UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 19-iyul · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 19 июль · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 19 июля 2024 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 19 July 2024 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг

Қарори

НИЗОМ

Микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ва « Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2024 йил 19 июлдаги 23/4-сон қарорига ИЛОВА

Микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

исломий ижара — бу микромолия ташкилоти томонидан мижознинг аризасига кўра сотиб олинган ёки ўзининг балансида бўлган истеъмол қилинмайдиган ашёларни (мол-мулкни) мижозга келишилган муддатга вақтинча эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун топшириш;

исломий молия масалаларини мувофиқлаштирувчи махсус кенгаш (бундан буён матнда махсус кенгаш деб юритилади) — микромолия ташкилоти томонидан кўрсатиладиган исломий молиялаштиришга оид хизматларнинг қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Низом талаблари асосида кўрсатилиши учун масъул бўлган махсус кенгаш ;

насия савдога асосланган молиялаштириш (муробаҳа) — микромолия ташкилоти томонидан товарнинг харид нархи ва унга устама миқдорини қўшган ҳолда, товарни насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш;

олдиндан тўловга асосланган молиялаштириш (салам) — келажакда етказиб бериладиган товарлар ҳақини ушбу товарларни етказиб берувчига (мижозга) микромолия ташкилоти томонидан тўлиқ миқдорда олдиндан тўлаш орқали мижозни молиялаштириш;

фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш (музораба) — микромолия ташкилоти томонидан фойда олиш мақсадида мижознинг тижорат фаолиятига пул маблағларини ажратиш орқали мижозни молиялаштириш;

шерикчилик — фойда ва зарарларни тақсимлашга асосланган молиялаштириш (мушорака) — микромолия ташкилоти томонидан бир ёки бир нечта иштирокчилар (мижозлар) билан биргаликда тижорат фаолиятини (шерикчиликни) амалга ошириш ёки юридик шахсларнинг устав капиталида иштирок этиш орқали мижозни молиялаштириш.

2. Микромолия ташкилоти ушбу Низом талаблари асосида мижозларга исломий молиялаштиришга оид исломий ижара, фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш (музораба), насия савдога асосланган молиялаштириш (муробаҳа), шерикчилик — фойда ва зарарларни тақсимлашга асосланган молиялаштириш (мушорака), олдиндан тўловга асосланган молиялаштириш (салам) хизматларини кўрсатиши мумкин.

3. Микромолия ташкилотида исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатилиши учун махсус кенгаш ташкил этилиши лозим. Микромолия ташкилоти иштирокчиларининг (акциядорларининг) умумий йиғилиши қарорига мувофиқ соҳага ихтисослашган уюшмалар ёки бирлашмалар ҳузурида ташкил этилган ва ушбу Низом билан ўрнатилган талабларга мос келувчи таркибдан иборат бўлган махсус кенгашни шартнома (аутсорсинг) асосида жалб қилиши мумкин. Бунда микромолия ташкилоти жалб қилинган махсус кенгаш фаолияти билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш учун жавобгар бўлади.

Микромолия ташкилоти махсус кенгаш ташкил этилганлиги ёки унинг таркиби ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни мазкур ҳаракатлар содир этилган кундан бошлаб 10 иш куни ичида иштирокчилар (акциядорлар) умумий йиғилишининг тегишли қарорини ҳамда махсус кенгаш раиси ва аъзоларининг мазкур Низомнинг 2-бобида белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда Марказий банкка тақдим этади.

4. Микромолия ташкилоти томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар қонунчилик ҳужжатлари талаблари ҳамда махсус кенгаш кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда кўрсатилиши лозим.

5. Микромолия ташкилоти томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланган ва махсус кенгаш кўрсатмаларига зид бўлган товарлар савдоси билан шуғулланиш ҳамда фаолият турларини молиялаштириш тақиқланади.

6. Микромолия ташкилоти исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатишда ўз мижозларига исломий молиялаштиришга оид хизматларнинг ўзига хос хусусиятлари ва улар билан боғлиқ таваккалчиликлар ҳақида тушунтириш беришлари шарт.

7. Исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатишга оид шартнома тузишдан аввал микромолия ташкилоти ва мижоз ўртасида дастлабки шартнома тузилиши мумкин.

Дастлабки шартномада мижоз томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар бўйича бўнак тўлови амалга оширилиши назарда тутилиши мумкин.

8. Микромолия ташкилоти томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси биринчи қисмида белгиланган бошқа хизматлар ҳам кўрсатилса, ушбу микромолия ташкилотининг исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти бўйича бухгалтерия ҳисоби алоҳида юритилиши лозим.

9. Микромолия ташкилоти томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиш доирасида тузиладиган шартномаларнинг мазкур Низомда назарда тутилмаган бошқа шартлари тарафларнинг келишуви асосида қонунчиликка ва махсус кенгаш кўрсатмаларига мувофиқ белгиланади.

10. Микромолия ташкилоти мижоздан тўловларни кечиктирганлиги учун неустойка ундирса, ундирилган неустойкани алоҳида ҳисобварақда юритиши ва мижоз номидан хайрия мақсадларига йўналтириши лозим.

2-боб. Махсус кенгаш ва унга нисбатан қўйиладиган талаблар

11. Микромолия ташкилотида махсус кенгаш микромолия ташкилоти иштирокчиларининг (акциядорларининг) умумий йиғилиши томонидан беш кишидан кам бўлмаган таркибда ташкил этилади.

Махсус кенгашга махсус кенгаш раиси раҳбарлик қилади.

Махсус кенгаш раиси ва аъзоларини тайинлаш ҳамда уларнинг ваколатларини тугатиш микромолия ташкилоти иштирокчиларининг (акциядорларининг) умумий йиғилиши томонидан амалга оширилади.

12. Махсус кенгаш раиси ва аъзолари Ўзбекистон Республикаси «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддаси иккинчи қисмида белгиланган ишчанлик обрўсига доир талабларга мувофиқ бўлиши керак.

13. Махсус кенгаш аъзоларининг камида бир нафари ислом ҳуқуқи соҳасида олий маълумотга, бир нафари олий юридик маълумотга, қолган аъзолари эса исломий молиялаштиришга оид халқаро сертификатга эга бўлиши лозим.

14. Махсус кенгаш ўз фаолиятини микромолия ташкилоти иштирокчиларининг (акциядорларининг) умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган низом асосида амалга оширади.

15. Махсус кенгашнинг хулоса ва кўрсатмалари микромолия ташкилотининг ижро этувчи органи аъзолари ёки яккабошчилик асосидаги ижро этувчи орган вазифасини амалга оширувчи шахс учун мажбурий ҳисобланади.

16. Махсус кенгашнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

микромолия ташкилоти томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматларни амалга ошириш билан боғлиқ намунавий шартномалар, ички ҳужжатлар ва ҳисоботлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда маъқуллаш;

микромолия ташкилоти томонидан кўрсатиладиган исломий молиялаштиришга оид хизматларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини ҳамда исломий молиялаштиришни амалга ошириш стандартларида белгиланган талабларнинг инобатга олинишини таъминлаш ва мувофиқлик ҳолатини баҳолаш натижалари тўғрисида микромолия ташкилотининг бошқарув органларига даврий ҳисоботларни тақдим этиш;

исломий молиялаштиришга оид хизматлар билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш ва ички назорат тизимини жорий этишда микромолия ташкилотининг бошқарув ҳамда ижро этувчи органларига ўз хулосалари ва кўрсатмалари орқали кўмаклашиш.

3-боб. Исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатиш

1-§. Насия савдога асосланган молиялаштириш (муробаҳа) хизматини кўрсатиш

17. Насия савдога асосланган молиялаштириш (бундан буён матнда насия савдо деб юритилади) хизмати микромолия ташкилоти томонидан мижознинг тегишли аризаси асосида амалга оширилади. Аризада мижоз насия савдо объектининг номини, уни сотиб олишга розилик билдирган тахминий нархни, шунингдек харид қилиш шартларини кўрсатиши мумкин.

18. Мижоз микромолия ташкилоти билан ўзаро келишган ҳолда насия савдо объектини сотиб олиш мумкин бўлган сотувчини белгилаши мумкин.

Агар бошқа сотувчиларда насия савдо объектини сотиб олиш бўйича мақбулроқ таклифлар мавжуд бўлса, микромолия ташкилоти сотувчини мустақил танлаш ҳуқуқига эга.

19. Микромолия ташкилоти мижоздан насия савдо объекти бўйича пул маблағлари кўринишида бўнак тўловини амалга оширишни талаб қилиши мумкин.

Бўнак тўлови мижоз томонидан насия савдо доирасида қайтарилиши лозим бўлган тўловларнинг бир қисми сифатида қабул қилинади.

20. Насия савдо бўйича микромолия ташкилоти насия савдо объектини сотиб олиш ва мижозга етказиб бериш билан боғлиқ бўлган барча таваккалчиликларни ўз зиммасига олади.

Микромолия ташкилоти ўзининг мулкида бўлмаган товарни насия савдо объекти сифатида мижозга сотишга ҳақли эмас.

21. Насия савдо объекти мижознинг ўзидан, унинг вакилидан ёки мижоз эллик фоизидан ортиқ қисмига (улушига, акциясига) эгалик қилувчи ташкилотдан сотиб олиниши мумкин эмас.

22. Агар мижоз ва насия савдо объектини микромолия ташкилотига сотаётган сотувчи ўртасида насия савдо объектини сотиб олиш бўйича шартномавий мажбуриятлар мавжуд бўлса, ушбу мижозга мазкур объектнинг насия савдо асосида сотилиши мумкин эмас.

