UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 12-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 12 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 12 сентября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 12 September 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Биржа савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида

Биржа савдоларида шаффофликни янада ошириш, биржа фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган техник-технологик ҳамда молиявий талабларни такомиллаштириш, юқори ликвидли товарларни ягона бозор тамойили асосида реализация қилиш ҳамда тизимга рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Белгилансинки, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб қуйидаги талаблар бажарилган тақдирда, товар-хом ашё биржалари фаолиятини лицензиялашга йўл қўйилади:

мулк ҳуқуқи асосида лицензияланган электрон биржа савдолари тизимининг мавжудлиги;

умумий ҳисобда хотираси камида 100 ТВ бўлган сервер ускуналари ҳамда алоҳида маълумотларни қайта ишлаш марказига эга бўлиш;

электрон биржа савдолари тизимининг узлуксиз ҳамда ташқи аралашувлардан ҳимояланган ҳолда фаолият кўрсатиши;

республиканинг ҳар бир ҳудудида юқори тезликдаги ҳимояланган интернет тармоғи орқали биржа савдоларида иштирок этиш имкониятининг яратилгани;

тегишли хизмат кўрсатувчи тижорат банки ахборот тизими билан интеграциялашган савдо операциялари бўйича маблағлар кирим ва чиқим амалиётларини инсон омилисиз амалга оширувчи дастурий таъминотнинг мавжудлиги.

2. Биржа савдоларида иштирок этадиган тадбиркорлик субъектларининг маблағларини молиявий хавф-хатарлардан кафолатли ҳимоялаш учун товар-хом ашё биржалари устав капиталининг энг кам миқдори 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб 100 миллиард сўм ҳамда 2025 йил 1 июлдан бошлаб 200 миллиард сўм этиб белгилансин. Бунда:

товар-хом ашё биржаларининг устав капитали фақат маблағлар кўринишида шакллантирилади;

2024 йил якуни ва келгусида ҳар йил якуни бўйича товар-хом ашё биржалари молиявий фаолияти юзасидан катта тўртлик («Big four») аудиторлик ташкилотларидан бири томонидан мустақил аудитдан ўтказиш тартиби жорий этилади;

амалда фаолият кўрсатаётган товар-хом ашё биржалари ўз устав капиталини тегишли равишда шакллантирмаган тақдирда, уларнинг лицензияси ваколатли орган ёки суд қарорига асосан тўхтатиб турилиши мумкин.

3. Қуйидагилар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (кейинги ўринларда — Республика биржаси) фаолиятини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:

биржа савдолари шаффофлиги ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ташқи аралашувларга йўл қўймаслик;

биржа ахборот технологиялари инфратузилмасини янада такомиллаштириш, электрон савдо платформаларини доимий равишда модернизация қилиб бориш;

биржа ходимлари ва аъзоларининг малакасини ошириш, жойларда савдо иштирокчилари орасида биржа механизмларини кенг тарғиб қилиш;

товар деривативлари ҳамда қарама-қарши аукцион савдоларини амалиётга жорий этиш чораларини кўриш.

Бунда Республика биржаси янги савдо инструментларини амалиётга жорий қилишда илғор хорижий биржалар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, дастурий таъминот тизимларини ишлаб чиқиш ёки харид қилиш, халқаро эксперт ҳамда консультантларни жалб қилиш, шунингдек, халқаро ҳамжамиятда Республика биржасининг ишончли ва барқарор имижини шакллантириш чоралари кўрилади.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб:

экспорт-импорт операциялари доирасида Республика биржаси орқали тузилаётган «форвард» битимлар бўйича маҳсулот нархларини етказиб бериш муддатидан келиб чиқиб, халқаро ахборот агентликларининг индекс ва республика товар-хом ашё биржалари котировкалари асосида шаклланади;

юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари томонидан маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотишда маҳсулот нархи мазкур товар бўйича амалдаги Республика биржаси ўртача нархидан (котировка) паст бўлмаслиги таъминланади.

5. Биржа фаолиятини кенгайтириш, соҳага янги молиявий воситаларни жорий қилиш, шунингдек, савдо иштирокчиларига янада қулайликлар яратиш бўйича «йўл харитаси» 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

форвард биржа битимлари бўйича киритиладиган аванс миқдорини камайтириш;

автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари бўйича аукцион ўтказиш тартибини такомиллаштириш;

товар-хом ашё биржаларининг электрон савдо тизимларига қўйиладиган қўшимча талабларни белгилаш;

товар-хом ашё биржаси фаолиятини лицензиялаш паспортини янги таҳрирда тасдиқлаш.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги 570-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ фаолиятини кенгайтириш, соҳага янги молиявий воситаларни жорий қилиш бўйича

