📅 2024-yil 30-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 30-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 30 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 сентября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 September 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Ажратилган минтақа ва муҳофаза зоналари чегараларида темир йўл транспорти ерларининг ўлчамини белгилаш ҳамда улардан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ-329-сон қарорига мувофиқ темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш даражасини ошириш, йўловчилар ҳаёти ҳамда соғлиғи учун хавфсиз ҳаракатланиш муҳитини ташкил этиш, муҳандислик иншоотлари ва бошқа темир йўл транспорти воситалари сифатли ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, темир йўл транспорти ерларининг муҳофаза зоналари ҳамда ажратилган чегара минтақаларидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ажратилган минтақа ва муҳофаза зоналари чегараларида темир йўл транспорти ерларининг ўлчамини белгилаш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ажратилган минтақа чегараларида темир йўл транспорти ерларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш;
темир йўл транспорти ерларига чегарадош бўлган муҳофаза зонаси ерлари ўлчами ва улардан фойдаланиш тартиби.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда муҳофаза зоналаридаги ерлар бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид қарорлар чиқарилишига йўл қўймаслик, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини белгиловчи ҳужжатларни чиқармаслик ва бошқа қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўриб борсинлар.
3. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Транспорт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда темир йўл транспорти ерларига чегарадош бўлган муҳофаза зонаси ерларида кўкаламзорлаштириш ва дарахт экиш ишларини амалга ошириш дастурини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Белгилансинки:
ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради;
мазкур қарорнинг амал қилиши қарор кучга киргандан кейинги муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
5. Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 сентябрдаги 616-сон қарорига ИЛОВА
Ажратилган минтақа ва муҳофаза зоналари чегараларида темир йўл транспорти ерларининг ўлчамини белгилаш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом ажратилган минтақа ва муҳофаза зоналари чегараларидаги темир йўл транспорти ерларининг ўлчамини белгилаш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ажратилган минтақа — темир йўлларга туташган, темир йўллар билан банд бўлган ёки бундай йўлларни жойлаштириш учун мўлжалланган, шунингдек, темир йўл станцияларини, сув чиқариш ва мустаҳкамлаш қурилмаларини, темир йўллар бўйлаб ҳимоя чизиқларини, алоқа линияларини, электр таъминоти қурилмаларини, ҳарбий юкларни ортиш ва тушириш жойларини, ишлаб чиқаришга оид ва бошқа биноларни, иморатлар, иншоотлар ва темир йўл транспортининг бошқа объектларини жойлаштириш учун мўлжалланган ер участкалари;
муҳофаза зоналари — ажратилган минтақага икки томондан туташган ҳудудлар белгиланади, темир йўл транспорти ходимлари, йўловчилар, ҳайвонлар хавфсизлигини, шунингдек, темир йўл станцияларидан, темир йўллардан, электр таъминоти ва алоқа линияларидан фойдаланишда хавфсизликни, темир йўл транспорти иншоотлари, қурилмалари ва бошқа объектларининг, шу жумладан, силжувчи тупроқли ҳудудларда ва қум уюмлари, ер кўчиши, ер чўкиши, сув оқизиб кетиши, сел олиши ва табиий хусусиятдаги бошқа хавфли таъсирларга мойил бўлган ҳудудларда жойлашган объектларнинг бут сақланиши, мустаҳкамлиги ва бардошлилигини таъминлаш мақсадида ўрнатилган ҳудудлар;
умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар — юкни жўнатувчиларга (жўнатувчиларга) ва юкни олувчиларга (олувчиларга) шартнома шартлари асосида хизмат кўрсатиш ёки эгалик қилувчининг ўз эҳтиёжлари учун технологик ишларни бажаришга мўлжалланган умумий фойдаланишдаги темир йўлларга бевосита ёки бошқа темир йўл шохобча йўллари орқали туташадиган шохобча темир йўллар, шунингдек, умумий фойдаланишдаги темир йўлларга туташмайдиган темир йўллар;
темир йўл транспорти инфратузилмаси — технологик мажмуа бўлиб, у ушбу мажмуа фаолиятини таъминловчи темир йўлларни, темир йўл станцияларини, электр таъминоти қурилмаларини, алоқа тармоқларини, сигнализация, марказлаштириш ва блоклаш тизимларини, ахборот мажмуаларини, ҳаракатни бошқариш тизимини, бинолар, иншоотлар, қурилмалар, жиҳозлар ва ускуналарни ўз ичига олади;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасининг оператори (кейинги ўринларда — инфратузилма оператори) — умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатли ташкилотга тегишли бўлган, умумий фойдаланишдаги темир йўлларнинг ва умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси бошқа объектларининг фойдаланилишини, жорий сақланишини ва модернизациясини, қурилишини амалга оширадиган, шунингдек, инфратузилмадан фойдаланиш хизматларини, шу жумладан, ҳаракатдаги таркибни ўтказиш ва олиб ўтиш учун умумий фойдаланишдаги темир йўллардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган хизматларни кўрсатадиган юридик шахс.
