📅 2024-yil 14-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 14-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 14 июнь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Иқтисодиёт ва молия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 июня 2024 г. · Документы министерств и ведомств · Министр экономики и финансов
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 June 2024 · Ministry and agency documents · Iqtisodiyot va moliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
РЎЙХАТИ
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (7-сонли БҲМС) «Номоддий активлар»ни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (7-сонли БҲМС) «Номоддий активлар» 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 июндаги 134-сон буйруғига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (7-сонли БҲМС) «Номоддий активлар»
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (7-сонли БҲМС) «Номоддий активлар» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига асосан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш тизимининг бир қисми ҳисобланади.
2. Мазкур Стандарт бюджет, банклар ва нобанк кредит ташкилотларидан ташқари мулкчилик шаклидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган юридик шахслар (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) томонидан номоддий активларнинг бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларда акс эттириш тартибини белгилайди.
3. Номоддий активларни ҳисобга олишнинг асосий жиҳатлари тан олиш пайтини белгилаш, баланс қийматини ва фойдали хизмат муддатини баҳолаш, амортизация ҳисоблаш усулларини белгилаш, баланс қийматидаги бошқа ўзгаришларни баҳолаш ва ҳисобга олиш ҳамда уларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижаларни аниқлаш, шунингдек улар бўйича маълумотларни молиявий ҳисоботда ёритиб бериш тартиби ҳисобланади.
4. Мазкур Стандартнинг қоидалари қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:
а) Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (11-сонли БҲМС) «Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари бўйича харажатлар»га (рўйхат рақами 3535, 2024 йил 25 июль) мувофиқ ҳисобга олинадиган илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг харажатларига;
б) Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий с тандарти (6-сонли БҲМС) «Ижара ҳисоби»га (рўйхат рақами 1946, 2009 йил 24 апрель) мувофиқ ҳисобга олинадиган ижара турлари;
в) келгуси давр харажатлари.
5. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
номоддий активлар — ташкилот томонидан узоқ муддат мобайнида ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ёки товарларни сотиш жараёнида фойдаланиш мақсадида ёхуд маъмурий ва бошқа функцияларни амалга ошириш учун ушлаб туриладиган, моддий-ашёвий мазмунга эга бўлмаган идентификацияланадиган мол-мулк объектлари;
амортизация — фойдали хизмат муддати мобайнида номоддий активнинг амортизацияланадиган қийматини унинг вазифасидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига ёки давр харажатларига тизимли тақсимлаш ва киритиш;
амортизацияланадиган қиймат — кутилаётган (баҳоланган) тугатиш қийматини чегирган ҳолда активнинг бошланғич (қайта тиклаш) қиймати суммаси;
фойдали хизмат муддати — ташкилот томонидан активдан фойдаланиш кўзда тутилган давр ёки ташкилот ушбу активдан фойдаланишдан олишни мўлжаллаётган маҳсулот (ишлар ва хизматлар) миқдори;
бошланғич қиймат — номоддий активларни яратиш (ишлаб чиқиш) ёки сотиб олиш бўйича ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар қиймати (пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентларининг суммаси ёхуд бошқа тўловларнинг жорий қиймати), шу жумладан тўланган ва қопланмайдиган солиқлар (йиғимлар), шунингдек активни ундан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун ишга яроқли ҳолатга келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа харажатлар қиймати;
тугатиш қиймати — номоддий активнинг чиқиб кетиши бўйича кутилаётган харажатларни чегирган ҳолда унинг фойдали хизмат муддати охирида активни тугатиш чоғида олиниши кутилаётган, активнинг тахмин қилинаётган (баҳоланган) суммаси;
жорий қиймат — маълум санадаги амал қилаётган бозор нархлари бўйича номоддий активларнинг қиймати ёки хабардор қилинган, битимни амалга оширишни хоҳловчи, бир-биридан мустақил тарафлар ўртасида битимни амалга оширишда активни сотиб олиш ёки мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлган сумма;
қолдиқ (баланс) қиймат — номоддий актив молиявий ҳисоботда (бухгалтерия балансида) акс эттириладиган қиймат ва у бошланғич (қайта тиклаш) қиймати ва жамланган амортизация суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади;
фаол бозор — олди-сотди объектлари бир турда (бир хил) бўлган ва ҳар қандай вақтда битимни амалга оширишни хоҳловчи манфаатдор сотувчи ва харидорларни топиш мумкин бўлган, шунингдек нархлар ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлган бозор;
мутлақ ҳуқуқ — бу қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фақатгина ҳуқуқ эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан учинчи шахсга берилиши мумкин бўлган мулкий ҳуқуқ.
6. Активларни бухгалтерия ҳисобида номоддий активлар сифатида тан олишда бир вақтнинг ўзида қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
моддий-ашёвий тузилишга эга бўлмаслиги;
активлардан маҳсулот ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ёхуд ташкилотнинг маъмурий ва бошқа функциялари бажариш учун узоқ муддат (12 ойдан юқори фойдали хизмат муддати) давомида фойдаланиши;
активларнинг қиймати бир бирлик (комплект) учун харид қилиш пайтида Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг камида эллик бараварини ташкил қилиши (ташкилот раҳбари номоддий активлар сифатида ҳисобга олиш мақсадида ҳисобот даври учун активлар қийматининг камроқ чегарасини белгилашга ҳақли);
активлар кейинчалик қайта сотишга мўлжалланмаслиги;
ишончлилик, яъни ташкилотда активлар ва унга бўлган мутлақ ҳуқуқнинг мавжудлигини тасдиқловчи тегишли равишда расмийлаштирилган ҳужжатларнинг (патентлар, гувоҳномалар, патент, товар белгисини сотиб олиш шартномаси) мавжудлиги;
идентификация қилиш имконияти мавжудлиги.
7. Номоддий активлар қуйидаги мезонлардан бирига мувофиқ келса уларни идентификация қилиш имконияти мавжуд бўлади:
ажраладиган бўлса, яъни уни ташкилотдан ажратиш ёки бўлиш ва индивидуал тарзда ёки тегишли шартнома, актив ёки мажбурият билан бирга сотиш, ўтказиш, лицензиялаш, ижарага бериш ёки айирбошлаш мумкин бўлса;
шартномавий ёки бошқа юридик ҳуқуқлар натижасида келиб чиқадиган бўлса.
8. Ташкилот номоддий активлар билан боғлиқ келгусидаги иқтисодий наф олиш эҳтимоли фақатгина қуйидаги ҳолларда мавжуд бўлади:
активнинг ташкилотнинг келгусидаги иқтисодий нафини (даромадини) кўпайтириши исботланганда;
активнинг ташкилотнинг келгусидаги сарфларни камайтириши ёки ташкилот томонидан бундай активдан фойдаланилиши натижасида юзага келадиган бошқа нафларни олиб келиши исботланганда.
9. Номоддий активларнинг бухгалтерия ҳисоби бирлиги бўлиб инвентарь объекти ҳисобланади. Номоддий активларнинг инвентарь объекти бўлиб патент, гувоҳнома ва шу кабилардан келиб чиқадиган жами ҳуқуқлар ҳисобланади. Бир инвентарь объекти бошқасидан ажратилишининг (идентификация қилинишининг) асосий белгиси бўлиб, улар томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатишда мустақил вазифаларнинг бажарилиши ёхуд ташкилотнинг маъмурий ва бошқа функциялари учун ишлатилиши ҳисобланади.
Иккита ёки бир нечта ташкилот мулкида бўлган номоддий активлар объекти ҳар бир ташкилот томонидан умумий мулкдаги унинг улушига тенг миқдорда номоддий активлар таркибида акс эттирилади.
10. Номоддий активларга мазкур Стандартнинг 6-бандида келтирилган шартларнинг барчасига жавоб берувчи қуйидаги объектлар киритилиши мумкин:
патент эгасининг ихтиро, саноат намуналари ва фойдали моделларга бўлган мутлақ ҳуқуқи;
муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг дастурлар ва маълумотлар базаларига бўлган мутлақ ҳуқуқи;
муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг интеграл микросхемаларнинг топологияларига бўлган мутлақ ҳуқуқи;
ҳуқуқ эгасининг товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисига бўлган мутлақ ҳуқуқи, шунингдек товар ишлаб чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи;
ҳуқуқ эгасининг селекция ютуқларига бўлган мутлақ ҳуқуқи;
гудвилл;
табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқи, яъни ер ости бойликлари, атроф-муҳитдаги бошқа ресурслар, атроф-муҳит тўғрисидаги геологик ва бошқа маълумотлар фойдаланиш ҳуқуқи;
ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи;
бошқа номоддий активлар (маҳсулот ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш, иқтисодий ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи ва шу кабилар).
11. Номоддий активлар таркибига ташкилот ходимларининг интеллектуал ва ишчанлик сифати, уларнинг малакаси ва меҳнатга қобилияти киритилмайди, чунки улар ўзларининг эгаларидан ажралмас ҳисобланади ва уларни ташкилотдан ажратиб фойдаланиш мумкин эмас.
Дастурлар ва маълумотлар базаси тегишли асосий воситанинг (шу жумладан ўрнатилмаган) таркибий қисми ҳисобланса, у моддий актив аҳамиятига эга бўлган асосий восита билан бирга қаралади. Агар дастурлар ва маълумотлар базаси тегишли асосий воситанинг таркибий қисми ҳисобланмаса ва мутлақ ҳуқуқ ташкилотга тегишли бўлса, у номоддий актив ҳисобланади.
2-боб. Номоддий активларнинг келиб тушиши
12. Келиб тушадиган номоддий активларнинг қиймати ташкилот балансига киритилиши лозим.
13. Номоддий активлар қуйидагилар натижасида ташкилот балансига киритилади:
ишлаб чиқиш тугаганидан сўнг яратилган объектни қабул қилиш;
олди-сотди шартномаси бўйича объектни харид қилиш;
устав капиталига таъсисчиларнинг (иштирокчиларнинг) улуши кўринишида келиб тушиш;
текинга келиб тушиш (ҳадя шартномаси бўйича);
давлат субсидиялари ҳисобига келиб тушиш;
айирбошлаш;
ортиқча (ҳисобга олинмаган) номоддий активлар объектларини аниқлаш ва бошқа асосларга кўра.
3-боб. Номоддий активларни дастлабки баҳолаш
14. Барча турдаги номоддий активларнинг дастлабки баҳоси бошланғич қиймати бўйича тан олинади ва улар бухгалтерия ҳисобига ушбу қиймат бўйича қабул қилинади.
15. Харид қилинган номоддий активларнинг бошланғич қиймати қуйидаги харажатлардан ташкил топади:
ҳуқуқдан воз кечиш (харид қилиш) шартномасига мувофиқ ҳуқуқ эгасига (сотувчига) тўланган суммалар;
ҳуқуқ эгасининг мутлақ ҳуқуқидан воз кечиши (харид қилиш) муносабати билан амалга оширилган рўйхатдан ўтказиш йиғимлари, патент божлари ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар;
божхона божлари ва йиғимлари;
номоддий активларни харид қилиш муносабати билан тўланадиган қопланмайдиган солиқлар ва йиғимлар суммалари;
номоддий активларни харид қилиш билан боғлиқ маълумот ва маслаҳат хизматлари учун тўланган суммалар;
номоддий активлар воситачилар орқали харид қилинганда уларга тўланадиган ҳақлар;
номоддий активларни етказиб бериш (яратиш) рискини суғурталаш бўйича харажатлар;
активдан мақсадга кўра фойдаланиш учун уни яроқли ҳолатга келтириш билан бевосита боғлиқ бошқа харажатлар.
Харид қилинган номоддий активларга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар жумладан, аккредитив очиш бўйича харажатлар, ўтказмалар учун банкнинг воситачилик ҳақи, номоддий активларни чет эл валютасига харид қилишда валюта конвертацияси бўйича воситачилик ҳақи ва банкнинг бошқа хизматлари, ҳамда бошқа номоддий активларни харид қилиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган харажатлар бошланғич қийматига киритилмайди, балки улар содир бўлган ҳисобот даврида харажатлар сифатида тан олиниши керак.
Агар шартнома шартларида тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлса, унда мазкур номоддий активлар бухгалтерия ҳисобига кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашни ҳисобга олмаган ҳолдаги сотиб олиш қиймати бўйича қабул қилинади. Бунда сотиб олиш қиймати ва тўловнинг умумий суммаси ўртасида юзага келадиган фарқ кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш даври давомида жорий тўловнинг кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича тўловларнинг умумий суммасидаги салмоғидан келиб чиқиб молиявий харажатларга (фоизлар бўйича харажатларга) олиб борилади.
Кредитдан фойдаланганлик учун фоизларни тўлашга доир харажатлар қарз капитали ҳисобидан тўлиқ ёки қисман сотиб олинган номоддий активларнинг бошланғич қийматига киритилмайди.
Номоддий активларни ишлаб чиқиш даврида уларни ишлаб чиқиш учун олинган кредит бўйича ҳисобланган фоизлар ишлаб чиқилган номоддий активларнинг бошланғич қийматига киритилади.
