📅 2024-yil 22-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 22-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 22 май · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Иқтисодиёт ва молия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 мая 2024 г. · Документы министерств и ведомств · Министр экономики и финансов
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 May 2024 · Ministry and agency documents · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
ҚОИДАЛАРИ
РЎЙХАТИ
Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ буюраман:
1. Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 22 майдаги 125-сон буйруғига 1-ИЛОВА
Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш
Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг (бундан буён матнда Божхона қўмитаси деб юритилади) Божхона кирим ордери автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда дастур деб юритилади) — божхона кирим ордерини электрон тарзда шакллантириш ва ушбу ҳужжат асосида ундирилган божхона тўловларини ҳисобга олиш учун мўлжалланган ахборот тизими;
Божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда божхона органларининг ахборот тизими деб юритилади) — божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг ва транспорт воситаларининг божхона назоратини амалга ошириш учун уларга доир ҳужжатлар ва маълумотларнинг киритилишини, ҳисобга олинишини ҳамда мониторинг қилинишини назарда тутувчи Божхона қўмитасининг автоматлаштирилган тизими;
мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизими (бундан буён матнда мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизими деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган мобил қурилмаларни техник идентификациялаш параметрлари тўғрисидаги маълумотларни рўйхатга олиш, йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш учун фойдаланиладиган ахборот тизими;
Божхона кирим ордери (бундан буён матнда БКО деб юритилади) — божхона тўловларини тўловчи шахс томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар ёки божхона органларининг ахборот тизимлари ёхуд мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизими маълумотлари асосида божхона ходими томонидан дастурда расмийлаштириладиган электрон шаклдаги ҳужжат;
янги БКО — божхона тўловларини тўловчи шахс томонидан Божхона қўмитасининг расмий веб-сайти орқали электрон тарзда шакллантирилган ҳолда божхона органига тақдим этилган, бироқ божхона органи томонидан кўриб чиқилмаган БКО;
рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БКО — дастурда шакллантирилган БКОнинг «БКО рўйхат рақами» графасига БКО рақами ва қабул қилинган сана кўрсатилган, аммо «Божхона органининг белгиси» графасига божхона органининг тегишли белгилари қўйилмаган БКО;
расмийлаштирилган БКО — божхона органи томонидан рўйхатга олинган ва «Божхона органининг белгиси» графасига божхона органининг тегишли белгилари қўйилган БКО;
қайта расмийлаштирилган БКО — расмийлаштирилган БКОга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, юридик кучга эга ҳужжат сифатида амал қилиши тўхтатилган аввалги БКО;
бекор қилинган БКО — БКОни божхона органида рўйхатга олинганидан ёки расмийлаштирилганидан сўнг бекор қилиш орқали юридик кучга эга ҳужжат сифатида амал қилишини тўхтатиш.
2. БКО қуйидаги ҳолларда тўлдирилади:
нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали жисмоний шахслар томонидан қўл юкида ёки кузатиб борилаётган багажида олиб ўтилаётган товарларнинг, шунингдек халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган шундай товарларнинг қиймати ва (ёки) миқдори қонунчилик ҳужжатларида белгиланган товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёридан ошганда, ортиқча қисмига божхона тўлови ундирилишида;
товарлар жисмоний шахснинг манзилига келиб тушганда (халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари бундан мустасно) божхона тўловлари олиб кирилаётган товарларнинг бутун суммасидан, товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёри қўлланилмаган ҳолда ундирилишида;
юридик шахсларнинг манзилига халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмаларида юбориладиган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлган миқдордаги товарлар учун божхона тўловлари ундирилишида;
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 260-моддаси «г» кичик бандида назарда тутилган ҳолларда божхона тўловлари ундирилишида;
мобил қурилмалар белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда олиб кирилган ҳолатларда ёки уларнинг божхона расмийлаштирувидан ўтганлиги тўғрисида ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизими томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан божхона тўловлари ундирилишида;
қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган божхона йиғимлари ва бошқа тўловларнинг ундирилишида.
3. БКО Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 291-моддасида келтирилган хатти-ҳаракат ёки тартиб-таомилларни бажарган божхона органи томонидан расмийлаштирилади.
2-боб. БКОни расмийлаштиришнинг умумий шартлари
4. Божхона ходими томонидан БКО маълумотлари божхона тўловларини тўловчи шахс (бундан буён матнда тўловчи шахс деб юритилади) тақдим қилган ҳужжатлари, божхона органларининг бошқа ахборот тизимлари ёки мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимида мавжуд бўлган маълумотлар асосида шакллантирилади.
5. БКО умумий ва соддалаштирилган шаклларда тузилади.
Бир турдаги товарни декларациялашда мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ умумий БКОнинг асосий варағидан, икки ёки ундан ортиқ турдаги товарларни декларациялашда умумий БКОнинг асосий варағидан ҳамда мазкур Қоидаларнинг 2-иловасига мувофиқ умумий БКОнинг қўшимча варағидан фойдаланилади.
Божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлмаган божхона йиғимлари ва божхона органлари томонидан ундирилиши назарда тутилган бошқа тўловлар, шу жумладан халқаро курьерлик жўнатмалари учун божхона йиғимини ундиришда мазкур Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ соддалаштирилган БКО шаклидан фойдаланилади.
6. Умумий БКОнинг асосий варағида битта товар тўғрисида, қўшимча варағида эса кўпи билан учта товар тўғрисида маълумотлар кўрсатилиши мумкин (бир вақтнинг ўзида асосий вараққа кўпи билан 33 та қўшимча варақ илова қилиниши мумкин).
7. Божхона ходими томонидан БКО электрон тарзда рўйхатга олиниб, расмийлаштирилади ҳамда бир нусхада чоп этилиб, тўловчи шахсга топширилади (юборилади).
8. Тўловчи шахс Божхона қўмитасининг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинет орқали БКОни электрон тарзда шакллантирган ҳолда божхона органларига тақдим этиши мумкин.
Бунда, тўловчи шахс томонидан БКОни расмийлаштириш учун божхона органларига уч иш куни ичида мурожаат қилинмаган тақдирда, янги БКО дастур томонидан автоматик тарзда қайтарилади.
9. БКО расмийлаштируви божхона органларининг ахборот тизимидаги тўловчи шахснинг шахсий ҳисобварағи бўйича божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда электрон тарзда амалга оширилади.
Бунда, БКО бўйича божхона тўловларини тўлаш дастурда шаклланадиган божхона тўловлари ҳисобварағи асосида амалга оширилади.
10. БКО расмийлаштирилган пайтдан бошлаб юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи ҳужжатга айланади.
3-боб. Умумий БКОни тўлдириш
1-§. Умумий БКОнинг асосий варағини тўлдириш
11. Божхона ходими томонидан графаларнинг тўлдирилиши:
1) 1-графа. «БКО тури».
Графанинг биринчи бўлмасида агар тўловчи шахс:
жисмоний шахс (шу жумладан юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар) бўлса — «Ж»;
юридик шахс, шу жумладан доимий муассаса бўлса — «Ю» кўрсатилади.
Графанинг иккинчи бўлмасида:
божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарларга нисбатан — «ИМ»;
божхона ҳудудидан олиб чиқилаётган товарларга нисбатан — «ЭК»;
божхона ҳудуди орқали транзит олиб ўтилаётган товарларга нисбатан — «ТР».
Графанинг учинчи бўлмасида:
қўл юкида ёки кузатиб борилаётган багажларда олиб ўтилаётган товарларга нисбатан — «КБ»;
халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган товарларга нисбатан — «ХП»;
жисмоний шахсларнинг манзилига келиб тушган нотижорат мақсадлардаги товарларга нисбатан— «МТ»;
белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда олиб кирилган ёки уларнинг божхона расмийлаштирувидан ўтганлиги тўғрисида ҳужжатлар тақдим этилмаган мобил қурилмаларга нисбатан — «МҚ» кўрсатилади;
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 260-моддаси «г» кичик бандида назарда тутилган ҳолларда — «БК» кўрсатилади;
2) 2-графа. «Қўшимча варақлар».
Графанинг биринчи бўлмасида варақнинг тартиб рақами, иккинчи бўлмасида тақдим этилаётган БКО варақларининг умумий сони (асосий ва қўшимча варақлари йиғиндиси) кўрсатилади.
Масалан, агар БКО иккита қўшимча варақларга эга бўлса БКОнинг асосий варағида «1/3»; биринчи қўшимча варағида «2/3»; иккинчи қўшимча варағида эса «3/3» кўрсатилади. Агар БКО қўшимча варақларга эга бўлмаса «1/1» кўрсатилади;
3) 3-графа. «БКО рўйхат рақами».
