📅 2024-yil 14-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 14-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 14 июнь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Иқтисодиёт ва молия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 июня 2024 г. · Документы министерств и ведомств · Министр экономики и финансов
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 June 2024 · Ministry and agency documents · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВА МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
РЎЙХАТИ
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (23-сонли БҲМС) «Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш»ни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (23-сонли БҲМС) «Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш» 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 июндаги 142-сон буйруғига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (23-сонли БҲМС) «Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш»
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (бундан буён матнда БҲМС деб юритилади) «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш элементи бўлиб ҳисобланади.
2. Мазкур БҲМСнинг мақсади қайта ташкил этишни амалга ошириш ҳақидаги маълумотни молиявий ҳисоботда ёритиб бериш тартибини белгилаш ҳисобланади.
3. Мазкур БҲМСнинг амал қилиши бюджет ташкилотлари, банклар ва нобанк кредит ташкилотларидан ташқари Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган юридик шахсларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) нисбатан татбиқ қилинади.
4. Мазкур БҲМС давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш билан боғлиқ хўжалик операцияларига нисбатан қўлланилмайди.
5. Ташкилотни қайта ташкил этиш унинг таъсисчилари (иштирокчилари) ёки таъсис ҳужжатларида шунга вакил қилинган юридик шахс органининг қарорига мувофиқ қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
а) қўшиб юбориш;
б) қўшиб олиш;
в) бўлиш;
г) ажратиб чиқариш;
д) ўзгартириш.
6. Мазкур БҲМСда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
қўшиб юбориш — ўз фаолиятларини тугатиш орқали икки ёки бир нечта ташкилотларнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятларини берган ҳолда янги ташкилотни вужудга келтирилиши;
қўшиб олиш — бир ёки бир нечта ташкилот фаолиятини тўхтатиб, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бошқа ташкилотга бериш;
бўлиш — ташкилот фаолиятини тўхтатиб, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини янги тузилаётган ташкилотларга бериш;
ажратиб чиқариш — ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бир қисмини унга бериш йўли билан янги ташкилотни вужудга келтириш;
ўзгартириш — янги вужудга келган юридик шахсга қайта ташкил этилган юридик шахснинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бериш йўли билан ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш;
қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг жорий фаолияти билан боғлиқ операциялар — товар-моддий қийматликларни сотиш, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш, топширилаётган мулк бўйича амортизацияни ҳисоблаш, ходимларга меҳнат ҳақини ҳисоблаш, тегишли бюджетлар билан солиқлар, йиғимлар ва тўловлар бўйича ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш, топшириш далолатномасига киритилиши лозим бўлмаган келгуси давр харажатларини, масалан, ҳуқуқлари ҳуқуқий ворислик тартибида берилиши мумкин бўлмаган фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олиш харажатларини ва бошқа шунга ўхшаган харажатларни ҳисобдан чиқариш;
акцияларни конвертация қилиш — бунинг натижасида бир ёки бир нечта акциядорлик жамияти ташкил топадиган қайта ташкил этишда бир акциядорлик жамиятининг акцияларини бошқа акциядорлик жамияти (акциядорлик жамиятлари)нинг акцияларига ёки бошқа ташкилотларнинг улушлари (пайлари)га айирбошлаш операцияси;
айирбошлаш — бунинг натижасида бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги ташкилот (акциядорлик жамиятидан ташқари) ташкил топадиган қайта ташкил этишда бир ёки бир нечта акциядорлик жамиятининг акциялари, ташкилотларнинг улушлари (пайлари)ни бошқа ташкилотларнинг улушлари (пайлари)га айирбошлаш операцияси.
7. Ташкилотларни қайта ташкил этиш ҳақидаги маълумотларни молиявий ҳисоботларда акс эттириш қуйидагиларга асосан амалга оширилади:
а) Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ ташкилотларни бўлиш ёки уларнинг таркибидан бир ёхуд бир нечта ташкилотни ажратиб чиқариш шаклида ташкилотларни қайта ташкил этишда ташкилотнинг таъсисчилари (иштирокчилари) ёки таъсис ҳужжатларида шунга вакил қилинган юридик шахс органи ёки ваколатли давлат органларининг (бундан буён матнда таъсисчилар деб юритилади) қарорига ёхуд қонунда белгиланган ҳолларда суд қарорига асосан ;
б) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ташкилотларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш ёки ўзгартириш шаклида қайтадан ташкил этишда ваколатли давлат органларининг розилигига асосан .
8. Ташкилотларни қайта ташкил этиш ҳақидаги маълумотни молиявий ҳисоботда шакллантириш учун таъсисчилар қарорида қуйидагилар назарда тутилиши мумкин:
а) активлар ва мажбуриятларни инвентаризация қилиш муддатлари;
б) ҳуқуқий ворислик тартибида топширилувчи (қабул қилинувчи) активлар ва мажбуриятларни баҳолаш усули;
в) топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш баланси тасдиқланганидан кейин қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг жорий фаолияти натижасида юзага келиши мумкин бўлган активлар ва мажбуриятларнинг ўзгариши муносабати билан ҳуқуқий ворислик тартиби, шунингдек муайян хўжалик операцияларини амалга ошириш (кредитлар ва қарзлар олиш ёки бериш, инвестицияларни амалга ошириш ва бошқалар)нинг алоҳида тартиби;
г) янги вужудга келган ёки қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг таъсис ҳужжатларида акс эттириш учун устав капиталини шакллантириш тартиби ва унинг миқдори;
д) акциядорлардан акцияларни сотиб олишга (харид қилишга) йўналтириш зарурияти юзага келиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, қайта ташкил этилаётган ташкилот ҳисобот даврида ва ўтган йилларда олган соф фойдани йўналтириш (тақсимлаш), шартли ва кафолатланган мажбуриятларни ҳисобдан чиқариш (оқибатларни баҳолаган ҳолда тан олиш) ва бошқалар.
9. Қайта ташкил этиш натижасида юзага келган ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ташкилот қайта ташкил этилган ҳисобланади бундан қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этиш ҳоллари мустасно. Ташкилот унга бошқа ташкилотни қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилганида қўшиб олинган ташкилотнинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига (бундан буён матнда Реестр деб юритилади) киритилган пайтдан бошлаб бу ташкилот қайта ташкил этилган ҳисобланади.
10. Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш қуйидагилар мавжуд бўлган ҳолда амалга оширилади:
а) қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотларнинг таъсис ҳужжатлари;
б) Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган ва мазкур БҲМСнинг 7-бандида кўрсатилган таъсисчилар қарори ёки тегишли органларнинг қайта ташкил этишга розилиги;
в) Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш тўғрисидаги шартномалар;
г) топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш баланси;
д) Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, рўйхатга олувчи органнинг қуйидагилар ҳақида ёзувни Реестрга киритганини тасдиқловчи ҳужжат: қўшиб юбориш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш шаклида қайта ташкил этишда янги вужудга келган ташкилотлар ҳақида; қўшиб олиш шаклидаги қайта ташкил этишда қўшиб олинган ташкилотларнинг охиргиси фаолияти тўхтатилгани ҳақида ва бошқалар.
11. Таъсисчилар қарори (шартномаси)га асосан топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансига қуйидаги иловалар қўшилади:
а) қайта ташкил этилаётган ташкилот активлари ва мажбуриятлари таркиби, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда активлар ва мажбуриятларни топширишни расмийлаштириш санасидан олдинги охирги ҳисобот санасига бўлган уларнинг баҳоси акс эттирилган, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган таркибда молиявий ҳисобот;
б) топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансини тузиш олдидан ўтказилган инвентаризация мувофиқ қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг активлари ва мажбуриятларини инвентаризация қилиш далолатномалари (хатлаш ҳужжатлари);
в) моддий ва номоддий активлар бўйича бошланғич ҳужжатлар (асосий воситалар, номоддий активлар, товар-моддий захиралар ва бошқаларни қабул қилиш-топшириш далолатномалари (юкхатлари), ташкилотларни қайта ташкил этишда қабул қилиниши-топширилиши лозим бўлган бошқа активларнинг рўйхатлари (хатлаш ҳужжатлари);
г) қайта ташкил этилаётган ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб мол-мулки ва тегишли шартномалар бўйича мажбуриятлари, тегишли бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқалар билан ҳисоб-китоблар ҳуқуқий ворисга ўтганлиги ҳақида уларнинг кредиторлари ва дебиторларига белгиланган муддатда (қайта ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай) ёзма равишда хабардор этганлиги тўғрисидаги маълумот кўрсатилган кредиторлик ва дебиторлик қарзлари расшифровкаси (уларни хатлаш ҳужжатлари) ва бошқалар.
12. Топшириш далолатномаси ва тақсимлаш баланси қайта ташкил этилган ташкилотнинг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари бўйича, шу жумладан тарафлар низолашаётган мажбуриятлар бўйича ҳам, ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган бўлиши керак.
Топшириш далолатномаси ва тақсимлаш баланси юридик шахс таъсисчилари (иштирокчилари) томонидан ёки юридик шахсларни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган орган томонидан тасдиқланади ҳамда таъсис ҳужжатлари билан бирга янги вужудга келган ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш ёки мавжуд ташкилотларнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш учун тақдим этилади.
13. Топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансини белгиланган тартибда тасдиқлаш санаси таъсисчилар ёки қайта ташкил этиш ҳақидаги қарорни қабул қилган орган томонидан таъсисчиларнинг қайта ташкил этиш тўғрисидаги шартномаси (қарори)да назарда тутилган қайта ташкил этишни амалга ошириш муддати доирасида, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талаблардан (қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида кредиторлар, акциядорлар ва иштирокчиларни хабардор этиш, уларнинг мажбуриятларни тугатиш ёки муддатидан илгари бажариш ва зарарларни қоплаш ҳақида талаблар қўйиши, активлар ва мажбуриятларни инвентаризация қилиш ва бошқалар) келиб чиқиб белгиланади.
14. Топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансини тузишни ҳисобот даври (йили)нинг охирига ёки қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг берилаётган активлари ва мажбуриятларини тавсифлаш ва баҳолаш учун асос бўлган оралиқ (чораклик) молиявий ҳисобот тузиш санасига мўлжаллаш тавсия этилади.
2-боб. Активлар ва мажбуриятларни баҳолаш
15. Ташкилотларни қайта ташкил этишда топширилувчи (қабул қилинувчи) активлар ва мажбуриятларни баҳолаш таъсисчиларнинг қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори (шартнома)да белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади. Активлар ва мажбуриятларнинг ҳар бир тури учун активларнинг бошқа турларига қўлланадиган баҳолаш усулларидан фарқли алоҳида баҳолаш усули белгиланиши мумкин.
16. Юридик шахсни қайта ташкил этишда топшириладиган активлар қуйидаги қийматлар бўйича баҳоланиши мумкин:
а) харид қилиш таннархи бўйича;
б) бошланғич қиймати бўйича;
в) қолдиқ қиймати бўйича;
г) қайта тикланиш қиймати бўйича;
д) номинал қиймати бўйича;
е) ишлаб чиқаришнинг ҳақиқий тўла таннархи бўйича;
ж) бевосита харажатларга кўра ишлаб чиқаришнинг ҳақиқий таннархи бўйича;
з) режали, меъёрий таннархи бўйича;
и) бозор баҳоси бўйича.
Мазкур БҲМСга иловада ташкилотларни қайта ташкил этишда қўллаш тавсия этиладиган баҳолаш турлари жадвали келтирилган.
Бунда топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансида акс эттирилган активлар қиймати уларга иловаларда (хатлаш ҳужжатлари, расшифровкалар) келтирилган маълумотлар билан тегишли қиймат баҳосида мос келиши лозим.
17. Қайта ташкил этиш вақтида таъсисчилар қарори (шартномаси)га мувофиқ ушбу БҲМС 16-бандининг «а» — «з»-кичик бандларида кўрсатилган қийматлар бўйича топширилувчи активларни баҳолашда қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансида топширилаётган активни акс эттириш мазкур ҳужжатларни тузиш учун асос бўлган молиявий ҳисоботда акс эттирилган суммада амалга оширилади.
Таъсисчилар қарори (шартномаси)га мувофиқ қайта ташкил этишда топширилувчи мол-мулкни жорий бозор баҳоси бўйича баҳолаш қайта ташкил этилаётган ташкилот томонидан топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансини тузиш чоғида амалга оширилиши мумкин.
18. Топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансида қайта ташкил этилаётган ташкилот мажбуриятларининг баҳоси кредиторлик қарзи инвентаризация натижаларига кўра бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида ифодаланган суммада акс эттирилади, бунда ташкилот қайта ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кредиторларга қопланиши керак бўлган зарарлар суммаси ҳисобга олиниши лозим.
19. Акциядорлик жамиятларининг ташкилотлар устав капиталидаги акциядорларнинг талабига биноан сотиб олиниши лозим бўлган акцияларини баҳолаш уларнинг Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ аниқланган жорий бозор қийматидан паст бўлмаган нархда белгиланган тартибда акциядорлик жамиятлари томонидан амалга оширилади.
Назарда тутилган барча тартиб-таомиллар бажарилганидан кейин, белгиланган тартибда сотиб олинган, қайта ташкил этилаётган ташкилотларга тегишли акциялар бекор қилинаётганида бухгалтерия ҳисобида устав капиталининг акциялар номинал қийматига камайиши акс эттирилади.
Агар акцияларни сотиб олишга амалдаги харажатлар миқдори акциялар номинал қийматидан катта бўлса, юзага келувчи фарқ қўшилган капиталнинг камайиши ҳисобига, қўшилган капитал миқдори етарли бўлмаган тақдирда эса, молиявий натижаларга (молия фаолияти бўйича харажатларга) қайта ташкил этилаётган ташкилот кўрган зарар сифатида киритилади.
Агар акцияларни сотиб олишга амалдаги харажатлар акциялар номинал қийматидан кам бўлса, юзага келувчи фарқ молиявий натижаларга (молия фаолияти бўйича даромадларга) қайта ташкил этилаётган ташкилот олган даромад сифатида киритилади.
3-боб. Ташкилотни қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисобот
20. Ўз фаолиятини тўхтатаётган қайта ташкил этилаётган ташкилот Реестрга тегишли ёзув киритилган санадан олдинги кунгача бўлган ҳолатга кўра якуний молиявий ҳисобот тузади.
Якуний молиявий ҳисобот Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни , Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларига мувофиқ, ташкилот илгари қабул қилган йиллик молиявий ҳисобот шакллари ҳажмида, ҳисобот йили бошидан то Реестрга янги вужудга келган ташкилотлар ҳақидаги (қўшиб олинган охирги ташкилот фаолиятини тўхтатиши ҳақидаги) ёзув киритилган вақтга қадар бўлган давр учун тузилади.
21. Қайта ташкил этилаётган ташкилотлар бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари бўйича эмас, балки ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида маълумотларни беришлари лозим. Бунда, бухгалтерия ҳисобининг барча тартибга солувчи (контр-актив ва контр-пассив) ва баҳолаш ҳисобварақлари ёпилган бўлиши керак. Якуний молиявий ҳисобот тузиш учун фақат мол-мулк ва мажбуриятларни ҳисобга олиш ҳисобварақлари бўйича қолдиққа эга бўлиш лозим.
22. Агар қайта ташкил этиш натижасида янги тузилган ташкилот муайян объектга нисбатан ўз ҳуқуқларини тасдиқлаш ва амалга ошириш имкониятини йўқотган бўлса, мазкур мол-мулкни қайта ташкил этилган ташкилот зарарларга ҳисобдан чиқариши лозим.
23. Топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансига асосан қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг активлари ва мажбуриятларини топшириш санаси билан вужудга келган ташкилотлар ҳақидаги (қўшиб олинган ташкилотларнинг охиргиси ўз фаолиятини тўхтатганлиги ҳақидаги) ёзув Реестрга киритилган сана мос келмаганлиги сабабли мазкур саналар оралиғидаги даврда қайта ташкил этилаётган ташкилот томонидан белгиланган тартибда йиллик (ёки оралиқ) молиявий ҳисобот тузилади ва тақдим этилади.
