UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 30-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Qishloq xoʻjaligi vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 30 май · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Қишлоқ хўжалиги вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 мая 2024 г. · Документы министерств и ведомств · Министр сельского хозяйства

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 May 2024 · Ministry and agency documents · Qishloq xoʻjaligi vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг

буйруғи

НИЗОМ

Уруғлик пахта хом ашёсини жамғариш, белгиланган стандарт талаблари бўйича сақлаш ва дастлабки қайта ишлашгача бўлган жараённинг тўғри бажарилиши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 декабрдаги ПҚ-391-сон «Пахтачиликда уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Уруғлик пахта хом ашёсини жамғариш, белгиланган стандарт талаблари бўйича сақлаш ва дастлабки қайта ишлашгача бўлган жараённинг тўғри бажарилиши тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан келишилган.

3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг 2024 йил 30 майдаги 15-сон буйруғига ИЛОВА

Уруғлик пахта хом ашёсини жамғариш, белгиланган стандарт талаблари бўйича сақлаш ва дастлабки қайта ишлашгача бўлган жараённинг тўғри бажарилиши тўғрисидаги

Мазкур Низом уруғлик пахта хом ашёсини тайёрловчи корхоналарда (бундан буён матнда уруғлик тайёрлаш корхоналари деб юритилади) уруғлик пахта хом ашёсини жамғариш, белгиланган стандарт талаблари бўйича сақлаш ва дастлабки қайта ишлашгача бўлган жараённинг тўғри бажарилиши тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

уруғлик пахта — уруғлик чигит олиш учун мўлжалланиб, экилган майдонлардан терилган пахта;

уруғлик пахта ғарами (бундан буён матнда ғарам деб юритилади) — селекция нави, авлоди ва саноат нави, типи, синфи бир хил бўлган уруғлик пахтани махсус сақлаш майдончаларида жамғариш;

уруғлик тайёрлаш корхонаси — уруғлик пахтани қабул қилиш, уни жамлаб, ғарамларда сифатли сақланишини амалга оширувчи корхона (маскан);

уруғлик пахта тўдаси — бир вақтда, бир хил даладан, бир хил селекцион нав, авлоди бир хил, нав тозалиги, бир хил саноат нави тегишли ҳужжат билан расмийлаштириладиган уруғлик пахта миқдори.

2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган майдонларда ўтказилган апробация натижаларига мувофиқ уруғлик пахтанинг селекция нави, авлоди, уруғлик тайёрлаш режаси тўғрисидаги маълумотларни ҳар йили 1 сентябрга қадар уруғлик тайёрлаш корхоналарига етказади.

2-боб. Уруғлик тайёрлаш корхоналарида уруғлик пахтани жамғаришга тайёргарлик кўриш

3. Уруғлик пахта хом ашёсини қабул қилиб олиш ва жамлаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

4. Уруғлик пахтани қабул қилиш бошлангунга қадар уруғлик тайёрлаш корхоналари қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

уруғлик пахта хом ашёсининг селекция нави, авлоди бўйича жойлаштириш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, бунда уруғлик пахта тўдасининг селекция нави (дурагайлар), авлодлар, нав тозалиги, тоифалари, намлиги, ифлослиги ва чигитларнинг механик шикастланиши ҳисобга олиш;

уруғлик пахтани селекция нави (дурагайлар) бўйича жойлаштириш, расмийлаштириш учун керакли миқдорда қанор-қоплар, ёрлиқлар, пломбалар, нав ҳужжатлари бланкаларини тайёрлаш;

сентябрь ва октябрь ойларида келтирилган уруғлик пахтани селекцион ва саноат навлари, синфлари бўйича авлоди ва дала гуруҳи кўрсатилган ҳолда алоҳида тўдаларга жамғарилишига тайёргарлик кўриш;

уруғлик пахта топширувчи пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари, элита уруғчилик хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари (бундан буён матнда уруғчилик субъектлари деб юритилади) томонидан келтирилаётган машинада ёки қўлда терилган уруғлик пахтани алоҳида қабул қилишга тайёргарлик кўриш;

ёнғинга қарши кураш бўйича огоҳлантирувчи ёзувларни кўринадиган жойларга осиб қўйиш;

уруғлик пахтани таҳлил қилиш лабораториясининг зарур ўлчаш воситалари, синов ускуналари, реактивлар ва бошқа воситалар билан таъминлаш, метрологик кўрикдан ўтган лаборатория ускуналаридан фойдаланиш;

брезентлар, лаборатория жиҳозлари, асбоб ускуналар, ўров ва бошқа талаб этиладиган хўжалик материаллар захирасини яратиш;

трактор, бошқа механизмлардан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш бўйича тадбирларни ўтказиш.

5. Ҳар бир уруғлик тайёрлаш корхоналарида узунлиги 6 — 9 метрли кўчма нарвонлар бўлиши керак.

6. Ғарам майдонининг ўлчами эни 14 m, узунлиги 25 m бўлиши керак.

7. Ғарам майдони марказининг юзаси ёмғир сувлари оқиб кетиши учун 5 — 7 sm баландроқ бўлиши лозим.

8. Ёмғир сувларини ва ер ости сувларини чиқариб ташлаш учун ғарам майдонининг атрофида (тўрт томони) сув чиқиб кетадиган ариқчалар очилади. Ушбу ариқчалар ғарам майдони четидан 0,7 м узоқликда бўлиши керак. Ғарам майдони билан ариқча орасидаги масофа пахта бузилишининг олдини олиш учун асфальтланади.

9. Ер ости сувлари юқори жойлашган ерларда ариқчалар 20 — 25 sm чуқурликда, бошқа жойларда эса тупроқ таркибини ҳисобга олган ҳолда 50 — 60 sm чуқурликда қазилади.

10. Ғарам майдони ер сатҳидан 40 sm баланд қилиб кўтарилиши керак, унга асфальт ётқизилади. Ғарам майдонининг ўртасидан туннелни тўғри қазиш учун махсус чизиқ билан белгилаб қўйилади.

11. Уруғлик тайёрлаш корхоналари ҳудудида, уруғлик пахта қабул қилинаётган майдончалари таъмирланган, ҳудуд асфальтланган, тозаланган ва зараркунандаларга қарши дезинфекцияланган ва омборларда ўтган йиллардан қолган пахта ва чигит қолдиқларидан тозаланган бўлиши лозим.

