UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 23-iyul · Boshqa hujjatlar · Konstitutsiyaviy sudi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 23 июль · Бошқа ҳужжатлар · Конституциявий суди

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 23 июля 2024 г. · Другие документы · Конституционного суда

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 23 July 2024 · Other documents · Konstitutsiyaviy sudi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг

Қарори

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 86-моддаси биринчи қисмига шарҳ бериш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди (бундан буён матнда — Конституциявий суд) раислик қилувчи М. Абдусаломов, судьялар А. Ғафуров, Ж. Балкибаева, К. Давлетова, Р. Исмайлов, А. Рахимов ва А. Рахмановдан иборат таркибда, катта эксперт У. Гиязовнинг котиблигида, тарафларнинг вакиллари — Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг (бундан буён матнда — Миллий марказ) бўлим бошлиғи О. Норбоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати А. Шадманов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмита раиси ўринбосари Ш. Чўллиев ва тегишли давлат органлари вакиллари иштирокида, Миллий марказнинг мурожаати бўйича «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 86-моддаси биринчи қисмига расмий шарҳ бериш тўғрисидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.

Конституциявий суд маърузачи судья Р. Исмайловнинг маърузасини, Миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва тегишли давлат органлари вакилларининг тушунтиришларини ҳамда Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоларининг фикрларини эшитиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:

Миллий марказ 2024 йил 24 июнь куни Конституциявий судга мурожаат қилиб, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 86-моддаси биринчи қисмига расмий шарҳ беришни сўраган.

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг (бундан буён матнда — Конституциявий қонун) 27-моддаси биринчи қисмига мувофиқ Миллий марказ Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 133-моддаси ва Конституциявий қонуннинг 4-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради.

Мазкур масалани ўрганиб чиқиб ва иш материалларини таҳлил қилиб Конституциявий суд, Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмида белгиланган нормани турли хил талқин қилиниши ҳамда амалиётда нотўғри қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар мавжудлигига аниқлик киритиш мақсадга мувофиқ деган хулосага келди.

Миллий марказнинг мурожаатидан аниқланишича, 2024 йил 23 январь куни фуқаро К. Эшматов Миллий марказга мурожаат қилиб, Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган бир йиллик муддат суд қарори қабул қилинган кундан ёки Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисида берган аризасига жавоб хати берилган кундан бошлаб ҳисобланиши ҳақида тушунтириш беришни сўраган. Фуқаронинг айнан ушбу мазмундаги мурожаати Конституциявий суд томонидан ўрганиб чиқилиб, унга 2023 йил 13 сентябрда (02-12/2423-сонли хат) Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг тегишли ажрими чиққан кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай Конституциявий судга мурожаат қилиш кераклиги ҳақида тушунтириш берилган.

Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳам бир неча марта ўрганиб чиқилган. Хусусан, Адлия вазирлигининг 2024 йил 10 майдаги жавоб хатида қонунда назарда тутилган бир йиллик муддат кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилиб, шикоятни (протестни) берган шахсга юборилган вақтдан ёки кассация инстанцияси судининг ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилган кундан ҳисобланиши тушунтирилган.

Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, Миллий марказ, Конституциявий судга мурожаат қилиб, Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмига мувофиқ фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг қонунда белгиланган тартибда Конституциявий судга мурожаат қилиш муддати қайси вақтдан ҳисобланиши ҳақида расмий шарҳ беришни сўраган.

Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятлари, агар судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда ишни кўриб чиқиш тугаган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай берилади. Ушбу норма Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 55-моддасининг учинчи қисми , 133-моддасининг иккинчи қисми қоидаларидан келиб чиқади.

Конституциявий қонуннинг 85-моддаси биринчи қисмига биноан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини расмий шарҳлаш уларда нормаларнинг амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар топилган тақдирда амалга оширилади. Шунингдек, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 55-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ноаниқликлар топилган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда амалга оширилиши белгиланган.

Конституциявий қонуннинг 85-моддаси иккинчи қисмига биноан Конституциявий судга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини расмий шарҳлаш ҳақидаги мурожаатда Конституцияда ва қонунда уларнинг амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар мавжудлигига доир важлар ҳамда далиллар кўрсатилган бўлиши керак.

