📅 2024-yil 4-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 4-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 4 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 4 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 4 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссияси ҳамда унинг худудий комиссиялари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 6 майдаги ПФ-73-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссияси ҳамда унинг ҳудудий комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 6 майдаги ПФ-73-сон Фармони билан:
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссиясининг (кейинги ўринларда — Давлат комиссияси) таркиби ҳамда унинг ҳудудий комиссиялари (кейинги ўринларда — ҳудудий комиссиялар) намунавий таркиби тасдиқланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази (кейинги ўринларда — Миллий марказ) этиб қайта ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссияси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича ҳудудий комиссия тўғрисидаги намунавий низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ҳудудий комиссиялар:
бир ҳафта муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган намунавий низом асосида ўзининг низомини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
бир ой муддатда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Миллий марказ:
мутасадди давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда Давлат комиссияси ҳамда унинг ҳудудий комиссияларига юкланган вазифаларни амалга оширишда уларга ҳар томонлама кўмаклашсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Р.М. Маматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 октябрдаги 631-сон қарорига 1-ИЛОВА
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссияси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссиясининг (кейинги ўринларда — Давлат комиссияси) мақоми, вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомнинг амал қилиши давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилот ва муассасаларга (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлар) нисбатан татбиқ этилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) Давлат комиссиясининг мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланади ҳамда унинг фаолиятини ахборот-таҳлил жиҳатдан таъминлайди.
4. Давлат комиссияси гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорларнинг (кейинги ўринларда — гиёҳвандлик воситалари) қонуний муомаласи устидан назоратни ўрнатиш ҳамда ноқонуний муомаласи ва суиистеъмолига қарши курашиш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишини таъминловчи идоралараро коллегиал орган ҳисобланади.
5. Давлат комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
6. Агентлик гиёҳвандлик воситаларининг қонуний муомаласи устидан назоратни ўрнатиш ҳамда ноқонуний муомаласи ва суиистеъмолига қарши курашиш соҳасида мутасадди давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда — мутасадди давлат органлари ва ташкилотлари) ҳамда Гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда — ҳудудий комиссиялар) ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари фаолиятини ўрганиб боради, шунингдек, уларга ташкилий ва услубий ёрдам кўрсатади.
7. Давлат комиссияси қуйидаги йўналишлар бўйича қарор қабул қилишда ваколатли ҳисобланади:
янги пайдо бўлаётган гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи ва суиистеъмолининг барвақт олдини олиш мақсадида вақтинчалик тақиқ ёки чеклов (мораторий) жорий этиш;
зарур ҳолларда гиёҳвандлик воситалари муомаласи устидан назоратни таъминлаш ва ҳудудларда нарковазиятни соғломлаштириш бўйича қисқа муддатли дастурларни тасдиқлаш;
мутасадди давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳудудий комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш;
гиёҳвандлик воситалари муомаласига оид илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;
гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш борасидаги вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйган давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига нисбатан тегишли чора кўриш.
8. Давлат комиссиясининг ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорлари давлат органлари ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
9. Давлат комиссияси ўзига юкланган вазифаларни бажаришда ҳудудий комиссиялар, давлат органлари ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
10. Давлат комиссиясининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
2-боб. Давлат комиссиясининг вазифа ва функциялари
11. Қуйидагилар Давлат комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 — 2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегиянинг (кейинги ўринларда — Миллий стратегия) тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш, уни амалга ошириш бўйича йиллик миллий дастурларни тасдиқлаш ва ижросини назорат қилиб бориш, ушбу йўналишда мутасадди давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳудудий комиссияларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
ҳар чоракда Миллий стратегия ва уни амалга ошириш бўйича йиллик миллий дастур ижросининг танқидий ўрганилишини, белгиланган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўрилишини таъминлаш;
республикада гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашишни мувофиқлаштириш, аҳоли орасида гиёҳвандлик ва заҳарвандликнинг барвақт профилактикаси бўйича самарали чора-тадбирларни белгилаш.
12. Давлат комиссияси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) гиёҳвандлик воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келишининг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашиш йўналишида:
янги пайдо бўлаётган гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи ва суиистеъмолининг барвақт олдини олиш мақсадида вақтинчалик тақиқлаш ёки чеклаш (мораторий) бўйича чоралар кўриш;
мутасадди давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳудудий комиссиялар томонидан республикадаги нарковазият бўйича, Миллий стратегия ва миллий дастурлар ижроси юзасидан юбориладиган маълумотлар ўз вақтида тақдим этилишини ташкил этиш;
гиёҳвандлик воситалари муомаласи устидан назорат қилиш бўйича қисқа муддатли дастурларни тасдиқлаш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиб бориш;
гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасининг янги, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги усулларига барҳам бериш, бу борадаги тезкор-қидирув, тергов ва эксперт-криминалистик чоралар комплексини ривожлантиришга кўмаклашиш;
мутасадди давлат органлари ва ташкилотларининг гиёҳвандлик воситалари қонуний муомаласи устидан назорат ўрнатиш ҳамда ноқонуний муомаласи ва суиистеъмолига қарши курашиш бўйича моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимлар салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш;
гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи ва суиистеъмолига қарши курашишда мутасадди давлат органлари ва ташкилотлари мутахассислари ҳамда ҳудудий комиссиялар масъулларининг малакасини ошириш тадбирларини белгилаш;
б) аҳоли орасида гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантириш, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазиятни ҳудудлар кесимида илмий-амалий жиҳатдан таҳлил қилиш ва наркологик ёрдам кўрсатиш йўналишида:
ҳудудий комиссиялар томонидан миллий дастурлар ижросини таъминлашга қаратилган ҳудудлар кесимида манзилли чора-тадбирлар («йўл хариталари») ишлаб чиқилиши ҳамда ҳар чоракда Агентликка амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар киритилишини ташкил этиш;
гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазиятнинг асосий омиллари ҳамда тенденцияларини аниқлаш ва прогноз қилиш орқали гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олишга доир таъсирчан чораларни белгилаш;
аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда «гиёҳвандликка қарши иммунитет»ни, ўқувчи ва талабалар орасида психотроп моддаларни истеъмол қилишга муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича манзилли чора-тадбирларни белгилаш;
маҳалла, қишлоқ, овул, чегара ҳудудлари ва таълим ташкилотларида гиёҳвандлик воситаларининг суиистеъмоли ва ноқонуний айланишининг олдини олиш, аҳоли орасида гиёҳвандлик ва заҳарвандлик профилактикаси бўйича самарали чора-тадбирларни белгилаш;
аҳолига сифатли наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, гиёҳвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш;
в) республикада гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазиятни ҳудудлар кесимида илмий-амалий жиҳатдан таҳлил қилиш ва маълумотларни шакллантириш, шунингдек, илмий-тадқиқот йўналишида:
республикада гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазиятни ҳудудлар кесимида илмий-амалий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан тизимли равишда чуқур ўрганиб бориш, асосий омиллар ҳамда тенденцияларни аниқлаш ва прогноз қилишга кўмаклашиш;
гиёҳвандликнинг олдини олиш ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича методика, таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш;
ҳудудлар кесимида нарковазиятни комплекс баҳолаш ва натижаси бўйича вазиятни соғломлаштиришга доир чора-тадбирларни белгилаш;
гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласи устидан назорат қилиш бўйича республика ягона идоралараро маълумотлар базасини ташкил этишга кўмаклашиш;
хорижий давлат тузилмалари ва халқаро ташкилотлар билан манзилли ҳамкорликни ўрнатиш, Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан БМТга йиллик маърузалар тайёрлашга кўмаклашиш;
г) гиёҳвандлик воситаларининг қонуний муомаласи устидан таъсирчан давлат назоратини ташкил этиш ҳамда бу борадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш йўналишида:
гиёҳвандлик воситаларининг қонуний муомаласи устидан таъсирчан давлат назоратини ўрнатиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш ва таклифлар ишлаб чиқиш;
гиёҳвандлик воситаларининг қонуний муомаласи билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи лицензиатлар устидан самарали давлат назоратини ташкил этиш;
гиёҳвандлик воситаларини республика ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказишга рухсатномалар расмийлаштирилиши учун тегишли қарор қабул қилиш;
техник каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва ундан фойдаланиш фаолияти устидан давлат назоратини ташкил этиш;
тиббиёт муассасалари ва дорихоналарнинг гиёҳвандлик воситаларидан фойдаланиш амалиётини назорат қилиш, фармацевтика корхоналари, гиёҳвандлик воситаларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи субъектлар масъулиятини оширишнинг таъсирчан механизмларини яратиш;
гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш йўналишида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга кўмаклашиш;
ҳудудий комиссиялар, давлат органлари ва ташкилотларнинг гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш соҳасига оид таҳлилий материал ва тавсияларини кўриб чиқиш;
Миллий стратегия ижросини самарали ташкил этишда республика бюджети маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлари жалб этилишини таъминлаш чораларини кўриш.
3-боб. Давлат комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13. Давлат комиссияси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат органлари ва ташкилотлардан гиёҳвандликнинг ҳолати, гиёҳвандлик воситаларининг қонуний ва ноқонуний муомаласига тегишли ахборот, таҳлилий ва статистика маълумотларини белгиланган тартибда бепул сўраб олиш;
гиёҳвандликнинг ҳолати, гиёҳвандлик воситаларининг қонуний ва ноқонуний муомаласига оид фаолиятни ўрганишда мутахассис жалб этиш;
гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ лицензияга эга юридик шахслар устидан лицензия талабларига риоя этиш ҳолатини ўрганиш жараёнида Агентлик иштирокини таъминлашга кўмаклашиш;
гиёҳвандлик воситаларининг қонуний муомаласи устидан назорат ўрнатиш, ноқонуний айланмасига қарши курашиш фаолиятида асослантирилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида жойларда ўрганишларни ташкил этиш;
гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, йиллик миллий дастурлар, Давлат комиссияси қарорлари ва баёнларида белгиланган топшириқлар ижросидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ёки интизомий чоралар қўллаш масалаларини кўриб чиқиш.
14. Давлат комиссияси ўзига юкланган вазифа ва функциялар ўз вақтида ва сифатли бажарилишига масъулдир.
4-боб. Давлат комиссияси фаолиятини ташкил этиш
15. Давлат комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ташкил этилади ва тугатилади.
16. Давлат комиссиясига Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раислик қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири:
Давлат комиссиясига юкланган вазифалар бажарилиши бўйича комиссия аъзолари ишини мувофиқлаштиради;
Давлат комиссиясининг кун тартибини белгилайди ва унинг мажлисларини чақиради;
Давлат комиссияси қарорлари ижроси устидан назоратни ташкил этади.
17. Агентлик директори Давлат комиссияси раисининг ўринбосари ҳисобланади.
18. Агентлик:
Давлат комиссияси мажлисларига зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини ташкил этади;
Давлат комиссиясининг қарорлари бажарилишини назорат қилишни ва мониторинг олиб борилишини ташкил этади ва уларнинг натижаларини кўриб чиқиш учун Давлат комиссиясига тақдим этади;
ҳар чоракда Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича миллий дастурлар ижроси ва республикадаги гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазият юзасидан умумлаштирилган ҳисоботни Давлат комиссиясига киритади;
Давлат комиссияси баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Давлат комиссиясининг аъзоларига тегишли қисми бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотларга юборади;
давлат органлари ва ташкилотлардан ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот ва материалларни белгиланган тартибда олади;
Давлат комиссиясида иш юритувини таъминлайди;
йил якуни бўйича Миллий стратегиянинг ижроси ҳамда республикада гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар натижаларини акс эттирувчи йиллик миллий маърузани тайёрлайди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида муҳокама қилиш учун киритади.
19. Давлат комиссияси ўз фаолиятини гиёҳвандлик ҳолати, гиёҳвандлик воситаларининг қонуний ва ноқонуний муомаласига оид масалалар муҳокамасига бағишланган мажлисларни тизимли асосда ўтказиш йўли билан амалга оширади.
Давлат комиссияси мажлислари мутасадди давлат органлари ва ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вакиллари таклиф этилган ҳолда заруратга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.
Давлат комиссияси мажлисини комиссияси раиси, у бўлмаганда комиссия раиси ўринбосари ўтказади.
Давлат комиссияси аъзолари гиёҳвандлик воситалари қонуний муомаласи устидан назорат ўрнатиш, шунингдек, ноқонуний муомаласи ва суиистеъмолига қарши курашишга оид чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан Давлат комиссияси ишига кўмаклашадилар.
