📅 2024-yil 13-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 13-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 13 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 июня 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 June 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
РЎЙХАТИ
НИЗОМ
Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида трансплантация жарроҳлик амалиётларини жорий этиш, трансплантация хизматини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда ушбу соҳада қонунийликка риоя этишнинг қатъий назоратини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Трансплантация объектлари бўлиши мумкин бўлган тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинадиган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари рўйхати 2-иловага мувофиқ;
Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини оладиган ҳамда трансплантация қиладиган давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари рўйхати 3-иловага мувофиқ;
Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш, уларни сақлаш, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
а) 2024-2025 йилларда давлат тиббиёт олий таълим муассасаларининг клиникаларида ушбу муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан замонавий молекуляр-генетик ва иммуно-гистокимё лабораторияларини ташкил этиш, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган жиҳозлаш стандартларига асосан давлат тиббиёт олий таълим муассасалари клиникаларининг трансплантация бўлимларини ташкил этиш ва жиҳозлаш чораларини кўрсин;
б) 2024 йил 1 августга қадар давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларида инсон мурдасидан олинадиган кўз шох пардаси ва унинг қисмлари банкини яратиш бўйича асосланган таклифларни ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
в) 2024 йил 1 сентябрга қадар:
инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари донорлигига қарши кўрсатма бўладиган касалликлар рўйхатини;
реципиент ва тирик донорни ҳар тарафлама тиббий текширувдан ўтказиш, реципиентга аъзосининг ва (ёки) тўқимасининг трансплантацияси зарурлиги, тирик донорга тиббий хулосасини тақдим этиш тўғрисидаги хулосаларни бериш тартибини;
давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларида реципиент ҳамда тирик донорни трансплантацияга тайёрлаш ва амалиётдан кейинги реабилитацияси ва кузатувда бўлиш тартибини;
кератопластика амалиётининг бажарилишини янада кўпайтириш ва бунда беморлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хорижий давлатлардан олиб келинадиган «донор кўз шох пардаси» биопротезларини тиббиёт ташкилотларида қўллаш тартибини тасдиқласин;
г) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 ноябрга қадар «Донорларнинг, реципиентларнинг, шунингдек инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестри» ахборот тизимини (кейинги ўринларда — Ягона давлат реестри) ишлаб чиқсин ҳамда амалиётга жорий этсин.
Бунда:
Ягона давлат реестрини ишлаб чиқиш ва кейинчалик қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджетидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилиши белгилансин;
ушбу соҳада иш юритишни енгиллаштириш мақсадида Ягона давлат реестрида шаклланган маълумотларнинг идоралараро электрон ҳамкорлик орқали тақдим этилиши назарда тутилсин;
тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда ахборот ресурсларини Ягона давлат реестрига «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро платформаси орқали интеграциялашуви йўлга қўйилсин;
д) Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан трансплантация йўналишида фаолият юритувчи 80 нафаргача мутахассисларни 2024 йилда ва тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ 2025 — 2027 йиллар давомида ҳар йили 100 нафаргача мутахассисларни нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларига малака ошириш учун юборсин;
е) 2024 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа манфаатдор ташкилотлар хулосалари асосида ҳамда халқаро тажрибани пухта ўрганган ҳолда:
аккредитациядан ўтган нодавлат тиббиёт ташкилотларига ҳам инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш ҳамда уларнинг трансплантациясини амалга оширишга рухсат бериш;
инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан тириклик чоғида нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлмаган ҳолларда олиш юзасидан асосланган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда аъзолари ва (ёки) тўқималари бошқа инсон ҳаётини сақлаб қолишда ишлатилган шахснинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича хорижий тажрибани ўрганиб чиқиш назарда тутилсин;
ё) икки ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
ж) уч ой муддатда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги ишларни, шу жумладан, донор ва реципиентни трансплантация амалиётига тайёрлаш, ўтказиш ва реабилитацияси жараёни билан боғлиқ барча харажатларни Давлат бюджети, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплаш юзасидан асосланган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
икки ой муддатда ҳудудларда трансплантация амалиётини йўлга қўйиш билан боғлиқ бўлган зарур тиббий техника ва бошқа жиҳозларга бўлган эҳтиёжини аниқласин;
аниқланган эҳтиёждан келиб чиқиб, 2024-2025 йиллар давомида ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини Соғлиқни сақлаш вазирлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида, халқаро молия институтлари кредит ва грант маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан зарур тиббий техника ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири в.б. А.А. Худаяров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 333-сон қарорига 1-ИЛОВА
Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган аъзолар ва (ёки) тўқималарни трансплантация қилиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
бош миянинг ўлими — бош мия барча вазифаларининг тўлиқ ва асл ҳолига қайтмайдиган тарзда тўхташи;
инсон аъзоси — инсон организмида муайян вазифани бажарувчи турли хил ҳужайралар ва тўқималарнинг алоҳида мажмуи;
инсон тўқимаси — умумий келиб чиқиши, тузилиши ва инсон организмида бажарадиган вазифаларига кўра бирлашган ҳужайралар ҳамда ҳужайралараро моддалар мажмуи;
реципиент — ўзига нисбатан инсон аъзосининг ва (ёки) тўқимасининг трансплантацияси бажариладиган инсон;
тирик донор — ўзидан аъзоларнинг ва (ёки) тўқималарнинг трансплантация учун олинишига ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган инсон;
трансплантация — реципиентда мавжуд бўлмаган ёхуд шикастланган, ўзининг муҳим ҳаётий вазифаларини бажаришга қодир бўлмаган аъзоларни ва (ёки) тўқималарни тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган аъзоларга ва (ёки) тўқималарга жарроҳлик амалиёти ёки муолажа ўтказиш йўли билан алмаштириш.
3. Ўзбекистон Республикасининг «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилишда жисмоний ҳамда юридик шахсларга инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси тақиқланади.
4. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини олиш, шунингдек, уларнинг трансплантацияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилади.
5. Тирик донордан ёки инсон мурдасидан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни трансплантация қилиш фақат бошқа жарроҳлик амалиётлари ёки муолажалар реципиент ҳаётини сақлаб қолишни ёхуд унинг соғлиғи тикланишини кафолатлай олмаган тақдирда қўлланилиши мумкин.
6. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари реципиентларга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса (кейинги ўринларда — тиббий хулоса) асосида трансплантация қилинади.
7. Тиббий хулоса трансплантация амалиётини амалга оширувчи соғлиқни сақлаш тизими давлат тиббиёт муассасасининг (кейинги ўринларда — тиббиёт муассасаси) даволовчи шифокори, трансплантологи, анестезиологи, невропатологи, заруратга кўра бошқа ихтисосликлар бўйича шифокорлардан иборат таркибдаги мутахассис-шифокорларнинг консилиуми томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда берилади.
8. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш ушбу Низомга иловада келтирилган схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Тирик донорни ва реципиентни трансплантация амалиётига тайёрлаш ҳамда трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасасига жойлаштириш
9. Тирик донордан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни реципиентга трансплантация қилиш учун олишга, агар донор:
аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш бўйича бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида камида ўттиз кун олдин ёзма шаклда, видеоёзувга қайд этган ҳолда огоҳлантирилган бўлса;
ўз аъзосини ва (ёки) тўқималарини олишга бўлган розилигини ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма шаклда билдирган бўлса;
ҳар тарафлама тиббий текширувдан ўтган бўлса ҳамда унинг аъзосини ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш учун олиш мумкинлиги тўғрисида мутахассис-шифокорларнинг тиббий хулосаси мавжуд бўлса, йўл қўйилади.
10. Тирик донор ва реципиент ўз хоҳишига кўра инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясини амалга ошириш учун тиббиёт муассасасига мурожаат қилади.
11. Тиббиёт муассасасининг даволовчи шифокори:
а) тирик донор ва реципиент мурожаат қилган куни:
тиббиёт муассасасига ўзининг тирик донори билан келган реципиент билан дастлабки суҳбат ўтказиб, бўлажак жарроҳлик амалиёти ва шу муносабат билан уларнинг соғлиғида юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида тушунтириш беради, донор ва реципиентдан имзоланган тилхат олиш орқали уларни ёзма равишда огоҳлантиради ҳамда уни видеоёзувга қайд этади;
тирик донор ва реципиентга тиббий текширувдан ўтиши учун йўлланма беради;
б) тиббий текширув натижалари тақдим этилган кундан бошлаб бир иш куни ичида тиббий текширув натижаларини реципиентни трансплантация амалиётига муҳтожлиги ҳамда тирик донорнинг трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулоса олиш учун трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасасининг тиббий консилиумига тақдим этади.
12. Тиббиёт муассасасининг тиббий консилиуми тиббий текширувнинг натижалари тақдим этилган куни:
реципиент ва тирик донорнинг тиббий текширув натижаларини кўриб чиқади;
реципиентга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, тирик донорга эса трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулоса беради ёки хулоса беришни рад этади.