23. Насия савдо доирасида насия савдо объектининг нархи ва унинг устига қўйилган устама ҳақ миқдори аниқ кўрсатилиши лозим.

Насия савдо объектининг нархи ёки унинг устига қўйилган устама ҳақнинг ноаниқ ёки келгусида қийматлари аниқланадиган кўрсаткичларга боғланган ҳолда белгиланишига йўл қўйилмайди.

24. Насия савдо объектини сотиб олиш, уни мижозга етказиб бериш ва суғурталаш билан боғлиқ харажатлар микромолия ташкилоти ҳисобидан амалга оширилади.

Насия савдо объектини сотиб олиш, етказиб бериш ва суғурталаш билан боғлиқ харажатлар насия савдо объектининг харид нархига киритилган тақдирда, микромолия ташкилоти мазкур харажатлар тўғрисидаги тафсилотларни мижозга батафсил очиқлаши лозим.

25. Агар сотувчи микромолия ташкилотига насия савдо объекти бўйича чегирма тақдим қилса, микромолия ташкилоти насия савдо объектини мижозга сотилган нархини чегирмага мутаносиб равишда камайтириши лозим.

26. Микромолия ташкилоти ўз номидан насия савдо объектини сотиб олиш учун мижозни ёки учинчи шахсни вакил сифатида белгилаши мумкин. Бунда микромолия ташкилоти насия савдо объекти учун тўловларни тўғридан-тўғри сотувчига тўлаб бериши ва товар сотилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни қабул қилиб олиши лозим.

Микромолия ташкилоти ва унинг номидан иш кўрувчи вакил улар ўртасида тузиладиган вакиллик шартномасида насия савдо объектини сотиб олиш билан боғлиқ таваккалчиликлар бўйича мажбуриятларни аниқ белгилаб олишлари шарт.

27. Агар мижоз насия савдо объектини сотиб олишни рад этса, микромолия ташкилоти ушбу объектни учинчи шахсга сотишга ҳақли.

Мижоз насия савдо объектини сотиб олишни рад этган тақдирда, микромолия ташкилоти насия савдо объектини учинчи шахсга сотиш билан боғлиқ ҳақиқатда кўрган зарарларини мижоз томонидан қоплаб берилишини талаб қилишга ҳақли.

Ҳақиқатда кўрилган зарар деганда микромолия ташкилоти томонидан мижознинг талабига кўра сотиб олинган товарнинг харид нархи ва мазкур товарни мижоз томонидан қабул қилиш рад этилиши сабабли уни учинчи шахсга сотилган нархи ўртасидаги салбий фарқ тушунилади.

Микромолия ташкилотининг насия савдо объектини учинчи шахсга сотиши билан боғлиқ ҳақиқатда кўрган зарарлари мижоз тақдим қилган бўнак тўловидан чегириб ташланиши мумкин. Бунда бўнакнинг қолган қисми мижозга қайтарилиши лозим.

28. Насия савдо бўйича тўловлар муддатининг узайтириб берилганлиги учун мижоздан микромолия ташкилоти фойдасига қўшимча ҳақ ундирилишига йўл қўйилмайди.

29. Микромолия ташкилотига мижозларга насия савдо хизматини кўрсатганлиги учун улардан воситачилик ҳақлари ва (ёки) бошқа турдаги йиғимларни ундириш тақиқланади.

30. Пул маблағлари (валюта), крипто-активлар, олтин ва кумуш насия савдо объекти бўлиши мумкин эмас.

31. Микромолия ташкилоти ва мижоз ўртасида амалда бўлган шартнома бўйича насия савдо объектини айни шу мижозга янги насия савдо шартномаси асосида сотилишига (қайта молиялаштирилишига) йўл қўйилмайди.

32. Насия савдо бўйича тўловлар мижоз томонидан муддатидан аввал тўланган тақдирда, микромолия ташкилоти мижоз тўлаши керак бўлган сумманинг бир қисмидан воз кечиши мумкин. Бироқ, мазкур шарт насия савдо шартномасининг бир қисми сифатида белгиланмаслиги лозим.

2-§. Исломий ижара хизматини кўрсатиш

33. Исломий ижара хизмати микромолия ташкилоти томонидан мижознинг тегишли аризаси асосида кўрсатилади. Аризада мижоз исломий ижарага олишни режалаштираётган объект ва унга тегишли хусусиятларни кўрсатиши мумкин.

34. Микромолия ташкилоти мижоздан исломий ижара объекти бўйича пул маблағлари кўринишида бўнак тўловини амалга оширишни талаб қилиши мумкин.

Мазкур бўнак тўлови исломий ижара шартномаси бўйича олдиндан тўлов сифатида ҳисобга олиниши ва/ёки мижознинг исломий ижара объектини қабул қилишдан бош тортганлиги натижасида микромолия ташкилоти ҳақиқатда кўрган зарарларини қоплаш учун йўналтирилиши мумкин.

35. Микромолия ташкилоти мижозни ёки учинчи шахсни исломий ижара объектини сотиб олиш учун вакил сифатида белгилаши мумкин.

36. Микромолия ташкилоти мижозга исломий ижарага берилган мол-мулкдан фойдаланиш имкониятларини чекловчи ҳар қандай нуқсонлар бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олади.

37. Микромолия ташкилоти томонидан тақдим этилган исломий ижара объекти исломий ижара шартномасида назарда тутилган хусусиятларга мос келмаса, мижоз исломий ижара объектини қабул қилишни рад этиши мумкин.

38. Микромолия ташкилоти заруратга кўра исломий ижара объектини суғурта қилдириши мумкин. Бунда суғурталаш билан боғлиқ барча харажатлар микромолия ташкилоти ҳисобидан амалга оширилади ва ушбу харажатлар исломий ижара тўловлари таркибига киритилиши мумкин.

Микромолия ташкилоти ва мижоз ўртасида исломий ижара шартномаси тузилганидан сўнг, исломий ижара тўловлари суммасини оширувчи қўшимча харажатларни мижоз зиммасига юклатилиши тақиқланади.

Тарафларнинг келишувига асосан исломий ижара объектини суғурталаш микромолия ташкилотининг вакили сифатида мижоз томонидан амалга оширилиши мумкин.

39. Микромолия ташкилоти исломий ижарани амалга ошириши учун исломий ижара объектига нисбатан мулк ҳуқуқи микромолия ташкилотига тегишли бўлиши лозим.

Микромолия ташкилоти исломий ижара объектини ўз мижозидан сотиб олиши ва уни яна ушбу мижозга исломий ижарага бериши мумкин. Бунда микромолия ташкилоти ва мижоз ўртасида тузиладиган олди-сотди шартномасида шартнома объектининг кейинчалик исломий ижарага берилиши шарти назарда тутилмаслиги лозим.

40. Исломий ижара объекти мижоз томонидан микромолия ташкилоти билан келишган ҳолда иккиламчи исломий ижарага берилиши мумкин.

41. Исломий ижара бўйича шартнома муддати ва тўловлар жадвали (график) аниқ белгиланган бўлиши лозим.

Исломий ижара тўловлари даврий ёки бир йўла тўланадиган бир марталик тўлов шаклида белгиланиши мумкин.

42. Микромолия ташкилоти исломий ижара бўйича мижознинг шартномада белгиланган мажбуриятларини бажариши ва эҳтимолий инсофсиз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликларни камайтириш мақсадида мижоздан таъминот тақдим этишни талаб қилиши мумкин.

Микромолия ташкилоти томонидан мижоз тақдим этган таъминотга нисбатан ундирув қаратилган тақдирда, микромолия ташкилоти таъминот қийматидан фақат ўтган даврлар учун ҳисобланган тўловларни ва мижоз ўз мажбуриятларини бажармаганлиги натижасида ҳақиқатда кўрган зарарлари суммасини ушлаб қолиши мумкин.

Бунда микромолия ташкилоти мижоз томонидан исломий ижара объектидан фойдаланилмаган келгуси даврлар учун тўловлар ундириши тақиқланади.

43. Микромолия ташкилоти исломий ижара бўйича тўловларни исломий ижара объекти мижозга топширилган кундан бошлаб ҳисоблаши лозим.

Исломий ижара шартномаси тузилган ва исломий ижара объекти мижозга топширилган саналар ўртасида тафовут бўлган тақдирда, микромолия ташкилоти томонидан мазкур тафовут бўлган муддат учун мижоздан тўловлар ундирилиши тақиқланади.

44. Исломий ижара объекти микромолия ташкилоти томонидан мижоз билан биргаликда умумий улушли мулк сифатида ҳам сотиб олиниши мумкин. Бунда исломий ижара бўйича тўловлар микромолия ташкилотининг умумий мулкдаги улушидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

45. Мижоз томонидан исломий ижара бўйича тўловлар кечиктирилса, микромолия ташкилоти белгиланган муддатда исломий ижара тўловларининг кечиктирилган қисмини бир йўла тўлаш лозимлиги ҳақида мижозга хабар бериб, хабарномада кўрсатилган муддат тугаганидан сўнг исломий ижара тўловларининг қолган қисмини бир йўла тўлашни мижоздан талаб қилиши мумкин.

46. Мижоз исломий ижара тўловларини кечиктирганлиги учун микромолия ташкилоти исломий ижара тўловларини оширмаслиги лозим. Микромолия ташкилоти исломий ижара тўловларини кечиктирганлиги учун мижоздан неустойка ундиришга ҳақли.