2-боб. Ажратилган минтақа чегараларида темир йўл транспорти ерларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш тартиби
3. Темир йўл транспортига ажратилган минтақа чегараларини белгилашда инфратузилма оператори ёки умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар эгаси Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси , Шаҳарсозлик кодекси , «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги Қонуни ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ тегишли ер тузиш (кадастр) ишлари бажарилишини таъминлайди.
4. Темир йўл транспортига ажратилган минтақа чегараларини кадастр ҳисобига олиш ҳамда ажратилган минтақа ўлчамларини ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 30 июндаги 152-сон қарори билан тасдиқланган Темир йўллар давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
5. Темир йўл транспортига ажратилган минтақа доирасидаги ер участкалари чегаралари ер ажратиш меъёрларига, лойиҳа-смета ва шаҳарсозлик ҳужжатларига (ҳудудларни, аҳоли пунктларини ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш тўғрисидаги ҳамда уларни қуриш ҳақидаги ҳужжатлар), умумий фойдаланишдаги темир йўл инфратузилмаси ёки темир йўл шохобча йўлларини ривожлантириш ва реконструкция қилиш бош тарҳларига мувофиқ бўлиши лозим.
Темир йўл транспортига ажратилган минтақа доирасидаги ер участкалари махсус чегараловчи белгиланган намунадаги марза белгилари билан ажратилади.
6. Ажратилган минтақа кенглигини белгилашда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ қуйидагилар ҳисобга олиниши лозим:
ер кўтармасининг конфигурацияси (кўндаланг кесими);
сунъий иншоотлар ўлчамлари;
маҳаллий ер рельефи;
алоҳида об-ҳаво шароитлари (жарликлар пайдо бўлиш зоналарида, қор кўчкисига (ўпирилишига), кўчки, сув тошиши, сел оқимлари, жарликлар, карстлар вужудга келишига ва бошқа хавфли геологик таъсирларга мойил жойларда жойлашган йўл участкалари);
йўлларни қор ёки тупроқ кўчкисидан ҳимоя қилиш зарурати.
Ажратилган минтақа кенглиги станциялар оралиғида (перегонда) 10 метрдан 29 метргача бўлган масофада белгиланади.
Бунда ажратилган минтақа кенглиги темир йўлнинг қор кўчкисидан ҳимоя қилиш иншоотлари, тўғонлар, йўл ўтказгичлар ва бошқа махсус ҳимоя воситалари талаб этиладиган жойларда ушбу қурилмаларнинг жойлашишини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
7. Темир йўл транспорти ерларига тегишли бўлган, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва ундан фойдаланишга мўлжалланган темир йўл транспорти объектлари билан банд бўлмаган ажратилган минтақа ер участкалари (уларнинг қисмлари)дан:
йўловчиларга хизмат кўрсатиш;
юкларни омборларга жойлаштириш;
ортиш-тушириш майдончаларини жойлаштириш;
темир йўл шохобча йўлларини улаш;
темир йўл бўйидаги омборларни (ёқилғи-мойлаш материаллари омбори ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, шунингдек, хавфли моддалар ҳамда материалларни сақлаш учун мўлжалланган омборлар бундан мустасно) қуриш учун фойдаланиш мумкин.
8. Ажратилган минтақа чегараларида ер участкаларидан фойдаланишда қуйидаги талабларда риоя қилиш лозим:
а) ер участкаларидан белгиланган мақсадларда фойдаланиш;
б) қуйидагиларга:
темир йўлда кўринишнинг ёмонлашишига олиб келувчи, ҳаракат хавфсизлигига ҳамда темир йўл транспортидан фойдаланишга таҳдид солувчи бинолар ва иншоотлар, кўп йиллик экинларни жойлаштиришга;
тоғли ҳудудларда қум-тош жинслари ва тупроқ массалари тўпланишига;
муҳандислик коммуникациялари жойлашган жойларда темир йўл транспортидан фойдаланиш ва ҳаракат хавфсизлигига таҳдид соладиган бино ва иншоотларни қуриш ҳамда жойлаштиришга;
ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда иншоотлари жойлашган жойларда қишлоқ хўжалиги ишларини амалга оширишга;
қишлоқ хўжалиги ерларига туташ жойларда бегона ўтлар ва дарахт-буталарнинг ўсиб кўпайиб кетишига;
ўрмон ҳудудларига туташ жойларда қуриб қолган дарахтлар, шох-шаббалар, кесилган ёғоч қолдиқлари ва ёнувчан материаллар тўпланишига;
атроф табиий муҳит ишлаб чиқариш чиқиндилари ва темир йўл транспорти ишлаб чиқариш фаолиятининг бошқа чиқиндилари билан ифлосланишига, ерлар ахлат уюмлари билан тўлиши ҳамда ботқоқланишига йўл қўймаслик;
в) ажратилган минтақа чегарасини табиий ўрмон ёқасидан эни 3 метрдан 5 метргача бўлган ёнғиннинг олдини олувчи тўсиқ ёки эни 3 метрдан кам бўлмаган минераллаштирилган участка билан ажратиш;
г) ерни эрозия ва деградациядан ҳимоя қилиш чораларини кўриш, ерни ноқулай табиат ҳодисаларидан ҳимоя этиш бўйича ўрмон мелиорацияси, ёнғиннинг олдини олиш ва зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;
д) ердан, сувдан ва ер ости бойликларидан фойдаланишнинг белгиланган тартибини бузмаслик.