Т/р Чора-тадбирлар номи Амалга ошириш механизми Амалга ошириш муддати Масъул ижрочилар I. Биржа савдо ҳажмлари ва иштирокчиларини янада ошириш 1. Биржа савдолари орқали сотилаётган маҳсулотлар сифатини аниқлаш бўйича сюрвеерлик хизматини жорий этиш. Сюрвеерлик хизматини кўрсатиш тартибини ишлаб чиқиш; сюрвеерлик хизматини кўрсатувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, биржа иштирокчиларига уларнинг хизматини кенг таклиф қилиш ҳамда талабга кўра пулли хизмат кўрсатиш асосида товар сифатини аниқлаш ва унга хулоса бериш. 2024 йил октябрь «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ 2. Янги савдо механизмларини жорий қилиш орқали биржанинг ташқи савдо операциялари ҳажмини ошириш. Биржада тузилган форвард битимлари бўйича маҳсулотни юклашда, маҳсулот учун нархни халқаро ахборот агентликлари ҳамда хорижий биржалар котировкаларидан келиб чиқиб шакллантириш тартибини жорий этиш; ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида биржа битимининг ижроси тўғрисидаги ахборотни биржа ҳамда тегишли тижорат банклари томонидан киритиш ва қайта таҳрирлаш имкониятини яратиш. 2024 йил октябрь «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 3. Биржа орқали сотилиши мажбурий бўлган маҳсулотларга бир-биридан фарқ қилувчи нархларнинг қўлланилишига йўл қўймаслик. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари тўлиқ (қисман) биржа орқали сотилиши мажбурий бўлган корхоналар рўйхатини шакллантириш; мазкур корхоналар томонидан ўз маҳсулотларини биржада ҳамда биржадан ташқари тўғридан-тўғри сотишда белгиланган бошланғич нархларни ўрганиш ҳамда ўтказилган ўрганиш якунларига кўра тайёрланган таҳлилий маълумотларни Солиқ қўмитаси ва Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига киритиш; айнан бир хил маҳсулотга бир-биридан фарқ қилувчи бошланғич нарх қўлланилган ҳолатлар аниқланган тақдирда, ушбу корхоналарга нисбатан қонунчилик доирасида тегишли чоралар кўриш ва бу каби ҳолатларни бартараф этиш. доимий Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси, «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ 4. Аҳоли томорқаларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилиш жараёнларига электрон тижорат фаолиятини изчил татбиқ қилиш. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари уларга ажратилган ер майдонларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишга мўлжалланган «Uzex agro» электрон савдо порталини яратиш ва ишга тушириш. «Uzex agro» электрон савдо порталида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тартибини белгилаш. «Uzex agro» электрон савдо тизимини «Online Mahalla» электрон платформаси билан интеграция қилиш. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларини порталга жалб қилишда ҳамда ушбу маҳсулотларни харидорларга, шу жумладан, давлат буюртмачиларига сотишни йўлга қўйишда ҳоким ёрдамчиларининг вазифаларини белгилаш. 2024 йил октябрь Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги II. Ҳисоб-китоб операцияларини янада такомиллаштириш 5. Биржа ҳисоб-китоб-клиринг палатаси ҳузурида юридик мақомга эга бўлмаган Биржа битимлари ижросини кафолатлаш фондини ташкил этиш. Биржа битимлари ижросини кафолатлаш фондини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш. Бунда: фонд маблағларини биржа аъзоларига, уларга юклатилган молиявий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш учун тижорат асосида ажратиш; фонднинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш; фонд маблағларининг самарали ва мақсадли фойдаланилиши устидан назорат ўрнатиш. 2024 йил октябрь «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 6. Биржа битимлари бўйича тўлов ва етказиб бериш муддатини пуллик хизмат асосида дифференциал узайтириш тартибини жорий этиш. Дифференциал тартибда биржа битимлари бўйича тўлов ва етказиб бериш муддатини узайтириш мумкин бўлган товарлар рўйхатини шакллантириш. Электрон тизимда техник ишларни амалга ошириш. 2024 йил октябрь «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ III. Товар деривативларини жорий қилиш бўйича ишларни жадаллаштириш 7. Янги савдо воситалар савдосини ташкил қилиш. Ривожланган биржалар (Dubay — DMCC, AQSh — Chicago Mercantile Exchange Group, New York Intercontinental Exchange, Germaniya — Deutsche Boerse Group AG, Xitoy — Dalian Commodity Exchange) билан тажриба алмашинувини ташкил қилиш. Халқаро эксперт ҳамда консультантларни жалб қилиш; хорижий ҳамкорларни жалб қилган ҳолда молиявий воситалар савдоси бўйича электрон тизимни ишлаб чиқиш ва ишга тушириш; савдо қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда савдо иштирокчилари учун ўқув семинарлар ташкил қилиш. 2024 йил «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 8. Биржа савдоларида қарама-қарши аукцион савдоларини ташкил қилиш ҳамда форвард битимлар асосида товарларни қайта сотиш тартибини жорий этиш. Қарама-қарши аукцион ва форвард битимлар бўйича товарларни қайта сотиш юзасидан савдоларни ўтказиш учун техник ечимларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш. Қарама-қарши аукцион ва форвард битимлари бўйича товарларни қайта сотиш учун савдо қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда янги савдо турлари бўйича брокерлар учун ўқув-семинарлари ташкил қилиш. 2024 йил ноябрь «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 9. Хорижий ҳамкорлар кўмагида халқаро биржаларнинг глобал дериватив бозорларида савдо қилиш имкониятини яратиш Товар деривативлари бозорини жорий қилиш борасида юқори тажрибага эга хорижий ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиш. Хорижий ҳамкорларнинг халқаро биржалар глобал дериватив бозорларига кириш бўйича технологик ечимлари ва имкониятларини таҳлил қилиш. Биржа ҳузурида улушдорлик асосида хорижий ҳамкорлар иштирокидаги қўшма корхона ташкил қилиш. Товар деривативлари савдосининг «Маҳаллий бозорга» мос моделини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш. 2024-2025 йиллар «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ IV. Рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ва ахборот технологиялари инфратузилмасини янада такомиллаштириш 10. Давлат рақами белгилари бўйича савдоларда иштирокчига қўшимча қулайликлар яратиш. Ахборот тизимида қуйидагиларни назарда тутувчи техник ишларни амалга ошириш: олдиндан ўрнатилган алгоритм асосида нарх таклифини бериш — Алготрадинг; иштирокчилар маълумотларини вазирлик ва идоралар билан ахборот алмашинувини йўлга қўйган ҳолда автоматик янгиланиб боришини таъминлаш. 2024 йил октябрь «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ, Ички ишлар вазирлиги 11. UZEX мобиль иловаларини барча платформалар учун жорий этиш. Биржа савдолари ва давлат харидлари махсус ахборот порталининг Android ва IOS тизимларидаги мобил иловаларини тўлиқ ишга тушириш. Бунда: фойдаланувчилар учун осон ва қулай дастурий тизимни яратиш; мобил илова ишлаб чиқишга профессионал дастурчиларни жалб этиш. 2024 йил декабрь «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ 12. Захира маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил қилиш орқали ахборотларни сақлаш сиғимини кенгайтириш. Мавжуд ахборот тизимлар, уларнинг техник кўрсаткичлари ҳамда маълумотлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, Захира маълумотларни қайта ишлаш маркази учун техник талабни ишлаб чиқиш. Маълумотларни жойлаштириш учун «Data-markaz»НН танлаш, «Data-markaz» ва Биржа ўртасида юқори ўтказувчанликка эга алоқани ўрнатиш ва зарур интернет тезлиги билан таъминлаш. Авторақамлар аукцион савдоси электрон тизимининг акс нусхасини Захира маълумотларни қайта ишлаш марказига ўтказиш ва синов тариқасида «Mirroring» усулида тизимга ортиқча юкламаларсиз акс нусхалашни синовдан ўтказиш. Ижобий синов натижаларига кўра биржанинг қолган маълумотлар базаларини босқичма-босқич Захира маълумотларни қайта ишлаш марказига ўтказиш. 2024-2025 йиллар «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ V. Халқаро миқёсда замонавий ўзбек биржаси имижини шакллантириш 13. Товар-хом ашё биржалари тизимида маҳаллий индексларни жорий қилиш. Товар-хом ашё биржаларида маҳаллий индексларни юритиш тартибини ишлаб чиқиш. Солиқ ва божхона органлари томонидан бозор нархларини ҳисоблашда товар-хом ашё биржалари маҳаллий индексларидан кенг фойдаланиш. 2024 йил октябрь «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 14. Товарларнинг биржа стандартлари ва халқаро «benchmark»ни шакллантириш. Соҳалараро миллий рақамли нархлар индикативи платформаси ва савдо тизимини ишлаб чиқиш. Бунда хорижий ҳамкорлар ва малакали экспертларни жалб қилиш. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида товар деривативлари ва товарлар савдоси ташкилотчилари билан алоқаларни фаоллаштириш. 2024 йил декабрь «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги 570-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган Биржа савдоларида юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 20-бандидаги «10 фоиздан кам бўлмаган» сўзлари «10 фоизгача бўлган» сўзлари билан алмаштирилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарорида :

а) 3-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аукцион ўтказиш йўли билан оширилган тўлов ставкалари бўйича беришда тўловдан келиб тушган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг уч ярим баравари миқдорида тўлов давлат рақами белгисини ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун махсус ғазна ҳисобварағига, қолган маблағларнинг 80 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар махсус жамғармасига йўналтирилади;».

б) 2-илованинг 22-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Савдолар ахборот тизимида фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар юзага келганда биржа томонидан узайтирилиши мумкин».

3. Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 6 майдаги 223-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржалари савдоларида импорт контрактлар тузиш тартибининг 10-бандидаги «бироқ битишув суммасининг камида 15 фоизи миқдорида» сўзлари чиқариб ташлансин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 ноябрдаги 687-сон қарори билан тасдиқланган Товар-хом ашё биржаларининг электрон савдо тизимларига қўйиладиган умумий талаблар тўғрисида низомнинг 26-банди қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи ва ўн учинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

«дастур даражасида ишлайдиган ва трафик таҳлили ёрдамида веб-иловаларни ҳимоя қилувчи веб-иловалар учун хавфсизлик девори — трафикни фильтрлаш воситаси (WAF);

ахборот тизими инфратузилмасида содир бўлаётган хавфсизлик ҳодисалари ҳақида маълумотларни реал вақт режимида тўплаш ва таҳлил қилиш учун мўлжалланган дастурий тизим (CIEM)».

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарорида 32-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Товар-хом ашё биржаси фаолиятини лицензиялаш ПАСПОРТИ

1. Лицензия номи: Биржа фаолияти учун лицензия. 2. Лицензияланадиган фаолият турлари: Товар-хом ашё биржаси фаолияти. 3. Ариза берувчилар тоифаси: Акциядорлик жамияти шаклидаги юридик шахслар. 4. Лицензияловчи орган: Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси. 5. Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар: 1. Лицензия бериш тўғрисида ариза, унда юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), солиқ тўловчининг идентификация рақами, асосий фаолият тури, телефон рақами, электрон почта манзили кўрсатилади. 2. Биржа товарлари билан савдо қилиш қоидалари нусхаси. 3. Устав жамғармасининг шакллантирилгани тўғрисида маълумотнома. 4. Биржа савдолари электрон тизими ҳамда ҳисоб китоб-клиринг тизимининг Товар-хом ашё биржаларининг электрон савдо тизимларига қўйиладиган умумий талаблар тўғрисидаги низомда назарда тутилган талабларга жавоб бериши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Киберхавфсизлик маркази» ДУКнинг ижобий хулосаси. 6. Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йигим миқдори: Йиғим ундирилмайди. 7. Лицензия берилгани учун давлат божи миқдори: Базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида. 8. Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддатлари: 20 иш куни. 9. Лицензия талаблари ва шартлари: а) лицензиялаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг муайян қоидаларига риоя этиш; б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган, маълумотларни қайта ишлаш бўйича замонавий марказга эга бўлган ва Товар-хом ашё биржаларининг электрон савдо тизимларига қўйиладиган умумий талаблар тўғрисидаги низомда назарда тутилган талабларга жавоб берадиган ҳамда уларга асосан ишлаб турган мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган электрон биржа савдо тизимининг мавжудлиги *; в) устав фондининг ариза берилган санада базавий ҳисоблаш миқдорининг камида қирқ минг баравари миқдорида шакллантирилгани. Бунда устав фондини 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб юз млрд сўм, 2025 йил 1 июлдан бошлаб икки юз млрд сўм миқдорида фақат маблағ кўринишида шакллантириш; г) лицензия талабгори (лицензиат) раҳбари бир вақтнинг ўзида бошқа товар-хом ашё биржаларида раҳбарлик лавозимини эгаллашига йўл қўймаслик; д) қуйидаги шахслар лицензиатнинг раҳбари бўлиши мумкин эмас *: молия-иқтисод, юридик, математика ёки ахборот технологиялари мутахассисликларидан камида биттаси бўйича олий маълумотли бўлмаган шахслар; қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларда, фонд биржаларида ёхуд иқтисодий, молиявий ва юридик фаолият соҳаларда, ахборот технологиялари соҳасида ёки кўрсатиб ўтилган йўналишлар бўйича давлат бошқаруви органларида камида икки йиллик иш стажига эга бўлмаган шахслар; якка ҳолда ижро этувчи орган функцияларини бажарган, коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган шахслар ёки уларнинг айби билан йўл қўйилган лицензия талаблари ва шартлари бузилгани учун товар-хом ашё биржаси фаолиятини амалга оширишга берилган лицензияларнинг амал қилиши тўхтатилган пайтда, агар бундай тўхташ пайтидан бошлаб уч йилдан кам вақт ўтмаган бўлса; иқтисодиёт соҳасидаги жиноят учун ёки бошқарув тартибига қарши жиноят учун судланганлиги олиб ташланмаган шахслар; е) тузилган биржа битимлари бажарилишининг кафолатланиш тизими мавжудлиги; ж) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ахборотнинг махфийлигини таъминлаш *; з) биржа савдоси қоидаларининг мавжудлиги *, унда: биржа аъзолари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги низом; биржа аъзолигига қабул қилиш, аъзоликни тўхтатиб туриш ва тугатиш тартиби; биржа аъзоларининг биржа савдоларида иштирок этишга рухсат бериш тартиби; биржа товарларини муомалага қўйиш ва муомаладан чиқаришга рухсат бериш тартиб-таомиллари; тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш учун шароит яратиш тартиби; биржа савдоларини ўтказиш тартиби, биржа битимларининг турлари; биржа савдоларида муомалада бўладиган ҳосила молиявий воситаларнинг (деривативларнинг) тавсифи; биржа товарларини котировкалаш (уларнинг нархини белгилаш) ва улар тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиш тартиби; биржа товарлари билан операцияларни амалга ошириш, биржа битимлари ва биржа савдолари натижаларини рўйхатга олиш ҳамда расмийлаштириш тартиби; биржа савдолари иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби; биржада нархларнинг шаклланиш жараёнини назорат қилиш тартиби; биржа савдолари тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш тартиби; биржа савдолари қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қоидалар; биржада низоларни ҳал этиш тартиби; жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бажарилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар; биржа савдоларида нархлар манипуляцияси ва махфий ахборотдан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш чоралари тўғрисидаги қоидаларнинг мавжудлиги; и) биржа савдоларида фақат олдиндан эълон қилинадиган, истеъмолчилар ва маҳсулот ишлаб чиқарувчилар кенг танишиши мумкин бўлган биржанинг котировкалаш варағига киритилган товарларни сотиш, олдиндан эълон қилинадиган биржанинг котировкалаш варағига киритилмаган товарлар сотилишига қўйилган тақиқларнинг мавжудлиги; к) биржа товарларига бўлган талаб ва таклифнинг нисбати асосида уларни котировкалаш (нарх белгилаш); л) ахборотларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ошкор қилиниши; м) лицензияловчи орган талабига кўра товар-хом ашё биржаси фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ахборотни, шу жумладан, интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда шахсий кабинет орқали биржа товарларининг қўйилиши, сотилиши ва ҳисоб-китоб-клиринг палатаси тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш. Бунда ваколатли органга биржа савдолари жараёнларини онлайн назорат қилиш имконини яратиш *; н) биржа савдоларини фақат Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ҳамда хорижий давлатлардаги барча биржа аъзоларига савдоларда бир вақтнинг ўзида қатнашиш имкониятини берувчи ва тенг киришини таъминловчи марказлаштирилган электрон тизимда ўтказиш ҳамда республиканинг ҳар бир ҳудудида юқори тезликдаги ҳимояланган интернет тармоғи орқали биржа савдоларида иштирок этиш имкониятини яратиш. Бунда биржа савдоларини ташкил этишда рақобатни чекловчи талаб ва шартларнинг жорий этилишини тақиқлаш; о) товар-хом ашё биржасининг электрон савдо тизимида автоматик равишда тузиладиган ҳамда товар номи, ўлчов бирлиги, лотлар сони, операция тури, товарнинг савдога қўйилган нархи ва битимда рўйхатдан ўтказилган нарх, товарни етказиб бериш шартлари, битим томонлари, битим амалга оширилган аниқ вақт кўрсатилган, электрон протоколлар тарзида киритилган битимлар тўғрисидаги ахборотни уч йил мобайнида сақлаш; п) товар-хом ашё биржасининг котировкалаш варағига фақат бир хил стандартга, бир турдаги хоссаларга эга бўлган, улгуржи туркумлар билан сотиладиган ҳамда дастлабки кўздан кечиришни талаб қилмайдиган биржа товарларини киритиш; р) лицензия олиш, уни қайта расмийлаштириш учун тақдим этиладиган маълумотларнинг сохта, ёлғон ва нотўғри эмаслигини таъминлаш; с) лицензиат қайта ташкил этилганда унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтгандан кейин беш иш кунида «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП орқали лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида мурожааТ қилиниши; т) замонавий сервер ускуналари билан жиҳозланган ва маълумотларни қайта ишлаш бўйича замонавий марказнинг мавжудлиги *, унда: инфратузилмани ташкил этиш учун камида 5 та сервер ускунаси, ҳар бир сервер ускунаси 2 та процессор ва камида 100 ТВ хотирага эга бўлиши; бир вақтнинг ўзида ахборот тизимининг камида 5 000 та сўровни қайта ишлаш тезлигини таъминлай олиши; кодли қулфлар ёки биометрик тизим билан ҳимояланган кириш эшикларига эга бўлиши; ёнмайдиган материаллардан кўтарилган поллар (фалшпол) билан жиҳозланган бўлиши; иситилган ва намликни йўқотувчи тоза ҳаво оқимини таъминловчи тизимга эга бўлган, 24/7 режимда ишловчи асосий ва захира совитиш техникалари билан жиҳозланиши; кузатув камералари билан жиҳозланиши; камида 2 соат электр таъминоти узлуксизлигини (генератор ишга туширилгунга қадар) таъминловчи қувват манбаига (UPS) эга бўлиши; махсус газ ёрдамида автоматик ёнгин ўчириш тизимига эга бўлиши; маълумотларни қайта ишлаш марказининг 60 фоизи қувват билан камида 2 сутка давомида ишлашини таъминловчи генератор ускунасига эга бўлиши; у) ахборот хавфсизлигини таъминлаш *, бунда: дастурий сервис ва иловаларнинг узлуксиз ишлашини таъминловчи интернет, идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи ҳамда бошқа асосий ва захира алоқа тармоқларига уланган бўлиши; маълумотлар узатиш тармоғини ҳимоя қилиш учун чегара зоналарини IDS/IPS функциялари, антивирус, спам фильтр ва бошқаларга эга аппарат хавфсизлик деворлари билан жиҳозланган бўлиш; дастурий иловалардаги ахборотларни шифрланган ҳолда узатиш ва қабул қилишни таъминловчи ечимларга эга бўлиш; веб дастурий иловалар амалдаги SSL сертификатлари билан ҳимояланган бўлиши; маълумотлар базаларини дастур ишлаб чиқувчилар ва администраторлар томонидан ўзгартирилишидан ҳимоя қилиш учун РАМ тизимига эга бўлиш; ходимлар томонидан маълумотларнинг сизиб чиқишини назорат қилиш учун DLP тизимга эга бўлиш; ф) ҳар йил якуни бўйича товар-хом ашё биржалари молиявий фаолияти юзасидан халқаро аудиторлик ташкилотлари томонидан мустақил аудитдан ўтказиш; х) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сон қарори билан тасдиқланган монополист корхоналар томонидан бозор тамойиллари асосида сотиладиган рўйхатга киритилган маҳсулот турлари, хом ашё ва материаллар товар хом ашё биржалари томонидан биржа фаолияти учун лицензия олгандан бошлаб олти ой давомида лицензия талаблари ва шартларини бузиш ҳолатлари аниқланмаган тақдирда сотилишига йўл қўйилади; ч) ваколатли органлар билан келишилган ҳолда биржа таркибига ахборот хавфсизлиги ва коррупцияга қарши комплаенс тузилмасининг ташкил этилганлиги. 10. Лицензия беришда келишиладиган органлар 1. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги. 2. «Киберхавфсизлик маркази» ДУК. 11. Лицензиянинг амал қилиш муддати: Чекланмаган. 12. Изоҳ: * қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган талаблар ва шартлар. ».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 12 сентябрь,