47. Микромолия ташкилоти исломий ижара объектига нисбатан мулк ҳуқуқини учинчи шахсга ўтказиши мумкин.

Бунда микромолия ташкилоти исломий ижара объектига нисбатан мулк ҳуқуқи ўтаётган шахсни мазкур мулкка нисбатан исломий ижара шартномаси мавжудлиги тўғрисида хабардор қилиши лозим.

48. Исломий ижара объектини капитал таъмирлаш харажатлари микромолия ташкилоти ҳисобидан, жорий таъмирлаш ва даврий техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар эса мижоз ҳисобидан қопланади. Тарафлар келишувига асосан мижоз томонидан капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши мумкин. Бунда капитал таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар исломий ижара тўловлари суммасидан чегириб ташланади.

49. Агар мижознинг инсофсиз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ёки исломий ижара шартномасининг шартларига риоя этмаганлиги натижасида исломий ижара объекти бут сақланган ҳолда ундан фойдаланиш имконияти тўлиқ ёки қисман йўқолса, микромолия ташкилоти мижоздан исломий ижара объектидан фойдаланиш имкониятини қайта тиклаб беришини талаб қилишга ҳақли.

Бунда микромолия ташкилоти исломий ижара объектидан фойдаланишидан қатъий назар объектни таъмирлаш даври учун мижоздан исломий ижара тўловларини тўлашни талаб қилиши мумкин.

50. Мижоз исломий ижара объектига унинг айби билан етказилган зарар учун жавобгардир. Бунда мижоз етказилган зарарларни қоплаб бериши ёки исломий ижара объектини унга мос келувчи бошқа объектга алмаштириб бериши лозим.

51. Исломий ижара объектига мижозга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра қисман зарар етказилса ва ушбу зарар исломий ижара объектидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини чекласа, мижоз исломий ижара шартномасини бекор қилиши ёки микромолия ташкилоти билан исломий ижара тўловлари миқдорини ўзгартириш тўғрисида келишиб олиши мумкин. Бунда исломий ижара объектидан фойдаланилмаган давр учун микромолия ташкилоти томонидан исломий ижара тўловлари ундирилмайди.

52. Исломий ижара объекти нобуд бўлган тақдирда, исломий ижара бўйича шартнома бекор қилинади ва кейинги исломий ижара тўловлари тўланмайди, бундан исломий ижара объекти мижознинг эҳтиётсизлиги ёки ўз мажбуриятларини бажариши чоғида инсофсиз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида нобуд бўлиши ҳолатлари мустасно.

53. Агар мижоз исломий ижара объектини шартномада белгиланган муддатдан аввал микромолия ташкилотига унинг розилигисиз қайтариб берса, микромолия ташкилоти мижоздан исломий ижара шартномасининг қолган даври учун исломий ижара тўловларини талаб қилишга ҳақли.

Исломий ижара шартномасининг қолган даври учун исломий ижара тўловлари мижоз томонидан тўлаб берилган тақдирда, исломий ижара объектига нисбатан ижара ҳуқуқи мижозда қолади ва микромолия ташкилоти томонидан мазкур исломий ижара объектини шартнома муддати тугагунга қадар учинчи шахсга исломий ижарага берилишига йўл қўйилмайди.

3-§. Ижара объектини кейинчалик сотиб олиш шарти асосида (ижара мунтаҳийя биттамлик) исломий ижара хизматини кўрсатиш

54. Микромолия ташкилоти ва мижоз ижара объектини мижоз томонидан кейинчалик сотиб олиниши шарти билан (ижара мунтаҳийя биттамлик) исломий ижара шартномасини тузишлари мумкин.

55. Ушбу Низомнинг 2-параграфида белгиланган талаблар ва қоидалар ижара объектини кейинчалик сотиб олиш шарти асосида исломий ижара хизматига нисбатан ҳам татбиқ қилинади.

56. Ижара объектини кейинчалик сотиб олиш шарти асосида исломий ижара хизмати доирасида ижара объектига нисбатан мулк ҳуқуқининг мижозга ўтказилиши алоҳида шартнома асосида амалга оширилиши лозим. Бунда мулк ҳуқуқини мижозга ўтказиш ижара объектини мижозга сотиш ёки ҳадя қилиш орқали амалга оширилиши мумкин.

57. Ижара объектини кейинчалик сотиб олиш шарти асосида исломий ижара хизмати бўйича исломий ижара объекти нобуд бўлса ёки исломий ижара объектининг яроқсиз ҳолатга келиши натижасида исломий ижара объектига нисбатан шартномавий муносабатларни давом эттириш имконияти мавжуд бўлмаса ва мазкур ҳолат мижознинг айби билан содир этилмаган бўлса, ижара тўловлари, шу жумладан ўтган давр учун амалга оширилган тўловлар миқдори ижара тўловларининг ўртача бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисобланиши ҳамда ўртадаги ижобий фарқ мижозга қайтариб берилиши лозим.

4-§. Олдиндан тўловга асосланган молиялаштириш (салам) хизматини кўрсатиш

58. Олдиндан тўловга асосланган молиялаштириш (бундан буён матнда олдиндан тўлов деб юритилади) хизмати микромолия ташкилоти томонидан мижознинг тегишли аризаси асосида кўрсатилади.

59. Вазнини тортиш, ўлчаш ёки санаш имконияти мавжуд бўлган ва бошқаси билан ўзаро алмаштирса бўладиган ашёлар (товарлар) олдиндан тўлов объекти сифатида олиниши мумкин. Бунда олдиндан тўлов объекти хусусиятларига кўра осон аниқлаш имконияти мавжуд бўлган ашё (товар) бўлиши лозим.

60. Олдиндан тўлов бўйича тўловларни микромолия ташкилоти мижозга шартнома тузилган кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмаган ҳолда тўлиқ тўлаб бериши лозим.

61. Пул маблағлари (валюта), крипто-активлар, олтин ва кумуш олдиндан тўлов объекти бўлиши мумкин эмас.

62. Олдиндан тўлов бўйича тузилган шартномада мижоз томонидан микромолия ташкилотига олдиндан тўлов объектини етказиб бериш вақти/муддати аниқ кўрсатилиши лозим.

63. Микромолия ташкилоти олдиндан тўлов хизмати бўйича шартнома шартларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида мижоздан қонунчиликда белгиланган тартибда таъминот талаб қилиши мумкин.

64. Олдиндан тўлов доирасида мижоз томонидан олдиндан тўлов хизмати шартномасида белгиланган товардан кўра сифатлироқ (яхшироқ) товар етказиб бериш таклиф қилинса ва ушбу таклиф учун товар нархи оширилмаса (қўшимча ҳақ талаб этилмаса), микромолия ташкилоти ушбу таклифни қабул қилиши лозим.

65. Агар мижоз томонидан етказиб берилган олдиндан тўлов объектининг сифати шартномада кўрсатилган талаблардан паст бўлса, микромолия ташкилоти олдиндан тўлов объектини қабул қилишни рад этиши ёки шу ҳолатда қабул қилиши мумкин.

66. Олдиндан тўлов объекти шартномада белгиланган муддатдан олдин етказиб берилса ва олдиндан тўлов объектини қабул қилишни рад этиш учун микромолия ташкилотида етарли асослар мавжуд бўлса, микромолия ташкилоти олдиндан тўлов объектини қабул қилмаслик ҳуқуқига эга.

67. Мижоз томонидан олдиндан тўлов шартномаси бўйича мажбуриятлар ўз муддатида бажарилмаса, микромолия ташкилоти олдиндан тўлов объектини етказиб бериш бўйича қўшимча вақт белгилашга ёки олдиндан тўлов шартномасини бекор қилган ҳолда олдиндан тўлов объекти учун тўланган тўловларни қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

68. Микромолия ташкилоти ва мижоз ўзаро келишган ҳолда тўловлар суммасини тўлиқ қайтариш шарти билан олдиндан тўлов объектининг етказиб берилишини бекор қилишлари мумкин.

Агар тарафлар олдиндан тўлов объектини етказиб беришни қисман бекор қилишга келишса, бекор қилинган олдиндан тўлов объекти қисмининг қийматига мувофиқ равишдаги тўлов суммаси мижоз томонидан микромолия ташкилотига қайтарилиши лозим.

69. Микромолия ташкилоти олдиндан тўлов объектини етказиб бериш муддатлари кечиктирилганлиги учун мижозга нисбатан неустойка қўллаши мумкин.

70. Микромолия ташкилотида олдиндан тўлов объектига нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келгунига қадар, микромолия ташкилоти ушбу объектни сотиш бўйича шартнома тузиши мумкин эмас.

5-§ Фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш (музораба) хизматини кўрсатиш

71. Фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш хизмати микромолия ташкилоти томонидан мижознинг тегишли аризаси асосида кўрсатилади.

Фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш хизмати доирасида мижознинг ёки учинчи шахснинг микромолия ташкилоти олдидаги қарзи капитал сифатида тақдим этилиши мумкин эмас.

72. Микромолия ташкилоти фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш хизмати бўйича шартнома шартларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида мижоздан қонунчиликда белгиланган тартибда таъминот талаб қилиши мумкин.

Агар мижоз томонидан амалга оширилган инсофсиз ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) натижасида микромолия ташкилоти зарар кўрган тақдирда, микромолия ташкилоти ушбу зарарни таъминот ҳисобидан қоплаши мумкин.

73. Фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш хизмати бўйича мижозга капитал микромолия ташкилоти томонидан моддий активлар шаклида тақдим этилса, мазкур моддий активларнинг қиймати аниқ кўрсатилиши лозим.

74. Фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш хизмати бўйича микромолия ташкилоти томонидан олинадиган фойда микромолия ташкилоти ва мижоз ўртасида тузилган шартнома шартларига мувофиқ олинадиган фойдадан улуш ажратиш шаклида тақсимланади.

Фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш хизмати доирасида тузилган шартномага тарафларнинг олинган фойдадан қатъий белгиланган сумма кўринишида фойда олиши юзасидан шартлар киритилиши мумкин эмас.

75. Микромолия ташкилоти ва мижоз ўртасида тузилган шартнома муддати якунланганда ёки тарафлар келишувига асосан муддатидан аввал тугатилганда, фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш хизмати доирасида олинган умумий даромадлар суммаси умумий харажатлар суммасига тенг бўлса, киритилган капитал (пул маблағлари) микромолия ташкилотига қайтарилади.

76. Микромолия ташкилоти фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш хизмати доирасида зарар кўрган тақдирда, мазкур зарарни мижоздан ундиришга рухсат этилмайди, бундан мижознинг ўз мажбуриятларини бажаришида инсофсиз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида етказилган зарарлар мустасно.

77. Агар мижоз фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш хизмати доирасида тузилган шартнома шартларини бажаришга киришган ёки мазкур шартнома муддати ҳали якунланмаган бўлса, ушбу шартнома микромолия ташкилоти томонидан бир томонлама бекор қилинишига йўл қўйилмайди, бундан шартнома шартларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

6-§ Шерикчилик — фойда ва зарарларни тақсимлашга асосланган молиялаштириш (мушорака) хизматини кўрсатиш

78. Шерикчилик — фойда ва зарарларни тақсимлашга асосланган молиялаштириш хизмати (бундан буён матнда шерикчилик деб юритилади) доирасида микромолия ташкилоти ва унинг мижозлари маълум бир миқдордаги пул маблағларини ёки ўзаро келишувга асосан моддий активларни юридик шахс ташкил этмасдан биргаликдаги фаолиятга ёхуд юридик шахс ташкил этган ҳолда унинг капиталига улуш сифатида киритадилар.

79. Шерикчилик доирасида шериклар шериклик фаолиятини бошқариш ҳуқуқини бир неча шерикларга ёки битта шерикка топшириш бўйича келишиб олишлари мумкин.

80. Шерикчилик доирасида капиталга моддий активлар пулсиз ҳисса сифатида киритилганда, мазкур активларнинг пул эквивалентидаги қиймати баҳоланиши ва мазкур қиймат асосида шерикчилик иштирокчиларининг умумий капиталдаги улуши қатъий белгилаб қўйилиши лозим.

81. Шерикчилик капиталига дебиторлик қарзларини ҳисса сифатида киритилишига рухсат берилмайди, бундан киритилаётган капиталнинг ажралмас қисми бўлган дебиторлик қарзлари мустасно.

82. Микромолия ташкилоти ва унинг мижоз(лар)и шерикчилик доирасида тузиладиган шартномани муайян муддат учун чекланган ёки чекланмаган муддатга тузишлари, шунингдек шартномани тўхтатиш ёки бекор қилиш учун асос бўлувчи шартларни ўзаро келишиб олишлари мумкин.

83. Микромолия ташкилоти шерикчилик хизмати бўйича мижознинг шартномада белгиланган мажбуриятларини бажариши учун ва эҳтимолий инсофсиз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликларни камайтириш мақсадида мижоздан таъминот тақдим этишни талаб қилиши мумкин.

84. Шерикчилик доирасида шартнома тузилаётган вақтда микромолия ташкилоти ва унинг мижоз(лар)и фойдани тақсимлашдаги улушлар миқдорини аниқ белгилаб олишлари лозим.

Фойда тақсимланаётган вақтга келиб микромолия ташкилоти ва мижоз фойда тақсимотидаги улушлар нисбатини ўзгартириш ёки бир тараф иккинчи тараф фойдасига ўз фойдасининг бир қисмидан ёки ҳаммасидан воз кечиши бўйича келишиб олишлари мумкин.

85. Агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, шерикчилик доирасида олинган фойда микромолия ташкилоти ва мижоз(лар) ўртасида ҳар бир тарафнинг капиталдаги улушидан келиб чиққан ҳолда тақсимланади.

Бунда олинадиган фойда қатъий белгиланган сумма кўринишида белгиланишига йўл қўйилмайди.

86. Микромолия ташкилоти ва мижоз(лар) ўртасидаги фойда тақсимоти келажакда олиниши кутилаётган даромад ва харажатларга боғланмаган бўлиши ва фаолиятнинг ҳақиқий молиявий натижаларидан келиб чиқиб амалга оширилиши керак.

87. Тарафлар ўртасида шерикчилик доирасида олинган фойданинг якуний тақсимоти фойдадан операцион харажатлар, комиссион йиғимлар, солиқлар ва тўловлар чегириб ташланганидан ҳамда дастлабки киритилган капитал қайтарилгандан сўнг амалга оширилиши мумкин.

88. Шерикчилик хизмати доирасида кўрилган зарарлар тақсимоти иштирокчилар ўртасида уларнинг капиталдаги улушидан келиб чиққан ҳолда тақсимланиши лозим.

Микромолия ташкилоти ва унинг мижоз(лар)и шерикчилик бўйича кўрилган зарарларни бир тараф зиммасига юклаш ёки иштирокчи зиммасига у киритган капитал миқдоридан ортиқ зарарларни юклаш юзасидан ўзаро келишиб олишлари мумкин эмас.

Мижоз(лар) олдиндан келишиб олмаган ҳолда шерикчилик доирасида кўрилган зарарларни ихтиёрий равишда ўз зиммасига олиши мумкин.

89. Шерикчилик доирасида микромолия ташкилоти капиталдаги ўзига тегишли бўлган улушни алоҳида шартнома асосида мижозга сотиши мумкин.

90. Шерикчилик доирасида тузилган шартноманинг ҳар бир тарафи (иштирокчиси) бошқа тарафларни хабардор қилган ҳолда шартномадан чиқиш ҳуқуқига эга. Бунда шартномадан чиқаётган тараф ўзининг капиталга қўшган улушини (ҳиссасини) талаб қилиши мумкин.

Шартномадан бир ёки бир неча тарафларнинг (иштирокчиларнинг) чиқиб кетиши қолган тарафларнинг шерикчилик муносабатларини тўхтатилишига олиб келмайди.

91. Шериклик фаолияти шерикчилик хизмати бўйича тузилган шартнома муддати якунланганлиги сабабли тугатилган тақдирда, шерикчиликнинг барча активлари жорий бозор қийматлари асосида сотилиши ва ундан тушган тушум қонунчилик ҳужжатлари ва шартнома шартларида белгиланган тартибда тақсимланиши лозим.

4-боб. Якуний қоидалар

92. Микромолия ташкилоти ва унинг мижозлари ўртасида вужудга келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

93. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Раис М. НУРМУРАТОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 19 июль,

23/4-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.07.2024 й., 10/24/3536/0560-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining

Qarori

NIZOM

Mikromoliya tashkilotlari tomonidan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarni koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi va “ Nobank kredit tashkilotlari va mikromoliyalashtirish faoliyati toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:

1. Mikromoliya tashkilotlari tomonidan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarni koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2024-yil 19-iyuldagi 23/4-son qaroriga ILOVA

Mikromoliya tashkilotlari tomonidan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarni koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom mikromoliya tashkilotlari tomonidan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarni koʻrsatish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

islomiy ijara — bu mikromoliya tashkiloti tomonidan mijozning arizasiga koʻra sotib olingan yoki oʻzining balansida boʻlgan isteʼmol qilinmaydigan ashyolarni (mol-mulkni) mijozga kelishilgan muddatga vaqtincha egalik qilish va (yoki) foydalanish uchun topshirish;

islomiy moliya masalalarini muvofiqlashtiruvchi maxsus kengash (bundan buyon matnda maxsus kengash deb yuritiladi) — mikromoliya tashkiloti tomonidan koʻrsatiladigan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarning qonunchilik hujjatlari va ushbu Nizom talablari asosida koʻrsatilishi uchun masʼul boʻlgan maxsus kengash ;

nasiya savdoga asoslangan moliyalashtirish (murobaha) — mikromoliya tashkiloti tomonidan tovarning xarid narxi va unga ustama miqdorini qoʻshgan holda, tovarni nasiyaga sotish orqali mijozni moliyalashtirish;

oldindan toʻlovga asoslangan moliyalashtirish (salam) — kelajakda yetkazib beriladigan tovarlar haqini ushbu tovarlarni yetkazib beruvchiga (mijozga) mikromoliya tashkiloti tomonidan toʻliq miqdorda oldindan toʻlash orqali mijozni moliyalashtirish;

foydani taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish (muzoraba) — mikromoliya tashkiloti tomonidan foyda olish maqsadida mijozning tijorat faoliyatiga pul mablagʻlarini ajratish orqali mijozni moliyalashtirish;

sherikchilik — foyda va zararlarni taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish (mushoraka) — mikromoliya tashkiloti tomonidan bir yoki bir nechta ishtirokchilar (mijozlar) bilan birgalikda tijorat faoliyatini (sherikchilikni) amalga oshirish yoki yuridik shaxslarning ustav kapitalida ishtirok etish orqali mijozni moliyalashtirish.

