📅 2024-yil 16-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 16-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 16 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 16 июля 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 16 July 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЎЙХАТИ
Енгил саноат соҳасида ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Иқтисодиёт тармоқларидаги таркибий ўзгаришлар натижасида яратилаётган янги иш ўринларида тўқимачилик соҳасида иш берувчиларнинг эҳтиёжига мос бўлган ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш, ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида ўқитишни ташкил этиш ҳамда соҳа корхоналарининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг:
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси тасарруфидаги коллежлар негизида енгил саноат корхоналари учун ўрта махсус профессионал таълим даражасида кадрлар тайёрлайдиган Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумларини ташкил этиш;
дизайнер ва технологлар тайёрлаш техникумлари базасида тикувчилик ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари дизайнери, модельер-конструктор, енгил саноат буюмлари конструкцияси ва технологияси каби йўналишларда ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш;
малакали дизайнер ва технолог кадрлар тайёрлаш жараёнига Германия, Италия, Туркия, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон каби хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини жорий этиш ҳамда тўқимачилик корхоналари ходимларини хорижий давлатларнинг енгил саноат корхоналарида малака оширишга юбориш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани Ўзбекистон овози кўчаси 78-уй манзилда жойлашган Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтига тегишли собиқ Хўжаобод қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи биносида давлат-хусусий шериклик асосида Дизайнер ва технологлар тайёрлаш техникуми ташкил этилсин.
Бунда давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида давлат шериги — Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти билан Ўзбекистон Республикасининг «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ аниқланган хусусий шерик ўртасида тузилган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда ижтимоий ва инвестициявий мажбуриятларни белгилаш назарда тутилсин.
3. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси тасарруфида ташкил этиладиган Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумларининг рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Қуйидагилар Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
тўқимачилик саноати тармоқлари учун меҳнат бозорида рақобатбардош ҳамда юқори малакага эга ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш;
етакчи хорижий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан кадрлар тайёрлашни ташкил этиш;
жаҳон модаларининг сўнгги тенденцияларини тадқиқ қилиш, енгил саноат буюмларини истиқболли моделлаштириш ва турли хил либослар коллекцияларини яратиш, бу борада хорижий лабораторияларни жалб қилиш ва консалтинг-маслаҳатлар бериш, методик семинар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш;
иш берувчи корхоналардаги етакчи маҳаллий ва хорижий мутахассисларни (муҳандислар, технологлар) «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси маблағлари ҳисобидан таълим жараёнига жалб этиш орқали ўқув жараёнининг сифатини таъминлаш;
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан халқаро ташкилотларнинг грантларини жалб қилган ҳолда, ўқувчиларни тўқимачилик саноати ривожланган Германия, Италия, Туркия, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон каби давлатларда бевосита ишлаб чиқариш корхоналарига малака оширишга юборишни ташкил этиш;
битирувчиларнинг касбий кўникмалари иш берувчилар ва холис экспертлар томонидан баҳоланишини ташкил қилиш, шунингдек, ўқитиш якуни бўйича бериладиган таълим тўғрисидаги ҳужжатлар хорижий давлатларда ҳам тан олиниши учун зарур чораларни кўриш;
хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш.
5. Белгилансинки, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумларида:
а) кадрлар Халқаро таснифлагичнинг камида 3 ёки 4-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган, камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда, 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки, сиртқи ва дуал таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида тайёрланади;
б) етакчи хорижий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси маблағлари ҳисобидан хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, тўқимачилик корхоналари ишчи-ходимларининг стажировкасини ташкил қилиш, малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этиш чоралари кўрилади;
в) Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумларида таълим олувчилар тажриба ва кўникма орттириши учун хорижга юборилади ҳамда уларга орттирган тажрибаларини амалиётга татбиқ этиш мақсадида тўқимачилик корхоналарида 2 йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
Бунда корхона раҳбарининг тавсияси асосида Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумларида таълим олган ўқувчилар танлаб олинади ҳамда тегишли шартномалар имзоланади. Шартнома шартлари бузилган тақдирда, сарфланган харажатлар ишга қабул қилинган ўқувчилардан ундирилади;
г) ҳар йили Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумларининг камида 10 нафар таълим олувчилар «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ, соҳа корхоналарининг ўз маблағлари ҳамда халқаро ташкилотларнинг грантлари ҳисобидан тўқимачилик саноати ривожланган Германия, Италия, Туркия, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон каби давлатларда бевосита ишлаб чиқариш корхоналарига малака оширишга юборилади.
6. Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумлари ходимларига профессионал таълим муассасалари учун қўлланиладиган меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Андижон, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
тегишли ҳудуднинг ихтисослашуви, салоҳияти, инвестиция лойиҳалари, ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринлари ва меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб, тегишлича давлат ва хусусий секторнинг тўқимачилик соҳасида кадрларга бўлган эҳтиёжини аниқласин;
таълим олувчиларининг ишлаб чиқариш амалиёти ташкил этиладиган аниқ корхоналарни таълим муассасаларига бириктирсин;
тўқимачилик соҳасида кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ушбу муассасаларга ўқувчиларни қабул қилиш бўйича таклифларни тайёрлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2025-2026 йилларда Тошкент шаҳри, Андижон ва Қашқадарё вилоятларидаги Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумлари тажрибаси асосида соҳа мутахассисларини тайёрлаш техникумларини ташкил этсин.
8. Андижон, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан биргаликда:
Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумларини янги ўқув йилига тайёрлаш чораларини кўрсин;
Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумлари ҳамда иш берувчиларнинг ўзаро уйғунликда фаолият юритишини ҳамда ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиёти ҳудуддаги соҳа корхоналарида ўтказилишини таъминласин;
ҳар йили 1 майга қадар Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга қаратилган дастурларни ишлаб чиқсин ҳамда уларнинг ижросини назорат қилсин;
9. Белгилансинки, Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумлари:
бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларнинг (давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган таълим ташкилоти ҳамда ишлаб чиқариш таълими усталари бундан мустасно) иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари, хомашё ва ёнилғи-мойлаш материаллари ҳамда коммунал хизматлар харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан;
жорий сақлаш, фаолият юритиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлаш харажатлари «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг маблағлари, ўқувчиларни давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев, олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов ҳамда Савдо-саноат палатаси раиси Д.А. Вахабов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 июлдаги 427-сон қарорига ИЛОВА
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси тасарруфида ташкил этиладиган Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникумларининг
Т/р Янги ташкил этиладиган дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникуми номи Дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникуми жойлашадиган манзил Қуввати Ишга тушириш муддати Бириктирилган олий таълим муассасаси Масъуллар 1. Тошкент шаҳар дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникуми Олмазор енгил саноат коллежи 430 2024/2025 ўқув йилидан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти Савдо-саноат палатаси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2. Қарши дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникуми Қарши туман енгил саноат коллежи 640 2024/2025 ўқув йилидан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти Савдо-саноат палатаси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 3. Андижон дизайнер ва технологларни тайёрлаш техникуми собиқ Хўжаобод қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи 700 2024/2025 ўқув йилидан Наманган тўқимачилик ва енгил саноат институти Савдо-саноат палатаси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 16 июль,
427-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
ROʻYXATI
Yengil sanoat sohasida oʻrta boʻgʻin kadrlar tayyorlash tizimini takomillashtirish hamda Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlarini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Iqtisodiyot tarmoqlaridagi tarkibiy oʻzgarishlar natijasida yaratilayotgan yangi ish oʻrinlarida toʻqimachilik sohasida ish beruvchilarning ehtiyojiga mos boʻlgan oʻrta boʻgʻin kadrlarni tayyorlash, rivojlangan mamlakatlar tajribasi asosida oʻqitishni tashkil etish hamda soha korxonalarining malakali kadrlarga boʻlgan ehtiyojini qondirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi, Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Savdo-sanoat palatasining:
2024/2025 oʻquv yilidan boshlab “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi tasarrufidagi kollejlar negizida yengil sanoat korxonalari uchun oʻrta maxsus professional taʼlim darajasida kadrlar tayyorlaydigan Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlarini tashkil etish;
dizayner va texnologlar tayyorlash texnikumlari bazasida tikuvchilik hamda toʻqimachilik mahsulotlari dizayneri, modelyer-konstruktor, yengil sanoat buyumlari konstruksiyasi va texnologiyasi kabi yoʻnalishlarda oʻrta boʻgʻin kadrlarni tayyorlash;
malakali dizayner va texnolog kadrlar tayyorlash jarayoniga Germaniya, Italiya, Turkiya, Xitoy, Hindiston va Pokiston kabi xorijiy davlatlarning ilgʻor tajribasini joriy etish hamda toʻqimachilik korxonalari xodimlarini xorijiy davlatlarning yengil sanoat korxonalarida malaka oshirishga yuborish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.
