UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 16-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 16 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 16 июля 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 16 July 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ёқилғи-энергетика соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Электр энергетикаси ва нефть-газ соҳасида фаолият юритаётган кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибани қўллаган ҳолда ўқув жараёнига янги таълим услублари ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

бугунги кунда электр энергетикаси ва нефть-газ соҳасида (кейинги ўринларда — ёқилғи-энергетика соҳаси) жами 80 минг нафар ходим фаолият юритиб келаётганлиги;

ёқилғи-энергетика соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ягона тизимнинг мавжуд эмаслиги соҳа объектларида таъмирлаш ишлари сифатига салбий таъсир кўрсатиб, авария ҳолатлари кўпайиши ва бахтсиз ҳодисалар юзага келишига сабаб бўлаётганлиги;

ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишдаги йўқотишлар ва самарасиз фойдаланишлар иқтисодиётнинг энергия сиғими юқорилигига олиб келаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлигининг Ўзэнергоинспекция, «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятлари (кейинги ўринларда — тармоқ корхоналари) ҳамда «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти муассислигида масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ёқилғи-энергетика соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда — Марказ) ҳамда унинг ҳудудий филиаллари ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда Марказнинг ҳудудий филиаллари тармоқ корхоналари тизимидаги малака ошириш бўлинмаларининг мавжуд бино ва иншоотлари негизида ташкил этилади ҳамда мазкур бино ва иншоотлар жиҳозлари билан биргаликда тармоқ корхоналари томонидан Марказга унинг устав капиталини шакллантириш ҳисобига ўтказиб берилади.

3. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

кадрларнинг таълим сифатини замонавий талабларга мувофиқ таъминлаш учун зарур даражадаги касбий компетенцияларини шакллантириш, уларнинг касбий билим, кўникма ва маҳоратини узлуксиз ошириш механизмларини жорий этиш;

малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг анъанавий шаклдаги курслари мазмунини касбий компетентликни шакллантириш ҳамда ривожлантиришга, фанларни ўқитишнинг замонавий методикаларини ўзлаштиришга, муқобил ва мустақил шаклларини мутахассислик бўйича янги билим ва кўникмаларни эгаллашга йўналтириш;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ўқув режаси ҳамда таълим дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқиш, касбий компетентлик даражаси таҳлили натижаларини инобатга олган ҳолда табақалаштирилган таълим дастурларини жорий этиш;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларининг таълим жараёни сифати ҳамда натижадорлигини тизимли таҳлил қилиш, мониторингини юритишнинг рақамли ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

энергия аудиторлиги ва энергия менежменти бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этган ҳолда малака ошириш ва қайта тайёрлаш;

касбий ривожланиш учун рақамли таълим ресурсларини яратиш ва масофавий малака ошириш тизимини жорий этиш;

ўқитишнинг замонавий шакллари, илғор педагогик ва ахборот технологиялари асосида назарий тайёргарликнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган ўқув жараёнини ташкил этиш;

тингловчилар амалиётини маҳаллий ва хорижий ёқилғи-энергетика соҳаси корхоналарида ташкил этиш;

таълим жараёнига юқори малакали мутахассисларни кенг жалб этиш, илғор педагогик тажриба алмашиш борасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш;

ёқилғи-энергетика соҳасининг хар бир йўналишида энергия ресурсларини тежаш ва энергия самарадорлигини оширишни таълимнинг доимий таркибий қисми сифатида шакллантириш.

4. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Марказ муассисларининг маблағлари;

шартнома асосида таълим хизматларини кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Белгилаб қўйилсинки, Марказ ёқилғи-энергетика соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича масъул ҳисобланади ҳамда шартнома асосида хизматлар кўрсатади.

Тармоқ корхоналарига ўз ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича Марказ билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш ҳуқуқи берилсин.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2025 йил 1 апрелдан бошлаб ёқилғи-энергетика соҳасидаги давлат ташкилотлари ҳамда тармоқ корхоналарида фаолият юритувчи:

раҳбар ва мутахассис ходимлар — ҳар беш йилда камида бир марта;

муҳандис-техник, ишлаб чиқариш ва ишчи ходимлар — ҳар уч йилда камида бир марта малака оширади;

б) 2025 йил 1 апрелга қадар Марказ томонидан ёқилғи-энергетика соҳасида ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда якуний имтиҳонларни ўтказишга мўлжалланган махсус электрон платформа ишга туширилади;

в) Марказда қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификат берилади.

7. Энергетика вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда:

2024 йил 1 сентябрга қадар ёқилғи-энергетика соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомни;

2025 йил 1 майга қадар хорижий тажриба, соҳадаги илғор технологиялар ва муаммолар таҳлили асосида ёқилғи-энергетика соҳасини рақамлаштириш бўйича ўқув режаси ва дастурларини тасдиқласин.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтида Япониянинг «JICA» агентлиги билан биргаликда Энергия менежерларини тайёрлаш марказини ташкил этиш чораларини кўрсин.

