UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 27-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 27 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 27 июня 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 27 June 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Жазони ижро этиш муассасаларининг алоҳида хусусиятини инобатга олган ҳолда, уларнинг мулки, бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш, инсон омилини истисно этадиган замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг маиший шароитларини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи:

а) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг мулки, бино ва иншоотларини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:

жазони ижро этиш муассасаларига тегишли давлат мулкини ижарага бериш шартлари;

жазони ижро этиш муассасаларига тегишли давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон танлов натижаларини расмийлаштириш ва ижара шартномасини тузиш;

жазони ижро этиш муассасаларининг ижара муносабатларидаги иштироки ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

ижара тўловларининг ҳисоб-китоб тартиби;

ижарага берилаётган мулкларни ҳисобга олиш, ҳисоботини юритиш ва назорат қилиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларига Face-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиоскларни ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

жазони ижро этиш муассасаларида инфокиоскларни ўрнатиш бўйича танловни ташкил этиш ва ўтказиш;

жазони ижро этиш муассасаларида инфокиоскларни ўрнатиш бўйича танлов мезонлари ва ғолибни аниқлаш тартиби;

жазони ижро этиш муассасаларида инфокиоскларни ўрнатиш бўйича танловнинг ғолиби билан инвестиция мажбуриятларини ўз ичига олувчи шартномани расмийлаштириш.

2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бир ой муддатда инвестиция киритиш орқали жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар, шу жумладан, уларнинг қариндошлари томонидан қонун билан тақиқланмаган буюмларни эркин бозор механизмларига асосланган электрон дўконлар орқали сотиб олиш имкониятини яратиш учун Face-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиоскларни жазони ижро этиш муассасаларига ўрнатиш истагини билдирган инвесторларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқлаш чораларини кўрсин.

3. Белгилансинки:

а) «E-auksion» электрон савдо платформасига талабгорлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар реал вақт режимида тақдим этиб борилади:

талабгорнинг солиқ органларидан қарздорлиги бўйича маълумотлар — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг ахборот тизимидан;

талабгорнинг ижро ишлари бўйича қарздорлиги ҳақидаги маълумотлар — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ахборот тизимидан;

талабгорнинг тугатиш жараёнида эканлиги ёки банкрот деб топилганлиги ҳақидаги маълумотлар — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ахборот тизимидан;

талабгорга қўйилган талаблар (раҳбарлари, таъсисчилари жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши жиноят содир этганлиги учун судланганлиги) бўйича маълумотлар — «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали берилган сўровга асосан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти Ҳуқуқий статистика бош маркази томонидан;

б) жазони ижро этиш муассасаларининг мулкини, бино ва иншоотларини ижарага беришдан тушадиган маблағларнинг мазкур ташкилотларга тақсимланган қисми жазони ижро этиш муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда жорий таъмирлаш, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг маиший шароитларини яхшилашга йўналтирилади;

в) қонунчиликка мувофиқ жазони ижро этиш муассасалари ҳудудида сотиладиган товарларнинг энг юқори чегараланган нархи ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан нархларни тартибга солиш органи билан келишилган ҳолда бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгиланади.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 июндаги 358-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг мулки, бино ва иншоотларини ижарага бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти (кейинги ўринларда — Жазони ижро этиш департаменти) ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг алоҳида хусусиятидан келиб чиққан ҳолда уларнинг мулкини, бино ва иншоотларини юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларига электрон танлов асосида ижарага бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

«E-auksion» электрон савдо платформаси (кейинги ўринларда — савдо платформаси) — электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун зарур ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, танловда иштирок этиш истаги бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай аукцион ва танловлар жараёнига кириш ҳамда уларда қатнашиш имконини таъминлайдиган ахборот тизими;

«online-ijara.uz» ахборот тизими — ижарага берувчининг балансда сақловчидан ёки ижарага олувчидан аризаларни қабул қилиш, балансда сақловчи ва ижарага олувчиларга ахборот юбориш, ижара шартномаларига келишувларни расмийлаштириш, ижара шартномаларини рўйхатга олиш имконини берадиган ахборот тизими;

балансда сақловчи — Жазони ижро этиш департаменти ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасалари;

ижарага берувчи — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг (кейинги ўринларда — Марказ) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари;

ижарага олувчи — ушбу Низомда белгиланган тартиб ва шартларда объект (унинг бир қисми)ни ижара шартномаси асосида фойдаланишга олувчи юридик шахс (Ўзбекистон Республикаси резиденти);

объект — Жазони ижро этиш департаменти ва унинг тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларига тегишли давлат мулки;

оператор — савдо платформасида аукцион ва танловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш ваколати берилган «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» акциядорлик жамияти;

талабгор — балансда сақловчи томонидан белгиланган мақсадларда ва таклиф этилган шартларда фойдаланиш учун талабгорларни танлаш бўйича танловда иштирок этиш ниятини билдирган, танловга қадар камида бир йил давомида фаолият юритиб келаётган юридик шахс (Ўзбекистон Республикаси резиденти);

хабарнома — савдо платформасида объект бўйича танлов ўтказилиши ҳақидаги ахборот;

шахсий кабинет — балансда сақловчига, ижарага берувчига ҳамда ижарага олувчига объектнинг ижарага берилишини, ижара шартномаси расмийлаштирилишини ҳамда балансда сақловчи ва ижарага олувчининг ижарага берувчи билан ўзаро ахборот алмашиш имконини берувчи «online-ijara.uz» ахборот тизимининг махсус бўлими;

электрон танлов (кейинги ўринларда — танлов) — савдо платформаси орқали танлов объекти бўйича танлов ҳужжатларининг мезони ва шартларига мувофиқ талабгорлар томонидан тақдим этилган энг яхши таклифларни танлаш орқали ижарага олувчини аниқлаш шакли.

3. Объектлар қонун билан тақиқланмаган фаолиятни юритиш учун ижарага олувчиларга танлов асосида ижарага берилади.

Танловларни ташкил этиш ва ўтказишнинг мазкур Низом талабларига зид келмайдиган қисми Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.

Объектларни ижарага бериш балансда сақловчининг ишлаб чиқариш ва/ёки молиявий кўрсаткичлари ёмонлашишига олиб келадиган бўлса, шунингдек, Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг алоҳида хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш корхоналарини ижарага бериш мумкин эмас.

4. Танлов қонунийлик, очиқлик, шаффофлик, холислик, иштирокчиларга тенг шароитлар яратиш тамойилларига мувофиқ ўтказилади.

2-боб. Объектни ижарага бериш шартлари

5. Объект ижарага бериш учун танловга чиқарилганда, ижара бериш муддати бир йил этиб белгиланади.

Бунда ушбу муддат балансда сақловчининг асослантирилган мурожаати асосида камайтирилиши мумкин.

Ижарага олувчи томонидан ижара шартномаси шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилганда, ижара муддати келгуси даврга узайтирилади.

Объектни бир ижара шартномаси доирасида ижарага беришнинг энг кўп муддати беш йилни ташкил этади.

Ушбу бандда назарда тутилган энг кўп муддатлар тугагач, объект умумий асосларда ижарага берилади.

6. Ижарага берувчи томонидан ижара шартномаси муддати тугашидан бир ой олдин ижара шартномаси шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган тақдирда, ижарага олувчига ижара шартномасининг муддати келгуси давр учун узайтирилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш хати юборилади.

7. Агар ижара шартномасининг муддати тугаганидан кейин ҳам ижарага олувчи мулкдан фойдаланишни давом эттирса ва ижарага берувчи бунга эътироз билдирмаган бўлса, шартнома аввалги шартлар асосида қайтадан тузилган ҳисобланади.

Ижарага олувчи томонидан ижара шартномаси шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилганда, ижарага олувчи шартнома муддатини узайтирмаслик тўғрисида мурожаат қилмаган бўлса, ижара муддати навбатдаги муддатга узайтирилган ҳисобланади.

8. Ижарага олувчи ижара мулки ижаранинг бутун муддати давомида ундан мақсадли фойдаланилиши, унинг яхлитлиги ва бут сақланиши бўйича мажбуриятини ўз зиммасига олади.

9. Ижарага олувчи ижарага берилган объект (унинг бир қисми)ни ўзга шахсларга субижара (фойдаланиш)га бериши, гаровга қўйиши ёки бошқача тарзда (вақтинча) учинчи шахсга ўтказиши тақиқланади. Бу каби ҳолатлар аниқланганда, ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.

10. Ижарага олувчи ижара шартномаси шартларини лозим даражада бажармаган тақдирда, ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.

11. Ижара шартномасини бекор қилиш, ўзгартириш ва муддатини узайтириш томонларнинг келишувига асосан ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

12. Балансда сақловчи объектни ижарага бериш мақсадида ижарага берувчига қуйидагиларни кўрсатган ҳолда, «online-ijara.uz» ахборот тизими орқали ўзининг шахсий кабинетидан электрон ариза тақдим этади:

объектнинг номи, тавсифи, жойлашган ери (почта манзили);

объектнинг ижарага бериладиган майдони;

объектнинг коммуникациялар (сув, газ, электр энергияси, канализация тармоғи) билан таъминланганлиги тўғрисида маълумот;

балансда сақловчининг объектга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ва объектнинг ижарага бериладиган майдонини кўрсатган ҳолда кадастр ҳужжати нусхаси;

объектнинг камида 4 та фотосурати;

объектдан фойдаланиш мақсади (амалга ошириладиган фаолият тури);

ижарага олувчига қўйиладиган талаблар (мажбуриятлар);

балансда сақловчининг асосланган сўровига кўра бошқа маълумотлар.

13. Ижарага берувчи таклифни уч иш кунида кўриб чиқиб, объектни ижарага бериш юзасидан операторга электрон буюртма юборади.

14. Балансда сақловчининг аризасида ушбу Низомнинг 12-бандидаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган бўлса, ижарага берувчи аризани икки кун муддатда маълумотларни тўлиқ кўрсатган ҳолда тақдим этиш учун балансда сақловчига қайтаради.

Балансда сақловчи томонидан камчиликлар бартараф этилгандан кейин берилган ариза ижарага берувчи томонидан умумий тартибда кўриб чиқилади.

15. Объектни танловга чиқаришда ижара ҳақининг бошланғич нархи балансда сақловчи томонидан аризада кўрсатилган фаолият тури ва ижарага бериладиган майдондан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган объект (бино ва иншоотлар)дан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдорида белгиланади.

16. Объект (бино ва иншоотлар)дан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдори қуйидагича ҳисоблаб чиқилади:

Тс=Эс*Кз*(Кқ+Кҳ+Ко)

Бунда:

Тс — объектдан фойдаланганлик учун бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам миқдори;

Эс — давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам ставкаси;

Кз — ҳудудий зоналар коэффициенти;

Кқ — қурилиш тури бўйича коэффициент;

Кҳ — туташиб кетган ҳудуддан фойдаланиш коэффициенти;

Ко — тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (асосий автотранспорт йўллари бўйлаб жойлашиш, иккинчи даражали автотранспорт йўлларига чиқишда жойлашиш ва бошқалар).

Қурилиш тури бўйича коэффициент (Кқ), туташиб кетган ҳудуддан фойдаланиш коэффициенти (Кҳ) ва тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (Ко)нинг йиғиндиси 1 бирликдан кам бўлган тақдирда, яхлитланган ҳолда 1 бирликка тенг ҳисобланади.

17. Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли коэффициентлар белгиланган ҳолда ҳар йили тасдиқланади.

Объектларни ижарага беришдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сон Фармонида белгиланган тартибда тақсимланади.

18. Хабарнома танлов бошланишидан камида ўттиз кун аввал савдо платформасида эълон қилинади.

Хабарномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

танлов шакли, ўтказиладиган санаси, танлов натижаларини эълон қилиш вақти;

лот рақами, ижарага берилаётган объектнинг номи, тавсифи, балансда сақловчининг номи;

танловда қатнашиш учун ариза қабул қилишни якунлаш санаси ва вақти;

ижара муддати;

таклифларни ва уларга илова қилинаётган ҳужжатларни тақдим қилиш тартиби;

ижара суммаси ва закалат пулининг миқдори;

танлов объектини олдиндан кўриш (кўздан кечириш) тартиби;

объектнинг жойлашган ери, фотосурати ва геолокацияси (мавжуд бўлса);

буюртмачининг жойлашган ери (почта манзили), боғланиш учун телефон рақами, электрон почта манзили;

Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг алоҳида хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, ижарага берилаётган объектдан фойдаланиш тартиби ва шартлари, балансда сақловчи томонидан ижарага олувчига қўйилган мажбуриятлар.

19. Талабгорга қуйидаги ҳолларда танловда иштирок этиши автоматик тарзда рад этилади:

закалат пули белгиланган миқдорда тўланмаганда;

талабгор жисмоний шахс бўлганда;

талабгорнинг раҳбари ва таъсисчи(лар) жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши жиноят содир этганлиги учун судланган шахс эканлиги аниқланганда;

талабгор тугатиш жараёнида эканлиги ёки банкрот деб топилганлиги аниқланганда;

солиқ ёки мажбурий ижро органларидан қарздорлиги аниқланганда.

Талабгорларнинг интеграциялашган ахборот тизимлари орқали олинадиган маълумотлари ўз вақтида келмаслиги (умуман келмаслиги) ёки мавжуд эмаслиги оқибатида юзага келадиган низоларга оператор жавобгар бўлмайди.

20. Объектни ижарага олишда таклиф этилаётган нарх талабгор томонидан ихтиёрий равишда белгиланади.

Бунда талабгор томонидан таклиф этилаётган нарх белгиланган бошланғич нархдан кам бўлмаслиги ҳамда нарх таклифининг 25 фоизи миқдорида закалат пули тўланган бўлиши лозим.

21. Объект танловда энг юқори нарх таклифини билдирган талабгорга ижарага берилади.

3-боб. Танлов натижаларини расмийлаштириш ва ижара шартномасини тузиш

22. Танлов якунлангандан сўнг бир иш куни ичида оператор томонидан танлов натижалари тўғрисида электрон баённома расмийлаштирилади.

23. Ижарага берувчи билан ижарага олувчи ўртасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилган танлов натижаси бўйича расмийлаштирилган баённома асосида тузилган ижара шартномаси электрон шаклда савдо платформасида икки томонлама расмийлаштирилади. Бунда:

ижара шартномасида ижарага олувчининг танлов савдоларида иштирок этиш учун киритган маълумотлари (юридик шахс номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИР, ҳисобварақлари, электрон почта манзили ва телефон рақамлари) автоматик тарзда кўрсатилади;

танлов савдоларида қатнашиш учун киритилган маълумотларнинг аниқ ва ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ижарага олувчи зиммасига юкланади.

24. Ижара шартномаси танлов натижаси бўйича баённома расмийлаштирилгандан кейин ўн иш кунидан кечиктирмай, ижарага берувчи ва ижарага олувчи томонидан имзоланиши ҳамда белгиланган тартибда «online-ijara.uz» ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан «online-ijara.uz» ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ижара шартномаси ҳақиқий эмас ҳисобланади ва ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди.

25. Ижара шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

ижарага берилаётган объектнинг номи, жойлашган ери, тури, таркиби;

ижара муддати;

ижара тўлови миқдори, уни тўлаш тартиби ва муддатлари;

ижара тўлови миқдорини қайта кўриб чиқиш асослари ва тартиби;

ижарага берилаётган объектнинг ҳолати ва уни ижарага олувчига топшириш муддати;

коммунал хизматлар, электр энергияси, сув, газ истеъмоли ва иссиқлик таъминотидан фойдаланганлик учун тўловларни амалга ошириш шартлари;

шартнома муддати тугаган ёки муддатидан аввал бекор қилинганда, ижарага олувчи ижарага олинган объектни балансда сақловчига соз, бут ва фойдаланишга яроқли ҳолатда тезкор қайтариш шартлари;

ижарага берилаётган объектни тиклаш ва таъмирлаш тартиби ҳамда шартлари;

ижара шартномаси шартлари, шу жумладан, ижара тўловларини тўлаш муддатларининг бузилиш оқибатлари;

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва бошқа жавобгарликлари;

объектнинг ҳар қандай яхшиланиши балансда сақловчининг ёзма розилиги билан амалга оширилиши;

ижарага олувчига юкланган мажбуриятларни назорат қилиш тартиби;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа шартлар.

26. Балансда сақловчи томонидан ижара шартномасининг амал қилиш муддати даврида ижарага олувчига ижара объектидан фойдаланишига ва унда фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилиш тақиқланади (форс-мажор ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно).

27. Кўчмас мулк бир йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилганда, ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.

28. Автомототранспорт воситалари савдо платформаси воситасида танлов орқали ижарага берилганда, ижара шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди.

4-боб. Балансда сақловчининг ижара муносабатларидаги иштироки ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

29. Ижарага берувчи ижара шартномасида (ижара шартномаси тарафи бўлмаса-да) балансда сақловчининг қонуний манфаатларига зарар етмаслиги учун ўзи орқали амалга оширадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди. Бунда ижарага берувчи ўзининг шартномавий ҳуқуқларидан балансда сақловчи фойдасига воз кечмайди ва мажбуриятларини бажаришни зиммасидан соқит қилмайди.

30. Балансда сақловчи ижарага берилган мулкка нисбатан ижарага берувчининг хабардорлигида ўзига берилган шартномавий ҳуқуқларини амалга оширади ҳамда мажбуриятларни бажаради.

31. Томонлар шартномада белгиланган мажбуриятларини бажарилмагани оқибатида шартноманинг бошқа томонларига етказган зарарни ихтиёрийлик асосида қоплайди. Ўзаро келишувга эришилмаганда, зарар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда суд орқали қопланади.

32. Балансда сақловчи ижарага берилган объектни ижарага олувчига ижарага берувчи иштирокида шартнома имзолангандан сўнг кўпи билан беш иш куни ичида расмийлаштириб топширишни ва ҳеч қандай тарзда тўсқинликсиз ундан фойдаланишини таъминлайди.

33. Объект ижарага олувчига муддатида топширилмаганлиги оқибатида ижарага олувчига етказилган зарар балансда сақловчи ҳисобидан қопланади.

5-боб. Ижара тўловларининг ҳисоб-китоб тартиби

34. Ижара тўлови бўйича ҳисоб-китоблар қуйидагиларни ўз ичига олади:

ижара тўлови;

ижара тўлови муддати бузилганлиги учун ҳисобланган пеня ва жарима.

35. Ижара тўлови ижарага олувчи томонидан ижара тўловининг охирги белгиланган миқдори ва ижаранинг қолган муддатидан келиб чиққан ҳолда, ҳисобланган ойлар бўйича тенг миқдордаги тўловлар билан ҳисобланади.

Ижара тўлови ижара шартномасида кўрсатилган муддатларда навбатдаги ой учун 100 фоиз олдиндан тўлаш шаклида амалга оширилади.

Ижара шартномаси бўйича биринчи тўлов шартнома ижарага берувчида белгиланган тартибда рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн иш куни ичида кейинги тўлов ҳар ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан тўланади.

36. Ижарага олувчи ижара тўловини муддатида ва белгиланган миқдорда тўламаганлиги учун ижарага берувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлайди.

37. Ижарага олувчининг ижарага берилган объектни балансда сақловчининг (юқори турувчи ташкилоти ва ижарага берувчи хабардорлигида берган) ёзма розилиги асосида амалга оширган тиклаш ёки мукаммал таъмирлаш сарф-харажатлари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хулоса тақдим этган тақдирда, ижара тўлови маблағларидан балансда сақловчига тақсимланган маблағлар ҳисобидан камайтириш орқали қопланади.

38. Ижарага олувчининг ижарага берилган объектни тиклаш ёки мукаммал таъмирлаш учун сарф-харажатлари ижара муддати давомида тўлиқ қопланмаган тақдирда (ижара шартномасининг муддатидан олдин бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно), сарф-харажатларнинг қопланмаган қисми балансда сақловчи томонидан бошқа маблағлари ҳисобидан қопланади.

39. Объектни (унинг қисмини) белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан ёки ижара шартномасига киритмасдан ижарага бериш, шартномада ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сонини камайтириб кўрсатиш аниқланганда, ижарага берувчи қонун бузилиши ҳолати аниқланган санадан бошлаб, уч иш куни мобайнида белгиланган тартибда объектдан фойдаланганлик даври учун ижара тўловининг икки баравари миқдорида ҳисобланган суммани тўлаш талаби билан тасдиқловчи ҳужжатларни балансда сақловчига тақдим этади. Ҳисобланган сумманинг ўн иш куни ичида ихтиёрий тўланмаганлиги суд тартибида ундирилишига асос бўлади.

Бунда объектдан фойдаланганлик даври қуйидагича белгиланади:

объект белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан фойдаланишга берилганда, жорий йил 1 январь санасидан ҳолат аниқланган санага қадар;

ижарага берувчи иштирокида аввал тузилган ижара шартномаси муддати тугаганидан сўнг объект белгиланган тартибда ижара шартномаси тузилмасдан фойдаланишга берилганда, аввалги ижара шартномаси муддати тугаган санадан ҳолат аниқланган санага қадар;

объект ижара шартномасига тўлиқ киритилмасдан ижарага берилганда, шунингдек, ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сони камайтириб кўрсатилганда, ижара шартномаси тузилган санадан ҳолат аниқланган санага қадар.

Бунда ҳисобланган давр учун тўлов ўша йилга белгиланган ижара тўловининг энг кам миқдорига мутаносиб ҳисобланади.

40. Амал қилиш муддати навбатдаги йилга ўтадиган объектни ижарага бериш шартномаси бўйича бўлажак йил даври учун ижара тўловининг миқдори қўшимча шартнома (келишув) билан келгуси йилга тасдиқланган ижара тўловининг энг кам миқдорларига мутаносиб тарзда ўзгартирилиб, қуйидаги тартибда ҳисобланади:

Иҳ2=Тн*(Тс2/Тс1)

Бунда:

Иҳ2 — келгуси йил учун ижара тўлови миқдори;

Тс2 — келгуси йилга объектдан фойдаланганлик учун бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам миқдори;

Тс1 — танлов ўтказилган йилда объектдан фойдаланганлик учун бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам миқдори;

Тн — танлов натижалари бўйича белгиланган йиллик ижара тўлови.

