UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 18-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 18 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 сентября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 September 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Туризмнинг янги турларини жорий қилиш ҳамда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Туризмнинг янги турларини жорий қилиш орқали маҳаллий ва хорижий туристлар учун қўшимча имконият ва қулайликлар яратиш, туризм салоҳияти юқори ҳудудларда туристик хизматларни кўпайтириш, шунингдек, 2024 йилда стратегик йўналишлардаги ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлар режасининг ижросини таъминлаш мақсадида:

1. 2025 йил 1 январдан бошлаб туризмнинг қуйидаги янги турлари жорий қилинсин:

маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишишни назарда тутувчи саноат туризми;

олтин, руда ва бошқа минерал ресурслар қазиб олувчи конлар, шахталар, фаолият юритмаётган геологик объектларида технологик жараёнларни, шу жумладан, тоғ жинсларини портлатиш тадбирларини бехатар масофадан кузатиш, мутахассислар билан мулоқот қилиш, тоғ рельефлари бўйича экскурсияларни ташкил қилишни назарда тутувчи геология туризми;

илмий-тадқиқот институтлари ва лабораториялар, обсерваториялар ҳамда планетарийлар, Фанлар академияси ва унинг тизимидаги ташкилотларга ташриф буюриш орқали фан ва техника ютуқлари билан танишишни назарда тутувчи илмий туризм;

ҳарбий тарих ва фаолият билан боғлиқ жойларга ташриф буюриш, ёдгорликлар ва тадбирларда қатнашиш, ҳарбий хизматчилар ҳаёти ва шароитлари билан яқиндан танишиш, ҳудудларда туристларга ўқ отиш бўйича пулли хизматлар ташкил қилишни назарда тутувчи ҳарбий туризм;

мамлакатнинг сиёсий ҳаёти, давлат органлари ва ташкилотларининг тарихи ва фаолиятини акс эттирувчи жойларга, хусусан, Ҳукумат бино ва иншоотларига ташриф буюришни ўз ичига олган давлат-бошқарув туризми.

2. Туризмнинг янги турларини жорий этишга, шу жумладан, объектлар рўйхатини шакллантириш, уларга кириш-чиқиш тартибини ишлаб чиқиш, уларда пулли ва бепул кўрсатиладиган хизматларни белгилаш, тушаётган маблағлардан самарали фойдаланишга қуйидагилар масъул этиб белгилансин:

саноат туризми бўйича — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлиги;

геология туризми бўйича — Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги;

илмий туризм бўйича-Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Фанлар Академияси;

ҳарбий туризм бўйича — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги;

давлат-бошқарув туризми бўйича — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги.

Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси тегишли объектларга туристик маршрутларни йўлга қўйиш ва уларга маҳаллий ва хорижий туристларни жалб қилиш, янги туризм хизматлари бўйича жамоатчилик мунтазам равишда хабардор қилиб борсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Адлия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси, Савдо-саноат палатаси, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарорнинг 2-бандида кўрсатилган янги туризм турлари бўйича объектлар рўйхати, уларга кириш-чиқиш тартиби ва хизматлардан фойдаланишни назарда тегишли идоравий ҳужжат қабул қилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг 2025 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ва хорижий туристларга қуйидаги хизматларни кўрсатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси, «Шон-шараф», «Қуролли Кучлар» давлат музейлари ва ҳудудлардаги «Ватанпарварлар» боғларида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан бевосита таништириш;

Мудофаа вазирлигининг Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази Қибрай спорт мажмуаси базасида «Стендли отиш» ва ўқотар қуроллардан отишни пулли асосида йўлга қўйиш.

5. 2025 йил 1 октябрдан бошлаб ички туризм инфратузилмаси бўйича аҳоли ҳамда туристларнинг хабардорлигини таъминлаш имконини берувчи, шунингдек қуйидаги техник имкониятларни назарда тутувчи «Tourist map» интерактив портали синов тариқасида Самарқанд шаҳрининг халқаро аэропортида ишга туширилсин:

аэропорт, темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, тарихий, маданий, кўнгилочар, овқатланиш ва шу каби жойлар ҳамда уларга етиб бориш маршрутлари ҳақида маълумот тақдим этиш;

аҳоли ва туристларнинг саёҳат қилиш муддати ва қизиқишидан келиб чиқиб, саёҳат режасини тузиб бериш ва матрицали штрих код (QR-код) орқали мобил қурилмасига ўтказиб олиш имкониятини яратиш;

туристлар оқими юқори бўлган давлатлар тилларида ахборот бериш ҳамда тегишли ҳудуднинг харитаси намойиш этиб бориш.

6. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги бир ой муддатда тажриба ўтказиш даврида аэропорт, темир йўл вокзаллари ҳамда чегара ўтиш пунктларида туристларга бир ой фаол туристик сим-карталарни мобил алоқа операторлари томонидан бепул бериш амалиётини жорий қилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 октябрга қадар:

«Tourist map» интерактив порталини яратиш ишларини якунлаш ҳамда Самарқанд шаҳрининг халқаро аэропортида интерактив портал ускуналари жойлаштирилишини таъминласин;

«Tourist map» интерактив портали ускуналари атрофида бепул Wi-Fi зоналарини ташкил этсин;

«Tourist map» интерактив порталининг мобил иловасини ишга туширсин.

«Tourist map» интерактив портали ва унинг мобил иловасини ишлаб чиқиш, ишга тушириш, кейинчалик функционал имкониятларини кенгайтириш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда интерактив портал ускуналарини харид қилиш, сақлаш ва таъмирлаб бориш харажатлари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

Туризм қўмитаси тажриба якунлари бўйича иқтисодий, молиявий ва туристик таҳлилларни амалга оширсин ва унинг асосида «Tourist map» интерактив порталини мамлакатнинг бошқа туризм оқими юқори бўлган ҳудудларнинг аэропорт, темир йўл вокзаллари, автовокзалларида ишга тушириш юзасидан 2026 йил 1 сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритсин.

8. Туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, транспорт-логистика соҳасини ва бизнес жараёнларини рақамлаштириш мақсадида 2024 йил якунига қадар:

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси билан биргаликда автотранспорт воситаларини ижарага бериш хизматларини кўрсатувчи маҳаллий ва хорижий компаниялар («Hertz», «Avis», «Sixt» каби) фаолиятини мамлакатнинг аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудудларида йўлга қўйиш учун қулай шароитлар яратиш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ҳудудлар бўйича туристик йўналишлар ва объектларни қамраб олувчи рўйхатни шакллантириб, «Apple» ва «Google» халқаро хариталарга тақдим этилишини ва мунтазам равишда реестри янгилаб борилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси билан биргаликда халқаро онлайн тўлов компаниялари («Paypal», «Alipay», «UniPay», «Apple Pay», «Google Pay» каби) билан музокара ўтказиб ушбу воситаларни Ўзбекистондаги тўлов тизимлари ва банк хизматларига улашни йўлга қўйсин, зарур ҳолларда, миллий қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритсин.

9. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги 1053-сон қарори билан 2020-2021 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш ва «Олтин ҳалқа» туризм концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлар дастури тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи ва янгиланган 2025-2027 йилларда Тошкент вилоятида туризмни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

Тошкент вилоятида ички туризмни иқтисодиётнинг устувор тармоғи сифатида ривожлантириш бўйича узоқ муддатли комплекс ривожлантириш режасини белгилаш;

туристик-рекреацион зоналарда давлат-хусусий шериклик ва кластер ёндашувига асосланган комплекс инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш;

туристларнинг узоқ муддатга қолиши ва такроран келишлари учун шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, туман (шаҳар)ларни ўзаро боғловчи туристик йўналишларни ишлаб чиқиш;

ҳар бир ҳудудда туризм объектларига олиб борувчи йўл кўрсаткичлар (навигациялар)ни ишлаб чиқиш орқали туристларга қулайликлар яратиш;

ҳудудларнинг табиий ҳолатини ҳамда қишлоқларнинг асл қиёфасини сақлаган ҳолда, сайёҳларни миллий маданият ва қадриятлар билан таништириш.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 18 сентябрь,

582-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.09.2024 й., 09/24/582/0750-сон; 17.03.2026 й., 09/26/105/0244-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Turizmning yangi turlarini joriy qilish hamda mamlakatimizning turistik salohiyatidan samarali foydalanishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Turizmning yangi turlarini joriy qilish orqali mahalliy va xorijiy turistlar uchun qoʻshimcha imkoniyat va qulayliklar yaratish, turizm salohiyati yuqori hududlarda turistik xizmatlarni koʻpaytirish, shuningdek, 2024-yilda strategik yoʻnalishlardagi islohotlarni amalga oshirish chora-tadbirlar rejasining ijrosini taʼminlash maqsadida:

