UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 12-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 12 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 12 августа 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 12 August 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ҳудуднинг мастер режасини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023 — 2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 11 сентябрдаги ПҚ-299-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳудудларнинг қисмларини ҳудудий ва иқтисодий ривожлантиришни яқин, ўрта ва узоқ муддатларга режалаштириш ҳамда мавжуд муаммоларнинг аниқ ечимини ва уларни ҳал этиш механизмларини ўзида акс эттирган мастер режаларни ишлаб чиқиш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023 — 2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 11 сентябрдаги ПҚ-299-сон қарорига мувофиқ ҳудудларнинг аниқ муаммоларини бартараф этишга йўналтирилган, ўзида шаҳарсозлик, ижтимоий-иқтисодий, экологик ва бошқа лойиҳа ечимларини мужассамлаштирган мастер режалар ёки батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш ва қуриш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш нархларини аниқлаш тартибини тасдиқласин ва Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳудуднинг мастер режасини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ҳудуднинг мастер режасини ишлаб чиқишга оид талаблар;

ҳудуднинг мастер режасини келишиш, тасдиқлаш ҳамда молиялаштириш тартиби.

3. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда туманлар ва шаҳарларнинг мастер режаларини ишлаб чиқишни молиялаштириш мақсадида халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитини жалб қилиш чораларини кўрсин.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, ҳудудни ривожлантириш бўйича режа ва таклифлар ушбу ҳудудни ривожлантиришни режалаштириш ва қуриш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатига мувофиқ бўлмаган ҳолларда мастер режа ишлаб чиқилганда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан уч ой муддатда ҳудуднинг аввал тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатига белгиланган тартибда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.

6. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 августдаги 497-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ҳудуднинг мастер режасини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом ҳудуднинг мастер режасини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

буюртмачи — мастер режаларни ишлаб чиқишда буюртмачи вазифасини бажарувчи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда хусусий ташаббускорлар;

мастер режа — ҳудудларнинг аниқ муаммоларини бартараф этишга йўналтирилган, ўзида шаҳарсозлик, ижтимоий-иқтисодий, экологик ва бошқа лойиҳа ечимларини мужассамлаштирган, шунингдек, ҳудудларнинг қисмларини иқтисодий ривожлантиришни яқин, ўрта ва узоқ муддатларга режалаштириш ва уларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида мавжуд муаммоларнинг аниқ ечими ва амалга ошириш механизмларини ўзида акс эттирган ҳужжат;

қизил чизиқ — даҳалар, мавзелар ва режалаштириш тузилмаси бошқа қисмларининг ҳудудларини аҳоли пунктларининг кўчалари, тор кўчалари ва майдонларидан ажратиб турувчи, мастер-режада белгилаб қўйиладиган чегаралар.

3. Мастер режалар қуйидаги ҳолларда ишлаб чиқилади:

буюртмачининг ҳудудни ривожлантириш бўйича режа ва таклифлари ушбу ҳудудни ривожлантиришни режалаштириш ва қуриш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатига мувофиқ бўлмаганда;

ҳудуднинг шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда;

ҳудуднинг табиий-иқтисодий салоҳиятидан етарли даражада фойдаланилмаётганда;

бўш ер участкаси мастер режа асосида аукционга чиқарилиши белгиланганда;

шаҳарсозлик ва тадбиркорлик мақсадлари учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ер фонди тоифасини ўзгартириш бўйича таклифлар тайёрланганда.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар буюртмачи бўлган ҳолларда, мастер-режаларни ишлаб чиқиш учун «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ аниқланадиган ва қуйидаги минимал талабларга мос келадиган хорижий ва маҳаллий ташкилотлар (компаниялар), шунингдек иқтисодиёт йўналишдаги илмий-тадқиқот муассасалари, консалтинг, лойиҳалаштириш, архитектура ва қурилиш соҳасида фаолият кўрсатадиган хўжалик юритувчи субъектлар, экспертлар (кейинги ўринларда — Ишлаб чиқувчилар) жалб этилади:

ҳудудий иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ва ҳудудни архитектуравий ҳамда шаҳарсозлик жиҳатдан режалаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича камида 3 йил иш тажрибасига эга бўлиши;

ҳудудни ривожлантириш ва режалаштириш концепциялари, стратегиялари, дастурлари ва режалари, шунингдек, вилоят, туман (шаҳар) ва уларнинг бир қисми даражасида шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлаш бўйича охирги 3 йилда камида 3 та шартнома имзолаб, уларни муваффақиятли амалга оширган бўлиши (ишни қабул қилиш бўйича далолатноманинг мавжудлиги).

5. Мастер режани ишлаб чиқиш, жумладан, ҳудудни танлаш, танланган ҳудудни ривожлантириш йўналишлари ва ихтисослашувини аниқлаш, ушбу ҳудудда қуриладиган объектларнинг тури ва кўринишини белгилаш ишлари жамоатчиликнинг фаол иштироки ҳамда таклифларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, «Менинг маҳаллам» платформасида шакллантирилган маълумотлар ва тавсиялари асосида амалга оширилади.

Бунда, буюртмачи тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда мастер режани ишлаб чиқишга жалб этилган Ишлаб чиқувчилар иштирокида жойларда давра суҳбатлари, семинар ва муҳокамалар ташкил этади ҳамда уларда туман (шаҳар)лардаги аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, ҳокимлик, ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этади.

6. Мастер режа ишлаб чиқиладиган ҳудуд чегаралари туман (шаҳар) ҳокимлари таклифлари асосида 5 иш кунида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (ер тоифаси ўзгартирилаётган ҳудудлар учун) Кадастр агентлиги, Туризм қўмитаси (туризм ҳудудлари учун) ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари томонидан танланади ва тасдиқланади.