41. Балансда сақловчининг бошқа турдаги мулклари (асосий воситалар, кўчар мулклар, автотранспорт воситалари ва бошқалар) бўйича келгуси йил учун ижара тўлови миқдори қуйидаги тартибда ҳисоблаб чиқилади:

Иҳ2=Тн*(Тқ2/Тқ1)

Бунда:

Иҳ2 — келгуси йил учун ижара тўлови миқдори;

Тн — танлов натижалари бўйича белгиланган йиллик ижара тўлови;

Тқ2 — келгуси йилга объектдан фойдаланганлик учун бир йиллик ижара тўловининг энг кам миқдори;

Тқ1 — танлов ўтказилган йилда объектдан фойдаланганлик учун бир йиллик ижара тўловининг энг кам миқдори.

42. Келгуси йил учун ҳисобланган ижара тўлови миқдори танлов натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдоридан кам бўлган тақдирда, келгуси йил учун ижара тўлови миқдори танлов савдоси натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдорида белгиланади.

Жорий йил учун ижара тўлови миқдори ушбу йилга белгиланган объектдан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.

6-боб. Объектни ижарага бериш ва қайтариб олиш

43. Ижара шартномасига мувофиқ балансда сақловчи ижарага берувчи орқали объектни (барча буюмлар ва тааллуқли бўлган техник ҳужжатлари билан бирга) шартнома шартларига мувофиқ ижарага олувчига белгиланган муддат ва тартибда топшириши, ижарага олувчи эса ижара муддати тугаган ёки ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган ёхуд суд қарори билан ҳақиқий эмас деб топилганда, балансда сақловчига беш кун ичида шартнома тузилган санадаги ҳолатда қайтариб топшириши шарт.

44. Ижарага берувчи объектни белгиланган муддатда қайтариб топширмагани оқибатида кўрилган моддий зарарни ижарага олувчидан суд тартибида ундиришга ҳақли.

45. Объектни топшириш-қабул қилиш ва қайтариш-қабул қилиш ижарага берувчи, ижарага олувчи ва балансда сақловчиларнинг ваколатли вакиллари иштирокида «online-ijara.uz» ахборот тизими орқали уч томонлама тузилган далолатнома асосида амалга оширилади.

Далолатномада қуйидагилар кўрсатилади:

далолатнома тузилган жой ва сана;

ижара шартномасининг реквизитлари (тузилган санаси, тартиб рақами);

ижара мулкининг техник ҳолати.

Топшириш-қабул қилиш ва қайтариш-қабул қилиш далолатномалари томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланади (шу жумладан, электрон рақамли имзо орқали).

46. Ижарага олинган объектда камчиликлар аниқланган тақдирда (қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари), мулкни қабул қилиб олувчи томонлар бошқа томон объектни шартномада белгиланган муддатларда ижара шартномаси шартларига мувофиқ ҳолатга келтиргунгача ёки етказилган зарарни қоплагунгача уни қабул қилиб олишни ва объектни топшириш-қабул қилиш далолатномасини имзолашни рад этишга ҳақлидир.

Бунда объект топширилгунга қадар топширишни кечиктирган тараф шартнома шартларида ижара тўловини тўлайди.

7-боб. Ижарага берилаётган мулкларни ҳисобга олиш, ҳисоботини юритиш ва уни назорат қилиш

47. Ижарага берилаётган мулкларни ҳисобга олиш ва маълумотлар базасини юритиш ижарага берувчи томонидан «online-ijara.uz» ахборот тизими орқали амалга оширилади.

48. Ижарага берувчи ижара шартномаси амал қиладиган муддат мобайнида ижарага олувчи томонидан ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиб боради.

Ушбу мақсадда ижарага берувчи қуйидагиларга ҳақли:

ижарага олувчидан ижара шартномасида назарда тутилган ахборотларни сўраш ва олиш;

зарурат бўлганда, мулкнинг физик ҳолатини ижарага олувчининг хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда кўздан кечириш;

ижарага олинган мулкдан фойдаланиш шартларини, ижарага олувчи томонидан учинчи шахслар ҳуқуқларига риоя қилинишини ўрганиш (сервитут, гаров ва шу кабилар);

ижарага олувчининг ижарага олинган объектни яхшилаш тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқиш;

қонунчилик ҳужжатларида ва ижара шартномасида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларидан ҳам фойдаланиш.

49. Балансда сақловчи ижара шартномаси амал қиладиган муддат мобайнида ижарага олувчи томонидан қуйидаги мажбуриятлар бажарилишини назорат қилиб боради:

объектдан баённомада белгиланган фаолият бўйича фойдаланишини;

ижарага олувчининг ходимлари Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига риоя этишини;

умумий овқатланиш ва савдо жойларида қонунда белгиланган товарлар нархининг белгиланган нархдан юқори эмаслигини;

ижарага олувчи объектни соз ва бут ҳолатда сақлаши, балансда сақловчининг рухсатисиз объектнинг ташқи кўринишига ўзгартириш киритмаслигини;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя этилишини;

қонунчиликда ва ижара шартномасида белгиланган бошқа мажбуриятлар бажарилишини.

Ушбу мақсадда балансда сақловчи қуйидагиларга ҳақли:

ижарага олувчидан ижара шартномасида назарда тутилган бандлар юзасидан ахборотларни сўраш ва олиш;

Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидалари бузилиши ҳолатлари бўйича ижарага олувчининг ходимларидан тушунтириш олиш;

қонунчилик ҳужжатларида ва ижара шартномасида белгиланган бошқа ҳуқуқларидан ҳам фойдаланиш.

50. Ижарага берувчи томонидан ижарага олувчини огоҳлантирган ҳолда, балансда сақловчининг мурожаатига кўра ва/ёки ўз ташаббусига асосан қуйидаги ҳолларда ижара шартномаси бекор қилиниши мумкин:

ижарага олувчи томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда;

объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари балансда сақловчи билан келишилмаган ҳолда бажарилганда;

умумий овқатланиш жойлари ва савдо дўконларидаги нархлар асоссиз равишда ошириб юборилганда;

ижара олувчининг ходимлари томонидан Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидалари бузилганда ёки махсус контингент билан ноқонуний муносабатга киришилганлиги аниқланганда;

ижарага олувчининг хатти-ҳаракати объектнинг яроқсиз ҳолга ёки унинг бузилишига олиб келган ҳолатлар аниқланганда;

қонунчиликда ва ижара шартномасида белгиланган бошқа ҳолатларда.

8-боб. Якунловчи қоида

51. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 июндаги 358-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларига Face-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиоскларни ўрнатиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти (кейинги ўринларда — Жазони ижро этиш департаменти) тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларига Face-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиоскларни ўрнатиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

Face-ID идентификация тизими — махсус контингентнинг юз қиёфасидан унинг шахсини идентификация қилиш имконини берадиган тизим;

жазони ижро этиш муассасалари — Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасалари, шу жумладан, маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхона, тарбия колонияси, манзил-колониялари ҳамда тергов ҳибсхоналари;

инвестиция мажбуриятлари — жазони ижро этиш муассасаларида махсус контингент, шу жумладан, уларнинг қариндошлари томонидан қонун билан тақиқланмаган буюмларни эркин бозор механизмларига асосланган электрон платформа орқали онлайн харид қилиш имкониятини яратиш учун инфокиоскларни жазони ижро этиш муассасаларга ўрнатиш ва уларга топшириш бўйича шартнома шартлари асосида инвестициялар киритишга доир мажбуриятлар;

инфокиоск — махсус контингентга биометрик маълумотлари асосида Face-ID идентификация тизими орқали инсон омилисиз қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган буюмларни электрон дўкон орқали сотиб олиш имконини берувчи электрон қурилма;

махсус контингент — эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниб, тергов ҳибсхоналарида сақланаётган ва озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахслар;

талабгор — жазони ижро этиш муассасаларига электрон платформа орқали товар ва буюмлар харид (онлайн) қилиш имконини берувчи электрон платформа ва Face-ID идентификация тизими мавжуд инфокиоскларни инвестиция киритиш орқали ўрнатиш истагини билдирган юридик шахс (Ўзбекистон Республикаси резиденти);

талабгорни ўрганиш — танлов комиссияси томонидан жазони ижро этиш муассасаларига инфокиоскларни инвестиция киритиш орқали ўрнатиш истагини билдирган юридик шахс (Ўзбекистон Республикаси резиденти) ҳақидаги маълумотларни ўрганиш;

танлов — жазони ижро этиш муассасаларига инфокиоскларни ўрнатиш бўйича эълон қилинган танлов мезони ва шартларига мувофиқ талабгорлар томонидан тақдим этилган энг яхши таклифларни танлаб олиш жараёни;

танлов комиссияси — мазкур Низомда келтириб ўтилган функцияларни бажариш учун Жазони ижро этиш департаментида ташкил этиладиган комиссия;

танловнинг ғолиби — эълон асосида энг яхши таклифларни билдирган, талабгорни ўрганиш натижалари бўйича ижобий баҳоланган иштирокчи;

электрон дўкон — электрон платформа орқали товар ва буюмлар харид (онлайн) қилиш имконини берувчи дастурий таъминот.

3. Танлов қонунийлик, очиқлик, шаффофлик, холислик, ва иштирокчиларга тенг шароитлар яратиш тамойилларига мувофиқ ўтказилади.

2-боб. Жазони ижро этиш муассасаларида инфокиоскларни ўрнатиш бўйича танлов ни ташкил этиш

4. Жазони ижро этиш департаменти томонидан махсус контингентнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, жазони ижро этиш муассасаларига ўрнатиладиган инфокиосклар миқдори ва техник талаблари белгиланади.

5. Жазони ижро этиш департаменти томонидан жазони ижро этиш муассасаларида инфокиоскларни ўрнатиш бўйича танлов комиссияси шакллантирилади.

Танлов комиссияси таркибига қуйидагилар киритилади:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси масъул вакили;

Жазони ижро этиш департаменти бошлиғининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари;

Жазони ижро этиш департаменти Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси бошлиғи;

Жазони ижро этиш департаментининг бошқа соҳавий хизмат ходимлари;

инфокиосклар ўрнатилиши мўлжалланган жазони ижро этиш муассасалари бошлиқлари.

Жазони ижро этиш департаменти Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси бошлиғи танлов комиссияси раиси ҳамда мазкур бошқарманинг масъул ходимларидан бири танлов комиссияси котиби этиб тайинланади.

6. Танлов комиссияси томонидан махсус контингент, шу жумладан, уларнинг қариндошлари томонидан қонун билан тақиқланмаган буюмларни эркин бозор механизмларига асосланган электрон дўконлар орқали сотиб олиш имкониятини яратиш учун инфокиоскларни жазони ижро этиш муассасаларига ўрнатиш истаги мавжуд талабгорларни аниқлаш учун даврий нашрларда ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтида танлов эълон қилади.

7. Эълонда:

таклифларни топшириш тартиби ва муддати (кун ва соат);

ҳужжатларни қабул қиладиган танлов комиссиясининг манзили ва боғланиш телефони;

талабгорларга қўйиладиган талаблар;

талабгорларга инфокиоскларни ўрнатиш билан боғлиқ шартлар, шу жумладан, ўрнатиш ва жазони ижро этиш муассасаларига топшириш муддатлари кўрсатиб ўтилади.

8. Танлов комиссияси инфокиоскларни ўрнатиш бўйича таклиф билан чиққан талабгорларнинг рўйхатини шакллантириб, танлов ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тўплайди.

