UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 10-iyul · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 10 июль · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 июля 2024 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 July 2024 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг

буйруғи

НИЗОМ

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейлар ўқувчиларининг билимини назорат қилиш ва баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 июндаги 347-сон «Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейлар ўқувчиларининг билимини назорат қилиш ва баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ушбу буйруқ Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган.

3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 10 июлдаги 14-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейлар ўқувчиларининг билимини назорат қилиш ва баҳолаш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейлар (бундан буён матнда академик лицейлар деб юритилади) ўқувчиларининг билимини назорат қилиш ва баҳолаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Академик лицей ўқувчилари (бундан буён матнда ўқувчилар деб юритилади) билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг мақсади — ўқувчиларнинг назарий ва амалий билимларини ўзлаштириш даражасини аниқлашдан иборат .

2. Академик лицейда назорат тури саволларини умумлаштириш, ўқувчиларнинг рейтинг кўрсаткичларини шакллантириш ҳамда назорат турлари бўйича натижаларни умумлаштириш Ўқув-методик бўлими томонидан амалга оширилади.

Кафедра мудири ҳар бир фан бўйича ўқув контентларини шакллантириш, назорат тури саволларини тузиш, назорат ишларини текширишга масъул бўлган педагог ходимни белгилайди.

Ўқув семестри давомида ўқувчилар билимини баҳолаш ҳар бир фан бўйича назорат жадваллари ва баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади, шунингдек электрон таълим платформасига киритиб борилади.

3. Ўқувчилар академик лицей ўқитувчилари томонидан ҳар бир фаннинг биринчи машғулотида мазкур Низом талаблари билан тўлиқ таништирилиши шарт.

2-боб. Назорат турлари ва баҳолаш мезонлари

1-§. Назорат турлари

4. Академик лицейда ўқувчилар билимини назорат қилиш жорий, оралиқ ва якуний назорат турларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Ўқув дастурларида белгиланган ҳолларда фақат жорий ва якуний назорат турлари ўтказилиши мумкин.

5. Академик лицейнинг ўқувчиси ҳар бир назорат турини топшириши шарт.

2-§. Жорий назоратни ўтказиш

6. Жорий назорат ўқувчининг фан мавзулари бўйича ўзлаштириш даражасини мунтазам равишда аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади.

Жорий назорат фан мавзуси доирасида ўзлаштирган билимларни оғзаки ва ёзма баён этиш, педагог ходимнинг топшириқлари асосида баҳс-мунозарага киришиш, муаммоли вазиятларни ҳал этиш (кейс-стади), жамоада ишлаш, мустақил ишлар (тақдимотлар) тайёрлаш ва бошқа шаклларда баҳолашга қаратилади.

7. Фаннинг мазмуни ва хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ўқувчининг ҳар бир мавзу бўйича ўзлаштириши баҳолаб борилади.

Жорий назорат семинар ва амалий машғулот шаклларида ўтказилади.

8. Жорий назорат учун ҳар бир фан бўйича жами баллнинг (баҳо фоизининг) 20 фоизигача ажратилади.

3-§. Оралиқ назоратни ўтказиш

9. Оралиқ назорат семестр давомида фан ўқув дастурининг тегишли бўлими тугагандан кейин ўқувчининг билим ва амалий кўникмаларини баҳолаш мақсадида ўтказилади.

Оралиқ назорат ўқувчи томонидан фан ўқув дастурининг тегишли бўлимлари мазмунини ўзлаштириш даражаси, ўқувчининг ҳужжатлар билан ишлаш амалий кўникмалари, муаммоли вазиятларни ҳал этиш (кейс-стади), мустақил изланишлар олиб бориш, ўз фикрларини изчил ва аниқ баён қилиш қобилиятини баҳолашга қаратилган.

10. Оралиқ назорат ҳар бир ўқув фанининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда семестр давомида камида бир маротаба ўтказилади.

Оралиқ назорат оғзаки, ёзма иш (индивидуал ёки жамоавий иш, презентация, таҳлилий маълумот тайёрлаш, муаммоли вазият (казус)лар) ёки тест синовлари шаклида ўтказилади. Оралиқ назорат ахборот-коммуникация технологиялари орқали ҳам топширилиши мумкин.

Оралиқ назорат учун ҳар бир фан бўйича жами баллнинг (баҳо фоизининг) 30 фоизигача ажратилади.

Саволлар ўқувчиларнинг ўқув дастури доирасида ўзлаштирган билимларини ифода этиш, муаммоли вазиятлар бўйича мунозарага киришиш, фан бўйича манбалар асосида ўз позициясини асослаш кўникмалари шаклланганлигини аниқлашга қаратилган бўлиши лозим.

11. Оралиқ назорат натижалари ушбу назорат тури ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида педагог ходим томонидан электрон таълим платформасига киритиш орқали расмийлаштирилади.

12. Ёзма иш ва тест синовлари шаклларида ўтказилган оралиқ назорат аудиторияда мустақил равишда ўқувчи томонидан бажарилади ва педагог ходимга топширилади.

Оралиқ назорат электрон таълим платформаси орқали компьютерда топширилиши мумкин.

4-§. Якуний назоратни ўтказиш

13. Якуний назорат ўқув дастури доирасида ўқувчининг назарий билим ва амалий кўникмаларни тўлиқ ўзлаштирганлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичи ҳисобланади.

Якуний назорат ўқувчининг ўқув дастурида назарда тутилган мавзулар доирасида қисқа вақт мобайнида назарий саволларга ўз фикрини билдириш, муаммоли вазиятларга ечим топиш, тест синовларини топшириш қобилиятини аниқлашга қаратилган.