20. Давлат комиссиясининг қарорлари Давлат комиссиясининг мажлисида иштирок этадиган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
21. Кўриб чиқилаётган масалалар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда Давлат комиссияси мажлисига бошқа давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилиши мумкин.
22. Истисно ҳолларда, қарорларни тезкорлик билан қабул қилиш зарурати юзага келганда, Давлат комиссиясининг раиси айрим масалалар бўйича комиссия қарорларини сўров йўли билан тасдиқлашга ваколатли ҳисобланади.
23. Давлат комиссияси қарорлари баённома шаклида расмийлаштирилади. Давлат комиссияси мажлиси баённомасига унинг барча аъзолари томонидан виза қўйилади, масъул котиб томонидан имзоланади ҳамда Давлат комиссиясининг раиси томонидан тасдиқланади.
24. Давлат комиссияси баённомасининг асл нусхаси ва унга илова қилинган материаллар Агентликда сақланади.
25. Давлат комиссияси ўз фаолиятини унинг янги таркиби тасдиқлангунига ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг унинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарори қабул қилингунига қадар амалга оширади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 октябрдаги 631-сон қарорига 2-ИЛОВА
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича ҳудудий комиссия тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Намунавий низом Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича ҳудудий комиссиянинг (кейинги ўринларда — ҳудудий комиссия) мақоми, вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ҳудудий комиссия Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссиясининг (кейинги ўринларда — Давлат комиссияси) ҳудудлардаги фаолиятини ташкил этувчи ва ишини таъминловчи ҳудудий идоралараро коллегиал орган ҳисобланади.
3. Ҳудудий комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Давлат комиссияси қарорлари, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
4. Ҳудудий комиссия гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари (кейинги ўринларда — туман (шаҳар) комиссиялари), ҳудудий давлат органлари ва ташкилотларининг соҳага оид фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиб боради.
5. Ҳудудий комиссия ўз фаолиятида Давлат комиссияси олдида ҳисобдордир.
6. Ҳудудий комиссия қуйидаги йўналишлар бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга:
ҳудудий комиссиянинг намунавий таркиби асосида ҳудудий комиссия таркибини шакллантириш, ҳудудда гиёҳвандлик воситаларининг суиистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши курашиш;
туман (шаҳар) кесимида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазиятни чуқур ўрганиб бориш ва натижасидан келиб чиқиб, уни соғломлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги томонидан киритилган тақдимномалар бўйича чоралар кўриш;
йиллик иш режалар, ҳудудий комиссия қарорлари ва баёнларида белгиланган топшириқлар ижросидан келиб чиқиб, ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларини ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари масъулларини рағбатлантириш ёки интизомий чора қўллаш масалаларини кўриб чиқиш.
7. Ҳудудий комиссиянинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
8. Ҳудудий комиссия ўзига юкланган вазифаларни амалга оширишда ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
2-боб. Ҳудудий комиссиянинг вазифа ва функциялари
9. Ҳудудий комиссия:
гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазиятнинг асосий омиллари ҳамда тенденцияларини аниқлаш ва прогноз қилиш орқали, гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олишга қаратилган йиллик ва қисқа муддатли иш режаларини ишлаб чиқади ва ижросини назорат қилиб боради;
ҳудуддаги нарковазиятни комплекс баҳолаш ва натижаси асосида вазиятни соғломлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширади;
аҳоли орасида гиёҳвандлик ва заҳарвандликнинг барвақт профилактикаси бўйича туман (шаҳар) кесимида самарали чора-тадбирларни белгилайди;
гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазиятни туман (шаҳар) кесимида илмий-амалий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан чуқур ўрганади ҳамда натижаси бўйича тегишли таҳлилий материаллар, таклиф ва тавсиялар тайёрлайди ҳамда Давлат комиссиясига киритади;
ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда туман (шаҳар) комиссиясининг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи ва суиистеъмолига қарши курашиш фаолиятини мувофиқлаштиради;
ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда туман (шаҳар) комиссияси масъул раҳбарларининг иш режалари ижроси юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва танқидий муҳокама қилиб боради;
аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда «гиёҳвандликка қарши иммунитет»ни, ўқувчи ва талабалар орасида психотроп моддаларни истеъмол қилишга муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини белгилайди;
маҳалла, қишлоқ, овул, чегара ҳудудлар ва таълим муассасаларида гиёҳвандлик воситаларининг суиистеъмоли ва ноқонуний айланишининг олдини олиш, заҳарвандликнинг барвақт аниқлаш бўйича тизимли чоралар кўради;
гиёҳвандлик воситаларининг назорат қилиш самарадорлигини ошириш йўналишида миллий ва халқаро конференциялар ҳамда симпозиумларни ўтказишга кўмаклашади;
ҳудуддаги наркология муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга кўмаклашади.
3-боб. Ҳудудий комиссиянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
10. Ҳудудий комиссия ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда туман (шаҳар) комиссиясидан нарковазиятнинг ҳолати, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига тегишли ахборот, таҳлилий ва статистика маълумотларини белгиланган тартибда бепул сўраб олиш;
гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашишда асослантирилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида ҳудудларда ўрганишларни ташкил этиш;
гиёҳвандликнинг ҳолати, гиёҳвандлик воситаларининг қонуний ва ноқонуний муомаласига оид фаолиятни ўрганишда мутахассис жалб этиш.
11. Ҳудудий комиссия:
ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ҳамда ўз вақтида бажариши;
Давлат комиссияси томонидан гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазият юзасидан бериладиган топшириқлар ижросини таъминлаши;
ҳудудда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан Давлат комиссиясига ҳисобот киритиб бориши;
ҳудуддаги нарковазиятни соғломлаштириш бўйича чораларни самарали ташкил этиш юзасидан маҳаллий бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар жалб этилишини таъминлаши лозим.
4-боб. Ҳудудий комиссиянинг фаолиятини ташкил этиш
12. Ҳудудий комиссиянинг намунавий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
13. Ҳудудий комиссияга тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раислик қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари тегишли ҳудудий комиссия раисининг ўринбосари ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари гуруҳи раҳбари ҳудудий комиссия котиби вазифасини бажаради.
14. Ҳудудий комиссия ўз фаолиятини гиёҳвандликнинг ҳолати, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига оид масалаларнинг муҳокамасига бағишланган мажлисларни тизимли асосда ўтказиш йўли билан амалга оширади.
