📅 2024-yil 24-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 24-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 24 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 24 июля 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 24 July 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида» 2024 йил 4 июндаги ПҚ-205-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 июндаги ПҚ-205-сон қарорига мувофиқ Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотга ҳужжатларни тақдим этиш, уларни кўриб чиқиш, ғолибларни аниқлаш тартиби;
халқаро мукофот бериладиган йўналишлар;
ўзбек бадиий таржима мактабини ривожлантириш ҳамда халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга бўлган таржима асарлар учун рағбатлантирувчи мукофотлар бериш.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Б. Махкамова зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 июлдаги 451-сон қарорига ИЛОВА
Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот (кейинги ўринларда — Халқаро мукофот) учун ҳужжатларни тақдим этиш, уларни кўриб чиқиш, ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Халқаро мукофот ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини хорижий тилларга, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаол ижод қилаётган моҳир таржимонларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, бадиий таржиманинг савиясини янада ошириш ҳамда мамлакатимизда адабиёт ва китобхонликни кенг оммалаштириш мақсадида жорий этилади.
3. Халқаро мукофот ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини хорижий тилларга, чет эл адабиётининг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилган таржимон ёки таржимонлар гуруҳига берилади.
Бунда асар яратилган тилдан бевосита амалга оширилган таржима асарларга аҳамият қаратилади.
Халқаро мукофот Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларга ҳам берилади.
4. Халқаро мукофот танловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, бу борадаги ташкилий-молиявий масалаларни ҳал этиш, шунингдек, ушбу Низомга мувофиқ Халқаро мукофот ғолибларини аниқлаш ва тақдирлаш бўйича қарорлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 июндаги ПҚ-205-сон қарори билан тузилган Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) томонидан қабул қилинади.
Кенгаш қарорлари Кенгаш йиғилишининг баёни билан расмийлаштирилади ва Кенгаш раиси ёки йиғилишга раислик қилган Кенгаш раисининг ўринбосари томонидан имзоланади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда — Ишчи орган) ҳисобланади.
5. Халқаро мукофот учун танлов икки йилда бир марта ўтказилиб, ғолибларга Халқаро мукофотни тантанали топшириш санаси Кенгаш томонидан белгиланади.
6. Қуйидагилар Халқаро мукофот бериладиган йўналишлар ҳисобланади:
ўзбек адабиётининг насрий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;
ўзбек адабиётининг шеърий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;
ўзбек болалар адабиёти намуналаридан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;
хорижий тилларда яратилган насрий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима;
хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима;
хорижий тилларда яратилган болалар адабиёти намуналаридан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима.
Драматургияга оид таржима асарлар унинг жанрига мос равишда ушбу бандда кўрсатилган йўналишлар асосида кўриб чиқилади.
2-боб. Халқаро мукофотга ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби
7. Халқаро мукофот танловига талабгорларнинг (кейинги ўринларда — талабгорлар) ҳужжатларини қабул қилишни бошлаш ва якунлаш санаси ҳамда унинг тартиби ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Халқаро мукофот танловига ҳужжатларни тақдим этиш тартиби Ишчи орган томонидан белгиланади.
8. Талабгорларнинг ҳужжатлари Халқаро мукофот танлови ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон берилган санадан бошлаб уч ой давомида Ишчи орган томонидан қабул қилинади.
9. Халқаро мукофот танловига Халқаро мукофот танлови ҳақидаги эълон берилган санадан бошлаб ўтган беш йил ичида китоб ҳолида чоп этилган ёки босма даврий ва электрон адабий нашрларда эълон қилинган таржима асарлар қабул қилинади.
10. Халқаро мукофот танловига таржима асарлар қуйидаги йўналишлар бўйича белгиланган ҳажмдан кам бўлмаган миқдорда қабул қилинади:
ўзбек адабиётининг насрий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима — камида ўн босма табоқ;
ўзбек адабиётининг шеърий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима — камида беш босма табоқ;
ўзбек болалар адабиёти намуналаридан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима — камида беш босма табоқ;
хорижий тилларда яратилган насрий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима — камида ўн босма табоқ;
хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима — камида беш босма табоқ;
хорижий тилларда яратилган болалар адабиёти намуналаридан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима — камида беш босма табоқ.