1. 2025-yil 1-yanvardan boshlab turizmning quyidagi yangi turlari joriy qilinsin:

mahsulot ishlab chiqarish jarayonlari bilan tanishishni nazarda tutuvchi sanoat turizmi;

oltin, ruda va boshqa mineral resurslar qazib oluvchi konlar, shaxtalar, faoliyat yuritmayotgan geologik obyektlarida texnologik jarayonlarni, shu jumladan, togʻ jinslarini portlatish tadbirlarini bexatar masofadan kuzatish, mutaxassislar bilan muloqot qilish, togʻ relyeflari boʻyicha ekskursiyalarni tashkil qilishni nazarda tutuvchi geologiya turizmi;

ilmiy-tadqiqot institutlari va laboratoriyalar, observatoriyalar hamda planetariylar, Fanlar akademiyasi va uning tizimidagi tashkilotlarga tashrif buyurish orqali fan va texnika yutuqlari bilan tanishishni nazarda tutuvchi ilmiy turizm;

harbiy tarix va faoliyat bilan bogʻliq joylarga tashrif buyurish, yodgorliklar va tadbirlarda qatnashish, harbiy xizmatchilar hayoti va sharoitlari bilan yaqindan tanishish, hududlarda turistlarga oʻq otish boʻyicha pulli xizmatlar tashkil qilishni nazarda tutuvchi harbiy turizm;

mamlakatning siyosiy hayoti, davlat organlari va tashkilotlarining tarixi va faoliyatini aks ettiruvchi joylarga, xususan, Hukumat bino va inshootlariga tashrif buyurishni oʻz ichiga olgan davlat-boshqaruv turizmi.

2. Turizmning yangi turlarini joriy etishga, shu jumladan, obyektlar roʻyxatini shakllantirish, ularga kirish-chiqish tartibini ishlab chiqish, ularda pulli va bepul koʻrsatiladigan xizmatlarni belgilash, tushayotgan mablagʻlardan samarali foydalanishga quyidagilar masʼul etib belgilansin:

sanoat turizmi boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Investitsiyalar, sanoat va tashqi savdo vazirligi;

geologiya turizmi boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi;

ilmiy turizm boʻyicha-Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Fanlar Akademiyasi;

harbiy turizm boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi;

davlat-boshqaruv turizmi boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi.

Oʻzbekiston Respublikasi Turizm qoʻmitasi tegishli obyektlarga turistik marshrutlarni yoʻlga qoʻyish va ularga mahalliy va xorijiy turistlarni jalb qilish, yangi turizm xizmatlari boʻyicha jamoatchilik muntazam ravishda xabardor qilib borsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Investitsiyalar, sanoat va tashqi savdo vazirligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi, Mudofaa vazirligi, Adliya vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Fanlar akademiyasi, Savdo-sanoat palatasi, tegishli vazirlik va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda ushbu qarorning 2-bandida koʻrsatilgan yangi turizm turlari boʻyicha obyektlar roʻyxati, ularga kirish-chiqish tartibi va xizmatlardan foydalanishni nazarda tegishli idoraviy hujjat qabul qilsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining 2025-yil 1-yanvardan boshlab mahalliy va xorijiy turistlarga quyidagi xizmatlarni koʻrsatish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin:

“Gʻalaba bogʻi” yodgorlik majmuasi, “Shon-sharaf”, “Qurolli Kuchlar” davlat muzeylari va hududlardagi “Vatanparvarlar” bogʻlarida harbiy texnika va qurol-aslahalar bilan bevosita tanishtirish;

Mudofaa vazirligining Oliy sport natijalarini rivojlantirish markazi Qibray sport majmuasi bazasida “Stendli otish” va oʻqotar qurollardan otishni pulli asosida yoʻlga qoʻyish.

5. 2025-yil 1-oktabrdan boshlab ichki turizm infratuzilmasi boʻyicha aholi hamda turistlarning xabardorligini taʼminlash imkonini beruvchi, shuningdek quyidagi texnik imkoniyatlarni nazarda tutuvchi “Tourist map” interaktiv portali sinov tariqasida Samarqand shahrining xalqaro aeroportida ishga tushirilsin:

aeroport, temir yoʻl vokzallari, avtovokzallar, tarixiy, madaniy, koʻngilochar, ovqatlanish va shu kabi joylar hamda ularga yetib borish marshrutlari haqida maʼlumot taqdim etish;

aholi va turistlarning sayohat qilish muddati va qiziqishidan kelib chiqib, sayohat rejasini tuzib berish va matritsali shtrix kod (QR-kod) orqali mobil qurilmasiga oʻtkazib olish imkoniyatini yaratish;

turistlar oqimi yuqori boʻlgan davlatlar tillarida axborot berish hamda tegishli hududning xaritasi namoyish etib borish.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi bir oy muddatda tajriba oʻtkazish davrida aeroport, temir yoʻl vokzallari hamda chegara oʻtish punktlarida turistlarga bir oy faol turistik sim-kartalarni mobil aloqa operatorlari tomonidan bepul berish amaliyotini joriy qilsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Turizm qoʻmitasi Raqamli texnologiyalar vazirligi va Transport vazirligi bilan birgalikda 2025-yil 1-oktabrga qadar:

“Tourist map” interaktiv portalini yaratish ishlarini yakunlash hamda Samarqand shahrining xalqaro aeroportida interaktiv portal uskunalari joylashtirilishini taʼminlasin;

“Tourist map” interaktiv portali uskunalari atrofida bepul Wi-Fi zonalarini tashkil etsin;

“Tourist map” interaktiv portalining mobil ilovasini ishga tushirsin.