570-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.09.2024 й., 09/24/570/0715-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

“YOʻL XARITASI”

Birja savdolariga ilgʻor axborot texnologiyalarini keng joriy etish hamda sohada raqamlashtirish jarayonlarini izchil davom ettirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Birja savdolarida shaffoflikni yanada oshirish, birja faoliyatini amalga oshirish uchun belgilangan texnik-texnologik hamda moliyaviy talablarni takomillashtirish, yuqori likvidli tovarlarni yagona bozor tamoyili asosida realizatsiya qilish hamda tizimga raqamli texnologiyalarni keng tatbiq etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Belgilansinki, 2024-yil 1-noyabrdan boshlab quyidagi talablar bajarilgan taqdirda, tovar-xom ashyo birjalari faoliyatini litsenziyalashga yoʻl qoʻyiladi:

mulk huquqi asosida litsenziyalangan elektron birja savdolari tizimining mavjudligi;

umumiy hisobda xotirasi kamida 100 TV boʻlgan server uskunalari hamda alohida maʼlumotlarni qayta ishlash markaziga ega boʻlish;

elektron birja savdolari tizimining uzluksiz hamda tashqi aralashuvlardan himoyalangan holda faoliyat koʻrsatishi;

respublikaning har bir hududida yuqori tezlikdagi himoyalangan internet tarmogʻi orqali birja savdolarida ishtirok etish imkoniyatining yaratilgani;

tegishli xizmat koʻrsatuvchi tijorat banki axborot tizimi bilan integratsiyalashgan savdo operatsiyalari boʻyicha mablagʻlar kirim va chiqim amaliyotlarini inson omilisiz amalga oshiruvchi dasturiy taʼminotning mavjudligi.

2. Birja savdolarida ishtirok etadigan tadbirkorlik subyektlarining mablagʻlarini moliyaviy xavf-xatarlardan kafolatli himoyalash uchun tovar-xom ashyo birjalari ustav kapitalining eng kam miqdori 2024-yil 1-noyabrdan boshlab 100 milliard soʻm hamda 2025-yil 1-iyuldan boshlab 200 milliard soʻm etib belgilansin. Bunda:

tovar-xom ashyo birjalarining ustav kapitali faqat mablagʻlar koʻrinishida shakllantiriladi;

2024-yil yakuni va kelgusida har yil yakuni boʻyicha tovar-xom ashyo birjalari moliyaviy faoliyati yuzasidan katta toʻrtlik (“Big four”) auditorlik tashkilotlaridan biri tomonidan mustaqil auditdan oʻtkazish tartibi joriy etiladi;

amalda faoliyat koʻrsatayotgan tovar-xom ashyo birjalari oʻz ustav kapitalini tegishli ravishda shakllantirmagan taqdirda, ularning litsenziyasi vakolatli organ yoki sud qaroriga asosan toʻxtatib turilishi mumkin.