БКО рўйхат рақами қуйидаги бўлмаларда кўрсатилади:
а) биринчи бўлмада:
Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (бундан буён матнда Йўриқнома деб юритилади) (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель) 4-иловасига мувофиқ БКО расмийлаштиришни амалга оширадиган божхона постининг бешта рақамли коди;
божхона постидан бошқа божхона органлари томонидан БКО тўлдирилишида дастур томонидан автоматик тарзда шаклланадиган тўртта рақамли код;
б) иккинчи бўлмада БКО расмийлаштирилган кун, ой, йил;
в) учинчи бўлмада дастур томонидан автоматик тарзда бериладиган тартиб рақам кўрсатилади.
Масалан, БКО:
божхона пости томонидан расмийлаштирилганда — 27001/01.01.2024/0000001;
Божхона қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармалари масъул таркибий тузилмалари томонидан расмийлаштирилганда — 1727/01.01.2024/0000001.
4) 4-графа. «Тўловчи/молия ва банк маълумотлари».
Графанинг биринчи қисмида тўловчи шахс тўғрисидаги маълумот кўрсатилади.
Агарда тўловчи жисмоний шахс бўлса, у ҳолда графада унинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий рўйхатдан ўтган манзили, шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳақидаги маълумотлар, телефон рақами (мавжуд бўлса) кўрсатилади.
Агарда тўловчи юридик шахс бўлса, унинг номи ва жойлашган жойи (юридик манзили) ва телефон рақами (мавжуд бўлса) кўрсатилади.
Графанинг иккинчи қисмида:
а) тўловчининг СТИРи/ЖШШИРи кўрсатилади.
Жисмоний шахслар учун тўловчининг ЖШШИРи кўрсатилади. Агар тўловчи чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиб, унинг Ўзбекистон Республикасида олинган ЖШШИРи бўлмаса, унга дастур томонидан автоматик тарзда 14 та рақамдан иборат фарқлаш коди берилади.
Юридик шахслар учун тўловчининг СТИРи кўрсатилади.
б) тўловни қабул қилиб олган банкнинг МФОси/банкнинг тўлиқ номи;
в) тўловчининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги ҳисобварағи рақами кўрсатилади. Бунда тўловчи Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги ҳисобварағига эга бўлмаган жисмоний шахс бўлса, ушбу устун тўлдирилмайди.
5) 5-графа. «Товарнинг умумий божхона қиймати».
Графанинг биринчи қисмида декларацияланаётган товарларнинг тижорат ҳужжатларида кўрсатилган валютасидаги умумий божхона қиймати кўрсатилади.
Графанинг иккинчи қисмида декларацияланаётган товарларнинг АҚШ доллари эквивалентидаги умумий божхона қиймати дастур томонидан автоматик тарзда шаклланади.
Агар товарларнинг тижорат ҳужжатларида кўрсатилган валюта АҚШ долларида бўлса ёки тижорат ҳужжатлари мавжуд бўлмаса ёхуд валюта кўрсатилмаган бўлса, фақат АҚШ долларидаги умумий божхона қиймати кўрсатилади. Бунда графанинг иккинчи қисми тўлдирилмайди.
Товарларнинг умумий божхона қийматини умумий БКОнинг 13-графаларидаги товарларнинг божхона қийматлари йиғиндиси ташкил қилади;
6) 6-графа. «Валюта курси».
Графанинг биринчи қисмида декларацияланаётган товарларнинг тижорат ҳужжатларида кўрсатилган валютасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, БКО рўйхатга олинган кундаги Ўзбекистон Республикаси миллий валютасига нисбатан курси кўрсатилади.
Графанинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, БКО рўйхатга олинган кундаги АҚШ долларининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасига нисбатан курси дастур томонидан автоматик тарзда шаклланади.
Агар товарларнинг тижорат ҳужжатларида кўрсатилган валюта АҚШ долларида бўлса ёки тижорат ҳужжатлари мавжуд бўлмаса ёхуд валюта кўрсатилмаган бўлса, графанинг биринчи қисми тўлдирилади.
7) 7-графа. «Товар коди».
Графада декларацияланаётган товарнинг Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолияти товар номенклатурасига (бундан буён матнда ТИФ ТН деб юритилади) мувофиқ ўнта рақамли коди кўрсатилади.
Бунда, қонунчиликка мувофиқ ягона божхона тўловлари ундирилиши назарда тутилган ҳолларда ушбу графа тўлдирилмайди.
8) 8-графа. «Брутто оғирлик (кг)».
Графада декларацияланаётган товарнинг килограммдаги брутто оғирлиги кўрсатилади.
Брутто оғирлик деганда товарнинг умумий оғирлиги, шу жумладан товар муомалага киритилгунга қадар ҳолатини ўзгармаслигини таъминлаб туриш учун зарур бўлган унинг барча турдаги ўрамлари (контейнер ва бошқа транспорт ускуналари бундан мустасно) билан биргаликдаги умумий оғирлиги тушунилади.
Брутто вазн математик қоидаларга кўра вергулдан кейинги икки белгигача, агар товарнинг умумий оғирлиги бир килограммдан кам бўлса, брутто оғирлиги вергулдан кейинги уч белгигача аниқликда кўрсатилади.
9) 9-графа. «Миқдори».
Графада декларацияланаётган товарнинг қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдори ва ўлчов бирлигининг ТИФ ТНга мувофиқ шартли белгиланиши кўрсатилади.
Товарларнинг қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдори вергулдан кейинги иккинчи белгигача аниқликда кўрсатилади.
Ушбу графа ТИФ ТНга мувофиқ товарнинг ўлчов бирлиги «кг» кўрсатилган ҳолатларда тўлдирилмайди.
10) 10-графа. «Нетто оғирлик (кг)».
Графада декларацияланаётган товарнинг килограммдаги нетто оғирлиги кўрсатилади.
Қадоқланган ҳолатда олиб ўтилаётган товар учун нетто оғирлик:
декларацияланаётган товарнинг фақат бирламчи қадоғини ҳисобга олган ҳолдаги оғирлиги, агар товарлар, истеъмол хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, шундай қадоқда чакана савдога чиқарилса ва (ёки) товарни сотишда унинг сақланишини таъминлайдиган бирламчи қадоқни товарнинг истеъмол хусусиятларини бузмаган ҳолда товарни истеъмол қилгунга қадар товардан ажратиб бўлмайдиган (масалан, банкадаги кофе ва ҳ.к.) бўлса;
бошқа ҳолатларда декларацияланаётган товарнинг ҳеч қандай қадоқсиз оғирлиги ҳисобланади.
Қадоқсиз (сочилган, қуйилган, уюм ҳолда) олиб ўтиладиган товар учун товарнинг умумий оғирлиги кўрсатилади.
Нетто вазн математик қоидаларга кўра вергулдан кейинги икки белгигача, агар товарнинг умумий оғирлиги бир килограммдан кам бўлса, нетто оғирлиги вергулдан кейинги уч белгигача аниқликда кўрсатилади.
11) 11-графа. «Товар номи».
Графада декларацияланаётган товар ҳақида маълумотлар, яъни товарнинг номи (савдо, тижорат ёки бошқа анъанавий номи), товар белгилари, маркалари, моделлари, бошқа техник ва тижорат тавсифлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.
Мазкур графада мобил қурилмаларнинг барча IMEI-кодлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.
12) 12-графа. «Товар №».
Графада декларацияланаётган товарнинг тартиб рақами кўрсатилади. Битта турдаги товар декларацияланаётган бўлса, графада «1» рақами кўрсатилади. Биттадан ортиқ турдаги товарлар декларацияланган бўлса рақамлар кетма-кетликда кўрсатилади, яъни 1,2,3...100.
13) 13-графа. «Божхона қиймати».
Графанинг биринчи қисмида товарнинг тижорат ҳужжатларида кўрсатилган валютасидаги божхона қиймати кўрсатилади.
Графанинг иккинчи қисмида товарнинг АҚШ доллари эквивалентидаги божхона қиймати дастур томонидан автоматик тарзда шаклланади.
Агар товарнинг тижорат ҳужжатларида кўрсатилган валюта АҚШ долларида бўлса ёки тижорат ҳужжатлари мавжуд бўлмаса ёхуд валюта кўрсатилмаган бўлса, фақат АҚШ долларидаги божхона қиймати кўрсатилади. Бунда графанинг иккинчи қисми тўлдирилмайди.
Божхона қиймати Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси талабларига мувофиқ аниқланади.
Божхона қиймати математик қоидаларга кўра вергулдан сўнг икки белгигача аниқликда яхлитланади.