16. Ташкилотнинг ўзи томонидан яратилган (ишлаб чиқилган) номоддий активларнинг бошланғич қиймати илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига ҳақиқий харажатлар суммаси сифатида аниқланади. Илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига харажатлар таркиби Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (11-сонли БҲМС) «Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари бўйича харажатлар»га (рўйхат рақами 3535, 2024 йил 25 июль) мувофиқ белгиланади.
17. Чет эл валютасида харид қилинган номоддий активларнинг бошланғич қиймати Мазкур Стандартнинг 15-бандида назарда тутилган тегишли харажатларни ҳисобга олган ҳолда, сотиб олиш санасидаги чет эл валютасидаги суммаларни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича қайта ҳисоблаш йўли билан сўмда белгиланади, бундан тўланган бўнак суммаси мустасно.
Бунда, номоддий активлар тўлиқ ёки қисман олдиндан чет эл валютасида тўланган бўнак ҳисобига харид қилинганда, уларнинг қийматининг ушбу бўнак миқдорига тенг суммаси бўнак тўланган санадаги Марказий банк курсида тан олинади.
18. Мазкур Стандартнинг 15-бандида назарда тутилган харажатлар амалга оширилган тақдирда, ташкилот томонидан номоддий активлар объектлари устав капиталига улуш сифатида, текин ёки айирбошлаш асосида қабул қилинганда номоддий активнинг таннархи ушбу харажатлар суммасига ошади.
19. Ташкилот устав капиталига улуш ҳисобига олинган номоддий активларнинг бошланғич қиймати, агарда Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса, ташкилот таъсисчилари (иштирокчилари) томонидан келишилган уларнинг пулдаги баҳоси асосида тан олинади.
20. Ташкилот томонидан бошқа шахслардан текинга (ҳадя шартномаси бўйича) ёки давлат субсидияси ҳисобига олинган номоддий активларнинг бошланғич қиймати Мазкур Стандартнинг 15-бандида назарда тутилган харажатларни ҳисобга олган ҳолда, агарда жорий қиймат ушбу турдаги номоддий активлар учун фаол бозорни ҳисобга олган ҳолда белгиланган бўлса, ишончли ҳисобланган жорий қиймат бўйича аниқланади. Ушбу турдаги номоддий активлар учун фаол бозор мавжуд бўлмаган тақдирда, уларнинг бошланғич қиймати номинал қиймат бўйича ёки агарда номоддий активни фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш билан боғлиқ ҳақиқий харажатлар мавжуд бўлса, уларнинг суммаси бўйича аниқланади.
21. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда худди шундай номоддий активга айирбошлаш йўли билан олинган номоддий активнинг бошланғич қиймати берилган номоддий активнинг қолдиқ (баланс) қийматига тенг.
Номоддий актив қўшимча тўлов билан айирбошланган ҳолатларда худди шундай номоддий активга алмаштириш йўли билан харид қилинган номоддий активнинг бошланғич қиймати айирбошланиш чоғида ўтказилган (олинган) пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентлари суммаси ва берилган номоддий активнинг қолдиқ (баланс) қийматилари йиғиндисига тенг.
22. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда худди шундай бўлмаган номоддий активга айирбошлаш йўли билан олинган номоддий активнинг бошланғич қиймати берилган номоддий активнинг жорий қийматига тенг.
Номоддий актив қўшимча тўлов билан айирбошланган ҳолатларда худди шундай бўлмаган номоддий активга алмаштириш йўли билан харид қилинган номоддий активнинг бошланғич қиймати айирбошланиш чоғида ўтказилган (олинган) пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентлари ва берилган номоддий активнинг жорий қийматлари йиғиндисига тенг.
23. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбуриятларни (тўловни) пул кўринишида бўлмаган маблағлар билан бажариш назарда тутиладиган шартномалар бўйича олинган номоддий активларнинг бошланғич қиймати деб ташкилот томонидан берилган ёки берилиши лозим бўлган қимматликларнинг жорий қиймати тан олинади. Ташкилот томонидан берилган ёки бериладиган мавжуд қимматликларнинг жорий қиймати ташкилотнинг таққослаш шарти билан шунга ўхшаш мавжуд қимматликлар жорий қийматини белгилайдиган нархлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Ташкилот томонидан берилган ёки бериладиган мавжуд қимматликларнинг жорий қийматини белгилаш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда, мажбуриятларни (тўловни) пул кўринишида бўлмаган маблағлар билан бажариш назарда тутиладиган шартномалар бўйича ташкилот томонидан олинган номоддий активларнинг қиймати шунга ўхшаш номоддий активларнинг таққослаш шарти билан сотиб олинадиган жорий қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
24. Битта умумий суммада харид қилинган номоддий активларнинг ҳар бирининг бошланғич қиймати ушбу суммани алоҳида номоддий активнинг жорий қийматига мутаносиб равишда тақсимлаш билан белгиланади.
25. Номоддий активларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган бошланғич қиймати Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида ва мазкур Стандартда белгиланган ҳолатлардан ташқари бошқа ҳолатларда ўзгартирилмайди.
26. Номоддий актив дастлаб тан олингандан сўнг молиявий ҳисоботда жамғарилган амортизация айирилган ҳолда бошланғич қиймат бўйича ёки қайта баҳоланган қиймат (мумкин бўлган муқобил усул) бўйича акс эттирилади.
Номоддий активни дастлаб тан олингандан сўнг молиявий ҳисоботда акс эттиришда қўлланадиган усул мажбурий тартибда ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида кўрсатилиши керак.
4-боб. Номоддий активларга ўтказиладиган капитал қўйилмалар
27. Номоддий активларнинг бошланғич қиймати дастлаб мўлжалланган келгусидаги иқтисодий нафни оширишга имкон берадиган, ушбу номоддий активларни такомиллаштириш ва уларнинг имкониятлари ва фойдали хизмат муддатини ошириш билан боғлиқ бўлган харажатлар суммасига оширилади.
28. Ташкилот активнинг фойдали хизмат муддати давомида мавжуд бўладиган кутилиши мумкин бўлган иқтисодий шароитлар ҳақидаги асосланган ва тасдиқланган тахминидан фойдаланган ҳолда келгусидаги иқтисодий наф олиш эҳтимолини баҳолайди.
5-боб. Номоддий активларни қайта баҳолаш
29. Номоддий активларни қайта баҳолаш — номоддий активларнинг баланс (қайта тиклаш) қийматини жорий бозор нархлари даражасига мувофиқлаштириш мақсадида уларни вақти-вақти билан аниқлаштиришдир.
30. Ташкилот қайта баҳолашда жорий қийматни фаол бозор маълумотлари асосида аниқ белгилаши мумкин бўлган шартларда, қайта баҳолаш санасидаги жорий қийматни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида амалга ошириши мумкин.
Қайта баҳолашни баланс (қайта тиклаш) қиймати баланс ҳисоботини тузиш санасидаги бозор қийматидан фарқ қилмаслиги учун мунтазам равишда амалга ошириш лозим.
Номоддий активни қайта баҳолашда ушбу қайта баҳоланаётган актив тааллуқли бўлган бир турдаги номоддий активларнинг барча гуруҳи қайта баҳоланиши керак, бундай активлар учун фаол бозор мавжуд бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно.
Қайта баҳолаш натижасида номоддий активлар бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботда жорий (қайта тиклаш) қиймати бўйича акс эттирилади.
31. Номоддий активнинг жорий қийматини номоддий активнинг ушбу тури бўйича фаол бозор нархлари асосида белгилаш мумкин.
Агар илгари қайта баҳоланган номоддий активнинг жорий қийматини фаол бозор маълумотлари асосида аниқлаш мумкин бўлмаса, номоддий активнинг баланс қиймати жамланган амортизация чегирилган ҳолда фаол бозор маълумотлари асосида унинг охирги қайта баҳоланган санадаги қайта тиклаш қиймати бўйича аниқланади.
32. Номоддий активларни қайта баҳолашда жорий қийматни ҳужжатлар асосида тасдиқлаш учун ташкилотнинг ихтиёрига кўра қуйидагилардан фойдаланилиши мумкин:
тайёрловчи фирмалар ва уларнинг расмий дилерлари ҳамда ваколатхоналаридан ёзма шаклда олинган худди шундай номоддий активга доир нархлар тўғрисидаги маълумотлар;
қайта баҳолашни ўтказиш санасига ва номоддий активларни харид қилиш санасига Марказий банк курсларининг нисбати сифатида аниқланадиган ҳисоб-китоб коэффициентини қўллаган ҳолда харид қилиш санаси бўйича номоддий активларнинг қиймати тўғрисидаги маълумотлар (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда);
қайта баҳолашни ўтказиш даврида оммавий ахборот воситалари ва махсус адабиётлар ва шу кабиларда эълон қилинган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;
тегишли номоддий активнинг қиймати тўғрисида баҳоловчининг ҳисоботи.
33. Номоддий активларнинг бошланғич (қайта тиклаш) қийматини қайта баҳолашда уларнинг қайта баҳолаш санасидаги жамғарилган амортизацияси номоддий активларнинг бошланғич (қайта тиклаш) қийматини ўзгартиришнинг тегишли индексларига тузатилади ҳамда кейинчалик амортизацияни ҳисоблаш қайта баҳоланган (қайта тиклаш) қийматидан амалга оширилади. Қайта баҳолаш индекси номоддий активнинг жорий қийматини унинг бошланғич қийматига бўлиш йўли билан аниқланади.
34. Қайта баҳолаш натижасида номоддий активларнинг баҳосини ўсиши суммаси резерв капитали таркибига 8510 «Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағига олиб борилади.
Қайта баҳолаш натижасида номоддий активлар баҳосининг пасайиш суммаси аввалги ҳисобот даврларида ўтказилган ушбу объект баҳосининг ўсиш суммаси чегарасида 8510 «Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағи бўйича резерв капиталини камайтиришга олиб борилади. Объект баҳосининг пасайиш суммасининг унинг баҳосини ўсиши суммасидан юқориси бошқа операцион харажатларга олиб борилади.
35. Номоддий активларнинг қайта баҳолаш натижалари номоддий активларни қайта баҳолаш амалга оширилган жорий даврда молиявий ҳисоботда акс эттирилади.
6-боб. Харажатларни акс эттириш
36. Номоддий активни харид қилиш ёки яратишга (ишлаб чиқаришга) тааллуқли бўлган, номоддий актив таърифини қаноатлантирмайдиган ёки ушбу Стандартнинг 6-бандида кўрсатилган шартларга жавоб бермайдиган харажатлар юзага келган ҳисобот даврида харажат сифатида акс эттирилади.
37. Номоддий активларга тааллуқли бўлган, дастлаб давр харажатлари сифатида акс эттирилган харажатлар кейинги даврларда актив сифатида акс эттирилмайди.
38. Номоддий активларни фойдаланиш учун яроқли ҳолатда тутиб туриш ва улардан фойдаланишдан келгусидаги иқтисодий нафнинг дастлаб белгиланган миқдорини сақлаб қолиш учун амалга ошириладиган харажатлар ҳисобот даври харажатлари таркибига киритилади.
39. Номоддий активлар билан боғлиқ кейинги харажатлар амалга оширилган ҳисобот даврининг харажатлари сифатида тан олинади, агарда:
бу харажатлар активларга бевосита алоқадор келгусидаги иқтисодий нафни кўпайтириш имконини бермаса;
бу харажатларни ўлчаш ва уларни маълум бир активга тегишлилигини юқори даражада аниқлаш имкони бўлмаса.
Ушбу шартларга риоя этилган ҳолда номоддий актив билан боғлиқ кейинги харажатлар унинг баланс қийматига киритилмайди.
7-боб. Амортизацияни ҳисоблаш
40. Номоддий активларнинг қиймати амортизация ҳисоблаш йўли билан қопланади. Амортизацияланадиган қиймат фойдали хизмат муддати мобайнида ташкилот харажатларига амортизация ажратмалари кўринишида тизимли равишда тақсимланади.
41. Номоддий актив бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объект номоддий активлар таркибига қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошланади ҳамда мазкур объектнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ қоплангунга ёхуд бу объектни балансдан чиқарилгунга қадар амалга оширилади.
42. Номоддий актив бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объектнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ қопланган ёки бу объект балансдан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасида тўхтатилади.
43. Номоддий активнинг фойдали хизмат муддати давомида амортизация ажратмаларини ҳисоблаш тўхтатилмайди, номоддий активдан фойдаланишда бевосита ва билвосита чекловлар (масалан, асосий воситалар ва бошқа активларни консервациялаш, реконструкция, модернизация қилиш) мавжуд бўлган ҳолатлар бундан мустасно.
44. Номоддий активлар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш ҳисобот давридаги ташкилотнинг фаолияти натижаларидан қатъий назар амалга оширилади ва у тегишли бўлган ҳисобот даврининг молиявий ҳисоботларда акс эттирилади.