15. Ҳудудий комиссия мажлислари тегишли ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда туман (шаҳар) комиссия масъул раҳбарлари таклиф этилган ҳолда заруратга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.
16. Мажлисни ҳудудий комиссия раиси, у бўлмаганда ҳудудий комиссия раисининг ўринбосари ўтказади.
17. Ҳудудий комиссиянинг қарорлари ҳудудий комиссиянинг мажлисида иштирок этадиган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
18. Ҳудудий комиссиянинг қарорлари унинг мажлиси баённомаси билан расмийлаштирилади. Ҳудудий комиссия мажлиси баённомасига унинг барча аъзолари томонидан виза қўйилади, масъул котиб томонидан имзоланади, ҳудудий комиссия раиси томонидан тасдиқланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 октябрдаги 631-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат комиссиясини ташкил этиш тўғрисида» 1994 йил 30 апрелдаги 229-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказини ташкил этиш ҳамда наркотик моддаларнинг ноқонуний ишлатилишига қарши курашувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бўлинмаларини мустаҳкамлаш тўғрисида» 1996 йил 7 ноябрдаги 382-сон қарори .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 30 апрелдаги 229-сон ва 1996 йил 7 ноябрдаги 382-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 1997 йил 6 октябрдаги 467-сон қарори .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Республика комиссиялари ва кенгашлари таркибини тасдиқлаш тўғрисида» 2004 йил 26 июлдаги 358-сон қарорига 3-илова.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2005 йил 22 январдаги 28-сон қарорига илованинг 1-банди .
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2010 йил 5 июндаги 108-сон қарорига илованинг 9-банди .
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 14 мартдаги ПФ-5379-сон Фармони)» 2018 йил 29 майдаги 396-сон қарорига илованинг 6 ва 10-бандлари .
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 29 апрелдаги 366-сон қарори)» 2020 йил 20 январдаги 36-сон қарорига илованинг 3-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 4 октябрь,
631-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
NAMUNAVIY NIZOM
ROʻYXATI
Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha davlat komissiyasi hamda uning xududiy komissiyalari faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalarning noqonuniy aylanmasiga chek qoʻyish orqali ularning aholi salomatligi va mamlakatimiz genofondiga salbiy taʼsirini bartaraf etish strategik chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 6-maydagi PF-73-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha davlat komissiyasi hamda uning hududiy komissiyalari faoliyatini samarali tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalarning noqonuniy aylanmasiga chek qoʻyish orqali ularning aholi salomatligi va mamlakatimiz genofondiga salbiy taʼsirini bartaraf etish strategik chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 6-maydagi PF-73-son Farmoni bilan:
Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha davlat komissiyasining (keyingi oʻrinlarda — Davlat komissiyasi) tarkibi hamda uning hududiy komissiyalari (keyingi oʻrinlarda — hududiy komissiyalar) namunaviy tarkibi tasdiqlanganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi Narkotik moddalarni nazorat qilish milliy axborot-tahlil markazi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Narkotiklarni nazorat qilish milliy markazi (keyingi oʻrinlarda — Milliy markaz) etib qayta tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha davlat komissiyasi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha hududiy komissiya toʻgʻrisidagi namunaviy nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Hududiy komissiyalar:
bir hafta muddatda ushbu qaror bilan tasdiqlangan namunaviy nizom asosida oʻzining nizomini ishlab chiqish va tasdiqlash;
bir oy muddatda giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha tuman (shahar) komissiyalari faoliyatini yoʻlga qoʻyish choralarini koʻrsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
5. Milliy markaz:
mutasaddi davlat organlari va tashkilotlari bilan birgalikda Davlat komissiyasi hamda uning hududiy komissiyalariga yuklangan vazifalarni amalga oshirishda ularga har tomonlama koʻmaklashsin;
manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Narkotiklarni nazorat qilish milliy markazi direktori R.M. Mamatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 4-oktabrdagi 631-son qaroriga 1-ILOVA
Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha davlat komissiyasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha davlat komissiyasining (keyingi oʻrinlarda — Davlat komissiyasi) maqomi, vazifalari va funksiyalari, huquq va majburiyatlarini hamda faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomning amal qilishi davlat organlari va tashkilotlari hamda mulkchilik shaklidan qatʼi nazar, boshqa tashkilot va muassasalarga (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari va tashkilotlar) nisbatan tatbiq etiladi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Narkotiklar va oʻqotar qurollarni nazorat qilish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) Davlat komissiyasining muvofiqlashtiruvchi organi hisoblanadi hamda uning faoliyatini axborot-tahlil jihatdan taʼminlaydi.
4. Davlat komissiyasi giyohvandlik vositalari, psixotrop va kuchli taʼsir qiluvchi moddalar hamda prekursorlarning (keyingi oʻrinlarda — giyohvandlik vositalari) qonuniy muomalasi ustidan nazoratni oʻrnatish hamda noqonuniy muomalasi va suiisteʼmoliga qarshi kurashish sohasida davlat siyosati amalga oshirilishini taʼminlovchi idoralararo kollegial organ hisoblanadi.
5. Davlat komissiyasi oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, shuningdek, ushbu Nizom va boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
6. Agentlik giyohvandlik vositalarining qonuniy muomalasi ustidan nazoratni oʻrnatish hamda noqonuniy muomalasi va suiisteʼmoliga qarshi kurashish sohasida mutasaddi davlat organlari va tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — mutasaddi davlat organlari va tashkilotlari) hamda Giyohvandlik vositalar va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha hududiy komissiyalar (keyingi oʻrinlarda — hududiy komissiyalar) hamda tuman (shahar) komissiyalari faoliyatini oʻrganib boradi, shuningdek, ularga tashkiliy va uslubiy yordam koʻrsatadi.
7. Davlat komissiyasi quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha qaror qabul qilishda vakolatli hisoblanadi:
yangi paydo boʻlayotgan giyohvandlik vositalarining noqonuniy muomalasi va suiisteʼmolining barvaqt oldini olish maqsadida vaqtinchalik taqiq yoki cheklov (moratoriy) joriy etish;
zarur hollarda giyohvandlik vositalari muomalasi ustidan nazoratni taʼminlash va hududlarda narkovaziyatni sogʻlomlashtirish boʻyicha qisqa muddatli dasturlarni tasdiqlash;
mutasaddi davlat organlari va tashkilotlari hamda hududiy komissiyalar faoliyatini muvofiqlashtirish;
giyohvandlik vositalari muomalasiga oid ilmiy tadqiqotlarni qoʻllab-quvvatlash;
giyohvandlik va narkojinoyatlarning oldini olish borasidagi vazifa va topshiriqlar ijrosini taʼminlashda masʼuliyatsizlikka yoʻl qoʻygan davlat organlari va tashkilotlar rahbarlariga nisbatan tegishli chora koʻrish.