2. Andijon viloyatining Xoʻjaobod tumani Oʻzbekiston ovozi koʻchasi 78-uy manzilda joylashgan Andijon qishloq xoʻjaligi va agrotexnologiyalar institutiga tegishli sobiq Xoʻjaobod qishloq xoʻjaligi kasb-hunar kolleji binosida davlat-xususiy sheriklik asosida Dizayner va texnologlar tayyorlash texnikumi tashkil etilsin.
Bunda davlat-xususiy sheriklik loyihasi doirasida davlat sherigi — Andijon qishloq xoʻjaligi va agrotexnologiyalar instituti bilan Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq aniqlangan xususiy sherik oʻrtasida tuzilgan davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitimda ijtimoiy va investitsiyaviy majburiyatlarni belgilash nazarda tutilsin.
3. “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi tasarrufida tashkil etiladigan Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlarining roʻyxati ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Quyidagilar Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumining asosiy vazifalari etib belgilansin:
toʻqimachilik sanoati tarmoqlari uchun mehnat bozorida raqobatbardosh hamda yuqori malakaga ega oʻrta boʻgʻin kadrlarni tayyorlash;
yetakchi xorijiy taʼlim tashkilotlari bilan hamkorlikda qoʻshma taʼlim dasturlari asosida toʻlov-kontrakt mablagʻlari hisobidan kadrlar tayyorlashni tashkil etish;
jahon modalarining soʻnggi tendensiyalarini tadqiq qilish, yengil sanoat buyumlarini istiqbolli modellashtirish va turli xil liboslar kolleksiyalarini yaratish, bu borada xorijiy laboratoriyalarni jalb qilish va konsalting-maslahatlar berish, metodik seminar va mahorat darslarini tashkil etish;
ish beruvchi korxonalardagi yetakchi mahalliy va xorijiy mutaxassislarni (muhandislar, texnologlar) “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi mablagʻlari hisobidan taʼlim jarayoniga jalb etish orqali oʻquv jarayonining sifatini taʼminlash;
“Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi tomonidan xalqaro tashkilotlarning grantlarini jalb qilgan holda, oʻquvchilarni toʻqimachilik sanoati rivojlangan Germaniya, Italiya, Turkiya, Xitoy, Hindiston va Pokiston kabi davlatlarda bevosita ishlab chiqarish korxonalariga malaka oshirishga yuborishni tashkil etish;
bitiruvchilarning kasbiy koʻnikmalari ish beruvchilar va xolis ekspertlar tomonidan baholanishini tashkil qilish, shuningdek, oʻqitish yakuni boʻyicha beriladigan taʼlim toʻgʻrisidagi hujjatlar xorijiy davlatlarda ham tan olinishi uchun zarur choralarni koʻrish;
xorijiy taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda kadrlar tayyorlashni yoʻlga qoʻyish.
5. Belgilansinki, 2024/2025 oʻquv yilidan boshlab Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlarida:
a) kadrlar Xalqaro tasniflagichning kamida 3 yoki 4-darajasiga mos taʼlim dasturlarini tamomlagan, kamida umumiy oʻrta maʼlumotga ega boʻlgan shaxslar hisobidan shakllantirilgan guruhlarda kasblar va mutaxassisliklarning murakkabligidan kelib chiqqan holda, 2 yildan kam boʻlmagan muddatda kunduzgi, kechki, sirtqi va dual taʼlim shakllarida davlat buyurtmasi hamda toʻlov-kontrakt asosida tayyorlanadi;
b) yetakchi xorijiy taʼlim tashkilotlari bilan hamkorlikda qoʻshma taʼlim dasturlari asosida “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi mablagʻlari hisobidan xorijiy mutaxassislarni jalb etgan holda, toʻqimachilik korxonalari ishchi-xodimlarining stajirovkasini tashkil qilish, malakasini oshirish va ularni qayta tayyorlashni tashkil etish choralari koʻriladi;
v) Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlarida taʼlim oluvchilar tajriba va koʻnikma orttirishi uchun xorijga yuboriladi hamda ularga orttirgan tajribalarini amaliyotga tatbiq etish maqsadida toʻqimachilik korxonalarida 2 yil ishlab berish majburiyati yuklanadi.
