📅 2024-yil 2-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 2-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 2 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 2 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 2 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Замонавий агрокомплекс фаолиятини илғор биржа механизмлари асосида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тизимини такомиллаштириш, зарур бозор шароитларини яратиш орқали аҳоли ва деҳқонлар даромадини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ ҳузурида ташкил қилинган «Agro Exchange» МЧЖнинг асосий вазифалари этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
аҳоли томорқаларида, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархида сотишга кўмаклашувчи «Uzex Agro» электрон савдо платформасининг (кейинги ўринларда — платформа) узлуксиз фаолиятини таъминлаш;
платформани техник қўллаб-қувватлаш ва кўрсатиладиган хизматларни бозор тамойилига асосланган ҳолда доимий такомиллаштириб бориш;
ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги мўлжалланган бўш турган ер майдонларини ўзлаштириш орқали замонавий агрокомплексларни ташкил қилиш;
агрокомплекслар атрофида жозибадор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш.
2. «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ 2024 йил 15 октябрга қадар платформа ишга туширилишини таъминласин.
Бунда қуйидагилар инобатга олинсин:
платформада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар билан маҳсулотни сотиб олувчи ва кафолатли етказиб берувчи, хатарларни суғурталовчи, шунингдек, экспорт қилувчи корхоналар ўртасида ўзаро онлайн шартномаларни тузиш ҳамда жараёнлар иштирокчилари фаолиятини қўллаб-қувватловчи комплекс механизмларни акс эттириш;
платформани ишлаб чиқиш ва унинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш.
3. Белгилансинки:
платформа Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Online mahalla» электрон платформаси билан интеграция қилинади;
давлат буюртмачилари ва уларга аутсорсинг асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини платформа орқали харид қилиш ҳуқуқига эга бўлади;
аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича амалга оширилган савдолар натижаларига кўра ўртача нархлар шакллантирилади ва ҳар куни платформада эълон қилинади. Бунда давлат буюртмачилари харидларни амалга оширишда ушбу ўртача нархлардан фойдаланади;
2025 йил 1 январга қадар аҳолидан, деҳқон ва фермер хўжаликларидан платформа орқали маҳсулот сотганлиги учун воситачилик ҳақи ундирилмайди.
4. «Uzex Agro» электрон савдо платформасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги платформага ва унга интеграция қилинган «Online mahalla» электрон платформасига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларини жалб қилиш бўйича тарғибот ишларини ташкил этсин ҳамда уларга ўз маҳсулотларини харидорларга, шу жумладан, давлат буюртмачиларига сотишни йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатсин.
6. «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ икки ой муддатда:
платформага логистика корхоналари жалб қилинишини таъминласин ва уларнинг мобил иловаларини ишлаб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчиларига платформадан фойдаланиш бўйича зарур маълумотларни етказсин.
7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайтларда кенг ёритилишини таъминласин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги 621-сон қарорига ИЛОВА
«Uzex Agro» электрон савдо платформасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Uzex Agro» электрон савдо платформасида (кейинги ўринларда — платформа) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
воситачилик йиғими — платформада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишни ташкил этиш билан боғлиқ хизматлар учун битим суммасидан 0,15 фоиз, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 14 бараваридан кўп бўлмаган (давлат буюртмачилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 фоизидан кўп бўлмаган) миқдорда ундириладиган йигим;
закалат — харидор томонидан тузилган шартнома бўйича тўловлар тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини ҳамда сотувчи томонидан ўзининг таклифларини таъминлаш усули;
платформа иштирокчиси — сотувчи ва харидор;
маҳсулот — қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари;
платформа оператори — платформа фаолиятини ташкил этувчи юридик шахс;
савдонинг рақобатсиз шакли — харидор томонидан мақбул оферта танлангандан сўнг ўхшаш маҳсулотларни таклиф қилган платформа иштирокчиларига нарх сўрови юборилмайдиган ва харидор томонидан танланган офертани платформага жойлаштирган сотувчи билан шартнома шакллантириладиган савдо усули;
сотувчи — платформа орқали маҳсулот етказиб берувчи жисмоний ва юридик шахслар;
харидор — платформа орқали маҳсулот сотиб олувчи жисмоний ва юридик шахслар;
шахсий кабинет — платформа иштирокчиларининг савдоларда иштирок этишини ҳамда зарур ахборотни жойлаштиришини ва ундан фойдаланишини, шунингдек, ҳисоб-китобларни амалга оширишини таъминлайдиган индивидуал саҳифа;
ўхшаш маҳсулотлар — функционал мақсади, қўлланилиши, сифати ва техник хусусиятлари бир хил бўлган маҳсулотлар;
ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (кейинги ўринларда — ҲККП) — аванс тўловларини депонентлаш ва ҳисобга олиш йўли билан шартномалар бўйича мажбуриятларни бажара оладиган платформа иштирокчиларининг савдоларга киришини таъминловчи платформа операторининг таркибий бўлинмаси.
2-боб. Платформада иштирокчиларни рўйхатга олиш
3. Жисмоний ва юридик шахслар платформада иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин.
Жисмоний шахслар телефон рақамига келган хабарномани тасдиқлаш орқали платформада рўйхатдан ўтади.
Юридик шахслар платформада электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) ёрдамида рўйхатдан ўтади.