9. Ажратилган минтақа чегарасида темир йўл транспорти ер участкаларидан чекланган ҳолда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) — темир йўлларни кесиб ўтувчи ёки уларга яқин жойда жойлашган қуйидаги объектларни жойлаштириш (ётқизиш), қуриш ва фойдаланиш учун белгиланиши мумкин:
муҳандислик коммуникациялари;
йўл ўтказгичлар;
темир йўл кесишмалари;
алоқа ва электр узатиш линиялари;
қувур линиялари;
нефть ва газ қувурлари;
ирригация линиялари, шунингдек, дренаж ишлари.
Сервитут уни талаб этувчи кўрсатиб ўтилган иншоотлар мулкдори билан инфратузилма оператори ёки умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар эгаси ўртасидаги келишувга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига асосан белгиланади.
Ажратилган минтақа чегарасида ушбу бандда кўрсатилган объектлардан фойдаланиш хавфсизлигига уларнинг эгалари масъулдирлар. Мазкур иншоотлар эгалари ҳаракат хавфсизлигига таҳдид соладиган авария ҳодисалари юзага келганлиги тўғрисида инфратузилма оператори ёки умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар эгасига ўз вақтида хабар бериши шарт.
10. Ажратилган минтақа чегараларидаги темир йўл транспорти инфратузилмаси объектларида белгиланган тартибда ташқи реклама объектлари жойлаштирилиши мумкин.
Бунда ташқи реклама объектлари Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни ҳамда ташқи реклама тўғрисидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлиши ҳамда темир йўл транспортидан фойдаланишга ва ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солмаслиги, кўришни ёмонлаштирмаслиги ҳамда темир йўл транспорти объектларининг экологик тозалигини бузмаслиги лозим.
3-боб. Темир йўл транспорти ерларига чегарадош бўлган муҳофаза зонаси ерлари ўлчами ва улардан фойдаланиш тартиби
11. Муҳофаза зоналари аҳоли хавфсизлигини, темир йўл линиялари, электр таъминоти ва алоқа линияларидан хавфсиз фойдаланиш, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси объектлари, шу жумладан, силжувчи тупроқли ҳудудларда ҳамда қор ва қум уюмлари тўпланишига ва бошқа зарарли таъсирларга молик бўлган ҳудудларда жойлашган объектлар соз ҳолда сақланиши, мустаҳкамлиги ва барқарорлигини таъминлаш учун хизмат қилади.
12. Муҳофаза зоналари чегараларидаги ер участкалари ер, шаҳарсозлик ва экология тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Муҳофаза зоналарини белгилаш зарурати уларнинг ўлчамлари ва чегаралари, улар доирасида ердан фойдаланишда ер кўтармаси ҳамда темир йўл транспорти сунъий иншоотларига салбий таъсирларнинг олдини олиш учун ер кўтармасини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш лойиҳаларида ҳисобга олинади.
Бунда физик-географик, тупроққа оид, гидрологик ва бошқа табиий шароитларни, шунингдек, аҳоли пунктларидаги уй-жойларни ўтаётган поездларнинг меъёрдан ортиқ шовқинидан, ёнувчан, портловчи ва хавфли юкларни ташишда содир бўлиши мумкин бўлган ҳалокатлардан ҳимоя қилиш заруратини инобатга олиш лозим.
13. Қуйидаги жойларда темир йўл муҳофаза зоналари чегаралари белгиланади:
а) аҳоли пунктларида ва уларнинг бевосита яқинида;
б) қор кўчкиси, ўпирилиш, сув тошиши, сел оқимлари, жарликлар, карстлар вужудга келишига ва бошқа хавфли геологик таъсирларга мойил жойларда;
в) ҳаракатланувчи қумли майдонларда;
г) ҳимоя ўрмонзорлари вазифасини бажарувчи ўрмонлар, жумладан, дарё қайирлари ва ер усти сув объектлари бўйлаб жойлашган ўрмонларда;
д) дарахтларни кесиб ташлаш оқибатида тоғлар қияликлари ҳамда тепаликларнинг барқарорлигига таъсир кўрсатиши ва ўпирилиш, тош кўчиши, жарликлар пайдо бўлишига олиб келиши ёки сел оқимлари ҳамда қор кўчкиси вужудга келиши мумкин бўлган, темир йўлларнинг бутунлиги, барқарорлиги ва мустаҳкамлигига таъсир кўрсатадиган ўрмонларда.