14. Ўқув режада белгиланган фанлар бўйича якуний назорат семестр якунида ёзма ёки тест шаклларида аудитория кузатувчиси назорати остида ўтказилади. Якуний назорат электрон таълим платформаси орқали компьютерда топширилиши мумкин.

Якуний назорат саволлари назарий саволлар ва муаммоли вазият (казус)лар ёки тест синовларидан ташкил топади. Якуний назорат саволлари тегишли кафедра томонидан ишлаб чиқилади.

15. Кафедра мудири томонидан якуний назорат саволлари сифатли тайёрланиши ва ушбу саволлар якуний назорат ўтказилишидан икки ҳафта олдин Ўқув-методик бўлимига тақдим қилиниши лозим.

Ўқув-методик бўлими саволлар базасидан якуний назорат вариантларини якуний назорат ўтказилишидан бир ҳафта олдин шакллантиради.

16. Якуний назоратни ўтказишда аудитория кузатувчиси сифатида иштирок этадиган педагог ходимлар рўйхати якуний назорат ўтказилишидан уч иш куни олдин академик лицейнинг ижрочи директори томонидан тасдиқланади.

17. Аудитория кузатувчиси якуний назоратни ўтказишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

якуний назорат бошланганидан кейин ўқувчиларни аудиторияга киритмаслик;

якуний назорат ўтказилаётган вақтда ўқувчиларнинг ўрнини алмаштириш.

18. Аудитория кузатувчиси якуний назоратни ўтказишда қуйидагиларга мажбур:

ўқувчиларни якуний назоратни бошлашдан аввал уни ўтказиш тартиби ва давом этиш вақти ҳақида хабардор қилиш;

ўқувчиларга якуний назоратни бошлашдан олдин фойдаланиш тақиқланган барча предметларни кузатувчиларга топширишлари зарурлигини тушунтириш;

ўқувчиларни аудиторияда бир-бирларидан кўчиришлари учун имкон бўлмайдиган ҳолда жойлаштириш;

якуний назорат ўтказилаётган вақт давомида ўқувчилар томонидан тартибга риоя қилинишини таъминлаш;

якуний назоратни ўтказишда мазкур Низомда белгиланган қоидаларни бузган ўқувчиларни далолатнома тузган ҳолда ушбу назорат туридан четлаштириш.

19. Якуний назорат, қоида тариқасида, 1 соат 20 дақиқа (80 дақиқа) мобайнида ўтказилади. Якуний назоратнинг бошланиш ва тугаш вақти аудитория кузатувчиси томонидан аудитория доскасида акс эттирилиши зарур.

Якуний назорат иши ўқувчи томонидан мустақил равишда ёзилиши шарт.

20. Якуний назорат ўтказиш жараёнида ўқувчиларнинг аудиториядан чиқиши, бир-бири билан гаплашиши, бошқа ўқувчиларга ўз ёзма иш варақаларини бериши, ўзи билан дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар, луғатлар, маълумотномалар ва бошқа адабиётлар, конспектлар, электрон ва қоғоз шаклдаги шпаргалкалар, калькуляторлар, алоқа воситалари (шу жумладан уяли алоқа воситаси), аудио-, фото- ва видео-ёзув қурилмалари ва бошқаларни олиб кириши ва улардан фойдаланиши тақиқланади. Шахсий буюмлар аудиториядаги алоҳида столга қўйилиши керак.

21. Якуний назорат учун ажратилган вақт тугаганидан сўнг, ўқувчи ўз назорат ишини аудитория кузатувчисига топширади.

Якуний назорат ишлари сони аудитория кузатувчиси томонидан қайта саналади, назорат иш варақлари унинг имзоси билан тасдиқланади ва якуний назоратда қатнашган ўқувчилар сонига мутаносиб равишда Ўқув-методик бўлимига топширилади.

5-§. Баҳолаш тартиби ва мезонлари

22. Ўқувчининг ҳар бир фан бўйича ўзлаштириш даражаси унинг билим, малака ва кўникмаларини баҳолашнинг рейтинг тизими асосида балларда акс эттирилади.

23. Ўқувчининг семестр мобайнидаги ҳар бир фан бўйича ўзлаштириши 100 баллик тизим асосида бутун сонлар билан баҳоланади.

100 балл назорат турлари бўйича, қуйидагича тақсимланади:

жорий назорат — 20 баллгача;

оралиқ назорат — 30 баллгача;

якуний назорат — 50 баллгача.

ТДЮУ Кенгаши томонидан назорат турлари бўйича баллар миқдори ўзгартирилиши мумкин.

24. Ҳар бир назорат тури умумий максимал баллнинг 100 фоизидан келиб чиққан ҳолда баҳоланади.

Бунда, ўқувчининг фанни ўзлаштириши бўйича барча назорат турлари юзасидан баҳолаш қуйидаги намунавий мезонлар асосида амалга оширилади:

а) 86 — 100 фоиз (5 баҳо) олиш учун ўқувчи:

мустақил ва ижодий фикрлаши, қарор қабул қилиши ҳамда мушоҳада юритиши, фикрларини равон баён этиши, назарий билимини амалда қўллай олиши, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушуниши, билиши, семинар ва амалий машғулотларда ижодий ва фаол қатнашиши ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга бўлиши лозим;

б) 71 — 85 фоиз (4 баҳо) олиш учун ўқувчи:

мустақил фикрлаши, ўз фикрларини баён этиши, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушуниши, билиши, назарий билимини амалда қўллай олиши, семинар ва амалий машғулотларда ижодий ва фаол қатнашиши ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга бўлиши лозим;

в) 56 — 70 фоиз (3 баҳо) олиш учун ўқувчи:

олган билимини амалда қўллай олиши, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушуниши, билиши ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга бўлиши лозим;

г) ўқувчининг билим даражаси 0 — 55 гача баҳоланади, агар:

фан дастурини ўзлаштирмаган бўлса, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушунмаса ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга бўлмаса.

