi kurashish, shaxsiy tarkibning tibbiy madaniyatini yuksaltirish;

kasalliklarni barvaqt aniqlash va profilaktika chora-tadbirlarini amalga oshirish;

harbiy xizmatchilarni belgilangan tartib va muddatlarda dispanserizatsiyadan oʻtkazish;

mavjud kuch va vositalarni safarbar qilgan holda bemorlarga sifatli va malakali tibbiy xizmatlar koʻrsatish. Bunda tibbiy muolajalarni amalga oshirishda sohaga joriy etilgan davolashning eng samarali usullaridan foydalanish;

Qurolli Kuchlar safini sogʻlom fuqarolar bilan butlashda ishtirok etish;

bemorlarni belgilangan tartibda ajratilgan dori vositalari va tibbiy jihozlar bilan oʻz vaqtida taʼminlash;

doimiy ravishda shaxsiy tarkibning sogʻligʻi bilan bogʻliq koʻrsatkichlar monitoringini yuritish va monitoring natijalari asosida Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar markaziy devonlari tibbiyot boʻlinmalari bilan birgalikda zarur chora-tadbirlarni amalga oshirish;

harbiy xizmatchilar, Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar ishchi va xizmatchilari hisoblangan tibbiyot xodimlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish boʻyicha takliflar tayyorlash hamda vazirlik va idoralar markaziy devonlari tibbiyot boʻlinmalariga kiritish;

umumiy harbiy majburiyatni bajarish, harbiy xizmatni, shu jumladan, kundalik va jangovar xizmatni oʻtash belgilangan qonunchilik hujjatlari, Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarning idoraviy hujjatlari talablarini bajarish;

sogʻliqni saqlash sohasidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa tegishli vazifalarni amalga oshirish.

15. Harbiy xizmatchilarning sogʻligʻini saqlash, shaxsiy tarkib orasida oʻlim holatlarini kamaytirish, harbiy xizmatchilarni sogʻligʻining holatiga koʻra harbiy xizmatdan barvaqt boʻshatish holatlarining oldini olish, shuningdek, yuqori darajadagi jangovar shaylikni taʼminlash maqsadida kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar har yili bir marotaba harbiy-tibbiy muassasalar tomonidan majburiy chuqurlashtirilgan tibbiy koʻrikdan oʻtkaziladi.

Harbiy xizmatchilarni majburiy chuqurlashtirilgan tibbiy koʻrikdan oʻtkazish tartibi Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tomonidan belgilanadi.

Harbiy xizmatchilar tibbiy koʻrikdan Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarida tinchlik va urush davrida tibbiy koʻrikdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi nizom va sohaga oid boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻtkaziladi.

16. Kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilarning oila aʼzolari, Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar ishchi va xizmatchilari tibbiy koʻrikdan ularning doimiy yashash yoki vaqtincha turgan joyi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimidagi tibbiyot (davolash-profilaktika) muassasalarida oʻtkaziladi.

Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar ishchi va xizmatchilari orasidan dastlabki tarzda va vaqti-vaqti bilan tibbiy koʻrikdan oʻtkazilishi shart boʻlgan xodimlar ular mehnat faoliyatini amalga oshirayotgan harbiy-tibbiy muassasalar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan dastlabki va davriy tibbiy koʻrikdan bepul oʻtkaziladi.

17. Ijtimoiy ahamiyatga ega kasalliklar bilan kasallangan harbiy xizmatchilar va ularning oila aʼzolari Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar markaziy devonlarining tibbiyot boʻlinmalari tomonidan nazoratga olinadi, ular ishlari harbiy-tibbiy muassasalarda yoki Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimidagi tibbiyot (davolash-profilaktika) muassasalarida davolanadi va sogʻlomlashtiriladi.

Kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilarning nogironligi boʻlgan farzandlari qonunchilikda belgilangan tartibda tuman (shahar) “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazi, shuningdek, Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tomonidan ushbu maqsadlar uchun ajratilgan budjet mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 1-iyuldagi 411-son qarori bilan tasdiqlangan Muhtoj shaxslarni protez-ortopediya moslamalari va reabilitatsiya qilishning texnik vositalari bilan taʼminlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq protez-ortopediya moslamalari va reabilitatsiya qilishning texnik vositalari bilan taʼminlanadi.