45. Номоддий активлар бўйича ҳисобланган амортизация суммалари алоҳида ҳисобварақларда тегишли суммаларни жамғариш йўли билан молиявий ҳисоботларда акс эттирилади.
46. Номоддий активнинг фойдали хизмат муддатини аниқлашда қуйидаги омилларни эътиборга олинади:
а) номоддий активнинг кутилаётган фойдали хизмат муддати;
б) ишлаб чиқаришни ўзгартириш ва яхшилаш натижасида ёки мазкур актив томонидан ишлаб чиқарилаёттан маҳсулотга (ишларга, хизматларга) нисбатан бозор талабларининг ўзгариши натижасида техник эскириши;
в) активдан фойдаланишдаги юридик ва бошқа чекловлар (масалан, фойдали хизмат муддатининг тугаши билан боғлиқ бўлган чекловлар).
47. Номоддий активларнинг фойдали хизмат муддати ташкилот томонидан номоддий актив бухгалтерия ҳисобига қабул қилиниш чоғида белгиланади.
Номоддий активларнинг фойдали хизмат муддатини белгилаш қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади:
а) патент, гувоҳноманинг амал қилиш муддати ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ номоддий активлардан фойдаланиш муддати бўйича бошқа чекловлар;
б) ташкилот иқтисодий наф (даромад) олиши мумкин бўлган даврда ушбу объектдан фойдаланиш кўзда тутилаётган муддат.
Номоддий активларнинг алоҳида гуруҳлари учун фойдали хизмат муддати ушбу номоддий активдан фойдаланиш натижасида олиниши кутилаётган маҳсулотлар миқдори ёки ишлар ҳажмининг бошқа натура кўринишидаги кўрсаткичидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Фойдали хизмат муддатини белгилаш мумкин бўлмаган номоддий активлар бўйича амортизация ажратмалари меъёри беш йил ҳисобида белгиланади. Ушбу номоддий активларнинг фойдали хизмат муддати, агарда Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса, номоддий актив фойдаланишга тайёр бўлган пайтдан бошлаб ташкилотнинг фаолият кўрсатиш муддатидан ошмаслиги лозим.
48. Амортизация қуйидаги усулларни қўллаш йўли билан ҳисобланади:
а) Амортизацияни ҳисоблашнинг бир маромли (тўғри чизиқли) усули:
амортизацияни ҳисоблашнинг бир маромли (тўғри чизиқли) усулида амортизация ажратмалари номоддий активларни фойдали хизмат муддати мобайнида уларнинг амортизацияланадиган қийматидан келиб чиққан ҳолда бир маромда, тенг улушларда ҳисобланади;
амортизацияни ҳисоблашнинг бир маромли (тўғри чизиқли) усулида амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси ушбу номоддий активнинг амортизацияланадиган қиймати ва фойдали хизмат муддатидан келиб чиққан ҳолда аниқланади;
б) бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда амортизацияни ҳисоблаш (ишлаб чиқариш) усули:
амортизацияни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усули ҳар бир муайян йилда номоддий активдан фойдаланишдан олинадиган маҳсулотларни ҳисобга олишга асосланган;
мазкур усул бўйича амортизациянинг ҳар йилги қийматини ҳисоблаш учун бутун фойдали хизмат муддатидаги умумий баҳоланган ишлаб чиқариш қуввати йиғиндисини ва мазкур муайян йилдаги ишлаб чиқариш қуввати аниқлаш лозим. Ишлаб чиқариш қуввати сифатида ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирликлари сони, ишланган соатлар сони ва бошқалар олиниши мумкин.
Амортизацияни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулида йиллик амортизация ажратмалари суммаси ҳисобот давридаги маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмининг натура кўришидаги кўрсаткичидан ҳамда амортизацияланадиган қийматнинг номоддий актив бутун фойдали хизмат муддатидаги назарда тутилаётган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмига нисбатидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
49. Номоддий активлардан интенсив фойдаланилганда, шунингдек илмий-техникавий жараённинг катта таъсирида номоддий активлар амортизацияси қуйидаги усулларда ҳисобланадиган жадаллаштирилган амортизация йўли билан ифодаланади:
икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули;
йиллар йиғиндиси усули (кумулятив усул).
50. Икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усулига кўра амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси ҳисобот йили бошидаги номоддий активнинг қолдиқ (баланс) қийматидан ва мазкур номоддий активнинг фойдали хизмат муддатидан келиб чиқиб ҳисобланган амортизациянинг икки баравар меъёридан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули бўйича амортизацияни ҳисоблашда кутилаётган тугатиш қиймати бошланғич (қайта тиклаш) қийматидан чегирилмайди.
51. Йиллар йиғиндиси усулига (кумулятив усулга) кўра ҳар йили амортизация меъёри амортизация муддати охирига қадар қоладиган амортизацияланадиган қийматдаги улуш сифатида аниқланади. Улуш амортизация ажратмалари тугагунига қадар қоладиган тўлиқ йиллар сонини амортизация муддатини ташкил қиладиган йиллар тартиб сонлари йиғиндисига бўлиш орқали аниқланади.
Йиллар йиғиндиси усулида (кумулятив усулда) амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси номоддий активнинг тугатиш қиймати айирилган ҳолда бошланғич (қайта тиклаш) қийматидан ҳамда суратида номоддий активнинг фойдали хизмат муддатининг охирига қадар қоладиган йиллар сони, махражида эса номоддий активнинг фойдали хизмат муддати йиллари сони йиғиндисининг нисбатидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
52. Ҳисобот йили давомида номоддий активлар бўйича амортизация ажратмалари ҳисоблашда қўлланиладиган усулидан қатъий назар (амортизация ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулидан ташқари) йиллик сумманинг ойлик нисбатида ҳисобланади.
Мавсумий тусдаги ишлаб чиқариш ташкилотларида фойдаланиладиган номоддий активлар бўйича амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси ташкилот томонидан номоддий активлардан фойдаланиш даври мобайнида бир маромда ҳисобот йилида ҳисобланади.
53. Номоддий активларнинг ҳар хил турларига (гуруҳларига) нисбатан амортизацияни ҳисоблашнинг турли усулларини қўллаш мумкин. Бунда бир турдаги номоддий активлар бўйича (гуруҳи, тури ва бошқалар бўйича) фақат битта усул қўлланилади.
54. Қўлланиладиган амортизацияни ҳисоблаш усули ва номоддий активнинг фойдали хизмат муддатини қайта кўриб чиқиш мумкинлиги ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида мажбурий тартибда акс эттирилиши керак.
55. Агар номоддий активлардан фойдаланишдан кутилаётган иқтисодий нафда сезиларли даражада ўзгариш юз берса, амортизация ҳисоблаш усули, агар юзага келган ҳолатлар амортизация ҳисоблаш усулининг ўзгартирилиш асослилигини кўрсатса, амортизация ҳисоблаш усули ўзгараётган тенденцияни акс эттирадиган тарзда ўзгартирилиши мумкин. Бундай ўзгариш ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши лозим. Бунда молиявий ҳисоботга тушунтириш хатида мазкур ўзгариш сабаблари ва уларнинг иқтисодий самараси очиб берилиши зарур.
56. Номоддий активнинг фойдали хизмат муддати ҳар бир ҳисобот йили охирида қайта кўриб чиқилади, агар:
келгуси даврда активнинг фойдали хизмат муддатининг ўзгариши ёки келгусидаги иқтисодий фойдани олиш шартларининг ўзгариши кутилаётган бўлса (номоддий активларни яхшилашга ва мос равишда, уларнинг фойдали хизмат муддатини ошишига ёки қисқаришига олиб келадиган харажатларни ҳисобга олган ҳолда);
прогнозлар дастлабки баҳолардан сезиларли даражада фарқ қилса (бунда, ҳисобот ва келгуси даврлар учун амортизация суммасини кўпайтириш ёки камайтириш талаб этилади).
Номоддий активнинг амортизацияси ўзгартирилган ойдан кейинги ойдан бошлаб янги амортизация ҳисоблаш усули ва фойдали хизмат муддатидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.
57. Номоддий активларнинг амортизацияланадиган қийматини ҳисоблашда уларнинг тугатиш қиймати ҳисобга олинади. Тугатиш қиймати муҳим бўлмаган тақдирда, у амортизацияланадиган қийматни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинмаслиги мумкин.
Агар тугатиш қиймати аҳамиятга эга бўлса, у номоддий активлар харид қилинган санада ёки уларни қайта баҳолаш санасида аниқланади. Тугатиш қиймати номоддий активларнинг хизмат муддати охирида тугатиш бўйича кутилаётган харажатларга камайтирилиши лозим.
58. Номоддий активнинг тугатиш қиймати қуйидаги ҳолларда нолга тенг деб ҳисобланади:
а) кутилаётган фойдали хизмат муддати охирида учинчи тараф билан уни сотиб олиш ҳақидаги битим мавжуд бўлмаса;
б) номоддий активнинг тугатиш қиймати фаол бозор маълумотлари асосида ишончли баҳолаш учун фаол бозор йўқлиги ҳамда номоддий активнинг кутилаётган фойдали хизмат муддати охирида бундай бозорнинг мавжуд бўлиш эҳтимоли йўқлиги.
8-боб. Номоддий активлардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш билан боғлиқ операциялар ҳисоби
59. Номоддий активлардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш билан боғлиқ операциялар ҳуқуқ эгаси ва фойдаланувчи ўртасида тузилган, ташкилотга номоддий активлардан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган (масалан, ҳуқуқ эгаси томонидан ташкилотга товар белгисидан муайян муддат мобайнида, маълум ҳудудда фойдаланиш ҳуқуқи, маҳсулотлар ишлаб чиқариш автоматлаштирилган бошқарувининг технологик дастуридан фойдаланиш ҳуқуқи, саноат намуналаридан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларнинг берилиши) лицензия шартномалари (мутлақ, номутлақ, очиқ лицензия), муаллифлик (фан, адабиёт ва санъат асарларидан фойдаланиш мутлақ, номутлақ ҳуқуқини бериш тўғрисидаги) шартномалари, тижорат концессия шартномалари ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ тузилган бошқа шунга ўхшаш шартномалар асосида бухгалтерия ҳисобида тан олинади.
60. Мулк ҳуқуқига эга ташкилот томонидан номоддий активларга бўлган мутлақ ҳуқуқ сақлаб қолинган ҳолда, бошқа ташкилотга фойдаланишга берилган номоддий активлар балансдан чиқарилмайди, балки мулк ҳуқуқига эга ташкилотнинг бухгалтерия ҳисобида мазкур Стандартнинг 3-бобдаги қоидаларга мувофиқ акс эттирилади.
Фойдаланишга берилган номоддий активлар бўйича амортизацияни ҳисоблаш мулк ҳуқуқига эга ташкилот томонидан амалга оширилади.
61. Фойдаланишга олинган номоддий активлар фойдаланувчи ташкилот томонидан шартномага киритилган баҳода балансдан ташқари ҳисобварақда ҳисобга олинади.
Бунда тақдим этилган номоддий активлар объектларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун шартномада белгиланган тартиб ва муддатда ҳисобладиган ва тўланадиган муаллифлик ҳақини қўшган ҳолда, даврий тўловлар кўринишида амалга ошириладиган тўловлар фойдаланувчи ташкилот томонидан ҳисобот даври харажатларига киритилади, тақдим этилган номоддий активлар объектларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун қатъий бир марталик кўринишда амалга ошириладиган тўловлар эса фойдаланувчи ташкилот томонидан келгуси давр харажатлари сифатида бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади ва шартноманинг амал қилиш муддати мобайнида тегишли ҳисобот даври харажатларига ҳисобдан чиқарилади.
9-боб. Гудвилл ҳисобининг хусусиятлари
62. Ташкилотнинг бозор қиймати ташкилот томонидан келгусида олиниш эҳтимоли мавжуд бўлган иқтисодий нафнинг бозор баҳосини кўрсатади. Исталган пайтда ташкилотнинг бозор қиймати билан идентификация қилинадиган активларнинг баланс қиймати ўртасидаги фарқ ўз ичига ташкилотнинг қийматига таъсир этувчи бир қатор омилларни олиши мумкин. Бироқ бундай фарқ ушбу пайтда ташкилот назорат қилаётган аниқ активларнинг қийматини ифодаламайди.
63. Ташкилотнинг ўзи яратган гудвилл актив сифатида акс эттирилмаслиги керак, чунки у ташкилотни сотиб олиш пайтида харид қиймати билан мазкур ташкилотни ташкил қилувчи активларнинг соф қиймати ўртасидаги фарқ сифатида юзага келади.
64. Харид қилинган гудвиллнинг миқдори ҳисоб-китоб қилиш йўли билан, харид қилинаётган ташкилотнинг харид қиймати билан уни харид қилиш санасидаги ташкилот соф активларининг бозор қиймати (барча мажбуриятлар суммаси айирилган ҳолда активларнинг бозор қиймати) ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.