Бунда, оралиқ ва йиллик, кейинчалик эса якунловчи молиявий ҳисоботнинг кўрсаткичлари топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш баланси маълумотлари билан мос келмаслиги мумкин.
Оралиқ ва (ёки) йиллик молиявий ҳисоботга, якуний молиявий ҳисоботга изоҳларда ёхуд топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансига изоҳларда шу даврда топширилаётган активлар ва мажбуриятлар қийматида содир бўлган ўзгаришлар ёритиб берилиши лозим.
Агар, топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш баланси қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган (фаолияти тугатилаётган) ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тегишли ҳужжатлар тақдим этилишидан бевосита олдин тузилган бўлса, оралиқ ва (ёки) йиллик ҳамда якунловчи молиявий ҳисоботнинг кўрсаткичлари топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш баланси маълумотлари билан мос келиши мумкин. Бунда топширилаётган активлар баланс қиймати (амалдаги таннархи, дастлабки қиймати) бўйича, мажбуриятлар эса қарз бухгалтерия ҳисобида акс эттирилган сумма бўйича баҳоланади ҳамда шу даврда активлар ва мажбуриятларда ўзгариш содир бўлмайди.
24. Қайта ташкил этишда активлар ва мажбуриятларнинг топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш баланси бўйича бир ташкилотдан бошқа ташкилотга ҳуқуқий ворислик тартибида топширилишига бухгалтерия ҳисоби мақсадларида активлар ва мажбуриятларнинг чиқиб кетиши сифатида қаралмайди.
25. Қайта ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар (вужудга келган ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритиш, қимматли қоғозларни рўйхатдан ўтказиш, юридик хизматларга ҳақ тўлаш ва бошқалар) қайта ташкил этишда қатнашаётган ташкилотлар томонидан тегишли даврнинг бошқа операцион харажатлари деб эътироф этилади ва ушбу харажатларни амалга оширган ташкилотнинг бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади. Мазкур харажатларни амалга оширган ташкилотнинг молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботида юқорида келтирилган харажатлар, уларнинг муҳимлигидан қатъи назар, «бошқа операцион харажатлар» сатрида акс эттирилади.
26. Қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотнинг ҳисобот даврининг бошига (давлат рўйхатидан ўтказилган санага) қадар бўлган ҳолатга кўра дастлабки молиявий ҳисоботида активлар, мажбуриятлар ва бошқа кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотлар белгиланган тартибда тасдиқланган топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансига, шунингдек қайта ташкил этилган ташкилотларнинг топширилаётган активлари ва мажбуриятлари таркибидаги ва қийматидаги ўзгаришлардан келиб чиқиб тузилган якуний молиявий ҳисоботи маълумотларига асосан тўлдирилади.
Қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг жорий хўжалик операциялари бухгалтерия ҳисобини юритишда ва қайта ташкил этишда қўлланувчи активларни баҳолаш усуллари ҳар хил бўлса, якуний молиявий ҳисобот кўрсаткичлари баҳосини топширилаётган активлар баҳоси билан мувофиқ ҳолатга келтириш лозим. Топширилаётган активлар қийматидаги барча тафовутлар қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг бошқа даромадлари ва харажатлари ҳисобварақларида акс эттирилиши лозим.
27. Мажбурият тугатилган, қарздор ва кредитор бир шахс бўлган тақдирда, яъни қўшиб юбориш (қўшиб олиш) шаклидаги қайта ташкил этишда қатнашаётган тарафлар ўртасида қўшиб юбориш (қўшиб олиш) шаклидаги қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотнинг дастлабки бухгалтерия балансига қуйидагилар киритилмайди:
а) қайта ташкил этилаётган ташкилотлар ўртасидаги дебиторлик ва кредиторлик қарзларини, шу жумладан дивидендлар бўйича ҳисоб-китобларни акс эттирувчи кўрсаткичлар;
б) қайта ташкил этилаётган баъзи ташкилотларнинг қайта ташкил этилаётган бошқа ташкилотлар устав капиталига жойлаштирган маблағлари;
в) қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг ўзаро ҳисоб-китобларини, шу жумладан ўзаро операциялар натижасида олинган даромад ва кўрилган зарарларни тавсифловчи бошқа активлар ва мажбуриятлар.
4-боб. Қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисобот кўрсаткичларини шакллантиришнинг хусусиятлари
28. Қўшиб юборишда қатнашаётган ташкилотлар қўшиб юбориш тартиби ва шартлари, ҳар бир ташкилот акциялари (улушлари)ни янги ташкилот акциялари (улушлари)га конвертация қилиш тартиби белгиланадиган қўшиб юбориш тўғрисида шартнома тузадилар. Қўшиб юборишда қатнашаётган ҳар бир ташкилот қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этиш (бундан буён матнда қўшиб юбориш деб юритилади), қўшиб юбориш тўғрисидаги шартнома ва топшириш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишининг муҳокамасига киритади.
29. Қўшиб юборишда ўз фаолиятини тўхтатаётган барча қайта ташкил этилаётган ташкилотлар вужудга келган ташкилот ҳақидаги ёзув Реестрга киритилишидан олдинги кунгача бўлган ҳолатга кўра якуний молиявий ҳисобот тузадилар. Бунда якуний молиявий ҳисобот тузилгунга қадар даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳисобварағи ёпилади ва соф фойда суммаси таъсисчиларнинг қўшиб юбориш тўғрисидаги қарори (шартномаси)да белгиланган мақсадларга йўналтирилади (тақсимланади).
30. Қўшиб юборишда ушбу ташкилотларнинг жорий фаолияти билан боғлиқ барча операциялар, шунингдек топшириш далолатномаси тасдиқланган санадан бошлаб ўтган даврда амалга оширилган қайта ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар вужудга келган ташкилот ҳақидаги ёзувни Реестрга киритиш санасига қадар қўшиб юбориш муносабати билан ўз фаолиятини тўхтатаётган ташкилотларнинг бухгалтерия ҳисобида ва якуний молиявий ҳисоботида акс эттирилади.
31. Қўшиб юбориш натижасида вужудга келган ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилган санага бўлган ҳолатга кўра дастлабки молиявий ҳисоботи топшириш далолатномаси маълумотлари ҳамда қайта ташкил этилган ташкилотларнинг бухгалтерия ҳисобида акс эттирилган мазкур БҲМСнинг 30-бандида санаб ўтилган операцияларни ҳисобга олган ҳолда тузилган якуний молиявий ҳисобот кўрсаткичларини (бундан мазкур БҲМСнинг 27-бандида келтирилган кўрсаткичлар бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар мустасно) сатрма-сатр бирлаштириш (қўшиш ёки ўтган йилларнинг қопланмаган зарарлари бўлган тақдирда, айириш) асосида, шунингдек мазкур БҲМСнинг 33 ва 34-бандларида назарда тутилган ҳолатлардан келиб чиқиб тузилади.
Бунда, қўшиб юбориш натижасида ташкил этилаётган ташкилотларнинг молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботларининг кўрсаткичларини қўшиш қўшиб юбориш натижасида вужудга келган ташкилотнинг дастлабки молиявий ҳисоботида амалга оширилмайди.
32. Вужудга келган ташкилот давлат рўйхатидан ўтиш санасига дастлабки молиявий ҳисоботни тузишда қайта ташкил этиш жараёнида олинган активлар, мажбуриятлар ва бошқа кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотларни улар топшириш далолатномасида акс эттирилган баҳода, қўшиб юбориш натижасида ташкил этилаётган ташкилотларнинг якуний молиявий ҳисоботидаги кўрсаткичлардан келиб чиқиб тўлдиради.
33. Қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномага ва унда назарда тутилган таъсисчиларнинг қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг акциялари (улушлари, пайлари)ни вужудга келган ташкилотнинг акциялари (улушлари, пайлари)га конвертация қилиш (айирбошлаш) тартиби тўғрисидаги қарорига мувофиқ, вужудга келган ташкилотнинг дастлабки молиявий ҳисоботида қўшиб юбориш натижасида ташкил этилаётган ташкилотларнинг шаклланган устав капитали акс эттирилади.
Агар қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномада вужудга келган ташкилотнинг устав капитали миқдорини қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг устав капиталлари суммасидан, шу жумладан қўшиб юборишда қатнашаётган ташкилотларнинг ўз манбалари (қўшилган ва захира капитали, тақсимланмаган фойдаси ва бошқалар) ҳисобига кўпайтириш назарда тутилган бўлса, вужудга келган ташкилотнинг дастлабки молиявий ҳисоботида қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномада қайд этилган устав капитали миқдори акс эттирилади.
Агар қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномада вужудга келган ташкилотнинг устав капитали миқдорини қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг устав капиталлари умумий суммасидан камайтириш назарда тутилган бўлса, вужудга келган ташкилотнинг дастлабки молиявий ҳисоботида қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномада қайд этилган устав капитали миқдори акс эттирилади, ўртадаги фарқ эса ҳуқуқий вориснинг дастлабки бухгалтерия балансида «Ўз маблағлари манбалари» бўлимида «Қўшилган капитал» сатрида акс эттирилиши лозим.
34. Агар қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган устав капиталининг миқдори вужудга келган ташкилотнинг соф активлари қийматига мос бўлмаса, дастлабки бухгалтерия баланси «Ўз маблағлари манбалари» бўлимининг кўрсаткичлари қуйидаги тартибда шакллантирилади:
акцияларни конвертация қилишда қўшиб юбориш шаклида вужудга келган ташкилотнинг соф активлари қиймати устав капитали миқдоридан кўп бўлса, дастлабки бухгалтерия баланси «Ўз маблағлари манбалари» бўлимининг кўрсаткичлари соф активлар қиймати миқдорида, устав капиталига ва қўшилган капиталга ажратган ҳолда шакллантирилади (соф активлар қийматининг акцияларнинг жами номинал қийматидан ошиши);
агар (акцияларни конвертация қилиш ҳолларини истисно қилганда) вужудга келган ташкилотнинг соф активлари қиймати устав капитали миқдоридан кўп бўлиб қолса, ўртадаги фарқ дастлабки бухгалтерия баланси «Мажбуриятлар» бўлимида «Узоқ муддатли кечиктирилган даромадлар» ва «Кечиктирилган даромадлар» сатрларида акс эттирилиши лозим;
агар қўшиб юбориш натижасида вужудга келган ташкилотнинг соф активлари қиймати устав капитали миқдоридан кам бўлиб қолса, ўртадаги фарқ дастлабки бухгалтерия баланси «Узоқ муддатли активлар» бўлимида «Номоддий активлар» сатрида гудвилл тарзида акс эттирилиши лозим.
5-боб. Қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисобот кўрсаткичларини шакллантиришнинг хусусиятлари
35. Қўшиб олинаётган ташкилотлар ва улар қўшилаётган ташкилот қўшиб олиш тартиби ва шартлари, шунингдек қўшиб олинаётган ташкилотларнинг акциялари (улушлари)ни улар қўшилаётган ташкилотнинг акциялари (улушлари)га конвертация қилиш тартиби белгиланадиган қўшиб олиш тўғрисида шартнома тузадилар. Ҳар бир ташкилот қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этиш (бундан буён матнда қўшиб олиш деб юритилади), қўшиб олиш тўғрисидаги шартнома ва топшириш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни қўшиб олишда иштирок этувчи ташкилот таъсисчилари (акциядорлари) умумий йиғилишининг муҳокамасига киритади.
36. Қўшиб олишда якуний молиявий ҳисобот фақат қўшиб олинаётган ташкилот томонидан унинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув Реестрга киритилишидан олдинги кунгача бўлган ҳолатга кўра тузилади. Бунда якуний молиявий ҳисобот тузилгунга қадар даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳисобварағи ёпилади ва соф фойда суммаси таъсисчиларнинг қўшиб олиш тўғрисидаги қарори (шартномаси)да белгиланган мақсадларга йўналтирилади (тақсимланади).
37. Бошқа ташкилот (ташкилотлар)ни унга қўшиш жараёнида таъсисчиларнинг қарорига асосан фақат активлар ва мажбуриятлар ҳажми ўзгарган ва жорий ҳисобот йили узилиб қолмаган ташкилотда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳисобварағи ёпилмайди ва қўшиб олинаётган ташкилот фаолиятини тўхтатиш давлат рўйхатидан ўтказилган санага бўлган ҳолатга кўра якуний молиявий ҳисобот тузилмайди.
38. Қўшиб олишда қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг жорий фаолияти билан боғлиқ барча операциялар, шунингдек топшириш далолатномаси тасдиқланган санадан бошлаб ўтган даврда амалга оширилган қайта ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар қўшиб олинаётган ташкилот фаолиятининг тўхтатилиши ҳақидаги ёзувни Реестрга киритиш санасига қадар ўз фаолиятини тўхтатаётган ташкилотнинг бухгалтерия ҳисобида ва якуний молиявий ҳисоботида акс эттирилади.
39. Қўшиб олишда қўшиб олинган охирги ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги ёзув Реестрга киритилган санага кўра ҳуқуқий вориснинг молиявий ҳисоботи топшириш далолатномаси маълумотлари ҳамда қўшиб олинаётган ташкилотнинг бухгалтерия ҳисобида акс эттирилган, ушбу БҲМСнинг 38-бандида санаб ўтилган операцияларни ҳисобга олган ҳолда тузилган якуний молиявий ҳисобот кўрсаткичларини ва ҳуқуқий вориснинг қўшиб олинаётган ташкилот фаолияти тўхтатилганини давлат рўйхатидан ўтказиш санасига тузилган молиявий ҳисоботи кўрсаткичларини (бундан мазкур БҲМСнинг 27-бандида келтирилган ва ўзаро ҳисоб-китобларни акс эттирувчи кўрсаткичлари мустасно) сатрма-сатр бирлаштириш (қўшиш ёки, ўтган йилларнинг қопланмаган зарарлари бўлган тақдирда, айириш) асосида, шунингдек мазкур БҲМСнинг 41 ва 42-бандларида назарда тутилган ҳолатлардан келиб чиқиб тузилади.
Бунда, ҳуқуқий ворис ва қўшиб олинаётган ташкилотнинг қўшиб олинаётган ташкилот фаолияти тўхтатилганини давлат рўйхатидан ўтказиш санасига қадар бўлган ҳисобот даврларидаги молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар кўрсаткичларини қўшиш амалга оширилмайди.
Қўшиб олишда ҳуқуқий вориснинг қўшиб олинаётган ташкилот фаолияти тўхтатилганини давлат рўйхатидан ўтказиш санасидан кейинги даврдаги молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботининг кўрсаткичлари қўшиб олишда қайта ташкил этилган ташкилотнинг даромадлари ва харажатларини акс эттиради.
40. Ҳуқуқий ворис қўшиб олинган охирги ташкилот фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув Реестрга киритилган санага молиявий ҳисоботни тузишда қайта ташкил этиш жараёнида олинган активлар, мажбуриятлар ва бошқа кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотларни улар топшириш далолатномасида акс эттирилган баҳода, қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг қўшиб олинаётган ташкилот томонидан тузилган якуний молиявий ҳисоботидаги кўрсаткичлардан келиб чиқиб тўлдиради.
41. Қўшиб олиш тўғрисидаги шартномага ва унда назарда тутилган таъсисчиларнинг қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг акциялари (улушлари, пайлари)ни ҳуқуқий вориснинг акциялари (улушлари, пайлари)га конвертация қилиш (айирбошлаш) тартиби тўғрисидаги қарорига мувофиқ, ҳуқуқий вориснинг қўшиб олинган охирги ташкилотнинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув Реестрга киритилган санага молиявий ҳисоботида устав капитали акс эттирилади.