Шунингдек, Конституциявий қонуннинг 85-моддаси тўртинчи қисмига биноан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини расмий шарҳлаш жараёнида уларга нормаларни аниқлаштиришга қаратилган тузатишлар, ўзгартишлар, қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

Миллий марказнинг мурожаатида Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмида белгиланган бир йиллик муддатни ҳисоблашда ноаниқликнинг мавжудлиги ва бу амалиётда қонун нормасининг нотўғри талқин қилинишига олиб келаётганлиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 55-моддаси учинчи қисмига кўра, ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 6-моддасига мувофиқ, суд кўрилаётган ва ҳал этилаётган масала бўйича ҳал қилув қарори, қарор, ажрим ва буйруқ шаклидаги суд ҳужжатларини қабул қилади. Бунда биринчи инстанция суди ишни мазмунан кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилади, иш мазмунан ҳал этилмайдиган масалаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради. Апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси суди ишни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати ишни тафтиш тартибида кўриш натижаси бўйича қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 5-моддасига кўра, суд ҳал қилув қарори, ажрим, қарор, суд буйруғи шаклидаги суд ҳужжатларини қабул қилади. Биринчи инстанция судида ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинади, иш мазмунан ҳал этилмайдиган масалаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади. Апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоятларни (протестларни) кўриш натижалари бўйича судлар қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 7-моддасига кўра, биринчи инстанция судида ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинади, иш мазмунан ҳал этилмайдиган масалаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади. Апелляция, кассация ва тафтиш шикоятларини (протестларини) кўриш натижалари бўйича судлар қарор қабул қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 28-моддасига кўра, биринчи инстанция суди жиноят иши бўйича ҳукм ёки ажрим чиқаради. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ҳукм ёки ажрим чиқаради. Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ҳукмлари ва ажримлари устидан, агар улар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ҳукм ёки ажрим чиқаради. Тафтиш инстанцияси суди биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанцияси судида кўриб чиқилган ҳукмлари ва ажримлари устидан, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанцияси судининг ҳукмлари ёхуд ажримлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ҳукм, қарор, ажрим чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг талабларига кўра, суд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижаси юзасидан барча инстанцияларда қарор чиқаради.

Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмида агар судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда ишни кўриб чиқиш тугаган кундан эътиборан Конституциявий судга мурожаат қилиш учун қатъий бир йиллик муддат белгиланган.

Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиш деганда, шикоят қилувчи субъектлар (фуқаролар ёки юридик шахслар) томонидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланишлари, шунингдек, судда ишни кўриб чиқиш тугаган кун деганда ишни моҳиятдан кўриб чиқиш натижаларига кўра, узил-кесил қабул қилинган суд ҳужжатлари ҳамда иш бўйича ишнинг кейинги кўриб чиқилишини истисно қиладиган охирги суд ҳужжатларининг қабул қилинганлигини тушуниш лозим.

Миллий марказнинг Конституциявий судга киритган мурожаатига асос бўлган фуқаролик иши бўйича суд ҳужжатлари мазкур иш кўрилган вақтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг нормаларига мувофиқ қабул қилинган. Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунига асосан ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилди.

Конституциявий суд юқорида кўрсатилган ҳолатларни инобатга олиб, Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмида белгиланган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятлари, агар судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда ишни кўриб чиқиш тугаган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай берилиши ҳақидаги нормани турли хил талқин қилиниши ҳамда амалиётда нотўғри қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар мавжудлиги боис ушбу қонун нормасига шарҳ беришни лозим деб топди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 133-моддаси биринчи қисмининг 5-банди , «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми 4-банди , 67 , 69 , 70 , 72 ва 85-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:

1. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмига қуйидаги мазмундаги шарҳ берилсин:

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмида «Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятлари, агар судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда ишни кўриб чиқиш тугаган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай берилади», деган нормасида белгиланган «судда ишни кўриб чиқиш тугаган кун» жумласини суд томонидан ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича охирги суд ҳужжати қабул қилинган кун, деб тушуниш лозим.

2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ушбу қарори «Халқ сўзи» газетаси, «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси ва Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

3. Мазкур қарор қатъий, унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас ва у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди

Тошкент ш.,

2024 йил 23 июль,

КСҚ-3-сон

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining

Qarori

“Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy qonunining 86-moddasi birinchi qismiga sharh berish haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi (bundan buyon matnda — Konstitutsiyaviy sud) raislik qiluvchi M. Abdusalomov, sudyalar A. Gʻafurov, J. Balkibayeva, K. Davletova, R. Ismaylov, A. Raximov va A. Raxmanovdan iborat tarkibda, katta ekspert U. Giyazovning kotibligida, taraflarning vakillari — Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazining (bundan buyon matnda — Milliy markaz) boʻlim boshligʻi O. Norboyev, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasining deputati A. Shadmanov, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Senatining qoʻmita raisi oʻrinbosari Sh. Choʻlliyev va tegishli davlat organlari vakillari ishtirokida, Milliy markazning murojaati boʻyicha “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy qonunining 86-moddasi birinchi qismiga rasmiy sharh berish toʻgʻrisidagi ishni ochiq sud majlisida koʻrib chiqdi.