14) 14-графа. «Жўнатувчи мамлакат коди ва номи».
Графада Йўриқноманинг 5-иловасига мувофиқ товарлар жўнатилган мамлакатнинг рақамли коди ва номи кўрсатилади.
15) 15-графа. «Келиб чиқиш мамлакати коди ва номи».
Графада Йўриқноманинг 5-иловасига мувофиқ товар келиб чиқиш мамлакатининг рақамли коди ва номи кўрсатилади.
Агарда БКОни тўлдиришда товарнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум бўлса, графада «000-номаълум» деб кўрсатилади.
Агар товарни келиб чиқиш сертификатида Европа иттифоқининг аниқ мамлакати кўрсатилмаган бўлиб, товарнинг келиб чиқиш мамлакати сифатида Европа иттифоқи кўрсатилган бўлса, лотин ҳарфлари билан икки ҳарфдан иборат «EU» коди қўйилади.
16) 16-графа. «Тақдим этиладиган ҳужжатлар/қўшимча маълумотлар».
Графада БКО тўлдиришга асос бўладиган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.
Ҳар бир ҳужжат тўғрисидаги маълумотлар Йўриқноманинг 12-иловасидаги таснифлагичга мувофиқ ҳужжатнинг тартиб рақами ва ҳарфли кодини қўйган ҳолда кўрсатилади (реквизитларнинг ҳар бири янги сатрдан бошланади):
а) чеклар, квитанциялар, ҳисобварақ-фактура (инвойс), Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатлар ва бошқа тижорат ҳужжатлари (масалан, 220-ИНВ № 005 05.01.2024 й.);
б) товарларни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойгача етказиб бериш харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;
в) транспорт ҳужжатларининг рақами (масалан, 205-АВИА №259-12586814, 18.01.2024 й.);
г) қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳужжатлар (товарнинг келиб чиқиш сертификати рақами ва санаси, шахс томонидан маълум қилинган товарларнинг қиймати бўйича маълумоти ва ҳ.к.);
д) декларацияланаётган товарга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ҳолатларда, бошқа ваколатли органлар томонидан тақдим этиладиган рухсатномалар, хулосалар ва бошқа ҳужжатларнинг рўйхат рақами ва берилган санаси (масалан, 417-ССТ № UZ.SMT.01.065.1783700, 15.01.2024 й., 419-ФТСС № 431771, 04.01.2024 й.);
е) йўловчи божхона декларацияси рақами ва санаси;
ж) транзит декларация рақами ва санаси;
з) мобил қурилмалар белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда олиб кирилган ҳолатларда ёки уларнинг божхона расмийлаштирувидан ўтганлиги тўғрисида ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, божхона тўловларини ундириш учун асос ҳисобланадиган ариза рақами ва санаси;
17) 17-графа. «Божхона тўловларининг ҳисоби».
Графада божхона тўловлари суммасини ҳисоблаш БКО асосий варағи ва қўшимча варақларининг 11-графаларида кўрсатилган ҳар бир товар бўйича алоҳида амалга оширилади, бундан БКОнинг асосий варағида кўрсатиладиган божхона расмийлаштируви учун ундириладиган йиғимлар мустасно.
Графанинг:
«Тўлов тури» устунида Йўриқноманинг 13-иловасига мувофиқ божхона тўлов турининг коди кўрсатилади;
«Ҳисоблаш асоси» устунида божхона тўловини ҳисоблашнинг асоси кўрсатилади. Бунда ҳисоблаш асоси Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида кўрсатилади.
Қонунчилик ҳужжатларида божхона тўловини ҳисоблаш учун асос сифатида пул бирликлари эмас, бошқа ўлчов бирликлари (масалан, маълум вақт оралиғи (соат), маълум бир ҳужжатларни берганлик учун ва ҳ.к.) белгиланган бўлса, мазкур графанинг «Ҳисоблаш асоси» устунида тегишли миқдор (1, 2 ва ҳ.к.) ва ўлчов бирлиги (соат, дона ва ҳ.к.) кўрсатилади;
«Ставка» устунида божхона тўлови суммасини ҳисоблашда қўлланиладиган божхона тўловлари ставкасининг белгиланган миқдори кўрсатилади;
«Сумма» устунида божхона тўловининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси сўмда ҳисобланган суммаси кўрсатилади;
«Ҳисоб-китоб тафсилоти» устунида БКОнинг асосий ва қўшимча варақлари бўйича тўлов коди ва ундириладиган умумий божхона тўловлари суммаси тури бўйича ҳамда уларнинг йиғиндиси, яъни тўланадиган божхона тўловлари умумий суммаси «Жами» деган ёзувдан кейин кўрсатилади;
18) 18-графа. «Божхона органи белгиси».
Ушбу графада дастур томонидан БКОни расмийлаштирган божхона ходимининг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда расмийлаштирув амалга оширилган вақт тўғрисидаги маълумотлар автоматик равишда шаклланади.
БКО божхона ходимининг электрон рақамли имзоси орқали тасдиқлаш йўли билан расмийлаштирилади. Расмийлаштирилган БКОга дастур орқали автоматик равишда матрицали штрих код (QR-код) қўйилади ҳамда божхона ходими томонидан муҳр ва имзо қўйилиши талаб этилмайди.
12. Тўловчи шахс томонидан БКОнинг 19-графаси қуйидаги тартибда тасдиқланади:
19-графа. «Тўловчининг имзоси».
Графа божхона тўловларини тўловчи жисмоний шахснинг ҳамда юридик шахс вакилининг имзоси билан тасдиқланади.
БКО Божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида шахсий кабинет орқали электрон тарзда шакллантирилган маълумотлар асосида расмийлаштирилганда, ушбу графа электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
2-§. Умумий БКОнинг қўшимча варағини тўлдириш
13. Божхона ходими томонидан графаларнинг тўлдирилиши:
1) 2-графа. «Қўшимча варақлар».
Графада БКОнинг қўшимча варағи тартиб рақами кўрсатилади.
Масалан, БКОга иккита қўшимча варақ тўлдирилса, биринчи қўшимча варақда «2/3»; иккинчи қўшимча варақда эса «3/3» кўрсатилади.
2) 3-графа. «БКО рўйхат рақами».
БКО асосий варағининг 3-графасида кўрсатилган рўйхат рақами кўрсатилади.
14. Божхона ходими томонидан умумий БКО қўшимча варағи 7 — 13, 15 ҳамда 17-графасининг «Тўлов тури», «Ҳисоблаш асоси», «Ставка», «Сумма» устунлари умумий БКО асосий варағи 7 — 13, 15 ҳамда 17-графасининг «Тўлов тури», «Ҳисоблаш асоси», «Ставка», «Сумма» устунларини тўлдириш тартибига мувофиқ тўлдирилади.
4-боб. Соддалаштирилган БКОни тўлдириш
15. Божхона ходими томонидан графаларнинг тўлдирилиши:
1) соддалаштирилган БКОнинг 1 ва 2-графалари умумий БКО асосий варағи 3 ва 4-графаларига, 4-графаси умумий БКО қўшимча варағининг 17-графасини тўлдириш тартибига мувофиқ тўлдирилади;
2) 3-графа. «Тақдим этиладиган ҳужжатлар/қўшимча маълумотлар».
Графада БКО тўлдиришга асос бўладиган ҳужжатлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
а) дастлабки қарорни олиш учун тақдим этилган ариза рақами ва санаси;
б) эгаси божхона органи бўлган божхона омборида ёки чегара божхона постида вақтинча товарларни сақлаш учун асос бўлган ҳужжат рақами ва санаси;
в) транспорт воситасини божхона кузатувини амалга ошириш ёки божхона назорати остида ташилаётган товар ва транспорт воситалари учун белгиланган етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳолатда транзит декларацияси рақами ва санаси (масалан, ТР № 27001/01.01.2024/0000105);
г) автотранспорт воситасини бир календарь йил давомида тўқсон календарь кундан ортиқ муддатга вақтинчалик олиб кирганликда транспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш мажбуриятномаси рақами ва санаси;
д) қонунчиликда назарда тутилган бошқа йиғимларни ундириш учун асос бўлган ҳужжат рақами ва санаси.
Мазкур графада БКО тўлдиришга асос бўлган божхона тартиб-таомили тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
Масалан, чегара божхона постида вақтинча товарларни сақлаганлик учун божхона йиғимларини ундириш мақсадида БКО тўлдирилса, товарнинг брутто вазни ва товар сақланган кунлар сони кўрсатилади.