Агар қўшиб олиш тўғрисидаги шартномада ҳуқуқий вориснинг устав капитали миқдорини қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг устав капиталлари умумий суммасидан, шу жумладан қўшиб олишда қатнашаётган ташкилотларнинг ўз маблағлари манбалари (қўшилган ва захира капитали, тақсимланмаган фойдаси ва бошқалар) ҳисобига кўпайтириш назарда тутилган бўлса, ҳуқуқий вориснинг қўшиб олинган охирги ташкилотнинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув Реестрга киритилган санага тузилган молиявий ҳисоботида қўшиб олиш тўғрисидаги шартномада қайд этилган устав капитали миқдори акс эттирилади.
Агар қўшиб олиш тўғрисидаги шартномада ҳуқуқий вориснинг устав капитали миқдорини қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг устав капиталлари умумий суммасидан камайтириш назарда тутилган бўлса, ҳуқуқий вориснинг қўшиб олинган охирги ташкилотнинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув Реестрга киритилган санага тузилган молиявий ҳисоботида қўшиб олиш тўғрисидаги шартномада қайд этилган устав капитали миқдори акс эттирилади, ўртадаги фарқ эса ҳуқуқий вориснинг бухгалтерия баланси «Ўз маблағлари манбалари» бўлимида «Қўшилган капитал» сатрида акс эттирилиши лозим.
42. Агар қўшиб олиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган устав капиталининг миқдори ҳуқуқий вориснинг соф активлари қийматига мос бўлмаса, ҳуқуқий вориснинг қўшиб олинган охирги ташкилотнинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув Реестрга киритилган санага тузилган бухгалтерия баланси «Ўз маблағлари манбалари» бўлимининг кўрсаткичлари қуйидаги тартибда шакллантирилади.
Акцияларни конвертация қилиш вақтида ҳуқуқий вориснинг соф активлари қиймати устав капитали миқдоридан кўп бўлса, ҳуқуқий вориснинг қўшиб олинган охирги ташкилотнинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув Реестрга киритилган санага тузилган бухгалтерия баланси «Ўз маблағлари манбалари» бўлимининг кўрсаткичлари соф активлар қиймати миқдорида, устав капиталига ва қўшилган капиталга ажратган ҳолда шакллантирилади (соф активлар қийматининг акцияларнинг жами номинал қийматидан ошиши).
Қолган ҳолларда, агар ҳуқуқий вориснинг соф активлари қиймати устав капитали миқдоридан кўп бўлиб қолса, ўртадаги фарқ ҳуқуқий вориснинг қўшиб олинган охирги ташкилотнинг фаолияти тўхтатилган санага тузилган бухгалтерия баланси «Мажбуриятлар» бўлимида «Узоқ муддатли кечиктирилган даромадлар» ва «Кечиктирилган даромадлар» сатрларида акс эттирилиши лозим.
Агар ҳуқуқий вориснинг соф активлари қиймати устав капитали миқдоридан кам бўлиб қолса, ўртадаги фарқ ҳуқуқий вориснинг қўшиб олинган охирги ташкилотнинг фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги ёзув Реестрга киритилган санага тузилган бухгалтерия баланси «Узоқ муддатли активлар» бўлимида «Номоддий активлар» сатрида гудвилл тарзида акс эттирилиши лозим.
6-боб. Бўлиш шаклида қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисобот кўрсаткичларини шакллантиришнинг хусусиятлари
43. Ташкилотни бўлиш шаклида қайта ташкил этишда таъсисчиларнинг қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарорига асосан қайта ташкил этилаётган ташкилот мол-мулки ва мажбуриятларининг ҳуқуқий ворислиги ҳақидаги қоида ифодаланган тақсимлаш балансини тузиш учун қайта ташкил этилаётган ташкилот молиявий ҳисоботининг кўрсаткичларини бўлиш амалга оширилади.
Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг кўрсаткичларини бўлиш қайта ташкил этилаётган ташкилот томонидан амалга оширилмайди.
44. Ўз фаолиятини тўхтатаётган ташкилот томонидан вужудга келган ташкилотлар ҳақидаги ёзув Реестрга киритилишидан олдинги санага кўра даромадлар ва харажатлар ҳисоби ҳисобварақлари бўйича охирги ҳисобот йилининг молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботи элементлари кесимида ёпиш билан боғлиқ ҳисобга олиш ёзувлари қайд этилади ва тақсимлаш балансига асосан, вужудга келган ташкилотлар кесимида тегишли кўрсаткичларни бўлган ҳолда якуний молиявий ҳисоботни тузиш учун тақсимланмаган фойда (қопланмаган зарар) аниқланади.
45. Бўлиш шаклида қайта ташкил этишда қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг жорий фаолияти билан боғлиқ барча операциялар, шунингдек тақсимлаш баланси тасдиқланган санадан бошлаб ўтган даврда амалга оширилган қайта ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар вужудга келган ташкилотлар ҳақидаги ёзувни Реестрга киритиш санасига қадар қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг бухгалтерия ҳисобида ва якуний молиявий ҳисоботида акс эттирилади.
46. Бўлиш шаклида қайта ташкил этилган ташкилотнинг тақсимлаш баланси ва якуний молиявий ҳисоботига асосан, ушбу БҲМСнинг 45-бандига мувофиқ акс эттирилган операцияларни ҳисобга олган ҳолда, давлат рўйхатидан ўтиш санасига ҳар бир янги ташкилотнинг дастлабки молиявий ҳисоботи тузилади.
47. Ҳуқуқий ворислар ўзлари давлат рўйхатидан ўтган санага дастлабки молиявий ҳисоботни тузишда бўлиш шаклида қайта ташкил этиш жараёнида олинган активлар, мажбуриятлар ва бошқа кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотларни ҳуқуқий ворислик тартибида олинган мол-мулк таъсисчиларнинг қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ тақсимлаш балансида акс эттирилган баҳода, қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг якуний молиявий ҳисоботидаги кўрсаткичлардан келиб чиқиб қайд этадилар.
48. Ташкилотларни бўлиш чоғида шакллантирилган устав капитали дастлабки бухгалтерия балансида таъсисчиларнинг бўлиш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарорига ва унда назарда тутилган қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг акциялари (улушлари, пайлари)ни вужудга келган ташкилотларнинг акциялари (улушлари, пайлари)га конвертация қилиш (айирбошлаш) тартибига мувофиқ акс эттирилади.
Агар таъсисчиларнинг бўлиш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарорида вужудга келган ташкилотларнинг устав капитали миқдорини қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг устав капитали суммасидан, шу жумладан бўлиш шаклида қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг ўз маблағлари манбалари (қўшилган капитали, тақсимланмаган фойдаси ва бошқалар) ҳисобига кўпайтириш назарда тутилган бўлса, бўлиш шаклида қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотларнинг дастлабки молиявий ҳисоботида таъсисчиларнинг бўлиш тўғрисидаги қарорида қайд этилган устав капитали миқдори акс эттирилади.
Агар таъсисчиларнинг бўлиш тўғрисидаги қарорида бўлиш шаклида қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотларнинг устав капитали миқдорини қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг устав капитали суммасидан камайтириш назарда тутилган бўлса, вужудга келган ташкилотларнинг дастлабки молиявий ҳисоботида таъсисчиларнинг бўлиш тўғрисидаги қарорида қайд этилган устав капитали миқдори акс эттирилади, ўртадаги фарқ эса ҳуқуқий ворисларнинг дастлабки бухгалтерия баланси «Ўз маблағлари манбалари» бўлимида «Қўшилган капитал» кўрсаткичи билан янги вужудга келган ташкилотларнинг устав капитали миқдорига мутаносиб равишда тартибга солиниши лозим.
49. Агар таъсисчиларнинг бўлиш тўғрисидаги қарорида назарда тутилган устав капиталининг миқдори ташкилотларни бўлиш натижасида вужудга келган соф активлар қийматига мос бўлмаса, бўлиш натижасида вужудга келган ташкилотларнинг дастлабки бухгалтерия баланси «Ўз маблағлари манбалари» бўлимининг кўрсаткичлари қуйидаги тартибда шакллантирилади.
Акцияларни конвертация қилиш вақтида бўлиш шаклида қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотларнинг соф активлари қиймати устав капитали миқдоридан кўп бўлса, дастлабки бухгалтерия баланси «Ўз маблағлари манбалари» бўлимининг кўрсаткичлари соф активлар қиймати миқдорида, устав капиталига ва қўшилган капиталга ажратган ҳолда шакллантирилади (соф активлар қийматининг акцияларнинг жами номинал қийматидан ошиши).
Агар вужудга келган ташкилотларнинг соф активлари қиймати таъсис ҳужжатларида қайд этилган устав капитали миқдоридан кўп бўлса, ўртадаги фарқ дастлабки бухгалтерия баланси «Мажбуриятлар» бўлимида «Узоқ муддатли кечиктирилган даромадлар» ва «Кечиктирилган даромадлар» сатрларида акс эттирилиши лозим.
Агар бўлиш шаклида қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотларнинг соф активлари қиймати устав капитали миқдоридан кам бўлса, ўртадаги фарқ дастлабки бухгалтерия баланси «Узоқ муддатли активлар» бўлимида «Номоддий активлар» сатрида гудвилл тарзида акс эттирилиши лозим.
7-боб. Ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисобот кўрсаткичларини шакллантиришнинг хусусиятлари
50. Ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этишда (бундан буён матнда ажратиб чиқариш деб юритилади) таркибидан бошқа ташкилот ажралиб чиқаётган ташкилотда таъсисчилар қарорига асосан фақат мол-мулк ва мажбуриятлар ҳажми ўзгаради, жорий ҳисобот даврида узилиш рўй бермайди, даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳисобварақлари ёпилмайди, шунингдек якуний молиявий ҳисобот тузилмайди.
51. Ташкилотни ажратиб чиқаришда таъсисчиларнинг қарорига асосан қайта ташкил этилаётган ташкилот активлари ва мажбуриятларининг ҳуқуқий ворислиги ҳақидаги қоида ифодаланган тақсимлаш балансини тузиш учун қайта ташкил этилаётган ташкилот молиявий ҳисоботининг кўрсаткичларини ажратиш амалга оширилади.
Бунда қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботи кўрсаткичларини ажратиш амалга оширилмайди.
52. Қайта ташкил этилаётган ташкилот ажратиб чиқарилаётган таркибий бўлимининг даромадлари ва айрим харажатлари суммасини тан олиш (топширилаётган мол-мулк бўйича амортизацияни ҳисоблаш, бу мулкни сақлаш харажатлари, ходимларга меҳнат ҳақини ҳисоблаш ва ш.к.), шунингдек ажратиб чиқарилаётган таркибий бўлим бўйича молиявий ҳисобот тузилган санадаги ҳолатга кўра тегишли бюджетлар билан солиқлар, йиғимлар ва тўловлар бўйича ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш билан боғлиқ маълумотларни ёритишда қайта ташкил этилаётган ташкилот Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига амал қилиши мумкин.
53. Ажратиб чиқаришда қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг жорий фаолияти билан боғлиқ барча операциялар, шунингдек тақсимлаш баланси тасдиқланган санадан бошлаб ўтган даврда амалга оширилган қайта ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар вужудга келган ташкилотлар ҳақидаги ёзувни Реестрга киритиш санасига қадар қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботида акс эттирилади.
54. Тақсимлаш балансига асосан, мазкур БҲМСнинг 53-бандида кўрсатилган, қайта ташкил этилаётган ташкилот томонидан акс эттирилган операцияларни ҳисобга олган ҳолда, давлат рўйхатидан ўтиш санасига вужудга келган ташкилотларнинг дастлабки молиявий ҳисоботи тузилади.
55. Ҳуқуқий ворис ўзи давлат рўйхатидан ўтган санага дастлабки молиявий ҳисоботни тузишда қайта ташкил этиш жараёнида олинган активлар, мажбуриятлар ва бошқа кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотларни улар тақсимлаш балансида акс эттирилган баҳода, вужудга келган ташкилот ҳақидаги ёзув Реестрга киритилган санага қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг молиявий ҳисоботидаги кўрсаткичлардан келиб чиқиб қайд этади.
56. Ташкилотни ажратиб чиқаришда таркиб топтирилган устав капитали дастлабки молиявий ҳисоботда таъсисчиларнинг ажратиб чиқариш тўғрисидаги қарорига ва қонунчиликка мувофиқ унда назарда тутилган қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг акциялари (улушлари, пайларининг миқдорини аниқлаш)ни вужудга келган ташкилотнинг акциялари (улушлари, пайлари)га конвертация қилиш (айирбошлаш) тартибига мувофиқ акс эттирилади.
Агар таъсисчилар қарорига биноан ажратиб чиқарилаётган ташкилот устав капиталини шакллантириш учун фойдаланилаётган мол-мулкка доир ҳуқуқлар қайта ташкил этилаётган ташкилот устав капиталини ўзгартирмасдан, ажратиб чиқарилаётган ташкилот устав капиталига улуш тариқасида ўтказилаётган бўлса, мол-мулкнинг бундай тарзда ўтказилиши қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг молиявий ҳисоботида молиявий қўйилмалар тарзида, ажратиб чиқарилаётган ташкилотнинг молиявий ҳисоботида эса устав капиталига улуш тарзида акс эттирилади.
Агар таъсисчиларнинг қарорига биноан қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг устав капиталини ажратиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ акцияларни конвертация қилиш орқали амалга оширилаётган бўлса, қайта ташкил этилаётган ташкилот бухгалтерия балансининг «Ўз маблағлари манбалари» бўлимида ажратиб чиқариш натижасида вужудга келган ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш санасига ва Реестрга ёзув киритилган санага кўрсаткичларга соф активлар қиймати устав капиталига ва қўшилган капиталга ажратилган ҳолда киритилади (соф активлар қийматининг акцияларнинг жами номинал қийматидан ошиши).
Агар ажратиб чиқариш натижасида вужудга келган ташкилотнинг соф активлари қиймати таъсисчилар қарорида қайд этилган устав капитали миқдоридан кўп бўлса, ўртадаги фарқ дастлабки бухгалтерия баланси «Мажбуриятлар» бўлимида «Узоқ муддатли кечиктирилган даромадлар» ва «Кечиктирилган даромадлар» сатрларида акс эттирилиши лозим.
Агар ажратиб чиқариш натижасида вужудга келган ташкилотнинг соф активлари қиймати таъсисчилар қарорида қайд этилган устав капитали миқдоридан кам бўлса, ўртадаги фарқ дастлабки бухгалтерия баланси «Узоқ муддатли активлар» бўлимида «Номоддий активлар» сатрида гудвилл тарзида акс эттирилиши лозим.
Мазкур фарқ ажратиб чиқариш натижасида вужудга келган ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш санасига қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг бухгалтерия балансида ҳам айни шу йўсинда тартибга солиниши лозим.
8-боб. Ўзгартириш шаклида қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисобот кўрсаткичларини шакллантиришнинг хусусиятлари
57. Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкилотни тегишли ташкилий-ҳуқуқий шаклига ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш тартиби ва шартлари таъсисчиларнинг ўзгартириш тўғрисидаги қарори билан белгиланади.
58. Ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш натижасида ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарган тақдирда, мол-мулк ва мажбуриятларни ҳуқуқий ворисга ўтказиш билан боғлиқ масалалар топшириш далолатномасида тартибга солиниши лозим.
Таъсисчиларнинг ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, ҳужжатларни қайта расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар таъсисчилар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
59. Ўзгартириш шаклида қайта ташкил этилаётган ташкилот вужудга келган ташкилот ҳақидаги ёзув Реестрга киритилишидан олдинги кунда якуний молиявий ҳисобот тузиши чоғида даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳисобварағини ёпиш ва ўзгартирилаётган ташкилотнинг соф фойдаси суммасини таъсисчиларнинг ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори (шартномаси)да белгиланган мақсадларга йўналтириш (тақсимлаш) амалга оширилади.
60. Ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотнинг дастлабки молиявий ҳисоботи ўзгартириш шаклида қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг якуний молиявий ҳисоботи кўрсаткичларини мазкур БҲМСнинг 61 ва 62-бандларида назарда тутилган хусусиятлардан келиб чиқиб ўтказиш йўли билан тузилади.
61. Ўзгартириш шаклида қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг акциялари (улушлари, пайлари)ни вужудга келган ташкилотнинг акциялари (улушлари, пайлари)га конвертация қилиш (айирбошлаш) тартиби тўғрисидаги қарорига мувофиқ, вужудга келган ташкилотнинг дастлабки молиявий ҳисоботида шакллантирилган устав капитали акс эттирилади.
Агар таъсисчилар қарорида вужудга келган ташкилотнинг устав капитали миқдорини қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг устав капиталига нисбатан, шу жумладан ўз маблағлари манбалари (қўшилган ва захира капитали, тақсимланмаган фойдаси ва бошқалар) ҳисобига кўпайтириш назарда тутилган бўлса, ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотнинг дастлабки молиявий ҳисоботида таъсисчилар қарорида қайд этилган устав капитали миқдори акс эттирилади.
Агар таъсисчилар қарорида ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотнинг устав капитали миқдорини камайтириш назарда тутилган бўлса, вужудга келган ташкилотнинг дастлабки молиявий ҳисоботида таъсис ҳужжатларида қайд этилган устав капитали миқдори акс эттирилади, ўртадаги фарқ эса ҳуқуқий вориснинг дастлабки бухгалтерия баланси «Ўз маблағлари манбалари» бўлимида «Қўшилган капитал» сатрида акс эттирилиши лозим.
62. Агар таъсисчилар қарорида назарда тутилган устав капиталининг миқдори вужудга келган ташкилотнинг соф активлари қийматига мос бўлмаса, дастлабки бухгалтерия баланси «Ўз маблағлари манбалари» бўлимининг кўрсаткичлари қуйидаги тартибда шакллантирилади.
Агар акцияларни конвертация қилиш вақтида ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотнинг соф активлари қиймати қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг устав капитали миқдоридан кўп бўлса, дастлабки бухгалтерия баланси «Ўз маблағлари манбалари» бўлимининг кўрсаткичлари соф активлар қиймати миқдорида, устав капиталига ва қўшилган капиталга ажратган ҳолда шакллантирилади (соф активлар қийматининг акцияларнинг жами номинал қийматидан ошиши).
Қолган ҳолларда, агар вужудга келган ташкилотнинг соф активлари қиймати устав капитали миқдоридан кўп бўлса, ўртадаги фарқ дастлабки бухгалтерия баланси «Мажбуриятлар» бўлимида «Узоқ муддатли кечиктирилган даромадлар» ва «Кечиктирилган даромадлар» сатрларида акс эттирилиши лозим.
Агар ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотнинг соф активлари қиймати устав капитали миқдоридан кам бўлса, ўртадаги фарқ дастлабки бухгалтерия баланси «Узоқ муддатли активлар» бўлимида «Номоддий активлар» сатрида гудвилл тарзида акс эттирилиши лозим.
63. Асосий воситалар ва номоддий активлар бўйича амортизацияни ҳисоблаш ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилот томонидан қайта ташкил этилган ташкилот (ҳуқуқни ўтказувчи) белгилаган фойдали хизмат муддатларидан келиб чиқиб, ушбу объектларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш вақтида амалга оширилади.
9-боб. Молиявий ҳисоботларга изоҳларда маълумотни ёритиб бериш
64. Таъсисчилар қайта ташкил этишни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилган санадан эътиборан, қайта ташкил этишда қатнашаётган ташкилотлар томонидан қайта ташкил этиш амалга ошириладиган даврда белгиланган тартибда тузилувчи ва тақдим этилувчи молиявий ҳисоботда амалга оширилаётган қайта ташкил этиш ҳақидаги қуйидаги маълумотлар қўшимча тарзда ёритиб берилиши лозим:
а) қайта ташкил этишни амалга ошириш асоси; қайта ташкил этишда қатнашаётган ташкилотлар ва ҳуқуқий ворислар ҳақидаги маълумотлар;
б) топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш баланси тузилган сана;
в) топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш баланси тузилган санадан эътиборан мол-мулк таркиби ва қийматида содир бўлган ўзгаришлар (тугалланмаган қурилиш таркибидаги асосий воситаларнинг фойдаланишга топширилиши, уларнинг амортизацияси, чиқиб кетиши ва бошқалар) ҳамда мажбуриятлар таркиби ва қийматидаги ўзгаришлар (Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ сўндирилиши ёки кўпайиши), шунингдек активлар ва мажбуриятларда тегишли ўзгаришларни келтириб чиқарган ҳодисалар;
г) қайта ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар; вужудга келган ташкилотлар устав капиталининг шакллантирилиши;
д) топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш баланси маълумотларининг якуний молиявий ҳисобот кўрсаткичларига номувофиқлиги (аниқлаштириш);
е) якуний молиявий ҳисобот маълумотларининг дастлабки бухгалтерия баланси кўрсаткичларига номувофиқлиги;
ж) бажарилмаган шартлар ҳамда тан олинган қайта ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ҳодисалар ва бошқалар.
65. Қайта ташкил этиш натижасида ўз фаолиятини тўхтатган ташкилотлар топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансига асосан якуний молиявий ҳисоботнинг бухгалтерия балансида «Ҳисобот даври охирига» устунининг кўрсаткичларини тўлдирадилар.
Ўз фаолиятини тўхтатган ташкилотнинг якуний молиявий ҳисоботига изоҳларда амалга оширилган қайта ташкил этиш ва ташкилот фаолиятининг тўхтатилиши ҳақида қуйидаги маълумотлар ёритиб берилиши мумкин:
а) қайта ташкил этишни амалга ошириш учун асослар;
б) мол-мулк ва мажбуриятларнинг ҳуқуқий ворисга ўтказилиши ҳақидаги ҳужжатлар;
в) қайта ташкил этилаётган ташкилотларнинг ҳисоб-китоб ва бошқа банк ҳисобварақлари ёпилгани, қайта расмийлаштирилганини тасдиқловчи ҳужжатлар;
г) қайта ташкил этилаётган ташкилотнинг давлат солиқ органлари, давлат мақсадли жамғармалари, ҳудудий статистика органлари ҳисобидан чиқарилиши ҳақидаги маълумотлар ва бошқалар.
66. Қўшиб олиш ёки ажратиб чиқариш шаклида амалга оширилган қайта ташкил этишдан кейин ўз фаолиятини давом эттираётган ташкилотлар олинган (топширилган) мол-мулк ва мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда молиявий ҳисобот тузадилар.
Топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш баланси маълумотлари, устав капитали, қўшилган капитал миқдори ҳамда бухгалтерия балансининг бошқа кўрсаткичларидаги ўзгаришлар молиявий ҳисоботга изоҳларда ёритиб берилади.
Ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилаётган ташкилот даромадлари, харажатлари, олган фойдалари (кўрган зарарлари)нинг суммалари, шунингдек фойда солиғи ҳақидаги, шу жумладан ажратиб чиқарилаётган таркибий бўлимга тааллуқли маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига мувофиқ молиявий ҳисоботга изоҳларда ёритиб берилиши мумкин.
Молиявий ҳисобот кўрсаткичларининг қиёсийлигини таъминлаш мақсадида, ташкилотларни қўшиб олиш (ажратиб чиқариш) амалга оширилган қайта ташкил этиш жараёни якунланганидан кейин, қайта ташкил этишдан олдинги даврларга тегишли маълумотларга белгиланган тартибда тузатишлар киритилиши лозим. Бунда бухгалтерия ҳисобида ҳеч қандай ёзувлар қайд этилмайди.
67. Қайта ташкил этиш натижасида вужудга келган ташкилотлар ўзлари давлат рўйхатига олинган санадан бошлаб ўтган ҳисобот даври учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий ҳисобот тузадилар ва тақдим этадилар.
68. Агар амалга оширилган қайта ташкил этиш натижасида қайта ташкил этилган ташкилотнинг шўъба ва тобе хўжалик жамиятларига нисбатан ҳуқуқлари ҳуқуқий ворисга ўтган бўлса, ҳуқуқий ворис, ўз ташкилотининг дастлабки молиявий ҳисоботи билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (8-сонли БҲМС) «Консолидациялашган молиявий ҳисоботлар ва шуъба хўжалик жамиятларига инвестициялар ҳисоби»га (рўйхат рақами 3537, 2024 йил 26 июль) мувофиқ ўзаро боғлиқ ташкилотлар гуруҳининг консолидация қилинган молиявий ҳисоботини тузиши ва консолидациялашган молиявий ҳисоботга изоҳларда маълумотларни ёритиб бериши лозим.
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (23-сонли БҲМС) «Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш»га ИЛОВА
Ташкилотларни қайта ташкил этишда қўлланиладиган мол-мулкни баҳолаш турлари
Активларнинг турлари Баҳолаш турлари бозор қиймати ҳақиқий қиймат қолдиқ қиймат номинал қиймат режали, меъёрий қиймат Асосий воситалар ҳа ҳа ҳа йўқ йўқ Ўрнатиладиган асбоб-ускуналар ҳа ҳа йўқ йўқ йўқ Номоддий активлар ҳа ҳа ҳа йўқ йўқ Капитал қўйилмалар ҳа ҳа йўқ йўқ йўқ Узоқ муддатли инвестициялар ҳа ҳа ҳа ҳа йўқ Материаллар ҳа ҳа йўқ йўқ ҳа Тугалланмаган ишлаб чиқариш ҳа ҳа йўқ йўқ ҳа Ўзида ишлаб чиқарилган ярим тайёр маҳсулотлар ҳа ҳа йўқ йўқ ҳа Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулот йўқ ҳа йўқ йўқ ҳа Тайёр маҳсулот ҳа ҳа йўқ йўқ ҳа Товарлар ҳа ҳа йўқ йўқ ҳа Юклаб жўнатилган товарлар ҳа ҳа йўқ йўқ ҳа Нақд пул маблағлари йўқ йўқ йўқ ҳа йўқ Пул ҳужжатлари йўқ ҳа йўқ ҳа йўқ Банкдаги счётлардаги пул маблағлари йўқ ҳа йўқ йўқ йўқ Йўлдаги ўтказмалар йўқ ҳа йўқ йўқ йўқ Молиявий қўйилмалар ҳа ҳа йўқ ҳа йўқ Келгуси даврлар харажатлари йўқ ҳа йўқ йўқ йўқ
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 июндаги 142-сон буйруғига 2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 2005 йил 12 апрелдаги 37-сон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти 23-сон БҲМС «Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш» (2005 йил 27 июн, рўйхат рақами 1484) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 йил, 25-26-сон, 187-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2013 йил 24 июлдаги 72-сонли «Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти 23-сон БҲМС «Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш» га ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги буйруғи (2013 йил 7 август, рўйхат рақами 1484-1) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 йил 12 август, 32-сон, 432-модда).
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 14 июнь,
142-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI IQTISODIYOT VA MOLIYA VAZIRINING
buyrugʻi
ROʻYXATI
Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (23-sonli BHMS) “Qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobotni shakllantirish”ni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq buyuraman:
1. Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (23-sonli BHMS) “Qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobotni shakllantirish” 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.
3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2024-yil 14-iyundagi 142-son buyrugʻiga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (23-sonli BHMS) “Qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobotni shakllantirish”
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Buxgalteriya hisobining milliy standarti (bundan buyon matnda BHMS deb yuritiladi) “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga asosan ishlab chiqilgan va Oʻzbekiston Respublikasida buxgalteriya hisobini normativ tartibga solish elementi boʻlib hisoblanadi.
2. Mazkur BHMSning maqsadi qayta tashkil etishni amalga oshirish haqidagi maʼlumotni moliyaviy hisobotda yoritib berish tartibini belgilash hisoblanadi.
3. Mazkur BHMSning amal qilishi budjet tashkilotlari, banklar va nobank kredit tashkilotlaridan tashqari Oʻzbekiston Respublikasida faoliyat yuritayotgan yuridik shaxslarga (bundan buyon matnda tashkilotlar deb yuritiladi) nisbatan tatbiq qilinadi.
4. Mazkur BHMS davlat ishtirokidagi korxonalarni xususiylashtirish bilan bogʻliq xoʻjalik operatsiyalariga nisbatan qoʻllanilmaydi.
5. Tashkilotni qayta tashkil etish uning taʼsischilari (ishtirokchilari) yoki taʼsis hujjatlarida shunga vakil qilingan yuridik shaxs organining qaroriga muvofiq quyidagi shakllarda amalga oshirilishi mumkin:
a) qoʻshib yuborish;
b) qoʻshib olish;
v) boʻlish;
g) ajratib chiqarish;
d) oʻzgartirish.
6. Mazkur BHMSda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
qoʻshib yuborish — oʻz faoliyatlarini tugatish orqali ikki yoki bir nechta tashkilotlarning barcha huquqlari va majburiyatlarini bergan holda yangi tashkilotni vujudga keltirilishi;
qoʻshib olish — bir yoki bir nechta tashkilot faoliyatini toʻxtatib, ularning huquqlari va majburiyatlarini boshqa tashkilotga berish;
boʻlish — tashkilot faoliyatini toʻxtatib, uning huquqlari va majburiyatlarini yangi tuzilayotgan tashkilotlarga berish;
ajratib chiqarish — tashkilotlarning huquq va majburiyatlari bir qismini unga berish yoʻli bilan yangi tashkilotni vujudga keltirish;
oʻzgartirish — yangi vujudga kelgan yuridik shaxsga qayta tashkil etilgan yuridik shaxsning barcha huquqlari va majburiyatlarini berish yoʻli bilan tashkilotning tashkiliy-huquqiy shaklini oʻzgartirish;
qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning joriy faoliyati bilan bogʻliq operatsiyalar — tovar-moddiy qiymatliklarni sotish, kreditorlar bilan hisob-kitob qilish, topshirilayotgan mulk boʻyicha amortizatsiyani hisoblash, xodimlarga mehnat haqini hisoblash, tegishli budjetlar bilan soliqlar, yigʻimlar va toʻlovlar boʻyicha hamda davlat maqsadli jamgʻarmalariga majburiy toʻlovlar boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish, topshirish dalolatnomasiga kiritilishi lozim boʻlmagan kelgusi davr xarajatlarini, masalan, huquqlari huquqiy vorislik tartibida berilishi mumkin boʻlmagan faoliyatni amalga oshirish uchun litsenziya olish xarajatlarini va boshqa shunga oʻxshagan xarajatlarni hisobdan chiqarish;
aksiyalarni konvertatsiya qilish — buning natijasida bir yoki bir nechta aksiyadorlik jamiyati tashkil topadigan qayta tashkil etishda bir aksiyadorlik jamiyatining aksiyalarini boshqa aksiyadorlik jamiyati (aksiyadorlik jamiyatlari)ning aksiyalariga yoki boshqa tashkilotlarning ulushlari (paylari)ga ayirboshlash operatsiyasi;
ayirboshlash — buning natijasida boshqa tashkiliy-huquqiy shaklidagi tashkilot (aksiyadorlik jamiyatidan tashqari) tashkil topadigan qayta tashkil etishda bir yoki bir nechta aksiyadorlik jamiyatining aksiyalari, tashkilotlarning ulushlari (paylari)ni boshqa tashkilotlarning ulushlari (paylari)ga ayirboshlash operatsiyasi.
7. Tashkilotlarni qayta tashkil etish haqidagi maʼlumotlarni moliyaviy hisobotlarda aks ettirish quyidagilarga asosan amalga oshiriladi:
a) Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksiga muvofiq tashkilotlarni boʻlish yoki ularning tarkibidan bir yoxud bir nechta tashkilotni ajratib chiqarish shaklida tashkilotlarni qayta tashkil etishda tashkilotning taʼsischilari (ishtirokchilari) yoki taʼsis hujjatlarida shunga vakil qilingan yuridik shaxs organi yoki vakolatli davlat organlarining (bundan buyon matnda taʼsischilar deb yuritiladi) qaroriga yoxud qonunda belgilangan hollarda sud qaroriga asosan ;
b) qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda tashkilotlarni qoʻshib yuborish, qoʻshib olish yoki oʻzgartirish shaklida qaytadan tashkil etishda vakolatli davlat organlarining roziligiga asosan .