9. Инфокиоскларни ўрнатиш бўйича таклиф билан чиққан талабгорларга танлов комиссияси томонидан танлов ўтказиш жойи ва вақти маълум қилинади.

10. Танловда иштирок этаётган талабгорлар қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

танлов ўтказиш жойи ва вақти бўйича батафсил маълумот олиш;

танловда шахсан ёки тегишли ишончнома асосида ишончли вакили орқали иштирок этиш;

танлов натижалари бўйича эътирозларни белгиланган муддатларда танлов комиссиясига тақдим этиш ҳамда танлов комиссиясининг хулосасидан норози бўлса, юқори турувчи орган ёки судга шикоят қилиш.

3-боб. Жазони ижро этиш муассасаларида инфокиоскларни ўрнатиш бўйича танлов мезонлари ва ғолибни аниқлаш тартиби

11. Танлов комиссияси томонидан танловни ўтказиш давомида инфокиоскларни ўрнатиш бўйича таклиф билан чиққан талабгорларнинг таклифлари ўрганиб чиқилади ва танлов ғолибини аниқлашнинг мезонлари асосида танлов ғолиби аниқланади.

12. Қуйидагилар танлов ғолибини аниқлашнинг мезонлари ҳисобланади:

талабгорнинг танловга қадар электрон савдо соҳасида бир йилдан кам бўлмаган тажрибага эга эканлиги;

талабгорнинг Face-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиосклар орқали савдо қилиш имконини берувчи дастурга эга эканлиги;

талабгорнинг барча жазони ижро этиш муассасаларига инфокиоскларни ўрнатиш учун киритадиган инвестиция (пул) маблағларига эга эканлиги;

ваколатли органлардан фаолиятни амалга ошириш учун тегишли рухсатномага эга эканлиги;

молиявий аҳволининг барқарорлиги, солиқ ва йиғимлардан қарздорлиги мавжуд эмаслиги;

махсус контингентга инфокиосклар орқали товар ва маҳсулотларни етказиб бериш учун етарли моддий-техник ҳамда логистика базасига (буюртма қилинган товар ва буюмларни жазони ижро этиш муассасаларига етказиш учун транспорт воситалари, омбор ва ишчи кучига) эга эканлиги.

13. Агар битта талабгор томонидан тақдим этилган таклифда инфокиоскларни барча жазони ижро этиш муассасаларда ўрнатиш назарда тутилмаган бўлса, бир нечта талабгорлар ғолиб деб топилиши мумкин.

14. Агар танлов ўтказилган кунидан кейинги икки иш куни ичида талабгорлар томонидан танловни ўтказиш натижалари бўйича эътирозлар келиб тушмаган бўлса, танлов комиссияси томонидан ғолиб деб топилган иштирокчи билан шартнома тузилади.

15. Талабгорларнинг танлов натижалари бўйича эътирозлари танлов комиссияси томонидан уч иш куни ичида кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилиниб, манфаатдор томонларга маълум қилинади.

Белгиланган муддат тугаганидан кейин келиб тушган эътирозлар танлов комиссияси томонидан кўриб чиқилмайди.

16. Танловни ўтказиш жараёни видеотасвирга олинади, танлов натижалари танлов комиссияси йиғилишининг баённомаси билан расмийлаштирилади.

Танловни ўтказиш жараёни видеотасвири танлов комиссияси йиғилишининг баённомаси билан бирга сақланади.

17. Агар таклифларни қабул қилиб олишнинг муддати якунига қадар бирорта ҳам таклиф тушмаса ёки танловга иккитадан кам талабгорнинг таклифи тақдим этилса ёхуд тақдим этилган барча танлов таклифларида зарур ҳужжатларнинг пакети бўлмаганда, танлов комиссияси томонидан танлов ўтказилмаган деб эълон қилинади.

4-боб. Жазони ижро этиш муассасаларида инфокиоскларни ўрнатиш бўйича танлов ғолиби билан инвестиция мажбуриятларини назарда тутувчи шартномани расмийлаштириш

18. Шартнома томонлар ўртасида олти ойдан уч йилгача бўлган муддатга тузилади.

Бунда танлов комиссияси қуйидагиларни инобатга олган ҳолда шартнома муддатини белгилайди:

инфокиоскларнинг техник хусусияти ва киритилган инвестиция (маблағлар) миқдори;

шартномада инвестор томонидан инфокиоскларни такомиллаштириб бориш учун қўшимча инвестиция киритиш бўйича таклиф назарда тутилганлиги;

инвестор томонидан жазони ижро этиш муассасаларига ўрнатилиши таклиф этилган инфокиосклар сони.

19. Шартнома қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

шартноманинг предмети ва ҳисоб-китоблар тартиби;

шартноманинг амал қилиш муддати ва шартлари;

инфокиоскларни жазони ижро этиш муассасаларига ўрнатиш тартиби, уларни топшириш муддати;

инвестор ва жазони ижро этиш муассасасининг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари;

томонларнинг шартнома шартларига риоя қилмаганлиги учун жавобгарлиги (шунингдек, форс-мажор ҳолатлар);

шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби;

низоларни судгача ва суд тартибида ҳал этиш тартиби;

шартномани бекор қилиш тартиби.

Ғолиб бўлган талабгорнинг таклифида инфокиосклардан фойдаланиш давомида топган фойдасининг бир қисмини муассасаларга ажратиши назарда тутилган бўлса, бу шартномада акс эттирилиши лозим.

20. Шартномада инвестор томонидан шартнома тузилган санадан бошлаб икки ой ичида инфокиосклар жазони ижро этиш муассасалари маъмурияти томонидан белгилаб берилган ҳудудга ўрнатилиши ҳамда улардан фақатгина жазони ижро этиш муассасасининг балансига топширилганидан сўнг шартнома билан белгиланган муддатда фойдаланиш мумкинлиги асосий шартлар сифатида белгиланиши зарур.

21. Инфокиосклардан фойдаланиш тартиби ва шартлари озодликдан маҳрум этиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

22. Шартнома билан белгиланган муддат ичида инфокиоскларда юзага келган техник носозларни бартараф этиш, дастурий таъминотини янгилаб бориш инвесторнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

23. Шартнома муддати тугагач, инфокиосклар жазони ижро этиш муассасалари маъмурияти томонидан белгиланган тартибда ижарага берилади.

24. Инвестор томонидан инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши ҳамда шартнома шартларига риоя этилаётганлиги Жазони ижро этиш департаменти томонидан назорат қилинади.

5-боб. Якунловчи қоида

25. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 27 июнь,

358-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.06.2024 й., 09/24/358/0455-сон; 10.04.2025 й., 09/25/211/0323-сон; 06.05.2025 й., 07/25/155/0412-сон; 22.10.2025 й., 09/25/662/0964-сон; 05.02.2026 й., 09/26/40/0112-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamenti va uning tizimidagi jazoni ijro etish muassasalarining bino va inshootlaridan samarali foydalanish hamda sohaga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Jazoni ijro etish muassasalarining alohida xususiyatini inobatga olgan holda, ularning mulki, bino va inshootlaridan samarali foydalanish, inson omilini istisno etadigan zamonaviy axborot texnologiyalarini keng joriy etish orqali jazo muddatini oʻtayotgan mahkumlarning maishiy sharoitlarini yaxshilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamenti va uning tizimidagi jazoni ijro etish muassasalarining mulki, bino va inshootlarini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq:

jazoni ijro etish muassasalariga tegishli davlat mulkini ijaraga berish shartlari;

jazoni ijro etish muassasalariga tegishli davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha elektron tanlov natijalarini rasmiylashtirish va ijara shartnomasini tuzish;

jazoni ijro etish muassasalarining ijara munosabatlaridagi ishtiroki hamda ularning huquq va majburiyatlari;

ijara toʻlovlarining hisob-kitob tartibi;

ijaraga berilayotgan mulklarni hisobga olish, hisobotini yuritish va nazorat qilish;

b) Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamenti tizimidagi jazoni ijro etish muassasalariga Face-ID identifikatsiya tizimi mavjud boʻlgan infokiosklarni oʻrnatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

jazoni ijro etish muassasalarida infokiosklarni oʻrnatish boʻyicha tanlovni tashkil etish va oʻtkazish;

jazoni ijro etish muassasalarida infokiosklarni oʻrnatish boʻyicha tanlov mezonlari va gʻolibni aniqlash tartibi;

jazoni ijro etish muassasalarida infokiosklarni oʻrnatish boʻyicha tanlovning gʻolibi bilan investitsiya majburiyatlarini oʻz ichiga oluvchi shartnomani rasmiylashtirish.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi bir oy muddatda investitsiya kiritish orqali jazoni ijro etish muassasalarida mahkumlar, shu jumladan, ularning qarindoshlari tomonidan qonun bilan taqiqlanmagan buyumlarni erkin bozor mexanizmlariga asoslangan elektron doʻkonlar orqali sotib olish imkoniyatini yaratish uchun Face-ID identifikatsiya tizimi mavjud boʻlgan infokiosklarni jazoni ijro etish muassasalariga oʻrnatish istagini bildirgan investorlarni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda aniqlash choralarini koʻrsin.

3. Belgilansinki:

a) “E-auksion” elektron savdo platformasiga talabgorlar toʻgʻrisidagi quyidagi maʼlumotlar real vaqt rejimida taqdim etib boriladi:

talabgorning soliq organlaridan qarzdorligi boʻyicha maʼlumotlar — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasining axborot tizimidan;

talabgorning ijro ishlari boʻyicha qarzdorligi haqidagi maʼlumotlar — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi axborot tizimidan;

talabgorning tugatish jarayonida ekanligi yoki bankrot deb topilganligi haqidagi maʼlumotlar — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligining axborot tizimidan;

talabgorga qoʻyilgan talablar (rahbarlari, taʼsischilari jamoat xavfsizligi va jamoat tartibiga qarshi jinoyat sodir etganligi uchun sudlanganligi) boʻyicha maʼlumotlar — “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali berilgan soʻrovga asosan Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Raqamli texnologiyalar va huquqiy statistika departamenti Huquqiy statistika bosh markazi tomonidan;

b) jazoni ijro etish muassasalarining mulkini, bino va inshootlarini ijaraga berishdan tushadigan mablagʻlarning mazkur tashkilotlarga taqsimlangan qismi jazoni ijro etish muassasalarining moddiy-texnik bazasini yaxshilash, bino va inshootlarini rekonstruksiya qilish hamda joriy taʼmirlash, jazo muddatini oʻtayotgan mahkumlarning maishiy sharoitlarini yaxshilashga yoʻnaltiriladi;

v) qonunchilikka muvofiq jazoni ijro etish muassasalari hududida sotiladigan tovarlarning eng yuqori chegaralangan narxi har chorakda Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan narxlarni tartibga solish organi bilan kelishilgan holda bozor konyunkturasidan kelib chiqib belgilanadi.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov va ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 27-iyundagi 358-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamenti va uning tizimidagi jazoni ijro etish muassasalarining mulki, bino va inshootlarini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamenti (keyingi oʻrinlarda — Jazoni ijro etish departamenti) va uning tizimidagi jazoni ijro etish muassasalarining alohida xususiyatidan kelib chiqqan holda ularning mulkini, bino va inshootlarini yuridik shaxs boʻlgan tadbirkorlik subyektlariga elektron tanlov asosida ijaraga berish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