Мастер режаси ишлаб чиқилиши белгиланган ҳудуд бўйича муҳандислик геология ва топотасвир ишлари буюртмачи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жалб қиладиган тегишли ва лицензияга эга бўлган ташкилот томонидан бажарилиши мумкин.

7. Танланган ҳудуд майдонининг камида 60 фоизи «K-SAVDO» ва «E-AUKSION» электрон платформаларида тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадларида реализация қилинадиган туман (шаҳар) ҳокимликлари захирасидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкаларидан иборат бўлиши лозим. Ер тоифасини ўзгартириш мақсадида мастер режа ишлаб чиқилаётган ҳолатлар, реновация ва консервация қилинадиган ҳудудлар бундан мустасно.

2-боб. Мастер режани ишлаб чиқиш

8. Мастер режанинг аниқланган ҳудуд чегарасига асосан буюртмачи томонидан лойиҳалаштириш топшириғи ишлаб чиқилади ҳамда тегишли туман (шаҳар) ҳокими, Кадастр агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Маданий мерос агентлиги (Маданий мерос объектлари мавжуд ҳудудлар учун), Туризм қўмитаси (туризм ҳудудлари учун) ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари билан келишилади ва буюртмачи томонидан тасдиқланади.

9. Мастер режани ишлаб чиқиш мақсадида буюртмачи томонидан қуйидаги минимал қисмлар юзасидан амалга ошириладиган ишлар бўйича лойиҳалаштириш топшириғи тайёрланади:

ҳудуднинг жорий иқтисодий-ижтимоий ҳолати бўйича таҳлил. Бунда, асосий эътибор ердан фойдаланиш ҳолати ва унинг ихтисослашуви, ҳудуднинг ривожланишига таъсир этувчи иқтисодий-ижтимоий омиллар, аҳолининг сони ва ўртача ойлик даромади, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, яшил майдон билан қамраб олингани, жамоат жойлари, транспорт, муҳандислик-коммуникация, оқова сув тизими инфратузилмалари, табиий газ ва энерготаъминот ҳолати, хизматлар соҳаси бўйича ҳолат, шу жумладан, туризм, таълим, тиббиёт, маҳалла фаоллари ҳамда маҳаллий тадбиркорларнинг фикр ва мулоҳазаларига қаратилади;

ҳудудни иқтисодий ривожлантириш салоҳияти ва захиралари. Бу масалада ҳудуднинг географик жойлашуви ва иқтисодий «драйверлари»ни аниқлаган ҳолда юқори даромадли инвестиция лойиҳалари, ишлаб чиқаришни, хизматлар соҳасини янада ривожлантириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш имкониятлари, транспорт ва логистикани ривожлантириш имкониятлари, туризм (экотуризм), маданий кўнгилочар мажмуалари ва дам олиш масканларини ривожлантириш салоҳияти, тиббиёт ва тиббий хизматлар, савдо, туризм, ҳунармандчилик ҳамда кўп қаватли уйлар ва массивларни (давлат дастурлари асосида барпо этилаётган массивлар бундан мустасно) қуриш имкониятларига эътибор қаратилади;

ҳудудни ривожлантириш тасаввурлари ва мақсадлари. Бунда манфаатдор томонлар билан келишган ҳолда, ҳудудни келгусида ривожлантиришнинг концептуал йўналишлари ва мақсадли кўрсаткичлари ишлаб чиқилади. Асосий эътибор ҳудудни функционал зоналаштириш, «яшил» иқтисодиёт тамойилларини кенг қўллаган ҳолда ҳудудни иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан ривожлантиришда яқин (3 йилгача), ўрта (3 йилдан 5 йилгача) ва узоқ (5 йилдан ортиқ) муддатда амалга ошириладиган ишлар, инвестициялар, ҳудуднинг инфратузилмаларини янада яхшилаш, яшил майдонларни кўпайтириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чораларини белгилашга қаратилади;

таклиф этилаётган инвестиция лойиҳалари рўйхатини шакллантириш. Бунда, юқори салоҳиятга эга бўлган лойиҳаларни аниқлаган ҳолда инвестиция ҳажмини аниқлаш, шу жумладан, йўллар, жамоат транспорти, кўприклар, темир йўл кесишмалари, бўш ерларни тозалаш, чиқиндиларни йиғиш бўйича зарур чоралар, мактаблар ва тиббий хизматлар учун талаб қилинадиган инвестиция, жамоат жойларини қайта лойиҳалаштириш, пиёдалар маршрутлари, тўхташ жойлари, автобус бекатлари, офислар, тижорат бинолари, савдо объектлари, меҳмонхоналар, дўконлар ёки ресторанлар каби янги кўчмас мулк учун керак бўлган инвестиция ҳажмлари ҳамда кутилаётган ижтимоий-иқтисодий натижалари ва янги иш ўринларига эътибор қаратилади;

ердан фойдаланиш ва мастер режа лойиҳаси. Бунда инвестиция лойиҳаларнинг жойлашувини кўрсатган ҳолда ердан фойдаланиш режасини тузиш, архитектура кўрсатмалари ва дизайни, жойлаштирилаётган инвестицияларнинг ўзаро боғлиқлиги (жумладан, лойиҳаларнинг мантиқий жойлашуви, ташкил этилаётган транспортнинг самаралиги ва инфратузилмаларнинг ўзаро мослиги, маданий мерос объектлари ҳимоялангани), лойиҳавий ечимлар бўйича халқаро тажрибадан келиб чиқиб, дунё намуналарининг схемалари ва фотосуратларини келтирган ҳолда тарихий объектлар туризми, экотуризм, гастрономик туризм, шунингдек, туризмнинг бошқа турларини жойлаштириш нуқталари, уларга олиб борадиган автомобиль ва пиёда йўллари ҳамда транспорт турлари, меҳмонхона ва мотеллар ҳамда умумий овқатланиш шохобчалари тизимлари, жамоат жойларининг лойиҳаси, шунингдек, биноларнинг жойлари ва бузилиши мумкин бўлган муаммоли майдонлар ҳамда қизил чизиқлар белгилаб берилади;