8. Tashkilotlarni qayta tashkil etish haqidagi maʼlumotni moliyaviy hisobotda shakllantirish uchun taʼsischilar qarorida quyidagilar nazarda tutilishi mumkin:
a) aktivlar va majburiyatlarni inventarizatsiya qilish muddatlari;
b) huquqiy vorislik tartibida topshiriluvchi (qabul qilinuvchi) aktivlar va majburiyatlarni baholash usuli;
v) topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansi tasdiqlanganidan keyin qayta tashkil etilayotgan tashkilotning joriy faoliyati natijasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan aktivlar va majburiyatlarning oʻzgarishi munosabati bilan huquqiy vorislik tartibi, shuningdek muayyan xoʻjalik operatsiyalarini amalga oshirish (kreditlar va qarzlar olish yoki berish, investitsiyalarni amalga oshirish va boshqalar)ning alohida tartibi;
g) yangi vujudga kelgan yoki qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning taʼsis hujjatlarida aks ettirish uchun ustav kapitalini shakllantirish tartibi va uning miqdori;
d) aksiyadorlardan aksiyalarni sotib olishga (xarid qilishga) yoʻnaltirish zaruriyati yuzaga kelishi mumkinligini hisobga olgan holda, qayta tashkil etilayotgan tashkilot hisobot davrida va oʻtgan yillarda olgan sof foydani yoʻnaltirish (taqsimlash), shartli va kafolatlangan majburiyatlarni hisobdan chiqarish (oqibatlarni baholagan holda tan olish) va boshqalar.
9. Qayta tashkil etish natijasida yuzaga kelgan tashkilotlar davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan paytdan boshlab tashkilot qayta tashkil etilgan hisoblanadi bundan qoʻshib olish shaklida qayta tashkil etish hollari mustasno. Tashkilot unga boshqa tashkilotni qoʻshib olish shaklida qayta tashkil etilganida qoʻshib olingan tashkilotning faoliyati toʻxtatilgani haqidagi yozuv yuridik shaxslarning yagona davlat reyestriga (bundan buyon matnda Reyestr deb yuritiladi) kiritilgan paytdan boshlab bu tashkilot qayta tashkil etilgan hisoblanadi.
10. Qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobotni shakllantirish quyidagilar mavjud boʻlgan holda amalga oshiriladi:
a) qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotlarning taʼsis hujjatlari;
b) Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan va mazkur BHMSning 7-bandida koʻrsatilgan taʼsischilar qarori yoki tegishli organlarning qayta tashkil etishga roziligi;
v) Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga muvofiq tuzilgan qoʻshib yuborish yoki qoʻshib olish toʻgʻrisidagi shartnomalar;
g) topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansi;
d) Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga muvofiq, roʻyxatga oluvchi organning quyidagilar haqida yozuvni Reyestrga kiritganini tasdiqlovchi hujjat: qoʻshib yuborish, boʻlish, ajratib chiqarish va oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etishda yangi vujudga kelgan tashkilotlar haqida; qoʻshib olish shaklidagi qayta tashkil etishda qoʻshib olingan tashkilotlarning oxirgisi faoliyati toʻxtatilgani haqida va boshqalar.
11. Taʼsischilar qarori (shartnomasi)ga asosan topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansiga quyidagi ilovalar qoʻshiladi:
a) qayta tashkil etilayotgan tashkilot aktivlari va majburiyatlari tarkibi, shuningdek qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda aktivlar va majburiyatlarni topshirishni rasmiylashtirish sanasidan oldingi oxirgi hisobot sanasiga boʻlgan ularning bahosi aks ettirilgan, “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonunida nazarda tutilgan tarkibda moliyaviy hisobot;
b) topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansini tuzish oldidan oʻtkazilgan inventarizatsiya muvofiq qayta tashkil etilayotgan tashkilotning aktivlari va majburiyatlarini inventarizatsiya qilish dalolatnomalari (xatlash hujjatlari);
v) moddiy va nomoddiy aktivlar boʻyicha boshlangʻich hujjatlar (asosiy vositalar, nomoddiy aktivlar, tovar-moddiy zaxiralar va boshqalarni qabul qilish-topshirish dalolatnomalari (yukxatlari), tashkilotlarni qayta tashkil etishda qabul qilinishi-topshirilishi lozim boʻlgan boshqa aktivlarning roʻyxatlari (xatlash hujjatlari);
g) qayta tashkil etilayotgan tashkilotlar davlat roʻyxatidan oʻtgan paytdan boshlab mol-mulki va tegishli shartnomalar boʻyicha majburiyatlari, tegishli budjetlar, davlat maqsadli jamgʻarmalari va boshqalar bilan hisob-kitoblar huquqiy vorisga oʻtganligi haqida ularning kreditorlari va debitorlariga belgilangan muddatda (qayta tashkil etish haqida qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran 30 kundan kechiktirmay) yozma ravishda xabardor etganligi toʻgʻrisidagi maʼlumot koʻrsatilgan kreditorlik va debitorlik qarzlari rasshifrovkasi (ularni xatlash hujjatlari) va boshqalar.
12. Topshirish dalolatnomasi va taqsimlash balansi qayta tashkil etilgan tashkilotning barcha kreditorlari va qarzdorlariga nisbatan barcha majburiyatlari boʻyicha, shu jumladan taraflar nizolashayotgan majburiyatlar boʻyicha ham, huquqiy vorislik toʻgʻrisidagi qoidalarni oʻz ichiga olgan boʻlishi kerak.
Topshirish dalolatnomasi va taqsimlash balansi yuridik shaxs taʼsischilari (ishtirokchilari) tomonidan yoki yuridik shaxslarni qayta tashkil etish toʻgʻrisida qaror qabul qilgan organ tomonidan tasdiqlanadi hamda taʼsis hujjatlari bilan birga yangi vujudga kelgan tashkilotlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish yoki mavjud tashkilotlarning taʼsis hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish uchun taqdim etiladi.
13. Topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansini belgilangan tartibda tasdiqlash sanasi taʼsischilar yoki qayta tashkil etish haqidagi qarorni qabul qilgan organ tomonidan taʼsischilarning qayta tashkil etish toʻgʻrisidagi shartnomasi (qarori)da nazarda tutilgan qayta tashkil etishni amalga oshirish muddati doirasida, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan talablardan (qayta tashkil etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingani haqida kreditorlar, aksiyadorlar va ishtirokchilarni xabardor etish, ularning majburiyatlarni tugatish yoki muddatidan ilgari bajarish va zararlarni qoplash haqida talablar qoʻyishi, aktivlar va majburiyatlarni inventarizatsiya qilish va boshqalar) kelib chiqib belgilanadi.
14. Topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansini tuzishni hisobot davri (yili)ning oxiriga yoki qayta tashkil etilayotgan tashkilotning berilayotgan aktivlari va majburiyatlarini tavsiflash va baholash uchun asos boʻlgan oraliq (choraklik) moliyaviy hisobot tuzish sanasiga moʻljallash tavsiya etiladi.
2-bob. Aktivlar va majburiyatlarni baholash
15. Tashkilotlarni qayta tashkil etishda topshiriluvchi (qabul qilinuvchi) aktivlar va majburiyatlarni baholash taʼsischilarning qayta tashkil etish toʻgʻrisidagi qarori (shartnoma)da belgilangan tartibga muvofiq amalga oshiriladi. Aktivlar va majburiyatlarning har bir turi uchun aktivlarning boshqa turlariga qoʻllanadigan baholash usullaridan farqli alohida baholash usuli belgilanishi mumkin.
16. Yuridik shaxsni qayta tashkil etishda topshiriladigan aktivlar quyidagi qiymatlar boʻyicha baholanishi mumkin:
a) xarid qilish tannarxi boʻyicha;
b) boshlangʻich qiymati boʻyicha;
v) qoldiq qiymati boʻyicha;
g) qayta tiklanish qiymati boʻyicha;
d) nominal qiymati boʻyicha;
e) ishlab chiqarishning haqiqiy toʻla tannarxi boʻyicha;
j) bevosita xarajatlarga koʻra ishlab chiqarishning haqiqiy tannarxi boʻyicha;
z) rejali, meʼyoriy tannarxi boʻyicha;
i) bozor bahosi boʻyicha.
Mazkur BHMSga ilovada tashkilotlarni qayta tashkil etishda qoʻllash tavsiya etiladigan baholash turlari jadvali keltirilgan.
Bunda topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansida aks ettirilgan aktivlar qiymati ularga ilovalarda (xatlash hujjatlari, rasshifrovkalar) keltirilgan maʼlumotlar bilan tegishli qiymat bahosida mos kelishi lozim.
17. Qayta tashkil etish vaqtida taʼsischilar qarori (shartnomasi)ga muvofiq ushbu BHMS 16-bandining “a” — “z”-kichik bandlarida koʻrsatilgan qiymatlar boʻyicha topshiriluvchi aktivlarni baholashda qayta tashkil etilayotgan tashkilotning topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansida topshirilayotgan aktivni aks ettirish mazkur hujjatlarni tuzish uchun asos boʻlgan moliyaviy hisobotda aks ettirilgan summada amalga oshiriladi.
Taʼsischilar qarori (shartnomasi)ga muvofiq qayta tashkil etishda topshiriluvchi mol-mulkni joriy bozor bahosi boʻyicha baholash qayta tashkil etilayotgan tashkilot tomonidan topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansini tuzish chogʻida amalga oshirilishi mumkin.
18. Topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansida qayta tashkil etilayotgan tashkilot majburiyatlarining bahosi kreditorlik qarzi inventarizatsiya natijalariga koʻra buxgalteriya hisobi hisobvaraqlarida ifodalangan summada aks ettiriladi, bunda tashkilot qayta tashkil etilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga muvofiq kreditorlarga qoplanishi kerak boʻlgan zararlar summasi hisobga olinishi lozim.
19. Aksiyadorlik jamiyatlarining tashkilotlar ustav kapitalidagi aksiyadorlarning talabiga binoan sotib olinishi lozim boʻlgan aksiyalarini baholash ularning Oʻzbekiston Respublikasining “Aksiyadorlik jamiyatlari va aksiyadorlarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq aniqlangan joriy bozor qiymatidan past boʻlmagan narxda belgilangan tartibda aksiyadorlik jamiyatlari tomonidan amalga oshiriladi.
Nazarda tutilgan barcha tartib-taomillar bajarilganidan keyin, belgilangan tartibda sotib olingan, qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarga tegishli aksiyalar bekor qilinayotganida buxgalteriya hisobida ustav kapitalining aksiyalar nominal qiymatiga kamayishi aks ettiriladi.
Agar aksiyalarni sotib olishga amaldagi xarajatlar miqdori aksiyalar nominal qiymatidan katta boʻlsa, yuzaga keluvchi farq qoʻshilgan kapitalning kamayishi hisobiga, qoʻshilgan kapital miqdori yetarli boʻlmagan taqdirda esa, moliyaviy natijalarga (moliya faoliyati boʻyicha xarajatlarga) qayta tashkil etilayotgan tashkilot koʻrgan zarar sifatida kiritiladi.
Agar aksiyalarni sotib olishga amaldagi xarajatlar aksiyalar nominal qiymatidan kam boʻlsa, yuzaga keluvchi farq moliyaviy natijalarga (moliya faoliyati boʻyicha daromadlarga) qayta tashkil etilayotgan tashkilot olgan daromad sifatida kiritiladi.
3-bob. Tashkilotni qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobot
20. Oʻz faoliyatini toʻxtatayotgan qayta tashkil etilayotgan tashkilot Reyestrga tegishli yozuv kiritilgan sanadan oldingi kungacha boʻlgan holatga koʻra yakuniy moliyaviy hisobot tuzadi.
Yakuniy moliyaviy hisobot Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuni , Buxgalteriya hisobi milliy standartlariga muvofiq, tashkilot ilgari qabul qilgan yillik moliyaviy hisobot shakllari hajmida, hisobot yili boshidan to Reyestrga yangi vujudga kelgan tashkilotlar haqidagi (qoʻshib olingan oxirgi tashkilot faoliyatini toʻxtatishi haqidagi) yozuv kiritilgan vaqtga qadar boʻlgan davr uchun tuziladi.
21. Qayta tashkil etilayotgan tashkilotlar buxgalteriya hisobi hisobvaraqlari boʻyicha emas, balki oʻz huquqlari va majburiyatlari haqida maʼlumotlarni berishlari lozim. Bunda, buxgalteriya hisobining barcha tartibga soluvchi (kontr-aktiv va kontr-passiv) va baholash hisobvaraqlari yopilgan boʻlishi kerak. Yakuniy moliyaviy hisobot tuzish uchun faqat mol-mulk va majburiyatlarni hisobga olish hisobvaraqlari boʻyicha qoldiqqa ega boʻlish lozim.
22. Agar qayta tashkil etish natijasida yangi tuzilgan tashkilot muayyan obyektga nisbatan oʻz huquqlarini tasdiqlash va amalga oshirish imkoniyatini yoʻqotgan boʻlsa, mazkur mol-mulkni qayta tashkil etilgan tashkilot zararlarga hisobdan chiqarishi lozim.
23. Topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansiga asosan qayta tashkil etilayotgan tashkilotning aktivlari va majburiyatlarini topshirish sanasi bilan vujudga kelgan tashkilotlar haqidagi (qoʻshib olingan tashkilotlarning oxirgisi oʻz faoliyatini toʻxtatganligi haqidagi) yozuv Reyestrga kiritilgan sana mos kelmaganligi sababli mazkur sanalar oraligʻidagi davrda qayta tashkil etilayotgan tashkilot tomonidan belgilangan tartibda yillik (yoki oraliq) moliyaviy hisobot tuziladi va taqdim etiladi.
Bunda, oraliq va yillik, keyinchalik esa yakunlovchi moliyaviy hisobotning koʻrsatkichlari topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansi maʼlumotlari bilan mos kelmasligi mumkin.
Oraliq va (yoki) yillik moliyaviy hisobotga, yakuniy moliyaviy hisobotga izohlarda yoxud topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansiga izohlarda shu davrda topshirilayotgan aktivlar va majburiyatlar qiymatida sodir boʻlgan oʻzgarishlar yoritib berilishi lozim.
Agar, topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansi qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan (faoliyati tugatilayotgan) tashkilotlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun tegishli hujjatlar taqdim etilishidan bevosita oldin tuzilgan boʻlsa, oraliq va (yoki) yillik hamda yakunlovchi moliyaviy hisobotning koʻrsatkichlari topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansi maʼlumotlari bilan mos kelishi mumkin. Bunda topshirilayotgan aktivlar balans qiymati (amaldagi tannarxi, dastlabki qiymati) boʻyicha, majburiyatlar esa qarz buxgalteriya hisobida aks ettirilgan summa boʻyicha baholanadi hamda shu davrda aktivlar va majburiyatlarda oʻzgarish sodir boʻlmaydi.
24. Qayta tashkil etishda aktivlar va majburiyatlarning topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansi boʻyicha bir tashkilotdan boshqa tashkilotga huquqiy vorislik tartibida topshirilishiga buxgalteriya hisobi maqsadlarida aktivlar va majburiyatlarning chiqib ketishi sifatida qaralmaydi.
