UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 24-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 24 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 августа 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 August 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларини қўллаб-қувватлаш ҳамда «Оқила аёллар» ҳаракати аъзоларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

«Ўзбекистон — 2030» стратегияси ижросини таъминлаш, шу жумладан, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, фарзанд тарбияси, оила ва хотин-қизлар маънавиятини янада юксалтириш, фаол ва ташаббускор аёлларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда хотин-қизлар фаолларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (кейинги ўринларда — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидагиларни жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

а) «Оқила аёллар» ҳаракатининг фаол ва ташаббускор аъзоларини Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳамда «Маърифат» тарғиботчилар жамиятига ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳар олти ой (ярим йиллик) якунига кўра меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида рағбатлантириш. Бунда:

республика, ҳудудий ва туман (шаҳар)лардаги «Оқила аёллар» ҳаракати фаолиятининг натижаларини Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари йиғилишларида ҳар олти ойда (ярим йилликда) бир маротаба муҳокама қилиб, фаолият самарадорлиги натижаларига кўра юқори кўрсаткичга эришган «Оқила аёллар» ҳаракатининг энг фаол ва ташаббускор аъзолари аниқланади;

«Оқила аёллар» ҳаракатининг энг фаол ва ташаббускор аъзолари (республика даражасида 10 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасида 3 нафардан, туман (шаҳар)лар даражасида 2 нафардан) рағбатлантирилади;

б) маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари ишининг самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш натижаларига асосан Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари, ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳар олти ой (ярим йиллик) якуни бўйича энг юқори натижаларга эришган 300 нафар хотин-қизлар фаолларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида рағбатлантириш.

Бунда энг юқори натижаларга эришган хотин-қизлар фаолларини рағбатлантириш тартиби Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан белгиланади.

2. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тизимидаги ходимлар малакасини оширишни ташкил этишни таъминловчи электрон модулни ишлаб чиқсин.

Белгилансинки, электрон модулни ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.

3. «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда жамоатчилик назорати доирасида давлат органлари ва ташкилотларида уч йиллик режа асосида гендерга оид аудит ўтказилиши инобатга олинсин. Бунда:

гендер аудит ўтказишнинг натижаларига кўра ходимлари сонининг 30 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлган ҳамда марказий аппарат раҳбари ёки унинг ўринбосарларидан бири аёл бўлган давлат ташкилотлари рўйхатини шакллантириш ва уларни қўшимча рағбатлантириш, оммавий ахборот воситалари орқали эътироф этиш чоралари кўрилади;

давлат хизматларини кўрсатиш, таълим, илм-фан, спорт ҳамда соғлиқни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилади;

хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар етарли даражада таъминланмаган вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотларда гендерга доир комплекс ёндашувни босқичма-босқич жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади;

аниқланган муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ҳар ярим йилда Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясига киритиб борилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари З.Б. Махкамова зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 августдаги 527-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 31 мартдаги 145-сон қарорида :

а) 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«7. «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари ёшидан қатъи назар) фарзандларига даволаш, дори воситалари олиб бериш ёки мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун маблағ зарур бўлган ҳолатларда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси хулосаси ва сектор раҳбари тавсияси билан тиббий муолажа харажатлари «Аёллар дафтари» жамғармаси ва Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

2024 йил 1 ноябрдан бошлаб хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади»;

б) 1-илованинг 4-бандида :

3-кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«3) боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар — боқувчиси вафот этган, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, руҳий касалликка чалинган, I-II гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда доимий даромад манбаига эга бўлмаган, бедарак йўқолган (суд қарорига асосан) ёхуд бошқа сабабларга кўра боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар, фарзандлари вояга етмаган боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд аёллар, шунингдек, никоҳи бекор қилинган эҳтиёжманд хотин-қизлар ва эҳтиёжманд ёлғиз оналар (ФҲДЁ органларининг маълумотномаси асосида)»;

6-кичик банд «бевосита парваришлаётган» сўзларидан кейин «ва (ёки) сурункали касалликнинг оғир турларига чалинган болалари мавжуд бўлган» сўзлари билан тўлдирилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 августдаги 437-сон қарори билан тасдиқланган «Оқила аёллар» ҳаракати тўғрисидаги намунавий низомда :

а) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«2. Ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита), Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларида ҳамда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳузурида доимий асосда фаолият юритувчи юридик шахс бўлмаган жамоатчилик тузилмаси ҳисобланади.»;

б) 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«9. Ҳаракат, қоида тариқасида, Қўмита ҳузурида республика даражасида — 50 нафар, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари ҳузурида вилоят даражасида — 35 — 40 нафардан, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳузурида туман (шаҳар) даражасида — 30 нафардан фаол ва ташаббускор аёллардан иборат таркибда шакллантирилади.».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 24 август,

527-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.08.2024 й., 09/24/527/0645-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Mahallalardagi xotin-qizlar faollarini qoʻllab-quvvatlash hamda “Oqila ayollar” harakati aʼzolarini ragʻbatlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

“Oʻzbekiston — 2030” strategiyasi ijrosini taʼminlash, shu jumladan, mahallalarda ijtimoiy-maʼnaviy muhitni sogʻlomlashtirish, farzand tarbiyasi, oila va xotin-qizlar maʼnaviyatini yanada yuksaltirish, faol va tashabbuskor ayollarning saʼy-harakatlarini birlashtirish uchun zarur shart-sharoitlar yaratish hamda xotin-qizlar faollarini qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi) hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining 2024-yil 1-sentabrdan boshlab quyidagilarni joriy etish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin:

a) “Oqila ayollar” harakatining faol va tashabbuskor aʼzolarini Oila va xotin-qizlarni qoʻllab-quvvatlash davlat maqsadli jamgʻarmasi hamda “Maʼrifat” targʻibotchilar jamiyatiga ajratilgan mablagʻlar hisobidan har olti oy (yarim yillik) yakuniga koʻra mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining bir baravari miqdorida ragʻbatlantirish. Bunda:

respublika, hududiy va tuman (shahar)lardagi “Oqila ayollar” harakati faoliyatining natijalarini Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi va uning hududiy boʻlinmalari yigʻilishlarida har olti oyda (yarim yillikda) bir marotaba muhokama qilib, faoliyat samaradorligi natijalariga koʻra yuqori koʻrsatkichga erishgan “Oqila ayollar” harakatining eng faol va tashabbuskor aʼzolari aniqlanadi;

“Oqila ayollar” harakatining eng faol va tashabbuskor aʼzolari (respublika darajasida 10 nafar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar darajasida 3 nafardan, tuman (shahar)lar darajasida 2 nafardan) ragʻbatlantiriladi;

b) mahalladagi xotin-qizlar faollari ishining samaradorlik koʻrsatkichlarini baholash natijalariga asosan Oila va xotin-qizlarni qoʻllab-quvvatlash davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari, homiylik xayriyalari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan har olti oy (yarim yillik) yakuni boʻyicha eng yuqori natijalarga erishgan 300 nafar xotin-qizlar faollarini mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining bir baravari miqdorida ragʻbatlantirish.

Bunda eng yuqori natijalarga erishgan xotin-qizlar faollarini ragʻbatlantirish tartibi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi tomonidan belgilanadi.

2. Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi tizimidagi xodimlar malakasini oshirishni tashkil etishni taʼminlovchi elektron modulni ishlab chiqsin.

Belgilansinki, elektron modulni ishlab chiqish bilan bogʻliq xarajatlar Oila va xotin-qizlarni qoʻllab-quvvatlash davlat maqsadli jamgʻarmasiga ajratilgan mablagʻlar doirasida moliyalashtiriladi.

3. “Xotin-qizlar va erkaklar uchun teng huquq hamda imkoniyatlar kafolatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuniga muvofiq Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi tomonidan Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi bilan birgalikda jamoatchilik nazorati doirasida davlat organlari va tashkilotlarida uch yillik reja asosida genderga oid audit oʻtkazilishi inobatga olinsin. Bunda:

gender audit oʻtkazishning natijalariga koʻra xodimlari sonining 30 foizi xotin-qizlardan iborat boʻlgan hamda markaziy apparat rahbari yoki uning oʻrinbosarlaridan biri ayol boʻlgan davlat tashkilotlari roʻyxatini shakllantirish va ularni qoʻshimcha ragʻbatlantirish, ommaviy axborot vositalari orqali eʼtirof etish choralari koʻriladi;

