📅 2024-yil 10-iyul · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 10-iyul · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 10 июль · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 10 июля 2024 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 10 July 2024 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейларда якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 июндаги 347-сон «Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейларда якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу буйруқ Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 10 июлдаги 15-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА
Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейларда якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом Тошкент давлат юридик университети (бундан буён матнда ТДЮУ деб юритилади) ҳузуридаги академик лицейларда (бундан буён матнда академик лицейлар деб юритилади) якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
якуний давлат аттестацияси — ўқувчиларнинг билим, малака ва улардан фойдаланиш кўникмаси даражасини давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигини комплекс баҳолаш орқали ўқувчиларга академик лицейни тугатганлиги тўғрисида дипломни бериш масаласини ҳал этувчи таълим сифатини назорат қилишнинг тури;
якуний давлат аттестацияси комиссияси (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) — тегишли мутахассисликлар бўйича ташкил этиладиган якуний давлат аттестациясини ўтказиш учун академик лицей ходимлари, ТДЮУ, «юриспруденция» таълим йўналиши (заруратга кўра турдош таълим йўналиши) мавжуд бошқа олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда ҳудудий адлия органлари вакилларидан иборат комиссия;
якуний давлат аттестация синовлари (бундан буён матнда аттестация синовлари деб юритилади) — академик лицей ўқув режасидаги тегишли фанлар мажмуи.
2. Қуйидагилар якуний давлат аттестациясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
ўқувчиларнинг тегишли фанлар бўйича билим ва улардан фойдаланиш кўникмаси даражасини давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигини комплекс баҳолаш;
аттестация синовлари якуни бўйича академик лицейни тугатганлиги тўғрисида ўқувчига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (диплом) бериш масаласини ҳал этиш .
2-боб. Комиссияни шакллантириш тартиби
3. Комиссия аъзолари таркиби камида 7 кишидан иборат бўлиб, унинг учдан икки қисми қатнашган тақдирда комиссия ваколатли ҳисобланади.
Аттестация синовларини топширишга тавсия этилган ҳар бир фан бўйича алоҳида комиссия тузилиши мумкин.
Комиссия аъзолари таркибининг камида ўттиз фоизини олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари ташкил этиши лозим.
Академик лицей директори (бундан буён матнда директор деб юритилади) комиссия таркибини шакллантириш жараёнида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт .
4. Комиссия раиси якуний давлат аттестация бошланишидан камида бир ой олдин ТДЮУ ректорининг, комиссия аъзолари эса директор буйруғи билан тайинланади.
5. Комиссия раиси академик лицейда ишламайдиган мутахассис бўлиши лозим. Бир шахс кетма-кет академик лицейда икки мартадан ортиқ комиссия раиси бўлиши мумкин эмас.
Комиссия аъзоси академик лицей ўқувчиларига ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-она, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотин, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари), башарти улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўлишига боғлиқ бўлса, шунингдек манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, якуний давлат аттестациясида иштирок этишига йўл қўйилмайди .
6. Комиссия ўз фаолиятини мазкур Низом ва ўқувчиларнинг тайёргарлик даражаси ҳамда таълим мазмунига қўйилган давлат таълим стандартлари талабларини бажаришга йўналтирилган бошқа қонунчилик ҳужжатларига таянган ҳолда олиб боради.
7. Якуний давлат аттестациясида фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ва ота-оналар вакиллари жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин.
8. Комиссия ҳар йили якуний давлат аттестациясини ўтказиш давридан бошлаб кейинги ўқув йили бошлангунга қадар фаолият кўрсатади.
9. Директор ва директор ўринбосарлари якуний давлат аттестациясини ўз вақтида ва сифатли ўтказишга ҳамда комиссиянинг ишлаши учун зарур шароитларни яратишга масъул ҳисобланади.
3-боб. Якуний давлат аттестациясини ташкил этиш
10. Якуний давлат аттестациясига тегишли ўқув режалари ва ўқув дастурларини тўлиқ тугатган ва ўқув режасида назарда тутилган барча синовлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар қўйилади.
11. Аттестация синовларини топширишга тавсия этиладиган фанлар рўйхати ва ўтказиш шакллари ТДЮУ Кенгаши томонидан белгиланади.
12. Аттестация синовларининг таркибий қисмлари ва уларни ўтказиш муддатлари ўқув режада белгиланади.