13. Текширув натижаларига кўра трансплантация амалиёти қуйидаги салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлса, тиббий хулоса бериш рад этилади:
тирик донорнинг соғлиғига, кўриш, нутқ, эшитиш қобилиятининг йўқолишига;
аъзосининг (инсоннинг трансплантация қилинаётган аъзоси ва (ёки) тўқимаси бундан мустасно) функциялари қисман ёки тўлиқ йўқолишига;
руҳиятининг бузилишига;
меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоиздан ортиқ барқарор йўқолишига;
соғлиғининг бошқа бузилишларига сабаб бўладиган тарзда зиён етказишига сабаб бўлса.
14. Рецепиент тиббий консилиумнинг ижобий хулосасини олган кундан бошлаб ўн кун ичида инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, тирик донор трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисидаги тиббий хулосани нотариал идорага тақдим қилади.
15. Нотариал идора реципиент ва тирик донор мурожаат қилган куни тирик донорнинг нотариал тартибда розилигини тасдиқлайди.
16. Тирик донор ва реципиент нотариал тасдиқланган розилик олингандан сўнг ўн иш куни ичида трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасасига тиббий текширувлар натижаларини, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулосани ҳамда донорнинг нотариал тартибда тасдиқланган розилигини тақдим қилади.
17. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасаси реципиент ва тирик донор мурожаат қилган куни:
тирик донор ва реципиент ҳақидаги маълумотларни «Донорлар, реципиентлар, шунингдек, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестри» ахборот тизимига (кейинги ўринларда — Ягона давлат реестри) киритади;
реципиент ва тирик донор жуфтлиги мавжуд ҳолларда реципиент ва донорни шифохонага жойлаштиради;
инсон мурдаси аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация амалиёти учун олинишида донорни Ягона давлат реестри орқали аниқлайди.
3-боб. Трансплантация амалиётини бажариш
18. Бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа амалга оширилиши муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида реципиент ва (ёки) тирик донор билан даволовчи шифокори томонидан яна бир маротаба суҳбат ўтказилиб, тушунтириш берилади, донор ва реципиентлардан имзоланган тилхат олиниб, имзо қўйдириб ёзма равишда огоҳлантирилади.
Бунда шифокорлар, реципиент ва тирик донор билан суҳбат жараёни реципиент ва тирик донорни огоҳлантирган ҳолда мажбурий тартибда видеоёзувга олинади.
19. Донор ва реципиент ўртасида инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси амалга оширилмаётганлиги ҳамда тирик донорнинг трансплантация амалиётига мажбурланмаётганлиги тўғрисида берган оғзаки ва ёзма маълумотларни бериши, тасдиқлаши ва маълум қилиши реципиент ва тирик донорни огоҳлантирилган ҳолда мажбурий видеотасвирда қайд этилиши лозим.
20. Реципиент белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса ёки ўн саккиз ёшга тўлмаган ёхуд реципиент жарроҳлик амалиётини ўтказиш ва уни видеотасвирга олиш учун розилик олишнинг имкони бўлмаса, унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилининг ёзма розилиги олинади.
21. Ўзидан розилик олиш имкони мавжуд бўлмаган, ҳаёти аниқ (муқаррар) хавф остида бўлган реципиентларга ота-онаси ёки қонуний вакилининг розилигини олмаган ҳолда, зарур инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилишга трасплантация бўйича тиббий консилиумнинг расмий хулосаси билан йўл қўйилади.
22. Реципиент ва тирик донорнинг трансплантация амалиётига розилиги олингандан сўнг трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасаси томонидан трансплантация амалиёти бажарилади.
Бунда аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш бўйича бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида камида ўттиз кун олдин ёзма шаклда, видеоёзувга қайд этган бўлиши шарт.
23. «Кесишмали» донорлик бўлганда, трансплантация амалиёти бир вақтнинг ўзида ўша жуфтликлар ўртасида бажарилади.
24. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш жараёни мажбурий тартибда видеоёзувга олиниб, трансплантация амалиётида иштирок этадиган ҳар бир тиббиёт ходимининг ҳаракатлари қамраб олиниши (видеотасвирда акс этиши) лозим.
25. Трансплантация амалиёти ўтказиладиган жарроҳлик ва ёрдамчи хоналар зарур ҳамда етарли миқдордаги видеокамера билан жиҳозланиши, видеоёзув жараёнига жарроҳлик майдони, трансплантация амалиётининг барча босқичлари, донор ва реципиентга такрорий аралашувлар, шунингдек, инсон мурдасидан аъзо ва (ёки) тўқималарни олиш ҳамда уларга ёрдамчи столда ишлов бериш босқичлари тўлиқ ва узлуксиз тасвирга олиниши шарт.
26. Инсон аъзоси ва (ёки) тўқималарини донордан реципиентгача келтириш жараёни узлуксиз ва тўлиқ видеотасвирга олиниши лозим (операция хоналари, коридорлар видеокамера билан таъминланиши керак).
27. Трансплантация жараёни операция столининг устида ўрнатилган операцион лампага жойлаштирилади ва операция хонасининг умумий кузатув видеокамералари орқали тасвирга олинади. Бунда видеоёзув жараёни овоз ёзиш ускуналари билан таъминланиши керак.
28. Видеотасвир белгиланган тартибда жарроҳлик хонасида жарроҳлик амалиётига тайёргарлик ишлари бошланиши билан ёзиб олиниши ва бемор жарроҳлик амалиётидан жарроҳлик хонасидан олиб чиқилишига қадар давом этиши лозим.
29. Трансплантация амалиёти билан боғлиқ барча видеотасвирлар тиббиёт муассасаси томонидан архивлаштирилади ва электрон шаклда сақлаш учун шифохона архивига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилади, шунингдек, хатга илова қилинган ҳолда махсус ахборот ташувчи қурилмада тиббиёт муассасаси жойлашган ердаги вилоят (шаҳар) даражасидаги ҳудудий ички ишлар органига етказиб берилади.
30. Трансплантация амалиёти билан боғлиқ барча видеотасвирлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус электрон тизимида ҳимояланган маълумотлар базаларида сақланиши лозим.
Тиббиёт муассасаси маъмурияти трансплантация амалиётининг барча босқичлари видеотасвирга олиниши ва сақланиши учун шахсан жавобгар бўлади.
31. Ички ишлар органларидан масъул этиб бириктирилган шахс тиббиёт муассасаси томонидан видеоёзув аслининг дубликатини ички ишлар органларига топширади ва шахс дубликатни олганлигини ёзма равишда тасдиқлайди.
32. Видеоёзувдаги трансплантация амалиётининг барча босқичлари ҳақидаги ахборот ошкор этилишига йўл қўйилмайдиган шифокор сирини ташкил этади, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
33. Тирик донор ва реципиент трансплантация амалиётидан сўнг зарур тиббий тавсиялар билан тиббиёт муассасасидан чиқарилиб, ҳудудий тиббиёт муассасалари диспансер назоратига юборилади.
4-боб. Инсон мурдасидан аъзолар ва (ёки) тўқималарни олиш
34. Инсон мурдасидан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни олишга унинг тириклик чоғида нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Бунда ўлим сабабининг келгусида суд-тиббий экспертиза доирасида ўрганилиши талаб этиладиган мурдадан трансплантация учун инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари олинмайди.
35. Инсон бош миясининг ўлимини қайд этиш асосида бериладиган ўлим тўғрисидаги хулоса ва яқин қариндошларининг ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари унинг мурдасидан трансплантация учун олиниши мумкин.
36. Инсон бош миясининг ўлимини қайд этишда ва мурда донорнинг қариндошларига аъзо ва (ёки) тўқималарни олиш бўйича тушунтириш ишлари бош ва (ёки) масъул шифокор, даволовчи ва (ёки) навбатчи шифокор, анестезиолог-реаниматолог, невропатолог ва (ёки) нейрохирург томонидан ўтказилади.
Бунда трансплантологларнинг ҳамда инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишни таъминловчи бригадалар аъзоларининг иштирок этиши тақиқланади.
37. Инсон бош миясининг ўлими қайд этилган шахснинг яқин қариндошларига аъзо ва (ёки) тўқималарни олиш бўйича тушунтириш ишлари видеотасвирга олиш ускуналари билан жиҳозланган хонада, тиббиёт муассасаси маъмурияти вакили, даволовчи (навбатчи) шифокор, реаниматолог, мия ўлимини тасдиқлаган комиссия аъзолари ва ички ишлар органларининг вакили иштирокида ўтказилади.
Бунда вафот этган шахс тириклик чоғида ўз мурдасидан аъзолари ва (ёки) тўқималарини олишга рози эканлигини нотариал тасдиқлаб қолдирганлиги баён қилиниб, яқин қариндошларига маълум қилинади.
38. Инсон бош миясининг ўлими қайд этилган шахснинг яқин қариндошларига аъзо ва (ёки) тўқималарни олиш бўйича тушунтириш ишлари видеотасвири тиббиёт муассасаси томонидан архивлаштирилади ҳамда мазкур Низомнинг 29 ва 30-бандларидаги тартибга мувофиқ сақланиши таъминланади.