14. Темир йўл транспортидан фойдаланиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида муҳофаза зоналарида қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
бинолар, иморатлар ва иншоотларни қуриш, дарахт кўчатларини, мевали дарахтларни экиш, муҳандислик-коммуникацияларини қуриш, вақтинча йўлларни жойлаштириш, дарахт ва бута ўсимликларини кесиш, чим қопламини олиб ташлаш, қияликлар барқарорлигини ёмонлаштириши мумкин бўлган ер ишларини амалга ошириш;
қум кўчадиган жойлардаги муҳофаза зоналари чегараларида табиий тупроқ қопламасини ўзгартириш, қуриган ўтларни ёқиш, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши;
ерларни шудгор қилиш, полизлар барпо этиш;
чорва молларини ўтлатиш;
ер усти ва хўжалик-маиший сувларни оқизиш.
15. Аҳоли пунктларида ва уларнинг бевосита яқинида муҳофаза зоналари ҳар икки томондан, темир йўл чекка изи ўқидан 100 метрдан кам бўлмаган масофада белгиланади.
Аҳоли пунктларида, аҳоли пунктлараро ҳудудларида муҳофаза зоналари ҳамда улардан фойдаланиш мақсадлари ва тартиблари ҳудудларни ҳамда аҳоли пунктларини ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш тўғрисида ҳамда уларни қуриш ҳақидаги тасдиқланган ҳужжатларда белгиланади.
16. Қум кўчадиган жойларда муҳофаза зоналари темир йўл ўқининг ҳар икки томонидан, ажратилган минтақани ҳисобга олган ҳолда, 500 метрдан кам бўлмаган масофада белгиланади.
17. Кўтарма темир йўл ўқидан иҳота дарахтзорларигача бўлган масофа 15 метрдан кам бўлмаган узунликда белгиланади. Асосий йўлларда эса бу масофа иккинчи йўл қуриш мўлжалланган томонга қараб 20 метргача узайтирилади.
Ўйиқликларнинг рошидан, шунингдек, сувларни оқизиб кетувчи ариқлар (мавжуд бўлган тақдирда) рошидан иҳота дарахтзорларигача бўлган масофа 5 метрдан кам бўлмаган узунликда белгиланади. Асосий йўлларда эса, бу масофа иккинчи йўл қуриш мўлжалланган томонга қараб 10 метргача узайтирилади. Бунда ҳар қандай ҳолларда темир йўл чекка изи ўқидан иҳота дарахтзорларигача бўлган масофа 15 метрдан кам бўлмаслиги лозим. Агар 15 метр масофада электр узатиш тармоғи бўлса, унинг муҳофаза зоналари ҳам ҳисобга олиниши керак.
Ўрмон фонди ерларидаги муҳофаза зоналарида дарахтларни парваришлаш, санитария ва ўрмонни қайта тиклаш мақсадларидан ташқари ёппасига кесишга йўл қўйилмайди.
18. Дарё қайирлари, кўллар ва сув омборлари бўйидаги муҳофаза зоналарида темир йўл кўтармаси қияликларини ҳамда кўприклар ёнидаги сувни тартибга солувчи иншоотлар ювилиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида чорва молларини ўтлатиш, ҳимоя дарахтзорлари ва бутазорларни кесиш тақиқланади.
19. Электр тармоғи хўжалиги объектлари муҳофаза зонаси темир йўлларнинг ажратилган минтақа ва (ёки) муҳофаза зоналарини кесиб ўтганда, уларнинг ўлчамлари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон қарори билан тасдиқланган Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ белгиланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
20. Темир йўл транспорти ерлари Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламенти билан белгиланган тартибда ажратилади.
21. Ушбу Низом талабларини қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
22. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 30 сентябрь,
616-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Ajratilgan mintaqa va muhofaza zonalari chegaralarida temir yoʻl transporti yerlarining oʻlchamini belgilash hamda ulardan foydalanishni tartibga solish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining “Temir yoʻl transporti toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi temir yoʻl transporti sohasini tubdan isloh qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 10-oktabrdagi PQ-329-son qaroriga muvofiq temir yoʻllarda yuk va yoʻlovchilar tashish xavfsizligini taʼminlash darajasini oshirish, yoʻlovchilar hayoti hamda sogʻligʻi uchun xavfsiz harakatlanish muhitini tashkil etish, muhandislik inshootlari va boshqa temir yoʻl transporti vositalari sifatli ishlashi uchun zarur shart-sharoitlar yaratish, temir yoʻl transporti yerlarining muhofaza zonalari hamda ajratilgan chegara mintaqalaridan maqsadli foydalanishni taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Ajratilgan mintaqa va muhofaza zonalari chegaralarida temir yoʻl transporti yerlarining oʻlchamini belgilash hamda ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
ajratilgan mintaqa chegaralarida temir yoʻl transporti yerlaridan foydalanish va ularni saqlash;
temir yoʻl transporti yerlariga chegaradosh boʻlgan muhofaza zonasi yerlari oʻlchami va ulardan foydalanish tartibi.