11. Қуйидаги талаблар асосида таржима асарлар Халқаро мукофот танловига қабул қилинади:
ўзбек халқининг қадимий тарихи, бебаҳо қадрият ва анъаналари, ўзига хос ҳаёт тарзи, олижаноб фазилатлари юқори бадиий савияда акс эттирилган, миллий адабиётимиз хазинасидан муносиб жой олган асарларнинг чет тилларга таржималари;
умуминсоний қадрият ва ғоялар тараннум этилган, дунё адабиётида эътироф этилган, юқори бадиий савияга эга хорижий асарларнинг ўзбек тилига таржимаси;
асарнинг мазмуни ва услубини, бадиий ўзига хослигини тўла сақлаган ҳолда юксак маҳорат билан амалга оширилган таржималар;
адабий жамоатчилик орасида алоҳида эътироф этилган асарларнинг юксак савияли таржимаси.
12. Халқаро мукофот танловига таржимон ёки таржимонлар гуруҳи томонидан ҳаммуаллифликда амалга оширилган таржима асарлар қабул қилинади.
13. Халқаро мукофот танловига таржима асарлар таржимоннинг ўзи ёки таржимонлар гуруҳи, адабий-илмий ташкилотлар ва нашриётлар томонидан тақдим этилади.
14. Ишчи орган:
ушбу Низомга ва ҳужжатларни қабул қилиш тартибига мувофиқ Халқаро мукофотга тавсия этилган талабгорларнинг ҳужжатларини, шу жумладан, бир нусхадаги таржима асарни қабул қилади;
Халқаро мукофотга тавсия этилган талабгорларнинг фаолияти ва уларнинг таржима асарларини кўриб чиқиб, улар ҳақидаги маълумотларни шакллантиради;
Халқаро мукофотга тавсия этилган таржима асарлар, шу билан бирга, талабгорларнинг ижодий фаолияти муҳокама қилиниб, холисона баҳоланишига кўмаклашади;
Халқаро мукофотга тавсия этилган талабгорларнинг ҳужжатлари, шу жумладан, таржима асарларни тегишли идора ва ташкилотларга таклиф-мулоҳазаларини билдириш учун тақдим этиши мумкин.
15. Қуйидаги йўналишлар бўйича Ишчи орган малакали мутахассис ва ижодкорлардан иборат таркибда ишчи гуруҳлар фаолиятини йўлга қўяди:
ўзбек адабиётининг насрий асарларидан хорижий тилларга ҳамда хорижий тилларда яратилган насрий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима асарлар бўйича;
ўзбек адабиётининг шеърий асарларидан хорижий тилларга ҳамда хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима асарлар бўйича;
ўзбек болалар адабиётидан хорижий тилларга ҳамда чет эл болалар адабиётидан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима асарлар бўйича.
16. Ишчи гуруҳлар таркиби Кенгаш раисининг ўринбосари — Ишчи орган раҳбари томонидан тасдиқланади.
Ишчи гуруҳлар аъзолари Ишчи орган томонидан белгиланган тартибда ва миқдорда моддий рағбатлантирилади.
Ишчи гуруҳлар аъзоларини моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар Халқаро мукофотнинг харажатлар сметасида назарда тутилади.
17. Ишчи гуруҳлар Халқаро мукофотга тақдим этилган ҳужжатларни, шу жумладан, таржима асарларни кўриб чиқиб, хулосалар тайёрлайди ҳамда Ишчи органга тақдим этади.
18. Ишчи орган ишчи гуруҳлар хулосалари асосида ҳужжатларни расмийлаштиради, Кенгаш йиғилишининг баёни лойиҳасини тайёрлайди ҳамда кўриб чиқиш учун Кенгашга киритади.
19. Ишчи гуруҳларнинг хулосалари ошкор этилмайди.
20. Кенгаш Ишчи орган томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, Халқаро мукофот ғолибларини аниқлаш бўйича қарор қабул қилади.
21. Кенгаш, истисно тариқасида, ўзбек бадиий таржима мактабини ривожлантириш ҳамда халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга бўлган таржима асарлар учун рағбатлантирувчи мукофотлар ҳам бериши мумкин.
Рағбатлантирувчи мукофотларнинг бир марталик пул мукофоти миқдори ва молиялаштирилиши Кенгаш томонидан белгиланади.