“E-auksion” elektron savdo platformasi (keyingi oʻrinlarda — savdo platformasi) — elektron onlayn-auksion va tanlovlarni tashkil etish hamda oʻtkazish uchun zarur axborotni kiritish, saqlash va qayta ishlash, shuningdek, tanlovda ishtirok etish istagi boʻlgan jismoniy va yuridik shaxslarning bunday auksion va tanlovlar jarayoniga kirish hamda ularda qatnashish imkonini taʼminlaydigan axborot tizimi;

“online-ijara.uz” axborot tizimi — ijaraga beruvchining balansda saqlovchidan yoki ijaraga oluvchidan arizalarni qabul qilish, balansda saqlovchi va ijaraga oluvchilarga axborot yuborish, ijara shartnomalariga kelishuvlarni rasmiylashtirish, ijara shartnomalarini roʻyxatga olish imkonini beradigan axborot tizimi;

balansda saqlovchi — Jazoni ijro etish departamenti va uning tizimidagi jazoni ijro etish muassasalari;

ijaraga beruvchi — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi Davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanish markazining (keyingi oʻrinlarda — Markaz) Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududiy boshqarmalari;

ijaraga oluvchi — ushbu Nizomda belgilangan tartib va shartlarda obyekt (uning bir qismi)ni ijara shartnomasi asosida foydalanishga oluvchi yuridik shaxs (Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti);

obyekt — Jazoni ijro etish departamenti va uning tizimidagi jazoni ijro etish muassasalariga tegishli davlat mulki;

operator — savdo platformasida auksion va tanlovni tashkil etish hamda oʻtkazish vakolati berilgan “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” aksiyadorlik jamiyati;

talabgor — balansda saqlovchi tomonidan belgilangan maqsadlarda va taklif etilgan shartlarda foydalanish uchun talabgorlarni tanlash boʻyicha tanlovda ishtirok etish niyatini bildirgan, tanlovga qadar kamida bir yil davomida faoliyat yuritib kelayotgan yuridik shaxs (Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti);

xabarnoma — savdo platformasida obyekt boʻyicha tanlov oʻtkazilishi haqidagi axborot;

shaxsiy kabinet — balansda saqlovchiga, ijaraga beruvchiga hamda ijaraga oluvchiga obyektning ijaraga berilishini, ijara shartnomasi rasmiylashtirilishini hamda balansda saqlovchi va ijaraga oluvchining ijaraga beruvchi bilan oʻzaro axborot almashish imkonini beruvchi “online-ijara.uz” axborot tizimining maxsus boʻlimi;

elektron tanlov (keyingi oʻrinlarda — tanlov) — savdo platformasi orqali tanlov obyekti boʻyicha tanlov hujjatlarining mezoni va shartlariga muvofiq talabgorlar tomonidan taqdim etilgan eng yaxshi takliflarni tanlash orqali ijaraga oluvchini aniqlash shakli.

3. Obyektlar qonun bilan taqiqlanmagan faoliyatni yuritish uchun ijaraga oluvchilarga tanlov asosida ijaraga beriladi.

Tanlovlarni tashkil etish va oʻtkazishning mazkur Nizom talablariga zid kelmaydigan qismi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-yanvardagi 18-son qarori bilan tasdiqlangan “E-auksion” elektron savdo platformasida elektron onlayn-auksion va tanlovlarni tashkil etish hamda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq belgilanadi.

Obyektlarni ijaraga berish balansda saqlovchining ishlab chiqarish va/yoki moliyaviy koʻrsatkichlari yomonlashishiga olib keladigan boʻlsa, shuningdek, Jazoni ijro etish departamenti tizimidagi jazoni ijro etish muassasalarining alohida xususiyatidan kelib chiqqan holda ishlab chiqarish korxonalarini ijaraga berish mumkin emas.

4. Tanlov qonuniylik, ochiqlik, shaffoflik, xolislik, ishtirokchilarga teng sharoitlar yaratish tamoyillariga muvofiq oʻtkaziladi.

2-bob. Obyektni ijaraga berish shartlari

5. Obyekt ijaraga berish uchun tanlovga chiqarilganda, ijara berish muddati bir yil etib belgilanadi.

Bunda ushbu muddat balansda saqlovchining asoslantirilgan murojaati asosida kamaytirilishi mumkin.

Ijaraga oluvchi tomonidan ijara shartnomasi shartlari oʻz vaqtida va toʻliq bajarilganda, ijara muddati kelgusi davrga uzaytiriladi.

Obyektni bir ijara shartnomasi doirasida ijaraga berishning eng koʻp muddati besh yilni tashkil etadi.

Ushbu bandda nazarda tutilgan eng koʻp muddatlar tugagach, obyekt umumiy asoslarda ijaraga beriladi.

6. Ijaraga beruvchi tomonidan ijara shartnomasi muddati tugashidan bir oy oldin ijara shartnomasi shartlari oʻz vaqtida va toʻliq bajarilmagan taqdirda, ijaraga oluvchiga ijara shartnomasining muddati kelgusi davr uchun uzaytirilmasligi toʻgʻrisida ogohlantirish xati yuboriladi.

7. Agar ijara shartnomasining muddati tugaganidan keyin ham ijaraga oluvchi mulkdan foydalanishni davom ettirsa va ijaraga beruvchi bunga eʼtiroz bildirmagan boʻlsa, shartnoma avvalgi shartlar asosida qaytadan tuzilgan hisoblanadi.

Ijaraga oluvchi tomonidan ijara shartnomasi shartlari oʻz vaqtida va toʻliq bajarilganda, ijaraga oluvchi shartnoma muddatini uzaytirmaslik toʻgʻrisida murojaat qilmagan boʻlsa, ijara muddati navbatdagi muddatga uzaytirilgan hisoblanadi.

8. Ijaraga oluvchi ijara mulki ijaraning butun muddati davomida undan maqsadli foydalanilishi, uning yaxlitligi va but saqlanishi boʻyicha majburiyatini oʻz zimmasiga oladi.

9. Ijaraga oluvchi ijaraga berilgan obyekt (uning bir qismi)ni oʻzga shaxslarga subijara (foydalanish)ga berishi, garovga qoʻyishi yoki boshqacha tarzda (vaqtincha) uchinchi shaxsga oʻtkazishi taqiqlanadi. Bu kabi holatlar aniqlanganda, ijara shartnomasi ijaraga beruvchi tomonidan belgilangan tartibda bekor qilinadi.

10. Ijaraga oluvchi ijara shartnomasi shartlarini lozim darajada bajarmagan taqdirda, ijara shartnomasi ijaraga beruvchi tomonidan belgilangan tartibda bekor qilinadi.

11. Ijara shartnomasini bekor qilish, oʻzgartirish va muddatini uzaytirish tomonlarning kelishuviga asosan yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

12. Balansda saqlovchi obyektni ijaraga berish maqsadida ijaraga beruvchiga quyidagilarni koʻrsatgan holda, “online-ijara.uz” axborot tizimi orqali oʻzining shaxsiy kabinetidan elektron ariza taqdim etadi:

obyektning nomi, tavsifi, joylashgan yeri (pochta manzili);

obyektning ijaraga beriladigan maydoni;

obyektning kommunikatsiyalar (suv, gaz, elektr energiyasi, kanalizatsiya tarmogʻi) bilan taʼminlanganligi toʻgʻrisida maʼlumot;

balansda saqlovchining obyektga boʻlgan huquqini tasdiqlovchi va obyektning ijaraga beriladigan maydonini koʻrsatgan holda kadastr hujjati nusxasi;

obyektning kamida 4 ta fotosurati;

obyektdan foydalanish maqsadi (amalga oshiriladigan faoliyat turi);

ijaraga oluvchiga qoʻyiladigan talablar (majburiyatlar);

balansda saqlovchining asoslangan soʻroviga koʻra boshqa maʼlumotlar.

13. Ijaraga beruvchi taklifni uch ish kunida koʻrib chiqib, obyektni ijaraga berish yuzasidan operatorga elektron buyurtma yuboradi.

14. Balansda saqlovchining arizasida ushbu Nizomning 12-bandidagi maʼlumotlar toʻliq koʻrsatilmagan boʻlsa, ijaraga beruvchi arizani ikki kun muddatda maʼlumotlarni toʻliq koʻrsatgan holda taqdim etish uchun balansda saqlovchiga qaytaradi.

Balansda saqlovchi tomonidan kamchiliklar bartaraf etilgandan keyin berilgan ariza ijaraga beruvchi tomonidan umumiy tartibda koʻrib chiqiladi.

15. Obyektni tanlovga chiqarishda ijara haqining boshlangʻich narxi balansda saqlovchi tomonidan arizada koʻrsatilgan faoliyat turi va ijaraga beriladigan maydondan kelib chiqqan holda hisoblangan obyekt (bino va inshootlar)dan foydalanganlik uchun ijara toʻlovining eng kam miqdorida belgilanadi.

16. Obyekt (bino va inshootlar)dan foydalanganlik uchun ijara toʻlovining eng kam miqdori quyidagicha hisoblab chiqiladi:

Ts=Es*Kz*(Kq+Kh+Ko)

Bunda:

Ts — obyektdan foydalanganlik uchun bir yilga bir kv.metr uchun ijara toʻlovining eng kam miqdori;

Es — davlat koʻchmas mulkidan foydalanganlik uchun bir yilga bir kv.metr uchun ijara toʻlovining eng kam stavkasi;

Kz — hududiy zonalar koeffitsiyenti;

Kq — qurilish turi boʻyicha koeffitsiyent;

Kh — tutashib ketgan hududdan foydalanish koeffitsiyenti;

Ko — tijorat maqsadlarida foydalanishda qulaylik koeffitsiyenti (asosiy avtotransport yoʻllari boʻylab joylashish, ikkinchi darajali avtotransport yoʻllariga chiqishda joylashish va boshqalar).

Qurilish turi boʻyicha koeffitsiyent (Kq), tutashib ketgan hududdan foydalanish koeffitsiyenti (Kh) va tijorat maqsadlarida foydalanishda qulaylik koeffitsiyenti (Ko)ning yigʻindisi 1 birlikdan kam boʻlgan taqdirda, yaxlitlangan holda 1 birlikka teng hisoblanadi.

17. Davlat koʻchmas mulkidan foydalanganlik uchun ijara toʻlovining eng kam stavkalari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahar Kengashlari tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tegishli koeffitsiyentlar belgilangan holda har yili tasdiqlanadi.

Obyektlarni ijaraga berishdan tushgan mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat aktivlarini boshqarish, monopoliyaga qarshi kurashishni tartibga solish tizimini va kapital bozorini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 14-yanvardagi PF-5630-son Farmonida belgilangan tartibda taqsimlanadi.

18. Xabarnoma tanlov boshlanishidan kamida oʻttiz kun avval savdo platformasida eʼlon qilinadi.

Xabarnomada quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:

tanlov shakli, oʻtkaziladigan sanasi, tanlov natijalarini eʼlon qilish vaqti;

lot raqami, ijaraga berilayotgan obyektning nomi, tavsifi, balansda saqlovchining nomi;

tanlovda qatnashish uchun ariza qabul qilishni yakunlash sanasi va vaqti;

ijara muddati;

takliflarni va ularga ilova qilinayotgan hujjatlarni taqdim qilish tartibi;

ijara summasi va zakalat pulining miqdori;

tanlov obyektini oldindan koʻrish (koʻzdan kechirish) tartibi;

obyektning joylashgan yeri, fotosurati va geolokatsiyasi (mavjud boʻlsa);

buyurtmachining joylashgan yeri (pochta manzili), bogʻlanish uchun telefon raqami, elektron pochta manzili;

Jazoni ijro etish departamenti tizimidagi jazoni ijro etish muassasalarining alohida xususiyatini hisobga olgan holda, ijaraga berilayotgan obyektdan foydalanish tartibi va shartlari, balansda saqlovchi tomonidan ijaraga oluvchiga qoʻyilgan majburiyatlar.