25. Фанлар бўйича семестр учун ўқувчи рейтинги қуйидагича аниқланади:

Р семестр = ЖН+ОН+ЯН

Агар фан икки семестрда давом этса умумий балларининг арифметик ўртачаси олинади.

Ҳар бир фан бўйича умумий рейтинг балли йиллар бўйича тўпланган балларнинг ўртача арифметик қийматидан келиб чиқиб аниқланади.

3-боб. Назорат ишларини текшириш

26. Оралиқ ва якуний назорат ишларини текшириш педагог ходимлар томонидан академик лицей биносининг ички қисмида махсус ажратилган хонада амалга оширилади.

Оралиқ ва якуний назорат ишларини махсус ажратилган хонадан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади. Махсус ажратилган хона ичкарисига академик лицей ижрочи директори, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, Ўқув-методик бўлими бошлиғи ва текширувчи педагог ходимлардан ташқари бошқа шахсларнинг кириши ман қилинади.

Педагог ходим томонидан оралиқ ва якуний назорат ишининг биринчи варағи устига балл қўйилади. Балл аниқ ифодаланган шаклда педагог ходимнинг имзоси билан тасдиқланган ҳолда қўйилиши керак.

Педагог ходим томонидан ҳар бир текширилган назорат ишига тақриз берилади ҳамда унда назорат иши мазмунининг ижобий жиҳатлари ва йўл қўйилган хатоликлар акс эттирилиши лозим.

Назорат ишлари электрон таълим платформаси орқали топширилган тақдирда, педагог ходим томонидан электрон тарзда текширилиши ва тақриз ёзилиб баҳоланиши лозим.

27. Оралиқ ва якуний назорат ишларининг айримлари ТДЮУ томонидан танлаб қайта текширилиши мумкин. Бунда, назорат ишлари ТДЮУ ходимлари томонидан бевосита жойга чиққан ҳолда қайта текширилади ёки назорат ишлари тегишли сўровга кўра ТДЮУга юборилади.

Танланган ишни қайта текшириш натижасида унга қўйилган балл ўзгартирилиши мумкин.

28. Педагог ходим томонидан назорат ишларини текшириш улар якунланган кундан бошлаб уч иш куни ичида амалга оширилади ва шу куннинг ўзида электрон таълим платформасидаги рейтинг қайдномасига киритилади.

Назорат ишларининг натижалари уларни текшириш муддати якунланган кундан бошлаб уч иш куни ичида эълон қилинади.

29. Ўқув-методик бўлими томонидан жорий, оралиқ ва якуний назорат рейтинг қайдномалари асосида жамловчи рейтинг қайдномаси тузилади.

Жамловчи рейтинг қайдномасини Ўқув-методик бўлими бошлиғи ва масъул ходим имзолайди ҳамда директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари тасдиқлайди.

Жорий, оралиқ ва якуний назорат рейтинг қайдномалари ҳамда жамловчи рейтинг қайдномаларининг шакллари академик лицей Кенгаши томонидан тасдиқланган намуна бўйича тузилади.

30. Ўқувчиларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун директор буйруғи билан камида беш нафар мутахассислардан иборат таркибда Апелляция комиссияси ташкил этилади.

Назорат ишларини ўтказишга масъул бўлган шахсларнинг Апелляция комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.

31. Назорат ишларининг натижаларидан норози бўлган ўқувчилар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб беш кун ичида Апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикояти беришлари мумкин.

Бунда, Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган ўқувчини шикоят кўриб чиқилишидан икки кун олдин уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантиради.

32. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб уч кун муддат ичида кўриб чиқади. Бунда, апелляция шикояти билан мурожаат қилган ўқувчи мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

33. Апелляция комиссияси унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

34. Апелляцияни кўриб чиқишда апелляция комиссияси назорат ишларини ҳар томонлама ўрганади. Апелляция комиссияси томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш давомида ўқувчига уни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.

35. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

эътироз асоссиз бўлса, назорат ишларининг натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;

эътироз асосли бўлса, назорат ишларининг натижаларига ўзгартириш киритиш.

Апелляция шикоятини кўришда ўқувчининг назорат ишлари натижасида олган баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.

36. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган ўқувчига ўз қарорини у қабул қилинган куннинг ўзида маълум қилиши керак.

37. Касаллиги ёки бошқа ҳужжат билан тасдиқланган узрли сабаблар туфайли (касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) оралиқ ва (ёки) якуний назорат турларида белгиланган муддатда иштирок этмаган ўқувчига масъул ходим томонидан ушбу ҳолатларга аниқлик киритган ҳолда ва асослантирувчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари томонидан тасдиқланган жадвал асосида назорат турларини қайта топширишга рухсат берилади.

38. Назорат турининг натижалари бўйича ўқувчи 56 балдан кам тўплаган ҳолларда у назорат туридан ўтмаган деб ҳисобланади.

39. Назорат турини топшира олмаган ўқувчига унинг натижаси эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта ичида қайта топшириш учун имконият берилади.