2. Mikromoliya tashkiloti ushbu Nizom talablari asosida mijozlarga islomiy moliyalashtirishga oid islomiy ijara, foydani taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish (muzoraba), nasiya savdoga asoslangan moliyalashtirish (murobaha), sherikchilik — foyda va zararlarni taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish (mushoraka), oldindan toʻlovga asoslangan moliyalashtirish (salam) xizmatlarini koʻrsatishi mumkin.

3. Mikromoliya tashkilotida islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlar koʻrsatilishi uchun maxsus kengash tashkil etilishi lozim. Mikromoliya tashkiloti ishtirokchilarining (aksiyadorlarining) umumiy yigʻilishi qaroriga muvofiq sohaga ixtisoslashgan uyushmalar yoki birlashmalar huzurida tashkil etilgan va ushbu Nizom bilan oʻrnatilgan talablarga mos keluvchi tarkibdan iborat boʻlgan maxsus kengashni shartnoma (autsorsing) asosida jalb qilishi mumkin. Bunda mikromoliya tashkiloti jalb qilingan maxsus kengash faoliyati bilan bogʻliq tavakkalchiliklarni boshqarish uchun javobgar boʻladi.

Mikromoliya tashkiloti maxsus kengash tashkil etilganligi yoki uning tarkibi oʻzgarganligi toʻgʻrisidagi axborotni mazkur harakatlar sodir etilgan kundan boshlab 10 ish kuni ichida ishtirokchilar (aksiyadorlar) umumiy yigʻilishining tegishli qarorini hamda maxsus kengash raisi va aʼzolarining mazkur Nizomning 2-bobida belgilangan talablarga muvofiqligini tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda Markaziy bankka taqdim etadi.

4. Mikromoliya tashkiloti tomonidan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlar qonunchilik hujjatlari talablari hamda maxsus kengash koʻrsatmalariga rioya qilgan holda koʻrsatilishi lozim.

5. Mikromoliya tashkiloti tomonidan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarni koʻrsatishda qonunchilik hujjatlarida taqiqlangan va maxsus kengash koʻrsatmalariga zid boʻlgan tovarlar savdosi bilan shugʻullanish hamda faoliyat turlarini moliyalashtirish taqiqlanadi.

6. Mikromoliya tashkiloti islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarni koʻrsatishda oʻz mijozlariga islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarning oʻziga xos xususiyatlari va ular bilan bogʻliq tavakkalchiliklar haqida tushuntirish berishlari shart.

7. Islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarni koʻrsatishga oid shartnoma tuzishdan avval mikromoliya tashkiloti va mijoz oʻrtasida dastlabki shartnoma tuzilishi mumkin.

Dastlabki shartnomada mijoz tomonidan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlar boʻyicha boʻnak toʻlovi amalga oshirilishi nazarda tutilishi mumkin.

8. Mikromoliya tashkiloti tomonidan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlar bilan bir qatorda Oʻzbekiston Respublikasi “Nobank kredit tashkilotlari va mikromoliyalashtirish faoliyati toʻgʻrisida”gi Qonunining 4-moddasi birinchi qismida belgilangan boshqa xizmatlar ham koʻrsatilsa, ushbu mikromoliya tashkilotining islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlar koʻrsatish bilan bogʻliq faoliyati boʻyicha buxgalteriya hisobi alohida yuritilishi lozim.

9. Mikromoliya tashkiloti tomonidan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlar koʻrsatish doirasida tuziladigan shartnomalarning mazkur Nizomda nazarda tutilmagan boshqa shartlari taraflarning kelishuvi asosida qonunchilikka va maxsus kengash koʻrsatmalariga muvofiq belgilanadi.

10. Mikromoliya tashkiloti mijozdan toʻlovlarni kechiktirganligi uchun neustoyka undirsa, undirilgan neustoykani alohida hisobvaraqda yuritishi va mijoz nomidan xayriya maqsadlariga yoʻnaltirishi lozim.

2-bob. Maxsus kengash va unga nisbatan qoʻyiladigan talablar

11. Mikromoliya tashkilotida maxsus kengash mikromoliya tashkiloti ishtirokchilarining (aksiyadorlarining) umumiy yigʻilishi tomonidan besh kishidan kam boʻlmagan tarkibda tashkil etiladi.

Maxsus kengashga maxsus kengash raisi rahbarlik qiladi.

Maxsus kengash raisi va aʼzolarini tayinlash hamda ularning vakolatlarini tugatish mikromoliya tashkiloti ishtirokchilarining (aksiyadorlarining) umumiy yigʻilishi tomonidan amalga oshiriladi.

12. Maxsus kengash raisi va aʼzolari Oʻzbekiston Respublikasi “Nobank kredit tashkilotlari va mikromoliyalashtirish faoliyati toʻgʻrisida”gi Qonunining 16-moddasi ikkinchi qismida belgilangan ishchanlik obroʻsiga doir talablarga muvofiq boʻlishi kerak.

13. Maxsus kengash aʼzolarining kamida bir nafari islom huquqi sohasida oliy maʼlumotga, bir nafari oliy yuridik maʼlumotga, qolgan aʼzolari esa islomiy moliyalashtirishga oid xalqaro sertifikatga ega boʻlishi lozim.

14. Maxsus kengash oʻz faoliyatini mikromoliya tashkiloti ishtirokchilarining (aksiyadorlarining) umumiy yigʻilishi tomonidan tasdiqlangan nizom asosida amalga oshiradi.

15. Maxsus kengashning xulosa va koʻrsatmalari mikromoliya tashkilotining ijro etuvchi organi aʼzolari yoki yakkaboshchilik asosidagi ijro etuvchi organ vazifasini amalga oshiruvchi shaxs uchun majburiy hisoblanadi.

16. Maxsus kengashning vazifalari quyidagilardan iborat:

mikromoliya tashkiloti tomonidan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarni amalga oshirish bilan bogʻliq namunaviy shartnomalar, ichki hujjatlar va hisobotlar loyihalarini koʻrib chiqish hamda maʼqullash;

mikromoliya tashkiloti tomonidan koʻrsatiladigan islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarning qonunchilik hujjatlariga muvofiqligini hamda islomiy moliyalashtirishni amalga oshirish standartlarida belgilangan talablarning inobatga olinishini taʼminlash va muvofiqlik holatini baholash natijalari toʻgʻrisida mikromoliya tashkilotining boshqaruv organlariga davriy hisobotlarni taqdim etish;

islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlar bilan bogʻliq tavakkalchiliklarni boshqarish va ichki nazorat tizimini joriy etishda mikromoliya tashkilotining boshqaruv hamda ijro etuvchi organlariga oʻz xulosalari va koʻrsatmalari orqali koʻmaklashish.

3-bob. Islomiy moliyalashtirishga oid xizmatlarni koʻrsatish

1-§. Nasiya savdoga asoslangan moliyalashtirish (murobaha) xizmatini koʻrsatish

17. Nasiya savdoga asoslangan moliyalashtirish (bundan buyon matnda nasiya savdo deb yuritiladi) xizmati mikromoliya tashkiloti tomonidan mijozning tegishli arizasi asosida amalga oshiriladi. Arizada mijoz nasiya savdo obyektining nomini, uni sotib olishga rozilik bildirgan taxminiy narxni, shuningdek xarid qilish shartlarini koʻrsatishi mumkin.

18. Mijoz mikromoliya tashkiloti bilan oʻzaro kelishgan holda nasiya savdo obyektini sotib olish mumkin boʻlgan sotuvchini belgilashi mumkin.

Agar boshqa sotuvchilarda nasiya savdo obyektini sotib olish boʻyicha maqbulroq takliflar mavjud boʻlsa, mikromoliya tashkiloti sotuvchini mustaqil tanlash huquqiga ega.

19. Mikromoliya tashkiloti mijozdan nasiya savdo obyekti boʻyicha pul mablagʻlari koʻrinishida boʻnak toʻlovini amalga oshirishni talab qilishi mumkin.

Boʻnak toʻlovi mijoz tomonidan nasiya savdo doirasida qaytarilishi lozim boʻlgan toʻlovlarning bir qismi sifatida qabul qilinadi.

20. Nasiya savdo boʻyicha mikromoliya tashkiloti nasiya savdo obyektini sotib olish va mijozga yetkazib berish bilan bogʻliq boʻlgan barcha tavakkalchiliklarni oʻz zimmasiga oladi.

Mikromoliya tashkiloti oʻzining mulkida boʻlmagan tovarni nasiya savdo obyekti sifatida mijozga sotishga haqli emas.

21. Nasiya savdo obyekti mijozning oʻzidan, uning vakilidan yoki mijoz ellik foizidan ortiq qismiga (ulushiga, aksiyasiga) egalik qiluvchi tashkilotdan sotib olinishi mumkin emas.

22. Agar mijoz va nasiya savdo obyektini mikromoliya tashkilotiga sotayotgan sotuvchi oʻrtasida nasiya savdo obyektini sotib olish boʻyicha shartnomaviy majburiyatlar mavjud boʻlsa, ushbu mijozga mazkur obyektning nasiya savdo asosida sotilishi mumkin emas.

23. Nasiya savdo doirasida nasiya savdo obyektining narxi va uning ustiga qoʻyilgan ustama haq miqdori aniq koʻrsatilishi lozim.

Nasiya savdo obyektining narxi yoki uning ustiga qoʻyilgan ustama haqning noaniq yoki kelgusida qiymatlari aniqlanadigan koʻrsatkichlarga bogʻlangan holda belgilanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

24. Nasiya savdo obyektini sotib olish, uni mijozga yetkazib berish va sugʻurtalash bilan bogʻliq xarajatlar mikromoliya tashkiloti hisobidan amalga oshiriladi.

