📅 2024-yil 14-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 14-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 14 июнь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Иқтисодиёт ва молия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 июня 2024 г. · Документы министерств и ведомств · Министр экономики и финансов
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 June 2024 · Ministry and agency documents · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (10-сонли БҲМС) «Давлат ёрдамининг ҳисоби ва у тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш»ни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (10-сонли БҲМС) «Давлат ёрдамининг ҳисоби ва у тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 1998 йил 19 октябрда 52-сон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (10-сон БҲМС) «Давлат субсидияларининг ҳисоби ва давлат ёрдами тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш» (1998 йил 3 декабрь, рўйхат рақами 562) (Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ахборотномаси, 1999 й., 6-сон) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 июндаги 136-сон буйруғига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий БҲМСи (10-сонли БҲМС) «Давлат ёрдамининг ҳисоби ва у тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш»
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (бундан буён матнда БҲМС деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига асосан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш элементи бўлиб ҳисобланади.
2. Мазкур БҲМСнинг мақсади бюджет , банклар ва нобанк кредит ташкилотларидан ташқари мулкчилик шаклидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган юридик шахслар (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) томонидан олинган давлат ёрдамини бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботларда акс эттириш тартибини белгилаш ҳисобланади.
3. Мазкур БҲМС қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
нархлар ўзгариши таъсирларини акс эттирадиган молиявий ҳисоботда ёки шунга ўхшаш хусусиятдаги қўшимча маълумотларда давлат ёрдамини ҳисобга олишда юзага келадиган ўзига хос масалаларга;
солиқ солинадиган фойда ёки зарарни аниқлашда ёки фойда солиғи бўйича мажбурият суммаси асосида аниқланадиган ёки у билан чекланган, имтиёзлар тарзида ташкилотга тақдим этиладиган давлат ёрдамига;
ташкилотнинг устав фондида (капитали) давлатнинг иштирокига.
4. Мазкур БҲМСда давлат ёрдами деганда фойдаланиш учун ташкилот томонидан олинган бюджет субсидиялари, давлат грантлари ва мақсадли тушумлар тушунилади.
5. Мазкур БҲМСда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
активларга оид давлат ёрдами — берилишининг асосий шарти давлат ёрдами олиш ҳуқуқига эга бўлган ташкилот томонидан узоқ муддатли активларни сотиб олинишини, барпо этилишини ёки бошқа шаклларда харид қилинишини талаб этадиган давлат ёрдамидир. Бундай активлар турини ёки жойини ёки уларни харид қилиш ёки сақлаш муддатларини чегаралайдиган қўшимча шартлар киритилган бўлиши мумкин;
даромадга оид давлат ёрдами — активларга оид давлат ёрдамидан ташқари, бошқа ҳар қандай давлат ёрдами;
бюджет субсидияси — товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ва уларни реализация қилишни молиялаштириш ёки биргаликда молиялаштириш ёхуд мақсадли харажатларнинг ўрнини қисман қоплаш учун бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан юридик шахсларга бериладиган пул маблағлари;
давлат гранти — маълум мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан юридик шахсларга буюртмалар бўйича танлов асосида бериладиган пул маблағлари ва моддий ресурслар ҳисобланади;
мақсадли тушумлар — юридик шахснинг асосий фаолиятига тааллуқли маълум мақсадларга йўналтирилган ҳамда қабул қилиб олувчилар томонидан мақсадли фойдаланиладиган давлат томонидан бериладиган пул маблағлари ёки моддий ресурслар.
6. Ташкилот томонидан молиявий ҳисоботни тайёрлашда давлат ёрдамини олиш бўйича қуйидагилар аҳамиятли ҳисобланади:
агар давлат ёрдами бўйича ресурслар ташкилотга ўтказилган бўлса, мазкур ресурсларни ҳисобга олиш усули;
ҳисобот даври мобайнида ташкилот давлат ёрдамидан қай даражада наф олиши.