4. Платформа рўйхатга олиш якунлари билан бир иш куни давомида платформа иштирокчиларига фойдаланувчининг индивидуал рақамини беради ҳамда тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларни ва талаб ҳуқуқини ҳисобга олиш учун зарур бўлган тегишли шахсий ҳисобварақни очади.
3-боб. Платформа оператори, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
5. Платформа оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
платформада жойлаштирилган маълумотларга технологик ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини белгилаш;
платформа иштирокчиларига хизматлар кўрсатиш шартларини белгилаш (қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно);
платформа иштирокчилари учун талабларни белгилаш;
платформа иштирокчиларининг белгиланган қоидаларга риоя этмаслик ҳолатлари аниқланганда, шунингдек, платформа оператори ёки платформа иштирокчилари олдида тўламаган қарзлари мавжуд бўлганда, уларга хизмат кўрсатишни тўхтатиб туриш;
платформа иштирокчиларига электрон тижорат билан боғлиқ ахборотларни етказиш, таълим ва маслаҳат бериш, логистика ва бошқа қўшимча хизматларни кўрсатиш;
бошқа ахборот воситачилари билан ҳамкорликда маълумотлар базасини яратиш.
Платформа оператори қонунчилик ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.
6. Платформа оператори:
электрон тизимнинг узлуксиз ишлашини, унга жойлаштирилган ахборотларнинг тўлиқ сақланишини, ўз электрон ресурси белгиланган тартибда тегишли давлат бошқаруви органларининг расмий веб-сайтлари ва ахборот тизимлари билан уйғунлашган ҳолда ишлашини таъминлаши;
жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ платформада мавжуд бўлган ахборотлардан бепул ва эркин фойдаланишини таъминлаши;
амалга оширилган харидлар натижалари бўйича маҳсулотлар нархларининг маълумотлар базасини яратиши ва доимий янгилаб бориши;
платформада тузилган шартномалар реестрини шакллантириши ва юритиши;
давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларига ушбу Низомда назарда тутилган тартибда ахборотлардан фойдаланиш имконини яратиши;
платформага ахборот жойлаштирилган вақтдан бошлаб унинг маълумотлар базасида беш йил мобайнида сақланишини таъминлаши;
давлат буюртмачилари томонидан платформа орқали тузилган шартномаларни давлат харидларининг махсус ахборот порталига автоматик режимда юбориши;
Ҳисоб-китоб-клиринг палатасида (кейинги ўринларда — ҲККП) платформа иштирокчиларининг шахсий ҳисобварақлари очилишини таъминлаши;
платформада маълумотлари етарли бўлмаган оферта таклифларини жойлаштирилиши бўйича мониторинг олиб бориши шарт.
Платформа оператори қонунчилик ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.
Платформа оператори:
савдоларни амалга ошириш ва маҳсулот нархларини белгилаш жараёнларига аралашишга, контрагентларни танлаш ва шартномалар тузишда платформа иштирокчиларининг эркинлигини чеклашга, шунингдек, платформа иштирокчиларининг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклашга (қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно);
узатиладиган, олинадиган ва сақланадиган электрон ҳужжатлар ҳамда электрон хабарларнинг ишончлилигини, шунингдек, агар қонунчилик ҳужжатларида ёки шартномада бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, уларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилишга ёки текширишга;
платформа иштирокчилари томонидан жойлаштириладиган электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларнинг мазмунини ўзгартиришга ҳақли эмас.
Платформа оператори иштирокчилар томонидан тақдим этилган электрон ҳужжат ва хабарларнинг, шунингдек, ўтказиладиган савдолар бўйича платформага жойлаштириладиган ахборотларнинг мазмуни билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар учун жавобгар ҳисобланмайди.
4-боб. Платформа иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
7. Платформа иштирокчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
томонлар ўртасида тузилган битимнинг ижросида юзага келган келишмовчилик ва низолар бўйича «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг Арбитраж комиссиясига шикоят қилиш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ таклифларга ўзгартиришлар киритиш ёки уларни қайтариб олиш (таклифлар акцептлангунга қадар).
Платформа иштирокчиси қонунчилик ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.
8. Платформа иштирокчиси:
ушбу Низом талабларига риоя этиши;
тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини таъминлаши;
савдоларда ғолиб деб топилган тақдирда, буюртмачи билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатда шартнома тузиши шарт.
Платформа иштирокчиси қонунчилик ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.
Платформа иштирокчиси ўзи томонидан тақдим этилган электрон ҳужжат ва хабарларнинг, шунингдек, ўтказиладиган савдолар бўйича платформага жойлаштирган ахборотларнинг мазмуни учун жавобгар ҳисобланади.
5-боб. Платформада эълонларни жойлаштириш тартиби
9. Сотувчининг платформага жойлаштирган таклифи харидорларга юборилган оммавий оферта ҳисобланади.
10. Сотувчи томонидан платформага жойлаштириладиган таклифда қуйидагилар назарда тутилиши лозим:
савдога қўйилаётган маҳсулотнинг номи;
маҳсулотнинг бошланғич сотиш нархи;
маҳсулотнинг энг кўп ва энг кам тўпи;
маҳсулотнинг фотосурати;
маҳсулот етказиб бериладиган ҳудуд;
маҳсулотни сақланганлик муддати ва шароитлари;
маҳсулотни кафолат шартлари ва етказиб бериш муддати.
11. Сотувчининг офертаси у платформага жойлаштирилиб, савдолар учун фаоллаштирилган пайтдан эътиборан ўн беш иш куни мобайнида амал қилади. Ушбу муддат тугагандан сўнг сотувчи уни яна ўн беш иш кунига активлаштиришга ҳақли.