Nasiya savdo obyektini sotib olish, yetkazib berish va sugʻurtalash bilan bogʻliq xarajatlar nasiya savdo obyektining xarid narxiga kiritilgan taqdirda, mikromoliya tashkiloti mazkur xarajatlar toʻgʻrisidagi tafsilotlarni mijozga batafsil ochiqlashi lozim.

25. Agar sotuvchi mikromoliya tashkilotiga nasiya savdo obyekti boʻyicha chegirma taqdim qilsa, mikromoliya tashkiloti nasiya savdo obyektini mijozga sotilgan narxini chegirmaga mutanosib ravishda kamaytirishi lozim.

26. Mikromoliya tashkiloti oʻz nomidan nasiya savdo obyektini sotib olish uchun mijozni yoki uchinchi shaxsni vakil sifatida belgilashi mumkin. Bunda mikromoliya tashkiloti nasiya savdo obyekti uchun toʻlovlarni toʻgʻridan-toʻgʻri sotuvchiga toʻlab berishi va tovar sotilganligini tasdiqlovchi hujjatlarni qabul qilib olishi lozim.

Mikromoliya tashkiloti va uning nomidan ish koʻruvchi vakil ular oʻrtasida tuziladigan vakillik shartnomasida nasiya savdo obyektini sotib olish bilan bogʻliq tavakkalchiliklar boʻyicha majburiyatlarni aniq belgilab olishlari shart.

27. Agar mijoz nasiya savdo obyektini sotib olishni rad etsa, mikromoliya tashkiloti ushbu obyektni uchinchi shaxsga sotishga haqli.

Mijoz nasiya savdo obyektini sotib olishni rad etgan taqdirda, mikromoliya tashkiloti nasiya savdo obyektini uchinchi shaxsga sotish bilan bogʻliq haqiqatda koʻrgan zararlarini mijoz tomonidan qoplab berilishini talab qilishga haqli.

Haqiqatda koʻrilgan zarar deganda mikromoliya tashkiloti tomonidan mijozning talabiga koʻra sotib olingan tovarning xarid narxi va mazkur tovarni mijoz tomonidan qabul qilish rad etilishi sababli uni uchinchi shaxsga sotilgan narxi oʻrtasidagi salbiy farq tushuniladi.

Mikromoliya tashkilotining nasiya savdo obyektini uchinchi shaxsga sotishi bilan bogʻliq haqiqatda koʻrgan zararlari mijoz taqdim qilgan boʻnak toʻlovidan chegirib tashlanishi mumkin. Bunda boʻnakning qolgan qismi mijozga qaytarilishi lozim.

28. Nasiya savdo boʻyicha toʻlovlar muddatining uzaytirib berilganligi uchun mijozdan mikromoliya tashkiloti foydasiga qoʻshimcha haq undirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

29. Mikromoliya tashkilotiga mijozlarga nasiya savdo xizmatini koʻrsatganligi uchun ulardan vositachilik haqlari va (yoki) boshqa turdagi yigʻimlarni undirish taqiqlanadi.

30. Pul mablagʻlari (valyuta), kripto-aktivlar, oltin va kumush nasiya savdo obyekti boʻlishi mumkin emas.

31. Mikromoliya tashkiloti va mijoz oʻrtasida amalda boʻlgan shartnoma boʻyicha nasiya savdo obyektini ayni shu mijozga yangi nasiya savdo shartnomasi asosida sotilishiga (qayta moliyalashtirilishiga) yoʻl qoʻyilmaydi.

32. Nasiya savdo boʻyicha toʻlovlar mijoz tomonidan muddatidan avval toʻlangan taqdirda, mikromoliya tashkiloti mijoz toʻlashi kerak boʻlgan summaning bir qismidan voz kechishi mumkin. Biroq, mazkur shart nasiya savdo shartnomasining bir qismi sifatida belgilanmasligi lozim.

2-§. Islomiy ijara xizmatini koʻrsatish

33. Islomiy ijara xizmati mikromoliya tashkiloti tomonidan mijozning tegishli arizasi asosida koʻrsatiladi. Arizada mijoz islomiy ijaraga olishni rejalashtirayotgan obyekt va unga tegishli xususiyatlarni koʻrsatishi mumkin.

34. Mikromoliya tashkiloti mijozdan islomiy ijara obyekti boʻyicha pul mablagʻlari koʻrinishida boʻnak toʻlovini amalga oshirishni talab qilishi mumkin.

Mazkur boʻnak toʻlovi islomiy ijara shartnomasi boʻyicha oldindan toʻlov sifatida hisobga olinishi va/yoki mijozning islomiy ijara obyektini qabul qilishdan bosh tortganligi natijasida mikromoliya tashkiloti haqiqatda koʻrgan zararlarini qoplash uchun yoʻnaltirilishi mumkin.

35. Mikromoliya tashkiloti mijozni yoki uchinchi shaxsni islomiy ijara obyektini sotib olish uchun vakil sifatida belgilashi mumkin.

36. Mikromoliya tashkiloti mijozga islomiy ijaraga berilgan mol-mulkdan foydalanish imkoniyatlarini cheklovchi har qanday nuqsonlar boʻyicha javobgarlikni oʻz zimmasiga oladi.

37. Mikromoliya tashkiloti tomonidan taqdim etilgan islomiy ijara obyekti islomiy ijara shartnomasida nazarda tutilgan xususiyatlarga mos kelmasa, mijoz islomiy ijara obyektini qabul qilishni rad etishi mumkin.

38. Mikromoliya tashkiloti zaruratga koʻra islomiy ijara obyektini sugʻurta qildirishi mumkin. Bunda sugʻurtalash bilan bogʻliq barcha xarajatlar mikromoliya tashkiloti hisobidan amalga oshiriladi va ushbu xarajatlar islomiy ijara toʻlovlari tarkibiga kiritilishi mumkin.

Mikromoliya tashkiloti va mijoz oʻrtasida islomiy ijara shartnomasi tuzilganidan soʻng, islomiy ijara toʻlovlari summasini oshiruvchi qoʻshimcha xarajatlarni mijoz zimmasiga yuklatilishi taqiqlanadi.

Taraflarning kelishuviga asosan islomiy ijara obyektini sugʻurtalash mikromoliya tashkilotining vakili sifatida mijoz tomonidan amalga oshirilishi mumkin.

39. Mikromoliya tashkiloti islomiy ijarani amalga oshirishi uchun islomiy ijara obyektiga nisbatan mulk huquqi mikromoliya tashkilotiga tegishli boʻlishi lozim.

Mikromoliya tashkiloti islomiy ijara obyektini oʻz mijozidan sotib olishi va uni yana ushbu mijozga islomiy ijaraga berishi mumkin. Bunda mikromoliya tashkiloti va mijoz oʻrtasida tuziladigan oldi-sotdi shartnomasida shartnoma obyektining keyinchalik islomiy ijaraga berilishi sharti nazarda tutilmasligi lozim.

40. Islomiy ijara obyekti mijoz tomonidan mikromoliya tashkiloti bilan kelishgan holda ikkilamchi islomiy ijaraga berilishi mumkin.

41. Islomiy ijara boʻyicha shartnoma muddati va toʻlovlar jadvali (grafik) aniq belgilangan boʻlishi lozim.

Islomiy ijara toʻlovlari davriy yoki bir yoʻla toʻlanadigan bir martalik toʻlov shaklida belgilanishi mumkin.

42. Mikromoliya tashkiloti islomiy ijara boʻyicha mijozning shartnomada belgilangan majburiyatlarini bajarishi va ehtimoliy insofsiz harakatlari (harakatsizligi) natijasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan tavakkalchiliklarni kamaytirish maqsadida mijozdan taʼminot taqdim etishni talab qilishi mumkin.

Mikromoliya tashkiloti tomonidan mijoz taqdim etgan taʼminotga nisbatan undiruv qaratilgan taqdirda, mikromoliya tashkiloti taʼminot qiymatidan faqat oʻtgan davrlar uchun hisoblangan toʻlovlarni va mijoz oʻz majburiyatlarini bajarmaganligi natijasida haqiqatda koʻrgan zararlari summasini ushlab qolishi mumkin.

Bunda mikromoliya tashkiloti mijoz tomonidan islomiy ijara obyektidan foydalanilmagan kelgusi davrlar uchun toʻlovlar undirishi taqiqlanadi.

43. Mikromoliya tashkiloti islomiy ijara boʻyicha toʻlovlarni islomiy ijara obyekti mijozga topshirilgan kundan boshlab hisoblashi lozim.

Islomiy ijara shartnomasi tuzilgan va islomiy ijara obyekti mijozga topshirilgan sanalar oʻrtasida tafovut boʻlgan taqdirda, mikromoliya tashkiloti tomonidan mazkur tafovut boʻlgan muddat uchun mijozdan toʻlovlar undirilishi taqiqlanadi.

44. Islomiy ijara obyekti mikromoliya tashkiloti tomonidan mijoz bilan birgalikda umumiy ulushli mulk sifatida ham sotib olinishi mumkin. Bunda islomiy ijara boʻyicha toʻlovlar mikromoliya tashkilotining umumiy mulkdagi ulushidan kelib chiqqan holda hisoblanadi.

