📅 2024-yil 27-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 27-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 27 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 27 августа 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 27 August 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ТУЗИЛМАСИ
Давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш, уларга менежерлик сертификатини бериш ва номзодларни лавозимга тайинлаш тизимини жорий этиш тўғрисида
Давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори лавозимига юқори малакали, замонавий бошқарув кўникмаларига эга бўлган кадрларни тайинлаш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2025 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги давлат мактабгача таълим ташкилоти (кейинги ўринларда — ташкилот) директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга махсус портал орқали менежерлик сертификатини электрон шаклда бериш тизими жорий қилинсин.
2. Белгилансинки:
а) 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб менежерлик сертификатига эга бўлган ташкилот директорига ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати давомида лавозим маошига ҳар ойлик 30 фоиз қўшимча устамалар тўланади;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан менежерлик сертификатига эга бўлган номзодлар орасидан ташкилот директори лавозимига номзодлар захираси шакллантирилади.
Бунда ташкилот директори вакант лавозимларига номзодлар фақат сертификати мавжуд бўлган ва ушбу кичик банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган номзодлар захирасига киритилган кадрлар орасидан танлаб олинади;
в) Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодлар учун тарбия жараёнларини самарали бошқариш бўйича контент материалларини ишлаб чиқишда кўмаклашади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
менежерлик ўқув курсини ташкил этиш тартиби;
номзодларга сертификат бериш учун якуний синовларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби.
4. Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сон қарорига 1-ИЛОВА
Давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) тизимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — ташкилот) директори лавозимига номзодларни (кейинги ўринларда — номзодлар) менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом асосида менежерлик сертификатига эга бўлган номзодларга ташкилот директори лавозими учун танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Ташкилотларда фаолият юритаётган директорлар (кейинги ўринларда — директорлар) ҳар 5 йилда бир маротаба ушбу Низом талабларига мувофиқ менежерлик сертификатини олиши талаб этилади.
3. Номзодларнинг бошқарув соҳасига оид билим ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда баҳолаш натижаси бўйича давлат намунасидаги менежерлик сертификати электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда берилади.
4. Мазкур Низом талаблари нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари директори лавозимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
5. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
менежерлик ўқув курси (кейинги ўринларда — ўқув курси) — номзодларни тайёрлаш учун тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида ишлаб чиқилган машғулотлар тизими;
менежерлик сертификати (кейинги ўринларда — сертификат) — ташкилот директори лавозимида ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;
махсус портал — Вазирликнинг номзодларни рўйхатдан ўтказиш, ўқув курси талаблари ва муддатлари ҳақида ҳамда ўқув курси билан боғлиқ бошқа маълумотлар жойлаштириладиган электрон дастурий тизими;
ўқув режаси — ўқув курсида ўқитиладиган ўқув модуллари, уларга ажратилган соатлар, ўқитиш муддатлари ва шакллари белгилаб берилган ҳужжат;
ўқув дастури — ҳар бир ўқув мавзусининг мазмуни, машғулот шакли, тингловчилар томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган билим, кўникма ва малакалар ҳажми белгилаб берилган ҳужжат;
якуний синов — ўқув курси охирида ўтказиладиган якуний назорат, амалий топшириқлар ижросини баҳолаш жараёни.
2-боб. Ўқув курсларини ташкил этиш
6. Ўқув курслари ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ташкил этилади.
7. Ўқув курслари Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти (кейинги ўринларда — Институт) томонидан ташкил этилади.
8. Ўқув курслари тўғрисидаги маълумотлар махсус порталга жойлаштирилади.
9. Номзодлар махсус портал орқали электрон шаклда рўйхатдан ўтади ҳамда ўқув курсида ўқиш учун ариза топширади.
Бунда номзодлар камида бакалавр даражасига ҳамда ташкилот директорлари учун белгиланган малака талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
10. Таълимда менежмент ёки таълимда бошқарув мутахассислиги бўйича магистр даражасига эга бўлган номзодлар ўқув курсида ўқимасдан сертификат олиш бўйича якуний синов жараёнларида иштирок этишлари мумкин.
Таълимда менежмент ёки таълимда бошқарув ихтисослиги бўйича илмий даражага эга бўлган номзодлар учун сертификат уларнинг аризасига асосан тўғридан-тўғри берилади.
11. Аризалар календарь йил давомида узлуксиз қабул қилинади.
12. Ўқув курсларига жалб этилган номзодлар рўйхати уларнинг аризалари асосида Институт томонидан шакллантирилади ҳамда тасдиқланади.
13. Номзодлар ўқув курсларида улар билан Институт ўртасида тузилган шартнома асосида ўқитилади ҳамда баҳоланади.
14. Ўқув курслари 20 — 30 нафар тингловчилардан иборат академик гуруҳларда ташкил этилади.
Тингловчилар контингенти етарли бўлмаган тақдирда, шу жумладан, рус тилида дарс ўтиладиган гуруҳларда тингловчилар сони, истисно тариқасида, камида 15 нафар этиб белгиланиши мумкин.
15. Ўқув курсларида ўқиш талабини билдирган номзодлар ва директорлар хоҳиш ҳамда истакларидан келиб чиққан ҳолда, навбатдан ташқари ўқув курслари ташкил этилиши мумкин.
Навбатдан ташқари ўқув курсида ўқитиш тўлов миқдори Институт томонидан белгиланади ва бунда ўқиш талабини билдирганлар номзод сифатида ўқув курсларида иштирок этади.
16. Директорларнинг ўқув курсларида иштирок этиши бўйича режа-тақсимот ҳар йили 1 декабрга қадар Институт томонидан шакллантирилади ҳамда Вазирлик томонидан тасдиқланади.
17. Ўқув курсларининг ўқув режаси ва дастурлари Институт томонидан ишлаб чиқилади, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази томонидан экспертизадан ўтказилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
18. Ўқув курсларининг давомийлиги 144 соатни ташкил қилиб, бир ой давомида ўқитилади. Курсдаги аудитория машғулотларининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.
19. Ўқув машғулотлари назарий, амалий ва ташкилот амалиётидан иборат бўлади. Назарий ва амалий машғулотлар Институтда, ташкилот амалиёти эса ташкилот ҳамда таълим бошқарувини амалга оширадиган ташкилотларда ўтказилади.
20. Номзодларнинг ихтиёрий танлови асосида ўқув курслари ишлаб чиқаришдан ажралган ёки ажралмаган (масофавий, онлайн) ҳолда ташкил этилиши мумкин.
21. Номзод қуйидаги ҳолатларда ўқув курсидан четлаштирилади:
ўқув интизомини ва ички тартиб-қоидаларни бузганлиги учун;
ўқув курсидаги дарс машғулотларини узрли (касаллиги, давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлиги, яқин қариндошининг вафоти) сабабларсиз 18 соат ва ундан ортиқ қолдиргани учун;
саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
номзодга нисбатан суд ҳукми асосида;
вафот этганлиги сабабли.
22. Ўқув курсларини муваффақиятли тугатган номзодлар сертификат бериш бўйича якуний синовларга қўйилади.
3-боб. Ўқув курсларини молиялаштириш
23. Ўқув курсларида бир нафар номзод учун ўқитиш харажатларининг тўлов миқдори асосланган калькуляциясига мувофиқ Вазирлик билан келишилган ҳолда Институт томонидан тасдиқланади.
Бунда молия йили давомида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи миқдорлари ва шартлари ўзгарган ҳолларда, бир нафар номзод учун тўлов миқдори қайта кўриб чиқилиши мумкин.
24. Тасдиқланган ўқитиш харажатлари учун тўлов миқдори номзодлардан ундирилади ва ушбу маблағлар Институтнинг бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади.
Ишдан ажралган ҳолда ўқув курсларда иштирок этиш учун номзодларнинг ўқиш даврида уларнинг иш ҳақи миқдорлари сақлаб қолинмайди ва сафар харажатлари қоплаб берилмайди.