12. Оферта харидор томонидан акцептлангунга қадар сотувчи офертани ҳар қандай муддатда қайтариб олишга ёки унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга ҳақли ҳисобланади.
6-боб. Савдоларни ўтказиш тартиби
13. Платформада савдолар рақобатсиз, аукцион, шунингдек, маҳсулот нархи сўровидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
14. Савдонинг рақобатсиз шаклида маҳсулот нархи оферта билан кўрсатилган даражада белгиланиб, битим сотувчи офертасини электрон тизим орқали акцепт қилиш йўли билан тузилади.
15. Савдонинг аукцион шакли ким ошди савдоси тартибида ўтказилади. Бунда:
харидор томонидан электрон тизимда буюртманома берилиб, унда сотиб олинадиган маҳсулотнинг миқдори ва таклиф этилаётган нархи кўрсатилади;
платформа харидорларга таклиф бериш билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш учун берилган барча нарх таклифлари ва ҳажмлар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирувчи «буюртмалар стакани»ни шакллантиради;
платформа харидорларнинг нарх таклифи сотувчининг бошланғич нархидан юқори ёки унга тенг бўлсагина қабул қилади;
савдо якунига кўра энг юқори нарх таклиф қилган харидорлар ғолиб деб топилади ва уларнинг нарх таклифлари бўйича шартнома шакллантирилади.
16. Харидор савдонинг маҳсулот нархи сўрови шаклида сотувчи офертасини ўрганиб чиқади ҳамда ўзи хоҳлаган маҳсулотни танлайди ва маҳсулот нархи сўрови механизмидан фойдаланади.
17. Харидорнинг маҳсулот нархи сўрови оферентга ва шунга ўхшаш маҳсулотларни таклиф этаётган барча сотувчиларга маҳсулот нархи талабида иштирок этиш учун юборилади.
18. Сотувчи маҳсулот нархи сўровида иштирок этиш учун таклиф юборилган пайтдан бошлаб қирқ саккиз соат ичида ўз таклифини фақат бир марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.
19. Сотувчи томонидан тақдим этилган маҳсулот нархи таклифи автоматик равишда платформа томонидан таққосланади.
20. Платформа битимни харидор томонидан танланган сотувчининг офертасида кўрсатилган шартларга мувофиқ ва сотувчи томонидан таклиф қилинган энг паст нархда тузади.
21. Агар бошқа сотувчи маҳсулотнинг бошланғич нархидан паст нархни таклиф қилмаса, электрон тизим харидор ва у танлаган оферта сотувчиси ўртасидаги битимни рўйхатдан ўтказади.
22. Битим бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари битим электрон тизимда рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб кучга киради.
23. Платформанинг рақобатли шаклларидан фойдаланган ҳолда тузилган шартномадаги маҳсулот нархи оферта жойлаштирилган пайтдан эътиборан 24 соатдан кам бўлмаган вақт мобайнида икки ва ундан ортиқ салоҳиятли платформа иштирокчиларига рақобатли таклифларни эркин равишда топшириш имкони берилган тақдирда, бозор нархи деб эътироф этилади.
7-боб. Ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби
24. Платфтормада битимлар бўйича ҳисоб-китоблар ҲККП орқали амалга оширилади. Бунда тарафлар шартнома таъминоти сифатида закалат ёки «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ томонидан аккредитациядан ўтказилган омбор маълумотномасидан фойдаланиши мумкин.
25. «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ томонидан аккредитациядан ўтказилган омбор маълумотномасидан автоматик равишда платформа орқали фойдаланилади. Бунда:
сотувчи маҳсулотни «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ томонидан аккредитациядан ўтказилган омборда сақлаш учун топшириб, тегишли маълумотларни электрон тизимга киритиши талаб этилади;
сақлашга топширилган маҳсулот фақат электрон тизим маълумотига асосан харидорга ёки сотувчининг ўзига қайтарилади.
26. Закалат миқдори сотувчи томонидан эълон жойлаштирилган вақтда 10 фоизгача (бундан давлат буюртмачилари мустасно) этиб белгиланади.
27. Платформа иштирокчилари рўйхатдан ўтгандан кейин ҲККПнинг «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖга хизмат кўрсатувчи банкда очилган иккиламчи ҳисобварағига савдоларда иштирок этиш ҳамда ўз мажбуриятини бажариш учун маблағни ўтказади. Жисмоний шахслар савдоларда банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда иштирок этиши мумкин.
28. Электрон клиринг тизими ҳар бир савдодан олдин буюртмаларнинг таъминланганлиги бўйича назоратни амалга оширади. Буюртмаларнинг таъминланганлиги савдолар доирасида тузиладиган битимларга мувофиқ буюртмалар бўйича назорат қилинади.
Бунда бюджет буюртмачилари савдоларда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат молиясини бошқариш ахборот тизими (кейинги ўринларда — ДМБАТ) томонидан банд қуйилган суммасининг, шунингдек, уларнинг ҲККПдаги ҳисобварақларида платформа операторининг воситачилик йиғими суммасининг етарли миқдори мавжуд бўлган тақдирда, электрон давлат харидларида иштирок этадилар.