8. Davlat komissiyasining oʻz vakolati doirasida qabul qilingan qarorlari davlat organlari va tashkilotlar tomonidan bajarilishi majburiy hisoblanadi.
9. Davlat komissiyasi oʻziga yuklangan vazifalarni bajarishda hududiy komissiyalar, davlat organlari va tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlik qiladi.
10. Davlat komissiyasining tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan tasdiqlanadi.
2-bob. Davlat komissiyasining vazifa va funksiyalari
11. Quyidagilar Davlat komissiyasining asosiy vazifalari hisoblanadi:
Oʻzbekiston Respublikasida giyohvandlik va narkojinoyatlarga qarshi kurashish boʻyicha 2024 — 2028-yillarga moʻljallangan milliy strategiyaning (keyingi oʻrinlarda — Milliy strategiya) toʻliq, oʻz vaqtida va sifatli bajarilishini tashkil etish, uni amalga oshirish boʻyicha yillik milliy dasturlarni tasdiqlash va ijrosini nazorat qilib borish, ushbu yoʻnalishda mutasaddi davlat organlari va tashkilotlari hamda hududiy komissiyalarning faoliyatini muvofiqlashtirish;
har chorakda Milliy strategiya va uni amalga oshirish boʻyicha yillik milliy dastur ijrosining tanqidiy oʻrganilishini, belgilangan maqsad va vazifalarni roʻyobga chiqarishga toʻsqinlik qilayotgan omillarni aniqlash va ularning oldini olishga qaratilgan aniq choralar koʻrilishini taʼminlash;
respublikada giyohvandlik vositalarining noqonuniy aylanmasiga qarshi kurashishni muvofiqlashtirish, aholi orasida giyohvandlik va zaharvandlikning barvaqt profilaktikasi boʻyicha samarali chora-tadbirlarni belgilash.
12. Davlat komissiyasi oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
a) giyohvandlik vositalarining Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirib kelishining barvaqt oldini olish va unga qarshi kurashish yoʻnalishida:
yangi paydo boʻlayotgan giyohvandlik vositalarining noqonuniy muomalasi va suiisteʼmolining barvaqt oldini olish maqsadida vaqtinchalik taqiqlash yoki cheklash (moratoriy) boʻyicha choralar koʻrish;
mutasaddi davlat organlari va tashkilotlari hamda hududiy komissiyalar tomonidan respublikadagi narkovaziyat boʻyicha, Milliy strategiya va milliy dasturlar ijrosi yuzasidan yuboriladigan maʼlumotlar oʻz vaqtida taqdim etilishini tashkil etish;
giyohvandlik vositalari muomalasi ustidan nazorat qilish boʻyicha qisqa muddatli dasturlarni tasdiqlash va ularning amalga oshirilishini nazorat qilib borish;
giyohvandlik vositalari noqonuniy aylanmasining yangi, shu jumladan, Internet jahon axborot tarmogʻidagi usullariga barham berish, bu boradagi tezkor-qidiruv, tergov va ekspert-kriminalistik choralar kompleksini rivojlantirishga koʻmaklashish;
mutasaddi davlat organlari va tashkilotlarining giyohvandlik vositalari qonuniy muomalasi ustidan nazorat oʻrnatish hamda noqonuniy muomalasi va suiisteʼmoliga qarshi kurashish boʻyicha moddiy-texnik bazasini mustahkamlash hamda xodimlar salohiyatini oshirishga qaratilgan chora-tadbirlarni belgilash;
giyohvandlik vositalarining noqonuniy muomalasi va suiisteʼmoliga qarshi kurashishda mutasaddi davlat organlari va tashkilotlari mutaxassislari hamda hududiy komissiyalar masʼullarining malakasini oshirish tadbirlarini belgilash;
b) aholi orasida giyohvandlikka qarshi immunitetni shakllantirish, giyohvandlik vositalari bilan bogʻliq vaziyatni hududlar kesimida ilmiy-amaliy jihatdan tahlil qilish va narkologik yordam koʻrsatish yoʻnalishida:
hududiy komissiyalar tomonidan milliy dasturlar ijrosini taʼminlashga qaratilgan hududlar kesimida manzilli chora-tadbirlar (“yoʻl xaritalari”) ishlab chiqilishi hamda har chorakda Agentlikka amalga oshirilgan ishlar yuzasidan hisobotlar kiritilishini tashkil etish;
giyohvandlik vositalari bilan bogʻliq vaziyatning asosiy omillari hamda tendensiyalarini aniqlash va prognoz qilish orqali giyohvandlik va narkojinoyatlarning oldini olishga doir taʼsirchan choralarni belgilash;
aholi, ayniqsa, xotin-qizlar va yoshlarda “giyohvandlikka qarshi immunitet”ni, oʻquvchi va talabalar orasida psixotrop moddalarni isteʼmol qilishga murosasiz munosabatni shakllantirish boʻyicha manzilli chora-tadbirlarni belgilash;
mahalla, qishloq, ovul, chegara hududlari va taʼlim tashkilotlarida giyohvandlik vositalarining suiisteʼmoli va noqonuniy aylanishining oldini olish, aholi orasida giyohvandlik va zaharvandlik profilaktikasi boʻyicha samarali chora-tadbirlarni belgilash;
aholiga sifatli narkologik yordam koʻrsatish tizimini rivojlantirish, giyohvandlikning barvaqt profilaktikasi, diagnostikasi, davolash va tibbiy-ijtimoiy reabilitatsiya tizimini takomillashtirishga koʻmaklashish;
v) respublikada giyohvandlik vositalari bilan bogʻliq vaziyatni hududlar kesimida ilmiy-amaliy jihatdan tahlil qilish va maʼlumotlarni shakllantirish, shuningdek, ilmiy-tadqiqot yoʻnalishida:
respublikada giyohvandlik vositalari bilan bogʻliq vaziyatni hududlar kesimida ilmiy-amaliy va axborot-tahliliy jihatdan tizimli ravishda chuqur oʻrganib borish, asosiy omillar hamda tendensiyalarni aniqlash va prognoz qilishga koʻmaklashish;
giyohvandlikning oldini olish va giyohvandlik vositalarining noqonuniy aylanmasiga qarshi kurashish boʻyicha metodika, taklif va tavsiyalarni ishlab chiqishga koʻmaklashish;
hududlar kesimida narkovaziyatni kompleks baholash va natijasi boʻyicha vaziyatni sogʻlomlashtirishga doir chora-tadbirlarni belgilash;