19. Talabgorga quyidagi hollarda tanlovda ishtirok etishi avtomatik tarzda rad etiladi:

zakalat puli belgilangan miqdorda toʻlanmaganda;

talabgor jismoniy shaxs boʻlganda;

talabgorning rahbari va taʼsischi(lar) jamoat xavfsizligi va jamoat tartibiga qarshi jinoyat sodir etganligi uchun sudlangan shaxs ekanligi aniqlanganda;

talabgor tugatish jarayonida ekanligi yoki bankrot deb topilganligi aniqlanganda;

soliq yoki majburiy ijro organlaridan qarzdorligi aniqlanganda.

Talabgorlarning integratsiyalashgan axborot tizimlari orqali olinadigan maʼlumotlari oʻz vaqtida kelmasligi (umuman kelmasligi) yoki mavjud emasligi oqibatida yuzaga keladigan nizolarga operator javobgar boʻlmaydi.

20. Obyektni ijaraga olishda taklif etilayotgan narx talabgor tomonidan ixtiyoriy ravishda belgilanadi.

Bunda talabgor tomonidan taklif etilayotgan narx belgilangan boshlangʻich narxdan kam boʻlmasligi hamda narx taklifining 25 foizi miqdorida zakalat puli toʻlangan boʻlishi lozim.

21. Obyekt tanlovda eng yuqori narx taklifini bildirgan talabgorga ijaraga beriladi.

3-bob. Tanlov natijalarini rasmiylashtirish va ijara shartnomasini tuzish

22. Tanlov yakunlangandan soʻng bir ish kuni ichida operator tomonidan tanlov natijalari toʻgʻrisida elektron bayonnoma rasmiylashtiriladi.

23. Ijaraga beruvchi bilan ijaraga oluvchi oʻrtasida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻtkazilgan tanlov natijasi boʻyicha rasmiylashtirilgan bayonnoma asosida tuzilgan ijara shartnomasi elektron shaklda savdo platformasida ikki tomonlama rasmiylashtiriladi. Bunda:

ijara shartnomasida ijaraga oluvchining tanlov savdolarida ishtirok etish uchun kiritgan maʼlumotlari (yuridik shaxs nomi, joylashgan yeri (pochta manzili), STIR, hisobvaraqlari, elektron pochta manzili va telefon raqamlari) avtomatik tarzda koʻrsatiladi;

tanlov savdolarida qatnashish uchun kiritilgan maʼlumotlarning aniq va haqqoniyligi uchun javobgarlik ijaraga oluvchi zimmasiga yuklanadi.

24. Ijara shartnomasi tanlov natijasi boʻyicha bayonnoma rasmiylashtirilgandan keyin oʻn ish kunidan kechiktirmay, ijaraga beruvchi va ijaraga oluvchi tomonidan imzolanishi hamda belgilangan tartibda “online-ijara.uz” axborot tizimida roʻyxatdan oʻtkazilishi shart.

Ijara shartnomasi ijaraga beruvchi tomonidan “online-ijara.uz” axborot tizimida roʻyxatdan oʻtkazilgan kundan boshlab tuzilgan hisoblanadi.

Belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazilmagan ijara shartnomasi haqiqiy emas hisoblanadi va huquqiy oqibat keltirib chiqarmaydi.

25. Ijara shartnomasida quyidagilar koʻrsatiladi:

ijaraga berilayotgan obyektning nomi, joylashgan yeri, turi, tarkibi;

ijara muddati;

ijara toʻlovi miqdori, uni toʻlash tartibi va muddatlari;

ijara toʻlovi miqdorini qayta koʻrib chiqish asoslari va tartibi;

ijaraga berilayotgan obyektning holati va uni ijaraga oluvchiga topshirish muddati;

kommunal xizmatlar, elektr energiyasi, suv, gaz isteʼmoli va issiqlik taʼminotidan foydalanganlik uchun toʻlovlarni amalga oshirish shartlari;

shartnoma muddati tugagan yoki muddatidan avval bekor qilinganda, ijaraga oluvchi ijaraga olingan obyektni balansda saqlovchiga soz, but va foydalanishga yaroqli holatda tezkor qaytarish shartlari;

ijaraga berilayotgan obyektni tiklash va taʼmirlash tartibi hamda shartlari;

ijara shartnomasi shartlari, shu jumladan, ijara toʻlovlarini toʻlash muddatlarining buzilish oqibatlari;

tomonlarning huquqlari, majburiyatlari va boshqa javobgarliklari;

obyektning har qanday yaxshilanishi balansda saqlovchining yozma roziligi bilan amalga oshirilishi;

ijaraga oluvchiga yuklangan majburiyatlarni nazorat qilish tartibi;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa shartlar.

26. Balansda saqlovchi tomonidan ijara shartnomasining amal qilish muddati davrida ijaraga oluvchiga ijara obyektidan foydalanishiga va unda faoliyat koʻrsatishiga toʻsqinlik qilish taqiqlanadi (fors-major va qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno).

27. Koʻchmas mulk bir yildan kam boʻlmagan muddatga ijaraga berilganda, ijara shartnomasi davlat roʻyxatidan oʻtkazilishi shart.

28. Avtomototransport vositalari savdo platformasi vositasida tanlov orqali ijaraga berilganda, ijara shartnomalarini notarial tartibda tasdiqlash talab etilmaydi.

4-bob. Balansda saqlovchining ijara munosabatlaridagi ishtiroki hamda uning huquq va majburiyatlari

29. Ijaraga beruvchi ijara shartnomasida (ijara shartnomasi tarafi boʻlmasa-da) balansda saqlovchining qonuniy manfaatlariga zarar yetmasligi uchun oʻzi orqali amalga oshiradigan huquqlari va majburiyatlarini belgilaydi. Bunda ijaraga beruvchi oʻzining shartnomaviy huquqlaridan balansda saqlovchi foydasiga voz kechmaydi va majburiyatlarini bajarishni zimmasidan soqit qilmaydi.

30. Balansda saqlovchi ijaraga berilgan mulkka nisbatan ijaraga beruvchining xabardorligida oʻziga berilgan shartnomaviy huquqlarini amalga oshiradi hamda majburiyatlarni bajaradi.

31. Tomonlar shartnomada belgilangan majburiyatlarini bajarilmagani oqibatida shartnomaning boshqa tomonlariga yetkazgan zararni ixtiyoriylik asosida qoplaydi. Oʻzaro kelishuvga erishilmaganda, zarar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sud orqali qoplanadi.

32. Balansda saqlovchi ijaraga berilgan obyektni ijaraga oluvchiga ijaraga beruvchi ishtirokida shartnoma imzolangandan soʻng koʻpi bilan besh ish kuni ichida rasmiylashtirib topshirishni va hech qanday tarzda toʻsqinliksiz undan foydalanishini taʼminlaydi.

33. Obyekt ijaraga oluvchiga muddatida topshirilmaganligi oqibatida ijaraga oluvchiga yetkazilgan zarar balansda saqlovchi hisobidan qoplanadi.

5-bob. Ijara toʻlovlarining hisob-kitob tartibi

34. Ijara toʻlovi boʻyicha hisob-kitoblar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

ijara toʻlovi;

ijara toʻlovi muddati buzilganligi uchun hisoblangan penya va jarima.

35. Ijara toʻlovi ijaraga oluvchi tomonidan ijara toʻlovining oxirgi belgilangan miqdori va ijaraning qolgan muddatidan kelib chiqqan holda, hisoblangan oylar boʻyicha teng miqdordagi toʻlovlar bilan hisoblanadi.

Ijara toʻlovi ijara shartnomasida koʻrsatilgan muddatlarda navbatdagi oy uchun 100 foiz oldindan toʻlash shaklida amalga oshiriladi.

Ijara shartnomasi boʻyicha birinchi toʻlov shartnoma ijaraga beruvchida belgilangan tartibda roʻyxatga olingan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida keyingi toʻlov har oyning 10-sanasidan kechiktirmasdan toʻlanadi.

36. Ijaraga oluvchi ijara toʻlovini muddatida va belgilangan miqdorda toʻlamaganligi uchun ijaraga beruvchiga oʻtkazib yuborilgan har bir kun uchun kechiktirilgan toʻlov summasining 0,4 foizi miqdorida, ammo kechiktirilgan toʻlov summasining 50 foizidan ortiq boʻlmagan miqdorda penya toʻlaydi.

37. Ijaraga oluvchining ijaraga berilgan obyektni balansda saqlovchining (yuqori turuvchi tashkiloti va ijaraga beruvchi xabardorligida bergan) yozma roziligi asosida amalga oshirgan tiklash yoki mukammal taʼmirlash sarf-xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasi xulosa taqdim etgan taqdirda, ijara toʻlovi mablagʻlaridan balansda saqlovchiga taqsimlangan mablagʻlar hisobidan kamaytirish orqali qoplanadi.

38. Ijaraga oluvchining ijaraga berilgan obyektni tiklash yoki mukammal taʼmirlash uchun sarf-xarajatlari ijara muddati davomida toʻliq qoplanmagan taqdirda (ijara shartnomasining muddatidan oldin bekor qilingan hollar bundan mustasno), sarf-xarajatlarning qoplanmagan qismi balansda saqlovchi tomonidan boshqa mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

39. Obyektni (uning qismini) belgilangan tartibda ijara shartnomasi tuzmasdan yoki ijara shartnomasiga kiritmasdan ijaraga berish, shartnomada ijaraga berilgan mulkning parametrlari va sonini kamaytirib koʻrsatish aniqlanganda, ijaraga beruvchi qonun buzilishi holati aniqlangan sanadan boshlab, uch ish kuni mobaynida belgilangan tartibda obyektdan foydalanganlik davri uchun ijara toʻlovining ikki baravari miqdorida hisoblangan summani toʻlash talabi bilan tasdiqlovchi hujjatlarni balansda saqlovchiga taqdim etadi. Hisoblangan summaning oʻn ish kuni ichida ixtiyoriy toʻlanmaganligi sud tartibida undirilishiga asos boʻladi.

Bunda obyektdan foydalanganlik davri quyidagicha belgilanadi:

obyekt belgilangan tartibda ijara shartnomasi tuzmasdan foydalanishga berilganda, joriy yil 1-yanvar sanasidan holat aniqlangan sanaga qadar;

ijaraga beruvchi ishtirokida avval tuzilgan ijara shartnomasi muddati tugaganidan soʻng obyekt belgilangan tartibda ijara shartnomasi tuzilmasdan foydalanishga berilganda, avvalgi ijara shartnomasi muddati tugagan sanadan holat aniqlangan sanaga qadar;

obyekt ijara shartnomasiga toʻliq kiritilmasdan ijaraga berilganda, shuningdek, ijara shartnomasida ijaraga berilgan mulkning parametrlari va soni kamaytirib koʻrsatilganda, ijara shartnomasi tuzilgan sanadan holat aniqlangan sanaga qadar.