13. Якуний давлат аттестациясини ўтказиш жадвали директор томонидан якуний давлат аттестацияси бошланишидан камида ўттиз кун олдин тасдиқланади.
14. Аттестация синовларининг намунавий савол ва топшириқлари мазмуни, ҳажми ва мураккаблик даражаси тегишли фаннинг давлат таълим стандартига мувофиқ ўқув дастурида назарда тутилган материалларни ўқувчи томонидан ўзлаштирилганлик даражасини аниқлашга йўналтирилган бўлиши шарт.
15. Аттестация синовларини ўтказиш шакли тўғрисидаги маълумот якуний давлат аттестацияси бошланишидан 6 ой олдин ўқувчилар эътиборига етказилади.
Чет тили (инглиз тили) фани бўйича камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга ҳамда умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат эга бўлган ўқувчилар аттестация синовларини топширишда тегишли фандан озод этилади ва уларга мазкур фан бўйича максимал балл берилади.
16. Аттестация синовларининг саволлари ўқув дастурлар мазмунини тўлиқ қамраб олган ҳолда академик лицейнинг ўқитувчилари томонидан шакллантирилади. Саволлар аттестация синовларидан 6 ой олдин экспертизадан ўтказиш учун ТДЮУга тақдим этилади. ТДЮУ томонидан саволлар улар тақдим этилган кундан эътиборан 20 иш куни давомида экспертизадан ўтказилади ва тегишли экспертиза хулосалари академик лицейга юборилади.
17. Аттестация синовларининг саволлари ўқув дастурлари доирасида тузилиши ҳамда аттестация синовлари бошланишидан камида 1 ой олдин ўқувчиларнинг эътиборига етказилиши лозим.
18. Директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ўқувчилар сонидан келиб чиқиб аттестация синовларининг саволлари вариантларини тузади ва уларнинг ошкор этилмаслигини таъминлайди.
19. Аттестация синовларини ўтказиш жараёни видеотасвирга олиш орқали амалга оширилади. Аттестация синовларининг юқори даражада очиқлик ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ушбу жараён видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан реал вақт режимида (онлайн) кузатиб бориш имкони яратилади.
20. Аттестация синовларига мобил алоқа воситаси, компьютер ёки бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоблар, луғат, шпаргалкалар ва бошқа материаллар олиб кирган, аттестация синовлари жараёнида улардан фойдаланган ўқувчилар аттестация синовлари ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади.
Белгиланган тартибни бузган ўқувчилар аттестация синовларидан четлаштирилади ҳамда комиссия аъзолари томонидан якуний давлат аттестациясидан четлаштириш бўйича ушбу Низомга иловада кўрсатилган шаклда далолатнома расмийлаштирилади.
21. Аттестация синовлари натижалари баллар қўйиш йўли билан 100 баллик тизимда баҳоланади.
Комиссия томонидан аттестация синовлари натижаларига кўра топшириқларнинг 86 — 100 фоизи тўғри бажарилган бўлса «аъло», 71 — 85 фоизи тўғри бажарилса «яхши», 56 — 70 фоизи тўғри бажарилса «қониқарли» баҳоланади.
Аттестация синовлари натижалари бўйича ўқувчи 55 ва ундан кам балл тўплаган ҳолларда «қониқарсиз» баҳоланган деб ҳисобланади.
22. Комиссиянинг қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан, йиғилишда иштирок этувчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолда, Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
23. Аттестация синовлари натижалари шу куннинг ўзида эълон қилинади ва комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланадиган, Комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган йиғилиш баённомасида қайд этилади.
24. Ўқувчи аттестация синовларининг барчасидан муваффақиятли ўтгандан сўнг унга академик лицейни тугатганлиги тўғрисида давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (диплом) берилади .
Ўқув дастурларини ўзлаштиришда ўқув режасидаги барча фанларнинг камида 4/5 қисми бўйича 86 балл ва ундан юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган (бошқа фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи 71 баллдан кам бўлмаган), шунингдек аттестация синовларининг ҳар бири бўйича камида 86 балл ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган ўқувчиларга аъло даражали диплом берилади .
25. Аттестация синовларининг биридан «қониқарсиз» баҳоланган ёки узрли сабабларга (касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) кўра аттестация синовларида иштирок этмаган ўқувчи бошқа аттестация синовларини топшириш ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.