5-боб. Ягона давлат реестрини шакллантириш ва юритиш
39. Ягона давлат реестри инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясини амалга оширувчи тиббиёт муассасаларининг ахбороти асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилади ва юритилади.
40. Ягона давлат реестрида:
аъзоларнинг ва (ёки) тўқималарнинг потенциал реципиентлари;
ўзига нисбатан аъзолар (аъзонинг бир қисми) ва (ёки) тўқималарнинг трансплантацияси бажарилган реципиентлар;
ўзидан аъзолар ва (ёки) тўқималар олинишига нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган тирик донорлар;
ўзининг биологик ўлим юз бериш ҳолати аниқланганидан кейин танасидан (танасининг қолдиқларидан) аъзолар ва (ёки) тўқималар олинишига тириклик чоғида нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган шахслар;
ўзидан трансплантация учун аъзолар ва (ёки) тўқималар олинган донорлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
41. Ягона давлат реестри орқали тирик донор ва инсон мурдасидан олинадиган ҳамда трансплантация қилинадиган аъзолар ва (ёки) тўқималар тўғрисидаги маълумотларнинг донорлар ҳамда реципиентлар билан ўзаро мувофиқлиги аниқланади.
42. Ягона давлат реестридаги маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасалари фойдаланади.
43. Инсон бош мия ўлими аниқланганидан кейин тиббиёт муассасаси раҳбарияти ёки масъул навбатчи шифокор Ягона давлат реестрида ушбу шахс инсон мурдаси донорлари рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида сўровнома жўнатади.
44. Сўровномада қайд этилган шахс Ягона давлат реестрининг инсон мурдаси донорлари рўйхатида мавжуд бўлса, тизимдаги кутиш рўйхатида ушбу донорга мос потенциал реципиент мавжудлигини аниқлаб, мазкур реципиент рўйхатга қўйилган тиббиёт муассасасига хабар берилади ва сўровнома юборган тиббиёт муассасасига бу ҳақида маълумот етказилади.
45. Ягона давлат реестридаги барча маълумотлар шифокор сири ҳисобланиб, фойдаланувчилар уларни ошкор этмасликка мажбурдирлар.
46. Ягона давлат реестрининг кутиш рўйхатига трансплантацияга муҳтож реципиент ҳақида қуйидаги маълумотлар киритилади:
шахсга доир маълумотлари (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда — ЖШШИР) асосида шакллантирилади), яшаш манзили ва боғланиш учун телефон рақами;
трансплантация амалиётига муҳтожлиги тўғрисида хулоса;
қон гуруҳи ва иммунологик текширувлари тўғрисидаги маълумотлар;
рўйхатга олинган тиббиёт муассаса тўғрисидаги маълумот.
47. Ягона давлат реестрининг кутиш рўйхатига киритилган беморлар трансплантация амалиёти ўтказилганидан сўнг амалиёт бажарилган беморлар рўйхатига ўтказилиб, вафотига қадар назоратда туради.
48. Трансплантация амалиёти бажарилган беморлар бўйича Ягона давлат реестрига қуйидаги маълумотлари киритилади:
шахсга доир маълумотлари (ЖШШИР асосида шакллантирилади);
донор маълумотлари (тирик донор ёки инсон мурдаси);
бажарилган трансплантация амалиёти санаси;
кўчирилган инсон аъзоси ва (ёки) тўқимаси номи;
шифохонага ётқизилган ва чиқарилган санаси;
буюрилган иммуносупрессив дори воситалари;
трансплантация амалиётидан кейинги асоратлар;
кўчирилган инсон аъзоси фаолиятининг тўхташи ва унинг сабаблари;
ўлим ҳолати.
49. Ягона давлат реестрига инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан олишга тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган донор ҳақида қуйидаги маълумотлар киритилади:
шахсга доир маълумотлар (ЖШШИР асосида шакллантирилади);
тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги.
Бунда реципиентларнинг шахсга доир маълумотлари ва ахборот тизимларида мавжуд бўлган бошқа маълумотлар идоралараро электрон ҳамкорлик йўли орқали «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда олинади.
50. Ягона давлат реестридаги маълумотлар билан тўлиқ ҳажмда ишлаш ҳуқуқи инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини оладиган ҳамда трансплантация қиладиган давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ягона давлат реестрини юритишга масъул шахсларига берилади ҳамда уларга махфий ҳужжатлар билан ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома расмийлаштирилади.
Бошқа тиббиёт ташкилотларига Ягона давлат реестридан чекланган ҳажмда фойдаланишга рухсат этилади.
6-боб. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясини амалга оширувчи тиббиёт муассасаларининг халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари
51. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик халқаро шартномаларга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
52. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси соҳасида тиббиёт ходимларининг малакаси хорижий тиббиёт марказлари ва клиникаларидан тиббиёт мутахассисларини Ўзбекистонга таклиф қилиш, «маҳорат дарслари»ни ўтказиш, Ўзбекистон тиббиёт мутахассисларини илғор хорижий тиббиёт марказлари ва клиникаларига юбориш орқали амалга оширилади.
Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш ва стажировкадан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида молиялаштирилади.
53. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясини амалга оширувчи тиббиёт муассасаларининг халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали амалга оширилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
54. Донор ва реципиент инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация қилиниши билан боғлиқ бўлган, шунингдек, асоратлар юзага келганда Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон Республикасининг «Инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантацияси тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ зарур тиббий ёрдам олади.
55. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Тирик донор ва реципиент Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясини амалга ошириш учун трансплантация амалиётини амалга оширувчи давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларига (кейинги ўринларда — тиббиёт муассасаси) мурожаат қилади. Тирик донор ва реципиент хоҳишига кўра 2-босқич Тиббиёт муассасасининг даволовчи шифокори 1. Тиббиёт муассасасига ўзининг тирик донори билан келган реципиент билан дастлабки суҳбат ўтказиб, бўлажак жарроҳлик амалиёти ва шу муносабат билан уларнинг соғлиғида юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида тушунтириш беради, донор ва реципиентдан имзоланган тилхат олиш орқали уларни ёзма равишда огоҳлантиради ҳамда уни видеоёзувга қайд этади. Тирик донор ва реципиент мурожаат қилган куни 2. Тирик донор ва реципиентга тиббий текширувдан ўтиши учун йўлланма беради. Тирик донор ва реципиент мурожаат қилган куни 3. Тиббий текширув натижаларини реципиентни трансплантация амалиётига муҳтожлиги ҳамда тирик донорнинг трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулоса олиш учун трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасасининг тиббий консилиумига тақдим этади. Тиббий текширув натижалари тақдим этилган кундан бошлаб бир иш куни ичида 3-босқич Трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасасининг тиббий консилиуми 1. Реципиент ва тирик донорнинг тиббий текширув натижаларини кўриб чиқади. 2. Реципиентга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, тирик донорга эса трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулоса беради ёки хулоса беришни рад этади. Тиббий текширувнинг натижалари тақдим этилган куни 4-босқич Рецепиент, Нотариал идора 1. Реципиент инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, тирик донор трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида ижобий тиббий хулосани нотариал идорага тақдим қилади. Хулоса олгандан бошлаб 10 кун ичида 2. Нотариал идора тирик донорнинг нотариал тартибда розилигини тасдиқлайди. Мурожаат қилинган кунда 5-босқич Тирик донор ва реципиент Трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасасига тиббий текширувлар натижаларини, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулосани ҳамда донорнинг нотариал тартибда тасдиқланган розилигини тақдим қилади. Нотариал тасдиқланган розилик олингандан сўнг 10 иш куни ичида 6-босқич Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасаси 1. Тирик донор ва реципиентни Ягона давлат реестрига киритади. 2. Реципиент ва тирик донор жуфтлиги мавжуд ҳолларда реципиент ва донорни шифохонага жойлаштиради. Инсон мурдаси аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация амалиёти учун олинишида реципиентни Ягона давлат реестри орқали аниқлайди. Реципиент ва тирик донор мурожаат қилган куни 7-босқич Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация амалиётини амалга оширувчи тиббиёт муассасаси 1. Реципиент ёки тирик донордан бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа амалга оширилиши муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида ва трансплантация амалиётига мажбурланмаётганлиги тўғрисида яна бир маротаба ёзма шаклда розилик олади ҳамда уни видеоёзувга қайд этади. Жарроҳлик амалиётидан 1 кун олдин ёки жарроҳлик амалиёти куни 2. Трансплантация зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса асосида шифокор-трансплантологлар томонидан трансплантация амалиёти бажарилади ҳамда ушбу жараённи мажбурий тартибда видеоёзувга қайд этади. Аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш бўйича бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида ёзма шаклда, видеоёзувга қайд этилгандан камида ўттиз кундан кейин 3. Тирик донор ва реципиентни трансплантация амалиётидан сўнг зарур тиббий тавсиялар билан тиббиёт муассасасидан чиқариб, ҳудудий тиббиёт муассасалари диспансер назоратига юборади. Трансплантация амалиёти бажарилганидан сўнг
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 333-сон қарорига 2-ИЛОВА
Трансплантация объектлари бўлиши мумкин бўлган тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинадиган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари
Т/р Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари номи I. Инсон аъзолари 1. Буйрак 2. Жигар ва жигар бўлаги II. Инсон тўқималари 3. Гемапоэтик суяк кўмигининг ўзак ҳужайралари 4. Томирлар (йирик томирлар қисмлари) 5. Кўз шох пардаси ва унинг қисмлари
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 333-сон қарорига 3-ИЛОВА
Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини оладиган ҳамда трансплантация қиладиган давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари
Т/р Тиббиёт муассасаси номи 1. Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази 2. Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази 3. Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази 4. Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази 5. Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази 6. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг филиаллари 7. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги филиаллари 8. Болалар миллий тиббиёт маркази 9. Миллий тиббиёт маркази 10. У. Халмуратов номидаги Қорақалпоғистон Республикаси кўп тармоқли тиббиёт маркази 11. Вилоятлар кўп тармоқли тиббиёт марказлари 12. Давлат тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари 13. Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникаси 14. Трансплантацияни амалга ошириш учун зарур тиббий ускуна ва салоҳиятли тиббиёт ходимларига эга бўлган туман (шаҳар) марказий шифохоналари (мазкур рўйхатдаги республика тиббиёт марказлари назорати ва уларнинг мутахассислари иштирокида)
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 333-сон қарорига 4-ИЛОВА
Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш, уларни сақлаш, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш, уларни сақлаш, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом «донор кўз шох пардаси» биопротезларини хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб киришга нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш, уларни сақлаш, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларида инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарнинг трансплантация амалиётини ўтказиш;
инсон мурдасидан олинадиган аъзолар ва (ёки) тўқималарни трансплантацияни амалга оширувчи тиббиёт муассасалари ўртасида тақсимлаш;
инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини тиббиёт муассасаларига йўналиш бўйича етказиш.
3. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш, уларни сақлаш, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ички ишлар вазирлигига ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасига (кейинги ўринларда — Божхона қўмитаси) тақдимнома киритилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан киритилган тақдимномада ташиш, сақлаш, божхона ҳудудига олиб кириш сўралаётган инсон аъзоси ва (ёки) тўқимаси тўғрисида маълумот, қаердан олиб келинаётганлиги, қаерга олиб борилиши, қайси манзилда қанча муддат сақлаб турилиши кўрсатилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Божхона қўмитаси ўн кун муддат ичида келиб тушган тақдимномани кўриб чиқади ҳамда унда кўрсатилган тиббиёт муассасасига инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш, уларни сақлаш, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш учун тегишли рухсатнома беради ёки рухсатнома беришни рад этади.
6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Ички ишлар вазирлиги ва Божхона қўмитаси ўртасидаги ахборот алмашинувининг электрон шаклда олиб борилишига йўл қўйилади.
2-боб. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш, уларни сақлаш, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш тартиби
7. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш, уларни сақлаш ва Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш ишларни расмийлаштириш, тегишли ваколатли давлат органларини хабардор этиш ва жараёнда иштирок этиш учун давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасасида алоҳида тиббиёт ходими масъул этиб тайинланади.
8. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш ва Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш учун масъул бўлган шахслар (кейинги ўринларда — масъул шахс) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини ташиш, сақлаш ва улар билан ишлаш қоидалари бўйича ўқитилади.
Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини ташиш, сақлаш ва улар билан ишлаш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.
9. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантация амалиётини амалга оширувчи давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасасига етказилиши Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги хабардор этилган ҳолда масъул шахс кузатувида амалга оширилади.
10. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш, уларни сақлаш, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш қуйидагиларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади:
совутиш ва термоизоляция ускуна (контейнер)ларининг мавжудлиги ва уларда белгиланган ҳарорат режимини доимий таъминлаш;
инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини ташишда уларнинг номи бўйича термоизоляция контейнерларида алоҳида сақлаш;
изоляция пакетларининг мавжудлиги ва стерил шароитни яратиш.
11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Божхона қўмитасидан рухсатнома берилган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантация амалиётини амалга оширувчи давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасасига тўсиқларсиз етказилиши таъминланади.
12. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини термоизоляция контейнерларида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш махсус жиҳозланган транспорт воситасида амалга оширилади.
13. Инсон мурдасининг аъзолари ва (ёки) тўқималари йигирма тўрт соат ичида трансплантация амалиётини амалга оширувчи давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасасига етказиб берилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
14. Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташиш, уларни сақлаш, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш тартибига риоя этилиши Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Божхона қўмитаси томонидан назорат қилинади.
15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 13 июнь,
333-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
ROʻYXATI
NIZOM
Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya qilishni tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining “Inson aʼzolari va toʻqimalarining transplantatsiyasi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasida transplantatsiya jarrohlik amaliyotlarini joriy etish, transplantatsiya xizmatini rivojlantirishning huquqiy asoslarini mustahkamlash hamda ushbu sohada qonuniylikka rioya etishning qatʼiy nazoratini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Transplantatsiya obyektlari boʻlishi mumkin boʻlgan tirik donordan yoki inson murdasidan olinadigan inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari roʻyxati 2-ilovaga muvofiq;
Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini oladigan hamda transplantatsiya qiladigan davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalari roʻyxati 3-ilovaga muvofiq;
Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashish, ularni saqlash, Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 4-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi:
a) 2024-2025-yillarda davlat tibbiyot oliy taʼlim muassasalarining klinikalarida ushbu muassasalarning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan zamonaviy molekulyar-genetik va immuno-gistokimyo laboratoriyalarini tashkil etish, shuningdek, Sogʻliqni saqlash vazirligi tasdiqlagan jihozlash standartlariga asosan davlat tibbiyot oliy taʼlim muassasalari klinikalarining transplantatsiya boʻlimlarini tashkil etish va jihozlash choralarini koʻrsin;
b) 2024-yil 1-avgustga qadar davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalarida inson murdasidan olinadigan koʻz shox pardasi va uning qismlari bankini yaratish boʻyicha asoslangan takliflarni ishlab chiqsin hamda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;
v) 2024-yil 1-sentabrga qadar:
inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari donorligiga qarshi koʻrsatma boʻladigan kasalliklar roʻyxatini;
retsipiyent va tirik donorni har taraflama tibbiy tekshiruvdan oʻtkazish, retsipiyentga aʼzosining va (yoki) toʻqimasining transplantatsiyasi zarurligi, tirik donorga tibbiy xulosasini taqdim etish toʻgʻrisidagi xulosalarni berish tartibini;
davlat sogʻliqni saqlash tizimidagi tibbiyot muassasalarida retsipiyent hamda tirik donorni transplantatsiyaga tayyorlash va amaliyotdan keyingi reabilitatsiyasi va kuzatuvda boʻlish tartibini;
keratoplastika amaliyotining bajarilishini yanada koʻpaytirish va bunda bemorlar xavfsizligini taʼminlash maqsadida xorijiy davlatlardan olib kelinadigan “donor koʻz shox pardasi” bioprotezlarini tibbiyot tashkilotlarida qoʻllash tartibini tasdiqlasin;
g) Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda 2024-yil 1-noyabrga qadar “Donorlarning, retsipiyentlarning, shuningdek inson aʼzolarining va (yoki) toʻqimalarining yagona davlat reyestri” axborot tizimini (keyingi oʻrinlarda — Yagona davlat reyestri) ishlab chiqsin hamda amaliyotga joriy etsin.