Bunda hisoblangan davr uchun toʻlov oʻsha yilga belgilangan ijara toʻlovining eng kam miqdoriga mutanosib hisoblanadi.

40. Amal qilish muddati navbatdagi yilga oʻtadigan obyektni ijaraga berish shartnomasi boʻyicha boʻlajak yil davri uchun ijara toʻlovining miqdori qoʻshimcha shartnoma (kelishuv) bilan kelgusi yilga tasdiqlangan ijara toʻlovining eng kam miqdorlariga mutanosib tarzda oʻzgartirilib, quyidagi tartibda hisoblanadi:

Ih2=Tn*(Ts2/Ts1)

Bunda:

Ih2 — kelgusi yil uchun ijara toʻlovi miqdori;

Ts2 — kelgusi yilga obyektdan foydalanganlik uchun bir yilga bir kv.metr uchun ijara toʻlovining eng kam miqdori;

Ts1 — tanlov oʻtkazilgan yilda obyektdan foydalanganlik uchun bir yilga bir kv.metr uchun ijara toʻlovining eng kam miqdori;

Tn — tanlov natijalari boʻyicha belgilangan yillik ijara toʻlovi.

41. Balansda saqlovchining boshqa turdagi mulklari (asosiy vositalar, koʻchar mulklar, avtotransport vositalari va boshqalar) boʻyicha kelgusi yil uchun ijara toʻlovi miqdori quyidagi tartibda hisoblab chiqiladi:

Ih2=Tn*(Tq2/Tq1)

Bunda:

Ih2 — kelgusi yil uchun ijara toʻlovi miqdori;

Tn — tanlov natijalari boʻyicha belgilangan yillik ijara toʻlovi;

Tq2 — kelgusi yilga obyektdan foydalanganlik uchun bir yillik ijara toʻlovining eng kam miqdori;

Tq1 — tanlov oʻtkazilgan yilda obyektdan foydalanganlik uchun bir yillik ijara toʻlovining eng kam miqdori.

42. Kelgusi yil uchun hisoblangan ijara toʻlovi miqdori tanlov natijasi boʻyicha belgilangan ijara toʻlovi miqdoridan kam boʻlgan taqdirda, kelgusi yil uchun ijara toʻlovi miqdori tanlov savdosi natijasi boʻyicha belgilangan ijara toʻlovi miqdorida belgilanadi.

Joriy yil uchun ijara toʻlovi miqdori ushbu yilga belgilangan obyektdan foydalanganlik uchun ijara toʻlovining eng kam miqdoridan kam boʻlishi mumkin emas.

6-bob. Obyektni ijaraga berish va qaytarib olish

43. Ijara shartnomasiga muvofiq balansda saqlovchi ijaraga beruvchi orqali obyektni (barcha buyumlar va taalluqli boʻlgan texnik hujjatlari bilan birga) shartnoma shartlariga muvofiq ijaraga oluvchiga belgilangan muddat va tartibda topshirishi, ijaraga oluvchi esa ijara muddati tugagan yoki ijara shartnomasi muddatidan oldin bekor qilingan yoxud sud qarori bilan haqiqiy emas deb topilganda, balansda saqlovchiga besh kun ichida shartnoma tuzilgan sanadagi holatda qaytarib topshirishi shart.

44. Ijaraga beruvchi obyektni belgilangan muddatda qaytarib topshirmagani oqibatida koʻrilgan moddiy zararni ijaraga oluvchidan sud tartibida undirishga haqli.

45. Obyektni topshirish-qabul qilish va qaytarish-qabul qilish ijaraga beruvchi, ijaraga oluvchi va balansda saqlovchilarning vakolatli vakillari ishtirokida “online-ijara.uz” axborot tizimi orqali uch tomonlama tuzilgan dalolatnoma asosida amalga oshiriladi.

Dalolatnomada quyidagilar koʻrsatiladi:

dalolatnoma tuzilgan joy va sana;

ijara shartnomasining rekvizitlari (tuzilgan sanasi, tartib raqami);

ijara mulkining texnik holati.

Topshirish-qabul qilish va qaytarish-qabul qilish dalolatnomalari tomonlarning vakolatli vakillari tomonidan imzolanadi (shu jumladan, elektron raqamli imzo orqali).

46. Ijaraga olingan obyektda kamchiliklar aniqlangan taqdirda (qonunda nazarda tutilgan hollardan tashqari), mulkni qabul qilib oluvchi tomonlar boshqa tomon obyektni shartnomada belgilangan muddatlarda ijara shartnomasi shartlariga muvofiq holatga keltirgungacha yoki yetkazilgan zararni qoplagungacha uni qabul qilib olishni va obyektni topshirish-qabul qilish dalolatnomasini imzolashni rad etishga haqlidir.

Bunda obyekt topshirilgunga qadar topshirishni kechiktirgan taraf shartnoma shartlarida ijara toʻlovini toʻlaydi.

7-bob. Ijaraga berilayotgan mulklarni hisobga olish, hisobotini yuritish va uni nazorat qilish

47. Ijaraga berilayotgan mulklarni hisobga olish va maʼlumotlar bazasini yuritish ijaraga beruvchi tomonidan “online-ijara.uz” axborot tizimi orqali amalga oshiriladi.

48. Ijaraga beruvchi ijara shartnomasi amal qiladigan muddat mobaynida ijaraga oluvchi tomonidan ijara toʻlovi oʻz vaqtida va toʻliq toʻlanishini nazorat qilib boradi.

Ushbu maqsadda ijaraga beruvchi quyidagilarga haqli:

ijaraga oluvchidan ijara shartnomasida nazarda tutilgan axborotlarni soʻrash va olish;

zarurat boʻlganda, mulkning fizik holatini ijaraga oluvchining xoʻjalik faoliyatiga aralashmagan holda koʻzdan kechirish;

ijaraga olingan mulkdan foydalanish shartlarini, ijaraga oluvchi tomonidan uchinchi shaxslar huquqlariga rioya qilinishini oʻrganish (servitut, garov va shu kabilar);

ijaraga oluvchining ijaraga olingan obyektni yaxshilash toʻgʻrisidagi murojaatini koʻrib chiqish;

qonunchilik hujjatlarida va ijara shartnomasida nazarda tutilgan boshqa harakatlarni amalga oshirish;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa huquqlaridan ham foydalanish.

49. Balansda saqlovchi ijara shartnomasi amal qiladigan muddat mobaynida ijaraga oluvchi tomonidan quyidagi majburiyatlar bajarilishini nazorat qilib boradi:

obyektdan bayonnomada belgilangan faoliyat boʻyicha foydalanishini;

ijaraga oluvchining xodimlari Jazoni ijro etish departamenti tizimidagi jazoni ijro etish muassasalarining ichki tartib qoidalariga rioya etishini;

umumiy ovqatlanish va savdo joylarida qonunda belgilangan tovarlar narxining belgilangan narxdan yuqori emasligini;

ijaraga oluvchi obyektni soz va but holatda saqlashi, balansda saqlovchining ruxsatisiz obyektning tashqi koʻrinishiga oʻzgartirish kiritmasligini;

sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari talablariga rioya etilishini;

qonunchilikda va ijara shartnomasida belgilangan boshqa majburiyatlar bajarilishini.

Ushbu maqsadda balansda saqlovchi quyidagilarga haqli:

ijaraga oluvchidan ijara shartnomasida nazarda tutilgan bandlar yuzasidan axborotlarni soʻrash va olish;

Jazoni ijro etish departamenti tizimidagi jazoni ijro etish muassasalarining ichki tartib qoidalari buzilishi holatlari boʻyicha ijaraga oluvchining xodimlaridan tushuntirish olish;

qonunchilik hujjatlarida va ijara shartnomasida belgilangan boshqa huquqlaridan ham foydalanish.

50. Ijaraga beruvchi tomonidan ijaraga oluvchini ogohlantirgan holda, balansda saqlovchining murojaatiga koʻra va/yoki oʻz tashabbusiga asosan quyidagi hollarda ijara shartnomasi bekor qilinishi mumkin:

ijaraga oluvchi tomonidan shartnoma majburiyatlari bajarilmaganda;

obyektda qurilish-taʼmirlash ishlari balansda saqlovchi bilan kelishilmagan holda bajarilganda;

umumiy ovqatlanish joylari va savdo doʻkonlaridagi narxlar asossiz ravishda oshirib yuborilganda;

ijara oluvchining xodimlari tomonidan Jazoni ijro etish departamenti tizimidagi jazoni ijro etish muassasalarining ichki tartib qoidalari buzilganda yoki maxsus kontingent bilan noqonuniy munosabatga kirishilganligi aniqlanganda;

ijaraga oluvchining xatti-harakati obyektning yaroqsiz holga yoki uning buzilishiga olib kelgan holatlar aniqlanganda;

qonunchilikda va ijara shartnomasida belgilangan boshqa holatlarda.

8-bob. Yakunlovchi qoida

51. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 27-iyundagi 358-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamenti tizimidagi jazoni ijro etish muassasalariga Face-ID identifikatsiya tizimi mavjud boʻlgan infokiosklarni oʻrnatish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamenti (keyingi oʻrinlarda — Jazoni ijro etish departamenti) tizimidagi jazoni ijro etish muassasalariga Face-ID identifikatsiya tizimi mavjud boʻlgan infokiosklarni oʻrnatish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

Face-ID identifikatsiya tizimi — maxsus kontingentning yuz qiyofasidan uning shaxsini identifikatsiya qilish imkonini beradigan tizim;

jazoni ijro etish muassasalari — Jazoni ijro etish departamenti tizimidagi jazoni ijro etish muassasalari, shu jumladan, mahkumlar uchun ixtisoslashtirilgan kasalxona, tarbiya koloniyasi, manzil-koloniyalari hamda tergov hibsxonalari;

investitsiya majburiyatlari — jazoni ijro etish muassasalarida maxsus kontingent, shu jumladan, ularning qarindoshlari tomonidan qonun bilan taqiqlanmagan buyumlarni erkin bozor mexanizmlariga asoslangan elektron platforma orqali onlayn xarid qilish imkoniyatini yaratish uchun infokiosklarni jazoni ijro etish muassasalarga oʻrnatish va ularga topshirish boʻyicha shartnoma shartlari asosida investitsiyalar kiritishga doir majburiyatlar;

infokiosk — maxsus kontingentga biometrik maʼlumotlari asosida Face-ID identifikatsiya tizimi orqali inson omilisiz qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan buyumlarni elektron doʻkon orqali sotib olish imkonini beruvchi elektron qurilma;

maxsus kontingent — ehtiyot chorasi sifatida qamoqqa olinib, tergov hibsxonalarida saqlanayotgan va ozodlikdan mahrum etish tariqasidagi jazoni ijro etish muassasalarida jazo muddatini oʻtayotgan shaxslar;

talabgor — jazoni ijro etish muassasalariga elektron platforma orqali tovar va buyumlar xarid (onlayn) qilish imkonini beruvchi elektron platforma va Face-ID identifikatsiya tizimi mavjud infokiosklarni investitsiya kiritish orqali oʻrnatish istagini bildirgan yuridik shaxs (Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti);

talabgorni oʻrganish — tanlov komissiyasi tomonidan jazoni ijro etish muassasalariga infokiosklarni investitsiya kiritish orqali oʻrnatish istagini bildirgan yuridik shaxs (Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti) haqidagi maʼlumotlarni oʻrganish;

tanlov — jazoni ijro etish muassasalariga infokiosklarni oʻrnatish boʻyicha eʼlon qilingan tanlov mezoni va shartlariga muvofiq talabgorlar tomonidan taqdim etilgan eng yaxshi takliflarni tanlab olish jarayoni;

tanlov komissiyasi — mazkur Nizomda keltirib oʻtilgan funksiyalarni bajarish uchun Jazoni ijro etish departamentida tashkil etiladigan komissiya;

tanlovning gʻolibi — eʼlon asosida eng yaxshi takliflarni bildirgan, talabgorni oʻrganish natijalari boʻyicha ijobiy baholangan ishtirokchi;

elektron doʻkon — elektron platforma orqali tovar va buyumlar xarid (onlayn) qilish imkonini beruvchi dasturiy taʼminot.