4-боб. Назоратнинг холислигини таъминлаш

40. Назорат турларини ўтказишда баҳоларнинг холислигини таъминлаш мақсадида ўқувчилар томонидан бажарилган ёзма ишлар, тест синовлари электрон таълим платформаси орқали топширилганида автоматик равишда идентификация кодлари бериш йўли билан шифрланади.

41. Ўқув-методик бўлими электрон таълим платформасига ўқув юкламасидан келиб чиқиб, фанлар бўйича оралиқ, якуний назорат ишларини текшириши мумкин бўлган педагог ходимлар рўйхатини киритади.

42. Электрон таълим платформаси томонидан идентификация кодлари бериш йўли билан шифрланган ишлар автоматик равишда тегишли педагог ходимларга текшириш учун юборилади.

43. Ёзма шаклдаги оралиқ, якуний назорат ишларини текширишда иштирок этган педагог ходимлар томонидан ўқув машғулотлари вақтида ўқувчилар учун якуний назорат ишларида кўп учраган хатолар тўғрисида тушунтириш берилади ҳамда мазкур хатолар умумлаштирилиб, ўқувчиларга етказилади.

44. Ўқув-методик бўлими томонидан оралиқ ва якуний назорат натижалари асосида электрон таълим платформасида ўқувчиларнинг фамилияси, исми, отасининг исми идентификация қилинган ҳолда жамловчи электрон рейтинг қайдномаси шакллантирилади.

Жамловчи электрон рейтинг қайдномасида нотўғри қайд қилинган ҳоллар аниқланганда, электрон таълим платформасига ишларни текшириш ва баҳоларни киритишга масъул бўлган педагог ходим жавобгар бўлади.

Агар оралиқ ва якуний назорат ишлари натижаси жамловчи рейтинг қайдномасида нотўғри акс эттирилган бўлса, Ўқув-методик бўлимининг жамловчи рейтинг қайдномасини тузишга масъул бўлган ходими, шунингдек Ўқув-методик бўлими бошлиғи жавобгар бўлади.

45. Оралиқ ва якуний назорат ишлари рейтинг қайдномасида тўғри акс этишини мониторинг қилиш учун академик лицейнинг Кенгаши ўз қарори билан жамловчи рейтинг қайдномасини ҳақиқий балларга мос келишини қайта текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

46. Ўқув-методик бўлими бошлиғи оралиқ ва якуний назорат натижаси бўйича рейтинг қайдномаларини кўриб чиқиб, кўп миқдорда паст ўзлаштириш рейтинг балли ишларни аниқласа, бу ҳақда директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарини хабардор қилади. Бунда, заруриятга кўра директор тегишли буйруқ қабул қилиши ва ташкил этиладиган экспертлар гуруҳи томонидан ёзма ишларни қайта текширтирилишини амалга ошириши мумкин.

47. Экспертлар гуруҳининг хулосаси расмийлаштирилгунга қадар оралиқ ва якуний назорат натижалари якуний эмас деб ҳисобланади ва ўқувчиларга эълон қилиниши мумкин эмас. Хулоса расмийлаштирилгунга қадар натижалар махфийлиги учун Ўқув-методик бўлими жавобгар ҳисобланади.

48. Ўқувчилар назорат турлари бўйича олган баҳоларини ҳамда педагог ходим томонидан ёзилган тақризларни электрон таълим платформаси орқали кузатиб боради.

5-боб. Якуний қоида

49. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига асосан жавоб беради.

Вазир А. ТАШКУЛОВ

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. ШАРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 10 июль,

2024 йил 25 июнь

14-мҳ-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.07.2024 й., 10/24/3527/0496-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining

buyrugʻi

NIZOM

Toshkent davlat yuridik universiteti huzuridagi akademik litseylar oʻquvchilarining bilimini nazorat qilish va baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 2-iyundagi 347-son “Toshkent davlat yuridik universitetida kadrlar tayyorlash tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Toshkent davlat yuridik universiteti huzuridagi akademik litseylar oʻquvchilarining bilimini nazorat qilish va baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Ushbu buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan.

3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2024-yil 10-iyuldagi 14-mh-son buyrugʻiga ILOVA

Toshkent davlat yuridik universiteti huzuridagi akademik litseylar oʻquvchilarining bilimini nazorat qilish va baholash tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom Toshkent davlat yuridik universiteti huzuridagi akademik litseylar (bundan buyon matnda akademik litseylar deb yuritiladi) oʻquvchilarining bilimini nazorat qilish va baholash tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Akademik litsey oʻquvchilari (bundan buyon matnda oʻquvchilar deb yuritiladi) bilimini nazorat qilish va baholashning maqsadi — oʻquvchilarning nazariy va amaliy bilimlarini oʻzlashtirish darajasini aniqlashdan iborat .

2. Akademik litseyda nazorat turi savollarini umumlashtirish, oʻquvchilarning reyting koʻrsatkichlarini shakllantirish hamda nazorat turlari boʻyicha natijalarni umumlashtirish Oʻquv-metodik boʻlimi tomonidan amalga oshiriladi.

Kafedra mudiri har bir fan boʻyicha oʻquv kontentlarini shakllantirish, nazorat turi savollarini tuzish, nazorat ishlarini tekshirishga masʼul boʻlgan pedagog xodimni belgilaydi.

Oʻquv semestri davomida oʻquvchilar bilimini baholash har bir fan boʻyicha nazorat jadvallari va baholash mezonlari asosida amalga oshiriladi, shuningdek elektron taʼlim platformasiga kiritib boriladi.

