📅 2024-yil 5-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 5-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 5 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 5 августа 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 5 August 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Қарори
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш соҳасидаги айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сон Фармони билан солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда юритишга ўтиш орқали жисмоний шахсларга солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби бекор қилинганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2025 йилларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонунчилик тармоқлари бўйича тизимлаштириш дастурининг 45-бандида солиқлар, йиғимлар, божлар соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш соҳасидаги айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон қарорига 1-иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
юридик шахсларга солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва қўллаш тартибини белгилаш;
солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва қўллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини белгилаш.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарорнинг моҳияти ҳамда унда белгиланган қоидалар солиқ тўловчилар ўртасида кенг тушунтирилишини таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 августдаги 480-сон қарорига 1-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш соҳасидаги айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 2-бандда :
тўққизинчи хатбошидаги «мувофиқ тасдиқлансин.» сўзлари «мувофиқ;» сўзи билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги ўнинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Юридик шахсларга солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва қўллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин».
2. Қуйидаги мазмундаги 9-илова билан тўлдирилсин:
«Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон қарорига 9-ИЛОВА
Юридик шахсларга солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва уни қўллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (кейинги ўринларда — Солиқ кодекси) мувофиқ Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчининг идентификация рақамини (кейинги ўринларда — идентификация рақами) бериш ва қўллаш тартибини белгилайди.
2. Солиқ тўловчиларга идентификация рақамларини бериш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрини шакллантириш;
солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни тартибга солиш;
ҳисобланган ва тўланган солиқлар ва йиғимлар суммалари, шунингдек, пенялар ва жарималарнинг ҳисобини юритиш;
солиқ органлари билан бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, тижорат банклари ва молиявий тусдаги ҳамда кўчар ва кўчмас мулк бўйича операцияларни амалга оширувчи бошқа ташкилотлар ўртасида ахборот алмашишда ягона идентификатордан фойдаланиш;
қонунчиликда белгиланган ўз вазифалари ва функцияларини бажаришда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида юридик шахсларга нисбатан ахборот алмашинувини унификация қилиш.
3. Ҳисобга олишда ҳар бир солиқ тўловчига (жисмоний шахслар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона бўлган идентификация рақами берилади ва у ўзгартирилмайди.
4. Идентификация рақами бир марта берилади ва юридик шахс тугатилгандан (ҳисобдан чиқарилгандан) кейин ундан фойдаланиш чекланади.
Тугатилган (ҳисобдан чиқарилган) юридик шахснинг идентификация рақами бошқа бир солиқ тўловчига такроран берилмайди.
5. Идентификация рақами берилганлиги учун тўлов ундирилмайди.
6. Жисмоний шахслар солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами орқали ҳисобга қўйилади.
Бунда жисмоний шахсларга ваколатли орган томонидан берилган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами солиқ тўловчининг идентификация рақами ҳисобланади.
2-боб. Идентификация рақамининг тузилиши
7. Идентификация рақами тўққизта рақамли белгидан иборат бўлиб, дастлабки 8 та рақам солиқ тўловчининг ўз рақамини, охирги рақам эса назорат сонини ташкил этади.
Идентификация рақами тузилиши қуйидагича кўринишга эга бўлади:
Ушбу мақсадларда 20000000Хдан 39999999Хгача бўлган кодлардан фойдаланилиши керак.
Бунда Х — солиқ тўловчининг идентификация рақами сонлари изчиллиги тўғрилигини назорат қилувчи сон, ушбу сон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасида (кейинги ўринларда — Солиқ қўмитаси) компьютер томонидан солиқ тўловчига идентификация рақами бериш жараёнида муайян алгоритм бўйича шакллантирилади.
Зарурат бўлганда, кодлаштириш тизими имкониятларини кенгайтириш мақсадида қуйидаги кодлар захира қилинган:
00000000Хдан 19999999Хгача;
70000000Хдан 99999999Хгача.
8. Кодлаштириш тузилиши ўзгармас ва универсал ҳисобланади ҳамда солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва қўллаш тизимида фойдаланилади.