26. Узрли сабабларга кўра аттестация синовларида қатнаша олмаган ўқувчилар директор буйруғи билан комиссия иши якунланишига қадар бошқа муддатларда ўтказиладиган аттестация синовларига киритилади.
27. Академик лицейнинг давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқув дастурини бажарган, бироқ якуний давлат аттестациясида иштирок этмаган ёки унда «қониқарсиз» баҳоланган ўқувчилар ўқиш муддати тугагандан сўнг, 3 йил ичида аризасига мувофиқ тегишли синовни қайта топшириш ҳуқуқига эга.
Бунда, директор шахсни якуний давлат аттестациясини қайта топширишга қўйиш ҳақида буйруқ чиқаради.
Муддатли ҳарбий хизматда бўлган вақт, 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун бериладиган таътил вақти мазкур уч йиллик муддатга кирмайди.
28. Аттестация синовларини қайта топшириш муддатида аттестация синовларидан 3 йил ичида ҳам ўта олмаган ёки аттестация синовларини қайта топшириш учун мурожаат қилмаган шахс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомга мувофиқ давлат таълим стандартлари доирасида умумий ўрта таълим дастурларини мустақил ўзлаштирган ҳолда экстернат тартибида якуний давлат аттестациясини топшириш ҳуқуқига эга бўлади.
Якуний давлат аттестациясини экстернат тартибида муваффақиятли топширган ўқувчиларга ўрта таълим тўғрисидаги давлат намунасидаги шаҳодатнома берилади.
4-боб. Аттестация синовлари натижаларини апелляция тартибида кўриб чиқиш
29. Ўқувчиларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун директор буйруғи билан камида беш нафар мутахассисларидан иборат таркибда Апелляция комиссияси ташкил этилади.
Аттестация синовларини ўтказишга масъул бўлган шахсларнинг Апелляция комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.
30. Аттестация синовларининг натижасидан норози бўлган ўқувчилар аттестация натижалари эълон қилинган кундан бошлаб беш кун ичида Апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикояти беришлари мумкин.
Бунда, Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган ўқувчини шикоят кўриб чиқилишидан 2 кун олдин уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантиради.
31. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб 3 кун муддат ичида кўриб чиқади. Бунда, апелляция шикояти билан мурожаат қилган ўқувчи мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
32. Апелляция комиссияси унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
33. Апелляция комиссияси аттестация синовлари жараёнида ўқувчининг берган жавобларини улар акс этган видеотасвирларни кўриш орқали текширувдан ўтказади. Апелляция комиссияси томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш давомида ўқувчига уни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.
34. Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
аттестация синовларининг натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;
аттестация синовларининг натижаларига ўзгартириш киритиш.
Апелляция шикоятини кўришда ўқувчининг аттестация синовлари натижасида олган баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.
35. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган ўқувчига ўз қарорини у қабул қилинган куннинг ўзида маълум қилиши керак.
36. Апелляция комиссиясининг аттестация натижаларига ўзгартириш киритиш ва ўқувчини аттестация синовларини муваффақиятли топширган деб топиш тўғрисидаги қарори асосида ўқувчига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (диплом) берилади.
37. Апелляция комиссияси қарори устидан ўқувчи юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
5-боб. Якуний қоида
38. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейларда якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Якуний давлат аттестациясидан четлаштириш ҳақидаги ДАЛОЛАТНОМА ______________ш. «___» _________20___ йил Биз, қуйида имзо чекувчилар шуни тасдиқлаймизки, ўқувчи ________________________________________________ ______________________________________________________ __________________________________ (Ф.И.О.) қуйидаги сабабларга кўра якуний давлат аттестациясидан четлаштирилди: тақиқланган воситалардан (уяли телефон, компьютер ҳамда бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, луғат, китоб, шпаргалка) фойдаланган; тақиқланган воситаларни (уяли телефон, компьютер ҳамда бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, луғат, китоб, шпаргалка) олиб кирган. _______________________________________________________________________________________________________________ ___________ ______________ (низомда кўзда тутилган бошқа ҳолатлар Ўқувчи томонидан ______________________________________________________ талаблари бузилган. 1. Комиссия раиси ___________________________ __________________ (Ф.И.О.) (имзо) 2. Комиссия аъзоси ___________________________ __________________ (Ф.И.О.) (имзо) 3. Комиссия аъзоси ___________________________ __________________ (Ф.И.О.) (имзо)
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. ШАРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 10 июль,
2024 йил 25 июнь
15-мҳ-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining
buyrugʻi
NIZOM
Toshkent davlat yuridik universiteti huzuridagi akademik litseylarda yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 2-iyundagi 347-son “Toshkent davlat yuridik universitetida kadrlar tayyorlash tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:
1. Toshkent davlat yuridik universiteti huzuridagi akademik litseylarda yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Ushbu buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan.