25. Режа-тақсимотга киритилган директорларни ўқитиш харажатлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Вазирликка ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан Институтнинг харажатлар сметасида назарда тутилган ҳолда амалга оширилади.
26. Директорларнинг ўқув курсига жалб этиладиган профессор-ўқитувчиларнинг сонини белгилашда, Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари учун белгиланган бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган тингловчилар сони нисбатининг чекланган нормативлари қўлланилади.
27. Директорларнинг ўқиш даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича лавозими ва амалдаги ўртача иш ҳақи миқдорлари сақлаб қолинади.
28. Ишдан ажралган ҳолда ўқув курсларида иштирок этиш учун юборилган директорлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар уларнинг асосий иш жойидан қопланади.
29. Директорлар биринчи марта менежерлик сертификатини олгандан сўнг кейинги менежерлик ўқув курсларида ўқиш ва менежерлик сертификатини олишда номзод сифатида иштирок этади.
Бунда 2025 йил 1 январга қадар директор лавозимида ишлаб келаётган ходимларни ўқитиш ва сертификат олиш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
4-боб. Номзодларга сертификат бериш учун якуний синовларни ташкил этиш ва ўтказиш
30. Номзодлар учун якуний синовларни ўтказиш жадвалларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, синовларни ўтказиш, уларнинг натижаларини эълон қилиш Институт томонидан амалга оширилади.
31. Якуний синовларни ўтказиш санаси синовлар ўтказиладиган кундан камида етти кун олдин эълон қилинади.
Институт якуний синов ўтказиладиган сана ва жой тўғрисидаги маълумотни махсус портал орқали номзоднинг шахсий кабинетига юборади.
32. Агар номзод турли сабабларга кўра якуний синовда иштирок эта олмайдиган бўлса, Институтга якуний синов ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин ёзма ёки электрон шаклда мурожаат этиши лозим.
Узрли сабабга кўра (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда) якуний синовларда қатнаша олмаган номзод якуний синов бошланган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни Институтга бевосита ёки электрон шаклда тақдим этиши лозим.
Бунда номзоднинг навбатдаги якуний синовга киритилиши таъминланади.
33. Якуний синов топшириқлари Вазирлик томонидан тасдиқланган дастурлар асосида Институт томонидан етакчи олимлар ва малакали мутахассислар, шунингдек, нодавлат ташкилотлар вакилларини шартнома асосида жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилади.
34. Ишлаб чиқилган якуний синов топшириқлари асосида Институт томонидан якуний тест ва кейс саволлари базаси шакллантирилади.
35. Якуний синовлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилади.
36. Номзодлар учун якуний синовлар уларнинг бевосита иштирокида махсус жиҳозланган хоналарда электрон шаклда ўтказилади.
37. Якуний синовлар 25 та тест, кейс ҳамда амалий топшириқлардан иборат бўлади.
38. Тест синовлари учун 50 балл, кейс топшириқлари учун 10 балл ва амалий топшириқлар учун 40 балл (жами 100 балл) берилади.
70 балл ва ундан юқори натижа кўрсатган номзодлар якуний синовни муваффақиятли топширган ҳисобланади ва уларга сертификат берилади. Бунда номзодлар ҳар бир йўналиш бўйича камида 50 фоиз балл йиғиши талаб этилади.
Тест синовлари ва кейс топшириқларини бажариш учун жами 80 дақиқа вақт берилади.
Амалий топшириқлар номзод томонидан ижодий иш шаклида тақдим этилади ва имтиҳон комиссияси томонидан баҳоланади.
Амалий топшириқларни баҳолаш ва имтиҳон комиссиясини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Вазирлик томонидан белгиланади.
39. Белгиланган баллни тўплай олмаган номзодлар бир йил ичида навбатдаги битта якуний синовда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Биринчи марта якуний синовдан ўта олмаган директорлар икки ой ичида бир марта якуний синовда иштирок этиши мумкин. Ушбу муддат ичида якуний синовда иштирок этмаган ёки иккинчи якуний синовда ҳам белгиланган баллни тўплай олмаган директорлар белгиланган тартибда лавозимидан озод этилади.
Номзодлар ва директорлар навбатдаги якуний синовда иштирок этиш учун махсус портал орқали электрон шаклда ариза беради.
Навбатдаги якуний синовда иштирок этиш учун номзодлар ва директорлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Иккинчи марта ҳам якуний синовларда белгиланган баллни тўплай олмаган номзодлар қайта ўқув курсида ўқиганидан сўнг якуний синовларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
40. Номзодлар якуний синовларни топширишга паспорт (идентификация ID-картаси) ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат асосида қўйилади.
Паспорти (идентификация ID-картаси) ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжати бўлмаган ёхуд тест синовига кечиккан номзодлар тест синовига келмаган деб ҳисобланадилар ва навбатдаги тест синовини топширишга рухсат этилган номзодлар рўйхатига ўтказилади.
41. Номзод узрсиз сабабга кўра якуний синовда иштирок этмаган бўлса, у якуний синовдан ўтмаган ҳисобланади.
42. Якуний синовлар жараёнида холис кузатувчиларнинг иштирок этишига рухсат берилади.
Бунда холис кузатувчилар сифатида Вазирлик тизимидаги масъул ходимлар, нодавлат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишлари мумкин.
43. Якуний синов бошланишидан олдин Институтнинг масъул ходими қуйидагиларни амалга ошириши лозим:
номзодларни синовларни ўтказиш тартиби ва синовнинг давом этиш вақти ҳақида хабардор қилиш;
номзодлар томонидан алоқа воситаларини ўчириш ва топширишини таъминлаш;
синов жараёнида фойдаланиш тақиқланган барча предметларни ўз ихтиёрлари билан топширишини таклиф этиш;
синов ўтказилаётган тўлиқ вақт давомида белгиланган тартибларга қатъий риоя қилинишини таъминлаш;
синовни ўтказиш тартибини бузган номзодларни тегишли далолатнома тузган ҳолда синовдан четлаштириш.
44. Якуний синов вақтида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан, маълумот ва махсус адабиётдан фойдаланиш, сўзлашиш, ўзаро ахборот алмашиш, алоқа воситалардан фойдаланиш, синов материаллари ёки уларнинг мазмунига оид бўлган маълумотларни олиб чиқиш тақиқланади.
Мазкур талабларни бузган номзодлар синовни топширмаган деб ҳисобланади ва уларнинг кўрсатган натижалари баҳоланмайди.
45. Якуний синовни ўтказиш жараёни видеоёзувда қайд қилинади. Видеоёзув Институтда бир йил давомида сақланади.
46. Номзодларнинг якуний синов натижалари синовлар ўтказилган куни махсус портал орқали эълон қилинади.
47. Сертификат 5 йил давомида амал қилади. Номзодлар сертификатнинг амал қилиш муддати давомида амал қилиш муддатини узайтириш мақсадида қайта менежерлик сертификатини олиш бўйича якуний синовларда иштирок этишлари мумкин.
48. Институт менежерлик сертификатларининг электрон ҳисобини юритиш юзасидан жавобгар ҳисобланади.
49. Якуний тест синовлари ва кейс топшириқлари базасини шакллантириш, синовларни ташкил этиш ва ўтказиш Вазирлик белгилайдиган тизим ташкилоти томонидан амалга оширилиши мумкин.
Бунда якуний тест синовлари ва кейс топшириқларини ўтказиш учун Институт томонидан Вазирлик томонидан белгиланадиган тизим ташкилотига якуний синовларда иштирок этган ҳар бир номзод учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида маблағлар ўтказилади.
5-боб. Якуний синов натижалари юзасидан апелляция бериш
50. Якуний синов натижаларидан норози бўлган номзодлар натижалар эълон қилинган вақтдан бошлаб беш иш куни мобайнида апелляция комиссиясига махсус портал орқали электрон шаклда ариза (шикоят) беришлари мумкин.