29. Харидор савдолар доирасида тузилган шартнома бўйича тўловларни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш учун ушбу шартнома электрон тизимда рўйхатга олинган пайтдан бошлаб шартномада белгиланган муддат мобайнида ўзининг ҲККПдаги ҳисобварағига маблағларни ўтказади. Бунда закалат шартнома бўйича тўлов суммасига қўшиб ҳисобланиши мумкин.
30. Агар харидор шартномада белгиланган муддатда тўловни амалга оширмаса, унинг закалати бир иш куни мобайнида сотувчининг ҲККПдаги тегишли ҳисобварағига ўтказилади.
31. ҲККП тузилган шартнома бўйича харидордан тушган тўлов суммасини банд қилиб қўяди ва маблағлар тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан бу тўғрисида сотувчига хабарнома юборади.
Ушбу хабарнома сотувчига маҳсулотни харидорга етказиб бериш учун асос бўлади.
32. Сотувчи ҲККПдан маблағ тушганлиги тўғрисидаги хабарнома келишидан олдин маҳсулотни харидорга етказиб берган тақдирда, харидор томонидан қабул қилинган маҳсулот бўйича тўлов амалга оширилмаслиги билан боғлиқ хатарлар сотувчининг зиммасида бўлади.
33. Сотувчи томонидан маҳсулот етказиб берилгандан сўнг сотувчи бу тўғрисидаги ахборотни маҳсулот етказиб берилган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида, лекин битим шартларидаги маҳсулотни охирги етказиб бериш кунидан кечиктирмасдан ўзининг шахсий кабинети орқали ҲККП ва харидорга тақдим этади.
34. Харидор битим бўйича маҳсулот етказиб берилганлиги тўғрисидаги ахборотни олгандан кейин икки иш куни мобайнида уни тасдиқлаши ёки рад этиши тўғрисидаги ахборотни ўзининг шахсий кабинети орқали платформага жойлаштиришга мажбур ҳисобланади.
Маҳсулот етказиб берилганлиги тўғрисидаги ахборот харидор томонидан белгиланган муддатда тасдиқланмаганда ёки рад этилмаганда, маҳсулот етказиб берилган ҳисобланади.
35. Платформа тузилган шартномага мувофиқ маҳсулот тўлиқ ҳажмда етказилганлиги ҳақидаги маълумотни олгандан сўнг бир иш куни мобайнида:
электрон тўлов топшириқномасини шакллантиради ва платформа операторига хизмат кўрсатувчи банкка юборади, банк эса тўлов топшириқномасини олгандан сўнг бир иш куни мобайнида харидорнинг маблағини сотувчига юборади;
сотувчининг закалатига қўйилган бандни бекор қилади ва закалатни сотувчининг шахсий ҳисобварағига қайтаради (закалат шартнома бўйича тўлаш суммасига қўшиб ҳисобланган ҳоллар бундан мустасно).
36. Тузилган шартнома бўйича маҳсулот етказиб берилганлиги тўғрисидаги ахборот сотувчи томонидан тақдим қилинмаганда, ҲККП ушбу шартнома бўйича маҳсулотни етказиб бериш муддати тугагандан сўнг уч иш куни мобайнида:
харидорнинг битим бўйича пул маблағига қўйилган бандни бекор қилади;
сотувчи ва харидорнинг закалатига «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг Арбитраж комиссиясини тегишли қарори қабул қилингунга ёки шартнома бекор қилингунга қадар банд қўяди.
8-боб. Якунловчи қоидалар
37. Томонлар ўртасида юзага келган низолар «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг Арбитраж комиссияси томонидан ёки суд тартибида ҳал этилади.
38. Платформа оператори ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этмаган платформа иштирокчисини савдоларда иштирок этишдан четлатишга ҳақли.
39. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 2 октябрь,
621-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Zamonaviy agrokompleks faoliyatini ilgʻor birja mexanizmlari asosida tashkil etishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Aholi tomorqalarida, fermer va dehqon xoʻjaliklarida yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotish tizimini takomillashtirish, zarur bozor sharoitlarini yaratish orqali aholi va dehqonlar daromadini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ huzurida tashkil qilingan “Agro Exchange” MChJning asosiy vazifalari etib belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin:
aholi tomorqalarida, shuningdek, fermer va dehqon xoʻjaliklari tomonidan yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini erkin bozor narxida sotishga koʻmaklashuvchi “Uzex Agro” elektron savdo platformasining (keyingi oʻrinlarda — platforma) uzluksiz faoliyatini taʼminlash;
platformani texnik qoʻllab-quvvatlash va koʻrsatiladigan xizmatlarni bozor tamoyiliga asoslangan holda doimiy takomillashtirib borish;
hududlardagi qishloq xoʻjaligi moʻljallangan boʻsh turgan yer maydonlarini oʻzlashtirish orqali zamonaviy agrokomplekslarni tashkil qilish;
agrokomplekslar atrofida jozibador investitsiya loyihalarini amalga oshirish uchun qulay shart-sharoitlar yaratish.
2. “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ 2024-yil 15-oktabrga qadar platforma ishga tushirilishini taʼminlasin.
Bunda quyidagilar inobatga olinsin:
platformada qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchilar bilan mahsulotni sotib oluvchi va kafolatli yetkazib beruvchi, xatarlarni sugʻurtalovchi, shuningdek, eksport qiluvchi korxonalar oʻrtasida oʻzaro onlayn shartnomalarni tuzish hamda jarayonlar ishtirokchilari faoliyatini qoʻllab-quvvatlovchi kompleks mexanizmlarni aks ettirish;
platformani ishlab chiqish va uning uzluksiz faoliyatini taʼminlash bilan bogʻliq xarajatlarni “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJning mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtirish.