65. Гудвилл суммасига харидор томонидан келгусидаги иқтисодий наф олиш мақсадида бериладиган қўшимча тўлов сифатида қаралади ва алоҳида инвентарь объекти сифатида ҳисобга олинади.
Манфий гудвилл суммасини стабил харидорлар мавжудлиги омили, сифат репутацияси, маркетинг ва сотиш қобилияти, иш юзасидан алоқалар, бошқариш тажрибаси, ходимлар малака даражаси ва шу кабилар бўлмаган тақдирда, харидорга тақдим этиладиган нархдан чегирма сифатида кўриш ва муддати кечиктирилган даромадлар (келгуси давр даромадлари) сифатида ҳисобга олиш лозим.
66. Гудвилл бўйича амортизация ажратмалари унинг фойдали хизмат муддати мобайнида бошланғич қийматини камайтириш йўли билан бухгалтерия ҳисобида тан олинади.
Гудвиллнинг фойдали хизмат муддати дастлаб тан олинган пайтдан бошлаб йигирма йилдан ошмаслиги керак (ташкилотнинг фаолият кўрсатиш муддатидан ошиб кетмаслиги лозим).
Гудвилл бўйича амортизация ажратмалари мазкур Стандартнинг 7-бобида назарда тутилган тартибда ва усулларни қўллаган ҳолда амалга оширилади.
Молиявий ҳисоботда гудвиллнинг қиймати тегишли ҳисобот даврида амалга оширилган ҳисобдан чиқаришларни чегирган ҳолда баланс қийматида акс эттирилади.
Манфий гудвилл суммаси сотиб олинган амортизацияланадиган алоҳида активларнинг фойдали хизмат муддатларнинг ўртачаси мобайнида тизимли равишда ташкилотнинг молиявий натижаларга асосий фаолиятдан бошқа даромадлар сифатида киритилади.
10-боб. Номоддий активларнинг чиқиб кетиши
67. Чиқиб кетаётган номоддий активларнинг қиймати балансдан чиқарилади. Номоддий активлар қуйидагилар натижасида ташкилот балансидан чиқарилади:
а) тугатиш;
б) сотиш;
в) айирбошлаш;
г) текинга бериш;
д) устав капиталига таъсисчи ҳиссаси сифатида бериш;
е) иштирокчилар таркибидан иштирокчининг чиқиб кетиши чоғида номоддий активлар билан ҳисоб-китоб қилиш;
ж) камомад ёки йўқотишлар аниқланиши;
68. Номоддий активларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) номоддий активларнинг чиқиб кетишидан олинган даромаддан уларнинг қолдиқ (баланс) қийматини, номоддий активларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ бўлган билвосита солиқлар ва харажатларни чегириб ташлаш орқали аниқланади.
Номоддий активлар балансдан чиқарилганда молиявий натижани (фойда ёки зарарни) аниқлашда олдинги қайта баҳолашлардан ҳосил бўлган номоддий активларни баҳоси ўсиш суммасининг қолдиғи 9220 «Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»ни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар кредитига киритилади ҳамда 8510 «Узоқ муддатли активлар қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағи бўйича резерв капитал камайтирилади.
11-боб. Номоддий активларни инвентаризациядан ўтказиш
69. Ташкилотларнинг номоддий активлардан фойдаланишга доир ҳуқуқларини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг ҳақиқатда мавжудлигини, балансда номоддий активларни тўғри ва ўз вақтида акс эттирилганлигини аниқлаш ва уларнинг сақланишини назорат қилиш мақсадида ташкилотлар томонидан вақти-вақти билан, бироқ икки йилда камида бир марта номоддий активларни инвентаризациядан ўтказилади.
70. Номоддий активларнинг инвентаризацияси Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (19-сонли БҲМС) «Инвентаризацияни ташкил қилиш ва ўтказиш»да (рўйхат рақами 833, 1999 йил 2 ноябрь) белгиланган тартибда амалга оширилади.
71. Инвентаризацияда аниқланган ортиқча номоддий активлар бошқа операцион даромадлар сифатида акс эттирилади. Инвентаризация вақтида камомад факти аниқланган етишмаётган номоддий активлар айбдор шахслар аниқлангунга қадар камомадларни ҳисобга олувчи ҳисобварақда акс эттирилади.
12-боб. Маълумотни ёритиб бериш
72. Номоддий активлар ва уларнинг алоҳида гуруҳларига нисбатан қабул қилинган ҳисоб сиёсати бўйича қуйидагилар молиявий ҳисоботларга изоҳларда ёритиб берилиши керак:
ташкилот томонидан номоддий активларнинг (алоҳида гуруҳлари бўйича) фойдали хизмат муддатлари;
номоддий активларнинг алоҳида гуруҳлари бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш усуллари;
ташкилотда мавжуд бўлган барча номоддий активларнинг ҳисобот даври боши ва охиридаги умумий баланс қиймати ва жамғарилган амортизация суммаси;
келиб тушиши, чиқиб кетиши ва бошқа ҳаракатлари натижасида ҳисобот даври боши ва охирида номоддий активларнинг баланс қийматидаги ўзгаришлар;
ташкилотнинг ўзи томонидан яратилган номоддий активларнинг баланс қиймати.
73. Молиявий ҳисоботларга изоҳларда қуйидагилар ҳам ёритиб берилиши керак:
баланс қиймати ташкилотнинг молиявий ҳисобот учун муҳим ҳисобланган номоддий активларнинг тавсифи, баланс қиймати ва қолган амортизация даври;
эгалик қилиш ҳуқуқида чекловлар мавжуд бўлган номоддий активларнинг умумий баланс қиймати, шунингдек мажбуриятлар бўйича кафолат сифатида берилган номоддий активларнинг умумий қиймати;
амортизация ҳисобланмайдиган номоддий активларнинг тавсифи ва баланс қиймати ҳамда амортизация ҳисобланмаслиги сабаблари.
74. Ташкилот молиявий ҳисоботларга изоҳларда қуйидагиларни қисқача ёритиб бериши керак:
молиявий ҳисобот тузилиши санасига номоддий актив деб тан олиниш мезонларига жавоб берадиган, бироқ аввалги ҳисобот даврида харажат сифатида тан олинган аҳамиятли номоддий активлар;
келгусида иқтисодий наф олиниши кутилаётган номоддий активларни яратиш ёки яхшилашга йўналтирилган фаолият турлари;
75. Қуйидаги маълумотлар номоддий активлар қайта баҳоланган ҳолларда молиявий ҳисоботларга изоҳларда ёритиб берилиши лозим:
жорий қийматни аниқлаш учун асос;
қайта баҳолаш амалга оширилган сана;
жорий қийматини аниқлаш имкони бўлмаган номоддий активларнинг баланс қийматлари ҳамда қайта баҳолаш имкони мавжуд эмаслигига сабаблар.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 июндаги 134-сон буйруғига 2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2005 йил 25 мартдаги 35-сон «Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (7-сонли БҲМС) «Номоддий активлар»ни янги таҳрирда тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1485, 2005 йил 27 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 йил, 25-26-сон, 188-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2009 йил 21 январдаги 7-сон «Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (7-сон БҲМС) «Номоддий активлар»га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1485-1, 2009 йил 14 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 йил, 8-сон, 79-модда).
3. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2013 йил 17 майдаги 51-сон «Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (7-сонли БҲМС) «Номоддий активлар»га ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1485-2, 2013 йил 22 май ) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 йил, 21-сон, 277-модда).
4. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2016 йил 5 сентябрдаги 66-сон «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (7-сонли БҲМС) «Номоддий активлар»ни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруққа ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1485-3, 2016 йил 9 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 йил, 36-сон, 422-модда).
5. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2017 йил 12 июндаги 74-сон «Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (7-сон БҲМС) «Номоддий активлар»ни янги таҳрирда тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруқнинг муқаддимасига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1485-4, 2017 йил 16 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 йил, 24-сон, 515-модда).
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 14 июнь,
134-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirining
buyrugʻi
ROʻYXATI
Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (7-sonli BHMS) “Nomoddiy aktivlar”ni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq buyuraman:
1. Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (7-sonli BHMS) “Nomoddiy aktivlar” 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.
3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2024-yil 14-iyundagi 134-son buyrugʻiga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (7-sonli BHMS) “Nomoddiy aktivlar”
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Oʻzbekiston Respublikasi Buxgalteriya hisobining milliy standarti (7-sonli BHMS) “Nomoddiy aktivlar” (bundan buyon matnda Standart deb yuritiladi) Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga asosan ishlab chiqilgan va Oʻzbekiston Respublikasida buxgalteriya hisobini normativ tartibga solish tizimining bir qismi hisoblanadi.
2. Mazkur Standart budjet, banklar va nobank kredit tashkilotlaridan tashqari mulkchilik shaklidan qatʼiy nazar Oʻzbekiston Respublikasida faoliyat yuritayotgan yuridik shaxslar (bundan buyon matnda tashkilot deb yuritiladi) tomonidan nomoddiy aktivlarning buxgalteriya hisobi va moliyaviy hisobotlarda aks ettirish tartibini belgilaydi.
3. Nomoddiy aktivlarni hisobga olishning asosiy jihatlari tan olish paytini belgilash, balans qiymatini va foydali xizmat muddatini baholash, amortizatsiya hisoblash usullarini belgilash, balans qiymatidagi boshqa oʻzgarishlarni baholash va hisobga olish hamda ularning chiqib ketishidan moliyaviy natijalarni aniqlash, shuningdek ular boʻyicha maʼlumotlarni moliyaviy hisobotda yoritib berish tartibi hisoblanadi.
4. Mazkur Standartning qoidalari quyidagilarga nisbatan qoʻllanilmaydi:
a) Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobi milliy standarti (11-sonli BHMS) “Ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlari boʻyicha xarajatlar”ga (roʻyxat raqami 3535, 2024-yil 25-iyul) muvofiq hisobga olinadigan ilmiy tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlarining xarajatlariga;
b) Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy s tandarti (6-sonli BHMS) “Ijara hisobi”ga (roʻyxat raqami 1946, 2009-yil 24-aprel) muvofiq hisobga olinadigan ijara turlari;
v) kelgusi davr xarajatlari.
5. Mazkur Standartda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
nomoddiy aktivlar — tashkilot tomonidan uzoq muddat mobaynida ishlab chiqarish, ishlar bajarish, xizmatlar koʻrsatish yoki tovarlarni sotish jarayonida foydalanish maqsadida yoxud maʼmuriy va boshqa funksiyalarni amalga oshirish uchun ushlab turiladigan, moddiy-ashyoviy mazmunga ega boʻlmagan identifikatsiyalanadigan mol-mulk obyektlari;
amortizatsiya — foydali xizmat muddati mobaynida nomoddiy aktivning amortizatsiyalanadigan qiymatini uning vazifasidan kelib chiqqan holda mahsulot (ishlar, xizmatlar) tannarxiga yoki davr xarajatlariga tizimli taqsimlash va kiritish;
amortizatsiyalanadigan qiymat — kutilayotgan (baholangan) tugatish qiymatini chegirgan holda aktivning boshlangʻich (qayta tiklash) qiymati summasi;
foydali xizmat muddati — tashkilot tomonidan aktivdan foydalanish koʻzda tutilgan davr yoki tashkilot ushbu aktivdan foydalanishdan olishni moʻljallayotgan mahsulot (ishlar va xizmatlar) miqdori;
boshlangʻich qiymat — nomoddiy aktivlarni yaratish (ishlab chiqish) yoki sotib olish boʻyicha haqiqatda amalga oshirilgan xarajatlar qiymati (pul mablagʻlari yoki ularning ekvivalentlarining summasi yoxud boshqa toʻlovlarning joriy qiymati), shu jumladan toʻlangan va qoplanmaydigan soliqlar (yigʻimlar), shuningdek aktivni undan maqsadga muvofiq foydalanish uchun ishga yaroqli holatga keltirish bilan bevosita bogʻliq boʻlgan boshqa xarajatlar qiymati;
tugatish qiymati — nomoddiy aktivning chiqib ketishi boʻyicha kutilayotgan xarajatlarni chegirgan holda uning foydali xizmat muddati oxirida aktivni tugatish chogʻida olinishi kutilayotgan, aktivning taxmin qilinayotgan (baholangan) summasi;
joriy qiymat — maʼlum sanadagi amal qilayotgan bozor narxlari boʻyicha nomoddiy aktivlarning qiymati yoki xabardor qilingan, bitimni amalga oshirishni xohlovchi, bir-biridan mustaqil taraflar oʻrtasida bitimni amalga oshirishda aktivni sotib olish yoki majburiyatlarni bajarish uchun yetarli boʻlgan summa;
qoldiq (balans) qiymat — nomoddiy aktiv moliyaviy hisobotda (buxgalteriya balansida) aks ettiriladigan qiymat va u boshlangʻich (qayta tiklash) qiymati va jamlangan amortizatsiya summasi oʻrtasidagi farq sifatida aniqlanadi;
faol bozor — oldi-sotdi obyektlari bir turda (bir xil) boʻlgan va har qanday vaqtda bitimni amalga oshirishni xohlovchi manfaatdor sotuvchi va xaridorlarni topish mumkin boʻlgan, shuningdek narxlar haqidagi maʼlumotlar oshkor boʻlgan bozor;
mutlaq huquq — bu qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda faqatgina huquq egasi tomonidan yoki uning roziligi bilan uchinchi shaxsga berilishi mumkin boʻlgan mulkiy huquq.