3. Quyidagilar Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi (keyingi oʻrinlarda — Respublika birjasi) faoliyatini rivojlantirishning asosiy ustuvor yoʻnalishlari etib belgilansin:

birja savdolari shaffofligi hamda axborot xavfsizligini taʼminlash, shuningdek, tashqi aralashuvlarga yoʻl qoʻymaslik;

birja axborot texnologiyalari infratuzilmasini yanada takomillashtirish, elektron savdo platformalarini doimiy ravishda modernizatsiya qilib borish;

birja xodimlari va aʼzolarining malakasini oshirish, joylarda savdo ishtirokchilari orasida birja mexanizmlarini keng targʻib qilish;

tovar derivativlari hamda qarama-qarshi auksion savdolarini amaliyotga joriy etish choralarini koʻrish.

Bunda Respublika birjasi yangi savdo instrumentlarini amaliyotga joriy qilishda ilgʻor xorijiy birjalar bilan hamkorlikni yanada rivojlantirish, dasturiy taʼminot tizimlarini ishlab chiqish yoki xarid qilish, xalqaro ekspert hamda konsultantlarni jalb qilish, shuningdek, xalqaro hamjamiyatda Respublika birjasining ishonchli va barqaror imijini shakllantirish choralari koʻriladi.

4. Shunday tartib oʻrnatilsinki, 2024-yil 1-noyabrdan boshlab:

eksport-import operatsiyalari doirasida Respublika birjasi orqali tuzilayotgan “forvard” bitimlar boʻyicha mahsulot narxlarini yetkazib berish muddatidan kelib chiqib, xalqaro axborot agentliklarining indeks va respublika tovar-xom ashyo birjalari kotirovkalari asosida shakllanadi;

yuqori likvidli mahsulotlar ishlab chiqaruvchilari tomonidan mahsulotlarni toʻgʻridan-toʻgʻri sotishda mahsulot narxi mazkur tovar boʻyicha amaldagi Respublika birjasi oʻrtacha narxidan (kotirovka) past boʻlmasligi taʼminlanadi.

5. Birja faoliyatini kengaytirish, sohaga yangi moliyaviy vositalarni joriy qilish, shuningdek, savdo ishtirokchilariga yanada qulayliklar yaratish boʻyicha “yoʻl xaritasi” 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:

forvard birja bitimlari boʻyicha kiritiladigan avans miqdorini kamaytirish;

avtotransport vositalari uchun roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilari boʻyicha auksion oʻtkazish tartibini takomillashtirish;

tovar-xom ashyo birjalarining elektron savdo tizimlariga qoʻyiladigan qoʻshimcha talablarni belgilash;

tovar-xom ashyo birjasi faoliyatini litsenziyalash pasportini yangi tahrirda tasdiqlash.

7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 12-sentabrdagi 570-son qaroriga 1-ILOVA

“Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ faoliyatini kengaytirish, sohaga yangi moliyaviy vositalarni joriy qilish boʻyicha