9. Идентификация рақами ушбу Регламентга иловада келтирилган схемага мувофиқ берилади.
3-боб. Идентификация рақамини бериш
10. Идентификация рақами:
нодавлат нотижорат ташкилотларига адлия органларида давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида;
банклар, кредит бюролари ва чет эл банкларининг ваколатхоналарига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш (аккредитация қилиш) жараёнида;
дипломатик ваколатхоналар, хорижий давлатларнинг консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтказиш жараёнида;
хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида аккредитациядан ўтказиш жараёнида;
бошқа юридик шахсларга давлат хизматлари марказларида давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида;
чет эл юридик шахсларининг доимий муассасаларини ҳамда алоҳида бўлинмаларини, Ўзбекистон Республикасида товар-хомашё биржаларида операцияларни амалга оширувчи ва (ёки) ташкил этилган савдоларда жамиятларнинг акцияларини сотиб оладиган (сотадиган) ҳамда жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этиладиган электрон шаклдаги хизматларни кўрсатувчи чет эл юридик шахсларига, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда солиқ органларида ҳисобга қўйишда Солиқ қўмитаси томонидан берилади.
11. Идентификация рақами аниқ вақт режимида, янги ташкил этилаётган юридик шахсларга, шунингдек, хорижий юридик шахсларни тадбиркорлик субъектлари сифатида давлат рўйхатидан ўтказишда ёки солиқ мажбуриятлари пайдо бўлганда ёхуд қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказишда (ҳисобга олишда) берилади.
12. Идентификация рақамини шакллантириш бўйича рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан юборилган сўровлар Солиқ қўмитаси ахборот тизимларида реал вақт режимида, бироқ 1 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда махсус текширувдан ўтказилади.
Маълумотларни махсус текширувдан ўтказиш шартлари рўйхатдан ўтказувчи орган ва Солиқ қўмитаси ўртасида имзоланадиган маълумот алмашиш бўйича техник ҳужжатлар билан белгиланади.
Идентификация рақамини шакллантириш бўйича рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан юборилган сўровга асосан маълумотларда хатолик аниқланса, реал вақт режимида хатолик сабаби кўрсатилган жавоб ахборот тизимлари орқали рўйхатдан ўтказувчи органга юборилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
13. Солиқ тўловчи Солиқ кодексининг 127-моддасида кўрсатилган ҳужжатларда ўзининг идентификация рақамини аниқ кўрсатиши шарт.
Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар Солиқ кодексининг 127-моддасида кўрсатилган ҳужжатларда идентификация рақамини аниқ ва тушунарли қилиб қайд этишлари шарт.
14. Солиқ тўловчининг Солиқ кодекси 127-моддасида кўрсатилган барча ҳужжатларда идентификация рақамини нотўғри ёки ноаниқ кўрсатиши солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини қўлланиш тартибини бузишга тенглаштирилади.
15. Ушбу Регламент талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва уни қўллаш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламентига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Солиқ тўловчи Рўйхатдан (аккредитациядан) ўтказувчи (ҳисобга олувчи) органга ариза беради. Мурожаат қилинганда 2-босқич Рўйхатдан (аккредитациядан) ўтказувчи орган 1. Солиқ тўловчининг вакили томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида солиқ тўловчини рўйхатдан (аккредитациядан) ўтказиб, маълумотларни ахборот тизимига киритади ва идентификация рақамини бериш бўйича сўров юборади. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда Солиқ органи 2. Аризада келтирилган маълумотларни Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритади. 3-босқич Солиқ қўмитаси 1. Ахборот тизими орқали рўйхатдан (аккредитациядан) ўтказувчи органдан келган маълумотларни махсус текширувдан ўтказади. 2. Маълумотлар тўлиқ ва тўғри бўлса, идентификация рақамини шакллантириб, ахборот тизими орқали рўйхатдан (аккредитациядан) ўтказувчи органга юборади. 3. Чет эл юридик шахсларини ҳисобга олишда солиқ тўловчининг вакилига идентификация рақами берилганлиги бўйича гувоҳномани тақдим этади ёки электрон почта манзилига юборади. 4. Маълумотларда хатолик аниқланса, идентификация рақами шакллантирилмайди ва хатолик сабаби кўрсатилиб, ахборот тизими орқали рўйхатдан (аккредитациядан) ўтказувчи органга қайтарилади. Реал вақт режимида 4-босқич Рўйхатдан (аккредитациядан) ўтказувчи орган Солиқ қўмитаси томонидан қайтарилган хатолик бартараф қилинади ва идентификация рақамини бериш бўйича қайта сўров юборади. Хатолик аниқланганда ».