2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tegishli respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda muhofaza zonalaridagi yerlar boʻyicha qonunchilik hujjatlari talablariga zid qarorlar chiqarilishiga yoʻl qoʻymaslik, yuridik va jismoniy shaxslarning yer uchastkalariga boʻlgan huquqlarini belgilovchi hujjatlarni chiqarmaslik va boshqa qonun buzilishi holatlarining oldini olish choralarini koʻrib borsinlar.
3. “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ Transport vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda temir yoʻl transporti yerlariga chegaradosh boʻlgan muhofaza zonasi yerlarida koʻkalamzorlashtirish va daraxt ekish ishlarini amalga oshirish dasturini ishlab chiqib, Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
4. Belgilansinki:
ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi;
mazkur qarorning amal qilishi qaror kuchga kirgandan keyingi munosabatlarga nisbatan tatbiq etiladi.
5. Transport vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni uch oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda transport vaziri I.R. Maxkamov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-sentabrdagi 616-son qaroriga ILOVA
Ajratilgan mintaqa va muhofaza zonalari chegaralarida temir yoʻl transporti yerlarining oʻlchamini belgilash hamda ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom ajratilgan mintaqa va muhofaza zonalari chegaralaridagi temir yoʻl transporti yerlarining oʻlchamini belgilash hamda ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ajratilgan mintaqa — temir yoʻllarga tutashgan, temir yoʻllar bilan band boʻlgan yoki bunday yoʻllarni joylashtirish uchun moʻljallangan, shuningdek, temir yoʻl stansiyalarini, suv chiqarish va mustahkamlash qurilmalarini, temir yoʻllar boʻylab himoya chiziqlarini, aloqa liniyalarini, elektr taʼminoti qurilmalarini, harbiy yuklarni ortish va tushirish joylarini, ishlab chiqarishga oid va boshqa binolarni, imoratlar, inshootlar va temir yoʻl transportining boshqa obyektlarini joylashtirish uchun moʻljallangan yer uchastkalari;
muhofaza zonalari — ajratilgan mintaqaga ikki tomondan tutashgan hududlar belgilanadi, temir yoʻl transporti xodimlari, yoʻlovchilar, hayvonlar xavfsizligini, shuningdek, temir yoʻl stansiyalaridan, temir yoʻllardan, elektr taʼminoti va aloqa liniyalaridan foydalanishda xavfsizlikni, temir yoʻl transporti inshootlari, qurilmalari va boshqa obyektlarining, shu jumladan, siljuvchi tuproqli hududlarda va qum uyumlari, yer koʻchishi, yer choʻkishi, suv oqizib ketishi, sel olishi va tabiiy xususiyatdagi boshqa xavfli taʼsirlarga moyil boʻlgan hududlarda joylashgan obyektlarning but saqlanishi, mustahkamligi va bardoshliligini taʼminlash maqsadida oʻrnatilgan hududlar;
umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllar — yukni joʻnatuvchilarga (joʻnatuvchilarga) va yukni oluvchilarga (oluvchilarga) shartnoma shartlari asosida xizmat koʻrsatish yoki egalik qiluvchining oʻz ehtiyojlari uchun texnologik ishlarni bajarishga moʻljallangan umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarga bevosita yoki boshqa temir yoʻl shoxobcha yoʻllari orqali tutashadigan shoxobcha temir yoʻllar, shuningdek, umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarga tutashmaydigan temir yoʻllar;
temir yoʻl transporti infratuzilmasi — texnologik majmua boʻlib, u ushbu majmua faoliyatini taʼminlovchi temir yoʻllarni, temir yoʻl stansiyalarini, elektr taʼminoti qurilmalarini, aloqa tarmoqlarini, signalizatsiya, markazlashtirish va bloklash tizimlarini, axborot majmualarini, harakatni boshqarish tizimini, binolar, inshootlar, qurilmalar, jihozlar va uskunalarni oʻz ichiga oladi;
umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasining operatori (keyingi oʻrinlarda — infratuzilma operatori) — umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti sohasidagi vakolatli tashkilotga tegishli boʻlgan, umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarning va umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasi boshqa obyektlarining foydalanilishini, joriy saqlanishini va modernizatsiyasini, qurilishini amalga oshiradigan, shuningdek, infratuzilmadan foydalanish xizmatlarini, shu jumladan, harakatdagi tarkibni oʻtkazish va olib oʻtish uchun umumiy foydalanishdagi temir yoʻllardan foydalanish bilan bogʻliq boʻlgan xizmatlarni koʻrsatadigan yuridik shaxs.
2-bob. Ajratilgan mintaqa chegaralarida temir yoʻl transporti yerlaridan foydalanish va ularni saqlash tartibi
3. Temir yoʻl transportiga ajratilgan mintaqa chegaralarini belgilashda infratuzilma operatori yoki umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllar egasi Oʻzbekiston Respublikasining Yer kodeksi , Shaharsozlik kodeksi , “Davlat yer kadastri toʻgʻrisida”gi Qonuni va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq tegishli yer tuzish (kadastr) ishlari bajarilishini taʼminlaydi.