51. Апелляция комиссияси якуний синов бошлангандан кейин икки кун ичида Институт ректорининг буйруғи асосида 3 ёки 5 нафардан иборат таркибда тузилади.
Апелляция комиссияси аъзолигига Институтнинг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида малакали мутахассислар жалб этилади.
52. Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби апелляция комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги буйруқда белгиланади.
Апелляция комиссиясининг мурожаатларни масофадан туриб онлайн тарзда кўриб чиқиш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар махсус порталга жойлаштирилади.
53. Ариза (шикоят) рўйхатга олингандан сўнг икки ҳафта мобайнида апелляция натижаси махсус портал орқали ариза (шикоят) берувчига хабардор қилинади.
54. Апелляция комиссияси таркибига якуний синов жараёнларини ўтказишда иштирок этган шахслар киритилмайди.
55. Апелляция комиссияси муаммоли ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида жамоатчилик асосида малакали мутахассисларни жалб этиши мумкин.
56. Апелляция комиссияси йиғилишида комиссия аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этса, унинг қабул қилган қарори қонуний кучга эга бўлади.
57. Апелляция комиссияси томонидан номзоднинг мурожаати кўриб чиқилгандан сўнг хулосалаш жараёнида бевосита ёки масофадан туриб онлайн тарзда иштирок этиши мумкин.
58. Апелляцияни кўриб чиқиш натижаси бўйича апелляция комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
тўпланган балларни ўзгаришсиз қолдириш;
тўпланган балларни ўзгартириш;
якуний синовни қайта ўтказиш.
59. Апелляция комиссияси қарори нусхаси ариза (шикоят) берувчига апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан уч кун муддатда махсус портал орқали тақдим этилади.
60. Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.
Номзодлар апелляция комиссиясининг қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
6-боб. Сертификатни бериш тартиби
61. Якуний синовда ижобий натижага эришган номзодга якуний синов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта мобайнида Институт ректорининг буйруғи асосида мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда сертификат берилади.
Номзод сертификатни шахсий кабинети орқали юклаб олиши мумкин.
62. Сертификатлар реестри Институт томонидан махсус портал орқали юритилади.
Сертификатлар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми;
Институтнинг сертификат бериш тўғрисидаги буйруғининг санаси ва тартиб рақами;
ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақами;
берилган санаси;
амал қилиш муддати.
63. Сертификатнинг ҳақиқийлиги тўғрисидаги маълумотларни махсус портал орқали текшириш имконияти яратилади.
7-боб. Номзодларни саралаш ва лавозимга тайинлаш
64. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) ташкилот директори вакант лавозими учун «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий аппарат комплексидан ҳамда Вазирликнинг «menejer.uzedu.uz» ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда беш иш куни муддатга эълон беради.
65. Ташкилот директори вакант лавозимига очиқ танлов учун келиб тушган номзодларнинг ҳужжатлари ҳудудий бошқармалар томонидан икки иш куни давомида кўриб чиқилади ва ташкилот директори вакант лавозимига тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатларини тегишли ташкилотнинг Кузатув кенгашига тақдим этади.
66. Кузатув кенгаши икки иш куни давомида ташкилот директори вакант лавозимига тақдим этилган номзодларни танлаш юзасидан йиғилиш ўтказади ва камида уч нафар номзодни овоз бериш йўли билан танлайди.
Йиғилиш якуни бўйича баённома расмийлаштирилади ва баённома ҳамда номзодларнинг ҳужжатлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари директорлар кенгашига (кейинги ўринларда — Директорлар кенгаши) тақдим этилади.
66 1 . Директорлар кенгаши ташкилот директори вакант лавозимига тақдим этилган номзодларнинг малака талабларига мослигини ўрганади ҳамда малака талабларига мос келган номзодлар билан суҳбат ўтказади. Суҳбат натижаларига асосан бир нафар номзодни вакант лавозимига тайинлаш бўйича ҳудудий бошқармага тавсия беради.
67. Ҳудудий бошқарма Директорлар кенгаши томонидан танлаб олинган номзод билан икки иш куни ичида меҳнат шартномаси тузади ҳамда ташкилот директори лавозимига тайинлаш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиради.
8-боб. Якунловчи қоидалар
68. Институт томонидан ариза берувчилар тўғрисидаги шахсий маълумотларнинг махфийлиги таъминланади. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан расмий мурожаат бўлган тақдирда, ариза берувчилар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади.
69. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
70. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ўқув курсларини ташкил этиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Номзодлар 1. Менежерлик ўқув курсларида ўқиш учун махсус портал орқали рўйхатдан ўтади. Доимий Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти 2. Менежерлик ўқув курсларида ўқиш учун рўйхатдан ўтган номзодлар билан шартномалар тузади. Доимий 2-босқич Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти 1. Шакллантирилган рўйхат асосида номзодлар ва директорлар учун менежерлик ўқув курсларини ўтказиш жадвалини тасдиқлайди ва эълон қилади. Ўқув курси бошида 2. Номзодлар ва директорлар учун менежерлик ўқув курсларини ташкил этади. Ҳар ой давомида 3. Номзодлар ва директорларни тасдиқланган дастурлар асосида ўқитади. Ўқув курси давомида 4. Менежерлик ўқув курслари учун якуний синовни ўтказиш жадвалларини тасдиқлайди ва муваффақиятли иштирок этган номзодлар ва директорларни якуний синовларга йўналтиради. Ўқув жараёни якунида 3-босқич Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти 1. Курс якуни бўйича якуний синовни ўтказади. 2. Якуний синов натижалари юзасидан номзодлар ва директорларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқади. 3. Синов натижаларига кўра менежерлик ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга электрон рақамли имзо билан тасдиқланган QR-код қўйилган менежерлик сертификатини беради. Ҳар ўқув курси якунида
Давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодлар учун менежерлик сертификатининг давлат намунаси
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сон қарорига 2-ИЛОВА
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий ин ститути н и нг
Илмий кенгаш Директор Илмий котиб Директорнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари Директорнинг умумий ишлар бўйича ўринбосари Бош ҳисобчи Ходимлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис Миллий тарбия, мутафаккирлар ва жадидларнинг педагогик таълимотлари илмий-тадқиқот бўлими 2 Инклюзив таълим-тарбия методикаси илмий-тадқиқот бўлими 2 «Маҳалла — оила — мактаб ҳамкорлиги» илмий-тадқиқот бўлими 2 Юрисконсульт Халқаро педагогик тажрибалар илмий-тадқиқот бўлими 2 Матбуот котиби «Ота-оналар университети» ва тарбиявий жараёнларнинг методик таъминоти илмий-тадқиқот бўлими 3 Миллий тарбия жараёнларини ташкил этиш ва бошқариш технологиялари илмий-тадқиқот бўлими 3 Қорақалпоғистон филиали * «Тарбиявий ишлар методикаси» журнали, «Физика, математика ва информатика» илмий-методик журнали, «Узлуксиз таълим» илмий-методик журнали ** Илмий ва илмий педагог кадрлар тайёрлаш илмий-тадқиқот бўлими 3 Миллий тарбиянинг рақамли педагогик таъминоти илмий-тадқиқот бўлими 3
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Рес публикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 19 майдаги 312-сон қарорининг 9-банди бешинчи хатбошисидаги «2024/2025» рақамлари «2025/2026» рақамлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат илмий ташкилотларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштиришга ўтказиш тўғрисида» 2021 йил 26 майдаги 326-сон қарорида :
а) 1-илованинг II бўлими 1-позицияси чиқариб ташлансин;
б) 2-илованинг II бўлими 22-позицияси чиқариб ташлансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги 681-сон қарори билан тасдиқланган Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомда :
а) 2-банднинг учинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
б) 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Таълимда менежмент ёки таълимда бошқарув мутахассислиги бўйича магистр даражасига эга бўлган номзодлар ўқув курсида ўқимасдан, сертификат олиш бўйича якуний синов жараёнларида иштирок этишлари мумкин.