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 августдаги 480-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва қўллаш тизими тўғрисида» 1997 йил 11 мартдаги 130-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини қўллаш соҳасини кенгайтириш тўғрисида» 1999 йил 7 январдаги 7-сон қарори .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2016 йил 28 октябрдаги ПҚ-2646-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарорига 4-илованинг 2-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Юридик шахснинг алоҳида бўлинмалари бўйича солиқларни тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 27 февралдаги 105-сон қарори .
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Юридик шахснинг алоҳида бўлинмалари бўйича солиқларни тўлаш тартибини такомиллаштириш, шунингдек Жиззах вилояти маҳаллий бюджетининг даромад қисмини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 22 сентябрдаги 751-сон қарори .
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон қарори)» 2018 йил 22 майдаги 384-сон қарорига 1-илованинг 11-банди .
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат солиқ хизмати соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида» 2018 йил 13 октябрдаги 823-сон қарорининг 6-банди ва унга 3-илова.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2021 йил 27 декабрдаги 774-сон қарорига 1-илованинг 1-банди .
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 21 ва 394-бандлари .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 5 август,
480-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
Qarori
MAʼMURIY REGLAMENTI
SXEMASI
ROʻYXATI
Vazirlar Mahkamasining “Soliq toʻlovchilarni hisobga qoʻyish sohasidagi ayrim davlat xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha maʼmuriy reglamentlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 2-apreldagi 150-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, ayrim qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Milliy qonunchilik bazasini kompleks tizimlashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 30-apreldagi PF-6218-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, soliq toʻlovchilarni hisobga qoʻyish tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholi va tadbirkorlik subyektlariga davlat xizmatlaridan foydalanishda yanada qulay sharoitlar yaratish, bu borada byurokratik toʻsiqlarni qisqartirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 23-martdagi PF-6191-son Farmoni bilan soliq organlarida soliq toʻlovchilarning hisobini jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqamidan foydalangan holda yuritishga oʻtish orqali jismoniy shaxslarga soliq toʻlovchining identifikatsiya raqamini berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibi bekor qilinganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 30-apreldagi PF-6218-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2022 — 2025-yillarda normativ-huquqiy hujjatlarni qonunchilik tarmoqlari boʻyicha tizimlashtirish dasturining 45-bandida soliqlar, yigʻimlar, bojlar sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlarni tizimlashtirish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Vazirlar Mahkamasining “Soliq toʻlovchilarni hisobga qoʻyish sohasidagi ayrim davlat xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha maʼmuriy reglamentlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 2-apreldagi 150-son qaroriga 1-ilovaga muvofiq quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:
yuridik shaxslarga soliq toʻlovchining identifikatsiya raqamini berish va qoʻllash tartibini belgilash;
soliq toʻlovchining identifikatsiya raqamini berish va qoʻllash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini belgilash.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
4. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda ushbu qarorning mohiyati hamda unda belgilangan qoidalar soliq toʻlovchilar oʻrtasida keng tushuntirilishini taʼminlasin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi raisi Sh.D. Kudbiyev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 5-avgustdagi 480-son qaroriga 1-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Soliq toʻlovchilarni hisobga qoʻyish sohasidagi ayrim davlat xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha maʼmuriy reglamentlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 2-apreldagi 150-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 2-bandda :
toʻqqizinchi xatboshidagi “muvofiq tasdiqlansin.” soʻzlari “muvofiq;” soʻzi bilan almashtirilsin;
quyidagi mazmundagi oʻninchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Yuridik shaxslarga soliq toʻlovchining identifikatsiya raqamini berish va qoʻllash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti 9-ilovaga muvofiq tasdiqlansin”.