3) соддалаштирилган БКОнинг 5-графаси умумий БКО асосий варағи
18-графасини тўлдириш тартибига мувофиқ тўлдирилади, бундан автоматлаштирилган тарзда расмийлаштирилган БКОлар мустасно.
16. Тўловчи шахс томонидан соддалаштирилган БКОнинг 6-графаси умумий БКОнинг асосий варағи 19-графасига мувофиқ тасдиқланади.
5-боб. БКОга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш
17. БКОга ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш зарур бўлганда;
товарнинг божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари суммасини тўғрилаш зарурати юзага келганда;
товарни божсиз олиб кириш нормасига ҳамда уни олиб ўтиш мақсадига аниқлик киритилганда;
битта товар юзасидан такроран бир нечта БКО қабул қилинган ҳолат аниқланганда;
ушбу Қоидаларнинг 2-банди еттинчи хатбошисига асосан ҳисобланган божхона тўловлари мобил қурилмани рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат этган шахс томонидан 10 иш куни ичида тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаганда;
БКОга ўзгартириш, қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш учун асос бўладиган ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар билан тасдиқланган, қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳолларда.
18. Божхона органининг ташаббуси билан ёки тўловчи шахснинг мурожаатига кўра мазкур Қоидаларнинг 17-банди иккинчи — тўртинчи ва еттинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда БКОга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилиши ҳамда мазкур Қоидаларнинг 17-банди тўртинчи — еттинчи хатбошиларида белгиланган ҳолларда бекор қилиниши мумкин.
19. Рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БКОни бекор қилиш, расмийлаштирилган БКОга божхона тўловлари суммасини қайтариш билан боғлиқ бўлмаган ҳамда божхона тўловлари ҳисобварағи шаклланганидан сўнг рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БКОга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш мазкур Қоидаларнинг 3-бандида назарда тутилган таркибий тузилма бошлиғининг рухсати билан амалга оширилади.
БКО расмийлаштирилгандан сўнг унга божхона тўловлари суммасини қайтариш билан боғлиқ бўлган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ҳамда уни бекор қилиш Божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари, «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси бошлиғи (ёки унинг ўринбосари) рухсати билан амалга оширилади.
20. Божхона органи тўловчи шахснинг БКОга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш юзасидан мурожаатини 5 иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда кўриб чиқиш натижаларини ёзма ёки электрон шаклда тўловчи шахсга маълум қилади.
Божхона органи кўриб чиқиш натижаси бўйича БКОга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас ёхуд тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ эмас деб топса, асосланган сабабларни кўрсатган ҳолда мурожаатни рад этишга ҳақли.
21. Бекор қилинган БКОнинг 2-графасидаги рўйхат рақамини бошқа БКОга бериш тақиқланади.
6-боб. Якуний қоидалар
22. Тўловчи шахс божхона органининг хатти-ҳаракатлари ёки қароридан норози бўлган тақдирда, юқори турувчи божхона органига ёки судга шикоят қилишга ҳақли.
23. Тўловчи шахс Божхона қўмитасининг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинети орқали электрон тарзда шакллантирилган ҳолда тақдим этилиб, расмийлаштирилган БКОнинг электрон шаклини юклаб олиш имкониятига эга бўлади.
24. Расмийлаштирилган БКОнинг электрон шакли товарлар божхона назорати остида турган товар мақомини йўқотган ёки божхона органи томонидан мазкур Қоидаларда белгиланган хатти-ҳаракат ва тартиб-таомиллар амалга оширилган йилдан кейинги йилдан эътиборан уч йил давомида дастурда сақланади.
25. Мазкур Қоидалар талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларига 1-ИЛОВА
Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларига 2-ИЛОВА
Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 22 майдаги 125-сон буйруғига 2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2017 йил 16 январдаги 01-02/8-1-сон «Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2856, 2017 йил 3 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 5-сон, 65-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2018 йил 1 мартдаги 01-02/12-23-сон «Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларининг 2-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2856-1, 2018 йил 9 март) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.03.2018 й., 10/18/2856-1/0873-сон).
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2019 йил 8 июлда 01-02/8-43-сон «Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2856-2, 2019 йил 15 июль) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.07.2019 й., 10/19/2856-2/3427-сон).
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2022 йил 29 августдаги 8/02-22-29-сон «Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2856-3, 2022 йил 11 октябрь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.10.2022 й., 10/22/2856-3/0911-сон).
5. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 23 июндаги 41-сон «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3447, 2023 йил 14 июль) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.07.2023 й., 10/23/3447/0484-сон) иловасининг 3-банди .
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 22 май,
125-сон
Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining
buyrugʻi
QOIDALARI
ROʻYXATI
Bojxona kirim orderining shakli va uni toʻldirish qoidalarini tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining Bojxona kodeksiga muvofiq buyuraman:
1. Bojxona kirim orderining shakli va uni toʻldirish qoidalari 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.
3. Ushbu buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2024-yil 22-maydagi 125-son buyrugʻiga 1-ILOVA
Bojxona kirim orderining shakli va uni toʻldirish
Mazkur Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasining Bojxona kodeksiga muvofiq bojxona kirim orderining shakli va uni toʻldirish qoidalarini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasining (bundan buyon matnda Bojxona qoʻmitasi deb yuritiladi) Bojxona kirim orderi avtomatlashtirilgan axborot tizimi (bundan buyon matnda dastur deb yuritiladi) — bojxona kirim orderini elektron tarzda shakllantirish va ushbu hujjat asosida undirilgan bojxona toʻlovlarini hisobga olish uchun moʻljallangan axborot tizimi;
Bojxona qoʻmitasining yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimi (bundan buyon matnda bojxona organlarining axborot tizimi deb yuritiladi) — bojxona chegarasi orqali olib oʻtiladigan tovarlarning va transport vositalarining bojxona nazoratini amalga oshirish uchun ularga doir hujjatlar va maʼlumotlarning kiritilishini, hisobga olinishini hamda monitoring qilinishini nazarda tutuvchi Bojxona qoʻmitasining avtomatlashtirilgan tizimi;
mobil qurilmalarni xalqaro oʻziga xos identifikatsiya kodlari boʻyicha roʻyxatga olish tizimi (bundan buyon matnda mobil qurilmalarni roʻyxatga olish tizimi deb yuritiladi) — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 17-sentabrdagi 778-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi hududida foydalanilayotgan, sotish yoki shaxsiy foydalanish uchun olib kiriladigan va ishlab chiqariladigan mobil qurilmalarni roʻyxatga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda nazarda tutilgan mobil qurilmalarni texnik identifikatsiyalash parametrlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni roʻyxatga olish, yigʻish, saqlash va qayta ishlash uchun foydalaniladigan axborot tizimi;
Bojxona kirim orderi (bundan buyon matnda BKO deb yuritiladi) — bojxona toʻlovlarini toʻlovchi shaxs tomonidan taqdim qilingan hujjatlar yoki bojxona organlarining axborot tizimlari yoxud mobil qurilmalarni roʻyxatga olish tizimi maʼlumotlari asosida bojxona xodimi tomonidan dasturda rasmiylashtiriladigan elektron shakldagi hujjat;
yangi BKO — bojxona toʻlovlarini toʻlovchi shaxs tomonidan Bojxona qoʻmitasining rasmiy veb-sayti orqali elektron tarzda shakllantirilgan holda bojxona organiga taqdim etilgan, biroq bojxona organi tomonidan koʻrib chiqilmagan BKO;
roʻyxatga olinib, rasmiylashtirilmagan BKO — dasturda shakllantirilgan BKOning “BKO roʻyxat raqami” grafasiga BKO raqami va qabul qilingan sana koʻrsatilgan, ammo “Bojxona organining belgisi” grafasiga bojxona organining tegishli belgilari qoʻyilmagan BKO;
rasmiylashtirilgan BKO — bojxona organi tomonidan roʻyxatga olingan va “Bojxona organining belgisi” grafasiga bojxona organining tegishli belgilari qoʻyilgan BKO;
qayta rasmiylashtirilgan BKO — rasmiylashtirilgan BKOga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilib, yuridik kuchga ega hujjat sifatida amal qilishi toʻxtatilgan avvalgi BKO;
bekor qilingan BKO — BKOni bojxona organida roʻyxatga olinganidan yoki rasmiylashtirilganidan soʻng bekor qilish orqali yuridik kuchga ega hujjat sifatida amal qilishini toʻxtatish.