2-боб. Давлат ёрдамининг бухгалтерия ҳисоби услубиёти
7. Ташкилот белгиланган талабларга мос эканлигига ва давлат ёрдамининг олинишига етарлича ишонч ҳосил бўлмагунича давлат ёрдами тан олинмайди. Давлат ёрдами олинишининг ўзи у билан боғлиқ шартлар бажарилгани ёки бажарилиши бўйича ишончли далилни таъминламайди.
8. Давлат ёрдамини олиш шакли уни ҳисоботларда акс эттириш усулига таъсир қилмайди. Давлат ёрдами, у нақд шаклда ёки давлатга нисбатан мажбуриятларни камайтириш шаклида олинганлигидан қатъи назар, ҳисобга олинади.
9. Давлат ёрдамини жорий операциялар бўйича улар билан компенсация қилинадиган боғлиқ харажатларга мувофиқ даврларда тизимли равишда даромад сифатида тан олиниши керак.
10. Фойда солиғи ва бошқа солиқлар фойдадан келиб чиқиб ҳисобланишини инобатга олган ҳолда, давлат ёрдамини молия-бюджет сиёсатининг давоми сифатида молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда кўриб чиқиш зарур.
11. Давлат ёрдамини мақсадли маблағлар сифатида тан олиш ҳисоблаш усули бўйича амалга оширилади.
Давлат ёрдами молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда давлат ёрдами талабларини бажариш билан боғлиқ харажатлар амалга ошириладиган ҳисобот даврлари мобайнида даромад сифатида тан олинади.
12. Амортизация қилинадиган активлар билан боғлиқ бўлган давлат ёрдами одатда ушбу активлар бўйича амортизация ҳисобланадиган ҳисобот даврлари мобайнида ва ҳисобланган амортизация миқдорларига мутаносиб равишда даромад сифатида тан олинади.
Муайян шартлар ва мажбуриятлар билан берилган амортизация қилинмайдиган активлар билан боғлиқ бўлган давлат ёрдами мазкур мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ харажатлар амалга ошириладиган даврлар мобайнида даромад сифатида тан олинади.
13. Амалга оширилган харажатлар ёки кўрилган зарарлар учун компенсация сифатида олиниши лозим бўлган ёхуд ташкилотга, келгусида у билан боғлиқ харажатлар амалга оширилмайдиган, зудлик билан молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида ажратиладиган давлат ёрдами у олиниши керак бўлган даврда, шунингдек фавқулодда вазиятлар бўйича моддалар сифатида даромад сифатида тан олинади.
14. Давлат ёрдами ташкилот томонидан олдинги даврда қилинган харажатлар ёки кўрилган зарарлар учун компенсация сифатида олиниши мумкин. Бундай давлат ёрдами у олиниши керак бўлган даврда фавқулодда вазиятлар бўйича модда сифатида даромад сифатида тан олинади ва молиявий ҳисоботларга изоҳларда унинг таъсири ёритиб берилади.
15. Давлат ёрдами ташкилот фойдаланиши учун ер ёки бошқа ресурслар каби номонетар активни ўтказиб бериш шаклида бўлиши мумкин. Мазкур ҳолатларда одатда номонетар активнинг ҳаққоний қиймати аниқланади ва актив сифатида ҳам, давлат ёрдами сифатида ҳам ҳаққоний қиймат бўйича ҳисобга олинади.
3-боб. Активларга оид давлат ёрдами ҳисоби
16. Активларга оид давлат ёрдами, шу жумладан номонетар давлат ёрдами мақсадли тушумлар сифатида акс эттирилади ва улар активнинг фойдали хизмат муддати давомида мунтазам равишда даромад сифатида тан олинади.
Бошқа усулга кўра давлат ёрдами келиб тушган активнинг баланс қийматини камайтиради ва амортизация қилинадиган активнинг фойдали хизмат қилиш муддати давомида ҳисобланган амортизация суммасини камайтириш йўли Билан молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади.