2. Quyidagi mazmundagi 9-ilova bilan toʻldirilsin:
“Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 2-apreldagi 150-son qaroriga 9-ILOVA
Yuridik shaxslarga soliq toʻlovchining identifikatsiya raqamini berish va uni qoʻllash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Reglament Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga (keyingi oʻrinlarda — Soliq kodeksi) muvofiq Oʻzbekiston Respublikasida soliq toʻlovchining identifikatsiya raqamini (keyingi oʻrinlarda — identifikatsiya raqami) berish va qoʻllash tartibini belgilaydi.
2. Soliq toʻlovchilarga identifikatsiya raqamlarini berish quyidagi maqsadlarda amalga oshiriladi:
Oʻzbekiston Respublikasi soliq toʻlovchilarining yagona reyestrini shakllantirish;
soliq toʻlovchilarni hisobga olishni tartibga solish;
hisoblangan va toʻlangan soliqlar va yigʻimlar summalari, shuningdek, penyalar va jarimalarning hisobini yuritish;
soliq organlari bilan boshqa davlat hokimiyati va boshqaruvi organlari, tijorat banklari va moliyaviy tusdagi hamda koʻchar va koʻchmas mulk boʻyicha operatsiyalarni amalga oshiruvchi boshqa tashkilotlar oʻrtasida axborot almashishda yagona identifikatordan foydalanish;
qonunchilikda belgilangan oʻz vazifalari va funksiyalarini bajarishda davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlar oʻrtasida yuridik shaxslarga nisbatan axborot almashinuvini unifikatsiya qilish.
3. Hisobga olishda har bir soliq toʻlovchiga (jismoniy shaxslar bundan mustasno) Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida yagona boʻlgan identifikatsiya raqami beriladi va u oʻzgartirilmaydi.
4. Identifikatsiya raqami bir marta beriladi va yuridik shaxs tugatilgandan (hisobdan chiqarilgandan) keyin undan foydalanish cheklanadi.
Tugatilgan (hisobdan chiqarilgan) yuridik shaxsning identifikatsiya raqami boshqa bir soliq toʻlovchiga takroran berilmaydi.
5. Identifikatsiya raqami berilganligi uchun toʻlov undirilmaydi.
6. Jismoniy shaxslar soliq organlarida soliq toʻlovchi sifatida jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami orqali hisobga qoʻyiladi.
Bunda jismoniy shaxslarga vakolatli organ tomonidan berilgan jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami hisoblanadi.
2-bob. Identifikatsiya raqamining tuzilishi
7. Identifikatsiya raqami toʻqqizta raqamli belgidan iborat boʻlib, dastlabki 8 ta raqam soliq toʻlovchining oʻz raqamini, oxirgi raqam esa nazorat sonini tashkil etadi.
Identifikatsiya raqami tuzilishi quyidagicha koʻrinishga ega boʻladi:
Ushbu maqsadlarda 20000000Xdan 39999999Xgacha boʻlgan kodlardan foydalanilishi kerak.
Bunda X — soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami sonlari izchilligi toʻgʻriligini nazorat qiluvchi son, ushbu son Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasida (keyingi oʻrinlarda — Soliq qoʻmitasi) kompyuter tomonidan soliq toʻlovchiga identifikatsiya raqami berish jarayonida muayyan algoritm boʻyicha shakllantiriladi.
Zarurat boʻlganda, kodlashtirish tizimi imkoniyatlarini kengaytirish maqsadida quyidagi kodlar zaxira qilingan:
00000000Xdan 19999999Xgacha;
70000000Xdan 99999999Xgacha.
8. Kodlashtirish tuzilishi oʻzgarmas va universal hisoblanadi hamda soliq toʻlovchilarning identifikatsiya raqamlarini berish va qoʻllash tizimida foydalaniladi.