3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2024-yil 10-iyuldagi 15-mh-son buyrugʻiga ILOVA
Toshkent davlat yuridik universiteti huzuridagi akademik litseylarda yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom Toshkent davlat yuridik universiteti (bundan buyon matnda TDYU deb yuritiladi) huzuridagi akademik litseylarda (bundan buyon matnda akademik litseylar deb yuritiladi) yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
yakuniy davlat attestatsiyasi — oʻquvchilarning bilim, malaka va ulardan foydalanish koʻnikmasi darajasini davlat taʼlim standartlari talablariga muvofiqligini kompleks baholash orqali oʻquvchilarga akademik litseyni tugatganligi toʻgʻrisida diplomni berish masalasini hal etuvchi taʼlim sifatini nazorat qilishning turi;
yakuniy davlat attestatsiyasi komissiyasi (bundan buyon matnda komissiya deb yuritiladi) — tegishli mutaxassisliklar boʻyicha tashkil etiladigan yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish uchun akademik litsey xodimlari, TDYU, “yurisprudensiya” taʼlim yoʻnalishi (zaruratga koʻra turdosh taʼlim yoʻnalishi) mavjud boshqa oliy taʼlim tashkilotlarining professor-oʻqituvchilari hamda hududiy adliya organlari vakillaridan iborat komissiya;
yakuniy davlat attestatsiya sinovlari (bundan buyon matnda attestatsiya sinovlari deb yuritiladi) — akademik litsey oʻquv rejasidagi tegishli fanlar majmui.
2. Quyidagilar yakuniy davlat attestatsiyasining asosiy vazifalari hisoblanadi:
oʻquvchilarning tegishli fanlar boʻyicha bilim va ulardan foydalanish koʻnikmasi darajasini davlat taʼlim standartlari talablariga muvofiqligini kompleks baholash;
attestatsiya sinovlari yakuni boʻyicha akademik litseyni tugatganligi toʻgʻrisida oʻquvchiga davlat tomonidan tasdiqlangan namunadagi taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat (diplom) berish masalasini hal etish .
2-bob. Komissiyani shakllantirish tartibi
3. Komissiya aʼzolari tarkibi kamida 7 kishidan iborat boʻlib, uning uchdan ikki qismi qatnashgan taqdirda komissiya vakolatli hisoblanadi.
Attestatsiya sinovlarini topshirishga tavsiya etilgan har bir fan boʻyicha alohida komissiya tuzilishi mumkin.
Komissiya aʼzolari tarkibining kamida oʻttiz foizini oliy taʼlim tashkilotlarining professor-oʻqituvchilari tashkil etishi lozim.
Akademik litsey direktori (bundan buyon matnda direktor deb yuritiladi) komissiya tarkibini shakllantirish jarayonida manfaatlar toʻqnashuvini oldini olish yoki uni bartaraf etish yuzasidan oʻz vaqtida choralar koʻrishi shart .
4. Komissiya raisi yakuniy davlat attestatsiya boshlanishidan kamida bir oy oldin TDYU rektorining, komissiya aʼzolari esa direktor buyrugʻi bilan tayinlanadi.
5. Komissiya raisi akademik litseyda ishlamaydigan mutaxassis boʻlishi lozim. Bir shaxs ketma-ket akademik litseyda ikki martadan ortiq komissiya raisi boʻlishi mumkin emas.
Komissiya aʼzosi akademik litsey oʻquvchilariga oʻzaro yaqin qarindosh yoki quda-anda boʻlgan shaxslarning (ota-ona, aka-ukalar, opa-singillar, oʻgʻillar, qizlar, er-xotin, shuningdek er-xotinning ota-onasi, aka-ukalari, opa-singillari va farzandlari), basharti ulardan birining ikkinchisiga bevosita boʻysunishiga yoki uning nazorati ostida boʻlishiga bogʻliq boʻlsa, shuningdek manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelgan taqdirda, yakuniy davlat attestatsiyasida ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi .
6. Komissiya oʻz faoliyatini mazkur Nizom va oʻquvchilarning tayyorgarlik darajasi hamda taʼlim mazmuniga qoʻyilgan davlat taʼlim standartlari talablarini bajarishga yoʻnaltirilgan boshqa qonunchilik hujjatlariga tayangan holda olib boradi.
7. Yakuniy davlat attestatsiyasida fuqarolarni oʻzini-oʻzi boshqarish organlari va ota-onalar vakillari jamoatchilik asosida kuzatuvchi sifatida qatnashishi mumkin.
8. Komissiya har yili yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish davridan boshlab keyingi oʻquv yili boshlangunga qadar faoliyat koʻrsatadi.
9. Direktor va direktor oʻrinbosarlari yakuniy davlat attestatsiyasini oʻz vaqtida va sifatli oʻtkazishga hamda komissiyaning ishlashi uchun zarur sharoitlarni yaratishga masʼul hisoblanadi.
3-bob. Yakuniy davlat attestatsiyasini tashkil etish
10. Yakuniy davlat attestatsiyasiga tegishli oʻquv rejalari va oʻquv dasturlarini toʻliq tugatgan va oʻquv rejasida nazarda tutilgan barcha sinovlardan muvaffaqiyatli oʻtgan oʻquvchilar qoʻyiladi.
11. Attestatsiya sinovlarini topshirishga tavsiya etiladigan fanlar roʻyxati va oʻtkazish shakllari TDYU Kengashi tomonidan belgilanadi.
12. Attestatsiya sinovlarining tarkibiy qismlari va ularni oʻtkazish muddatlari oʻquv rejada belgilanadi.
13. Yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish jadvali direktor tomonidan yakuniy davlat attestatsiyasi boshlanishidan kamida oʻttiz kun oldin tasdiqlanadi.
14. Attestatsiya sinovlarining namunaviy savol va topshiriqlari mazmuni, hajmi va murakkablik darajasi tegishli fanning davlat taʼlim standartiga muvofiq oʻquv dasturida nazarda tutilgan materiallarni oʻquvchi tomonidan oʻzlashtirilganlik darajasini aniqlashga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart.
15. Attestatsiya sinovlarini oʻtkazish shakli toʻgʻrisidagi maʼlumot yakuniy davlat attestatsiyasi boshlanishidan 6 oy oldin oʻquvchilar eʼtiboriga yetkaziladi.
Chet tili (ingliz tili) fani boʻyicha kamida B2 darajadagi milliy yoki unga tenglashtirilgan mos darajadagi xalqaro tan olingan sertifikatga hamda umumtaʼlim fanini bilish darajasi toʻgʻrisidagi sertifikat ega boʻlgan oʻquvchilar attestatsiya sinovlarini topshirishda tegishli fandan ozod etiladi va ularga mazkur fan boʻyicha maksimal ball beriladi.
16. Attestatsiya sinovlarining savollari oʻquv dasturlar mazmunini toʻliq qamrab olgan holda akademik litseyning oʻqituvchilari tomonidan shakllantiriladi. Savollar attestatsiya sinovlaridan 6 oy oldin ekspertizadan oʻtkazish uchun TDYUga taqdim etiladi. TDYU tomonidan savollar ular taqdim etilgan kundan eʼtiboran 20 ish kuni davomida ekspertizadan oʻtkaziladi va tegishli ekspertiza xulosalari akademik litseyga yuboriladi.
17. Attestatsiya sinovlarining savollari oʻquv dasturlari doirasida tuzilishi hamda attestatsiya sinovlari boshlanishidan kamida 1 oy oldin oʻquvchilarning eʼtiboriga yetkazilishi lozim.
18. Direktorning oʻquv ishlari boʻyicha oʻrinbosari oʻquvchilar sonidan kelib chiqib attestatsiya sinovlarining savollari variantlarini tuzadi va ularning oshkor etilmasligini taʼminlaydi.
19. Attestatsiya sinovlarini oʻtkazish jarayoni videotasvirga olish orqali amalga oshiriladi. Attestatsiya sinovlarining yuqori darajada ochiqlik va shaffofligini taʼminlash maqsadida ushbu jarayon videokuzatuvlar orqali jamoatchilik, shu jumladan oʻquvchilarning ota-onalari tomonidan real vaqt rejimida (onlayn) kuzatib borish imkoni yaratiladi.