12. Уруғлик пахтанинг оригинал (суперэлита), элита авлоди омборларга қабул қилинади. Бунда, ушбу омборларнинг томлари, деворлари, пастки қисми (пол) эшиклари таъмирланган ва дезинфекцияланган, деразаларига ойна солинган, электр ёритқичлар турли ҳимоя қалпоқлар билан таъминланган бўлиши лозим.

3-боб. Уруғлик тайёрлаш корхоналарида уруғлик пахтани қабул қилиш, сақлаш ва дастлабки қайта ишлашгача амалга ошириладиган тадбирлар

1-§ Уруғлик пахтани қабул қилиш

13. Уруғлик тайёрлаш корхоналари, уруғчилик субъектлари томонидан топширилаётган уруғлик пахтани апробация далолатномалари асосида селекцион нави, авлоди ва миқдори бўйича асосий ва захира фондига қабул қилади.

14. Уруғлик тайёрлаш корхоналари уруғлик пахтани қуйидаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга асосан қабул қилади:

Oʻz DSt 592:2008 «Пахта. Ифлосликни аниқлаш усуллари»;

Oʻz DSt 593:2008 « Пахта. Пахта толасининг тавсифномаларини аниқлаш усуллари »;

Oʻz DSt 615:2008 « Пахта. Техникавий шартлар »;

Oʻz DSt 642:2013 « Уруғлик пахта. Техникавий шартлар »;

ГОСТ 9679.0-2009 «Пахта хом ашёсидан намунани танлаб олиш усуллари».

15. Уруғчилик субъектлари томонидан уруғлик тайёрловчи корхоналарга уруғлик пахтани топшириш жараёни 3 босқичда амалга оширилади. Бунда:

1-босқичда келтирилган уруғлик пахталардан намуна олиниб, саноат нави ва синфи аниқланади ҳамда ушбу намуна лабораторияга ифлослик ва намликни аниқлаш учун жўнатилади;

2-босқичда уруғлик пахта электрон тарозида ўлчанади;

3-босқичда уруғлик пахтанинг белгиланган ғарамга туширилишини ташкил қилади.

16. Уруғлик тайёрловчи корхоналарга топширилаётган уруғлик пахта саноат нави органолептик ташқи кўринишини эталон намуналар кўз билан кўриб солиштириш йўли билан ва намлик ва ифлослик инструментал приборлар ёрдамида аниқланади.

17. Уруғлик пахта қабул қилинаётганда уруғлик тайёрловчи корхона лабораториясига келтирилган уруғлик пахтага берилган нав ҳужжатидаги ёзувлар апробация далолатномаларига мос келиш-келмаслигини уруғлик тайёрловчи корхонанинг масъул ходими текширади ва апробация далолатномасига асосан уруғлик пахтани топшириш режаси бўйича қабул қилади.

18. Намуна олувчи уруғлик топширувчи иштирокида уруғлик пахтадан намуналарни танлаб олади ва эталонлар намуналарга солиштириб саноат навини аниқлайди ва лаборатория журналида қайд қилади.

19. Топширилаётган уруғлик пахтанинг саноат нави кўрсаткичлар бўйича эътирозлар юзага келганда қайта намуналар олиниб, лабораторияда пахтанинг пишиб етилганлик коэффициенти бўйича таҳлиллар амалга оширилади ва якуний хулоса чиқарилади.

20. Намуна олувчи ва оператор ҳар бир намунанинг тўғри олинишига шахсан масъул ҳисобланади.

Олинган намуналар уч кун ичида пахта уруғчилиги лабораториясига 1 kg уруғлик пахта чигитини унинг механик шикастланганлик даражасини аниқлаш учун берилади. Пахтанинг қолган қисмидан лабораторияда толаси ажратилади, олинган чигит эса пишиб етилганлиги ва унувчанлигини аниқлаш учун пахта уруғчилиги лабораториясига жўнатилади.

21. Уруғлик пахтани қабул қилишда хом терилган ва касалликка учраган пахтани қабул қилишга йўл қўйилмайди.

22. Уруғлик пахтани топширишда куннинг ёруғ вақтларида қабул қилиш ва жамлаш талаб этилади.

23. Уруғлик тайёрлаш корхоналари лаборантлари уруғлик пахтанинг ҳар бир тўдасини ғарамлаш вақтида намуналар олиниб таҳлил қилиб боради.

24. Олинган ҳар бир намунага уруғлик тайёрлаш корхона лаборанти имзолаган тўда рақами, пахтанинг селекцион нави, авлоди, саноат нави, синфи, тўдани жамлаш бошланган, тугаган вақти ва унинг вазни, намуна олинган муддати кўрсатилган ёрлиқ ёпиштирилади.

25. Кун давомида навдорлик сифат кўрсаткичлари жиҳатидан бир хил навли, авлодли ва тоифали, уруғлик пахта бир неча маротаба топширса, навли уруғлик пахта таҳлили ва уларни қабул қилишни расмийлаштириш кунлик ҳар бир намуналар бўйича амалга оширилади.

26. Топширилаётган уруғлик пахтанинг саноат нави синфи ва бошқа сифат кўрсаткичлари таҳлил натижаларига кўра эътироз бўлган тақдирда қуйидагилар амалга оширилиш шарт:

а) таҳлиллар ўтказиш учун уруғлик тайёрловчи корхонанинг лабораторияси пахтадан такрорий намуна олади:

б) олинган намуналар уруғлик тайёрловчи корхона ва уруғчилик субъектлар иштирокида баҳсли намуна муҳрланади ҳамда лаборатория бошлиғи томонидан тегишли далолатнома тузилади;

д) намуна пахта тайёрлаш корхонасининг лабораториясига жўнатилади ва такрорий таҳлил ўтказилади;

э) такрорий таҳлил натижалари бўйича қайта ҳисоб-китоб қилинади.

27. Топширилаётган уруғлик пахта Oʻz DSt 642:2013 «Уруғлик Пахта. Техникавий шартлар» стандартига жавоб бермаганда унинг сабаблари кўрсатилади ва уруғлик етиштирувчи субъектга қайтарилади ёки унинг розилиги билан уруғлик тайёрлаш корхоналарига техник пахта сифатида топширилади.

28. Уруғлик пахтани қабул қилиш жараёнида низолар уруғлик тайёрлаш корхонасининг лабораторияси томонидан сифат кўрсаткичлари қабул қилгунга қадар ҳал қилинади.