Таълимда менежмент ёки таълимда бошқарув ихтисослиги бўйича илмий даражага эга бўлган номзодлар учун сертификат уларнинг аризасига асосан тўғридан-тўғри берилади»;
в) 11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. Аризалар календарь йил давомида узлуксиз қабул қилинади»;
г) қуйидаги мазмундаги 14 1 -банд билан тўлдирилсин:
«14 1 . Ўқув курсларида ўқиш талабини билдирган номзодлар ва директорлар хоҳиш ва истакларидан келиб чиққан ҳолда, навбатдан ташқари ўқув курслари ташкил этилиши мумкин.
Навбатдан ташқари ўқув курсида ўқитиш тўлов миқдори Институт томонидан белгиланади ва бунда ўқиш талабини билдирганлар номзод сифатида ўқув курсларида иштирок этади»;
д) 16-банднинг иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
е) 22-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«22. Ўқув курсларида бир нафар номзод учун ўқитиш харажатларининг тўлов миқдори асосланган калькуляцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда Институт томонидан тасдиқланади»;
ж) 32-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«32. Якуний синов топшириқлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган дастурлар асосида Институт томонидан етакчи олимлар ва малакали мутахассислар, шунингдек, нодавлат ташкилотлар вакилларини шартнома асосида жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилади»;
з) 37-бандда :
иккинчи хатбоши «сертификат берилади.» сўзларидан кейин «Бунда номзодлар ҳар бир йўналиш бўйича камида 50 фоиз балл йиғиши талаб этилади.» сўзлари билан тўлдирилсин;
учинчи хатбошидаги «120» рақами «80» рақами билан алмаштирилсин;
и) 38-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«38. Белгиланган баллни тўплай олмаган номзодлар бир йил ичида навбатдаги битта якуний синовда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Биринчи марта якуний синовдан ўта олмаган директорлар икки ой ичида бир марта якуний синовда иштирок этиши мумкин. Ушбу муддат ичида якуний синовда иштирок этмаган ёки иккинчи якуний синовда ҳам белгиланган баллни тўплай олмаган директорлар белгиланган тартибда лавозимидан озод этилади.
Номзодлар ва директорлар навбатдаги якуний синовда иштирок этиш учун махсус портал орқали электрон шаклда ариза беради.
Навбатдаги якуний синовда иштирок этиш учун номзодлар ва директорлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Иккинчи марта ҳам якуний синовларда белгиланган баллни тўплай олмаган номзодлар қайта ўқув курсида ўқиганидан сўнг якуний синовларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади»;
к) 44-банддаги «олти ой» сўзлари «бир йил» сўзлари билан алмаштирилсин;
л) қуйидаги мазмундаги 47 1 -банд билан тўлдирилсин:
«47 1 . Якуний тест синовлари ва кейс топшириқлари базасини шакллантириш, синовларни ташкиллаштириш ва ўтказиш Вазирлик белгилайдиган тизим ташкилоти томонидан амалга оширилиши мумкин.
Бунда якуний тест синовлари ва кейс топшириқларини ўтказиш учун Институт томонидан Вазирлик томонидан белгиланадиган тизим ташкилотига якуний синовларда иштирок этган ҳар бир номзод учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида маблағлар ўтказилади»;
м) 48-банддаги «ёзма ёки» сўзлари «махсус портал орқали» сўзлари билан алмаштирилсин;
н) 51-банд «апелляция натижаси» сўзларидан кейин «махсус портал орқали» сўзлари билан тўлдирилсин;
о) 57-банд «уч кун муддатда» сўзларидан кейин «махсус портал орқали» сўзлари билан тўлдирилсин;
п) 60-банднинг биринчи хатбошиси «Марказ томонидан» сўзларидан кейин «махсус портал орқали» сўзлари билан тўлдирилсин;
р) 1-иловада :
1-босқичнинг «Муддатлар» устунидаги «5-санасига қадар» сўзлари «Доимий» сўзи билан алмаштирилсин;
2-босқичнинг «Тадбирлар» устунидан «жамоада ишлаш ва ота-оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари кўникмалари бўйича» сўзлари чиқариб ташлансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 27 август,
531-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
TUZILMASI
Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktori lavozimiga nomzodlarni menejerlik oʻquv kurslarida oʻqitish, ularga menejerlik sertifikatini berish va nomzodlarni lavozimga tayinlash tizimini joriy etish toʻgʻrisida
Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktori lavozimiga yuqori malakali, zamonaviy boshqaruv koʻnikmalariga ega boʻlgan kadrlarni tayinlash tizimini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. 2025-yil 1-yanvardan boshlab Maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktor va mutaxassislarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish institutida Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tizimidagi davlat maktabgacha taʼlim tashkiloti (keyingi oʻrinlarda — tashkilot) direktori lavozimiga nomzodlarni menejerlik oʻquv kurslarida oʻqitish va ularga maxsus portal orqali menejerlik sertifikatini elektron shaklda berish tizimi joriy qilinsin.
2. Belgilansinki:
a) 2025-yil 1-sentabrdan boshlab menejerlik sertifikatiga ega boʻlgan tashkilot direktoriga ushbu sertifikatning amal qilish muddati davomida lavozim maoshiga har oylik 30 foiz qoʻshimcha ustamalar toʻlanadi;
b) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar hamda Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari tomonidan menejerlik sertifikatiga ega boʻlgan nomzodlar orasidan tashkilot direktori lavozimiga nomzodlar zaxirasi shakllantiriladi.
Bunda tashkilot direktori vakant lavozimlariga nomzodlar faqat sertifikati mavjud boʻlgan va ushbu kichik bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan nomzodlar zaxirasiga kiritilgan kadrlar orasidan tanlab olinadi;
v) Qori Niyoziy nomidagi Tarbiya pedagogikasi milliy instituti maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari direktori lavozimiga nomzodlar uchun tarbiya jarayonlarini samarali boshqarish boʻyicha kontent materiallarini ishlab chiqishda koʻmaklashadi.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktori lavozimiga nomzodlarni menejerlik oʻquv kurslarida oʻqitish va ularga menejerlik sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
menejerlik oʻquv kursini tashkil etish tartibi;
nomzodlarga sertifikat berish uchun yakuniy sinovlarni tashkil etish va oʻtkazish tartibi.
4. Qori Niyoziy nomidagi Tarbiya pedagogikasi milliy institutining tuzilmasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri X.U. Umarova zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 27-avgustdagi 531-son qaroriga 1-ILOVA
Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktori lavozimiga nomzodlarni menejerlik oʻquv kurslarida oʻqitish va ularga menejerlik sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tizimidagi davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — tashkilot) direktori lavozimiga nomzodlarni (keyingi oʻrinlarda — nomzodlar) menejerlik oʻquv kurslarida oʻqitish va ularga menejerlik sertifikatini berish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom asosida menejerlik sertifikatiga ega boʻlgan nomzodlarga tashkilot direktori lavozimi uchun tanlovda ishtirok etish huquqi beriladi.
Tashkilotlarda faoliyat yuritayotgan direktorlar (keyingi oʻrinlarda — direktorlar) har 5 yilda bir marotaba ushbu Nizom talablariga muvofiq menejerlik sertifikatini olishi talab etiladi.
3. Nomzodlarning boshqaruv sohasiga oid bilim va koʻnikmalarini baholash hamda baholash natijasi boʻyicha davlat namunasidagi menejerlik sertifikati elektron raqamli imzo bilan tasdiqlangan va QR-kod qoʻyilgan holda elektron shaklda beriladi.