22. Халқаро мукофот ғолиблари рўйхати оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
23. Халқаро мукофот ғолибларининг ҳар бири махсус диплом, кўкрак нишони ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
24. Кенгаш талабгорлар орасида тегишли йўналиш бўйича Халқаро мукофот талабларига мос келувчи номзодлар мавжуд эмас деб топса, ўша йўналишдаги Халқаро мукофот топширилмайди.
25. Халқаро мукофот бир шахсга икки марта берилмайди.
26. Кенгаш ёки ишчи гуруҳлар аъзолари Халқаро танловга ўзининг таржима асарларини тақдим этган йилда Кенгаш ёки ишчи гуруҳларидаги фаолиятини тўхтатиб туради.
3-боб. Якунловчи қоидалар
27. Халқаро мукофотга тақдим этилган ҳужжатлар, шу жумладан, таржима асарлар қайтарилмайди.
28. Ишчи орган Халқаро мукофотга тақдим этилган ҳужжатларни, шу жумладан, таржима асарларни ҳамда Халқаро мукофотга оид тегишли бошқа ҳужжатларнинг ҳисобини юритади ҳамда уларнинг белгиланган муддат давомида сақланишини таъминлайди.
29. Халқаро мукофот ғолибларини тантанали тақдирлаш маросимини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, ғолиблар учун пул мукофотлари, ғолибларнинг мукофотни олиш учун хориждан келиш-кетиши, меҳмонхонада яшаш харажатлари Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасининг харажатлар сметаси бўйича Ёзувчилар уюшмасига ажратиладиган маблағлар, ташкилотчилар маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
Халқаро мукофот топшириладиган йилда унинг харажатлари учун Ишчи орган томонидан тақдим этилган ҳисоб-китоблар асосида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасининг харажатлар сметасида қўшимча маблағ ажратиш назарда тутилади ҳамда ушбу маблағ Ёзувчилар уюшмасига ўтказиб берилади.
30. Халқаро танловнинг чет эллик ғолибларига пул мукофотлари мукофот жамғармасига тенг эквивалентда хорижий валютада тўланиши мумкин.
31. Халқаро мукофотнинг харажатлар сметаси Кенгаш томонидан тасдиқланади.
32. Халқаро мукофот билан тақдирланган таржима асарларни кенг оммалаштириш ҳамда уларнинг таржимонлари билан фаол ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш чора-тадбирлари кўрилади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 24 июль,
451-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Badiiy tarjima sohasida Muhammad Rizo Ogahiy nomidagi xalqaro mukofot toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Badiiy tarjima sohasida Muhammad Rizo Ogahiy nomidagi xalqaro mukofotni taʼsis etish toʻgʻrisida” 2024-yil 4-iyundagi PQ-205-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 4-iyundagi PQ-205-son qaroriga muvofiq Muhammad Rizo Ogahiy nomidagi xalqaro mukofot taʼsis etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Badiiy tarjima sohasida Muhammad Rizo Ogahiy nomidagi xalqaro mukofot toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Badiiy tarjima sohasida Muhammad Rizo Ogahiy nomidagi xalqaro mukofotga hujjatlarni taqdim etish, ularni koʻrib chiqish, gʻoliblarni aniqlash tartibi;
xalqaro mukofot beriladigan yoʻnalishlar;
oʻzbek badiiy tarjima maktabini rivojlantirish hamda xalqlar oʻrtasida doʻstlik va hamjihatlik rishtalarini mustahkamlashda alohida ahamiyatga ega boʻlgan tarjima asarlar uchun ragʻbatlantiruvchi mukofotlar berish.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari Z.B. Maxkamova zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24 iyuldagi 451-son qaroriga ILOVA
Badiiy tarjima sohasida Muhammad Rizo Ogahiy nomidagi xalqaro mukofot toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom badiiy tarjima sohasida Muhammad Rizo Ogahiy nomidagi xalqaro mukofot (keyingi oʻrinlarda — Xalqaro mukofot) uchun hujjatlarni taqdim etish, ularni koʻrib chiqish, gʻoliblarni aniqlash va taqdirlash tartibini belgilaydi.