davlat xizmatlarini koʻrsatish, taʼlim, ilm-fan, sport hamda sogʻliqni saqlash, ijtimoiy-iqtisodiy sohalarda xotin-qizlar va erkaklar uchun teng huquq hamda imkoniyatlar yaratiladi;

xotin-qizlar va erkaklar uchun teng huquq va imkoniyatlar yetarli darajada taʼminlanmagan vazirlik va idoralar, korxona va tashkilotlarda genderga doir kompleks yondashuvni bosqichma-bosqich joriy etishga qaratilgan chora-tadbirlar ishlab chiqiladi;

aniqlangan muammolar va ularni bartaraf etish yuzasidan takliflar har yarim yilda Xotin-qizlarning jamiyatdagi rolini oshirish, gender tenglik va oila masalalari boʻyicha respublika komissiyasiga kiritib boriladi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

5. Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri oʻrinbosari Z.B. Maxkamova zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-avgustdagi 527-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining “Xotin-qizlar muammolarini oʻrganish va hal etish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 31-martdagi 145-son qarorida :

a) 7-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“7. “Ayollar daftari”ga kiritilgan xotin-qizlar va ularning voyaga yetmagan (qaramogʻida I guruh nogironligi boʻlgan farzandlari yoshidan qatʼi nazar) farzandlariga davolash, dori vositalari olib berish yoki murakkab jarrohlik amaliyotlari uchun mablagʻ zarur boʻlgan holatlarda tuman (shahar) tibbiyot birlashmasi xulosasi va sektor rahbari tavsiyasi bilan tibbiy muolaja xarajatlari “Ayollar daftari” jamgʻarmasi va Oila va xotin-qizlarni qoʻllab-quvvatlash davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan toʻlab beriladi.

2024-yil 1-noyabrdan boshlab xotin-qizlarning ijtimoiy faolligini oshirish, ularga oʻz salohiyatini toʻliq roʻyobga chiqarishi uchun qoʻshimcha shart-sharoitlar yaratish maqsadida ogʻir ijtimoiy ahvolga tushib qolgan xotin-qizlarni kasbga tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish xarajatlari Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi”;

b) 1-ilovaning 4-bandida :

3-kichik band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“3) boquvchisi boʻlmagan ehtiyojmand xotin-qizlar — boquvchisi vafot etgan, jazoni ijro etish muassasalarida saqlanayotgan, ruhiy kasallikka chalingan, I-II guruh nogironligi boʻlgan hamda doimiy daromad manbaiga ega boʻlmagan, bedarak yoʻqolgan (sud qaroriga asosan) yoxud boshqa sabablarga koʻra boquvchisi boʻlmagan ehtiyojmand xotin-qizlar, farzandlari voyaga yetmagan boquvchisi boʻlmagan ehtiyojmand ayollar, shuningdek, nikohi bekor qilingan ehtiyojmand xotin-qizlar va ehtiyojmand yolgʻiz onalar (FHDY organlarining maʼlumotnomasi asosida)”;

6-kichik band “bevosita parvarishlayotgan” soʻzlaridan keyin “va (yoki) surunkali kasallikning ogʻir turlariga chalingan bolalari mavjud boʻlgan” soʻzlari bilan toʻldirilsin.

2. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 8-avgustdagi 437-son qarori bilan tasdiqlangan “Oqila ayollar” harakati toʻgʻrisidagi namunaviy nizomda :

a) 2-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“2. Harakat Oʻzbekiston Respublikasi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita), Qoraqalpogʻiston Respublikasi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi, viloyatlar hamda Toshkent shahar oila va xotin-qizlar boshqarmalarida hamda tuman (shahar) oila va xotin-qizlar boʻlimlari huzurida doimiy asosda faoliyat yurituvchi yuridik shaxs boʻlmagan jamoatchilik tuzilmasi hisoblanadi.”;

b) 9-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“9. Harakat, qoida tariqasida, Qoʻmita huzurida respublika darajasida — 50 nafar, tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi, viloyatlar hamda Toshkent shahar oila va xotin-qizlar boshqarmalari huzurida viloyat darajasida — 35 — 40 nafardan, tuman (shahar) oila va xotin-qizlar boʻlimlari huzurida tuman (shahar) darajasida — 30 nafardan faol va tashabbuskor ayollardan iborat tarkibda shakllantiriladi.”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 24-avgust,

527-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.08.2024-y., 09/24/527/0645-son)

lex.uz