2-§ Уруғлик пахтани қабул қилиш ғарамлаш ва дастлабки қайта ишлашгача сақлаш

29. Уруғлик пахта сифати аниқланганидан кейин уруғлик тайёрловчи корхона лабораторияси ходими уларни дислокацияга мувофиқ жойлаштириш учун уруғчилик субъектига кўрсатма беради.

30. Уруғлик пахтанинг оригинал (суперэлита), элита авлодлари янги қанор-қопларга солинади ҳамда улар қуруқ, тоза ва усти ёпиқ айвонларда сақланади. Қанор-қоплар эса тахтадан қилинган таглик устига тахлаб қўйилади.

31. Қабул қилиш пайтида уруғчилик субъектидан олинадиган уруғлик пахта селекция нави ва экин тўғрисидаги ҳужжатлар уруғлик тайёрловчи корхонада сақланади.

32. Уруғлик пахтани узоқ вақт яхши ҳолатда сақлаш ва ундан сифатли тола ва уруғлик чигит олиш учун уруғлик пахтанинг нави ва синфини ҳисобга олган ҳолда табақалаб ғарамланади.

33. Ёғингарчилик пайтларида уруғлик пахтани ғарамга босиш ман этилади. Бунда, ёпиқ омбор ёки айвонларга уруғлик пахта олинишига рухсат этилади.

34. Ғарамга тўкилган уруғлик пахта майдонининг ҳамма жойига бир текисликда ва қалинликда жойлаштирилиши лозим.

35. Ғарамлаш пайтида уруғлик пахта қўшимча ифлосланмаслиги учун ғарамнинг тўрт томонига 1,5 — 2 m кенгликда эски брезент ёки мато солинади.

36. Ғарамда кейинчалик ўзгариш ҳоллари бўлмаслиги учун уруғлик пахта тўшамаси 0,9-1,0 m дан ортмай туриб, зичлаш керак. Бир кунда битта майдонга 60 — 65 тоннадан ортиқ уруғлик пахта босиш тавсия этилмайди.

37. Ғарамлашда уруғлик пахтани ғарам четидан камида 0,5 m ичкарида, 3,5 — 5 m кенгликда зичлаш керак.

38. Уруғлик пахтани ғарамнинг ҳамма жойига бир текис ёйилишига ва яхши шиббаланишига алоҳида эътибор бериш керак. Ғарамнинг зичланган қисми (чекка қисми) доимо ўрта қисмидан пастроқ бўлиши талаб этилади.

39. Уруғлик пахта ғарамга ҳаво очиқ кунларда ёйиб босилади.

40. Уруғлик пахта ғарамга босиб бўлингач аста-секин чўкади ва 10 — 15 кунда 1 — 1,5 метрга пасаяди ва ғарам кўтариб бўлингач атрофида осилиб қолган пахталар (таралиши) юлиб олиниши керак.

41. Очиқ майдонларда сақланаётган уруғлик пахтанинг устини ёпиш учун ўлчами 8,5×7 m бўлган фақат янги ва биринчи даражали брезентлар билан ёпилиши керак.

42. Ғарамлар ёпиладиган брезентларнинг ўлчами 8,5×7 m бўлса, 25×14 m майдондаги ғарамни ёпиш учун ўнта брезент керак бўлади, бунда тўртта брезентдан иккита брезент тикилади, иккита брезент алоҳида қилиб калта 7 m бўлган томонидан тикилади. Тикилган брезентнинг ўлчами 17×7 m бўлади. Тикилган брезент 17 m бўлган томони билан тахланади.

43. Кенглиги 14 m, гумбаз қисми 2,5 m бўлган ғарамга узунлиги бўйлаб 5 та брезент ёпилади. 25×14 m бўлган ғарамни 8 та брезент билан ёпишда тўртта брезент 7 m ли томонидан тикилади. Ғарамга 17 m бўлган томони билан ёпилади.

44. Ҳар бир брезентга ўртача 30 тонна пахта тўғри келиши керак.

45. Ғарамни усти брезент билан ёпилишидан олдин ғарам устидаги чуқур пайдо бўлишининг олдини олиш керак. Акс ҳолда ёмғир суви тўпланиб пахтага ўтиб кетиши олдини олиш мақсадида пахта ғарами чўккандан кейин ҳосил бўлган паст-баландликлар текисланиб қўйилиши лозим.

46. Намлиги меъёрда бўлган уруғлик пахта ғарамларига орадан 8 — 10 кун, ортиқча намликдаги ғарамлар тиклангач эса 3 — 5 кун ўтгандан кейин узунасига битта туннел очилади ва туннел таги тозаланган ва олд қисми ҳаво айланиши учун доимо очиқ туриши талаб этилади.

47. Омборхоналар ва айвонлар остига босилган пахтада ҳам ғарамлардаги каби туннеллар фақат олд томонидан очилади ва усти брезентлар билан ёпилган ҳолда ҳаво сўрғич ишлатилади.

48. Уруғлик пахта ғарамлари кўтарилгач, уларнинг атрофи ўз вақтида тараш-қирқиш ишлари бажарилади ва фақат янги брезентлар билан ёпилади, унга зудлик билан тунел қазилиб уруғлик пахтанинг вақтинчалик қизиб кетишини олдини олиш учун ҳаво сўрғич қўйилади.

49. Ғарамлардаги уруғлик пахтанинг намлигини ўз вақтида аниқлаш учун уруғлик тайёрлаш корхона лабораторияси сақланаётган пахтанинг ҳароратини ҳар 10 — 15 кунда бир маротаба текшириб туради ва тегишли дафтарга қайд қилади.

50. Уруғлик пахта ғарамлардаги ҳарорати 8 жойдан (4 та бурчак томондан, 4 таси эса ён, олд ва орқа томонлардан) 4 метр чуқурликда ўлчанади. Омборларда сақланган уруғлик пахта ғарамларининг эса эшик томонидан битта жойда, тепа қисмидан 4 — 6 жойдан ўлчанади. Ҳарорат ўлчагич ғарам ичида камида 30 дақиқа туриши лозим.

51. Ўлчанган ҳарорат лабораториянинг уруғлик пахтани сақлаш дафтарида қайд этилади.

52. Сақланаётган уруғлик пахта тўдаларидаги ҳарорат биринчи ўлчашда 30 — 35 °C дан ортиқ бўлса ёки кейинги ўлчашларда бир нуқтанинг ўзида 2-3 даражага ортиб кетса, ғарамдаги иссиқ ва нам ҳавони ҳаво сўргич мосламаси вентиляторлардан фойдаланилган ҳолда сўриб чиқариб ташлаш йўли билан уни совитиш лозим.