Bunda:
Yagona davlat reyestrini ishlab chiqish va keyinchalik qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq xarajatlar Davlat budjetidan Sogʻliqni saqlash vazirligiga ajratilgan mablagʻlar doirasida amalga oshirilishi belgilansin;
ushbu sohada ish yuritishni yengillashtirish maqsadida Yagona davlat reyestrida shakllangan maʼlumotlarning idoralararo elektron hamkorlik orqali taqdim etilishi nazarda tutilsin;
tegishli vazirlik va idoralarning axborot tizimlari hamda axborot resurslarini Yagona davlat reyestriga “Elektron hukumat” tizimining idoralararo platformasi orqali integratsiyalashuvi yoʻlga qoʻyilsin;
d) Tibbiyotni rivojlantirish davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan transplantatsiya yoʻnalishida faoliyat yurituvchi 80 nafargacha mutaxassislarni 2024-yilda va tasdiqlangan reja-jadvalga muvofiq 2025 — 2027-yillar davomida har yili 100 nafargacha mutaxassislarni nufuzli xorijiy tibbiyot muassasalari va markazlariga malaka oshirish uchun yuborsin;
e) 2024-yil 1-dekabrga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Inson huquqlari boʻyicha vakili (ombudsman), Oʻzbekiston musulmonlari idorasi, Bosh prokuratura, Oliy sud, Ichki ishlar vazirligi, Adliya vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati va boshqa manfaatdor tashkilotlar xulosalari asosida hamda xalqaro tajribani puxta oʻrgangan holda:
akkreditatsiyadan oʻtgan nodavlat tibbiyot tashkilotlariga ham inson aʼzolarini va (yoki) toʻqimalarini olish hamda ularning transplantatsiyasini amalga oshirishga ruxsat berish;
inson aʼzolarini va (yoki) toʻqimalarini uning murdasidan tiriklik chogʻida notarial tartibda tasdiqlangan yozma roziligi mavjud boʻlmagan hollarda olish yuzasidan asoslangan takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
Bunda aʼzolari va (yoki) toʻqimalari boshqa inson hayotini saqlab qolishda ishlatilgan shaxsning oila aʼzolarini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha xorijiy tajribani oʻrganib chiqish nazarda tutilsin;
yo) ikki oy muddatda manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin;
j) uch oy muddatda Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiyasi sohasidagi ishlarni, shu jumladan, donor va retsipiyentni transplantatsiya amaliyotiga tayyorlash, oʻtkazish va reabilitatsiyasi jarayoni bilan bogʻliq barcha xarajatlarni Davlat budjeti, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplash yuzasidan asoslangan takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi:
ikki oy muddatda hududlarda transplantatsiya amaliyotini yoʻlga qoʻyish bilan bogʻliq boʻlgan zarur tibbiy texnika va boshqa jihozlarga boʻlgan ehtiyojini aniqlasin;
aniqlangan ehtiyojdan kelib chiqib, 2024-2025-yillar davomida hududlardagi tibbiyot muassasalarini Sogʻliqni saqlash vazirligiga Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlar doirasida, xalqaro moliya institutlari kredit va grant mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan zarur tibbiy texnika va boshqa jihozlar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri v.b. A.A. Xudayarov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-iyundagi 333-son qaroriga 1-ILOVA
Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya qilish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Inson aʼzolari va toʻqimalarining transplantatsiyasi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq tirik donordan yoki inson murdasidan olingan aʼzolar va (yoki) toʻqimalarni transplantatsiya qilish tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
bosh miyaning oʻlimi — bosh miya barcha vazifalarining toʻliq va asl holiga qaytmaydigan tarzda toʻxtashi;
inson aʼzosi — inson organizmida muayyan vazifani bajaruvchi turli xil hujayralar va toʻqimalarning alohida majmui;
inson toʻqimasi — umumiy kelib chiqishi, tuzilishi va inson organizmida bajaradigan vazifalariga koʻra birlashgan hujayralar hamda hujayralararo moddalar majmui;
retsipiyent — oʻziga nisbatan inson aʼzosining va (yoki) toʻqimasining transplantatsiyasi bajariladigan inson;
tirik donor — oʻzidan aʼzolarning va (yoki) toʻqimalarning transplantatsiya uchun olinishiga ixtiyoriy ravishda, bepul asosda, notarial tartibda tasdiqlangan yozma rozilik bergan inson;
transplantatsiya — retsipiyentda mavjud boʻlmagan yoxud shikastlangan, oʻzining muhim hayotiy vazifalarini bajarishga qodir boʻlmagan aʼzolarni va (yoki) toʻqimalarni tirik donordan yoki inson murdasidan olingan aʼzolarga va (yoki) toʻqimalarga jarrohlik amaliyoti yoki muolaja oʻtkazish yoʻli bilan almashtirish.
3. Oʻzbekiston Respublikasining “Inson aʼzolari va toʻqimalarining transplantatsiyasi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq inson aʼzolarini va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya qilishda jismoniy hamda yuridik shaxslarga inson aʼzolarining va (yoki) toʻqimalarining oldi-sotdisi taqiqlanadi.
4. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini olish, shuningdek, ularning transplantatsiyasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlangan roʻyxat boʻyicha davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalari tomonidan amalga oshiriladi.
5. Tirik donordan yoki inson murdasidan aʼzolarni va (yoki) toʻqimalarni transplantatsiya qilish faqat boshqa jarrohlik amaliyotlari yoki muolajalar retsipiyent hayotini saqlab qolishni yoxud uning sogʻligʻi tiklanishini kafolatlay olmagan taqdirda qoʻllanilishi mumkin.
6. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari retsipiyentlarga inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiyasi zarurligi toʻgʻrisidagi tibbiy xulosa (keyingi oʻrinlarda — tibbiy xulosa) asosida transplantatsiya qilinadi.
7. Tibbiy xulosa transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi sogʻliqni saqlash tizimi davlat tibbiyot muassasasining (keyingi oʻrinlarda — tibbiyot muassasasi) davolovchi shifokori, transplantologi, anesteziologi, nevropatologi, zaruratga koʻra boshqa ixtisosliklar boʻyicha shifokorlardan iborat tarkibdagi mutaxassis-shifokorlarning konsiliumi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi belgilagan tartibda beriladi.
8. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya qilish ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxema asosida amalga oshiriladi.
2-bob. Tirik donorni va retsipiyentni transplantatsiya amaliyotiga tayyorlash hamda transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasasiga joylashtirish
9. Tirik donordan aʼzolarni va (yoki) toʻqimalarni retsipiyentga transplantatsiya qilish uchun olishga, agar donor:
aʼzolarini va (yoki) toʻqimalarini olish boʻyicha boʻlajak jarrohlik amaliyoti yoki muolaja munosabati bilan oʻz sogʻligʻi uchun yuzaga kelishi mumkin boʻlgan asoratlar haqida kamida oʻttiz kun oldin yozma shaklda, videoyozuvga qayd etgan holda ogohlantirilgan boʻlsa;
oʻz aʼzosini va (yoki) toʻqimalarini olishga boʻlgan roziligini ixtiyoriy ravishda, bepul asosda, notarial tartibda tasdiqlangan yozma shaklda bildirgan boʻlsa;
har taraflama tibbiy tekshiruvdan oʻtgan boʻlsa hamda uning aʼzosini va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya qilish uchun olish mumkinligi toʻgʻrisida mutaxassis-shifokorlarning tibbiy xulosasi mavjud boʻlsa, yoʻl qoʻyiladi.
10. Tirik donor va retsipiyent oʻz xohishiga koʻra inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiyasini amalga oshirish uchun tibbiyot muassasasiga murojaat qiladi.
11. Tibbiyot muassasasining davolovchi shifokori:
a) tirik donor va retsipiyent murojaat qilgan kuni:
tibbiyot muassasasiga oʻzining tirik donori bilan kelgan retsipiyent bilan dastlabki suhbat oʻtkazib, boʻlajak jarrohlik amaliyoti va shu munosabat bilan ularning sogʻligʻida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan asoratlar haqida tushuntirish beradi, donor va retsipiyentdan imzolangan tilxat olish orqali ularni yozma ravishda ogohlantiradi hamda uni videoyozuvga qayd etadi;
tirik donor va retsipiyentga tibbiy tekshiruvdan oʻtishi uchun yoʻllanma beradi;
b) tibbiy tekshiruv natijalari taqdim etilgan kundan boshlab bir ish kuni ichida tibbiy tekshiruv natijalarini retsipiyentni transplantatsiya amaliyotiga muhtojligi hamda tirik donorning transplantatsiya amaliyotiga layoqatliligi toʻgʻrisida tibbiy xulosa olish uchun transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasasining tibbiy konsiliumiga taqdim etadi.
12. Tibbiyot muassasasining tibbiy konsiliumi tibbiy tekshiruvning natijalari taqdim etilgan kuni:
retsipiyent va tirik donorning tibbiy tekshiruv natijalarini koʻrib chiqadi;
retsipiyentga inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari transplantatsiyasi amaliyotiga muhtojligi, tirik donorga esa transplantatsiya amaliyotiga layoqatliligi toʻgʻrisida tibbiy xulosa beradi yoki xulosa berishni rad etadi.
13. Tekshiruv natijalariga koʻra transplantatsiya amaliyoti quyidagi salbiy oqibatlarga olib kelishi mumkin boʻlsa, tibbiy xulosa berish rad etiladi:
tirik donorning sogʻligʻiga, koʻrish, nutq, eshitish qobiliyatining yoʻqolishiga;
aʼzosining (insonning transplantatsiya qilinayotgan aʼzosi va (yoki) toʻqimasi bundan mustasno) funksiyalari qisman yoki toʻliq yoʻqolishiga;
ruhiyatining buzilishiga;
mehnat qobiliyatining oʻttiz uch foizdan ortiq barqaror yoʻqolishiga;
sogʻligʻining boshqa buzilishlariga sabab boʻladigan tarzda ziyon yetkazishiga sabab boʻlsa.
14. Retsepiyent tibbiy konsiliumning ijobiy xulosasini olgan kundan boshlab oʻn kun ichida inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari transplantatsiyasi amaliyotiga muhtojligi, tirik donor transplantatsiya amaliyotiga layoqatliligi toʻgʻrisidagi tibbiy xulosani notarial idoraga taqdim qiladi.
15. Notarial idora retsipiyent va tirik donor murojaat qilgan kuni tirik donorning notarial tartibda roziligini tasdiqlaydi.