8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзкимёсаноат» АЖнинг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманининг Улуғбек шаҳарчаси Хуросон кўчасидаги 1-уй манзилида жойлашган Кимё саноати учун инновацион кимёвий илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластерини ташкил этиш учун ажратилган ер участкасининг бўш турган 2,5 гектар қисмини (кейинги ўринларда — ер участкаси) баҳоланган қийматда Марказнинг устав капиталига «Ўзкимёсаноат» АЖнинг улуши сифатида киритиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

9. Энергетика вазирлиги 2025 йил 1 мартга қадар ер участкасида Марказ учун янги бино ва иншоотларни қуриш ҳамда уни жиҳозлаш ишлари тўлиқ якунланишини таъминласин. Бунда:

лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда электр энергетикаси, нефть-газ ва энергия самарадорлиги бўйича ўқув ҳамда тажриба-синов полигонлари, тармоқ корхоналари фаолиятини юритиш ва тезкор бошқаришга мўлжалланган дастурий тизимлар (BI, ERP, MES, SCADA, АСКУЭ, DCS) бўйича компьютер маркази, виртуал лаборатория ва симуляторлар, замонавий ўқув хоналари, конференция зали, кутубхона, спорт иншооти ва ётоқхона инобатга олинсин;

қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишлари билан боғлиқ харажатлар Марказ ва унинг муассислари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 16 июль,

426-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.07.2024 й., 09/24/426/0513-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Yoqilgʻi-energetika sohasida kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Elektr energetikasi va neft-gaz sohasida faoliyat yuritayotgan kadrlarni qayta tayyorlash hamda ularning malakasini oshirish tizimini takomillashtirish, ilgʻor xorijiy tajribani qoʻllagan holda oʻquv jarayoniga yangi taʼlim uslublari va zamonaviy axborot texnologiyalarini keng joriy etish, energiya resurslarini tejash va ulardan foydalanish samaradorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

bugungi kunda elektr energetikasi va neft-gaz sohasida (keyingi oʻrinlarda — yoqilgʻi-energetika sohasi) jami 80 ming nafar xodim faoliyat yuritib kelayotganligi;

yoqilgʻi-energetika sohasi xodimlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha yagona tizimning mavjud emasligi soha obyektlarida taʼmirlash ishlari sifatiga salbiy taʼsir koʻrsatib, avariya holatlari koʻpayishi va baxtsiz hodisalar yuzaga kelishiga sabab boʻlayotganligi;

yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanishdagi yoʻqotishlar va samarasiz foydalanishlar iqtisodiyotning energiya sigʻimi yuqoriligiga olib kelayotganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Energetika vazirligining Oʻzenergoinspeksiya, “Issiqlik elektr stansiyalari”, “Oʻzbekgidroenergo”, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari”, “Hududiy elektr tarmoqlari”, “Oʻzbekneftgaz”, “Oʻztransgaz” va “Hududgaztaʼminot” aksiyadorlik jamiyatlari (keyingi oʻrinlarda — tarmoq korxonalari) hamda “Oʻzkimyosanoat” aksiyadorlik jamiyati muassisligida masʼuliyati cheklangan jamiyat shaklidagi Yoqilgʻi-energetika sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) hamda uning hududiy filiallari tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

Bunda Markazning hududiy filiallari tarmoq korxonalari tizimidagi malaka oshirish boʻlinmalarining mavjud bino va inshootlari negizida tashkil etiladi hamda mazkur bino va inshootlar jihozlari bilan birgalikda tarmoq korxonalari tomonidan Markazga uning ustav kapitalini shakllantirish hisobiga oʻtkazib beriladi.

3. Quyidagilar Markazning asosiy vazifalari etib belgilansin:

kadrlarning taʼlim sifatini zamonaviy talablarga muvofiq taʼminlash uchun zarur darajadagi kasbiy kompetensiyalarini shakllantirish, ularning kasbiy bilim, koʻnikma va mahoratini uzluksiz oshirish mexanizmlarini joriy etish;

malaka oshirish va qayta tayyorlashning anʼanaviy shakldagi kurslari mazmunini kasbiy kompetentlikni shakllantirish hamda rivojlantirishga, fanlarni oʻqitishning zamonaviy metodikalarini oʻzlashtirishga, muqobil va mustaqil shakllarini mutaxassislik boʻyicha yangi bilim va koʻnikmalarni egallashga yoʻnaltirish;

malaka oshirish va qayta tayyorlash kurslari oʻquv rejasi hamda taʼlim dasturlarini ilgʻor xorijiy tajribalar asosida ishlab chiqish, kasbiy kompetentlik darajasi tahlili natijalarini inobatga olgan holda tabaqalashtirilgan taʼlim dasturlarini joriy etish;

malaka oshirish va qayta tayyorlash kurslarining taʼlim jarayoni sifati hamda natijadorligini tizimli tahlil qilish, monitoringini yuritishning raqamli axborot tizimlarini ishlab chiqish va joriy etish;