Bunda korxona rahbarining tavsiyasi asosida Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlarida taʼlim olgan oʻquvchilar tanlab olinadi hamda tegishli shartnomalar imzolanadi. Shartnoma shartlari buzilgan taqdirda, sarflangan xarajatlar ishga qabul qilingan oʻquvchilardan undiriladi;
g) har yili Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlarining kamida 10 nafar taʼlim oluvchilar “Savdoni rivojlantirish kompaniyasi” AJ, soha korxonalarining oʻz mablagʻlari hamda xalqaro tashkilotlarning grantlari hisobidan toʻqimachilik sanoati rivojlangan Germaniya, Italiya, Turkiya, Xitoy, Hindiston va Pokiston kabi davlatlarda bevosita ishlab chiqarish korxonalariga malaka oshirishga yuboriladi.
6. Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlari xodimlariga professional taʼlim muassasalari uchun qoʻllaniladigan mehnatiga haq toʻlash va ragʻbatlantirish shartlari tatbiq etiladi.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi, “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda Andijon, Qashqadaryo viloyatlari va Toshkent shahar hokimliklari:
tegishli hududning ixtisoslashuvi, salohiyati, investitsiya loyihalari, tashkilotlardagi mavjud boʻsh ish oʻrinlari va mehnat bozori talablaridan kelib chiqib, tegishlicha davlat va xususiy sektorning toʻqimachilik sohasida kadrlarga boʻlgan ehtiyojini aniqlasin;
taʼlim oluvchilarining ishlab chiqarish amaliyoti tashkil etiladigan aniq korxonalarni taʼlim muassasalariga biriktirsin;
toʻqimachilik sohasida kadrlarga boʻlgan ehtiyojdan kelib chiqib, ushbu muassasalarga oʻquvchilarni qabul qilish boʻyicha takliflarni tayyorlab, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga taqdim etsin;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda 2025-2026-yillarda Toshkent shahri, Andijon va Qashqadaryo viloyatlaridagi Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlari tajribasi asosida soha mutaxassislarini tayyorlash texnikumlarini tashkil etsin.
8. Andijon, Qashqadaryo viloyatlari va Toshkent shahar hokimliklari “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi bilan birgalikda:
Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlarini yangi oʻquv yiliga tayyorlash choralarini koʻrsin;
Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlari hamda ish beruvchilarning oʻzaro uygʻunlikda faoliyat yuritishini hamda oʻquvchilarning ishlab chiqarish amaliyoti hududdagi soha korxonalarida oʻtkazilishini taʼminlasin;
har yili 1-mayga qadar Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlari bitiruvchilarining bandligini taʼminlashga qaratilgan dasturlarni ishlab chiqsin hamda ularning ijrosini nazorat qilsin;
9. Belgilansinki, Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlari:
boshqaruv, texnik, xizmat koʻrsatuvchi va oʻquv-yordamchi xodimlarning (davlat-xususiy sheriklik asosida tashkil etiladigan taʼlim tashkiloti hamda ishlab chiqarish taʼlimi ustalari bundan mustasno) ish haqi va unga tenglashtirilgan toʻlovlari, xomashyo va yonilgʻi-moylash materiallari hamda kommunal xizmatlar xarajatlari mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan;
joriy saqlash, faoliyat yuritish, moddiy-texnik bazani mustahkamlash va kadrlar tayyorlash xarajatlari “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasining mablagʻlari, oʻquvchilarni davlat buyurtmasi va toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.
10. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev, oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov hamda Savdo-sanoat palatasi raisi D.A. Vaxabov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 16-iyuldagi 427-son qaroriga ILOVA
“Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi tasarrufida tashkil etiladigan Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumlarining
T/r Yangi tashkil etiladigan dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumi nomi Dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumi joylashadigan manzil Quvvati Ishga tushirish muddati Biriktirilgan oliy taʼlim muassasasi Masʼullar 1. Toshkent shahar dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumi Olmazor yengil sanoat kolleji 430 2024/2025 oʻquv yilidan Toshkent toʻqimachilik va yengil sanoat instituti Savdo-sanoat palatasi, “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 2. Qarshi dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumi Qarshi tuman yengil sanoat kolleji 640 2024/2025 oʻquv yilidan Toshkent toʻqimachilik va yengil sanoat instituti Savdo-sanoat palatasi, “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 3. Andijon dizayner va texnologlarni tayyorlash texnikumi sobiq Xoʻjaobod qishloq xoʻjaligi kasb-hunar kolleji 700 2024/2025 oʻquv yilidan Namangan toʻqimachilik va yengil sanoat instituti Savdo-sanoat palatasi, “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 16-iyul,
427-son