6. Aktivlarni buxgalteriya hisobida nomoddiy aktivlar sifatida tan olishda bir vaqtning oʻzida quyidagi talablarga javob berishi kerak:
moddiy-ashyoviy tuzilishga ega boʻlmasligi;
aktivlardan mahsulot ishlab chiqarish, ishlar bajarish yoki xizmatlar koʻrsatish yoxud tashkilotning maʼmuriy va boshqa funksiyalari bajarish uchun uzoq muddat (12 oydan yuqori foydali xizmat muddati) davomida foydalanishi;
aktivlarning qiymati bir birlik (komplekt) uchun xarid qilish paytida Oʻzbekiston Respublikasida belgilangan bazaviy hisoblash miqdorining kamida ellik baravarini tashkil qilishi (tashkilot rahbari nomoddiy aktivlar sifatida hisobga olish maqsadida hisobot davri uchun aktivlar qiymatining kamroq chegarasini belgilashga haqli);
aktivlar keyinchalik qayta sotishga moʻljallanmasligi;
ishonchlilik, yaʼni tashkilotda aktivlar va unga boʻlgan mutlaq huquqning mavjudligini tasdiqlovchi tegishli ravishda rasmiylashtirilgan hujjatlarning (patentlar, guvohnomalar, patent, tovar belgisini sotib olish shartnomasi) mavjudligi;
identifikatsiya qilish imkoniyati mavjudligi.
7. Nomoddiy aktivlar quyidagi mezonlardan biriga muvofiq kelsa ularni identifikatsiya qilish imkoniyati mavjud boʻladi:
ajraladigan boʻlsa, yaʼni uni tashkilotdan ajratish yoki boʻlish va individual tarzda yoki tegishli shartnoma, aktiv yoki majburiyat bilan birga sotish, oʻtkazish, litsenziyalash, ijaraga berish yoki ayirboshlash mumkin boʻlsa;
shartnomaviy yoki boshqa yuridik huquqlar natijasida kelib chiqadigan boʻlsa.
8. Tashkilot nomoddiy aktivlar bilan bogʻliq kelgusidagi iqtisodiy naf olish ehtimoli faqatgina quyidagi hollarda mavjud boʻladi:
aktivning tashkilotning kelgusidagi iqtisodiy nafini (daromadini) koʻpaytirishi isbotlanganda;
aktivning tashkilotning kelgusidagi sarflarni kamaytirishi yoki tashkilot tomonidan bunday aktivdan foydalanilishi natijasida yuzaga keladigan boshqa naflarni olib kelishi isbotlanganda.
9. Nomoddiy aktivlarning buxgalteriya hisobi birligi boʻlib inventar obyekti hisoblanadi. Nomoddiy aktivlarning inventar obyekti boʻlib patent, guvohnoma va shu kabilardan kelib chiqadigan jami huquqlar hisoblanadi. Bir inventar obyekti boshqasidan ajratilishining (identifikatsiya qilinishining) asosiy belgisi boʻlib, ular tomonidan mahsulot ishlab chiqarish, ishlar bajarish yoki xizmatlar koʻrsatishda mustaqil vazifalarning bajarilishi yoxud tashkilotning maʼmuriy va boshqa funksiyalari uchun ishlatilishi hisoblanadi.
Ikkita yoki bir nechta tashkilot mulkida boʻlgan nomoddiy aktivlar obyekti har bir tashkilot tomonidan umumiy mulkdagi uning ulushiga teng miqdorda nomoddiy aktivlar tarkibida aks ettiriladi.
10. Nomoddiy aktivlarga mazkur Standartning 6-bandida keltirilgan shartlarning barchasiga javob beruvchi quyidagi obyektlar kiritilishi mumkin:
patent egasining ixtiro, sanoat namunalari va foydali modellarga boʻlgan mutlaq huquqi;
muallif yoki boshqa huquq egasining dasturlar va maʼlumotlar bazalariga boʻlgan mutlaq huquqi;
muallif yoki boshqa huquq egasining integral mikrosxemalarning topologiyalariga boʻlgan mutlaq huquqi;
huquq egasining tovar belgisi va xizmat koʻrsatish belgisiga boʻlgan mutlaq huquqi, shuningdek tovar ishlab chiqarilgan joy nomidan foydalanish huquqi;
huquq egasining seleksiya yutuqlariga boʻlgan mutlaq huquqi;
gudvill;
tabiiy resurslardan foydalanish huquqi, yaʼni yer osti boyliklari, atrof-muhitdagi boshqa resurslar, atrof-muhit toʻgʻrisidagi geologik va boshqa maʼlumotlar foydalanish huquqi;
yer uchastkasidan foydalanish huquqi;
boshqa nomoddiy aktivlar (mahsulot ishlab chiqarish, ishlar bajarish va xizmatlar koʻrsatish, iqtisodiy va boshqa imtiyozlardan foydalanish huquqi va shu kabilar).
11. Nomoddiy aktivlar tarkibiga tashkilot xodimlarining intellektual va ishchanlik sifati, ularning malakasi va mehnatga qobiliyati kiritilmaydi, chunki ular oʻzlarining egalaridan ajralmas hisoblanadi va ularni tashkilotdan ajratib foydalanish mumkin emas.
Dasturlar va maʼlumotlar bazasi tegishli asosiy vositaning (shu jumladan oʻrnatilmagan) tarkibiy qismi hisoblansa, u moddiy aktiv ahamiyatiga ega boʻlgan asosiy vosita bilan birga qaraladi. Agar dasturlar va maʼlumotlar bazasi tegishli asosiy vositaning tarkibiy qismi hisoblanmasa va mutlaq huquq tashkilotga tegishli boʻlsa, u nomoddiy aktiv hisoblanadi.
2-bob. Nomoddiy aktivlarning kelib tushishi
12. Kelib tushadigan nomoddiy aktivlarning qiymati tashkilot balansiga kiritilishi lozim.
13. Nomoddiy aktivlar quyidagilar natijasida tashkilot balansiga kiritiladi:
ishlab chiqish tugaganidan soʻng yaratilgan obyektni qabul qilish;
oldi-sotdi shartnomasi boʻyicha obyektni xarid qilish;
ustav kapitaliga taʼsischilarning (ishtirokchilarning) ulushi koʻrinishida kelib tushish;
tekinga kelib tushish (hadya shartnomasi boʻyicha);
davlat subsidiyalari hisobiga kelib tushish;
ayirboshlash;
ortiqcha (hisobga olinmagan) nomoddiy aktivlar obyektlarini aniqlash va boshqa asoslarga koʻra.
3-bob. Nomoddiy aktivlarni dastlabki baholash
14. Barcha turdagi nomoddiy aktivlarning dastlabki bahosi boshlangʻich qiymati boʻyicha tan olinadi va ular buxgalteriya hisobiga ushbu qiymat boʻyicha qabul qilinadi.
15. Xarid qilingan nomoddiy aktivlarning boshlangʻich qiymati quyidagi xarajatlardan tashkil topadi:
huquqdan voz kechish (xarid qilish) shartnomasiga muvofiq huquq egasiga (sotuvchiga) toʻlangan summalar;
huquq egasining mutlaq huquqidan voz kechishi (xarid qilish) munosabati bilan amalga oshirilgan roʻyxatdan oʻtkazish yigʻimlari, patent bojlari va boshqa shunga oʻxshash toʻlovlar;
bojxona bojlari va yigʻimlari;
nomoddiy aktivlarni xarid qilish munosabati bilan toʻlanadigan qoplanmaydigan soliqlar va yigʻimlar summalari;
nomoddiy aktivlarni xarid qilish bilan bogʻliq maʼlumot va maslahat xizmatlari uchun toʻlangan summalar;
nomoddiy aktivlar vositachilar orqali xarid qilinganda ularga toʻlanadigan haqlar;
nomoddiy aktivlarni yetkazib berish (yaratish) riskini sugʻurtalash boʻyicha xarajatlar;
aktivdan maqsadga koʻra foydalanish uchun uni yaroqli holatga keltirish bilan bevosita bogʻliq boshqa xarajatlar.
Xarid qilingan nomoddiy aktivlarga haq toʻlash bilan bogʻliq xarajatlar jumladan, akkreditiv ochish boʻyicha xarajatlar, oʻtkazmalar uchun bankning vositachilik haqi, nomoddiy aktivlarni chet el valyutasiga xarid qilishda valyuta konvertatsiyasi boʻyicha vositachilik haqi va bankning boshqa xizmatlari, hamda boshqa nomoddiy aktivlarni xarid qilish bilan bevosita bogʻliq boʻlmagan xarajatlar boshlangʻich qiymatiga kiritilmaydi, balki ular sodir boʻlgan hisobot davrida xarajatlar sifatida tan olinishi kerak.
Agar shartnoma shartlarida toʻlovni kechiktirish yoki boʻlib-boʻlib toʻlash nazarda tutilgan boʻlsa, unda mazkur nomoddiy aktivlar buxgalteriya hisobiga kechiktirib yoki boʻlib-boʻlib toʻlashni hisobga olmagan holdagi sotib olish qiymati boʻyicha qabul qilinadi. Bunda sotib olish qiymati va toʻlovning umumiy summasi oʻrtasida yuzaga keladigan farq kechiktirib yoki boʻlib-boʻlib toʻlash davri davomida joriy toʻlovning kechiktirib yoki boʻlib-boʻlib toʻlash boʻyicha toʻlovlarning umumiy summasidagi salmogʻidan kelib chiqib moliyaviy xarajatlarga (foizlar boʻyicha xarajatlarga) olib boriladi.
Kreditdan foydalanganlik uchun foizlarni toʻlashga doir xarajatlar qarz kapitali hisobidan toʻliq yoki qisman sotib olingan nomoddiy aktivlarning boshlangʻich qiymatiga kiritilmaydi.
Nomoddiy aktivlarni ishlab chiqish davrida ularni ishlab chiqish uchun olingan kredit boʻyicha hisoblangan foizlar ishlab chiqilgan nomoddiy aktivlarning boshlangʻich qiymatiga kiritiladi.
16. Tashkilotning oʻzi tomonidan yaratilgan (ishlab chiqilgan) nomoddiy aktivlarning boshlangʻich qiymati ilmiy tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlariga haqiqiy xarajatlar summasi sifatida aniqlanadi. Ilmiy tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlariga xarajatlar tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Buxgalteriya hisobining milliy standarti (11-sonli BHMS) “Ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlari boʻyicha xarajatlar”ga (roʻyxat raqami 3535, 2024-yil 25-iyul) muvofiq belgilanadi.
17. Chet el valyutasida xarid qilingan nomoddiy aktivlarning boshlangʻich qiymati Mazkur Standartning 15-bandida nazarda tutilgan tegishli xarajatlarni hisobga olgan holda, sotib olish sanasidagi chet el valyutasidagi summalarni Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki kursi boʻyicha qayta hisoblash yoʻli bilan soʻmda belgilanadi, bundan toʻlangan boʻnak summasi mustasno.
Bunda, nomoddiy aktivlar toʻliq yoki qisman oldindan chet el valyutasida toʻlangan boʻnak hisobiga xarid qilinganda, ularning qiymatining ushbu boʻnak miqdoriga teng summasi boʻnak toʻlangan sanadagi Markaziy bank kursida tan olinadi.
18. Mazkur Standartning 15-bandida nazarda tutilgan xarajatlar amalga oshirilgan taqdirda, tashkilot tomonidan nomoddiy aktivlar obyektlari ustav kapitaliga ulush sifatida, tekin yoki ayirboshlash asosida qabul qilinganda nomoddiy aktivning tannarxi ushbu xarajatlar summasiga oshadi.
19. Tashkilot ustav kapitaliga ulush hisobiga olingan nomoddiy aktivlarning boshlangʻich qiymati, agarda Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlarida boshqa tartib nazarda tutilmagan boʻlsa, tashkilot taʼsischilari (ishtirokchilari) tomonidan kelishilgan ularning puldagi bahosi asosida tan olinadi.
20. Tashkilot tomonidan boshqa shaxslardan tekinga (hadya shartnomasi boʻyicha) yoki davlat subsidiyasi hisobiga olingan nomoddiy aktivlarning boshlangʻich qiymati Mazkur Standartning 15-bandida nazarda tutilgan xarajatlarni hisobga olgan holda, agarda joriy qiymat ushbu turdagi nomoddiy aktivlar uchun faol bozorni hisobga olgan holda belgilangan boʻlsa, ishonchli hisoblangan joriy qiymat boʻyicha aniqlanadi. Ushbu turdagi nomoddiy aktivlar uchun faol bozor mavjud boʻlmagan taqdirda, ularning boshlangʻich qiymati nominal qiymat boʻyicha yoki agarda nomoddiy aktivni foydalanishga yaroqli holatga keltirish bilan bogʻliq haqiqiy xarajatlar mavjud boʻlsa, ularning summasi boʻyicha aniqlanadi.
21. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda xuddi shunday nomoddiy aktivga ayirboshlash yoʻli bilan olingan nomoddiy aktivning boshlangʻich qiymati berilgan nomoddiy aktivning qoldiq (balans) qiymatiga teng.
Nomoddiy aktiv qoʻshimcha toʻlov bilan ayirboshlangan holatlarda xuddi shunday nomoddiy aktivga almashtirish yoʻli bilan xarid qilingan nomoddiy aktivning boshlangʻich qiymati ayirboshlanish chogʻida oʻtkazilgan (olingan) pul mablagʻlari yoki ularning ekvivalentlari summasi va berilgan nomoddiy aktivning qoldiq (balans) qiymatilari yigʻindisiga teng.
22. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda xuddi shunday boʻlmagan nomoddiy aktivga ayirboshlash yoʻli bilan olingan nomoddiy aktivning boshlangʻich qiymati berilgan nomoddiy aktivning joriy qiymatiga teng.
Nomoddiy aktiv qoʻshimcha toʻlov bilan ayirboshlangan holatlarda xuddi shunday boʻlmagan nomoddiy aktivga almashtirish yoʻli bilan xarid qilingan nomoddiy aktivning boshlangʻich qiymati ayirboshlanish chogʻida oʻtkazilgan (olingan) pul mablagʻlari yoki ularning ekvivalentlari va berilgan nomoddiy aktivning joriy qiymatlari yigʻindisiga teng.
23. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda majburiyatlarni (toʻlovni) pul koʻrinishida boʻlmagan mablagʻlar bilan bajarish nazarda tutiladigan shartnomalar boʻyicha olingan nomoddiy aktivlarning boshlangʻich qiymati deb tashkilot tomonidan berilgan yoki berilishi lozim boʻlgan qimmatliklarning joriy qiymati tan olinadi. Tashkilot tomonidan berilgan yoki beriladigan mavjud qimmatliklarning joriy qiymati tashkilotning taqqoslash sharti bilan shunga oʻxshash mavjud qimmatliklar joriy qiymatini belgilaydigan narxlardan kelib chiqqan holda belgilanadi.
Tashkilot tomonidan berilgan yoki beriladigan mavjud qimmatliklarning joriy qiymatini belgilash imkoniyati mavjud boʻlmagan hollarda, majburiyatlarni (toʻlovni) pul koʻrinishida boʻlmagan mablagʻlar bilan bajarish nazarda tutiladigan shartnomalar boʻyicha tashkilot tomonidan olingan nomoddiy aktivlarning qiymati shunga oʻxshash nomoddiy aktivlarning taqqoslash sharti bilan sotib olinadigan joriy qiymatidan kelib chiqqan holda belgilanadi.
24. Bitta umumiy summada xarid qilingan nomoddiy aktivlarning har birining boshlangʻich qiymati ushbu summani alohida nomoddiy aktivning joriy qiymatiga mutanosib ravishda taqsimlash bilan belgilanadi.
25. Nomoddiy aktivlarning buxgalteriya hisobiga qabul qilingan boshlangʻich qiymati Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlarida va mazkur Standartda belgilangan holatlardan tashqari boshqa holatlarda oʻzgartirilmaydi.
26. Nomoddiy aktiv dastlab tan olingandan soʻng moliyaviy hisobotda jamgʻarilgan amortizatsiya ayirilgan holda boshlangʻich qiymat boʻyicha yoki qayta baholangan qiymat (mumkin boʻlgan muqobil usul) boʻyicha aks ettiriladi.
Nomoddiy aktivni dastlab tan olingandan soʻng moliyaviy hisobotda aks ettirishda qoʻllanadigan usul majburiy tartibda tashkilotning hisob siyosatida koʻrsatilishi kerak.
4-bob. Nomoddiy aktivlarga oʻtkaziladigan kapital qoʻyilmalar
27. Nomoddiy aktivlarning boshlangʻich qiymati dastlab moʻljallangan kelgusidagi iqtisodiy nafni oshirishga imkon beradigan, ushbu nomoddiy aktivlarni takomillashtirish va ularning imkoniyatlari va foydali xizmat muddatini oshirish bilan bogʻliq boʻlgan xarajatlar summasiga oshiriladi.
28. Tashkilot aktivning foydali xizmat muddati davomida mavjud boʻladigan kutilishi mumkin boʻlgan iqtisodiy sharoitlar haqidagi asoslangan va tasdiqlangan taxminidan foydalangan holda kelgusidagi iqtisodiy naf olish ehtimolini baholaydi.
5-bob. Nomoddiy aktivlarni qayta baholash
29. Nomoddiy aktivlarni qayta baholash — nomoddiy aktivlarning balans (qayta tiklash) qiymatini joriy bozor narxlari darajasiga muvofiqlashtirish maqsadida ularni vaqti-vaqti bilan aniqlashtirishdir.
30. Tashkilot qayta baholashda joriy qiymatni faol bozor maʼlumotlari asosida aniq belgilashi mumkin boʻlgan shartlarda, qayta baholash sanasidagi joriy qiymatni tasdiqlovchi hujjatlar asosida amalga oshirishi mumkin.
Qayta baholashni balans (qayta tiklash) qiymati balans hisobotini tuzish sanasidagi bozor qiymatidan farq qilmasligi uchun muntazam ravishda amalga oshirish lozim.
Nomoddiy aktivni qayta baholashda ushbu qayta baholanayotgan aktiv taalluqli boʻlgan bir turdagi nomoddiy aktivlarning barcha guruhi qayta baholanishi kerak, bunday aktivlar uchun faol bozor mavjud boʻlmagan holatlar bundan mustasno.
Qayta baholash natijasida nomoddiy aktivlar buxgalteriya hisobi va moliyaviy hisobotda joriy (qayta tiklash) qiymati boʻyicha aks ettiriladi.
31. Nomoddiy aktivning joriy qiymatini nomoddiy aktivning ushbu turi boʻyicha faol bozor narxlari asosida belgilash mumkin.
Agar ilgari qayta baholangan nomoddiy aktivning joriy qiymatini faol bozor maʼlumotlari asosida aniqlash mumkin boʻlmasa, nomoddiy aktivning balans qiymati jamlangan amortizatsiya chegirilgan holda faol bozor maʼlumotlari asosida uning oxirgi qayta baholangan sanadagi qayta tiklash qiymati boʻyicha aniqlanadi.
32. Nomoddiy aktivlarni qayta baholashda joriy qiymatni hujjatlar asosida tasdiqlash uchun tashkilotning ixtiyoriga koʻra quyidagilardan foydalanilishi mumkin:
tayyorlovchi firmalar va ularning rasmiy dilerlari hamda vakolatxonalaridan yozma shaklda olingan xuddi shunday nomoddiy aktivga doir narxlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
qayta baholashni oʻtkazish sanasiga va nomoddiy aktivlarni xarid qilish sanasiga Markaziy bank kurslarining nisbati sifatida aniqlanadigan hisob-kitob koeffitsiyentini qoʻllagan holda xarid qilish sanasi boʻyicha nomoddiy aktivlarning qiymati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlganda);
qayta baholashni oʻtkazish davrida ommaviy axborot vositalari va maxsus adabiyotlar va shu kabilarda eʼlon qilingan narxlar darajasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
tegishli nomoddiy aktivning qiymati toʻgʻrisida baholovchining hisoboti.
33. Nomoddiy aktivlarning boshlangʻich (qayta tiklash) qiymatini qayta baholashda ularning qayta baholash sanasidagi jamgʻarilgan amortizatsiyasi nomoddiy aktivlarning boshlangʻich (qayta tiklash) qiymatini oʻzgartirishning tegishli indekslariga tuzatiladi hamda keyinchalik amortizatsiyani hisoblash qayta baholangan (qayta tiklash) qiymatidan amalga oshiriladi. Qayta baholash indeksi nomoddiy aktivning joriy qiymatini uning boshlangʻich qiymatiga boʻlish yoʻli bilan aniqlanadi.
34. Qayta baholash natijasida nomoddiy aktivlarning bahosini oʻsishi summasi rezerv kapitali tarkibiga 8510 “Uzoq muddatli aktivlarni qayta baholash boʻyicha tuzatishlar” hisobvaragʻiga olib boriladi.
Qayta baholash natijasida nomoddiy aktivlar bahosining pasayish summasi avvalgi hisobot davrlarida oʻtkazilgan ushbu obyekt bahosining oʻsish summasi chegarasida 8510 “Uzoq muddatli aktivlarni qayta baholash boʻyicha tuzatishlar” hisobvaragʻi boʻyicha rezerv kapitalini kamaytirishga olib boriladi. Obyekt bahosining pasayish summasining uning bahosini oʻsishi summasidan yuqorisi boshqa operatsion xarajatlarga olib boriladi.
35. Nomoddiy aktivlarning qayta baholash natijalari nomoddiy aktivlarni qayta baholash amalga oshirilgan joriy davrda moliyaviy hisobotda aks ettiriladi.
6-bob. Xarajatlarni aks ettirish
36. Nomoddiy aktivni xarid qilish yoki yaratishga (ishlab chiqarishga) taalluqli boʻlgan, nomoddiy aktiv taʼrifini qanoatlantirmaydigan yoki ushbu Standartning 6-bandida koʻrsatilgan shartlarga javob bermaydigan xarajatlar yuzaga kelgan hisobot davrida xarajat sifatida aks ettiriladi.
37. Nomoddiy aktivlarga taalluqli boʻlgan, dastlab davr xarajatlari sifatida aks ettirilgan xarajatlar keyingi davrlarda aktiv sifatida aks ettirilmaydi.
38. Nomoddiy aktivlarni foydalanish uchun yaroqli holatda tutib turish va ulardan foydalanishdan kelgusidagi iqtisodiy nafning dastlab belgilangan miqdorini saqlab qolish uchun amalga oshiriladigan xarajatlar hisobot davri xarajatlari tarkibiga kiritiladi.
39. Nomoddiy aktivlar bilan bogʻliq keyingi xarajatlar amalga oshirilgan hisobot davrining xarajatlari sifatida tan olinadi, agarda:
bu xarajatlar aktivlarga bevosita aloqador kelgusidagi iqtisodiy nafni koʻpaytirish imkonini bermasa;
bu xarajatlarni oʻlchash va ularni maʼlum bir aktivga tegishliligini yuqori darajada aniqlash imkoni boʻlmasa.
Ushbu shartlarga rioya etilgan holda nomoddiy aktiv bilan bogʻliq keyingi xarajatlar uning balans qiymatiga kiritilmaydi.
7-bob. Amortizatsiyani hisoblash
40. Nomoddiy aktivlarning qiymati amortizatsiya hisoblash yoʻli bilan qoplanadi. Amortizatsiyalanadigan qiymat foydali xizmat muddati mobaynida tashkilot xarajatlariga amortizatsiya ajratmalari koʻrinishida tizimli ravishda taqsimlanadi.
41. Nomoddiy aktiv boʻyicha amortizatsiya ajratmalarini hisoblash mazkur obyekt nomoddiy aktivlar tarkibiga qabul qilingan oydan keyingi oyning birinchi sanasidan boshlanadi hamda mazkur obyektning amortizatsiyalanadigan qiymati toʻliq qoplangunga yoxud bu obyektni balansdan chiqarilgunga qadar amalga oshiriladi.
42. Nomoddiy aktiv boʻyicha amortizatsiya ajratmalarini hisoblash mazkur obyektning amortizatsiyalanadigan qiymati toʻliq qoplangan yoki bu obyekt balansdan chiqarilgan oydan keyingi oyning birinchi sanasida toʻxtatiladi.
43. Nomoddiy aktivning foydali xizmat muddati davomida amortizatsiya ajratmalarini hisoblash toʻxtatilmaydi, nomoddiy aktivdan foydalanishda bevosita va bilvosita cheklovlar (masalan, asosiy vositalar va boshqa aktivlarni konservatsiyalash, rekonstruksiya, modernizatsiya qilish) mavjud boʻlgan holatlar bundan mustasno.
44. Nomoddiy aktivlar boʻyicha amortizatsiya ajratmalarini hisoblash hisobot davridagi tashkilotning faoliyati natijalaridan qatʼiy nazar amalga oshiriladi va u tegishli boʻlgan hisobot davrining moliyaviy hisobotlarda aks ettiriladi.
45. Nomoddiy aktivlar boʻyicha hisoblangan amortizatsiya summalari alohida hisobvaraqlarda tegishli summalarni jamgʻarish yoʻli bilan moliyaviy hisobotlarda aks ettiriladi.