25. Qayta tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar (vujudga kelgan tashkilotlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish, taʼsis hujjatlariga tegishli oʻzgartishlar kiritish, qimmatli qogʻozlarni roʻyxatdan oʻtkazish, yuridik xizmatlarga haq toʻlash va boshqalar) qayta tashkil etishda qatnashayotgan tashkilotlar tomonidan tegishli davrning boshqa operatsion xarajatlari deb eʼtirof etiladi va ushbu xarajatlarni amalga oshirgan tashkilotning buxgalteriya hisobida aks ettiriladi. Mazkur xarajatlarni amalga oshirgan tashkilotning moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotida yuqorida keltirilgan xarajatlar, ularning muhimligidan qatʼi nazar, “boshqa operatsion xarajatlar” satrida aks ettiriladi.
26. Qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotning hisobot davrining boshiga (davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan sanaga) qadar boʻlgan holatga koʻra dastlabki moliyaviy hisobotida aktivlar, majburiyatlar va boshqa koʻrsatkichlar haqidagi maʼlumotlar belgilangan tartibda tasdiqlangan topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansiga, shuningdek qayta tashkil etilgan tashkilotlarning topshirilayotgan aktivlari va majburiyatlari tarkibidagi va qiymatidagi oʻzgarishlardan kelib chiqib tuzilgan yakuniy moliyaviy hisoboti maʼlumotlariga asosan toʻldiriladi.
Qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning joriy xoʻjalik operatsiyalari buxgalteriya hisobini yuritishda va qayta tashkil etishda qoʻllanuvchi aktivlarni baholash usullari har xil boʻlsa, yakuniy moliyaviy hisobot koʻrsatkichlari bahosini topshirilayotgan aktivlar bahosi bilan muvofiq holatga keltirish lozim. Topshirilayotgan aktivlar qiymatidagi barcha tafovutlar qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning boshqa daromadlari va xarajatlari hisobvaraqlarida aks ettirilishi lozim.
27. Majburiyat tugatilgan, qarzdor va kreditor bir shaxs boʻlgan taqdirda, yaʼni qoʻshib yuborish (qoʻshib olish) shaklidagi qayta tashkil etishda qatnashayotgan taraflar oʻrtasida qoʻshib yuborish (qoʻshib olish) shaklidagi qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotning dastlabki buxgalteriya balansiga quyidagilar kiritilmaydi:
a) qayta tashkil etilayotgan tashkilotlar oʻrtasidagi debitorlik va kreditorlik qarzlarini, shu jumladan dividendlar boʻyicha hisob-kitoblarni aks ettiruvchi koʻrsatkichlar;
b) qayta tashkil etilayotgan baʼzi tashkilotlarning qayta tashkil etilayotgan boshqa tashkilotlar ustav kapitaliga joylashtirgan mablagʻlari;
v) qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning oʻzaro hisob-kitoblarini, shu jumladan oʻzaro operatsiyalar natijasida olingan daromad va koʻrilgan zararlarni tavsiflovchi boshqa aktivlar va majburiyatlar.
4-bob. Qoʻshib yuborish shaklida qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobot koʻrsatkichlarini shakllantirishning xususiyatlari
28. Qoʻshib yuborishda qatnashayotgan tashkilotlar qoʻshib yuborish tartibi va shartlari, har bir tashkilot aksiyalari (ulushlari)ni yangi tashkilot aksiyalari (ulushlari)ga konvertatsiya qilish tartibi belgilanadigan qoʻshib yuborish toʻgʻrisida shartnoma tuzadilar. Qoʻshib yuborishda qatnashayotgan har bir tashkilot qoʻshib yuborish shaklida qayta tashkil etish (bundan buyon matnda qoʻshib yuborish deb yuritiladi), qoʻshib yuborish toʻgʻrisidagi shartnoma va topshirish dalolatnomasini tasdiqlash toʻgʻrisidagi masalalarni aksiyadorlar (ishtirokchilar) umumiy yigʻilishining muhokamasiga kiritadi.
29. Qoʻshib yuborishda oʻz faoliyatini toʻxtatayotgan barcha qayta tashkil etilayotgan tashkilotlar vujudga kelgan tashkilot haqidagi yozuv Reyestrga kiritilishidan oldingi kungacha boʻlgan holatga koʻra yakuniy moliyaviy hisobot tuzadilar. Bunda yakuniy moliyaviy hisobot tuzilgunga qadar daromadlar va xarajatlar hisobini yuritish hisobvaragʻi yopiladi va sof foyda summasi taʼsischilarning qoʻshib yuborish toʻgʻrisidagi qarori (shartnomasi)da belgilangan maqsadlarga yoʻnaltiriladi (taqsimlanadi).
30. Qoʻshib yuborishda ushbu tashkilotlarning joriy faoliyati bilan bogʻliq barcha operatsiyalar, shuningdek topshirish dalolatnomasi tasdiqlangan sanadan boshlab oʻtgan davrda amalga oshirilgan qayta tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar vujudga kelgan tashkilot haqidagi yozuvni Reyestrga kiritish sanasiga qadar qoʻshib yuborish munosabati bilan oʻz faoliyatini toʻxtatayotgan tashkilotlarning buxgalteriya hisobida va yakuniy moliyaviy hisobotida aks ettiriladi.
31. Qoʻshib yuborish natijasida vujudga kelgan tashkilotning davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan sanaga boʻlgan holatga koʻra dastlabki moliyaviy hisoboti topshirish dalolatnomasi maʼlumotlari hamda qayta tashkil etilgan tashkilotlarning buxgalteriya hisobida aks ettirilgan mazkur BHMSning 30-bandida sanab oʻtilgan operatsiyalarni hisobga olgan holda tuzilgan yakuniy moliyaviy hisobot koʻrsatkichlarini (bundan mazkur BHMSning 27-bandida keltirilgan koʻrsatkichlar boʻyicha oʻzaro hisob-kitoblar mustasno) satrma-satr birlashtirish (qoʻshish yoki oʻtgan yillarning qoplanmagan zararlari boʻlgan taqdirda, ayirish) asosida, shuningdek mazkur BHMSning 33 va 34-bandlarida nazarda tutilgan holatlardan kelib chiqib tuziladi.
Bunda, qoʻshib yuborish natijasida tashkil etilayotgan tashkilotlarning moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotlarining koʻrsatkichlarini qoʻshish qoʻshib yuborish natijasida vujudga kelgan tashkilotning dastlabki moliyaviy hisobotida amalga oshirilmaydi.
32. Vujudga kelgan tashkilot davlat roʻyxatidan oʻtish sanasiga dastlabki moliyaviy hisobotni tuzishda qayta tashkil etish jarayonida olingan aktivlar, majburiyatlar va boshqa koʻrsatkichlar haqidagi maʼlumotlarni ular topshirish dalolatnomasida aks ettirilgan bahoda, qoʻshib yuborish natijasida tashkil etilayotgan tashkilotlarning yakuniy moliyaviy hisobotidagi koʻrsatkichlardan kelib chiqib toʻldiradi.
33. Qoʻshib yuborish toʻgʻrisidagi shartnomaga va unda nazarda tutilgan taʼsischilarning qoʻshib yuborish shaklida qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning aksiyalari (ulushlari, paylari)ni vujudga kelgan tashkilotning aksiyalari (ulushlari, paylari)ga konvertatsiya qilish (ayirboshlash) tartibi toʻgʻrisidagi qaroriga muvofiq, vujudga kelgan tashkilotning dastlabki moliyaviy hisobotida qoʻshib yuborish natijasida tashkil etilayotgan tashkilotlarning shakllangan ustav kapitali aks ettiriladi.
Agar qoʻshib yuborish toʻgʻrisidagi shartnomada vujudga kelgan tashkilotning ustav kapitali miqdorini qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning ustav kapitallari summasidan, shu jumladan qoʻshib yuborishda qatnashayotgan tashkilotlarning oʻz manbalari (qoʻshilgan va zaxira kapitali, taqsimlanmagan foydasi va boshqalar) hisobiga koʻpaytirish nazarda tutilgan boʻlsa, vujudga kelgan tashkilotning dastlabki moliyaviy hisobotida qoʻshib yuborish toʻgʻrisidagi shartnomada qayd etilgan ustav kapitali miqdori aks ettiriladi.
Agar qoʻshib yuborish toʻgʻrisidagi shartnomada vujudga kelgan tashkilotning ustav kapitali miqdorini qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning ustav kapitallari umumiy summasidan kamaytirish nazarda tutilgan boʻlsa, vujudga kelgan tashkilotning dastlabki moliyaviy hisobotida qoʻshib yuborish toʻgʻrisidagi shartnomada qayd etilgan ustav kapitali miqdori aks ettiriladi, oʻrtadagi farq esa huquqiy vorisning dastlabki buxgalteriya balansida “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimida “Qoʻshilgan kapital” satrida aks ettirilishi lozim.
34. Agar qoʻshib yuborish toʻgʻrisidagi shartnomada nazarda tutilgan ustav kapitalining miqdori vujudga kelgan tashkilotning sof aktivlari qiymatiga mos boʻlmasa, dastlabki buxgalteriya balansi “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimining koʻrsatkichlari quyidagi tartibda shakllantiriladi:
aksiyalarni konvertatsiya qilishda qoʻshib yuborish shaklida vujudga kelgan tashkilotning sof aktivlari qiymati ustav kapitali miqdoridan koʻp boʻlsa, dastlabki buxgalteriya balansi “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimining koʻrsatkichlari sof aktivlar qiymati miqdorida, ustav kapitaliga va qoʻshilgan kapitalga ajratgan holda shakllantiriladi (sof aktivlar qiymatining aksiyalarning jami nominal qiymatidan oshishi);
agar (aksiyalarni konvertatsiya qilish hollarini istisno qilganda) vujudga kelgan tashkilotning sof aktivlari qiymati ustav kapitali miqdoridan koʻp boʻlib qolsa, oʻrtadagi farq dastlabki buxgalteriya balansi “Majburiyatlar” boʻlimida “Uzoq muddatli kechiktirilgan daromadlar” va “Kechiktirilgan daromadlar” satrlarida aks ettirilishi lozim;
agar qoʻshib yuborish natijasida vujudga kelgan tashkilotning sof aktivlari qiymati ustav kapitali miqdoridan kam boʻlib qolsa, oʻrtadagi farq dastlabki buxgalteriya balansi “Uzoq muddatli aktivlar” boʻlimida “Nomoddiy aktivlar” satrida gudvill tarzida aks ettirilishi lozim.
5-bob. Qoʻshib olish shaklida qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobot koʻrsatkichlarini shakllantirishning xususiyatlari
35. Qoʻshib olinayotgan tashkilotlar va ular qoʻshilayotgan tashkilot qoʻshib olish tartibi va shartlari, shuningdek qoʻshib olinayotgan tashkilotlarning aksiyalari (ulushlari)ni ular qoʻshilayotgan tashkilotning aksiyalari (ulushlari)ga konvertatsiya qilish tartibi belgilanadigan qoʻshib olish toʻgʻrisida shartnoma tuzadilar. Har bir tashkilot qoʻshib olish shaklida qayta tashkil etish (bundan buyon matnda qoʻshib olish deb yuritiladi), qoʻshib olish toʻgʻrisidagi shartnoma va topshirish dalolatnomasini tasdiqlash toʻgʻrisidagi masalalarni qoʻshib olishda ishtirok etuvchi tashkilot taʼsischilari (aksiyadorlari) umumiy yigʻilishining muhokamasiga kiritadi.
36. Qoʻshib olishda yakuniy moliyaviy hisobot faqat qoʻshib olinayotgan tashkilot tomonidan uning faoliyati toʻxtatilgani haqidagi yozuv Reyestrga kiritilishidan oldingi kungacha boʻlgan holatga koʻra tuziladi. Bunda yakuniy moliyaviy hisobot tuzilgunga qadar daromadlar va xarajatlar hisobini yuritish hisobvaragʻi yopiladi va sof foyda summasi taʼsischilarning qoʻshib olish toʻgʻrisidagi qarori (shartnomasi)da belgilangan maqsadlarga yoʻnaltiriladi (taqsimlanadi).
37. Boshqa tashkilot (tashkilotlar)ni unga qoʻshish jarayonida taʼsischilarning qaroriga asosan faqat aktivlar va majburiyatlar hajmi oʻzgargan va joriy hisobot yili uzilib qolmagan tashkilotda daromadlar va xarajatlar hisobini yuritish hisobvaragʻi yopilmaydi va qoʻshib olinayotgan tashkilot faoliyatini toʻxtatish davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan sanaga boʻlgan holatga koʻra yakuniy moliyaviy hisobot tuzilmaydi.
38. Qoʻshib olishda qayta tashkil etilayotgan tashkilotning joriy faoliyati bilan bogʻliq barcha operatsiyalar, shuningdek topshirish dalolatnomasi tasdiqlangan sanadan boshlab oʻtgan davrda amalga oshirilgan qayta tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar qoʻshib olinayotgan tashkilot faoliyatining toʻxtatilishi haqidagi yozuvni Reyestrga kiritish sanasiga qadar oʻz faoliyatini toʻxtatayotgan tashkilotning buxgalteriya hisobida va yakuniy moliyaviy hisobotida aks ettiriladi.
39. Qoʻshib olishda qoʻshib olingan oxirgi tashkilotning faoliyatini toʻxtatish haqidagi yozuv Reyestrga kiritilgan sanaga koʻra huquqiy vorisning moliyaviy hisoboti topshirish dalolatnomasi maʼlumotlari hamda qoʻshib olinayotgan tashkilotning buxgalteriya hisobida aks ettirilgan, ushbu BHMSning 38-bandida sanab oʻtilgan operatsiyalarni hisobga olgan holda tuzilgan yakuniy moliyaviy hisobot koʻrsatkichlarini va huquqiy vorisning qoʻshib olinayotgan tashkilot faoliyati toʻxtatilganini davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasiga tuzilgan moliyaviy hisoboti koʻrsatkichlarini (bundan mazkur BHMSning 27-bandida keltirilgan va oʻzaro hisob-kitoblarni aks ettiruvchi koʻrsatkichlari mustasno) satrma-satr birlashtirish (qoʻshish yoki, oʻtgan yillarning qoplanmagan zararlari boʻlgan taqdirda, ayirish) asosida, shuningdek mazkur BHMSning 41 va 42-bandlarida nazarda tutilgan holatlardan kelib chiqib tuziladi.
Bunda, huquqiy voris va qoʻshib olinayotgan tashkilotning qoʻshib olinayotgan tashkilot faoliyati toʻxtatilganini davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasiga qadar boʻlgan hisobot davrlaridagi moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotlar koʻrsatkichlarini qoʻshish amalga oshirilmaydi.
Qoʻshib olishda huquqiy vorisning qoʻshib olinayotgan tashkilot faoliyati toʻxtatilganini davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasidan keyingi davrdagi moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotining koʻrsatkichlari qoʻshib olishda qayta tashkil etilgan tashkilotning daromadlari va xarajatlarini aks ettiradi.
40. Huquqiy voris qoʻshib olingan oxirgi tashkilot faoliyati toʻxtatilgani haqidagi yozuv Reyestrga kiritilgan sanaga moliyaviy hisobotni tuzishda qayta tashkil etish jarayonida olingan aktivlar, majburiyatlar va boshqa koʻrsatkichlar haqidagi maʼlumotlarni ular topshirish dalolatnomasida aks ettirilgan bahoda, qoʻshib olish shaklida qayta tashkil etilayotgan tashkilotning qoʻshib olinayotgan tashkilot tomonidan tuzilgan yakuniy moliyaviy hisobotidagi koʻrsatkichlardan kelib chiqib toʻldiradi.
41. Qoʻshib olish toʻgʻrisidagi shartnomaga va unda nazarda tutilgan taʼsischilarning qoʻshib olish shaklida qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning aksiyalari (ulushlari, paylari)ni huquqiy vorisning aksiyalari (ulushlari, paylari)ga konvertatsiya qilish (ayirboshlash) tartibi toʻgʻrisidagi qaroriga muvofiq, huquqiy vorisning qoʻshib olingan oxirgi tashkilotning faoliyati toʻxtatilgani haqidagi yozuv Reyestrga kiritilgan sanaga moliyaviy hisobotida ustav kapitali aks ettiriladi.
