UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 29-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 29 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 29 июня 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 29 June 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Мамлакатимизда номоддий маданий меросни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, жамоатчиликни жалб этган ҳолда унинг намуналарини аниқлаш, рўйхатларга киритиш, рақамлаштириш, тарғиб қилиш ва сақлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, мақом ва бахшичилик санъатини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, тарғиб қилишни янада ривожлантириш, номоддий маданий мероснинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган намуналарини Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция доирасида халқаро рўйхатларга киритиш бўйича ижобий натижаларга эришилди.

Мазкур йўналишда амалий ишларни давом эттириш, илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданият ва туризм соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 27 июлдаги ПФ-114-сон Фармони ҳамда «Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 25 декабрдаги ПҚ-405-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 июлдаги ПФ-114-сон Фармони билан Маданият вазирлиги ҳузуридаги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда — Институт) этиб қайта ташкил этилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПҚ-405-сон қарори билан Институтнинг асосий вазифалари тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки:

Институт директори Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;

директор ўринбосарлари Институт директорининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;

Институт Маданият вазирлиги ҳузуридаги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

3. Институт тизимида унинг илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи таркибий бўлинмаларида илғор илмий-тадқиқот ва қидирув ишларини ўтказиш учун янги, замонавий юқори технологик жиҳозлар билан жиҳозланган ҳамда юридик шахс бўлмаган Этнофольклор лабораторияси ташкил этилсин.

Этнофольклор лабораториясига қуйидаги вазифалар юклансин:

йўқолиб кетган ноёб номоддий маданий мерос намуналари ва улар билан боғлиқ бўлган асбоб-анжомлар, артефактлар, маданий маконларни қайта тиклаш;

номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи материаллар, ахборот ташувчи воситалар, этнофольклор экспедицияларда тўпланган материалларни технологиялар ўзгаришига мутаносиб равишда замонавий форматга ўтказиб бориш ҳамда аудиовизуаллаштириш;

номоддий маданий мерос намуналарининг даврлар ўтиши билан ўзгариб бориши ва келажакдаги ҳолатини моделлаштириш;

фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва бажариш, маданият ва санъат соҳасидаги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, номоддий маданий мероснинг ноёб элементларини тадқиқ этиш ва ҳужжатлаштириш;

номоддий маданий меросни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда, унинг намуналарини аниқлаш, рўйхатларга киритиш ва рақамлаштириш;

номоддий маданий мероснинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган намуналарини сақлаб қолиш ҳамда тарғиб этиш бўйича ижобий илмий-амалий ечимлар асосида материалларни рақамлаштириш;

номоддий маданий мероснинг барча йўналишлари бўйича грантлар ажратилишини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, тадқиқот ишларига ёш олимларни жалб этиш;

ЮНЕСКО, Халқаро товуш ва аудиовизуал архивлар ассоциацияси ҳамда бошқа халқаро ва хорижий ташкилотлар экспертларини жалб этган ҳолда, архивда материалларни ишончли рақамлаштириш масаласини илмий-амалий жиҳатдан ўрганиш.

4. Маданият вазирлиги 2024 йил якунига қадар:

белгиланган тартибда Институт халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, шунингдек, мебель ва бошқа техник воситалар билан жиҳозланишини;

юқори малакали ва ташаббускор кадрлар билан тўлдирилишини;

номоддий маданий мерос намуналарининг даврлар ўтиши билан ўзгариб бориши ва келажакдаги ҳолати моделлаштирилишини;

номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи материаллар, ахборот ташувчи воситалар, этнофольклор экспедицияларда тўпланган материалларни технологиялар ўзгаришига мутаносиб равишда замонавий форматга ўтказиб бориш ҳамда аудиовизуаллаштириш ишларини йўлга қўйсин.

Бунда ушбу қарорнинг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.

5. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

бюджет маблағлари;

илмий фаолиятга оид дастурларни амалга ошириш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган бюджети маблағлари;

Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;

республика илмий-тадқиқот лойиҳалари грантлари;

хўжалик фаолиятидан ҳамда шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан тушадиган тушумлар;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Белгилансинки:

Институтнинг сақлаш харажатларини бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш 2024 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Маданият вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2025 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;

Институтга 1 та хизмат енгил автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилади;

Маданият вазирлигига вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Институт моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, Институт ходимларини моддий рағбатлантириш ҳамда Институтда бажариладиган илмий-амалий лойиҳалар учун маблағлар ажратиш ҳуқуқи берилади.

7. Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг Институтни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги Навоий кўчаси 30-уй манзилига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Номоддий маданий мерос муҳофазасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2011 йил 23 февралдаги 47-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 июндаги 368-сон қарорига ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «Номоддий маданий мерос муҳофазасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2011 йил 23 февралдаги 47-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 1-илова (Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритиш тўғрисидаги низом)да:

а) 2-банддаги «ҳужжатидан» сўзи «ҳужжатларидан» сўзи билан алмаштирилсин;

б) 4-банддаги «Тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектларни Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритиш» сўзлари «Номоддий маданий мерос объектларини Номоддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритиш ва ундан чиқариш» сўзлари билан алмаштирилсин;

в) I бўлим қуйидаги мазмундаги 4 1 -банд билан тўлдирилсин:

«4 1 . Тарихий-маданий қимматга эга бўлган объектлар Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатидан тарихий-маданий экспертизасининг рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги хулосасига асосан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда чиқарилади»;

г) 5-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«5. Қуйидагилар рўйхати юритиладиган номоддий маданий мерос объектлари намоён бўладиган соҳалар ҳисобланади:»;

д) 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«6. Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда «Институт» деб аталади) томонидан юритилади»;

е) 8-банд «Объектлар тарихий-маданий экспертиза хулосасига асосан рўйхатга киритилади» сўзларидан кейин «ва ундан чиқарилади» сўзлари билан тўлдирилсин;

ж) 11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«11. Номоддий маданий мерос объектларининг маҳаллий рўйхатлари Номоддий маданий мерос объектлари миллий рўйхатини, ушбу рўйхат эса, ўз навбатида, Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига тавсия этилаётган объектлар рўйхатини тўлдириб, янгилаб бориш учун хизмат қилади»;

з) 13-бандда :

«Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритиладиган» сўзларидан кейин «ва ундан чиқариладиган» сўзлари билан тўлдирилсин;

«Марказ» сўзи «Институт» сўзи билан алмаштирилсин;

и) 14-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатидан чиқариш ушбу Низомнинг 4-бандига асосан тақдим этилган мурожаатномаларга кўра амалга оширилади»;

й) 15-банддаги «Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида» сўзлари «Институтда» сўзи билан алмаштирилсин;

к) 17-банд «Муҳофаза остига олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос объектларини ўрганиш, уларнинг тарихий-маданий экспертизасини ташкил этиш ҳамда Номоддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритиш» сўзларидан кейин «, шунингдек, ушбу рўйхатдан чиқариш» сўзлари билан тўлдирилсин;

м) 18-банддаги «маълумотлар» сўзи «маълумот ҳамда ундан чиқарилганларига доир изоҳлар» сўзлари билан алмаштирилсин.

2. 2-илова (Номоддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом)да:

а) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«4. Тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган урф-одатлар, халқ ижодиёти (сўз, рақс, мусиқа, томоша санъати), шунингдек, улар ҳамда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати билан боғлиқ билимлар, кўникмалар, асбоб-анжомлар, артефактлар, маданий маконлар ва Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатига киритилишини асословчи бошқа материаллар ҳамда ундан чиқарилиши кераклигини изоҳловчи ҳужжат ва важлар тарихий-маданий экспертиза объектлари ҳисобланади»;

б) 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«5. Тарихий-маданий экспертизани ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институтига (кейинги ўринларда «Институт» деб аталади), уни ўтказиш Институт ҳузурида ташкил этиладиган Илмий-методик кенгашга (кейинги ўринларда «Кенгаш» деб аталади) юкланади»;

в) 19 ва 20-бандлардаги «Марказга» ва «Марказ» сўзлари тегишлича «Институтга» ва «Институт» сўзлари билан алмаштирилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 29 июнь,

368-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.07.2024 й., 09/24/368/0460-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniyatshunoslik va nomoddiy madaniy meros ilmiy-tadqiqot instituti faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida

Mamlakatimizda nomoddiy madaniy merosni har tomonlama muhofaza qilish, jamoatchilikni jalb etgan holda uning namunalarini aniqlash, roʻyxatlarga kiritish, raqamlashtirish, targʻib qilish va saqlash borasida keng koʻlamli islohotlar amalga oshirilmoqda.