giyohvandlik vositalari noqonuniy muomalasi ustidan nazorat qilish boʻyicha respublika yagona idoralararo maʼlumotlar bazasini tashkil etishga koʻmaklashish;
xorijiy davlat tuzilmalari va xalqaro tashkilotlar bilan manzilli hamkorlikni oʻrnatish, Oʻzbekiston Respublikasi tomonidan amalga oshirilayotgan ishlar yuzasidan BMTga yillik maʼruzalar tayyorlashga koʻmaklashish;
g) giyohvandlik vositalarining qonuniy muomalasi ustidan taʼsirchan davlat nazoratini tashkil etish hamda bu boradagi qonunchilik va huquqni qoʻllash amaliyotini takomillashtirish yoʻnalishida:
giyohvandlik vositalarining qonuniy muomalasi ustidan taʼsirchan davlat nazoratini oʻrnatish boʻyicha chora-tadbirlarni belgilash va takliflar ishlab chiqish;
giyohvandlik vositalarining qonuniy muomalasi bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshiruvchi litsenziatlar ustidan samarali davlat nazoratini tashkil etish;
giyohvandlik vositalarini respublika hududiga olib kirish, undan olib chiqish va tranzit tarzida oʻtkazishga ruxsatnomalar rasmiylashtirilishi uchun tegishli qaror qabul qilish;
texnik kannabis oʻsimligini giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ishlab chiqarish hamda tayyorlash bilan bogʻliq boʻlmagan sanoat maqsadlarida yetishtirish va undan foydalanish faoliyati ustidan davlat nazoratini tashkil etish;
tibbiyot muassasalari va dorixonalarning giyohvandlik vositalaridan foydalanish amaliyotini nazorat qilish, farmatsevtika korxonalari, giyohvandlik vositalarining ulgurji va chakana savdosi bilan shugʻullanuvchi subyektlar masʼuliyatini oshirishning taʼsirchan mexanizmlarini yaratish;
giyohvandlik vositalarini nazorat qilish yoʻnalishida huquqni qoʻllash amaliyotini takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqishga koʻmaklashish;
hududiy komissiyalar, davlat organlari va tashkilotlarning giyohvandlik vositalarini nazorat qilish sohasiga oid tahliliy material va tavsiyalarini koʻrib chiqish;
Milliy strategiya ijrosini samarali tashkil etishda respublika budjeti mablagʻlari va budjetdan tashqari mablagʻlari jalb etilishini taʼminlash choralarini koʻrish.
3-bob. Davlat komissiyasining huquq va majburiyatlari
13. Davlat komissiyasi oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni amalga oshirish uchun quyidagi huquqlarga ega:
davlat organlari va tashkilotlardan giyohvandlikning holati, giyohvandlik vositalarining qonuniy va noqonuniy muomalasiga tegishli axborot, tahliliy va statistika maʼlumotlarini belgilangan tartibda bepul soʻrab olish;
giyohvandlikning holati, giyohvandlik vositalarining qonuniy va noqonuniy muomalasiga oid faoliyatni oʻrganishda mutaxassis jalb etish;
giyohvandlik vositalari bilan bogʻliq litsenziyaga ega yuridik shaxslar ustidan litsenziya talablariga rioya etish holatini oʻrganish jarayonida Agentlik ishtirokini taʼminlashga koʻmaklashish;
giyohvandlik vositalarining qonuniy muomalasi ustidan nazorat oʻrnatish, noqonuniy aylanmasiga qarshi kurashish faoliyatida asoslantirilgan taklif va tavsiyalarni ishlab chiqish maqsadida joylarda oʻrganishlarni tashkil etish;
giyohvandlik vositalarini nazorat qilish sohasiga oid normativ-huquqiy hujjatlar, yillik milliy dasturlar, Davlat komissiyasi qarorlari va bayonlarida belgilangan topshiriqlar ijrosidan kelib chiqib, davlat organlari va tashkilotlar rahbarlari va xodimlarini ragʻbatlantirish yoki intizomiy choralar qoʻllash masalalarini koʻrib chiqish.
14. Davlat komissiyasi oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalar oʻz vaqtida va sifatli bajarilishiga masʼuldir.
4-bob. Davlat komissiyasi faoliyatini tashkil etish
15. Davlat komissiyasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan tashkil etiladi va tugatiladi.
16. Davlat komissiyasiga Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri raislik qiladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri:
Davlat komissiyasiga yuklangan vazifalar bajarilishi boʻyicha komissiya aʼzolari ishini muvofiqlashtiradi;
Davlat komissiyasining kun tartibini belgilaydi va uning majlislarini chaqiradi;
Davlat komissiyasi qarorlari ijrosi ustidan nazoratni tashkil etadi.
17. Agentlik direktori Davlat komissiyasi raisining oʻrinbosari hisoblanadi.
18. Agentlik:
Davlat komissiyasi majlislariga zarur materiallar oʻz vaqtida tayyorlanishini tashkil etadi;
Davlat komissiyasining qarorlari bajarilishini nazorat qilishni va monitoring olib borilishini tashkil etadi va ularning natijalarini koʻrib chiqish uchun Davlat komissiyasiga taqdim etadi;
har chorakda Milliy strategiyani amalga oshirish boʻyicha milliy dasturlar ijrosi va respublikadagi giyohvandlik vositalari bilan bogʻliq vaziyat yuzasidan umumlashtirilgan hisobotni Davlat komissiyasiga kiritadi;
Davlat komissiyasi bayonnomalarini rasmiylashtiradi va tasdiqlangan bayonnomalarni Davlat komissiyasining aʼzolariga tegishli qismi boʻyicha tegishli davlat organlari va tashkilotlarga yuboradi;
davlat organlari va tashkilotlardan oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun zarur boʻlgan axborot va materiallarni belgilangan tartibda oladi;
Davlat komissiyasida ish yurituvini taʼminlaydi;
yil yakuni boʻyicha Milliy strategiyaning ijrosi hamda respublikada giyohvandlik vositalari bilan bogʻliq vaziyatni yaxshilash boʻyicha amalga oshirilgan ishlar natijalarini aks ettiruvchi yillik milliy maʼruzani tayyorlaydi va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzurida muhokama qilish uchun kiritadi.