53. Ғарам кўтарилгандан ва тегишлича чўккандан кейин қўлда ёки механизмлар ёрдамида унинг узунлиги бўйлаб эни 1,0 m, баландлиги эса 2,0 m ли туннел очилади. Ҳаво сўриб олинишидан аввал бир тарафи туннелнинг 1,5 — 2,0 m узунлигида пахта билан тўсилади ва устига III ва IV даражали брезент билан 2 қават қилиб ёпилади.

54. Ҳаво иссиқ кунларда (ҳарорат 25 — 30 °C дан ортиқ бўлганда) ғарам ичидаги ҳавони кечаси ёки эрта тонгда сўриб олиш мақсадга мувофиқ.

55. Юқори намликдаги уруғлик пахта ҳароратини пасайтириш самарадорлиги ва уруғлик пахтанинг яхши сақланишини таъминлаш ғарамнинг тўғри кўтарилганлигига ҳамда баланд-пастлиги бир хиллигига боғлиқдир. Ғарам баландлиги бутун узунлиги бўйлаб бир хил бўлиши лозим.

56. Уруғлик пахтани ғарамлашда профилактик тарзда ҳавони сўриб олишда бу иш 6 — 8 соатдан кам давом этмаслиги керак. Уруғлик пахта ўз-ўзидан қизиган ҳолларда ҳаво сўриш жараёни ғарам ҳарорати ўлчанаётган саккизта жойда унинг иссиқлиги атроф ҳаво ҳарорати даражасига этгунча давом эттирилади.

57. Ҳавоси сўрилган ғарамларда олдин ўлчанган жойларда ҳар 6 — 8 соатда назорат ўлчови ўтказиб турилиш талаб этилади.

58. Уруғлик пахта тайёрлаш корхонаси томонидан ҳар ўн кунда ғарамлар тўғри босилиши, омборлардан фойдаланиш, сақланаётган уруғлик пахта сифатини ўрганилиши лозим.

59. Қабул қилинган ҳар бир уруғлик пахта ғарамига қуйидагилар кўрсатилган ёрлиқлар осиб қўйилади ва ёрлиқларда қуйидагилар қайд этилади:

хўжалик номи;

маҳсулот номи;

тўда сони ва массаси;

селекцион ва ишлаб чиқаришдаги нав;

синфи;

намлик фоизи;

ифлослик фоизи;

механик шикастланганлик фоизи;

авлоди;

даланинг кўрик гуруҳи;

омбор ёки ғарамнинг тартиб рақами;

ғарамлашнинг бошланган ва тугалланган куни.

60. Ғарамга чакка ўтаётганлиги ва уруғлик пахта намланганлиги аниқланган ҳолларда уруғлик пахтанинг намланган қалинлигини аниқлаш мақсадида ғарамни қудуқсимон қилиб тешиш ва намланган пахтани қуритиш учун ажратиб олиш лозим.

61. Ёғингарчилик бўлиб ўтгандан сўнг барча омборхона, айвон ва ғарамлардаги пахталарни ҳолати ўрганиб чиқилади.

62. Брезент ёки томдан сув ўтган тақдирда намланган пахта ажратиб олиниб, қуритилади, томнинг бузилган жойи зудлик билан тузатилади, ғарамдаги ёпилган брезентларнинг ҳолати текшириб кўрилади.

63. Уруғлик пахтани ғарамларда, сақлаш даврида ариқчалар сув тошиб кетмаслиги учун вақти-вақти билан тозалаб турилади.

64. Уруғлик пахта тайёрлаш корхонаси томонидан қабул қилинган уруғлик пахтанинг қайта ишлашгача бўлган жараёнида ҳар 10 кунда сифатли сақланишини ўрганилади.

Уруғлик пахта ғарамини сақлашда қуйидагилар ўрганилади:

а) ғарам устидан сув ўтиши ва бошқа сабаблар туфайли намлик ортиб кетмаганлиги;

б) ғарамда пахта ўз-ўзидан қизиш жараёни бошланмаганлиги;

в) брезентларда қора доғлар пайдо бўлмаганлиги;

г) ғарамнинг туннеллари бошидаги пахталарни намланмаганлиги;

д) ғарамда тарашлаш қирқиш ишлари амалга оширилганлиги;

е) ғарам чўкмаганлиги агар чўккан бўлса қайта кўтарганлиги;

ж) ғарамга ёпилган брезент арқонлари маҳкамланганлиги;

з) ғарам ёрлиқлари осиб қўйилганлиги;

к) ҳаво сўргичлар ўз вақтида қўйилганлиги;

65. Ҳар бир ўрганиш натижаси пахта тайёрлаш корхонасининг махсус дафтарига қайд қилиб борилади.

66. Уруғлик пахтанинг ҳарорати олдинги ўрганишдаги ҳарорати 1,0 даражага ортиб кетганлиги аниқланса, унинг ҳароратини ҳар куни ўлчаб туриш талаб этилади. Агар кейинги 2-3 ўлчашда ҳароратни тобора ортиб бораётганлиги кузатилса, бу ҳолда вентилятор ёрдамида иссиқ ҳавони сўриб ташлаш йўли билан пахтанинг ўз-ўзидан қизишига йўл қўйилмаслиги шарт.

4-боб. Якуний қоида

67. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Вазир И. АБДУРАҲМОНОВ

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари А. АБДУКАЮМОВ

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д. КАСИМОВ

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А. ХАИТОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 30 май,

2024 йил 29 май

2024 йил 23 май

2024 йил 25 май

2024 йил 25 май

15-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.06.2024 й., 10/24/3522/0451-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vazirining

buyrugʻi

NIZOM

Urugʻlik paxta xom ashyosini jamgʻarish, belgilangan standart talablari boʻyicha saqlash va dastlabki qayta ishlashgacha boʻlgan jarayonning toʻgʻri bajarilishi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 15-dekabrdagi PQ-391-son “Paxtachilikda urugʻchilik tizimini rivojlantirish hamda paxta hosildorligini oshirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Urugʻlik paxta xom ashyosini jamgʻarish, belgilangan standart talablari boʻyicha saqlash va dastlabki qayta ishlashgacha boʻlgan jarayonning toʻgʻri bajarilishi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi va Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi bilan kelishilgan.