4. Temir yoʻl transportiga ajratilgan mintaqa chegaralarini kadastr hisobiga olish hamda ajratilgan mintaqa oʻlchamlarini oʻzgartirish Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat yer kadastri toʻgʻrisida”gi Qonuni va Vazirlar Mahkamasining 2005-yil 30-iyundagi 152-son qarori bilan tasdiqlangan Temir yoʻllar davlat kadastrini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
5. Temir yoʻl transportiga ajratilgan mintaqa doirasidagi yer uchastkalari chegaralari yer ajratish meʼyorlariga, loyiha-smeta va shaharsozlik hujjatlariga (hududlarni, aholi punktlarini rivojlantirishni shaharsozlik jihatidan rejalashtirish toʻgʻrisidagi hamda ularni qurish haqidagi hujjatlar), umumiy foydalanishdagi temir yoʻl infratuzilmasi yoki temir yoʻl shoxobcha yoʻllarini rivojlantirish va rekonstruksiya qilish bosh tarhlariga muvofiq boʻlishi lozim.
Temir yoʻl transportiga ajratilgan mintaqa doirasidagi yer uchastkalari maxsus chegaralovchi belgilangan namunadagi marza belgilari bilan ajratiladi.
6. Ajratilgan mintaqa kengligini belgilashda shaharsozlik normalari va qoidalari talablariga muvofiq quyidagilar hisobga olinishi lozim:
yer koʻtarmasining konfiguratsiyasi (koʻndalang kesimi);
sunʼiy inshootlar oʻlchamlari;
mahalliy yer relyefi;
alohida ob-havo sharoitlari (jarliklar paydo boʻlish zonalarida, qor koʻchkisiga (oʻpirilishiga), koʻchki, suv toshishi, sel oqimlari, jarliklar, karstlar vujudga kelishiga va boshqa xavfli geologik taʼsirlarga moyil joylarda joylashgan yoʻl uchastkalari);
yoʻllarni qor yoki tuproq koʻchkisidan himoya qilish zarurati.
Ajratilgan mintaqa kengligi stansiyalar oraligʻida (peregonda) 10 metrdan 29 metrgacha boʻlgan masofada belgilanadi.
Bunda ajratilgan mintaqa kengligi temir yoʻlning qor koʻchkisidan himoya qilish inshootlari, toʻgʻonlar, yoʻl oʻtkazgichlar va boshqa maxsus himoya vositalari talab etiladigan joylarda ushbu qurilmalarning joylashishini hisobga olgan holda belgilanadi.
7. Temir yoʻl transporti yerlariga tegishli boʻlgan, harakat xavfsizligini taʼminlash va undan foydalanishga moʻljallangan temir yoʻl transporti obyektlari bilan band boʻlmagan ajratilgan mintaqa yer uchastkalari (ularning qismlari)dan:
yoʻlovchilarga xizmat koʻrsatish;
yuklarni omborlarga joylashtirish;
ortish-tushirish maydonchalarini joylashtirish;
temir yoʻl shoxobcha yoʻllarini ulash;
temir yoʻl boʻyidagi omborlarni (yoqilgʻi-moylash materiallari ombori va avtomobillarga yoqilgʻi quyish shoxobchalari, shuningdek, xavfli moddalar hamda materiallarni saqlash uchun moʻljallangan omborlar bundan mustasno) qurish uchun foydalanish mumkin.
8. Ajratilgan mintaqa chegaralarida yer uchastkalaridan foydalanishda quyidagi talablarda rioya qilish lozim:
a) yer uchastkalaridan belgilangan maqsadlarda foydalanish;
b) quyidagilarga:
temir yoʻlda koʻrinishning yomonlashishiga olib keluvchi, harakat xavfsizligiga hamda temir yoʻl transportidan foydalanishga tahdid soluvchi binolar va inshootlar, koʻp yillik ekinlarni joylashtirishga;
togʻli hududlarda qum-tosh jinslari va tuproq massalari toʻplanishiga;
muhandislik kommunikatsiyalari joylashgan joylarda temir yoʻl transportidan foydalanish va harakat xavfsizligiga tahdid soladigan bino va inshootlarni qurish hamda joylashtirishga;
ichimlik va oqova suv tarmoqlari hamda inshootlari joylashgan joylarda qishloq xoʻjaligi ishlarini amalga oshirishga;
qishloq xoʻjaligi yerlariga tutash joylarda begona oʻtlar va daraxt-butalarning oʻsib koʻpayib ketishiga;
oʻrmon hududlariga tutash joylarda qurib qolgan daraxtlar, shox-shabbalar, kesilgan yogʻoch qoldiqlari va yonuvchan materiallar toʻplanishiga;
atrof tabiiy muhit ishlab chiqarish chiqindilari va temir yoʻl transporti ishlab chiqarish faoliyatining boshqa chiqindilari bilan ifloslanishiga, yerlar axlat uyumlari bilan toʻlishi hamda botqoqlanishiga yoʻl qoʻymaslik;
v) ajratilgan mintaqa chegarasini tabiiy oʻrmon yoqasidan eni 3 metrdan 5 metrgacha boʻlgan yongʻinning oldini oluvchi toʻsiq yoki eni 3 metrdan kam boʻlmagan minerallashtirilgan uchastka bilan ajratish;
g) yerni eroziya va degradatsiyadan himoya qilish choralarini koʻrish, yerni noqulay tabiat hodisalaridan himoya etish boʻyicha oʻrmon melioratsiyasi, yongʻinning oldini olish va zarur chora-tadbirlarni amalga oshirish;
d) yerdan, suvdan va yer osti boyliklaridan foydalanishning belgilangan tartibini buzmaslik.