4. Mazkur Nizom talablari nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktori lavozimlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
5. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
menejerlik oʻquv kursi (keyingi oʻrinlarda — oʻquv kursi) — nomzodlarni tayyorlash uchun tasdiqlangan oʻquv rejasi va dasturlari asosida ishlab chiqilgan mashgʻulotlar tizimi;
menejerlik sertifikati (keyingi oʻrinlarda — sertifikat) — tashkilot direktori lavozimida ishlash huquqini beruvchi hujjat;
maxsus portal — Vazirlikning nomzodlarni roʻyxatdan oʻtkazish, oʻquv kursi talablari va muddatlari haqida hamda oʻquv kursi bilan bogʻliq boshqa maʼlumotlar joylashtiriladigan elektron dasturiy tizimi;
oʻquv rejasi — oʻquv kursida oʻqitiladigan oʻquv modullari, ularga ajratilgan soatlar, oʻqitish muddatlari va shakllari belgilab berilgan hujjat;
oʻquv dasturi — har bir oʻquv mavzusining mazmuni, mashgʻulot shakli, tinglovchilar tomonidan oʻzlashtirilishi lozim boʻlgan bilim, koʻnikma va malakalar hajmi belgilab berilgan hujjat;
yakuniy sinov — oʻquv kursi oxirida oʻtkaziladigan yakuniy nazorat, amaliy topshiriqlar ijrosini baholash jarayoni.
2-bob. Oʻquv kurslarini tashkil etish
6. Oʻquv kurslari ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq tashkil etiladi.
7. Oʻquv kurslari Maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktor va mutaxassislarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish instituti (keyingi oʻrinlarda — Institut) tomonidan tashkil etiladi.
8. Oʻquv kurslari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar maxsus portalga joylashtiriladi.
9. Nomzodlar maxsus portal orqali elektron shaklda roʻyxatdan oʻtadi hamda oʻquv kursida oʻqish uchun ariza topshiradi.
Bunda nomzodlar kamida bakalavr darajasiga hamda tashkilot direktorlari uchun belgilangan malaka talablariga muvofiq boʻlishi lozim.
10. Taʼlimda menejment yoki taʼlimda boshqaruv mutaxassisligi boʻyicha magistr darajasiga ega boʻlgan nomzodlar oʻquv kursida oʻqimasdan sertifikat olish boʻyicha yakuniy sinov jarayonlarida ishtirok etishlari mumkin.
Taʼlimda menejment yoki taʼlimda boshqaruv ixtisosligi boʻyicha ilmiy darajaga ega boʻlgan nomzodlar uchun sertifikat ularning arizasiga asosan toʻgʻridan-toʻgʻri beriladi.
11. Arizalar kalendar yil davomida uzluksiz qabul qilinadi.
12. Oʻquv kurslariga jalb etilgan nomzodlar roʻyxati ularning arizalari asosida Institut tomonidan shakllantiriladi hamda tasdiqlanadi.
13. Nomzodlar oʻquv kurslarida ular bilan Institut oʻrtasida tuzilgan shartnoma asosida oʻqitiladi hamda baholanadi.
14. Oʻquv kurslari 20 — 30 nafar tinglovchilardan iborat akademik guruhlarda tashkil etiladi.
Tinglovchilar kontingenti yetarli boʻlmagan taqdirda, shu jumladan, rus tilida dars oʻtiladigan guruhlarda tinglovchilar soni, istisno tariqasida, kamida 15 nafar etib belgilanishi mumkin.
15. Oʻquv kurslarida oʻqish talabini bildirgan nomzodlar va direktorlar xohish hamda istaklaridan kelib chiqqan holda, navbatdan tashqari oʻquv kurslari tashkil etilishi mumkin.
Navbatdan tashqari oʻquv kursida oʻqitish toʻlov miqdori Institut tomonidan belgilanadi va bunda oʻqish talabini bildirganlar nomzod sifatida oʻquv kurslarida ishtirok etadi.
16. Direktorlarning oʻquv kurslarida ishtirok etishi boʻyicha reja-taqsimot har yili 1-dekabrga qadar Institut tomonidan shakllantiriladi hamda Vazirlik tomonidan tasdiqlanadi.
17. Oʻquv kurslarining oʻquv rejasi va dasturlari Institut tomonidan ishlab chiqiladi, Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi huzuridagi Pedagogik mahorat va xalqaro baholash ilmiy-amaliy markazi tomonidan ekspertizadan oʻtkaziladi hamda Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
18. Oʻquv kurslarining davomiyligi 144 soatni tashkil qilib, bir oy davomida oʻqitiladi. Kursdagi auditoriya mashgʻulotlarining eng yuqori hajmi haftasiga 36 soat etib belgilanadi.
19. Oʻquv mashgʻulotlari nazariy, amaliy va tashkilot amaliyotidan iborat boʻladi. Nazariy va amaliy mashgʻulotlar Institutda, tashkilot amaliyoti esa tashkilot hamda taʼlim boshqaruvini amalga oshiradigan tashkilotlarda oʻtkaziladi.
20. Nomzodlarning ixtiyoriy tanlovi asosida oʻquv kurslari ishlab chiqarishdan ajralgan yoki ajralmagan (masofaviy, onlayn) holda tashkil etilishi mumkin.
21. Nomzod quyidagi holatlarda oʻquv kursidan chetlashtiriladi:
oʻquv intizomini va ichki tartib-qoidalarni buzganligi uchun;
oʻquv kursidagi dars mashgʻulotlarini uzrli (kasalligi, davlat yoki jamoat vazifalarini bajarganligi, yaqin qarindoshining vafoti) sabablarsiz 18 soat va undan ortiq qoldirgani uchun;
salomatligi tufayli (tibbiy komissiya maʼlumotnomasi asosida);
nomzodga nisbatan sud hukmi asosida;
vafot etganligi sababli.
22. Oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli tugatgan nomzodlar sertifikat berish boʻyicha yakuniy sinovlarga qoʻyiladi.
3-bob. Oʻquv kurslarini moliyalashtirish
23. Oʻquv kurslarida bir nafar nomzod uchun oʻqitish xarajatlarining toʻlov miqdori asoslangan kalkulyatsiyasiga muvofiq Vazirlik bilan kelishilgan holda Institut tomonidan tasdiqlanadi.
Bunda moliya yili davomida qonunchilik hujjatlariga muvofiq ish haqi miqdorlari va shartlari oʻzgargan hollarda, bir nafar nomzod uchun toʻlov miqdori qayta koʻrib chiqilishi mumkin.
24. Tasdiqlangan oʻqitish xarajatlari uchun toʻlov miqdori nomzodlardan undiriladi va ushbu mablagʻlar Institutning budjetdan tashqari jamgʻarmasiga yoʻnaltiriladi.
Ishdan ajralgan holda oʻquv kurslarda ishtirok etish uchun nomzodlarning oʻqish davrida ularning ish haqi miqdorlari saqlab qolinmaydi va safar xarajatlari qoplab berilmaydi.
25. Reja-taqsimotga kiritilgan direktorlarni oʻqitish xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Vazirlikka ajratilgan budjet mablagʻlari hisobidan Institutning xarajatlar smetasida nazarda tutilgan holda amalga oshiriladi.
26. Direktorlarning oʻquv kursiga jalb etiladigan professor-oʻqituvchilarning sonini belgilashda, Pedagoglarni yangi metodikalarga oʻrgatish milliy markazlari uchun belgilangan bir nafar oʻqituvchi hisobiga toʻgʻri keladigan tinglovchilar soni nisbatining cheklangan normativlari qoʻllaniladi.
27. Direktorlarning oʻqish davrida ularning asosiy ish joyi boʻyicha lavozimi va amaldagi oʻrtacha ish haqi miqdorlari saqlab qolinadi.
28. Ishdan ajralgan holda oʻquv kurslarida ishtirok etish uchun yuborilgan direktorlar uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda xizmat safari bilan bogʻliq xarajatlar ularning asosiy ish joyidan qoplanadi.
29. Direktorlar birinchi marta menejerlik sertifikatini olgandan soʻng keyingi menejerlik oʻquv kurslarida oʻqish va menejerlik sertifikatini olishda nomzod sifatida ishtirok etadi.