4-боб. Даромадга оид давлат ёрдами ҳисоби
17. Даромадга оид давлат ёрдами молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда қуйидаги усуллар орқали акс эттирилади:
«Бошқа даромадлар» моддасида;
давлат ёрдами талабларини бажариш билан боғлиқ харажатларни акс эттиришда олинган давлат ёрдамининг қийматини чегириб ташлаган ҳолда.
18. Даромадга оид давлат ёрдами ҳисоби учун ҳар иккала усул ҳам мақбул ҳисобланади. давлат ёрдамини молиявий ҳисоботларга изоҳларда ёритиб бериш молиявий ҳисоботларни тўғри тушуниш учун зарур ҳисобланади. Давлат ёрдамининг даромадлар ёки харажатларнинг ҳар қандай моддасига таъсирини алоҳида ёритиб бериш ўринли ҳисобланади.
5-боб. Давлат ёрдамини қайтариш ҳисоби
19. Ташкилот белгиланган шартларни бажармаган ҳолларда давлат ёрдамини қайтариши лозим. Бундай ҳолларда давлат ёрдамининг қайтарилиши билан олдинги ҳисобот даврига тузатиш киритилмайди, балки бухгалтерия сметаларидаги ҳисоб-китоб маълумотлари қайта кўриб чиқилади. Даромадга оид давлат ёрдамини қайтариш операцияси қуйидагича ҳисобга олинади:
баланс пассивида акс эттирилган давлат ёрдами қолдиқлари ҳисобига;
агар қайтарилаётган давлат ёрдами бухгалтерия балансида мавжуд давлат ёрдами қолдиқларидан ошса, у ҳолда ошган сумма харажат сифатида тан олинади.
Активларга оид давлат ёрдами мақсадли тушумлар ҳисобварағидаги қолдиқни қайтарилаётган сумма миқдорига камайтириш орқали ёки активнинг баланс қийматини кўпайтириш ва қайтарилаётган сумма миқдорига нисбатан ҳисобланиши мумкин бўлган амортизацияни молиявий натижаларга олиб бориш йўли билан акс эттирилади.
6-боб. Маълумотларни ёритиб бериш
20. Қуйидаги масалалар молиявий ҳисоботларга изоҳларда ёритиб берилиши керак:
давлат ёрдамига нисбатан қўлланиладиган ҳисоб сиёсати, шу жумладан молиявий ҳисоботларда қабул қилинган маълумотларни тақдим қилиш усули;
молиявий ҳисоботларда тан олинган давлат ёрдамининг мазмуни ва миқдори ҳамда ташкилот бевосита наф олган давлат ёрдамининг бошқа шакллари;
тан олинган давлат ёрдами билан боғлиқ шартларни бажармаслик ва бошқа кўзда тутилмаган мажбуриятлар.
7-боб. Ўтиш қоидалари
21. Ташкилот:
маълумотларни ёритиб бериш талабларига амал қилиши;
ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ўзининг молиявий ҳисоботларини тузатиши.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 14 июнь,
136-сон
Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining
buyrugʻi
Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (10-sonli BHMS) “Davlat yordamining hisobi va u toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yoritib berish”ni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq buyuraman:
1. Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (10-sonli BHMS) “Davlat yordamining hisobi va u toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yoritib berish” ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan 1998-yil 19-oktabrda 52-son bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (10-son BHMS) “Davlat subsidiyalarining hisobi va davlat yordami toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yoritib berish” (1998-yil 3-dekabr, roʻyxat raqami 562) (Oʻzbekiston Respublikasining vazirliklari, davlat qoʻmitalari va idoralarining normativ-huquqiy hujjatlari axborotnomasi, 1999-y., 6-son) oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.
3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2024-yil 14-iyundagi 136-son buyrugʻiga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy BHMSi (10-sonli BHMS) “Davlat yordamining hisobi va u toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yoritib berish”
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Buxgalteriya hisobining milliy standarti (bundan buyon matnda BHMS deb yuritiladi) Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga asosan ishlab chiqilgan va Oʻzbekiston Respublikasida buxgalteriya hisobini normativ tartibga solish elementi boʻlib hisoblanadi.