9. Ajratilgan mintaqa chegarasida temir yoʻl transporti yer uchastkalaridan cheklangan holda foydalanish huquqi (servitut) — temir yoʻllarni kesib oʻtuvchi yoki ularga yaqin joyda joylashgan quyidagi obyektlarni joylashtirish (yotqizish), qurish va foydalanish uchun belgilanishi mumkin:
muhandislik kommunikatsiyalari;
yoʻl oʻtkazgichlar;
temir yoʻl kesishmalari;
aloqa va elektr uzatish liniyalari;
quvur liniyalari;
neft va gaz quvurlari;
irrigatsiya liniyalari, shuningdek, drenaj ishlari.
Servitut uni talab etuvchi koʻrsatib oʻtilgan inshootlar mulkdori bilan infratuzilma operatori yoki umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllar egasi oʻrtasidagi kelishuvga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasining Yer kodeksiga asosan belgilanadi.
Ajratilgan mintaqa chegarasida ushbu bandda koʻrsatilgan obyektlardan foydalanish xavfsizligiga ularning egalari masʼuldirlar. Mazkur inshootlar egalari harakat xavfsizligiga tahdid soladigan avariya hodisalari yuzaga kelganligi toʻgʻrisida infratuzilma operatori yoki umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllar egasiga oʻz vaqtida xabar berishi shart.
10. Ajratilgan mintaqa chegaralaridagi temir yoʻl transporti infratuzilmasi obyektlarida belgilangan tartibda tashqi reklama obyektlari joylashtirilishi mumkin.
Bunda tashqi reklama obyektlari Oʻzbekiston Respublikasining “Reklama toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda tashqi reklama toʻgʻrisidagi boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq boʻlishi hamda temir yoʻl transportidan foydalanishga va harakat xavfsizligiga tahdid solmasligi, koʻrishni yomonlashtirmasligi hamda temir yoʻl transporti obyektlarining ekologik tozaligini buzmasligi lozim.
3-bob. Temir yoʻl transporti yerlariga chegaradosh boʻlgan muhofaza zonasi yerlari oʻlchami va ulardan foydalanish tartibi
11. Muhofaza zonalari aholi xavfsizligini, temir yoʻl liniyalari, elektr taʼminoti va aloqa liniyalaridan xavfsiz foydalanish, umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasi obyektlari, shu jumladan, siljuvchi tuproqli hududlarda hamda qor va qum uyumlari toʻplanishiga va boshqa zararli taʼsirlarga molik boʻlgan hududlarda joylashgan obyektlar soz holda saqlanishi, mustahkamligi va barqarorligini taʼminlash uchun xizmat qiladi.
12. Muhofaza zonalari chegaralaridagi yer uchastkalari yer, shaharsozlik va ekologiya toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga muvofiq boʻlishi kerak.
Muhofaza zonalarini belgilash zarurati ularning oʻlchamlari va chegaralari, ular doirasida yerdan foydalanishda yer koʻtarmasi hamda temir yoʻl transporti sunʼiy inshootlariga salbiy taʼsirlarning oldini olish uchun yer koʻtarmasini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash loyihalarida hisobga olinadi.
Bunda fizik-geografik, tuproqqa oid, gidrologik va boshqa tabiiy sharoitlarni, shuningdek, aholi punktlaridagi uy-joylarni oʻtayotgan poyezdlarning meʼyordan ortiq shovqinidan, yonuvchan, portlovchi va xavfli yuklarni tashishda sodir boʻlishi mumkin boʻlgan halokatlardan himoya qilish zaruratini inobatga olish lozim.