Agar qoʻshib olish toʻgʻrisidagi shartnomada huquqiy vorisning ustav kapitali miqdorini qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning ustav kapitallari umumiy summasidan, shu jumladan qoʻshib olishda qatnashayotgan tashkilotlarning oʻz mablagʻlari manbalari (qoʻshilgan va zaxira kapitali, taqsimlanmagan foydasi va boshqalar) hisobiga koʻpaytirish nazarda tutilgan boʻlsa, huquqiy vorisning qoʻshib olingan oxirgi tashkilotning faoliyati toʻxtatilgani haqidagi yozuv Reyestrga kiritilgan sanaga tuzilgan moliyaviy hisobotida qoʻshib olish toʻgʻrisidagi shartnomada qayd etilgan ustav kapitali miqdori aks ettiriladi.
Agar qoʻshib olish toʻgʻrisidagi shartnomada huquqiy vorisning ustav kapitali miqdorini qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning ustav kapitallari umumiy summasidan kamaytirish nazarda tutilgan boʻlsa, huquqiy vorisning qoʻshib olingan oxirgi tashkilotning faoliyati toʻxtatilgani haqidagi yozuv Reyestrga kiritilgan sanaga tuzilgan moliyaviy hisobotida qoʻshib olish toʻgʻrisidagi shartnomada qayd etilgan ustav kapitali miqdori aks ettiriladi, oʻrtadagi farq esa huquqiy vorisning buxgalteriya balansi “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimida “Qoʻshilgan kapital” satrida aks ettirilishi lozim.
42. Agar qoʻshib olish toʻgʻrisidagi shartnomada nazarda tutilgan ustav kapitalining miqdori huquqiy vorisning sof aktivlari qiymatiga mos boʻlmasa, huquqiy vorisning qoʻshib olingan oxirgi tashkilotning faoliyati toʻxtatilgani haqidagi yozuv Reyestrga kiritilgan sanaga tuzilgan buxgalteriya balansi “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimining koʻrsatkichlari quyidagi tartibda shakllantiriladi.
Aksiyalarni konvertatsiya qilish vaqtida huquqiy vorisning sof aktivlari qiymati ustav kapitali miqdoridan koʻp boʻlsa, huquqiy vorisning qoʻshib olingan oxirgi tashkilotning faoliyati toʻxtatilgani haqidagi yozuv Reyestrga kiritilgan sanaga tuzilgan buxgalteriya balansi “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimining koʻrsatkichlari sof aktivlar qiymati miqdorida, ustav kapitaliga va qoʻshilgan kapitalga ajratgan holda shakllantiriladi (sof aktivlar qiymatining aksiyalarning jami nominal qiymatidan oshishi).
Qolgan hollarda, agar huquqiy vorisning sof aktivlari qiymati ustav kapitali miqdoridan koʻp boʻlib qolsa, oʻrtadagi farq huquqiy vorisning qoʻshib olingan oxirgi tashkilotning faoliyati toʻxtatilgan sanaga tuzilgan buxgalteriya balansi “Majburiyatlar” boʻlimida “Uzoq muddatli kechiktirilgan daromadlar” va “Kechiktirilgan daromadlar” satrlarida aks ettirilishi lozim.
Agar huquqiy vorisning sof aktivlari qiymati ustav kapitali miqdoridan kam boʻlib qolsa, oʻrtadagi farq huquqiy vorisning qoʻshib olingan oxirgi tashkilotning faoliyati toʻxtatilgani haqidagi yozuv Reyestrga kiritilgan sanaga tuzilgan buxgalteriya balansi “Uzoq muddatli aktivlar” boʻlimida “Nomoddiy aktivlar” satrida gudvill tarzida aks ettirilishi lozim.
6-bob. Boʻlish shaklida qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobot koʻrsatkichlarini shakllantirishning xususiyatlari
43. Tashkilotni boʻlish shaklida qayta tashkil etishda taʼsischilarning qayta tashkil etish toʻgʻrisidagi qaroriga asosan qayta tashkil etilayotgan tashkilot mol-mulki va majburiyatlarining huquqiy vorisligi haqidagi qoida ifodalangan taqsimlash balansini tuzish uchun qayta tashkil etilayotgan tashkilot moliyaviy hisobotining koʻrsatkichlarini boʻlish amalga oshiriladi.
Moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotning koʻrsatkichlarini boʻlish qayta tashkil etilayotgan tashkilot tomonidan amalga oshirilmaydi.
44. Oʻz faoliyatini toʻxtatayotgan tashkilot tomonidan vujudga kelgan tashkilotlar haqidagi yozuv Reyestrga kiritilishidan oldingi sanaga koʻra daromadlar va xarajatlar hisobi hisobvaraqlari boʻyicha oxirgi hisobot yilining moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisoboti elementlari kesimida yopish bilan bogʻliq hisobga olish yozuvlari qayd etiladi va taqsimlash balansiga asosan, vujudga kelgan tashkilotlar kesimida tegishli koʻrsatkichlarni boʻlgan holda yakuniy moliyaviy hisobotni tuzish uchun taqsimlanmagan foyda (qoplanmagan zarar) aniqlanadi.
45. Boʻlish shaklida qayta tashkil etishda qayta tashkil etilayotgan tashkilotning joriy faoliyati bilan bogʻliq barcha operatsiyalar, shuningdek taqsimlash balansi tasdiqlangan sanadan boshlab oʻtgan davrda amalga oshirilgan qayta tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar vujudga kelgan tashkilotlar haqidagi yozuvni Reyestrga kiritish sanasiga qadar qayta tashkil etilayotgan tashkilotning buxgalteriya hisobida va yakuniy moliyaviy hisobotida aks ettiriladi.
46. Boʻlish shaklida qayta tashkil etilgan tashkilotning taqsimlash balansi va yakuniy moliyaviy hisobotiga asosan, ushbu BHMSning 45-bandiga muvofiq aks ettirilgan operatsiyalarni hisobga olgan holda, davlat roʻyxatidan oʻtish sanasiga har bir yangi tashkilotning dastlabki moliyaviy hisoboti tuziladi.
47. Huquqiy vorislar oʻzlari davlat roʻyxatidan oʻtgan sanaga dastlabki moliyaviy hisobotni tuzishda boʻlish shaklida qayta tashkil etish jarayonida olingan aktivlar, majburiyatlar va boshqa koʻrsatkichlar haqidagi maʼlumotlarni huquqiy vorislik tartibida olingan mol-mulk taʼsischilarning qayta tashkil etish toʻgʻrisidagi qaroriga muvofiq taqsimlash balansida aks ettirilgan bahoda, qayta tashkil etilayotgan tashkilotning yakuniy moliyaviy hisobotidagi koʻrsatkichlardan kelib chiqib qayd etadilar.
48. Tashkilotlarni boʻlish chogʻida shakllantirilgan ustav kapitali dastlabki buxgalteriya balansida taʼsischilarning boʻlish shaklida qayta tashkil etish toʻgʻrisidagi qaroriga va unda nazarda tutilgan qayta tashkil etilayotgan tashkilotning aksiyalari (ulushlari, paylari)ni vujudga kelgan tashkilotlarning aksiyalari (ulushlari, paylari)ga konvertatsiya qilish (ayirboshlash) tartibiga muvofiq aks ettiriladi.
Agar taʼsischilarning boʻlish shaklida qayta tashkil etish toʻgʻrisidagi qarorida vujudga kelgan tashkilotlarning ustav kapitali miqdorini qayta tashkil etilayotgan tashkilotning ustav kapitali summasidan, shu jumladan boʻlish shaklida qayta tashkil etilayotgan tashkilotning oʻz mablagʻlari manbalari (qoʻshilgan kapitali, taqsimlanmagan foydasi va boshqalar) hisobiga koʻpaytirish nazarda tutilgan boʻlsa, boʻlish shaklida qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotlarning dastlabki moliyaviy hisobotida taʼsischilarning boʻlish toʻgʻrisidagi qarorida qayd etilgan ustav kapitali miqdori aks ettiriladi.
Agar taʼsischilarning boʻlish toʻgʻrisidagi qarorida boʻlish shaklida qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotlarning ustav kapitali miqdorini qayta tashkil etilayotgan tashkilotning ustav kapitali summasidan kamaytirish nazarda tutilgan boʻlsa, vujudga kelgan tashkilotlarning dastlabki moliyaviy hisobotida taʼsischilarning boʻlish toʻgʻrisidagi qarorida qayd etilgan ustav kapitali miqdori aks ettiriladi, oʻrtadagi farq esa huquqiy vorislarning dastlabki buxgalteriya balansi “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimida “Qoʻshilgan kapital” koʻrsatkichi bilan yangi vujudga kelgan tashkilotlarning ustav kapitali miqdoriga mutanosib ravishda tartibga solinishi lozim.
49. Agar taʼsischilarning boʻlish toʻgʻrisidagi qarorida nazarda tutilgan ustav kapitalining miqdori tashkilotlarni boʻlish natijasida vujudga kelgan sof aktivlar qiymatiga mos boʻlmasa, boʻlish natijasida vujudga kelgan tashkilotlarning dastlabki buxgalteriya balansi “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimining koʻrsatkichlari quyidagi tartibda shakllantiriladi.
Aksiyalarni konvertatsiya qilish vaqtida boʻlish shaklida qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotlarning sof aktivlari qiymati ustav kapitali miqdoridan koʻp boʻlsa, dastlabki buxgalteriya balansi “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimining koʻrsatkichlari sof aktivlar qiymati miqdorida, ustav kapitaliga va qoʻshilgan kapitalga ajratgan holda shakllantiriladi (sof aktivlar qiymatining aksiyalarning jami nominal qiymatidan oshishi).
Agar vujudga kelgan tashkilotlarning sof aktivlari qiymati taʼsis hujjatlarida qayd etilgan ustav kapitali miqdoridan koʻp boʻlsa, oʻrtadagi farq dastlabki buxgalteriya balansi “Majburiyatlar” boʻlimida “Uzoq muddatli kechiktirilgan daromadlar” va “Kechiktirilgan daromadlar” satrlarida aks ettirilishi lozim.
Agar boʻlish shaklida qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotlarning sof aktivlari qiymati ustav kapitali miqdoridan kam boʻlsa, oʻrtadagi farq dastlabki buxgalteriya balansi “Uzoq muddatli aktivlar” boʻlimida “Nomoddiy aktivlar” satrida gudvill tarzida aks ettirilishi lozim.
7-bob. Ajratib chiqarish shaklida qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobot koʻrsatkichlarini shakllantirishning xususiyatlari
50. Ajratib chiqarish shaklida qayta tashkil etishda (bundan buyon matnda ajratib chiqarish deb yuritiladi) tarkibidan boshqa tashkilot ajralib chiqayotgan tashkilotda taʼsischilar qaroriga asosan faqat mol-mulk va majburiyatlar hajmi oʻzgaradi, joriy hisobot davrida uzilish roʻy bermaydi, daromadlar va xarajatlar hisobini yuritish hisobvaraqlari yopilmaydi, shuningdek yakuniy moliyaviy hisobot tuzilmaydi.
51. Tashkilotni ajratib chiqarishda taʼsischilarning qaroriga asosan qayta tashkil etilayotgan tashkilot aktivlari va majburiyatlarining huquqiy vorisligi haqidagi qoida ifodalangan taqsimlash balansini tuzish uchun qayta tashkil etilayotgan tashkilot moliyaviy hisobotining koʻrsatkichlarini ajratish amalga oshiriladi.
Bunda qayta tashkil etilayotgan tashkilotning moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisoboti koʻrsatkichlarini ajratish amalga oshirilmaydi.
52. Qayta tashkil etilayotgan tashkilot ajratib chiqarilayotgan tarkibiy boʻlimining daromadlari va ayrim xarajatlari summasini tan olish (topshirilayotgan mol-mulk boʻyicha amortizatsiyani hisoblash, bu mulkni saqlash xarajatlari, xodimlarga mehnat haqini hisoblash va sh.k.), shuningdek ajratib chiqarilayotgan tarkibiy boʻlim boʻyicha moliyaviy hisobot tuzilgan sanadagi holatga koʻra tegishli budjetlar bilan soliqlar, yigʻimlar va toʻlovlar boʻyicha hamda davlat maqsadli jamgʻarmalariga toʻlovlar boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish bilan bogʻliq maʼlumotlarni yoritishda qayta tashkil etilayotgan tashkilot Buxgalteriya hisobining milliy standartlariga amal qilishi mumkin.
53. Ajratib chiqarishda qayta tashkil etilayotgan tashkilotning joriy faoliyati bilan bogʻliq barcha operatsiyalar, shuningdek taqsimlash balansi tasdiqlangan sanadan boshlab oʻtgan davrda amalga oshirilgan qayta tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar vujudga kelgan tashkilotlar haqidagi yozuvni Reyestrga kiritish sanasiga qadar qayta tashkil etilayotgan tashkilotning buxgalteriya hisobida va moliyaviy hisobotida aks ettiriladi.
54. Taqsimlash balansiga asosan, mazkur BHMSning 53-bandida koʻrsatilgan, qayta tashkil etilayotgan tashkilot tomonidan aks ettirilgan operatsiyalarni hisobga olgan holda, davlat roʻyxatidan oʻtish sanasiga vujudga kelgan tashkilotlarning dastlabki moliyaviy hisoboti tuziladi.
55. Huquqiy voris oʻzi davlat roʻyxatidan oʻtgan sanaga dastlabki moliyaviy hisobotni tuzishda qayta tashkil etish jarayonida olingan aktivlar, majburiyatlar va boshqa koʻrsatkichlar haqidagi maʼlumotlarni ular taqsimlash balansida aks ettirilgan bahoda, vujudga kelgan tashkilot haqidagi yozuv Reyestrga kiritilgan sanaga qayta tashkil etilayotgan tashkilotning moliyaviy hisobotidagi koʻrsatkichlardan kelib chiqib qayd etadi.
56. Tashkilotni ajratib chiqarishda tarkib toptirilgan ustav kapitali dastlabki moliyaviy hisobotda taʼsischilarning ajratib chiqarish toʻgʻrisidagi qaroriga va qonunchilikka muvofiq unda nazarda tutilgan qayta tashkil etilayotgan tashkilotning aksiyalari (ulushlari, paylarining miqdorini aniqlash)ni vujudga kelgan tashkilotning aksiyalari (ulushlari, paylari)ga konvertatsiya qilish (ayirboshlash) tartibiga muvofiq aks ettiriladi.
Agar taʼsischilar qaroriga binoan ajratib chiqarilayotgan tashkilot ustav kapitalini shakllantirish uchun foydalanilayotgan mol-mulkka doir huquqlar qayta tashkil etilayotgan tashkilot ustav kapitalini oʻzgartirmasdan, ajratib chiqarilayotgan tashkilot ustav kapitaliga ulush tariqasida oʻtkazilayotgan boʻlsa, mol-mulkning bunday tarzda oʻtkazilishi qayta tashkil etilayotgan tashkilotning moliyaviy hisobotida moliyaviy qoʻyilmalar tarzida, ajratib chiqarilayotgan tashkilotning moliyaviy hisobotida esa ustav kapitaliga ulush tarzida aks ettiriladi.
Agar taʼsischilarning qaroriga binoan qayta tashkil etilayotgan tashkilotning ustav kapitalini ajratish Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga muvofiq aksiyalarni konvertatsiya qilish orqali amalga oshirilayotgan boʻlsa, qayta tashkil etilayotgan tashkilot buxgalteriya balansining “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimida ajratib chiqarish natijasida vujudga kelgan tashkilotni davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasiga va Reyestrga yozuv kiritilgan sanaga koʻrsatkichlarga sof aktivlar qiymati ustav kapitaliga va qoʻshilgan kapitalga ajratilgan holda kiritiladi (sof aktivlar qiymatining aksiyalarning jami nominal qiymatidan oshishi).