T/r Chora-tadbirlar nomi Amalga oshirish mexanizmi Amalga oshirish muddati Masʼul ijrochilar I. Birja savdo hajmlari va ishtirokchilarini yanada oshirish 1. Birja savdolari orqali sotilayotgan mahsulotlar sifatini aniqlash boʻyicha syurveyerlik xizmatini joriy etish. Syurveyerlik xizmatini koʻrsatish tartibini ishlab chiqish; syurveyerlik xizmatini koʻrsatuvchi tashkilotlar bilan hamkorlik aloqalarini oʻrnatish, birja ishtirokchilariga ularning xizmatini keng taklif qilish hamda talabga koʻra pulli xizmat koʻrsatish asosida tovar sifatini aniqlash va unga xulosa berish. 2024-yil oktabr “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ 2. Yangi savdo mexanizmlarini joriy qilish orqali birjaning tashqi savdo operatsiyalari hajmini oshirish. Birjada tuzilgan forvard bitimlari boʻyicha mahsulotni yuklashda, mahsulot uchun narxni xalqaro axborot agentliklari hamda xorijiy birjalar kotirovkalaridan kelib chiqib shakllantirish tartibini joriy etish; tashqi savdo operatsiyalarining yagona elektron axborot tizimida birja bitimining ijrosi toʻgʻrisidagi axborotni birja hamda tegishli tijorat banklari tomonidan kiritish va qayta tahrirlash imkoniyatini yaratish. 2024-yil oktabr “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi 3. Birja orqali sotilishi majburiy boʻlgan mahsulotlarga bir-biridan farq qiluvchi narxlarning qoʻllanilishiga yoʻl qoʻymaslik. Ishlab chiqarilayotgan mahsulotlari toʻliq (qisman) birja orqali sotilishi majburiy boʻlgan korxonalar roʻyxatini shakllantirish; mazkur korxonalar tomonidan oʻz mahsulotlarini birjada hamda birjadan tashqari toʻgʻridan-toʻgʻri sotishda belgilangan boshlangʻich narxlarni oʻrganish hamda oʻtkazilgan oʻrganish yakunlariga koʻra tayyorlangan tahliliy maʼlumotlarni Soliq qoʻmitasi va Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasiga kiritish; aynan bir xil mahsulotga bir-biridan farq qiluvchi boshlangʻich narx qoʻllanilgan holatlar aniqlangan taqdirda, ushbu korxonalarga nisbatan qonunchilik doirasida tegishli choralar koʻrish va bu kabi holatlarni bartaraf etish. doimiy Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi, “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ 4. Aholi tomorqalarida yetishtirilayotgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini realizatsiya qilish jarayonlariga elektron tijorat faoliyatini izchil tatbiq qilish. Dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari ularga ajratilgan yer maydonlarida yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini realizatsiya qilishga moʻljallangan “Uzex agro” elektron savdo portalini yaratish va ishga tushirish. “Uzex agro” elektron savdo portalida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotish tartibini belgilash. “Uzex agro” elektron savdo tizimini “Online Mahalla” elektron platformasi bilan integratsiya qilish. Qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtiruvchilarini portalga jalb qilishda hamda ushbu mahsulotlarni xaridorlarga, shu jumladan, davlat buyurtmachilariga sotishni yoʻlga qoʻyishda hokim yordamchilarining vazifalarini belgilash. 2024-yil oktabr Iqtisodiyot va moliya vazirligi, “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ, Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi II. Hisob-kitob operatsiyalarini yanada takomillashtirish 5. Birja hisob-kitob-kliring palatasi huzurida yuridik maqomga ega boʻlmagan Birja bitimlari ijrosini kafolatlash fondini tashkil etish. Birja bitimlari ijrosini kafolatlash fondini shakllantirish va uning mablagʻlaridan foydalanish tartibini ishlab chiqish. Bunda: fond mablagʻlarini birja aʼzolariga, ularga yuklatilgan moliyaviy majburiyatlarning bajarilishini taʼminlash uchun tijorat asosida ajratish; fondning huquq va majburiyatlarini belgilash; fond mablagʻlarining samarali va maqsadli foydalanilishi ustidan nazorat oʻrnatish. 2024-yil oktabr “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ, Iqtisodiyot va moliya vazirligi 6. Birja bitimlari boʻyicha toʻlov va yetkazib berish muddatini pullik xizmat asosida differensial uzaytirish tartibini joriy etish. Differensial tartibda birja bitimlari boʻyicha toʻlov va yetkazib berish muddatini uzaytirish mumkin boʻlgan tovarlar roʻyxatini shakllantirish. Elektron tizimda texnik ishlarni amalga oshirish. 2024-yil oktabr “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ III. Tovar derivativlarini joriy qilish boʻyicha ishlarni jadallashtirish 7. Yangi savdo vositalar savdosini tashkil qilish. Rivojlangan birjalar (Dubay — DMCC, AQSh — Chicago Mercantile Exchange Group, New York Intercontinental Exchange, Germaniya — Deutsche Boerse Group AG, Xitoy — Dalian Commodity Exchange) bilan tajriba almashinuvini tashkil qilish. Xalqaro ekspert hamda konsultantlarni jalb qilish; xorijiy hamkorlarni jalb qilgan holda moliyaviy vositalar savdosi boʻyicha elektron tizimni ishlab chiqish va ishga tushirish; savdo qoidalarini ishlab chiqish hamda savdo ishtirokchilari uchun oʻquv seminarlar tashkil qilish. 2024-yil “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ, Iqtisodiyot va moliya vazirligi 8. Birja savdolarida qarama-qarshi auksion savdolarini tashkil qilish hamda forvard bitimlar asosida tovarlarni qayta sotish tartibini joriy etish. Qarama-qarshi auksion va forvard bitimlar boʻyicha tovarlarni qayta sotish yuzasidan savdolarni oʻtkazish uchun texnik yechimlarni ishlab chiqish hamda amaliyotga joriy etish. Qarama-qarshi auksion va forvard bitimlari boʻyicha tovarlarni qayta sotish uchun savdo qoidalarini ishlab chiqish hamda yangi savdo turlari boʻyicha brokerlar uchun oʻquv-seminarlari tashkil qilish. 2024-yil noyabr “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ, Iqtisodiyot va moliya vazirligi 9. Xorijiy hamkorlar koʻmagida xalqaro birjalarning global derivativ bozorlarida savdo qilish imkoniyatini yaratish Tovar derivativlari bozorini joriy qilish borasida yuqori tajribaga ega xorijiy hamkorlar bilan muzokaralar oʻtkazish. Xorijiy hamkorlarning xalqaro birjalar global derivativ bozorlariga kirish boʻyicha texnologik yechimlari va imkoniyatlarini tahlil qilish. Birja huzurida ulushdorlik asosida xorijiy hamkorlar ishtirokidagi qoʻshma korxona tashkil qilish. Tovar derivativlari savdosining “Mahalliy bozorga” mos modelini ishlab chiqish va amaliyotga joriy qilish. 2024-2025-yillar “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ IV. Raqamli texnologiyalardan keng foydalanish va axborot texnologiyalari infratuzilmasini yanada takomillashtirish 10. Davlat raqami belgilari boʻyicha savdolarda ishtirokchiga qoʻshimcha qulayliklar yaratish. Axborot tizimida quyidagilarni nazarda tutuvchi texnik ishlarni amalga oshirish: oldindan oʻrnatilgan algoritm asosida narx taklifini berish — Algotrading; ishtirokchilar maʼlumotlarini vazirlik va idoralar bilan axborot almashinuvini yoʻlga qoʻygan holda avtomatik yangilanib borishini taʼminlash. 2024-yil oktabr “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ, Ichki ishlar vazirligi 11. UZEX mobil ilovalarini barcha platformalar uchun joriy etish. Birja savdolari va davlat xaridlari maxsus axborot portalining Android va IOS tizimlaridagi mobil ilovalarini toʻliq ishga tushirish. Bunda: foydalanuvchilar uchun oson va qulay dasturiy tizimni yaratish; mobil ilova ishlab chiqishga professional dasturchilarni jalb etish. 2024-yil dekabr “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ 12. Zaxira maʼlumotlarni qayta ishlash markazini tashkil qilish orqali axborotlarni saqlash sigʻimini kengaytirish. Mavjud axborot tizimlar, ularning texnik koʻrsatkichlari hamda maʼlumotlar hajmidan kelib chiqqan holda, Zaxira maʼlumotlarni qayta ishlash markazi uchun texnik talabni ishlab chiqish. Maʼlumotlarni joylashtirish uchun “Data-markaz”NN tanlash, “Data-markaz” va Birja oʻrtasida yuqori oʻtkazuvchanlikka ega aloqani oʻrnatish va zarur internet tezligi bilan taʼminlash. Avtoraqamlar auksion savdosi elektron tizimining aks nusxasini Zaxira maʼlumotlarni qayta ishlash markaziga oʻtkazish va sinov tariqasida “Mirroring” usulida tizimga ortiqcha yuklamalarsiz aks nusxalashni sinovdan oʻtkazish. Ijobiy sinov natijalariga koʻra birjaning qolgan maʼlumotlar bazalarini bosqichma-bosqich Zaxira maʼlumotlarni qayta ishlash markaziga oʻtkazish. 2024-2025-yillar “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ V. Xalqaro miqyosda zamonaviy oʻzbek birjasi imijini shakllantirish 13. Tovar-xom ashyo birjalari tizimida mahalliy indekslarni joriy qilish. Tovar-xom ashyo birjalarida mahalliy indekslarni yuritish tartibini ishlab chiqish. Soliq va bojxona organlari tomonidan bozor narxlarini hisoblashda tovar-xom ashyo birjalari mahalliy indekslaridan keng foydalanish. 2024-yil oktabr “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ, Iqtisodiyot va moliya vazirligi 14. Tovarlarning birja standartlari va xalqaro “benchmark”ni shakllantirish. Sohalararo milliy raqamli narxlar indikativi platformasi va savdo tizimini ishlab chiqish. Bunda xorijiy hamkorlar va malakali ekspertlarni jalb qilish. Shanxay hamkorlik tashkiloti doirasida tovar derivativlari va tovarlar savdosi tashkilotchilari bilan aloqalarni faollashtirish. 2024-yil dekabr “Oʻzbekiston respublika tovar-xomashyo birjasi” AJ

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 12-sentabrdagi 570-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 18-martdagi 170-son qarori bilan tasdiqlangan Birja savdolarida yuqori likvidli va (yoki) monopol turdagi mahsulotlarni sotish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 20-bandidagi “10 foizdan kam boʻlmagan” soʻzlari “10 foizgacha boʻlgan” soʻzlari bilan almashtirilsin.

2. Vazirlar Mahkamasining “Avtomototransport vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va ularga roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berish tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2017-yil 31-avgustdagi 683-son qarorida :

a) 3-bandning uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“avtotransport vositalari uchun roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini auksion oʻtkazish yoʻli bilan oshirilgan toʻlov stavkalari boʻyicha berishda toʻlovdan kelib tushgan mablagʻlar hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining uch yarim baravari miqdorida toʻlov davlat raqami belgisini ishlab chiqarish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash uchun maxsus gʻazna hisobvaragʻiga, qolgan mablagʻlarning 80 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetiga, 20 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining moddiy-texnika bazasini rivojlantirish, xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish va boshqa xarajatlar maxsus jamgʻarmasiga yoʻnaltiriladi;”.

b) 2-ilovaning 22-bandi quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Savdolar axborot tizimida favqulodda va muayyan sharoitlarda oldini olib boʻlmaydigan vaziyatlar yuzaga kelganda birja tomonidan uzaytirilishi mumkin”.