45. Mijoz tomonidan islomiy ijara boʻyicha toʻlovlar kechiktirilsa, mikromoliya tashkiloti belgilangan muddatda islomiy ijara toʻlovlarining kechiktirilgan qismini bir yoʻla toʻlash lozimligi haqida mijozga xabar berib, xabarnomada koʻrsatilgan muddat tugaganidan soʻng islomiy ijara toʻlovlarining qolgan qismini bir yoʻla toʻlashni mijozdan talab qilishi mumkin.

46. Mijoz islomiy ijara toʻlovlarini kechiktirganligi uchun mikromoliya tashkiloti islomiy ijara toʻlovlarini oshirmasligi lozim. Mikromoliya tashkiloti islomiy ijara toʻlovlarini kechiktirganligi uchun mijozdan neustoyka undirishga haqli.

47. Mikromoliya tashkiloti islomiy ijara obyektiga nisbatan mulk huquqini uchinchi shaxsga oʻtkazishi mumkin.

Bunda mikromoliya tashkiloti islomiy ijara obyektiga nisbatan mulk huquqi oʻtayotgan shaxsni mazkur mulkka nisbatan islomiy ijara shartnomasi mavjudligi toʻgʻrisida xabardor qilishi lozim.

48. Islomiy ijara obyektini kapital taʼmirlash xarajatlari mikromoliya tashkiloti hisobidan, joriy taʼmirlash va davriy texnik xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq xarajatlar esa mijoz hisobidan qoplanadi. Taraflar kelishuviga asosan mijoz tomonidan kapital taʼmirlash ishlari amalga oshirilishi mumkin. Bunda kapital taʼmirlash bilan bogʻliq xarajatlar islomiy ijara toʻlovlari summasidan chegirib tashlanadi.

49. Agar mijozning insofsiz harakatlari (harakatsizligi) yoki islomiy ijara shartnomasining shartlariga rioya etmaganligi natijasida islomiy ijara obyekti but saqlangan holda undan foydalanish imkoniyati toʻliq yoki qisman yoʻqolsa, mikromoliya tashkiloti mijozdan islomiy ijara obyektidan foydalanish imkoniyatini qayta tiklab berishini talab qilishga haqli.

Bunda mikromoliya tashkiloti islomiy ijara obyektidan foydalanishidan qatʼiy nazar obyektni taʼmirlash davri uchun mijozdan islomiy ijara toʻlovlarini toʻlashni talab qilishi mumkin.

50. Mijoz islomiy ijara obyektiga uning aybi bilan yetkazilgan zarar uchun javobgardir. Bunda mijoz yetkazilgan zararlarni qoplab berishi yoki islomiy ijara obyektini unga mos keluvchi boshqa obyektga almashtirib berishi lozim.

51. Islomiy ijara obyektiga mijozga bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra qisman zarar yetkazilsa va ushbu zarar islomiy ijara obyektidan toʻliq foydalanish imkoniyatini cheklasa, mijoz islomiy ijara shartnomasini bekor qilishi yoki mikromoliya tashkiloti bilan islomiy ijara toʻlovlari miqdorini oʻzgartirish toʻgʻrisida kelishib olishi mumkin. Bunda islomiy ijara obyektidan foydalanilmagan davr uchun mikromoliya tashkiloti tomonidan islomiy ijara toʻlovlari undirilmaydi.

52. Islomiy ijara obyekti nobud boʻlgan taqdirda, islomiy ijara boʻyicha shartnoma bekor qilinadi va keyingi islomiy ijara toʻlovlari toʻlanmaydi, bundan islomiy ijara obyekti mijozning ehtiyotsizligi yoki oʻz majburiyatlarini bajarishi chogʻida insofsiz harakatlari (harakatsizligi) natijasida nobud boʻlishi holatlari mustasno.

53. Agar mijoz islomiy ijara obyektini shartnomada belgilangan muddatdan avval mikromoliya tashkilotiga uning roziligisiz qaytarib bersa, mikromoliya tashkiloti mijozdan islomiy ijara shartnomasining qolgan davri uchun islomiy ijara toʻlovlarini talab qilishga haqli.

Islomiy ijara shartnomasining qolgan davri uchun islomiy ijara toʻlovlari mijoz tomonidan toʻlab berilgan taqdirda, islomiy ijara obyektiga nisbatan ijara huquqi mijozda qoladi va mikromoliya tashkiloti tomonidan mazkur islomiy ijara obyektini shartnoma muddati tugagunga qadar uchinchi shaxsga islomiy ijaraga berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

3-§. Ijara obyektini keyinchalik sotib olish sharti asosida (ijara muntahiyya bittamlik) islomiy ijara xizmatini koʻrsatish

54. Mikromoliya tashkiloti va mijoz ijara obyektini mijoz tomonidan keyinchalik sotib olinishi sharti bilan (ijara muntahiyya bittamlik) islomiy ijara shartnomasini tuzishlari mumkin.

55. Ushbu Nizomning 2-paragrafida belgilangan talablar va qoidalar ijara obyektini keyinchalik sotib olish sharti asosida islomiy ijara xizmatiga nisbatan ham tatbiq qilinadi.

56. Ijara obyektini keyinchalik sotib olish sharti asosida islomiy ijara xizmati doirasida ijara obyektiga nisbatan mulk huquqining mijozga oʻtkazilishi alohida shartnoma asosida amalga oshirilishi lozim. Bunda mulk huquqini mijozga oʻtkazish ijara obyektini mijozga sotish yoki hadya qilish orqali amalga oshirilishi mumkin.

57. Ijara obyektini keyinchalik sotib olish sharti asosida islomiy ijara xizmati boʻyicha islomiy ijara obyekti nobud boʻlsa yoki islomiy ijara obyektining yaroqsiz holatga kelishi natijasida islomiy ijara obyektiga nisbatan shartnomaviy munosabatlarni davom ettirish imkoniyati mavjud boʻlmasa va mazkur holat mijozning aybi bilan sodir etilmagan boʻlsa, ijara toʻlovlari, shu jumladan oʻtgan davr uchun amalga oshirilgan toʻlovlar miqdori ijara toʻlovlarining oʻrtacha bozor qiymatidan kelib chiqqan holda qayta hisoblanishi hamda oʻrtadagi ijobiy farq mijozga qaytarib berilishi lozim.

4-§. Oldindan toʻlovga asoslangan moliyalashtirish (salam) xizmatini koʻrsatish

58. Oldindan toʻlovga asoslangan moliyalashtirish (bundan buyon matnda oldindan toʻlov deb yuritiladi) xizmati mikromoliya tashkiloti tomonidan mijozning tegishli arizasi asosida koʻrsatiladi.

59. Vaznini tortish, oʻlchash yoki sanash imkoniyati mavjud boʻlgan va boshqasi bilan oʻzaro almashtirsa boʻladigan ashyolar (tovarlar) oldindan toʻlov obyekti sifatida olinishi mumkin. Bunda oldindan toʻlov obyekti xususiyatlariga koʻra oson aniqlash imkoniyati mavjud boʻlgan ashyo (tovar) boʻlishi lozim.

60. Oldindan toʻlov boʻyicha toʻlovlarni mikromoliya tashkiloti mijozga shartnoma tuzilgan kundan boshlab uch ish kunidan kechikmagan holda toʻliq toʻlab berishi lozim.

61. Pul mablagʻlari (valyuta), kripto-aktivlar, oltin va kumush oldindan toʻlov obyekti boʻlishi mumkin emas.

62. Oldindan toʻlov boʻyicha tuzilgan shartnomada mijoz tomonidan mikromoliya tashkilotiga oldindan toʻlov obyektini yetkazib berish vaqti/muddati aniq koʻrsatilishi lozim.

63. Mikromoliya tashkiloti oldindan toʻlov xizmati boʻyicha shartnoma shartlarining bajarilishini taʼminlash maqsadida mijozdan qonunchilikda belgilangan tartibda taʼminot talab qilishi mumkin.

64. Oldindan toʻlov doirasida mijoz tomonidan oldindan toʻlov xizmati shartnomasida belgilangan tovardan koʻra sifatliroq (yaxshiroq) tovar yetkazib berish taklif qilinsa va ushbu taklif uchun tovar narxi oshirilmasa (qoʻshimcha haq talab etilmasa), mikromoliya tashkiloti ushbu taklifni qabul qilishi lozim.

65. Agar mijoz tomonidan yetkazib berilgan oldindan toʻlov obyektining sifati shartnomada koʻrsatilgan talablardan past boʻlsa, mikromoliya tashkiloti oldindan toʻlov obyektini qabul qilishni rad etishi yoki shu holatda qabul qilishi mumkin.

66. Oldindan toʻlov obyekti shartnomada belgilangan muddatdan oldin yetkazib berilsa va oldindan toʻlov obyektini qabul qilishni rad etish uchun mikromoliya tashkilotida yetarli asoslar mavjud boʻlsa, mikromoliya tashkiloti oldindan toʻlov obyektini qabul qilmaslik huquqiga ega.

67. Mijoz tomonidan oldindan toʻlov shartnomasi boʻyicha majburiyatlar oʻz muddatida bajarilmasa, mikromoliya tashkiloti oldindan toʻlov obyektini yetkazib berish boʻyicha qoʻshimcha vaqt belgilashga yoki oldindan toʻlov shartnomasini bekor qilgan holda oldindan toʻlov obyekti uchun toʻlangan toʻlovlarni qaytarishni talab qilishga haqli.

68. Mikromoliya tashkiloti va mijoz oʻzaro kelishgan holda toʻlovlar summasini toʻliq qaytarish sharti bilan oldindan toʻlov obyektining yetkazib berilishini bekor qilishlari mumkin.