“Tourist map” interaktiv portali va uning mobil ilovasini ishlab chiqish, ishga tushirish, keyinchalik funksional imkoniyatlarini kengaytirish, texnik xizmat koʻrsatish hamda interaktiv portal uskunalarini xarid qilish, saqlash va taʼmirlab borish xarajatlari Turizmni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari va qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshirilishi belgilab qoʻyilsin.

Turizm qoʻmitasi tajriba yakunlari boʻyicha iqtisodiy, moliyaviy va turistik tahlillarni amalga oshirsin va uning asosida “Tourist map” interaktiv portalini mamlakatning boshqa turizm oqimi yuqori boʻlgan hududlarning aeroport, temir yoʻl vokzallari, avtovokzallarida ishga tushirish yuzasidan 2026-yil 1-sentabrga qadar Vazirlar Mahkamasiga asoslantirilgan takliflar kiritsin.

8. Turistlar uchun qulay shart-sharoitlar yaratish, transport-logistika sohasini va biznes jarayonlarini raqamlashtirish maqsadida 2024-yil yakuniga qadar:

Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Turizm qoʻmitasi bilan birgalikda avtotransport vositalarini ijaraga berish xizmatlarini koʻrsatuvchi mahalliy va xorijiy kompaniyalar (“Hertz”, “Avis”, “Sixt” kabi) faoliyatini mamlakatning aeroport va temir yoʻl vokzallari hududlarida yoʻlga qoʻyish uchun qulay sharoitlar yaratish choralarini koʻrsin;

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Turizm qoʻmitasi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda hududlar boʻyicha turistik yoʻnalishlar va obyektlarni qamrab oluvchi roʻyxatni shakllantirib, “Apple” va “Google” xalqaro xaritalarga taqdim etilishini va muntazam ravishda reyestri yangilab borilishini taʼminlasin;

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Raqamli texnologiyalar vazirligi hamda Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Turizm qoʻmitasi bilan birgalikda xalqaro onlayn toʻlov kompaniyalari (“Paypal”, “Alipay”, “UniPay”, “Apple Pay”, “Google Pay” kabi) bilan muzokara oʻtkazib ushbu vositalarni Oʻzbekistondagi toʻlov tizimlari va bank xizmatlariga ulashni yoʻlga qoʻysin, zarur hollarda, milliy qonunchilik talablarini qayta koʻrib chiqish boʻyicha takliflar kiritsin.

9. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 31-dekabrdagi 1053-son qarori bilan 2020-2021-yillarda Toshkent viloyatida turizm sohasini jadal rivojlantirish va “Oltin halqa” turizm konsepsiyasini amalga oshirish chora-tadbirlar dasturi tasdiqlanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

Toshkent viloyati hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Transport vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, bilan birgalikda uch oy muddatda quyidagilarni nazarda tutuvchi va yangilangan 2025-2027-yillarda Toshkent viloyatida turizmni rivojlantirish konsepsiyasini ishlab chiqsin va belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin:

Toshkent viloyatida ichki turizmni iqtisodiyotning ustuvor tarmogʻi sifatida rivojlantirish boʻyicha uzoq muddatli kompleks rivojlantirish rejasini belgilash;

turistik-rekreatsion zonalarda davlat-xususiy sheriklik va klaster yondashuviga asoslangan kompleks infratuzilma loyihalarini amalga oshirish;

turistlarning uzoq muddatga qolishi va takroran kelishlari uchun shart-sharoitlar yaratish, shu jumladan, tuman (shahar)larni oʻzaro bogʻlovchi turistik yoʻnalishlarni ishlab chiqish;

har bir hududda turizm obyektlariga olib boruvchi yoʻl koʻrsatkichlar (navigatsiyalar)ni ishlab chiqish orqali turistlarga qulayliklar yaratish;

hududlarning tabiiy holatini hamda qishloqlarning asl qiyofasini saqlagan holda, sayyohlarni milliy madaniyat va qadriyatlar bilan tanishtirish.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 18-sentabr,

582-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.09.2024-y., 09/24/582/0750-son; 17.03.2026-y., 09/26/105/0244-son)

lex.uz