3. Oʻquvchilar akademik litsey oʻqituvchilari tomonidan har bir fanning birinchi mashgʻulotida mazkur Nizom talablari bilan toʻliq tanishtirilishi shart.

2-bob. Nazorat turlari va baholash mezonlari

1-§. Nazorat turlari

4. Akademik litseyda oʻquvchilar bilimini nazorat qilish joriy, oraliq va yakuniy nazorat turlarini oʻtkazish orqali amalga oshiriladi.

Oʻquv dasturlarida belgilangan hollarda faqat joriy va yakuniy nazorat turlari oʻtkazilishi mumkin.

5. Akademik litseyning oʻquvchisi har bir nazorat turini topshirishi shart.

2-§. Joriy nazoratni oʻtkazish

6. Joriy nazorat oʻquvchining fan mavzulari boʻyicha oʻzlashtirish darajasini muntazam ravishda aniqlash va baholash usuli hisoblanadi.

Joriy nazorat fan mavzusi doirasida oʻzlashtirgan bilimlarni ogʻzaki va yozma bayon etish, pedagog xodimning topshiriqlari asosida bahs-munozaraga kirishish, muammoli vaziyatlarni hal etish (keys-stadi), jamoada ishlash, mustaqil ishlar (taqdimotlar) tayyorlash va boshqa shakllarda baholashga qaratiladi.

7. Fanning mazmuni va xususiyatidan kelib chiqqan holda oʻquvchining har bir mavzu boʻyicha oʻzlashtirishi baholab boriladi.

Joriy nazorat seminar va amaliy mashgʻulot shakllarida oʻtkaziladi.

8. Joriy nazorat uchun har bir fan boʻyicha jami ballning (baho foizining) 20 foizigacha ajratiladi.

3-§. Oraliq nazoratni oʻtkazish

9. Oraliq nazorat semestr davomida fan oʻquv dasturining tegishli boʻlimi tugagandan keyin oʻquvchining bilim va amaliy koʻnikmalarini baholash maqsadida oʻtkaziladi.

Oraliq nazorat oʻquvchi tomonidan fan oʻquv dasturining tegishli boʻlimlari mazmunini oʻzlashtirish darajasi, oʻquvchining hujjatlar bilan ishlash amaliy koʻnikmalari, muammoli vaziyatlarni hal etish (keys-stadi), mustaqil izlanishlar olib borish, oʻz fikrlarini izchil va aniq bayon qilish qobiliyatini baholashga qaratilgan.

10. Oraliq nazorat har bir oʻquv fanining xususiyatidan kelib chiqqan holda semestr davomida kamida bir marotaba oʻtkaziladi.

Oraliq nazorat ogʻzaki, yozma ish (individual yoki jamoaviy ish, prezentatsiya, tahliliy maʼlumot tayyorlash, muammoli vaziyat (kazus)lar) yoki test sinovlari shaklida oʻtkaziladi. Oraliq nazorat axborot-kommunikatsiya texnologiyalari orqali ham topshirilishi mumkin.

Oraliq nazorat uchun har bir fan boʻyicha jami ballning (baho foizining) 30 foizigacha ajratiladi.

Savollar oʻquvchilarning oʻquv dasturi doirasida oʻzlashtirgan bilimlarini ifoda etish, muammoli vaziyatlar boʻyicha munozaraga kirishish, fan boʻyicha manbalar asosida oʻz pozitsiyasini asoslash koʻnikmalari shakllanganligini aniqlashga qaratilgan boʻlishi lozim.

11. Oraliq nazorat natijalari ushbu nazorat turi oʻtkazilgan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida pedagog xodim tomonidan elektron taʼlim platformasiga kiritish orqali rasmiylashtiriladi.

12. Yozma ish va test sinovlari shakllarida oʻtkazilgan oraliq nazorat auditoriyada mustaqil ravishda oʻquvchi tomonidan bajariladi va pedagog xodimga topshiriladi.

Oraliq nazorat elektron taʼlim platformasi orqali kompyuterda topshirilishi mumkin.

4-§. Yakuniy nazoratni oʻtkazish

13. Yakuniy nazorat oʻquv dasturi doirasida oʻquvchining nazariy bilim va amaliy koʻnikmalarni toʻliq oʻzlashtirganlik darajasini baholashning yakuniy bosqichi hisoblanadi.

Yakuniy nazorat oʻquvchining oʻquv dasturida nazarda tutilgan mavzular doirasida qisqa vaqt mobaynida nazariy savollarga oʻz fikrini bildirish, muammoli vaziyatlarga yechim topish, test sinovlarini topshirish qobiliyatini aniqlashga qaratilgan.

14. Oʻquv rejada belgilangan fanlar boʻyicha yakuniy nazorat semestr yakunida yozma yoki test shakllarida auditoriya kuzatuvchisi nazorati ostida oʻtkaziladi. Yakuniy nazorat elektron taʼlim platformasi orqali kompyuterda topshirilishi mumkin.

Yakuniy nazorat savollari nazariy savollar va muammoli vaziyat (kazus)lar yoki test sinovlaridan tashkil topadi. Yakuniy nazorat savollari tegishli kafedra tomonidan ishlab chiqiladi.

15. Kafedra mudiri tomonidan yakuniy nazorat savollari sifatli tayyorlanishi va ushbu savollar yakuniy nazorat oʻtkazilishidan ikki hafta oldin Oʻquv-metodik boʻlimiga taqdim qilinishi lozim.