2. Xalqaro mukofot oʻzbek adabiyotining eng yaxshi asarlarini xorijiy tillarga, jahon adabiyotining eng sara namunalarini oʻzbek tiliga tarjima qilishni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash, faol ijod qilayotgan mohir tarjimonlarni moddiy va maʼnaviy ragʻbatlantirish, badiiy tarjimaning saviyasini yanada oshirish hamda mamlakatimizda adabiyot va kitobxonlikni keng ommalashtirish maqsadida joriy etiladi.
3. Xalqaro mukofot oʻzbek adabiyotining eng yaxshi asarlarini xorijiy tillarga, chet el adabiyotining sara namunalarini oʻzbek tiliga tarjima qilgan tarjimon yoki tarjimonlar guruhiga beriladi.
Bunda asar yaratilgan tildan bevosita amalga oshirilgan tarjima asarlarga ahamiyat qaratiladi.
Xalqaro mukofot Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlmagan shaxslarga ham beriladi.
4. Xalqaro mukofot tanloviga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish, bu boradagi tashkiliy-moliyaviy masalalarni hal etish, shuningdek, ushbu Nizomga muvofiq Xalqaro mukofot gʻoliblarini aniqlash va taqdirlash boʻyicha qarorlar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 4-iyundagi PQ-205-son qarori bilan tuzilgan Badiiy tarjima sohasida Muhammad Rizo Ogahiy nomidagi xalqaro mukofot kengashi (keyingi oʻrinlarda — Kengash) tomonidan qabul qilinadi.
Kengash qarorlari Kengash yigʻilishining bayoni bilan rasmiylashtiriladi va Kengash raisi yoki yigʻilishga raislik qilgan Kengash raisining oʻrinbosari tomonidan imzolanadi.
Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi Kengashning ishchi organi (keyingi oʻrinlarda — Ishchi organ) hisoblanadi.
5. Xalqaro mukofot uchun tanlov ikki yilda bir marta oʻtkazilib, gʻoliblarga Xalqaro mukofotni tantanali topshirish sanasi Kengash tomonidan belgilanadi.
6. Quyidagilar Xalqaro mukofot beriladigan yoʻnalishlar hisoblanadi:
oʻzbek adabiyotining nasriy asarlaridan xorijiy tillarga qilingan eng yaxshi tarjima;
oʻzbek adabiyotining sheʼriy asarlaridan xorijiy tillarga qilingan eng yaxshi tarjima;
oʻzbek bolalar adabiyoti namunalaridan xorijiy tillarga qilingan eng yaxshi tarjima;
xorijiy tillarda yaratilgan nasriy asarlardan oʻzbek tiliga qilingan eng yaxshi tarjima;
xorijiy tillarda yaratilgan sheʼriy asarlardan oʻzbek tiliga qilingan eng yaxshi tarjima;
xorijiy tillarda yaratilgan bolalar adabiyoti namunalaridan oʻzbek tiliga qilingan eng yaxshi tarjima.
Dramaturgiyaga oid tarjima asarlar uning janriga mos ravishda ushbu bandda koʻrsatilgan yoʻnalishlar asosida koʻrib chiqiladi.
2-bob. Xalqaro mukofotga hujjatlarni taqdim etish va koʻrib chiqish tartibi
7. Xalqaro mukofot tanloviga talabgorlarning (keyingi oʻrinlarda — talabgorlar) hujjatlarini qabul qilishni boshlash va yakunlash sanasi hamda uning tartibi haqida ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.
Xalqaro mukofot tanloviga hujjatlarni taqdim etish tartibi Ishchi organ tomonidan belgilanadi.
8. Talabgorlarning hujjatlari Xalqaro mukofot tanlovi haqida ommaviy axborot vositalarida eʼlon berilgan sanadan boshlab uch oy davomida Ishchi organ tomonidan qabul qilinadi.
9. Xalqaro mukofot tanloviga Xalqaro mukofot tanlovi haqidagi eʼlon berilgan sanadan boshlab oʻtgan besh yil ichida kitob holida chop etilgan yoki bosma davriy va elektron adabiy nashrlarda eʼlon qilingan tarjima asarlar qabul qilinadi.