3. Tanlov qonuniylik, ochiqlik, shaffoflik, xolislik, va ishtirokchilarga teng sharoitlar yaratish tamoyillariga muvofiq oʻtkaziladi.

2-bob. Jazoni ijro etish muassasalarida infokiosklarni oʻrnatish boʻyicha tanlov ni tashkil etish

4. Jazoni ijro etish departamenti tomonidan maxsus kontingentning ehtiyojidan kelib chiqib, jazoni ijro etish muassasalariga oʻrnatiladigan infokiosklar miqdori va texnik talablari belgilanadi.

5. Jazoni ijro etish departamenti tomonidan jazoni ijro etish muassasalarida infokiosklarni oʻrnatish boʻyicha tanlov komissiyasi shakllantiriladi.

Tanlov komissiyasi tarkibiga quyidagilar kiritiladi:

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Shaxsiy xavfsizlik bosh boshqarmasi masʼul vakili;

Jazoni ijro etish departamenti boshligʻining axborot texnologiyalari boʻyicha oʻrinbosari;

Jazoni ijro etish departamenti Moliya va moddiy-texnika taʼminoti boshqarmasi boshligʻi;

Jazoni ijro etish departamentining boshqa sohaviy xizmat xodimlari;

infokiosklar oʻrnatilishi moʻljallangan jazoni ijro etish muassasalari boshliqlari.

Jazoni ijro etish departamenti Moliya va moddiy-texnika taʼminoti boshqarmasi boshligʻi tanlov komissiyasi raisi hamda mazkur boshqarmaning masʼul xodimlaridan biri tanlov komissiyasi kotibi etib tayinlanadi.

6. Tanlov komissiyasi tomonidan maxsus kontingent, shu jumladan, ularning qarindoshlari tomonidan qonun bilan taqiqlanmagan buyumlarni erkin bozor mexanizmlariga asoslangan elektron doʻkonlar orqali sotib olish imkoniyatini yaratish uchun infokiosklarni jazoni ijro etish muassasalariga oʻrnatish istagi mavjud talabgorlarni aniqlash uchun davriy nashrlarda va Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining rasmiy veb-saytida tanlov eʼlon qiladi.

7. Eʼlonda:

takliflarni topshirish tartibi va muddati (kun va soat);

hujjatlarni qabul qiladigan tanlov komissiyasining manzili va bogʻlanish telefoni;

talabgorlarga qoʻyiladigan talablar;

talabgorlarga infokiosklarni oʻrnatish bilan bogʻliq shartlar, shu jumladan, oʻrnatish va jazoni ijro etish muassasalariga topshirish muddatlari koʻrsatib oʻtiladi.

8. Tanlov komissiyasi infokiosklarni oʻrnatish boʻyicha taklif bilan chiqqan talabgorlarning roʻyxatini shakllantirib, tanlov oʻtkazish uchun zarur boʻlgan hujjatlarni toʻplaydi.

9. Infokiosklarni oʻrnatish boʻyicha taklif bilan chiqqan talabgorlarga tanlov komissiyasi tomonidan tanlov oʻtkazish joyi va vaqti maʼlum qilinadi.

10. Tanlovda ishtirok etayotgan talabgorlar quyidagi huquqlarga ega boʻladi:

tanlov oʻtkazish joyi va vaqti boʻyicha batafsil maʼlumot olish;

tanlovda shaxsan yoki tegishli ishonchnoma asosida ishonchli vakili orqali ishtirok etish;

tanlov natijalari boʻyicha eʼtirozlarni belgilangan muddatlarda tanlov komissiyasiga taqdim etish hamda tanlov komissiyasining xulosasidan norozi boʻlsa, yuqori turuvchi organ yoki sudga shikoyat qilish.

3-bob. Jazoni ijro etish muassasalarida infokiosklarni oʻrnatish boʻyicha tanlov mezonlari va gʻolibni aniqlash tartibi

11. Tanlov komissiyasi tomonidan tanlovni oʻtkazish davomida infokiosklarni oʻrnatish boʻyicha taklif bilan chiqqan talabgorlarning takliflari oʻrganib chiqiladi va tanlov gʻolibini aniqlashning mezonlari asosida tanlov gʻolibi aniqlanadi.

12. Quyidagilar tanlov gʻolibini aniqlashning mezonlari hisoblanadi:

talabgorning tanlovga qadar elektron savdo sohasida bir yildan kam boʻlmagan tajribaga ega ekanligi;

talabgorning Face-ID identifikatsiya tizimi mavjud boʻlgan infokiosklar orqali savdo qilish imkonini beruvchi dasturga ega ekanligi;

talabgorning barcha jazoni ijro etish muassasalariga infokiosklarni oʻrnatish uchun kiritadigan investitsiya (pul) mablagʻlariga ega ekanligi;

vakolatli organlardan faoliyatni amalga oshirish uchun tegishli ruxsatnomaga ega ekanligi;

moliyaviy ahvolining barqarorligi, soliq va yigʻimlardan qarzdorligi mavjud emasligi;

maxsus kontingentga infokiosklar orqali tovar va mahsulotlarni yetkazib berish uchun yetarli moddiy-texnik hamda logistika bazasiga (buyurtma qilingan tovar va buyumlarni jazoni ijro etish muassasalariga yetkazish uchun transport vositalari, ombor va ishchi kuchiga) ega ekanligi.

13. Agar bitta talabgor tomonidan taqdim etilgan taklifda infokiosklarni barcha jazoni ijro etish muassasalarda oʻrnatish nazarda tutilmagan boʻlsa, bir nechta talabgorlar gʻolib deb topilishi mumkin.

14. Agar tanlov oʻtkazilgan kunidan keyingi ikki ish kuni ichida talabgorlar tomonidan tanlovni oʻtkazish natijalari boʻyicha eʼtirozlar kelib tushmagan boʻlsa, tanlov komissiyasi tomonidan gʻolib deb topilgan ishtirokchi bilan shartnoma tuziladi.

15. Talabgorlarning tanlov natijalari boʻyicha eʼtirozlari tanlov komissiyasi tomonidan uch ish kuni ichida koʻrib chiqiladi va tegishli qaror qabul qilinib, manfaatdor tomonlarga maʼlum qilinadi.

Belgilangan muddat tugaganidan keyin kelib tushgan eʼtirozlar tanlov komissiyasi tomonidan koʻrib chiqilmaydi.

16. Tanlovni oʻtkazish jarayoni videotasvirga olinadi, tanlov natijalari tanlov komissiyasi yigʻilishining bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi.

Tanlovni oʻtkazish jarayoni videotasviri tanlov komissiyasi yigʻilishining bayonnomasi bilan birga saqlanadi.

17. Agar takliflarni qabul qilib olishning muddati yakuniga qadar birorta ham taklif tushmasa yoki tanlovga ikkitadan kam talabgorning taklifi taqdim etilsa yoxud taqdim etilgan barcha tanlov takliflarida zarur hujjatlarning paketi boʻlmaganda, tanlov komissiyasi tomonidan tanlov oʻtkazilmagan deb eʼlon qilinadi.

4-bob. Jazoni ijro etish muassasalarida infokiosklarni oʻrnatish boʻyicha tanlov gʻolibi bilan investitsiya majburiyatlarini nazarda tutuvchi shartnomani rasmiylashtirish

18. Shartnoma tomonlar oʻrtasida olti oydan uch yilgacha boʻlgan muddatga tuziladi.

Bunda tanlov komissiyasi quyidagilarni inobatga olgan holda shartnoma muddatini belgilaydi:

infokiosklarning texnik xususiyati va kiritilgan investitsiya (mablagʻlar) miqdori;

shartnomada investor tomonidan infokiosklarni takomillashtirib borish uchun qoʻshimcha investitsiya kiritish boʻyicha taklif nazarda tutilganligi;

investor tomonidan jazoni ijro etish muassasalariga oʻrnatilishi taklif etilgan infokiosklar soni.

19. Shartnoma quyidagilarni oʻz ichiga olishi lozim:

shartnomaning predmeti va hisob-kitoblar tartibi;

shartnomaning amal qilish muddati va shartlari;

infokiosklarni jazoni ijro etish muassasalariga oʻrnatish tartibi, ularni topshirish muddati;

investor va jazoni ijro etish muassasasining huquqlari hamda majburiyatlari;

tomonlarning shartnoma shartlariga rioya qilmaganligi uchun javobgarligi (shuningdek, fors-major holatlar);

shartnomaga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish tartibi;

nizolarni sudgacha va sud tartibida hal etish tartibi;

shartnomani bekor qilish tartibi.

Gʻolib boʻlgan talabgorning taklifida infokiosklardan foydalanish davomida topgan foydasining bir qismini muassasalarga ajratishi nazarda tutilgan boʻlsa, bu shartnomada aks ettirilishi lozim.

20. Shartnomada investor tomonidan shartnoma tuzilgan sanadan boshlab ikki oy ichida infokiosklar jazoni ijro etish muassasalari maʼmuriyati tomonidan belgilab berilgan hududga oʻrnatilishi hamda ulardan faqatgina jazoni ijro etish muassasasining balansiga topshirilganidan soʻng shartnoma bilan belgilangan muddatda foydalanish mumkinligi asosiy shartlar sifatida belgilanishi zarur.

21. Infokiosklardan foydalanish tartibi va shartlari ozodlikdan mahrum etish turidagi jazoni ijro etish muassasalarining ichki tartib qoidalaridan kelib chiqqan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan belgilanadi.

22. Shartnoma bilan belgilangan muddat ichida infokiosklarda yuzaga kelgan texnik nosozlarni bartaraf etish, dasturiy taʼminotini yangilab borish investorning mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

23. Shartnoma muddati tugagach, infokiosklar jazoni ijro etish muassasalari maʼmuriyati tomonidan belgilangan tartibda ijaraga beriladi.

24. Investor tomonidan investitsiya majburiyatlarining bajarilishi hamda shartnoma shartlariga rioya etilayotganligi Jazoni ijro etish departamenti tomonidan nazorat qilinadi.

5-bob. Yakunlovchi qoida

25. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 27-iyun,

358-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.06.2024-y., 09/24/358/0455-son; 10.04.2025-y., 09/25/211/0323-son; 06.05.2025-y., 07/25/155/0412-son; 22.10.2025-y., 09/25/662/0964-son; 05.02.2026-y., 09/26/40/0112-son)

lex.uz