📅 2024-yil 13-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 13-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 13 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 сентября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 September 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ипакчилик соҳасида наслли уруғчилик станциялари фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 3 майдаги ПФ-72-сон Фармонига мувофиқ наслли ипак қурти уруғи ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳажмини ошириш ҳамда пилла етиштириш усулларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ипакчилик илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда — Институт) ҳузурида хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида фаолият олиб борадиган давлат муассасаси шаклидаги Фарғона ипак қурти наслли уруғчилик станцияси ҳамда Хоразм ипак қурти наслли уруғчилик станцияси (кейинги ўринларда — ипак қурти наслли уруғчилик станциялари) ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар ипак қурти наслли уруғчилик станцияларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Институтда яратилган ипак қурти зотлари ва дурагайларининг дастлабки тухум қўймаларини кўпайтириш;
ипак қуртининг супер элита уруғларини тайёрлаш;
уруғчилик корхоналарини ипак қуртининг юқори сифатли элита уруғлари билан таъминлаш;
ипак қуртининг тоза зотларида генетик ва наслдорлик хусусиятларини сақлаш;
ипак қуртининг супер элита ва элита уруғларини ишлаб чиқариш жараёнига илғор илм-фан ютуқларини жорий қилиш;
ипакчилик соҳасида наслчилик ва генетика йўналиши бўйича илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш;
ипак қуртининг наслли уруғларини ишлаб чиқариш режаларини тузиш ва тасдиқлаш;
ипак қуртининг наслли уруғларини етиштириш ҳажмини ошириш орқали сотишни йўлга қўйиш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
ипак қурти наслли уруғчилик станциялари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади;
ипак қурти наслли уруғчилик станциялари ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига (кейинги ўринларда — Қўмита) ҳамда Институтга ҳисобот беради;
ипак қурти наслли уруғчилик станцияларига Институт директори томонидан Қўмита билан келишган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;
ипак қурти наслли уруғчилик станциялари директорларининг ўринбосарлари Институт директори томонидан Қўмита билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
ипак қурти наслли уруғчилик станциялари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот ташкилотлари ҳамда ипакчилик соҳасида фаолият юритадиган субъектлар учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;
ипак қурти наслли уруғчилик станциялари ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, банк ҳисобварақларига, шунингдек, хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;
ипак қурти наслли уруғчилик станциялари белгиланган тартибда ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, шунингдек, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
4. Қўмита Институт билан биргаликда ўн кун муддатда ипак қурти наслли уруғчилик станцияларининг уставини ишлаб чиқиб уни давлат рўйхатидан ўтказилишини, ташкилий тузилмаси тасдиқланишини ҳамда малакали ходимлар билан тўлдирилишини таъминласин.
5. Ипак қурти наслли уруғчилик станцияларига ипак қуртининг юқори сифатли элита уруғларини маҳаллий ва хорижий уруғчилик корхоналарига эркин бозор нархларида шартнома асосида сотиш ва ундан тушадиган маблағлардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
6. Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари икки ҳафта муддатда ипак қурти наслли уруғчилик станцияларига зарур бино ва иншоотларни қуриш учун тегишлича Фарғона ва Қўшқўпир туманлари ҳокимликлари захирасида бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонлари ҳисобидан 1 гектардан ер участкаларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш бўйича ўз қарорларини қабул қилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларининг таклифларига асосан бир ой муддатда ипак қурти наслли уруғчилик станцияларига интенсив тутзорларни ташкил этиш учун туман ҳокимликлари захирасида бўлган тегишлича Фарғона тумани «Қалача» МФЙ ҳудудидан 8 гектар ҳамда Қўшкўпир тумани «Ўртаёп» МФЙ ҳудудидан 10 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижара ҳуқуқи асосида ажратилсин.
8. Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари ипак қурти наслли уруғчилик станцияларига ажратилган ер участкаларидан доимий фойдаланиш ва ижара ҳуқуқлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
9. Қўмита Институт билан биргаликда бир ой муддатда ажратилган маблағлар доирасида тегишли лойиҳачи ташкилотларни жалб қилган ҳолда уруғчилик станциялари учун қўлланиладиган талаблар юзасидан техник топшириқ ишлаб чиқилишини таъминласин.
10. Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Қўмита билан биргаликда:
ипак қурти наслли уруғчилик станциялари учун бино ва иншоотларни қуриш бўйича тегишлича Фарғона ва Хоразм вилояти ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ДУКлар буюртмачи этиб белгиланишини;
бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда харид қилиш тартиб-тамойиллари натижаларига кўра танлаб олинишини;
ипак қурти наслли уруғчилик станцияларининг бино ва иншоотлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ энергия тежайдиган замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда қурилишини;
ипак қурти наслли уруғчилик станцияларининг бино ва иншоотларини қуриш учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ипак қурти наслли уруғчилик станцияларининг қурилиш объектлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилиши ва қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши юзасидан назорат ўрнатсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ипак қурти наслли уруғчилик станцияларининг бино ва иншоотларини қуриш-таъмирлаш ишлари 2024-2025 йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган ҳолда молиялаштирилишини таъминласин.
Белгилансинки, ипак қурти наслли уруғчилик станциялари фаолиятини ташкил этиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 3 майдаги ПФ-72-сон Фармонига мувофиқ 2024 йилда пилла етиштириш мавсумидан бошлаб пиллани қайта ишловчи ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчи корхоналарга улар томонидан бевосита пилла боқувчиларга етказиб берилган ҳар бир қути ипак қурти уруғи учун назарда тутилган субсидияларни бекор қилиш натижасида бўшаган маблағларни бир қисмини марказлашган инвестиция харажатларига йўналтириш орқали амалга оширилади.
Бунда ипак қурти наслли уруғчилик станциялари фаолиятини ташкил қилишда қуйидагилар инобатга олинади:
ажратилган маблағлар ҳисобидан қурилиш ишларини белгиланган тартибда молиялаштириш;
барча зарур жиҳоз ва асбоб-ускуналар, қишлоқ хўжалиги техникалари, шунингдек, лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш;
сув тежайдиган суғориш технологияларини қўллаган ҳолда интенсив тутзорларни барпо этиш ва агротехника тадбирларини амалга ошириш.
13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг:
мазкур қарорнинг 12-бандида назарда тутилган субсидияларни бекор қилиш натижасида бўшаган маблағлар ҳисобидан 10 млрд сўмни Қўмитанинг бюджетдан ташқари махсус жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварағига (4010) ўтказиш;
Қўмитанинг бюджетдан ташқари махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан тирик пилла етиштиришда фойдаланиладиган сунъий қутилар ва дасталарни харид қилиш ҳамда шартнома асосида муддатли тўлов шарти билан пиллачилик соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларга етказиб беришни ташкил қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Қўмита Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда тирик пилла етиштиришда фойдаланиладиган сунъий қутилар ва дасталарга қўйиладиган техник талабларни белгиласин ҳамда давлат харидлари бўйича белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ харидларни ташкил этсин.
14. Қўмитага:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда Қўмитанинг бюджетдан ташқари махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан пиллачилик соҳаси бўйича инновация лойиҳаларини амалга оширишдан, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларга сунъий қутилар ва дасталарни муддатли тўлов асосида етказиб беришдан тушадиган тушумларни янги лойиҳаларни молиялаштиришга қайта йўналтириш;
Қўмитанинг бюджетдан ташқари махсус жамғармасининг вақтинча бўш турган маблағларини белгиланган тартибда тижорат банкларига депозитга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ҳисобидан Қўмита ва унинг тизим ташкилотларини моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш ваколати берилсин.
15. Вазирлар Маҳкамасининг «Пиллани қайта ишлаш ва пилла қурти уруғини ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан пилла боқувчиларга етказиб берилган ипак қурти уруғи учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2023 йил 21 июлдаги 305-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 13 сентябрь,
571-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Ipakchilik sohasida naslli urugʻchilik stansiyalari faoliyatini tashkil qilish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Pilla yetishtirish va ipakchilik sohasida bozor mexanizmlarini joriy qilishni jadallashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 3-maydagi PF-72-son Farmoniga muvofiq naslli ipak qurti urugʻi ishlab chiqarishni mahalliylashtirish hajmini oshirish hamda pilla yetishtirish usullarini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Ipakchilik ilmiy-tadqiqot instituti (keyingi oʻrinlarda — Institut) huzurida xoʻjalik yuritish huquqi asosida faoliyat olib boradigan davlat muassasasi shaklidagi Fargʻona ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyasi hamda Xorazm ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyasi (keyingi oʻrinlarda — ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalari) tashkil etilsin.