Xususan, maqom va baxshichilik sanʼatini muhofaza qilish, ilmiy oʻrganish, targʻib qilishni yanada rivojlantirish, nomoddiy madaniy merosning noyob va yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan namunalarini Nomoddiy madaniy merosni muhofaza qilish toʻgʻrisidagi xalqaro konvensiya doirasida xalqaro roʻyxatlarga kiritish boʻyicha ijobiy natijalarga erishildi.

Mazkur yoʻnalishda amaliy ishlarni davom ettirish, ilmiy-tadqiqot ishlarini yanada rivojlantirish, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida madaniyat va turizm sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 27-iyuldagi PF-114-son Farmoni hamda “Nomoddiy madaniy merosni muhofaza qilish, ilmiy oʻrganish va targʻib qilishni rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 25-dekabrdagi PQ-405-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 27-iyuldagi PF-114-son Farmoni bilan Madaniyat vazirligi huzuridagi Respublika madaniyat muassasalari faoliyatini tashkil etish ilmiy-metodik markazi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniyatshunoslik va nomoddiy madaniy meros ilmiy-tadqiqot instituti (keyingi oʻrinlarda — Institut) etib qayta tashkil etilganligi;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 25-dekabrdagi PQ-405-son qarori bilan Institutning asosiy vazifalari tasdiqlanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Belgilansinki:

Institut direktori Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod qilinadi;

direktor oʻrinbosarlari Institut direktorining tavsiyasiga asosan Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod qilinadi;

Institut Madaniyat vazirligi huzuridagi Respublika madaniyat muassasalari faoliyatini tashkil etish ilmiy-metodik markazining huquq va majburiyatlari, shuningdek, tuzilgan shartnomalari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi.

3. Institut tizimida uning ilmiy-tadqiqot faoliyatini amalga oshiruvchi tarkibiy boʻlinmalarida ilgʻor ilmiy-tadqiqot va qidiruv ishlarini oʻtkazish uchun yangi, zamonaviy yuqori texnologik jihozlar bilan jihozlangan hamda yuridik shaxs boʻlmagan Etnofolklor laboratoriyasi tashkil etilsin.

Etnofolklor laboratoriyasiga quyidagi vazifalar yuklansin:

yoʻqolib ketgan noyob nomoddiy madaniy meros namunalari va ular bilan bogʻliq boʻlgan asbob-anjomlar, artefaktlar, madaniy makonlarni qayta tiklash;

nomoddiy madaniy meros namunalarini saqlovchi materiallar, axborot tashuvchi vositalar, etnofolklor ekspeditsiyalarda toʻplangan materiallarni texnologiyalar oʻzgarishiga mutanosib ravishda zamonaviy formatga oʻtkazib borish hamda audiovizuallashtirish;

nomoddiy madaniy meros namunalarining davrlar oʻtishi bilan oʻzgarib borishi va kelajakdagi holatini modellashtirish;

fundamental, amaliy va innovatsion ilmiy-tadqiqot ishlarini tashkil etish va bajarish, madaniyat va sanʼat sohasidagi innovatsion loyihalarni amalga oshirish, nomoddiy madaniy merosning noyob elementlarini tadqiq etish va hujjatlashtirish;

nomoddiy madaniy merosni har tomonlama muhofaza qilish, keng jamoatchilikni jalb etgan holda, uning namunalarini aniqlash, roʻyxatlarga kiritish va raqamlashtirish;

nomoddiy madaniy merosning noyob va yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan namunalarini saqlab qolish hamda targʻib etish boʻyicha ijobiy ilmiy-amaliy yechimlar asosida materiallarni raqamlashtirish;

nomoddiy madaniy merosning barcha yoʻnalishlari boʻyicha grantlar ajratilishini taʼminlash, ilmiy-tadqiqot ishlarini kuchaytirish, tadqiqot ishlariga yosh olimlarni jalb etish;

YUNESKO, Xalqaro tovush va audiovizual arxivlar assotsiatsiyasi hamda boshqa xalqaro va xorijiy tashkilotlar ekspertlarini jalb etgan holda, arxivda materiallarni ishonchli raqamlashtirish masalasini ilmiy-amaliy jihatdan oʻrganish.