3. Ushbu buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vazirining 2024-yil 30-maydagi 15-son buyrugʻiga ILOVA

Urugʻlik paxta xom ashyosini jamgʻarish, belgilangan standart talablari boʻyicha saqlash va dastlabki qayta ishlashgacha boʻlgan jarayonning toʻgʻri bajarilishi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom urugʻlik paxta xom ashyosini tayyorlovchi korxonalarda (bundan buyon matnda urugʻlik tayyorlash korxonalari deb yuritiladi) urugʻlik paxta xom ashyosini jamgʻarish, belgilangan standart talablari boʻyicha saqlash va dastlabki qayta ishlashgacha boʻlgan jarayonning toʻgʻri bajarilishi tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

urugʻlik paxta — urugʻlik chigit olish uchun moʻljallanib, ekilgan maydonlardan terilgan paxta;

urugʻlik paxta gʻarami (bundan buyon matnda gʻaram deb yuritiladi) — seleksiya navi, avlodi va sanoat navi, tipi, sinfi bir xil boʻlgan urugʻlik paxtani maxsus saqlash maydonchalarida jamgʻarish;

urugʻlik tayyorlash korxonasi — urugʻlik paxtani qabul qilish, uni jamlab, gʻaramlarda sifatli saqlanishini amalga oshiruvchi korxona (maskan);

urugʻlik paxta toʻdasi — bir vaqtda, bir xil daladan, bir xil seleksion nav, avlodi bir xil, nav tozaligi, bir xil sanoat navi tegishli hujjat bilan rasmiylashtiriladigan urugʻlik paxta miqdori.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Urugʻchilikni rivojlantirish markazi urugʻlik yetishtirish uchun foydalaniladigan maydonlarda oʻtkazilgan aprobatsiya natijalariga muvofiq urugʻlik paxtaning seleksiya navi, avlodi, urugʻlik tayyorlash rejasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni har yili 1-sentabrga qadar urugʻlik tayyorlash korxonalariga yetkazadi.

2-bob. Urugʻlik tayyorlash korxonalarida urugʻlik paxtani jamgʻarishga tayyorgarlik koʻrish

3. Urugʻlik paxta xom ashyosini qabul qilib olish va jamlash texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar asosida amalga oshiriladi.

4. Urugʻlik paxtani qabul qilish boshlangunga qadar urugʻlik tayyorlash korxonalari quyidagilarni amalga oshirishi lozim:

urugʻlik paxta xom ashyosining seleksiya navi, avlodi boʻyicha joylashtirish rejasini ishlab chiqish va tasdiqlash, bunda urugʻlik paxta toʻdasining seleksiya navi (duragaylar), avlodlar, nav tozaligi, toifalari, namligi, iflosligi va chigitlarning mexanik shikastlanishi hisobga olish;

urugʻlik paxtani seleksiya navi (duragaylar) boʻyicha joylashtirish, rasmiylashtirish uchun kerakli miqdorda qanor-qoplar, yorliqlar, plombalar, nav hujjatlari blankalarini tayyorlash;

sentabr va oktabr oylarida keltirilgan urugʻlik paxtani seleksion va sanoat navlari, sinflari boʻyicha avlodi va dala guruhi koʻrsatilgan holda alohida toʻdalarga jamgʻarilishiga tayyorgarlik koʻrish;

urugʻlik paxta topshiruvchi paxta-toʻqimachilik klasterlari, fermer xoʻjaliklari, elita urugʻchilik xoʻjaliklari va boshqa qishloq xoʻjaligi tashkilotlari (bundan buyon matnda urugʻchilik subyektlari deb yuritiladi) tomonidan keltirilayotgan mashinada yoki qoʻlda terilgan urugʻlik paxtani alohida qabul qilishga tayyorgarlik koʻrish;

yongʻinga qarshi kurash boʻyicha ogohlantiruvchi yozuvlarni koʻrinadigan joylarga osib qoʻyish;

urugʻlik paxtani tahlil qilish laboratoriyasining zarur oʻlchash vositalari, sinov uskunalari, reaktivlar va boshqa vositalar bilan taʼminlash, metrologik koʻrikdan oʻtgan laboratoriya uskunalaridan foydalanish;

brezentlar, laboratoriya jihozlari, asbob uskunalar, oʻrov va boshqa talab etiladigan xoʻjalik materiallar zaxirasini yaratish;

traktor, boshqa mexanizmlardan foydalanishda texnika xavfsizligi qoidalariga rioya etish boʻyicha tadbirlarni oʻtkazish.

5. Har bir urugʻlik tayyorlash korxonalarida uzunligi 6 — 9 metrli koʻchma narvonlar boʻlishi kerak.

6. Gʻaram maydonining oʻlchami eni 14 m, uzunligi 25 m boʻlishi kerak.

7. Gʻaram maydoni markazining yuzasi yomgʻir suvlari oqib ketishi uchun 5 — 7 sm balandroq boʻlishi lozim.

8. Yomgʻir suvlarini va yer osti suvlarini chiqarib tashlash uchun gʻaram maydonining atrofida (toʻrt tomoni) suv chiqib ketadigan ariqchalar ochiladi. Ushbu ariqchalar gʻaram maydoni chetidan 0,7 m uzoqlikda boʻlishi kerak. Gʻaram maydoni bilan ariqcha orasidagi masofa paxta buzilishining oldini olish uchun asfaltlanadi.

9. Yer osti suvlari yuqori joylashgan yerlarda ariqchalar 20 — 25 sm chuqurlikda, boshqa joylarda esa tuproq tarkibini hisobga olgan holda 50 — 60 sm chuqurlikda qaziladi.

10. Gʻaram maydoni yer sathidan 40 sm baland qilib koʻtarilishi kerak, unga asfalt yotqiziladi. Gʻaram maydonining oʻrtasidan tunnelni toʻgʻri qazish uchun maxsus chiziq bilan belgilab qoʻyiladi.

11. Urugʻlik tayyorlash korxonalari hududida, urugʻlik paxta qabul qilinayotgan maydonchalari taʼmirlangan, hudud asfaltlangan, tozalangan va zararkunandalarga qarshi dezinfeksiyalangan va omborlarda oʻtgan yillardan qolgan paxta va chigit qoldiqlaridan tozalangan boʻlishi lozim.