2. BKO quyidagi hollarda toʻldiriladi:
notijorat maqsadlar uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat chegarasidan oʻtish punktlari orqali jismoniy shaxslar tomonidan qoʻl yukida yoki kuzatib borilayotgan bagajida olib oʻtilayotgan tovarlarning, shuningdek xalqaro pochta va kuryerlik joʻnatmalarida yuborilayotgan shunday tovarlarning qiymati va (yoki) miqdori qonunchilik hujjatlarida belgilangan tovarlarni olib kirishning bojxona toʻlovlari undirilmaydigan cheklangan meʼyoridan oshganda, ortiqcha qismiga bojxona toʻlovi undirilishida;
tovarlar jismoniy shaxsning manziliga kelib tushganda (xalqaro pochta va kuryerlik joʻnatmalari bundan mustasno) bojxona toʻlovlari olib kirilayotgan tovarlarning butun summasidan, tovarlarni olib kirishning bojxona toʻlovlari undirilmaydigan cheklangan meʼyori qoʻllanilmagan holda undirilishida;
yuridik shaxslarning manziliga xalqaro pochta va xalqaro kuryerlik joʻnatmalarida yuboriladigan, qiymati bazaviy hisoblash miqdorining oʻttiz baravarigacha boʻlgan miqdordagi tovarlar uchun bojxona toʻlovlari undirilishida;
Oʻzbekiston Respublikasi Bojxona kodeksining 260-moddasi “g” kichik bandida nazarda tutilgan hollarda bojxona toʻlovlari undirilishida;
mobil qurilmalar belgilangan meʼyordan ortiq miqdorda olib kirilgan holatlarda yoki ularning bojxona rasmiylashtiruvidan oʻtganligi toʻgʻrisida hujjatlar taqdim etilmagan taqdirda, mobil qurilmalarni roʻyxatga olish tizimi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarga asosan bojxona toʻlovlari undirilishida;
qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan bojxona yigʻimlari va boshqa toʻlovlarning undirilishida.
3. BKO Oʻzbekiston Respublikasi Bojxona kodeksining 291-moddasida keltirilgan xatti-harakat yoki tartib-taomillarni bajargan bojxona organi tomonidan rasmiylashtiriladi.
2-bob. BKOni rasmiylashtirishning umumiy shartlari
4. Bojxona xodimi tomonidan BKO maʼlumotlari bojxona toʻlovlarini toʻlovchi shaxs (bundan buyon matnda toʻlovchi shaxs deb yuritiladi) taqdim qilgan hujjatlari, bojxona organlarining boshqa axborot tizimlari yoki mobil qurilmalarni roʻyxatga olish tizimida mavjud boʻlgan maʼlumotlar asosida shakllantiriladi.
5. BKO umumiy va soddalashtirilgan shakllarda tuziladi.
Bir turdagi tovarni deklaratsiyalashda mazkur Qoidalarning 1-ilovasiga muvofiq umumiy BKOning asosiy varagʻidan, ikki yoki undan ortiq turdagi tovarlarni deklaratsiyalashda umumiy BKOning asosiy varagʻidan hamda mazkur Qoidalarning 2-ilovasiga muvofiq umumiy BKOning qoʻshimcha varagʻidan foydalaniladi.
Bojxona rasmiylashtiruvi bilan bogʻliq boʻlmagan bojxona yigʻimlari va bojxona organlari tomonidan undirilishi nazarda tutilgan boshqa toʻlovlar, shu jumladan xalqaro kuryerlik joʻnatmalari uchun bojxona yigʻimini undirishda mazkur Qoidalarning 3-ilovasiga muvofiq soddalashtirilgan BKO shaklidan foydalaniladi.
6. Umumiy BKOning asosiy varagʻida bitta tovar toʻgʻrisida, qoʻshimcha varagʻida esa koʻpi bilan uchta tovar toʻgʻrisida maʼlumotlar koʻrsatilishi mumkin (bir vaqtning oʻzida asosiy varaqqa koʻpi bilan 33 ta qoʻshimcha varaq ilova qilinishi mumkin).
7. Bojxona xodimi tomonidan BKO elektron tarzda roʻyxatga olinib, rasmiylashtiriladi hamda bir nusxada chop etilib, toʻlovchi shaxsga topshiriladi (yuboriladi).
8. Toʻlovchi shaxs Bojxona qoʻmitasining rasmiy veb-saytidagi shaxsiy kabinet orqali BKOni elektron tarzda shakllantirgan holda bojxona organlariga taqdim etishi mumkin.
Bunda, toʻlovchi shaxs tomonidan BKOni rasmiylashtirish uchun bojxona organlariga uch ish kuni ichida murojaat qilinmagan taqdirda, yangi BKO dastur tomonidan avtomatik tarzda qaytariladi.
9. BKO rasmiylashtiruvi bojxona organlarining axborot tizimidagi toʻlovchi shaxsning shaxsiy hisobvaragʻi boʻyicha bojxona toʻlovlari toʻlanganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar mavjud boʻlgan taqdirda elektron tarzda amalga oshiriladi.
Bunda, BKO boʻyicha bojxona toʻlovlarini toʻlash dasturda shakllanadigan bojxona toʻlovlari hisobvaragʻi asosida amalga oshiriladi.
10. BKO rasmiylashtirilgan paytdan boshlab yuridik ahamiyatga molik faktlardan dalolat beruvchi hujjatga aylanadi.
3-bob. Umumiy BKOni toʻldirish
1-§. Umumiy BKOning asosiy varagʻini toʻldirish
11. Bojxona xodimi tomonidan grafalarning toʻldirilishi:
1) 1-grafa. “BKO turi”.
Grafaning birinchi boʻlmasida agar toʻlovchi shaxs:
jismoniy shaxs (shu jumladan yuridik shaxs tashkil etmasdan tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirayotgan jismoniy shaxslar) boʻlsa — “J”;
yuridik shaxs, shu jumladan doimiy muassasa boʻlsa — “Yu” koʻrsatiladi.
Grafaning ikkinchi boʻlmasida:
bojxona hududiga olib kirilayotgan tovarlarga nisbatan — “IM”;
bojxona hududidan olib chiqilayotgan tovarlarga nisbatan — “EK”;
bojxona hududi orqali tranzit olib oʻtilayotgan tovarlarga nisbatan — “TR”.
Grafaning uchinchi boʻlmasida:
qoʻl yukida yoki kuzatib borilayotgan bagajlarda olib oʻtilayotgan tovarlarga nisbatan — “KB”;
xalqaro pochta va kuryerlik joʻnatmalarida yuborilayotgan tovarlarga nisbatan — “XP”;
jismoniy shaxslarning manziliga kelib tushgan notijorat maqsadlardagi tovarlarga nisbatan— “MT”;
belgilangan meʼyordan ortiq miqdorda olib kirilgan yoki ularning bojxona rasmiylashtiruvidan oʻtganligi toʻgʻrisida hujjatlar taqdim etilmagan mobil qurilmalarga nisbatan — “MQ” koʻrsatiladi;
Oʻzbekiston Respublikasi Bojxona kodeksining 260-moddasi “g” kichik bandida nazarda tutilgan hollarda — “BK” koʻrsatiladi;
2) 2-grafa. “Qoʻshimcha varaqlar”.
Grafaning birinchi boʻlmasida varaqning tartib raqami, ikkinchi boʻlmasida taqdim etilayotgan BKO varaqlarining umumiy soni (asosiy va qoʻshimcha varaqlari yigʻindisi) koʻrsatiladi.
Masalan, agar BKO ikkita qoʻshimcha varaqlarga ega boʻlsa BKOning asosiy varagʻida “1/3”; birinchi qoʻshimcha varagʻida “2/3”; ikkinchi qoʻshimcha varagʻida esa “3/3” koʻrsatiladi. Agar BKO qoʻshimcha varaqlarga ega boʻlmasa “1/1” koʻrsatiladi;
3) 3-grafa. “BKO roʻyxat raqami”.
BKO roʻyxat raqami quyidagi boʻlmalarda koʻrsatiladi:
a) birinchi boʻlmada:
Bojxona yuk deklaratsiyasini toʻldirish tartibi toʻgʻrisidagi yoʻriqnomaning (bundan buyon matnda Yoʻriqnoma deb yuritiladi) (roʻyxat raqami 2773, 2016-yil 6-aprel) 4-ilovasiga muvofiq BKO rasmiylashtirishni amalga oshiradigan bojxona postining beshta raqamli kodi;
bojxona postidan boshqa bojxona organlari tomonidan BKO toʻldirilishida dastur tomonidan avtomatik tarzda shakllanadigan toʻrtta raqamli kod;
b) ikkinchi boʻlmada BKO rasmiylashtirilgan kun, oy, yil;
v) uchinchi boʻlmada dastur tomonidan avtomatik tarzda beriladigan tartib raqam koʻrsatiladi.