Bunda 2025-yil 1-yanvarga qadar direktor lavozimida ishlab kelayotgan xodimlarni oʻqitish va sertifikat olish bilan bogʻliq xarajatlar Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
4-bob. Nomzodlarga sertifikat berish uchun yakuniy sinovlarni tashkil etish va oʻtkazish
30. Nomzodlar uchun yakuniy sinovlarni oʻtkazish jadvallarini ishlab chiqish, tasdiqlash, sinovlarni oʻtkazish, ularning natijalarini eʼlon qilish Institut tomonidan amalga oshiriladi.
31. Yakuniy sinovlarni oʻtkazish sanasi sinovlar oʻtkaziladigan kundan kamida yetti kun oldin eʼlon qilinadi.
Institut yakuniy sinov oʻtkaziladigan sana va joy toʻgʻrisidagi maʼlumotni maxsus portal orqali nomzodning shaxsiy kabinetiga yuboradi.
32. Agar nomzod turli sabablarga koʻra yakuniy sinovda ishtirok eta olmaydigan boʻlsa, Institutga yakuniy sinov oʻtkaziladigan kundan kamida uch kun oldin yozma yoki elektron shaklda murojaat etishi lozim.
Uzrli sababga koʻra (kasalligi yoki oila aʼzolarining vafot etganligini tasdiqlovchi hujjatni taqdim etganda) yakuniy sinovlarda qatnasha olmagan nomzod yakuniy sinov boshlangan kundan boshlab besh ish kuni mobaynida ushbu holatni tasdiqlovchi hujjatlarni Institutga bevosita yoki elektron shaklda taqdim etishi lozim.
Bunda nomzodning navbatdagi yakuniy sinovga kiritilishi taʼminlanadi.
33. Yakuniy sinov topshiriqlari Vazirlik tomonidan tasdiqlangan dasturlar asosida Institut tomonidan yetakchi olimlar va malakali mutaxassislar, shuningdek, nodavlat tashkilotlar vakillarini shartnoma asosida jalb qilgan holda ishlab chiqiladi.
34. Ishlab chiqilgan yakuniy sinov topshiriqlari asosida Institut tomonidan yakuniy test va keys savollari bazasi shakllantiriladi.
35. Yakuniy sinovlar sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga, texnika va yongʻin xavfsizligi qoidalariga qatʼiy rioya qilgan holda oʻtkaziladi.
36. Nomzodlar uchun yakuniy sinovlar ularning bevosita ishtirokida maxsus jihozlangan xonalarda elektron shaklda oʻtkaziladi.
37. Yakuniy sinovlar 25 ta test, keys hamda amaliy topshiriqlardan iborat boʻladi.
38. Test sinovlari uchun 50 ball, keys topshiriqlari uchun 10 ball va amaliy topshiriqlar uchun 40 ball (jami 100 ball) beriladi.
70 ball va undan yuqori natija koʻrsatgan nomzodlar yakuniy sinovni muvaffaqiyatli topshirgan hisoblanadi va ularga sertifikat beriladi. Bunda nomzodlar har bir yoʻnalish boʻyicha kamida 50 foiz ball yigʻishi talab etiladi.
Test sinovlari va keys topshiriqlarini bajarish uchun jami 80 daqiqa vaqt beriladi.
Amaliy topshiriqlar nomzod tomonidan ijodiy ish shaklida taqdim etiladi va imtihon komissiyasi tomonidan baholanadi.
Amaliy topshiriqlarni baholash va imtihon komissiyasini tashkil etish va oʻtkazish tartibi Vazirlik tomonidan belgilanadi.
39. Belgilangan ballni toʻplay olmagan nomzodlar bir yil ichida navbatdagi bitta yakuniy sinovda ishtirok etish huquqiga ega.
Birinchi marta yakuniy sinovdan oʻta olmagan direktorlar ikki oy ichida bir marta yakuniy sinovda ishtirok etishi mumkin. Ushbu muddat ichida yakuniy sinovda ishtirok etmagan yoki ikkinchi yakuniy sinovda ham belgilangan ballni toʻplay olmagan direktorlar belgilangan tartibda lavozimidan ozod etiladi.
Nomzodlar va direktorlar navbatdagi yakuniy sinovda ishtirok etish uchun maxsus portal orqali elektron shaklda ariza beradi.
Navbatdagi yakuniy sinovda ishtirok etish uchun nomzodlar va direktorlardan bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida toʻlov undiriladi.
Ikkinchi marta ham yakuniy sinovlarda belgilangan ballni toʻplay olmagan nomzodlar qayta oʻquv kursida oʻqiganidan soʻng yakuniy sinovlarda ishtirok etish imkoniyatiga ega boʻladi.
40. Nomzodlar yakuniy sinovlarni topshirishga pasport (identifikatsiya ID-kartasi) yoki shaxsni tasdiqlovchi boshqa hujjat asosida qoʻyiladi.
Pasporti (identifikatsiya ID-kartasi) yoki shaxsni tasdiqlovchi boshqa hujjati boʻlmagan yoxud test sinoviga kechikkan nomzodlar test sinoviga kelmagan deb hisoblanadilar va navbatdagi test sinovini topshirishga ruxsat etilgan nomzodlar roʻyxatiga oʻtkaziladi.
41. Nomzod uzrsiz sababga koʻra yakuniy sinovda ishtirok etmagan boʻlsa, u yakuniy sinovdan oʻtmagan hisoblanadi.
42. Yakuniy sinovlar jarayonida xolis kuzatuvchilarning ishtirok etishiga ruxsat beriladi.
Bunda xolis kuzatuvchilar sifatida Vazirlik tizimidagi masʼul xodimlar, nodavlat tashkilotlar hamda ommaviy axborot vositalari vakillari ishtirok etishlari mumkin.
43. Yakuniy sinov boshlanishidan oldin Institutning masʼul xodimi quyidagilarni amalga oshirishi lozim:
nomzodlarni sinovlarni oʻtkazish tartibi va sinovning davom etish vaqti haqida xabardor qilish;
nomzodlar tomonidan aloqa vositalarini oʻchirish va topshirishini taʼminlash;
sinov jarayonida foydalanish taqiqlangan barcha predmetlarni oʻz ixtiyorlari bilan topshirishini taklif etish;
sinov oʻtkazilayotgan toʻliq vaqt davomida belgilangan tartiblarga qatʼiy rioya qilinishini taʼminlash;
sinovni oʻtkazish tartibini buzgan nomzodlarni tegishli dalolatnoma tuzgan holda sinovdan chetlashtirish.
44. Yakuniy sinov vaqtida normativ-huquqiy hujjatlardan, maʼlumot va maxsus adabiyotdan foydalanish, soʻzlashish, oʻzaro axborot almashish, aloqa vositalardan foydalanish, sinov materiallari yoki ularning mazmuniga oid boʻlgan maʼlumotlarni olib chiqish taqiqlanadi.
Mazkur talablarni buzgan nomzodlar sinovni topshirmagan deb hisoblanadi va ularning koʻrsatgan natijalari baholanmaydi.
45. Yakuniy sinovni oʻtkazish jarayoni videoyozuvda qayd qilinadi. Videoyozuv Institutda bir yil davomida saqlanadi.
46. Nomzodlarning yakuniy sinov natijalari sinovlar oʻtkazilgan kuni maxsus portal orqali eʼlon qilinadi.
47. Sertifikat 5 yil davomida amal qiladi. Nomzodlar sertifikatning amal qilish muddati davomida amal qilish muddatini uzaytirish maqsadida qayta menejerlik sertifikatini olish boʻyicha yakuniy sinovlarda ishtirok etishlari mumkin.
48. Institut menejerlik sertifikatlarining elektron hisobini yuritish yuzasidan javobgar hisoblanadi.
49. Yakuniy test sinovlari va keys topshiriqlari bazasini shakllantirish, sinovlarni tashkil etish va oʻtkazish Vazirlik belgilaydigan tizim tashkiloti tomonidan amalga oshirilishi mumkin.
Bunda yakuniy test sinovlari va keys topshiriqlarini oʻtkazish uchun Institut tomonidan Vazirlik tomonidan belgilanadigan tizim tashkilotiga yakuniy sinovlarda ishtirok etgan har bir nomzod uchun bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida mablagʻlar oʻtkaziladi.