12. Urugʻlik paxtaning original (superelita), elita avlodi omborlarga qabul qilinadi. Bunda, ushbu omborlarning tomlari, devorlari, pastki qismi (pol) eshiklari taʼmirlangan va dezinfeksiyalangan, derazalariga oyna solingan, elektr yoritqichlar turli himoya qalpoqlar bilan taʼminlangan boʻlishi lozim.

3-bob. Urugʻlik tayyorlash korxonalarida urugʻlik paxtani qabul qilish, saqlash va dastlabki qayta ishlashgacha amalga oshiriladigan tadbirlar

1-§ Urugʻlik paxtani qabul qilish

13. Urugʻlik tayyorlash korxonalari, urugʻchilik subyektlari tomonidan topshirilayotgan urugʻlik paxtani aprobatsiya dalolatnomalari asosida seleksion navi, avlodi va miqdori boʻyicha asosiy va zaxira fondiga qabul qiladi.

14. Urugʻlik tayyorlash korxonalari urugʻlik paxtani quyidagi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga asosan qabul qiladi:

Oʻz DSt 592:2008 “Paxta. Ifloslikni aniqlash usullari”;

Oʻz DSt 593:2008 “ Paxta. Paxta tolasining tavsifnomalarini aniqlash usullari ”;

Oʻz DSt 615:2008 “ Paxta. Texnikaviy shartlar ”;

Oʻz DSt 642:2013 “ Urugʻlik paxta. Texnikaviy shartlar ”;

GOST 9679.0-2009 “Paxta xom ashyosidan namunani tanlab olish usullari”.

15. Urugʻchilik subyektlari tomonidan urugʻlik tayyorlovchi korxonalarga urugʻlik paxtani topshirish jarayoni 3 bosqichda amalga oshiriladi. Bunda:

1-bosqichda keltirilgan urugʻlik paxtalardan namuna olinib, sanoat navi va sinfi aniqlanadi hamda ushbu namuna laboratoriyaga ifloslik va namlikni aniqlash uchun joʻnatiladi;

2-bosqichda urugʻlik paxta elektron tarozida oʻlchanadi;

3-bosqichda urugʻlik paxtaning belgilangan gʻaramga tushirilishini tashkil qiladi.

16. Urugʻlik tayyorlovchi korxonalarga topshirilayotgan urugʻlik paxta sanoat navi organoleptik tashqi koʻrinishini etalon namunalar koʻz bilan koʻrib solishtirish yoʻli bilan va namlik va ifloslik instrumental priborlar yordamida aniqlanadi.

17. Urugʻlik paxta qabul qilinayotganda urugʻlik tayyorlovchi korxona laboratoriyasiga keltirilgan urugʻlik paxtaga berilgan nav hujjatidagi yozuvlar aprobatsiya dalolatnomalariga mos kelish-kelmasligini urugʻlik tayyorlovchi korxonaning masʼul xodimi tekshiradi va aprobatsiya dalolatnomasiga asosan urugʻlik paxtani topshirish rejasi boʻyicha qabul qiladi.

18. Namuna oluvchi urugʻlik topshiruvchi ishtirokida urugʻlik paxtadan namunalarni tanlab oladi va etalonlar namunalarga solishtirib sanoat navini aniqlaydi va laboratoriya jurnalida qayd qiladi.

19. Topshirilayotgan urugʻlik paxtaning sanoat navi koʻrsatkichlar boʻyicha eʼtirozlar yuzaga kelganda qayta namunalar olinib, laboratoriyada paxtaning pishib yetilganlik koeffitsiyenti boʻyicha tahlillar amalga oshiriladi va yakuniy xulosa chiqariladi.

20. Namuna oluvchi va operator har bir namunaning toʻgʻri olinishiga shaxsan masʼul hisoblanadi.

Olingan namunalar uch kun ichida paxta urugʻchiligi laboratoriyasiga 1 kg urugʻlik paxta chigitini uning mexanik shikastlanganlik darajasini aniqlash uchun beriladi. Paxtaning qolgan qismidan laboratoriyada tolasi ajratiladi, olingan chigit esa pishib yetilganligi va unuvchanligini aniqlash uchun paxta urugʻchiligi laboratoriyasiga joʻnatiladi.

21. Urugʻlik paxtani qabul qilishda xom terilgan va kasallikka uchragan paxtani qabul qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

22. Urugʻlik paxtani topshirishda kunning yorugʻ vaqtlarida qabul qilish va jamlash talab etiladi.

23. Urugʻlik tayyorlash korxonalari laborantlari urugʻlik paxtaning har bir toʻdasini gʻaramlash vaqtida namunalar olinib tahlil qilib boradi.

24. Olingan har bir namunaga urugʻlik tayyorlash korxona laboranti imzolagan toʻda raqami, paxtaning seleksion navi, avlodi, sanoat navi, sinfi, toʻdani jamlash boshlangan, tugagan vaqti va uning vazni, namuna olingan muddati koʻrsatilgan yorliq yopishtiriladi.

25. Kun davomida navdorlik sifat koʻrsatkichlari jihatidan bir xil navli, avlodli va toifali, urugʻlik paxta bir necha marotaba topshirsa, navli urugʻlik paxta tahlili va ularni qabul qilishni rasmiylashtirish kunlik har bir namunalar boʻyicha amalga oshiriladi.

26. Topshirilayotgan urugʻlik paxtaning sanoat navi sinfi va boshqa sifat koʻrsatkichlari tahlil natijalariga koʻra eʼtiroz boʻlgan taqdirda quyidagilar amalga oshirilish shart:

a) tahlillar oʻtkazish uchun urugʻlik tayyorlovchi korxonaning laboratoriyasi paxtadan takroriy namuna oladi:

b) olingan namunalar urugʻlik tayyorlovchi korxona va urugʻchilik subyektlar ishtirokida bahsli namuna muhrlanadi hamda laboratoriya boshligʻi tomonidan tegishli dalolatnoma tuziladi;

d) namuna paxta tayyorlash korxonasining laboratoriyasiga joʻnatiladi va takroriy tahlil oʻtkaziladi;

e) takroriy tahlil natijalari boʻyicha qayta hisob-kitob qilinadi.

27. Topshirilayotgan urugʻlik paxta Oʻz DSt 642:2013 “Urugʻlik Paxta. Texnikaviy shartlar” standartiga javob bermaganda uning sabablari koʻrsatiladi va urugʻlik yetishtiruvchi subyektga qaytariladi yoki uning roziligi bilan urugʻlik tayyorlash korxonalariga texnik paxta sifatida topshiriladi.