9. Identifikatsiya raqami ushbu Reglamentga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq beriladi.
3-bob. Identifikatsiya raqamini berish
10. Identifikatsiya raqami:
nodavlat notijorat tashkilotlariga adliya organlarida davlat roʻyxatidan oʻtkazish jarayonida;
banklar, kredit byurolari va chet el banklarining vakolatxonalariga Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan davlat roʻyxatidan oʻtkazish (akkreditatsiya qilish) jarayonida;
diplomatik vakolatxonalar, xorijiy davlatlarning konsullik muassasalari va xalqaro tashkilotlarning vakolatxonalariga Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligida akkreditatsiyadan oʻtkazish jarayonida;
xorijiy tijorat tashkilotlarining vakolatxonalariga Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligida akkreditatsiyadan oʻtkazish jarayonida;
boshqa yuridik shaxslarga davlat xizmatlari markazlarida davlat roʻyxatidan oʻtkazish jarayonida;
chet el yuridik shaxslarining doimiy muassasalarini hamda alohida boʻlinmalarini, Oʻzbekiston Respublikasida tovar-xomashyo birjalarida operatsiyalarni amalga oshiruvchi va (yoki) tashkil etilgan savdolarda jamiyatlarning aksiyalarini sotib oladigan (sotadigan) hamda jismoniy shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasi hududi realizatsiya qilish joyi deb eʼtirof etiladigan elektron shakldagi xizmatlarni koʻrsatuvchi chet el yuridik shaxslariga, shuningdek, soliq toʻgʻrisidagi qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa hollarda soliq organlarida hisobga qoʻyishda Soliq qoʻmitasi tomonidan beriladi.
11. Identifikatsiya raqami aniq vaqt rejimida, yangi tashkil etilayotgan yuridik shaxslarga, shuningdek, xorijiy yuridik shaxslarni tadbirkorlik subyektlari sifatida davlat roʻyxatidan oʻtkazishda yoki soliq majburiyatlari paydo boʻlganda yoxud qonunchilikda belgilangan boshqa hollarda davlat roʻyxatidan oʻtkazishda (hisobga olishda) beriladi.
12. Identifikatsiya raqamini shakllantirish boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ tomonidan yuborilgan soʻrovlar Soliq qoʻmitasi axborot tizimlarida real vaqt rejimida, biroq 1 ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda maxsus tekshiruvdan oʻtkaziladi.
Maʼlumotlarni maxsus tekshiruvdan oʻtkazish shartlari roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ va Soliq qoʻmitasi oʻrtasida imzolanadigan maʼlumot almashish boʻyicha texnik hujjatlar bilan belgilanadi.
Identifikatsiya raqamini shakllantirish boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ tomonidan yuborilgan soʻrovga asosan maʼlumotlarda xatolik aniqlansa, real vaqt rejimida xatolik sababi koʻrsatilgan javob axborot tizimlari orqali roʻyxatdan oʻtkazuvchi organga yuboriladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
13. Soliq toʻlovchi Soliq kodeksining 127-moddasida koʻrsatilgan hujjatlarda oʻzining identifikatsiya raqamini aniq koʻrsatishi shart.
Davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlar Soliq kodeksining 127-moddasida koʻrsatilgan hujjatlarda identifikatsiya raqamini aniq va tushunarli qilib qayd etishlari shart.
14. Soliq toʻlovchining Soliq kodeksi 127-moddasida koʻrsatilgan barcha hujjatlarda identifikatsiya raqamini notoʻgʻri yoki noaniq koʻrsatishi soliq toʻlovchilarning identifikatsiya raqamlarini qoʻllanish tartibini buzishga tenglashtiriladi.