energiya auditorligi va energiya menejmenti boʻyicha maxsus oʻquv kurslarini tashkil etgan holda malaka oshirish va qayta tayyorlash;

kasbiy rivojlanish uchun raqamli taʼlim resurslarini yaratish va masofaviy malaka oshirish tizimini joriy etish;

oʻqitishning zamonaviy shakllari, ilgʻor pedagogik va axborot texnologiyalari asosida nazariy tayyorgarlikning amaliyot bilan uzviy bogʻliqligini taʼminlashga qaratilgan oʻquv jarayonini tashkil etish;

tinglovchilar amaliyotini mahalliy va xorijiy yoqilgʻi-energetika sohasi korxonalarida tashkil etish;

taʼlim jarayoniga yuqori malakali mutaxassislarni keng jalb etish, ilgʻor pedagogik tajriba almashish borasida xalqaro hamkorlikni yoʻlga qoʻyish va rivojlantirish;

yoqilgʻi-energetika sohasining xar bir yoʻnalishida energiya resurslarini tejash va energiya samaradorligini oshirishni taʼlimning doimiy tarkibiy qismi sifatida shakllantirish.

4. Quyidagilar Markaz faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Markaz muassislarining mablagʻlari;

shartnoma asosida taʼlim xizmatlarini koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

xalqaro moliya tashkilotlarining grantlari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

5. Belgilab qoʻyilsinki, Markaz yoqilgʻi-energetika sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha masʼul hisoblanadi hamda shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatadi.

Tarmoq korxonalariga oʻz xodimlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha Markaz bilan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma tuzish huquqi berilsin.

6. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:

a) 2025-yil 1-apreldan boshlab yoqilgʻi-energetika sohasidagi davlat tashkilotlari hamda tarmoq korxonalarida faoliyat yurituvchi:

rahbar va mutaxassis xodimlar — har besh yilda kamida bir marta;

muhandis-texnik, ishlab chiqarish va ishchi xodimlar — har uch yilda kamida bir marta malaka oshiradi;

b) 2025-yil 1-aprelga qadar Markaz tomonidan yoqilgʻi-energetika sohasida xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha oʻquv kurslarini tashkil etish hamda yakuniy imtihonlarni oʻtkazishga moʻljallangan maxsus elektron platforma ishga tushiriladi;

v) Markazda qayta tayyorlash va malaka oshirish oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli tamomlagan tinglovchilarga sertifikat beriladi.

7. Energetika vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda:

2024-yil 1-sentabrga qadar yoqilgʻi-energetika sohasida kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni;

2025-yil 1-mayga qadar xorijiy tajriba, sohadagi ilgʻor texnologiyalar va muammolar tahlili asosida yoqilgʻi-energetika sohasini raqamlashtirish boʻyicha oʻquv rejasi va dasturlarini tasdiqlasin.

Energetika vazirligi huzuridagi Qayta tiklanuvchi energiya manbalari milliy ilmiy-tadqiqot institutida Yaponiyaning “JICA” agentligi bilan birgalikda Energiya menejerlarini tayyorlash markazini tashkil etish choralarini koʻrsin.

8. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Energetika vazirligi hamda “Oʻzkimyosanoat” AJning Toshkent shahri Mirzo Ulugʻbek tumanining Ulugʻbek shaharchasi Xuroson koʻchasidagi 1-uy manzilida joylashgan Kimyo sanoati uchun innovatsion kimyoviy ilmiy-ishlab chiqarish va taʼlim klasterini tashkil etish uchun ajratilgan yer uchastkasining boʻsh turgan 2,5 gektar qismini (keyingi oʻrinlarda — yer uchastkasi) baholangan qiymatda Markazning ustav kapitaliga “Oʻzkimyosanoat” AJning ulushi sifatida kiritish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

9. Energetika vazirligi 2025-yil 1-martga qadar yer uchastkasida Markaz uchun yangi bino va inshootlarni qurish hamda uni jihozlash ishlari toʻliq yakunlanishini taʼminlasin. Bunda:

loyiha hujjatlarini ishlab chiqishda elektr energetikasi, neft-gaz va energiya samaradorligi boʻyicha oʻquv hamda tajriba-sinov poligonlari, tarmoq korxonalari faoliyatini yuritish va tezkor boshqarishga moʻljallangan dasturiy tizimlar (BI, ERP, MES, SCADA, ASKUE, DCS) boʻyicha kompyuter markazi, virtual laboratoriya va simulyatorlar, zamonaviy oʻquv xonalari, konferensiya zali, kutubxona, sport inshooti va yotoqxona inobatga olinsin;

qurilish-montaj va jihozlash ishlari bilan bogʻliq xarajatlar Markaz va uning muassislari mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda energetika vaziri J.T. Mirzamahmudov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 16-iyul,

426-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 17.07.2024-y., 09/24/426/0513-son)

lex.uz