ер участкаларини аукцион орқали сотиш мақсадида ер участкалари (лот) паспортларини шакллантириш . Бунда, электрон онлайн аукционлар орқали сотиладиган бўш ер участкалари ва сотиш навбатлари белгиланади. Жумладан, ҳар бир ер участкасини функционал зоналарга ажратиш, рухсат берилган фаолият турларини белгилаш, мавжуд чекловлар ва муаммоларни кўрсатиб берган ҳолда лотлар ва паспортлар шакллантирилади.

Буюртмачи томонидан лойиҳалаштириш топшириғига мастер режани ишлаб чиқиш билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

10. Лойиҳалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланадиган хорижий ва маҳаллий ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, жисмоний шахслар ва экспертлар жалб этилиши мумкин.

11. Мастер режани ишлаб чиқишдан аввал лойиҳалаштириш топшириғида белгиланган вазифалар буюртмачи иштирокида тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги, вазирлик ва идораларнинг туман (шаҳар) бўлинмалари, маҳалла раислари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари иштирокида муҳокама қилинади ҳамда баённома билан расмийлаштирилади.

Муҳокамадан сўнг мастер режа лойиҳалаштириш топшириғи асосида ишлаб чиқилади.

12. Ишлаб чиқувчилар мастер режанинг дастлабки ва якуний натижаларини буюртмачи иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги, туман ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан камида икки марта муҳокама қилади.

Бунда муҳокама мастер режанинг дастлабки натижалари тақдим этилгандан сўнг 3 иш кунида, якуний натижалари топширилгандан сўнг 5 иш кунида буюртмачи томонидан ташкил этилади.

Мазкур муҳокамаларда тегишли туман ва шаҳар ҳокими, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармалари, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, Автомобиль йўллари қўмитаси, «Ўзсувтаъминот» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ёки уларнинг ўринбосарлари иштирок этади.

Муҳокама натижаси бўйича баённома муҳокамада вакиллари қатнашган манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда буюртмачи томонидан тасдиқланади.

13. Мастер режалар ишлаб чиқилишини ташкил этиш учун буюртмачи томонидан халқаро консалтинг компаниялар, маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамда халқаро молия ташкилотлари мутахассислари ҳам жалб этилиши мумкин.

3-боб. Мастер режани келишиш ва тасдиқлаш

14. Мастер режа ушбу Низомга иловага мувофиқ схемага асосан келишилади.

Мастер режа буюртмачи томонидан ўзининг расмий ёки кўпчилик учун маълум бўлган веб-сайтга жойлаштирилади ҳамда 5 иш куни мобайнида муҳокама қилинади.

Муҳокама натижалари 2 иш куни ичида мастер режага оид фикрларни тўплаш ҳамда жамоатчилик муҳокамаси йиғилишининг баённомасида қайд этилади.

15. Мастер режа қуйидаги ваколатли органлар билан келишилади:

тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги;

Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармаси;

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармаси;

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳудудий бошқармаси;

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ҳудудий бошқармаси;

Маданий мерос агентлигининг ҳудудий бошқармаси (Маданий мерос объектлари мавжуд ҳудудлар учун);

Туризм қўмитасининг ҳудудий бошқармаси (туризм ҳудудлари учун).

Мастер режа заруратга кўра, буюртмачи томонидан бошқа давлат органлари, ташкилот ва муассасалар билан ҳам келишилиши мумкин.

Келишиб олиш муддати 10 иш кунидан ошмаслиги керак.

16. Мастер режанинг лойиҳалаштириш топшириғи ҳамда мастер режани ишлаб чиқиш ҳақидаги шартнома шартларига мувофиқ эмаслиги уни келишишни рад этиш учун асос бўлади.

Мастер режани бошқа асосларга кўра рад этиш тақиқланади.

Мастер режа келишиш рад этилгандан кейин келишиб берувчининг эътирозларига мувофиқ камчиликларни бартараф этиб, мастер режа келишиш учун қайта киритилади.

Мастер режа келишишни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилганда, 5 иш кунида такрорий келишилади.

17. Мастер режани такроран кўриб чиқишда келишиб берувчилар томонидан аввалги рад этиш асосларида баён этилмаган сабабларнинг келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабабларининг келтирилиши бундан мустасно.

18. Мастер режа келишилгандан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

5 иш куни ичида мастер режани кўриб чиқади ва тасдиқлайди.

10 иш кунида ишлаб чиқилган мастер режани рўёбга чиқариш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқлайди.

4-боб. Мастер режани ишлаб чиқишни молиялаштириш

19. Қуйидагилар мастер режани ишлаб чиқишнинг молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида ҳудудларнинг бош режаси, архитектура-режалаштириш ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун назарда тутилган маблағлар;

республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратиладиган ссуда маблағлари;

вилоятлар маҳаллий бюджетлари ва уларнинг қўшимча маблағлари;

туман (шаҳар)лар бюджетлари ва уларнинг қўшимча маблағлари;

халқаро молия институтлари грантлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ва жамғармалар, жисмоний ва юридик шахслар ва бошқа донорларнинг ҳомийлик хайриялари;

Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси;

Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси;

заруратга кўра ташаббускорлар маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа молиялаштириш манбалари.