15. Ushbu Reglament talablarini buzishda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasida soliq toʻlovchining identifikatsiya raqamini berish va uni qoʻllash tartibi toʻgʻrisidagi maʼmuriy reglamentiga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasida soliq toʻlovchining identifikatsiya raqamini berish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Soliq toʻlovchi Roʻyxatdan (akkreditatsiyadan) oʻtkazuvchi (hisobga oluvchi) organga ariza beradi. Murojaat qilinganda 2-bosqich Roʻyxatdan (akkreditatsiyadan) oʻtkazuvchi organ 1. Soliq toʻlovchining vakili tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar asosida soliq toʻlovchini roʻyxatdan (akkreditatsiyadan) oʻtkazib, maʼlumotlarni axborot tizimiga kiritadi va identifikatsiya raqamini berish boʻyicha soʻrov yuboradi. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda Soliq organi 2. Arizada keltirilgan maʼlumotlarni Oʻzbekiston Respublikasi soliq toʻlovchilarining yagona reyestriga kiritadi. 3-bosqich Soliq qoʻmitasi 1. Axborot tizimi orqali roʻyxatdan (akkreditatsiyadan) oʻtkazuvchi organdan kelgan maʼlumotlarni maxsus tekshiruvdan oʻtkazadi. 2. Maʼlumotlar toʻliq va toʻgʻri boʻlsa, identifikatsiya raqamini shakllantirib, axborot tizimi orqali roʻyxatdan (akkreditatsiyadan) oʻtkazuvchi organga yuboradi. 3. Chet el yuridik shaxslarini hisobga olishda soliq toʻlovchining vakiliga identifikatsiya raqami berilganligi boʻyicha guvohnomani taqdim etadi yoki elektron pochta manziliga yuboradi. 4. Maʼlumotlarda xatolik aniqlansa, identifikatsiya raqami shakllantirilmaydi va xatolik sababi koʻrsatilib, axborot tizimi orqali roʻyxatdan (akkreditatsiyadan) oʻtkazuvchi organga qaytariladi. Real vaqt rejimida 4-bosqich Roʻyxatdan (akkreditatsiyadan) oʻtkazuvchi organ Soliq qoʻmitasi tomonidan qaytarilgan xatolik bartaraf qilinadi va identifikatsiya raqamini berish boʻyicha qayta soʻrov yuboradi. Xatolik aniqlanganda ”.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 5-avgustdagi 480-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida soliq toʻlovchilarning identifikatsiya raqamlarini berish va qoʻllash tizimi toʻgʻrisida” 1997-yil 11-martdagi 130-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Soliq toʻlovchilarning identifikatsiya raqamlarini qoʻllash sohasini kengaytirish toʻgʻrisida” 1999-yil 7-yanvardagi 7-son qarori .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va hisobga qoʻyish tizimini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2016-yil 28-oktabrdagi PQ-2646-son qarorini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 9-fevraldagi 66-son qaroriga 4-ilovaning 2-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Yuridik shaxsning alohida boʻlinmalari boʻyicha soliqlarni toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2017-yil 27-fevraldagi 105-son qarori .
5. Vazirlar Mahkamasining “Yuridik shaxsning alohida boʻlinmalari boʻyicha soliqlarni toʻlash tartibini takomillashtirish, shuningdek Jizzax viloyati mahalliy budjetining daromad qismini mustahkamlashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2017-yil 22-sentabrdagi 751-son qarori .
6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining 2018-yilgi asosiy makroiqtisodiy koʻrsatkichlari prognozi va Davlat budjeti parametrlari toʻgʻrisida” 2017-yil 29-dekabrdagi PQ-3454-son qarori)” 2018-yil 22-maydagi 384-son qaroriga 1-ilovaning 11-bandi .
7. Vazirlar Mahkamasining “Davlat soliq xizmati sohasida davlat xizmatlari koʻrsatishning ayrim maʼmuriy reglamentlarini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2018-yil 13-oktabrdagi 823-son qarorining 6-bandi va unga 3-ilova.
8. Vazirlar Mahkamasining “Aholi va tadbirkorlik subyektlarining davlat xizmatlaridan foydalanish imkoniyatlari kengaytirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2021-yil 27-dekabrdagi 774-son qaroriga 1-ilovaning 1-bandi .
9. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 21 va 394-bandlari .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 5-avgust,
480-son