10. Xalqaro mukofot tanloviga tarjima asarlar quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha belgilangan hajmdan kam boʻlmagan miqdorda qabul qilinadi:
oʻzbek adabiyotining nasriy asarlaridan xorijiy tillarga qilingan eng yaxshi tarjima — kamida oʻn bosma taboq;
oʻzbek adabiyotining sheʼriy asarlaridan xorijiy tillarga qilingan eng yaxshi tarjima — kamida besh bosma taboq;
oʻzbek bolalar adabiyoti namunalaridan xorijiy tillarga qilingan eng yaxshi tarjima — kamida besh bosma taboq;
xorijiy tillarda yaratilgan nasriy asarlardan oʻzbek tiliga qilingan eng yaxshi tarjima — kamida oʻn bosma taboq;
xorijiy tillarda yaratilgan sheʼriy asarlardan oʻzbek tiliga qilingan eng yaxshi tarjima — kamida besh bosma taboq;
xorijiy tillarda yaratilgan bolalar adabiyoti namunalaridan oʻzbek tiliga qilingan eng yaxshi tarjima — kamida besh bosma taboq.
11. Quyidagi talablar asosida tarjima asarlar Xalqaro mukofot tanloviga qabul qilinadi:
oʻzbek xalqining qadimiy tarixi, bebaho qadriyat va anʼanalari, oʻziga xos hayot tarzi, olijanob fazilatlari yuqori badiiy saviyada aks ettirilgan, milliy adabiyotimiz xazinasidan munosib joy olgan asarlarning chet tillarga tarjimalari;
umuminsoniy qadriyat va gʻoyalar tarannum etilgan, dunyo adabiyotida eʼtirof etilgan, yuqori badiiy saviyaga ega xorijiy asarlarning oʻzbek tiliga tarjimasi;
asarning mazmuni va uslubini, badiiy oʻziga xosligini toʻla saqlagan holda yuksak mahorat bilan amalga oshirilgan tarjimalar;
adabiy jamoatchilik orasida alohida eʼtirof etilgan asarlarning yuksak saviyali tarjimasi.
12. Xalqaro mukofot tanloviga tarjimon yoki tarjimonlar guruhi tomonidan hammualliflikda amalga oshirilgan tarjima asarlar qabul qilinadi.
13. Xalqaro mukofot tanloviga tarjima asarlar tarjimonning oʻzi yoki tarjimonlar guruhi, adabiy-ilmiy tashkilotlar va nashriyotlar tomonidan taqdim etiladi.
14. Ishchi organ:
ushbu Nizomga va hujjatlarni qabul qilish tartibiga muvofiq Xalqaro mukofotga tavsiya etilgan talabgorlarning hujjatlarini, shu jumladan, bir nusxadagi tarjima asarni qabul qiladi;
Xalqaro mukofotga tavsiya etilgan talabgorlarning faoliyati va ularning tarjima asarlarini koʻrib chiqib, ular haqidagi maʼlumotlarni shakllantiradi;
Xalqaro mukofotga tavsiya etilgan tarjima asarlar, shu bilan birga, talabgorlarning ijodiy faoliyati muhokama qilinib, xolisona baholanishiga koʻmaklashadi;
Xalqaro mukofotga tavsiya etilgan talabgorlarning hujjatlari, shu jumladan, tarjima asarlarni tegishli idora va tashkilotlarga taklif-mulohazalarini bildirish uchun taqdim etishi mumkin.
15. Quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha Ishchi organ malakali mutaxassis va ijodkorlardan iborat tarkibda ishchi guruhlar faoliyatini yoʻlga qoʻyadi:
oʻzbek adabiyotining nasriy asarlaridan xorijiy tillarga hamda xorijiy tillarda yaratilgan nasriy asarlardan oʻzbek tiliga qilingan eng yaxshi tarjima asarlar boʻyicha;
oʻzbek adabiyotining sheʼriy asarlaridan xorijiy tillarga hamda xorijiy tillarda yaratilgan sheʼriy asarlardan oʻzbek tiliga qilingan eng yaxshi tarjima asarlar boʻyicha;
oʻzbek bolalar adabiyotidan xorijiy tillarga hamda chet el bolalar adabiyotidan oʻzbek tiliga qilingan eng yaxshi tarjima asarlar boʻyicha.
16. Ishchi guruhlar tarkibi Kengash raisining oʻrinbosari — Ishchi organ rahbari tomonidan tasdiqlanadi.
Ishchi guruhlar aʼzolari Ishchi organ tomonidan belgilangan tartibda va miqdorda moddiy ragʻbatlantiriladi.