4. Madaniyat vazirligi 2024-yil yakuniga qadar:

belgilangan tartibda Institut xalqaro talablarga javob beradigan zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, shuningdek, mebel va boshqa texnik vositalar bilan jihozlanishini;

yuqori malakali va tashabbuskor kadrlar bilan toʻldirilishini;

nomoddiy madaniy meros namunalarining davrlar oʻtishi bilan oʻzgarib borishi va kelajakdagi holati modellashtirilishini;

nomoddiy madaniy meros namunalarini saqlovchi materiallar, axborot tashuvchi vositalar, etnofolklor ekspeditsiyalarda toʻplangan materiallarni texnologiyalar oʻzgarishiga mutanosib ravishda zamonaviy formatga oʻtkazib borish hamda audiovizuallashtirish ishlarini yoʻlga qoʻysin.

Bunda ushbu qarorning 3 va 4-bandlarida nazarda tutilgan chora-tadbirlarni amalga oshirish Madaniyat vazirligining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

5. Quyidagilar Institut faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

budjet mablagʻlari;

ilmiy faoliyatga oid dasturlarni amalga oshirish uchun Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan oʻtkaziladigan tanlovlar natijalari boʻyicha ajratiladigan budjeti mablagʻlari;

Madaniyat vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari;

xalqaro moliya institutlari va boshqa xorijiy tashkilotlarning grantlari;

respublika ilmiy-tadqiqot loyihalari grantlari;

xoʻjalik faoliyatidan hamda shartnoma asosida tadqiqotlar oʻtkazishdan tushadigan tushumlar;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

6. Belgilansinki:

Institutning saqlash xarajatlarini budjet mablagʻlari hisobidan moliyalashtirish 2024-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Madaniyat vazirligiga ajratilgan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi, 2025-yildan boshlab esa Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi;

Institutga 1 ta xizmat yengil avtotransport vositasini saqlash uchun limit ajratiladi;

Madaniyat vazirligiga vazirlikning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan Institut moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, Institut xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish hamda Institutda bajariladigan ilmiy-amaliy loyihalar uchun mablagʻlar ajratish huquqi beriladi.

7. Madaniyat vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi hamda Davlat aktivlarini boshqarish agentligining Institutni Toshkent shahar Shayxontohur tumanidagi Navoiy koʻchasi 30-uy manziliga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

8. Vazirlar Mahkamasining “Nomoddiy madaniy meros muhofazasiga oid normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2011-yil 23-fevraldagi 47-son qaroriga ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

9. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri O.A. Nazarbekov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 29-iyundagi 368-son qaroriga ILOVA

Vazirlar Mahkamasining “Nomoddiy madaniy meros muhofazasiga oid normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2011-yil 23-fevraldagi 47-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. 1-ilova (Nomoddiy madaniy meros obyektlarining roʻyxatini yuritish toʻgʻrisidagi nizom)da:

a) 2-banddagi “hujjatidan” soʻzi “hujjatlaridan” soʻzi bilan almashtirilsin;

b) 4-banddagi “Tarixiy-madaniy qimmatga ega boʻlgan obyektlarni Nomoddiy madaniy meros obyektlarining roʻyxatiga kiritish” soʻzlari “Nomoddiy madaniy meros obyektlarini Nomoddiy madaniy meros obyektlari roʻyxatiga kiritish va undan chiqarish” soʻzlari bilan almashtirilsin;

v) I boʻlim quyidagi mazmundagi 4 1 -band bilan toʻldirilsin:

“4 1 . Tarixiy-madaniy qimmatga ega boʻlgan obyektlar Nomoddiy madaniy meros obyektlarining roʻyxatidan tarixiy-madaniy ekspertizasining roʻyxatdan chiqarish toʻgʻrisidagi xulosasiga asosan Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tomonidan mahalliy davlat hokimiyati organlari bilan kelishgan holda chiqariladi”;

g) 5-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“5. Quyidagilar roʻyxati yuritiladigan nomoddiy madaniy meros obyektlari namoyon boʻladigan sohalar hisoblanadi:”;

d) 6-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“6. Nomoddiy madaniy meros obyektlarining roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniyatshunoslik va nomoddiy madaniy meros ilmiy-tadqiqot instituti (keyingi oʻrinlarda “Institut” deb ataladi) tomonidan yuritiladi”;

e) 8-band “Obyektlar tarixiy-madaniy ekspertiza xulosasiga asosan roʻyxatga kiritiladi” soʻzlaridan keyin “va undan chiqariladi” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

j) 11-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“11. Nomoddiy madaniy meros obyektlarining mahalliy roʻyxatlari Nomoddiy madaniy meros obyektlari milliy roʻyxatini, ushbu roʻyxat esa, oʻz navbatida, Insoniyat nomoddiy madaniy merosining reprezentativ roʻyxatiga tavsiya etilayotgan obyektlar roʻyxatini toʻldirib, yangilab borish uchun xizmat qiladi”;

z) 13-bandda :

“Nomoddiy madaniy meros obyektlarining roʻyxatiga kiritiladigan” soʻzlaridan keyin “va undan chiqariladigan” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

“Markaz” soʻzi “Institut” soʻzi bilan almashtirilsin;

i) 14-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Nomoddiy madaniy meros obyektlarining roʻyxatidan chiqarish ushbu Nizomning 4-bandiga asosan taqdim etilgan murojaatnomalarga koʻra amalga oshiriladi”;

y) 15-banddagi “Markaz va uning hududiy boʻlinmalarida” soʻzlari “Institutda” soʻzi bilan almashtirilsin;

k) 17-band “Muhofaza ostiga olinishi lozim boʻlgan nomoddiy madaniy meros obyektlarini oʻrganish, ularning tarixiy-madaniy ekspertizasini tashkil etish hamda Nomoddiy madaniy meros obyektlari roʻyxatiga kiritish” soʻzlaridan keyin “, shuningdek, ushbu roʻyxatdan chiqarish” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

m) 18-banddagi “maʼlumotlar” soʻzi “maʼlumot hamda undan chiqarilganlariga doir izohlar” soʻzlari bilan almashtirilsin.

2. 2-ilova (Nomoddiy madaniy meros obyektlarining tarixiy-madaniy ekspertizadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom)da:

a) 4-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“4. Tarixiy, ilmiy, badiiy yoki oʻzgacha madaniy qimmatga ega boʻlgan urf-odatlar, xalq ijodiyoti (soʻz, raqs, musiqa, tomosha sanʼati), shuningdek, ular hamda xalq badiiy hunarmandchiligi va amaliy sanʼati bilan bogʻliq bilimlar, koʻnikmalar, asbob-anjomlar, artefaktlar, madaniy makonlar va Nomoddiy madaniy meros obyektlarining roʻyxatiga kiritilishini asoslovchi boshqa materiallar hamda undan chiqarilishi kerakligini izohlovchi hujjat va vajlar tarixiy-madaniy ekspertiza obyektlari hisoblanadi”;

b) 5-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“5. Tarixiy-madaniy ekspertizani tashkil etish Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniyatshunoslik va nomoddiy madaniy meros ilmiy-tadqiqot institutiga (keyingi oʻrinlarda “Institut” deb ataladi), uni oʻtkazish Institut huzurida tashkil etiladigan Ilmiy-metodik kengashga (keyingi oʻrinlarda “Kengash” deb ataladi) yuklanadi”;

v) 19 va 20-bandlardagi “Markazga” va “Markaz” soʻzlari tegishlicha “Institutga” va “Institut” soʻzlari bilan almashtirilsin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 29-iyun,

368-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 02.07.2024-y., 09/24/368/0460-son)

lex.uz