3. Vazirlar Mahkamasining 1999-yil 6-maydagi 223-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Tovar-xom ashyo birjalari savdolarida import kontraktlar tuzish tartibining 10-bandidagi “biroq bitishuv summasining kamida 15 foizi miqdorida” soʻzlari chiqarib tashlansin.

4. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 30-noyabrdagi 687-son qarori bilan tasdiqlangan Tovar-xom ashyo birjalarining elektron savdo tizimlariga qoʻyiladigan umumiy talablar toʻgʻrisida nizomning 26-bandi quyidagi mazmundagi oʻn ikkinchi va oʻn uchinchi xatboshilar bilan toʻldirilsin:

“dastur darajasida ishlaydigan va trafik tahlili yordamida veb-ilovalarni himoya qiluvchi veb-ilovalar uchun xavfsizlik devori — trafikni filtrlash vositasi (WAF);

axborot tizimi infratuzilmasida sodir boʻlayotgan xavfsizlik hodisalari haqida maʼlumotlarni real vaqt rejimida toʻplash va tahlil qilish uchun moʻljallangan dasturiy tizim (CIEM)”.

5. Vazirlar Mahkamasining “Maxsus elektron tizim orqali ayrim faoliyat turlarini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi yagona nizomni tasdiqlash haqida” 2022-yil 21-fevraldagi 80-son qarorida 32-ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Tovar-xom ashyo birjasi faoliyatini litsenziyalash PASPORTI