20. Attestatsiya sinovlariga mobil aloqa vositasi, kompyuter yoki boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalari, kitoblar, lugʻat, shpargalkalar va boshqa materiallar olib kirgan, attestatsiya sinovlari jarayonida ulardan foydalangan oʻquvchilar attestatsiya sinovlari oʻtkazish tartibini buzgan hisoblanadi.
Belgilangan tartibni buzgan oʻquvchilar attestatsiya sinovlaridan chetlashtiriladi hamda komissiya aʼzolari tomonidan yakuniy davlat attestatsiyasidan chetlashtirish boʻyicha ushbu Nizomga ilovada koʻrsatilgan shaklda dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
21. Attestatsiya sinovlari natijalari ballar qoʻyish yoʻli bilan 100 ballik tizimda baholanadi.
Komissiya tomonidan attestatsiya sinovlari natijalariga koʻra topshiriqlarning 86 — 100 foizi toʻgʻri bajarilgan boʻlsa “aʼlo”, 71 — 85 foizi toʻgʻri bajarilsa “yaxshi”, 56 — 70 foizi toʻgʻri bajarilsa “qoniqarli” baholanadi.
Attestatsiya sinovlari natijalari boʻyicha oʻquvchi 55 va undan kam ball toʻplagan hollarda “qoniqarsiz” baholangan deb hisoblanadi.
22. Komissiyaning qarorlari ochiq ovoz berish yoʻli bilan, yigʻilishda ishtirok etuvchilarning koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan holda, Komissiya raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
23. Attestatsiya sinovlari natijalari shu kunning oʻzida eʼlon qilinadi va komissiyaning barcha aʼzolari tomonidan imzolanadigan, Komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadigan yigʻilish bayonnomasida qayd etiladi.
24. Oʻquvchi attestatsiya sinovlarining barchasidan muvaffaqiyatli oʻtgandan soʻng unga akademik litseyni tugatganligi toʻgʻrisida davlat tomonidan tasdiqlangan namunadagi taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat (diplom) beriladi .
Oʻquv dasturlarini oʻzlashtirishda oʻquv rejasidagi barcha fanlarning kamida 4/5 qismi boʻyicha 86 ball va undan yuqori oʻzlashtirish koʻrsatkichlariga erishgan (boshqa fanlar boʻyicha oʻzlashtirish koʻrsatkichi 71 balldan kam boʻlmagan), shuningdek attestatsiya sinovlarining har biri boʻyicha kamida 86 ball oʻzlashtirish koʻrsatkichlariga ega boʻlgan oʻquvchilarga aʼlo darajali diplom beriladi .
25. Attestatsiya sinovlarining biridan “qoniqarsiz” baholangan yoki uzrli sabablarga (kasalligi, yaqin qarindoshlarining vafoti, Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida boʻlishi sababli) koʻra attestatsiya sinovlarida ishtirok etmagan oʻquvchi boshqa attestatsiya sinovlarini topshirish huquqidan mahrum etilmaydi.
26. Uzrli sabablarga koʻra attestatsiya sinovlarida qatnasha olmagan oʻquvchilar direktor buyrugʻi bilan komissiya ishi yakunlanishiga qadar boshqa muddatlarda oʻtkaziladigan attestatsiya sinovlariga kiritiladi.
27. Akademik litseyning davlat taʼlim standartlariga muvofiq oʻquv dasturini bajargan, biroq yakuniy davlat attestatsiyasida ishtirok etmagan yoki unda “qoniqarsiz” baholangan oʻquvchilar oʻqish muddati tugagandan soʻng, 3 yil ichida arizasiga muvofiq tegishli sinovni qayta topshirish huquqiga ega.
Bunda, direktor shaxsni yakuniy davlat attestatsiyasini qayta topshirishga qoʻyish haqida buyruq chiqaradi.
Muddatli harbiy xizmatda boʻlgan vaqt, 3 yoshga toʻlgunga qadar bolani parvarishlash uchun beriladigan taʼtil vaqti mazkur uch yillik muddatga kirmaydi.