3. Belgilansinki:
platforma Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining davlat xaridlari boʻyicha maxsus axborot portali hamda Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining “Online mahalla” elektron platformasi bilan integratsiya qilinadi;
davlat buyurtmachilari va ularga autsorsing asosida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetkazib berish xizmatini koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyektlari qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini platforma orqali xarid qilish huquqiga ega boʻladi;
aholi tomorqalarida, fermer va dehqon xoʻjaliklarida yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlari boʻyicha amalga oshirilgan savdolar natijalariga koʻra oʻrtacha narxlar shakllantiriladi va har kuni platformada eʼlon qilinadi. Bunda davlat buyurtmachilari xaridlarni amalga oshirishda ushbu oʻrtacha narxlardan foydalanadi;
2025-yil 1-yanvarga qadar aholidan, dehqon va fermer xoʻjaliklaridan platforma orqali mahsulot sotganligi uchun vositachilik haqi undirilmaydi.
4. “Uzex Agro” elektron savdo platformasida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi platformaga va unga integratsiya qilingan “Online mahalla” elektron platformasiga qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtiruvchilarini jalb qilish boʻyicha targʻibot ishlarini tashkil etsin hamda ularga oʻz mahsulotlarini xaridorlarga, shu jumladan, davlat buyurtmachilariga sotishni yoʻlga qoʻyishda amaliy yordam koʻrsatsin.
6. “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ ikki oy muddatda:
platformaga logistika korxonalari jalb qilinishini taʼminlasin va ularning mobil ilovalarini ishlab chiqsin;
Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi bilan birgalikda tuman (shahar) hokimlari yordamchilariga platformadan foydalanish boʻyicha zarur maʼlumotlarni yetkazsin.
7. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi hamda Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasiga Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi va “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyatini ommaviy axborot vositalari, ijtimoiy tarmoqlar va rasmiy veb-saytlarda keng yoritilishini taʼminlasin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 2-oktabrdagi 621-son qaroriga ILOVA
“Uzex Agro” elektron savdo platformasida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom “Uzex Agro” elektron savdo platformasida (keyingi oʻrinlarda — platforma) qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
vositachilik yigʻimi — platformada qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishni tashkil etish bilan bogʻliq xizmatlar uchun bitim summasidan 0,15 foiz, biroq bazaviy hisoblash miqdorining 14 baravaridan koʻp boʻlmagan (davlat buyurtmachilari uchun bazaviy hisoblash miqdorining 3 foizidan koʻp boʻlmagan) miqdorda undiriladigan yigim;
zakalat — xaridor tomonidan tuzilgan shartnoma boʻyicha toʻlovlar toʻliq hajmda amalga oshirilishini hamda sotuvchi tomonidan oʻzining takliflarini taʼminlash usuli;
platforma ishtirokchisi — sotuvchi va xaridor;
mahsulot — qishloq xoʻjaligi mahsulotlari;
platforma operatori — platforma faoliyatini tashkil etuvchi yuridik shaxs;
savdoning raqobatsiz shakli — xaridor tomonidan maqbul oferta tanlangandan soʻng oʻxshash mahsulotlarni taklif qilgan platforma ishtirokchilariga narx soʻrovi yuborilmaydigan va xaridor tomonidan tanlangan ofertani platformaga joylashtirgan sotuvchi bilan shartnoma shakllantiriladigan savdo usuli;
sotuvchi — platforma orqali mahsulot yetkazib beruvchi jismoniy va yuridik shaxslar;
xaridor — platforma orqali mahsulot sotib oluvchi jismoniy va yuridik shaxslar;
shaxsiy kabinet — platforma ishtirokchilarining savdolarda ishtirok etishini hamda zarur axborotni joylashtirishini va undan foydalanishini, shuningdek, hisob-kitoblarni amalga oshirishini taʼminlaydigan individual sahifa;
oʻxshash mahsulotlar — funksional maqsadi, qoʻllanilishi, sifati va texnik xususiyatlari bir xil boʻlgan mahsulotlar;
hisob-kitob-kliring palatasi (keyingi oʻrinlarda — HKKP) — avans toʻlovlarini deponentlash va hisobga olish yoʻli bilan shartnomalar boʻyicha majburiyatlarni bajara oladigan platforma ishtirokchilarining savdolarga kirishini taʼminlovchi platforma operatorining tarkibiy boʻlinmasi.
2-bob. Platformada ishtirokchilarni roʻyxatga olish
3. Jismoniy va yuridik shaxslar platformada ishtirokchi sifatida roʻyxatdan oʻtishi mumkin.
Jismoniy shaxslar telefon raqamiga kelgan xabarnomani tasdiqlash orqali platformada roʻyxatdan oʻtadi.
Yuridik shaxslar platformada elektron raqamli imzo (keyingi oʻrinlarda — ERI) yordamida roʻyxatdan oʻtadi.
4. Platforma roʻyxatga olish yakunlari bilan bir ish kuni davomida platforma ishtirokchilariga foydalanuvchining individual raqamini beradi hamda tuzilgan shartnomalar boʻyicha majburiyatlarni va talab huquqini hisobga olish uchun zarur boʻlgan tegishli shaxsiy hisobvaraqni ochadi.