28. Urugʻlik paxtani qabul qilish jarayonida nizolar urugʻlik tayyorlash korxonasining laboratoriyasi tomonidan sifat koʻrsatkichlari qabul qilgunga qadar hal qilinadi.

2-§ Urugʻlik paxtani qabul qilish gʻaramlash va dastlabki qayta ishlashgacha saqlash

29. Urugʻlik paxta sifati aniqlanganidan keyin urugʻlik tayyorlovchi korxona laboratoriyasi xodimi ularni dislokatsiyaga muvofiq joylashtirish uchun urugʻchilik subyektiga koʻrsatma beradi.

30. Urugʻlik paxtaning original (superelita), elita avlodlari yangi qanor-qoplarga solinadi hamda ular quruq, toza va usti yopiq ayvonlarda saqlanadi. Qanor-qoplar esa taxtadan qilingan taglik ustiga taxlab qoʻyiladi.

31. Qabul qilish paytida urugʻchilik subyektidan olinadigan urugʻlik paxta seleksiya navi va ekin toʻgʻrisidagi hujjatlar urugʻlik tayyorlovchi korxonada saqlanadi.

32. Urugʻlik paxtani uzoq vaqt yaxshi holatda saqlash va undan sifatli tola va urugʻlik chigit olish uchun urugʻlik paxtaning navi va sinfini hisobga olgan holda tabaqalab gʻaramlanadi.

33. Yogʻingarchilik paytlarida urugʻlik paxtani gʻaramga bosish man etiladi. Bunda, yopiq ombor yoki ayvonlarga urugʻlik paxta olinishiga ruxsat etiladi.

34. Gʻaramga toʻkilgan urugʻlik paxta maydonining hamma joyiga bir tekislikda va qalinlikda joylashtirilishi lozim.

35. Gʻaramlash paytida urugʻlik paxta qoʻshimcha ifloslanmasligi uchun gʻaramning toʻrt tomoniga 1,5 — 2 m kenglikda eski brezent yoki mato solinadi.

36. Gʻaramda keyinchalik oʻzgarish hollari boʻlmasligi uchun urugʻlik paxta toʻshamasi 0,9-1,0 m dan ortmay turib, zichlash kerak. Bir kunda bitta maydonga 60 — 65 tonnadan ortiq urugʻlik paxta bosish tavsiya etilmaydi.

37. Gʻaramlashda urugʻlik paxtani gʻaram chetidan kamida 0,5 m ichkarida, 3,5 — 5 m kenglikda zichlash kerak.

38. Urugʻlik paxtani gʻaramning hamma joyiga bir tekis yoyilishiga va yaxshi shibbalanishiga alohida eʼtibor berish kerak. Gʻaramning zichlangan qismi (chekka qismi) doimo oʻrta qismidan pastroq boʻlishi talab etiladi.

39. Urugʻlik paxta gʻaramga havo ochiq kunlarda yoyib bosiladi.

40. Urugʻlik paxta gʻaramga bosib boʻlingach asta-sekin choʻkadi va 10 — 15 kunda 1 — 1,5 metrga pasayadi va gʻaram koʻtarib boʻlingach atrofida osilib qolgan paxtalar (taralishi) yulib olinishi kerak.

41. Ochiq maydonlarda saqlanayotgan urugʻlik paxtaning ustini yopish uchun oʻlchami 8,5×7 m boʻlgan faqat yangi va birinchi darajali brezentlar bilan yopilishi kerak.

42. Gʻaramlar yopiladigan brezentlarning oʻlchami 8,5×7 m boʻlsa, 25×14 m maydondagi gʻaramni yopish uchun oʻnta brezent kerak boʻladi, bunda toʻrtta brezentdan ikkita brezent tikiladi, ikkita brezent alohida qilib kalta 7 m boʻlgan tomonidan tikiladi. Tikilgan brezentning oʻlchami 17×7 m boʻladi. Tikilgan brezent 17 m boʻlgan tomoni bilan taxlanadi.

43. Kengligi 14 m, gumbaz qismi 2,5 m boʻlgan gʻaramga uzunligi boʻylab 5 ta brezent yopiladi. 25×14 m boʻlgan gʻaramni 8 ta brezent bilan yopishda toʻrtta brezent 7 m li tomonidan tikiladi. Gʻaramga 17 m boʻlgan tomoni bilan yopiladi.

44. Har bir brezentga oʻrtacha 30 tonna paxta toʻgʻri kelishi kerak.

45. Gʻaramni usti brezent bilan yopilishidan oldin gʻaram ustidagi chuqur paydo boʻlishining oldini olish kerak. Aks holda yomgʻir suvi toʻplanib paxtaga oʻtib ketishi oldini olish maqsadida paxta gʻarami choʻkkandan keyin hosil boʻlgan past-balandliklar tekislanib qoʻyilishi lozim.

46. Namligi meʼyorda boʻlgan urugʻlik paxta gʻaramlariga oradan 8 — 10 kun, ortiqcha namlikdagi gʻaramlar tiklangach esa 3 — 5 kun oʻtgandan keyin uzunasiga bitta tunnel ochiladi va tunnel tagi tozalangan va old qismi havo aylanishi uchun doimo ochiq turishi talab etiladi.

47. Omborxonalar va ayvonlar ostiga bosilgan paxtada ham gʻaramlardagi kabi tunnellar faqat old tomonidan ochiladi va usti brezentlar bilan yopilgan holda havo soʻrgʻich ishlatiladi.

48. Urugʻlik paxta gʻaramlari koʻtarilgach, ularning atrofi oʻz vaqtida tarash-qirqish ishlari bajariladi va faqat yangi brezentlar bilan yopiladi, unga zudlik bilan tunel qazilib urugʻlik paxtaning vaqtinchalik qizib ketishini oldini olish uchun havo soʻrgʻich qoʻyiladi.

49. Gʻaramlardagi urugʻlik paxtaning namligini oʻz vaqtida aniqlash uchun urugʻlik tayyorlash korxona laboratoriyasi saqlanayotgan paxtaning haroratini har 10 — 15 kunda bir marotaba tekshirib turadi va tegishli daftarga qayd qiladi.

50. Urugʻlik paxta gʻaramlardagi harorati 8 joydan (4 ta burchak tomondan, 4 tasi esa yon, old va orqa tomonlardan) 4 metr chuqurlikda oʻlchanadi. Omborlarda saqlangan urugʻlik paxta gʻaramlarining esa eshik tomonidan bitta joyda, tepa qismidan 4 — 6 joydan oʻlchanadi. Harorat oʻlchagich gʻaram ichida kamida 30 daqiqa turishi lozim.