19. Davlat komissiyasi oʻz faoliyatini giyohvandlik holati, giyohvandlik vositalarining qonuniy va noqonuniy muomalasiga oid masalalar muhokamasiga bagʻishlangan majlislarni tizimli asosda oʻtkazish yoʻli bilan amalga oshiradi.
Davlat komissiyasi majlislari mutasaddi davlat organlari va tashkilotlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari vakillari taklif etilgan holda zaruratga koʻra, biroq har chorakda kamida bir marotaba oʻtkaziladi.
Davlat komissiyasi majlisini komissiyasi raisi, u boʻlmaganda komissiya raisi oʻrinbosari oʻtkazadi.
Davlat komissiyasi aʼzolari giyohvandlik vositalari qonuniy muomalasi ustidan nazorat oʻrnatish, shuningdek, noqonuniy muomalasi va suiisteʼmoliga qarshi kurashishga oid chora-tadbirlar amalga oshirilishi yuzasidan Davlat komissiyasi ishiga koʻmaklashadilar.
20. Davlat komissiyasining qarorlari Davlat komissiyasining majlisida ishtirok etadigan aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlganda, raislik qiluvchining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.
21. Koʻrib chiqilayotgan masalalar xususiyatidan kelib chiqqan holda Davlat komissiyasi majlisiga boshqa davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari va mutaxassislari taklif etilishi mumkin.
22. Istisno hollarda, qarorlarni tezkorlik bilan qabul qilish zarurati yuzaga kelganda, Davlat komissiyasining raisi ayrim masalalar boʻyicha komissiya qarorlarini soʻrov yoʻli bilan tasdiqlashga vakolatli hisoblanadi.
23. Davlat komissiyasi qarorlari bayonnoma shaklida rasmiylashtiriladi. Davlat komissiyasi majlisi bayonnomasiga uning barcha aʼzolari tomonidan viza qoʻyiladi, masʼul kotib tomonidan imzolanadi hamda Davlat komissiyasining raisi tomonidan tasdiqlanadi.
24. Davlat komissiyasi bayonnomasining asl nusxasi va unga ilova qilingan materiallar Agentlikda saqlanadi.
25. Davlat komissiyasi oʻz faoliyatini uning yangi tarkibi tasdiqlanguniga yoki Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining uning faoliyatini toʻxtatish toʻgʻrisidagi qarori qabul qilinguniga qadar amalga oshiradi.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 4-oktabrdagi 631-son qaroriga 2-ILOVA
Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha hududiy komissiya toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Namunaviy nizom Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha hududiy komissiyaning (keyingi oʻrinlarda — hududiy komissiya) maqomi, vazifalari va funksiyalari, huquq va majburiyatlarini hamda faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Hududiy komissiya Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha davlat komissiyasining (keyingi oʻrinlarda — Davlat komissiyasi) hududlardagi faoliyatini tashkil etuvchi va ishini taʼminlovchi hududiy idoralararo kollegial organ hisoblanadi.
3. Hududiy komissiya oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, Davlat komissiyasi qarorlari, shuningdek, ushbu Nizomga amal qiladi.
4. Hududiy komissiya giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha tuman (shahar) komissiyalari (keyingi oʻrinlarda — tuman (shahar) komissiyalari), hududiy davlat organlari va tashkilotlarining sohaga oid faoliyatini oʻrganib, tahlil qilib boradi.
5. Hududiy komissiya oʻz faoliyatida Davlat komissiyasi oldida hisobdordir.
6. Hududiy komissiya quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha qaror qabul qilish vakolatiga ega:
hududiy komissiyaning namunaviy tarkibi asosida hududiy komissiya tarkibini shakllantirish, hududda giyohvandlik vositalarining suiisteʼmoli va noqonuniy aylanishiga qarshi kurashish;
tuman (shahar) kesimida giyohvandlik vositalari bilan bogʻliq vaziyatni chuqur oʻrganib borish va natijasidan kelib chiqib, uni sogʻlomlashtirish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Narkotiklar va oʻqotar qurollarni nazorat qilish agentligi tomonidan kiritilgan taqdimnomalar boʻyicha choralar koʻrish;
yillik ish rejalar, hududiy komissiya qarorlari va bayonlarida belgilangan topshiriqlar ijrosidan kelib chiqib, hududiy davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari va xodimlarini hamda tuman (shahar) komissiyalari masʼullarini ragʻbatlantirish yoki intizomiy chora qoʻllash masalalarini koʻrib chiqish.
7. Hududiy komissiyaning oʻz vakolati doirasida qabul qilgan qarorlari hududiy davlat organlari va tashkilotlari hamda tuman (shahar) komissiyalari tomonidan bajarilishi majburiy hisoblanadi.
8. Hududiy komissiya oʻziga yuklangan vazifalarni amalga oshirishda hududiy davlat organlari va tashkilotlari hamda tuman (shahar) komissiyalari bilan oʻzaro hamkorlik qiladi.