3-bob. Platforma operatori, uning huquq va majburiyatlari
5. Platforma operatori quyidagi huquqlarga ega:
platformada joylashtirilgan maʼlumotlarga texnologik va axborot xavfsizligini taʼminlash talablarini belgilash;
platforma ishtirokchilariga xizmatlar koʻrsatish shartlarini belgilash (qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno);
platforma ishtirokchilari uchun talablarni belgilash;
platforma ishtirokchilarining belgilangan qoidalarga rioya etmaslik holatlari aniqlanganda, shuningdek, platforma operatori yoki platforma ishtirokchilari oldida toʻlamagan qarzlari mavjud boʻlganda, ularga xizmat koʻrsatishni toʻxtatib turish;
platforma ishtirokchilariga elektron tijorat bilan bogʻliq axborotlarni yetkazish, taʼlim va maslahat berish, logistika va boshqa qoʻshimcha xizmatlarni koʻrsatish;
boshqa axborot vositachilari bilan hamkorlikda maʼlumotlar bazasini yaratish.
Platforma operatori qonunchilik hujjatlariga va shartnomaga muvofiq boshqa huquqlarga ega boʻlishi mumkin.
6. Platforma operatori:
elektron tizimning uzluksiz ishlashini, unga joylashtirilgan axborotlarning toʻliq saqlanishini, oʻz elektron resursi belgilangan tartibda tegishli davlat boshqaruvi organlarining rasmiy veb-saytlari va axborot tizimlari bilan uygʻunlashgan holda ishlashini taʼminlashi;
jismoniy va yuridik shaxslarning qonunchilik hujjatlariga muvofiq platformada mavjud boʻlgan axborotlardan bepul va erkin foydalanishini taʼminlashi;
amalga oshirilgan xaridlar natijalari boʻyicha mahsulotlar narxlarining maʼlumotlar bazasini yaratishi va doimiy yangilab borishi;
platformada tuzilgan shartnomalar reyestrini shakllantirishi va yuritishi;
davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalariga ushbu Nizomda nazarda tutilgan tartibda axborotlardan foydalanish imkonini yaratishi;
platformaga axborot joylashtirilgan vaqtdan boshlab uning maʼlumotlar bazasida besh yil mobaynida saqlanishini taʼminlashi;
davlat buyurtmachilari tomonidan platforma orqali tuzilgan shartnomalarni davlat xaridlarining maxsus axborot portaliga avtomatik rejimda yuborishi;
Hisob-kitob-kliring palatasida (keyingi oʻrinlarda — HKKP) platforma ishtirokchilarining shaxsiy hisobvaraqlari ochilishini taʼminlashi;
platformada maʼlumotlari yetarli boʻlmagan oferta takliflarini joylashtirilishi boʻyicha monitoring olib borishi shart.
Platforma operatori qonunchilik hujjatlariga va shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlarga ega boʻlishi mumkin.
Platforma operatori:
savdolarni amalga oshirish va mahsulot narxlarini belgilash jarayonlariga aralashishga, kontragentlarni tanlash va shartnomalar tuzishda platforma ishtirokchilarining erkinligini cheklashga, shuningdek, platforma ishtirokchilarining huquqlarini boshqacha tarzda cheklashga (qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno);
uzatiladigan, olinadigan va saqlanadigan elektron hujjatlar hamda elektron xabarlarning ishonchliligini, shuningdek, agar qonunchilik hujjatlarida yoki shartnomada boshqacha qoidalar nazarda tutilmagan boʻlsa, ularning qonunchilik hujjatlariga muvofiqligini nazorat qilishga yoki tekshirishga;
platforma ishtirokchilari tomonidan joylashtiriladigan elektron hujjatlar va elektron xabarlarning mazmunini oʻzgartirishga haqli emas.
Platforma operatori ishtirokchilar tomonidan taqdim etilgan elektron hujjat va xabarlarning, shuningdek, oʻtkaziladigan savdolar boʻyicha platformaga joylashtiriladigan axborotlarning mazmuni bilan bogʻliq huquqiy oqibatlar uchun javobgar hisoblanmaydi.
4-bob. Platforma ishtirokchilarining huquq va majburiyatlari
7. Platforma ishtirokchisi quyidagi huquqlarga ega:
tomonlar oʻrtasida tuzilgan bitimning ijrosida yuzaga kelgan kelishmovchilik va nizolar boʻyicha “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJning Arbitraj komissiyasiga shikoyat qilish;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq takliflarga oʻzgartirishlar kiritish yoki ularni qaytarib olish (takliflar akseptlangunga qadar).
Platforma ishtirokchisi qonunchilik hujjatlariga va shartnomaga muvofiq boshqa huquqlarga ega boʻlishi mumkin.
8. Platforma ishtirokchisi:
ushbu Nizom talablariga rioya etishi;
taqdim etilgan axborotning ishonchliligini taʼminlashi;
savdolarda gʻolib deb topilgan taqdirda, buyurtmachi bilan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda va muddatda shartnoma tuzishi shart.
Platforma ishtirokchisi qonunchilik hujjatlariga va shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlarga ega boʻlishi mumkin.
Platforma ishtirokchisi oʻzi tomonidan taqdim etilgan elektron hujjat va xabarlarning, shuningdek, oʻtkaziladigan savdolar boʻyicha platformaga joylashtirgan axborotlarning mazmuni uchun javobgar hisoblanadi.