1. Litsenziya nomi: Birja faoliyati uchun litsenziya. 2. Litsenziyalanadigan faoliyat turlari: Tovar-xom ashyo birjasi faoliyati. 3. Ariza beruvchilar toifasi: Aksiyadorlik jamiyati shaklidagi yuridik shaxslar. 4. Litsenziyalovchi organ: Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi. 5. Litsenziyani olish uchun taqdim qilinadigan hujjatlar: 1. Litsenziya berish toʻgʻrisida ariza, unda yuridik shaxsning nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, uning joylashgan joyi (pochta manzili), soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami, asosiy faoliyat turi, telefon raqami, elektron pochta manzili koʻrsatiladi. 2. Birja tovarlari bilan savdo qilish qoidalari nusxasi. 3. Ustav jamgʻarmasining shakllantirilgani toʻgʻrisida maʼlumotnoma. 4. Birja savdolari elektron tizimi hamda hisob kitob-kliring tizimining Tovar-xom ashyo birjalarining elektron savdo tizimlariga qoʻyiladigan umumiy talablar toʻgʻrisidagi nizomda nazarda tutilgan talablarga javob berishi toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi va “Kiberxavfsizlik markazi” DUKning ijobiy xulosasi. 6. Arizani koʻrib chiqish uchun toʻlanadigan yigim miqdori: Yigʻim undirilmaydi. 7. Litsenziya berilgani uchun davlat boji miqdori: Bazaviy hisoblash miqdorining 4 baravari miqdorida. 8. Arizani koʻrib chiqish va qaror qabul qilish muddatlari: 20 ish kuni. 9. Litsenziya talablari va shartlari: a) litsenziyalash sohasidagi qonunchilik hujjatlarining muayyan qoidalariga rioya etish; b) Oʻzbekiston Respublikasi hududida joylashgan, maʼlumotlarni qayta ishlash boʻyicha zamonaviy markazga ega boʻlgan va Tovar-xom ashyo birjalarining elektron savdo tizimlariga qoʻyiladigan umumiy talablar toʻgʻrisidagi nizomda nazarda tutilgan talablarga javob beradigan hamda ularga asosan ishlab turgan mulk huquqi asosida tegishli boʻlgan elektron birja savdo tizimining mavjudligi *; v) ustav fondining ariza berilgan sanada bazaviy hisoblash miqdorining kamida qirq ming baravari miqdorida shakllantirilgani. Bunda ustav fondini 2024-yil 1-noyabrdan boshlab yuz mlrd soʻm, 2025-yil 1-iyuldan boshlab ikki yuz mlrd soʻm miqdorida faqat mablagʻ koʻrinishida shakllantirish; g) litsenziya talabgori (litsenziat) rahbari bir vaqtning oʻzida boshqa tovar-xom ashyo birjalarida rahbarlik lavozimini egallashiga yoʻl qoʻymaslik; d) quyidagi shaxslar litsenziatning rahbari boʻlishi mumkin emas *: moliya-iqtisod, yuridik, matematika yoki axborot texnologiyalari mutaxassisliklaridan kamida bittasi boʻyicha oliy maʼlumotli boʻlmagan shaxslar; qimmatli qogʻozlar bozoridagi professional faoliyatni amalga oshiruvchi tashkilotlarda, fond birjalarida yoxud iqtisodiy, moliyaviy va yuridik faoliyat sohalarda, axborot texnologiyalari sohasida yoki koʻrsatib oʻtilgan yoʻnalishlar boʻyicha davlat boshqaruvi organlarida kamida ikki yillik ish stajiga ega boʻlmagan shaxslar; yakka holda ijro etuvchi organ funksiyalarini bajargan, kollegial ijro etuvchi organ tarkibiga kirgan shaxslar yoki ularning aybi bilan yoʻl qoʻyilgan litsenziya talablari va shartlari buzilgani uchun tovar-xom ashyo birjasi faoliyatini amalga oshirishga berilgan litsenziyalarning amal qilishi toʻxtatilgan paytda, agar bunday toʻxtash paytidan boshlab uch yildan kam vaqt oʻtmagan boʻlsa; iqtisodiyot sohasidagi jinoyat uchun yoki boshqaruv tartibiga qarshi jinoyat uchun sudlanganligi olib tashlanmagan shaxslar; e) tuzilgan birja bitimlari bajarilishining kafolatlanish tizimi mavjudligi; j) qonunchilik hujjatlariga muvofiq axborotning maxfiyligini taʼminlash *; z) birja savdosi qoidalarining mavjudligi *, unda: birja aʼzolari, ularning huquq va majburiyatlari toʻgʻrisidagi nizom; birja aʼzoligiga qabul qilish, aʼzolikni toʻxtatib turish va tugatish tartibi; birja aʼzolarining birja savdolarida ishtirok etishga ruxsat berish tartibi; birja tovarlarini muomalaga qoʻyish va muomaladan chiqarishga ruxsat berish tartib-taomillari; tuzilgan birja bitimlarining bajarilishini taʼminlash uchun sharoit yaratish tartibi; birja savdolarini oʻtkazish tartibi, birja bitimlarining turlari; birja savdolarida muomalada boʻladigan hosila moliyaviy vositalarning (derivativlarning) tavsifi; birja tovarlarini kotirovkalash (ularning narxini belgilash) va ular toʻgʻrisidagi axborotni oshkor qilish tartibi; birja tovarlari bilan operatsiyalarni amalga oshirish, birja bitimlari va birja savdolari natijalarini roʻyxatga olish hamda rasmiylashtirish tartibi; birja savdolari ishtirokchilari oʻrtasida oʻzaro hisob-kitoblarni amalga oshirish tartibi; birjada narxlarning shakllanish jarayonini nazorat qilish tartibi; birja savdolari toʻgʻrisidagi axborotni oshkor etish tartibi; birja savdolari qoidalarini buzganlik uchun javobgarlik toʻgʻrisidagi qoidalar; birjada nizolarni hal etish tartibi; jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizmni moliyalashtirish va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablarining bajarilishini taʼminlashga qaratilgan chora-tadbirlar; birja savdolarida narxlar manipulyatsiyasi va maxfiy axborotdan noqonuniy foydalanishning oldini olish choralari toʻgʻrisidagi qoidalarning mavjudligi; i) birja savdolarida faqat oldindan eʼlon qilinadigan, isteʼmolchilar va mahsulot ishlab chiqaruvchilar keng tanishishi mumkin boʻlgan birjaning kotirovkalash varagʻiga kiritilgan tovarlarni sotish, oldindan eʼlon qilinadigan birjaning kotirovkalash varagʻiga kiritilmagan tovarlar sotilishiga qoʻyilgan taqiqlarning mavjudligi; k) birja tovarlariga boʻlgan talab va taklifning nisbati asosida ularni kotirovkalash (narx belgilash); l) axborotlarning qonunchilik hujjatlariga muvofiq oshkor qilinishi; m) litsenziyalovchi organ talabiga koʻra tovar-xom ashyo birjasi faoliyatini amalga oshirish bilan bogʻliq axborotni, shu jumladan, internet tarmogʻidan foydalangan holda shaxsiy kabinet orqali birja tovarlarining qoʻyilishi, sotilishi va hisob-kitob-kliring palatasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etish. Bunda vakolatli organga birja savdolari jarayonlarini onlayn nazorat qilish imkonini yaratish *; n) birja savdolarini faqat Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida hamda xorijiy davlatlardagi barcha birja aʼzolariga savdolarda bir vaqtning oʻzida qatnashish imkoniyatini beruvchi va teng kirishini taʼminlovchi markazlashtirilgan elektron tizimda oʻtkazish hamda respublikaning har bir hududida yuqori tezlikdagi himoyalangan internet tarmogʻi orqali birja savdolarida ishtirok etish imkoniyatini yaratish. Bunda birja savdolarini tashkil etishda raqobatni cheklovchi talab va shartlarning joriy etilishini taqiqlash; o) tovar-xom ashyo birjasining elektron savdo tizimida avtomatik ravishda tuziladigan hamda tovar nomi, oʻlchov birligi, lotlar soni, operatsiya turi, tovarning savdoga qoʻyilgan narxi va bitimda roʻyxatdan oʻtkazilgan narx, tovarni yetkazib berish shartlari, bitim tomonlari, bitim amalga oshirilgan aniq vaqt koʻrsatilgan, elektron protokollar tarzida kiritilgan bitimlar toʻgʻrisidagi axborotni uch yil mobaynida saqlash; p) tovar-xom ashyo birjasining kotirovkalash varagʻiga faqat bir xil standartga, bir turdagi xossalarga ega boʻlgan, ulgurji turkumlar bilan sotiladigan hamda dastlabki koʻzdan kechirishni talab qilmaydigan birja tovarlarini kiritish; r) litsenziya olish, uni qayta rasmiylashtirish uchun taqdim etiladigan maʼlumotlarning soxta, yolgʻon va notoʻgʻri emasligini taʼminlash; s) litsenziat qayta tashkil etilganda uning nomi yoki joylashgan joyi (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, litsenziat yoxud uning huquqiy vorisi qayta roʻyxatdan oʻtgandan keyin besh ish kunida “Litsenziya” AT yoki YIDXP orqali litsenziyalovchi organga koʻrsatib oʻtilgan maʼlumotlarni tasdiqlovchi tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida murojaaT qilinishi; t) zamonaviy server uskunalari bilan jihozlangan va maʼlumotlarni qayta ishlash boʻyicha zamonaviy markazning mavjudligi *, unda: infratuzilmani tashkil etish uchun kamida 5 ta server uskunasi, har bir server uskunasi 2 ta protsessor va kamida 100 TV xotiraga ega boʻlishi; bir vaqtning oʻzida axborot tizimining kamida 5 000 ta soʻrovni qayta ishlash tezligini taʼminlay olishi; kodli qulflar yoki biometrik tizim bilan himoyalangan kirish eshiklariga ega boʻlishi; yonmaydigan materiallardan koʻtarilgan pollar (falshpol) bilan jihozlangan boʻlishi; isitilgan va namlikni yoʻqotuvchi toza havo oqimini taʼminlovchi tizimga ega boʻlgan, 24/7 rejimda ishlovchi asosiy va zaxira sovitish texnikalari bilan jihozlanishi; kuzatuv kameralari bilan jihozlanishi; kamida 2 soat elektr taʼminoti uzluksizligini (generator ishga tushirilgunga qadar) taʼminlovchi quvvat manbaiga (UPS) ega boʻlishi; maxsus gaz yordamida avtomatik yongin oʻchirish tizimiga ega boʻlishi; maʼlumotlarni qayta ishlash markazining 60 foizi quvvat bilan kamida 2 sutka davomida ishlashini taʼminlovchi generator uskunasiga ega boʻlishi; u) axborot xavfsizligini taʼminlash *, bunda: dasturiy servis va ilovalarning uzluksiz ishlashini taʼminlovchi internet, idoralararo maʼlumotlar uzatish tarmogʻi hamda boshqa asosiy va zaxira aloqa tarmoqlariga ulangan boʻlishi; maʼlumotlar uzatish tarmogʻini himoya qilish uchun chegara zonalarini IDS/IPS funksiyalari, antivirus, spam filtr va boshqalarga ega apparat xavfsizlik devorlari bilan jihozlangan boʻlish; dasturiy ilovalardagi axborotlarni shifrlangan holda uzatish va qabul qilishni taʼminlovchi yechimlarga ega boʻlish; veb dasturiy ilovalar amaldagi SSL sertifikatlari bilan himoyalangan boʻlishi; maʼlumotlar bazalarini dastur ishlab chiquvchilar va administratorlar tomonidan oʻzgartirilishidan himoya qilish uchun RAM tizimiga ega boʻlish; xodimlar tomonidan maʼlumotlarning sizib chiqishini nazorat qilish uchun DLP tizimga ega boʻlish; f) har yil yakuni boʻyicha tovar-xom ashyo birjalari moliyaviy faoliyati yuzasidan xalqaro auditorlik tashkilotlari tomonidan mustaqil auditdan oʻtkazish; x) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 14-noyabrdagi PQ-3386-son qarori bilan tasdiqlangan monopolist korxonalar tomonidan bozor tamoyillari asosida sotiladigan roʻyxatga kiritilgan mahsulot turlari, xom ashyo va materiallar tovar xom ashyo birjalari tomonidan birja faoliyati uchun litsenziya olgandan boshlab olti oy davomida litsenziya talablari va shartlarini buzish holatlari aniqlanmagan taqdirda sotilishiga yoʻl qoʻyiladi; ch) vakolatli organlar bilan kelishilgan holda birja tarkibiga axborot xavfsizligi va korrupsiyaga qarshi komplayens tuzilmasining tashkil etilganligi. 10. Litsenziya berishda kelishiladigan organlar 1. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi. 2. “Kiberxavfsizlik markazi” DUK. 11. Litsenziyaning amal qilish muddati: Cheklanmagan. 12. Izoh: * qoʻpol ravishda buzish deb hisoblanadigan talablar va shartlar. ”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 12-sentabr,

570-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 13.09.2024-y., 09/24/570/0715-son)

lex.uz