Masalan, BKO:
bojxona posti tomonidan rasmiylashtirilganda — 27001/01.01.2024/0000001;
Bojxona qoʻmitasi yoki uning hududiy boshqarmalari masʼul tarkibiy tuzilmalari tomonidan rasmiylashtirilganda — 1727/01.01.2024/0000001.
4) 4-grafa. “Toʻlovchi/moliya va bank maʼlumotlari”.
Grafaning birinchi qismida toʻlovchi shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumot koʻrsatiladi.
Agarda toʻlovchi jismoniy shaxs boʻlsa, u holda grafada uning familiyasi, ismi, otasining ismi, doimiy roʻyxatdan oʻtgan manzili, shaxsni tasdiqlovchi hujjat haqidagi maʼlumotlar, telefon raqami (mavjud boʻlsa) koʻrsatiladi.
Agarda toʻlovchi yuridik shaxs boʻlsa, uning nomi va joylashgan joyi (yuridik manzili) va telefon raqami (mavjud boʻlsa) koʻrsatiladi.
Grafaning ikkinchi qismida:
a) toʻlovchining STIRi/JSHSHIRi koʻrsatiladi.
Jismoniy shaxslar uchun toʻlovchining JSHSHIRi koʻrsatiladi. Agar toʻlovchi chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs boʻlib, uning Oʻzbekiston Respublikasida olingan JSHSHIRi boʻlmasa, unga dastur tomonidan avtomatik tarzda 14 ta raqamdan iborat farqlash kodi beriladi.
Yuridik shaxslar uchun toʻlovchining STIRi koʻrsatiladi.
b) toʻlovni qabul qilib olgan bankning MFOsi/bankning toʻliq nomi;
v) toʻlovchining Oʻzbekiston Respublikasi milliy valyutasidagi hisobvaragʻi raqami koʻrsatiladi. Bunda toʻlovchi Oʻzbekiston Respublikasi milliy valyutasidagi hisobvaragʻiga ega boʻlmagan jismoniy shaxs boʻlsa, ushbu ustun toʻldirilmaydi.
5) 5-grafa. “Tovarning umumiy bojxona qiymati”.
Grafaning birinchi qismida deklaratsiyalanayotgan tovarlarning tijorat hujjatlarida koʻrsatilgan valyutasidagi umumiy bojxona qiymati koʻrsatiladi.
Grafaning ikkinchi qismida deklaratsiyalanayotgan tovarlarning AQSH dollari ekvivalentidagi umumiy bojxona qiymati dastur tomonidan avtomatik tarzda shakllanadi.
Agar tovarlarning tijorat hujjatlarida koʻrsatilgan valyuta AQSH dollarida boʻlsa yoki tijorat hujjatlari mavjud boʻlmasa yoxud valyuta koʻrsatilmagan boʻlsa, faqat AQSH dollaridagi umumiy bojxona qiymati koʻrsatiladi. Bunda grafaning ikkinchi qismi toʻldirilmaydi.
Tovarlarning umumiy bojxona qiymatini umumiy BKOning 13-grafalaridagi tovarlarning bojxona qiymatlari yigʻindisi tashkil qiladi;
6) 6-grafa. “Valyuta kursi”.
Grafaning birinchi qismida deklaratsiyalanayotgan tovarlarning tijorat hujjatlarida koʻrsatilgan valyutasining Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan belgilangan, BKO roʻyxatga olingan kundagi Oʻzbekiston Respublikasi milliy valyutasiga nisbatan kursi koʻrsatiladi.
Grafaning ikkinchi qismida Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan belgilangan, BKO roʻyxatga olingan kundagi AQSH dollarining Oʻzbekiston Respublikasi milliy valyutasiga nisbatan kursi dastur tomonidan avtomatik tarzda shakllanadi.
Agar tovarlarning tijorat hujjatlarida koʻrsatilgan valyuta AQSH dollarida boʻlsa yoki tijorat hujjatlari mavjud boʻlmasa yoxud valyuta koʻrsatilmagan boʻlsa, grafaning birinchi qismi toʻldiriladi.
7) 7-grafa. “Tovar kodi”.
Grafada deklaratsiyalanayotgan tovarning Oʻzbekiston Respublikasi tashqi iqtisodiy faoliyati tovar nomenklaturasiga (bundan buyon matnda TIF TN deb yuritiladi) muvofiq oʻnta raqamli kodi koʻrsatiladi.
Bunda, qonunchilikka muvofiq yagona bojxona toʻlovlari undirilishi nazarda tutilgan hollarda ushbu grafa toʻldirilmaydi.
8) 8-grafa. “Brutto ogʻirlik (kg)”.
Grafada deklaratsiyalanayotgan tovarning kilogrammdagi brutto ogʻirligi koʻrsatiladi.
Brutto ogʻirlik deganda tovarning umumiy ogʻirligi, shu jumladan tovar muomalaga kiritilgunga qadar holatini oʻzgarmasligini taʼminlab turish uchun zarur boʻlgan uning barcha turdagi oʻramlari (konteyner va boshqa transport uskunalari bundan mustasno) bilan birgalikdagi umumiy ogʻirligi tushuniladi.
Brutto vazn matematik qoidalarga koʻra verguldan keyingi ikki belgigacha, agar tovarning umumiy ogʻirligi bir kilogrammdan kam boʻlsa, brutto ogʻirligi verguldan keyingi uch belgigacha aniqlikda koʻrsatiladi.
9) 9-grafa. “Miqdori”.
Grafada deklaratsiyalanayotgan tovarning qoʻshimcha oʻlchov birligidagi miqdori va oʻlchov birligining TIF TNga muvofiq shartli belgilanishi koʻrsatiladi.
Tovarlarning qoʻshimcha oʻlchov birligidagi miqdori verguldan keyingi ikkinchi belgigacha aniqlikda koʻrsatiladi.
Ushbu grafa TIF TNga muvofiq tovarning oʻlchov birligi “kg” koʻrsatilgan holatlarda toʻldirilmaydi.
10) 10-grafa. “Netto ogʻirlik (kg)”.
Grafada deklaratsiyalanayotgan tovarning kilogrammdagi netto ogʻirligi koʻrsatiladi.
Qadoqlangan holatda olib oʻtilayotgan tovar uchun netto ogʻirlik:
deklaratsiyalanayotgan tovarning faqat birlamchi qadogʻini hisobga olgan holdagi ogʻirligi, agar tovarlar, isteʼmol xususiyatlaridan kelib chiqqan holda, shunday qadoqda chakana savdoga chiqarilsa va (yoki) tovarni sotishda uning saqlanishini taʼminlaydigan birlamchi qadoqni tovarning isteʼmol xususiyatlarini buzmagan holda tovarni isteʼmol qilgunga qadar tovardan ajratib boʻlmaydigan (masalan, bankadagi kofe va h.k.) boʻlsa;
boshqa holatlarda deklaratsiyalanayotgan tovarning hech qanday qadoqsiz ogʻirligi hisoblanadi.
Qadoqsiz (sochilgan, quyilgan, uyum holda) olib oʻtiladigan tovar uchun tovarning umumiy ogʻirligi koʻrsatiladi.
Netto vazn matematik qoidalarga koʻra verguldan keyingi ikki belgigacha, agar tovarning umumiy ogʻirligi bir kilogrammdan kam boʻlsa, netto ogʻirligi verguldan keyingi uch belgigacha aniqlikda koʻrsatiladi.
11) 11-grafa. “Tovar nomi”.
Grafada deklaratsiyalanayotgan tovar haqida maʼlumotlar, yaʼni tovarning nomi (savdo, tijorat yoki boshqa anʼanaviy nomi), tovar belgilari, markalari, modellari, boshqa texnik va tijorat tavsiflari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi.
Mazkur grafada mobil qurilmalarning barcha IMEI-kodlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi.
12) 12-grafa. “Tovar №”.
Grafada deklaratsiyalanayotgan tovarning tartib raqami koʻrsatiladi. Bitta turdagi tovar deklaratsiyalanayotgan boʻlsa, grafada “1” raqami koʻrsatiladi. Bittadan ortiq turdagi tovarlar deklaratsiyalangan boʻlsa raqamlar ketma-ketlikda koʻrsatiladi, yaʼni 1,2,3...100.
13) 13-grafa. “Bojxona qiymati”.
Grafaning birinchi qismida tovarning tijorat hujjatlarida koʻrsatilgan valyutasidagi bojxona qiymati koʻrsatiladi.
Grafaning ikkinchi qismida tovarning AQSH dollari ekvivalentidagi bojxona qiymati dastur tomonidan avtomatik tarzda shakllanadi.