13. Quyidagi joylarda temir yoʻl muhofaza zonalari chegaralari belgilanadi:
a) aholi punktlarida va ularning bevosita yaqinida;
b) qor koʻchkisi, oʻpirilish, suv toshishi, sel oqimlari, jarliklar, karstlar vujudga kelishiga va boshqa xavfli geologik taʼsirlarga moyil joylarda;
v) harakatlanuvchi qumli maydonlarda;
g) himoya oʻrmonzorlari vazifasini bajaruvchi oʻrmonlar, jumladan, daryo qayirlari va yer usti suv obyektlari boʻylab joylashgan oʻrmonlarda;
d) daraxtlarni kesib tashlash oqibatida togʻlar qiyaliklari hamda tepaliklarning barqarorligiga taʼsir koʻrsatishi va oʻpirilish, tosh koʻchishi, jarliklar paydo boʻlishiga olib kelishi yoki sel oqimlari hamda qor koʻchkisi vujudga kelishi mumkin boʻlgan, temir yoʻllarning butunligi, barqarorligi va mustahkamligiga taʼsir koʻrsatadigan oʻrmonlarda.
14. Temir yoʻl transportidan foydalanish va harakat xavfsizligini taʼminlash maqsadida muhofaza zonalarida quyidagilarga yoʻl qoʻyilmaydi:
binolar, imoratlar va inshootlarni qurish, daraxt koʻchatlarini, mevali daraxtlarni ekish, muhandislik-kommunikatsiyalarini qurish, vaqtincha yoʻllarni joylashtirish, daraxt va buta oʻsimliklarini kesish, chim qoplamini olib tashlash, qiyaliklar barqarorligini yomonlashtirishi mumkin boʻlgan yer ishlarini amalga oshirish;
qum koʻchadigan joylardagi muhofaza zonalari chegaralarida tabiiy tuproq qoplamasini oʻzgartirish, qurigan oʻtlarni yoqish, transport vositalarining harakatlanishi;
yerlarni shudgor qilish, polizlar barpo etish;
chorva mollarini oʻtlatish;
yer usti va xoʻjalik-maishiy suvlarni oqizish.
15. Aholi punktlarida va ularning bevosita yaqinida muhofaza zonalari har ikki tomondan, temir yoʻl chekka izi oʻqidan 100 metrdan kam boʻlmagan masofada belgilanadi.
Aholi punktlarida, aholi punktlararo hududlarida muhofaza zonalari hamda ulardan foydalanish maqsadlari va tartiblari hududlarni hamda aholi punktlarini rivojlantirishni shaharsozlik jihatidan rejalashtirish toʻgʻrisida hamda ularni qurish haqidagi tasdiqlangan hujjatlarda belgilanadi.
16. Qum koʻchadigan joylarda muhofaza zonalari temir yoʻl oʻqining har ikki tomonidan, ajratilgan mintaqani hisobga olgan holda, 500 metrdan kam boʻlmagan masofada belgilanadi.
17. Koʻtarma temir yoʻl oʻqidan ihota daraxtzorlarigacha boʻlgan masofa 15 metrdan kam boʻlmagan uzunlikda belgilanadi. Asosiy yoʻllarda esa bu masofa ikkinchi yoʻl qurish moʻljallangan tomonga qarab 20 metrgacha uzaytiriladi.
Oʻyiqliklarning roshidan, shuningdek, suvlarni oqizib ketuvchi ariqlar (mavjud boʻlgan taqdirda) roshidan ihota daraxtzorlarigacha boʻlgan masofa 5 metrdan kam boʻlmagan uzunlikda belgilanadi. Asosiy yoʻllarda esa, bu masofa ikkinchi yoʻl qurish moʻljallangan tomonga qarab 10 metrgacha uzaytiriladi. Bunda har qanday hollarda temir yoʻl chekka izi oʻqidan ihota daraxtzorlarigacha boʻlgan masofa 15 metrdan kam boʻlmasligi lozim. Agar 15 metr masofada elektr uzatish tarmogʻi boʻlsa, uning muhofaza zonalari ham hisobga olinishi kerak.
Oʻrmon fondi yerlaridagi muhofaza zonalarida daraxtlarni parvarishlash, sanitariya va oʻrmonni qayta tiklash maqsadlaridan tashqari yoppasiga kesishga yoʻl qoʻyilmaydi.
18. Daryo qayirlari, koʻllar va suv omborlari boʻyidagi muhofaza zonalarida temir yoʻl koʻtarmasi qiyaliklarini hamda koʻpriklar yonidagi suvni tartibga soluvchi inshootlar yuvilib ketishiga yoʻl qoʻymaslik maqsadida chorva mollarini oʻtlatish, himoya daraxtzorlari va butazorlarni kesish taqiqlanadi.
19. Elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlari muhofaza zonasi temir yoʻllarning ajratilgan mintaqa va (yoki) muhofaza zonalarini kesib oʻtganda, ularning oʻlchamlari Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 26-dekabrdagi 1050-son qarori bilan tasdiqlangan Elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlarini muhofaza qilish qoidalariga muvofiq belgilanadi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
20. Temir yoʻl transporti yerlari Oʻzbekiston Respublikasining Yer kodeksi hamda Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 27-avgustdagi 543-son qarori bilan tasdiqlangan Yer uchastkalarini jamoat ehtiyojlari uchun doimiy foydalanishga ajratishning maʼmuriy reglamenti bilan belgilangan tartibda ajratiladi.
21. Ushbu Nizom talablarini qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
22. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 30-sentabr,
616-son