Agar ajratib chiqarish natijasida vujudga kelgan tashkilotning sof aktivlari qiymati taʼsischilar qarorida qayd etilgan ustav kapitali miqdoridan koʻp boʻlsa, oʻrtadagi farq dastlabki buxgalteriya balansi “Majburiyatlar” boʻlimida “Uzoq muddatli kechiktirilgan daromadlar” va “Kechiktirilgan daromadlar” satrlarida aks ettirilishi lozim.
Agar ajratib chiqarish natijasida vujudga kelgan tashkilotning sof aktivlari qiymati taʼsischilar qarorida qayd etilgan ustav kapitali miqdoridan kam boʻlsa, oʻrtadagi farq dastlabki buxgalteriya balansi “Uzoq muddatli aktivlar” boʻlimida “Nomoddiy aktivlar” satrida gudvill tarzida aks ettirilishi lozim.
Mazkur farq ajratib chiqarish natijasida vujudga kelgan tashkilotni davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasiga qayta tashkil etilayotgan tashkilotning buxgalteriya balansida ham ayni shu yoʻsinda tartibga solinishi lozim.
8-bob. Oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobot koʻrsatkichlarini shakllantirishning xususiyatlari
57. Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga muvofiq tashkilotni tegishli tashkiliy-huquqiy shakliga oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etish tartibi va shartlari taʼsischilarning oʻzgartirish toʻgʻrisidagi qarori bilan belgilanadi.
58. Oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etish natijasida tashkiliy-huquqiy shakli oʻzgargan taqdirda, mol-mulk va majburiyatlarni huquqiy vorisga oʻtkazish bilan bogʻliq masalalar topshirish dalolatnomasida tartibga solinishi lozim.
Taʼsischilarning oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etish toʻgʻrisidagi qaroriga muvofiq, hujjatlarni qayta rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlar taʼsischilar hisobidan amalga oshirilishi mumkin.
59. Oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etilayotgan tashkilot vujudga kelgan tashkilot haqidagi yozuv Reyestrga kiritilishidan oldingi kunda yakuniy moliyaviy hisobot tuzishi chogʻida daromadlar va xarajatlar hisobini yuritish hisobvaragʻini yopish va oʻzgartirilayotgan tashkilotning sof foydasi summasini taʼsischilarning oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etish toʻgʻrisidagi qarori (shartnomasi)da belgilangan maqsadlarga yoʻnaltirish (taqsimlash) amalga oshiriladi.
60. Oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotning dastlabki moliyaviy hisoboti oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etilayotgan tashkilotning yakuniy moliyaviy hisoboti koʻrsatkichlarini mazkur BHMSning 61 va 62-bandlarida nazarda tutilgan xususiyatlardan kelib chiqib oʻtkazish yoʻli bilan tuziladi.
61. Oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning aksiyalari (ulushlari, paylari)ni vujudga kelgan tashkilotning aksiyalari (ulushlari, paylari)ga konvertatsiya qilish (ayirboshlash) tartibi toʻgʻrisidagi qaroriga muvofiq, vujudga kelgan tashkilotning dastlabki moliyaviy hisobotida shakllantirilgan ustav kapitali aks ettiriladi.
Agar taʼsischilar qarorida vujudga kelgan tashkilotning ustav kapitali miqdorini qayta tashkil etilayotgan tashkilotning ustav kapitaliga nisbatan, shu jumladan oʻz mablagʻlari manbalari (qoʻshilgan va zaxira kapitali, taqsimlanmagan foydasi va boshqalar) hisobiga koʻpaytirish nazarda tutilgan boʻlsa, oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotning dastlabki moliyaviy hisobotida taʼsischilar qarorida qayd etilgan ustav kapitali miqdori aks ettiriladi.
Agar taʼsischilar qarorida oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotning ustav kapitali miqdorini kamaytirish nazarda tutilgan boʻlsa, vujudga kelgan tashkilotning dastlabki moliyaviy hisobotida taʼsis hujjatlarida qayd etilgan ustav kapitali miqdori aks ettiriladi, oʻrtadagi farq esa huquqiy vorisning dastlabki buxgalteriya balansi “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimida “Qoʻshilgan kapital” satrida aks ettirilishi lozim.
62. Agar taʼsischilar qarorida nazarda tutilgan ustav kapitalining miqdori vujudga kelgan tashkilotning sof aktivlari qiymatiga mos boʻlmasa, dastlabki buxgalteriya balansi “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimining koʻrsatkichlari quyidagi tartibda shakllantiriladi.
Agar aksiyalarni konvertatsiya qilish vaqtida oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotning sof aktivlari qiymati qayta tashkil etilayotgan tashkilotning ustav kapitali miqdoridan koʻp boʻlsa, dastlabki buxgalteriya balansi “Oʻz mablagʻlari manbalari” boʻlimining koʻrsatkichlari sof aktivlar qiymati miqdorida, ustav kapitaliga va qoʻshilgan kapitalga ajratgan holda shakllantiriladi (sof aktivlar qiymatining aksiyalarning jami nominal qiymatidan oshishi).
Qolgan hollarda, agar vujudga kelgan tashkilotning sof aktivlari qiymati ustav kapitali miqdoridan koʻp boʻlsa, oʻrtadagi farq dastlabki buxgalteriya balansi “Majburiyatlar” boʻlimida “Uzoq muddatli kechiktirilgan daromadlar” va “Kechiktirilgan daromadlar” satrlarida aks ettirilishi lozim.
Agar oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotning sof aktivlari qiymati ustav kapitali miqdoridan kam boʻlsa, oʻrtadagi farq dastlabki buxgalteriya balansi “Uzoq muddatli aktivlar” boʻlimida “Nomoddiy aktivlar” satrida gudvill tarzida aks ettirilishi lozim.
63. Asosiy vositalar va nomoddiy aktivlar boʻyicha amortizatsiyani hisoblash oʻzgartirish shaklida qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilot tomonidan qayta tashkil etilgan tashkilot (huquqni oʻtkazuvchi) belgilagan foydali xizmat muddatlaridan kelib chiqib, ushbu obyektlarni qonunchilik hujjatlariga muvofiq buxgalteriya hisobiga qabul qilish vaqtida amalga oshiriladi.
9-bob. Moliyaviy hisobotlarga izohlarda maʼlumotni yoritib berish
64. Taʼsischilar qayta tashkil etishni amalga oshirish toʻgʻrisida qaror qabul qilgan sanadan eʼtiboran, qayta tashkil etishda qatnashayotgan tashkilotlar tomonidan qayta tashkil etish amalga oshiriladigan davrda belgilangan tartibda tuziluvchi va taqdim etiluvchi moliyaviy hisobotda amalga oshirilayotgan qayta tashkil etish haqidagi quyidagi maʼlumotlar qoʻshimcha tarzda yoritib berilishi lozim:
a) qayta tashkil etishni amalga oshirish asosi; qayta tashkil etishda qatnashayotgan tashkilotlar va huquqiy vorislar haqidagi maʼlumotlar;
b) topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansi tuzilgan sana;
v) topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansi tuzilgan sanadan eʼtiboran mol-mulk tarkibi va qiymatida sodir boʻlgan oʻzgarishlar (tugallanmagan qurilish tarkibidagi asosiy vositalarning foydalanishga topshirilishi, ularning amortizatsiyasi, chiqib ketishi va boshqalar) hamda majburiyatlar tarkibi va qiymatidagi oʻzgarishlar (Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq soʻndirilishi yoki koʻpayishi), shuningdek aktivlar va majburiyatlarda tegishli oʻzgarishlarni keltirib chiqargan hodisalar;
g) qayta tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar; vujudga kelgan tashkilotlar ustav kapitalining shakllantirilishi;
d) topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansi maʼlumotlarining yakuniy moliyaviy hisobot koʻrsatkichlariga nomuvofiqligi (aniqlashtirish);
e) yakuniy moliyaviy hisobot maʼlumotlarining dastlabki buxgalteriya balansi koʻrsatkichlariga nomuvofiqligi;
j) bajarilmagan shartlar hamda tan olingan qayta tashkil etish bilan bogʻliq boshqa hodisalar va boshqalar.
65. Qayta tashkil etish natijasida oʻz faoliyatini toʻxtatgan tashkilotlar topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansiga asosan yakuniy moliyaviy hisobotning buxgalteriya balansida “Hisobot davri oxiriga” ustunining koʻrsatkichlarini toʻldiradilar.
Oʻz faoliyatini toʻxtatgan tashkilotning yakuniy moliyaviy hisobotiga izohlarda amalga oshirilgan qayta tashkil etish va tashkilot faoliyatining toʻxtatilishi haqida quyidagi maʼlumotlar yoritib berilishi mumkin:
a) qayta tashkil etishni amalga oshirish uchun asoslar;
b) mol-mulk va majburiyatlarning huquqiy vorisga oʻtkazilishi haqidagi hujjatlar;
v) qayta tashkil etilayotgan tashkilotlarning hisob-kitob va boshqa bank hisobvaraqlari yopilgani, qayta rasmiylashtirilganini tasdiqlovchi hujjatlar;
g) qayta tashkil etilayotgan tashkilotning davlat soliq organlari, davlat maqsadli jamgʻarmalari, hududiy statistika organlari hisobidan chiqarilishi haqidagi maʼlumotlar va boshqalar.
66. Qoʻshib olish yoki ajratib chiqarish shaklida amalga oshirilgan qayta tashkil etishdan keyin oʻz faoliyatini davom ettirayotgan tashkilotlar olingan (topshirilgan) mol-mulk va majburiyatlardan kelib chiqqan holda moliyaviy hisobot tuzadilar.
Topshirish dalolatnomasi yoki taqsimlash balansi maʼlumotlari, ustav kapitali, qoʻshilgan kapital miqdori hamda buxgalteriya balansining boshqa koʻrsatkichlaridagi oʻzgarishlar moliyaviy hisobotga izohlarda yoritib beriladi.
Ajratib chiqarish shaklida qayta tashkil etilayotgan tashkilot daromadlari, xarajatlari, olgan foydalari (koʻrgan zararlari)ning summalari, shuningdek foyda soligʻi haqidagi, shu jumladan ajratib chiqarilayotgan tarkibiy boʻlimga taalluqli maʼlumotlarni Oʻzbekiston Respublikasi Buxgalteriya hisobining milliy standartlariga muvofiq moliyaviy hisobotga izohlarda yoritib berilishi mumkin.
Moliyaviy hisobot koʻrsatkichlarining qiyosiyligini taʼminlash maqsadida, tashkilotlarni qoʻshib olish (ajratib chiqarish) amalga oshirilgan qayta tashkil etish jarayoni yakunlanganidan keyin, qayta tashkil etishdan oldingi davrlarga tegishli maʼlumotlarga belgilangan tartibda tuzatishlar kiritilishi lozim. Bunda buxgalteriya hisobida hech qanday yozuvlar qayd etilmaydi.
67. Qayta tashkil etish natijasida vujudga kelgan tashkilotlar oʻzlari davlat roʻyxatiga olingan sanadan boshlab oʻtgan hisobot davri uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda moliyaviy hisobot tuzadilar va taqdim etadilar.
68. Agar amalga oshirilgan qayta tashkil etish natijasida qayta tashkil etilgan tashkilotning shoʻba va tobe xoʻjalik jamiyatlariga nisbatan huquqlari huquqiy vorisga oʻtgan boʻlsa, huquqiy voris, oʻz tashkilotining dastlabki moliyaviy hisoboti bilan bir qatorda, Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (8-sonli BHMS) “Konsolidatsiyalashgan moliyaviy hisobotlar va shuʼba xoʻjalik jamiyatlariga investitsiyalar hisobi”ga (roʻyxat raqami 3537, 2024-yil 26-iyul) muvofiq oʻzaro bogʻliq tashkilotlar guruhining konsolidatsiya qilingan moliyaviy hisobotini tuzishi va konsolidatsiyalashgan moliyaviy hisobotga izohlarda maʼlumotlarni yoritib berishi lozim.
Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (23-sonli BHMS) “Qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobotni shakllantirish”ga ILOVA
Tashkilotlarni qayta tashkil etishda qoʻllaniladigan mol-mulkni baholash turlari
Aktivlarning turlari Baholash turlari bozor qiymati haqiqiy qiymat qoldiq qiymat nominal qiymat rejali, meʼyoriy qiymat Asosiy vositalar ha ha ha yoʻq yoʻq Oʻrnatiladigan asbob-uskunalar ha ha yoʻq yoʻq yoʻq Nomoddiy aktivlar ha ha ha yoʻq yoʻq Kapital qoʻyilmalar ha ha yoʻq yoʻq yoʻq Uzoq muddatli investitsiyalar ha ha ha ha yoʻq Materiallar ha ha yoʻq yoʻq ha Tugallanmagan ishlab chiqarish ha ha yoʻq yoʻq ha Oʻzida ishlab chiqarilgan yarim tayyor mahsulotlar ha ha yoʻq yoʻq ha Ishlab chiqarishdagi yaroqsiz mahsulot yoʻq ha yoʻq yoʻq ha Tayyor mahsulot ha ha yoʻq yoʻq ha Tovarlar ha ha yoʻq yoʻq ha Yuklab joʻnatilgan tovarlar ha ha yoʻq yoʻq ha Naqd pul mablagʻlari yoʻq yoʻq yoʻq ha yoʻq Pul hujjatlari yoʻq ha yoʻq ha yoʻq Bankdagi schyotlardagi pul mablagʻlari yoʻq ha yoʻq yoʻq yoʻq Yoʻldagi oʻtkazmalar yoʻq ha yoʻq yoʻq yoʻq Moliyaviy qoʻyilmalar ha ha yoʻq ha yoʻq Kelgusi davrlar xarajatlari yoʻq ha yoʻq yoʻq yoʻq
Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2024-yil 14-iyundagi 142-son buyrugʻiga 2-ILOVA
Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar
1. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan 2005-yil 12-apreldagi 37-son bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti 23-son BHMS “Qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobotni shakllantirish” (2005-yil 27-iyun, roʻyxat raqami 1484) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2005-yil, 25-26-son, 187-modda).
2. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirining 2013-yil 24-iyuldagi 72-sonli “Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti 23-son BHMS “Qayta tashkil etishni amalga oshirishda moliyaviy hisobotni shakllantirish” ga oʻzgartirishlar kiritish haqidagi buyrugʻi (2013-yil 7-avgust, roʻyxat raqami 1484-1) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2013-yil 12-avgust, 32-son, 432-modda).
Vazir D. KUCHKAROV
Toshkent sh.,
2024-yil 14-iyun,
142-son
МИНИСТРА ЭКОНОМИКИ И ФИНАНСОВ РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
Приказ
Перечень
Об утверждении Национального стандарта бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 23) «Формирование финансовой отчетности при осуществлении реорганизации»
В соответствии с Законом Республики Узбекистан «О бухгалтерском учете» приказываю:
1. Утвердить Национальный стандарт бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 23) «Формирование финансовой отчетности при осуществлении реорганизации» согласно приложению № 1 * .
2. Признать утратившими силу некоторые ведомственные нормативно-правовые акты согласно приложению № 2 .
3. Настоящий приказ вступает в силу со дня его официального опубликования.
ПРИЛОЖЕНИЕ № 2 к приказу министра экономики и финансов Республики Узбекистан от 14 июня 2024 года № 142
ведомственных нормативно-правовых актов, признаваемых утратившими силу
1. Приказ Министра финансов Республики Узбекистан от 27 июня 2005 года № 37 «Об утверждении Национального стандарта бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 23) «Формирование финансовой отчетности при осуществлении реорганизации» (рег. № 1484 от 27 июня 2005 года) (Собрание законодательства Республики Узбекистан, 2005 г., № 25-26, ст. 187).
2. Приказ Министра финансов Республики Узбекистан от 24 июля 2013 года № 72 «О внесении изменений в Национальный стандарт бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 23) «Формирование финансовой отчетности при осуществлении реорганизации» (рег. № 1484-1, 7 августа 2013 года) (Собрание законодательства Республики Узбекистан, 2013 г., № 32, ст. 432).
Министр Д. КУЧКАРОВ
г. Ташкент,
14 июня 2024 г.,
№ 142