Мастер режани ишлаб чиқишни молиялаштириш тартиби тегишли молиялаштириш манбалари бўйича қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

20. Тасдиқланган мастер режага ўзгартиришлар ушбу ҳужжатни тасдиқлаган органнинг қарорига мувофиқ ҳамда белгиланган тартибда келишилгандан сўнг киритилади.

21. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Ҳудуднинг мастер режасини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Мастер режани ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш

Босқичлар Субъектлар Амалга ошириладиган тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Буюртмачи Мастер режа ишлаб чиқиладиган ҳудуд чегаралари туман ва шаҳарлар ҳокимлари таклифлари асосида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (ер тоифаси ўзгартирилаётган ҳудудлар учун) Кадастр агентлиги, Туризм қўмитасининг (туризм ҳудудлари учун) ҳудудий бошқармалари билан келишиш ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари томонидан танлаш ва тасдиқлатиш. 5 иш кунида 2-босқич Буюртмачи Мастер режаси ишлаб чиқилиши белгиланган ҳудуд бўйича муҳандислик геология ва топотасвир ишларини амалга ошириш. белгиланган муддатда 3-босқич Буюртмачи Мастер режанинг аниқланган ҳудуд чегараси ҳамда геология ва топотасвир ишлари, шунингдек, бошқа талаб этиладиган ҳужжатларга асосан лойиҳалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш. белгиланган муддатда 4-босқич Буюртмачи Лойиҳа топшириғи асосида ишлаб чиқилган мастер режани вилоят ҳокимлиги, тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги, туман ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан камида икки марта муҳокама қилиш. мастер режанинг дастлабки натижалари тақдим этилгандан сўнг 3 иш кунида, якуний натижалари топширилгандан сўнг 5 иш кунида 5-босқич Буюртмачи Ишлаб чиқилган мастер режани веб-сайтга жойлаштириш. 5 иш кунида 6-босқич Буюртмачи Мастер режага оид фикрларни тўплаш ҳамда жамоатчилик муҳокамаси йиғилишининг баённомасини расмийлаштириш. 2 иш кунида 7-босқич Буюртмачи Жамоатчилик муҳокамалари натижаларига кўра, мастер режани келишиш учун тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги, Кадастр агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Маданий мерос агентлиги, Туризм қўмитасининг ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда — ваколатли органлар)га юбориш. Реал вақт режимида 8-босқич Ваколатли органлар Мастер режа келиб тушгандан сўнг уни келишиш ва буюртмачига жўнатиш. 10 иш кунида 9-босқич Ваколатли органлар Мастер режа юзасидан келишишни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилганда, такрорий келишиш. 5 иш кунида 10-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари 1. Мастер режа лойиҳасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш. 5 иш кунида 2. Ишлаб чиқилган мастер режани амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқлаш. 10 иш кунида

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 августдаги 497-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги 71-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-банди тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« мастер режа — ҳудудларнинг аниқ муаммоларини бартараф этишга йўналтирилган, ўзида шаҳарсозлик, ижтимоий-иқтисодий, экологик ва бошқа лойиҳа ечимларини мужассамлаштирган, шунингдек, ҳудудларнинг қисмларини иқтисодий ривожлантиришни яқин, ўрта ва узоқ муддатларга режалаштириш ва уларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида мавжуд муаммоларнинг аниқ ечими ва амалга ошириш механизмларини ўзида акс эттирган ҳужжат».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 12 август,

497-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2024 й., 09/24/497/0641-сон; 16.05.2026 й., 09/26/246/0492-сон )

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Hududning master rejasini ishlab chiqish, kelishish va tasdiqlash tartibi toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Shaharsozlik faoliyati sohasida davlat boshqaruvi tizimini yanada takomillashtirish hamda 2023 — 2027-yillarda aholi punktlarining shaharsozlik hujjatlarini ishlab chiqish dasturlarini tasdiqlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 11-sentabrdagi PQ-299-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, hududlarning qismlarini hududiy va iqtisodiy rivojlantirishni yaqin, oʻrta va uzoq muddatlarga rejalashtirish hamda mavjud muammolarning aniq yechimini va ularni hal etish mexanizmlarini oʻzida aks ettirgan master rejalarni ishlab chiqish tizimini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Shaharsozlik faoliyati sohasida davlat boshqaruvi tizimini yanada takomillashtirish hamda 2023 — 2027-yillarda aholi punktlarining shaharsozlik hujjatlarini ishlab chiqish dasturlarini tasdiqlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 11-sentabrdagi PQ-299-son qaroriga muvofiq hududlarning aniq muammolarini bartaraf etishga yoʻnaltirilgan, oʻzida shaharsozlik, ijtimoiy-iqtisodiy, ekologik va boshqa loyiha yechimlarini mujassamlashtirgan master rejalar yoki batafsil rejalashtirish loyihalari ishlab chiqilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi bir oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasining hududlarini rivojlantirishni rejalashtirish va qurish toʻgʻrisidagi shaharsozlik hujjatlarini ishlab chiqish narxlarini aniqlash tartibini tasdiqlasin va Adliya vazirligida davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Hududning master rejasini ishlab chiqish, kelishish va tasdiqlash toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

hududning master rejasini ishlab chiqishga oid talablar;

hududning master rejasini kelishish, tasdiqlash hamda moliyalashtirish tartibi.

3. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hamda Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda tumanlar va shaharlarning master rejalarini ishlab chiqishni moliyalashtirish maqsadida xalqaro moliya institutlarining imtiyozli kreditini jalb qilish choralarini koʻrsin.