5-bob. Yakuniy sinov natijalari yuzasidan apellyatsiya berish
50. Yakuniy sinov natijalaridan norozi boʻlgan nomzodlar natijalar eʼlon qilingan vaqtdan boshlab besh ish kuni mobaynida apellyatsiya komissiyasiga maxsus portal orqali elektron shaklda ariza (shikoyat) berishlari mumkin.
51. Apellyatsiya komissiyasi yakuniy sinov boshlangandan keyin ikki kun ichida Institut rektorining buyrugʻi asosida 3 yoki 5 nafardan iborat tarkibda tuziladi.
Apellyatsiya komissiyasi aʼzoligiga Institutning budjetdan tashqari jamgʻarmasi hisobidan fuqarolik-huquqiy shartnoma asosida malakali mutaxassislar jalb etiladi.
52. Apellyatsiya komissiyasining tarkibi va ish tartibi apellyatsiya komissiyasini tashkil etish toʻgʻrisidagi buyruqda belgilanadi.
Apellyatsiya komissiyasining murojaatlarni masofadan turib onlayn tarzda koʻrib chiqish muddatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar maxsus portalga joylashtiriladi.
53. Ariza (shikoyat) roʻyxatga olingandan soʻng ikki hafta mobaynida apellyatsiya natijasi maxsus portal orqali ariza (shikoyat) beruvchiga xabardor qilinadi.
54. Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga yakuniy sinov jarayonlarini oʻtkazishda ishtirok etgan shaxslar kiritilmaydi.
55. Apellyatsiya komissiyasi muammoli holatlarga aniqlik kiritish maqsadida jamoatchilik asosida malakali mutaxassislarni jalb etishi mumkin.
56. Apellyatsiya komissiyasi yigʻilishida komissiya aʼzolarining uchdan ikki qismi ishtirok etsa, uning qabul qilgan qarori qonuniy kuchga ega boʻladi.
57. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan nomzodning murojaati koʻrib chiqilgandan soʻng xulosalash jarayonida bevosita yoki masofadan turib onlayn tarzda ishtirok etishi mumkin.
58. Apellyatsiyani koʻrib chiqish natijasi boʻyicha apellyatsiya komissiyasi quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
toʻplangan ballarni oʻzgarishsiz qoldirish;
toʻplangan ballarni oʻzgartirish;
yakuniy sinovni qayta oʻtkazish.
59. Apellyatsiya komissiyasi qarori nusxasi ariza (shikoyat) beruvchiga apellyatsiya komissiyasi qarori chiqqan kundan eʼtiboran uch kun muddatda maxsus portal orqali taqdim etiladi.
60. Takroriy apellyatsiyaga yoʻl qoʻyilmaydi.
Nomzodlar apellyatsiya komissiyasining qarori yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.
6-bob. Sertifikatni berish tartibi
61. Yakuniy sinovda ijobiy natijaga erishgan nomzodga yakuniy sinov natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab bir hafta mobaynida Institut rektorining buyrugʻi asosida mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda sertifikat beriladi.
Nomzod sertifikatni shaxsiy kabineti orqali yuklab olishi mumkin.
62. Sertifikatlar reyestri Institut tomonidan maxsus portal orqali yuritiladi.
Sertifikatlar reyestrida quyidagilar koʻrsatilishi lozim:
nomzodning familiyasi, ismi, otasining ismi;
Institutning sertifikat berish toʻgʻrisidagi buyrugʻining sanasi va tartib raqami;
hisobga olish seriyasi va tartib raqami;
berilgan sanasi;
amal qilish muddati.
63. Sertifikatning haqiqiyligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni maxsus portal orqali tekshirish imkoniyati yaratiladi.
7-bob. Nomzodlarni saralash va lavozimga tayinlash
64. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — hududiy boshqarmalar) tashkilot direktori vakant lavozimi uchun “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy apparat kompleksidan hamda Vazirlikning “menejer.uzedu.uz” axborot tizimidan foydalangan holda besh ish kuni muddatga eʼlon beradi.
65. Tashkilot direktori vakant lavozimiga ochiq tanlov uchun kelib tushgan nomzodlarning hujjatlari hududiy boshqarmalar tomonidan ikki ish kuni davomida koʻrib chiqiladi va tashkilot direktori vakant lavozimiga taqdim etilgan nomzodlarning hujjatlarini tegishli tashkilotning Kuzatuv kengashiga taqdim etadi.
66. Kuzatuv kengashi ikki ish kuni davomida tashkilot direktori vakant lavozimiga taqdim etilgan nomzodlarni tanlash yuzasidan yigʻilish oʻtkazadi va kamida uch nafar nomzodni ovoz berish yoʻli bilan tanlaydi.
Yigʻilish yakuni boʻyicha bayonnoma rasmiylashtiriladi va bayonnoma hamda nomzodlarning hujjatlari davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktorlar kengashiga (keyingi oʻrinlarda — Direktorlar kengashi) taqdim etiladi.
66 1 . Direktorlar kengashi tashkilot direktori vakant lavozimiga taqdim etilgan nomzodlarning malaka talablariga mosligini oʻrganadi hamda malaka talablariga mos kelgan nomzodlar bilan suhbat oʻtkazadi. Suhbat natijalariga asosan bir nafar nomzodni vakant lavozimiga tayinlash boʻyicha hududiy boshqarmaga tavsiya beradi.
67. Hududiy boshqarma Direktorlar kengashi tomonidan tanlab olingan nomzod bilan ikki ish kuni ichida mehnat shartnomasi tuzadi hamda tashkilot direktori lavozimiga tayinlash toʻgʻrisidagi buyruqni rasmiylashtiradi.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
68. Institut tomonidan ariza beruvchilar toʻgʻrisidagi shaxsiy maʼlumotlarning maxfiyligi taʼminlanadi. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vakolatli davlat organlari tomonidan rasmiy murojaat boʻlgan taqdirda, ariza beruvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar taqdim etiladi.