Konstitutsiyaviy sud maʼruzachi sudya R. Ismaylovning maʼruzasini, Milliy markaz, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi va tegishli davlat organlari vakillarining tushuntirishlarini hamda Konstitutsiyaviy sud huzuridagi Ilmiy-maslahat kengashi aʼzolarining fikrlarini eshitib, ish materiallarini oʻrganib chiqib, quyidagilarni aniqladi:

Milliy markaz 2024-yil 24-iyun kuni Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilib, “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy qonunining 86-moddasi birinchi qismiga rasmiy sharh berishni soʻragan.

“Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy qonunining (bundan buyon matnda — Konstitutsiyaviy qonun) 27-moddasi birinchi qismiga muvofiq Milliy markaz Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish huquqiga ega.

Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 133-moddasi va Konstitutsiyaviy qonunning 4-moddasiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari normalariga sharh beradi.

Mazkur masalani oʻrganib chiqib va ish materiallarini tahlil qilib Konstitutsiyaviy sud, Konstitutsiyaviy qonunning 86-moddasi birinchi qismida belgilangan normani turli xil talqin qilinishi hamda amaliyotda notoʻgʻri qoʻllanilishiga olib kelgan noaniqliklar mavjudligiga aniqlik kiritish maqsadga muvofiq degan xulosaga keldi.

Milliy markazning murojaatidan aniqlanishicha, 2024-yil 23-yanvar kuni fuqaro K. Eshmatov Milliy markazga murojaat qilib, Konstitutsiyaviy qonunning 86-moddasi birinchi qismida nazarda tutilgan bir yillik muddat sud qarori qabul qilingan kundan yoki Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi raisiga ishni kassatsiya tartibida takroran koʻrish haqida protest kiritish toʻgʻrisida bergan arizasiga javob xati berilgan kundan boshlab hisoblanishi haqida tushuntirish berishni soʻragan. Fuqaroning aynan ushbu mazmundagi murojaati Konstitutsiyaviy sud tomonidan oʻrganib chiqilib, unga 2023-yil 13-sentabrda (02-12/2423-sonli xat) Oliy sud fuqarolik ishlari boʻyicha sudlov hayʼatining tegishli ajrimi chiqqan kundan eʼtiboran bir yildan kechiktirmay Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish kerakligi haqida tushuntirish berilgan.

Ushbu masala Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan ham bir necha marta oʻrganib chiqilgan. Xususan, Adliya vazirligining 2024-yil 10-maydagi javob xatida qonunda nazarda tutilgan bir yillik muddat kassatsiya shikoyatini (protestini) qabul qilishni rad etish toʻgʻrisida ajrim chiqarilib, shikoyatni (protestni) bergan shaxsga yuborilgan vaqtdan yoki kassatsiya instansiyasi sudining ishni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha ajrim chiqarilgan kundan hisoblanishi tushuntirilgan.

Mazkur holatlardan kelib chiqib, Milliy markaz, Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilib, Konstitutsiyaviy qonunning 86-moddasi birinchi qismiga muvofiq fuqarolar hamda yuridik shaxslarning qonunda belgilangan tartibda Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish muddati qaysi vaqtdan hisoblanishi haqida rasmiy sharh berishni soʻragan.

Konstitutsiyaviy qonunning 86-moddasi birinchi qismiga muvofiq, konstitutsiyaviy huquq va erkinliklari muayyan ishda qoʻllanilgan va Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq boʻlmagan qonunda buzilgan deb hisoblovchi fuqarolar hamda yuridik shaxslarning shikoyatlari, agar sudda himoya qilishning boshqa barcha vositalaridan foydalanib boʻlingan boʻlsa, sudda ishni koʻrib chiqish tugagan kundan eʼtiboran bir yildan kechiktirmay beriladi. Ushbu norma Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi 55-moddasining uchinchi qismi , 133-moddasining ikkinchi qismi qoidalaridan kelib chiqadi.

Konstitutsiyaviy qonunning 85-moddasi birinchi qismiga binoan Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari normalarini rasmiy sharhlash ularda normalarning amaliyotda notoʻgʻri yoki ziddiyatli tarzda qoʻllanilishiga olib kelgan noaniqliklar topilgan taqdirda amalga oshiriladi. Shuningdek, “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida”gi Qonunning 55-moddasida normativ-huquqiy hujjatlarni rasmiy sharhlash normativ-huquqiy hujjatda noaniqliklar topilgan, u amaliyotda notoʻgʻri yoki ziddiyatli tarzda qoʻllanilgan taqdirda amalga oshirilishi belgilangan.