16. Tirik donor va retsipiyent notarial tasdiqlangan rozilik olingandan soʻng oʻn ish kuni ichida transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasasiga tibbiy tekshiruvlar natijalarini, inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiyasi zarurligi toʻgʻrisidagi tibbiy xulosani hamda donorning notarial tartibda tasdiqlangan roziligini taqdim qiladi.
17. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasasi retsipiyent va tirik donor murojaat qilgan kuni:
tirik donor va retsipiyent haqidagi maʼlumotlarni “Donorlar, retsipiyentlar, shuningdek, inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining yagona davlat reyestri” axborot tizimiga (keyingi oʻrinlarda — Yagona davlat reyestri) kiritadi;
retsipiyent va tirik donor juftligi mavjud hollarda retsipiyent va donorni shifoxonaga joylashtiradi;
inson murdasi aʼzolari va (yoki) toʻqimalari transplantatsiya amaliyoti uchun olinishida donorni Yagona davlat reyestri orqali aniqlaydi.
3-bob. Transplantatsiya amaliyotini bajarish
18. Boʻlajak jarrohlik amaliyoti yoki muolaja amalga oshirilishi munosabati bilan oʻz sogʻligʻi uchun yuzaga kelishi mumkin boʻlgan asoratlar haqida retsipiyent va (yoki) tirik donor bilan davolovchi shifokori tomonidan yana bir marotaba suhbat oʻtkazilib, tushuntirish beriladi, donor va retsipiyentlardan imzolangan tilxat olinib, imzo qoʻydirib yozma ravishda ogohlantiriladi.
Bunda shifokorlar, retsipiyent va tirik donor bilan suhbat jarayoni retsipiyent va tirik donorni ogohlantirgan holda majburiy tartibda videoyozuvga olinadi.
19. Donor va retsipiyent oʻrtasida inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining oldi-sotdisi amalga oshirilmayotganligi hamda tirik donorning transplantatsiya amaliyotiga majburlanmayotganligi toʻgʻrisida bergan ogʻzaki va yozma maʼlumotlarni berishi, tasdiqlashi va maʼlum qilishi retsipiyent va tirik donorni ogohlantirilgan holda majburiy videotasvirda qayd etilishi lozim.
20. Retsipiyent belgilangan tartibda muomalaga layoqatsiz deb topilgan boʻlsa yoki oʻn sakkiz yoshga toʻlmagan yoxud retsipiyent jarrohlik amaliyotini oʻtkazish va uni videotasvirga olish uchun rozilik olishning imkoni boʻlmasa, uning ota-onasi yoki boshqa qonuniy vakilining yozma roziligi olinadi.
21. Oʻzidan rozilik olish imkoni mavjud boʻlmagan, hayoti aniq (muqarrar) xavf ostida boʻlgan retsipiyentlarga ota-onasi yoki qonuniy vakilining roziligini olmagan holda, zarur inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya qilishga trasplantatsiya boʻyicha tibbiy konsiliumning rasmiy xulosasi bilan yoʻl qoʻyiladi.
22. Retsipiyent va tirik donorning transplantatsiya amaliyotiga roziligi olingandan soʻng transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasasi tomonidan transplantatsiya amaliyoti bajariladi.
Bunda aʼzolarini va (yoki) toʻqimalarini olish boʻyicha boʻlajak jarrohlik amaliyoti yoki muolaja munosabati bilan oʻz sogʻligʻi uchun yuzaga kelishi mumkin boʻlgan asoratlar haqida kamida oʻttiz kun oldin yozma shaklda, videoyozuvga qayd etgan boʻlishi shart.
23. “Kesishmali” donorlik boʻlganda, transplantatsiya amaliyoti bir vaqtning oʻzida oʻsha juftliklar oʻrtasida bajariladi.
24. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya qilish jarayoni majburiy tartibda videoyozuvga olinib, transplantatsiya amaliyotida ishtirok etadigan har bir tibbiyot xodimining harakatlari qamrab olinishi (videotasvirda aks etishi) lozim.
25. Transplantatsiya amaliyoti oʻtkaziladigan jarrohlik va yordamchi xonalar zarur hamda yetarli miqdordagi videokamera bilan jihozlanishi, videoyozuv jarayoniga jarrohlik maydoni, transplantatsiya amaliyotining barcha bosqichlari, donor va retsipiyentga takroriy aralashuvlar, shuningdek, inson murdasidan aʼzo va (yoki) toʻqimalarni olish hamda ularga yordamchi stolda ishlov berish bosqichlari toʻliq va uzluksiz tasvirga olinishi shart.
26. Inson aʼzosi va (yoki) toʻqimalarini donordan retsipiyentgacha keltirish jarayoni uzluksiz va toʻliq videotasvirga olinishi lozim (operatsiya xonalari, koridorlar videokamera bilan taʼminlanishi kerak).
27. Transplantatsiya jarayoni operatsiya stolining ustida oʻrnatilgan operatsion lampaga joylashtiriladi va operatsiya xonasining umumiy kuzatuv videokameralari orqali tasvirga olinadi. Bunda videoyozuv jarayoni ovoz yozish uskunalari bilan taʼminlanishi kerak.
28. Videotasvir belgilangan tartibda jarrohlik xonasida jarrohlik amaliyotiga tayyorgarlik ishlari boshlanishi bilan yozib olinishi va bemor jarrohlik amaliyotidan jarrohlik xonasidan olib chiqilishiga qadar davom etishi lozim.
29. Transplantatsiya amaliyoti bilan bogʻliq barcha videotasvirlar tibbiyot muassasasi tomonidan arxivlashtiriladi va elektron shaklda saqlash uchun shifoxona arxiviga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligiga taqdim etiladi, shuningdek, xatga ilova qilingan holda maxsus axborot tashuvchi qurilmada tibbiyot muassasasi joylashgan yerdagi viloyat (shahar) darajasidagi hududiy ichki ishlar organiga yetkazib beriladi.
30. Transplantatsiya amaliyoti bilan bogʻliq barcha videotasvirlar Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining maxsus elektron tizimida himoyalangan maʼlumotlar bazalarida saqlanishi lozim.
Tibbiyot muassasasi maʼmuriyati transplantatsiya amaliyotining barcha bosqichlari videotasvirga olinishi va saqlanishi uchun shaxsan javobgar boʻladi.
31. Ichki ishlar organlaridan masʼul etib biriktirilgan shaxs tibbiyot muassasasi tomonidan videoyozuv aslining dublikatini ichki ishlar organlariga topshiradi va shaxs dublikatni olganligini yozma ravishda tasdiqlaydi.
32. Videoyozuvdagi transplantatsiya amaliyotining barcha bosqichlari haqidagi axborot oshkor etilishiga yoʻl qoʻyilmaydigan shifokor sirini tashkil etadi, qonunchilikda nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.
33. Tirik donor va retsipiyent transplantatsiya amaliyotidan soʻng zarur tibbiy tavsiyalar bilan tibbiyot muassasasidan chiqarilib, hududiy tibbiyot muassasalari dispanser nazoratiga yuboriladi.
4-bob. Inson murdasidan aʼzolar va (yoki) toʻqimalarni olish
34. Inson murdasidan aʼzolarni va (yoki) toʻqimalarni olishga uning tiriklik chogʻida notarial tartibda tasdiqlangan yozma roziligi mavjud boʻlgan taqdirda yoʻl qoʻyiladi.
Bunda oʻlim sababining kelgusida sud-tibbiy ekspertiza doirasida oʻrganilishi talab etiladigan murdadan transplantatsiya uchun inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari olinmaydi.
35. Inson bosh miyasining oʻlimini qayd etish asosida beriladigan oʻlim toʻgʻrisidagi xulosa va yaqin qarindoshlarining yozma roziligi mavjud boʻlgan taqdirda, inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari uning murdasidan transplantatsiya uchun olinishi mumkin.
36. Inson bosh miyasining oʻlimini qayd etishda va murda donorning qarindoshlariga aʼzo va (yoki) toʻqimalarni olish boʻyicha tushuntirish ishlari bosh va (yoki) masʼul shifokor, davolovchi va (yoki) navbatchi shifokor, anesteziolog-reanimatolog, nevropatolog va (yoki) neyroxirurg tomonidan oʻtkaziladi.
Bunda transplantologlarning hamda inson aʼzolarini va (yoki) toʻqimalarini olishni taʼminlovchi brigadalar aʼzolarining ishtirok etishi taqiqlanadi.
37. Inson bosh miyasining oʻlimi qayd etilgan shaxsning yaqin qarindoshlariga aʼzo va (yoki) toʻqimalarni olish boʻyicha tushuntirish ishlari videotasvirga olish uskunalari bilan jihozlangan xonada, tibbiyot muassasasi maʼmuriyati vakili, davolovchi (navbatchi) shifokor, reanimatolog, miya oʻlimini tasdiqlagan komissiya aʼzolari va ichki ishlar organlarining vakili ishtirokida oʻtkaziladi.
Bunda vafot etgan shaxs tiriklik chogʻida oʻz murdasidan aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini olishga rozi ekanligini notarial tasdiqlab qoldirganligi bayon qilinib, yaqin qarindoshlariga maʼlum qilinadi.