18. Quyidagilar Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarning sanatoriy-kurort muassasalarida yoki Oʻzbekiston Respublikasi hududida joylashgan sanatoriy-kurort muassasalarida bir yilda bir marotaba davolanish huquqiga ega:

a) budjet mablagʻlari hisobidan bepul asosda — harbiy-tibbiy komissiya xulosasiga asosan davolashni davom ettirish uchun bevosita harbiy-tibbiy muassasalardan sanatoriy-kurort muassasalariga yuborilayotgan muddatli harbiy xizmatchilar, oliy harbiy taʼlim muassasalarining kursantlari (tinglovchilari), shuningdek, uchuvchilar tarkibidan boʻlgan kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar;

b) yoʻllanma qiymatining 25 foizini toʻlash sharti bilan (yoʻllanma narxining qolgan 75 foizi Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarga ushbu maqsadlar uchun ajratilgan budjet mablagʻlari hisobidan qoplanadi):

kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar;

harbiy xizmatning umumiy davomiyligi yigirma yil va undan ortiq boʻlib, kontrakt muddati tugaganligi, harbiy xizmatda boʻlishning belgilangan yosh chegarasiga yetganligi yoki sogʻligʻining holatiga koʻra rezervga (isteʼfoga) boʻshatilgan (chiqarilgan) general va katta ofitserlar;

uchuvchilar tarkibidan boʻlgan kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilarning eri (xotini);

v) yoʻllanma qiymatining 75 foizini toʻlash sharti bilan (yoʻllanma narxining qolgan 25 foizi Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarga ajratilgan budjet mablagʻlari hisobidan) kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilarning eri (xotini):

Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarning sanatoriy-kurort muassasalarida;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida joylashgan sanatoriy-kurort muassasalariga uzoq muddatli davolanishda boʻlgan va sogʻlomlashtirish tadbirlari talab etadigan kasalliklar mavjud boʻlganda.

19. Quyidagilarga qonunchilikda belgilangan tartib va shartlarda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimidagi sanatoriylarda davolash xizmati koʻrsatiladi:

a) I yoki II guruh nogironligi boʻlgan shaxs deb topilgan kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar orasidan boʻlgan pensionerlar;

b) koʻzi ojiz I guruh nogironligi boʻlgan shaxs deb topilgan kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar orasidan boʻlgan pensionerni (harbiy-tibbiy komissiyaning kuzatuvchiga muhtojligi toʻgʻrisidagi xulosasi asosida) kuzatib boruvchi shaxsga.

20. Kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar hamda ularning eri (xotini) bir yilda bir marotaba xorijiy davlatlarda joylashgan “Oʻzbekiston” sanatoriylarida davolanish va profilaktik dam olish huquqiga ega.

xorijiy davlatlarda joylashgan “Oʻzbekiston” sanatoriylariga yuboriladigan kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar va ularning eri (xotini)ning umumiy soni Vazirlar Mahkamasi tomonidan ajratiladigan kvotadan kelib chiqib belgilanadi va quyidagi tartibda moliyalashtiriladi:

a) kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilarga — yoʻllanma qiymatining 25 foizini toʻlash sharti bilan (yoʻllanma qiymatining qolgan 75 foizi Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarga ushbu maqsadlar uchun ajratilgan budjet mablagʻlari hisobidan);

b)kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilarning eri (xotini)ga — yoʻllanma qiymatining 50 foizini toʻlash sharti bilan (yoʻllanma narxining qolgan 50 foizi Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarga ushbu maqsadlar uchun ajratilgan budjet mablagʻlari hisobidan).

Bunda moliyaviy imkoniyatlaridan kelib chiqib, yoʻllanma qiymatining harbiy xizmatchining eri (xotini) oʻz hisobidan toʻlashi lozim boʻlgan qismi toʻliq yoki qisman Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan toʻlab berilishi mumkin.

Xorijiy davlatlarda joylashgan “Oʻzbekiston” sanatoriylariga davolanishga muhtoj boʻlgan harbiy xizmatchilar va ularning eri (xotini)ga yoʻllanmalar Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarning maxsus komissiyasi tomonidan taqdim etilgan bayonnoma asosida beriladi.

Bunda sanatoriy-kurort muassasalariga yoʻllanmalar berish navbati boʻyicha harbiy xizmatchilarga ustuvorlik huquqi beriladi.

21. Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tizimidagi xoʻjalik hisobidagi (oʻzini oʻzi moliyaviy taʼminlaydigan) tashkilotlarda harbiy xizmatni (xizmatni) oʻtayotgan harbiy xizmatchilar va ularning oila aʼzolariga ushbu tashkilotlarning oʻz ixtiyorida qoladigan sof foyda hisobidan Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi sanatoriy-kurort muassasalariga yoʻllanmalar berilishi mumkin.

22. Sanatoriy-kurortda davolanishni tashkil etish (sanatoriy-kurort davolanishga saralash, yoʻllanmalarni taqsimlash va tarqatish, davolanishga qabul qilish, davolanish muddatini uzaytirish, davolanishdan chiqarish) tartibi Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tomonidan belgilanadi.