46. Nomoddiy aktivning foydali xizmat muddatini aniqlashda quyidagi omillarni eʼtiborga olinadi:
a) nomoddiy aktivning kutilayotgan foydali xizmat muddati;
b) ishlab chiqarishni oʻzgartirish va yaxshilash natijasida yoki mazkur aktiv tomonidan ishlab chiqarilayottan mahsulotga (ishlarga, xizmatlarga) nisbatan bozor talablarining oʻzgarishi natijasida texnik eskirishi;
v) aktivdan foydalanishdagi yuridik va boshqa cheklovlar (masalan, foydali xizmat muddatining tugashi bilan bogʻliq boʻlgan cheklovlar).
47. Nomoddiy aktivlarning foydali xizmat muddati tashkilot tomonidan nomoddiy aktiv buxgalteriya hisobiga qabul qilinish chogʻida belgilanadi.
Nomoddiy aktivlarning foydali xizmat muddatini belgilash quyidagilardan kelib chiqqan holda amalga oshiriladi:
a) patent, guvohnomaning amal qilish muddati va Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq nomoddiy aktivlardan foydalanish muddati boʻyicha boshqa cheklovlar;
b) tashkilot iqtisodiy naf (daromad) olishi mumkin boʻlgan davrda ushbu obyektdan foydalanish koʻzda tutilayotgan muddat.
Nomoddiy aktivlarning alohida guruhlari uchun foydali xizmat muddati ushbu nomoddiy aktivdan foydalanish natijasida olinishi kutilayotgan mahsulotlar miqdori yoki ishlar hajmining boshqa natura koʻrinishidagi koʻrsatkichidan kelib chiqqan holda aniqlanadi.
Foydali xizmat muddatini belgilash mumkin boʻlmagan nomoddiy aktivlar boʻyicha amortizatsiya ajratmalari meʼyori besh yil hisobida belgilanadi. Ushbu nomoddiy aktivlarning foydali xizmat muddati, agarda Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlarida boshqa tartib nazarda tutilmagan boʻlsa, nomoddiy aktiv foydalanishga tayyor boʻlgan paytdan boshlab tashkilotning faoliyat koʻrsatish muddatidan oshmasligi lozim.
48. Amortizatsiya quyidagi usullarni qoʻllash yoʻli bilan hisoblanadi:
a) Amortizatsiyani hisoblashning bir maromli (toʻgʻri chiziqli) usuli:
amortizatsiyani hisoblashning bir maromli (toʻgʻri chiziqli) usulida amortizatsiya ajratmalari nomoddiy aktivlarni foydali xizmat muddati mobaynida ularning amortizatsiyalanadigan qiymatidan kelib chiqqan holda bir maromda, teng ulushlarda hisoblanadi;
amortizatsiyani hisoblashning bir maromli (toʻgʻri chiziqli) usulida amortizatsiya ajratmalarining yillik summasi ushbu nomoddiy aktivning amortizatsiyalanadigan qiymati va foydali xizmat muddatidan kelib chiqqan holda aniqlanadi;
b) bajarilgan ishlar hajmiga mutanosib ravishda amortizatsiyani hisoblash (ishlab chiqarish) usuli:
amortizatsiyani hisoblashning ishlab chiqarish usuli har bir muayyan yilda nomoddiy aktivdan foydalanishdan olinadigan mahsulotlarni hisobga olishga asoslangan;
mazkur usul boʻyicha amortizatsiyaning har yilgi qiymatini hisoblash uchun butun foydali xizmat muddatidagi umumiy baholangan ishlab chiqarish quvvati yigʻindisini va mazkur muayyan yildagi ishlab chiqarish quvvati aniqlash lozim. Ishlab chiqarish quvvati sifatida ishlab chiqariladigan mahsulot birliklari soni, ishlangan soatlar soni va boshqalar olinishi mumkin.
Amortizatsiyani hisoblashning ishlab chiqarish usulida yillik amortizatsiya ajratmalari summasi hisobot davridagi mahsulot (ishlar, xizmatlar) hajmining natura koʻrishidagi koʻrsatkichidan hamda amortizatsiyalanadigan qiymatning nomoddiy aktiv butun foydali xizmat muddatidagi nazarda tutilayotgan mahsulot (ishlar, xizmatlar) hajmiga nisbatidan kelib chiqqan holda aniqlanadi.
49. Nomoddiy aktivlardan intensiv foydalanilganda, shuningdek ilmiy-texnikaviy jarayonning katta taʼsirida nomoddiy aktivlar amortizatsiyasi quyidagi usullarda hisoblanadigan jadallashtirilgan amortizatsiya yoʻli bilan ifodalanadi:
ikki baravar amortizatsiya meʼyori bilan qoldiqni kamaytirish usuli;
yillar yigʻindisi usuli (kumulyativ usul).
50. Ikki baravar amortizatsiya meʼyori bilan qoldiqni kamaytirish usuliga koʻra amortizatsiya ajratmalarining yillik summasi hisobot yili boshidagi nomoddiy aktivning qoldiq (balans) qiymatidan va mazkur nomoddiy aktivning foydali xizmat muddatidan kelib chiqib hisoblangan amortizatsiyaning ikki baravar meʼyoridan kelib chiqqan holda aniqlanadi. Ikki baravar amortizatsiya meʼyori bilan qoldiqni kamaytirish usuli boʻyicha amortizatsiyani hisoblashda kutilayotgan tugatish qiymati boshlangʻich (qayta tiklash) qiymatidan chegirilmaydi.
51. Yillar yigʻindisi usuliga (kumulyativ usulga) koʻra har yili amortizatsiya meʼyori amortizatsiya muddati oxiriga qadar qoladigan amortizatsiyalanadigan qiymatdagi ulush sifatida aniqlanadi. Ulush amortizatsiya ajratmalari tugaguniga qadar qoladigan toʻliq yillar sonini amortizatsiya muddatini tashkil qiladigan yillar tartib sonlari yigʻindisiga boʻlish orqali aniqlanadi.
Yillar yigʻindisi usulida (kumulyativ usulda) amortizatsiya ajratmalarining yillik summasi nomoddiy aktivning tugatish qiymati ayirilgan holda boshlangʻich (qayta tiklash) qiymatidan hamda suratida nomoddiy aktivning foydali xizmat muddatining oxiriga qadar qoladigan yillar soni, maxrajida esa nomoddiy aktivning foydali xizmat muddati yillari soni yigʻindisining nisbatidan kelib chiqqan holda aniqlanadi.
52. Hisobot yili davomida nomoddiy aktivlar boʻyicha amortizatsiya ajratmalari hisoblashda qoʻllaniladigan usulidan qatʼiy nazar (amortizatsiya hisoblashning ishlab chiqarish usulidan tashqari) yillik summaning oylik nisbatida hisoblanadi.
Mavsumiy tusdagi ishlab chiqarish tashkilotlarida foydalaniladigan nomoddiy aktivlar boʻyicha amortizatsiya ajratmalarining yillik summasi tashkilot tomonidan nomoddiy aktivlardan foydalanish davri mobaynida bir maromda hisobot yilida hisoblanadi.
53. Nomoddiy aktivlarning har xil turlariga (guruhlariga) nisbatan amortizatsiyani hisoblashning turli usullarini qoʻllash mumkin. Bunda bir turdagi nomoddiy aktivlar boʻyicha (guruhi, turi va boshqalar boʻyicha) faqat bitta usul qoʻllaniladi.
54. Qoʻllaniladigan amortizatsiyani hisoblash usuli va nomoddiy aktivning foydali xizmat muddatini qayta koʻrib chiqish mumkinligi tashkilotning hisob siyosatida majburiy tartibda aks ettirilishi kerak.
55. Agar nomoddiy aktivlardan foydalanishdan kutilayotgan iqtisodiy nafda sezilarli darajada oʻzgarish yuz bersa, amortizatsiya hisoblash usuli, agar yuzaga kelgan holatlar amortizatsiya hisoblash usulining oʻzgartirilish asosliligini koʻrsatsa, amortizatsiya hisoblash usuli oʻzgarayotgan tendensiyani aks ettiradigan tarzda oʻzgartirilishi mumkin. Bunday oʻzgarish hisob siyosatida aks ettirilishi lozim. Bunda moliyaviy hisobotga tushuntirish xatida mazkur oʻzgarish sabablari va ularning iqtisodiy samarasi ochib berilishi zarur.
56. Nomoddiy aktivning foydali xizmat muddati har bir hisobot yili oxirida qayta koʻrib chiqiladi, agar:
kelgusi davrda aktivning foydali xizmat muddatining oʻzgarishi yoki kelgusidagi iqtisodiy foydani olish shartlarining oʻzgarishi kutilayotgan boʻlsa (nomoddiy aktivlarni yaxshilashga va mos ravishda, ularning foydali xizmat muddatini oshishiga yoki qisqarishiga olib keladigan xarajatlarni hisobga olgan holda);
prognozlar dastlabki baholardan sezilarli darajada farq qilsa (bunda, hisobot va kelgusi davrlar uchun amortizatsiya summasini koʻpaytirish yoki kamaytirish talab etiladi).
Nomoddiy aktivning amortizatsiyasi oʻzgartirilgan oydan keyingi oydan boshlab yangi amortizatsiya hisoblash usuli va foydali xizmat muddatidan kelib chiqqan holda hisoblanadi.
57. Nomoddiy aktivlarning amortizatsiyalanadigan qiymatini hisoblashda ularning tugatish qiymati hisobga olinadi. Tugatish qiymati muhim boʻlmagan taqdirda, u amortizatsiyalanadigan qiymatni hisoblab chiqarishda hisobga olinmasligi mumkin.
Agar tugatish qiymati ahamiyatga ega boʻlsa, u nomoddiy aktivlar xarid qilingan sanada yoki ularni qayta baholash sanasida aniqlanadi. Tugatish qiymati nomoddiy aktivlarning xizmat muddati oxirida tugatish boʻyicha kutilayotgan xarajatlarga kamaytirilishi lozim.
58. Nomoddiy aktivning tugatish qiymati quyidagi hollarda nolga teng deb hisoblanadi:
a) kutilayotgan foydali xizmat muddati oxirida uchinchi taraf bilan uni sotib olish haqidagi bitim mavjud boʻlmasa;
b) nomoddiy aktivning tugatish qiymati faol bozor maʼlumotlari asosida ishonchli baholash uchun faol bozor yoʻqligi hamda nomoddiy aktivning kutilayotgan foydali xizmat muddati oxirida bunday bozorning mavjud boʻlish ehtimoli yoʻqligi.
8-bob. Nomoddiy aktivlardan foydalanish huquqini berish bilan bogʻliq operatsiyalar hisobi
59. Nomoddiy aktivlardan foydalanish huquqini berish bilan bogʻliq operatsiyalar huquq egasi va foydalanuvchi oʻrtasida tuzilgan, tashkilotga nomoddiy aktivlardan foydalanish huquqini beradigan (masalan, huquq egasi tomonidan tashkilotga tovar belgisidan muayyan muddat mobaynida, maʼlum hududda foydalanish huquqi, mahsulotlar ishlab chiqarish avtomatlashtirilgan boshqaruvining texnologik dasturidan foydalanish huquqi, sanoat namunalaridan foydalanish huquqi va boshqa huquqlarning berilishi) litsenziya shartnomalari (mutlaq, nomutlaq, ochiq litsenziya), mualliflik (fan, adabiyot va sanʼat asarlaridan foydalanish mutlaq, nomutlaq huquqini berish toʻgʻrisidagi) shartnomalari, tijorat konsessiya shartnomalari va qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibga muvofiq tuzilgan boshqa shunga oʻxshash shartnomalar asosida buxgalteriya hisobida tan olinadi.
60. Mulk huquqiga ega tashkilot tomonidan nomoddiy aktivlarga boʻlgan mutlaq huquq saqlab qolingan holda, boshqa tashkilotga foydalanishga berilgan nomoddiy aktivlar balansdan chiqarilmaydi, balki mulk huquqiga ega tashkilotning buxgalteriya hisobida mazkur Standartning 3-bobdagi qoidalarga muvofiq aks ettiriladi.
Foydalanishga berilgan nomoddiy aktivlar boʻyicha amortizatsiyani hisoblash mulk huquqiga ega tashkilot tomonidan amalga oshiriladi.
61. Foydalanishga olingan nomoddiy aktivlar foydalanuvchi tashkilot tomonidan shartnomaga kiritilgan bahoda balansdan tashqari hisobvaraqda hisobga olinadi.
Bunda taqdim etilgan nomoddiy aktivlar obyektlaridan foydalanish huquqi uchun shartnomada belgilangan tartib va muddatda hisobladigan va toʻlanadigan mualliflik haqini qoʻshgan holda, davriy toʻlovlar koʻrinishida amalga oshiriladigan toʻlovlar foydalanuvchi tashkilot tomonidan hisobot davri xarajatlariga kiritiladi, taqdim etilgan nomoddiy aktivlar obyektlaridan foydalanish huquqi uchun qatʼiy bir martalik koʻrinishda amalga oshiriladigan toʻlovlar esa foydalanuvchi tashkilot tomonidan kelgusi davr xarajatlari sifatida buxgalteriya hisobida aks ettiriladi va shartnomaning amal qilish muddati mobaynida tegishli hisobot davri xarajatlariga hisobdan chiqariladi.