Konstitutsiyaviy qonunning 85-moddasi ikkinchi qismiga binoan Konstitutsiyaviy sudga Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari normalarini rasmiy sharhlash haqidagi murojaatda Konstitutsiyada va qonunda ularning amaliyotda notoʻgʻri yoki ziddiyatli tarzda qoʻllanilishiga olib kelgan noaniqliklar mavjudligiga doir vajlar hamda dalillar koʻrsatilgan boʻlishi kerak.

Shuningdek, Konstitutsiyaviy qonunning 85-moddasi toʻrtinchi qismiga binoan Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari normalarini rasmiy sharhlash jarayonida ularga normalarni aniqlashtirishga qaratilgan tuzatishlar, oʻzgartishlar, qoʻshimchalar kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Milliy markazning murojaatida Konstitutsiyaviy qonunning 86-moddasi birinchi qismida belgilangan bir yillik muddatni hisoblashda noaniqlikning mavjudligi va bu amaliyotda qonun normasining notoʻgʻri talqin qilinishiga olib kelayotganligi koʻrsatilgan.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaning 55-moddasi uchinchi qismiga koʻra, har kimga buzilgan huquq va erkinliklarini tiklash uchun uning ishi qonunda belgilangan muddatlarda vakolatli, mustaqil hamda xolis sud tomonidan koʻrib chiqilishi huquqi kafolatlanadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik protsessual kodeksining 6-moddasiga muvofiq, sud koʻrilayotgan va hal etilayotgan masala boʻyicha hal qiluv qarori, qaror, ajrim va buyruq shaklidagi sud hujjatlarini qabul qiladi. Bunda birinchi instansiya sudi ishni mazmunan koʻrib chiqish natijalari boʻyicha hal qiluv qarori qabul qiladi, ish mazmunan hal etilmaydigan masalalarni koʻrish natijalari boʻyicha ajrim chiqaradi. Apellyatsiya, kassatsiya va taftish instansiyasi sudi ishni koʻrish natijalari boʻyicha ajrim chiqaradi. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudining Rayosati ishni taftish tartibida koʻrish natijasi boʻyicha qaror qabul qiladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy protsessual kodeksining 5-moddasiga koʻra, sud hal qiluv qarori, ajrim, qaror, sud buyrugʻi shaklidagi sud hujjatlarini qabul qiladi. Birinchi instansiya sudida ishni mazmunan koʻrish natijalari boʻyicha hal qiluv qarori qabul qilinadi, ish mazmunan hal etilmaydigan masalalarni koʻrish natijalari boʻyicha ajrim chiqariladi. Apellyatsiya, kassatsiya va taftish tartibidagi shikoyatlarni (protestlarni) koʻrish natijalari boʻyicha sudlar qaror qabul qiladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Maʼmuriy sud ishlarini yuritish toʻgʻrisidagi kodeksining 7-moddasiga koʻra, birinchi instansiya sudida ishni mazmunan koʻrish natijalari boʻyicha hal qiluv qarori, qaror qabul qilinadi, ish mazmunan hal etilmaydigan masalalarni koʻrish natijalari boʻyicha ajrim chiqariladi. Apellyatsiya, kassatsiya va taftish shikoyatlarini (protestlarini) koʻrish natijalari boʻyicha sudlar qaror qabul qiladi.

Shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Jinoyat-protsessual kodeksining 28-moddasiga koʻra, birinchi instansiya sudi jinoyat ishi boʻyicha hukm yoki ajrim chiqaradi. Apellyatsiya instansiyasi sudi birinchi instansiya sudining qonuniy kuchga kirmagan hukmlari va ajrimlari ustidan berilgan shikoyatlar (protestlar) boʻyicha ishlarni koʻrib, hukm yoki ajrim chiqaradi. Kassatsiya instansiyasi sudi birinchi instansiya sudining qonuniy kuchga kirgan hukmlari va ajrimlari ustidan, agar ular apellyatsiya tartibida koʻrilmagan boʻlsa, shikoyatlar (protestlar) boʻyicha ishlarni koʻrib, hukm yoki ajrim chiqaradi. Taftish instansiyasi sudi birinchi instansiya sudining apellyatsiya yoki kassatsiya, tegishli taftish instansiyasi sudida koʻrib chiqilgan hukmlari va ajrimlari ustidan, shuningdek apellyatsiya yoki kassatsiya, tegishli taftish instansiyasi sudining hukmlari yoxud ajrimlari ustidan berilgan shikoyatlar (protestlar) boʻyicha ishlarni koʻrib, hukm, qaror, ajrim chiqaradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksining talablariga koʻra, sud maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishni koʻrib chiqish natijasi yuzasidan barcha instansiyalarda qaror chiqaradi.