5-bob. Platformada eʼlonlarni joylashtirish tartibi
9. Sotuvchining platformaga joylashtirgan taklifi xaridorlarga yuborilgan ommaviy oferta hisoblanadi.
10. Sotuvchi tomonidan platformaga joylashtiriladigan taklifda quyidagilar nazarda tutilishi lozim:
savdoga qoʻyilayotgan mahsulotning nomi;
mahsulotning boshlangʻich sotish narxi;
mahsulotning eng koʻp va eng kam toʻpi;
mahsulotning fotosurati;
mahsulot yetkazib beriladigan hudud;
mahsulotni saqlanganlik muddati va sharoitlari;
mahsulotni kafolat shartlari va yetkazib berish muddati.
11. Sotuvchining ofertasi u platformaga joylashtirilib, savdolar uchun faollashtirilgan paytdan eʼtiboran oʻn besh ish kuni mobaynida amal qiladi. Ushbu muddat tugagandan soʻng sotuvchi uni yana oʻn besh ish kuniga aktivlashtirishga haqli.
12. Oferta xaridor tomonidan akseptlangunga qadar sotuvchi ofertani har qanday muddatda qaytarib olishga yoki unga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritishga haqli hisoblanadi.
6-bob. Savdolarni oʻtkazish tartibi
13. Platformada savdolar raqobatsiz, auksion, shuningdek, mahsulot narxi soʻrovidan foydalangan holda amalga oshirilishi mumkin.
14. Savdoning raqobatsiz shaklida mahsulot narxi oferta bilan koʻrsatilgan darajada belgilanib, bitim sotuvchi ofertasini elektron tizim orqali aksept qilish yoʻli bilan tuziladi.
15. Savdoning auksion shakli kim oshdi savdosi tartibida oʻtkaziladi. Bunda:
xaridor tomonidan elektron tizimda buyurtmanoma berilib, unda sotib olinadigan mahsulotning miqdori va taklif etilayotgan narxi koʻrsatiladi;
platforma xaridorlarga taklif berish bilan bogʻliq qarorlarni qabul qilish uchun berilgan barcha narx takliflari va hajmlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni aks ettiruvchi “buyurtmalar stakani”ni shakllantiradi;
platforma xaridorlarning narx taklifi sotuvchining boshlangʻich narxidan yuqori yoki unga teng boʻlsagina qabul qiladi;
savdo yakuniga koʻra eng yuqori narx taklif qilgan xaridorlar gʻolib deb topiladi va ularning narx takliflari boʻyicha shartnoma shakllantiriladi.
16. Xaridor savdoning mahsulot narxi soʻrovi shaklida sotuvchi ofertasini oʻrganib chiqadi hamda oʻzi xohlagan mahsulotni tanlaydi va mahsulot narxi soʻrovi mexanizmidan foydalanadi.
17. Xaridorning mahsulot narxi soʻrovi oferentga va shunga oʻxshash mahsulotlarni taklif etayotgan barcha sotuvchilarga mahsulot narxi talabida ishtirok etish uchun yuboriladi.
18. Sotuvchi mahsulot narxi soʻrovida ishtirok etish uchun taklif yuborilgan paytdan boshlab qirq sakkiz soat ichida oʻz taklifini faqat bir marta taqdim etish huquqiga ega.
19. Sotuvchi tomonidan taqdim etilgan mahsulot narxi taklifi avtomatik ravishda platforma tomonidan taqqoslanadi.
20. Platforma bitimni xaridor tomonidan tanlangan sotuvchining ofertasida koʻrsatilgan shartlarga muvofiq va sotuvchi tomonidan taklif qilingan eng past narxda tuzadi.
21. Agar boshqa sotuvchi mahsulotning boshlangʻich narxidan past narxni taklif qilmasa, elektron tizim xaridor va u tanlagan oferta sotuvchisi oʻrtasidagi bitimni roʻyxatdan oʻtkazadi.
22. Bitim boʻyicha taraflarning huquq va majburiyatlari bitim elektron tizimda roʻyxatdan oʻtkazilgan paytdan boshlab kuchga kiradi.
23. Platformaning raqobatli shakllaridan foydalangan holda tuzilgan shartnomadagi mahsulot narxi oferta joylashtirilgan paytdan eʼtiboran 24 soatdan kam boʻlmagan vaqt mobaynida ikki va undan ortiq salohiyatli platforma ishtirokchilariga raqobatli takliflarni erkin ravishda topshirish imkoni berilgan taqdirda, bozor narxi deb eʼtirof etiladi.
7-bob. Hisob-kitoblarni amalga oshirish tartibi
24. Platftormada bitimlar boʻyicha hisob-kitoblar HKKP orqali amalga oshiriladi. Bunda taraflar shartnoma taʼminoti sifatida zakalat yoki “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ tomonidan akkreditatsiyadan oʻtkazilgan ombor maʼlumotnomasidan foydalanishi mumkin.
25. “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ tomonidan akkreditatsiyadan oʻtkazilgan ombor maʼlumotnomasidan avtomatik ravishda platforma orqali foydalaniladi. Bunda:
sotuvchi mahsulotni “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ tomonidan akkreditatsiyadan oʻtkazilgan omborda saqlash uchun topshirib, tegishli maʼlumotlarni elektron tizimga kiritishi talab etiladi;
saqlashga topshirilgan mahsulot faqat elektron tizim maʼlumotiga asosan xaridorga yoki sotuvchining oʻziga qaytariladi.
26. Zakalat miqdori sotuvchi tomonidan eʼlon joylashtirilgan vaqtda 10 foizgacha (bundan davlat buyurtmachilari mustasno) etib belgilanadi.