Agar tovarning tijorat hujjatlarida koʻrsatilgan valyuta AQSH dollarida boʻlsa yoki tijorat hujjatlari mavjud boʻlmasa yoxud valyuta koʻrsatilmagan boʻlsa, faqat AQSH dollaridagi bojxona qiymati koʻrsatiladi. Bunda grafaning ikkinchi qismi toʻldirilmaydi.
Bojxona qiymati Oʻzbekiston Respublikasi Bojxona kodeksi talablariga muvofiq aniqlanadi.
Bojxona qiymati matematik qoidalarga koʻra verguldan soʻng ikki belgigacha aniqlikda yaxlitlanadi.
14) 14-grafa. “Joʻnatuvchi mamlakat kodi va nomi”.
Grafada Yoʻriqnomaning 5-ilovasiga muvofiq tovarlar joʻnatilgan mamlakatning raqamli kodi va nomi koʻrsatiladi.
15) 15-grafa. “Kelib chiqish mamlakati kodi va nomi”.
Grafada Yoʻriqnomaning 5-ilovasiga muvofiq tovar kelib chiqish mamlakatining raqamli kodi va nomi koʻrsatiladi.
Agarda BKOni toʻldirishda tovarning kelib chiqish mamlakati nomaʼlum boʻlsa, grafada “000-nomaʼlum” deb koʻrsatiladi.
Agar tovarni kelib chiqish sertifikatida Yevropa ittifoqining aniq mamlakati koʻrsatilmagan boʻlib, tovarning kelib chiqish mamlakati sifatida Yevropa ittifoqi koʻrsatilgan boʻlsa, lotin harflari bilan ikki harfdan iborat “EU” kodi qoʻyiladi.
16) 16-grafa. “Taqdim etiladigan hujjatlar/qoʻshimcha maʼlumotlar”.
Grafada BKO toʻldirishga asos boʻladigan hujjatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi.
Har bir hujjat toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Yoʻriqnomaning 12-ilovasidagi tasniflagichga muvofiq hujjatning tartib raqami va harfli kodini qoʻygan holda koʻrsatiladi (rekvizitlarning har biri yangi satrdan boshlanadi):
a) cheklar, kvitansiyalar, hisobvaraq-faktura (invoys), Umumjahon pochta ittifoqining hujjatlarida nazarda tutilgan hujjatlar va boshqa tijorat hujjatlari (masalan, 220-INV № 005 05.01.2024-y.);
b) tovarlarni bojxona hududiga olib kiriladigan joygacha yetkazib berish xarajatlarini tasdiqlovchi hujjatlar;
v) transport hujjatlarining raqami (masalan, 205-AVIA №259-12586814, 18.01.2024-y.);
g) qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa hujjatlar (tovarning kelib chiqish sertifikati raqami va sanasi, shaxs tomonidan maʼlum qilingan tovarlarning qiymati boʻyicha maʼlumoti va h.k.);
d) deklaratsiyalanayotgan tovarga normativ-huquqiy hujjatlarda nazarda tutilgan holatlarda, boshqa vakolatli organlar tomonidan taqdim etiladigan ruxsatnomalar, xulosalar va boshqa hujjatlarning roʻyxat raqami va berilgan sanasi (masalan, 417-SST № UZ.SMT.01.065.1783700, 15.01.2024-y., 419-FTSS № 431771, 04.01.2024-y.);
e) yoʻlovchi bojxona deklaratsiyasi raqami va sanasi;
j) tranzit deklaratsiya raqami va sanasi;
z) mobil qurilmalar belgilangan meʼyordan ortiq miqdorda olib kirilgan holatlarda yoki ularning bojxona rasmiylashtiruvidan oʻtganligi toʻgʻrisida hujjatlar taqdim etilmagan taqdirda, bojxona toʻlovlarini undirish uchun asos hisoblanadigan ariza raqami va sanasi;
17) 17-grafa. “Bojxona toʻlovlarining hisobi”.
Grafada bojxona toʻlovlari summasini hisoblash BKO asosiy varagʻi va qoʻshimcha varaqlarining 11-grafalarida koʻrsatilgan har bir tovar boʻyicha alohida amalga oshiriladi, bundan BKOning asosiy varagʻida koʻrsatiladigan bojxona rasmiylashtiruvi uchun undiriladigan yigʻimlar mustasno.
Grafaning:
“Toʻlov turi” ustunida Yoʻriqnomaning 13-ilovasiga muvofiq bojxona toʻlov turining kodi koʻrsatiladi;
“Hisoblash asosi” ustunida bojxona toʻlovini hisoblashning asosi koʻrsatiladi. Bunda hisoblash asosi Oʻzbekiston Respublikasi milliy valyutasida koʻrsatiladi.
Qonunchilik hujjatlarida bojxona toʻlovini hisoblash uchun asos sifatida pul birliklari emas, boshqa oʻlchov birliklari (masalan, maʼlum vaqt oraligʻi (soat), maʼlum bir hujjatlarni berganlik uchun va h.k.) belgilangan boʻlsa, mazkur grafaning “Hisoblash asosi” ustunida tegishli miqdor (1, 2 va h.k.) va oʻlchov birligi (soat, dona va h.k.) koʻrsatiladi;
“Stavka” ustunida bojxona toʻlovi summasini hisoblashda qoʻllaniladigan bojxona toʻlovlari stavkasining belgilangan miqdori koʻrsatiladi;
“Summa” ustunida bojxona toʻlovining Oʻzbekiston Respublikasi milliy valyutasi soʻmda hisoblangan summasi koʻrsatiladi;
“Hisob-kitob tafsiloti” ustunida BKOning asosiy va qoʻshimcha varaqlari boʻyicha toʻlov kodi va undiriladigan umumiy bojxona toʻlovlari summasi turi boʻyicha hamda ularning yigʻindisi, yaʼni toʻlanadigan bojxona toʻlovlari umumiy summasi “Jami” degan yozuvdan keyin koʻrsatiladi;
18) 18-grafa. “Bojxona organi belgisi”.
Ushbu grafada dastur tomonidan BKOni rasmiylashtirgan bojxona xodimining familiyasi, ismi va otasining ismi hamda rasmiylashtiruv amalga oshirilgan vaqt toʻgʻrisidagi maʼlumotlar avtomatik ravishda shakllanadi.
BKO bojxona xodimining elektron raqamli imzosi orqali tasdiqlash yoʻli bilan rasmiylashtiriladi. Rasmiylashtirilgan BKOga dastur orqali avtomatik ravishda matritsali shtrix kod (QR-kod) qoʻyiladi hamda bojxona xodimi tomonidan muhr va imzo qoʻyilishi talab etilmaydi.
12. Toʻlovchi shaxs tomonidan BKOning 19-grafasi quyidagi tartibda tasdiqlanadi:
19-grafa. “Toʻlovchining imzosi”.
Grafa bojxona toʻlovlarini toʻlovchi jismoniy shaxsning hamda yuridik shaxs vakilining imzosi bilan tasdiqlanadi.
BKO Bojxona qoʻmitasining rasmiy veb-saytida shaxsiy kabinet orqali elektron tarzda shakllantirilgan maʼlumotlar asosida rasmiylashtirilganda, ushbu grafa elektron raqamli imzo bilan tasdiqlanadi.
2-§. Umumiy BKOning qoʻshimcha varagʻini toʻldirish
13. Bojxona xodimi tomonidan grafalarning toʻldirilishi:
1) 2-grafa. “Qoʻshimcha varaqlar”.
Grafada BKOning qoʻshimcha varagʻi tartib raqami koʻrsatiladi.
Masalan, BKOga ikkita qoʻshimcha varaq toʻldirilsa, birinchi qoʻshimcha varaqda “2/3”; ikkinchi qoʻshimcha varaqda esa “3/3” koʻrsatiladi.
2) 3-grafa. “BKO roʻyxat raqami”.
BKO asosiy varagʻining 3-grafasida koʻrsatilgan roʻyxat raqami koʻrsatiladi.
14. Bojxona xodimi tomonidan umumiy BKO qoʻshimcha varagʻi 7 — 13, 15 hamda 17-grafasining “Toʻlov turi”, “Hisoblash asosi”, “Stavka”, “Summa” ustunlari umumiy BKO asosiy varagʻi 7 — 13, 15 hamda 17-grafasining “Toʻlov turi”, “Hisoblash asosi”, “Stavka”, “Summa” ustunlarini toʻldirish tartibiga muvofiq toʻldiriladi.