Agar taraflar oldindan toʻlov obyektini yetkazib berishni qisman bekor qilishga kelishsa, bekor qilingan oldindan toʻlov obyekti qismining qiymatiga muvofiq ravishdagi toʻlov summasi mijoz tomonidan mikromoliya tashkilotiga qaytarilishi lozim.

69. Mikromoliya tashkiloti oldindan toʻlov obyektini yetkazib berish muddatlari kechiktirilganligi uchun mijozga nisbatan neustoyka qoʻllashi mumkin.

70. Mikromoliya tashkilotida oldindan toʻlov obyektiga nisbatan mulk huquqi vujudga kelguniga qadar, mikromoliya tashkiloti ushbu obyektni sotish boʻyicha shartnoma tuzishi mumkin emas.

5-§ Foydani taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish (muzoraba) xizmatini koʻrsatish

71. Foydani taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish xizmati mikromoliya tashkiloti tomonidan mijozning tegishli arizasi asosida koʻrsatiladi.

Foydani taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish xizmati doirasida mijozning yoki uchinchi shaxsning mikromoliya tashkiloti oldidagi qarzi kapital sifatida taqdim etilishi mumkin emas.

72. Mikromoliya tashkiloti foydani taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish xizmati boʻyicha shartnoma shartlarining bajarilishini taʼminlash maqsadida mijozdan qonunchilikda belgilangan tartibda taʼminot talab qilishi mumkin.

Agar mijoz tomonidan amalga oshirilgan insofsiz harakatlar (harakatsizlik) natijasida mikromoliya tashkiloti zarar koʻrgan taqdirda, mikromoliya tashkiloti ushbu zararni taʼminot hisobidan qoplashi mumkin.

73. Foydani taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish xizmati boʻyicha mijozga kapital mikromoliya tashkiloti tomonidan moddiy aktivlar shaklida taqdim etilsa, mazkur moddiy aktivlarning qiymati aniq koʻrsatilishi lozim.

74. Foydani taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish xizmati boʻyicha mikromoliya tashkiloti tomonidan olinadigan foyda mikromoliya tashkiloti va mijoz oʻrtasida tuzilgan shartnoma shartlariga muvofiq olinadigan foydadan ulush ajratish shaklida taqsimlanadi.

Foydani taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish xizmati doirasida tuzilgan shartnomaga taraflarning olingan foydadan qatʼiy belgilangan summa koʻrinishida foyda olishi yuzasidan shartlar kiritilishi mumkin emas.

75. Mikromoliya tashkiloti va mijoz oʻrtasida tuzilgan shartnoma muddati yakunlanganda yoki taraflar kelishuviga asosan muddatidan avval tugatilganda, foydani taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish xizmati doirasida olingan umumiy daromadlar summasi umumiy xarajatlar summasiga teng boʻlsa, kiritilgan kapital (pul mablagʻlari) mikromoliya tashkilotiga qaytariladi.

76. Mikromoliya tashkiloti foydani taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish xizmati doirasida zarar koʻrgan taqdirda, mazkur zararni mijozdan undirishga ruxsat etilmaydi, bundan mijozning oʻz majburiyatlarini bajarishida insofsiz harakatlari (harakatsizligi) natijasida yetkazilgan zararlar mustasno.

77. Agar mijoz foydani taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish xizmati doirasida tuzilgan shartnoma shartlarini bajarishga kirishgan yoki mazkur shartnoma muddati hali yakunlanmagan boʻlsa, ushbu shartnoma mikromoliya tashkiloti tomonidan bir tomonlama bekor qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi, bundan shartnoma shartlarida nazarda tutilgan hollar mustasno.

6-§ Sherikchilik — foyda va zararlarni taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish (mushoraka) xizmatini koʻrsatish

78. Sherikchilik — foyda va zararlarni taqsimlashga asoslangan moliyalashtirish xizmati (bundan buyon matnda sherikchilik deb yuritiladi) doirasida mikromoliya tashkiloti va uning mijozlari maʼlum bir miqdordagi pul mablagʻlarini yoki oʻzaro kelishuvga asosan moddiy aktivlarni yuridik shaxs tashkil etmasdan birgalikdagi faoliyatga yoxud yuridik shaxs tashkil etgan holda uning kapitaliga ulush sifatida kiritadilar.

79. Sherikchilik doirasida sheriklar sheriklik faoliyatini boshqarish huquqini bir necha sheriklarga yoki bitta sherikka topshirish boʻyicha kelishib olishlari mumkin.

80. Sherikchilik doirasida kapitalga moddiy aktivlar pulsiz hissa sifatida kiritilganda, mazkur aktivlarning pul ekvivalentidagi qiymati baholanishi va mazkur qiymat asosida sherikchilik ishtirokchilarining umumiy kapitaldagi ulushi qatʼiy belgilab qoʻyilishi lozim.

81. Sherikchilik kapitaliga debitorlik qarzlarini hissa sifatida kiritilishiga ruxsat berilmaydi, bundan kiritilayotgan kapitalning ajralmas qismi boʻlgan debitorlik qarzlari mustasno.

82. Mikromoliya tashkiloti va uning mijoz(lar)i sherikchilik doirasida tuziladigan shartnomani muayyan muddat uchun cheklangan yoki cheklanmagan muddatga tuzishlari, shuningdek shartnomani toʻxtatish yoki bekor qilish uchun asos boʻluvchi shartlarni oʻzaro kelishib olishlari mumkin.

83. Mikromoliya tashkiloti sherikchilik xizmati boʻyicha mijozning shartnomada belgilangan majburiyatlarini bajarishi uchun va ehtimoliy insofsiz harakatlari (harakatsizligi) natijasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan tavakkalchiliklarni kamaytirish maqsadida mijozdan taʼminot taqdim etishni talab qilishi mumkin.

84. Sherikchilik doirasida shartnoma tuzilayotgan vaqtda mikromoliya tashkiloti va uning mijoz(lar)i foydani taqsimlashdagi ulushlar miqdorini aniq belgilab olishlari lozim.

Foyda taqsimlanayotgan vaqtga kelib mikromoliya tashkiloti va mijoz foyda taqsimotidagi ulushlar nisbatini oʻzgartirish yoki bir taraf ikkinchi taraf foydasiga oʻz foydasining bir qismidan yoki hammasidan voz kechishi boʻyicha kelishib olishlari mumkin.

85. Agar shartnomada boshqacha tartib belgilanmagan boʻlsa, sherikchilik doirasida olingan foyda mikromoliya tashkiloti va mijoz(lar) oʻrtasida har bir tarafning kapitaldagi ulushidan kelib chiqqan holda taqsimlanadi.

Bunda olinadigan foyda qatʼiy belgilangan summa koʻrinishida belgilanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

86. Mikromoliya tashkiloti va mijoz(lar) oʻrtasidagi foyda taqsimoti kelajakda olinishi kutilayotgan daromad va xarajatlarga bogʻlanmagan boʻlishi va faoliyatning haqiqiy moliyaviy natijalaridan kelib chiqib amalga oshirilishi kerak.

87. Taraflar oʻrtasida sherikchilik doirasida olingan foydaning yakuniy taqsimoti foydadan operatsion xarajatlar, komission yigʻimlar, soliqlar va toʻlovlar chegirib tashlanganidan hamda dastlabki kiritilgan kapital qaytarilgandan soʻng amalga oshirilishi mumkin.

88. Sherikchilik xizmati doirasida koʻrilgan zararlar taqsimoti ishtirokchilar oʻrtasida ularning kapitaldagi ulushidan kelib chiqqan holda taqsimlanishi lozim.

Mikromoliya tashkiloti va uning mijoz(lar)i sherikchilik boʻyicha koʻrilgan zararlarni bir taraf zimmasiga yuklash yoki ishtirokchi zimmasiga u kiritgan kapital miqdoridan ortiq zararlarni yuklash yuzasidan oʻzaro kelishib olishlari mumkin emas.

Mijoz(lar) oldindan kelishib olmagan holda sherikchilik doirasida koʻrilgan zararlarni ixtiyoriy ravishda oʻz zimmasiga olishi mumkin.

89. Sherikchilik doirasida mikromoliya tashkiloti kapitaldagi oʻziga tegishli boʻlgan ulushni alohida shartnoma asosida mijozga sotishi mumkin.

90. Sherikchilik doirasida tuzilgan shartnomaning har bir tarafi (ishtirokchisi) boshqa taraflarni xabardor qilgan holda shartnomadan chiqish huquqiga ega. Bunda shartnomadan chiqayotgan taraf oʻzining kapitalga qoʻshgan ulushini (hissasini) talab qilishi mumkin.

Shartnomadan bir yoki bir necha taraflarning (ishtirokchilarning) chiqib ketishi qolgan taraflarning sherikchilik munosabatlarini toʻxtatilishiga olib kelmaydi.

91. Sheriklik faoliyati sherikchilik xizmati boʻyicha tuzilgan shartnoma muddati yakunlanganligi sababli tugatilgan taqdirda, sherikchilikning barcha aktivlari joriy bozor qiymatlari asosida sotilishi va undan tushgan tushum qonunchilik hujjatlari va shartnoma shartlarida belgilangan tartibda taqsimlanishi lozim.

4-bob. Yakuniy qoidalar

92. Mikromoliya tashkiloti va uning mijozlari oʻrtasida vujudga keladigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

93. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Rais M. NURMURATOV

Toshkent sh.,

2024-yil 19-iyul,

23/4-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.07.2024-y., 10/24/3536/0560-son)

lex.uz