27. Platforma ishtirokchilari roʻyxatdan oʻtgandan keyin HKKPning “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJga xizmat koʻrsatuvchi bankda ochilgan ikkilamchi hisobvaragʻiga savdolarda ishtirok etish hamda oʻz majburiyatini bajarish uchun mablagʻni oʻtkazadi. Jismoniy shaxslar savdolarda bank plastik kartalaridan foydalangan holda ishtirok etishi mumkin.
28. Elektron kliring tizimi har bir savdodan oldin buyurtmalarning taʼminlanganligi boʻyicha nazoratni amalga oshiradi. Buyurtmalarning taʼminlanganligi savdolar doirasida tuziladigan bitimlarga muvofiq buyurtmalar boʻyicha nazorat qilinadi.
Bunda budjet buyurtmachilari savdolarda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining davlat moliyasini boshqarish axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — DMBAT) tomonidan band quyilgan summasining, shuningdek, ularning HKKPdagi hisobvaraqlarida platforma operatorining vositachilik yigʻimi summasining yetarli miqdori mavjud boʻlgan taqdirda, elektron davlat xaridlarida ishtirok etadilar.
29. Xaridor savdolar doirasida tuzilgan shartnoma boʻyicha toʻlovlarni toʻliq hajmda amalga oshirish uchun ushbu shartnoma elektron tizimda roʻyxatga olingan paytdan boshlab shartnomada belgilangan muddat mobaynida oʻzining HKKPdagi hisobvaragʻiga mablagʻlarni oʻtkazadi. Bunda zakalat shartnoma boʻyicha toʻlov summasiga qoʻshib hisoblanishi mumkin.
30. Agar xaridor shartnomada belgilangan muddatda toʻlovni amalga oshirmasa, uning zakalati bir ish kuni mobaynida sotuvchining HKKPdagi tegishli hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.
31. HKKP tuzilgan shartnoma boʻyicha xaridordan tushgan toʻlov summasini band qilib qoʻyadi va mablagʻlar tushgan kundan keyingi ish kunidan kechiktirmasdan bu toʻgʻrisida sotuvchiga xabarnoma yuboradi.
Ushbu xabarnoma sotuvchiga mahsulotni xaridorga yetkazib berish uchun asos boʻladi.
32. Sotuvchi HKKPdan mablagʻ tushganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma kelishidan oldin mahsulotni xaridorga yetkazib bergan taqdirda, xaridor tomonidan qabul qilingan mahsulot boʻyicha toʻlov amalga oshirilmasligi bilan bogʻliq xatarlar sotuvchining zimmasida boʻladi.
33. Sotuvchi tomonidan mahsulot yetkazib berilgandan soʻng sotuvchi bu toʻgʻrisidagi axborotni mahsulot yetkazib berilgan kundan boshlab bir ish kuni mobaynida, lekin bitim shartlaridagi mahsulotni oxirgi yetkazib berish kunidan kechiktirmasdan oʻzining shaxsiy kabineti orqali HKKP va xaridorga taqdim etadi.
34. Xaridor bitim boʻyicha mahsulot yetkazib berilganligi toʻgʻrisidagi axborotni olgandan keyin ikki ish kuni mobaynida uni tasdiqlashi yoki rad etishi toʻgʻrisidagi axborotni oʻzining shaxsiy kabineti orqali platformaga joylashtirishga majbur hisoblanadi.
Mahsulot yetkazib berilganligi toʻgʻrisidagi axborot xaridor tomonidan belgilangan muddatda tasdiqlanmaganda yoki rad etilmaganda, mahsulot yetkazib berilgan hisoblanadi.
35. Platforma tuzilgan shartnomaga muvofiq mahsulot toʻliq hajmda yetkazilganligi haqidagi maʼlumotni olgandan soʻng bir ish kuni mobaynida:
elektron toʻlov topshiriqnomasini shakllantiradi va platforma operatoriga xizmat koʻrsatuvchi bankka yuboradi, bank esa toʻlov topshiriqnomasini olgandan soʻng bir ish kuni mobaynida xaridorning mablagʻini sotuvchiga yuboradi;
sotuvchining zakalatiga qoʻyilgan bandni bekor qiladi va zakalatni sotuvchining shaxsiy hisobvaragʻiga qaytaradi (zakalat shartnoma boʻyicha toʻlash summasiga qoʻshib hisoblangan hollar bundan mustasno).
36. Tuzilgan shartnoma boʻyicha mahsulot yetkazib berilganligi toʻgʻrisidagi axborot sotuvchi tomonidan taqdim qilinmaganda, HKKP ushbu shartnoma boʻyicha mahsulotni yetkazib berish muddati tugagandan soʻng uch ish kuni mobaynida:
xaridorning bitim boʻyicha pul mablagʻiga qoʻyilgan bandni bekor qiladi;
sotuvchi va xaridorning zakalatiga “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJning Arbitraj komissiyasini tegishli qarori qabul qilingunga yoki shartnoma bekor qilingunga qadar band qoʻyadi.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
37. Tomonlar oʻrtasida yuzaga kelgan nizolar “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJning Arbitraj komissiyasi tomonidan yoki sud tartibida hal etiladi.
38. Platforma operatori ushbu Nizom va boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etmagan platforma ishtirokchisini savdolarda ishtirok etishdan chetlatishga haqli.
39. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 2-oktabr,
621-son