4. Shunday tartib oʻrnatilsinki, hududni rivojlantirish boʻyicha reja va takliflar ushbu hududni rivojlantirishni rejalashtirish va qurish boʻyicha shaharsozlik hujjatiga muvofiq boʻlmagan hollarda master reja ishlab chiqilganda, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hamda Toshkent shahar hokimliklari tomonidan uch oy muddatda hududning avval tasdiqlangan shaharsozlik hujjatiga belgilangan tartibda oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritiladi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimcha kiritilsin.

6. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 12-avgustdagi 497-son qaroriga 1-ILOVA

Hududning master rejasini ishlab chiqish, kelishish va tasdiqlash toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom hududning master rejasini ishlab chiqish, kelishish va tasdiqlash va moliyalashtirish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:

buyurtmachi — master rejalarni ishlab chiqishda buyurtmachi vazifasini bajaruvchi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, manfaatdor vazirlik va idoralar hamda xususiy tashabbuskorlar;

master reja — hududlarning aniq muammolarini bartaraf etishga yoʻnaltirilgan, oʻzida shaharsozlik, ijtimoiy-iqtisodiy, ekologik va boshqa loyiha yechimlarini mujassamlashtirgan, shuningdek, hududlarning qismlarini iqtisodiy rivojlantirishni yaqin, oʻrta va uzoq muddatlarga rejalashtirish va ularning iqtisodiy salohiyatini roʻyobga chiqarish maqsadida mavjud muammolarning aniq yechimi va amalga oshirish mexanizmlarini oʻzida aks ettirgan hujjat;

qizil chiziq — dahalar, mavzelar va rejalashtirish tuzilmasi boshqa qismlarining hududlarini aholi punktlarining koʻchalari, tor koʻchalari va maydonlaridan ajratib turuvchi, master-rejada belgilab qoʻyiladigan chegaralar.

3. Master rejalar quyidagi hollarda ishlab chiqiladi:

buyurtmachining hududni rivojlantirish boʻyicha reja va takliflari ushbu hududni rivojlantirishni rejalashtirish va qurish boʻyicha shaharsozlik hujjatiga muvofiq boʻlmaganda;

hududning shaharsozlik hujjatlari mavjud boʻlmaganda;

hududning tabiiy-iqtisodiy salohiyatidan yetarli darajada foydalanilmayotganda;

boʻsh yer uchastkasi master reja asosida auksionga chiqarilishi belgilanganda;

shaharsozlik va tadbirkorlik maqsadlari uchun qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarning yer fondi toifasini oʻzgartirish boʻyicha takliflar tayyorlanganda.

4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari hamda manfaatdor vazirlik va idoralar buyurtmachi boʻlgan hollarda, master-rejalarni ishlab chiqish uchun “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonunga muvofiq aniqlanadigan va quyidagi minimal talablarga mos keladigan xorijiy va mahalliy tashkilotlar (kompaniyalar), shuningdek iqtisodiyot yoʻnalishdagi ilmiy-tadqiqot muassasalari, konsalting, loyihalashtirish, arxitektura va qurilish sohasida faoliyat koʻrsatadigan xoʻjalik yurituvchi subyektlar, ekspertlar (keyingi oʻrinlarda — Ishlab chiquvchilar) jalb etiladi:

hududiy iqtisodiy-ijtimoiy rivojlantirish va hududni arxitekturaviy hamda shaharsozlik jihatdan rejalashtirish hujjatlarini ishlab chiqish boʻyicha kamida 3 yil ish tajribasiga ega boʻlishi;

hududni rivojlantirish va rejalashtirish konsepsiyalari, strategiyalari, dasturlari va rejalari, shuningdek, viloyat, tuman (shahar) va ularning bir qismi darajasida shaharsozlik hujjatlarini tayyorlash boʻyicha oxirgi 3 yilda kamida 3 ta shartnoma imzolab, ularni muvaffaqiyatli amalga oshirgan boʻlishi (ishni qabul qilish boʻyicha dalolatnomaning mavjudligi).

5. Master rejani ishlab chiqish, jumladan, hududni tanlash, tanlangan hududni rivojlantirish yoʻnalishlari va ixtisoslashuvini aniqlash, ushbu hududda quriladigan obyektlarning turi va koʻrinishini belgilash ishlari jamoatchilikning faol ishtiroki hamda takliflarini inobatga olgan holda, shuningdek, “Mening mahallam” platformasida shakllantirilgan maʼlumotlar va tavsiyalari asosida amalga oshiriladi.

Bunda, buyurtmachi tegishli tuman (shahar) hokimliklari bilan birgalikda master rejani ishlab chiqishga jalb etilgan Ishlab chiquvchilar ishtirokida joylarda davra suhbatlari, seminar va muhokamalar tashkil etadi hamda ularda tuman (shahar)lardagi aholi, tadbirkorlik subyektlari, hokimlik, tashkilot va idoralar vakillari ishtirok etadi.

6. Master reja ishlab chiqiladigan hudud chegaralari tuman (shahar) hokimlari takliflari asosida 5 ish kunida Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi (yer toifasi oʻzgartirilayotgan hududlar uchun) Kadastr agentligi, Turizm qoʻmitasi (turizm hududlari uchun) hududiy boshqarmalari bilan kelishilgan holda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining birinchi oʻrinbosarlari hamda qurilish masalalari boʻyicha oʻrinbosarlari tomonidan tanlanadi va tasdiqlanadi.

Master rejasi ishlab chiqilishi belgilangan hudud boʻyicha muhandislik geologiya va topotasvir ishlari buyurtmachi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda jalb qiladigan tegishli va litsenziyaga ega boʻlgan tashkilot tomonidan bajarilishi mumkin.