2. Quyidagilar ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalarining asosiy vazifalari etib belgilansin:
Institutda yaratilgan ipak qurti zotlari va duragaylarining dastlabki tuxum qoʻymalarini koʻpaytirish;
ipak qurtining super elita urugʻlarini tayyorlash;
urugʻchilik korxonalarini ipak qurtining yuqori sifatli elita urugʻlari bilan taʼminlash;
ipak qurtining toza zotlarida genetik va nasldorlik xususiyatlarini saqlash;
ipak qurtining super elita va elita urugʻlarini ishlab chiqarish jarayoniga ilgʻor ilm-fan yutuqlarini joriy qilish;
ipakchilik sohasida naslchilik va genetika yoʻnalishi boʻyicha ilmiy-tadqiqot ishlarini kuchaytirish;
ipak qurtining naslli urugʻlarini ishlab chiqarish rejalarini tuzish va tasdiqlash;
ipak qurtining naslli urugʻlarini yetishtirish hajmini oshirish orqali sotishni yoʻlga qoʻyish.
3. Belgilab qoʻyilsinki:
ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalari xodimlarining mehnatiga haq toʻlash miqdorlari va shartlari Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi tomonidan Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi bilan kelishilgan holda belgilanadi;
ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalari oʻz faoliyati toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Ipakchilik va jun sanoatini rivojlantirish qoʻmitasiga (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) hamda Institutga hisobot beradi;
ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalariga Institut direktori tomonidan Qoʻmita bilan kelishgan holda lavozimga tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan direktor rahbarlik qiladi;
ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalari direktorlarining oʻrinbosarlari Institut direktori tomonidan Qoʻmita bilan kelishgan holda lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi;
ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalari qishloq xoʻjaligi sohasidagi ilmiy-tadqiqot tashkilotlari hamda ipakchilik sohasida faoliyat yuritadigan subyektlar uchun qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan imtiyozlardan foydalanish huquqiga ega boʻladi;
ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalari oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga, mustaqil balansga, bank hisobvaraqlariga, shuningdek, xorijiy valyutadagi shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi;
ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalari belgilangan tartibda oʻz nomidan mulkiy va shaxsiy nomulkiy huquqlarni olishi va amalga oshirishi, shuningdek, zimmasiga majburiyatlar olishi, sudda daʼvogar va javobgar boʻlishi mumkin.
4. Qoʻmita Institut bilan birgalikda oʻn kun muddatda ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalarining ustavini ishlab chiqib uni davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini, tashkiliy tuzilmasi tasdiqlanishini hamda malakali xodimlar bilan toʻldirilishini taʼminlasin.
5. Ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalariga ipak qurtining yuqori sifatli elita urugʻlarini mahalliy va xorijiy urugʻchilik korxonalariga erkin bozor narxlarida shartnoma asosida sotish va undan tushadigan mablagʻlardan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda foydalanish huquqi beriladi.
6. Fargʻona va Xorazm viloyatlari hokimliklari ikki hafta muddatda ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalariga zarur bino va inshootlarni qurish uchun tegishlicha Fargʻona va Qoʻshqoʻpir tumanlari hokimliklari zaxirasida boʻlgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan yer maydonlari hisobidan 1 gektardan yer uchastkalarini doimiy foydalanish huquqi asosida ajratish boʻyicha oʻz qarorlarini qabul qilsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda Fargʻona va Xorazm viloyatlari hokimliklarining takliflariga asosan bir oy muddatda ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalariga intensiv tutzorlarni tashkil etish uchun tuman hokimliklari zaxirasida boʻlgan tegishlicha Fargʻona tumani “Qalacha” MFY hududidan 8 gektar hamda Qoʻshkoʻpir tumani “Oʻrtayop” MFY hududidan 10 gektar qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalari ijara huquqi asosida ajratilsin.
8. Fargʻona va Xorazm viloyatlari hokimliklari ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalariga ajratilgan yer uchastkalaridan doimiy foydalanish va ijara huquqlari belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin.
9. Qoʻmita Institut bilan birgalikda bir oy muddatda ajratilgan mablagʻlar doirasida tegishli loyihachi tashkilotlarni jalb qilgan holda urugʻchilik stansiyalari uchun qoʻllaniladigan talablar yuzasidan texnik topshiriq ishlab chiqilishini taʼminlasin.