2. Mazkur BHMSning maqsadi budjet , banklar va nobank kredit tashkilotlaridan tashqari mulkchilik shaklidan qatʼiy nazar Oʻzbekiston Respublikasida faoliyat yuritayotgan yuridik shaxslar (bundan buyon matnda tashkilot deb yuritiladi) tomonidan olingan davlat yordamini buxgalteriya hisobida va moliyaviy hisobotlarda aks ettirish tartibini belgilash hisoblanadi.
3. Mazkur BHMS quyidagilarga nisbatan tatbiq etilmaydi:
narxlar oʻzgarishi taʼsirlarini aks ettiradigan moliyaviy hisobotda yoki shunga oʻxshash xususiyatdagi qoʻshimcha maʼlumotlarda davlat yordamini hisobga olishda yuzaga keladigan oʻziga xos masalalarga;
soliq solinadigan foyda yoki zararni aniqlashda yoki foyda soligʻi boʻyicha majburiyat summasi asosida aniqlanadigan yoki u bilan cheklangan, imtiyozlar tarzida tashkilotga taqdim etiladigan davlat yordamiga;
tashkilotning ustav fondida (kapitali) davlatning ishtirokiga.
4. Mazkur BHMSda davlat yordami deganda foydalanish uchun tashkilot tomonidan olingan budjet subsidiyalari, davlat grantlari va maqsadli tushumlar tushuniladi.
5. Mazkur BHMSda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
aktivlarga oid davlat yordami — berilishining asosiy sharti davlat yordami olish huquqiga ega boʻlgan tashkilot tomonidan uzoq muddatli aktivlarni sotib olinishini, barpo etilishini yoki boshqa shakllarda xarid qilinishini talab etadigan davlat yordamidir. Bunday aktivlar turini yoki joyini yoki ularni xarid qilish yoki saqlash muddatlarini chegaralaydigan qoʻshimcha shartlar kiritilgan boʻlishi mumkin;
daromadga oid davlat yordami — aktivlarga oid davlat yordamidan tashqari, boshqa har qanday davlat yordami;
budjet subsidiyasi — tovarlar ishlab chiqarish, ishlar bajarish, xizmatlar koʻrsatish va ularni realizatsiya qilishni moliyalashtirish yoki birgalikda moliyalashtirish yoxud maqsadli xarajatlarning oʻrnini qisman qoplash uchun budjet tizimi budjetlari hisobidan yuridik shaxslarga beriladigan pul mablagʻlari;
davlat granti — maʼlum maqsadlarga erishishga qaratilgan loyihalarni amalga oshirish uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan yuridik shaxslarga buyurtmalar boʻyicha tanlov asosida beriladigan pul mablagʻlari va moddiy resurslar hisoblanadi;
maqsadli tushumlar — yuridik shaxsning asosiy faoliyatiga taalluqli maʼlum maqsadlarga yoʻnaltirilgan hamda qabul qilib oluvchilar tomonidan maqsadli foydalaniladigan davlat tomonidan beriladigan pul mablagʻlari yoki moddiy resurslar.
6. Tashkilot tomonidan moliyaviy hisobotni tayyorlashda davlat yordamini olish boʻyicha quyidagilar ahamiyatli hisoblanadi:
agar davlat yordami boʻyicha resurslar tashkilotga oʻtkazilgan boʻlsa, mazkur resurslarni hisobga olish usuli;
hisobot davri mobaynida tashkilot davlat yordamidan qay darajada naf olishi.
2-bob. Davlat yordamining buxgalteriya hisobi uslubiyoti
7. Tashkilot belgilangan talablarga mos ekanligiga va davlat yordamining olinishiga yetarlicha ishonch hosil boʻlmagunicha davlat yordami tan olinmaydi. Davlat yordami olinishining oʻzi u bilan bogʻliq shartlar bajarilgani yoki bajarilishi boʻyicha ishonchli dalilni taʼminlamaydi.