Oʻquv-metodik boʻlimi savollar bazasidan yakuniy nazorat variantlarini yakuniy nazorat oʻtkazilishidan bir hafta oldin shakllantiradi.

16. Yakuniy nazoratni oʻtkazishda auditoriya kuzatuvchisi sifatida ishtirok etadigan pedagog xodimlar roʻyxati yakuniy nazorat oʻtkazilishidan uch ish kuni oldin akademik litseyning ijrochi direktori tomonidan tasdiqlanadi.

17. Auditoriya kuzatuvchisi yakuniy nazoratni oʻtkazishda quyidagi huquqlarga ega:

yakuniy nazorat boshlanganidan keyin oʻquvchilarni auditoriyaga kiritmaslik;

yakuniy nazorat oʻtkazilayotgan vaqtda oʻquvchilarning oʻrnini almashtirish.

18. Auditoriya kuzatuvchisi yakuniy nazoratni oʻtkazishda quyidagilarga majbur:

oʻquvchilarni yakuniy nazoratni boshlashdan avval uni oʻtkazish tartibi va davom etish vaqti haqida xabardor qilish;

oʻquvchilarga yakuniy nazoratni boshlashdan oldin foydalanish taqiqlangan barcha predmetlarni kuzatuvchilarga topshirishlari zarurligini tushuntirish;

oʻquvchilarni auditoriyada bir-birlaridan koʻchirishlari uchun imkon boʻlmaydigan holda joylashtirish;

yakuniy nazorat oʻtkazilayotgan vaqt davomida oʻquvchilar tomonidan tartibga rioya qilinishini taʼminlash;

yakuniy nazoratni oʻtkazishda mazkur Nizomda belgilangan qoidalarni buzgan oʻquvchilarni dalolatnoma tuzgan holda ushbu nazorat turidan chetlashtirish.

19. Yakuniy nazorat, qoida tariqasida, 1 soat 20 daqiqa (80 daqiqa) mobaynida oʻtkaziladi. Yakuniy nazoratning boshlanish va tugash vaqti auditoriya kuzatuvchisi tomonidan auditoriya doskasida aks ettirilishi zarur.

Yakuniy nazorat ishi oʻquvchi tomonidan mustaqil ravishda yozilishi shart.

20. Yakuniy nazorat oʻtkazish jarayonida oʻquvchilarning auditoriyadan chiqishi, bir-biri bilan gaplashishi, boshqa oʻquvchilarga oʻz yozma ish varaqalarini berishi, oʻzi bilan darsliklar, oʻquv-uslubiy qoʻllanmalar, lugʻatlar, maʼlumotnomalar va boshqa adabiyotlar, konspektlar, elektron va qogʻoz shakldagi shpargalkalar, kalkulyatorlar, aloqa vositalari (shu jumladan uyali aloqa vositasi), audio-, foto- va video-yozuv qurilmalari va boshqalarni olib kirishi va ulardan foydalanishi taqiqlanadi. Shaxsiy buyumlar auditoriyadagi alohida stolga qoʻyilishi kerak.

21. Yakuniy nazorat uchun ajratilgan vaqt tugaganidan soʻng, oʻquvchi oʻz nazorat ishini auditoriya kuzatuvchisiga topshiradi.

Yakuniy nazorat ishlari soni auditoriya kuzatuvchisi tomonidan qayta sanaladi, nazorat ish varaqlari uning imzosi bilan tasdiqlanadi va yakuniy nazoratda qatnashgan oʻquvchilar soniga mutanosib ravishda Oʻquv-metodik boʻlimiga topshiriladi.

5-§. Baholash tartibi va mezonlari

22. Oʻquvchining har bir fan boʻyicha oʻzlashtirish darajasi uning bilim, malaka va koʻnikmalarini baholashning reyting tizimi asosida ballarda aks ettiriladi.

23. Oʻquvchining semestr mobaynidagi har bir fan boʻyicha oʻzlashtirishi 100 ballik tizim asosida butun sonlar bilan baholanadi.

100 ball nazorat turlari boʻyicha, quyidagicha taqsimlanadi:

joriy nazorat — 20 ballgacha;

oraliq nazorat — 30 ballgacha;

yakuniy nazorat — 50 ballgacha.

TDYU Kengashi tomonidan nazorat turlari boʻyicha ballar miqdori oʻzgartirilishi mumkin.

24. Har bir nazorat turi umumiy maksimal ballning 100 foizidan kelib chiqqan holda baholanadi.

Bunda, oʻquvchining fanni oʻzlashtirishi boʻyicha barcha nazorat turlari yuzasidan baholash quyidagi namunaviy mezonlar asosida amalga oshiriladi:

a) 86 — 100 foiz (5 baho) olish uchun oʻquvchi:

mustaqil va ijodiy fikrlashi, qaror qabul qilishi hamda mushohada yuritishi, fikrlarini ravon bayon etishi, nazariy bilimini amalda qoʻllay olishi, fanning (mavzuning) mohiyatini tushunishi, bilishi, seminar va amaliy mashgʻulotlarda ijodiy va faol qatnashishi hamda fan (mavzu) boʻyicha tasavvurga ega boʻlishi lozim;

b) 71 — 85 foiz (4 baho) olish uchun oʻquvchi:

mustaqil fikrlashi, oʻz fikrlarini bayon etishi, fanning (mavzuning) mohiyatini tushunishi, bilishi, nazariy bilimini amalda qoʻllay olishi, seminar va amaliy mashgʻulotlarda ijodiy va faol qatnashishi hamda fan (mavzu) boʻyicha tasavvurga ega boʻlishi lozim;

v) 56 — 70 foiz (3 baho) olish uchun oʻquvchi:

olgan bilimini amalda qoʻllay olishi, fanning (mavzuning) mohiyatini tushunishi, bilishi hamda fan (mavzu) boʻyicha tasavvurga ega boʻlishi lozim;

g) oʻquvchining bilim darajasi 0 — 55 gacha baholanadi, agar:

fan dasturini oʻzlashtirmagan boʻlsa, fanning (mavzuning) mohiyatini tushunmasa hamda fan (mavzu) boʻyicha tasavvurga ega boʻlmasa.