28. Attestatsiya sinovlarini qayta topshirish muddatida attestatsiya sinovlaridan 3 yil ichida ham oʻta olmagan yoki attestatsiya sinovlarini qayta topshirish uchun murojaat qilmagan shaxs Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 15-martdagi 140-son qarori bilan tasdiqlangan Umumiy oʻrta taʼlim toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq davlat taʼlim standartlari doirasida umumiy oʻrta taʼlim dasturlarini mustaqil oʻzlashtirgan holda eksternat tartibida yakuniy davlat attestatsiyasini topshirish huquqiga ega boʻladi.
Yakuniy davlat attestatsiyasini eksternat tartibida muvaffaqiyatli topshirgan oʻquvchilarga oʻrta taʼlim toʻgʻrisidagi davlat namunasidagi shahodatnoma beriladi.
4-bob. Attestatsiya sinovlari natijalarini apellyatsiya tartibida koʻrib chiqish
29. Oʻquvchilarning apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun direktor buyrugʻi bilan kamida besh nafar mutaxassislaridan iborat tarkibda Apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.
Attestatsiya sinovlarini oʻtkazishga masʼul boʻlgan shaxslarning Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
30. Attestatsiya sinovlarining natijasidan norozi boʻlgan oʻquvchilar attestatsiya natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab besh kun ichida Apellyatsiya komissiyasiga yozma yoki elektron shaklda apellyatsiya shikoyati berishlari mumkin.
Bunda, Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan oʻquvchini shikoyat koʻrib chiqilishidan 2 kun oldin uni koʻrib chiqish vaqti va joyi haqida ogohlantiradi.
31. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyatini, u kelib tushgan kundan boshlab 3 kun muddat ichida koʻrib chiqadi. Bunda, apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan oʻquvchi mazkur shikoyatni koʻrib chiqishda ishtirok etish huquqiga ega.
32. Apellyatsiya komissiyasi unda aʼzolarning kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi. Apellyatsiya komissiyasining qarori oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi va majlisda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan tasdiqlanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.
33. Apellyatsiya komissiyasi attestatsiya sinovlari jarayonida oʻquvchining bergan javoblarini ular aks etgan videotasvirlarni koʻrish orqali tekshiruvdan oʻtkazadi. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish davomida oʻquvchiga uni qayta baholashga qaratilgan savollar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
34. Shikoyatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Apellyatsiya komissiyasi tomonidan quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:
attestatsiya sinovlarining natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish;
attestatsiya sinovlarining natijalariga oʻzgartirish kiritish.
Apellyatsiya shikoyatini koʻrishda oʻquvchining attestatsiya sinovlari natijasida olgan ballini pasaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
35. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan oʻquvchiga oʻz qarorini u qabul qilingan kunning oʻzida maʼlum qilishi kerak.
36. Apellyatsiya komissiyasining attestatsiya natijalariga oʻzgartirish kiritish va oʻquvchini attestatsiya sinovlarini muvaffaqiyatli topshirgan deb topish toʻgʻrisidagi qarori asosida oʻquvchiga davlat tomonidan tasdiqlangan namunadagi taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat (diplom) beriladi.
37. Apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan oʻquvchi yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.
5-bob. Yakuniy qoida
38. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Toshkent davlat yuridik universiteti huzuridagi akademik litseylarda yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Yakuniy davlat attestatsiyasidan chetlashtirish haqidagi DALOLATNOMA ______________sh. “___” _________20___ yil Biz, quyida imzo chekuvchilar shuni tasdiqlaymizki, oʻquvchi ________________________________________________ ______________________________________________________ __________________________________ (F.I.O.) quyidagi sabablarga koʻra yakuniy davlat attestatsiyasidan chetlashtirildi: taqiqlangan vositalardan (uyali telefon, kompyuter hamda boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalari, lugʻat, kitob, shpargalka) foydalangan; taqiqlangan vositalarni (uyali telefon, kompyuter hamda boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalari, lugʻat, kitob, shpargalka) olib kirgan. _______________________________________________________________________________________________________________ ___________ ______________ (nizomda koʻzda tutilgan boshqa holatlar Oʻquvchi tomonidan ______________________________________________________ talablari buzilgan. 1. Komissiya raisi ___________________________ __________________ (F.I.O.) (imzo) 2. Komissiya aʼzosi ___________________________ __________________ (F.I.O.) (imzo) 3. Komissiya aʼzosi ___________________________ __________________ (F.I.O.) (imzo)
Vazir A. TASHKULOV
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K. SHARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 10-iyul,
2024-yil 25-iyun
15-mh-son