8. Davlat yordamini olish shakli uni hisobotlarda aks ettirish usuliga taʼsir qilmaydi. Davlat yordami, u naqd shaklda yoki davlatga nisbatan majburiyatlarni kamaytirish shaklida olinganligidan qatʼi nazar, hisobga olinadi.
9. Davlat yordamini joriy operatsiyalar boʻyicha ular bilan kompensatsiya qilinadigan bogʻliq xarajatlarga muvofiq davrlarda tizimli ravishda daromad sifatida tan olinishi kerak.
10. Foyda soligʻi va boshqa soliqlar foydadan kelib chiqib hisoblanishini inobatga olgan holda, davlat yordamini moliya-budjet siyosatining davomi sifatida moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotda koʻrib chiqish zarur.
11. Davlat yordamini maqsadli mablagʻlar sifatida tan olish hisoblash usuli boʻyicha amalga oshiriladi.
Davlat yordami moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotda davlat yordami talablarini bajarish bilan bogʻliq xarajatlar amalga oshiriladigan hisobot davrlari mobaynida daromad sifatida tan olinadi.
12. Amortizatsiya qilinadigan aktivlar bilan bogʻliq boʻlgan davlat yordami odatda ushbu aktivlar boʻyicha amortizatsiya hisoblanadigan hisobot davrlari mobaynida va hisoblangan amortizatsiya miqdorlariga mutanosib ravishda daromad sifatida tan olinadi.
Muayyan shartlar va majburiyatlar bilan berilgan amortizatsiya qilinmaydigan aktivlar bilan bogʻliq boʻlgan davlat yordami mazkur majburiyatlarni bajarish bilan bogʻliq xarajatlar amalga oshiriladigan davrlar mobaynida daromad sifatida tan olinadi.
13. Amalga oshirilgan xarajatlar yoki koʻrilgan zararlar uchun kompensatsiya sifatida olinishi lozim boʻlgan yoxud tashkilotga, kelgusida u bilan bogʻliq xarajatlar amalga oshirilmaydigan, zudlik bilan moliyaviy yordam koʻrsatish maqsadida ajratiladigan davlat yordami u olinishi kerak boʻlgan davrda, shuningdek favqulodda vaziyatlar boʻyicha moddalar sifatida daromad sifatida tan olinadi.
14. Davlat yordami tashkilot tomonidan oldingi davrda qilingan xarajatlar yoki koʻrilgan zararlar uchun kompensatsiya sifatida olinishi mumkin. Bunday davlat yordami u olinishi kerak boʻlgan davrda favqulodda vaziyatlar boʻyicha modda sifatida daromad sifatida tan olinadi va moliyaviy hisobotlarga izohlarda uning taʼsiri yoritib beriladi.
15. Davlat yordami tashkilot foydalanishi uchun yer yoki boshqa resurslar kabi nomonetar aktivni oʻtkazib berish shaklida boʻlishi mumkin. Mazkur holatlarda odatda nomonetar aktivning haqqoniy qiymati aniqlanadi va aktiv sifatida ham, davlat yordami sifatida ham haqqoniy qiymat boʻyicha hisobga olinadi.
3-bob. Aktivlarga oid davlat yordami hisobi
16. Aktivlarga oid davlat yordami, shu jumladan nomonetar davlat yordami maqsadli tushumlar sifatida aks ettiriladi va ular aktivning foydali xizmat muddati davomida muntazam ravishda daromad sifatida tan olinadi.
Boshqa usulga koʻra davlat yordami kelib tushgan aktivning balans qiymatini kamaytiradi va amortizatsiya qilinadigan aktivning foydali xizmat qilish muddati davomida hisoblangan amortizatsiya summasini kamaytirish yoʻli Bilan moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotda aks ettiriladi.