25. Fanlar boʻyicha semestr uchun oʻquvchi reytingi quyidagicha aniqlanadi:

R semestr = JN+ON+YAN

Agar fan ikki semestrda davom etsa umumiy ballarining arifmetik oʻrtachasi olinadi.

Har bir fan boʻyicha umumiy reyting balli yillar boʻyicha toʻplangan ballarning oʻrtacha arifmetik qiymatidan kelib chiqib aniqlanadi.

3-bob. Nazorat ishlarini tekshirish

26. Oraliq va yakuniy nazorat ishlarini tekshirish pedagog xodimlar tomonidan akademik litsey binosining ichki qismida maxsus ajratilgan xonada amalga oshiriladi.

Oraliq va yakuniy nazorat ishlarini maxsus ajratilgan xonadan tashqariga olib chiqish taqiqlanadi. Maxsus ajratilgan xona ichkarisiga akademik litsey ijrochi direktori, direktorning oʻquv ishlari boʻyicha oʻrinbosari, Oʻquv-metodik boʻlimi boshligʻi va tekshiruvchi pedagog xodimlardan tashqari boshqa shaxslarning kirishi man qilinadi.

Pedagog xodim tomonidan oraliq va yakuniy nazorat ishining birinchi varagʻi ustiga ball qoʻyiladi. Ball aniq ifodalangan shaklda pedagog xodimning imzosi bilan tasdiqlangan holda qoʻyilishi kerak.

Pedagog xodim tomonidan har bir tekshirilgan nazorat ishiga taqriz beriladi hamda unda nazorat ishi mazmunining ijobiy jihatlari va yoʻl qoʻyilgan xatoliklar aks ettirilishi lozim.

Nazorat ishlari elektron taʼlim platformasi orqali topshirilgan taqdirda, pedagog xodim tomonidan elektron tarzda tekshirilishi va taqriz yozilib baholanishi lozim.

27. Oraliq va yakuniy nazorat ishlarining ayrimlari TDYU tomonidan tanlab qayta tekshirilishi mumkin. Bunda, nazorat ishlari TDYU xodimlari tomonidan bevosita joyga chiqqan holda qayta tekshiriladi yoki nazorat ishlari tegishli soʻrovga koʻra TDYUga yuboriladi.

Tanlangan ishni qayta tekshirish natijasida unga qoʻyilgan ball oʻzgartirilishi mumkin.

28. Pedagog xodim tomonidan nazorat ishlarini tekshirish ular yakunlangan kundan boshlab uch ish kuni ichida amalga oshiriladi va shu kunning oʻzida elektron taʼlim platformasidagi reyting qaydnomasiga kiritiladi.

Nazorat ishlarining natijalari ularni tekshirish muddati yakunlangan kundan boshlab uch ish kuni ichida eʼlon qilinadi.

29. Oʻquv-metodik boʻlimi tomonidan joriy, oraliq va yakuniy nazorat reyting qaydnomalari asosida jamlovchi reyting qaydnomasi tuziladi.

Jamlovchi reyting qaydnomasini Oʻquv-metodik boʻlimi boshligʻi va masʼul xodim imzolaydi hamda direktorning oʻquv ishlari boʻyicha oʻrinbosari tasdiqlaydi.

Joriy, oraliq va yakuniy nazorat reyting qaydnomalari hamda jamlovchi reyting qaydnomalarining shakllari akademik litsey Kengashi tomonidan tasdiqlangan namuna boʻyicha tuziladi.

30. Oʻquvchilarning apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun direktor buyrugʻi bilan kamida besh nafar mutaxassislardan iborat tarkibda Apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.

Nazorat ishlarini oʻtkazishga masʼul boʻlgan shaxslarning Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

31. Nazorat ishlarining natijalaridan norozi boʻlgan oʻquvchilar natijalar eʼlon qilingan kundan boshlab besh kun ichida Apellyatsiya komissiyasiga yozma yoki elektron shaklda apellyatsiya shikoyati berishlari mumkin.

Bunda, Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan oʻquvchini shikoyat koʻrib chiqilishidan ikki kun oldin uni koʻrib chiqish vaqti va joyi haqida ogohlantiradi.

32. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyatini, u kelib tushgan kundan boshlab uch kun muddat ichida koʻrib chiqadi. Bunda, apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan oʻquvchi mazkur shikoyatni koʻrib chiqishda ishtirok etish huquqiga ega.

33. Apellyatsiya komissiyasi unda aʼzolarning kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi. Apellyatsiya komissiyasining qarori oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi va majlisda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan tasdiqlanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.

34. Apellyatsiyani koʻrib chiqishda apellyatsiya komissiyasi nazorat ishlarini har tomonlama oʻrganadi. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish davomida oʻquvchiga uni qayta baholashga qaratilgan savollar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

35. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Apellyatsiya komissiyasi tomonidan quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:

eʼtiroz asossiz boʻlsa, nazorat ishlarining natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish;

eʼtiroz asosli boʻlsa, nazorat ishlarining natijalariga oʻzgartirish kiritish.