69. Mazkur Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
70. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktori lavozimiga nomzodlarni menejerlik oʻquv kurslarida oʻqitish va ularga menejerlik sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Oʻquv kurslarini tashkil etish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Nomzodlar 1. Menejerlik oʻquv kurslarida oʻqish uchun maxsus portal orqali roʻyxatdan oʻtadi. Doimiy Maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktor va mutaxassislarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish instituti 2. Menejerlik oʻquv kurslarida oʻqish uchun roʻyxatdan oʻtgan nomzodlar bilan shartnomalar tuzadi. Doimiy 2-bosqich Maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktor va mutaxassislarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish instituti 1. Shakllantirilgan roʻyxat asosida nomzodlar va direktorlar uchun menejerlik oʻquv kurslarini oʻtkazish jadvalini tasdiqlaydi va eʼlon qiladi. Oʻquv kursi boshida 2. Nomzodlar va direktorlar uchun menejerlik oʻquv kurslarini tashkil etadi. Har oy davomida 3. Nomzodlar va direktorlarni tasdiqlangan dasturlar asosida oʻqitadi. Oʻquv kursi davomida 4. Menejerlik oʻquv kurslari uchun yakuniy sinovni oʻtkazish jadvallarini tasdiqlaydi va muvaffaqiyatli ishtirok etgan nomzodlar va direktorlarni yakuniy sinovlarga yoʻnaltiradi. Oʻquv jarayoni yakunida 3-bosqich Maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktor va mutaxassislarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish instituti 1. Kurs yakuni boʻyicha yakuniy sinovni oʻtkazadi. 2. Yakuniy sinov natijalari yuzasidan nomzodlar va direktorlarning apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqadi. 3. Sinov natijalariga koʻra menejerlik oʻquv kursini muvaffaqiyatli tamomlagan tinglovchilarga elektron raqamli imzo bilan tasdiqlangan QR-kod qoʻyilgan menejerlik sertifikatini beradi. Har oʻquv kursi yakunida
Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktori lavozimiga nomzodlarni menejerlik oʻquv kurslarida oʻqitish va ularga menejerlik sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktori lavozimiga nomzodlar uchun menejerlik sertifikatining davlat namunasi
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 27-avgustdagi 531-son qaroriga 2-ILOVA
Qori Niyoziy nomidagi Tarbiya pedagogikasi milliy in stituti n i ng
Ilmiy kengash Direktor Ilmiy kotib Direktorning ilmiy ishlar va innovatsiyalar boʻyicha oʻrinbosari Direktorning umumiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari Bosh hisobchi Xodimlar bilan ishlash boʻyicha bosh mutaxassis Milliy tarbiya, mutafakkirlar va jadidlarning pedagogik taʼlimotlari ilmiy-tadqiqot boʻlimi 2 Inklyuziv taʼlim-tarbiya metodikasi ilmiy-tadqiqot boʻlimi 2 “Mahalla — oila — maktab hamkorligi” ilmiy-tadqiqot boʻlimi 2 Yuriskonsult Xalqaro pedagogik tajribalar ilmiy-tadqiqot boʻlimi 2 Matbuot kotibi “Ota-onalar universiteti” va tarbiyaviy jarayonlarning metodik taʼminoti ilmiy-tadqiqot boʻlimi 3 Milliy tarbiya jarayonlarini tashkil etish va boshqarish texnologiyalari ilmiy-tadqiqot boʻlimi 3 Qoraqalpogʻiston filiali * “Tarbiyaviy ishlar metodikasi” jurnali, “Fizika, matematika va informatika” ilmiy-metodik jurnali, “Uzluksiz taʼlim” ilmiy-metodik jurnali ** Ilmiy va ilmiy pedagog kadrlar tayyorlash ilmiy-tadqiqot boʻlimi 3 Milliy tarbiyaning raqamli pedagogik taʼminoti ilmiy-tadqiqot boʻlimi 3
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 27-avgustdagi 531-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Res publikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining “Xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirishni samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 19-maydagi 312-son qarorining 9-bandi beshinchi xatboshisidagi “2024/2025” raqamlari “2025/2026” raqamlari bilan almashtirilsin.
2. Vazirlar Mahkamasining “Davlat ilmiy tashkilotlarini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan bazaviy moliyalashtirishga oʻtkazish toʻgʻrisida” 2021-yil 26-maydagi 326-son qarorida :
a) 1-ilovaning II boʻlimi 1-pozitsiyasi chiqarib tashlansin;
b) 2-ilovaning II boʻlimi 22-pozitsiyasi chiqarib tashlansin.
3. Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 25-dekabrdagi 681-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalari direktori lavozimiga nomzodlarni menejerlik oʻquv kurslarida oʻqitish va ularga menejerlik sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
a) 2-bandning uchinchi xatboshisi chiqarib tashlansin;
b) 10-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“10. Taʼlimda menejment yoki taʼlimda boshqaruv mutaxassisligi boʻyicha magistr darajasiga ega boʻlgan nomzodlar oʻquv kursida oʻqimasdan, sertifikat olish boʻyicha yakuniy sinov jarayonlarida ishtirok etishlari mumkin.
Taʼlimda menejment yoki taʼlimda boshqaruv ixtisosligi boʻyicha ilmiy darajaga ega boʻlgan nomzodlar uchun sertifikat ularning arizasiga asosan toʻgʻridan-toʻgʻri beriladi”;
v) 11-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“11. Arizalar kalendar yil davomida uzluksiz qabul qilinadi”;
g) quyidagi mazmundagi 14 1 -band bilan toʻldirilsin:
“14 1 . Oʻquv kurslarida oʻqish talabini bildirgan nomzodlar va direktorlar xohish va istaklaridan kelib chiqqan holda, navbatdan tashqari oʻquv kurslari tashkil etilishi mumkin.
Navbatdan tashqari oʻquv kursida oʻqitish toʻlov miqdori Institut tomonidan belgilanadi va bunda oʻqish talabini bildirganlar nomzod sifatida oʻquv kurslarida ishtirok etadi”;
d) 16-bandning ikkinchi xatboshisi chiqarib tashlansin;
e) 22-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“22. Oʻquv kurslarida bir nafar nomzod uchun oʻqitish xarajatlarining toʻlov miqdori asoslangan kalkulyatsiyaga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi bilan kelishilgan holda Institut tomonidan tasdiqlanadi”;
j) 32-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“32. Yakuniy sinov topshiriqlari Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tomonidan tasdiqlangan dasturlar asosida Institut tomonidan yetakchi olimlar va malakali mutaxassislar, shuningdek, nodavlat tashkilotlar vakillarini shartnoma asosida jalb qilgan holda ishlab chiqiladi”;
z) 37-bandda :
ikkinchi xatboshi “sertifikat beriladi.” soʻzlaridan keyin “Bunda nomzodlar har bir yoʻnalish boʻyicha kamida 50 foiz ball yigʻishi talab etiladi.” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
uchinchi xatboshidagi “120” raqami “80” raqami bilan almashtirilsin;
i) 38-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“38. Belgilangan ballni toʻplay olmagan nomzodlar bir yil ichida navbatdagi bitta yakuniy sinovda ishtirok etish huquqiga ega.
Birinchi marta yakuniy sinovdan oʻta olmagan direktorlar ikki oy ichida bir marta yakuniy sinovda ishtirok etishi mumkin. Ushbu muddat ichida yakuniy sinovda ishtirok etmagan yoki ikkinchi yakuniy sinovda ham belgilangan ballni toʻplay olmagan direktorlar belgilangan tartibda lavozimidan ozod etiladi.
Nomzodlar va direktorlar navbatdagi yakuniy sinovda ishtirok etish uchun maxsus portal orqali elektron shaklda ariza beradi.
Navbatdagi yakuniy sinovda ishtirok etish uchun nomzodlar va direktorlardan bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida toʻlov undiriladi.
Ikkinchi marta ham yakuniy sinovlarda belgilangan ballni toʻplay olmagan nomzodlar qayta oʻquv kursida oʻqiganidan soʻng yakuniy sinovlarda ishtirok etish imkoniyatiga ega boʻladi”;
k) 44-banddagi “olti oy” soʻzlari “bir yil” soʻzlari bilan almashtirilsin;
l) quyidagi mazmundagi 47 1 -band bilan toʻldirilsin:
“47 1 . Yakuniy test sinovlari va keys topshiriqlari bazasini shakllantirish, sinovlarni tashkillashtirish va oʻtkazish Vazirlik belgilaydigan tizim tashkiloti tomonidan amalga oshirilishi mumkin.
Bunda yakuniy test sinovlari va keys topshiriqlarini oʻtkazish uchun Institut tomonidan Vazirlik tomonidan belgilanadigan tizim tashkilotiga yakuniy sinovlarda ishtirok etgan har bir nomzod uchun bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida mablagʻlar oʻtkaziladi”;
m) 48-banddagi “yozma yoki” soʻzlari “maxsus portal orqali” soʻzlari bilan almashtirilsin;
n) 51-band “apellyatsiya natijasi” soʻzlaridan keyin “maxsus portal orqali” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
o) 57-band “uch kun muddatda” soʻzlaridan keyin “maxsus portal orqali” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
p) 60-bandning birinchi xatboshisi “Markaz tomonidan” soʻzlaridan keyin “maxsus portal orqali” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
r) 1-ilovada :
1-bosqichning “Muddatlar” ustunidagi “5-sanasiga qadar” soʻzlari “Doimiy” soʻzi bilan almashtirilsin;
2-bosqichning “Tadbirlar” ustunidan “jamoada ishlash va ota-onalar bilan muloqot qilish, boshqaruv, moliyaviy hisob-kitoblarni amalga oshirish hamda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari koʻnikmalari boʻyicha” soʻzlari chiqarib tashlansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 27-avgust,
531-son