Ishchi guruhlar aʼzolarini moddiy ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar Xalqaro mukofotning xarajatlar smetasida nazarda tutiladi.
17. Ishchi guruhlar Xalqaro mukofotga taqdim etilgan hujjatlarni, shu jumladan, tarjima asarlarni koʻrib chiqib, xulosalar tayyorlaydi hamda Ishchi organga taqdim etadi.
18. Ishchi organ ishchi guruhlar xulosalari asosida hujjatlarni rasmiylashtiradi, Kengash yigʻilishining bayoni loyihasini tayyorlaydi hamda koʻrib chiqish uchun Kengashga kiritadi.
19. Ishchi guruhlarning xulosalari oshkor etilmaydi.
20. Kengash Ishchi organ tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqib, Xalqaro mukofot gʻoliblarini aniqlash boʻyicha qaror qabul qiladi.
21. Kengash, istisno tariqasida, oʻzbek badiiy tarjima maktabini rivojlantirish hamda xalqlar oʻrtasida doʻstlik va hamjihatlik rishtalarini mustahkamlashda alohida ahamiyatga ega boʻlgan tarjima asarlar uchun ragʻbatlantiruvchi mukofotlar ham berishi mumkin.
Ragʻbatlantiruvchi mukofotlarning bir martalik pul mukofoti miqdori va moliyalashtirilishi Kengash tomonidan belgilanadi.
22. Xalqaro mukofot gʻoliblari roʻyxati ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.
23. Xalqaro mukofot gʻoliblarining har biri maxsus diplom, koʻkrak nishoni va bazaviy hisoblash miqdorining 300 baravari miqdorida bir martalik pul mukofoti bilan taqdirlanadi.
24. Kengash talabgorlar orasida tegishli yoʻnalish boʻyicha Xalqaro mukofot talablariga mos keluvchi nomzodlar mavjud emas deb topsa, oʻsha yoʻnalishdagi Xalqaro mukofot topshirilmaydi.
25. Xalqaro mukofot bir shaxsga ikki marta berilmaydi.
26. Kengash yoki ishchi guruhlar aʼzolari Xalqaro tanlovga oʻzining tarjima asarlarini taqdim etgan yilda Kengash yoki ishchi guruhlaridagi faoliyatini toʻxtatib turadi.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
27. Xalqaro mukofotga taqdim etilgan hujjatlar, shu jumladan, tarjima asarlar qaytarilmaydi.
28. Ishchi organ Xalqaro mukofotga taqdim etilgan hujjatlarni, shu jumladan, tarjima asarlarni hamda Xalqaro mukofotga oid tegishli boshqa hujjatlarning hisobini yuritadi hamda ularning belgilangan muddat davomida saqlanishini taʼminlaydi.
29. Xalqaro mukofot gʻoliblarini tantanali taqdirlash marosimini oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar, shuningdek, gʻoliblar uchun pul mukofotlari, gʻoliblarning mukofotni olish uchun xorijdan kelish-ketishi, mehmonxonada yashash xarajatlari Maʼnaviyat va ijodni qoʻllab-quvvatlash maqsadli jamgʻarmasining xarajatlar smetasi boʻyicha Yozuvchilar uyushmasiga ajratiladigan mablagʻlar, tashkilotchilar mablagʻlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.
Xalqaro mukofot topshiriladigan yilda uning xarajatlari uchun Ishchi organ tomonidan taqdim etilgan hisob-kitoblar asosida Maʼnaviyat va ijodni qoʻllab-quvvatlash maqsadli jamgʻarmasining xarajatlar smetasida qoʻshimcha mablagʻ ajratish nazarda tutiladi hamda ushbu mablagʻ Yozuvchilar uyushmasiga oʻtkazib beriladi.
30. Xalqaro tanlovning chet ellik gʻoliblariga pul mukofotlari mukofot jamgʻarmasiga teng ekvivalentda xorijiy valyutada toʻlanishi mumkin.
31. Xalqaro mukofotning xarajatlar smetasi Kengash tomonidan tasdiqlanadi.
32. Xalqaro mukofot bilan taqdirlangan tarjima asarlarni keng ommalashtirish hamda ularning tarjimonlari bilan faol ijodiy hamkorlikni yoʻlga qoʻyish chora-tadbirlari koʻriladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 24-iyul,
451-son