2-bob. Hududiy komissiyaning vazifa va funksiyalari
9. Hududiy komissiya:
giyohvandlik vositalari bilan bogʻliq vaziyatning asosiy omillari hamda tendensiyalarini aniqlash va prognoz qilish orqali, giyohvandlik va narkojinoyatlarning oldini olishga qaratilgan yillik va qisqa muddatli ish rejalarini ishlab chiqadi va ijrosini nazorat qilib boradi;
hududdagi narkovaziyatni kompleks baholash va natijasi asosida vaziyatni sogʻlomlashtirish boʻyicha aniq chora-tadbirlarni amalga oshiradi;
aholi orasida giyohvandlik va zaharvandlikning barvaqt profilaktikasi boʻyicha tuman (shahar) kesimida samarali chora-tadbirlarni belgilaydi;
giyohvandlik vositalari bilan bogʻliq vaziyatni tuman (shahar) kesimida ilmiy-amaliy va axborot-tahliliy jihatdan chuqur oʻrganadi hamda natijasi boʻyicha tegishli tahliliy materiallar, taklif va tavsiyalar tayyorlaydi hamda Davlat komissiyasiga kiritadi;
hududdagi davlat organlari va tashkilotlari hamda tuman (shahar) komissiyasining giyohvandlik vositalarining noqonuniy muomalasi va suiisteʼmoliga qarshi kurashish faoliyatini muvofiqlashtiradi;
hududdagi davlat organlari va tashkilotlari hamda tuman (shahar) komissiyasi masʼul rahbarlarining ish rejalari ijrosi yuzasidan hisobotlarini eshitish va tanqidiy muhokama qilib boradi;
aholi, ayniqsa, xotin-qizlar va yoshlarda “giyohvandlikka qarshi immunitet”ni, oʻquvchi va talabalar orasida psixotrop moddalarni isteʼmol qilishga murosasiz munosabatni shakllantirish choralarini belgilaydi;
mahalla, qishloq, ovul, chegara hududlar va taʼlim muassasalarida giyohvandlik vositalarining suiisteʼmoli va noqonuniy aylanishining oldini olish, zaharvandlikning barvaqt aniqlash boʻyicha tizimli choralar koʻradi;
giyohvandlik vositalarining nazorat qilish samaradorligini oshirish yoʻnalishida milliy va xalqaro konferensiyalar hamda simpoziumlarni oʻtkazishga koʻmaklashadi;
hududdagi narkologiya muassasalari va huquqni muhofaza qilish organlarining moddiy-texnik bazasini rivojlantirishga koʻmaklashadi.
3-bob. Hududiy komissiyaning huquq va majburiyatlari
10. Hududiy komissiya oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalarni bajarish uchun quyidagi huquqlarga ega:
hududdagi davlat organlari va tashkilotlari hamda tuman (shahar) komissiyasidan narkovaziyatning holati, giyohvandlik vositalarining noqonuniy muomalasiga tegishli axborot, tahliliy va statistika maʼlumotlarini belgilangan tartibda bepul soʻrab olish;
giyohvandlik vositalarining noqonuniy aylanmasiga qarshi kurashishda asoslantirilgan taklif va tavsiyalarni ishlab chiqish maqsadida hududlarda oʻrganishlarni tashkil etish;
giyohvandlikning holati, giyohvandlik vositalarining qonuniy va noqonuniy muomalasiga oid faoliyatni oʻrganishda mutaxassis jalb etish.
11. Hududiy komissiya:
oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarning sifatli hamda oʻz vaqtida bajarishi;
Davlat komissiyasi tomonidan giyohvandlik vositalari bilan bogʻliq vaziyat yuzasidan beriladigan topshiriqlar ijrosini taʼminlashi;
hududda giyohvandlik va narkojinoyatlarga qarshi kurashish sohasida amalga oshirilgan ishlar yuzasidan Davlat komissiyasiga hisobot kiritib borishi;
hududdagi narkovaziyatni sogʻlomlashtirish boʻyicha choralarni samarali tashkil etish yuzasidan mahalliy budjet va budjetdan tashqari mablagʻlar jalb etilishini taʼminlashi lozim.
4-bob. Hududiy komissiyaning faoliyatini tashkil etish
12. Hududiy komissiyaning namunaviy tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan tasdiqlanadi.
13. Hududiy komissiyaga tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari raislik qiladi.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining yoshlar siyosati, ijtimoiy rivojlantirish va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari tegishli hududiy komissiya raisining oʻrinbosari hisoblanadi.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining huquqni muhofaza qilish organlari faoliyati, harbiy safarbarlik va favqulodda vaziyatlar masalalari guruhi rahbari hududiy komissiya kotibi vazifasini bajaradi.
14. Hududiy komissiya oʻz faoliyatini giyohvandlikning holati, giyohvandlik vositalarining noqonuniy muomalasiga oid masalalarning muhokamasiga bagʻishlangan majlislarni tizimli asosda oʻtkazish yoʻli bilan amalga oshiradi.
15. Hududiy komissiya majlislari tegishli hududdagi davlat organlari va tashkilotlari hamda tuman (shahar) komissiya masʼul rahbarlari taklif etilgan holda zaruratga koʻra, biroq har chorakda kamida bir marotaba oʻtkaziladi.
16. Majlisni hududiy komissiya raisi, u boʻlmaganda hududiy komissiya raisining oʻrinbosari oʻtkazadi.
17. Hududiy komissiyaning qarorlari hududiy komissiyaning majlisida ishtirok etadigan aʼzolarning oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlganda, raislik qiluvchining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
18. Hududiy komissiyaning qarorlari uning majlisi bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi. Hududiy komissiya majlisi bayonnomasiga uning barcha aʼzolari tomonidan viza qoʻyiladi, masʼul kotib tomonidan imzolanadi, hududiy komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 4-oktabrdagi 631-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Narkotik moddalar ustidan nazorat qilish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi davlat komissiyasini tashkil etish toʻgʻrisida” 1994-yil 30-apreldagi 229-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Narkotik moddalarni nazorat qilish milliy axborot-tahlil markazini tashkil etish hamda narkotik moddalarning noqonuniy ishlatilishiga qarshi kurashuvchi huquqni muhofaza qilish organlari boʻlinmalarini mustahkamlash toʻgʻrisida” 1996-yil 7-noyabrdagi 382-son qarori .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 1994-yil 30-apreldagi 229-son va 1996-yil 7-noyabrdagi 382-son qaroriga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 1997-yil 6-oktabrdagi 467-son qarori .
4. Vazirlar Mahkamasining “Respublika komissiyalari va kengashlari tarkibini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2004-yil 26-iyuldagi 358-son qaroriga 3-ilova.
5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2005-yil 22-yanvardagi 28-son qaroriga ilovaning 1-bandi .
6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining vazirliklar, davlat qoʻmitalari va idoralar toʻgʻrisidagi nizomlarni tasdiqlash boʻyicha ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida” 2010-yil 5-iyundagi 108-son qaroriga ilovaning 9-bandi .
7. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining Davlat xavfsizligi tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 14-martdagi PF-5379-son Farmoni)” 2018-yil 29-maydagi 396-son qaroriga ilovaning 6 va 10-bandlari .
8. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Tibbiyot bosh boshqarmasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2019-yil 29-apreldagi 366-son qarori)” 2020-yil 20-yanvardagi 36-son qaroriga ilovaning 3-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 4-oktabr,
631-son