Apellyatsiya shikoyatini koʻrishda oʻquvchining nazorat ishlari natijasida olgan ballini pasaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

36. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan oʻquvchiga oʻz qarorini u qabul qilingan kunning oʻzida maʼlum qilishi kerak.

37. Kasalligi yoki boshqa hujjat bilan tasdiqlangan uzrli sabablar tufayli (kasalligi, yaqin qarindoshlarining vafoti, Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida boʻlishi sababli) oraliq va (yoki) yakuniy nazorat turlarida belgilangan muddatda ishtirok etmagan oʻquvchiga masʼul xodim tomonidan ushbu holatlarga aniqlik kiritgan holda va asoslantiruvchi hujjatlar mavjud boʻlganda direktorning oʻquv ishlari boʻyicha oʻrinbosari tomonidan tasdiqlangan jadval asosida nazorat turlarini qayta topshirishga ruxsat beriladi.

38. Nazorat turining natijalari boʻyicha oʻquvchi 56 baldan kam toʻplagan hollarda u nazorat turidan oʻtmagan deb hisoblanadi.

39. Nazorat turini topshira olmagan oʻquvchiga uning natijasi eʼlon qilingan kundan boshlab bir hafta ichida qayta topshirish uchun imkoniyat beriladi.

4-bob. Nazoratning xolisligini taʼminlash

40. Nazorat turlarini oʻtkazishda baholarning xolisligini taʼminlash maqsadida oʻquvchilar tomonidan bajarilgan yozma ishlar, test sinovlari elektron taʼlim platformasi orqali topshirilganida avtomatik ravishda identifikatsiya kodlari berish yoʻli bilan shifrlanadi.

41. Oʻquv-metodik boʻlimi elektron taʼlim platformasiga oʻquv yuklamasidan kelib chiqib, fanlar boʻyicha oraliq, yakuniy nazorat ishlarini tekshirishi mumkin boʻlgan pedagog xodimlar roʻyxatini kiritadi.

42. Elektron taʼlim platformasi tomonidan identifikatsiya kodlari berish yoʻli bilan shifrlangan ishlar avtomatik ravishda tegishli pedagog xodimlarga tekshirish uchun yuboriladi.

43. Yozma shakldagi oraliq, yakuniy nazorat ishlarini tekshirishda ishtirok etgan pedagog xodimlar tomonidan oʻquv mashgʻulotlari vaqtida oʻquvchilar uchun yakuniy nazorat ishlarida koʻp uchragan xatolar toʻgʻrisida tushuntirish beriladi hamda mazkur xatolar umumlashtirilib, oʻquvchilarga yetkaziladi.

44. Oʻquv-metodik boʻlimi tomonidan oraliq va yakuniy nazorat natijalari asosida elektron taʼlim platformasida oʻquvchilarning familiyasi, ismi, otasining ismi identifikatsiya qilingan holda jamlovchi elektron reyting qaydnomasi shakllantiriladi.

Jamlovchi elektron reyting qaydnomasida notoʻgʻri qayd qilingan hollar aniqlanganda, elektron taʼlim platformasiga ishlarni tekshirish va baholarni kiritishga masʼul boʻlgan pedagog xodim javobgar boʻladi.

Agar oraliq va yakuniy nazorat ishlari natijasi jamlovchi reyting qaydnomasida notoʻgʻri aks ettirilgan boʻlsa, Oʻquv-metodik boʻlimining jamlovchi reyting qaydnomasini tuzishga masʼul boʻlgan xodimi, shuningdek Oʻquv-metodik boʻlimi boshligʻi javobgar boʻladi.

45. Oraliq va yakuniy nazorat ishlari reyting qaydnomasida toʻgʻri aks etishini monitoring qilish uchun akademik litseyning Kengashi oʻz qarori bilan jamlovchi reyting qaydnomasini haqiqiy ballarga mos kelishini qayta tekshirish tashabbusi bilan chiqishi mumkin.

46. Oʻquv-metodik boʻlimi boshligʻi oraliq va yakuniy nazorat natijasi boʻyicha reyting qaydnomalarini koʻrib chiqib, koʻp miqdorda past oʻzlashtirish reyting balli ishlarni aniqlasa, bu haqda direktorning oʻquv ishlari boʻyicha oʻrinbosarini xabardor qiladi. Bunda, zaruriyatga koʻra direktor tegishli buyruq qabul qilishi va tashkil etiladigan ekspertlar guruhi tomonidan yozma ishlarni qayta tekshirtirilishini amalga oshirishi mumkin.

47. Ekspertlar guruhining xulosasi rasmiylashtirilgunga qadar oraliq va yakuniy nazorat natijalari yakuniy emas deb hisoblanadi va oʻquvchilarga eʼlon qilinishi mumkin emas. Xulosa rasmiylashtirilgunga qadar natijalar maxfiyligi uchun Oʻquv-metodik boʻlimi javobgar hisoblanadi.

48. Oʻquvchilar nazorat turlari boʻyicha olgan baholarini hamda pedagog xodim tomonidan yozilgan taqrizlarni elektron taʼlim platformasi orqali kuzatib boradi.

5-bob. Yakuniy qoida

49. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga asosan javob beradi.

Vazir A. TASHKULOV

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K. SHARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 10-iyul,

2024-yil 25-iyun

14-mh-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.07.2024-y., 10/24/3527/0496-son)

lex.uz