4-bob. Daromadga oid davlat yordami hisobi
17. Daromadga oid davlat yordami moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotda quyidagi usullar orqali aks ettiriladi:
“Boshqa daromadlar” moddasida;
davlat yordami talablarini bajarish bilan bogʻliq xarajatlarni aks ettirishda olingan davlat yordamining qiymatini chegirib tashlagan holda.
18. Daromadga oid davlat yordami hisobi uchun har ikkala usul ham maqbul hisoblanadi. davlat yordamini moliyaviy hisobotlarga izohlarda yoritib berish moliyaviy hisobotlarni toʻgʻri tushunish uchun zarur hisoblanadi. Davlat yordamining daromadlar yoki xarajatlarning har qanday moddasiga taʼsirini alohida yoritib berish oʻrinli hisoblanadi.
5-bob. Davlat yordamini qaytarish hisobi
19. Tashkilot belgilangan shartlarni bajarmagan hollarda davlat yordamini qaytarishi lozim. Bunday hollarda davlat yordamining qaytarilishi bilan oldingi hisobot davriga tuzatish kiritilmaydi, balki buxgalteriya smetalaridagi hisob-kitob maʼlumotlari qayta koʻrib chiqiladi. Daromadga oid davlat yordamini qaytarish operatsiyasi quyidagicha hisobga olinadi:
balans passivida aks ettirilgan davlat yordami qoldiqlari hisobiga;
agar qaytarilayotgan davlat yordami buxgalteriya balansida mavjud davlat yordami qoldiqlaridan oshsa, u holda oshgan summa xarajat sifatida tan olinadi.
Aktivlarga oid davlat yordami maqsadli tushumlar hisobvaragʻidagi qoldiqni qaytarilayotgan summa miqdoriga kamaytirish orqali yoki aktivning balans qiymatini koʻpaytirish va qaytarilayotgan summa miqdoriga nisbatan hisoblanishi mumkin boʻlgan amortizatsiyani moliyaviy natijalarga olib borish yoʻli bilan aks ettiriladi.
6-bob. Maʼlumotlarni yoritib berish
20. Quyidagi masalalar moliyaviy hisobotlarga izohlarda yoritib berilishi kerak:
davlat yordamiga nisbatan qoʻllaniladigan hisob siyosati, shu jumladan moliyaviy hisobotlarda qabul qilingan maʼlumotlarni taqdim qilish usuli;
moliyaviy hisobotlarda tan olingan davlat yordamining mazmuni va miqdori hamda tashkilot bevosita naf olgan davlat yordamining boshqa shakllari;
tan olingan davlat yordami bilan bogʻliq shartlarni bajarmaslik va boshqa koʻzda tutilmagan majburiyatlar.
7-bob. Oʻtish qoidalari
21. Tashkilot:
maʼlumotlarni yoritib berish talablariga amal qilishi;
hisob siyosatidagi oʻzgarishlarni hisobga olgan holda oʻzining moliyaviy hisobotlarini tuzatishi.
Vazir D. KUCHKAROV
Toshkent sh.,
2024-yil 14-iyun,
136-son
Министра экономики и финансов Республики Узбекистан
Приказ
Об утверждении Национального стандарта бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 10) «Учет государственных субсидий и раскрытие государственной помощи»
В соответствии с Законом Республики Узбекистан «О бухгалтерском учете» приказываю:
1. Утвердить Национальный стандарт бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 10) «Учет государственной помощи и раскрытие данной информации» согласно приложению * .
2. Признать утратившим силу Национальный стандарт бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 10) «Учет государственных субсидий и раскрытие государственной помощи», утвержденный Министерством финансов Республики Узбекистан от 19 октября 1998 года № 52 (рег. № 562, от 3 декабря 1998 года) (Бюллетень нормативных актов министерств, государственных комитетов и ведомств Республики Узбекистан, 1999 г., № 6, стр. 171).
3. Настоящий приказ вступает в силу со дня его официального опубликования.
Министр Д. КУЧКАРОВ
г. Ташкент,
14 июня 2024 г.,
№ 136