Konstitutsiyaviy qonunning 86-moddasi birinchi qismida agar sudda himoya qilishning boshqa barcha vositalaridan foydalanib boʻlingan boʻlsa, sudda ishni koʻrib chiqish tugagan kundan eʼtiboran Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish uchun qatʼiy bir yillik muddat belgilangan.

Konstitutsiyaviy qonunning 86-moddasi birinchi qismida nazarda tutilgan sudda himoya qilishning boshqa barcha vositalaridan foydalanish deganda, shikoyat qiluvchi subyektlar (fuqarolar yoki yuridik shaxslar) tomonidan qonunchilikda belgilangan tartib va muddatlarda sud hujjatlari ustidan shikoyat qilish huquqidan foydalanishlari, shuningdek, sudda ishni koʻrib chiqish tugagan kun deganda ishni mohiyatdan koʻrib chiqish natijalariga koʻra, uzil-kesil qabul qilingan sud hujjatlari hamda ish boʻyicha ishning keyingi koʻrib chiqilishini istisno qiladigan oxirgi sud hujjatlarining qabul qilinganligini tushunish lozim.

Milliy markazning Konstitutsiyaviy sudga kiritgan murojaatiga asos boʻlgan fuqarolik ishi boʻyicha sud hujjatlari mazkur ish koʻrilgan vaqtda amalda boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik protsessual kodeksining normalariga muvofiq qabul qilingan. Oʻzbekiston Respublikasining 2023-yil 25-dekabrda qabul qilingan “Sud qarorlarining qonuniyligi, asosliligi va adolatliligini tekshirish tartibi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik protsessual kodeksiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi Qonuniga asosan ishlarni viloyat sudlarida va ularga tenglashtirilgan sudlarda apellyatsiya yoki kassatsiya va taftish tartibida koʻrish bosqichlari joriy etildi.

Konstitutsiyaviy sud yuqorida koʻrsatilgan holatlarni inobatga olib, Konstitutsiyaviy qonunning 86-moddasi birinchi qismida belgilangan konstitutsiyaviy huquq va erkinliklari muayyan ishda qoʻllanilgan va Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq boʻlmagan qonunda buzilgan deb hisoblovchi fuqarolar hamda yuridik shaxslarning shikoyatlari, agar sudda himoya qilishning boshqa barcha vositalaridan foydalanib boʻlingan boʻlsa, sudda ishni koʻrib chiqish tugagan kundan eʼtiboran bir yildan kechiktirmay berilishi haqidagi normani turli xil talqin qilinishi hamda amaliyotda notoʻgʻri qoʻllanilishiga olib kelgan noaniqliklar mavjudligi bois ushbu qonun normasiga sharh berishni lozim deb topdi.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi 133-moddasi birinchi qismining 5-bandi , “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonunning 4-moddasi birinchi qismi 4-bandi , 67 , 69 , 70 , 72 va 85-moddalariga amal qilgan holda, Konstitutsiyaviy sud qaror qildi:

1. “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonunning 86-moddasi birinchi qismiga quyidagi mazmundagi sharh berilsin:

“Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonunning 86-moddasi birinchi qismida “Konstitutsiyaviy huquq va erkinliklari muayyan ishda qoʻllanilgan va Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq boʻlmagan qonunda buzilgan deb hisoblovchi fuqarolar hamda yuridik shaxslarning shikoyatlari, agar sudda himoya qilishning boshqa barcha vositalaridan foydalanib boʻlingan boʻlsa, sudda ishni koʻrib chiqish tugagan kundan eʼtiboran bir yildan kechiktirmay beriladi”, degan normasida belgilangan “sudda ishni koʻrib chiqish tugagan kun” jumlasini sud tomonidan ishni koʻrib chiqish natijasi boʻyicha oxirgi sud hujjati qabul qilingan kun, deb tushunish lozim.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining ushbu qarori “Xalq soʻzi” gazetasi, “Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami”, Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi va Konstitutsiyaviy sudning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinsin.

3. Mazkur qaror qatʼiy, uning ustidan shikoyat qilinishi mumkin emas va u rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi

Toshkent sh.,

2024-yil 23-iyul,

KSQ-3-son

lex.uz