10. Fargʻona va Xorazm viloyatlari hokimliklari Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi hamda Qoʻmita bilan birgalikda:
ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalari uchun bino va inshootlarni qurish boʻyicha tegishlicha Fargʻona va Xorazm viloyati hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” DUKlar buyurtmachi etib belgilanishini;
bosh loyiha va bosh pudrat tashkilotlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda xarid qilish tartib-tamoyillari natijalariga koʻra tanlab olinishini;
ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalarining bino va inshootlari shaharsozlik normalari va qoidalariga muvofiq energiya tejaydigan zamonaviy texnologiyalardan foydalangan holda qurilishini;
ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalarining bino va inshootlarini qurish uchun ajratiladigan mablagʻlardan maqsadli va samarali foydalanilishini taʼminlasin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalarining qurilish obyektlari boʻyicha loyiha-smeta hujjatlari belgilangan tartibda ekspertizadan oʻtkazilishi va qurilish-montaj ishlarini amalga oshirishda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga rioya etilishi yuzasidan nazorat oʻrnatsin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalarining bino va inshootlarini qurish-taʼmirlash ishlari 2024-2025-yilgi ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturiga kiritilgan holda moliyalashtirilishini taʼminlasin.
Belgilansinki, ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalari faoliyatini tashkil etish ishlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Pilla yetishtirish va ipakchilik sohasida bozor mexanizmlarini joriy qilishni jadallashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 3-maydagi PF-72-son Farmoniga muvofiq 2024-yilda pilla yetishtirish mavsumidan boshlab pillani qayta ishlovchi va pilla qurti urugʻini ishlab chiqaruvchi korxonalarga ular tomonidan bevosita pilla boquvchilarga yetkazib berilgan har bir quti ipak qurti urugʻi uchun nazarda tutilgan subsidiyalarni bekor qilish natijasida boʻshagan mablagʻlarni bir qismini markazlashgan investitsiya xarajatlariga yoʻnaltirish orqali amalga oshiriladi.
Bunda ipak qurti naslli urugʻchilik stansiyalari faoliyatini tashkil qilishda quyidagilar inobatga olinadi:
ajratilgan mablagʻlar hisobidan qurilish ishlarini belgilangan tartibda moliyalashtirish;
barcha zarur jihoz va asbob-uskunalar, qishloq xoʻjaligi texnikalari, shuningdek, laboratoriya jihozlari bilan taʼminlash;
suv tejaydigan sugʻorish texnologiyalarini qoʻllagan holda intensiv tutzorlarni barpo etish va agrotexnika tadbirlarini amalga oshirish.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining:
mazkur qarorning 12-bandida nazarda tutilgan subsidiyalarni bekor qilish natijasida boʻshagan mablagʻlar hisobidan 10 mlrd soʻmni Qoʻmitaning budjetdan tashqari maxsus jamgʻarmasi shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga (4010) oʻtkazish;
Qoʻmitaning budjetdan tashqari maxsus jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan tirik pilla yetishtirishda foydalaniladigan sunʼiy qutilar va dastalarni xarid qilish hamda shartnoma asosida muddatli toʻlov sharti bilan pillachilik sohasidagi xoʻjalik yurituvchi subyektlarga yetkazib berishni tashkil qilish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.
Qoʻmita Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda tirik pilla yetishtirishda foydalaniladigan sunʼiy qutilar va dastalarga qoʻyiladigan texnik talablarni belgilasin hamda davlat xaridlari boʻyicha belgilangan tartib-taomillarga muvofiq xaridlarni tashkil etsin.
14. Qoʻmitaga:
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan kelishilgan holda Qoʻmitaning budjetdan tashqari maxsus jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan pillachilik sohasi boʻyicha innovatsiya loyihalarini amalga oshirishdan, shuningdek, xoʻjalik yurituvchi subyektlarga sunʼiy qutilar va dastalarni muddatli toʻlov asosida yetkazib berishdan tushadigan tushumlarni yangi loyihalarni moliyalashtirishga qayta yoʻnaltirish;
Qoʻmitaning budjetdan tashqari maxsus jamgʻarmasining vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarini belgilangan tartibda tijorat banklariga depozitga joylashtirishdan olinadigan daromadlar hisobidan Qoʻmita va uning tizim tashkilotlarini moddiy-texnika bazasini mustahkamlash hamda xodimlarini ijtimoiy himoya qilish va moddiy ragʻbatlantirish vakolati berilsin.
15. Vazirlar Mahkamasining “Pillani qayta ishlash va pilla qurti urugʻini ishlab chiqaruvchi korxonalar tomonidan pilla boquvchilarga yetkazib berilgan ipak qurti urugʻi uchun subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2023-yil 21-iyuldagi 305-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
16. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev va Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vaziri I.Yu. Abduraxmonov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 13-sentabr,
571-son