51. Oʻlchangan harorat laboratoriyaning urugʻlik paxtani saqlash daftarida qayd etiladi.

52. Saqlanayotgan urugʻlik paxta toʻdalaridagi harorat birinchi oʻlchashda 30 — 35 °C dan ortiq boʻlsa yoki keyingi oʻlchashlarda bir nuqtaning oʻzida 2-3 darajaga ortib ketsa, gʻaramdagi issiq va nam havoni havo soʻrgich moslamasi ventilyatorlardan foydalanilgan holda soʻrib chiqarib tashlash yoʻli bilan uni sovitish lozim.

53. Gʻaram koʻtarilgandan va tegishlicha choʻkkandan keyin qoʻlda yoki mexanizmlar yordamida uning uzunligi boʻylab eni 1,0 m, balandligi esa 2,0 m li tunnel ochiladi. Havo soʻrib olinishidan avval bir tarafi tunnelning 1,5 — 2,0 m uzunligida paxta bilan toʻsiladi va ustiga III va IV darajali brezent bilan 2 qavat qilib yopiladi.

54. Havo issiq kunlarda (harorat 25 — 30 °C dan ortiq boʻlganda) gʻaram ichidagi havoni kechasi yoki erta tongda soʻrib olish maqsadga muvofiq.

55. Yuqori namlikdagi urugʻlik paxta haroratini pasaytirish samaradorligi va urugʻlik paxtaning yaxshi saqlanishini taʼminlash gʻaramning toʻgʻri koʻtarilganligiga hamda baland-pastligi bir xilligiga bogʻliqdir. Gʻaram balandligi butun uzunligi boʻylab bir xil boʻlishi lozim.

56. Urugʻlik paxtani gʻaramlashda profilaktik tarzda havoni soʻrib olishda bu ish 6 — 8 soatdan kam davom etmasligi kerak. Urugʻlik paxta oʻz-oʻzidan qizigan hollarda havo soʻrish jarayoni gʻaram harorati oʻlchanayotgan sakkizta joyda uning issiqligi atrof havo harorati darajasiga etguncha davom ettiriladi.

57. Havosi soʻrilgan gʻaramlarda oldin oʻlchangan joylarda har 6 — 8 soatda nazorat oʻlchovi oʻtkazib turilish talab etiladi.

58. Urugʻlik paxta tayyorlash korxonasi tomonidan har oʻn kunda gʻaramlar toʻgʻri bosilishi, omborlardan foydalanish, saqlanayotgan urugʻlik paxta sifatini oʻrganilishi lozim.

59. Qabul qilingan har bir urugʻlik paxta gʻaramiga quyidagilar koʻrsatilgan yorliqlar osib qoʻyiladi va yorliqlarda quyidagilar qayd etiladi:

xoʻjalik nomi;

mahsulot nomi;

toʻda soni va massasi;

seleksion va ishlab chiqarishdagi nav;

sinfi;

namlik foizi;

ifloslik foizi;

mexanik shikastlanganlik foizi;

avlodi;

dalaning koʻrik guruhi;

ombor yoki gʻaramning tartib raqami;

gʻaramlashning boshlangan va tugallangan kuni.

60. Gʻaramga chakka oʻtayotganligi va urugʻlik paxta namlanganligi aniqlangan hollarda urugʻlik paxtaning namlangan qalinligini aniqlash maqsadida gʻaramni quduqsimon qilib teshish va namlangan paxtani quritish uchun ajratib olish lozim.

61. Yogʻingarchilik boʻlib oʻtgandan soʻng barcha omborxona, ayvon va gʻaramlardagi paxtalarni holati oʻrganib chiqiladi.

62. Brezent yoki tomdan suv oʻtgan taqdirda namlangan paxta ajratib olinib, quritiladi, tomning buzilgan joyi zudlik bilan tuzatiladi, gʻaramdagi yopilgan brezentlarning holati tekshirib koʻriladi.

63. Urugʻlik paxtani gʻaramlarda, saqlash davrida ariqchalar suv toshib ketmasligi uchun vaqti-vaqti bilan tozalab turiladi.

64. Urugʻlik paxta tayyorlash korxonasi tomonidan qabul qilingan urugʻlik paxtaning qayta ishlashgacha boʻlgan jarayonida har 10 kunda sifatli saqlanishini oʻrganiladi.

Urugʻlik paxta gʻaramini saqlashda quyidagilar oʻrganiladi:

a) gʻaram ustidan suv oʻtishi va boshqa sabablar tufayli namlik ortib ketmaganligi;

b) gʻaramda paxta oʻz-oʻzidan qizish jarayoni boshlanmaganligi;

v) brezentlarda qora dogʻlar paydo boʻlmaganligi;

g) gʻaramning tunnellari boshidagi paxtalarni namlanmaganligi;

d) gʻaramda tarashlash qirqish ishlari amalga oshirilganligi;

e) gʻaram choʻkmaganligi agar choʻkkan boʻlsa qayta koʻtarganligi;

j) gʻaramga yopilgan brezent arqonlari mahkamlanganligi;

z) gʻaram yorliqlari osib qoʻyilganligi;

k) havo soʻrgichlar oʻz vaqtida qoʻyilganligi;

65. Har bir oʻrganish natijasi paxta tayyorlash korxonasining maxsus daftariga qayd qilib boriladi.

66. Urugʻlik paxtaning harorati oldingi oʻrganishdagi harorati 1,0 darajaga ortib ketganligi aniqlansa, uning haroratini har kuni oʻlchab turish talab etiladi. Agar keyingi 2-3 oʻlchashda haroratni tobora ortib borayotganligi kuzatilsa, bu holda ventilyator yordamida issiq havoni soʻrib tashlash yoʻli bilan paxtaning oʻz-oʻzidan qizishiga yoʻl qoʻyilmasligi shart.

4-bob. Yakuniy qoida

67. Mazkur Nizom talablarini buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Vazir I. ABDURAHMONOV

Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi direktori oʻrinbosari A. ABDUKAYUMOV

Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV

Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil D. KASIMOV

Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi raisi A. XAITOV

Toshkent sh.,

2024-yil 30-may,

2024-yil 29-may

2024-yil 23-may

2024-yil 25-may

2024-yil 25-may

15-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.06.2024-y., 10/24/3522/0451-son)

lex.uz