4-bob. Soddalashtirilgan BKOni toʻldirish
15. Bojxona xodimi tomonidan grafalarning toʻldirilishi:
1) soddalashtirilgan BKOning 1 va 2-grafalari umumiy BKO asosiy varagʻi 3 va 4-grafalariga, 4-grafasi umumiy BKO qoʻshimcha varagʻining 17-grafasini toʻldirish tartibiga muvofiq toʻldiriladi;
2) 3-grafa. “Taqdim etiladigan hujjatlar/qoʻshimcha maʼlumotlar”.
Grafada BKO toʻldirishga asos boʻladigan hujjatlar toʻgʻrisidagi quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:
a) dastlabki qarorni olish uchun taqdim etilgan ariza raqami va sanasi;
b) egasi bojxona organi boʻlgan bojxona omborida yoki chegara bojxona postida vaqtincha tovarlarni saqlash uchun asos boʻlgan hujjat raqami va sanasi;
v) transport vositasini bojxona kuzatuvini amalga oshirish yoki bojxona nazorati ostida tashilayotgan tovar va transport vositalari uchun belgilangan yetkazib berish muddati oʻtkazib yuborilgan holatda tranzit deklaratsiyasi raqami va sanasi (masalan, TR № 27001/01.01.2024/0000105);
g) avtotransport vositasini bir kalendar yil davomida toʻqson kalendar kundan ortiq muddatga vaqtinchalik olib kirganlikda transport vositasini qaytarib olib chiqish majburiyatnomasi raqami va sanasi;
d) qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa yigʻimlarni undirish uchun asos boʻlgan hujjat raqami va sanasi.
Mazkur grafada BKO toʻldirishga asos boʻlgan bojxona tartib-taomili toʻgʻrisidagi maʼlumotlar aks ettiriladi.
Masalan, chegara bojxona postida vaqtincha tovarlarni saqlaganlik uchun bojxona yigʻimlarini undirish maqsadida BKO toʻldirilsa, tovarning brutto vazni va tovar saqlangan kunlar soni koʻrsatiladi.
3) soddalashtirilgan BKOning 5-grafasi umumiy BKO asosiy varagʻi
18-grafasini toʻldirish tartibiga muvofiq toʻldiriladi, bundan avtomatlashtirilgan tarzda rasmiylashtirilgan BKOlar mustasno.
16. Toʻlovchi shaxs tomonidan soddalashtirilgan BKOning 6-grafasi umumiy BKOning asosiy varagʻi 19-grafasiga muvofiq tasdiqlanadi.
5-bob. BKOga oʻzgartirish va qoʻshimcha kiritish yoki uni bekor qilish
17. BKOga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimcha kiritish yoki uni bekor qilish quyidagi hollarda amalga oshiriladi:
bojxona nazorati va rasmiylashtiruvi jarayonida yoʻl qoʻyilgan xato va kamchiliklarni bartaraf etish zarur boʻlganda;
tovarning bojxona qiymati va (yoki) bojxona toʻlovlari summasini toʻgʻrilash zarurati yuzaga kelganda;
tovarni bojsiz olib kirish normasiga hamda uni olib oʻtish maqsadiga aniqlik kiritilganda;
bitta tovar yuzasidan takroran bir nechta BKO qabul qilingan holat aniqlanganda;
ushbu Qoidalarning 2-bandi yettinchi xatboshisiga asosan hisoblangan bojxona toʻlovlari mobil qurilmani roʻyxatdan oʻtkazish uchun murojaat etgan shaxs tomonidan 10 ish kuni ichida toʻlanmagan yoki toʻliq toʻlanmaganda;
BKOga oʻzgartirish, qoʻshimcha kiritish yoki uni bekor qilish uchun asos boʻladigan hamda taqdim etilgan hujjatlar bilan tasdiqlangan, qonunchilik hujjatlariga zid boʻlmagan boshqa hollarda.
18. Bojxona organining tashabbusi bilan yoki toʻlovchi shaxsning murojaatiga koʻra mazkur Qoidalarning 17-bandi ikkinchi — toʻrtinchi va yettinchi xatboshilarida nazarda tutilgan hollarda BKOga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritilishi hamda mazkur Qoidalarning 17-bandi toʻrtinchi — yettinchi xatboshilarida belgilangan hollarda bekor qilinishi mumkin.
19. Roʻyxatga olinib, rasmiylashtirilmagan BKOni bekor qilish, rasmiylashtirilgan BKOga bojxona toʻlovlari summasini qaytarish bilan bogʻliq boʻlmagan hamda bojxona toʻlovlari hisobvaragʻi shakllanganidan soʻng roʻyxatga olinib, rasmiylashtirilmagan BKOga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish mazkur Qoidalarning 3-bandida nazarda tutilgan tarkibiy tuzilma boshligʻining ruxsati bilan amalga oshiriladi.
BKO rasmiylashtirilgandan soʻng unga bojxona toʻlovlari summasini qaytarish bilan bogʻliq boʻlgan oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish hamda uni bekor qilish Bojxona qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar, Toshkent shahar boʻyicha boshqarmalari, “Toshkent-AERO” ixtisoslashtirilgan bojxona kompleksi boshligʻi (yoki uning oʻrinbosari) ruxsati bilan amalga oshiriladi.
20. Bojxona organi toʻlovchi shaxsning BKOga oʻzgartirish va qoʻshimcha kiritish yoki uni bekor qilish yuzasidan murojaatini 5 ish kuni ichida koʻrib chiqadi hamda koʻrib chiqish natijalarini yozma yoki elektron shaklda toʻlovchi shaxsga maʼlum qiladi.
Bojxona organi koʻrib chiqish natijasi boʻyicha BKOga oʻzgartirish va qoʻshimcha kiritish yoki uni bekor qilish uchun asoslar mavjud emas yoxud taqdim etilgan hujjatlar toʻliq emas deb topsa, asoslangan sabablarni koʻrsatgan holda murojaatni rad etishga haqli.
21. Bekor qilingan BKOning 2-grafasidagi roʻyxat raqamini boshqa BKOga berish taqiqlanadi.
6-bob. Yakuniy qoidalar
22. Toʻlovchi shaxs bojxona organining xatti-harakatlari yoki qaroridan norozi boʻlgan taqdirda, yuqori turuvchi bojxona organiga yoki sudga shikoyat qilishga haqli.
23. Toʻlovchi shaxs Bojxona qoʻmitasining rasmiy veb-saytidagi shaxsiy kabineti orqali elektron tarzda shakllantirilgan holda taqdim etilib, rasmiylashtirilgan BKOning elektron shaklini yuklab olish imkoniyatiga ega boʻladi.
24. Rasmiylashtirilgan BKOning elektron shakli tovarlar bojxona nazorati ostida turgan tovar maqomini yoʻqotgan yoki bojxona organi tomonidan mazkur Qoidalarda belgilangan xatti-harakat va tartib-taomillar amalga oshirilgan yildan keyingi yildan eʼtiboran uch yil davomida dasturda saqlanadi.
25. Mazkur Qoidalar talablarini buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.
Bojxona kirim orderining shakli va uni toʻldirish qoidalariga 1-ILOVA
Bojxona kirim orderining shakli va uni toʻldirish qoidalariga 2-ILOVA
Bojxona kirim orderining shakli va uni toʻldirish qoidalariga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2024-yil 22-maydagi 125-son buyrugʻiga 2-ILOVA
Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar
1. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasining 2017-yil 16-yanvardagi 01-02/8-1-son “Bojxona kirim orderining shakli va uni toʻldirish qoidalarini tasdiqlash haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2856, 2017-yil 3-fevral) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2017-y., 5-son, 65-modda).
2. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasining 2018-yil 1-martdagi 01-02/12-23-son “Bojxona kirim orderining shakli va uni toʻldirish qoidalarining 2-bandiga oʻzgartirish kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2856-1, 2018-yil 9-mart) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 09.03.2018-y., 10/18/2856-1/0873-son).
3. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasining 2019-yil 8-iyulda 01-02/8-43-son “Bojxona kirim orderining shakli va uni toʻldirish qoidalariga oʻzgartirish kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2856-2, 2019-yil 15-iyul) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 15.07.2019-y., 10/19/2856-2/3427-son).
4. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasining 2022-yil 29-avgustdagi 8/02-22-29-son “Bojxona kirim orderining shakli va uni toʻldirish qoidalariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2856-3, 2022-yil 11-oktabr) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.10.2022-y., 10/22/2856-3/0911-son).
5. Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2023-yil 23-iyundagi 41-son “Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasi va Moliya vazirligi tomonidan qabul qilingan ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlarga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3447, 2023-yil 14-iyul) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 17.07.2023-y., 10/23/3447/0484-son) ilovasining 3-bandi .
Vazir D. KUCHKAROV
Toshkent sh.,
2024-yil 22-may,
125-son