38. Inson bosh miyasining oʻlimi qayd etilgan shaxsning yaqin qarindoshlariga aʼzo va (yoki) toʻqimalarni olish boʻyicha tushuntirish ishlari videotasviri tibbiyot muassasasi tomonidan arxivlashtiriladi hamda mazkur Nizomning 29 va 30-bandlaridagi tartibga muvofiq saqlanishi taʼminlanadi.
5-bob. Yagona davlat reyestrini shakllantirish va yuritish
39. Yagona davlat reyestri inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiyasini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasalarining axboroti asosida Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan shakllantiriladi va yuritiladi.
40. Yagona davlat reyestrida:
aʼzolarning va (yoki) toʻqimalarning potensial retsipiyentlari;
oʻziga nisbatan aʼzolar (aʼzoning bir qismi) va (yoki) toʻqimalarning transplantatsiyasi bajarilgan retsipiyentlar;
oʻzidan aʼzolar va (yoki) toʻqimalar olinishiga notarial tartibda tasdiqlangan yozma rozilik bergan tirik donorlar;
oʻzining biologik oʻlim yuz berish holati aniqlanganidan keyin tanasidan (tanasining qoldiqlaridan) aʼzolar va (yoki) toʻqimalar olinishiga tiriklik chogʻida notarial tartibda tasdiqlangan yozma rozilik bergan shaxslar;
oʻzidan transplantatsiya uchun aʼzolar va (yoki) toʻqimalar olingan donorlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar aks ettiriladi.
41. Yagona davlat reyestri orqali tirik donor va inson murdasidan olinadigan hamda transplantatsiya qilinadigan aʼzolar va (yoki) toʻqimalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning donorlar hamda retsipiyentlar bilan oʻzaro muvofiqligi aniqlanadi.
42. Yagona davlat reyestridagi maʼlumotlardan Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi va transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasalari foydalanadi.
43. Inson bosh miya oʻlimi aniqlanganidan keyin tibbiyot muassasasi rahbariyati yoki masʼul navbatchi shifokor Yagona davlat reyestrida ushbu shaxs inson murdasi donorlari roʻyxatida mavjud yoki mavjud emasligi haqida soʻrovnoma joʻnatadi.
44. Soʻrovnomada qayd etilgan shaxs Yagona davlat reyestrining inson murdasi donorlari roʻyxatida mavjud boʻlsa, tizimdagi kutish roʻyxatida ushbu donorga mos potensial retsipiyent mavjudligini aniqlab, mazkur retsipiyent roʻyxatga qoʻyilgan tibbiyot muassasasiga xabar beriladi va soʻrovnoma yuborgan tibbiyot muassasasiga bu haqida maʼlumot yetkaziladi.
45. Yagona davlat reyestridagi barcha maʼlumotlar shifokor siri hisoblanib, foydalanuvchilar ularni oshkor etmaslikka majburdirlar.
46. Yagona davlat reyestrining kutish roʻyxatiga transplantatsiyaga muhtoj retsipiyent haqida quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:
shaxsga doir maʼlumotlari (jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (keyingi oʻrinlarda — JSHSHIR) asosida shakllantiriladi), yashash manzili va bogʻlanish uchun telefon raqami;
transplantatsiya amaliyotiga muhtojligi toʻgʻrisida xulosa;
qon guruhi va immunologik tekshiruvlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
roʻyxatga olingan tibbiyot muassasa toʻgʻrisidagi maʼlumot.
47. Yagona davlat reyestrining kutish roʻyxatiga kiritilgan bemorlar transplantatsiya amaliyoti oʻtkazilganidan soʻng amaliyot bajarilgan bemorlar roʻyxatiga oʻtkazilib, vafotiga qadar nazoratda turadi.
48. Transplantatsiya amaliyoti bajarilgan bemorlar boʻyicha Yagona davlat reyestriga quyidagi maʼlumotlari kiritiladi:
shaxsga doir maʼlumotlari (JSHSHIR asosida shakllantiriladi);
donor maʼlumotlari (tirik donor yoki inson murdasi);
bajarilgan transplantatsiya amaliyoti sanasi;
koʻchirilgan inson aʼzosi va (yoki) toʻqimasi nomi;
shifoxonaga yotqizilgan va chiqarilgan sanasi;
buyurilgan immunosupressiv dori vositalari;
transplantatsiya amaliyotidan keyingi asoratlar;
koʻchirilgan inson aʼzosi faoliyatining toʻxtashi va uning sabablari;
oʻlim holati.
49. Yagona davlat reyestriga inson aʼzolarini va (yoki) toʻqimalarini uning murdasidan olishga tiriklik chogʻidagi notarial tartibda tasdiqlangan yozma roziligi mavjud boʻlgan donor haqida quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:
shaxsga doir maʼlumotlar (JSHSHIR asosida shakllantiriladi);
tiriklik chogʻidagi notarial tartibda tasdiqlangan yozma roziligi.
Bunda retsipiyentlarning shaxsga doir maʼlumotlari va axborot tizimlarida mavjud boʻlgan boshqa maʼlumotlar idoralararo elektron hamkorlik yoʻli orqali “Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasidan foydalangan holda olinadi.
50. Yagona davlat reyestridagi maʼlumotlar bilan toʻliq hajmda ishlash huquqi inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini oladigan hamda transplantatsiya qiladigan davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalari va Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining Yagona davlat reyestrini yuritishga masʼul shaxslariga beriladi hamda ularga maxfiy hujjatlar bilan ishlash huquqini beruvchi ruxsatnoma rasmiylashtiriladi.
Boshqa tibbiyot tashkilotlariga Yagona davlat reyestridan cheklangan hajmda foydalanishga ruxsat etiladi.
6-bob. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiyasini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasalarining xalqaro hamda xorijiy tashkilotlar bilan oʻzaro munosabatlari
51. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiyasi sohasidagi xalqaro hamkorlik xalqaro shartnomalarga hamda Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga muvofiq amalga oshiriladi.
52. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiyasi sohasida tibbiyot xodimlarining malakasi xorijiy tibbiyot markazlari va klinikalaridan tibbiyot mutaxassislarini Oʻzbekistonga taklif qilish, “mahorat darslari”ni oʻtkazish, Oʻzbekiston tibbiyot mutaxassislarini ilgʻor xorijiy tibbiyot markazlari va klinikalariga yuborish orqali amalga oshiriladi.
Tibbiyot xodimlarining malakasini oshirish, ularni qayta tayyorlash va stajirovkadan oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligiga ajratilgan mablagʻlar hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar doirasida moliyalashtiriladi.
53. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiyasini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasalarining xalqaro hamda xorijiy tashkilotlar bilan oʻzaro munosabatlari belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi orqali amalga oshiriladi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
54. Donor va retsipiyent inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari transplantatsiya qilinishi bilan bogʻliq boʻlgan, shuningdek, asoratlar yuzaga kelganda Davlat budjetidan ushbu maqsadlar uchun ajratilgan mablagʻlar hisobidan Oʻzbekiston Respublikasining “Inson aʼzolari va toʻqimalarini transplantatsiyasi toʻgʻrisida”gi Qonuni va boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq zarur tibbiy yordam oladi.
55. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya qilish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Tirik donor va retsipiyent Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiyasini amalga oshirish uchun transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalariga (keyingi oʻrinlarda — tibbiyot muassasasi) murojaat qiladi. Tirik donor va retsipiyent xohishiga koʻra 2-bosqich Tibbiyot muassasasining davolovchi shifokori 1. Tibbiyot muassasasiga oʻzining tirik donori bilan kelgan retsipiyent bilan dastlabki suhbat oʻtkazib, boʻlajak jarrohlik amaliyoti va shu munosabat bilan ularning sogʻligʻida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan asoratlar haqida tushuntirish beradi, donor va retsipiyentdan imzolangan tilxat olish orqali ularni yozma ravishda ogohlantiradi hamda uni videoyozuvga qayd etadi. Tirik donor va retsipiyent murojaat qilgan kuni 2. Tirik donor va retsipiyentga tibbiy tekshiruvdan oʻtishi uchun yoʻllanma beradi. Tirik donor va retsipiyent murojaat qilgan kuni 3. Tibbiy tekshiruv natijalarini retsipiyentni transplantatsiya amaliyotiga muhtojligi hamda tirik donorning transplantatsiya amaliyotiga layoqatliligi toʻgʻrisida tibbiy xulosa olish uchun transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasasining tibbiy konsiliumiga taqdim etadi. Tibbiy tekshiruv natijalari taqdim etilgan kundan boshlab bir ish kuni ichida 3-bosqich Transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasasining tibbiy konsiliumi 1. Retsipiyent va tirik donorning tibbiy tekshiruv natijalarini koʻrib chiqadi. 2. Retsipiyentga inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari transplantatsiyasi amaliyotiga muhtojligi, tirik donorga esa transplantatsiya amaliyotiga layoqatliligi toʻgʻrisida tibbiy xulosa beradi yoki xulosa berishni rad etadi. Tibbiy tekshiruvning natijalari taqdim etilgan kuni 4-bosqich Retsepiyent, Notarial idora 1. Retsipiyent inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari transplantatsiyasi amaliyotiga muhtojligi, tirik donor transplantatsiya amaliyotiga layoqatliligi toʻgʻrisida ijobiy tibbiy xulosani notarial idoraga taqdim qiladi. Xulosa olgandan boshlab 10 kun ichida 2. Notarial idora tirik donorning notarial tartibda roziligini tasdiqlaydi. Murojaat qilingan kunda 5-bosqich Tirik donor va retsipiyent Transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasasiga tibbiy tekshiruvlar natijalarini, inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiyasi zarurligi toʻgʻrisidagi tibbiy xulosani hamda donorning notarial tartibda tasdiqlangan roziligini taqdim qiladi. Notarial tasdiqlangan rozilik olingandan soʻng 10 ish kuni ichida 6-bosqich Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasasi 1. Tirik donor va retsipiyentni Yagona davlat reyestriga kiritadi. 2. Retsipiyent va tirik donor juftligi mavjud hollarda retsipiyent va donorni shifoxonaga joylashtiradi. Inson murdasi aʼzolari va (yoki) toʻqimalari transplantatsiya amaliyoti uchun olinishida retsipiyentni Yagona davlat reyestri orqali aniqlaydi. Retsipiyent va tirik donor murojaat qilgan kuni 7-bosqich Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi tibbiyot muassasasi 1. Retsipiyent yoki tirik donordan boʻlajak jarrohlik amaliyoti yoki muolaja amalga oshirilishi munosabati bilan oʻz sogʻligʻi uchun yuzaga kelishi mumkin boʻlgan asoratlar haqida va transplantatsiya amaliyotiga majburlanmayotganligi toʻgʻrisida yana bir marotaba yozma shaklda rozilik oladi hamda uni videoyozuvga qayd etadi. Jarrohlik amaliyotidan 1 kun oldin yoki jarrohlik amaliyoti kuni 2. Transplantatsiya zarurligi toʻgʻrisidagi tibbiy xulosa asosida shifokor-transplantologlar tomonidan transplantatsiya amaliyoti bajariladi hamda ushbu jarayonni majburiy tartibda videoyozuvga qayd etadi. Aʼzolarini va (yoki) toʻqimalarini olish boʻyicha boʻlajak jarrohlik amaliyoti yoki muolaja munosabati bilan oʻz sogʻligʻi uchun yuzaga kelishi mumkin boʻlgan asoratlar haqida yozma shaklda, videoyozuvga qayd etilgandan kamida oʻttiz kundan keyin 3. Tirik donor va retsipiyentni transplantatsiya amaliyotidan soʻng zarur tibbiy tavsiyalar bilan tibbiyot muassasasidan chiqarib, hududiy tibbiyot muassasalari dispanser nazoratiga yuboradi. Transplantatsiya amaliyoti bajarilganidan soʻng
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-iyundagi 333-son qaroriga 2-ILOVA
Transplantatsiya obyektlari boʻlishi mumkin boʻlgan tirik donordan yoki inson murdasidan olinadigan inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari
T/r Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari nomi I. Inson aʼzolari 1. Buyrak 2. Jigar va jigar boʻlagi II. Inson toʻqimalari 3. Gemapoetik suyak koʻmigining oʻzak hujayralari 4. Tomirlar (yirik tomirlar qismlari) 5. Koʻz shox pardasi va uning qismlari
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-iyundagi 333-son qaroriga 3-ILOVA
Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini oladigan hamda transplantatsiya qiladigan davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalari
T/r Tibbiyot muassasasi nomi 1. Akademik V. Vohidov nomidagi Respublika ixtisoslashtirilgan xirurgiya ilmiy-amaliy tibbiyot markazi 2. Respublika ixtisoslashtirilgan nefrologiya va buyrak transplantatsiyasi ilmiy-amaliy tibbiyot markazi 3. Respublika ixtisoslashtirilgan gematologiya ilmiy-amaliy tibbiyot markazi 4. Respublika ixtisoslashtirilgan urologiya ilmiy-amaliy tibbiyot markazi 5. Bolalar onkologiyasi, gematologiyasi va immunologiyasi ilmiy-amaliy tibbiyot markazi 6. Respublika ixtisoslashtirilgan koʻz mikroxirurgiyasi ilmiy-amaliy tibbiyot markazi va uning filiallari 7. Respublika shoshilinch tibbiy yordam ilmiy markazi va uning Qoraqalpogʻiston Respublikasi hamda viloyatlardagi filiallari 8. Bolalar milliy tibbiyot markazi 9. Milliy tibbiyot markazi 10. U. Xalmuratov nomidagi Qoraqalpogʻiston Respublikasi koʻp tarmoqli tibbiyot markazi 11. Viloyatlar koʻp tarmoqli tibbiyot markazlari 12. Davlat tibbiyot oliy taʼlim muassasalari klinikalari 13. Tibbiyot xodimlarining kasbiy malakasini rivojlantirish markazining koʻp tarmoqli klinikasi 14. Transplantatsiyani amalga oshirish uchun zarur tibbiy uskuna va salohiyatli tibbiyot xodimlariga ega boʻlgan tuman (shahar) markaziy shifoxonalari (mazkur roʻyxatdagi respublika tibbiyot markazlari nazorati va ularning mutaxassislari ishtirokida)
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-iyundagi 333-son qaroriga 4-ILOVA
Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashish, ularni saqlash, Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashish, ularni saqlash, Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom “donor koʻz shox pardasi” bioprotezlarini xorijiy davlatlardan Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirishga nisbatan tatbiq etilmaydi.
2. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashish, ularni saqlash, Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirish quyidagi holatlarda amalga oshiriladi:
davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalarida inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarning transplantatsiya amaliyotini oʻtkazish;
inson murdasidan olinadigan aʼzolar va (yoki) toʻqimalarni transplantatsiyani amalga oshiruvchi tibbiyot muassasalari oʻrtasida taqsimlash;
inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini tibbiyot muassasalariga yoʻnalish boʻyicha yetkazish.
3. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashish, ularni saqlash, Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan Ichki ishlar vazirligiga hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasiga (keyingi oʻrinlarda — Bojxona qoʻmitasi) taqdimnoma kiritiladi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan kiritilgan taqdimnomada tashish, saqlash, bojxona hududiga olib kirish soʻralayotgan inson aʼzosi va (yoki) toʻqimasi toʻgʻrisida maʼlumot, qayerdan olib kelinayotganligi, qayerga olib borilishi, qaysi manzilda qancha muddat saqlab turilishi koʻrsatiladi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va Bojxona qoʻmitasi oʻn kun muddat ichida kelib tushgan taqdimnomani koʻrib chiqadi hamda unda koʻrsatilgan tibbiyot muassasasiga inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashish, ularni saqlash, Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirish uchun tegishli ruxsatnoma beradi yoki ruxsatnoma berishni rad etadi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan Ichki ishlar vazirligi va Bojxona qoʻmitasi oʻrtasidagi axborot almashinuvining elektron shaklda olib borilishiga yoʻl qoʻyiladi.
2-bob. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashish, ularni saqlash, Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirish tartibi
7. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashish, ularni saqlash va Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirish ishlarni rasmiylashtirish, tegishli vakolatli davlat organlarini xabardor etish va jarayonda ishtirok etish uchun davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasasida alohida tibbiyot xodimi masʼul etib tayinlanadi.
8. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashish va Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirish uchun masʼul boʻlgan shaxslar (keyingi oʻrinlarda — masʼul shaxs) Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini tashish, saqlash va ular bilan ishlash qoidalari boʻyicha oʻqitiladi.
Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini tashish, saqlash va ular bilan ishlash qoidalari Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
9. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasasiga yetkazilishi Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi hamda Ichki ishlar vazirligi xabardor etilgan holda masʼul shaxs kuzatuvida amalga oshiriladi.
10. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashish, ularni saqlash, Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirish quyidagilarga rioya etilgan holda amalga oshiriladi:
sovutish va termoizolyatsiya uskuna (konteyner)larining mavjudligi va ularda belgilangan harorat rejimini doimiy taʼminlash;
inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini tashishda ularning nomi boʻyicha termoizolyatsiya konteynerlarida alohida saqlash;
izolyatsiya paketlarining mavjudligi va steril sharoitni yaratish.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va Bojxona qoʻmitasidan ruxsatnoma berilgan inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasasiga toʻsiqlarsiz yetkazilishi taʼminlanadi.
12. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini termoizolyatsiya konteynerlarida Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashish maxsus jihozlangan transport vositasida amalga oshiriladi.
13. Inson murdasining aʼzolari va (yoki) toʻqimalari yigirma toʻrt soat ichida transplantatsiya amaliyotini amalga oshiruvchi davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasasiga yetkazib beriladi.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
14. Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashish, ularni saqlash, Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirish tartibiga rioya etilishi Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Ichki ishlar vazirligi hamda Bojxona qoʻmitasi tomonidan nazorat qilinadi.
15. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 13-iyun,
333-son