9-bob. Gudvill hisobining xususiyatlari
62. Tashkilotning bozor qiymati tashkilot tomonidan kelgusida olinish ehtimoli mavjud boʻlgan iqtisodiy nafning bozor bahosini koʻrsatadi. Istalgan paytda tashkilotning bozor qiymati bilan identifikatsiya qilinadigan aktivlarning balans qiymati oʻrtasidagi farq oʻz ichiga tashkilotning qiymatiga taʼsir etuvchi bir qator omillarni olishi mumkin. Biroq bunday farq ushbu paytda tashkilot nazorat qilayotgan aniq aktivlarning qiymatini ifodalamaydi.
63. Tashkilotning oʻzi yaratgan gudvill aktiv sifatida aks ettirilmasligi kerak, chunki u tashkilotni sotib olish paytida xarid qiymati bilan mazkur tashkilotni tashkil qiluvchi aktivlarning sof qiymati oʻrtasidagi farq sifatida yuzaga keladi.
64. Xarid qilingan gudvillning miqdori hisob-kitob qilish yoʻli bilan, xarid qilinayotgan tashkilotning xarid qiymati bilan uni xarid qilish sanasidagi tashkilot sof aktivlarining bozor qiymati (barcha majburiyatlar summasi ayirilgan holda aktivlarning bozor qiymati) oʻrtasidagi farq sifatida aniqlanadi.
65. Gudvill summasiga xaridor tomonidan kelgusidagi iqtisodiy naf olish maqsadida beriladigan qoʻshimcha toʻlov sifatida qaraladi va alohida inventar obyekti sifatida hisobga olinadi.
Manfiy gudvill summasini stabil xaridorlar mavjudligi omili, sifat reputatsiyasi, marketing va sotish qobiliyati, ish yuzasidan aloqalar, boshqarish tajribasi, xodimlar malaka darajasi va shu kabilar boʻlmagan taqdirda, xaridorga taqdim etiladigan narxdan chegirma sifatida koʻrish va muddati kechiktirilgan daromadlar (kelgusi davr daromadlari) sifatida hisobga olish lozim.
66. Gudvill boʻyicha amortizatsiya ajratmalari uning foydali xizmat muddati mobaynida boshlangʻich qiymatini kamaytirish yoʻli bilan buxgalteriya hisobida tan olinadi.
Gudvillning foydali xizmat muddati dastlab tan olingan paytdan boshlab yigirma yildan oshmasligi kerak (tashkilotning faoliyat koʻrsatish muddatidan oshib ketmasligi lozim).
Gudvill boʻyicha amortizatsiya ajratmalari mazkur Standartning 7-bobida nazarda tutilgan tartibda va usullarni qoʻllagan holda amalga oshiriladi.
Moliyaviy hisobotda gudvillning qiymati tegishli hisobot davrida amalga oshirilgan hisobdan chiqarishlarni chegirgan holda balans qiymatida aks ettiriladi.
Manfiy gudvill summasi sotib olingan amortizatsiyalanadigan alohida aktivlarning foydali xizmat muddatlarning oʻrtachasi mobaynida tizimli ravishda tashkilotning moliyaviy natijalarga asosiy faoliyatdan boshqa daromadlar sifatida kiritiladi.
10-bob. Nomoddiy aktivlarning chiqib ketishi
67. Chiqib ketayotgan nomoddiy aktivlarning qiymati balansdan chiqariladi. Nomoddiy aktivlar quyidagilar natijasida tashkilot balansidan chiqariladi:
a) tugatish;
b) sotish;
v) ayirboshlash;
g) tekinga berish;
d) ustav kapitaliga taʼsischi hissasi sifatida berish;
e) ishtirokchilar tarkibidan ishtirokchining chiqib ketishi chogʻida nomoddiy aktivlar bilan hisob-kitob qilish;
j) kamomad yoki yoʻqotishlar aniqlanishi;
68. Nomoddiy aktivlarning chiqib ketishidan moliyaviy natija (foyda yoki zarar) nomoddiy aktivlarning chiqib ketishidan olingan daromaddan ularning qoldiq (balans) qiymatini, nomoddiy aktivlarning chiqib ketishi bilan bogʻliq boʻlgan bilvosita soliqlar va xarajatlarni chegirib tashlash orqali aniqlanadi.
Nomoddiy aktivlar balansdan chiqarilganda moliyaviy natijani (foyda yoki zararni) aniqlashda oldingi qayta baholashlardan hosil boʻlgan nomoddiy aktivlarni bahosi oʻsish summasining qoldigʻi 9220 “Boshqa aktivlarning chiqib ketishi”ni hisobga oluvchi hisobvaraqlar kreditiga kiritiladi hamda 8510 “Uzoq muddatli aktivlar qayta baholash boʻyicha tuzatishlar” hisobvaragʻi boʻyicha rezerv kapital kamaytiriladi.
11-bob. Nomoddiy aktivlarni inventarizatsiyadan oʻtkazish
69. Tashkilotlarning nomoddiy aktivlardan foydalanishga doir huquqlarini tasdiqlaydigan hujjatlarning haqiqatda mavjudligini, balansda nomoddiy aktivlarni toʻgʻri va oʻz vaqtida aks ettirilganligini aniqlash va ularning saqlanishini nazorat qilish maqsadida tashkilotlar tomonidan vaqti-vaqti bilan, biroq ikki yilda kamida bir marta nomoddiy aktivlarni inventarizatsiyadan oʻtkaziladi.
70. Nomoddiy aktivlarning inventarizatsiyasi Oʻzbekiston Respublikasi Buxgalteriya hisobining milliy standarti (19-sonli BHMS) “Inventarizatsiyani tashkil qilish va oʻtkazish”da (roʻyxat raqami 833, 1999-yil 2-noyabr) belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
71. Inventarizatsiyada aniqlangan ortiqcha nomoddiy aktivlar boshqa operatsion daromadlar sifatida aks ettiriladi. Inventarizatsiya vaqtida kamomad fakti aniqlangan yetishmayotgan nomoddiy aktivlar aybdor shaxslar aniqlangunga qadar kamomadlarni hisobga oluvchi hisobvaraqda aks ettiriladi.
12-bob. Maʼlumotni yoritib berish
72. Nomoddiy aktivlar va ularning alohida guruhlariga nisbatan qabul qilingan hisob siyosati boʻyicha quyidagilar moliyaviy hisobotlarga izohlarda yoritib berilishi kerak:
tashkilot tomonidan nomoddiy aktivlarning (alohida guruhlari boʻyicha) foydali xizmat muddatlari;
nomoddiy aktivlarning alohida guruhlari boʻyicha amortizatsiya ajratmalarini hisoblash usullari;
tashkilotda mavjud boʻlgan barcha nomoddiy aktivlarning hisobot davri boshi va oxiridagi umumiy balans qiymati va jamgʻarilgan amortizatsiya summasi;
kelib tushishi, chiqib ketishi va boshqa harakatlari natijasida hisobot davri boshi va oxirida nomoddiy aktivlarning balans qiymatidagi oʻzgarishlar;
tashkilotning oʻzi tomonidan yaratilgan nomoddiy aktivlarning balans qiymati.
73. Moliyaviy hisobotlarga izohlarda quyidagilar ham yoritib berilishi kerak:
balans qiymati tashkilotning moliyaviy hisobot uchun muhim hisoblangan nomoddiy aktivlarning tavsifi, balans qiymati va qolgan amortizatsiya davri;
egalik qilish huquqida cheklovlar mavjud boʻlgan nomoddiy aktivlarning umumiy balans qiymati, shuningdek majburiyatlar boʻyicha kafolat sifatida berilgan nomoddiy aktivlarning umumiy qiymati;
amortizatsiya hisoblanmaydigan nomoddiy aktivlarning tavsifi va balans qiymati hamda amortizatsiya hisoblanmasligi sabablari.
74. Tashkilot moliyaviy hisobotlarga izohlarda quyidagilarni qisqacha yoritib berishi kerak:
moliyaviy hisobot tuzilishi sanasiga nomoddiy aktiv deb tan olinish mezonlariga javob beradigan, biroq avvalgi hisobot davrida xarajat sifatida tan olingan ahamiyatli nomoddiy aktivlar;
kelgusida iqtisodiy naf olinishi kutilayotgan nomoddiy aktivlarni yaratish yoki yaxshilashga yoʻnaltirilgan faoliyat turlari;
75. Quyidagi maʼlumotlar nomoddiy aktivlar qayta baholangan hollarda moliyaviy hisobotlarga izohlarda yoritib berilishi lozim:
joriy qiymatni aniqlash uchun asos;
qayta baholash amalga oshirilgan sana;
joriy qiymatini aniqlash imkoni boʻlmagan nomoddiy aktivlarning balans qiymatlari hamda qayta baholash imkoni mavjud emasligiga sabablar.
Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2024-yil 14-iyundagi 134-son buyrugʻiga 2-ILOVA
Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar
1. Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2005-yil 25-martdagi 35-son “Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (7-sonli BHMS) “Nomoddiy aktivlar”ni yangi tahrirda tasdiqlash toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 1485, 2005-yil 27-iyun) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2005-yil, 25-26-son, 188-modda).
2. Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2009-yil 21-yanvardagi 7-son “Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (7-son BHMS) “Nomoddiy aktivlar”ga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 1485-1, 2009-yil 14-fevral) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2009-yil, 8-son, 79-modda).
3. Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2013-yil 17-maydagi 51-son “Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (7-sonli BHMS) “Nomoddiy aktivlar”ga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 1485-2, 2013-yil 22-may ) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2013-yil, 21-son, 277-modda).
4. Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2016-yil 5-sentabrdagi 66-son “Yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (7-sonli BHMS) “Nomoddiy aktivlar”ni tasdiqlash toʻgʻrisida”gi buyruqqa oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 1485-3, 2016-yil 9-sentabr) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2016-yil, 36-son, 422-modda).
5. Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2017-yil 12-iyundagi 74-son “Oʻzbekiston Respublikasi Buxgalteriya hisobi milliy standarti (7-son BHMS) “Nomoddiy aktivlar”ni yangi tahrirda tasdiqlash toʻgʻrisida”gi buyruqning muqaddimasiga oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 1485-4, 2017-yil 16-iyun) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2017-yil, 24-son, 515-modda).
Vazir D. KUCHKAROV
Toshkent sh.,
2024-yil 14-iyun,
134-son
Министра экономики и финансов Республики Узбекистан
Приказ
ПЕРЕЧЕНЬ
Об утверждении Национального стандарта бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 7) «Нематериальные активы»
В соответствии с Законом Республики Узбекистан «О бухгалтерском учете» приказываю:
1. Утвердить Национальный стандарт бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 7) «Нематериальные активы» согласно приложению № 1 * .
2. Признать утратившими силу некоторые ведомственные нормативно-правовые акты согласно приложению № 2 .
3. Настоящий приказ вступает в силу со дня его официального опубликования.
ПРИЛОЖЕНИЕ № 2 к приказу министра экономики и финансов Республики Узбекистан от 14 июня 2024 года № 134
ведомственных нормативно-правовых актов, признаваемых утратившими силу
1. Приказ министра финансов Республики Узбекистан от 25 марта 2005 года № 35 «Об утверждении национального стандарта бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 7) «Нематериальные активы» (рег. № 1485 от 27 июня 2005 года) (Собрание законодательства Республики Узбекистан, 2005 г., № 25-26, ст. 188).
2. Приказ министра финансов Республики Узбекистан от 21 января 2009 года № 7 «О внесении изменений и дополнений в Национальный стандарт бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 7) «Нематериальные активы» (рег. № 1485-1 от 14 февраля 2009 года) (Собрание законодательства Республики Узбекистан, 2009 г., № 8, ст. 79).
3. Приказ министра финансов Республики Узбекистан от 17 мая 2013 года № 51 «О внесении изменений в Национальный стандарт бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 7) «Нематериальные активы» (рег. № 1485-2 от 22 мая 2013 года) (Собрание законодательства Республики Узбекистан, 2013 г., № 21, ст. 277).
4. Приказ министра финансов Республики Узбекистан от 5 сентября 2016 года № 66 «О внесении изменений в приказ «Об утверждении Национального стандарта бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 7) «Нематериальные активы» в новой редакции» (рег. № 1485-3 от 9 сентября 2016 года) (Собрание законодательства Республики Узбекистан, 2016 г., № 36, ст. 422).
5. Приказ министра финансов Республики Узбекистан от 12 июня 2017 года № 74 «О внесении изменения в преамбулу приказа «Об утверждении Национального стандарта бухгалтерского учета Республики Узбекистан (НСБУ № 7) «Нематериальные активы» в новой редакции» (рег. № 1485-4 от 16 июня 2017 года) (Собрание законодательства Республики Узбекистан, 2017 г., № 24, ст. 515).
Министр Д. КУЧКАРОВ
г. Ташкент,
14 июня 2024 г.,
№ 134