23. Harbiy-tibbiy va sanatoriy-kurort muassasalarida biriktirilgan tarkibning ovqatlanishi Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari harbiy xizmatchilarining oziq-ovqat payoklari meʼyorlariga muvofiq taʼminlanadi.

Kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar harbiy-tibbiy va sanatoriy-kurort muassasalarida davolanish davrida oziq-ovqat taʼminotidan foydalanadi va shu davr uchun oziq-ovqat payogi oʻrniga pul kompensatsiyasi toʻlanmaydi.

Kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar harbiy-tibbiy va sanatoriy-kurort muassasalarida davolanish davrida oziq-ovqat taʼminoti uchun toʻlovlarni ixtiyoriy ravishda oʻz mablagʻlari hisobidan toʻlashi mumkin. Bunda oziq-ovqat payogi oʻrniga pul kompensatsiyasi toʻliq miqdorda toʻlanadi.

Bepul oziq-ovqat taʼminotidan foydalanish huquqiga ega boʻlmagan shaxslar oziq-ovqat taʼminotidan ularning oʻz mablagʻlari hisobidan foydalanadi.

24. Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarda sanitariya-gigiyena tadbirlari va epidemiyaga qarshi tadbirlar Oʻzbekiston Respublikasining “Aholining sanitariya-epidemiologik osoyishtaligi toʻgʻrisida”gi Qonuni va sohaga oid boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

Sanitariya-gigiyena tadbirlari va epidemiyaga qarshi tadbirlarni oʻz vaqtida va samarali amalga oshirish boʻyicha shaxsiy masʼuliyat sanitariya-epidemiologiya muassasalari hamda ularning tuzilmasidagi hududiy boʻlinmalari boshliqlari va harbiy qismlar (muassasalar) komandirlari (boshliqlari) zimmasiga yuklanadi.

25. Harbiy xizmatchilarni ayrim yuqumli kasalliklarga qarshi profilaktik emlash reja boʻyicha yoki epidemik vaziyatdan kelib chiqib amalga oshiriladi.

4-bob. Harbiy-tibbiy muassasalarni dori vositalari va tibbiy jihozlar bilan taʼminlash tartibi

26. Harbiy-tibbiy muassasalar dori vositalari va tibbiy jihozlar bilan Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tomonidan taʼminlanadi.

Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tomonidan dori vositalari va tibbiy jihozlar qonunchilikda belgilangan tartibda xarid qilinadi.

27. Harbiy-tibbiy muassasalarda tibbiy tekshiruvlar oʻtkazish, kasalliklarni davolash va oldini olish uchun sarflanadigan dori vositalari va tibbiy jihozlar bilan bepul taʼminlash ularga har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari doirasida amalga oshiriladi.

28. Harbiy-tibbiy muassasalarda dori vositalari va tibbiy jihozlarni qabul qilish, hisobga olish, saqlash, qoʻllash va ulardan foydalanish ustidan nazorat Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarning nazorat-taftish va boshqa ichki audit boʻlinmalari hamda qonunchilikka muvofiq vakolatli davlat organlari tomonidan amalga oshiriladi.

5-bob. Harbiy-tibbiy muassasalarning tibbiyot va farmatsevtika xodimlariga malaka toifasi berish tartibi

29. Kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar orasidan tibbiyot va farmatsevtika xodimlariga toifa darajalarini berish, tasdiqlash va mahrum qilish Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarda kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar uchun belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Qurolli Kuchlar xizmatchilari orasidan tibbiyot va farmatsevtika xodimlariga malaka toifasi Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 18-sentabrdagi 477-son qarori bilan tasdiqlangan Tibbiyot va farmatsevtika xodimlarini attestatsiyadan oʻtkazish va ularga malaka toifalari berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga muvofiq beriladi.

Kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar orasidan tibbiyot va farmatsevtika xodimlariga Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tomonidan berilgan toifa darajalari Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 18-sentabrdagi 477-son qarori bilan tasdiqlangan Tibbiyot va farmatsevtika xodimlarini attestatsiyadan oʻtkazish va ularga malaka toifalari berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga muvofiq berilgan malaka toifalariga tenglashtiriladi.

Kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilar va Qurolli Kuchlar xizmatchilari orasidan tibbiyot va farmatsevtika xodimlari boshqa tibbiy lavozimga oʻtkazilishi munosabati bilan mutaxassisligining nomi oʻzgarganda, ularning oldingi mutaxassisligi boʻyicha olgan malaka toifasi (toifa darajasi) va u boʻyicha pul mukofoti (ustama) toʻlovi saqlanadi, keyinchalik yangi nomdagi mutaxassislik boʻyicha malaka toifasini (toifa darajasini) olish uchun murojaat qilganda, oldingi mutaxassisligi boʻyicha xizmat muddati (ish staji) va olgan malaka toifasi (toifa darajasi) inobatga olinadi.

30. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimidan Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar tizimiga yoki aksincha, ishga (xizmatga) oʻtgan tibbiyot va farmatsevtika xodimlarining (kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilarning, Qurolli Kuchlar xizmatchilarining) mutaxassislik boʻyicha olgan malaka toifasi (toifa darajasi) saqlanib qoladi hamda malaka toifasining (toifa darajasining) amal qilish muddati tugagandan soʻng ushbu malaka toifasini (toifa darajasini) tasdiqlash yoki keyingi malaka toifasini (toifa darajasini) berish belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

6-bob. Tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotini moliyalashtirish tartibi

31. Harbiy-tibbiy muassasalar quyidagi manbalar hisobidan moliyalashtiriladi:

har yili Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralarga Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlar;

pulli tibbiy xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar;

homiylik xayriyalari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

32. Sanatoriy-kurort muassasalariga beriladigan yoʻllanmalar narxi Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar rahbarlarining soha boʻyicha oʻrinbosarlari tomonidan tasdiqlanadi.

Bunda sanatoriy-kurort muassasalariga yoʻllanma narxi sanatoriy-kurort davolash va profilaktik dam olishni (oziq-ovqat, kommunal, davolanish, koyka kun va boshqalar) tashkil etish uchun sarflangan xarajatlardan kam boʻlmagan holda respublikada mavjud oʻxshash profildagi sanatoriy-kurort muassasalari tomonidan belgilangan narxlarning oʻrtacha narxidan kelib chiqib belgilanadi.

33. Sanatoriy-kurort muassasalariga beriladigan yoʻllanmalarni sotishdan tushgan mablagʻlar sanatoriy-kurort muassasalarining moddiy-texnika bazasini va taʼminotini mustahkamlashga sarflanadi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

34. Harbiy-tibbiy va sanatoriy-kurort muassasalari boshliqlari ushbu muassasalar faoliyatining toʻgʻri va samarali tashkil etilishi uchun bevosita javobgar hisoblanadi.

Harbiy-tibbiy va sanatoriy-kurort muassasalarining faoliyati Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar markaziy devonlari hamda harbiy okrugi boshqaruv apparatining (birlashmasining, boshqarmasining) tibbiyot boʻlinmalari tomonidan boʻysunuv tartibida muvofiqlashtiriladi.

35. Biriktirilgan tarkibning harbiy-tibbiy va sanatoriy-kurort muassasalarida foydalangan tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminotidan norozi boʻlib yozgan murojaatlari qonunchilikda belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.

Murojaatni oʻrganish jarayonida qayta tibbiy tekshiruv oʻtkazishga (toʻgʻri tashxis qoʻyilganligini, davo va boshqa tibbiy yordam choralari toʻgʻri qoʻllanilganligini aniqlash) zarurat tugʻilsa, biriktirilgan tarkib Qurolli Kuchlar tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar markaziy devonlarining tibbiyot boʻlinmalari boshliqlari tomonidan beriladigan yoʻllanmalar asosida harbiy-tibbiy muassasalarda ambulator yoki statsionar sharoitda takroriy tibbiy tekshiruvdan oʻtkazilishi va davolash choralari qoʻllanilishi mumkin.

Bunda murojaatni oʻrganish jarayonida aniqlangan qonun buzilishi holatlariga yoʻl qoʻygan aybdor shaxslarning javobgarligi masalasi qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

36. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

37. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-iyundagi 352-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiya va Davlat xavfsizlik xizmatining harbiy xizmatchilariga, oʻquv muassasalari tinglovchilari hamda kursantlariga tibbiy xizmat koʻrsatishni tartibga solish toʻgʻrisida” 1996-yil 27-sentabrdagi 336-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarida tibbiy va sanatoriy-kurort taʼminoti toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2011-yil 1-fevraldagi 26-son qarori .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Budjet kodeksini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2013-yil 26-dekabrdagi OʻRQ-360-son hamda “Soliq va budjet siyosatining 2016-yilga moʻljallangan asosiy yoʻnalishlari qabul qilinganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2015-yil 31-dekabrdagi OʻRQ-398-son qonunlari)” 2016-yil 26-apreldagi 122-son qaroriga 1-ilovaning 104-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2020-yil 4-avgustdagi 462-son qaroriga ilovaning 2-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi toʻgʻrisida” 2020-yil 18-noyabrdagi OʻRQ-647-son Qonuni)” 2021-yil 10-iyundagi 363-son qaroriga ilovaning 1-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 24-iyun,

352-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 25.06.2024-y., 09/24/352/0444-son; 03.07.2026-y., 09/26/353/0680-son)

lex.uz