7. Tanlangan hudud maydonining kamida 60 foizi “K-SAVDO” va “E-AUKSION” elektron platformalarida tadbirkorlik va shaharsozlik maqsadlarida realizatsiya qilinadigan tuman (shahar) hokimliklari zaxirasidagi qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan boʻsh yer uchastkalaridan iborat boʻlishi lozim. Yer toifasini oʻzgartirish maqsadida master reja ishlab chiqilayotgan holatlar, renovatsiya va konservatsiya qilinadigan hududlar bundan mustasno.

2-bob. Master rejani ishlab chiqish

8. Master rejaning aniqlangan hudud chegarasiga asosan buyurtmachi tomonidan loyihalashtirish topshirigʻi ishlab chiqiladi hamda tegishli tuman (shahar) hokimi, Kadastr agentligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Madaniy meros agentligi (Madaniy meros obyektlari mavjud hududlar uchun), Turizm qoʻmitasi (turizm hududlari uchun) hududiy boshqarmalar boshliqlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining birinchi oʻrinbosarlari bilan kelishiladi va buyurtmachi tomonidan tasdiqlanadi.

9. Master rejani ishlab chiqish maqsadida buyurtmachi tomonidan quyidagi minimal qismlar yuzasidan amalga oshiriladigan ishlar boʻyicha loyihalashtirish topshirigʻi tayyorlanadi:

hududning joriy iqtisodiy-ijtimoiy holati boʻyicha tahlil. Bunda, asosiy eʼtibor yerdan foydalanish holati va uning ixtisoslashuvi, hududning rivojlanishiga taʼsir etuvchi iqtisodiy-ijtimoiy omillar, aholining soni va oʻrtacha oylik daromadi, uy-joy bilan taʼminlanganlik darajasi, yashil maydon bilan qamrab olingani, jamoat joylari, transport, muhandislik-kommunikatsiya, oqova suv tizimi infratuzilmalari, tabiiy gaz va energotaʼminot holati, xizmatlar sohasi boʻyicha holat, shu jumladan, turizm, taʼlim, tibbiyot, mahalla faollari hamda mahalliy tadbirkorlarning fikr va mulohazalariga qaratiladi;

hududni iqtisodiy rivojlantirish salohiyati va zaxiralari. Bu masalada hududning geografik joylashuvi va iqtisodiy “drayverlari”ni aniqlagan holda yuqori daromadli investitsiya loyihalari, ishlab chiqarishni, xizmatlar sohasini yanada rivojlantirish va qoʻshimcha ish oʻrinlarini yaratish imkoniyatlari, transport va logistikani rivojlantirish imkoniyatlari, turizm (ekoturizm), madaniy koʻngilochar majmualari va dam olish maskanlarini rivojlantirish salohiyati, tibbiyot va tibbiy xizmatlar, savdo, turizm, hunarmandchilik hamda koʻp qavatli uylar va massivlarni (davlat dasturlari asosida barpo etilayotgan massivlar bundan mustasno) qurish imkoniyatlariga eʼtibor qaratiladi;

hududni rivojlantirish tasavvurlari va maqsadlari. Bunda manfaatdor tomonlar bilan kelishgan holda, hududni kelgusida rivojlantirishning konseptual yoʻnalishlari va maqsadli koʻrsatkichlari ishlab chiqiladi. Asosiy eʼtibor hududni funksional zonalashtirish, “yashil” iqtisodiyot tamoyillarini keng qoʻllagan holda hududni iqtisodiy-ijtimoiy jihatdan rivojlantirishda yaqin (3 yilgacha), oʻrta (3 yildan 5 yilgacha) va uzoq (5 yildan ortiq) muddatda amalga oshiriladigan ishlar, investitsiyalar, hududning infratuzilmalarini yanada yaxshilash, yashil maydonlarni koʻpaytirish hamda atrof-muhitni muhofaza qilish choralarini belgilashga qaratiladi;

taklif etilayotgan investitsiya loyihalari roʻyxatini shakllantirish. Bunda, yuqori salohiyatga ega boʻlgan loyihalarni aniqlagan holda investitsiya hajmini aniqlash, shu jumladan, yoʻllar, jamoat transporti, koʻpriklar, temir yoʻl kesishmalari, boʻsh yerlarni tozalash, chiqindilarni yigʻish boʻyicha zarur choralar, maktablar va tibbiy xizmatlar uchun talab qilinadigan investitsiya, jamoat joylarini qayta loyihalashtirish, piyodalar marshrutlari, toʻxtash joylari, avtobus bekatlari, ofislar, tijorat binolari, savdo obyektlari, mehmonxonalar, doʻkonlar yoki restoranlar kabi yangi koʻchmas mulk uchun kerak boʻlgan investitsiya hajmlari hamda kutilayotgan ijtimoiy-iqtisodiy natijalari va yangi ish oʻrinlariga eʼtibor qaratiladi;

yerdan foydalanish va master reja loyihasi. Bunda investitsiya loyihalarning joylashuvini koʻrsatgan holda yerdan foydalanish rejasini tuzish, arxitektura koʻrsatmalari va dizayni, joylashtirilayotgan investitsiyalarning oʻzaro bogʻliqligi (jumladan, loyihalarning mantiqiy joylashuvi, tashkil etilayotgan transportning samaraligi va infratuzilmalarning oʻzaro mosligi, madaniy meros obyektlari himoyalangani), loyihaviy yechimlar boʻyicha xalqaro tajribadan kelib chiqib, dunyo namunalarining sxemalari va fotosuratlarini keltirgan holda tarixiy obyektlar turizmi, ekoturizm, gastronomik turizm, shuningdek, turizmning boshqa turlarini joylashtirish nuqtalari, ularga olib boradigan avtomobil va piyoda yoʻllari hamda transport turlari, mehmonxona va motellar hamda umumiy ovqatlanish shoxobchalari tizimlari, jamoat joylarining loyihasi, shuningdek, binolarning joylari va buzilishi mumkin boʻlgan muammoli maydonlar hamda qizil chiziqlar belgilab beriladi;

yer uchastkalarini auksion orqali sotish maqsadida yer uchastkalari (lot) pasportlarini shakllantirish . Bunda, elektron onlayn auksionlar orqali sotiladigan boʻsh yer uchastkalari va sotish navbatlari belgilanadi. Jumladan, har bir yer uchastkasini funksional zonalarga ajratish, ruxsat berilgan faoliyat turlarini belgilash, mavjud cheklovlar va muammolarni koʻrsatib bergan holda lotlar va pasportlar shakllantiriladi.

Buyurtmachi tomonidan loyihalashtirish topshirigʻiga master rejani ishlab chiqish bilan bogʻliq boshqa maʼlumotlar ham kiritilishi mumkin.

10. Loyihalashtirish topshirigʻini ishlab chiqish uchun qonunchilikda belgilangan tartibda aniqlanadigan xorijiy va mahalliy tashkilotlar, tadbirkorlik subyektlari, jismoniy shaxslar va ekspertlar jalb etilishi mumkin.

11. Master rejani ishlab chiqishdan avval loyihalashtirish topshirigʻida belgilangan vazifalar buyurtmachi ishtirokida tegishli tuman (shahar) hokimligi, vazirlik va idoralarning tuman (shahar) boʻlinmalari, mahalla raislari, mahallalardagi hokim yordamchilari ishtirokida muhokama qilinadi hamda bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.

Muhokamadan soʻng master reja loyihalashtirish topshirigʻi asosida ishlab chiqiladi.

12. Ishlab chiquvchilar master rejaning dastlabki va yakuniy natijalarini buyurtmachi ishtirokida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar kengashi, viloyat va Toshkent shahar hokimliklari, tegishli tuman (shahar) hokimligi, tuman tashkilotlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari bilan kamida ikki marta muhokama qiladi.

Bunda muhokama master rejaning dastlabki natijalari taqdim etilgandan soʻng 3 ish kunida, yakuniy natijalari topshirilgandan soʻng 5 ish kunida buyurtmachi tomonidan tashkil etiladi.

Mazkur muhokamalarda tegishli tuman va shahar hokimi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi va Kadastr agentligining hududiy boshqarmalari, “Hududgaztaʼminot” AJ, Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi, “Oʻzsuvtaʼminot” AJ, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning hududiy boʻlinmalari rahbarlari yoki ularning oʻrinbosarlari ishtirok etadi.

Muhokama natijasi boʻyicha bayonnoma muhokamada vakillari qatnashgan manfaatdor vazirlik va idoralar bilan kelishilgan holda buyurtmachi tomonidan tasdiqlanadi.

13. Master rejalar ishlab chiqilishini tashkil etish uchun buyurtmachi tomonidan xalqaro konsalting kompaniyalar, mahalliy va xorijiy ekspertlar hamda xalqaro moliya tashkilotlari mutaxassislari ham jalb etilishi mumkin.

3-bob. Master rejani kelishish va tasdiqlash

14. Master reja ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxemaga asosan kelishiladi.

Master reja buyurtmachi tomonidan oʻzining rasmiy yoki koʻpchilik uchun maʼlum boʻlgan veb-saytga joylashtiriladi hamda 5 ish kuni mobaynida muhokama qilinadi.

Muhokama natijalari 2 ish kuni ichida master rejaga oid fikrlarni toʻplash hamda jamoatchilik muhokamasi yigʻilishining bayonnomasida qayd etiladi.

15. Master reja quyidagi vakolatli organlar bilan kelishiladi:

tegishli tuman (shahar) hokimligi;

Kadastr agentligining hududiy boshqarmasi;

Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligining hududiy boshqarmasi;

Iqtisodiyot va moliya vazirligining hududiy boshqarmasi;

Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining hududiy boshqarmasi;

Madaniy meros agentligining hududiy boshqarmasi (Madaniy meros obyektlari mavjud hududlar uchun);

Turizm qoʻmitasining hududiy boshqarmasi (turizm hududlari uchun).

Master reja zaruratga koʻra, buyurtmachi tomonidan boshqa davlat organlari, tashkilot va muassasalar bilan ham kelishilishi mumkin.

Kelishib olish muddati 10 ish kunidan oshmasligi kerak.

16. Master rejaning loyihalashtirish topshirigʻi hamda master rejani ishlab chiqish haqidagi shartnoma shartlariga muvofiq emasligi uni kelishishni rad etish uchun asos boʻladi.

Master rejani boshqa asoslarga koʻra rad etish taqiqlanadi.

Master reja kelishish rad etilgandan keyin kelishib beruvchining eʼtirozlariga muvofiq kamchiliklarni bartaraf etib, master reja kelishish uchun qayta kiritiladi.

Master reja kelishishni rad etish uchun asos boʻlgan sabablar bartaraf etilganda, 5 ish kunida takroriy kelishiladi.

17. Master rejani takroran koʻrib chiqishda kelishib beruvchilar tomonidan avvalgi rad etish asoslarida bayon etilmagan sabablarning keltirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi, avval koʻrsatilgan sabablar bartaraf etilganini tasdiqlovchi maʼlumotlar bilan bogʻliq rad etish sabablarining keltirilishi bundan mustasno.

18. Master reja kelishilgandan soʻng Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari:

5 ish kuni ichida master rejani koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi.

10 ish kunida ishlab chiqilgan master rejani roʻyobga chiqarish boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni tasdiqlaydi.

4-bob. Master rejani ishlab chiqishni moliyalashtirish

19. Quyidagilar master rejani ishlab chiqishning moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:

ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturlari doirasida hududlarning bosh rejasi, arxitektura-rejalashtirish va batafsil rejalashtirish loyihalarini ishlab chiqish uchun nazarda tutilgan mablagʻlar;

respublika budjetidan mahalliy budjetlarga ajratiladigan ssuda mablagʻlari;

viloyatlar mahalliy budjetlari va ularning qoʻshimcha mablagʻlari;

tuman (shahar)lar budjetlari va ularning qoʻshimcha mablagʻlari;

xalqaro moliya institutlari grantlari, xorijiy hukumat moliya tashkilotlari, xalqaro tashkilotlar va jamgʻarmalar, jismoniy va yuridik shaxslar va boshqa donorlarning homiylik xayriyalari;

Turizmni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi;

Davlat aktivlarini boshqarish, transformatsiya va xususiylashtirish jamgʻarmasi;

zaruratga koʻra tashabbuskorlar mablagʻlari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa moliyalashtirish manbalari.

Master rejani ishlab chiqishni moliyalashtirish tartibi tegishli moliyalashtirish manbalari boʻyicha qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

20. Tasdiqlangan master rejaga oʻzgartirishlar ushbu hujjatni tasdiqlagan organning qaroriga muvofiq hamda belgilangan tartibda kelishilgandan soʻng kiritiladi.

21. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Hududning master rejasini ishlab chiqish, kelishish va tasdiqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Master rejani ishlab chiqish, kelishish va tasdiqlash

Bosqichlar Subyektlar Amalga oshiriladigan tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Buyurtmachi Master reja ishlab chiqiladigan hudud chegaralari tuman va shaharlar hokimlari takliflari asosida Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi (yer toifasi oʻzgartirilayotgan hududlar uchun) Kadastr agentligi, Turizm qoʻmitasining (turizm hududlari uchun) hududiy boshqarmalari bilan kelishish va Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining birinchi oʻrinbosarlari hamda qurilish masalalari boʻyicha oʻrinbosarlari tomonidan tanlash va tasdiqlatish. 5 ish kunida 2-bosqich Buyurtmachi Master rejasi ishlab chiqilishi belgilangan hudud boʻyicha muhandislik geologiya va topotasvir ishlarini amalga oshirish. belgilangan muddatda 3-bosqich Buyurtmachi Master rejaning aniqlangan hudud chegarasi hamda geologiya va topotasvir ishlari, shuningdek, boshqa talab etiladigan hujjatlarga asosan loyihalashtirish topshirigʻini ishlab chiqish. belgilangan muddatda 4-bosqich Buyurtmachi Loyiha topshirigʻi asosida ishlab chiqilgan master rejani viloyat hokimligi, tegishli tuman (shahar) hokimligi, tuman tashkilotlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari bilan kamida ikki marta muhokama qilish. master rejaning dastlabki natijalari taqdim etilgandan soʻng 3 ish kunida, yakuniy natijalari topshirilgandan soʻng 5 ish kunida 5-bosqich Buyurtmachi Ishlab chiqilgan master rejani veb-saytga joylashtirish. 5 ish kunida 6-bosqich Buyurtmachi Master rejaga oid fikrlarni toʻplash hamda jamoatchilik muhokamasi yigʻilishining bayonnomasini rasmiylashtirish. 2 ish kunida 7-bosqich Buyurtmachi Jamoatchilik muhokamalari natijalariga koʻra, master rejani kelishish uchun tegishli tuman (shahar) hokimligi, Kadastr agentligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Madaniy meros agentligi, Turizm qoʻmitasining hududiy boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organlar)ga yuborish. Real vaqt rejimida 8-bosqich Vakolatli organlar Master reja kelib tushgandan soʻng uni kelishish va buyurtmachiga joʻnatish. 10 ish kunida 9-bosqich Vakolatli organlar Master reja yuzasidan kelishishni rad etish uchun asos boʻlgan sabablar bartaraf etilganda, takroriy kelishish. 5 ish kunida 10-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari 1. Master reja loyihasini koʻrib chiqish va tasdiqlash. 5 ish kunida 2. Ishlab chiqilgan master rejani amalga oshirish boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni tasdiqlash. 10 ish kunida

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 12-avgustdagi 497-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimcha

1. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-fevraldagi 71-son qarori bilan tasdiqlangan Tadbirkorlik va shaharsozlik faoliyatini amalga oshirish uchun yer uchastkalarini mulk huquqi va ijara huquqi asosida elektron onlayn-auksion orqali realizatsiya qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 3-bandi toʻqqizinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ master reja — hududlarning aniq muammolarini bartaraf etishga yoʻnaltirilgan, oʻzida shaharsozlik, ijtimoiy-iqtisodiy, ekologik va boshqa loyiha yechimlarini mujassamlashtirgan, shuningdek, hududlarning qismlarini iqtisodiy rivojlantirishni yaqin, oʻrta va uzoq muddatlarga rejalashtirish va ularning iqtisodiy salohiyatini roʻyobga chiqarish maqsadida mavjud muammolarning aniq yechimi va amalga oshirish mexanizmlarini oʻzida aks ettirgan hujjat”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 12-avgust,

497-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.08.2024-y., 09/24/497/0641-son; 16.05.2026-y., 09/26/246/0492-son )

lex.uz